Ulug’bek Hamdam. Yozuvchining o’qituvchi va ta’lim haqidagi o’ylari

Ashampoo_Snap_2018.04.10_15h30m53s_002_.png     Бугун ўқитувчининг шахси бутунми? Шу масаланинг ижобий ечими, ўйлашимча, таълимнинг тенг ярим муаммосини ҳал қилади. Айтиш жоизки, амалдаги таълим тизими ўқитувчининг шахс сифатида шаклланишига тўла хизмат қилмаяпти. Ўқитувчи шахси емирилдими, бас, бундай ҳолда у педагок сифатида тамом бўлган бўлади. Шу маънода таълимда ўқитувчи шахси бирламчи масала бўлиши лозим, деб ўйлайман.

ЁЗУВЧИНИНГ ЎҚИТУВЧИ
ВА ТАЪЛИМ ҲАҚИДАГИ ЎЙЛАРИ

Улуғбек ҲАМДАМ
04

Cg9yHuzWkAI8aF8.jpg   Улуғбек Ҳамдам 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Юқори Роввот маҳалласида туғилди. 1985 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тамомлади. 1986 ва 1988 йиллар орасида Украинада аскарлик хизматини ўтаган. 1988-1993 йилларда ТошДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда эса давлатимиз ташаббуси билан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркиянинг Кўнё шаҳрида тахсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.
1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик,  «ХХ аср ўзбек шеърияти бадиий тафаккур тадрижининг ижтимоий-психологик асослари» мавзусида докторлик диссертатсиясини ёқлаган.. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва Адабиёт институтида катта илмий ходим, 2009-2015 йиллар «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлади.
Улуғбек Ҳамдам бир неча насрий, назмий ҳамда адабий-танқидий тўпламлар муаллифи. Унинг илк насрий китоби 1998 йилда «Ёлғизлик» номи билан чоп этилган. «Мувозанат», «Исён ва итоат», «Сабо ва Самандар» номли романлари, «Тангрига элтувчи исён», «Атиргул», «Сени кутдим» ва «Узоқдаги Динура» номли шеърий ванасрий тўпламлари чоп этилган. Шунингдек,унинг «Бадиий тафаккур тадрижи» ва «Янгиланиш эҳтиёжи» номли адабий танқидий-тўпламлари эълон қилинган. Уларда ХХ ва ХХI аср аввалидаги ўзбек, қисман жаҳон адабиёти ва адабиётшунослиги муаммолари тадқиқ этилади. Улуғбек Ҳамдам Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» ва проф. У. Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси тарихи» номли асарларини турк тилидан ўгирган.

007

720_460_80_2136495549.jpgТақдир тақозоси билан 2016 йил, май ойидан эътиборан таълимда ишлай бошладим. Бунга сабаб Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилиши бўлди. Камина “Жаҳон адабиёти” кафедраси мудирлигига таклиф қилиндим. Мен илгари ҳам таълим соҳасида ишлаганман. 90-йиллар ўрталарида. Миллий университетнинг журналистика ва ўзбек филологияси факультетларида ўзбек адабиётидан, Шарқшунослик институтида эса турк тилидан талабаларга сабоқ берганман. Лекин орадан 20-22 йил вақт ўтган, олий ўқув юртларида ишлайдиган дўстларимдан эшитишимга кўра, энди таълимда ишлаш бағоят оғир бўлиб қолган, қоғозбозлик ва мажлисбозлик ўзининг ҳадди аълосига етган эди. Мен янги очилаётган университетга кадрларни танлаб олаётган комиссия аъзоларига таълим ҳақидаги мана шуларни ва яна ёзувчи эканлигимни, ижодкор одам руҳ эркинлигини севишини, таълимда ишлашим эса энди бир мунча қийинчилик туғдиришини айтдим. Лекин тақдир экан, бир неча номзодлар ичидан камина танланди ва мен бошқа ҳамкасблар қатори Ўзбекистон Президенти (ўша вақтда Бош Вазир)нинг суҳбатига кирдим. Суҳбат менда ёрқин таассурот қолдирди. Она тилимиз ва адабиётимизга бўлган ҳукумат даражасидаги бундай эътибор мендек бир зиёлини — ёзувчи, шоир ва адабиётшуносни севинтирмаслиги мумкин эмасди. Суҳбат асносида Шавкат Миромоновичнинг менга қарата “Кафедрангиз Ўзбекистонда етакчи кафедра, яъни шоҳкафедра бўлиши керак!” деган гаплари ишнинг ғоят масъулиятли эканидан далолат қилар, энди мен жуда кўп ва хўп меҳнат қилишим кераклигини яхши тушуниб турар эдим.
Шундай қилиб, қизғин иш палласи бошланиб кетди.

Таълимда ишлашнинг ўз завқи бор. Буни соҳада ишлаганларгина яхши билади, ҳис қилади, қадрига етади. Бу сафар ҳам ана шу завқни туйдим. Айни дамда, соҳанинг ислоҳталаб муаммолари ҳам туғилиб улгурган экан. Муаммолар мажлисларда икки-уч эътироз билдириш билан битадиган эмас, балки таълимда соғлом тизимни йўлга қўйиш билан боғлиқ эди. Аммо инкор қилиш ҳамиша осон, инкор қилинганнинг ўрнига жўяли таклиф қилиш эса мушкул. Каминанинг бирон жўяли таклиф қилиши учун таълимдаги тажрибаси ҳали етарли бўлмай, мен дарс берган 90-йиллар билан ҳозиргиси (2016-2018) нинг орасида катта фарқ бор эди. Демак, “оғзимни очишим” учун янги таълим соҳасида етарлича малака ва тажрибага эга бўлишим лозим эди. Шундай қилиб, машғулотларга шўнғиб кетдим. Бугунги кун билан ҳисоб қилсам, янги таълим тизимида икки йилга яқин ишладим. (90-йиллар ўрталаридаги икки йиллик стажим билан педагогик фаолиятим жами 4 йилга етди. Албатта бу ҳам кам. Лекин кам деб ўтирган билан иш битмас экан. Яхшиси, борини ўртага ташлаб фикрлашайлик). Энди бир педагок, бир ёзувчи, бир олим ва ниҳоят, бир зиёли сифатида таълим бўйича ўз мулоҳазаларимни ўртага муҳокама учун ташлашим мумкин, деб ўйлайман. Тўғри, телевидениенинг “Маданият ва маърифат” каналида 2017 йил, апрель ойида каминанинг ташаббуси билан олинган, таълимдаги муаммолар ҳақидаги “Мезон” кўрсатувида айрим фикрларимни айтдим. Лекин эфирда кетгани хамир учидан патир эди. Муаммоларнинг асосийлари ҳалигача айтилмади. Ёки айтилса ҳам эфирда ва қоғозларда қолиб кетди, кетмоқда.

Мен ўқитувчи муаммосига аввал ҳам эътибор бериб, уларни икки романим — “Мувозанат” ва “Исён ва итоат”да қаламга олганман. Асарларнинг бош қаҳрамонлари Юсуф ҳам, Акбар ҳам ўқитувчилар эди. Бу икки образ ва яна физика-математика фани ўқитувчиси Эргаш ака образлари орқали (асарлар 1997 ва 2003 йилларда ёзилган) ўқитувчи ва таълим билан боғлиқ, ҳозирга қадар ҳал қилинмаган долзарб муаммолардан бонг урилган эди. Лекин улар бадиий асар бўлгани учунми, романларда кўтарилган муаммолар жамиятда ўз акс садосини топмади. Бугун худди ўша гапларни публицистик оҳангларда такрорлаяпман, холос. Албатта, эндиги эътирозлар кучлироқ жарангламоқда. Таълимнинг ислоҳга эҳтиёжи борлиги тортишиб бўлмас масала эканлиги қуйидаги мулоҳазалардан ҳам англашилади, деб ўйлайман.

Хўш, амалдаги таълим тизимида ислоҳ қилинишга муҳтож қандай масалалар бор? Бу борада турли қарашлар бўлиши мумкин. Менинг кузатишимча, ўқитувчи шахсияти ва таълим тизими масаласи энг асосий масаладир.

I. Ўқитувчи шахсияти масаласи

Моддий, маънавий ва ҳуқуқий томондан ҳимояланган ўқитувчининггина шахси бутун бўлади. Хўш, бугун ўқитувчининг шахси бутунми? Шу масаланинг ижобий ечими, ўйлашимча, таълимнинг тенг ярим муаммосини ҳал қилади. Айтиш жоизки, амалдаги таълим тизими ўқитувчининг шахс сифатида шаклланишига тўла хизмат қилмаяпти. Ўқитувчи шахси емирилдими, бас, бундай ҳолда у педагок сифатида тамом бўлган бўлади. Шу маънода таълимда ўқитувчи шахси бирламчи масала бўлиши лозим, деб ўйлайман. Чунки шахси бутун ўқитувчигина шахси бутун ўқувчи-талабаларни тарбиялай олади. Зеро, таълим-тарбиядан мақсад ўқувчи онги ва қалбини уйғотиш, уларни маълум мақсадлар сари йўналтиришдир. Информация бериш ҳам муҳим. Лекин берилаётган информацияларга қандай муносабатда бўлиш, уларни таҳлил қилиб, тўғри ва керакли хулосаларга келиш, хулосалардан эса эзгу мақсад йўлида фойдаланиш малакасини, РУҲИНИ шакллантириш янада муҳимдир. Ҳар қандай зукко ўқитувчи хотирасидаги фанга доир маълумотлардан битта флешка ичидаги маълумотлар кўпроқ ва тўғрироқ бўлиши мумкин. Лекин биронта флешка, биронта компьютер ҳақиқий ўқитувчи ўқувчи-талабага бера оладиган РУҲни бера олмайди. Таълим ҳақида гап кетганда, ана шу РУҲ га кўпроқ эътибор бермоқ керак. Бу руҳ, аввало, ўқитувчининг ўзида бўлиши шарт. Ахир, инсон ўзида йўқ нарсани қандай қилиб ўзгага бера олади?..

Ўқитувчи вақтига тажовуз қилмаслик лозим.

Рус педагоги В. А. Сухомлинскийнинг бир фикрини келтирмоқчиман: «Ўқитувчи маҳорати ўсишининг энг муҳим шарти ВАҚТдир — ўқитувчининг бўш вақти! Ўқитувчида бўш вақт қанча кам бўлса, у шунча руҳан синади. У қанчалик ҳужжатбозлик, мажлисбозлик, қоғоздаги иш режаларию ҳисоботлар билан банд бўлса, ўқувчи-талаба учун берадиган ҳеч нарсаси қолмайди! ВАҚТ — бу ўқитувчининг энг катта руҳий бойлигидир! Педагогик ижодкорлик ва фаолият — машаққатли меҳнат. У катта қувват ва кучни талаб қилади. Агар қувват тикланмайдиган бўлса, ўқитувчи таслим бўлиб синади ва қайтиб ўзига келмайди». Дарҳақиқат, замонавий дунёда қоғозбозликдек инсон умрини хазон қиладиган бошқа бир иллат йўқ. Қоғозбозлик — замонамиз вабоси! У таълимда симулякр ҳодисасини пайдо қилиб бўлди: қоғозда иш кетаверади, лекин амалда қоғоздагининг ярми ҳам бўлмайди. Гоҳида эса, умуман ҳеч вақо бўлмайди.

Ўқитувчининг жамият ичра обрўси масаласи.

Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий XV асрда “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас осон онин ҳақин минг ганж ила” деса, милоддан аввалги IV асрда юнонларнинг қомусий олими Аристотель “Устоз отангдек улуғ” деган эди. Чунки ота болани осмонлардан ерга туширган бўлса (яъни боланинг биологик мавжудод ўлароқ заминда туғилишига сабаб эса!), устоз унинг даражасини ерлардан осмонларга қадар кўтаради. Ҳа, устознинг, ўқитувчининг обрўси китобларда шунчалар улуғланади. Лекин бугунки кунда, реал ҳаётимизда-чи?.. Муаммо шу ерда! Уни ҳал қилиш учун эса, назаримда, қуйидаги икки жиддий масалага эътибор қаратмоқ лозим бўлади.

