Тақдим этилаётган навбатдаги бобларда Ўгдулмишнинг Ўдғурмишга меҳмондорчиликка бориш-келиш, зиёфатга меҳмон чақириш тартиб-қоидалари, бу дунёдан юз ўгириб, у дунёга мойил бўлиш ҳақидаги ўгитлари баён этилган.
ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин Усмон таржимаси
ОЛТМИШ УЧИНЧИ БОБ
МЕҲМОНДОРЧИЛИККА БОРИШ־КЕЛИШ
ТАРТИБ־ҚОИДАЛАРИ БАЁНИ
4557. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Бу ҳам,
Билиб қўйиш лозим ишдир чиндан ҳам.
4558. Турли-туман бўлгай чорланган киши,
Хилма-хил бўлади зиёфат оши.
4559. Бири – никоҳ тўйида тортилар ош,
Ақиқа ва хатнада берилар ош.
4560. Ё тенг-туш, ёр-дўстлар таклиф этилгай,
Чўнг-кичик қариндошга ош берилгай.
4561. Ўтганларни эслаб, назир атарлар.
Ё унвон олганда ошлар тортарлар.
4562. Бундай зиёфатга борма ёки бор,
Ўйлаб кўр, ўзингда бутун ихтиёр.
4563. Ёру дўст, қариндош берса зиёфат,
Бориб е ошини, қилгин зиёрат.
4564. Меҳмонларни кутиб, ўтқазмоқ керак,
Ош-сувни ҳаммага етказмоқ керак.
4565. Қўни-қўшни агар берса зиёфат,
Ҳудо учун бўлган дўст қилса даъват.
4566. У ерга бор албат, кўнгилларин ол,
Уларни шод айла, ўзинг бўл хушҳол.
4567. Таклиф этсалар қилиб хос зиёфат,
Сен бориб уларни қувонтир албат.
4568. Бундан бошқа бўлса зиёфату ош,
Бормаган яхшироқ, дил бўлмагай ғаш.
4569. Пала-партиш бўлса, зиёрат ёҳу,
Асил зот, дил оғриб, ош бўлар оғу.
4570. Ё мастлар олишиб, ғавғо бошлагай,
Еганинг сингмагай, дилинг ғашлагай.
4571. Бир чўқум ошни деб сира паст кетма,
Бундай жойга бориб, ўзинг хор этма.
4572. Нима дер эшитгин нафсин тийгувчи,
Нафсини тийишни яхши билгувчи:
4573. Нафсингни тий, ҳеч бир ишда паст бўлма,
Қадрингни бил, нафсинг учун қул бўлма.
4574. Кўп кўрдим дунёда не-не улуғ эр,
Нафсига қул бўлиб, бўлди қора ер.
4575. Кўп бойларни кўрдим нафсига асир,
Оқибат мулки вайрон, ўзи фақир.
4576. Эй нафси ғолиб, нафсга тутқун бўлма,
Тутқун бўлсанг ундан қутилиб бўлмас.
4577. Қандай зиёфатга бормагин минбад,
Одоб билан егин овқатни албат.
4578. Бефаросат билмас аҳлоқ-одобни,
Боши гангийди кўрса одоблини.
4579. Ёши улуғ овқатга сунса қўлин,
Таомил шу, ундан сўнг узат қўлинг.
4580. Бисмилло билан сен узат ўнг қўлинг,
Емак барокатли, ўзинг бўй бўлгунг.
4581. Бировнинг олдидан луқмани олма,
Олдингда борин е, суқатой бўлма.
4582. Пичоғинг ишлатма, мужима суяк,
Бўлма юҳо, бетоқату енгилтак.
4583. Қанчалик тўқ бўлма, олиб тургин ош,
Шерикларга қараб ейилади ош.
4584. Емакни майдалаб чайна шошилмай,
Иссиқ ошни танаввул қил пуфламай.
4585. Тортиб олма дастурхондан овқатни,
Ҳулқинг тузат, бузма яхши одатни.
4586. Бемаъни бўлмагин, бўлгин одобли,
Оддобсизлар барча учун офатдир.
