Ana Mariya Matute. Vijdon

Ashampoo_Snap_2018.04.09_11h14m46s_001_.pngТаниқли испан адибаси Ана Мария Матутенинг сизга тақдим этилаётган ҳикояси ёш таржимон Дилрабо Бахронованинг илк тажрибаларидандир. Дилрабога келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб, ундан янги таржималар кутиб қоламиз.

Ана Мария Матуте
ВИЖДОН
034

02  Ана Мария Матуте (исп. Ana María Matute; 26.07.1925 — 25. 06. 2014) — таниқли испан адибаси. Кўплаб халқаро адабий мукофотлар билан тақдирланган. 17 ёшида ёзилган ва 11 йилдан сўнг нашр этилган илк романи «Мўъжаз театр» болалигида шоҳиди бўлган фуқаролар уруши воқеаларига бағишланган. Аммо ҳақиқий адабий эътирофга айни шу мавзуда ёзилган «Абел» романидан кейин сазовор бўлди.

034

picture.jpgУ ортиқ чидолмади. Уйида ўша жирканч гадонинг яшашидан безиб кетди, тоқати тоқ бўлди. Мариана  ҳаммасига барҳам беришга қарор қилди. Бундай безбетликка дош бериб юргандан кўра, шартта ҳал қилиш керак.

  Бу воқеа туфайли Мариана ўн беш кундан бери нима қилишини билмай қолди. Айниқса, Антонионинг бу одамга бунчалик ғамхўрлигини ҳеч тушунолмайди.

Ҳа, ҳақиқатдан ғалати воқеа содир бўлганди.

Тиланчи бир кечага қўноқ бўлишни сўраб келди: чоршанбанинг кечки пайти эди, кўз очирмайдиган чанг-тўзонли шамол дераза ойналарига урилиб чарсиллаган товуш чиқараётганди. Кейин шамол тўхтади. Ер юзига ғалати сукунат чўкди ва қиз деразанинг ёғоч тавақаларини маҳкамлаб ёпар экан:

‒ Бу жимжитлик менга ёқмаяпти. – деди.

Шу пайтда, у зулфинни тушириб эшикни маҳкамлаётганида, ўша одам пайдо бўлганди…

Қўнғироқ чалиниб, ошхона томонда турган қизга «Бекам» деган овоз эшитилди.

Мариана чўчиб тушди. Қип-қизариб кетган, кийимлари увада бир гадо қўлида шляпа билан панжара олдида турарди.

‒ Худони ўзи сизга ёрдам берсин … ‒ дея гап бошлади Мариана. Аммо гадонинг ғалати синовчан боқиб туриши унинг сўзларини кесиб қўйди.

Бу гадо сингари, кўп одамлар совуқ қиш кечаларида дам олиш учун жой сўраб туришарди. Лекин ҳеч қандай сабабсиз уни чўчитган бу одамда қандайдир сирли нарса борга ўхшарди. Тиланчи ўзининг эски қўшиғини айта бошлади: «Бир кечагина ухлашга отхонадан бўлса ҳам жой беринг. Бир парча нон ва бир парча жой: бошқа нарса сўрамайман. Ахир бўрон бўлади, деб эълон қилишди…».

Дарвоқе, Мариана ёғоч эшикка урилаётган ёмғирнинг товушини эшитди.

Қаттиқ, шамолли ёмғир бўрондан дарак бераётганди.

‒ Мен уйда ёлғизман, ‒ деди Мариана қуруққина қилиб. – Яъни … эрим йўқлигида, уйга бегоналарни киритмайман. Боринг, Худонинг ўзи сизни ярлақасин.

Лекин гадо кетмади, Марианани диққат билан кузатди. Секин шляпасини кияр экан, деди:

‒ Мен бир бечора кекса одамман, бекам. Ҳеч кимга зарарим тегмаган. Мен жуда кам нарса сўраяпман: бир парча нон ва …

Шу пайт икки нафар оқсоч қиз: Марcелина ва Саломея югуриб келиб қолишди. Улар қичқиришиб, кулишиб, фартукларини бошларига тутволганча ёмғирдан қочиб боғдан келишаётганди. Мариана уларни кўриб бир оз таскин топди.

‒ Яхши, ‒ деди у. ‒ Майли … Аммо фақат бир кечага. Эрталаб уйғонганимда, сени бу ерда кўрмай …

Чол розиман, дегандай бошини эгаркан, сирли жилмайиб қўйди ва аллақандай шукроналик қўшиғини хиргойи қилди.

Мариана зинадан кўтарилиб, ухлагани ётоққа кириб кетди. Кечаси билан турган бўроннинг ётоқхона деразаларига урилиши унга уйқу бермади.

