Haqiqat izlab yoxud Lev Tolstoy nega uyidan ketib qolgan? & Graf Tolstoy fojiasi

005    1910 йилнинг 10 ноябри (эскича ҳисобда 28 октябри)  тонгида, яъни соат бешда бир қария ўз уйидан сирли равишда кетиб қолади. У иш столида очиқ ҳолда қолган Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асари ҳамда рафиқасига аталган видолашув мактубини қолдиради.

P.S. Сизга тақдим этилаётган мақолаларда келтирилган саналардаги номувофиқликдан ҳайрон бўлманг. Улар Россияда қўлланилган эски ва янги йил ҳисобларидан келиб чиққан, холос.

ГРАФ ТОЛСТОЙ ФОЖИАСИ
И.Аҳмедовнинг “Буюклар муҳаббати” китобидан
007

076Ер юзида буюк рус ёзувчиси, граф Лев Николаевич Толстойни билмайдиган мамлакат бўлмаса керак. Ҳаётий муаммолар ва инсоний муносабатларга қизиққан китобхон борки, унинг асарларини катта қизиқиш билан қайта-қайта ўқиб чиқади. Толстой асарларини ҳар гал қайта ўқиганингизда янги-янги маъно топасиз. Шунинг учун ҳам у буюк-да… 1851 йилда Лев Нимколаевичнинг акаси – армия зобити Николай Николаевич 23 ёшли йигитни Кавказга боришга кўндирди. Толстой Терек дарёси бўйидаги станцияда уч йил яшаб, кавказнинг Кизляр, Тифлис, Владикавказ каби шаҳарларини айланиб чиқди.

Айни бир вақтда Кавказда давом этаётган ҳарбий ҳаракатларда аввалига кўнгилли тарзда, кейинроқ ҳарбий хизматга қабул қилиниб, иштирок этди. Кавказ табиатию казаклар ҳаётининг патриархал даражадаги ўта оддийлиги билан дворянлар доирасидаги кескин тафовут бўлажак ёзувчининг “Казаклар” (1852-1863) автобиографик повестига жуда бой манба берди. Кавказ таассуротлари адибнинг “Босқин”(1853), “Ўрмон кесиш” (1855) ва кейинроқ ёзилган “Хожимурод” (1896-1904) повестларида жуда қўл келди. 1854 йилда Қрим урушидаги иштироки ёзувчининг уруш ва инсон эркинлиги мавзусидаги янада чуқурроқ мушоҳада юритишига туртки бўлди. Толстойнинг “Севастополь ҳикоялари” туркумидаги асарлари худди шу пайтда пайдо бўла бошлади.

Беш йиллик ҳарбий хизматдан сўнг истеъфога чиққан Толстой туғилган жойи – Ясная Полянага қайтди. 1857 йилда эса чет эл сафарига жўнади. Франция, Италия, Швейцария, Германияда бўлган ёзувчи у ерда болалар таҳсилига нақадар катта эътибор берилаётганига гувоҳ бўдган эди. Шу сабабли 1859 йилда ўзи туғилиб ўсган қишлоқда деҳқон болалари учун мактаб очди. Бу машғулот унга шунчалар маъқул келдики, Европа мактаблари билан танишиш учун 1860 йилда яна ҳориж давлатларига жўнади. Сафардан қайтгач, 1862 йилда “Ясная Поляна” педагогик журналини нашр эта бошлади.

Ўша йили у москвалик шифокорнинг 18 ёшли қизи Софья Андреевнага уйланиб, уни Ясная Полянага олиб келди. Бу ерда тўла-тўкис оилавий ва хўжалик ишларига берилиб кетди. Худди шу давр адиб ҳаётининг осудалиги, руҳий кўтаринкилик ва янги ижодий даври бўлди. 1865 йилда “Русский вестник” журналида “Уруш ва тинчлик” романининг биринчи қисми нашр этилди. Толстой онгида юз бераётган ўзгаришлар 1880 йиллардан кейин ёзилган асарларидаги қаҳрамон ҳаётида акс эта бошлади. Толстойнинг христиан дини қоидаларига ҳеч оғишмай чақиргани жамият томонидан жуда катта шов-шувлар билан кутиб олинди. Дунёни ўзгача тушуниш ва христианлик ҳақидаги янги тасаввурлар доирасида Толстой черковнинг давлат билан яқинлашувини танқид қилди. Бу эса унинг православ черкови билан муносабатлари йўққа чиқишига олиб келиб, 1901 йилда муқаддас синод Толстойни черковдан маҳрум қилди.