4587. Бу ҳақда хўп айтмиш одобли киши,
Одоблининг гўзал ичию тоши.
4588. Ҳамма нарсанинг бор тартиб, йўриғи,
Ким йўриғ билса, бўлгай юзи ёруғ.
4589. Бадхулқ тартиб-қоида билмас киши,
Бировга қўшилса, юришмас иши.
4590. Таомни егин мақтаб, лаззатланиб,
Уй эгаси қувонсин назар солиб.
4591. Умид-ла чақирса биров ранж чекиб,
Увол қилма меҳнатини ранжитиб.
4592. Ғоят тўғри айтмиш ул кўнгли ҳушёр,
Назар сол, сўзида турли маъно бор.
4593. Киши кўнгли бамисоли бир шиша,
Салга синар, эҳтиёт қил ҳамиша.
4594. Кўнгил қолса, ҳузур-ҳаловат кетар,
Яқинлик узилар, манфаат битар.
4595. Яқинлик истасанг хуш этгин кўнгил,
Яқинликдан умид уз, қолса кўнгил.
4596. Овыат меъёрин бил, ема асло кўп,
Ақл-заковатли зот таълимберар хўп:
4597. Кўп ейувчининг оши бадҳазм бўлар,
Сингмаган овқат кишига дард берар.
4598. Дард томоқдан кирар, нафсингни тийгин,
Овқатни меъёрида оз-оздан егин.
4599. Тинкани қуритар, дард қилса ҳужум,
Давосин топмасанг шоширар ўлим.
4600. Бу ҳақда яхши гап айтибди ҳаким,
Ҳакимлар сўзини ёмон дейди ким.
4601. Ҳасталик ўлимнинг илк хабарчиси,
Дард келса, бўлгай у ўлим қўшниси.
4602. Одам деган билсин куфр, имонни,
Иссиқ, совуқ билан яхши, ёмонни.
4603. Мижозга ёққанин билиб ейиш шарт,
Мижозга ёқмаса, қўлни тийиш шарт.
4504. Иссиқлик ошса, совуқлик даво қил,
Совуқлик давоси иссиқликдир, бил.
4605. Айни йигит ёшинг фасли баҳордир,
Совуқ бирла қон совутмоқ раводир.
4606. Ёшинг қирқдан ошиб, таъбинг бўлса куз,
Иссиқлик-ла мижозингни қилгин туз.
4607. Ёшинг олтмиш бўлиб етиб келса қиш,
Иссиқ егин, совуқликка бўлма эш.
4608. Қуруқ совуқ ошга ҳўл иссиқни топ,
Бу иккиси бўлар мижозга жавоб.
4609. Ҳўл сўвуқлик ошиб, етказса зарар,
Қуруқ иссиқлик билан жавоб қайтар.
4610. Совуқ мижозга кўпайтир иссиқлик,
Агар иссиқ бўлса, еб-ичсовуқлик.
4611. Бўлсин десанг мижозингни ьўътадил,
Иссиқ, совуқ меъёрига амал қил.
4612. Мижозинг шу янглиғ сақласанг агар.
Саломат яшарсан, ҳаёт тинч кечар.
4613. Нима дейди табиб фикрин англагин,
Мағзин чақ, сўзига амал айлагин:
4614. Мижозинг таъбини таъриф этай, боқ,
Қизил, сариқ, қора ҳамда бўлгай оқ.
4615. Улар бир-бирига ғаним бўлгайлар,
Ғанимлар бир-бирин рангдан билгайлар.
4616. Мижоз меъёрин сақлашга ақл керак,
Не ёқишин билиб емаклик керак.
4617. Инсон билан ҳайвон айирмаси шул,
Мижозга қараб еса, эй ўғил.
4618. Нима дер эшитгин доно оқсоқол,
Гапин уқ, умрингни қилмасдан увол.
4619. Қирққа кириб мижозини билмаса,
Гапирса-да бўлар уни мол деса.
4620. Гар синаб кўриб ҳам фаҳми еетмаса,
Эй закий, бўлмас уни инсон деса.