Биринчиси — ўқитувчига муносабат. Иккинчиси эса — ўқитувчининг ўз касбига муносиб бўлиб-бўлмаётгани масаласидир.

Биринчи масалага бўйича:

1. Ўқитувчининг бирламчи ва қўшимча вазифалари.

Ҳозирда ўқитувчи ўзининг бирламчи иши — ўқитишдан бошқа (буларнинг номини санаб адоқ қилиб бўлмайди: кўча супуриш, дарахтларни оқлаш, дала ва қурилиш ишларига жалб қилиниш, турли хил мажлисларга қатнашиш, байрам тадбирларига талабаларни тайёрлаш, қоғоз ва металлалом тўплаш, сайлов қоғозларини уйма-уй юриб тарқатиш, ўқув ва ётоқхона биноларида навбатчилик қилиш ва ҳ.к…) ишларга жуда кўп жалб қилинмоқда. Вилоятлардаги мактаб, коллеж ва лицейлар ўқитувчилари йилнинг талай вақтида кўчадан уйига келолмай қолаётгани кундек равшан ҳақиқат. Шу мавзуда гап кетганда, Н. Тоштемированинг “Дарс” деган ҳикояси ёдимга тушади. Ҳикояда адабиёт дарси тасвирланади. Мавзу – “Алишер Навоий”. Мактаб директори ўқитувчи ва ўқувчиларни баҳорги ишларга жалб қилмоқчи бўлиб, дарс бораётган синф хонаси эшигини қоқади. Ўқитувчи эшикни очади. Директор дарсни тўхтатиб, ўқувчиларни зудлик билан ишга олиш чиқиши зарурлигини айтади. Лекин ўқитувчи дарсни чала ташлаб, ўқувчиларни ишга олиб чиқмоқчи бўлмайди. Эшикни қулфлаб, дарсни давом эттиради. Бир муддат ўтиб, эшик яна қоқилади. Ўқитувчи дарсни ўтаберади. Эшик такрору такрор қоқилади. Лекин бундай топшириқлардан безор бўлиб кетган ўқитувчи уни очиб, ўқувчиларни жисмоний меҳнатга йўлламайди. Ниҳоят, дарс соати ҳам, дарс ҳам якунланади. Бу вақтда эса, эшик синиб кетгудек бўлиб тақиллайди. Дарсини тугатган ўқитувчи бориб эшикни очади. Бу сафар директор ўзи билан бирга бошқа раҳбарларни ҳам етаклаб келган бўлиб, улар раҳбарият буйруғига бўйин эгмаган ўқитувчидан ариза ёзиб, ишдан кетишни талаб қилишади… Мактаб раҳбариятининг мантиғига кўра, бу ерда ўқитувчи айбдор. Аслида-чи? Аслида, у қаҳрамон эди. Лекин нега биз қаҳрамонларимизни жазоламоқдамиз? Қаҳрамонлар жазоланар экан, ёш авлоддан қаҳрамон чиқадими?!.. У ҳолда, қаҳрамони йўқ юртнинг тақдири нима кечади!?..

2. Ўқитувчи ва бюрократизм.

Таълимда қоғоз шунчалар кўпки, ўқитувчи уларнинг орасидан чиқиб ўқувчининг, талабанинг олдига келолмайди. Бу рамзий маънода, албатта. Аслида, жисми келади, хаёллари қоғозда қолади. Қоғозбозлик ўз ишининг устаси моҳир педагокни ишга яроқсиз қилиб, калласида алиф ҳам йўқ, лекин қоғозларни тахт қилгувчи лўттибозни тўрига олиб чиқадиган иллатдир. Чунки моҳиятга эътибор берадиган ўқитувчи, одатда, қоғозлар билан яхши ишлай олмайди. Чунки унинг тафаккур тарзи қоғозларни муҳим санамайди. Ўз ишига, касбига шўнғиган бўлади. Афсуски, ҳозир кўп жойларда қоғоз ишлаяпти. Ҳатто қоғоз-ҳужжатинг зўрми, демак, дарс беришнинг ҳожати йўқ, деган гап чиққан таълимда. Шунинг негизида таълим раҳбарлари ёнида қоғозини тахт қилиб қўйиб, қўл қовуштириб турадиган қавм пайдо бўлган. Чунки улар ўз билимсизлигини қоғоз билан тўлдирмоқчи бўлади (психология фанидаги компенсация ҳодисасининг айнан ўзи!) Қоғоз ишлаётган амалдаги таълим тизимида айнан мана шундай қоғозбозлар тер тўкиб ишлаётган, ҳақиқий педагок, ўз ишининг моҳир усталари эса ишламаётган бўлиб қоляптики, бунга чек қўймоқ керак.

3. Ўқитувчи маоши.

Маош масаласи ҳам таълимдаги энг муҳим масалалардан биридир. Ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, гапнинг нақдини айтадиган бўлсак, ўқитувчи ҳозирги маоши билан рўзғор тебрата олмайди. Ҳалол ўқитувчи бола-чақасини боқаман, рўзғор тебратаман, дея иккинчи, учинчи ишлар бошини тутса, харомга ўрганган ўқитувчи эса, таълимдаги турли жараёнларда (мас.,кириш ва бошқа имтихонлар вақтида) коррупцияга қўл уриш пайида бўлади. “Ўғрилик қилиш имконияти ўғриликни пайдо қилади” дейди ҳинд халқи. Таълимда, умуман, жамиятнинг бирон соҳасида ўғрилик имкониятини қолдирмаслик лозим. Бунинг учун эса, масалан, таълимда ҳар бир ўқитувчига яхши ҳақ тўланмоғи керакки, “рўзғоримни қандай бутлайман?” дея унинг хаёли сочилмасин. Мабода, ўқитувчи яхши ҳақ олиб ҳам астойдил ишламаса, демак, бундай ўқитувчи таълимдек муқаддас даргоҳга номуносиб саналиб, ишдан бутунлай озод этилиши лозим бўлади.

4. Ўқитувчи — ижодкор.

Ўқитувчи айни вақтда ижодкор ҳисобланади. Унинг ўз устида ишлаши учун имкон яратишимиз керак. Япония бош вазиридан мамлакатнинг технологик тараққиётининг сири нимада эканлиги сўралганда, унинг жавоби шундай бўлган эди: “Биз ўқитувчиларга вазирларнинг маошини, дипломатларнинг дахлсизлигини ва императорнинг ҳурматини бердик”. Ўқитувчини боши-кети йўқ тадбирлар ўтказиш ёки шундай тадбирларга қатнашишдан озод қилиб, эртанги дарсга тайёрланиши учун бўш вақт қолдириш ва бу вақт ҳам иш соати ҳисобига саналса қандай бўларкин, деб ўйлаб қоламан. 2017 йилда Европа мамлакатларидан бирида ишга бориб келиш учун йўлда сарфланган вақт ҳам иш соати деб ҳисобланиши ҳақида қарор қабул қилинганини ўқидим. Бу билан биз ҳам шундай қилайлик, демайман. Биламан, аксариятимиз ҳали бу ҳақда ўйлашга ҳам тайёр эмасмиз. Мен ҳеч қурса, ўқитувчининг ишлаган реал соатлари учун муносиб ҳақ тўлайлик демоқчиман. Яқинда бир суратга кўзим тушди. Унда тун манзараси ва кўпқаватли уй тасвирланган. Ҳамма чироқлар ўчиқ. Фақат биттаси ёниқ. Суратнинг остига қарасангиз, шундай сўзлар ёзилган: ЎҚИТУВЧИ. Менимча, изоҳга ҳожат йўқ. Ҳамма ухлаганда ҳам меҳнат қиладиган, шунга мажбур бўладиган бирдан бир касб эгаси бу — ўқитувчи! Лекин бу меҳнатнинг ҳақини тўлай оляпмизми? Ҳеч қурса, маънавий жиҳатдан унинг қадрига етяпмизми?..

5. Ўқитувчи ва ҳокимият.

“Ҳокимият таълимдан қўлини тортиши керак”, деган гапларни ўқидим ижтимоий тармоқларда. Дарҳақиқат, нега у таълимга аралашади? Ўқитувчи нега қишлоқ хўжалиги ва ёки шаҳардаги ободонлаштириш, металлалом, қоғоз тўплаш (макулатура), сайлов қоғозларини тарқатиш, ватандош (фуқаро)ни рўйхатга олиш билан шуғулланиши керак? Ахир, ўқитувчига булар учун ҳақ тўланмайди-ку! Ҳатто мардикорга ҳам меҳнат ҳаққи берилади. Қолаверса, ўқитувчининг асл вазифаси нима эди?.. Ҳокимиятнинг кучи кўп, бели бақувват бўлса, ана, қанча ишсиз одам бор, уларга иш бериб, қонуний ёллаб ишлатса, минглаб ишсиз аҳолини иш билан бандлигини таъминлаган, бу билан хорижга иш излаб кетаётганлар сонини камайтирган бўлади.

Иккинчи масала бўйича:

Ўқитувчи олдига қўйиладиган талаблар

1.Ўқитувчи ўз фанини пухта билсин. Ўқувчи ё талабанинг онги ва руҳини уйғотсин! Унга соҳанинг асосларини, фундаментал билимни бера олсин.
2.Ўқитувчи дарслик ва ўқув қўланма доирасида қолиб кетмасин. Мустақил фикрлай олсин, ўқувчи ва талабани ҳам шунга ўргата билсин.
3.Ўқитувчи қайси фандан дарс берса берсин, замон нафасини ҳис қилсин, замондош инсон зиммасига давр юклаётган вазифаларни яхши тушунсин ва тушунтириб берсин. Яъни замон билан ҳамнафас юриб, ўз фанини ҳаёт билан, ҳаёт ёш авлод олдига қўяётган муаммолар билан боғлай олсин. Яъни ўқитувчининг алмисоқда қотиб қолган тафаккури сабаб бутун бошли фан ўқувчи-талабалар назарида ҳаётдан узилиб қолмасин.
4. Моддий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига қарамай, ўқитувчи ўз ўрнига номуносиб бўлса, яъни мутахассис сифатида талабга жавоб бермаса ё шаънига номуносиб иш тутса, масалан, таъмагирлик қилса, унинг меҳнат дафтарчасига шундай бир алоҳида муҳр тушсинки, бу муҳр уни таълим соҳасига яқинлашишга умрбод йўл қўймасин.

II. Барқарор таълим тизими масаласи

Қатъий ишладиган, ўн йиллар мобайнида асосий мезонларини ўзгартирмайдиган, мабода ўзгаришлар бўлса, уларни ўзига сингдириб олиб, яна-да кучли бўлиб борадиган таълим тизимини яратишимиз керак, деб ўйлайман. Ҳар йили, ҳар ойда ўзгариб турадиган тизимга эса суяниб бўлмайди. Умуман, жамиятда ҳар қандай тизим агар жуда қисқа вақт мобайнида ўзгаришларга учрайверса, бундай жамиятда яшовчи инсонлар ўзларини бахтсиз ҳис қилишади. Худди шундай, жуда тез ўзгарувчан таълим тизими ҳам ўқитувчи шахсини парчалаб ташлайди. Натижада на тизим қолади ва на уни тутиб турадиган ўқитувчи шахси. Ўқитувчи шахси бутун эмасми, демак, у таълим-тарбия берадиган ўқувчи-талабалар шахсиятининг бутунлиги ҳақида ҳам гапириб бўлмайди. Демак, энг муҳим иккинчи масала барқарор таълим тизимини яратишдир. Бунинг учун эса, назаримда, қуйидагиларга эътибор бермоқ керак:

1. Дарслик ва ўқув қўлланмалар.