Худди ўша пайтлар хусусий мулкка муносабати ўзгарган ёзувчининг шахсий ҳаётида ҳам кескин ўзгаришлар ясади. Ўзига қарашли барча мол-мулкидан воз кечиши оила аъзолари ва айниқса, рафиқасининг кескин норозилигини келтириб чиқарди. “Ҳақиқий санъат одамни поклайди ва бирлаштиради” деб ҳисоблаган адиб, энди Ясная Полянада ана шу бирлашувни топа олмай қолди. 1910 йилнинг 12 октябрида хотини Софья Андреевна тасодифан эрининг махфий кундалигини топиб олди. Софья Андреевна ўта рашкчи аёл эди. Кундаликни варақлаган Софья Андреевна эрининг махфий васиятномаси борлигидан бохабар бўлди. Умр бўйи адибнинг шахсий котибаси ва саккиз нафар боланинг онаси бўлмиш аёлга бу чидаб бўлмас ҳолат сифатида кўринди. Унинг сабабини тушунтириш Толстой учун қанчалик оғир бўлганини шундан билиш мумкинки, ёзувчи Ясная Полянада бўган ҳамкасби Михаил Новиковга уйидан кетишга қарор қилганини билдирган.

Лев Толстой серфарзанд бўлган. Унинг хотини ҳам, ўғил-қизлари ҳам “асарлар” битган. Бу хонадонда ёзиш ҳамма учун севимли машғулот саналган. “Уруш ва тинчлик” муаллифининг фарзандлари шу тариқа кўплаб ҳикоялар, қиссалар ҳам ёзишган. Графнинг хотини ҳатто роман ҳам ёзган. Аммо уларнинг ҳеч қайсисига Лев Толстойдек бўлиш насиб қилмаган.

28 октябрга ўтар кечаси у рафиқасига узундан узоқ мактуб битди. Биргаликда “48 йиллик ҳалол ҳаёти учун” хотинига миннатдорчилик билдиради. 28 октябр куни эрталаб Софья Андреевнага эрининг мактубини беришди. “Менинг кетишим сенинг қалбингга ўкинч солади” деган сўзларни ўқиган хотини азбаройи тушкунликка тушганидан ўзини ҳовузнинг муздек сувига отди. Уни қутқариб олишган бўлишсада, аммо аҳволи оғир эди. Бу пайтда Лев Толстой ўзининг оилавий шифокори Душан Маковицкий кузатувида Ростов-Дон йўналишидаги поездда кетарди.

Октябр ойининг сўнгги куни Астапово станциясида ўта баланд ҳароратли Толстойни поезддан туширдилар. Унинг ўпкаси шамоллаган эди. Етти кун станция бошлиғи Иван Озолиннинг уйида ётган ёзувчи ўзига келмай вафот этди. 10 ноябр куни дунё севган адибни Ясная Полянада дафн этдилар.

ҲАҚИҚАТ ИЗЛАБ
Ёхуд Лев Толстой нега уйидан кетиб қолган?
007

002    1910 йилнинг 10 ноябри (эскича ҳисобда 28 октябри)  тонгида, яъни соат бешда бир қария ўз уйидан сирли равишда кетиб қолади. У иш столида очиқ ҳолда қолган Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асари ҳамда рафиқасига аталган видолашув мактубини қолдиради. Уйдан чиқиб кетиш ва сафар давомида ҳаётдан кўз юмиш унинг тақдирига битилганди. Бу қарияни Лев Толстой деб аташарди.

Ўз навбатида, унинг бу хатти-ҳаракати қуйидаги ажойиб афоризмга тўла мос келарди: “Рус кишиси қандай яшай олса, шундай ўла олади ҳам”.

Ҳақиқатан шундай. Толстойнинг ҳаёт ва ўлим йўли шу қадар сир-синоатга тўла эдики, бу унинг бутун ҳаёти ва адабий фаолиятини қамраб олганди. Ҳарҳолда бу ҳодиса ўша даврда Россия ва дунё миқёсидаги долзарб воқеага айланганди. Айтиш мумкинки, бутун олам Толстойнинг ўлими билан яшаганди. У ҳақдаги ҳар қандай суҳбатда “нега у қочиб кетди?” “қаерга кетаётган эди?” “нимани истаганди?” каби саволларни четлаб ўтишнинг имкони йўқ эди. Саволлар эса жавобсиз қоларди.

