Dostoevskiy va uch ayol muhabbati.

09

  Ҳар қандай, боз устига ижодкор инсон ҳаётида бўлганидек, муҳаббат кечинмалари Достоевский ижодига шубҳасиз таъсир кўрсатган. Достоевский ўзи севган аёлларнинг, масалан,Мария Дмитриевнанинг фазилатларини асарлари қаҳрамонлари: Катерина Мармеладова, Катерина Верховенская ва Настасья Филипповнага сингдириб юборган.

096
Анвар Намозов
null

Фёдор Михайлович Достоевский. Жаҳон адабиётида чуқур из қолдирган истеъдодли ва машҳур ёзувчи. Унинг асарлари дунё миқёсида миллионлаб инсонлар тафаккурига чуқур таъсир кўрсатган. Достоевскийни ўзининг севимли муаллифи деб ҳисоблайдиганлар жуда кўп. Дунёнинг машҳурлар кишилари унинг асарларини тенги йўқ деб баҳолайдилар. Достоевский китоблари бугунги кунда ҳам чоп этилмоқда, асарлари саҳналаштирилиб, фильмлар суратга олинмоқда. Оддий ўқувчи, орадан юз йил ўтиб бўлса-да, сўзлари ва фикрлари долзарблигини йўқотмайдиган бу даҳо ёзувчининг шахсий ҳаёти ҳақида билавермаса керак. Ваҳоланки, Достоевский қисмат битигида бир қанча кўргиликлар ёзилган эди.

Оиладаги жанжаллар ва… тутқаноқ

13 11

   Фёдор Михайлович Достоевский 1821 йил 30 октябрда Москвада Михаил Андреевич ва Мария Фёдоровна Достоевскийлар оиласида туғилган. Оила бошлиғи штаб-шифокор, қўли гул табиб бўлиб, талабчан ва жиддий одам эди. Мария Фёдоровна эса мулойим ва хушахлоқ, эрининг оғир феъл-атворини тушунадиган аёл бўлган.

Бўлажак ёзувчи оилада саккиз фарзанднинг иккинчиси эди. Болалар ўзаро аҳил-иноқ, бироқ ота-онасининг тез-тез рўй берадиган жанжалларига гувоҳ бўлишарди. Айнан отанинг феъли туфайли, Фёдор 16 ёшида биринчи жудоликни бошидан ўтказди – онаси вафот этди. Бу орада Фёдор ва акаси Михаил Москвадаги хусусий пансионатлардан бирида таҳсил олиб, Петербург ҳарбий-муҳандислик билим юртининг талабаларига айланишганди.

1839 йили Достоевскийлар хонадони яна бир мусибатга дучор бўлди: мияга қон қуйилиши оқибатида оила бошлиғи ҳам ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда турли миш-мишлар оралаб қолди: уни қўл остидаги деҳқонлар ўлдиришган ёки боённинг ўзи қизлар билан шакаргуфторлик қилаётиб, ўлгудек ичган-у ажал топган. Бу ҳақиқатми, йўқми, ҳеч ким аниқ айтолмайди, бироқ Фёдорнинг саломатлигига улкан путур етгани бор гап: Достоевскийни умрининг охиригача таъқиб қилган тутқаноқ биринчи марта ўшанда юз берди.

Отишга ҳукм

022  Билим юртини тугатган Фёдор чизма муҳандислик департаментига ишга кирди. Аммо 1844 йили ўзини адабий фаолиятга бахш этиш учун истеъфога чиқди. 1846 йили Фёдор Михайловичнинг биринчи қиссаси – “Бечора одамлар” эълон қилинди. Унга билим юртида ўқиган пайтидан буён таниш адабиётшунос Дмитрий Григорович ҳар томонлама ёрдам берганди. Ёш ҳаваскор ёзувчининг асарини айнан у Некрасовга олиб борди ва Некрасов ўзининг журналида чоп этди.

“Бечора одамлар” эълон қилинганидан сўнг жамоатчилик ёш ёзувчини рус адабиётининг умидли адиби сифатида тилга ола бошлади. Белинский Достоевский асарини юксак баҳолади. Бу, афтидан, ташвишлардан холи ижод йўлининг бошланиши эди, бироқ ёш ёзувчи олдинда улкан синовлар кутиб турганини қаердан билсин!

