Yolqin Aziziy. She’rlar

077      Ўзбек ва уйғур адабий алоқаларининг сўнгги йиллардаги ривожи, энг биринчи навбатда, таржимонлар хизматига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ана шундай фидойи таржимонлардан бири ёш уйғур шоири Ёлқин Азизийдир. У қисқа муддат ичида йигирмадан ортиқ ўзбек шоирлари асарларини уйғурчага таржима қилиб, Шинжон-Уйғур ўлкасидаги адабий журналларда эълон қилди.

Тан олиб айтишим керак, дастлаб Ёлқин Азизий юборган шеърларга бир таржимон шеърлари-да, деб қарадим. Муддат ўтиб, унинг шеърларини уйғурчадан ўзбекчага ўгириб ўқиганим сайин бу сатрлар улкан ва фидойи қалб эгаси ва етук шоир дунёсини очиб кўрсата бошлади. Мен унинг ҳаяжони дарёсига қўшилиб оқдим, унинг ғамгин орзуларидан томоғимга нимадир тиқилиб келди. Бу тиқилган  —  унинг шеърлари орқали кўксимга ўтган —  шоирнинг юраги эди.

Мен ёш дўстимга у таржима қилган ўзбек шоирлари номидан самимий миннатдорчилик билдириб, унинг ижодий фаолиятига янада самарали бўлишини тилаб қоламан. Бугун унинг ўзбек тилига ўгирилган шеърлари билан таништирар эканман, бу учрашув менинг айбим билан анча муддат кечиккани учун  Ёлқиндан узр сўрайман.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Ёлқин Азизий
ШЕЪРЛАР
Уйғурчадан Алимардон Ҳайит таржимаси
034

 08   Ёлқин Азизий 1969 йил 6 августда Кошғар Шинжон-Уйғур ўлкасининг Янисар туманидаги Топлуқ қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни якунлагач Шинжон Адлия мактабида таҳсил олган ва меҳнат фаолиятини судья сифатида бошлаган.
   Ёлқин Азизийнинг илк шеъри «Елкан» 1986 йили «Қашқар» газетасида эълон қилинган. Шундан бошлаб унинг шеърлари, адабий тақризлари ва мақолалари «Шинжон», «Қашқар» газеталари, «Тарим», «Тангритоғ», «Қашқар» журналларида мунтазам эълон қилинмоқда. Шунингдек, унинг шеърлари ва таржималари «Янги давр уйғур шеъриятидан танланма», «Қашқардаги ер шари», «Юраксиз севги» ва бошқа адабий альманахларда чоп этилган. Бир турум шеърлари «Тангритоғ» журнали мукофоти билан тақдирланган. Шоирнинг шеърлари хитой, ўзбек ва араб тилларида таржима қилинган.

034

* * *

Қор қоплаган ўрмонлар жимжит,
Ҳеч нарсанинг йўқдир шарпаси.
Йироқлардан кўзга ташланиб,
Турар чолнинг мискин капаси.

Музлаб кетган хона совуқдан,
Чиқар ўрлаб қоп-қора тутун.
Куйган косов кампир қўлида,
Чала ёнган шекилли ўтин.

Ўт пуфлайди бунда чол-кампир,
Кўзларидан ёш оқиб тушар.
Оҳ! Уларнинг беллари гўё,
Эгик турган қисматга ўхшар.

Қор қоплаган ўрмонлар жимжит,
Ўраб олган қуюқ оқ туман.
Гўё йиртиқ кумуш шойилар,
Тўшалгандек заминга ойдан.

Уйдан чиқиб,  чол ташлар  нигоҳ,
Чегарасиз кўкка хаёлан.
Кейин чўчиб қайрилар ногоҳ,
Уйга кирар. Уй – иссиқ ватан.

Гувиллайди  ўрмонда бўрон,
Типирчилар дарахтлар қушдек.
Тўкилади йўллар узра қор,
Томар кўздан оққан оқ тушдек…

Кўтарилар жимжит ўрмондан,
Яшноқ баҳор устидан тилак.
Қор қоплаган она маконга,
Кириб кетар шўнғиб ўт юрак…

ЁМҒИР

Ажаб!
Деразамни чертиб юбординг,
Бир дам ором олгали қўймай
Юрагим сиқиб ёлбординг.