Ҳозирда дарслик ва ўқув қўлланмалар етишмаётганлиги туфайли ҳар бир ўқитувчи ўз фани бўйича “ўқув мажмуа”си ёзиб олади. Тўғрироғи, комиссиянинг “назари” учун ёзади. Аслида эса, бу каби у ер-бу ердан кўчирилиб муқоваланган мажмуалар ҳеч кимга керак бўлмайди. Фикримча, керакли дарслик ва ўқув қўлланмалар Республикада бу ишга қобил, тажрибали олимлар гуруҳлари, масалан, Фанлар академияси институтлари мутахассислари ёки ўз соҳасини пухта эгаллаган олим-ўқитувчилар, айни пайтда, буларнинг ҳаммасидан сараланган ишчи гуруҳ томонидан ёзилса ва етарли миқдорда чоп этилиб тарқатилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу маънода дарслик ва ўқув қўлланмалар бутун Республика бўйлаб стандарт ҳолга келиши ҳамда уларнинг миқдори етарли бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

2. Мутахасислик фанлари.

Ихтисослик бўйича фанларни кучайтириб, соҳага алоқаси кам бўлган фанларни ё бутунлай олиб ташлаш ё соатларини камайтириш лозим бўлади. Йўқса, баъзан олий математика, информатикага ўхшаш фанлар, масалан, ижтимоий-гуманитар факультетларида ҳаддан зиёд кўп. Шунинг натижасида, масалан, филология соҳаларида талаба ўз соҳасини тузукроқ билишга имкон тополмайди. Уларнинг ҳозирги адабий жараёндан деярли хабари йўқ. Замоннинг забардаст ёзувчи, шоир ва драматургларини яхши ёки мутлақо танимайди. Мактабда эшитган ё ўқиган “Ўткан кунлар”дан нарига ўтолмайди. Бунинг учун эса бевосита мутахассисликка алоқадор фанлар соатларини кўпайтириш лозим бўлади.

3. Тест масаласи.

Тест керакми? У ўзини қанчалик оқла(й)ди? Керак бўлса, қайси соҳалар учун? Яъни тестни соҳалар бўйича танлаб қўллаш керакми ёки ёппасига тадбиқ этиш тузукми?.. Бу каби саволлар неча йилдан бери кўпчиликни ўйлатади. Тест тизими ислоҳга муҳтож эканлигини мажлисда Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур саволига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев берган жўяли жавобдан ҳам муълум эди. Ўшанда Акмал Нур математикадан тест борлиги учун рассомчилик институтига не-не истеъдодли ёшлар киролмаётганини айтганда, Президент ўша оннинг ўзидаёқ бундай ижод турида математикадан тест нима қилади, деган фикрни билдириб, тестни олиб ташлатган эди. Буни кўриб камина “Бўлар экан-ку!” дея қувонганим эсимда. Ўйлайманки, худди шундай жавоб Республикамиз бўйлаб кўплаб, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳалар учун зарур бўлиб турибди.

Ҳозирда амал қилаётган тестларнинг савиясига келсак, уларда куракда турмайдиган саволлар жуда кўп. Аксар саволарни тутуриқсиз ва мантиқсиз деб атасак ҳам бўлаверади. Масалан, филология, тил ва адабиёт йўналишларида битта шеърдан парча бериб, “қачон, ким томонидан ёзилган?” деган савол қўйилади. Битта шеърни қачон ё ким томонидан ёзилгани ўқувчи ё бўлғуси талабага нима беради? Бундай рақамларни ёдлаб олиш ёшларни қаерга олиб боради? Манқурт бўлишга эмасми? Уларни фикрлашга ундайдиган саволлар тузса бўлмайдими? Ўқишга кириш хотира жанги бўлиб кетмадими? Кимнинг хотираси кучли бўлса, ўша ғолибми? Бу қандай мантиқ?.. (Бобур “Бобурнома”да Улуғбек даврида ҳофизаси ўта кучли бир инсон бўлганлигини, нимаики эшитса, миридан сиригача хотирасида сақлаб қолишини ҳайратланиб ёзади. Лекин қани ўша ўта кучли хотираси бор инсон? Қани ундан қолган маънавий ё бошқа мерос? Хотираси уникига тенглашолмаган Улуғбек ва Бобур эса биз билан яшаб келяпти!Демак, кучли хотирага эга бўлиш яхши, лекин у фойдали бўлишнинг асосий ва бирдан бир шарти эмас экан-ку! Бас, шундай экан, “хотира мусобақаси”га чек қўймоқ керак!) Фикрлаш-чи? Хулосалар чиқариш-чи? Ҳаётга тадбиқ этиш-чи?.. Масалан, “бу шеър қандай шеър: реалистикми ё модернистик ҳамда нима учун?” дегандек саволлар тузилса, абитуриент битта саволга жавоб бериш учун шеърнинг ҳар хил турларидан воқиф бўлишга интилади, натижада адабиётдаги реализм, модернизм деган ҳодисалар моҳиятини тушунишга ҳаракат қилади. Бу ҳодисалар эса бевосита фаннинг асослари билан боғлиқ. Демак, тест саволлари у ёки бу фаннинг асосларини, моҳиятини билишга қаратилган бўлиши керак, асло ҳеч қачон ҳеч қандай вазиятда фойдаси бўлмайдиган майда информацияларни қуруқ ёдлашга эмас. Бир замонлар, ХХ аср бошларигача эски мактабларда ўқитилган “Ҳафтияк” (Қуръоннинг еттидан бири)ни ўрганишга бағишланган дарслар маъноси тушунтирилмайдиган, қуруқ ёд олишдан иборат дарслар, дея танқид қилинган эди. Бугун тест тизими “шарофати” билан ўзимиз ҳам ана шу эски мактаб ҳолига тушиб қолмадикмикан, деган ўйлар қийнайди мени.

Таълим тизимининг ислоҳга муҳтожлиги яна шу нарсада кўринадики, лицейлар ўқувчини олий ўқув юртларига тайёрлаши мўлжал қилинган бўлса ҳам, болаларимиз лицейларда эмас, балки ота-оналарининг не-не пулларини сарфлаб репетитор қўлларида ўқишмоқда. Репетитор ҳам олган пули эвазига абитуриентни фикрлашга эмас, қуруқ ёд олишга ўргатади. Ёд олинган информациялар эса, ҳаётда деярли асқотмайди. Натижада “Таълимни ҳаёт билан боғлайлик!” дея жар солгинг келади.

4. Иншо ва оғзаки имтиҳон.

Иншо ёзишни қайта йўлга қўйиш керак. Иншо саводхонликни баҳолашнинг энг оптимал йўли. Ўтган йили Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида иншо кириш имтихонларидан бири сифатида йўлга қўйилди ва жуда тўғри қилинди. Шунинг учун ҳам талабаларимиз орасида дадиллари кўп. Яна, айниқса, ижтимоий-гуманитар соҳаларда оғзаки имтихон шарт қилиб қўйилиши мақсадга мувофиқ. Оғзаки имтихон кириш ва ўқув жараёнида ҳам керак. Тест жуда нисбий тушунча. У талабанинг умумий тайёргарлигини эмас, у ёки бу конкрет саволга конкрет жавобини текширади, холос. Фан бўйича, аввало, умумий билим, талабгорнинг дунёқараши ва фикрлаш салоҳияти баҳоланмоғи керак. Тест кўпроқ аниқ фанларда ўзини оқлаши мумкин. Шунинг учун ҳам ижтимоий-гуманитар соҳаларда унинг ҳиссасини минимумга тушириш жуда долзарб масаладир.

5. Хориждан ўрганиш тенденцияси.

Кўлмакда абадий қолиб кун кечириш балиқ учун фожиа эмасдир, лекин юксак тафаккур эгаси бўлган инсон учун ҳалокат билан баравардир. Айниқса, ҳозир! Шунинг учун ҳам жаҳоннинг илғор жамиятлари ютуқлари тиғиз бир тарзда ўрганилмоқда. Бу — яхши. Ахир, велосипедни қайтадан кашф қилиш кимга ва нега керак? Лекин бу масалада меъёрни сақламоқ лозим, деб ўйлайман. Яъни хориждан ўрганиш хорижга сиғинишга айланиб кетмасин. Хориждан олаётган ҳамма нарсамиз ҳам яхши бўлмаслиги, аксинча, эски дея воз кечаётган ўзимизнинг ҳамма ишларимиз ҳам ёмон бўлмаслиги мумкин. Яъни тоғорадаги кир сувига қўшиб, ичидаги болани ҳам тўкиб юбормайлик. Саралайлик, сайлайлик. Чунончи, камина жаҳон адабиёти фани бўйича инглиз тилида ёзилган икки-уч дарслик ва қўланмаларни таржимон ёрдамида кўриб чиқдим. Ҳатто Ғарб адабиётининг улкан ёзувчиларидан бири Жеймс Жойсга бағишланган қисмини таржима ҳам қилдирдим. Натижада шунга амин бўлдимки, хорижда мавзуга эркин ёндашиш ўта кучли бўлиб, адабий портрет эссе жанри йўлида эркин ёзилган бўлиб чиқди. Аслида, дарслик бўлгандан кейин талаба ё ўқувчига аввало фундаментал билим бериш керак бўлади. Услуб ҳам илмий бўлиши тақозо этилади. Демак, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ўзимизда шаклланиб келган услуб – талабага, аввало, фундаментал илм бериш йўли ҳар томонлама ўзини оқлайди. Ундан воз кечиш масаланинг, демакки, фаннинг туб моҳиятидан узоқлашишдир. Эссе йўлида ёзилган бошқа адабиётлар (жумладан, хорижий адабиётлар) эса, қўшимча манба сифатида тавсия қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади. Аниқ фанларда эса манзара янада бошқача бўлиши мумкин ва шу “бошқачалик” ҳисобга олинмоғи лозим.

6. Мутахассис кадрлар ва “эпақа”лар.

Кузатишимча, ҳар бир соҳанинг етук малакали кадрларининг талай бир қисми соҳадан ташқарида ризқини териб юрибди. Соҳанинг ўзида эса, ҳали пишиб етилмаган, кадр сифатида ўта хом, гоҳо эса соҳага бутунлай бегона, лекин ташкилий масалаларда раҳбар нима деса, “зув” этиб учиб бажарадиган сертаъзим, шахсиятсиз “эпақа”лар кўпайиб кетиб, таълим сифати жуда тушиб кетди. Назаримда, четда, ҳатто бошқа соҳаларда ишлаб юрган малакали кадрларни, ўз соҳасининг чинакам усталарини яна соҳага жалб қилиш, “эпақа”лар энергиясини ҳам фанга йўналтириб кўриш, мабода, бундан бирон наф чиқмаса, улардан бутунлай воз кечиш йўлидан бориш керак. Чунки айнан мана шундай “эпақа”лар таъзим қила-қила, ахийри, бир курсини эгаллаб олади-да, энди ўзлари ҳам бошқаларни ўзига таъзим қилиш маросимини бошлаб юборади. Натижада бундай сертаъзимлар бош бўлган ташкилотда соҳа инқирозга юз тутади.

7. Пиар.

Таълим соҳасида пиар кўпайгандан кўпайганини айтиш лозим. Шу даражадаки, гоҳида ўқитувчи дарсга кириб, 50 та талабадан 25 тасини тополмайди. “Қани улар?” деган саволига “тадбир ёки байрамга тайёргарлик кўришяпти, раҳбариятнинг рухсати бор”, деган жавобни олади. Байрамлар бўлсин! Улар ҳаммамизники. Лекин байраму тадбир маросимларини уюштиришнинг бошқа йўллари йўқмикан? Ахир, талаба бу даргоҳда нима учун юрибди? Уларнинг бирламчи вазифаси нима эди? Бу кетишда эртага у мутахассис сифатида ким бўлиб етишади ва кимларни тарбиялаб беради?.. Бу ҳақда жиддий ўйлаш керак.

8. Комиссия.

