Somerset Moem. Malla

007
Таниқли инглиз адиби Сомерсет Моэм реалистик ҳикояларнинг моҳир устаси сифатида шуҳрат қозонган. Бу ҳикояларида ёзувчи китобхонни инсон руҳиятининг мураккаб дунёсига олиб киради, ҳаётга янгича назар билан — ҳам куюниб, ҳам кулиб қарашга мажбур этади. Адиб асарларига хос бўлган жонли, аниқ-тиниқ, ростгўй ва самимий тил уларнинг катта қизиқиш б илан ўқилишини таъм инлаган. Ёзувчининг сизга тақдим этилаётган “Малла” ҳикояси жаҳон ҳикоячилигининг мумтоз намуналари қаторидан ўрин олган.

09
Сомерсет Моэм
МАЛЛА
Инглиз тилидан Алишер Отабоев таржимаси
04

03  Кема капитани қўлини шимининг чўнтагига тиқди ва семизлигию шалварининг чўнтаги олд томондалиги сабабли бир амаллаб кумуш соатини чиқарди. У аввал соатга, кейин ботаётган қуёшга қаради. Штур- валдаги канак унга кўз қирини ташлади, лекин ҳеч нима демади. Капитан ўзлари яқинлашиб бораётган оролга тикилди. Кўпикнинг оппоқ узун изи сув остидаги қоятошлардан дарак берарди. Капитан уларнинг орасида кема сиғадиган кенггина ўтиш йўли борлигини билар, оролга яна бир оз яқинлашилса йўл кўринади, деб ўйларди. Кун ботишига бир соатча вақт қолганди. Кўрфаз чуқур, кема бемалол лангар ташлай оларди. Оролдаги кокос дарахтлари орасидан аллақачон кўриниш берган қишлоқ оқсоқоли капитаннинг ёрдамчиси билан қалин дўст эди, шунинг учун кун ботмай қирғоққа чиқишни ҳамма орзиқиб кутаётганди. Капитан ёнига келган ёрдамчисига ўгирилди.
– Бир шиша ароқ олиб тушамиз-да, раққоса қизларни чақирамиз, – деди у.
– Ўтиш йўлини тополмадим, – деди ёрдамчиси.
Ёрдамчиси нимаси биландир Римнинг сўнгги императорини эслатиб юборадиган, тўладан келган, истараси иссиқ қорамағиз канак эди.

– Шу атрофда кема ўтадиган йўл борлиги аниқ, – деди капитан дур- биндан қараб. — Нега кўринмаяпти, ҳайронман. Йигитлардан бирортаси мачтага чиқиб қарасин-чи.
Капитаннинг ёрдамчиси денгизчилардан бирини чақириб унга буюрди. Хўжайин канакнинг тепага чиқиб хабар беришини кутди. Лекин канак кўпикнинг узундан-узоқ изидан бўлак ҳеч вақони кўрмаётганини айтиб бақирди. Самоа тилида худди оролликлардек равон гапирадиган капитан уни бўралатиб сўкди.
– У ўша ерда тураверсинми? – деб сўради ёрдамчи.
– Нима фойдаси бор? – деди капитан. – Бу жин ургур гўрсўхта, барибир, ҳеч нимани тополмайди. Ўлай агар, ўзим тепага чиққанимда ўтадиган йўлни аллақачон пайқардим.

У ингичка мачтага ўқрайиб қаради. Болалигидан кокос дарахтларига тирмашиб улғайган оролликларга мазза. Капитаннинг гавдаси эса зилзамбил, семиз эди.
– Туш пастга, – деб ўшқирди у. – Сендан ҳеч қандай наф йўқ. Йўлни топгунча сув остидаги қоятошлар бўйлаб сузамиз.
Улар қаршисидан шамол эсмаганда соатига тўрт-беш узел тезликда суза оладиган, керосинда ишлайдиган етмиш тоннали елканли кемада эдилар. Қачонлардир оқ рангга бўялган бу эски тоғоранинг ранги ўчиб, доғ-дуғ, чирк босиб кетганди. Ичидан керосин ва доим ташийдиган юки — кокос мағзининг ҳиди анқирди. Сув ости қоятошларигача юз  фут қолганда капитан рулдаги денгизчига ўтиш йўлига етгунча қирғоқ ёқалаб сузишни буюрди. Лекин бир-икки мил сузишгач, у ўз йўлидан ўтиб кетганини билди ва кемани орқага бурди.

Қуёш бота бошлаган, кўпикнинг оқ изи эса узилай демасди. Охир-оқибат капитан ландовур ёрдамчиларини лаънатлаб, тонггача кутишга рози бўлди.
– Кемани ортга бур, – деди у. – Бу ерда лангар ташлаёлмаймиз.
Улар қирғоқ бўйлаб бир оз сузишди ва кўп ўтмай қоронғи тушди. Кема лангар ташлади. Елканлар туширилгач, кема чайқала бошлади. Апиадагилар бир кун келиб бу эски тоғора чўкиб кетади дейишар, кеманинг эгаси – катта дўкондор, америкалик олмон эса бир қоп пул беришсаям унда сузмайман, дерди. Оқ кўйлак ва увадаси чиққан исқирт оқ шалвар кийган хитойлик ошпаз кечки овқат тайёр эканини айтди. Капитан каютага кирганда механик аллақачон стол ёнида ўтирарди. У қилтириқ бўйинли, новча киши эди. Эгнига ҳаворанг халат ва енгсиз кўйлак кийган, тирсагидан билагигача чизилган расмлар кўриниб турарди.
– Энди тунни денгизда ўтказамиз, жин урсин, – деди капитан. Механик гап қўшмади ва улар индамай овқатлана бошладилар. Каютани мойчироқнинг хира нури ёритиб турарди.

Ҳaзмитаомга ўрикли консерва ейишгач, хитойлик чой келтирди. Капитан тамакисини ёқиб  кема саҳнага чиқди. Рўпарадаги орол тун ёруғида кўланкадай қорайиб ғира-шира кўринарди. Юлдузлар чарақлаб нур сочар, қирғоққа урилаётган тўлқиннинг шовуллашидан бошқа овоз эшитилмасди. Капитан курсига ястаниб тамаки тутата бошлади. Кўп ўтмай кема жамоасидан уч-тўрт киши кема саҳнага чиқди. Уларнинг бирида банжо, бошқасида  консертино бор эди. Чолғулар чалингач, бири қўшиқ айта бошлади. Тубжойликларнинг қўшиғи бу чолғулар жўрлигида ғалати эшитиларди.

Кейин иккита йигит рақсга тушди. Бу қўл-оёқ ва гавдани жазавали силкитиб ўйналадиган ибтидоий рақс эди. Ҳаракатларда кучли эҳтирос, ҳатто шаҳвоний майл билиниб турса-да, завқ-шавқдан асар ҳам йўқ эди. Жониворларнинг қилиғини эслатадиган, сеҳр-жозибадан бутунлай холи бу ажабтовур рақсни болаларча содда шўхликлар деса ҳам бўларди. Ниҳоят, улар ҳолдан тойиб, кема саҳнага узала тушиб ухлаб қолишди.

Атрофга жимлик чўкди. Капитан бир аммаллаб курсидан қўзғалди-да, нарвонга тирмашиб пастга тушди. Кейин каютасига кириб, кийимларини ечиб каравотга чўзилди. Тунги ҳаво димлигидан у пишиллаб нафас оларди.