Эй, ёмғир!
Қўрқма,
Бу хонада фақат мен борман.
Ёғ, беаёв уни ғарқ қилгин,
Тўлқин бўлиб
Аямасдан бостириб киргин!

312-РАҚАМЛИ ХОНА

Ичилди.
Турмуш оғзининг
Жағида ивиб қолди қон.

Тўшагимдан тушдим жимгина,
Бир қўлимда кўтариб заҳар.
Мен-ла тушди яна тўшакдан,
Нимяланғоч аёл ва шаҳар.

Деразага яқинлашаман,
Кимларнидир олгандек эсга.
Очганим он пардани, бирдан
Шаҳар отди ўзини пастга.

Пастда
Ғала-ғовур қилар одамлар,
Талашади бир-бирин қўймай.
Қон ичида ётади биров,
Жон талашиб, ҳаётга тўймай.

МЕН КИМ?

Шам тўкар нурини унсиз, хаёлчан,
Ғариблик тўлгандир жимжит уйимга.
Ўзимни қучоқлаб ётаман ўйчан,
Ҳасратда қайноқ ёш келиб кўзимга.

Тутаб ёнмоқдадир аста ётоғим,
Тутаб ёнмоқдадир қўл, оёқ, бошим.
Истайман кул бўлиб куйиб кетишни,
Қутқариб олишга бўлмагач кишим.

Бир четда ёнётган, о, ғарибгинам,
Мунгли бир қиссани қилади баён.
Қулоқ берсам унинг дардли оҳига,
Ўзимнинг кимлигим бўлади аён…

Мен асли дунёда йўқсил бир киши,
Азалдан ҳеч уйи бўлмаган инсон.
Ором олай десам ётоғим тугул,
Бир парча ери йўқ ғариб, нотавон.

Не қилсун пул менда, не қилсун бисот,
Не қилсун керилиб ётгани жойим.
Юраман арвоҳдек сарсон-саргардон,
Худодан парча ер тилаб ҳар доим.

Қанийди бир гўзал, сокин ўрмонда,
Ҳар кеча ухласам осмонга боқиб.
Ширин тушлар кўриб турсаму тонгда
Тушсам ёр уйига юлдуздек оқиб.

Шунда ётоғида куйган мен эмас,
Биров-ла ўрнимиз қолар алмашиб.
Ёнар у айрилиқ оловида маст,
Ой юзли ёрини эслаб, ёд этиб.

У ҳолда мен кимман?
Жавоб беролмайди бунга ҳеч кимса.
Жавоб беролмасман ўзим ҳам балки…

КЎЧАДАГИ МАШИНА

Қоч!
Қоч!
Қоч!
Қошимдан эй, оппоқ кабутар.
Тутишга шайланди сени бармоқлар.
Тўкилган ёшим ҳам пойлайди жимжит,
Балиқни соғинган темир қармоқлар.

Кўкка бўй чўзади музлаган гуллар,
Сачраган атрофга қон шабнамлари.
Кўксимни паришон этгай шакллар,
Олдимга йиқилар жануб ерлари.

Ўтмоқда олдимдан қора машина,
Ўтмоқда йўлларнинг лойига ботиб.
Сарғиш нур тўкади унинг чироғи,
Гоҳида итларни сал-пал ёритиб.

Ўтмоқда чала маст бир неча ёшлар,
Кимнидир сўкканча оғзини булғаб.
Қайсидир бир жойдан кийими йиртиқ,
Аллақандай аёл чиқмоқда йиғлаб.

Ўтар маҳалланинг бошсиз каслари,
Талашиб-тортишиб  тунги кўчадан.
Ўтмоқда масжиддан чиққан жамоат,
Бошин қуйи эгиб, қайғули, ўйчан.

Ҳашам исин пуркиб қора машина,
Қишлоқнинг тушини сувга оқизиб.
Ўтмоқда, деҳқоннинг тилакларини
Қаро ер бағрига ўтмоқда ёзиб.