Сир эмас, таълим соҳасини тез-тез комиссия “босиб” туради. Албатта, бу иш назорат қилишдек эзгу ниятда амалга оширилади. Лекин бу гап назарий жиҳатдан тўғри, холос. Амалда комиссия назорати ўзини оқламаяпти. Комиссия аъзолари дарс сифатини текширмайди. Чунки улар, одатда, соҳа мутахассиси бўлмагани учун реал дарс сифатини текшира олмайди. Шунинг учун ҳам қоғозга, ҳужжатга ёпишади. Қоғозни улар ёд билишади. Хат-ҳужжат жойида бўлса, хўп-хўп, акси тақдирда, ёмон баҳо бериб, раҳбарият таъбини тирриқ қилади. Раҳбарият эса ўз навбатида бутун аччиғини ўқитувчига сочади. Агар ўқитувчи Республикадаги энг илғор мутахассис бўлса ҳам қоғозида бирон камчилик топилса, у мутлақо ишламаяптига чиқарилади, хайфсан берилади, “Яна такрорланса, ариза ёзасан!”, дея огоҳлантирилади. Натижада талай ўқитувчилар минг хил топшириқдан қолган вақтини дарс сифатига эмас, балки хат-ҳужжатининг “саришталиги»га бағишлайди. Бунинг нима оқибатларга олиб келиши эса сир эмас. Чунки ўша ҳужжат комиссиядан бошқа ҳеч кимга керак эмас, маълум вақт ўтгач, улар макулатурага топширилади. Демак, аксарият ҳолларда ўқитувчининг камида ярим кучи, асаби, умри макулатурага айланаётган қоғозларга сарфланиб соб бўлмоқда.

9. Малака ошириш.

Таълимда ҳар уч йилда малака оширилади. Замон шиддат билан ўзгариб боряпти. Демак, ҳар бир соҳада бу вақт мобайнида ўзига яраша янгиликлар содир бўлган бўлади ва мутахассис ўша янгиликлардан бохабар бўлиши талаб этилади. Назарий жиҳатдан ҳаммаси тўғри. Лекин амалда бу борада ҳам талай муаммолар мавжуд. Муаммо, шундаки, ўқитувчи малакаси ўзи дарс берадиган фандан ташқари жуда кўплаб бошқа фанлар бўйича оширилиши талаб қилинади. Ахир, бу фанлар умумий маънода керак, лекин мутахассис сифатида унга, аввало, ўз фанидаги янгиликлардан хабардорлик зарур бўлмайдими? Ҳар бир замонавий ўқитувчи, масалан, компьтерни ўз фаолиятига кифоя қилгулик даражада эгаллаган бўлади. Шундай экан, ундан компьютер дастурловчиси учунгина керакли бўладиган муълумотларни ёддан билишни талаб қилиш кимга ва нимага керак? Куракда турмайдиган талаблар! Бу ҳол юқорида эслаганимиз — бўлғуси рассомлардан математикани талаб қилишдек гап. Яна бир муаммо шуки, малака оширишнинг муддати икки ой. Бу жуда узоқ муддат. Айниқса, вилоятдан келадиган ўқитувчилар оиласидан шунча вақтга ажралиб чиқади, унга бу икки ой учун тўланадиган иш ҳақи ҳам йўл ва овқат ҳаражатларига сарф бўлади. Бундай ҳолда унинг оиласи нима билан тирикчилик қилади? Қолаверса, малака ошириш курсларидаги совуқ ва бегона муносабат бу бечора ўқитувчилар кўнглини ўкситади. Мутахассис фанлари камайтирилиб, ёндош, иккинчи даражали фанлар икки ой давомида ўқитилади ва шу фанлар бўйича тузилган мураккаб саволларга тест орқали жавоб бериш талаб қилинади. Бу саволлар характери кириш имтихонларида абитуриентларга бериладиган саволларникидан унча фарқ қилмайди. Моҳиятни очишга эмас, қуруқ ёд олишга қаратилган саволлардир улар. Мен ўз кўзим билан бу саволларга жавоб беролмай, ҳамманинг олдида ёш боладек мулзам бўлган профессор-ўқитувчиларни кўрдим. Улар ўз соҳаларининг билимдонлари бўлишига қарамай, “малака оширишдан ўтолмади”, деган тавқи лаънатни кўтариб юришга мажбур бўлишади. Шуларни ҳисобга олиб, малака ошириш муддатини 1 ойга тушириш ҳамда ҳар бир вилоят ўқитувчиларининг ўзи яшаётган жойга яқин ҳудудий малака ошириш курсларига жалб қилиш, шунингдек, малака оширишда ўқитиладиган фанлар имкон қадар соҳага оид бўлишини таъминлаш келажагимиз мақсадига мувофиқдир. Соҳага оид бўлмаган фанлардан эса, тест топшириш талаб қилинмаслиги лозим.

10. Танлов.

Таълимда коррупция, таниш-билишчилик ва ғирром йўлларга чек қўйиб, абитуриентларни ҳалол йўл билан танлаб олмас, ишни шундан бошламас эканмиз, соҳада ҳақиқий маънода ўзгариш қилиш қийин. Чунки аниқ фанга мойил болани гуманитар, гуманитар фанга муносибини эса аниқ фанларга қабул қилиш хатонинг бошидир. Бу ҳолда бола ўз истеъдодини ярмини ҳам сарфлай олмайди. Бошқача айтганда, зоветеренер бўлиши керак бўлган бола йигирма йил тўп тепса ҳам футбол майдонида мамлакат шаънини муносиб равишда ҳимоя қилишнинг уддасидан чиқолмайди. Ёки нон ёпиб юрса, элга фойдаси кўпроқ тегадиган йигитчанинг ноҳалол йўл билан орттирган дипломи ва таниш-билиши воситасида келиб у ёки бу ташкилотга раҳбарлик қилиши ўша ташкилот инқирозининг айни ўзидир. Шунинг учун ҳам ҳар бир инсоннинг табиати, қизиқишлари, лаёқатидан келиб чиқиб касбларга, ўқишларга йўналтирадиган тизимни тезроқ яратишимиз керак. Камина “Мувозанат” романида бу ҳақдаги қарашларимни анча батафсил ёритишга ҳаракат қилганман.

ХУЛОСАЛАР

Врач инсон танасини даволайди. Ўқитувчи эса унинг онги ва қалбига кириб боради. Жамиятда медицинаю врачнинг ўрни қанчалар муҳим бўлса, ўқитувчининг ўрни уникидан асло кам эмас. Фақат врачнинг ютуғию камчилиги жуда тез ёки ўша ондаёқ билинса, ўқитувчининг фойдаю зарари узоқ йиллар ўтгачгина аён бўлади. Аслида, ўқитувчининг таъсир доираси ниҳоятда кенг. Бутун-бутун халқлар тақдири ўқитувчиларга, уларнинг савиясига боғлиқ экани бугун ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бас, шундай экан, келажагимизга бефарқ қарамайлик. Ўқитувчи ёш авлодни вояга етказади. Ёш авлод эса келажакка эга чиқади. Ҳаммамиз – ёш ва қари келажагимизнинг, эртамизнинг ёруғ бўлишидан манфаатдормиз!

Яқинда йигирма уч — йигирма тўрт ёшлардаги, уринишларининг тўртинчи йили ўқишга киришга муваффақ бўлган биринчи курс талабаси шундай деб қолди: “Таълимда қинғир ишлар шунчалар чуқур томир отганки, шахсан мен ҳеч қандай ислоҳотга ишонмайман!”. Нега? Нима учун таълим шу ҳолга келиб қолди? Нега айрим ёшларимиз таълимга, унинг ислоҳ бўлишига ишонмай қўйди? Ишончни қайтариш учун нима қилиш керак?.. Ўйлайманки, бу каби оғир саволларга энди жавоблар топилади ва берилади.

Ўзбекистон Президентининг “Ҳаракатлар стратегияси”нинг 4.4 бандида кўрсатган “Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш” тўғрисидаги кўрсатмалари таълимни тубдан ислоҳ қилиш заруратини билдиради. Мадомики, ислоҳ зарурати ҳукумат даражасида қабул қилиниб, уни тузатишга ҳаракат қилинаётган экан, ўз ва хориж тажрибаларимиздан келиб чиққан ҳолда, юртимизнинг шу соҳа вакилларию зиёлилари таълим тизими билан боғлиқ бутун таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлашлари керак, деб ўйлайман. Мавжуд муаммони кўриб туриб кўрмагандек юриш эса зиёлига, умуман, инсон деган номга ярашмайди. Аксинча, виждони уйғоқ ҳар бир зиёли инсон жамиятдаги муаммолардан жар солиб тургувчи SOS сигналига айланиши керак, токи Ватан деб аталган муқаддас кемамиз сувларга чўкмасин! Мен ушбу битикни шу эзгу мақсадда ёздим. Йўқса, университетда дарс бераётган бир ўқитувчи сифатида бирон кишидан, бирон раҳбардан норози бўлиб қўлимга қалам олмадим. Яъни менинг бутун мулоҳазаларим Республика таълим тизими билан боғлиқ, асло бирон бир раҳбарга қаратилган эмас. Ахир, раҳбарлар ҳам ўзимизники, элимизнинг фарзандлари, улар бегона эмас. Ишончим комилки, тизим ислоҳ қилинар экан, раҳбарлар ҳам ўзгаради, иш юради.

Биз келажаги буюк давлат қурмоқчимиз. Мен бу ҳақда жуда кўп ўйладим. Ахийри, шундай хулосага келдимки, бизнинг буюк бўлишдан ўзга чорамиз ҳам йўқ экан. Буюк бўлолмасак, бу ўзгарувчан ва шафқатсиз дунёда яшаб қолишимиз амри маҳол! Чунки “Дунё — бизники!” дея жар солаётган жуда азим кучлар орасида яшаяпмиз. Бугун ва келажакда уларга бас келиш учун, уларнинг кайфияти ва режаларида эриб, ассимиляция бўлиб кетмаслик учун ҳам буюк бўлишимиз шарт! Келажак, маълумки, ёшларники! Ёшлар эса, ўқитувчиларнинг, мураббийларнинг қўлида! Демак, ўқитувчига тўғри муносабатни шакллантирмас, таълим тизимини тўғри йўлга қўймас эканмиз, орзулар армонга айланиши ҳеч гап эмас. Бундан эса, Яратганнинг Ўзи асрасин!

Албатта, бу битикдаги мулоҳаза ва таклифлардан-да жўялироқ, конструктивроқ таклифлар Cиз — азизларда бўлиши мумкин. Мен бунга ишонаман. Уларни ҳам ўртага ташлаб, муҳокама қилсак ҳамда чиқарган хулосаларимизнинг энг яхшиларини Республика таълим тизимидаги мутасадди раҳбар дўстларимиз сайлаб олиб, амалиётга тадбиқ этишса, умид қиламанки, келажак авлод бунинг учун ҳаммамиздан фақат миннатдор бўлади.

2016 йил, сентябрь — 2018 йил, март

17c.jpg  Bugun o‘qituvchining shaxsi butunmi? Shu masalaning ijobiy yechimi, o‘ylashimcha, ta’limning teng yarim muammosini hal qiladi. Aytish joizki, amaldagi ta’lim tizimi o‘qituvchining shaxs sifatida shakllanishiga to‘la xizmat qilmayapti. O‘qituvchi shaxsi yemirildimi, bas, bunday holda u pedagok sifatida tamom bo‘lgan bo‘ladi. Shu ma’noda ta’limda o‘qituvchi shaxsi birlamchi masala bo‘lishi lozim, deb o‘ylayman.

YOZUVCHINING O‘QITUVCHI
VA TA’LIM HAQIDAGI O‘YLARI
Ulug‘bek HAMDAM
04

 Ulug‘bek Hamdam 1968 yil, 24 aprelda Andijon viloyatining Marhamat tumanidagi Yuqori Rovvot mahallasida tug‘ildi. 1985 yilda o‘rta maktabni oltin medal bilan tamomladi. 1986 va 1988 yillar orasida Ukrainada askarlik xizmatini o‘tagan. 1988-1993 yillarda ToshDU ning o‘zbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. 1992-93 yillarda esa davlatimiz tashabbusi bilan o‘qishga yuborilgan talabalar safida Turkiyaning Ko‘nyo shahrida taxsilni davom ettirgan. 1993-1994 yillarda Sharqshunoslik institutida turk tilidan dars bergan. 1994-1996 yillarda Hozirgi Milliy Universitet o‘zbek filologiyasi fakultetining kunduzgi aspiranturasini o‘qigan.
1997 yilda “30-yillar o‘zbek she’riyatida «sof lirika” muammosi» (Oybek she’rlari misolida) mavzusida nomzodlik, “XX asr o‘zbek she’riyati badiiy tafakkur tadrijining ijtimoiy-psixologik asoslari” mavzusida doktorlik dissertatsiyasini yoqlagan.. 1997-2009 yillarda O‘zbekiston Fanlar akademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Til va Adabiyot institutida katta ilmiy xodim, 2009-2015 yillar “Sharq yulduzi” jurnalining bosh muharriri lavozimida ishladi.
Ulug‘bek Hamdam bir necha nasriy, nazmiy hamda adabiy-tanqidiy to‘plamlar muallifi. Uning ilk nasriy kitobi 1998 yilda “Yolg‘izlik” nomi bilan chop etilgan. “Muvozanat”, “Isyon va itoat”, “Sabo va Samandar” nomli romanlari, “Tangriga eltuvchi isyon”, “Atirgul”, “Seni kutdim” va “Uzoqdagi Dinura” nomli she’riy vanasriy to‘plamlari chop etilgan. Shuningdek,uning “Badiiy tafakkur tadriji” va “Yangilanish ehtiyoji” nomli adabiy tanqidiy-to‘plamlari e’lon qilingan. Ularda XX va XXI asr avvalidagi o‘zbek, qisman jahon adabiyoti va adabiyotshunosligi muammolari tadqiq etiladi. Ulug‘bek Hamdam Jaloliddin Rumiyning “Ichindagi ichindadir” va prof. U. Turonning “Turkiy xalqlar mafkurasi tarixi” nomli asarlarini turk tilidan o‘girgan.

007

uqituvchi-small.jpgTaqdir taqozosi bilan 2016 yil, may oyidan e’tiboran ta’limda ishlay boshladim. Bunga sabab Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetining ochilishi bo‘ldi. Kamina “Jahon adabiyoti” kafedrasi mudirligiga taklif qilindim. Men ilgari ham ta’lim sohasida ishlaganman. 90-yillar o‘rtalarida. Milliy universitetning jurnalistika va o‘zbek filologiyasi fakultetlarida o‘zbek adabiyotidan, Sharqshunoslik institutida esa turk tilidan talabalarga saboq berganman. Lekin oradan 20-22 yil vaqt o‘tgan, oliy o‘quv yurtlarida ishlaydigan do‘stlarimdan eshitishimga ko‘ra, endi ta’limda ishlash bag‘oyat og‘ir bo‘lib qolgan, qog‘ozbozlik va majlisbozlik o‘zining haddi a’losiga yetgan edi. Men yangi ochilayotgan universitetga kadrlarni tanlab olayotgan komissiya a’zolariga ta’lim haqidagi mana shularni va yana yozuvchi ekanligimni, ijodkor odam ruh erkinligini sevishini, ta’limda ishlashim esa endi bir muncha qiyinchilik tug‘dirishini aytdim. Lekin taqdir ekan, bir necha nomzodlar ichidan kamina tanlandi va men boshqa hamkasblar qatori O‘zbekiston Prezidenti (o‘sha vaqtda Bosh Vazir)ning suhbatiga kirdim. Suhbat menda yorqin taassurot qoldirdi. Ona tilimiz va adabiyotimizga bo‘lgan hukumat darajasidagi bunday e’tibor mendek bir ziyolini — yozuvchi, shoir va adabiyotshunosni sevintirmasligi mumkin emasdi. Suhbat asnosida Shavkat Miromonovichning menga qarata “Kafedrangiz O‘zbekistonda yetakchi kafedra, ya’ni shohkafedra bo‘lishi kerak!” degan gaplari ishning g‘oyat mas’uliyatli ekanidan dalolat qilar, endi men juda ko‘p va xo‘p mehnat qilishim kerakligini yaxshi tushunib turar edim.
Shunday qilib, qizg‘in ish pallasi boshlanib ketdi.

Ta’limda ishlashning o‘z zavqi bor. Buni sohada ishlaganlargina yaxshi biladi, his qiladi, qadriga yetadi. Bu safar ham ana shu zavqni tuydim. Ayni damda, sohaning islohtalab muammolari ham tug‘ilib ulgurgan ekan. Muammolar majlislarda ikki-uch e’tiroz bildirish bilan bitadigan emas, balki ta’limda sog‘lom tizimni yo‘lga qo‘yish bilan bog‘liq edi. Ammo inkor qilish hamisha oson, inkor qilinganning o‘rniga jo‘yali taklif qilish esa mushkul. Kaminaning biron jo‘yali taklif qilishi uchun ta’limdagi tajribasi hali yetarli bo‘lmay, men dars bergan 90-yillar bilan hozirgisi (2016-2018) ning orasida katta farq bor edi. Demak, “og‘zimni ochishim” uchun yangi ta’lim sohasida yetarlicha malaka va tajribaga ega bo‘lishim lozim edi. Shunday qilib, mashg‘ulotlarga sho‘ng‘ib ketdim. Bugungi kun bilan hisob qilsam, yangi ta’lim tizimida ikki yilga yaqin ishladim. (90-yillar o‘rtalaridagi ikki yillik stajim bilan pedagogik faoliyatim jami 4 yilga yetdi. Albatta bu ham kam. Lekin kam deb o‘tirgan bilan ish bitmas ekan. Yaxshisi, borini o‘rtaga tashlab fikrlashaylik). Endi bir pedagok, bir yozuvchi, bir olim va nihoyat, bir ziyoli sifatida ta’lim bo‘yicha o‘z mulohazalarimni o‘rtaga muhokama uchun tashlashim mumkin, deb o‘ylayman. To‘g‘ri, televideniyening “Madaniyat va ma’rifat” kanalida 2017 yil, aprel oyida kaminaning tashabbusi bilan olingan, ta’limdagi muammolar haqidagi “Mezon” ko‘rsatuvida ayrim fikrlarimni aytdim. Lekin efirda ketgani xamir uchidan patir edi. Muammolarning asosiylari haligacha aytilmadi. Yoki aytilsa ham efirda va qog‘ozlarda qolib ketdi, ketmoqda.

Men o‘qituvchi muammosiga avval ham e’tibor berib, ularni ikki romanim — “Muvozanat” va “Isyon va itoat”da qalamga olganman. Asarlarning bosh qahramonlari Yusuf ham, Akbar ham o‘qituvchilar edi. Bu ikki obraz va yana fizika-matematika fani o‘qituvchisi Ergash aka obrazlari orqali (asarlar 1997 va 2003 yillarda yozilgan) o‘qituvchi va ta’lim bilan bog‘liq, hozirga qadar hal qilinmagan dolzarb muammolardan bong urilgan edi. Lekin ular badiiy asar bo‘lgani uchunmi, romanlarda ko‘tarilgan muammolar jamiyatda o‘z aks sadosini topmadi. Bugun xuddi o‘sha gaplarni publitsistik ohanglarda takrorlayapman, xolos. Albatta, endigi e’tirozlar kuchliroq jaranglamoqda. Ta’limning islohga ehtiyoji borligi tortishib bo‘lmas masala ekanligi quyidagi mulohazalardan ham anglashiladi, deb o‘ylayman.

Xo‘sh, amaldagi ta’lim tizimida isloh qilinishga muhtoj qanday masalalar bor? Bu borada turli qarashlar bo‘lishi mumkin. Mening kuzatishimcha, o‘qituvchi shaxsiyati va ta’lim tizimi masalasi eng asosiy masaladir.

I. O‘qituvchi shaxsiyati masalasi

Moddiy, ma’naviy va huquqiy tomondan himoyalangan o‘qituvchininggina shaxsi butun bo‘ladi. Xo‘sh, bugun o‘qituvchining shaxsi butunmi? Shu masalaning ijobiy yechimi, o‘ylashimcha, ta’limning teng yarim muammosini hal qiladi. Aytish joizki, amaldagi ta’lim tizimi o‘qituvchining shaxs sifatida shakllanishiga to‘la xizmat qilmayapti. O‘qituvchi shaxsi yemirildimi, bas, bunday holda u pedagok sifatida tamom bo‘lgan bo‘ladi. Shu ma’noda ta’limda o‘qituvchi shaxsi birlamchi masala bo‘lishi lozim, deb o‘ylayman. Chunki shaxsi butun o‘qituvchigina shaxsi butun o‘quvchi-talabalarni tarbiyalay oladi. Zero, ta’lim-tarbiyadan maqsad o‘quvchi ongi va qalbini uyg‘otish, ularni ma’lum maqsadlar sari yo‘naltirishdir. Informatsiya berish ham muhim. Lekin berilayotgan informatsiyalarga qanday munosabatda bo‘lish, ularni tahlil qilib, to‘g‘ri va kerakli xulosalarga kelish, xulosalardan esa ezgu maqsad yo‘lida foydalanish malakasini, RUHINI shakllantirish yanada muhimdir. Har qanday zukko o‘qituvchi xotirasidagi fanga doir ma’lumotlardan bitta fleshka ichidagi ma’lumotlar ko‘proq va to‘g‘riroq bo‘lishi mumkin. Lekin bironta fleshka, bironta kompyuter haqiqiy o‘qituvchi o‘quvchi-talabaga bera oladigan RUHni bera olmaydi. Ta’lim haqida gap ketganda, ana shu RUH ga ko‘proq e’tibor bermoq kerak. Bu ruh, avvalo, o‘qituvchining o‘zida bo‘lishi shart. Axir, inson o‘zida yo‘q narsani qanday qilib o‘zgaga bera oladi?..

O‘qituvchi vaqtiga tajovuz qilmaslik lozim.

Rus pedagogi V. A. Suxomlinskiyning bir fikrini keltirmoqchiman: “O‘qituvchi mahorati o‘sishining eng muhim sharti VAQTdir — o‘qituvchining bo‘sh vaqti! O‘qituvchida bo‘sh vaqt qancha kam bo‘lsa, u shuncha ruhan sinadi. U qanchalik hujjatbozlik, majlisbozlik, qog‘ozdagi ish rejalariyu hisobotlar bilan band bo‘lsa, o‘quvchi-talaba uchun beradigan hech narsasi qolmaydi! VAQT — bu o‘qituvchining eng katta ruhiy boyligidir! Pedagogik ijodkorlik va faoliyat — mashaqqatli mehnat. U katta quvvat va kuchni talab qiladi. Agar quvvat tiklanmaydigan bo‘lsa, o‘qituvchi taslim bo‘lib sinadi va qaytib o‘ziga kelmaydi”. Darhaqiqat, zamonaviy dunyoda qog‘ozbozlikdek inson umrini xazon qiladigan boshqa bir illat yo‘q. Qog‘ozbozlik — zamonamiz vabosi! U ta’limda simulyakr hodisasini paydo qilib bo‘ldi: qog‘ozda ish ketaveradi, lekin amalda qog‘ozdagining yarmi ham bo‘lmaydi. Gohida esa, umuman hech vaqo bo‘lmaydi.

O‘qituvchining jamiyat ichra obro‘si masalasi.

Ulug‘ o‘zbek shoiri Alisher Navoiy XV asrda “Haq yo‘lida kim sanga bir harf o‘qitmish ranj ila, Aylamak bo‘lmas oson onin haqin ming ganj ila” desa, miloddan avvalgi IV asrda yunonlarning qomusiy olimi Aristotel “Ustoz otangdek ulug‘” degan edi. Chunki ota bolani osmonlardan yerga tushirgan bo‘lsa (ya’ni bolaning biologik mavjudod o‘laroq zaminda tug‘ilishiga sabab esa!), ustoz uning darajasini yerlardan osmonlarga qadar ko‘taradi. Ha, ustozning, o‘qituvchining obro‘si kitoblarda shunchalar ulug‘lanadi. Lekin bugunki kunda, real hayotimizda-chi?.. Muammo shu yerda! Uni hal qilish uchun esa, nazarimda, quyidagi ikki jiddiy masalaga e’tibor qaratmoq lozim bo‘ladi.

Birinchisi — o‘qituvchiga munosabat. Ikkinchisi esa — o‘qituvchining o‘z kasbiga munosib bo‘lib-bo‘lmayotgani masalasidir.

Birinchi masalaga bo‘yicha:

1. O‘qituvchining birlamchi va qo‘shimcha vazifalari.

Hozirda o‘qituvchi o‘zining birlamchi ishi — o‘qitishdan boshqa (bularning nomini sanab adoq qilib bo‘lmaydi: ko‘cha supurish, daraxtlarni oqlash, dala va qurilish ishlariga jalb qilinish, turli xil majlislarga qatnashish, bayram tadbirlariga talabalarni tayyorlash, qog‘oz va metallalom to‘plash, saylov qog‘ozlarini uyma-uy yurib tarqatish, o‘quv va yotoqxona binolarida navbatchilik qilish va h.k…) ishlarga juda ko‘p jalb qilinmoqda. Viloyatlardagi maktab, kollej va litseylar o‘qituvchilari yilning talay vaqtida ko‘chadan uyiga kelolmay qolayotgani kundek ravshan haqiqat. Shu mavzuda gap ketganda, N. Toshtemirovaning “Dars” degan hikoyasi yodimga tushadi. Hikoyada adabiyot darsi tasvirlanadi. Mavzu – “Alisher Navoiy”. Maktab direktori o‘qituvchi va o‘quvchilarni bahorgi ishlarga jalb qilmoqchi bo‘lib, dars borayotgan sinf xonasi eshigini qoqadi. O‘qituvchi eshikni ochadi. Direktor darsni to‘xtatib, o‘quvchilarni zudlik bilan ishga olish chiqishi zarurligini aytadi. Lekin o‘qituvchi darsni chala tashlab, o‘quvchilarni ishga olib chiqmoqchi bo‘lmaydi. Eshikni qulflab, darsni davom ettiradi. Bir muddat o‘tib, eshik yana qoqiladi. O‘qituvchi darsni o‘taberadi. Eshik takroru takror qoqiladi. Lekin bunday topshiriqlardan bezor bo‘lib ketgan o‘qituvchi uni ochib, o‘quvchilarni jismoniy mehnatga yo‘llamaydi. Nihoyat, dars soati ham, dars ham yakunlanadi. Bu vaqtda esa, eshik sinib ketgudek bo‘lib taqillaydi. Darsini tugatgan o‘qituvchi borib eshikni ochadi. Bu safar direktor o‘zi bilan birga boshqa rahbarlarni ham yetaklab kelgan bo‘lib, ular rahbariyat buyrug‘iga bo‘yin egmagan o‘qituvchidan ariza yozib, ishdan ketishni talab qilishadi… Maktab rahbariyatining mantig‘iga ko‘ra, bu yerda o‘qituvchi aybdor. Aslida-chi? Aslida, u qahramon edi. Lekin nega biz qahramonlarimizni jazolamoqdamiz? Qahramonlar jazolanar ekan, yosh avloddan qahramon chiqadimi?!.. U holda, qahramoni yo‘q yurtning taqdiri nima kechadi!?..

2. O‘qituvchi va byurokratizm.

Ta’limda qog‘oz shunchalar ko‘pki, o‘qituvchi ularning orasidan chiqib o‘quvchining, talabaning oldiga kelolmaydi. Bu ramziy ma’noda, albatta. Aslida, jismi keladi, xayollari qog‘ozda qoladi. Qog‘ozbozlik o‘z ishining ustasi mohir pedagokni ishga yaroqsiz qilib, kallasida alif ham yo‘q, lekin qog‘ozlarni taxt qilguvchi lo‘ttibozni to‘riga olib chiqadigan illatdir. Chunki mohiyatga e’tibor beradigan o‘qituvchi, odatda, qog‘ozlar bilan yaxshi ishlay olmaydi. Chunki uning tafakkur tarzi qog‘ozlarni muhim sanamaydi. O‘z ishiga, kasbiga sho‘ng‘igan bo‘ladi. Afsuski, hozir ko‘p joylarda qog‘oz ishlayapti. Hatto qog‘oz-hujjating zo‘rmi, demak, dars berishning hojati yo‘q, degan gap chiqqan ta’limda. Shuning negizida ta’lim rahbarlari yonida qog‘ozini taxt qilib qo‘yib, qo‘l qovushtirib turadigan qavm paydo bo‘lgan. Chunki ular o‘z bilimsizligini qog‘oz bilan to‘ldirmoqchi bo‘ladi (psixologiya fanidagi kompensatsiya hodisasining aynan o‘zi!) Qog‘oz ishlayotgan amaldagi ta’lim tizimida aynan mana shunday qog‘ozbozlar ter to‘kib ishlayotgan, haqiqiy pedagok, o‘z ishining mohir ustalari esa ishlamayotgan bo‘lib qolyaptiki, bunga chek qo‘ymoq kerak.

3. O‘qituvchi maoshi.

Maosh masalasi ham ta’limdagi eng muhim masalalardan biridir. Haqiqatning ko‘ziga tik qarab, gapning naqdini aytadigan bo‘lsak, o‘qituvchi hozirgi maoshi bilan ro‘zg‘or tebrata olmaydi. Halol o‘qituvchi bola-chaqasini boqaman, ro‘zg‘or tebrataman, deya ikkinchi, uchinchi ishlar boshini tutsa, xaromga o‘rgangan o‘qituvchi esa, ta’limdagi turli jarayonlarda (mas.,kirish va boshqa imtixonlar vaqtida) korrupsiyaga qo‘l urish payida bo‘ladi. “O‘g‘rilik qilish imkoniyati o‘g‘rilikni paydo qiladi” deydi hind xalqi. Ta’limda, umuman, jamiyatning biron sohasida o‘g‘rilik imkoniyatini qoldirmaslik lozim. Buning uchun esa, masalan, ta’limda har bir o‘qituvchiga yaxshi haq to‘lanmog‘i kerakki, “ro‘zg‘orimni qanday butlayman?” deya uning xayoli sochilmasin. Maboda, o‘qituvchi yaxshi haq olib ham astoydil ishlamasa, demak, bunday o‘qituvchi ta’limdek muqaddas dargohga nomunosib sanalib, ishdan butunlay ozod etilishi lozim bo‘ladi.

4. O‘qituvchi — ijodkor.

O‘qituvchi ayni vaqtda ijodkor hisoblanadi. Uning o‘z ustida ishlashi uchun imkon yaratishimiz kerak. Yaponiya bosh vaziridan mamlakatning texnologik taraqqiyotining siri nimada ekanligi so‘ralganda, uning javobi shunday bo‘lgan edi: “Biz o‘qituvchilarga vazirlarning maoshini, diplomatlarning daxlsizligini va imperatorning hurmatini berdik”. O‘qituvchini boshi-keti yo‘q tadbirlar o‘tkazish yoki shunday tadbirlarga qatnashishdan ozod qilib, ertangi darsga tayyorlanishi uchun bo‘sh vaqt qoldirish va bu vaqt ham ish soati hisobiga sanalsa qanday bo‘larkin, deb o‘ylab qolaman. 2017 yilda Yevropa mamlakatlaridan birida ishga borib kelish uchun yo‘lda sarflangan vaqt ham ish soati deb hisoblanishi haqida qaror qabul qilinganini o‘qidim. Bu bilan biz ham shunday qilaylik, demayman. Bilaman, aksariyatimiz hali bu haqda o‘ylashga ham tayyor emasmiz. Men hech qursa, o‘qituvchining ishlagan real soatlari uchun munosib haq to‘laylik demoqchiman. Yaqinda bir suratga ko‘zim tushdi. Unda tun manzarasi va ko‘pqavatli uy tasvirlangan. Hamma chiroqlar o‘chiq. Faqat bittasi yoniq. Suratning ostiga qarasangiz, shunday so‘zlar yozilgan: O‘QITUVCHI. Menimcha, izohga hojat yo‘q. Hamma uxlaganda ham mehnat qiladigan, shunga majbur bo‘ladigan birdan bir kasb egasi bu — o‘qituvchi! Lekin bu mehnatning haqini to‘lay olyapmizmi? Hech qursa, ma’naviy jihatdan uning qadriga yetyapmizmi?..

5. O‘qituvchi va hokimiyat.

“Hokimiyat ta’limdan qo‘lini tortishi kerak”, degan gaplarni o‘qidim ijtimoiy tarmoqlarda. Darhaqiqat, nega u ta’limga aralashadi? O‘qituvchi nega qishloq xo‘jaligi va yoki shahardagi obodonlashtirish, metallalom, qog‘oz to‘plash (makulatura), saylov qog‘ozlarini tarqatish, vatandosh (fuqaro)ni ro‘yxatga olish bilan shug‘ullanishi kerak? Axir, o‘qituvchiga bular uchun haq to‘lanmaydi-ku! Hatto mardikorga ham mehnat haqqi beriladi. Qolaversa, o‘qituvchining asl vazifasi nima edi?.. Hokimiyatning kuchi ko‘p, beli baquvvat bo‘lsa, ana, qancha ishsiz odam bor, ularga ish berib, qonuniy yollab ishlatsa, minglab ishsiz aholini ish bilan bandligini ta’minlagan, bu bilan xorijga ish izlab ketayotganlar sonini kamaytirgan bo‘ladi.

Ikkinchi masala bo‘yicha:

O‘qituvchi oldiga qo‘yiladigan talablar

1.O‘qituvchi o‘z fanini puxta bilsin. O‘quvchi yo talabaning ongi va ruhini uyg‘otsin! Unga sohaning asoslarini, fundamental bilimni bera olsin.
2.O‘qituvchi darslik va o‘quv qo‘lanma doirasida qolib ketmasin. Mustaqil fikrlay olsin, o‘quvchi va talabani ham shunga o‘rgata bilsin.
3.O‘qituvchi qaysi fandan dars bersa bersin, zamon nafasini his qilsin, zamondosh inson zimmasiga davr yuklayotgan vazifalarni yaxshi tushunsin va tushuntirib bersin. Ya’ni zamon bilan hamnafas yurib, o‘z fanini hayot bilan, hayot yosh avlod oldiga qo‘yayotgan muammolar bilan bog‘lay olsin. Ya’ni o‘qituvchining almisoqda qotib qolgan tafakkuri sabab butun boshli fan o‘quvchi-talabalar nazarida hayotdan uzilib qolmasin.
4. Moddiy, ma’naviy va huquqiy jihatdan himoyalanganiga qaramay, o‘qituvchi o‘z o‘rniga nomunosib bo‘lsa, ya’ni mutaxassis sifatida talabga javob bermasa yo sha’niga nomunosib ish tutsa, masalan, ta’magirlik qilsa, uning mehnat daftarchasiga shunday bir alohida muhr tushsinki, bu muhr uni ta’lim sohasiga yaqinlashishga umrbod yo‘l qo‘ymasin.

II. Barqaror ta’lim tizimi masalasi

Qat’iy ishladigan, o‘n yillar mobaynida asosiy mezonlarini o‘zgartirmaydigan, maboda o‘zgarishlar bo‘lsa, ularni o‘ziga singdirib olib, yana-da kuchli bo‘lib boradigan ta’lim tizimini yaratishimiz kerak, deb o‘ylayman. Har yili, har oyda o‘zgarib turadigan tizimga esa suyanib bo‘lmaydi. Umuman, jamiyatda har qanday tizim agar juda qisqa vaqt mobaynida o‘zgarishlarga uchrayversa, bunday jamiyatda yashovchi insonlar o‘zlarini baxtsiz his qilishadi. Xuddi shunday, juda tez o‘zgaruvchan ta’lim tizimi ham o‘qituvchi shaxsini parchalab tashlaydi. Natijada na tizim qoladi va na uni tutib turadigan o‘qituvchi shaxsi. O‘qituvchi shaxsi butun emasmi, demak, u ta’lim-tarbiya beradigan o‘quvchi-talabalar shaxsiyatining butunligi haqida ham gapirib bo‘lmaydi. Demak, eng muhim ikkinchi masala barqaror ta’lim tizimini yaratishdir. Buning uchun esa, nazarimda, quyidagilarga e’tibor bermoq kerak:

1. Darslik va o‘quv qo‘llanmalar.

Hozirda darslik va o‘quv qo‘llanmalar yetishmayotganligi tufayli har bir o‘qituvchi o‘z fani bo‘yicha “o‘quv majmua”si yozib oladi. To‘g‘rirog‘i, komissiyaning “nazari” uchun yozadi. Aslida esa, bu kabi u yer-bu yerdan ko‘chirilib muqovalangan majmualar hech kimga kerak bo‘lmaydi. Fikrimcha, kerakli darslik va o‘quv qo‘llanmalar Respublikada bu ishga qobil, tajribali olimlar guruhlari, masalan, Fanlar akademiyasi institutlari mutaxassislari yoki o‘z sohasini puxta egallagan olim-o‘qituvchilar, ayni paytda, bularning hammasidan saralangan ishchi guruh tomonidan yozilsa va yetarli miqdorda chop etilib tarqatilsa, maqsadga muvofiq bo‘ladi. Shu ma’noda darslik va o‘quv qo‘llanmalar butun Respublika bo‘ylab standart holga kelishi hamda ularning miqdori yetarli bo‘lishi foydadan holi emas.