Тўғрироғи, жавоблар ҳаддан зиёд кўп эди. Ўз ўрнида жамоатчилик назарида тасдиқланган энг машҳур жавоблардан бири шундай эди: “Толстойни черковдан ҳайдашди ва у бундан кучли қайғуга тушди. Шу боис у ўлими олдидан тавба қилиш учун Оптина саҳроси томон йўлга чиқди. Бироқ бунга улгурмади ва йўлда ҳалок бўлди”.

ЁЗУВЧИ ВА ДАВЛАТ ТЎҚНАШУВИ

Лев Николаевичнинг сўнгги хатти-ҳаракатлари ва уни кузатиб борган шахсларнинг гувоҳликлари полиция протоколига киритилган. Унга мувофиқ, Толстой ҳақиқатан ҳам Оптина саҳросида бўлади. Сўнг опаси яшайдиган Шамордино қишлоғига боради. У ердан кейин Козельск ва Белёв манзилларига ташриф буюради. Охирида Новочеркасскда умргузаронлик қилаётган жияниникига бориб, сўнг хорижга чиқувчи паспорт олмоқчи ва Болгария томон кетмоқчи бўлади. Агар нияти амалга ошмай, Болгарияга кета олмаса, Кавказга жўнашни кўзлайди. Демак, Оптина саҳросига бориш Толстойнинг хаёлида ҳам бўлмаган. У бу саҳродан худди Ясная Полянани тарк этгани каби ўтиб кетган.

Маълумки, Толстой покланишга эҳтиёж сезмаган. Бундай нотўғри талқинни унинг номидан қалбаки сана билан кейинчалик ёзиб қўйишади. Епископ (христианларда руҳонийларнинг олий унвони ва шу унвондаги руҳоний; архиерей) Тульский Парфений Толстой ўлимидан бироз аввал “ёзувчи черков билан яқинлашиш ниятида” дея бир қанча интервью беради. Бироқ ҳақиқат бутунлай бошқача эди. Мамлакат вазирлар маҳкамасининг раиси Пётр Столипин синодга (синод — Октябрь инқилобидан илгариги Россияда: православ черковининг бош идораси; патриарх ҳузуридаги кенгаш) расмий равишда Толстой атрофидаги миш-мишларга аниқ ечим топишни буюради. Негаки, Толстойнинг касаллиги ҳақидаги сўнгги хабарлар “юқори доира”дагиларда хавотир уйғотганди. Ўз навбатида, синод зудлик билан епархия раҳбариятига хабар беради ва Лев Толстой билан алоқа ўрнатишни ва уни черков олдида покланишга кўндиришга ҳаракат қилишни топширади. Аслида Толстойни тавба қилдиришдан фақат черков эмас, балки давлат ҳам манфаатдор эди.

Шундан сўнг “Толстой тавба қиладими ёки йўқми” деган масала давлат хавфсизлиги масаласига айланади. Бу бўрттириш эмасди. Ўша воқеаларнинг гувоҳи бўлган адабиётшунос Алексей Суворин шундай ёзади: “Бизда иккита подшоҳ бор — Николай II ва Лев Толстой. Улардан қайси бири кучли? Толстой, шубҳасиз, Николайнинг тожи ва сулоласини титратиб турибди. Унга ким ҳам тегина олиши мумкин? Мабодо кимдир шунга журъат қилса, бутун дунё бу борада жар солади ва шунда бизникилар тилини тийиб қолади”.

Сирасини айтганда, Лев Толстой билан ҳокимият ўртасидаги бундай кураш учун аввало ҳокимиятнинг ўзи айбдор эди. Чунки улар анчадан бери Толстойни черковдан четлаштириш масаласини кўришаётган эди. 1888 йили епископ Херсонский Никонор файласуф Николай Гратага шундай ёзганди: “Биз Толстойни ҳақиқатан ҳам четлаштирмоқчимиз”. Аммо, шунга қарамай, охирги қарорни подшоҳ айтарди. Александр III бундай даражадаги ёзувчининг черков билан муносабатларини ўта жиддий тарзда ҳал этиш кераклигини тушунарди. У шундай деганди: “Мен Толстойга поклик гулчамбарини тақишни истамайман”. Аммо унинг ўғли Николай II отасининг огоҳлантиришини инобатга олмади ва Толстойни черковдан четлаштириш 1901 йилда содир бўлди. Натижада бу ҳодисадан сўнг Толстойнинг обрўйи жуда ошиб кетади. Таъбир жоиз бўлса, “ёзувчи ва давлат тўқнашуви”да ёзувчи устун келганди.