Қол!
Қол!
Қол!
Қошимда эй, оппоқ кабутар!
Машина қайтмоқда ортга ғичирлаб.
У баъзи устига ҳасрат ёпинган,
Одамларга бир гап айтар пичирлаб.

ТУРМУШНИНГ ОҒЗИ

Саҳарда
Турмушнинг оғзи
Очилади қоннинг рангида
Олов тусида.
Кўкда
Дамдуз ўлтуруб,
Ожизларга бўлгин деб паноҳ,
Дуо қилар юкиниб ғамгин,
Бошини эгиб,
Юлдуз халқи
Буюк тангрига.

СЕН

Тун-кечанинг ориқ қўллари,
Бир амаллаб тутганда сени.
Типирлайман қушдек юлқиниб,
Вужудимдан излаб мен сени…

Сен
Қон томирим ичида ёлғиз,
Жигаримга бош қўйиб ётган.
Кумуш тола елпинган ўтмиш,
Йироқларга хаёлчан боққан…

Ғира-шира кўрган тушларинг,
Унда қушлар чуғурлаб қўяр.
Тирноқларинг узоқ ўтмишнинг
Уфқларин  жимгина ўяр.

Тун-кечанинг ориқ қўллари,
Бир амаллаб тутганда сени.
Кўрдим шу тоб, қўлингда юлдуз,
Бир томчи қон ичида сени.

ҚОН ОЛОВ, КЎЗЁШ

Эй, гўзаллик излаган, дўстим,
Сафарингдан қайтасан қачон?
Ўз-ўзингни йўқотмасдан кел,
Кутиб турар сени бир инсон.

Биламан

Ўркач-ўркач тўлқинсан, тўлқин,
Зангор кўкка бўй чўзган пинҳон.
Бир қўлингда бир сиқим юлдуз,
Бир қўлингда чириган зиндон…

Биламан

Зуҳроси йўқ ғариб Тоҳирсан,
Сирдоши йўқ танҳо шоирсан.
Тун-кечада фурқат боғида,
Чала тушдек унсиз зоҳирсан.

Атрофингда базм айлар олов,
Дўстларингни товламоқдасан.
Узиб чиқиб қалбинг торини,
Оч бўридек увламоқдасан.

Юрагингда алам ва ғазаб,
Тиканларга кетгансан сачраб.
Чаққинг келар ҳамма-ҳаммани,
Чаёнлардек нишингни қайраб.

Атрофингда айш қилар олов,
Ўт устида юрагинг кабоб.
Ейди уни дўстлар қизғониб,
Чақ-чақлашиб ичишиб шароб.

Биламан

Улар тағин етилиб қолар,
Сени яна ит бўлиб қопиб.
Аста ўзинг ғажимоқдасан,
Бу не қисмат, бу нима азоб?

Маъюсланма, тўкма ёшингни,
Азоб билан эгма бошингни,
Бу кунлар ҳам ўтиб кетади,
Кул хохолаб, тишла тишингни.

Тугди,
Тугди ҳамма.
Лек тўзиди кулдек, бир юрак.
Кўтарилди кўкка тушсимон,
Қон юзингдан юз минг бир чечак…

ҚОРА ЧЕЧАК

Бу кечада куйган чирсиллаб,
Қора ўт у, бўй чўзган кўкка.
Телбаларча ўйнайман йиғлаб,
Қора ўтнинг ичида якка.

Қора ўтни ғамгин қучоқлаб,
Бир қора кўз ғамгин ётади.
Қора ўтда куйган юлдузлар,
Чирқирайди, ҳар ён ботади.

Янчилмоқда пинжимда шу тоб,
Яқинлашар тонгнинг сояси.
Қора ўтда оқар шақирлаб,
Бир шоирнинг юрак ноласи.

Дарё оқар ўтнинг ичида,
Дарё эмас, оқар кўз ёши.
Тўлқинларда оқар бир шаҳар,
Ўрлар кўкка унинг инграши.

Қора ўт
Қора кеча
Қора ташвиш
Бир-бирига солди чанг, қара,
Қаро ернинг остида биров,
Ёниб-ёниб тортмоқда хира.