Эртаси куни тонгда, сокин денгиз ортидан қуёш нурларини соча бошла- ганда уларни кеча топилмай қийнаган ўтиш йўли кема лангар ташлаган жойдан хиёл шарқда кўринди. Кема кўрфазга кирди. Сув юзаси тиниқ ва сокин, денгиз тубидаги маржонқоялар орасида ранг-баранг балиқчалар сузиб юрарди. Кема лангар ташлагач, капитан нонушта қилиб кема саҳнага чиқди. Булутсиз осмонда қуёш чарақлар, тонгги салқин ҳаво ҳузурбахш эди. Якшанба тонгида табиат ҳордиқ чиқараётгандек, бу сокинлик капитанга ҳузур бағишларди. У эринчоқлик билан қирғоқдаги дарахтзорни кузатар, ўзини эркин ва хотиржам ҳис этарди. Кейин хиёл жилмайди-да, тамакисининг қолдиғини сувга улоқтирди.

– Қирғоққа чиқадиган вақт келди,– деди у. – Қайиқни келтиринглар! У нарвонга тирмашиб пастга тушди-да, қайиққа ўтириб чоғроқ кўрфазга етиб келди. Қирғоқдаги барглари сув бетига тегай-тегай деб турган кокос дарахтлари бир текис бўлмаса-да, ажабтовур тартиб билан ўсган эди. Улар ёшига ярашмаган ясама ҳолатда қотиб қолган, ўтган замонлар- нинг нозу ишваларига уста қариқизларнинг рақс дастасини эслатарди. Капитан дарахтлар орасида кўз зўрға илғайдиган илон изи сўқмоқдан бир-бир қадам босиб, кичкина сойнинг бўйига чиқди. Сойнинг устидан кўприкча солинганди. Аслида буни кўприкча деб бўлмас, чунки бу бир- бирига тақаб ётқизилган, учлари сой тубига қоқилган айиршохларга тиралган ўнтача кокос дарахти пояси эди, холос. Силлиқ ва тойғинчоқ ғўлалардан одимлаб ўтаётганингизда қўл билан ҳеч нарсага таяна ол- масдингиз. Бунақа кўприкдан ўтиш учун киши довюрак ва абжир бўлиш керак. Капитан иккиланиб қолди. Шунда кўзи сойнинг нариги бетида, дарахтлар орасидаги оқ танли одамнинг уйига тушди-ю, юрак ютиб оёқ учида олдинга юрди. Босган ҳар бир қадамини чамалаб, ғўлаларнинг уланган жойларидан бир амаллаб ўтиб олгач, ниҳоят, оёғи ерга тегиб, нафасини ростлади. Капитан ўй-хаёли кўприкдан эсон-омон ўтиш билан банд бўлгани боис, ўзини кузатиб турган одамни пайқмаганди ва энди унинг гапини эшитиб ажабланди.
– Ўрганмаган одамга бунақа кўприклардан ўтиш учун метиндек асаб керак.
Капитан бошини кўтариб рўпарасидаги нотаниш кишига қаради. Афтидан, бу одам боя унинг кўзи тушган уйдан чиқиб келганди.
– Иккиланиб қолганингизни кўрдим, – деди нотаниш киши жилмайиб.
– Сойга қулайди-ёв, деб ўйловдим.
– Чучварани хом санабсиз, – деди яна ўзига ишончни ҳис қилган капитан.
– Менинг ўзим ҳам бу кўприкдан йиқилганман. Бир куни кечқурун овдан қайтаётиб милтиғу лаш-лушларим билан қулаганман. Энди қуролимни кўтартириш учун хизмакор болани эргаштириб юраман.

У сийрак соқолига оқ тушган, ёноқлари ичига ботган ўрта ёшлардаги киши эди. Эгнида енгсиз кўйлак ва каноп шим, оёқяланг турарди. Инглизчада сезилар-сезилмас шевани аралаштириб гапирарди.
– Нейлсон деганлари сиз бўласизми? – деб сўради капитан.
– Худди ўзи.
– Сиз ҳақингизда эшитганман. Ўзим ҳам шу атрофда яшасангиз керак, деб ўйловдим.
Капитан мезбонининг ортидан шинамгина айвонли кулбага кириб, у таклиф қилган курсига оғир чўкди. Нейлсон виски ва стакан келтиргани ташқарига чиққанда хонага кўз югуртирди. Кулба уни ҳайратга солди. У умрида бирор марта бунча кўп китобни кўрмаганди. Хонанинг тўрт тарафи ердан шифтгача китоб жойланган токчалар билан қопланганди. Устига ноталар уйиб ташланган роял ва китобу журналларга тўла кенг стол ҳам бор эди. Хонада капитан ўзини ноқулай ҳис қила бошлади. У Нейлсонни ғалатироқ одам деб эшитганини эслади. Бу ердаги оролларда шунча йил яшаган бўлса ҳам Нейлсон ҳақида бирор киши тайинли бир нарса билмасди, билганлар ҳам уни бинойидек одам, дейишдан нарига ўтмасди. У швед эди.

– Бу ер китобга тўла экан, – деди капитан Нейлсон кириб келгач.
– Китобнинг зарари йўқ, – деди мезбон жилмайиб.
– Ҳаммасини ўқиганмисиз?
– Кўпини.
– Менинг ўзим ҳам ўқишни яхши кўраман. ”Сатидэй Ивнинг Пост”ни пайдарпай жўнатиб туришади.
Нейлсон меҳмонига бир стакан виски қуйиб узатиб, тамаки билан сийлагач, капитан ўзи ҳақида оз-моз гапириб бергиси келди.
– Бу ерга кеча кечқурун келгандим, лекин ўтиш йўлини тополмай денгизга лангар ташладим. Аввал бу йўналишда ҳеч сузмаганман, аммо хўжайинлар бу ерга айрим юкларни етказишни буюришди. Грей деган кишини танийсизми?
– Ҳа, шу атрофда дўкони бор.
– Хўш, унга анча-мунча консерва келтирдим, эвазига кокос мағзини беради. Хўжайинлар Апиада бекор тургандан кўра бу ерга келишимни тайинлашди. Мен, одатда, Апиа ва Паго-Паго орасида қатнайман. Лекин у ёқда ҳозир қора чечак тарқаб, ҳаёт буткул тўхтаган.

Капитан вискидан бир ҳўплаб, тамаки тутатди. У аслида камгап одам эди-ю, лекин Нейлсоннинг нимасидир асабига тегиб уни гапиришга мажбур қилаётганди. Швед унга сезилар-сезилмас кулги ўйнаб турган катта қора кўзларини тикиб қарарди.
– Уйингиз шинамгина экан.
– Ҳа, кўп меҳнатим сингган.
– Дарахтлардан ҳам анча фойда олсангиз керак. Гуркираб ўсибди. Ҳозир кокос мағзининг нархи хийла баланд. Бир пайтлари Уполуда ўзимнинг ҳам плантациям бор эди-ю, кейин сотишга тўғри келди.

Капитан кўзига балодек кўринаётган тушунарсиз китоблар тўла хонага яна разм солди.
– Бу ер сизга зерикарли бўлса керак? – деди у.
– Йўқ, кўникиб кетганман. Йигирма беш йилдан буён шу ерда яшайман.
Капитан яна нима ҳақида гапиришни билмай индамай тамаки тутата бошлади. Афтидан, Нейлсон ҳам сукунатни бузгиси келмаётганди. У ўйчан нигоҳ билан меҳмонни кузатарди. Капитан бўйи олти футдан ошадиган новча ва бақалоқ киши эди. Доғ босган қизил юзидан мой томиб турар, лунжларини эса бинафшаранг томирлар тўрдек қоплаб олганди. Кўзлари қонга тўлган, бўйни қат-қат ёғ орасида зўрға кўринарди. Гарданидаги оқ оралаган бир тутам узун жингалак сочини айтмаса, тақир кал эди; ялтироқ дўнг пешонаси ақл — идрокидан дарак бериш ўрнига, аксинча, қиёфасига ўта аҳмоқона тус берганди. Капитан сариқ жун босган кўкси очиқ ҳаворанг фланел кўйлак ва оҳори тўкилган эски жун
шим кийганди. У семиз қорнини дўмпайтириб, йўғон оёқларини керганча курсида ялпайиб ўтирарди. Танасида хипчаликдан асар ҳам қолмаганди.