Кейинги воқеалар ўртадаги қарама-қаршиликни ғоят жиддийлаштириб юборди. Айниқса, бу Толстойнинг нашриётга алоқадор лойиҳалари билан боғлиқ эди. Унинг халқ учун китоблар чоп этувчи “Посредник” фирмаси ҳамиша ўткир цензура таъқиби остида эди. 1885 йилдан то 1889 йилгача бу ерда чоп этилган китобларнинг умумий адади 12 миллионга етади. Бу рақамлар янада ортиши мумкин эди. Бироқ бунга йўл қўйишмади. Ўшанда ҳукуматнинг нашр этиш ишлари бўйича бош бошқармаси раҳбари Евгений Феоктистов тортинмасдан “Посредник”дан жирканчроқ ҳеч нарса йўқ ва бўлиши ҳам мумкинмас” деганди.

10 ЙИЛ ДАВОМ ЭТГАН ҲАҚОРАТЛАР

“Бу ерда қандай жирканч нарса бўлиши мумкин” деган савол кўпчиликни қийнарди. Оқибатда Фёдор Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар” асаридан парчани халққа тарқатишга йўл қўйишмади. Чунки асардаги “Қария Зосим ҳикоялари” “православ ғояларига зид” дея баҳоланди. Шундан кейин “Ҳар кунги мақоллар” китобини ҳам тақиқлашди. Унда ҳам “черков ғоялари ва подшоҳ хонадонидаги насл-насаб жадвалига мос ҳеч нарса йўқ” деб айтилди.

Лев Толстой эса буларнинг барчасидан бош олиб кетишни истади. Бироқ Толстой ўзига бўлган босим ва ҳақоратларга чидашга мажбур бўлади. Бу ҳам етмаганидек, Иоанн Кронштадтский Толстойнинг ўлимини оммавий тарзда сўради: “Эй Худо, илоҳим бу ер юзидан ёвуз ва дахрий Толстойни йўқот!” (“Кун янгиликлари” газетаси, Москва, 1908 йилнинг 14 июль сони). Кундаликларда эса Иоаннинг сўзлари шундай тарзда келтирилган: “Эй Худо, ўзига маҳлиё бу ёвузни ер юзидан даф қил”.

Бу каби ҳақоратлар 10 йил давомида Толстой бошига муттасил ёғилди. Бу ҳақда ҳатто оламшумул миш-мишлар, латифалар тўқилди. Улардан бирида шундай дейилади: “Москва ҳушёрлик жамияти Толстойни ўз сафидан четлаштирди. Чунки граф (Лев Толстой) жамиятнинг фахрий аъзоси ва фахрли рус ҳушёр кишиси саналарди, айнан мана шу ҳушёрлиги учун ҳам у художўй бўлолмасди”.

Толстой атрофдаги воқеаларга хотиржам қаради, у индамай ишлади, ўйлади, ер ҳайдади. Кутилмаганда ҳеч қандай режа ва сабабсиз уйидан бош олиб кетади. Кейинчалик маълум бўлдики, у тўғри ўлим томон йўл олганди. Ёки бунинг бошқа сабаби бўлганмикин?

Мазкур сирли хатти-ҳаракат бўйича билдирилган кўплаб фикр-мулоҳаза ва тахминлар ичида протоиерей (олий мартабали руҳоний) Сергей Булгаков энг мақбул таъриф беради: “Толстойнинг ўлими унинг ажойиб ҳаёт йўлини ёритди. У ҳақиқатга чанқоқ одам эди”. Чиндан ҳам Лев Толстой шунчаки олий ҳақиқатни излаш учун йўлга чиққанди. Негаки, у бу ҳақиқатни ўз уйида, ўз атрофида тополмаганди. Ёзувчи буни ўз ўлимида топган бўлса ажабмас.

Муаллиф: Константин Кудряшов.
Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси.
Манба: “Аргументы и факты” газетаси & «Қашқадарё» газетаси.

002

   Sizga taqdim etilayotgan maqolalarda keltirilgan sanalardagi nomuvofiqlikdan hayron bo’lmang. Ular Rossiyada qo’llanilgan eski va yangi yil hisoblaridan kelib chiqqan, xolos.