БИР ОДАМНИНГ РАМАЗОН ОЙИДАГИ ЎЙЛАРИ

Юрак деган жаҳоним бўм-бўш,
Сўзлай десам сўзим қуп-қуруқ.
Йиғлай дедим, йиғлай олмадим,
Ёш чиқмади, кўзим қуп-қуруқ.

Эрта тонгдан кечгача қуруқ,
Юрган ҳар бир йўлим қуп-қуруқ.
Дуога қўл кўтарсам, нурга
Тўлиб турган қўлим қуп-қуруқ.

Олам жимжит, кимсасиз, совуқ,
Бу аслида улуғ ой эди.
Қозон-товоқ, чўмич мой эди.
Рўза тутган фақир инсон ҳам,
Дунёдаги катта бой эди.

Бироқ, билолмадим не учун,
Келди қуруқ бу кун, бу ойлар.
Йўқчиликдан сотди уйини,
Менга таниш бир неча бойлар.

Куни бўйи шовқинга тўлган,
Кўча, боғлар, бозор қуп-қуруқ.
Ушур-закот ажратиб турган,
Не-не зотлар, бойлар қуп-қуруқ.

Бу не аҳвол, нима кун эди?
Нима учун қуруқ бу йўллар?
Қайга кетди мискинлар учун,
Хуфиёна чўзилган қўллар?

Қайга кетди юрт пешволари,
Ифтор қилиб юрган жамоат?
Қайга кетди уй-уйлардаги,
Янграб турган бахту саодат.

Пули борнинг пули йўқолди,
Сахийларнинг қўли йўқолди,
Етимларни йўқлаб турувчи,
Жамоатнинг йўли йўқолди!

Ҳар ким ўзин иши билан банд,
Юрар ҳамма лоқайд-бепарво.
Бир-биридан ёғ тиланмоқда,
Кўча-кўйда бир тўп оч арвоҳ.

Ҳамма эшик маҳкам ёпилган,
Барча уйда чироқлар ўчган.
Ҳамма одам у ерда балки
Изтиробли хаёлга чўмган.

Тоққа чиқсам, тоғлар қуп-қуруқ.
Боққа кирсам, боғлар қуп-қуруқ.
Дўстлар билан ўтган маънили,
Ўйлаб кўрсам, чоғлар қуп-қуруқ.

Баракали бу ой, бу кунда,
Баракасиз  ошим қуп-қуруқ.
Юрмоқдаман ҳолсиз-мажолсиз,
Ичим билан ташим қуп-қуруқ.

Ўтаётир қий-чув солишиб,
Бу телбавор ёшлар қуп-қуруқ.
Оқ қушчалар қолди сайрашиб,
Қараб кўрсам бошлар қуп-қуруқ.

Ожизгина жоним қуп-қуруқ.
Томиримда қоним қуп-қуруқ.
Эътиқодим йўқолиб кетгач,
Уч вақт еган ноним қуп-қуруқ.

Кимдан ранжий ва бўлай хафа,
Бўлса менинг дилим қуп-қуруқ.
Қай гапимни очиқ айтолгум,
Ахир менинг тилим қуп-қуруқ.

Қай ғарибга беролгум эҳсон,
Ахир менда ҳамён қуп-қуруқ.
Қай Зуҳрога бўлолгум ошён,
Ахир менинг таним қуп-қуруқ.

Халқим, халқим, эй менинг халқим!

Қуруқ бўлса гар китобларинг,
Нималарни ўқимоқдасан?
Қуруқ бўлса сим, дастгоҳларинг
Нималарни тўқимоқдасан?

Билолмадим…
Англай олмадим…

Қанот қоқиб учди қушларим,
Ширин хаёл, ширин тушларим.
Қўл узатсам қўлим теккудек
Юлдузларга тўлган тунларим.

Келди қуруқ рамазон ойим,
Гиёҳ ўнмас ердек қуп-қуруқ.
Сас-садосиз тўкилдим ерга,
Бекор оққан тердек қуп-қуруқ.

Гул узгандим, гулим қуп-қуруқ,
Тортган оҳим, аламим қуруқ.
Йиғламанглар, дўсту ёронлар,
Жимжит элим, оламим қуруқ.

Эй, биродар, жон биродарим,
Мен  нима ҳам дея олардим,
Айтолмайман мен бундан бўлак.
Тош остонанг бўйида туриб,
Қуриб қопти бир туп оқ терак.