4621. Кўп ишларни кўриб, йўриқ билмаса,
Тўғри бўлгай уни ҳайвон атаса.
4622. Давр-даврон ўтиб, йиўмаса ақл-ҳушин,
Ҳайвон сифат деса бўлгай бу кишин.
4623. Қулоқ сол табиблар яхши айтмишлар,
Оз еганлар соғ-саломат юрмишлар.
4624. Дардсиз умр кечирмоқ истарсан, тегин.
“Оз е” деган доридан кўпроқ егин.
4625. Фароғатда умр кечирмоқ истасанг,
“Тил” аталган гўшт ейишни иста сен.
ОЛТМИШ ТЎРТИНЧИ БОБ
ЗИЁФАТГА МЕҲМОН ЧАҚИРИШ ТАРТИБ-
ҚОИДАЛАРИ БАЁНИ
4626. Меҳмон таклиф этаман десанг уйга,
Яхшилаб тараддуд кўргин сен бунга.
4627. Идиш, дастурхон, уй, либос пок бўлсин,
Овқату ичимлик хилма-хил бўлсин.
4628. Чақирмасанг ошга қусур бир бўлар,
Чақирсанг кўрганлар бирни юз қилар.
4629. Ош-сувинг покиза, лаззатли бўлсин,
Меҳмонлар еб-ичсин ва мамнун бўлсин.
4630. Дўст, қариндош бўлса-да, йироқ, яқин,
Барчасин таклиф эт, адо эт ҳақин.
4631. Келадиган келгай, келмаса майли,
Кўнгли қолмас чақирганинг туфайли.
4632. Зиёфат гинаси кўп ёмон бўлар,
Ўпкалаб кек сақлар, кек ўлса қолар.
4633. Ҳаммага бирдек етсин ош-сув кузат,
Кечикканларга ҳам таомлар узат.
4634. Ғизодан сўнг ичимликлар тут ҳар вақт,
Тугаса қайтадан келтиргин албат.
4635. Қайта таом бўлса ичимлик керак,
Таомга муносиб ичимлик керак.
4636. Таомга мос ичимлиги бўлмаса,
Оғуга айланар ош ҳазм бўлмаса.
4637. Истаса шароб бер, истаса чалоб,
Истаса асал чой, истаса гулоб.
4638. Яна нима бериш керак ўзинг бил,
Сен мендан маъноли нарса сўрагил.
4639. Хос меҳмон, улуғлар тугатгач емак,
Сўнг лозим кичикларга таом бермак.
4640. Кўз-қулоқ бўл, барчага овқат етсин,
Оч қолиб сўкмасин, бундан шод кетсин.
4641. Овқатдан сўнг ширинликлар торт албат,
Ҳўлу қуруқ мева, озроқ қандолат.
4642. Чоғинг келса ипакликлар йиртиш қил,
Тиш ҳақларин бериб, гап-сўзни даф қил.
4643. Овқатнинг таърифи етар энди, бас,
Эшик оч, қайтарма келса бирон кас.
4644. Тўрт хил бўлар таклиф қилинган одам,
Тўрт хил бўлади борадиган жой ҳам.
4645. Бир хили чопиб борар таклиф этилса,
Паққос туширади нима берилса.
4646. Лек уйга хеч қачон чақирмас киши,
Топганини ёлғиз ер буркаб бошин.
4647. Яна бири қолмай борар меҳмонга,
Жавобан ўзи ҳам чорлар меҳмонга.
4648. Учинчиси, бориб бўлмайди меҳмон,
Уйига чақириб кутмайди меҳмон.
4649. Бундайлар ўликдир, сен тирик дема,
Уларга қўшилиб ҳаёт кечирма.
4650. Бир хили ҳеч қайга бормайди фақат,
Лек қанча мол сўйиб берар зиёфат.
4651. Буларнинг аълоси ва маъқули шу,
Мақталган феъл-атвор ва мақьули шу.
4652. Хоҳ борма меҳмонга ё бор истасанг,
Нафсинг тий, оз егин соғлик истасанг.