GRAF TOLSTOY FOJIASI
I.Ahmedovning “Buyuklar muhabbati” kitobidan
007

019Yer yuzida buyuk rus yozuvchisi, graf Lev Nikolaevich Tolstoyni bilmaydigan mamlakat bo’lmasa kerak. Hayotiy muammolar va insoniy munosabatlarga qiziqqan kitobxon borki, uning asarlarini katta qiziqish bilan qayta-qayta o’qib chiqadi. Tolstoy asarlarini har gal qayta o’qiganingizda yangi-yangi ma’no topasiz. Shuning uchun ham u buyuk-da… 1851 yilda Lev Nimkolaevichning akasi – armiya zobiti Nikolay Nikolaevich 23 yoshli yigitni Kavkazga borishga ko’ndirdi. Tolstoy Terek daryosi bo’yidagi stantsiyada uch yil yashab, kavkazning Kizlyar, Tiflis, Vladikavkaz kabi shaharlarini aylanib chiqdi.

Ayni bir vaqtda Kavkazda davom etayotgan harbiy harakatlarda avvaliga ko’ngilli tarzda, keyinroq harbiy xizmatga qabul qilinib, ishtirok etdi. Kavkaz tabiatiyu kazaklar hayotining patriarxal darajadagi o’ta oddiyligi bilan dvoryanlar doirasidagi keskin tafovut bo’lajak yozuvchining “Kazaklar” (1852-1863) avtobiografik povestiga juda boy manba berdi. Kavkaz taassurotlari adibning “Bosqin”(1853), “O’rmon kesish” (1855) va keyinroq yozilgan “Xojimurod” (1896-1904) povestlarida juda qo’l keldi. 1854 yilda Qrim urushidagi ishtiroki yozuvchining urush va inson erkinligi mavzusidagi yanada chuqurroq mushohada yuritishiga turtki bo’ldi. Tolstoyning “Sevastopol` hikoyalari” turkumidagi asarlari xuddi shu paytda paydo bo’la boshladi.

Besh yillik harbiy xizmatdan so’ng iste’foga chiqqan Tolstoy tug’ilgan joyi – Yasnaya Polyanaga qaytdi. 1857 yilda esa chet el safariga jo’nadi. Frantsiya, Italiya, Shveytsariya, Germaniyada bo’lgan yozuvchi u yerda bolalar tahsiliga naqadar katta e’tibor berilayotganiga guvoh bo’dgan edi. Shu sababli 1859 yilda o’zi tug’ilib o’sgan qishloqda dehqon bolalari uchun maktab ochdi. Bu mashg’ulot unga shunchalar ma’qul keldiki, Yevropa maktablari bilan tanishish uchun 1860 yilda yana horij davlatlariga jo’nadi. Safardan qaytgach, 1862 yilda “Yasnaya Polyana” pedagogik jurnalini nashr eta boshladi.

O’sha yili u moskvalik shifokorning 18 yoshli qizi Sof`ya Andreevnaga uylanib, uni Yasnaya Polyanaga olib keldi. Bu yerda to’la-to’kis oilaviy va xo’jalik ishlariga berilib ketdi. Xuddi shu davr adib hayotining osudaligi, ruhiy ko’tarinkilik va yangi ijodiy davri bo’ldi. 1865 yilda “Russkiy vestnik” jurnalida “Urush va tinchlik” romanining birinchi qismi nashr etildi. Tolstoy ongida yuz berayotgan o’zgarishlar 1880 yillardan keyin yozilgan asarlaridagi qahramon hayotida aks eta boshladi. Tolstoyning xristian dini qoidalariga hech og’ishmay chaqirgani jamiyat tomonidan juda katta shov-shuvlar bilan kutib olindi. Dunyoni o’zgacha tushunish va xristianlik haqidagi yangi tasavvurlar doirasida Tolstoy cherkovning davlat bilan yaqinlashuvini tanqid qildi. Bu esa uning pravoslav cherkovi bilan munosabatlari yo’qqa chiqishiga olib kelib, 1901 yilda muqaddas sinod Tolstoyni cherkovdan mahrum qildi.