033     O’zbek va uyg’ur adabiy aloqalarining so’nggi yillardagi rivoji, eng birinchi navbatda, tarjimonlar xizmatiga bog’liq bo’lib qolmoqda. Ana shunday fidoyi tarjimonlardan biri yosh uyg’ur shoiri Yolqin Aziziydir. U qisqa muddat ichida yigirmadan ortiq o’zbek shoirlari asarlarini uyg’urchaga tarjima qilib, Shinjon-Uyg’ur o’lkasidagi adabiy jurnallarda e’lon qildi.

Tan olib aytishim kerak, dastlab Yolqin Aziziy yuborgan she’rlarga bir tarjimon she’rlari-da, deb qaradim. Muddat o’tib, uning she’rlarini uyg’urchadan o’zbekchaga o’girib o’qiganim sayin bu satrlar ulkan va fidoyi qalb egasi va yetuk shoir dunyosini ochib ko’rsata boshladi. Men uning hayajoni daryosiga qo’shilib oqdim, uning g’amgin orzularidan tomog’imga nimadir tiqilib keldi. Bu tiqilgan — uning she’rlari orqali ko’ksimga o’tgan — shoirning yuragi edi.

Men yosh do’stimga u tarjima qilgan o’zbek shoirlari nomidan samimiy minnatdorchilik bildirib, uning ijodiy faoliyatiga yanada samarali bo’lishini tilab qolaman. Bugun uning o’zbek tiliga o’girilgan she’rlari bilan tanishtirar ekanman, bu uchrashuv mening aybim bilan ancha muddat kechikkani uchun Yolqindan uzr so’rayman.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

Yolqin Aziziy
SHE’RLAR
Uyg’urchadan Alimardon Hayit  tarjimasi
034

Yolqin Aziziy 1969 yil 6 avgustda Koshg’ar Shinjon-Uyg’ur o’lkasining Yanisar tumanidagi Topluq qishlog’ida xizmatchi oilasida tug’ilgan. O’rta maktabni yakunlagach Shinjon Adliya maktabida tahsil olgan va mehnat faoliyatini sud`ya sifatida boshlagan.
Yolqin Aziziyning ilk she’ri «Yelkan» 1986 yili «Qashqar» gazetasida e’lon qilingan. Shundan boshlab uning she’rlari, adabiy taqrizlari va maqolalari «Shinjon», «Qashqar» gazetalari, «Tarim», «Tangritog'», «Qashqar» jurnallarida muntazam e’lon qilinmoqda. Shuningdek, uning she’rlari va tarjimalari «Yangi davr uyg’ur she’riyatidan tanlanma», «Qashqardagi yer shari», «Yuraksiz sevgi» va boshqa adabiy al`manaxlarda chop etilgan. Bir turum she’rlari «Tangritog'» jurnali mukofoti bilan taqdirlangan. Shoirning she’rlari xitoy, o’zbek va arab tillarida tarjima qilingan.

034

* * *

Qor qoplagan o’rmonlar jimjit,
Hech narsaning yo’qdir sharpasi.
Yiroqlardan ko’zga tashlanib,
Turar cholning miskin kapasi.

Muzlab ketgan xona sovuqdan,
Chiqar o’rlab qop-qora tutun.
Kuygan kosov kampir qo’lida,
Chala yongan shekilli o’tin.

O’t puflaydi bunda chol-kampir,
Ko’zlaridan yosh oqib tushar.
Oh! Ularning bellari go’yo,
Egik turgan qismatga o’xshar.

Qor qoplagan o’rmonlar jimjit,
O’rab olgan quyuq oq tuman.
Go’yo yirtiq kumush shoyilar,
To’shalgandek zaminga oydan.

Uydan chiqib, chol tashlar nigoh,
Chegarasiz ko’kka xayolan.
Keyin cho’chib qayrilar nogoh,
Uyga kirar. Uy – issiq vatan.

