Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan oltinchi parcha.

044     Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг олтинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан олтинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

ҲАКИМ 1 СЎЗИНИНГ ТАФСИРИ:
07
Сўзки, йўлдан оздирар бўлса агар,
Хоҳ куфр ул, хоҳ иймон – фарқи йўқ.
Айлагай Дўстдан йироқ гар қайси нақш,
Хоҳ хунук ул, хоҳ тобон – фарқи йўқ.

ШУНИНГДЕК, МУҲАММАД САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ “ИННА САЪДАН ЛАFАЙУРУН ВА АНО АFЙАРУ МИН САЪДИИ ВАЛЛОҲУ АFЙИРУ МИННИ ВА МИН FАЙРАТИҲИ ҲАРРАМА-Л-ФАВОҲИША, МО ЗАҲАРА МИНҲО ВА МО БАТАНА”2 ҲАДИСИ МАЪНОСИ БАЁНИДА

Бор жаҳон ғайратли бўлмиш, Ҳақ, бироқ,
Эрди оламдан кўра ғайратлироқ.3

Тан эса ушбу жаҳон, Ул жон эрур,
Танга бор яхши-ёмон жондан келур.4

Улки меҳроби намозда гар аён,
Айб эрур, гар қайтса ул иймон томон. 1765

Кимки шоҳга жомадор бўлгай агар,
Шоҳ учун савдоси келтиргай зарар.

Улки суҳбатдош эрур султон-ла гоҳ,
Эшигин олдида турмоқ – нораво.

Улки ўпгай гар, қўлин тутганда шоҳ,
Гар оёғин ўпса, лек, бўлгай гуноҳ.

Гар оёққа бош қўйиш хизмат эрур,
Лек, у хизматдан бурун зиллат эрур.

Шоҳ ғайрат айлагай, кимнинг ҳидин
Кўрса афзал гар, унинг кўргач юзин. 1770

Мисли буғдой бўлса гар Ҳақ ғайрати,
Бир похолпоя эрур халқ ғайрати.

Барча ғайрат илдизи Ҳақдан нишон,
Халқда ғайрат шохдир ундан бегумон.

Айлайин ҳасрат, кечиб бул шарҳидан,
Бевафо ёр менга қилган жабридан.

Арзу нола қилсам, Унга хуш келар,5
Икки олам ноласи Унга елар.

Нола қилмай нега мен Ул дастидан,
Бўлмасам Ул мастларин гар аҳлидан? 1775

Нега бўлмай Ул кунисиз тун мисол?
Нур таратгич юзларисиз бевисол?

Хуш эрур нохушлиги жоним аро,
Дилни ранжитгувчи Ёрга жон фидо!

Дарду ғуссам ошиғиман кеча-кун,
Ёлғиз ул Шоҳимни шод этмоқ учун.

Ғам ғуборин кўзга сурма айлайин,
Тўлдирай дурга кўзим денгизларин.

Улни деб, кўз ёш қилиб, йиғлайди халқ,
Кўзда ёш гавҳарлигин билмайди халқ. 1780

Жон аро жондан шикоят айлагум,
Мен шикоятмас, ривоят айлагум.

Дейди кўнгил: “Менга Ундан ранж етар”,
Ул мунофиқ ҳолига кулгим келар.

Тўғри бўл, эй, тўғриларнинг шоҳисан,
Тўр эрурсан, эшигинг пойгоҳиман.

Тўр, азиз жой маъниси не, қайда бор?
“Мен”у “биз” қайда? Қаерда бўлса Ёр.6

“Мен”у “биз”дан қилган, эй, жонин жудо,
Эй, латиф руҳсан аёл-эркак аро. 1785

Эр-аёл бир бўлса, ул Бирсан Ўзинг,
Гар у бирлар йитса ҳам, борсан Ўзинг.

“Мен”у “биз”ни сен яратдинг, кеча-кун
Ўзгаларнинг хизматин қилмоқ учун.

Токи, бўлсин “мен”у “сен” бир жон аро,
Оқибатда ғарқ бўлиб жонон аро.

Келгил, эй, “кун” амри, бор бунда бари,
Эйки, “кел”дан поку сўздан ҳам нари.

Тан юзингни кўргусидир тан мисол,
Ғам ила кулгингни этгайдир хаёл. 1790

Fам билан шодликка дил боғлиқ эрур,
Сен дема, кўрмоққа ул лойиқ эрур.

Fам билан шодликка кимки бўлса қул,
Бил, тирик икки омонат бирла ул.

Ям-яшил ишқ боғи чексиз қанчалар,
Ғам-сурурдан ўзга бордир мевалар.

Ишқ афзал иккисиндан неча бор,
Яшнагайдир бехазон ҳам бебаҳор.

Бер, гўзал юздан закот, эй, ҳурлиқо!
Парча жонни қайтадан шарҳ айла то. 1795

Қилди ул ғаммоза ноз бирлан фироқ,
Қолдириб кетмиш юракда тоза доғ.

Тўк дея қилдим ҳалол қонимни ҳам,
Қочди ул, доим “ҳалол” деб сўйласам.

Тингламай қочсанг бу ерлик ноласин,
Ғамли дилга нега ғам тўкдинг тағин?

Эйки, сочдинг тонгда Машриқ узра нур,
Порлагувчи чашмадай жўшқин эрур.

Мубталонгга айладинг не важ раво?
Лабларингда шаккарингдир бебаҳо. 1800

Эй, бу кўҳна олам ичра янги жон,
Тингла жон-дилсиз бу тандан оҳ-фиғон.

Кеч, Худо ҳаққи, у гулнинг шарҳидан,
Сўйла гулдан айри булбул дардидан.

Жўшмагаймиз қайғу-шодлик ичра биз,
Ўй-хаёл, қўрқувга ёрмас ақлимиз.

Ўзга ҳолат бордиру нодир эрур,
Бўлма мункир, Ҳақ ўзи қодир эрур.

Қилма инсон ҳолатиндан сен қиёс,
Жабру эҳсон ичра манзил қурма хос.7 1805

Жабру эҳсон, ғам-сурур ҳодис эрур,
Ҳодиса ўткинчи, Ҳақ ворис эрур.8

Отди тонг, эй, тонгга тонглик берганим!
Сўр Ҳусомиддиндан узримни маним.

Кулл ақл, жондан узр сўргон Ўзинг,
Жонга жону ярқироқ маржон Ўзинг.

Тонгимиз нури – нурингдан шодадир,
Кўза лим-лим Мансур9ингдан бодадир.

Берганинг гар шул йўсин ҳушни олар,
Шод этиб, боданг нечук куйга солар? 1810

Бода жўшгай, биздан ул туғён тилар,
Айланиб чарх, ақлу ҳушдан оздирар.

Бода биздан масту биз андин эмас,
Тан бино биздан ва биз тандин эмас.

Биз аримиз, пўстимиз мум, дам сайин
Пўстимизни синдирармиз мумдайин.

———————-
1 – Ҳаким – Абулмажид Маждуд ибни Одам (тахминан 1079-1080 – 1140-1141) Саноий, буюк шоир ва аллома. “Ҳадиқат-улҳақиқа ва шариат-ул-тариқа”, “Тариқ-ут-таҳқиқ”, “Ақлнома”, “Ишқнома”, “Саноиобод”, “Таҳримат-ул-қалам”, “Сайр-ул-ибод илал маъод” асарлари тасаввуф адабиётининг етук намуналари ҳисобланади.

2 – “Инна саъдан лағайурун ва ано ағйару мин саъдии валлоҳу ағйиру минни ва мин ғайратиҳи ҳаррама-л-фавоҳиша, мо заҳара минҳо ва мо батана” – “Дарҳақиқат, саъд (саҳоба) ғайратлидир ва мен саъддан ғайратлироқман ва Оллоҳ мендан ғайратлироқдир, Оллоҳнинг ғайрати шундаки, у зоҳирий ва ботиний гуноҳларни ҳаром этди”.

3 – Ғайрат – ирфоний атама, жувонмардлик, ҳамият маъносида.

4 – “Оллоҳ осмонлар ва Ернинг Нуридир (яъни, уларнинг барчасини ёритиб, кўзга кўрсатиб – йўқдан бор қилиб тургувчидир)”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 35-оят).

5 – “Дарҳақиқат, Оллоҳ ғамгин қалбларни севади”. (Ҳадис).

6 – Румий муридларининг фахрли жой қаерда жойлашганлиги ҳақидаги саволига шу тарзда жавоб беради, яъни, ўрнидан туриб, пойгоҳда жойлашган Шамс Табризийнинг ёнига бориб ўтиради.

7 – “Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир…” (Қуръони карим, «Шўро» сураси, 11-оят).

8 – “Албатта Биз Ўзимиз (барча жонзотга) ҳаёт беркрмиз ва ўлим берурмиз. Биз ворисдирмиз (яъни, барча ўтгандан кейин Ёлғиз Ўзимиз қолурмиз)” (Қуръони карим, “Ҳижр” сураси, 23-оят)

9 – Мансур – Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож (858-922), тасаввуфдаги ўта сўл оқимнинг йирик вакили. “Аналҳақ” (“Мен Ҳақман”), деган фикрни илгари сургани учун шаккокликда айбланиб, қатл этилган.

ХОЖА САВДОГАР ҲИКОЯСИГА ҚАЙТИШ

Кўп узундир ушбу тожир нақли, де,
Кечди ул ҳимматли зотнинг ҳоли не?

Ўртаниб Хожа қиларди оҳу вой,
Тинмайин сўйларди мужмал, пойма-пой. 1815

Сўйламиш гоҳ ёлвориб, гоҳ тундлашиб,
Сўзларинда росту ёлғон уйқашиб.

Кимки сувга бўлса ғарқ, излайди йўл,
Сўнгра чўзгай ваҳм ила ҳар хасга қўл.

Бир нажот кутгай, хатар сезганда жон,
Қўл-оёқ силкиб, тутар бошин омон.

Бул паришонлик ёқар Ёрга, бироқ,
Уйқудан бефойда ғайрат яхшироқ.

Улки шоҳдир, ҳеч қачон бекор эмас,
Бул ажаб – ким нолигай, бемор эмас. 1820

Шул сабаб амр этди Раҳмон, эй, ўғил!
“Кулли явмин ҳува фй шаън”, эй, ўғил!1

Тентираб бул йўлда тез қўйгин қадам,
Бўлма фориғ бир нафас то сўнгги дам.2

Сўнгги дам гар сенга бўлса сўнгги дам,
Меҳрибонлик маҳрамисан, муҳтарам.3

Қилса ғайрат хоҳ эркак, хоҳ аёл,
Дарчадан жон Шоҳи кўргай бемалол.4

———————-
1 – “Яс-алуҳу манн фис самавати вал арз. Кулла явмин ҳува фи шаън” – “Осмонлар ва Ердаги (барча) жонзот (Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз) Ундан сўрар. У Зот ҳар куни иш-амалдадир”. (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 29-оят).

2-3 – “Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 39-40-оятлар).

4 – “Бас, Парвардигорлари уларнинг дуоларини ижобат қилиб (деди): «Албатта Мен сизлардан бирон амал қилгувчи эркак ё аёлнинг амалини зое қилмагайман…” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 195-оят).

САВДОГАРНИНГ ТЎТИ ЎЛИГИНИ ҚАФАСДАН ОЛИБ УЛОҚТИРГАНИ
ВА ТЎТИНИНГ ПАРВОЗ ЭТГАНИ

Сўнг олиб отгач қафасдан, учди тез,
Қўнди бир шох узра ул тўти шу кез. 1825

Учди “ўлган” тўти дарҳол чарх уриб,
Чиқди Машриқдан қуёш, нур йўғириб.

Қуш ишиндан Хожа ҳайрон қотди лол,
Эрди қуш асрор-сирин билмоқ маҳол.

Анграйиб сўнг деди: “Айтгил, эй, қушим!
Кўрганим, бул ҳодиса ўнг ё тушим?

Не демиш ул, сен амал қилган надир?
Ўт аро ёқдинг мени, ўйлаб макр”.

Деди қуш: “Ақлимни ул қилмиш расо,
Бўл дея овозу нутқингдан жудо. 1830

Деб: “Асир этмиш овозинг бегумон,
“Ўлди” шул йўсин қилиб менга аён”.

Эй, авому хосга бўлган нағма, соз,
Мендайин ўлсанг, кишандан сен халос.

Дона бўлсанг, сени қушлар чўқигай,
Ғунча бўлсанг гар, гўдаклар юлқигай.

Сен яшир донингни доминг ичра мўл,
Сен яшир ғунчангни, томда майса бўл.

Ким чиройин солса бозор ичра зор,
Бўлгуси юзлаб фалокатга дучор. 1835

Не нигоҳлар, не ғазаблар, қанча кин
Дўлдайин тинмай ёғилгай бошидин.

Сўнг ғайир душманлари янчиб кетар,
Дўстлари қалбига тиғ санчиб кетар.

Ким йироқ кўклам, зироат атридан,
Ҳеч хабар топгайми айём қадридан?