Xuddi o’sha paytlar xususiy mulkka munosabati o’zgargan yozuvchining shaxsiy hayotida ham keskin o’zgarishlar yasadi. O’ziga qarashli barcha mol-mulkidan voz kechishi oila a’zolari va ayniqsa, rafiqasining keskin noroziligini keltirib chiqardi. “Haqiqiy san’at odamni poklaydi va birlashtiradi” deb hisoblagan adib, endi Yasnaya Polyanada ana shu birlashuvni topa olmay qoldi. 1910 yilning 12 oktyabrida xotini Sof`ya Andreevna tasodifan erining maxfiy kundaligini topib oldi. Sof`ya Andreevna o’ta rashkchi ayol edi. Kundalikni varaqlagan Sof`ya Andreevna erining maxfiy vasiyatnomasi borligidan boxabar bo’ldi. Umr bo’yi adibning shaxsiy kotibasi va sakkiz nafar bolaning onasi bo’lmish ayolga bu chidab bo’lmas holat sifatida ko’rindi. Uning sababini tushuntirish Tolstoy uchun qanchalik og’ir bo’lganini shundan bilish mumkinki, yozuvchi Yasnaya Polyanada bo’gan hamkasbi Mixail Novikovga uyidan ketishga qaror qilganini bildirgan.

Lev Tolstoy serfarzand bo’lgan. Uning xotini ham, o’g’il-qizlari ham “asarlar” bitgan. Bu xonadonda yozish hamma uchun sevimli mashg’ulot sanalgan. “Urush va tinchlik” muallifining farzandlari shu tariqa ko’plab hikoyalar, qissalar ham yozishgan. Grafning xotini hatto roman ham yozgan. Ammo ularning hech qaysisiga Lev Tolstoydek bo’lish nasib qilmagan.

28 oktyabrga o’tar kechasi u rafiqasiga uzundan uzoq maktub bitdi. Birgalikda “48 yillik halol hayoti uchun” xotiniga minnatdorchilik bildiradi. 28 oktyabr kuni ertalab Sof`ya Andreevnaga erining maktubini berishdi. “Mening ketishim sening qalbingga o’kinch soladi” degan so’zlarni o’qigan xotini azbaroyi tushkunlikka tushganidan o’zini hovuzning muzdek suviga otdi. Uni qutqarib olishgan bo’lishsada, ammo ahvoli og’ir edi. Bu paytda Lev Tolstoy o’zining oilaviy shifokori Dushan Makovitskiy kuzatuvida Rostov-Don yo’nalishidagi poezdda ketardi.

Oktyabr oyining so’nggi kuni Astapovo stantsiyasida o’ta baland haroratli Tolstoyni poezddan tushirdilar. Uning o’pkasi shamollagan edi. Yetti kun stantsiya boshlig’i Ivan Ozolinning uyida yotgan yozuvchi o’ziga kelmay vafot etdi. 10 noyabr kuni dunyo sevgan adibni Yasnaya Polyanada dafn etdilar.

HAQIQAT IZLAB
Yoxud Lev Tolstoy nega uyidan ketib qolgan?
007

002 1910 yilning 10 noyabri (eskicha hisobda 28 oktyabr) tongida, ya’ni soat beshda bir qariya o’z uyidan sirli ravishda ketib qoladi. U ish stolida ochiq holda qolgan Fyodor Dostoevskiyning “Aka-uka Karamazovlar” asari hamda rafiqasiga atalgan vidolashuv maktubini qoldiradi. Uydan chiqib ketish va safar davomida hayotdan ko’z yumish uning taqdiriga bitilgandi. Bu qariyani Lev Tolstoy deb atashardi.

O’z navbatida, uning bu xatti-harakati quyidagi ajoyib aforizmga to’la mos kelardi: “Rus kishisi qanday yashay olsa, shunday o’la oladi ham”.

Haqiqatan shunday. Tolstoyning hayot va o’lim yo’li shu qadar sir-sinoatga to’la ediki, bu uning butun hayoti va adabiy faoliyatini qamrab olgandi. Harholda bu hodisa o’sha davrda Rossiya va dunyo miqyosidagi dolzarb voqeaga aylangandi. Aytish mumkinki, butun olam Tolstoyning o’limi bilan yashagandi. U haqdagi har qanday suhbatda “nega u qochib ketdi?” “qaerga ketayotgan edi?” “nimani istagandi?” kabi savollarni chetlab o’tishning imkoni yo’q edi. Savollar esa javobsiz qolardi.