Guvillaydi o’rmonda bo’ron,
Tipirchilar daraxtlar qushdek.
To’kiladi yo’llar uzra qor,
Tomar ko’zdan oqqan oq tushdek…

Ko’tarilar jimjit o’rmondan,
Yashnoq bahor ustidan tilak.
Qor qoplagan ona makonga,
Kirib ketar sho’ng’ib o’t yurak…

YOMG’IR

Ajab!
Derazamni chertib yubording,
Bir dam orom olgali qo’ymay
Yuragim siqib yolbording.

Ey, yomg’ir!
Qo’rqma,
Bu xonada faqat men borman.
Yog’, beayov uni g’arq qilgin,
To’lqin bo’lib
Ayamasdan bostirib kirgin!

312-RAQAMLI XONA

Ichildi.
Turmush og’zining
Jag’ida ivib qoldi qon.

To’shagimdan tushdim jimgina,
Bir qo’limda ko’tarib zahar.
Men-la tushdi yana to’shakdan,
Nimyalang’och ayol va shahar.

Derazaga yaqinlashaman,
Kimlarnidir olgandek esga.
Ochganim on pardani, birdan
Shahar otdi o’zini pastga.

Pastda
G’ala-g’ovur qilar odamlar,
Talashadi bir-birin qo’ymay.
Qon ichida yotadi birov,
Jon talashib, hayotga to’ymay.

MEN KIM?

Sham to’kar nurini unsiz, xayolchan,
G’ariblik to’lgandir jimjit uyimga.
O’zimni quchoqlab yotaman o’ychan,
Hasratda qaynoq yosh kelib ko’zimga.

Tutab yonmoqdadir asta yotog’im,
Tutab yonmoqdadir qo’l, oyoq, boshim.
Istayman kul bo’lib kuyib ketishni,
Qutqarib olishga bo’lmagach kishim.

Bir chetda yonyotgan, o, g’aribginam,
Mungli bir qissani qiladi bayon.
Quloq bersam uning dardli ohiga,
O’zimning kimligim bo’ladi ayon…

Men asli dunyoda yo’qsil bir kishi,
Azaldan hech uyi bo’lmagan inson.
Orom olay desam yotog’im tugul,
Bir parcha yeri yo’q g’arib, notavon.

Ne qilsun pul menda, ne qilsun bisot,
Ne qilsun kerilib yotgani joyim.
Yuraman arvohdek sarson-sargardon,
Xudodan parcha yer tilab har doim.

Qaniydi bir go’zal, sokin o’rmonda,
Har kecha uxlasam osmonga boqib.
Shirin tushlar ko’rib tursamu tongda
Tushsam yor uyiga yulduzdek oqib.

Shunda yotog’ida kuygan men emas,
Birov-la o’rnimiz qolar almashib.
Yonar u ayriliq olovida mast,
Oy yuzli yorini eslab, yod etib.

U holda men kimman?
Javob berolmaydi bunga hech kimsa.
Javob berolmasman o’zim ham balki…

KO’CHADAGI MASHINA

Qoch!
Qoch!
Qoch!
Qoshimdan ey, oppoq kabutar.
Tutishga shaylandi seni barmoqlar.
To’kilgan yoshim ham poylaydi jimjit,
Baliqni sog’ingan temir qarmoqlar.

Ko’kka bo’y cho’zadi muzlagan gullar,
Sachragan atrofga qon shabnamlari.
Ko’ksimni parishon etgay shakllar,
Oldimga yiqilar janub yerlari.

O’tmoqda oldimdan qora mashina,
O’tmoqda yo’llarning loyiga botib.
Sarg’ish nur to’kadi uning chirog’i,
Gohida itlarni sal-pal yoritib.

O’tmoqda chala mast bir necha yoshlar,
Kimnidir so’kkancha og’zini bulg’ab.
Qaysidir bir joydan kiyimi yirtiq,
Allaqanday ayol chiqmoqda yig’lab.

O’tar mahallaning boshsiz kaslari,
Talashib-tortishib tungi ko’chadan.
O’tmoqda masjiddan chiqqan jamoat,
Boshin quyi egib, qayg’uli, o’ychan.

Hasham isin purkib qora mashina,
Qishloqning tushini suvga oqizib.
O’tmoqda, dehqonning tilaklarini
Qaro yer bag’riga o’tmoqda yozib.