4653. Кўп егувчи одам касалманд бўлар,
Юзи рангпар, заърафшон, пасткаш бўлар.
4654. Мижозни билгувчи илми зўр табиб,
Бунга мос сўзларни айтгандир топиб:
4655. Оғзидан кирар дард ош билан ҳарвақт,
Ва дард адо қилар кишини барвақт.
4656. Нафсингни тийиб сен, асраб юр ўзинг,
Дард абгор қилади, сўлдирар юзинг.
4657. Шу янглиғ бўлади зиёфат иши,
Хоҳ борсин, хоҳ зиёфат берсин киши.
4658. Билганим сўзладим, эшитдинг обдон,
Бу гапни етарли билгин, билимдон.
4659. Дунёнинг йўл-йўриқ таомили шу,
Эл-юртга қўшилмоқнинг омили шу.
4660. Эй кўнгил қувончи ва жонга яқин,
Ўйлаб кўр, сўзларим маъносин чаққин.
ОЛТМИШ БЕШИНЧИ БОБ
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА БУ ДУНЁДАН ЮЗ ЎГИРИБ,
У ДУНЁГА МОЙИЛ БЎЛИШНИ АЙТГАНИ БАЁНИ
4661. Жавобан Ўдғурмиш айтди: Эшитдим,
Энди сен ҳам менинг гапим эшитгин.
4662. Сўзларинга амал қилса ким бешак,
Эришгай дунйода не қилса тилак.
4663. Дунёда фароғат истаган киши,
Эй доно, лозимдир буни билиши.
4664. Ранжу алам чекибтопса мол-дунё,
Узоқ яшамаса не керак дунё?
4665. Дунё истаб елиб-югурса киши,
Унитилгай тоат-ибодат иши.
4666. Назар сол, сен бунга келгандан буён,
Ибодат тўхтади ― етказдинг зиён.
4667. Бир зот суҳбатин оқибати мана,
Шунча зарар кўрдим, қистама яна.
4668. Қишлоқ, шаҳар аро кирсам сен билан,
Ишу сўзим битар кўп билан.
4669. Нечук адо этгум тоат-ибодат,
Тарки одат бўлгай олий саодат.
4670. Ёшлик ўтиб, қариликка етдим мен,
Ҳақ ибодати-ла тавба этдим мен.
4671. Қайтмоқ яна беҳуда олам томон,
Менга муносибми, меҳрибон инсон.
4672. Яхши таълим бермиш билими дарё,
Қулоқ сол, оқ кўнгил ва билмас риё.
4673. Қарилик ғамини ёшликда егин,
Қаригач куч кетар, имкони йўқ билгин.
4674. Ёшликда ибодат қилмоққа шошил,
Бундан зарар кўрмайсанқаригач, бил.
4675. Ёшлигингда феъл-атворни яхши тут,
Улғайганда ўчар албат ушбу ўт.
4676. Йигитликда эрур барча саодат,
Эзгуликни қилса ўзига одат.
4677. Қандай ярашиқсиз қариган киши,
Қилмоққа уринса йигитлар ишин.
4678. Тириклик учун дунё неъмати ҳам,
Тириклик тугаса, битар ташвиш ҳам.
4679. Дунё йиўиш билан ўтади ҳаёт,
Кунинг битса, кимга қолар бу бисот.
4680. Фаразан, элигнинг хизматин қилдим,
Иш ўрганиб, эл-улус феълин билдим.
4681. Бундан не фойда бор ўлувчи зотга,
Икки газ бўз олиб кетгунг лаҳатга.
4682. Ўзин ўтга-чўққа урмоқлик ҳар он,
Икки мақсадда бўлар, эй мусилмон.
4683. Бири ― мол-дунё йиғиб, улуғлаш ўзин,
Бири ― элу юртга ўтказмоқ сўзин.
4684. Не бахтки, ушалса бу икки орзу,
Не истаса топиб, яшаса мангу.
4685. Ўлим тортиб олди бу икки лаззат,
Эй доно, бу дунё энди не ҳожат.
4686. Манглайи ёруғ бўлар қутли одам,
Яхшилик келиб турар ундан ҳар дам.