Нейлсон бу жасад ёшлигида қандай кўринган экан, деб ичида ўзидан эринибгина сўради. Бу бақалоқнинг қачонлардир шўх бола бўлгани унинг тасаввурига сиғмасди. Капитан вискисини ичиб тугатгач, Нейлсон шишани унга яқинроқ сурди.
– Тортинмай ичаверинг.
Капитан энгашиб йўғон қўли билан шишага узалди.
– Бу томонларга қандай келиб қолгансиз? – деб сўради у.
– Соғлиғимни тиклаш учун келганман. Ўпкам хаста эди, дўхтирлар бир йил ҳам яшолмайсиз, дейишган. Кўриб турганингиздек, улар адашибди.
– Айнан бу ерга кўчиб келишингизга нима сабаб бўлган демоқчи эдим?
– Мен нозиктаб одамман.
– Шунақа денг.
Бу билан нима демоқчи бўлганига капитаннинг ақли етмаганини сезиб Нейлсоннинг қора кўзлари масхараомуз йилтиради. Бақалоқнинг бефаросатлигидан завқланиб, суҳбатни давом эттирмоқчи бўлди.
– Сиз кўприкда мувозанат сақлайман, деб атрофга қарамадингиз. Аслида бу ерларни жуда чиройли дейишади.
– Уйчангиз ҳам бежирим экан.
– Дастлаб келганимда бу уй йўқ эди. Ўрнида сариқ, қизил, тилларанг баргли буталар билан девордек ўралган қизил гулли улкан дарахт остида қозиқоёққа тикланган, томи чўнқайган маҳаллий кулба турарди. Атрофда аёллардек кўркам ва мағрур кокос дарахтлари ўсарди. Улар кун бўйи сув бўйида солланиб ўз аксларига маҳлиё бўларди. Мен у пайтда ҳали ёш эдим – ё тавба, ҳаш-паш дегунча орадан чорак аср ўтибди-я – умримнинг қолган уч-тўрт кунида дунёнинг гўзаллигидан баҳра олмоқчи эдим. Бу ер шу пайтгача мен кўрган энг чиройли макон эди. Оролга биринчи марта қараганимда нафасим қайтиб, йиғлаб юборишимга бир баҳя қолди. Ўшанда бор-йўғи йигирма беш ёшда эдим. Дадиллашдим, ўлгим келмаётганди. Негадир айнан шу жойнинг гўзаллиги тақдирга тан беришимга кўмаклашгандай туюлади. Бу ерга келганимда бутун ўтмишим қайгадир ғойиб бўлганини ҳис қилдим, Стокголмдаги университет, кейин эса Бонн – буларнинг бари бегона одамнинг кечмишларидек эди гўё. Мен файласуфлар кўп таъкидлайдиган ҳаёт реаллигига эндигина эришгандай эдим; дарвоқе, ўзим ҳам файласуфман. “Бир йил, – дедим ичимда, – бир йилим қолди. Уни шу ерда ўтказаман, кейин ўлсам ҳам майли”.

Йигирма беш ёшимизда қанчалик ғўр, ҳиссиётга берилувчанмиз-а, лекин шунақа бўлмаганда элликк а кирганимизда бунчалик доно бўлармидик… Ичинг, дўстим, ичинг! Менинг вайсашимга эътибор берманг.
У озғин қўли билан шишага ишора қилди ва капитан стаканини бўшатди.
– Ўзингиз ҳеч нарса ичмаяпсиз-ку? – сўради капитан шишани олиб.
– Мен ичмайман, – жилмайди швед. – Мен ўзимни бошқа, нозикроқ усуллар билан маст қиламан. Балки мақтанаётгандирман, лекин ҳар ҳолда таъсири узоқроқ, натижаси эса зарарсизроқ бўлади.
– Штатларда ҳозир кўпчилик кокаин ҳидлаяпти дейишади, – деди капитан.
Нейлсон кулимсиради.
– Оқтанлиларни кам кўраман, ҳозир бир қултум виски ичсам зарар қилмас.
У стаканига қиттак виски қуйиб, шарбат қўшди-да, ҳўплади.
– Ниҳоят мен бу макон нега бунчалик гўзаллигини тушундим. Худди океан ўртасида кемани учратиб, мачтага қўнганча чарчаган қанотларини йиғадиган кўчар қушдек севги бу ерга бир муддат тўхтаб ўтганди. Бетакрор ҳиссиёт ифори май ойида ватаним майсазорларидан келадиган дўлана ҳидидек ҳавода мавж урарди. Менингча, одамлар қаттиқ севишган ёки азоб чеккан жойларда аллақандай руҳий тўкисликка эга ҳиссиётнинг сезилар-сезилмас ҳиди қолади ва бу ердан ўтганларга сирли таъсир қилади. Афсуски, буни бошқача тушунтириб беролмайман, — Нейлсон хиёл жилмайди. — Барибир, нима демоқчилигимни тушунишингиз даргумон.

У бир оз жимиб қолди.
— Балки муҳаббат дардига шу ерда мубтало бўлганим учун бу жой менга гўзал туюлгандир, – дея у елка қисди. — Ёки навқирон севгимга уйғун гўзал манзара туйғуларимга таъсир кўрсатдимикан?
Капитандан кўра фаросатлироқ одам ҳам Нейлсоннинг сўзларидан таажжубланган бўларди, чунки Нейлсон ўзи гапираётган гапидан ўзи кулаётгандек туюларди. Қалбини жумбишга келтирган туйғудан ақли кулаётгандек эди гўё. У ўзини ҳиссиётга берилувчанман дея таърифлади-ю,лекин таъсирчанликка ишончсизлик қўшилса оқибати ёмон бўлиши тайин.
Нейлсон жимиб қолди, гўё ниманидир эсламоқчи бўлаётгандек капитанга ғалати қаради.
— Биласизми, сизни аввал ҳам қаердадир учратгандайман, — деди у.
— Негадир сизни эслолмаяпман, – эътироз билдирди капитан.
— Ғалати туйғу, худди юзингиз менга танишдек. Лекин сизни қачон ва қаерда кўрганим ёдимда йўқ.
Капитан елкасини қисди.
— Оролларга келганимга ўттиз йилдан ошди. Шунча вақт ичида учратган одамларнинг барисини эслаб қолиб бўлармиди?
Швед бош ирғади.
— Биласизми, баъзан аввал қадаминг тегмаган жойлар ҳам танишдек туюлади. Сизга қараганимда менда худди шундай туйғу пайдо бўлаяпти, — дея у ғалати жилмайди. — Балки бурунги ҳаётимда сизни билгандирман. Балки сиз кўҳна Римдаги кема бошлиғи, мен эса эшкак эшувчи қул бўлгандирман. Ўттиз йилдан бери шу ердаман дедингизми?
– Роппа-роса ўттиз йилдан бери.
– Малла деган йигитни учратмаганмисиз?
– Малла?
– Унинг фақат шу лақабини биламан. Ўзи у билан ҳеч қачон таниш бўлмаганман, бирор марта кўрмаганман ҳам. Лекин барибир уни бошқалардан кўра, масалан, кўп йиллар бирга яшаган ака-укаларимдан кўра яхшироқ тасаввур қиламан. Тасаввуримда у худди Паоло Малатест ёки Ромеодек аниқ сақланган. Айтмоқчи, сиз Дантени ҳам, Шекспирни ҳам  ўқимаган бўлсангиз керак?
– Йўқ, шекилли, – деди капитан.
Нейлсон курсига ястанганча тамаки тутатиб маъносиз нигоҳини ҳавода сузиб юрган тутунга қадади. Унинг лабида табассум ўйнар, лекин кўзлари жиддий эди. Кейин у капитанга қаради. Бу одам кишини жиркантирадиган даражада семиз эди. Унинг турқи Нейлсоннинг жиғига тегар, асабини ўйнарди. Аммо меҳмони хаёлига келтираётган одамдан мутлақо фарқ қилиши Нейлсонга ҳузур бағишларди.
— Бу Малла деганлари жуда келишган йигит бўлган кўринади. Мен ўша вақтлар уни таниган кўп одамлар, айниқса, оқтанлилар билан гаплашганман. Бари бир овоздан уни кўзни ўйнатадиган даражада чиройли эди, дейишарди. Оловранг сочлари туфайли унга Малла деб лақаб қўйишган. Унинг жингалак, узун сочлари рафаэлчиларни лол қолдирган ўша бетакрор  рангда товлангандир, эҳтимол. Лекин Малла бундан ғурурланмаган, чунки у жуда содда йигит бўлган. Агар бундан ғурурланганда ҳам мағрурлиги учун уни ҳеч ким айбламасди. У новча, бўйи олти футдан ошарди. Бир пайтлар шу ерда турган кулбанинг томига тиралган устунга унинг бўйи белгиланган кертик ўйилганди. Малланинг келбати юнон маъбудига ўхшарди, елкала- ри кенг, сонлари ориқ; Праксител ясаган Апполонни эслатувчи қоматида аёлларга хос, кўнгилга ғулғула солувчи сезилар-сезилмас назокат бор эди. Сутдай оппоқ, бахмалдай майин бадани ҳам аёлларникига ўхшарди.