Достоевскийнинг илк қиссасидан сўнг эълон қилинган асарлари аввалги муваффақиятини таъминлай олмади. Қолаверса, у тақиқланган китоблар коллекциясига эга бўлган инсон – ташқи ишлар вазирлиги ходими Михаил Петрашевскийнинг ҳузурига бориб турарди. Ўзини декабристлар ишининг давомчиси ва утопик социализм тарафдори ҳисоблаган Петрашевский ёш ҳаммаслагига мазкур адабиётларни ўқиши учун бажонидил имконият яратиб берди.

Петрашевский ҳузурида энг оғриқли мавзуларни муҳокама қилишни севадиган зиёли кишилар тўпланишарди. Улар тарғиб қилаётган ғоялар Достоевский учун ёт бўлиб, у вақтни ўтказмай, бу муҳитдан узоқлашиши ҳам мумкин эди. Аммо қисмат бошқа кўргиликни раво кўрди. Петрашевскийлар “Белинскийнинг Гоголга мактуби” асарини ўқишда айбландилар. Бу асар инқилобий адабиёт сифатида тақиқланган эди. 1825 йилдаги воқеалар такрорланишидан қўрққан Николай I ҳурфикрлиларни отишга ҳукм қилди.

Очилган ва ёпилган журнал

1849 йилнинг 22 декабрида тўққиз кишини қатл майдонидаги тахтасупага олиб чиқишди. Руҳонийнинг мусобаҳасидан сўнг дастлабки уч кишининг бошига кулоҳ кийдирилиб, устунга боғладилар. Аскарлар милтиқни кўтариб, ўқ узиш учун буйруқни кута бошлашди. Бир лаҳзада – ва ҳаммаси тамом. Ана шунда судланганларнинг жазоси алмаштирилгани эълон қилинди: отув тўрт йиллик сургун ва Сибирга юбориш билан ўзгарган эди. Ўлимга ҳукм қилинганлардан бири Николай Григорьев ақлдан озиб қолди (унинг қатл олдидаги кечинмаларини Достоевский “Телба” романида княз Мишкин сўзлари орқали ифодалаган).
1850 йилнинг январь ойида Достоевский Омск қалъасига олиб борилди. У жазони тўла-тўкис – 1854 йилгача ўтади. Сургундаги оғир меҳнат йиллари ёш ёзувчига инсон тимсоли ва тақдирини акс эттириш борасида бебаҳо тажриба ва имконият берди. Ёзувчи умрининг мазкур даврига бағишлаб “Ўлик уйдан мактублар” асарини ёзди ва бу китоб кейинчалик адабий классикага айланди.

08Сургундан сўнг Достоевский Сибирь чегара батальони оддий жангчиси бўлиб ёзилди ва хизмат қилди. Шу билан бир қаторда ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклашни сўраб, 1856 йили офицер унвонини олди. Орадан уч йил ўтгач, у хизматини ўтаётган Семипалатинскни тарк этди ва Тверга, кейин эса, ниҳоят яшаши учун рухсат берилган Петербург томон йўл олди. Бу ерда акаси Михаил билан “Время” (“Вақт”) журналига асос солди. Тез орада нашр саҳифаларида “Хўрланган ва ҳақоратланганлар”, шунингдек, “Ўлик уйдан мактублар” чоп этила бошланди.

Цензура билан боғлиқ муаммо туфайли, 1864 йили журнал ёпилди. Шундан сўнг Достоевскийлар “Эпоха” (“Давр”) номли янги журнал очдилар. Бироқ ушбу нашр узоққа бормади: ўша йилнинг апрелида ёзувчининг акаси Михаил ҳаётдан кўз юмди. Журналнинг охирги сони орадан бир йил ўтиб озгина ададда чоп этилди. Достоевский дам олиш ва дунё кўриш учун узоқ вақтдан буён орзу қилган Европа шаҳарлари бўйлаб саёҳатга чиқди. Аслида бу саёҳатдан яна бир мурод бор эди.

Наҳот ҳаёт зорланишлардан иборат?