4687. Барчани бездиради бахтсиз одам,
Феъли айнар қариганда жуда ҳам.
4688. Илми теран хўп таъриф этмиш бу ҳол,
Эй хушрўй, бу сўзга албат қулоқ сол:
4689. Бахтли киши улки, улўайган сари,
Яхши бўлиб, қочар ёмондан нари.
4690. Бахтиз одам маълум ушбу белгидан,
Қариса ҳам чопар ҳавас кетидан.
4691. Қани бу дунёни талаб қилган зот,
Темир қаср, шаҳар қурган манман, шаддод.
4692. Қани гумроҳ Намруд, ўзин ҳақ билиб,
Кўкка қўл узатган қора қуш миниб.
4693. Қани Фиъравн, Ҳақ даъвосин қилган,
Тангри ҳукми бирла сувга ғарқ бўлган.
4694. Қани дунё бойлигин йиққан Қорун,
Бойлиги-ла ер ютиб, бўлган забун.
4695. Қани у оламни забт этган фотиҳ,
Зулқарнайн қуёши ҳам кетди ботиб.
4696. Қани у соҳиби сеҳрли асо,
Дарё сувин ёриб юргувчи Мусо?
4697. Қани инс, деб парига бўлган ҳумрон,
Улуғлик соҳиби, хушхулқ Сулаймон.
4698. Қани у ўликка жон берган Масиҳ,
Ўзи ҳам ўлимга бўлган мустаҳиҳ.
4700. Қани у эл аро сайланган расул,
Ҳувиллатиб оламни тарк этди ул.
4701. Ўлим тутди уларни, қолди олам,
Сени қўярмиди, эй хушхулқ одам.
4702. Шу тариқа эрур ҳаёт қонуни,
Хоҳ унга амал қил, хоҳ қил аксини.
4703. Қора ер қаърига назар сол, қани,
Қанча одам кирди, тўлмас ўпқони.
4704. Очиб кўролсайдинг қора ер бағрин,
Кўрардинг не зотлар ётганин ғамгин.
4705. Не беглар ётганин қора ер бўлиб,
Не доно бир уюм устихон бўлиб.
4706. Қулни бегдан фарқ этолмасман ўзим,
Бойни гадодан ажратолмас кўзим.
4707. Бирон дардга чалинмаган ботирлар,
Ер қатида қимир этмай ётурлар.
4708. Шундай зотлар гўрни этганда макон,
Бизнинг боқийимизга борми имкон?
4709. Аҳди қаттиқ, бетиним сайёҳ кишин,
Банд этгайми улуғ йўлда уй иши.
4710. Фориғ бўлди мендан бор орзу, тилак,
Суянчиғим йўқдир Худодан бўлак.
4711. Кишини қул қилувчи суқлик эрур,
Суқликдан воз кечдим, кўнглим тўқ эрур.
4712. Не дер эшит, дунёдан кечган киши,
Бу бевафо дунёдан безган киши.
4713. Неки тилагим бор, ушалиб бўлди,
Суқликдан воз кечиб, кўзим юмилди.
4714. Дунё орзуларин буткул тарк этдим,
Орзулар тугагач, сўзим бас этдим.
4715. Дунё бир экинзор, не эксанг шу унар,
Бугун нима эксанг, эртан шу унар.
4716. Эзгулик экилса, битар эзгулик,
Эзгуликдан келгай ризқу кийгулик.
4717. Ёмон уруғ эксанг ёмонлик унар,
Қиёмат куни у оғир юк бўлар.
4718. Бугун тарк этмасам ҳавас – орзуни,
Эзгулик тополмам қиёмат куни.
4719. Тинч қўймаса агар сен дунёни қўй,
Сенга тўймас бўдса, сен олдинроқ тўй.
4720. Сен ундан воз кечсанг, сени тинч қўяр,
Унга тўймасанг сен, у сенга тўяр.
4721. Ҳамон қолар экан, не керак дунё,
Бутунлай юз ўгир, бўлгач у риё.
4722. Дунёни қўй, охиратни ўйлагин,
У дунёда боқий роҳат кўзлагин.