Тонгда Мариана ошхонага тушганида, жавон устидаги соат саккизга бонг ураётганди. Киргач, ҳайрон бўлди: гадо бемалол ўтирволганича, мазза қилиб нонушта еяётганди: қовурилган тухум, катта бўлак юмшоқ нон, шароб …

 Дастлаб ҳатто бироз қўрқди ҳам, аммо, ошхонада куймаланиб юрган Саломеяни кўзи тушди-ю  жаҳл отига минди.

‒ Саломея! ‒ деди у қаҳр билан. – ким буюрди сенга бу одамга таом беришга … Нега у саҳарда чиқиб кетмади?

Ғазаб эгаллаган Мариана сўзини йўқотиб, чалкашиб кетаётганди. Саломея қўлидаги чўмичдан томчилар оқизганича довдираб қолди.

‒ Аммо мен… Аммо у менга айтдики, …‒ дея олди.

Гадо ўрнидан турди, шошилмай лабларини енги билан артди.

‒ Хоним, ‒ деди у, ‒ хоним, сиз эслолмаяпсиз … кеча тунда айтдингизки: «бу бечора кекса одамга уйнинг бир бурчагидан жой беринг, ҳамда истаганини тўйгунча беринг». Бекам кеча шундай демаганмиди? Мен бу сўзларни аниқ эшитдим-ку … Ёки ҳозир афсусланаяптиларми?

Мариана нимадир демоқчи бўлди, аммо бўғзига муздек нарса тиқилди. Чол қизга қоп-қора ва ўткир кўзларини қадаганча жавоб кутарди.

Мариана орқасига ўгирилди-да, ошхонадан боғ томонга чиқиб кетди.

Ёмғир тўхтаб, кун кумушранг тусда ёришаётганди. Мариана совуқдан жунжикди. Ўт-ўланлар нам, узоқдан катта йўл юпқа туман билан қоплангани кўриниб турарди. У орқадан чолнинг овозини эшитди ва хоҳламайгина қўлларини қовуштирди.

‒ Мен сиз билан гаплашмоқчийдим, марҳаматли бекам… Айтмоқчи бўлганим ўзи арзимас нарса.

Мариана катта йўлга қараганича, қимир этмади.

‒ Мен бир кексайган гадоман … аммо баъзан, гадолар кўп нарсалар ҳақида билиб олишади. Шундай, мен ўшанда ана у ерда тургандим ва мен уни кўрдим, марҳаматли бекам. Мана шу кўзларим билан кўрдим …

Мариана оғиз жуфтлади. Аммо нима дейишни билмади.

‒ У ерда турволиб нималар деяпсан сен, ит? ‒ деди у ниҳоят. ‒ Мен сени огоҳлантириб қўяй, эрим соат ўнда келади ва у ҳеч қандай ҳазил-пазилни ёқтирмайди!

‒ Буни биламан, ҳеч кимнинг ҳазилини ёқтирмаслигини биламан! ‒ деди гадо. ‒ Аммо у мен кўрган ўша ҳақиқатдан бошқасини билишни истамайди … Шундайми, хоним?

Мариана тезда бурилиб чолга қаради. Аччиғи тарқаб, юраги тез-тез ва бетартиб ура бошлади.

«Бу нима демоқчи? Нимани билади..? Нима экан у кўрган нарса?». Аммо бу сўроқларни тилига чиқаролмади. Унга нафрат ва қўрқувга тўла кўзларини тикди. Чол иркит тишларию қизарган  милкларини кўрсатиб тиржайди.

‒ Бу ерда бир мунча вақт қоламан, марҳаматли бекам… ҳа, бир муддат, қуёшли кунлар келгунича қувватга кириб олишим учун. Қариб-қартайиб кучдан қолганман, оёқларим жуда чарчаган. Жуда-жуда чарчаган …

Мариана югуриб кетди. Ёқимли шабада юзига уриларди. У қудуқ лабига етганидагина тўхтади. Шу онда юраги қинидан чиқиб кетаётгандай туюлди.

Ўшанда воқеанинг биринчи куни бошланганди. Кейин каретасида эри Антонио келди.

Антонио ҳар ҳафта Паломар шаҳридан маҳсулот таширди. Бошқа меҳмонхона эгаларидан фарқли равишда, уларнинг шаҳарчада ягона савдо-сотиқ дўкони бор эди. Ҳовлилари кенг ва катта, боғ билан ўралган, шаҳарчанинг кириш қисмида жойлашганди. Улар бадавлат яшардилар, Антонио шаҳарчада бой киши бўлиб танилганди. «Донғи кетган бой», деб ўйлади Мариана алам билан. Бу жирканч гадо келганидан буён, унинг ранглари оқариб, тинчи бузилди. «Бу бўлмаганида, хоҳнахой, балки мен унга турмушга чиқармидим?» Йўқ, йўқ! Жувоннинг ўзидан ўн тўрт ёш катта бўлган бу қўпол кишига нега турмушга чиққанини фаҳмлаш қийин эмасди. Антонио ғамгин, хўмрайма ва хилватнишин киши эди. Қиз эса келишган, гўзал эди. Ҳа, шаҳарчада унинг гўзаллиги тилларда достон эди.