To’g’rirog’i, javoblar haddan ziyod ko’p edi. O’z o’rnida jamoatchilik nazarida tasdiqlangan eng mashhur javoblardan biri shunday edi: “Tolstoyni cherkovdan haydashdi va u bundan kuchli qayg’uga tushdi. Shu bois u o’limi oldidan tavba qilish uchun Optina sahrosi tomon yo’lga chiqdi. Biroq bunga ulgurmadi va yo’lda halok bo’ldi”.

YOZUVCHI VA DAVLAT TO’QNASHUVI

Lev Nikolaevichning so’nggi xatti-harakatlari va uni kuzatib borgan shaxslarning guvohliklari politsiya protokoliga kiritilgan. Unga muvofiq, Tolstoy haqiqatan ham Optina sahrosida bo’ladi. So’ng opasi yashaydigan Shamordino qishlog’iga boradi. U yerdan keyin Kozel`sk va Belyov manzillariga tashrif buyuradi. Oxirida Novocherkasskda umrguzaronlik qilayotgan jiyaninikiga borib, so’ng xorijga chiquvchi pasport olmoqchi va Bolgariya tomon ketmoqchi bo’ladi. Agar niyati amalga oshmay, Bolgariyaga keta olmasa, Kavkazga jo’nashni ko’zlaydi. Demak, Optina sahrosiga borish Tolstoyning xayolida ham bo’lmagan. U bu sahrodan xuddi Yasnaya Polyanani tark etgani kabi o’tib ketgan.

Ma’lumki, Tolstoy poklanishga ehtiyoj sezmagan. Bunday noto’g’ri talqinni uning nomidan qalbaki sana bilan keyinchalik yozib qo’yishadi. Yepiskop (xristianlarda ruhoniylarning oliy unvoni va shu unvondagi ruhoniy; arxierey) Tul`skiy Parfeniy Tolstoy o’limidan biroz avval “yozuvchi cherkov bilan yaqinlashish niyatida” deya bir qancha interv`yu beradi. Biroq haqiqat butunlay boshqacha edi. Mamlakat vazirlar mahkamasining raisi Pyotr Stolipin sinodga (sinod — Oktyabr` inqilobidan ilgarigi Rossiyada: pravoslav cherkovining bosh idorasi; patriarx huzuridagi kengash) rasmiy ravishda Tolstoy atrofidagi mish-mishlarga aniq yechim topishni buyuradi. Negaki, Tolstoyning kasalligi haqidagi so’nggi xabarlar “yuqori doira”dagilarda xavotir uyg’otgandi. O’z navbatida, sinod zudlik bilan yeparxiya rahbariyatiga xabar beradi va Lev Tolstoy bilan aloqa o’rnatishni va uni cherkov oldida poklanishga ko’ndirishga harakat qilishni topshiradi. Aslida Tolstoyni tavba qildirishdan faqat cherkov emas, balki davlat ham manfaatdor edi.

Shundan so’ng “Tolstoy tavba qiladimi yoki yo’qmi” degan masala davlat xavfsizligi masalasiga aylanadi. Bu bo’rttirish emasdi. O’sha voqealarning guvohi bo’lgan adabiyotshunos Aleksey Suvorin shunday yozadi: “Bizda ikkita podshoh bor — Nikolay II va Lev Tolstoy. Ulardan qaysi biri kuchli? Tolstoy, shubhasiz, Nikolayning toji va sulolasini titratib turibdi. Unga kim ham tegina olishi mumkin? Mabodo kimdir shunga jur’at qilsa, butun dunyo bu borada jar soladi va shunda biznikilar tilini tiyib qoladi”.

Sirasini aytganda, Lev Tolstoy bilan hokimiyat o’rtasidagi bunday kurash uchun avvalo hokimiyatning o’zi aybdor edi. Chunki ular anchadan beri Tolstoyni cherkovdan chetlashtirish masalasini ko’rishayotgan edi. 1888 yili yepiskop Xersonskiy Nikonor faylasuf Nikolay Grataga shunday yozgandi: “Biz Tolstoyni haqiqatan ham chetlashtirmoqchimiz”. Ammo, shunga qaramay, oxirgi qarorni podshoh aytardi. Aleksandr III bunday darajadagi yozuvchining cherkov bilan munosabatlarini o’ta jiddiy tarzda hal etish kerakligini tushunardi. U shunday degandi: “Men Tolstoyga poklik gulchambarini taqishni istamayman”. Ammo uning o’g’li Nikolay II otasining ogohlantirishini inobatga olmadi va Tolstoyni cherkovdan chetlashtirish 1901 yilda sodir bo’ldi. Natijada bu hodisadan so’ng Tolstoyning obro’yi juda oshib ketadi. Ta’bir joiz bo’lsa, “yozuvchi va davlat to’qnashuvi”da yozuvchi ustun kelgandi.