4723. Бунданда яхшисин агар тиласанг,
Воз кеч икки дунёдан уддаласанг.
4724. Икки олам Эгасин изламоқ керак,
Усиз бу оламлар нимага керак.
4725. Бунёд бўлганин топсанг, бари сенинг,
Яратганин топсанг, улар ҳам сенинг.
4726. Яралгандан қўрқма, юкинма унга,
Яратгандан қўрққин, суянгин унга.
4727. Ибодатин қўйиб, яратган Эгам,
Яралган хизматин қилмасман ҳеч ҳам.
4728. Якуни икки хил хизматчи иши,
Манзур бўлса иши кўтаргай бошин.
4729. Манзур бўлиб қолса, хизмати жуда,
Унинг вақти, умри кетмас беҳуда.
4730. Иши ёқиб, беги кўтарса уни,
Шундан бошланади эрксизлик куни.
4731. Гоҳо оч, гоҳо тўқ югуриш керак,
Бег ётса у заҳмат чекиши керак.
4732. Хизмати бўлмаса маъқул мободо,
Хизмат зое, ҳаёти бўлгай адо.
4733. Не манфаат кўрар хизматидан айт,
Қандай лаззат туяр хизматидан шу пайт.
4734. Илининг бошлиўи нима дер тингла,
Хизматчи йўриўин сен ундан англа.
4735. Ўйлаб кўр, мушкулдир бу беглар иши,
Ҳарчанд уринса-да ёқмагай киши.
4736. Хизмати ёқса, эрки қўлдан кетар,
Ёқмаган хизмат уни хор-зор этар.
4737. Хизматга ишонма, хизмат қилгувчи,
Хизматинг оқибат бошинг егувчи.
4738. Суюнди деганда бўралаб сўкар,
Очилди деганда заҳрини тўкар.
4739. Унинг феълини тугал билиб бўлмас,
Оларингни ҳам тўлиқ олиб бўлмас.
4740. Беқарор шамолдир бу дунё асли,
Ва қўнимсиз кўланкадир бамисли.
4741. У саробдир имлаб турар олисдан,
Тутай десанг ғойиб бўлар бехосдан.
4742. Давлат, мартабанинг бордир ўз гали,
Тез тугар у, вафосизлик амали.
4743. Менга бу дунёнинг не кераги бор,
Давлату мартаба менга не даркор.
4744. Ҳақ ёди дилга жо, битмас севинчдир,
Ёрлиғи бир умрга етар овунчдир.
4745. Биров севмаса севмас, Эгам севсин,
Ёвлашгани ёвим бор – шайтон билсин.
4746. Тилагим Худодан, умидим шудир,
Сиғинар Эгам у, қувончим шудир.
4747. Кийимим қўй юнги, ғизо –арпа ош,
Шу билан тугалдир дунё, қариндош.
4748. Нима дер эшитгин меҳрибон сўзин,
Макони ўор эрур, тақводор ўзи.
4749. Ўзимга дунёдан олдим керагим,
Либосим жун, емишим ун кепаги.
4750. Кепак таом шакардан ширин менга,
Дағал либос шойидан майин менга.
4751. Тўйгунча еб-ичу минг бор шукр қил,
Арпами, тариқми, бир ғизо деб бил.
4752. Кўмач е, гўжа ич, нафсинг тий бир оз,
Молдек овқат ема, бузилар мижоз.
4753. Лаззатни қувмагин, охири войдир,
Лаззат оқибати харобат жойдир.
4754. Тамоқнинг лаззати аччиқ-чучук ош,
Лаззатга берилган ҳайвондир ювош.
4755. Вужуд безашдир шоҳи, зарбоф либос,
Руҳ зийнатин ўйла, дўстим, илтимос.
4756. Қорин бир тўйса, бир-икки кун кечса,
Бир кийган кийим икки йилга етар.
4757. Дурустми шунга ўзим қул қилмоғим,
Била туриб бег ишига кирмоғим.
4758. Юксак Аршдан то ер тубигача ҳам,
Ҳаммани банд этмиш битта ташвиш, ғам.