Константино ҳам унга ошиқ эди. Лекин Константино оддийгина, шерикчиликда иш кўрадиган йигит эди. Очлик, ғам ва меҳнат қизнинг жонига текканди. Ҳа, ҳа, жуда жонига текканди. Шу сабаб, у Антониони танлаб, унга турмушга чиққанди.
Мариана ўйлайвериб боши ғовлаб кетди. Чол уларнинг қўноқхонасида яшаётганига ўн беш кун бўлганди.

Чол ухларди, еб-ичарди, қуёш кўриниб қолган пайтларда орсизларча боғ эшиги олдида битини тозаларди.

Воқеанинг биринчи кунида Антонио: ‒ Ким у нусха? – деб сўради.

‒ Мен жуда ачиниб кетдим, ‒ гап бошлади қиз, шолрўмолини озғин бармоқлари билан ғижимлар экан. ‒ У жуда қари … об-ҳаво ҳам шундай ёмон бир пайтда … .

Антонио ҳеч нарса демади. Қиз ҳозир Антонио боради-ю, чолни ташқарига қувиб юборади, деб ўйлади ва чопиб юқорига чиқиб кетди. У қўрқаётганди. Ҳа, жуда қаттиқ қўрқаётганди … «Бу чол Константинони дераза остидаги каштан дарахтига чиққанини кўрганми? Ёки Антонио каретасида сафарга кетган чоғларида Константино хонамга сакраб кираётганига гувоҳмикан …?! У ўзи нимани айтмоқчи бўлганди, агар ҳеч нарсани билмаса-чи, йўқ, у ҳаммасини кўрган, ўша шум кўзлари билан кўрган?!» …

Аммо, ортиқ чидаши қийин: сабрнинг ҳам чеки бор, ахир. Чол чегарадан чиқаётганди. У аллақачон пул сўрашни ҳам бошлаган ва энг ажабланарлиси шунда эди-ки, Антонио негадир у ҳақида бошқа оғиз очмади. Чолни эътиборсиз қолдирди. Фақатгина вақти-вақти билан хотинига ғалати боқиш қилиб қараб-қараб қўярди.

Мариана унинг ўткир нигоҳларини сезар ва қўрқувдан  титрарди.

Бир куни оқшом Антонио Паломарга жўнаб кетди. У хачирларни аравага қўшаётганда ёрдамчи боланинг овозига аралашиб кетган Саломеянинг ҳам эрига нималардир гапираётганини қиз эшитиб қолди. Марианани совуқ тер босди. «Бўлди, бас, бошқа чидолмайман. Тоқатим тоқ бўлди. Бундай яшаб бўлмайди. Мен унга жўнашини, уйни бўшатиб қўйишини айтаман. Бундай таҳдид билан яшаб бўлмайди, бундай яшаш яшаш эмас».

Мариана касалманд бўлиб қолди. Константино воқеасини ўйлайвериб ич-этини еди, қўрқув туфайли касалмандлиги зўрайди. Чолни кўргани кўзи йўқ эди. Кеча-ю кундуз ўйлаганидан тишлари такиллаб кетарди. Антонио воқеани эшитса, уни ўлдириши мумкинлигини англар, нафақат англарди, балки ишончи комил эди. Қиз уни яхши биларди.

Карета йўлда кўздан йўқолгач, қиз ошхонага тушди. Чол олов ёнида ухлаб ётарди. Қиз уни кузатди ва ўз-ўзига: «Агар жасоратим етганда эди, уни ўлдирардим», деди. Қўл етадиган жойда темир косовлар турганди. Аммо қизнинг қўлидан қотиллик келмасди. У бундай қила олмаслигини биларди. «Мен қўрқоқман. Ҳа, мен жуда қўрқоқман ва ҳаётга иштиёқим кучли». Бу чол эса унинг «яшашга бўлган иштиёқини» сўндирди.

‒ Эй, чол. – деди у буйруқ оҳангида. У қатъий, бироқ секин гапирган бўлса-да, гадонинг синовчан боқувчи кўзларидан бири тезда очилди.

«Ухламаган экан» ‒ деди Мариана ўзига-ўзи. – «ухламаган экан, бу қари туллак.»

‒ Мен билан юр, ‒ деди унга. ‒ Сен билан гаплашиб олмоқчиман.

Чол уни орқасидан қудуққача келди. Мариана у томонга ўгирилди.

‒ Энди хоҳлаганингни қил, қари кўппак. Агар хоҳласанг, эримга ҳамма билганингни айт. Аммо сен  ҳозироқ бу уйдан кетасан….