Ҳаққа қоч, Ҳақдан қидир доим нажот,
Қилди Ул руҳларга минглаб илтифот.

Топ паноҳ, гар амру фармон айлагай,
Ўт ва сувни сенга қалқон айлагай. 1840

Бўлди сув, денгиз Мусою Нуҳга ёр,
Ёвларин қилдик фалокатга дучор.1

Оташ Иброҳимга қалъа бўлдиким,
Тўлди дуд Намруд дилига бетиним.2

Чорламиш Яҳёни тоғ ўз қошига,
Тошларин ёғдирди ёвлар бошига.

Деди: “Эй, Яҳё, югургил мен томон,
Асрайин токи сени тиғдан омон!”.

———————
1 – “Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар. Бас, ўзлари учун Оллоҳдан ўзга ёрдам бергувчиларни топмадилар (яъни, сиғинган бут-санамлари уларни Оллоҳнинг азобидан қутқара олмадилар)”. (Қуръони карим, «Нуҳ» сураси, 25-оят).

2 – “Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 69-оят).

ТЎТИНИНГ ХОЖА БИЛАН ВИДОЛАШГАНИ ВА УЧИБ КЕТГАНИ

Неча ўгитлар бериб чин, бериё,
Хожага тўти демиш сўнг: “Алвидо”. 1845

Деди Хожа: “Бўлсин Оллоҳ сенга ёр,
Айладинг янги, чароғон йўл нисор”.

Деди Хожа ўзича: “Бундан буён
Нурли шул йўлдан юрарман бегумон.

Тўтидан ҳам камми жоним? Энди бас,
Толеин ахтармаган жон жон эмас”.

ХАЛҚ ТАЪЗИМ ҚИЛАДИГАН ДАРАЖАДА МАШҲУР БЎЛИШНИНГ ЗАРАРИ

Тан қафасдир, тан – тўсиқ, ғов жон учун,
Киргану чиққанни алдар кеча-кун.

“Сенга мен сирдош эрурман” дер бири,
“Сенга мен дилдош эрурман” дер бири. 1850

Дер бири: “Йўқ сендайин олам аро,
Фазлу эҳсону жамолда бебаҳо”.

Бошқаси дер: “Сенгадир икки жаҳон,
Озиғин жонингдан олгай барча жон”.

Англаса гар, халқни ул сармаст этар,
Сўнг такаббурлик қилиб, ўздан кетар.

Билмагай, лек, неча минглаб ундайин
Зотни ғарқ қилганлигин шайтон, лаъин.

Тотли луқма – оламий лутфу риё,
Кўп ема, бордир олов луқма аро!1 1855

Оташи пинҳону завқи акс этар,
Дуди ишлар сўнгида бурқсиб кетар.

Демагил: “Қандоқ қилай мадҳин қабул?
Мен биларман, таъма айлаб сўйлар ул”.

Этса ҳажв ошкор-аён маддоҳларинг,
Дилни ўртар неча кун оҳ-воҳларинг.

Гарчи билгайсан, у ночор қанчалар,
Орзу қилмиш, топди, лек, сендан зарар.

Қолдирар доғлар дилинг ичра нишон,
Мадҳ аро бул ҳолатинг бир имтиҳон. 1860

Кун сайин дилда қолар доғ, қораси,
Кибру ёлғон бўлгуси жон мояси.

Мадҳ ширин, кўзга кўринмас ҳеч қачон,
Таъна аччиқдир, кўрингай ул ёмон.

Бир таомдек дори, ейсан улни гар,
Дард, азобдан анча вақт жон ўртанар.

Ҳолва ерсан, завқи тез бўлгай тамом,
Таъсири унча узоқ этмас давом.

Лек, унинг завқи давом этгай ниҳон,
Барча зидни зидди бирлан бил аён. 1865

Гар шакарнинг завқидир пинҳондайин,
Лаҳза ўтмай, ул чиқар чипқондайин.

Баски, мадҳинг нафсидир Фиръавнвужуд,
“Кун залила-н-нафси ҳавнан ло тасуд”.2

Бўлма султон, банда бўл, имкон қадар,
Бўлма чавгон, тўп мисол е зарбалар.

Йўқса, лутфингдир тамом, қолмас жамол,
Дўст-ёрга келгуси сендан малол.

Бил, жамоат бул ишинг англаб макр,
Айлагай, кўргач сени шайтон-ла бир! 1870

Барча айтар тиклаган чоғингда қад,
“Бош чиқармиш қабридан жонсиз жасад”.

Ёш йигитни “тангри” деб айтар улар,
Макр ила бўйнига сиртмоқни илар.

Бўлса бадномликда буткул хору зор,
Олдига келмоққа шайтон айлар ор.

Борди Одам ёнга шайтон кин билан,
Сен томон келмайди, сен ундан тубан.

Токи сен одам, изингдан ул лаъин,
Эргашар ҳам ичгизар сенга майин. 1875

Бўлса шум шайтонга хос хулқинг агар,
Сўнг қилар ул нобакор сендан ҳазар!

Тавқини бўйнингга осгайдир лаъин,
Сени шул куйга солиб қочгай тағин.3

———————
1 – “Оллоҳ нозил қилган Китоб (Таврот)дан иборат бўлган нарсани (Тавротдаги Муҳаммад алайҳис-саломнинг сифатлари баён қилинган оятларни) яширадиган ва уни озгина қийматга сотадиган кимсалар қоринларини фақат олов билан тўлдирадилар – уларга Қиёмат Кунида Оллоҳ сўзламайди ва уларни (гуноҳларидан) покламайди. Улар учун аламли азоб бордир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 174-оят).

2 – “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Қуръони карим, «Фурқон» сураси, 63-оят).

“Кун залила-н-нафси ҳавнан ло тасуд” – “Нафсга тавозуъ айла, ҳукмрон бўлма!”

3 – “(Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга “Кофир бўл!”, деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) “Албатта мен сендан безорман. Зеро, мен барча оламлар Парвардигори бўлмиш Оллоҳдан қўрқурман”, деди”. (Қуръони карим, «Ҳашр» сураси, 16-оят).

“МАШААЛЛОҲУ КОНА”1 СЎЗИНИНГ ТАФСИРИ

Сўйладик борин, бироқ, гоҳ эрта-кеч,
Гар Худо ёр бўлмагай, ҳечмизу ҳеч.

Кимки Ҳақдан, Ҳаққа ёрдан гар йироқ,
Хоҳ малак, унда қаро тортгай вароқ.

Эй, Худо! Фазлинг мудом ҳожатраво,
Сендан ўзга ёди ҳеч бўлмас раво. 1880

Сен мудом қилдинг ҳидоят армуғон,
Сўнгра чексиз айбимиз этдинг ниҳон.

Бизга сен бахш айлаган қатра илм,
Денгизинг бағринда оққай бетиним.

Қатра илминг жон аро, жонимга хос,
Сен ҳаво, тан хокидин қилгил халос.

То кўмилмасдан бурун тупроқ аро,
Токи ел қилмай бурун улни адо.

Хоҳ кўмилгайдир улар, қодир Ўзинг,
Қайтариб олгувчи Бору Бир Ўзинг. 1885

Қатра эрир ёки томгай эрта-кеч,
Қудратингнинг ганжидан қочгайми ҳеч?

Неча йўқлик қаъри гар тортганда ҳам,
Чорласанг, ул қайтадан қўйгай қадам.

Ўлдирар зидларни зидлар неча бор,
Ўзларин ҳукминг-ла тиклар неча бор.

Талпинар йўқликдан ул борлик сари,
Неча минг “Ё, Раб”-ла ишқ карвонлари.

Барча тун тўзғийди бор ақлу фикр,
Сўнг йитар, уммонга чўккай бирма-бир. 1890

Ул илоҳийлар тағин отганда тонг,
Бош чиқаргайлар балиқдай бегумон.

Қанча шох ҳам қанча барг, келганда куз,
Бул ажал денгизи сори бурди юз.

Зоғ қаро кийган, алам бор оҳида,
Боғ аро йиғлайди кўклик бошида.

Амр этар йўқликка қишлоқ Сарвари:
“Неки сен ютган эдинг, қайтсин бари!

Неки ютдинг, шум ўлим, қайтар тағин,
Ҳар ўсимлик, ҳар гиёҳ, барглар барин!”. 1895

Эй, биродар, бир нафас ақлингни йиғ,
Гоҳ баҳору гоҳ хазондирсан сариғ.

Айлагин кўнгилда боғ, гулгун чаман,
Унга тўлсин ғунча, гул, сарв, ёсуман.

Буркасин шохни яшил барглар тағин,
Гулга чўмсин бор дала-дашт қайтадин.

Ушбу сўзлар кулл ақлнинг панд-ўйи,
Сарву сунбул ҳам чаманлар хуш бўйи.

Бўлмаса гул, гул ҳиди қайдан келар?
Майга жўшқинлик, фақат, майдан келар. 1900

Сенга ҳид пешвою пир бўлгай агар,
Элтадир то Хулд ила Кавсар қадар.2

Кўзга нур бахш айлагай ногоҳ атр,
Ҳид Яқубнинг кўр кўзин этмиш басир.3

Бўлса ҳид сассиқ, қилар кўзларни тор,
Сен Юсуф атрин нигоҳ-чун англа ёр.

Гар Юсуфмассан, Яқубдай бўл ҳазин,
Улдайин дарду аламдан йиғлагин.

Тинглагин ориф Санойи пандидин,
Сен туярсан эски тандан янгисин: 1905

“Англа, гулюзсан агар, ноздир ҳусн,
Гул юзинг гар бўлмагай, ноз не учун?

Гар хунук бўлса юзинг, ноз бенаво,
Кўр эса кўз, дарди бўлгай бедаво”.

Сен Юсуфнинг олдида ноз қилмагин,
Сен Яқуб янглиғ талаб қил, йиғлагин.

Тўтининг ўлмоғидир бир муддао,
Бил ўлик ўзни талаб, зорлик аро.

То тирилгин сен туйиб Ийсо дамин,
То қувонч етсин, юрак тўксин ғамин. 1910

Келса кўклам, гул тугар қай тош шиғил?
Хок ўлиб, гулларга буркан хилма-хил.

Тошга дўндинг неча йил, кўнгил тилиб,
Кўр ўзингни бир нафас тупроқ билиб!

————————
1 – Машааллоҳу кона – Оллоҳ нимани хоҳласа, ўша бўлади.

2 – “У шундай Зотки, Ўз раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб келгач, Биз уни (булутни, чанқоқ) ўлик шаҳарга ҳайдаймиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқарурмиз. Шояд эслатма – ибрат олсангизлар”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 57-оят).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз Сизга Кавсарни ато этдик”. (Қуръони карим, «Кавсар» сураси, 1-оят).

4 – “Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташласангиз, унинг кўзлари очилур. Сўнг барча аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар!”. Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳис-салом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): “Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлур эдим)”, деди. (Улар) айтдилар: “Оллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам) ўша эски хатойингда турибсан”. Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. “Сизларга мен Оллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди у”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 96-оят).

УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ЗАМОНИДА НОЧОРЛИКДАН, ХУДО ЙЎЛИДА, ҚАБРИСТОН ЎРТАСИДА ЧАНГ ЧАЛГАН ПИРИ ЧАНГИЙ ДОСТОНИ

Сен Умар давринда мутриблик билан
Донг таратган чангчидан огоҳмисан?

Чалса куй, айларди булбулларни маст,
Fамли дил яйрарди қувнаб ҳар нафас.

Созидан порларди ҳар мажлис, йиғин,
Созида бордай қиёмат ёширин. 1915

Худди, Исрофил мисол, тортиб фиғон,
Киргизармиш жони йўқ танларга жон.1

Ёки Исрофилдан элчи эрди, гар
Тинглагач, фил ҳам қанот пайдо қилар.

Билки, Исрофил у кун чалганда сур,
Неча юз йиллик чирик тан жонланур.2

Анбиёнинг қалбидан қўпган наво,
Айлагай толиб ҳаётин бебаҳо.

Ҳис қулоғи ул садони илғамас,
Унга тўлмишдир ситамдан кир, нажас. 1920

Тингламас Одам парилар созини,
Англамас Одам улар асрорини.

Гар пари нағма бу оламдан, бироқ,
Боридан дил нағмасидир яхшироқ.

Одамий бирлан пари зиндонидир,
Иккисин нодонлиги этмиш асир.

“Маъшаралжин” сураи “Раҳмон”дадир,
“Тастатиъу танфузу”дан англа сир.3

Авлиёнинг кўнглида куй, созлари,
Аввало сўзлайди: “Эй, “ло” лошлари! 1925

Бошни “ло” инкоридан асранг бу дам,
Итқитингиз бул хаёл, қўрқувни ҳам.

Эй, чириклар, борлигу йўқлик аро
Бўлмагай сизларда боқий жон бино”.

Сўйласам ул нағмалардан заррасин,
Қанча жонлар бош кўтаргай даҳмадин.

Тут қулоқким, ул эмас сендан йироқ,
Сенга нақли бўлмагай дастур, бироқ.

Бил, замон Исрофилидир авлиё,
Ҳар ўликка жисму жон айлар ато. 1930

Ҳар ўлик жон қўзғалар тан чоҳидан,
Боқ, кафан ичра, улар овозидан.

Дейди бул овозки, овоздан жудо:
“Ҳақ овози айлагайдир жон ато!”

Ўлдигу тарк айладик жон оламин,
Тинглагач Ҳақдан садо, қўпдик тағин.

Ҳақ садоси гоҳ аён, гоҳ пардалик,
Бергуси, Марямга бермиш қанчалик.4

Эй, фаносиндан ниҳонлар пўст аро,
Тарк этинг йўқликни, Дўст бергач садо. 1935

Ул садони айламиш Оллоҳ ато,
Гарчи абдуллоҳ5 тилинда бул садо.6

Унга айтмиш: “Ҳам тилингман, ҳам кўзинг,
Ҳисларим, шукрим ва қаҳрим ҳам Ўзинг.

Мен билан тингловчи, кўргувчи Ўзинг,7
Сир Ўзинг, сирларга тўлгувчи Ўзинг.

Сен эсанг “ман кона лиллаҳ” лол чунон,
Сенга “коналлоҳу лаҳ”ман бегумон.8

Гоҳ сени “сен”, гоҳ “ўзим” деб айтганим,
Не демай, порлоқ қуёшимсан маним! 1940

Қандилимдан қайга тушгай шуъла сал,
Барча олам мушкили ул ерда ҳал.

Қоплагай қай ерни гар зулматли тун,
Айлагай ҳар сўзимиз зулматни кун».

Этди Ул Одамга ўз исмин аён,
Ўзгалар исмин Одам қилмиш баён.9

Нурни олгин хоҳ Одам, хоҳ Ундан ол,
Майни хоҳ ол кўзадан, хоҳ хумдан ол.

Кўза хум бирлан бириккай ҳар нафас,
Бахтга ёрдир кўза, сендек қувнамас. 1945

Деди: “Тўъбо ман раони” Мустафо,
“Валлази юбсир лиман важҳи раъо”.10

Олса ёғду гар чироқ шамдан агар,
Ким чироқни кўрса, шамни ҳам кўрар.

Юз чироқ васлин туйиб, қонганда шам,
Сўнг намоёндир у юзнинг асли ҳам.

Сўнгги нурдан, хоҳласанг, нур ол бу дам,
Хоҳласанг, жон шаъмидан ол, фарқи кам.

Хоҳласанг кўр, нур тарар сўнгги чироқ,
Хоҳ қадим шамдан таралган Нурга боқ. 1950

————————
1 – “Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бир чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабрларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 68-оят).

2 – “(Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 51-оят).

3 – “Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Оллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар!” (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 33-оят).

“Машъаралжин” – “Эй жин жамоаси”.

“Тастатиъу танфузу” – “Ўтиб кетишга қодир бўлсангиз”.

4 – “Бирон одам учун Оллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Оллоҳнинг) изни-ихтиёри билан У хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат Эгасидир”. (Қуръони карим, «Шўро» сураси, 51-оят).

5 – Абдуллоҳ – Оллоҳнинг қули.

6 – “Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Оллоҳ томонидан Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. (Қуръони карим, «Ва-н-Нажм» сураси, 3-4-оятлар).

7 – Оллоҳ таоло деди: “Ким менинг валийларимдан бирига душманлик қилса, мен унга уруш эълон қиламан. Бандаларим ҳамиша нафл ибодатларини қилиб, менга интилса, мен ҳам унга яқинлашаман. Агар мен унга яқинлашсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўргувчи кўзи, тутгувчи қўли, юргувчи оёғи бўламан”. (Ҳадис).

8 – “Ким Оллоҳ учун бўлса, Оллоҳ у учундир”.

“Ман кола лиллаҳ” – “Оллоҳ учун бўлмоқ”.

“Коналлоҳу лаҳ” – Оллоҳ ул учун”

9 – “Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: «Агар (халифаликка биз ҳақдирмиз деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 31-оят).

10 – “Тўъбо ман раони” – “Мени кўрганлар хушҳолдирлар”.

“Валлази юбсир лиман важҳи раъо” – “Ва ҳар ким мени кўрган шахсни кўргай”

“Мени кўриб, менга имон келтирган кишига; мени кўрганни кўриб имон келтирган кишиларга қандай яхши!”. (Ҳадис).

“ИННА ЛИРАББИКУМ ФЙ АЙЁМИ ДАҲРИКУМ НАФАҲОТУН, АЛО ФАТАЪАРРАЗЗУ ЛАҲО”1 ҲАДИСИ БАЁНИДА

Деди Пайғамбар: “Шу кунлар беадоқ
Ҳақ насими бергуси сизга сабоқ.

Ушбу дамга ҳис қулоғин тез очинг,
Бундай эпкиндан ўзингизга олинг.

Келди эпкин, сизни кўргач, кетди сўнг,
Кимга лозим топса, жон бахш этди сўнг.

Бўлгин огоҳ, келди бир эпкин тағин,
Эй, хожа, бундан-да маҳрум бўлмагин!

Ундан оташ жони бир зум топди тин,
Ҳар ўлик жон топди ундан жунбушин. 1955 (Қўниё нусхасида бор)

(Ўтли жонлар топдилар ундан фано,
Мурдалар киймиш бақосиндан қабо). 1955/1 (Николсон нусхасида бор)

Жаннатий Тубога ёр бул пок нафас,
Халққа хос туғёну бир жунбуш эмас.

Гар у ер бирлан самога ташланар,
Шул заҳот сафроси сувга айланар.

Чеки йўқ бул лаҳзанинг ваҳми аро
Англагин: “Фаъбайна ан яҳмилнаҳо”.2

Йўқса, айт, “ашфақна минҳо”3 не учун?
Ваҳмидан гар бўлмагай тоғ бағри хун.

Кеча бошқа ранглиси юз берди мўл,
Неча бир луқма кириб, сўнг тўсди йўл. 1960

Луқманинг Луқмон4 гарови бўлди лол,
Келди Луқмон навбати, луқма, йўқол!

Луқма ҳирсиндан майиб пайдомикан?
Энди Луқмон кафтидан ахтар тикан.

Кафтда йўқдир бир тикон, бир доғи ҳам,
Англамайсиз ҳирс сабаб фарқин бу дам.

Бил тикон, хурмони кўрсанг сен агар,
Чунки, сен нонкўр вужудсан, кўру кар.

Гарчи Луқмон жони, Ҳақ боғи, ажиб,
Жон оёғи не учун бўлсин майиб? 1965

Бул вужуд битта тиконхўр туядир,
Мустафонинг насли тева узрадир.

Эй, туя! Бир даста гул кифтингда гар,
Юзта гулзор атрини еллар тарар.

Йўлни бурдинг муғилон,5 қум ён нуқул,
Бормикин мурдор тиконзор ичра гул?

Шул талабда тоғма-тоғ овора, зор,
Нега сўрдинг, деб гулистон қайда бор?

Сен суғур аввал аёғингдан тикон,
Кўр нигоҳ бирлан, ахир, яйрарми жон? 1970

Сиғмагай одам жаҳонга гоҳи он,
Бир тикон бошинда, лек, бўлгай ниҳон.

Мустафо ҳамдамга бурмиш қалбини:
“Каллимини ё, Ҳумайро, каллими.6

Эй, Ҳумайро, қўй олов узра қадам,
То оёғинг тоғни лаъл этсин бу дам!”

Бул Ҳумайродир муаннас,7 шул сабаб,
Жонни хотин жинси деб англар араб.

Лек, аёллик жинсидан жон ваҳми йўқ,
Руҳ учун эркак, аёллик фарқи йўқ. 1975

Эр-аёлликдан баланддир ҳар нафас,
Ул қуруқ-ҳўлдан иборат жон эмас.

Бул у жонмас, нон билан унмоғи йўқ,
Гоҳи дам ундоғу гоҳ бундоғи йўқ.

Шод қилувчи, шодлигу шодмон эрур,
Борми, эй, нодон, сурурсиз ҳеч сурур?

Бор ширинликлар, шакар сепсанг агар,
Гоҳи дам ғойиб бўлар сендан шакар.

Сен шакар бўлсанг, вафо этгач асар,
Айт, шакардан айриларми ҳеч шакар? 1980

Ошиқ ўздан топса ул дам пок ғизо,
Ақлу ҳушдан айрилар, эй, ошно!

Жузв ақллар ишқни инкор айлагай,
Гарчи ўзни соҳибасрор айлагай.

Зийрагу донодир ул, “йўқ” ўлмагай,
Аҳриман8дир, то малак “ло” бўлмагай.

Хулқи бирлан бизга ёр-ошно эрур,
Англасанг ҳол ҳукмини гар, “ло” эрур.

“Ло” эрур, гар йўқ эмас бордан у, бас,
Мажбурийдир, ихтиёрий “ло” эмас.9 1985

Жон камолдир, жон нидоси ҳам камол,
Мустафо айтмиш: “Ариҳно, ё, Билол!”10

Эй, Билол, янграт садоинг, қил нидо,
Янграсин кўнглингга мен солган садо!”

Ул садоким, айламиш Одамни маст,
Ҳамда осмон аҳлию оламни маст.

Қилди беҳуш Мустафони хуш садо,
Сўнг намоз Таърис туни11 бўлмиш қазо.

Уйқу элтмишдир, уни элтиб садо,
Айламиш чошгоҳда бомдодин адо. 1990

Ул Келин олдида тун бўлмай тамом,
Топди пок жони ҳаловат, эҳтиром.

Ишқу жон, ҳар иккиси пинҳону ғайб,
Гар десам Улни келинчак, этма айб.

Ёр хафа, жимлик қилардим ихтиёр,
Бир нафас берганда муҳлат менга Ёр.

Лек, деди Ул: “Сўйла, айбмас, бир нафас,
Fайб нидосин истаги бул, ўзгамас!”.

Кимки айб кўрмиш, фақат, ул айб бўлар,
Айбни ғайбнинг жони, айт, қандоқ кўрар? 1995

Жоҳилу махлуқ бу айбга мубтало,
Бил, қабул Тангриси – айбдан мосуво.

Ҳаққа мансуб ҳар куфр ҳикмат мудом,
Бизга мансуб ҳар куфр офат мудом.

Юз ҳаётнинг бўлса бир айби, бу ҳол,
Худди, новвотнинг ичинда чўп мисол.

Тортсалар, бирга тарозуда турар,
Жисму жон янглиғ ёқимликдир улар.

Этмагай бежиз улуғлар эътироф:
“Барча покнинг жони янглиғ жисми соф”. 2000

Сўзларин ҳам, жонлари ҳам, танлари
Бунда мутлақ жон бўлиб келмиш бари.

Ким уларга ёр, фақат, тан-жисми бор,
Жони йўқ унда, фақат, ном-исми бор.

Кирдию тупроққа ул, хок бўлди лой,
Кирдию тупроққа туз, пок бўлди лой.

Топди бул туздан Муҳаммад эзгу ном,
Туз-ла эрди барчадан олиймақом.12

Ушбу туз боқийки, Ул меросидир,
Сен билан туз. Унга сен ворис қидир! 2005

Боқ, улар олдингдадир, олдинг қани?
Бўлса олд, олд излаган жонинг қани?

Ўзни гар “олд”, “орт”да деб қилдинг гумон,
Сен жисмга банди, сендан айри жон.

“Паст”, “баланд” ҳам “олд”у “орт” – танга сифат,
Нурли жон зоти томонсиз, бежиҳат.

Кўзни оч, Шоҳ нури бўлсин пок назар,
Токи қилгин калтабинликдан ҳазар!

Шодлигу ғам ичра ҳолинг шул, фақат,
“Олд”у “орт” йўқликда ҳеч бўлгайми, айт? 2010

Кун эрур ёмғирли, ет тунга яқин,
Туй бу ёмғирмас, Худо ёмғирларин.

————————-
1 – “Инна лираббикум фй айёми даҳрикум нафаҳотун, ало фатаъарраззу лаҳо” – “Раббингиз замонангиз айёмида шабададир, огоҳ бўлинг, бас, ўзни унга тутинг”.

2-3 – “Албатта Биз бу омонатни (яъни, Шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди)”. (Қуръони карим, «Аҳзоб» сураси, 72-оят).

“Фабайна ан яҳмилнаҳо” – “Кўтаришдан бош тортдилар”.

“Ашфақна минҳо” – “ Ундан қўрқдилар”.

4 – Луқмон – Қуръонда тилга олинган донишманд. (31- “Луқмон” сураси). Луқмоннинг пайғамбар эканлиги ҳақида ривоят мавжуд. Нақл қилишларича, Луқмон (а.с) минг йил умр кўрган бўлиб, Оллоҳ у зотга нарса ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳият-ҳақиқатига бехато етиш ва энг тўғри ҳукм чиқара олиш неъматини, яъни, ҳикматни ато этган.

5 – Муғилон – чўлда ўсадиган тиканли ўсимлик.

6 – “Каллимини ё, Ҳумайро, каллими” – “Менга сўйла, эй, Ҳумайро, менга сўйла”.

7 – Муаннас – наҳвда аёлликни билдирадиган белги, яъни, русчада женский род.

8 – Аҳриман – зардуштийлик динида ёвузлик тимсоли.

9 – “Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг амри-фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик (амрингга бўйинсундик)», дедилар”. (Қуръони карим, «Фуссилат» сураси, 11-оят).

10 – “Ариҳно, ё, Билол” – “Бизни хушҳол айла, эй, Билол!”. Билол – ҳабаш, тўлиқ исми Абу Абдулло Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабаший, ислом тарихидаги биринчи муаззин. Асли ҳабашистонлик. Маккада исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган қуллардан. Пайғамбар (с.а.в) билан Мадинага ҳижрат қилган. 622 йил Мадинада оммавий азон айтиш жорий этилганда у биринчи бўлиб баланд овоз билан мусулмонларни намозга чорлаган ва бир неча йил давомида Муҳаммад (с.а.в)га муаззинлик қилган. Қабри Дамашқда.

11 – Таърис туни – Саҳобалардан Абу Ҳурайранинг айтишича, Муҳаммад (а.с) ўз қўшинлари билан Ҳайбардан қайтаётганда, тун бўйи йўл юриб, тонгга яқин бир манзилда қўним топадилар ва уйқу элтиб, бомдод намози қазо бўлади. Ҳамма йўлга отланган пайтда пайғамбаримиз бомдод намози қазосини адо этишади.

12 – Туз – ҳанафия мазҳабидаги суннийлар учун бир ҳолдан бошқа бир ҳолга ўтишда покловчи восита ҳисобланади.

“Юсуф чиройли эди, бироқ, мен энг тузликдирман” (Ҳадис).

ОЙИША РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУСТАФО САЛЛАЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМДАН: “БУГУН ЁМFИР ЁFДИ, СИЗ ҚАБРИСТОНГА БОРДИНГИЗ, АММО, КИЙИМЛАРИНГИЗ НЕГА ҲЎЛ БЎЛМАДИ?”1 — ДЕБ СЎРАГАНИ

Бир куни бормиш мозорга Мустафо,
Битта дўсти бандалик қилмиш бажо.

Қўйди хокни гўрига жойлаштириб,
Донни тупроқ остида жонлантириб.

Ҳар дарахт тупроқнамолар сингари,
Қўлни тупроқдан чиқаргайлар бари.2

Юз ишорат айлагай халққа чунон,
Ҳар эшитганга қилар юзлаб баён.3 2015

Тоза тил ҳамда узун қўллар билан
Сўзлагай сирларни тупроқ қаъридан.

Сувга ўрдакдай улар бошин суқар,
Бошда қарға, сўнг бўлар товус улар.

Гарчи қишда қилди маҳбус, бенаво,
Қарғани товусга дўндирмиш Худо.

Ҳақ ўлим бермиш уларга қиш келиб,
Лек, тирилтирмиш баҳорда барг бериб.4

Дейди мункирлар: “Азалдан бор булар,
Биз нега деймиз, Худодан лутф улар?” 2020

Кўр уларким, дўстларин қалби аро
Боғу бўстонларни Ҳақ этмиш бино.

Қайси гул ҳид ёйса қалб гулзоридан,
Ўша гул сўйлайди кулл асроридан.

Атри мункирлар ғализ фикрин тарар,
Айланар оламни, йиртиб пардалар.

Мункир – ул гул атридан гўнг қўнғизи,
Ё ноғора бонгининг ақлу ҳиси.

Кўрсатар ҳар не билан машғул ўзин,
Неча чақмоқдан бурар дарҳол кўзин. 2025

Кўз олиб қочгай, бироқ, йўқдир назар,
Кўз эрур улки, паноҳ кўргай агар.

Қайтди Пайғамбар мозордан сўнг ҳазин,
Бўлди Сиддиқа билан сирдош, яқин.

Тикди Сиддиқа юзига кўзларин,
Сўнг яқин келмиш, текизмиш қўлларин.

Кўрди пайпаслаб юзин, соч, салласин,
Ҳам яқосин, тирсагин, бағрин, танин.

Деди Пайғамбар: “Надир изларсан, айт?”
Деди: “Ёмғир ёғди тонгдан то шу пайт. 2030

Мен либосингизни бир-бир сийпалаб,
Топмадим ёмғир юқин ҳам, воажаб!»

Деди: “Не бошга ўралган боғич ул?
Деди: “Парда, эрди сизнинг ёпқич ул”.

Деди: “Поксан, шул сабаб, эй, беғубор,
Кўрсатар ғайб ёмғирин Парвардигор.

Бул булутдан бўлмас ул ёмғир ато,
Унда бор бошқа булут, бошқа само”.

———————-
1 – Манбаларда таъкидланишича, бу ҳикоятга пайғамбаримиз ҳаётидаги бир воқеа манба бўлганга ўхшайди, яъни, Анас ибн Молик (гарчи Ойиша разийаллоҳу анҳунинг номи ва қабристон эслатилмаган бўлса-да) ҳикоя қилади: “Оллоҳнинг Расули билан сайр қилиб юрганимизда, бирдан салқин ва намликни ҳис этдик ва ундан сўрадик: “Эй, Оллоҳнинг Расули, бу салқин ва намлик нима эди?” У жавоб берди: “Сизлар ҳам ҳис этдингизларми?” Биз айтдик: “Ҳа”. У деди: “Бу – Исо ибн Марям, мен билан саломлашди”.

2-3 – “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар…” (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 44-оят).

4 – “Бас, Сиз Оллоҳнинг раҳмати – ёмғирнинг изларига қаранг – У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтиради-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана Шу (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 50-оят).

ҲАКИМ РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ АЙТГАН УШБУ БАЙТ ТАФСИРИ:

Амр этар дайр кўкига жон юртин ул осмонлари,
Руҳ йўлин бор паст-баланд дарёю ҳам довонлари.

Fайбда ёмғир ҳам булут ўзга эрур,
Ўзгадир осмонию офтобу нур. 2035

Аҳли хос топгай, фақат, унга калит,
Бошқалар “фй лабси мин халқин жадид”.1

Парвариш этгувчи ёмғирлар бўлар,
Сўлдириб кетгувчи ёмғирлар бўлар.

Келтирар ёмғир баҳорда наф, самар
Кузги ёмғирдан кўрар боғлар зарар.

Ул баҳорий нозу неъмат келтирар,
Бул эса нохуш эрур, сарғайтирар.

Англа муз, офтоб, шамолнинг нелигин,
Англагин фарқин, топиб арқон учин. 2040

Ғайбда ҳам бор хилма-хиллик қанчалар,
Бор даромадлар, чиқим, фойда-зарар.

Аҳли хосдан пок нафасдир ул баҳор,
Яшнагай кўнгилда ундан майсазор.

Файзи кўклам ёмғиридай, ҳар дарахт,
Ҳис қилар жонбахш нафасни ўша вақт.

Гар дарахт ногоҳ қуриб, топгай завол,
Бунга айбдор бўлмагай жонбахш шамол.

Ўз ишин қилгай шамол, эсгмоғи бор,
Кимки жони бўлса, билди жонга ёр. 2045

—————————
1 – “Афаъайина бил халқил аввал. Бал ҳум фи лабсим мин халқин жадид” – “Хўш Биз аввалги яратишга (яъни, йўқдан бор килишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак, тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожизлик қилмаймиз), улар эса янги яралишдан (яъни, қайта тирилишдан) шак-шубҳададирлар”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 15-оят).

“Фи лабсим мин халқин жадид” – “Янги яратишдан шак-шубҳададирлар”.

“ИҒТАНИМУ БАРДА-Р-РАБЕЪИ…”1 ҲАДИСИНИНГ МАЗМУНИ БАЁНИДА

Деди Пайғамбар: “Баҳор салқинидан
Баҳра олсин, буркамангиз токи тан.

Фойдадир, жон ичра гар топгай қарор,
Худди, бергандай дарахтларга баҳор.

Лек, қочинг, кузги совуқ қилгай зиён,
Боғ-узумзорни хароб қилгансимон”.2

Барча ровий ғофил ҳикмат аслидан,
Қилдилар сўнгра қаноат шаклидан.

Ул гуруҳга ноаён сир эрди жон,
Тоғни кўрди, кўрмади тоғ ичра кон. 2050

Гар кузак Ҳақ наздида ҳирсу ҳавас,
Ақлу жон эрди баҳорий ҳар нафас.

Ақл эрур жузвий, ниҳондир доимо,
Ақли комилни қидир олам аро.

Куллидан бўлгуси жузв ақлинг бутун,
Кулл ақл занжир эрур нафсинг учун.

Шул хулоса: Пок нафас гар бўлса ёр,
Баргу токни яшнатар мисли баҳор.

Авлиё юмшоқ, дағал сўйлайди хоҳ,
Бурма юз, дийнинг топар ундан паноҳ. 2055

Қотса сўз иссиқ, совуқ, билгин ёвуқ,
Қутқарар дўзахдан ул иссиқ, совуқ.

Ул “совуқ”, “иссиқ” ҳаётга файз берар,
Бандалик, сидқу ишонч ундан келар.

Чунки, ундан олгуси жон боғи нур,
Ҳамда дил уммонига тўлгуси дур.

Қоплагай оқил дилин минг қайғу, ғам,
Кўнгли боғин ичра бир хас бўлса кам.

——————————
1 – “Иғтаниму барда-р-рабеъи…” – “Баҳор совуғини ғанимат билинг…” (Ҳадис)

2 – Алий ибн Абу Толиб ривоят қилган ҳадис: “Совуқнинг аввалидан эҳтиёт бўлинг ва охирида насиба олинг. Чунки, у дарахтларга таъсир қилганидек, баданларингизга таъсир қилади. Аввал куйдиради, сўнг барг ато этади”.

СИДДИҚА РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУСТАФО САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМДАН: “БУГУНГИ ЁМFИРНИНГ СИРИ НИМАДА ЭДИ?” — ДЕБ СЎРАГАНИ

Сиддиқа сўрмиш: “Аё, жонга яқин!
Айт, бугун ёққан у ёмғир ҳикматин? 2060

Раҳматиндан эрдими ёмғир ато?
Кибриёнинг адлидан таҳдидми ё?

Ё баҳорий ҳадями, лутфу карам?
Ё кузакнинг офати, бергувчи ғам?”

Деди: “Бул ғамга тасалли аслида,
Улки бор ғам-қайғу Одам наслида”.

Одамий қолсайди ул оташ аро,
Ёғиларди бошига минг бир бало.

Бул жаҳон вайрон бўларди ўша кез,
Ҳирс-ҳаво қалқиб чиқарди сиртга тез. 2065

Эй кўнгил, даҳр устуни ғафлат эрур,
Ҳушёрлик даҳр аро офат эрур.

Ҳушёрлик ул жаҳондандир, қачон
Ғолиб ўлса, мағлуб ўлгай бул жаҳон.

Ҳушга ёрликдир қуёш, ҳирс эса нафс,
Ҳушга ёрлик – сув, жаҳон кир ҳар нафас.

Ул жаҳондан қатралар томгай, фақат,
Тинчисин то бунда деб ҳирсу ҳасад.

Ул жаҳондан томса кўпроқ қатралар,
Бул жаҳонда на ҳунар, на айб қолар. 2070

Сўнги йўқ бул сўзда, қайт бошга тағин,
Тинглагин сен энди мутриб қиссасин.

045

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan oltinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

HAKIM 1 SO’ZINING TAFSIRI:
07
So’zki, yo’ldan ozdirar bo’lsa agar,
Xoh kufr ul, xoh iymon – farqi yo’q.
Aylagay Do’stdan yiroq gar qaysi naqsh,
Xoh xunuk ul, xoh tobon – farqi yo’q.

SHUNINGDEK, MUHAMMAD SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING “INNA SA’DAN LAFAYURUN VA ANO AFYARU MIN SA’DII VALLOHU AFYIRU MINNI VA MIN FAYRATIHI
HARRAMA-L-FAVOHISHA, MO ZAHARA MINHO VA MO BATANA”2 HADISI MA’NOSI BAYONIDA

Bor jahon g’ayratli bo’lmish, Haq, biroq,
Erdi olamdan ko’ra g’ayratliroq.3

Tan esa ushbu jahon, Ul jon erur,
Tanga bor yaxshi-yomon jondan kelur.4

Ulki mehrobi namozda gar ayon,
Ayb erur, gar qaytsa ul iymon tomon. 1765

Kimki shohga jomador bo’lgay agar,
Shoh uchun savdosi keltirgay zarar.

Ulki suhbatdosh erur sulton-la goh,
Eshigin oldida turmoq – noravo.

Ulki o’pgay gar, qo’lin tutganda shoh,
Gar oyog’in o’psa, lek, bo’lgay gunoh.

Gar oyoqqa bosh qo’yish xizmat erur,
Lek, u xizmatdan burun zillat erur.

Shoh g’ayrat aylagay, kimning hidin
Ko’rsa afzal gar, uning ko’rgach yuzin. 1770

Misli bug’doy bo’lsa gar Haq g’ayrati,
Bir poxolpoya erur xalq g’ayrati.

Barcha g’ayrat ildizi Haqdan nishon,
Xalqda g’ayrat shoxdir undan begumon.

Aylayin hasrat, kechib bul sharhidan,
Bevafo yor menga qilgan jabridan.

Arzu nola qilsam, Unga xush kelar,5
Ikki olam nolasi Unga yelar.

Nola qilmay nega men Ul dastidan,
Bo’lmasam Ul mastlarin gar ahlidan? 1775

Nega bo’lmay Ul kunisiz tun misol?
Nur taratgich yuzlarisiz bevisol?

Xush erur noxushligi jonim aro,
Dilni ranjitguvchi Yorga jon fido!

Dardu g’ussam oshig’iman kecha-kun,
Yolg’iz ul Shohimni shod etmoq uchun.

G’am g’uborin ko’zga surma aylayin,
To’ldiray durga ko’zim dengizlarin.

Ulni deb, ko’z yosh qilib, yig’laydi xalq,
Ko’zda yosh gavharligin bilmaydi xalq. 1780

Jon aro jondan shikoyat aylagum,
Men shikoyatmas, rivoyat aylagum.

Deydi ko’ngil: “Menga Undan ranj yetar”,
Ul munofiq holiga kulgim kelar.

To’g’ri bo’l, ey, to’g’rilarning shohisan,
To’r erursan, eshiging poygohiman.

To’r, aziz joy ma’nisi ne, qayda bor?
“Men”u “biz” qayda? Qaerda bo’lsa Yor.6

“Men”u “biz”dan qilgan, ey, jonin judo,
Ey, latif ruhsan ayol-erkak aro. 1785

Er-ayol bir bo’lsa, ul Birsan O’zing,
Gar u birlar yitsa ham, borsan O’zing.

“Men”u “biz”ni sen yaratding, kecha-kun
O’zgalarning xizmatin qilmoq uchun.

Toki, bo’lsin “men”u “sen” bir jon aro,
Oqibatda g’arq bo’lib jonon aro.

Kelgil, ey, “kun” amri, bor bunda bari,
Eyki, “kel”dan poku so’zdan ham nari.

Tan yuzingni ko’rgusidir tan misol,
G’am ila kulgingni etgaydir xayol. 1790

Fam bilan shodlikka dil bog’liq erur,
Sen dema, ko’rmoqqa ul loyiq erur.

Fam bilan shodlikka kimki bo’lsa qul,
Bil, tirik ikki omonat birla ul.

Yam-yashil ishq bog’i cheksiz qanchalar,
G’am-sururdan o’zga bordir mevalar.

Ishq afzal ikkisindan necha bor,
Yashnagaydir bexazon ham bebahor.

Ber, go’zal yuzdan zakot, ey, hurliqo!
Parcha jonni qaytadan sharh ayla to. 1795

Qildi ul g’ammoza noz birlan firoq,
Qoldirib ketmish yurakda toza dog’.

To’k deya qildim halol qonimni ham,
Qochdi ul, doim “halol” deb so’ylasam.

Tinglamay qochsang bu yerlik nolasin,
G’amli dilga nega g’am to’kding tag’in?

Eyki, sochding tongda Mashriq uzra nur,
Porlaguvchi chashmaday jo’shqin erur.

Mubtalongga aylading ne vaj ravo?
Lablaringda shakkaringdir bebaho. 1800

Ey, bu ko’hna olam ichra yangi jon,
Tingla jon-dilsiz bu tandan oh-fig’on.

Kech, Xudo haqqi, u gulning sharhidan,
So’yla guldan ayri bulbul dardidan.

Jo’shmagaymiz qayg’u-shodlik ichra biz,
O’y-xayol, qo’rquvga yormas aqlimiz.

O’zga holat bordiru nodir erur,
Bo’lma munkir, Haq o’zi qodir erur.

Qilma inson holatindan sen qiyos,
Jabru ehson ichra manzil qurma xos.7 1805

Jabru ehson, g’am-surur hodis erur,
Hodisa o’tkinchi, Haq voris erur.8

Otdi tong, ey, tongga tonglik berganim!
So’r Husomiddindan uzrimni manim.

Kull aql, jondan uzr so’rgon O’zing,
Jonga jonu yarqiroq marjon O’zing.

Tongimiz nuri – nuringdan shodadir,
Ko’za lim-lim Mansur9ingdan bodadir.

Berganing gar shul yo’sin hushni olar,
Shod etib, bodang nechuk kuyga solar? 1810

Boda jo’shgay, bizdan ul tug’yon tilar,
Aylanib charx, aqlu hushdan ozdirar.

Boda bizdan mastu biz andin emas,
Tan bino bizdan va biz tandin emas.

Biz arimiz, po’stimiz mum, dam sayin
Po’stimizni sindirarmiz mumdayin.

———————-
1 – Hakim – Abulmajid Majdud ibni Odam (taxminan 1079-1080 – 1140-1141) Sanoiy, buyuk shoir va alloma. “Hadiqat-ulhaqiqa va shariat-ul-tariqa”, “Tariq-ut-tahqiq”, “Aqlnoma”, “Ishqnoma”, “Sanoiobod”, “Tahrimat-ul-qalam”, “Sayr-ul-ibod ilal ma’od” asarlari tasavvuf adabiyotining yetuk namunalari hisoblanadi.

2 – “Inna sa’dan lag’ayurun va ano ag’yaru min sa’dii vallohu ag’yiru minni va min g’ayratihi harrama-l-favohisha, mo zahara minho va mo batana” – “Darhaqiqat, sa’d (sahoba) g’ayratlidir va men sa’ddan g’ayratliroqman va Olloh mendan g’ayratliroqdir, Ollohning g’ayrati shundaki, u zohiriy va botiniy gunohlarni harom etdi”.

3 – G’ayrat – irfoniy atama, juvonmardlik, hamiyat ma’nosida.

4 – “Olloh osmonlar va Yerning Nuridir (ya’ni, ularning barchasini yoritib, ko’zga ko’rsatib – yo’qdan bor qilib turguvchidir)”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 35-oyat).

5 – “Darhaqiqat, Olloh g’amgin qalblarni sevadi”. (Hadis).

6 – Rumiy muridlarining faxrli joy qaerda joylashganligi haqidagi savoliga shu tarzda javob beradi, ya’ni, o’rnidan turib, poygohda joylashgan Shams Tabriziyning yoniga borib o’tiradi.

7 – “Biron narsa U Zotga o’xshash emasdir…” (Qur’oni karim, «Sho’ro» surasi, 11-oyat).

8 – “Albatta Biz O’zimiz (barcha jonzotga) hayot berkrmiz va o’lim berurmiz. Biz vorisdirmiz (ya’ni, barcha o’tgandan keyin Yolg’iz O’zimiz qolurmiz)” (Qur’oni karim, “Hijr” surasi, 23-oyat)

9 – Mansur – Husayn ibn Mansur Halloj (858-922), tasavvufdagi o’ta so’l oqimning yirik vakili. “Analhaq” (“Men Haqman”), degan fikrni ilgari surgani uchun shakkoklikda ayblanib, qatl etilgan.

XOJA SAVDOGAR HIKOYASIGA QAYTISH

Ko’p uzundir ushbu tojir naqli, de,
Kechdi ul himmatli zotning holi ne?

O’rtanib Xoja qilardi ohu voy,
Tinmayin so’ylardi mujmal, poyma-poy. 1815

So’ylamish goh yolvorib, goh tundlashib,
So’zlarinda rostu yolg’on uyqashib.

Kimki suvga bo’lsa g’arq, izlaydi yo’l,
So’ngra cho’zgay vahm ila har xasga qo’l.

Bir najot kutgay, xatar sezganda jon,
Qo’l-oyoq silkib, tutar boshin omon.

Bul parishonlik yoqar Yorga, biroq,
Uyqudan befoyda g’ayrat yaxshiroq.

Ulki shohdir, hech qachon bekor emas,
Bul ajab – kim noligay, bemor emas. 1820

Shul sabab amr etdi Rahmon, ey, o’g’il!
“Kulli yavmin huva fy sha’n”, ey, o’g’il!1

Tentirab bul yo’lda tez qo’ygin qadam,
Bo’lma forig’ bir nafas to so’nggi dam.2

So’nggi dam gar senga bo’lsa so’nggi dam,
Mehribonlik mahramisan, muhtaram.3

Qilsa g’ayrat xoh erkak, xoh ayol,
Darchadan jon Shohi ko’rgay bemalol.4

———————-
1 – “Yas-aluhu mann fis samavati val arz. Kulla yavmin huva fi sha’n” – “Osmonlar va Yerdagi (barcha) jonzot (Unga muhtojdir va bor tilak-maqsadlarini yolg’iz) Undan so’rar. U Zot har kuni ish-amaldadir”. (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 29-oyat).

2-3 – “Va inson uchun faqat o’zi qilgan harakatigina bo’lur (ya’ni, o’zgalarning qilgan yaxshi amallaridan unga biron foyda yetmas). Uning qilgan sa’y-harakati esa yaqinda (Qiyomat Kunida) ko’rinur”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 39-40-oyatlar).

4 – “Bas, Parvardigorlari ularning duolarini ijobat qilib (dedi): «Albatta Men sizlardan biron amal qilguvchi erkak yo ayolning amalini zoe qilmagayman…” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 195-oyat).

SAVDOGARNING TO’TI O’LIGINI QAFASDAN OLIB ULOQTIRGANI
VA TO’TINING PARVOZ ETGANI

So’ng olib otgach qafasdan, uchdi tez,
Qo’ndi bir shox uzra ul to’ti shu kez. 1825

Uchdi “o’lgan” to’ti darhol charx urib,
Chiqdi Mashriqdan quyosh, nur yo’g’irib.

Qush ishindan Xoja hayron qotdi lol,
Erdi qush asror-sirin bilmoq mahol.

Angrayib so’ng dedi: “Aytgil, ey, qushim!
Ko’rganim, bul hodisa o’ng yo tushim?

Ne demish ul, sen amal qilgan nadir?
O’t aro yoqding meni, o’ylab makr”.

Dedi qush: “Aqlimni ul qilmish raso,
Bo’l deya ovozu nutqingdan judo. 1830

Deb: “Asir etmish ovozing begumon,
“O’ldi” shul yo’sin qilib menga ayon”.

Ey, avomu xosga bo’lgan nag’ma, soz,
Mendayin o’lsang, kishandan sen xalos.

Dona bo’lsang, seni qushlar cho’qigay,
G’uncha bo’lsang gar, go’daklar yulqigay.

Sen yashir doningni doming ichra mo’l,
Sen yashir g’unchangni, tomda maysa bo’l.

Kim chiroyin solsa bozor ichra zor,
Bo’lgusi yuzlab falokatga duchor. 1835

Ne nigohlar, ne g’azablar, qancha kin
Do’ldayin tinmay yog’ilgay boshidin.

So’ng g’ayir dushmanlari yanchib ketar,
Do’stlari qalbiga tig’ sanchib ketar.

Kim yiroq ko’klam, ziroat atridan,
Hech xabar topgaymi ayyom qadridan?

Haqqa qoch, Haqdan qidir doim najot,
Qildi Ul ruhlarga minglab iltifot.

Top panoh, gar amru farmon aylagay,
O’t va suvni senga qalqon aylagay. 1840

Bo’ldi suv, dengiz Musoyu Nuhga yor,
Yovlarin qildik falokatga duchor.1

Otash Ibrohimga qal’a bo’ldikim,
To’ldi dud Namrud diliga betinim.2

Chorlamish Yahyoni tog’ o’z qoshiga,
Toshlarin yog’dirdi yovlar boshiga.

Dedi: “Ey, Yahyo, yugurgil men tomon,
Asrayin toki seni tig’dan omon!”.

———————
1 – “Ular o’z xato-gunohlari sababli g’arq qilinib, do’zaxga kiritildilar. Bas, o’zlari uchun Ollohdan o’zga yordam berguvchilarni topmadilar (ya’ni, sig’ingan but-sanamlari ularni Ollohning azobidan qutqara olmadilar)”. (Qur’oni karim, «Nuh» surasi, 25-oyat).

2 – “Biz aytdik: «Ey olov, sen Ibrohim uchun salqin va omonlik bo’l!” (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 69-oyat).

TO’TINING XOJA BILAN VIDOLASHGANI VA UCHIB KETGANI

Necha o’gitlar berib chin, beriyo,
Xojaga to’ti demish so’ng: “Alvido”. 1845

Dedi Xoja: “Bo’lsin Olloh senga yor,
Aylading yangi, charog’on yo’l nisor”.

Dedi Xoja o’zicha: “Bundan buyon
Nurli shul yo’ldan yurarman begumon.

To’tidan ham kammi jonim? Endi bas,
Tolein axtarmagan jon jon emas”.

XALQ TA’ZIM QILADIGAN DARAJADA MASHHUR BO’LISHNING ZARARI

Tan qafasdir, tan – to’siq, g’ov jon uchun,
Kirganu chiqqanni aldar kecha-kun.

“Senga men sirdosh erurman” der biri,
“Senga men dildosh erurman” der biri. 1850

Der biri: “Yo’q sendayin olam aro,
Fazlu ehsonu jamolda bebaho”.

Boshqasi der: “Sengadir ikki jahon,
Ozig’in joningdan olgay barcha jon”.

Anglasa gar, xalqni ul sarmast etar,
So’ng takabburlik qilib, o’zdan ketar.

Bilmagay, lek, necha minglab undayin
Zotni g’arq qilganligin shayton, la’in.

Totli luqma – olamiy lutfu riyo,
Ko’p yema, bordir olov luqma aro!1 1855

Otashi pinhonu zavqi aks etar,
Dudi ishlar so’ngida burqsib ketar.

Demagil: “Qandoq qilay madhin qabul?
Men bilarman, ta’ma aylab so’ylar ul”.

Etsa hajv oshkor-ayon maddohlaring,
Dilni o’rtar necha kun oh-vohlaring.

Garchi bilgaysan, u nochor qanchalar,
Orzu qilmish, topdi, lek, sendan zarar.

Qoldirar dog’lar diling ichra nishon,
Madh aro bul holating bir imtihon. 1860

Kun sayin dilda qolar dog’, qorasi,
Kibru yolg’on bo’lgusi jon moyasi.

Madh shirin, ko’zga ko’rinmas hech qachon,
Ta’na achchiqdir, ko’ringay ul yomon.

Bir taomdek dori, yeysan ulni gar,
Dard, azobdan ancha vaqt jon o’rtanar.

Holva yersan, zavqi tez bo’lgay tamom,
Ta’siri uncha uzoq etmas davom.

Lek, uning zavqi davom etgay nihon,
Barcha zidni ziddi birlan bil ayon. 1865

Gar shakarning zavqidir pinhondayin,
Lahza o’tmay, ul chiqar chipqondayin.

Baski, madhing nafsidir Fir’avnvujud,
“Kun zalila-n-nafsi havnan lo tasud”.2

Bo’lma sulton, banda bo’l, imkon qadar,
Bo’lma chavgon, to’p misol ye zarbalar.

Yo’qsa, lutfingdir tamom, qolmas jamol,
Do’st-yorga kelgusi sendan malol.

Bil, jamoat bul ishing anglab makr,
Aylagay, ko’rgach seni shayton-la bir! 1870

Barcha aytar tiklagan chog’ingda qad,
“Bosh chiqarmish qabridan jonsiz jasad”.

Yosh yigitni “tangri” deb aytar ular,
Makr ila bo’yniga sirtmoqni ilar.

Bo’lsa badnomlikda butkul xoru zor,
Oldiga kelmoqqa shayton aylar or.

Bordi Odam yonga shayton kin bilan,
Sen tomon kelmaydi, sen undan tuban.

Toki sen odam, izingdan ul la’in,
Ergashar ham ichgizar senga mayin. 1875

Bo’lsa shum shaytonga xos xulqing agar,
So’ng qilar ul nobakor sendan hazar!

Tavqini bo’yningga osgaydir la’in,
Seni shul kuyga solib qochgay tag’in.3

———————
1 – “Olloh nozil qilgan Kitob (Tavrot)dan iborat bo’lgan narsani (Tavrotdagi Muhammad alayhis-salomning sifatlari bayon qilingan oyatlarni) yashiradigan va uni ozgina qiymatga sotadigan kimsalar qorinlarini faqat olov bilan to’ldiradilar – ularga Qiyomat Kunida Olloh so’zlamaydi va ularni (gunohlaridan) poklamaydi. Ular uchun alamli azob bordir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 174-oyat).

2 – “Rahmonning (suyukli) bandalari Yerda tavozu’ bilan yuradigan, johil kimsalar ularga (bema’ni) xitoblar qilgan vaqtida ham “Omon bo’linglar”, deb javob qiladigan kishilardir”. (Qur’oni karim, «Furqon» surasi, 63-oyat).

“Kun zalila-n-nafsi havnan lo tasud” – “Nafsga tavozu’ ayla, hukmron bo’lma!”

3 – “(Yahudiylarni mo’minlarga qarshilik qilishga gij-gijlayotgan munofiqlar) xuddi shaytonning o’xshashidirlar. Eslang, u insonga “Kofir bo’l!”, degan edi. Endi qachonki (inson) kofir bo’lgach, (shayton unga) “Albatta men sendan bezorman. Zero, men barcha olamlar Parvardigori bo’lmish Ollohdan qo’rqurman”, dedi”. (Qur’oni karim, «Hashr» surasi, 16-oyat).

“MASHAALLOHU KONA”1 SO’ZINING TAFSIRI

So’yladik borin, biroq, goh erta-kech,
Gar Xudo yor bo’lmagay, hechmizu hech.

Kimki Haqdan, Haqqa yordan gar yiroq,
Xoh malak, unda qaro tortgay varoq.

Ey, Xudo! Fazling mudom hojatravo,
Sendan o’zga yodi hech bo’lmas ravo. 1880

Sen mudom qilding hidoyat armug’on,
So’ngra cheksiz aybimiz etding nihon.

Bizga sen baxsh aylagan qatra ilm,
Dengizing bag’rinda oqqay betinim.

Qatra ilming jon aro, jonimga xos,
Sen havo, tan xokidin qilgil xalos.

To ko’milmasdan burun tuproq aro,
Toki yel qilmay burun ulni ado.

Xoh ko’milgaydir ular, qodir O’zing,
Qaytarib olguvchi Boru Bir O’zing. 1885

Qatra erir yoki tomgay erta-kech,
Qudratingning ganjidan qochgaymi hech?

Necha yo’qlik qa’ri gar tortganda ham,
Chorlasang, ul qaytadan qo’ygay qadam.

O’ldirar zidlarni zidlar necha bor,
O’zlarin hukming-la tiklar necha bor.

Talpinar yo’qlikdan ul borlik sari,
Necha ming “YO, Rab”-la ishq karvonlari.

Barcha tun to’zg’iydi bor aqlu fikr,
So’ng yitar, ummonga cho’kkay birma-bir. 1890

Ul ilohiylar tag’in otganda tong,
Bosh chiqargaylar baliqday begumon.

Qancha shox ham qancha barg, kelganda kuz,
Bul ajal dengizi sori burdi yuz.

Zog’ qaro kiygan, alam bor ohida,
Bog’ aro yig’laydi ko’klik boshida.

Amr etar yo’qlikka qishloq Sarvari:
“Neki sen yutgan eding, qaytsin bari!

Neki yutding, shum o’lim, qaytar tag’in,
Har o’simlik, har giyoh, barglar barin!”. 1895

Ey, birodar, bir nafas aqlingni yig’,
Goh bahoru goh xazondirsan sarig’.

Aylagin ko’ngilda bog’, gulgun chaman,
Unga to’lsin g’uncha, gul, sarv, yosuman.

Burkasin shoxni yashil barglar tag’in,
Gulga cho’msin bor dala-dasht qaytadin.

Ushbu so’zlar kull aqlning pand-o’yi,
Sarvu sunbul ham chamanlar xush bo’yi.

Bo’lmasa gul, gul hidi qaydan kelar?
Mayga jo’shqinlik, faqat, maydan kelar. 1900

Senga hid peshvoyu pir bo’lgay agar,
Eltadir to Xuld ila Kavsar qadar.2

Ko’zga nur baxsh aylagay nogoh atr,
Hid Yaqubning ko’r ko’zin etmish basir.3

Bo’lsa hid sassiq, qilar ko’zlarni tor,
Sen Yusuf atrin nigoh-chun angla yor.

Gar Yusufmassan, Yaqubday bo’l hazin,
Uldayin dardu alamdan yig’lagin.

Tinglagin orif Sanoyi pandidin,
Sen tuyarsan eski tandan yangisin: 1905

“Angla, gulyuzsan agar, nozdir husn,
Gul yuzing gar bo’lmagay, noz ne uchun?

Gar xunuk bo’lsa yuzing, noz benavo,
Ko’r esa ko’z, dardi bo’lgay bedavo”.

Sen Yusufning oldida noz qilmagin,
Sen Yaqub yanglig’ talab qil, yig’lagin.

To’tining o’lmog’idir bir muddao,
Bil o’lik o’zni talab, zorlik aro.

To tirilgin sen tuyib Iyso damin,
To quvonch yetsin, yurak to’ksin g’amin. 1910

Kelsa ko’klam, gul tugar qay tosh shig’il?
Xok o’lib, gullarga burkan xilma-xil.

Toshga do’nding necha yil, ko’ngil tilib,
Ko’r o’zingni bir nafas tuproq bilib!

————————
1 – Mashaallohu kona – Olloh nimani xohlasa, o’sha bo’ladi.

2 – “U shunday Zotki, O’z rahmatining (ya’ni, yomg’irning) oldidan xushxabar qilib shamollarni yuborur. Qachonki ular vazmin bulutlarni ko’tarib kelgach, Biz uni (bulutni, chanqoq) o’lik shaharga haydaymiz. Bas, unga suv-yomg’ir yog’dirib, uning yordamida har turli mevalar chiqarurmiz. Biz o’liklarni ham (o’z joylaridan) mana shunday chiqarurmiz. Shoyad eslatma – ibrat olsangizlar”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 57-oyat).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), albatta Biz Sizga Kavsarni ato etdik”. (Qur’oni karim, «Kavsar» surasi, 1-oyat).

4 – “Sizlar mana bu ko’ylagimni olib borib, otamning yuziga tashlasangiz, uning ko’zlari ochilur. So’ng barcha ahli oilalaringiz bilan birga mening oldimga kelinglar!”. Karvon (Misrdan) chiqishi bilanoq otalari (Ya’qub alayhis-salom o’z uylarida turib, huzuridagi kishilarga): “Men Yusufning bo’yini tuymoqdaman. Agar meni aqldan ozgan demasangizlar (Yusuf tirik, degan bo’lur edim)”, dedi. (Ular) aytdilar: “Ollohga qasamki, sen (hali ham) o’sha eski xatoyingda turibsan”. Endi qachonki xushxabarchi kelib, uni (ya’ni, Yusufning ko’ylagini Ya’qubning) yuziga tashlagach, uning ko’zlari ochildi. “Sizlarga men Ollohning (Mehribon, Rahmli ekanligi haqida) sizlar bilmaydigan narsalarni bilurman, demaganmidim”, dedi u”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 96-oyat).

UMAR RAZIYALLOHU ANHU ZAMONIDA NOCHORLIKDAN, XUDO YO’LIDA, QABRISTON O’RTASIDA CHANG CHALGAN PIRI CHANGIY DOSTONI

Sen Umar davrinda mutriblik bilan
Dong taratgan changchidan ogohmisan?

Chalsa kuy, aylardi bulbullarni mast,
Famli dil yayrardi quvnab har nafas.

Sozidan porlardi har majlis, yig’in,
Sozida borday qiyomat yoshirin. 1915

Xuddi, Isrofil misol, tortib fig’on,
Kirgizarmish joni yo’q tanlarga jon.1

Yoki Isrofildan elchi erdi, gar
Tinglagach, fil ham qanot paydo qilar.

Bilki, Isrofil u kun chalganda sur,
Necha yuz yillik chirik tan jonlanur.2

Anbiyoning qalbidan qo’pgan navo,
Aylagay tolib hayotin bebaho.

His qulog’i ul sadoni ilg’amas,
Unga to’lmishdir sitamdan kir, najas. 1920

Tinglamas Odam parilar sozini,
Anglamas Odam ular asrorini.

Gar pari nag’ma bu olamdan, biroq,
Boridan dil nag’masidir yaxshiroq.

Odamiy birlan pari zindonidir,
Ikkisin nodonligi etmish asir.

“Ma’sharaljin” surai “Rahmon”dadir,
“Tastati’u tanfuzu”dan angla sir.3

Avliyoning ko’nglida kuy, sozlari,
Avvalo so’zlaydi: “Ey, “lo” loshlari! 1925

Boshni “lo” inkoridan asrang bu dam,
Itqitingiz bul xayol, qo’rquvni ham.

Ey, chiriklar, borligu yo’qlik aro
Bo’lmagay sizlarda boqiy jon bino”.

So’ylasam ul nag’malardan zarrasin,
Qancha jonlar bosh ko’targay dahmadin.

Tut quloqkim, ul emas sendan yiroq,
Senga naqli bo’lmagay dastur, biroq.

Bil, zamon Isrofilidir avliyo,
Har o’likka jismu jon aylar ato. 1930

Har o’lik jon qo’zg’alar tan chohidan,
Boq, kafan ichra, ular ovozidan.

Deydi bul ovozki, ovozdan judo:
“Haq ovozi aylagaydir jon ato!”

O’ldigu tark ayladik jon olamin,
Tinglagach Haqdan sado, qo’pdik tag’in.

Haq sadosi goh ayon, goh pardalik,
Bergusi, Maryamga bermish qanchalik.4

Ey, fanosindan nihonlar po’st aro,
Tark eting yo’qlikni, Do’st bergach sado. 1935

Ul sadoni aylamish Olloh ato,
Garchi abdulloh5 tilinda bul sado.6

Unga aytmish: “Ham tilingman, ham ko’zing,
Hislarim, shukrim va qahrim ham O’zing.

Men bilan tinglovchi, ko’rguvchi O’zing,7
Sir O’zing, sirlarga to’lguvchi O’zing.

Sen esang “man kona lillah” lol chunon,
Senga “konallohu lah”man begumon.8

Goh seni “sen”, goh “o’zim” deb aytganim,
Ne demay, porloq quyoshimsan manim! 1940

Qandilimdan qayga tushgay shu’la sal,
Barcha olam mushkili ul yerda hal.

Qoplagay qay yerni gar zulmatli tun,
Aylagay har so’zimiz zulmatni kun».

Etdi Ul Odamga o’z ismin ayon,
O’zgalar ismin Odam qilmish bayon.9

Nurni olgin xoh Odam, xoh Undan ol,
Mayni xoh ol ko’zadan, xoh xumdan ol.

Ko’za xum birlan birikkay har nafas,
Baxtga yordir ko’za, sendek quvnamas. 1945

Dedi: “To»bo man raoni” Mustafo,
“Vallazi yubsir liman vajhi ra’o”.10

Olsa yog’du gar chiroq shamdan agar,
Kim chiroqni ko’rsa, shamni ham ko’rar.

Yuz chiroq vaslin tuyib, qonganda sham,
So’ng namoyondir u yuzning asli ham.

So’nggi nurdan, xohlasang, nur ol bu dam,
Xohlasang, jon sha’midan ol, farqi kam.

Xohlasang ko’r, nur tarar so’nggi chiroq,
Xoh qadim shamdan taralgan Nurga boq. 1950

————————
1 – “Sur chalindi-yu, osmonlar va Yerdagi bor jonzot o’ldi, magar Olloh xohlagan zotlargina (tirik qoldilar). So’ngra u ikkinchi bir chalindi-da, banogoh ular (ya’ni, barcha xaloyiq qayta tirildi va qabrlaridan) turib, (Ollohning amriga) ko’z tutarlar”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 68-oyat).

2 – “(Qiyomat Soati kelib farishta Isrofilning) suri chalinishi bilan banogoh ular qabrlaridan Parvardigorlari (huzuriga hisob-kitob uchun) sug’urilib chiqurlar”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 51-oyat).

3 – “Ey jin va ins jamoasi! Agar sizlar (Ollohning jazosidan qochib) osmonlar va Yer chegaralaridan o’tib ketishga qodir bo’lsangizlar, u holda o’tib ketaveringlar!” (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 33-oyat).

“Mash’araljin” – “Ey jin jamoasi”.

“Tastati’u tanfuzu” – “O’tib ketishga qodir bo’lsangiz”.

4 – “Biron odam uchun Olloh unga so’zlashi joiz emas, magar vahiy-ilhom orqali yo biron parda-to’siq ortidan yoki biron elchi-farishta yuborib, o’sha (farishta Ollohning) izni-ixtiyori bilan U xohlagan narsani vahiy qilishi orqali (so’zlar). Albatta U yuksak va hikmat Egasidir”. (Qur’oni karim, «Sho’ro» surasi, 51-oyat).

5 – Abdulloh – Ollohning quli.

6 – “Va u (sizlarga keltirayotgan Qur’onni) o’z havoyi-xohishi bilan so’zlamas. U (Qur’on) faqat (Olloh tomonidan Payg’ambarga) vahiy qilinayotgan (tushirilayotgan) bir vahiydir”. (Qur’oni karim, «Va-n-Najm» surasi, 3-4-oyatlar).

7 – Olloh taolo dedi: “Kim mening valiylarimdan biriga dushmanlik qilsa, men unga urush e’lon qilaman. Bandalarim hamisha nafl ibodatlarini qilib, menga intilsa, men ham unga yaqinlashaman. Agar men unga yaqinlashsam, uning eshitadigan qulog’i, ko’rguvchi ko’zi, tutguvchi qo’li, yurguvchi oyog’i bo’laman”. (Hadis).

8 – “Kim Olloh uchun bo’lsa, Olloh u uchundir”.

“Man kola lillah” – “Olloh uchun bo’lmoq”.

“Konallohu lah” – Olloh ul uchun”

9 – “Va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ngra ularni farishtalarga ro’baro’ qilib dedi: «Agar (xalifalikka biz haqdirmiz degan) so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini Menga bildiringlar!”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 31-oyat).

10 – “To»bo man raoni” – “Meni ko’rganlar xushholdirlar”.

“Vallazi yubsir liman vajhi ra’o” – “Va har kim meni ko’rgan shaxsni ko’rgay”

“Meni ko’rib, menga imon keltirgan kishiga; meni ko’rganni ko’rib imon keltirgan kishilarga qanday yaxshi!”. (Hadis).

“INNA LIRABBIKUM FY AYYOMI DAHRIKUM NAFAHOTUN, ALO FATA’ARRAZZU LAHO”1 HADISI BAYONIDA

Dedi Payg’ambar: “Shu kunlar beadoq
Haq nasimi bergusi sizga saboq.

Ushbu damga his qulog’in tez oching,
Bunday epkindan o’zingizga oling.

Keldi epkin, sizni ko’rgach, ketdi so’ng,
Kimga lozim topsa, jon baxsh etdi so’ng.

Bo’lgin ogoh, keldi bir epkin tag’in,
Ey, xoja, bundan-da mahrum bo’lmagin!

Undan otash joni bir zum topdi tin,
Har o’lik jon topdi undan junbushin. 1955 (Qo’niyo nusxasida bor)

(O’tli jonlar topdilar undan fano,
Murdalar kiymish baqosindan qabo). 1955/1 (Nikolson nusxasida bor)

Jannatiy Tuboga yor bul pok nafas,
Xalqqa xos tug’yonu bir junbush emas.

Gar u yer birlan samoga tashlanar,
Shul zahot safrosi suvga aylanar.

Cheki yo’q bul lahzaning vahmi aro
Anglagin: “Fa’bayna an yahmilnaho”.2

Yo’qsa, ayt, “ashfaqna minho”3 ne uchun?
Vahmidan gar bo’lmagay tog’ bag’ri xun.

Kecha boshqa ranglisi yuz berdi mo’l,
Necha bir luqma kirib, so’ng to’sdi yo’l. 1960

Luqmaning Luqmon4 garovi bo’ldi lol,
Keldi Luqmon navbati, luqma, yo’qol!

Luqma hirsindan mayib paydomikan?
Endi Luqmon kaftidan axtar tikan.

Kaftda yo’qdir bir tikon, bir dog’i ham,
Anglamaysiz hirs sabab farqin bu dam.

Bil tikon, xurmoni ko’rsang sen agar,
Chunki, sen nonko’r vujudsan, ko’ru kar.

Garchi Luqmon joni, Haq bog’i, ajib,
Jon oyog’i ne uchun bo’lsin mayib? 1965

Bul vujud bitta tikonxo’r tuyadir,
Mustafoning nasli teva uzradir.

Ey, tuya! Bir dasta gul kiftingda gar,
Yuzta gulzor atrini yellar tarar.

Yo’lni burding mug’ilon,5 qum yon nuqul,
Bormikin murdor tikonzor ichra gul?

Shul talabda tog’ma-tog’ ovora, zor,
Nega so’rding, deb guliston qayda bor?

Sen sug’ur avval ayog’ingdan tikon,
Ko’r nigoh birlan, axir, yayrarmi jon? 1970

Sig’magay odam jahonga gohi on,
Bir tikon boshinda, lek, bo’lgay nihon.

Mustafo hamdamga burmish qalbini:
“Kallimini yo, Humayro, kallimi.6

Ey, Humayro, qo’y olov uzra qadam,
To oyog’ing tog’ni la’l etsin bu dam!”

Bul Humayrodir muannas,7 shul sabab,
Jonni xotin jinsi deb anglar arab.

Lek, ayollik jinsidan jon vahmi yo’q,
Ruh uchun erkak, ayollik farqi yo’q. 1975

Er-ayollikdan balanddir har nafas,
Ul quruq-ho’ldan iborat jon emas.

Bul u jonmas, non bilan unmog’i yo’q,
Gohi dam undog’u goh bundog’i yo’q.

Shod qiluvchi, shodligu shodmon erur,
Bormi, ey, nodon, surursiz hech surur?

Bor shirinliklar, shakar sepsang agar,
Gohi dam g’oyib bo’lar sendan shakar.

Sen shakar bo’lsang, vafo etgach asar,
Ayt, shakardan ayrilarmi hech shakar? 1980

Oshiq o’zdan topsa ul dam pok g’izo,
Aqlu hushdan ayrilar, ey, oshno!

Juzv aqllar ishqni inkor aylagay,
Garchi o’zni sohibasror aylagay.

Ziyragu donodir ul, “yo’q” o’lmagay,
Ahriman8dir, to malak “lo” bo’lmagay.

Xulqi birlan bizga yor-oshno erur,
Anglasang hol hukmini gar, “lo” erur.

“Lo” erur, gar yo’q emas bordan u, bas,
Majburiydir, ixtiyoriy “lo” emas.9 1985

Jon kamoldir, jon nidosi ham kamol,
Mustafo aytmish: “Arihno, yo, Bilol!”10

Ey, Bilol, yangrat sadoing, qil nido,
Yangrasin ko’nglingga men solgan sado!”

Ul sadokim, aylamish Odamni mast,
Hamda osmon ahliyu olamni mast.

Qildi behush Mustafoni xush sado,
So’ng namoz Ta’ris tuni11 bo’lmish qazo.

Uyqu eltmishdir, uni eltib sado,
Aylamish choshgohda bomdodin ado. 1990

Ul Kelin oldida tun bo’lmay tamom,
Topdi pok joni halovat, ehtirom.

Ishqu jon, har ikkisi pinhonu g’ayb,
Gar desam Ulni kelinchak, etma ayb.

Yor xafa, jimlik qilardim ixtiyor,
Bir nafas berganda muhlat menga Yor.

Lek, dedi Ul: “So’yla, aybmas, bir nafas,
Fayb nidosin istagi bul, o’zgamas!”.

Kimki ayb ko’rmish, faqat, ul ayb bo’lar,
Aybni g’aybning joni, ayt, qandoq ko’rar? 1995

Johilu maxluq bu aybga mubtalo,
Bil, qabul Tangrisi – aybdan mosuvo.

Haqqa mansub har kufr hikmat mudom,
Bizga mansub har kufr ofat mudom.

Yuz hayotning bo’lsa bir aybi, bu hol,
Xuddi, novvotning ichinda cho’p misol.

Tortsalar, birga tarozuda turar,
Jismu jon yanglig’ yoqimlikdir ular.

Etmagay bejiz ulug’lar e’tirof:
“Barcha pokning joni yanglig’ jismi sof”. 2000

So’zlarin ham, jonlari ham, tanlari
Bunda mutlaq jon bo’lib kelmish bari.

Kim ularga yor, faqat, tan-jismi bor,
Joni yo’q unda, faqat, nom-ismi bor.

Kirdiyu tuproqqa ul, xok bo’ldi loy,
Kirdiyu tuproqqa tuz, pok bo’ldi loy.

Topdi bul tuzdan Muhammad ezgu nom,
Tuz-la erdi barchadan oliymaqom.12

Ushbu tuz boqiyki, Ul merosidir,
Sen bilan tuz. Unga sen voris qidir! 2005

Boq, ular oldingdadir, olding qani?
Bo’lsa old, old izlagan joning qani?

O’zni gar “old”, “ort”da deb qilding gumon,
Sen jismga bandi, sendan ayri jon.

“Past”, “baland” ham “old”u “ort” – tanga sifat,
Nurli jon zoti tomonsiz, bejihat.

Ko’zni och, Shoh nuri bo’lsin pok nazar,
Toki qilgin kaltabinlikdan hazar!

Shodligu g’am ichra holing shul, faqat,
“Old”u “ort” yo’qlikda hech bo’lgaymi, ayt? 2010

Kun erur yomg’irli, yet tunga yaqin,
Tuy bu yomg’irmas, Xudo yomg’irlarin.

————————-
1 – “Inna lirabbikum fy ayyomi dahrikum nafahotun, alo fata’arrazzu laho” – “Rabbingiz zamonangiz ayyomida shabadadir, ogoh bo’ling, bas, o’zni unga tuting”.

2-3 – “Albatta Biz bu omonatni (ya’ni, Shariati Islomiyyadagi toat-ibodatlarni) osmonlarga, Yerga va tog’u toshlarga ko’ndalang qilgan edik, ular uni ko’tarishdan bosh tortdilar va undan qo’rqdilar. Inson esa uni o’z zimmasiga oldi. Darhaqiqat, u (o’ziga) zulm qilguvchi va nodon edi (ya’ni, bu omonatning naqadar vazmin yuk ekanligini butun koinot bildi va uni ko’tarishga qurbi yetmasligini sezdi, ammo inson o’zi bilmagan holda o’ta mushkul vazifani o’z zimmasiga oldi)”. (Qur’oni karim, «Ahzob» surasi, 72-oyat).

“Fabayna an yahmilnaho” – “Ko’tarishdan bosh tortdilar”.

“Ashfaqna minho” – “ Undan qo’rqdilar”.

4 – Luqmon – Qur’onda tilga olingan donishmand. (31- “Luqmon” surasi). Luqmonning payg’ambar ekanligi haqida rivoyat mavjud. Naql qilishlaricha, Luqmon (a.s) ming yil umr ko’rgan bo’lib, Olloh u zotga narsa va voqea-hodisalarning mohiyat-haqiqatiga bexato yetish va eng to’g’ri hukm chiqara olish ne’matini, ya’ni, hikmatni ato etgan.

5 – Mug’ilon – cho’lda o’sadigan tikanli o’simlik.

6 – “Kallimini yo, Humayro, kallimi” – “Menga so’yla, ey, Humayro, menga so’yla”.

7 – Muannas – nahvda ayollikni bildiradigan belgi, ya’ni, ruschada jenskiy rod.

8 – Ahriman – zardushtiylik dinida yovuzlik timsoli.

9 – “So’ngra tutun holidagi osmonga yuzlanib, unga va Yerga: «(Mening amri-farmonimga) ixtiyoran yoki majburan kelinglar!», degan edi, ular: «O’z ixtiyorimiz bilan keldik (amringga bo’yinsundik)», dedilar”. (Qur’oni karim, «Fussilat» surasi, 11-oyat).

10 – “Arihno, yo, Bilol” – “Bizni xushhol ayla, ey, Bilol!”. Bilol – habash, to’liq ismi Abu Abdullo Bilol ibn Raboh al-Habashiy, islom tarixidagi birinchi muazzin. Asli habashistonlik. Makkada islomni birinchilardan bo’lib qabul qilgan qullardan. Payg’ambar (s.a.v) bilan Madinaga hijrat qilgan. 622 yil Madinada ommaviy azon aytish joriy etilganda u birinchi bo’lib baland ovoz bilan musulmonlarni namozga chorlagan va bir necha yil davomida Muhammad (s.a.v)ga muazzinlik qilgan. Qabri Damashqda.

11 – Ta’ris tuni – Sahobalardan Abu Hurayraning aytishicha, Muhammad (a.s) o’z qo’shinlari bilan Haybardan qaytayotganda, tun bo’yi yo’l yurib, tongga yaqin bir manzilda qo’nim topadilar va uyqu eltib, bomdod namozi qazo bo’ladi. Hamma yo’lga otlangan paytda payg’ambarimiz bomdod namozi qazosini ado etishadi.

12 – Tuz – hanafiya mazhabidagi sunniylar uchun bir holdan boshqa bir holga o’tishda poklovchi vosita hisoblanadi.

“Yusuf chiroyli edi, biroq, men eng tuzlikdirman” (Hadis).

OYISHA RAZIYALLOHU ANHUNING MUSTAFO SALLALOHU ALAYHI VA SALLAMDAN: “BUGUN YOMFIR YOFDI, SIZ QABRISTONGA BORDINGIZ, AMMO, KIYIMLARINGIZ NEGA HO’L
BO’LMADI?”1 — DEB SO’RAGANI

Bir kuni bormish mozorga Mustafo,
Bitta do’sti bandalik qilmish bajo.

Qo’ydi xokni go’riga joylashtirib,
Donni tuproq ostida jonlantirib.

Har daraxt tuproqnamolar singari,
Qo’lni tuproqdan chiqargaylar bari.2

Yuz ishorat aylagay xalqqa chunon,
Har eshitganga qilar yuzlab bayon.3 2015

Toza til hamda uzun qo’llar bilan
So’zlagay sirlarni tuproq qa’ridan.

Suvga o’rdakday ular boshin suqar,
Boshda qarg’a, so’ng bo’lar tovus ular.

Garchi qishda qildi mahbus, benavo,
Qarg’ani tovusga do’ndirmish Xudo.

Haq o’lim bermish ularga qish kelib,
Lek, tiriltirmish bahorda barg berib.4

Deydi munkirlar: “Azaldan bor bular,
Biz nega deymiz, Xudodan lutf ular?” 2020

Ko’r ularkim, do’stlarin qalbi aro
Bog’u bo’stonlarni Haq etmish bino.

Qaysi gul hid yoysa qalb gulzoridan,
O’sha gul so’ylaydi kull asroridan.

Atri munkirlar g’aliz fikrin tarar,
Aylanar olamni, yirtib pardalar.

Munkir – ul gul atridan go’ng qo’ng’izi,
YO nog’ora bongining aqlu hisi.

Ko’rsatar har ne bilan mashg’ul o’zin,
Necha chaqmoqdan burar darhol ko’zin. 2025

Ko’z olib qochgay, biroq, yo’qdir nazar,
Ko’z erur ulki, panoh ko’rgay agar.

Qaytdi Payg’ambar mozordan so’ng hazin,
Bo’ldi Siddiqa bilan sirdosh, yaqin.

Tikdi Siddiqa yuziga ko’zlarin,
So’ng yaqin kelmish, tekizmish qo’llarin.

Ko’rdi paypaslab yuzin, soch, sallasin,
Ham yaqosin, tirsagin, bag’rin, tanin.

Dedi Payg’ambar: “Nadir izlarsan, ayt?”
Dedi: “Yomg’ir yog’di tongdan to shu payt. 2030

Men libosingizni bir-bir siypalab,
Topmadim yomg’ir yuqin ham, voajab!»

Dedi: “Ne boshga o’ralgan bog’ich ul?
Dedi: “Parda, erdi sizning yopqich ul”.

Dedi: “Poksan, shul sabab, ey, beg’ubor,
Ko’rsatar g’ayb yomg’irin Parvardigor.

Bul bulutdan bo’lmas ul yomg’ir ato,
Unda bor boshqa bulut, boshqa samo”.

———————-
1 – Manbalarda ta’kidlanishicha, bu hikoyatga payg’ambarimiz hayotidagi bir voqea manba bo’lganga o’xshaydi, ya’ni, Anas ibn Molik (garchi Oyisha raziyallohu anhuning nomi va qabriston eslatilmagan bo’lsa-da) hikoya qiladi: “Ollohning Rasuli bilan sayr qilib yurganimizda, birdan salqin va namlikni his etdik va undan so’radik: “Ey, Ollohning Rasuli, bu salqin va namlik nima edi?” U javob berdi: “Sizlar ham his etdingizlarmi?” Biz aytdik: “Ha”. U dedi: “Bu – Iso ibn Maryam, men bilan salomlashdi”.

2-3 – “Etti osmon, Yer va ulardagi bor jonzot (Ollohni) poklar. Mavjud bo’lgan barcha narsa (Ollohga) hamdu sano aytish bilan U Zotni poklar…” (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 44-oyat).

4 – “Bas, Siz Ollohning rahmati – yomg’irning izlariga qarang – U qanday qilib Yerni o’lganidan keyin tiriltiradi-ya?! Hech shak-shubhasiz, mana Shu (Olloh) o’liklarni ham Tiriltirguvchidir. U barcha narsaga Qodirdir”. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 50-oyat).

HAKIM RAZIYALLOHU ANHU AYTGAN USHBU BAYT TAFSIRI:

Amr etar dayr ko’kiga jon yurtin ul osmonlari,
Ruh yo’lin bor past-baland daryoyu ham dovonlari.

Faybda yomg’ir ham bulut o’zga erur,
O’zgadir osmoniyu oftobu nur. 2035

Ahli xos topgay, faqat, unga kalit,
Boshqalar “fy labsi min xalqin jadid”.1

Parvarish etguvchi yomg’irlar bo’lar,
So’ldirib ketguvchi yomg’irlar bo’lar.

Keltirar yomg’ir bahorda naf, samar
Kuzgi yomg’irdan ko’rar bog’lar zarar.

Ul bahoriy nozu ne’mat keltirar,
Bul esa noxush erur, sarg’aytirar.

Angla muz, oftob, shamolning neligin,
Anglagin farqin, topib arqon uchin. 2040

G’aybda ham bor xilma-xillik qanchalar,
Bor daromadlar, chiqim, foyda-zarar.

Ahli xosdan pok nafasdir ul bahor,
Yashnagay ko’ngilda undan maysazor.

Fayzi ko’klam yomg’iriday, har daraxt,
His qilar jonbaxsh nafasni o’sha vaqt.

Gar daraxt nogoh qurib, topgay zavol,
Bunga aybdor bo’lmagay jonbaxsh shamol.

O’z ishin qilgay shamol, esgmog’i bor,
Kimki joni bo’lsa, bildi jonga yor. 2045

—————————
1 – “Afa’ayina bil xalqil avval. Bal hum fi labsim min xalqin jadid” – “Xo’sh Biz avvalgi yaratishga (ya’ni, yo’qdan bor kilishga) ojizlik qildikmi? Yo’q, (ojizlik qilmadik, demak, tuproqqa aylangan jasadlarga qayta jon ato etishga ham ojizlik qilmaymiz), ular esa yangi yaralishdan (ya’ni, qayta tirilishdan) shak-shubhadadirlar”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 15-oyat).

“Fi labsim min xalqin jadid” – “Yangi yaratishdan shak-shubhadadirlar”.

“IG’TANIMU BARDA-R-RABE’I…”1 HADISINING MAZMUNI BAYONIDA

Dedi Payg’ambar: “Bahor salqinidan
Bahra olsin, burkamangiz toki tan.

Foydadir, jon ichra gar topgay qaror,
Xuddi, berganday daraxtlarga bahor.

Lek, qoching, kuzgi sovuq qilgay ziyon,
Bog’-uzumzorni xarob qilgansimon”.2

Barcha roviy g’ofil hikmat aslidan,
Qildilar so’ngra qanoat shaklidan.

Ul guruhga noayon sir erdi jon,
Tog’ni ko’rdi, ko’rmadi tog’ ichra kon. 2050

Gar kuzak Haq nazdida hirsu havas,
Aqlu jon erdi bahoriy har nafas.

Aql erur juzviy, nihondir doimo,
Aqli komilni qidir olam aro.

Kullidan bo’lgusi juzv aqling butun,
Kull aql zanjir erur nafsing uchun.

Shul xulosa: Pok nafas gar bo’lsa yor,
Bargu tokni yashnatar misli bahor.

Avliyo yumshoq, dag’al so’ylaydi xoh,
Burma yuz, diyning topar undan panoh. 2055

Qotsa so’z issiq, sovuq, bilgin yovuq,
Qutqarar do’zaxdan ul issiq, sovuq.

Ul “sovuq”, “issiq” hayotga fayz berar,
Bandalik, sidqu ishonch undan kelar.

Chunki, undan olgusi jon bog’i nur,
Hamda dil ummoniga to’lgusi dur.

Qoplagay oqil dilin ming qayg’u, g’am,
Ko’ngli bog’in ichra bir xas bo’lsa kam.

——————————
1 – “Ig’tanimu barda-r-rabe’i…” – “Bahor sovug’ini g’animat biling…” (Hadis)

2 – Aliy ibn Abu Tolib rivoyat qilgan hadis: “Sovuqning avvalidan ehtiyot bo’ling va oxirida nasiba oling. Chunki, u daraxtlarga ta’sir qilganidek, badanlaringizga ta’sir qiladi. Avval kuydiradi, so’ng barg ato etadi”.

SIDDIQA RAZIYALLOHU ANHUNING MUSTAFO SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMDAN: “BUGUNGI YOMFIRNING SIRI NIMADA EDI?” — DEB SO’RAGANI

Siddiqa so’rmish: “Ayo, jonga yaqin!
Ayt, bugun yoqqan u yomg’ir hikmatin? 2060

07г

Rahmatindan erdimi yomg’ir ato?
Kibriyoning adlidan tahdidmi yo?

YO bahoriy hadyami, lutfu karam?
YO kuzakning ofati, berguvchi g’am?”

Dedi: “Bul g’amga tasalli aslida,
Ulki bor g’am-qayg’u Odam naslida”.

Odamiy qolsaydi ul otash aro,
Yog’ilardi boshiga ming bir balo.

Bul jahon vayron bo’lardi o’sha kez,
Hirs-havo qalqib chiqardi sirtga tez. 2065

Ey ko’ngil, dahr ustuni g’aflat erur,
Hushyorlik dahr aro ofat erur.

Hushyorlik ul jahondandir, qachon
G’olib o’lsa, mag’lub o’lgay bul jahon.

Hushga yorlikdir quyosh, hirs esa nafs,
Hushga yorlik – suv, jahon kir har nafas.

Ul jahondan qatralar tomgay, faqat,
Tinchisin to bunda deb hirsu hasad.

Ul jahondan tomsa ko’proq qatralar,
Bul jahonda na hunar, na ayb qolar. 2070

So’ngi yo’q bul so’zda, qayt boshga tag’in,
Tinglagin sen endi mutrib qissasin.

045

(Tashriflar: umumiy 864, bugungi 1)

Izoh qoldiring