Keyingi voqealar o’rtadagi qarama-qarshilikni g’oyat jiddiylashtirib yubordi. Ayniqsa, bu Tolstoyning nashriyotga aloqador loyihalari bilan bog’liq edi. Uning xalq uchun kitoblar chop etuvchi “Posrednik” firmasi hamisha o’tkir senzura ta’qibi ostida edi. 1885 yildan to 1889 yilgacha bu yerda chop etilgan kitoblarning umumiy adadi 12 millionga yetadi. Bu raqamlar yanada ortishi mumkin edi. Biroq bunga yo’l qo’yishmadi. O’shanda hukumatning nashr etish ishlari bo’yicha bosh boshqarmasi rahbari Yevgeniy Feoktistov tortinmasdan “Posrednik”dan jirkanchroq hech narsa yo’q va bo’lishi ham mumkinmas” degandi.

10 YIL DAVOM ETGAN HAQORATLAR

“Bu yerda qanday jirkanch narsa bo’lishi mumkin” degan savol ko’pchilikni qiynardi. Oqibatda Fyodor Dostoevskiyning “Aka-uka Karamazovlar” asaridan parchani xalqqa tarqatishga yo’l qo’yishmadi. Chunki asardagi “Qariya Zosim hikoyalari” “pravoslav g’oyalariga zid” deya baholandi. Shundan keyin “Har kungi maqollar” kitobini ham taqiqlashdi. Unda ham “cherkov g’oyalari va podshoh xonadonidagi nasl-nasab jadvaliga mos hech narsa yo’q” deb aytildi.

Lev Tolstoy esa bularning barchasidan bosh olib ketishni istadi. Biroq Tolstoy o’ziga bo’lgan bosim va haqoratlarga chidashga majbur bo’ladi. Bu ham yetmaganidek, Ioann Kronshtadtskiy Tolstoyning o’limini ommaviy tarzda so’radi: “Ey Xudo, ilohim bu yer yuzidan yovuz va daxriy Tolstoyni yo’qot!” (“Kun yangiliklari” gazetasi, Moskva, 1908 yilning 14 iyul` soni). Kundaliklarda esa Ioanning so’zlari shunday tarzda keltirilgan: “Ey Xudo, o’ziga mahliyo bu yovuzni yer yuzidan daf qil”.

Bu kabi haqoratlar 10 yil davomida Tolstoy boshiga muttasil yog’ildi. Bu haqda hatto olamshumul mish-mishlar, latifalar to’qildi. Ulardan birida shunday deyiladi: “Moskva hushyorlik jamiyati Tolstoyni o’z safidan chetlashtirdi. Chunki graf (Lev Tolstoy) jamiyatning faxriy a’zosi va faxrli rus hushyor kishisi sanalardi, aynan mana shu hushyorligi uchun ham u xudojo’y bo’lolmasdi”.

Tolstoy atrofdagi voqealarga xotirjam qaradi, u indamay ishladi, o’yladi, yer haydadi. Kutilmaganda hech qanday reja va sababsiz uyidan bosh olib ketadi. Keyinchalik ma’lum bo’ldiki, u to’g’ri o’lim tomon yo’l olgandi. Yoki buning boshqa sababi bo’lganmikin?

Mazkur sirli xatti-harakat bo’yicha bildirilgan ko’plab fikr-mulohaza va taxminlar ichida protoierey (oliy martabali ruhoniy) Sergey Bulgakov eng maqbul ta’rif beradi: “Tolstoyning o’limi uning ajoyib hayot yo’lini yoritdi. U haqiqatga chanqoq odam edi”. Chindan ham Lev Tolstoy shunchaki oliy haqiqatni izlash uchun yo’lga chiqqandi. Negaki, u bu haqiqatni o’z uyida, o’z atrofida topolmagandi. Yozuvchi buni o’z o’limida topgan bo’lsa ajabmas.

Muallif: Konstantin Kudryashov.
Rus tilidan Azizbek NOROV tarjimasi.
Manba: “Argumenti i fakti” gazetasi & «Qashqadaryo» gazetasi.

002

(Tashriflar: umumiy 904, bugungi 1)

Izoh qoldiring