Чол бир неча сония жим қолди. Кейин жилмайди.

‒ Уй эгаси қачон қайтади?

Мариананинг ранги оқарди. Чол унинг чиройли юзига, кўзлари остида пайдо бўлган кўкимтир халтачаларга тикилди. Қиз озиб-тўзиб кетганди.

‒ Кет, ‒ деди Мариана. ‒ Кўзимдан йўқол.

Ҳаммаси тугади. Ҳа, гадо унинг кўзларидан бор гапни англади. Қизнинг кўзлари қатъий ва умидсиз эди. Чол эса кўпни кўрган ва тажрибали эди: бу кўзлардан ҳаммасини уқди.

«Энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди, ‒ деб ўйлади чол. ‒ Яхши кунларинг тугади. Мазали таомлар, иссиққина кўрпа-тўшаклар … ҳаммаси тугади. Йўлингда давом эт, қари ит, кетар фурсатинг етиб келди …».

‒ Яхши, ‒ деди у. ‒ Мен кетаман. Аммо у ҳамма нарсани билиши керак.

Мариана жим қолди. Ранги янада оқариб кетгандек туюлди.

Тўсатдан, чолни ваҳима босди, қўрқиб кетди: «Бу қиз, керак бўлса, ўз жонига қасд қилишдан ҳам тоймайди. Ҳа, бундайлар ўзини дарахтга осиши ёки шунга ўхшаш нарсалар қилишга қодир бўладилар».

У қизга ачинди. У ёш ва гўзал эди.

‒ Яхши, ‒ деди чол. ‒ Бекам, сиз ютдингиз. Мен кетаман … нима ҳам қилардим? Рости, ҳеч бу қадар хомхаёлларга берилмагандим … Албатта бу ерда вақтим чоғ ўтди. Мен Саломеянинг ширин овқатларини ҳам, хўжайиннинг шаробини ҳам унутмайман … Ҳа, асло унутмайман… Мен кетаман.

‒ Ҳозирнинг ўзида, ‒ деди қиз шошиб. – Ҳозироқ жўна … Ана, хоҳласанг югур, ҳа, югур, балки унга етиб ҳам оларсан! Югур ўзингни ифлос уйдирмаларинг билан, қари ит, чоп тезроқ …

Тиланчи ширин табассум қилди. Ҳасса ва йўлхалтасини олди. У кетишга қарор қилди, аммо панжара олдида ўгирилиб деди:

‒ Тўғрисини айтай, хоним, мен ҳеч нарса кўрмагандим. Ростини айтай: Kўрганларим бўлган-бўлмаганлигини ҳам билмайман. Бироқ кўп йиллар давомида умрим йўлда ўтди, эҳ-ҳе, қанча замонлардан буён йўлдаман! Бу дунёда соф виждонли одам кўрмадим, ҳаттоки, болалар ҳам… Ҳа, марҳаматли бекам, болалар ҳам… Хоҳлаган боланинг кўзига боқингу  «Мен ҳамма нарсани биламан! Эҳтиёт бўлиб юр-а …» деб айтинг. Бола қўрқиб, cен каби титрай бошлайди, соҳибжамол бекам.

Мариана ич-ичидан  нимадир ҳис қилди. Бу ноаён ҳиссиёт аччиқ аламми ёки кучли қувончми, ажратолмади. Билолмади. У бирор нарса дейишни хоҳлагандай лабларини қимирлатди.

Кекса тиланчи кўчага чиқди. Панжара эшигини ёпар экан, қизга қараб айёрона илжайди:

‒ Фақат бир маслаҳатим бор, хоним, Антониони кузатиб юр. Ҳа, ҳа, хўжангнинг қари бегонани уйида қолишига рухсат беришининг асл сабаблари борлигини эсингдан чиқарма. Қасам ичаманки, у менга сабр қилганига арзийдиган сабаблар бор!

Ташқарида булут тобора қорайиб, пастлаб борарди. Мариана узоқларда бўшлиққа сингиб кетгунича тиланчининг орқасидан қараб қолди.

Дилрабо Бахронова таржимаси

milada-vigerova-7276.jpgTaniqli ispan adibasi Ana Mariya Matutening sizga taqdim etilayotgan hikoyasi yosh tarjimon Dilrabo Baxronovaning ilk tajribalaridandir. Dilraboga kelgusi ishlarida muvaffaqiyatlar tilab, undan yangi tarjimalar kutib qolamiz.

Ana Mariya Matute
VIJDON
034

matute-0.jpgAna Mariya Matute (isp. Ana María Matute; 26.07.1925 — 25. 06. 2014) — taniqli ispan adibasi. Ko‘plab xalqaro adabiy mukofotlar bilan taqdirlangan. 17 yoshida yozilgan va 11 yildan so‘ng nashr etilgan ilk romani “Mo‘jaz teatr” bolaligida shohidi bo‘lgan fuqarolar urushi voqealariga bag‘ishlangan. Ammo haqiqiy adabiy e’tirofga ayni shu mavzuda yozilgan “Abel” romanidan keyin sazovor bo‘ldi.

034

205696.jpgU ortiq chidolmadi. Uyida o‘sha jirkanch gadoning yashashidan bezib ketdi, toqati toq bo‘ldi. Mariana hammasiga barham berishga qaror qildi. Bunday bezbetlikka dosh berib yurgandan ko‘ra, shartta hal qilish kerak.

Bu voqea tufayli Mariana o‘n besh kundan beri nima qilishini bilmay qoldi. Ayniqsa, Antonioning bu odamga bunchalik g‘amxo‘rligini hech tushunolmaydi.

Ha, haqiqatdan g‘alati voqea sodir bo‘lgandi.

Tilanchi bir kechaga qo‘noq bo‘lishni so‘rab keldi: chorshanbaning kechki payti edi, ko‘z ochirmaydigan chang-to‘zonli shamol deraza oynalariga urilib charsillagan tovush chiqarayotgandi. Keyin shamol to‘xtadi. Yer yuziga g‘alati sukunat cho‘kdi va qiz derazaning yog‘och tavaqalarini mahkamlab yopar ekan:

‒ Bu jimjitlik menga yoqmayapti. – dedi.

Shu paytda, u zulfinni tushirib eshikni mahkamlayotganida, o‘sha odam paydo bo‘lgandi…

Qo‘ng‘iroq chalinib, oshxona tomonda turgan qizga “Bekam” degan ovoz eshitildi.

Mariana cho‘chib tushdi. Qip-qizarib ketgan, kiyimlari uvada bir gado qo‘lida shlyapa bilan panjara oldida turardi.

‒ Xudoni o‘zi sizga yordam bersin … ‒ deya gap boshladi Mariana. Ammo gadoning g‘alati sinovchan boqib turishi uning so‘zlarini kesib qo‘ydi.

Bu gado singari, ko‘p odamlar sovuq qish kechalarida dam olish uchun joy so‘rab turishardi. Lekin hech qanday sababsiz uni cho‘chitgan bu odamda qandaydir sirli narsa borga o‘xshardi. Tilanchi o‘zining eski qo‘shig‘ini ayta boshladi: “Bir kechagina uxlashga otxonadan bo‘lsa ham joy bering. Bir parcha non va bir parcha joy: boshqa narsa so‘ramayman. Axir bo‘ron bo‘ladi, deb e’lon qilishdi…”.

Darvoqe, Mariana yog‘och eshikka urilayotgan yomg‘irning tovushini eshitdi.

Qattiq, shamolli yomg‘ir bo‘rondan darak berayotgandi.

‒ Men uyda yolg‘izman, ‒ dedi Mariana quruqqina qilib. – Ya’ni … erim yo‘qligida, uyga begonalarni kiritmayman. Boring, Xudoning o‘zi sizni yarlaqasin.

Lekin gado ketmadi, Marianani diqqat bilan kuzatdi. Sekin shlyapasini kiyar ekan, dedi:

‒ Men bir bechora keksa odamman, bekam. Hech kimga zararim tegmagan. Men juda kam narsa so‘rayapman: bir parcha non va …

Shu payt ikki nafar oqsoch qiz: Marcelina va Salomeya yugurib kelib qolishdi. Ular qichqirishib, kulishib, fartuklarini boshlariga tutvolgancha yomg‘irdan qochib bog‘dan kelishayotgandi. Mariana ularni ko‘rib bir oz taskin topdi.

‒ Yaxshi, ‒ dedi u. ‒ Mayli … Ammo faqat bir kechaga. Ertalab uyg‘onganimda, seni bu yerda ko‘rmay …

Chol roziman, deganday boshini egarkan, sirli jilmayib qo‘ydi va allaqanday shukronalik qo‘shig‘ini xirgoyi qildi.

Mariana zinadan ko‘tarilib, uxlagani yotoqqa kirib ketdi. Kechasi bilan turgan bo‘ronning yotoqxona derazalariga urilishi unga uyqu bermadi.

Tongda Mariana oshxonaga tushganida, javon ustidagi soat sakkizga bong urayotgandi. Kirgach, hayron bo‘ldi: gado bemalol o‘tirvolganicha, mazza qilib nonushta yeyayotgandi: qovurilgan tuxum, katta bo‘lak yumshoq non, sharob …

Dastlab hatto biroz qo‘rqdi ham, ammo, oshxonada kuymalanib yurgan Salomeyani ko‘zi tushdi-yu jahl otiga mindi.

‒ Salomeya! ‒ dedi u qahr bilan. – kim buyurdi senga bu odamga taom berishga … Nega u saharda chiqib ketmadi?

G‘azab egallagan Mariana so‘zini yo‘qotib, chalkashib ketayotgandi. Salomeya qo‘lidagi cho‘michdan tomchilar oqizganicha dovdirab qoldi.

‒ Ammo men… Ammo u menga aytdiki, …‒ deya oldi.

Gado o‘rnidan turdi, shoshilmay lablarini yengi bilan artdi.

‒ Xonim, ‒ dedi u, ‒ xonim, siz eslolmayapsiz … kecha tunda aytdingizki: “bu bechora keksa odamga uyning bir burchagidan joy bering, hamda istaganini to‘yguncha bering”. Bekam kecha shunday demaganmidi? Men bu so‘zlarni aniq eshitdim-ku … Yoki hozir afsuslanayaptilarmi?

Mariana nimadir demoqchi bo‘ldi, ammo bo‘g‘ziga muzdek narsa tiqildi. Chol qizga qop-qora va o‘tkir ko‘zlarini qadagancha javob kutardi.

Mariana orqasiga o‘girildi-da, oshxonadan bog‘ tomonga chiqib ketdi.

Yomg‘ir to‘xtab, kun kumushrang tusda yorishayotgandi. Mariana sovuqdan junjikdi. O‘t-o‘lanlar nam, uzoqdan katta yo‘l yupqa tuman bilan qoplangani ko‘rinib turardi. U orqadan cholning ovozini eshitdi va xohlamaygina qo‘llarini qovushtirdi.

‒ Men siz bilan gaplashmoqchiydim, marhamatli bekam… Aytmoqchi bo‘lganim o‘zi arzimas narsa.

Mariana katta yo‘lga qaraganicha, qimir etmadi.

‒ Men bir keksaygan gadoman … ammo ba’zan, gadolar ko‘p narsalar haqida bilib olishadi. Shunday, men o‘shanda ana u yerda turgandim va men uni ko‘rdim, marhamatli bekam. Mana shu ko‘zlarim bilan ko‘rdim …

Mariana og‘iz juftladi. Ammo nima deyishni bilmadi.

‒ U yerda turvolib nimalar deyapsan sen, it? ‒ dedi u nihoyat. ‒ Men seni ogohlantirib qo‘yay, erim soat o‘nda keladi va u hech qanday hazil-pazilni yoqtirmaydi!

‒ Buni bilaman, hech kimning hazilini yoqtirmasligini bilaman! ‒ dedi gado. ‒ Ammo u men ko‘rgan o‘sha haqiqatdan boshqasini bilishni istamaydi … Shundaymi, xonim?

Mariana tezda burilib cholga qaradi. Achchig‘i tarqab, yuragi tez-tez va betartib ura boshladi.

“Bu nima demoqchi? Nimani biladi..? Nima ekan u ko‘rgan narsa?”. Ammo bu so‘roqlarni tiliga chiqarolmadi. Unga nafrat va qo‘rquvga to‘la ko‘zlarini tikdi. Chol irkit tishlariyu qizargan milklarini ko‘rsatib tirjaydi.

‒ Bu yerda bir muncha vaqt qolaman, marhamatli bekam… ha, bir muddat, quyoshli kunlar kelgunicha quvvatga kirib olishim uchun. Qarib-qartayib kuchdan qolganman, oyoqlarim juda charchagan. Juda-juda charchagan …

Mariana yugurib ketdi. Yoqimli shabada yuziga urilardi. U quduq labiga yetganidagina to‘xtadi. Shu onda yuragi qinidan chiqib ketayotganday tuyuldi.

O‘shanda voqeaning birinchi kuni boshlangandi. Keyin karetasida eri Antonio keldi.

Antonio har hafta Palomar shahridan mahsulot tashirdi. Boshqa mehmonxona egalaridan farqli ravishda, ularning shaharchada yagona savdo-sotiq do‘koni bor edi. Hovlilari keng va katta, bog‘ bilan o‘ralgan, shaharchaning kirish qismida joylashgandi. Ular badavlat yashardilar, Antonio shaharchada boy kishi bo‘lib tanilgandi. “Dong‘i ketgan boy”, deb o‘yladi Mariana alam bilan. Bu jirkanch gado kelganidan buyon, uning ranglari oqarib, tinchi buzildi. “Bu bo‘lmaganida, xohnaxoy, balki men unga turmushga chiqarmidim?” Yo‘q, yo‘q! Juvonning o‘zidan o‘n to‘rt yosh katta bo‘lgan bu qo‘pol kishiga nega turmushga chiqqanini fahmlash qiyin emasdi. Antonio g‘amgin, xo‘mrayma va xilvatnishin kishi edi. Qiz esa kelishgan, go‘zal edi. Ha, shaharchada uning go‘zalligi tillarda doston edi.

Konstantino ham unga oshiq edi. Lekin Konstantino oddiygina, sherikchilikda ish ko‘radigan yigit edi. Ochlik, g‘am va mehnat qizning joniga tekkandi. Ha, ha, juda joniga tekkandi. Shu sabab, u Antonioni tanlab, unga turmushga chiqqandi.
Mariana o‘ylayverib boshi g‘ovlab ketdi. Chol ularning qo‘noqxonasida yashayotganiga o‘n besh kun bo‘lgandi.

Chol uxlardi, yeb-ichardi, quyosh ko‘rinib qolgan paytlarda orsizlarcha bog‘ eshigi oldida bitini tozalardi.

Voqeaning birinchi kunida Antonio: ‒ Kim u nusxa? – deb so‘radi.

‒ Men juda achinib ketdim, ‒ gap boshladi qiz, sholro‘molini ozg‘in barmoqlari bilan g‘ijimlar ekan. ‒ U juda qari … ob-havo ham shunday yomon bir paytda … .

Antonio hech narsa demadi. Qiz hozir Antonio boradi-yu, cholni tashqariga quvib yuboradi, deb o‘yladi va chopib yuqoriga chiqib ketdi. U qo‘rqayotgandi. Ha, juda qattiq qo‘rqayotgandi … “Bu chol Konstantinoni deraza ostidagi kashtan daraxtiga chiqqanini ko‘rganmi? Yoki Antonio karetasida safarga ketgan chog‘larida Konstantino xonamga sakrab kirayotganiga guvohmikan …?! U o‘zi nimani aytmoqchi bo‘lgandi, agar hech narsani bilmasa-chi, yo‘q, u hammasini ko‘rgan, o‘sha shum ko‘zlari bilan ko‘rgan?!” …

Ammo, ortiq chidashi qiyin: sabrning ham cheki bor, axir. Chol chegaradan chiqayotgandi. U allaqachon pul so‘rashni ham boshlagan va eng ajablanarlisi shunda edi-ki, Antonio negadir u haqida boshqa og‘iz ochmadi. Cholni e’tiborsiz qoldirdi. Faqatgina vaqti-vaqti bilan xotiniga g‘alati boqish qilib qarab-qarab qo‘yardi.

Mariana uning o‘tkir nigohlarini sezar va qo‘rquvdan titrardi.

Bir kuni oqshom Antonio Palomarga jo‘nab ketdi. U xachirlarni aravaga qo‘shayotganda yordamchi bolaning ovoziga aralashib ketgan Salomeyaning ham eriga nimalardir gapirayotganini qiz eshitib qoldi. Marianani sovuq ter bosdi. “Bo‘ldi, bas, boshqa chidolmayman. Toqatim toq bo‘ldi. Bunday yashab bo‘lmaydi. Men unga jo‘nashini, uyni bo‘shatib qo‘yishini aytaman. Bunday tahdid bilan yashab bo‘lmaydi, bunday yashash yashash emas”.

Mariana kasalmand bo‘lib qoldi. Konstantino voqeasini o‘ylayverib ich-etini yedi, qo‘rquv tufayli kasalmandligi zo‘raydi. Cholni ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi. Kecha-yu kunduz o‘ylaganidan tishlari takillab ketardi. Antonio voqeani eshitsa, uni o‘ldirishi mumkinligini anglar, nafaqat anglardi, balki ishonchi komil edi. Qiz uni yaxshi bilardi.

Kareta yo‘lda ko‘zdan yo‘qolgach, qiz oshxonaga tushdi. Chol olov yonida uxlab yotardi. Qiz uni kuzatdi va o‘z-o‘ziga: “Agar jasoratim yetganda edi, uni o‘ldirardim”, dedi. Qo‘l yetadigan joyda temir kosovlar turgandi. Ammo qizning qo‘lidan qotillik kelmasdi. U bunday qila olmasligini bilardi. “Men qo‘rqoqman. Ha, men juda qo‘rqoqman va hayotga ishtiyoqim kuchli”. Bu chol esa uning “yashashga bo‘lgan ishtiyoqini” so‘ndirdi.

‒ Ey, chol. – dedi u buyruq ohangida. U qat’iy, biroq sekin gapirgan bo‘lsa-da, gadoning sinovchan boquvchi ko‘zlaridan biri tezda ochildi.

“Uxlamagan ekan” ‒ dedi Mariana o‘ziga-o‘zi. – “uxlamagan ekan, bu qari tullak.”

‒ Men bilan yur, ‒ dedi unga. ‒ Sen bilan gaplashib olmoqchiman.

Chol uni orqasidan quduqqacha keldi. Mariana u tomonga o‘girildi.