Qol!
Qol!
Qol!
Qoshimda ey, oppoq kabutar!
Mashina qaytmoqda ortga g’ichirlab.
U ba’zi ustiga hasrat yopingan,
Odamlarga bir gap aytar pichirlab.

TURMUSHNING OG’ZI

Saharda
Turmushning og’zi
Ochiladi qonning rangida
Olov tusida.
Ko’kda
Damduz o’lturub,
Ojizlarga bo’lgin deb panoh,
Duo qilar yukinib g’amgin,
Boshini egib,
Yulduz xalqi
Buyuk tangriga.

SEN

Tun-kechaning oriq qo’llari,
Bir amallab tutganda seni.
Tipirlayman qushdek yulqinib,
Vujudimdan izlab men seni…

Sen
Qon tomirim ichida yolg’iz,
Jigarimga bosh qo’yib yotgan.
Kumush tola yelpingan o’tmish,
Yiroqlarga xayolchan boqqan…

G’ira-shira ko’rgan tushlaring,
Unda qushlar chug’urlab qo’yar.
Tirnoqlaring uzoq o’tmishning
Ufqlarin jimgina o’yar.

Tun-kechaning oriq qo’llari,
Bir amallab tutganda seni.
Ko’rdim shu tob, qo’lingda yulduz,
Bir tomchi qon ichida seni.

QON OLOV, KO’ZYOSH

Ey, go’zallik izlagan, do’stim,
Safaringdan qaytasan qachon?
O’z-o’zingni yo’qotmasdan kel,
Kutib turar seni bir inson.

Bilaman

O’rkach-o’rkach to’lqinsan, to’lqin,
Zangor ko’kka bo’y cho’zgan pinhon.
Bir qo’lingda bir siqim yulduz,
Bir qo’lingda chirigan zindon…

Bilaman

Zuhrosi yo’q g’arib Tohirsan,
Sirdoshi yo’q tanho shoirsan.
Tun-kechada furqat bog’ida,
Chala tushdek unsiz zohirsan.

Atrofingda bazm aylar olov,
Do’stlaringni tovlamoqdasan.
Uzib chiqib qalbing torini,
Och bo’ridek uvlamoqdasan.

Yuragingda alam va g’azab,
Tikanlarga ketgansan sachrab.
Chaqqing kelar hamma-hammani,
Chayonlardek nishingni qayrab.

Atrofingda aysh qilar olov,
O’t ustida yuraging kabob.
Yeydi uni do’stlar qizg’onib,
Chaq-chaqlashib ichishib sharob.

Bilaman

Ular tag’in yetilib qolar,
Seni yana it bo’lib qopib.
Asta o’zing g’ajimoqdasan,
Bu ne qismat, bu nima azob?

Ma’yuslanma, to’kma yoshingni,
Azob bilan egma boshingni,
Bu kunlar ham o’tib ketadi,
Kul xoxolab, tishla tishingni.

Tugdi,
Tugdi hamma.
Lek to’zidi kuldek, bir yurak.
Ko’tarildi ko’kka tushsimon,
Qon yuzingdan yuz ming bir chechak…

QORA CHECHAK

Bu kechada kuygan chirsillab,
Qora o’t u, bo’y cho’zgan ko’kka.
Telbalarcha o’ynayman yig’lab,
Qora o’tning ichida yakka.

Qora o’tni g’amgin quchoqlab,
Bir qora ko’z g’amgin yotadi.
Qora o’tda kuygan yulduzlar,
Chirqiraydi, har yon botadi.

Yanchilmoqda pinjimda shu tob,
Yaqinlashar tongning soyasi.
Qora o’tda oqar shaqirlab,
Bir shoirning yurak nolasi.

Daryo oqar o’tning ichida,
Daryo emas, oqar ko’z yoshi.
To’lqinlarda oqar bir shahar,
O’rlar ko’kka uning ingrashi.

Qora o’t
Qora kecha
Qora tashvish
Bir-biriga soldi chang, qara,
Qaro yerning ostida birov,
Yonib-yonib tortmoqda xira.

BIR ODAMNING RAMAZON OYIDAGI O’YLARI

Yurak degan jahonim bo’m-bo’sh,
So’zlay desam so’zim qup-quruq.
Yig’lay dedim, yig’lay olmadim,
Yosh chiqmadi, ko’zim qup-quruq.