Ҳар қандай, боз устига ижодкор инсон ҳаётида бўлганидек, муҳаббат кечинмалари Достоевский ижодига шубҳасиз таъсир кўрсатган. У ўзининг илк чуқур ҳиссиётларни сургундан сўнг бошдан ўтказган эди. Ёзувчи Семипалатинскда бўлганида муҳим топшириқлар бўйича амалдор шахснинг хотини Мария Дмитриевна Исаева билан танишди. Тақдирнинг турфа зарбаларини қарангки, эр ичкиликка муккасидан кетган, ёш болани хотини ўстирар, боз устига бечора бека сил касаллигига йўлиққанди. Шундай бўлса-да, Мария Исаева бетакрор ташқи гўзалликка эга эди (ҳар қалай унда французлар қони оқарди).

05Достоевский Мария Дмитриевнанинг фазилатларини ўзининг қаҳрамонлари: Катерина Мармеладова, Катерина Верховенская ва Настасья Филипповнага сингдириб юборган. Аслида Мария Исаева инжиқ, салга хафа бўладиган аёл эди. У тез толиқар, бош оғриғидан азоб чекар, кўп зорланарди.

Мария Дмитриевна Достоевскийга соатлаб ранж-аламлари, шикоятларини достон қиларди. У ёзувчининг қалб ҳароратидан соатлаб баҳра оларди. Шу боис, тезда Достоевскийга боғланиб қолди, бироқ улар ўртасида қандайдир парда бор эди.

1855 йили Мария Дмитриевналар оиласини Кузнецкка кўчиришди. Ўша йилнинг августида Исаев вафот этди. Достоевский учун имконият туғилганди. Бироқ бахт йўлида яна тўсиқ пайдо бўлди: Вергунов фамилияли ўқитувчи Мария Исаевага гирдикапалак бўла бошлади. Достоевский унга йўл бериб, маҳбубасининг бахти учун ҳам ортига чекинди. Аммо Исаева эса айнан ёзувчини танлади. Ҳаммаси яхши бўлди, аммо… Достоевский бу никоҳидан бахтини топа олмади: унинг хотинидан фарзандлари йўқ, қолаверса, Мария Дмитриевнани эрининг ижоди зиғирча ҳам қизиқтирмасди. У ҳануз асабий, қандайдир жазавага тушган эди. Эр-хотиннинг ҳар иккаласи ҳам бир-бирларини абадул-абад севишига ишонтиришга уринар, ўзаро жанжаллашишар, ёзғиришар, зарда қилиб, маломат ёғдиришар, оқибатда тинкалари қурирди. Мария Дмитриевна ўтакетган тажанг аёлга айланиб, боз устига ҳалокатли сил уни тобора сиқиб борарди… Буларнинг ҳаммаси ёзувчи жисмида тутқаноқ хуруж қилишига сабаб бўлди. Ҳар иккиси ҳам ўз никоҳларини кўмиш арафасида эди. Ана шундай кунларда ёзувчининг ҳаётида бошқа аёл пайдо бўлди.

Ёш ва алдоқчи муҳаббат

0661861 йил. Талабалар ҳузурида сўзга чиққан Достоевский олдига ёш мухлиса келди. У 22 ёшли Апполинария Суслова – Петербург университетининг тингловчиси бўлиб, ёзувчи истеъдодини ниҳоятда қардлашини айтди. Полинанинг (уйдагилари шундай деб чақиришарди) отаси ўзи ва оиласини помешчикдан пул тўлаб халос қилган деҳқон эди. У фарзандларининг яхши таълим олишларига интилар, қизларининг ўқиши учун пулни аямасди.

Ўт олган ҳиссиётлар жўшқин муҳаббатга айланди, кейин эса тез орада мухлиса ва ёзувчини – ҳар иккаласини ҳам азобга гирифтор қилди. Бунинг боиси Достоевскийнинг уйланганида эди. Ёзувчи хотини касал бўлгани боис ажраша олмас, бу эса Апполинарияни қаноатлантирмасди.

Мария Дмитриевнанинг ўлимидан бир йил аввал Достоевский ва Суслова Парижга боришга қарор қилдилар. Фёдор Михайловичнинг ишлари битмай қолгани сабабли биринчи бўлиб Полина Россияни тарк этди. Ниҳоят Достоевский Парижга борганида эса… Апполинариянинг янги хуштор топгани маълум бўлди. У испаниялик ёш йигитча эди.