‒ Endi xohlaganingni qil, qari ko‘ppak. Agar xohlasang, erimga hamma bilganingni ayt. Ammo sen hoziroq bu uydan ketasan….

Chol bir necha soniya jim qoldi. Keyin jilmaydi.

‒ Uy egasi qachon qaytadi?

Mariananing rangi oqardi. Chol uning chiroyli yuziga, ko‘zlari ostida paydo bo‘lgan ko‘kimtir xaltachalarga tikildi. Qiz ozib-to‘zib ketgandi.

‒ Ket, ‒ dedi Mariana. ‒ Ko‘zimdan yo‘qol.

Hammasi tugadi. Ha, gado uning ko‘zlaridan bor gapni angladi. Qizning ko‘zlari qat’iy va umidsiz edi. Chol esa ko‘pni ko‘rgan va tajribali edi: bu ko‘zlardan hammasini uqdi.

“Endi hech narsa qilib bo‘lmaydi, ‒ deb o‘yladi chol. ‒ Yaxshi kunlaring tugadi. Mazali taomlar, issiqqina ko‘rpa-to‘shaklar … hammasi tugadi. Yo‘lingda davom et, qari it, ketar fursating yetib keldi …”.

‒ Yaxshi, ‒ dedi u. ‒ Men ketaman. Ammo u hamma narsani bilishi kerak.

Mariana jim qoldi. Rangi yanada oqarib ketgandek tuyuldi.

To‘satdan, cholni vahima bosdi, qo‘rqib ketdi: “Bu qiz, kerak bo‘lsa, o‘z joniga qasd qilishdan ham toymaydi. Ha, bundaylar o‘zini daraxtga osishi yoki shunga o‘xshash narsalar qilishga qodir bo‘ladilar”.

U qizga achindi. U yosh va go‘zal edi.

‒ Yaxshi, ‒ dedi chol. ‒ Bekam, siz yutdingiz. Men ketaman … nima ham qilardim? Rosti, hech bu qadar xomxayollarga berilmagandim … Albatta bu yerda vaqtim chog‘ o‘tdi. Men Salomeyaning shirin ovqatlarini ham, xo‘jayinning sharobini ham unutmayman … Ha, aslo unutmayman… Men ketaman.

‒ Hozirning o‘zida, ‒ dedi qiz shoshib. – Hoziroq jo‘na … Ana, xohlasang yugur, ha, yugur, balki unga yetib ham olarsan! Yugur o‘zingni iflos uydirmalaring bilan, qari it, chop tezroq …

Tilanchi shirin tabassum qildi. Hassa va yo‘lxaltasini oldi. U ketishga qaror qildi, ammo panjara oldida o‘girilib dedi:

‒ To‘g‘risini aytay, xonim, men hech narsa ko‘rmagandim. Rostini aytay: Ko‘rganlarim bo‘lgan-bo‘lmaganligini ham bilmayman. Biroq ko‘p yillar davomida umrim yo‘lda o‘tdi, eh-he, qancha zamonlardan buyon yo‘ldaman! Bu dunyoda sof vijdonli odam ko‘rmadim, hattoki, bolalar ham… Ha, marhamatli bekam, bolalar ham… Xohlagan bolaning ko‘ziga boqingu “Men hamma narsani bilaman! Ehtiyot bo‘lib yur-a …” deb ayting. Bola qo‘rqib, cen kabi titray boshlaydi, sohibjamol bekam.

Mariana ich-ichidan tushuniksiz nimadir his qildi. Bu hissiyot achchiq alammi yoki kuchli quvonchmi, ajratolmadi. Bilolmadi. U biror narsa deyishni xohlaganday lablarini qimirlatdi.

Keksa tilanchi ko‘chaga chiqdi. Panjara eshigini yopar ekan, qizga qarab ayyorona iljaydi:

‒ Faqat bir maslahatim bor, xonim, Antonioni kuzatib yur. Ha, ha, xo‘jangning qari begonani uyida qolishiga ruxsat berishining asl sabablari borligini esingdan chiqarma. Qasam ichamanki, u menga sabr qilganiga arziydigan sabablar bor!

Tashqarida bulut tobora qorayib, pastlab borardi. Mariana uzoqlarda bo‘shliqqa singib ketgunicha tilanchining orqasidan qarab qoldi.

Dilrabo Baxronova tarjimasi

025

(Tashriflar: umumiy 606, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum Ustoz Xurshid Davron! E’tiboringiz uchun ming tashakkur! Bu menga tarjima qilishda davom etsam bòladi, degan ishonch berdi. Mana shu ilinjni ulashganiz uchun katta rahmat! Mashqlarimni pishitib borishga harakat qilaman! Ezgulik va yaxshilik ulashishda, sayt ishining rivoj topishida Alloh Sizga doim madadkor bòlsin!

Izoh qoldiring