– Болалигимда мен ҳам опоққина эдим, – деди капитан қизарган кўзлари кулгидан қисилиб.
Аммо Нейлсон унинг гапини эшитмаганга олди. У берилиб ҳикоя қилар, гапи бўлинишини истамасди.
– Малланинг юзи ҳам баданидай чиройли эди. Катта, тўқ-кўк кўзларини баъзилар қора дейишар, қора қошию киприклари ҳам бошқа маллаларни- кига ўхшамасди. Юз бичими бежирим, оғзи эса қонли жароҳатга ўхшарди. Малла йигирмага кирганди.

Шу жойда швед нафасини ростлаб, вискидан ҳўплади.
– У бетакрор эди. Ундан чиройли одам бўлмаган. У ёввойи ўтнинг муаттар гулига ўхшарди. Табиатнинг кутилмаган туҳфаси эди у. Бир куни Малла сиз бугун тонгда лангар ташлаган кўрфазга тушади. У Апиадаги ҳарбий кемадан қочган америкалик денгизчи эди. Бир маҳаллий саховатпешанинг кўмагида Апиадан Сафотога сузадиган елканли қайиққа ўтириб, шу ерда қирғоққа тушади. Малла нега ҳарбий хизматдан қочганини билмайман.
Балки ҳарбий кемадаги тартиб-интизом ёқмагандир ёки бирор машмашага аралашиб қолгандир. Жанубий денгизу бу жаннатмакон ороллар уни мафтун этган бўлиши ҳам мумкин. Баъзан бу ороллар одамга ғалати таъсир қилади, худди ўргимчак тўрига илинган чивиндек уни ўзига боғлаб қўяди. Балки Малла таъсирчан бўлгандир, бу ям-яшил қирлару тоза ҳаво, мовий денгиз, Далила Самсоннинг қувватини сўриб олгандек, унинг шимолликларга хос иродасини синдиргандир. Нима бўлганда ҳам Малла кемаси Самоадан кетгунча кўздан йироқ шу оролларга беркинишга қарор қилган.

У қирғоққа тушиб қаёққа боришни билмай турганида яқинроқдаги кулбадан бир қиз чиқиб, меҳмонни ичкарига таклиф этган. Малла маҳаллий тилда бор-йўғи икки-учта сўзни билган, қиз ҳам инглизчани қарийб тушунмаган. Лекин қизнинг мулойим жилмайиб қилган имо-ишораларидан кейин Малла тортинмай унинг ортидан юрган. Меҳмони курсига ўтиргач, қиз уни ананас билан сийлаган. Мен Малла ҳақида бировлардан эшитганман, холос, қизни эса уларнинг учрашувидан уч йил ўтгач ўз кўзим билан кўрганман. Ўшанда у эндигина ўн тўққизга кирганди. Бу қизнинг нақадар соҳибжамол бўлганини сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз. Унинг жамолида тропик атиргулининг барча ранглари жилванарди. Бўйи  ўртачадан баландроқ, қадди-қомати келишган, элатига хос юз бичими фаришталарникидек сулув, шаҳло кўзлари палмалар остидаги сокин оқаётган сув ҳалқасига ўхшарди. Қизнинг тим қора жингалак сочлари елкасигача тушган, боши эса хушбўй гуллар билан безалганди. Нозик қўллари шунчалик чиройли эдики, уларга қараганда одамнинг нафаси ичига тушиб кетарди. У пайтлар қиз жуда қувноқ эди. Унинг майин табассуми юракни ўртар, бадани эса офтоб нурида зарга бурканган буғдойзордек товланарди. Ё Тангрим, уни қандай таърифлай? У мисли йўқ соҳибжамол эди.

Хуллас, бу икки ёш – қиз ўн олти ёшда, Малла йигирмада эди – бир кўришдаёқ бир-бирларини севиб қолишган. Чин муҳаббат ўзи шунақа бўлади. Бу қизиқишларнинг муштараклиги ёки руҳий яқинликдан туғилган меҳр эмас, балки оддий ва соф табиий севги эди. Одам Ато уйғониб боғда ёшли кўзлари билан ўзига тикилиб турган Момо Ҳавони  кўрганда шундай севган. Бу жониворлару маъбудларни топиштирадиган, борлиқни мўъжизига айлантирадиган, ҳаётга мазмун олиб кирадиган севги. Севишганлардан доим биттаси севади, иккинчиси ўзини севишга имкон беради, холос, деб айтган доно ва сурбет француз герцоги тўғрисида эшитмаган бўлсангиз керак. Кўпчилигимиз истар-истамас тан оладиган аччиқ ҳақиқат бу. Лекин аҳён-аҳёнда бир-бирини чин кўнгилдан севган ошиқлар ҳам учрайди. Бундай пайтларда қуёш ҳам, Исо Навин Исроил худосига хитоб қилгандагидек, осмонда муаллақ қотади.

Орадан шунча йиллар ўтган бўлса-да, бу беғубор, гўзал ёшларнинг муҳаббати ҳамон юрагимни ўртайди. Одатда, сокин кўрфаз узра тунги тиниқ осмонда нур сочаётган тўлин ойни кўрсам юрагим шундай уви- шади. Бенуқсон гўзалликни кузатиш дилни доим орзиқтиради.

Улар ҳали ўсмир эди. Қиз дилбар, меҳрибон ва оқкўнгил бўлган. Малланинг феъл-атвори ҳақида ҳеч нарса билмайман, лекин ўша пайтда у содда ва очиқкўнгил, қалби ҳам жисмидек бенуқсон эди, деб ишонгим келади. Балки унинг кўнгли митти фавнлар ялангликларда соқолли кентаврларни миниб юрган, олам мурғак паллада қамишдан най ясаб, шаршара сувига чўмилган ўрмон жонзодлари қалби каби ҳали етилмагандир. Бу дунёда қалбдек беҳаловат нарса йўқ, одам уни кашф қилгач, жаннатдан қувилди.
Малланинг оролга келишидан аввал бу ерда Жанубий денгизга оқтанлилар илаштириб келтирадиган хасталиклардан бири тарқаб, маҳаллий аҳолининг учдан бир қисми нобуд бўлган. Ҳамма яқинларидан жудо бўлган қиз узоқ қариндошлариникида қўним топган. Оила бор-йўғи ажин босган икки нафар букри кампир, икки нафар ёшроқ аёл, бир эркак ва боладан иборат эди. Малла уларникида уч-тўрт кун яшаган. Аммо уни қирғоқнинг яқинлигию оқтанлиларни учратиб қолиш эҳтимоли чўчитганми ёки севишганлар бегоналар халал беришини хоҳлашмаганми, хуллас, бир куни тонгда қиз лаш-лушларини йиғиштирган ва иккаласи кокос дарахт- лари остидаги ўт босган сўқмоқдан юриб йўлга тушишган, кўп ўтмай сиз боя кўрган анҳорнинг рўпарасидан чиқишган. Малланинг сиз юриб ўтган ҳалиги кўприкчага қадам босишга қўрқаётганини кўриб қиз кулган. Биринчи ғўланинг охиригача қиз унинг қўлидан ушлаб борган, аммо шу ерда Малла- нинг дадиллиги йўқолиб ортга қайтган. У кўприкка қайта қадам қўйишдан бурун уст-бошини ечишга мажбур бўлган, қиз унинг кийимини бошига қўйиб олиб ўтган. Улар шу ердаги бўм-бўш кулбага жойлашишган. Қизнинг бу кулбада яшашга ҳаққи бўлганми (оролларда ерга эгалик ҳуқуқи мураккаб масала) ёки кулбанинг эгаси оролда тарқалган касалликдан ўлганми, қисқаси, улардан ҳеч ким ҳеч нарса сўрамаган ва ёшлар хотиржам яшай бошлашган. Уларнинг ётишга бир жуфт бўйраси, бир парча синиқ ойна ва уч-тўртта ликопчадан бошқа ҳеч вақоси бўлмаган. Лекин бундай жаннат жойда тирикчилик учун шуларнинг ўзи кифоя эди.

Бахтли одамларнинг ўтмиши бўлмайди, дейишади, бахтли муҳаббатнинг ҳам тарихи йўқлиги аён. Ёшлар кунни бекорчиликда ўтказишса-да, барибир, кунлар уларга қисқа туюлган. Қизнинг маҳаллийча исми борлигига қарамай Малла уни Салли деб чақирган. Тубжойликларнинг содда тилини ўрганиб олгач, у соатлаб бўйрада чўзилиб ётиб қизнинг қувноқ чулдирашини тингла- ган. Малла камгап бўлган, балки ўша пайтлар ҳали ақли тўлишмагандир. У Салли панданус баргларидан ўраб берган тамакини тутатганча, қизнинг қамишдан чаққон-чаққон бўйра тўқишини томоша қилган. Кулбаларига тез-тез келиб-кетиб турган тубжойликлар оролдаги қабилалар ўртасида бир замонлар бўлиб ўтган қирғинлар ҳақида узундан-узоқ ҳикоялар айтиб беришган. Баъзан Малла сув остидаги қоя тошлар орасидан бир сават хилма-хил рангли балиқлар тутиб келтирган. Аҳён-аҳёнда тунда чироқ кўтариб омар балиғини тутишга чиққан. Салли эса кулба атрофидан банан териб келиб қовуриб, одмигина дастурхонини безаган. Қиз кокос ёнғоғидан жуда мазали таомлар тайёрлашни ҳам билган, анҳор қирғоғидаги нон дарахти уларга неъматини ҳадя қилган. Байрам кунлари икковлон чўчқа боласини сўйиб, қизиган тошда гўшт қовуришган. Анҳорда бирга чўмилиб, кун ботгач қайиқчада кўрфаз бўйлаб сузишган. Қуёш уфққа энганда кўм-кўк денгиз худди Гомер давридаги Юнон денгизидек мусаллас рангига бўялган. Кўрфаз суви эса дам оч яшил, дам бинафша, дам зумрад тусида товланган. Қуёш уфққа бош қўйганда денгиз бир муддат тилла рангга бурканган. Сув остидаги бинафша, жигарранг, оқ, пушти, қизил маржонлар сеҳрли боғни, балиқлар эса капалакларни эслатган. Буларнинг бари эртакка ўхшайди. Сув ости қоялари орасидаги тубига оқ қум чўккан, суви биллурдек шаффоф ҳовузчаларда сузиш роҳат эди. Ниҳоят, кўнгиллари завқу шавққа тўлган ёшлар қўл ушлашиб ўт босган сўқмоқдан юриб кулбага қайтишган. Сайроқи қушлар кокос дарахтлари шохларида тинимсиз чуғур-чуғурлашган. Қоронғи тушгач, Европа осмонидан-да кенг кўринган фалак чақноқ юлдузларга тўлган, севишганларнинг эшик-деразасиз кулбасида енгилгина шабада эсиб турган. Бироқ узундан-узоқ тунлар ҳам уларга қисқадек туюлган.

Қиз ўн олти, йигит эса эндигина йигирма ёшга кирган эди. Тонгги шафақ кулбанинг ёғоч устунлари орасидан кириб, бир-бирининг қучоғида ухлаб ётган бу гўзал навжувонларга мўралаган. Қуёш халал бермаслик учун аввал банан дарахтининг япалоқ барги ортига беркинган-да, кейин ангор мушугининг панжасидек заррин нурларини айёрлик билан уларнинг юзига теккизган. Улар уйқули кўзларини очишиб, тонгни кулиб қарши олишган.
Ҳафталар ойларни қувиб, кўз очиб юмгунча орадан бир йил ҳам ўтган. Улар бир-бирини боягидек – эҳтирос билан демоқчи эмасман, чунки эҳтиросга мудом қайғу, алам ва азоб аралашган бўлади – илк бор кўришганларида қалбларидан жой олган соҳир туйғуни англашган кунда- гидек самимий, табиий севишган.

Бу муҳаббат қачондир поёнига етиши ҳақида ўйлашмаган ҳам. Ахир, севгида энг муҳими унинг мангу бардавомлигига ишонч эканини биламиз- ку. Аммо бир куни денгиз бўйидан келган тубжойлик уларга қирғоқ яқинида инглизларнинг кит овловчи кемаси лангар ташлаганини айтганда, балки Малланинг кўнглида аллақачон қиз ҳам, ўзи ҳам сезмаган бефарқлик куртаклагандир.
– Зўр иш бўлибди! – деган у ўшанда. – Кокос билан банан бериб, улардан икки фунтча тамаки оламан!
Салли чарчоқ нималигини билмай панданус баргидан ўраб бериб турган тамаки ўткир ва хуштам бўлса-да, Маллага бу унчалик ёқмаган. Унинг аччиқ ва хушбўй, ҳақиқий тамаки чеккиси келиб қолган. Неча ойдан буён труб- касини тутатмагани боис, бу ҳақида ўйлагани ҳамон сўлаги оқа бошлаган.
Бир фалокатни сезган Салли Маллани йўлдан қайтарса бўларди, аммо қиз севгисига шунчалик ишонганки, Маллани кимдир тортиб олиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган. Улар тепаликдаги дарахтзорга чиқишиб катта қутини яшил, лекин ширин ва сувли апелсинга тўлдиришган, кулба атрофидан банан, кокос ёнғоғи, нон дарахти меваси ва манго териб қирғоққа олиб боришган. Малла кичкина қайиқчани меваларга тўлдириб, кема келганини дараклаган ороллик бола билан қайиқда сув ости қояларидан нарига сузиб кетган.  Шундан кейин Салли уни қайтиб кўрмаган.

Эртаси куни бола ҳўнграб йиғлаганча ёлғиз ўзи қайтиб келган ва улар кемага яқинлашгач, Маллани бортдаги денгизчилар чақирганини, бир оқтанли уларни кемага таклиф қилганини айтиб берган. Малла меваларни кема саҳнига тўккач, оқтанли у билан ниманидир келишиб олган. Денгизчилардан бири пастга тушиб тамаки келтирган ва Малла дарҳол трубкасини тамакига тўлдириб чека бошлаган. Бола унинг оғзидан қандай қилиб паға-паға тутун чиқарганини кўрсатган. Кейин кемадагилар Маллага нимадир деган ва у каютага кирган. Бола қизиқсиниб очиқ эшикдан қараганда шиша ва стакан келтиришаётганини кўрган. Малла ичиб, чека бошлаган. Денгизчилар қандайдир савол беришганда у бошини чайқаб кулган. Уларни кема саҳнига таклиф қилган ҳалиги оқтанли киши ҳам кулиб, Малланинг стака- нини яна тўлдирган. Бирга ичишиб, гурунгни давом эттиришган. Ажнабий тилни тушунмаган бола кўп ўтмай зерикиб, кема саҳнига ёнбошлаганча ухлаб қолган.

Бир пайт биқинидан тепки еган бола сапчиб туриб, кеманинг кўрфаздан чиқаётганини кўрган ва мастликдан оғирлашган бошини столга ташлаганча хуррак отаётган Малла томон югурган. Шу пайт бир денгизчи унинг елкасидан маҳкам ушлаб, ажнабий тилда бўралатиб сўкканча кемадан ҳайдай бошлаган. Маллани уйғотмоқчи бўлиб қичқирганида, болани кўтариб сувга улоқтирган. Қўлидан ҳеч иш келмаслигини англаган бояқиш яқинроқда турган қайиғигача сузиб бориб, уни сув ости маржонқоялари томонга буриб, йиғлай-йиғлай эшкак эшган.

Бу воқеадан ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки кит овлайдиган кемага денгизчи керак. Борлари ё касалга йўлиққан, ёки қочиб кетган. Капитан Маллани ишга таклиф этганда у рад этган, эҳтимол, кейин уни маст қилиб олиб кетишган.

Салли ғамдан адои тамом бўлган. Уч кун изиллаб йиғлаб, умидсизлик- дан ич-этини еган. Тубжойликларнинг уни юпатишга уринишлари бекор кетган. У туз тотмай қўйган. Бутунлай ҳолдан тойиб ўйчан ва бефарқ бўлиб қолган. Кун бўйи қирғоқда кўрфазга термилиб Малланинг тутқиндан қочиб келишини кутган. Кўзларидан дув-дув ёш оқиб, қумлоқдан бир қадам жилмаган. Қоронғи тушгач, сойдан ўтиб қачонлардир бахтга тўлган кулбасига қайтган. Малла оролга келгунича Салли билан бирга яшаган қариндошлари уни олиб кетишга уринишган, бироқ у кўнмаган: Маллани қайтиб келади, деб ишонган ва севгилиси уни қолдириб кетган жойдан топишини хоҳлаган.

Орадан тўрт ой ўтгач Салли ўлик бола туққан, туғруқ пайти бошида турган доя кампир у билан кулбада қолиб бирга яшай бошлаган.  Саллининг ҳаётида севинчдан асар ҳам қолмаган. Вақт ўтган сари айрилиқ азоби енгиллашгандек бўлса-да, унинг ўрнини доимий ўйчанлик эгаллаган. Туйғулари беқарор тубжойликлар орасида бу қадар кучли севгига қодир аёл борлиги тасаввурга сиғмайди. Салли Малланинг бир кун келиб ортга қайтишига ишонган ва ҳар сафар кокос поясидан ясалган кўприкча тарафдан оёқ товуши эшитилганда Малла келдимикан, деган умидда ўша ёққа кўз тиккан.

Нейлсон сезилар-сезилмас хўрсиниб, жимиб қолди.
– Кейин қизга нима бўлди? – деб сўради капитан.
Нейлсон беихтиёр кулимсиради.
– Орадан уч йил ўтгач, у бошқа бир оқтанлини учратган.
– Ўзи уларнинг ҳаёти шунақа, – деди капитан мийиғида кулиб.
Швед унга ўқрайиб қаради. У рўпарасидаги қўпол бақалоқдан нега бунчалик жирканаётганини билмасди. Аммо кўп ўтмай Нейлсон яна хотираларга чўмиб кетди.
У хаёлан йигирма беш йил ортга, ароқ, қимору бузуқликлари билан бадига урган Апиадан илк бор оролга келган чоғларига қайтди. Оғир дардга чалинган Нейлсон у пайтлар бир дунё орзуларини боғлаган мартабали ишидан воз кечганига кўниколмай юрганди. Вақти келиб машҳур бўлишдек ҳою-ҳавасларни миясидан чиқариб ташлаб соғлиғини асраса, қолган уч-тўрт йиллик умрга қаноат қилиши лозим эди.

Нейлсон қирғоқдан икки милча наридаги қишлоқ четида, дўкондор метис савдогарникида ижарада турарди. Бир сафар у кокос дарахтлари орасидаги ўт босган сўқмоқда сайр қила юриб, Саллининг кулбасига дуч келди. Бу маконнинг гўзаллигидан шведнинг юраги ҳаприқиб кетди. Кейин у Саллини кўрди. Нейлсон умри бино бўлиб ҳали бунчалик чиройли хилқатни учратмаганди. Қизнинг тим қора шаҳло кўзларига чўккан қайғу унга ғалати таъсир қилди. Канаклар – чиройли халқ, лекин уларнинг чиройи жониворларнинг кўркамлигини эслатади. Бу – бор-йўғи ташқи жозиба. Аммо Саллининг мунгли нигоҳида қандайдир сир, эзилган юракнинг азобу уқубати яширинган эди. Метис савдогар унга қизнинг бошига тушган мусибат ҳақида гапириб берди ва бу ҳикоя Нейлсонга жуда қаттиқ таъсир қилди.

– Нима деб ўйлайсиз, Малла қайтиб келармикан? – деб сўради ундан швед.
– Унинг қайтиши даргумон. Ахир, кема жамоаси билан икки йилдан кейин ҳисоб-китоб қилинади, бу пайтга келиб Малла Саллини эсидан чиқариб юборади. Малла кайфи тарқаб, уйғонганидан сўнг ўзини мажбурлаб олиб кетишаётганини англагач роса жиғибийрон бўлгани тайин, денгизчилар билан муштлашгандир, эҳтимол. Лекин охир-оқибат тақдирига тан берган. Орадан бир-икки ой ўтиб, оролдан кетганига балки хурсанд ҳам бўлгандир.
Бу ҳикоя Нейлсоннинг миясига ўрнашиб қолди. Ўзининг касалмандлиги боисидандир, тасаввуридаги соғлом ва дуркун Малла унга кучли таъсир кўрсатганди. Швед ўзи кўримсизгина эди, шу сабабли бошқаларнинг чиройига юқори баҳо берарди. У ҳеч қачон эҳтирос билан севмаган ва турган гапки, севилмаган ҳам эди. Шундан бу ёш хилқатларнинг муҳаббати ҳақида ўйлаганда кўнгли шодликка тўлиб кетарди. Мангу гўзалликдан сўзларди унга бу муҳаббат. Нейлсон сой бўйидаги кулбачага яна бир марта бор- ди. Тилшуносликка қизиққан, ақлий меҳнатни қўмсаган швед аллақачон маҳаллий лаҳжаларни ўрганишга киришганди. Энди эса, тарки одат амри-маҳол, самоаликлар тили бўйича илмий иш учун маълумот тўплай бошлади.

Саллиникида қолиб яшаётган кампир уни кулбага таклиф қилди. Гурунглашадиган одам топилганидан хурсанд бўлиб, Нейлсонни кава ва тамаки билан сийлади. Швед эса кампирнинг чулдурашига эътибор бермай, зимдан Саллини кузатарди. Салли унга Неапол музейидаги Психеяни эслатди, рухсори сулув ва беғубор эди. Бола туққанига қарамай, бокира қизлардек кўринарди.

Нейлсон Саллининг овозини эшитгунча икки-уч марта кулбага ташриф буюрди. Шунда ҳам қиз Апиада Малла деган одамни учратмаганмисиз, деб сўраш учун сукутни бузди. Малланинг йўқолганига икки йилдан ошса ҳам Салли уни унутолмаганди.

Кўп ўтмай Нейлсон Саллини севиб қолганини англади. У ҳар куни сой бўйига бормаслик учун иродасини ишга солар, лекин қизни кўрмаса-да, хаёли мудом у билан банд эди. Яқинда куни битишини билган Нейлсон дастлаб Саллини кўриб, аҳён-аҳёнда овозини эшитганига ҳам хурсанд бўлиб юрди, бу унга қувонч бағишларди. Ҳиссиётининг беғаразлигидан у мамнун эди. Нейлсон бу дилбарни ўй-хаёлининг бекасига айлантирмоқчи эди, унга Саллидан бошқа ҳеч нарса керакмасди.

Аммо мусаффо ҳаво, мўътадил иқлим, яхши ҳордиқ ва табиий неъматлар Нейлсоннинг соғлиғига фавқулодда ижобий таъсир қилди. Тунлари аввал- гидек куйиб-ёниб иситмалашлар қолди, йўтали босилиб, вазни ошди, ярим йилча қон тупурмади. Шунда Нейлсон ҳали бу ёруғ оламда насибаси узил- маганини англади. Танидаги дардга қулоқ тутаркан, кўнглида эҳтиёт бўлиб яшасам касалим зўраймайди, деган умид уйғонди. Яна келажак ҳақида ўй суриш имконияти пайдо бўлгани унинг руҳини кўтариб юборди. Нейлсон режа туза бошлади. Бирор-бир жиддийроқ фаолият билан шуғулланиш ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Лекин бошқа жойда тирикчиликка етиб- етмайдиган озгина даромадига оролларда бемалол кун кўра оларди. Кокос етиштиради, хат орқали рояли ва китобларини келтиртиради, демак, иш топилади. Аммо швед кўп ўтмай бу режалар билан юрагини безовта қилаётган хоҳиш-истакдан ўзини чалғитмоқчи бўлаётганини тушунди.

Унга Салли керак эди. Швед Саллининг фақат ҳуснини эмас, мунгли нигоҳи ортига беркинган кўнглини ҳам яхши кўрарди. У муҳаббати тафтида Саллининг қалбини эритиб, айрилиқ азобини унутишга мажбур қилади. Ҳис- ҳаяжонга берилган Нейлсон мангуга йўқотдим деб ўйлаган ва фалакнинг гардиши билан қайта топган бахтини Салли билан баҳам кўраётганини кўз олдига келтирди.

Нейлсон Саллига бирга яшашни таклиф этганда қиз қўл силтади. Лекин швед саросимага тушмади – қизнинг йўқ дейишини у биларди. Салли эртами-кечми шаштидан тушади. Нейлсоннинг муҳаббати ҳаммасини енгади. Нейлсон ниятини кампирга ошкор этганда кампир ҳам, қўшнилар ҳам аллақачон Саллини унинг таклифига кўндиришга уринишаётганини эшитиб ҳайрон қолди. Аслида ороллик аёл борки, оқтанлининг хонадонида бека бўлишни бахт деб билар, Нейлсон эса тубжойликларнинг меъёрига кўра бадавлат одам саналарди. Шведга ижарага уй берган савдогар ҳам Саллининг қошига бориб уни тўғри йўлга солишга уринди, бунақа омад бошқа келмаслигини, Маллани кутишдан энди наф йўқлигини тушунтир-ди. Саллининг қайсарлиги Нейлсоннинг иштиёқини баттар кучайтирди, аслида беғараз меҳрдай туюлган туйғу уқубатли эҳтиросга айланди. Жамики тўсиқларни яксон қилишга бел боғлаган швед Саллини ҳоли-жонига қўймади. Ниҳоят Нейлсоннинг ўжарлиги-ю атрофдагиларнинг гоҳ мулойим, гоҳ қийин-қистовли панд-насиҳатларидан чарчаган Салли розилик берди. Бироқ эртаси куни қалби шодликка тўлиб, унинг олдига келган швед бир пайтлар Малла билан бирга яшаган кулбага тунда Салли ўт қўйиб, ёқиб юборганини кўрди. Саллини қарғаганча йўлига югуриб чиққан кампирни Нейлсон нари қувди; ҳечқиси йўқ, улар кулбанинг ўрнига кошона қурадилар. Роял ва китобларни сиғдириш учун, барибир, европача уй керак-ку.

Шундан кейин Нейлсон ҳозиргача яшаб келаётган ёғоч уйча қурилди, Салли эса унга хотин бўлди. Лекин охир-оқибат қизнинг висолига етган Нейлсон биргаликдаги турмушнинг дастлабки уч-тўрт ҳафтасидагина бахтли яшади. Қаршилик қилишдан чарчаган Салли энди ўзи учун қадрсиз нарсани унга топширганди. Нейлсон ғира-шира илғаган Саллининг қалби эса унга бегона эди. Жувоннинг ўзига бефарқлигини швед сезиб турарди. Салли ҳамон Маллани севар, унинг қайтиб келишини кутарди. Нейлсон меҳр-муҳаббатига, ҳамдардлигу очиқкўнгиллигига қарамай Малланинг бир ишораси билан Салли ўйлаб ҳам ўтирмай уни ташлаб кетишини билар, шведнинг дили вайрон бўладими-йўқми, Cаллига барибир эди. Бу ҳақда ўйлаш Нейлсонга азоб берарди. Қизнинг кўнглига йўл топишга уринишлари зое кетгач, унинг севгиси аламга айланди. Нейлсон Саллининг юрагини меҳр кўрсатиб забт этишга уринди, аммо жувон тошбағирлигича қолаверди; Нейлсон ўзини бепарво тутиб ҳам кўрди, жувон эса буни пайқамади ҳам. Тоқати тоқ бўлган кезларда швед уни койир, Салли эса овозини чиқармай юм-юм йиғларди. Баъзан Нейлсон ўзимни ўзим алдадим, унинг қалбига йўл тополмадим, балки унда қалбнинг ўзи йўқдир, деган ўйга борарди.

Нейлсоннинг муҳаббати зиндонга айланган ва энди у бу тутқунликдан қочиб қутулмоқчи эди. Лекин шаҳд билан эшикни очиб озодликка чиқишга унинг қурби етмасди. Узоқ вақт изтироб чекканидан сўнг, умидини узиб, оғриқни ҳам сезмай қўйди. Юрагидаги эҳтирос олови сўнди. Энди Саллининг нигоҳи бир лаҳза кўприкчага қадалганида унинг юрагини ғазаб эмас, ўкинч ўртаб юборарди. Улар тирикчиликнинг икир-чикирлари билан овуниб, кўп йиллар бирга яшашди. Ҳозир ўтмишдаги жўшқин эҳтиросларини хотирлаганда Нейлсоннинг юзига табассум югуради.

Салли қартайиб қолди, ўзи бу ердаги ороллик аёллар тез қартаяди. Нейлсон аллақачон уни севмай қўйган, аммо доимо яхши муомалада бўларди. Энди Саллининг унга кераги йўқ, швед роял ва китоблари билан овунарди.
Шуларни эслаб, Нейлсон беихтиёр гапира бошлади:
– Ортга қайрилиб Малла билан Саллининг қисқа, бироқ оташин муҳаббати ҳақида ўйлаганимда севги ўзининг энг юксак нуқтасига кўтарилганда, уларни бир-биридан жудо қилган тақдирдан иккаласи ҳам бирдай миннатдор бўлиши керак, дейман ўзимча. Тўғри, улар кўп изтироб чекишган, изтироблари гўзал бўлган. Севгининг ҳақиқий фожеаси уларни четлаб ўтган.
– Гапингизга тушунмадим, – деди капитан.
– Севги фожеаси ўлим ҳам, айрилиқ ҳам эмас. Уларнинг муҳаббати яна қанча давом этишини ким ҳам айта оларди. Бир пайтлар қалб қўрингни бериб, бутун борлиғинг билан чин юракдан севган – усиз бир дақиқа ҳам яшолмаганинг – аёлга қараб, уни қайтиб ҳеч қачон кўрмасам ҳам майли, деб ўйлаш қанчалар аламли. Севги фожеаси – бу бепарволик.

Нейлсон шу гапларни гапираётган пайтда ғалати ҳолат рўй берди.

У капитанга қараб сўзлаётган бўлса-да, аслида рўпарасида ўтирган одамга эмас, ўзига ўзи гапираётганди. Туйқусдан шведнинг кўз олдида бир қиёфа намоён бўлди – бу рўпарасидаги суҳбатдош эмас, бошқа бир қиёфа эди. Нейлсон гўё одамни ёрулгудек хўппасемиз ёки ходадек узун кўрсатадиган қийшиқ ойнага қараётганди; айни дамда акс ҳолат юз бераётганди: мешқорин қари капитан қиёфасида у фавқулодда бир лаҳза навқирон йигитни кўрди. Нейлсон меҳмонига синчковлик билан тикилди.

Хўш, сайр қилгани у нега айнан бу ерга келди? Беихтиёр миясига келган шубҳадан швед сесканиб кетди. Лекин ақл бовар қилмайдиган бу шубҳада жон бордек эди.
– Исмингиз нима? – деб сўради у туйқусдан.
Капитан юзини буриштириб айёрона тиржайди. Унинг башарасида хунук ва аянчли ифода акс этди.
– Жин урсин, узоқ вақт исмимни айтиб чақиришмаганидан ўзим ҳам уни эсдан чиқариб юборганман. Аммо оролликлар мени ўттиз йилдан бери Малла деб чақиришади.

У мешдай қорнини селкиллатиб пихиллаб кула бошлади. Бу жирканч ҳолатдан Нейлсоннинг этлари жимирлаб кетди. Малла эса ичаги узилгудек бўлиб, қизариб кетган кўзларидан ёш чиққунча кулди.

Бир пайт хонага кириб келган аёл Нейлсонни чўчитиб юборди. Бу тўладан келган, қорамағиз – қартайган сайин оролликларнинг териси қораяди – сочи оппоқ оқарган савлатли аёл эди. Эгнидаги юпқа қора кенг-мўл кўйлагини бўлиқ сийналари туртиб кўтариб турарди. Вазият кескин тус олди. Энди ҳаммаси бир ёқли бўлади.

Аёл Нейлсонга кундалик юмушлар ҳақида нимадир деди. Унга жавоб қайтараётганида Нейлсоннинг овози ўзига қалбакидек эшитилди. Лекин буни аёл сездими-йўқми, билиб бўлмасди. Кейин аёл дераза ёнида ўтирган меҳмонга бепарво қараб қўйди-да, ташқарига чиқиб кетди. Танг вазият ортда қолди. Нейлсоннинг қўл-оёғи титрар, тили оғзида ғўладай қотган эди. Ниҳоят, у ўзини қўлга олиб гапира бошлади:
– Агар уйимда қолиб, мен билан бирга тушлик қилсангиз жуда хурсанд бўлардим.
– Афсуски иложи йўқ, – деди Малла. – Анави Грейни топишим керак. Унга молларни топшириб, қайтиб кетаман. Эртагаёқ Апиада бўлишим керак.
– Сизни кузатиб қўйгани дастёр болани чақираман.
– Яхши бўларди.
Малла зил-замбил гавдасини бир амаллаб курсидан кўтарганда швед экинзорда ишлаётган болалардан бирини чақирди.

Нейлсон болага капитанга йўл кўрсатишни тайинлади, болакай кўприкчадан пилдираб юриб кетди. Малла унинг ортидан йўл олди.
– Кўприкдан йиқилиб тушманг тағин, – деди Нейлсон.
– Тушингизни сувга айтинг.
Малла кокос дарахтлари ортида кўздан ғойиб бўлди, бироқ швед унинг ортидан кўзини узмай, дераза ёнида ҳайкалдек қотиб турарди. Ниҳоят, у курсига чўкиб, оғир тин олди. Нейлсоннинг бахтига зомин бўлган кимса ҳали шуми? Наҳотки, Салли шунча йил севиб, изтироб билан кутган Малла шу бўлса? Шум тақдирнинг ўйинини қаранг! Нейлсоннинг қаҳри қўзиди, ўрнидан ирғиб туриб ҳамма нарсани чилпарчин қилиб ташлагиси келди.

Ҳа, уни алдашди. Улар ниҳоят учрашдилар – Малла билан Салли бир-бирини танимадилар. Нейлсон аянчли кулди, асабий қаҳқаҳа зўрайгандан зўрайиб, жазавага айланди. Маъбудлар уни лақиллатишди. Умрининг ярми зое кетди.

Ниҳоят, Салли кириб тушлик тайёр бўлганини айтди. Нейлсон унинг рўпарасида ўтириб овқатланишга уринди. Ҳозиргина шу ерда ўтирган бақалоқ меҳмон ҳамон армон билан эслайдиган ўша севгилиси эканини билганда Салли нима деган бўларди? Кўп йиллар бурун Салли етказган азоблардан безиллаб юрган пайтларда Нейлсон жон-жон деб унга буни  айтарди. Чунки ўшанда Салли уни қай кўйга солган бўлса, у ҳам жувонни шундай азоблаган бўларди; аслида бу нафрат эмас, муҳаббат эди. Бироқ энди Нейлсонга барибир. У бепарво елкасини қисди.
– Боя келган одамга нима керак экан? – деб сўради Салли.

Нейлсон дарҳол жавоб бермади. Салли ҳам қартайиб қолганди. Семиз қари тубжойлик аёл. Нейлсон энди бир пайтлар нега уни телбаларча севганини тушунолмасди. Саллининг пойига қалбидаги дуру гавҳарларни тўкди, унга эса бунинг кераги ҳам йўқ экан. Бекор! Бари бекор! Ҳозир Саллига қараб Нейлсон кўнглида нафратдан бўлак ҳеч нарсани ҳис қилмасди. Бунга ортиқ чидаёлмайди. Ниҳоят, Нейлсон жавоб берди:
– У кема капитани экан. Апиадан келибди.
– Ҳа-а…
–Уйимдан хабар келтирибди. Акам оғир касал экан. Мен ортга қайтишим керак.
– Узоқ вақтга кетяпсизми?

Нейлсон елкасини қисди.

033

(Tashriflar: umumiy 144, bugungi 1)

Izoh qoldiring