Erta tongdan kechgacha quruq,
Yurgan har bir yo’lim qup-quruq.
Duoga qo’l ko’tarsam, nurga
To’lib turgan qo’lim qup-quruq.

Olam jimjit, kimsasiz, sovuq,
Bu aslida ulug’ oy edi.
Qozon-tovoq, cho’mich moy edi.
Ro’za tutgan faqir inson ham,
Dunyodagi katta boy edi.

Biroq, bilolmadim ne uchun,
Keldi quruq bu kun, bu oylar.
Yo’qchilikdan sotdi uyini,
Menga tanish bir necha boylar.

Kuni bo’yi shovqinga to’lgan,
Ko’cha, bog’lar, bozor qup-quruq.
Ushur-zakot ajratib turgan,
Ne-ne zotlar, boylar qup-quruq.

Bu ne ahvol, nima kun edi?
Nima uchun quruq bu yo’llar?
Qayga ketdi miskinlar uchun,
Xufiyona cho’zilgan qo’llar?

Qayga ketdi yurt peshvolari,
Iftor qilib yurgan jamoat?
Qayga ketdi uy-uylardagi,
Yangrab turgan baxtu saodat.

Puli borning puli yo’qoldi,
Saxiylarning qo’li yo’qoldi,
Yetimlarni yo’qlab turuvchi,
Jamoatning yo’li yo’qoldi!

Har kim o’zin ishi bilan band,
Yurar hamma loqayd-beparvo.
Bir-biridan yog’ tilanmoqda,
Ko’cha-ko’yda bir to’p och arvoh.

Hamma eshik mahkam yopilgan,
Barcha uyda chiroqlar o’chgan.
Hamma odam u yerda balki
Iztirobli xayolga cho’mgan.

Toqqa chiqsam, tog’lar qup-quruq.
Boqqa kirsam, bog’lar qup-quruq.
Do’stlar bilan o’tgan ma’nili,
O’ylab ko’rsam, chog’lar qup-quruq.

Barakali bu oy, bu kunda,
Barakasiz oshim qup-quruq.
Yurmoqdaman holsiz-majolsiz,
Ichim bilan tashim qup-quruq.

O’tayotir qiy-chuv solishib,
Bu telbavor yoshlar qup-quruq.
Oq qushchalar qoldi sayrashib,
Qarab ko’rsam boshlar qup-quruq.

Ojizgina jonim qup-quruq.
Tomirimda qonim qup-quruq.
E’tiqodim yo’qolib ketgach,
Uch vaqt yegan nonim qup-quruq.

Kimdan ranjiy va bo’lay xafa,
Bo’lsa mening dilim qup-quruq.
Qay gapimni ochiq aytolgum,
Axir mening tilim qup-quruq.

Qay g’aribga berolgum ehson,
Axir menda hamyon qup-quruq.
Qay Zuhroga bo’lolgum oshyon,
Axir mening tanim qup-quruq.

Xalqim, xalqim, ey mening xalqim!

Quruq bo’lsa gar kitoblaring,
Nimalarni o’qimoqdasan?
Quruq bo’lsa sim, dastgohlaring
Nimalarni to’qimoqdasan?

Bilolmadim…
Anglay olmadim…

Qanot qoqib uchdi qushlarim,
Shirin xayol, shirin tushlarim.
Qo’l uzatsam qo’lim tekkudek
Yulduzlarga to’lgan tunlarim.

Keldi quruq ramazon oyim,
Giyoh o’nmas yerdek qup-quruq.
Sas-sadosiz to’kildim yerga,
Bekor oqqan terdek qup-quruq.

Gul uzgandim, gulim qup-quruq,
Tortgan ohim, alamim quruq.
Yig’lamanglar, do’stu yoronlar,
Jimjit elim, olamim quruq.

Ey, birodar, jon birodarim,
Men nima ham deya olardim,
Aytolmayman men bundan bo’lak.
Tosh ostonang bo’yida turib,
Qurib qopti bir tup oq terak.

003

(Tashriflar: umumiy 417, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring