Halim Saidov. Asl farzand.

011

Жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили,буюк мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий (1874 -1919) таваллудининг 140 йиллигига

   Беҳбудий юрт озодлигини кўзлаб ўз салоҳиятини юксалтирди, бунинг учун у ўқиди, ўрганди, муаллимлимлик қилди, гоҳида драматург, артист, зарурат туғилганда ношир, журналист, муҳаррир, мутаржим, муфти, сиёсатчи, иқтисодчи, раҳбар… қисқаси, мақсадига эришиш йўлида давр нимани тақозо этса, ўша ишни катта-кичиклигига қарамасдан сид­қидилдан бажарди.

09
Ҳалим Саидов
АСЛ ФАРЗАНД

   Ўзбекистон заминида туғилиб, унинг тарихида унутилмас саҳифаларни муҳрлаган аждодларимиздан бири улуғ маърифатпарвар, такрорланмас салоҳият ва тақдир соҳиби Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. У туғилган пайтда юрт чор Россияси мустамлакасига айланиб улгурган эди. Азалдан Самарқанд мадрасаларида толиби илмларга таҳсил бериб келган мударрисларнинг аксарияти босқин сабабли Зарафшон дарёси ва унинг ирмоқлари ҳисобланган Сиёб ва Дар­ғом каналлари бўйларидаги вақф ерларга кўчирилганди. Беҳбудхўжа ҳам Зарафшон дарёси бўйидаги Бахшитепа қишлоғига ўрнашади. Шу ерда Маҳмудхўжа дунёга келади, улғаяди, вояга етади. Мустамлакачилик асоратида эзилаётган халқ, юрт қайғуси Беҳбудхўжа қонидан фарзандига ўтган, она сути билан вужудига синга бошлаган эди.

Маҳмудхўжанинг улғайиш даврини батафсил ёритиш учун анча саҳифалар сарф бўлиши лозимлиги сабабли оила(отаси) ва унинг атрофидаги(тоғаси) муҳит таъсирида ўқиб, тарбия топиб улғайганини, алалоқибат, замонасининг улуғ зиёлисига айланганини айтиш билан кифояланиш ўринлидир. Маҳмудхўжа Беҳбудий иқтидори туфайли ўз даврининг юксак эътиборли лавозимлари — қозилик ва муфтилик рутбаларига эришади. Албатта, бундай лавозим соҳиби ўз фаолияти давомида халқнинг барча қатламлари вакиллари билан мулоқотда бўлади, демакки, майда масалалардан йирик муаммоларгача қиёслаш, хулоса чиқариш ва масалаларнинг ечими нимада эканлиги тўғрисида фикрлаш имконига эга эди.

Бу борада ХХ аср бошларида Беҳбудий амалга оширган ишлар катта аҳамиятга эга. Қолаверса, мақоламиз қаҳрамони ХХ асрнинг илк йигирма йилини жуда фаол ўтказгани тарихий манбалар, хотиралардан маълумки, уни ўрганмоқ истиқлолимизнинг асраб-авайланиши ва юртнинг ривожланишида муҳимдир.

Хўш, юртимиз чор Россияси зулми остида мустамлака аламини тортаётган паллада уни кишанлардан халос этишга бел боғлаб майдонга чиққан халқнинг жасоратли фарзанди Маҳмудхўжа Беҳбудий қандай ишларни амалга оширган?

У, аввало, ўз даврининг ҳам диний, ҳам дунёвий илмларини пухта ўрганди, юрт тарихининг энг ёрқин саҳифаларини варақлади. Боболаримизнинг дунё маданиятига қўшган ҳиссасидан, улар қуриб кетган мадрасаю миноралардан ҳайратланди, бошқаларнинг ҳам аждодлар билан ғурурланиши лозимлигини таъкидлади. Беҳбудийнинг ноширлиги ва муҳаррирлигида чоп этилган «Са­марқанд» газетасининг илк сони биринчи саҳифаси Регистоннинг виқорли сурати билан(ўша даврда таҳририятга қанчалик қимматга тушмасин) бежиз безатилмаган. Фахрланиш билан бирга, буюк бобокалонимиз Амир Темур барпо этган қудратли давлат нега шу аҳволга тушиб қолганлигининг туб моҳиятини таҳлил қилиб чиқди. Бу билан чекланмасдан таназзулдан чиқиш йўлини ахтарди ва топди. Беҳбудий ва унинг сафдошлари ХХ аср бошида тазйиқлару хавфлардан чўчимасдан, маърифат асосида озодликка эришиш ғоясини мақсад билган жадидчилик ҳаракатини яратдилар. Тарихий жараёнлар таҳлили янгича ҳаракат (жадидчилик) Ғарб давлатлари мустамлакасига айланган мамлакатларда исломчилик, туркчилик ҳаракатларига нисбатан ўзгача тарзда майдонга чиққанини кўрсатди. Демак, жадидчилик намояндалари ислом ёки турк байроғи остида бирлашиб курашишни эмас, балки шу юртнинг ўз халқининг бирлашиб, ривожланиб ҳурриятга эришишини мақсад қилганлиги аҳамиятлидир.

Бу мақсадга эришиш учун эса, юртни мустақил бошқарадиган, миллий қадриятларини асраган ҳолда, ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқадиган авлодни тарбиялаш зарур эди. Бу йўлда Беҳбудий ўз даврининг барча таъсирчан воситаларидан имкон доирасида тўлиқ фойдаланганлигини кўрамиз.

Аввало, орзудаги авлодни тарбиялаш учун янги мактаблар очишни режалаштирди. Унинг ташаббуси билан Самарқанд шаҳри яқинидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларида янги мактаблар ташкил этилади. Навбатдаги масала ушбу мактаблар учун дарсликлар яратиш эди. Беҳбудий ҳеч иккиланмай бу ишга ҳам киришиб кетади. 1904 йили «Рисолаи асбоби савод», 1905 йили эса, у «Рисолаи жуғрофияи умроний» ва «Рисолаи жуғрофияи Русий», 1908 йили «Китобат ул-атфол», «Амалиёти ислом» ва 1909 йили «Тарихи ислом» китобларини ёзиб, чоп эттиради. Мазкур китоб­лардаги ўзига хос янги маълумот ва фикрлар, уларнинг аҳамияти ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу борада илм аҳли катта тадқиқотларни амалга оширдилар. Дарсликлар Беҳбудийнинг шахсий боғидан келган даромад эвазига чоп этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Бироқ мустабид ҳукумат фитналари, улар тайинлаган баъзи чаламуллалар «даъват»лари оқибатида одамлар ўз фарзандларини янги жадид мактабларига беришдан воз кечишади. Халойиқнинг эътиборини илмсизлик келтириб чиқарган муаммоларга ва уларни бартараф этишга жалб қилиш учун театрдан унумли фойдаланади. Ўзи биринчилардан бўлиб «Падаркуш» драмасини ёзади. Унинг мазмуни бугун барчага аён — бир бой фарзандини яхши тарбия қилмагани учун ўз ўғли унинг қотилига айланади. Унда зиёли жадид томонидан айтилган фикр­га эътибор беринг: «Оҳ, ҳақиқатда бойни ўлдирган ва бу йигитларни азоби абадийға гирифтор қилган беилмликдур. Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилғон тарбиясизлик ва жаҳолатдур: беватанлик, дарбадарлик, асорат, фақру зарурат ва хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси ва натижасидур. Дунёга тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади. Асир ва забун бўлганлар-да ­беилмликдан. Модомики, бизлар тарбиясиз ва болаларимизни ўқутмаймиз, бул тариқа ёмон ҳодисалар ва бадбахтликлар орамизда доимо ҳукмфармо бўлса керак. Бу ишларни йўқ бўлмоғига ўқумоқ ва ўқутмоқдан бошқа илож йўқдур».

«Падаркуш»нинг халқ онгига таъсири катта бўлганлигини кўпчилик эътироф этган. Унинг таъсирини кўриб, ҳатто Беҳбудийнинг ўзи ҳам театрнинг ибратхона эканлигини таъкидлайдики, бу фикрнинг аҳамияти бугун ҳам ўз дол­зарб­лигини йўқотган эмас.

Драма саҳналаштирилгач, катта муваффақиятга эришади. Халқ оқиб келиб уни томоша қилади. Билетлар тезда сотилиб кетади, қанчаси ноумид қайтмайин деб тик туриб, дарахт устига чиқиб кўришга рози. Давр матбуоти хабаридан қатра: «Халқ ниҳоят кўп келиб, белат етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди»(«Ойина» журнали, 1914 йил, 14-сон).

Беҳбудий ўз маслагига хизмат қилдириш учун матбуотдан ҳам унумли фойдаланди. Жарида ва мажаллалар миллатни тараққий эттирувчи башарият ихтиросидир, деган эди у. Юқорида «Самарқанд» газетасини тилга олдик. Уни чоп этиш учун муҳаррир ва ношир беш йил саргардон бўлди. Унда миллат ғурурини уйғотувчи мақола ва хабарларни кўпроқ бериб борди. Бу газета ҳақида яна бир улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг «элу халқнинг кўзини очишга боис бўлди» деган фикри ўз даврида унинг аҳамияти нақадар юксак бўлганлигини англатади. Кейинчалик Беҳбудий газета ўрнига «Ойина» журналини чиқара бошлайди ва бу нашр ҳам ўзига хос баҳо олади — «бу журнал «Ойина» чиққунча чиққон журналларнинг энг биринчи ва яхшиси эди»(Абдулла Авлоний). Юқорида номлари зикр этилган ­нашрларда Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Тавалло, Сиддиқий-Ажзий, Ҳожи Муин, Маҳмуд Тарзий, Садриддин Айний сингари кўплаб ижодкорларнинг фикрлари ифода топган, қаламлари чархланган.

1917 йил Феврал воқеаларидан кейин ҳуррият насимларини ҳис қилган Маҳмудхўжа Беҳбудий янги Туркистонни бошқариш бўйича кутилмаган ғояни илгари суради. Маълумки, у муфтилик, қозилик вазифаларида ишлаган, демак, шариат илмининг билимдони бўлган. Ана шу диндор инсон ўзи орзу қилган озод юртда парламент — Миллат мажлисини ташкил этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги инобатга олинган қонунлар тузиш ниятини билдирган. Озодликка бўлган интилиши, уни кутганлигини «Туркистон мухторияти» сарлавҳали мақоласидаги биргина кўчирмадан билиб олишимиз мумкин: «27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти умумий мусулмон сиэздида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун Туркистон мухторияти!»(«Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 19 декабр). Мухторият болшевиклар томонидан яксон қилингач, Беҳбудий тушкун кайфиятда қолади. Болшевиклар тазйиқи қанчалик зўраймасин, умрининг сўнгги дақиқаларигача имкони доирасида халқига хизмат этишга ҳаракат қилади.

Беҳбудий юрт озодлигини кўзлаб ўз салоҳиятини юксалтирди, бунинг учун у ўқиди, ўрганди, муаллимлимлик қилди, гоҳида драматург, артист, зарурат туғилганда ношир, журналист, муҳаррир, мутаржим, муфти, сиёсатчи, иқтисодчи, раҳбар… қисқаси, мақсадига эришиш йўлида давр нимани тақозо этса, ўша ишни катта-кичиклигига қарамасдан сид­қидилдан бажарди.

Унинг ҳаёт мактабидан ёшларимиз қандай хулосалар чиқаришлари керак? Аввало, ўқиб-ўрганиш ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди — аҳамиятини йўқотмайди. Бироқ бугун Беҳбудий давридан фарқли ўлароқ, унинг орзусидаги озодликка эришганмиз. Ёшларимиз жадид боболаримиз етти ухлаб тушида кўрмаган замонавий мактаб, коллеж, литсей ва олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар. Демак, бугунги авлод олдида янги мақсад турибди — Ватанни дунёнинг ҳар жиҳатдан ривожланган етакчи давлатлари қаторига олиб чиқиш. Бугунги давримиз ёшлардан мактабда ҳам, литсейда ҳам яхши ўқиш, касб-ҳунар коллежларида эса, ўқиш баробарида, бир неча ҳунарларни мукаммал эгаллаш ва ўз касбининг устасига айланишни талаб этмоқда. Олий ўқув юртида таҳсил олаётганлар ўз соҳалари сирларини чуқур ўзлаштирган мутахассис бўлишлари ва, энг асосийси, эгаллаган билимларини ишлаб чиқаришга сарфлай олишларини давр тақозо қилади. Акс ҳолда, Беҳбудий тили билан айтганда, «дунёда турмоқ учун ­дунёвий фан ва илм лозимдур, илм ва фандан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур».

“Маърифат” газетасидан олинди.

(Tashriflar: umumiy 380, bugungi 1)

Izoh qoldiring