2. Mutaxasislik fanlari.

Ixtisoslik bo‘yicha fanlarni kuchaytirib, sohaga aloqasi kam bo‘lgan fanlarni yo butunlay olib tashlash yo soatlarini kamaytirish lozim bo‘ladi. Yo‘qsa, ba’zan oliy matematika, informatikaga o‘xshash fanlar, masalan, ijtimoiy-gumanitar fakultetlarida haddan ziyod ko‘p. Shuning natijasida, masalan, filologiya sohalarida talaba o‘z sohasini tuzukroq bilishga imkon topolmaydi. Ularning hozirgi adabiy jarayondan deyarli xabari yo‘q. Zamonning zabardast yozuvchi, shoir va dramaturglarini yaxshi yoki mutlaqo tanimaydi. Maktabda eshitgan yo o‘qigan “O‘tkan kunlar”dan nariga o‘tolmaydi. Buning uchun esa bevosita mutaxassislikka aloqador fanlar soatlarini ko‘paytirish lozim bo‘ladi.

3. Test masalasi.

Test kerakmi? U o‘zini qanchalik oqla(y)di? Kerak bo‘lsa, qaysi sohalar uchun? Ya’ni testni sohalar bo‘yicha tanlab qo‘llash kerakmi yoki yoppasiga tadbiq etish tuzukmi?.. Bu kabi savollar necha yildan beri ko‘pchilikni o‘ylatadi. Test tizimi islohga muhtoj ekanligini majlisda O‘zbekiston xalq rassomi Akmal Nur savoliga O‘zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev bergan jo‘yali javobdan ham mu’lum edi. O‘shanda Akmal Nur matematikadan test borligi uchun rassomchilik institutiga ne-ne iste’dodli yoshlar kirolmayotganini aytganda, Prezident o‘sha onning o‘zidayoq bunday ijod turida matematikadan test nima qiladi, degan fikrni bildirib, testni olib tashlatgan edi. Buni ko‘rib kamina “Bo‘lar ekan-ku!” deya quvonganim esimda. O‘ylaymanki, xuddi shunday javob Respublikamiz bo‘ylab ko‘plab, ayniqsa, ijtimoiy-gumanitar sohalar uchun zarur bo‘lib turibdi.

Hozirda amal qilayotgan testlarning saviyasiga kelsak, ularda kurakda turmaydigan savollar juda ko‘p. Aksar savolarni tuturiqsiz va mantiqsiz deb atasak ham bo‘laveradi. Masalan, filologiya, til va adabiyot yo‘nalishlarida bitta she’rdan parcha berib, “qachon, kim tomonidan yozilgan?” degan savol qo‘yiladi. Bitta she’rni qachon yo kim tomonidan yozilgani o‘quvchi yo bo‘lg‘usi talabaga nima beradi? Bunday raqamlarni yodlab olish yoshlarni qayerga olib boradi? Manqurt bo‘lishga emasmi? Ularni fikrlashga undaydigan savollar tuzsa bo‘lmaydimi? O‘qishga kirish xotira jangi bo‘lib ketmadimi? Kimning xotirasi kuchli bo‘lsa, o‘sha g‘olibmi? Bu qanday mantiq?.. (Bobur “Boburnoma”da Ulug‘bek davrida hofizasi o‘ta kuchli bir inson bo‘lganligini, nimaiki eshitsa, miridan sirigacha xotirasida saqlab qolishini hayratlanib yozadi. Lekin qani o‘sha o‘ta kuchli xotirasi bor inson? Qani undan qolgan ma’naviy yo boshqa meros? Xotirasi unikiga tenglasholmagan Ulug‘bek va Bobur esa biz bilan yashab kelyapti!Demak, kuchli xotiraga ega bo‘lish yaxshi, lekin u foydali bo‘lishning asosiy va birdan bir sharti emas ekan-ku! Bas, shunday ekan, “xotira musobaqasi”ga chek qo‘ymoq kerak!) Fikrlash-chi? Xulosalar chiqarish-chi? Hayotga tadbiq etish-chi?.. Masalan, “bu she’r qanday she’r: realistikmi yo modernistik hamda nima uchun?” degandek savollar tuzilsa, abituriyent bitta savolga javob berish uchun she’rning har xil turlaridan voqif bo‘lishga intiladi, natijada adabiyotdagi realizm, modernizm degan hodisalar mohiyatini tushunishga harakat qiladi. Bu hodisalar esa bevosita fanning asoslari bilan bog‘liq. Demak, test savollari u yoki bu fanning asoslarini, mohiyatini bilishga qaratilgan bo‘lishi kerak, aslo hech qachon hech qanday vaziyatda foydasi bo‘lmaydigan mayda informatsiyalarni quruq yodlashga emas. Bir zamonlar, XX asr boshlarigacha eski maktablarda o‘qitilgan “Haftiyak” (Qur’onning yettidan biri)ni o‘rganishga bag‘ishlangan darslar ma’nosi tushuntirilmaydigan, quruq yod olishdan iborat darslar, deya tanqid qilingan edi. Bugun test tizimi “sharofati” bilan o‘zimiz ham ana shu eski maktab holiga tushib qolmadikmikan, degan o‘ylar qiynaydi meni.

Ta’lim tizimining islohga muhtojligi yana shu narsada ko‘rinadiki, litseylar o‘quvchini oliy o‘quv yurtlariga tayyorlashi mo‘ljal qilingan bo‘lsa ham, bolalarimiz litseylarda emas, balki ota-onalarining ne-ne pullarini sarflab repetitor qo‘llarida o‘qishmoqda. Repetitor ham olgan puli evaziga abituriyentni fikrlashga emas, quruq yod olishga o‘rgatadi. Yod olingan informatsiyalar esa, hayotda deyarli asqotmaydi. Natijada “Ta’limni hayot bilan bog‘laylik!” deya jar solging keladi.

4. Insho va og‘zaki imtihon.

Insho yozishni qayta yo‘lga qo‘yish kerak. Insho savodxonlikni baholashning eng optimal yo‘li. O‘tgan yili Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetida insho kirish imtixonlaridan biri sifatida yo‘lga qo‘yildi va juda to‘g‘ri qilindi. Shuning uchun ham talabalarimiz orasida dadillari ko‘p. Yana, ayniqsa, ijtimoiy-gumanitar sohalarda og‘zaki imtixon shart qilib qo‘yilishi maqsadga muvofiq. Og‘zaki imtixon kirish va o‘quv jarayonida ham kerak. Test juda nisbiy tushuncha. U talabaning umumiy tayyorgarligini emas, u yoki bu konkret savolga konkret javobini tekshiradi, xolos. Fan bo‘yicha, avvalo, umumiy bilim, talabgorning dunyoqarashi va fikrlash salohiyati baholanmog‘i kerak. Test ko‘proq aniq fanlarda o‘zini oqlashi mumkin. Shuning uchun ham ijtimoiy-gumanitar sohalarda uning hissasini minimumga tushirish juda dolzarb masaladir.

5. Xorijdan o‘rganish tendensiyasi.

Ko‘lmakda abadiy qolib kun kechirish baliq uchun fojia emasdir, lekin yuksak tafakkur egasi bo‘lgan inson uchun halokat bilan baravardir. Ayniqsa, hozir! Shuning uchun ham jahonning ilg‘or jamiyatlari yutuqlari tig‘iz bir tarzda o‘rganilmoqda. Bu — yaxshi. Axir, velosipedni qaytadan kashf qilish kimga va nega kerak? Lekin bu masalada me’yorni saqlamoq lozim, deb o‘ylayman. Ya’ni xorijdan o‘rganish xorijga sig‘inishga aylanib ketmasin. Xorijdan olayotgan hamma narsamiz ham yaxshi bo‘lmasligi, aksincha, eski deya voz kechayotgan o‘zimizning hamma ishlarimiz ham yomon bo‘lmasligi mumkin. Ya’ni tog‘oradagi kir suviga qo‘shib, ichidagi bolani ham to‘kib yubormaylik. Saralaylik, saylaylik. Chunonchi, kamina jahon adabiyoti fani bo‘yicha ingliz tilida yozilgan ikki-uch darslik va qo‘lanmalarni tarjimon yordamida ko‘rib chiqdim. Hatto G‘arb adabiyotining ulkan yozuvchilaridan biri Jeyms Joysga bag‘ishlangan qismini tarjima ham qildirdim. Natijada shunga amin bo‘ldimki, xorijda mavzuga erkin yondashish o‘ta kuchli bo‘lib, adabiy portret esse janri yo‘lida erkin yozilgan bo‘lib chiqdi. Aslida, darslik bo‘lgandan keyin talaba yo o‘quvchiga avvalo fundamental bilim berish kerak bo‘ladi. Uslub ham ilmiy bo‘lishi taqozo etiladi. Demak, ijtimoiy-gumanitar sohalarda o‘zimizda shakllanib kelgan uslub – talabaga, avvalo, fundamental ilm berish yo‘li har tomonlama o‘zini oqlaydi. Undan voz kechish masalaning, demakki, fanning tub mohiyatidan uzoqlashishdir. Esse yo‘lida yozilgan boshqa adabiyotlar (jumladan, xorijiy adabiyotlar) esa, qo‘shimcha manba sifatida tavsiya qilinishi maqsadga muvofiq bo‘ladi. Aniq fanlarda esa manzara yanada boshqacha bo‘lishi mumkin va shu “boshqachalik” hisobga olinmog‘i lozim.

6. Mutaxassis kadrlar va “epaqa”lar.

Kuzatishimcha, har bir sohaning yetuk malakali kadrlarining talay bir qismi sohadan tashqarida rizqini terib yuribdi. Sohaning o‘zida esa, hali pishib yetilmagan, kadr sifatida o‘ta xom, goho esa sohaga butunlay begona, lekin tashkiliy masalalarda rahbar nima desa, “zuv” etib uchib bajaradigan serta’zim, shaxsiyatsiz “epaqa”lar ko‘payib ketib, ta’lim sifati juda tushib ketdi. Nazarimda, chetda, hatto boshqa sohalarda ishlab yurgan malakali kadrlarni, o‘z sohasining chinakam ustalarini yana sohaga jalb qilish, “epaqa”lar energiyasini ham fanga yo‘naltirib ko‘rish, maboda, bundan biron naf chiqmasa, ulardan butunlay voz kechish yo‘lidan borish kerak. Chunki aynan mana shunday “epaqa”lar ta’zim qila-qila, axiyri, bir kursini egallab oladi-da, endi o‘zlari ham boshqalarni o‘ziga ta’zim qilish marosimini boshlab yuboradi. Natijada bunday serta’zimlar bosh bo‘lgan tashkilotda soha inqirozga yuz tutadi.

7. Piar.

Ta’lim sohasida piar ko‘paygandan ko‘payganini aytish lozim. Shu darajadaki, gohida o‘qituvchi darsga kirib, 50 ta talabadan 25 tasini topolmaydi. “Qani ular?” degan savoliga “tadbir yoki bayramga tayyorgarlik ko‘rishyapti, rahbariyatning ruxsati bor”, degan javobni oladi. Bayramlar bo‘lsin! Ular hammamizniki. Lekin bayramu tadbir marosimlarini uyushtirishning boshqa yo‘llari yo‘qmikan? Axir, talaba bu dargohda nima uchun yuribdi? Ularning birlamchi vazifasi nima edi? Bu ketishda ertaga u mutaxassis sifatida kim bo‘lib yetishadi va kimlarni tarbiyalab beradi?.. Bu haqda jiddiy o‘ylash kerak.

8. Komissiya.

Sir emas, ta’lim sohasini tez-tez komissiya “bosib” turadi. Albatta, bu ish nazorat qilishdek ezgu niyatda amalga oshiriladi. Lekin bu gap nazariy jihatdan to‘g‘ri, xolos. Amalda komissiya nazorati o‘zini oqlamayapti. Komissiya a’zolari dars sifatini tekshirmaydi. Chunki ular, odatda, soha mutaxassisi bo‘lmagani uchun real dars sifatini tekshira olmaydi. Shuning uchun ham qog‘ozga, hujjatga yopishadi. Qog‘ozni ular yod bilishadi. Xat-hujjat joyida bo‘lsa, xo‘p-xo‘p, aksi taqdirda, yomon baho berib, rahbariyat ta’bini tirriq qiladi. Rahbariyat esa o‘z navbatida butun achchig‘ini o‘qituvchiga sochadi. Agar o‘qituvchi Respublikadagi eng ilg‘or mutaxassis bo‘lsa ham qog‘ozida biron kamchilik topilsa, u mutlaqo ishlamayaptiga chiqariladi, xayfsan beriladi, “Yana takrorlansa, ariza yozasan!”, deya ogohlantiriladi. Natijada talay o‘qituvchilar ming xil topshiriqdan qolgan vaqtini dars sifatiga emas, balki xat-hujjatining “sarishtaligi»ga bag‘ishlaydi. Buning nima oqibatlarga olib kelishi esa sir emas. Chunki o‘sha hujjat komissiyadan boshqa hech kimga kerak emas, ma’lum vaqt o‘tgach, ular makulaturaga topshiriladi. Demak, aksariyat hollarda o‘qituvchining kamida yarim kuchi, asabi, umri makulaturaga aylanayotgan qog‘ozlarga sarflanib sob bo‘lmoqda.

9. Malaka oshirish.

Ta’limda har uch yilda malaka oshiriladi. Zamon shiddat bilan o‘zgarib boryapti. Demak, har bir sohada bu vaqt mobaynida o‘ziga yarasha yangiliklar sodir bo‘lgan bo‘ladi va mutaxassis o‘sha yangiliklardan boxabar bo‘lishi talab etiladi. Nazariy jihatdan hammasi to‘g‘ri. Lekin amalda bu borada ham talay muammolar mavjud. Muammo, shundaki, o‘qituvchi malakasi o‘zi dars beradigan fandan tashqari juda ko‘plab boshqa fanlar bo‘yicha oshirilishi talab qilinadi. Axir, bu fanlar umumiy ma’noda kerak, lekin mutaxassis sifatida unga, avvalo, o‘z fanidagi yangiliklardan xabardorlik zarur bo‘lmaydimi? Har bir zamonaviy o‘qituvchi, masalan, kompterni o‘z faoliyatiga kifoya qilgulik darajada egallagan bo‘ladi. Shunday ekan, undan kompyuter dasturlovchisi uchungina kerakli bo‘ladigan mu’lumotlarni yoddan bilishni talab qilish kimga va nimaga kerak? Kurakda turmaydigan talablar! Bu hol yuqorida eslaganimiz — bo‘lg‘usi rassomlardan matematikani talab qilishdek gap. Yana bir muammo shuki, malaka oshirishning muddati ikki oy. Bu juda uzoq muddat. Ayniqsa, viloyatdan keladigan o‘qituvchilar oilasidan shuncha vaqtga ajralib chiqadi, unga bu ikki oy uchun to‘lanadigan ish haqi ham yo‘l va ovqat harajatlariga sarf bo‘ladi. Bunday holda uning oilasi nima bilan tirikchilik qiladi? Qolaversa, malaka oshirish kurslaridagi sovuq va begona munosabat bu bechora o‘qituvchilar ko‘nglini o‘ksitadi. Mutaxassis fanlari kamaytirilib, yondosh, ikkinchi darajali fanlar ikki oy davomida o‘qitiladi va shu fanlar bo‘yicha tuzilgan murakkab savollarga test orqali javob berish talab qilinadi. Bu savollar xarakteri kirish imtixonlarida abituriyentlarga beriladigan savollarnikidan uncha farq qilmaydi. Mohiyatni ochishga emas, quruq yod olishga qaratilgan savollardir ular. Men o‘z ko‘zim bilan bu savollarga javob berolmay, hammaning oldida yosh boladek mulzam bo‘lgan professor-o‘qituvchilarni ko‘rdim. Ular o‘z sohalarining bilimdonlari bo‘lishiga qaramay, “malaka oshirishdan o‘tolmadi”, degan tavqi la’natni ko‘tarib yurishga majbur bo‘lishadi. Shularni hisobga olib, malaka oshirish muddatini 1 oyga tushirish hamda har bir viloyat o‘qituvchilarining o‘zi yashayotgan joyga yaqin hududiy malaka oshirish kurslariga jalb qilish, shuningdek, malaka oshirishda o‘qitiladigan fanlar imkon qadar sohaga oid bo‘lishini ta’minlash kelajagimiz maqsadiga muvofiqdir. Sohaga oid bo‘lmagan fanlardan esa, test topshirish talab qilinmasligi lozim.

10. Tanlov.

Ta’limda korrupsiya, tanish-bilishchilik va g‘irrom yo‘llarga chek qo‘yib, abituriyentlarni halol yo‘l bilan tanlab olmas, ishni shundan boshlamas ekanmiz, sohada haqiqiy ma’noda o‘zgarish qilish qiyin. Chunki aniq fanga moyil bolani gumanitar, gumanitar fanga munosibini esa aniq fanlarga qabul qilish xatoning boshidir. Bu holda bola o‘z iste’dodini yarmini ham sarflay olmaydi. Boshqacha aytganda, zoveterener bo‘lishi kerak bo‘lgan bola yigirma yil to‘p tepsa ham futbol maydonida mamlakat sha’nini munosib ravishda himoya qilishning uddasidan chiqolmaydi. Yoki non yopib yursa, elga foydasi ko‘proq tegadigan yigitchaning nohalol yo‘l bilan orttirgan diplomi va tanish-bilishi vositasida kelib u yoki bu tashkilotga rahbarlik qilishi o‘sha tashkilot inqirozining ayni o‘zidir. Shuning uchun ham har bir insonning tabiati, qiziqishlari, layoqatidan kelib chiqib kasblarga, o‘qishlarga yo‘naltiradigan tizimni tezroq yaratishimiz kerak. Kamina “Muvozanat” romanida bu haqdagi qarashlarimni ancha batafsil yoritishga harakat qilganman.

XULOSALAR

Vrach inson tanasini davolaydi. O‘qituvchi esa uning ongi va qalbiga kirib boradi. Jamiyatda meditsinayu vrachning o‘rni qanchalar muhim bo‘lsa, o‘qituvchining o‘rni unikidan aslo kam emas. Faqat vrachning yutug‘iyu kamchiligi juda tez yoki o‘sha ondayoq bilinsa, o‘qituvchining foydayu zarari uzoq yillar o‘tgachgina ayon bo‘ladi. Aslida, o‘qituvchining ta’sir doirasi nihoyatda keng. Butun-butun xalqlar taqdiri o‘qituvchilarga, ularning saviyasiga bog‘liq ekani bugun hech kimga sir bo‘lmay qoldi. Bas, shunday ekan, kelajagimizga befarq qaramaylik. O‘qituvchi yosh avlodni voyaga yetkazadi. Yosh avlod esa kelajakka ega chiqadi. Hammamiz – yosh va qari kelajagimizning, ertamizning yorug‘ bo‘lishidan manfaatdormiz!

Yaqinda yigirma uch — yigirma to‘rt yoshlardagi, urinishlarining to‘rtinchi yili o‘qishga kirishga muvaffaq bo‘lgan birinchi kurs talabasi shunday deb qoldi: “Ta’limda qing‘ir ishlar shunchalar chuqur tomir otganki, shaxsan men hech qanday islohotga ishonmayman!”. Nega? Nima uchun ta’lim shu holga kelib qoldi? Nega ayrim yoshlarimiz ta’limga, uning isloh bo‘lishiga ishonmay qo‘ydi? Ishonchni qaytarish uchun nima qilish kerak?.. O‘ylaymanki, bu kabi og‘ir savollarga endi javoblar topiladi va beriladi.

O‘zbekiston Prezidentining “Harakatlar strategiyasi”ning 4.4 bandida ko‘rsatgan “Ta’lim va fan sohasini rivojlantirish” to‘g‘risidagi ko‘rsatmalari ta’limni tubdan isloh qilish zaruratini bildiradi. Madomiki, isloh zarurati hukumat darajasida qabul qilinib, uni tuzatishga harakat qilinayotgan ekan, o‘z va xorij tajribalarimizdan kelib chiqqan holda, yurtimizning shu soha vakillariyu ziyolilari ta’lim tizimi bilan bog‘liq butun taklif va mulohazalarini o‘rtaga tashlashlari kerak, deb o‘ylayman. Mavjud muammoni ko‘rib turib ko‘rmagandek yurish esa ziyoliga, umuman, inson degan nomga yarashmaydi. Aksincha, vijdoni uyg‘oq har bir ziyoli inson jamiyatdagi muammolardan jar solib turguvchi SOS signaliga aylanishi kerak, toki Vatan deb atalgan muqaddas kemamiz suvlarga cho‘kmasin! Men ushbu bitikni shu ezgu maqsadda yozdim. Yo‘qsa, universitetda dars berayotgan bir o‘qituvchi sifatida biron kishidan, biron rahbardan norozi bo‘lib qo‘limga qalam olmadim. Ya’ni mening butun mulohazalarim Respublika ta’lim tizimi bilan bog‘liq, aslo biron bir rahbarga qaratilgan emas. Axir, rahbarlar ham o‘zimizniki, elimizning farzandlari, ular begona emas. Ishonchim komilki, tizim isloh qilinar ekan, rahbarlar ham o‘zgaradi, ish yuradi.

Biz kelajagi buyuk davlat qurmoqchimiz. Men bu haqda juda ko‘p o‘yladim. Axiyri, shunday xulosaga keldimki, bizning buyuk bo‘lishdan o‘zga choramiz ham yo‘q ekan. Buyuk bo‘lolmasak, bu o‘zgaruvchan va shafqatsiz dunyoda yashab qolishimiz amri mahol! Chunki “Dunyo — bizniki!” deya jar solayotgan juda azim kuchlar orasida yashayapmiz. Bugun va kelajakda ularga bas kelish uchun, ularning kayfiyati va rejalarida erib, assimilyatsiya bo‘lib ketmaslik uchun ham buyuk bo‘lishimiz shart! Kelajak, ma’lumki, yoshlarniki! Yoshlar esa, o‘qituvchilarning, murabbiylarning qo‘lida! Demak, o‘qituvchiga to‘g‘ri munosabatni shakllantirmas, ta’lim tizimini to‘g‘ri yo‘lga qo‘ymas ekanmiz, orzular armonga aylanishi hech gap emas. Bundan esa, Yaratganning O‘zi asrasin!

Albatta, bu bitikdagi mulohaza va takliflardan-da jo‘yaliroq, konstruktivroq takliflar Ciz — azizlarda bo‘lishi mumkin. Men bunga ishonaman. Ularni ham o‘rtaga tashlab, muhokama qilsak hamda chiqargan xulosalarimizning eng yaxshilarini Respublika ta’lim tizimidagi mutasaddi rahbar do‘stlarimiz saylab olib, amaliyotga tadbiq etishsa, umid qilamanki, kelajak avlod buning uchun hammamizdan faqat minnatdor bo‘ladi.

2016 yil, sentyabr — 2018 yil, mart

04

(Tashriflar: umumiy 993, bugungi 1)

1 izoh

  1. мени уйлантириб юрган ажойиб мавзу! бу маколани «Маърифат» газетасида хам чоп этиш, укитувчиларнинг фикрини урганиш шарт.

Izoh qoldiring