Маҳбубасининг янги ишқибозлиги Фёдор Михайловичга қаттиқ таъсир қилди, шунга қарамай, унинг ёнида қолди. Испаниялик билан ишқий алоқа тезда интиҳо топди (йигит кетиб қолди), бироқ Полина ва Достоевский муносабатлари ҳам тикланмади. Суслова ёзувчини ўзининг ёнидан узоқлаштирмас, таъбини хира қилиш учун ҳам, унинг хотини бўлишга кўнмасди Орадан йиллар ўтиб, Полина ўзининг қай даражадаги шахс эканлигини кўрсатиб, ўзидан йигирма ёш катта бўлган танқидчи Розанов билан умр риштасини боғлади ва 20 йил мобайнида ажралишга кўнмай келди.

Учинчиси – халоскор

Достоевскийнинг Апполинария билан муносабатларига унинг бўлажак иккинчи хотини, ёш стенографчи аёл Анна Сниткина нуқта қўйди. Айтиш мумкинки, у ёзувчининг “Ўйинчи”ни тугата олмай юрган пайтида тақдир томонидан ёрдам бериш учун юборилганди. Сниткина Достоевский ғояси асосидаги романни 26 кун давомида айтиб туриб ёздирди. Ёзувчининг нашриёт билан шартномаси талаблари муваффиятли адо этилганди. Шу фурсатдан эътиборан Анна ва адиб ажралмадилар.

044Анна Сниткинани ҳақли равишда Достоевский қисматида битилган уч нафар аёлнинг энг донишманди деб айтиш мумкин. У ёзувчининг ижод қилиши учун барча шарт-шароитларни яратди, эрининг жўшқинлик билан машғул бўладиган қимор ўйинлари ва ортиқча рашкларини кечирди, фарзандлар туҳфа қилди. Буларнинг ҳаммаси эвазига Фёдор Михайлович Сусловани унута олди. Айнан иккинчи никоҳи даврида унинг “Телба”, “Иблислар” ва “Ака-ука Карамазовлар” асарлари ёзилган. Достоевский учун Анна фаришта бўлиб, ўзининг сўнгги кунигача рафиқаси билан фахрланиб юрди.

Ёзувчининг ўлими

Фёдор Михайлович 1881 йил 28 январь куни ўпка эмпиземаси (орган тўқималарининг кенгайиши ва унда ҳаво тўпланиши) касаллигидан вафот этган. Ёзувчи умрининг сўнгги дақиқаларини яқинлари муҳитида ўтказганди.

26 январь куни Достоевскийнинг синглиси Вера Михайловна ёзувчининг олдига келди. У акасига аммаси А.Ф.Куманинадан қолган Рязандаги мулкдан сингиллари фойдасига воз кечишни сўраб зорланди. Айтишларича, Вера Михайловна шу қадар кўз ёши тўкиб, дийдиё қилганки, Достоевскийнинг бўғзидан қон келган. Афтидан, бу ёқимсиз ташриф ёзувчи касали – эмфиземанинг кучайишига туртки берган. Орадан икки кун ўтиб, дунёга машҳур ёзувчи Достоевский вафот этди.

Достоевскийнинг касаллиги тўғрисида машҳур адиб Лев Толстой қуйидагиларни ёзган: “Телба” китобини ёмон дейишади, аммо бундан ҳам ёмони шуки, ундаги Мишкин эпилептик. У соғ одам бўлганида, соддадиллиги, беғуборлиги бизни мафтун қиларди. Аммо Мишкинни соғлом қилиб кўрсатиш учун Достоевскийда жасорат етишмаган. У соғлом кишиларни ёқтирмасди. Достоевскийнинг ўзи бемор бўлгани учун дунёни бемор деб биларди”.

09Достоевскийдан сўнг Анна Сниткина 37 йил яшади. У эрининг тўпламларини чиқарди, машҳур кишиларнинг таржимаи ҳолини ўрганувчилар ишига ёрдам берди. Анна Сниткина вафотидан ярим аср ўтгач, унинг хоки Ялтадан Александр-Невскийга – Достоевский қабрининг ёнига кўчирилди. Буни Сниткина бутун умр орзу қилган эди.

хдк

(Tashriflar: umumiy 636, bugungi 1)

Izoh qoldiring