4759. Ташвишдан холидир фават бир Эгам,
Барчанинг ҳолин билар соҳиби карам.
4760. Оллоҳнинг ўзига боғладим дилни,
Тиланчи бўлиб мен тиларман Уни.
4761. Унинг мавжудлиги аёндир менга,
Исботи беадад, шубҳа йўқ бунга.
4762. Иқрор бўла туриб изларман уни,
Билмасман топишни қайдан, қай куни.
4763. Эгамни изларман, кўзда уйқум йўқ,
Нишонин топсамда бир кўрганим йўқ.
4764. Изловчи ухламас, излаб тинмагин,
Излаб топмадим деб шаштинг синмасин.
4765. Излашдан тўхтама, гарчи мурод йўқ,
Тополмадим дея беғам бўлмоқ йўқ.
4766. Изловчи жонсарак югурар, тинмас,
Бепарво ҳеч қачон орзуга етмас.
4767. Одам кулиб боққай изланган зотга,
Беғам ётган нечук етгай муродга.
4768. Аввал Эгам суюб излади мени,
Энди мен шошилиб изларман уни.
4769. У мени яратди ― тақдири азал,
Мен унга бахш этдим ўзимни тугал.
4770. Шундай Ҳақни нечун севиб топинмай,
Васлига етмоққа нечун шошилмай.
4771. Паноҳида асрар етса ғам, кулфат,
Балогардон бўлгай ёғилса офат.
4772. Мени танлаб кўрсатди тўғри йўлин,
Унинг зикри билан банд тилу кўнглим.
4773. Чин гапим шулдирки, яратди мени,
Едирди, ичирди, улғайтди мени.
4774. Халқдан узоқлашдим, сиғиндим унга,
У ҳамма жиҳатдан паноҳдир менга.
4775. Ёлғиз қолсам Эгам ёди кифоя,
Сўзламоққа Эгам номи кифоя.
4776. Ҳақ ўзи таянчим, ишонч, топинчим,
Неъматим, оч-тўқим, Эгам овунчим.
4777. Нима дер эшитган покланган киши,
Ҳақ билан аҳд-паймон боғлаган киши:
4778. Кўнгилдаги сирим очарман сенга,
Ойдин орзу билан учарман сенга.
4779. Қувонч, овунчимсан, сиғингум сенга,
Ҳаммадан қўл уздим, интилгум сенга.
4780. У дунё каффоратидир бу дунё,
Бундан кечсанг қўлга киргай у дунё.
4781. Ўткинчи дунёга меҳр қўйса инсон,
У боқий оламни топмас ҳеч қачон.
4782. Бу дунё хатарли, оғу шарбати,
Покиза бўлсин еб-ичган неъматинг.
4783. У дунёда яхши жой топмоқ учун,
Дунё орзусидан воз кечгин бутун.
4784. Ҳақиқат деб билгин, эй Ўгдулмишим,
Сенга баён этай неки билмишим.
4785. Кўп нарсалардан воз кечмаса киши,
Қилолмас дунёда сира тўрт ишин.
4786. Бу дунёдан воз кечмасанг, эй инсон,
Оҳиратни тополмассан ҳеч қачон.
4787. Одамлардан қочмагунга то абад,
Қилиб бўлмас Ҳаққа асло ибодат.
4788. Узмагунча орзу-ҳавас бўйнини,
Инсон топмас тўғриликнинг йўлини.
4789. Жо этмоқ-чун дилга Ҳақ муҳаббатни,
Покланиш зарур ҳавас иллатидан.
4790. Муслимга бу дунё қўналға эрур,
Дилни тузат қўналғада йўқ ҳузур.
4791. Нафсга изн берма, зулм қил ўзинга,
Оғишмай кирарсан тўғри йўлингга.
4792. Зое қилма асло ўтган кунингни,
Қайта тополмассан кечган тунингни.
4793. Кунинг зое кетса, афсус чекарсан,
Умринг зое кетса, қайтмас ― нетарсан.
4794. Нима дер эшитгин, билими уммон,
Ҳокисор, мулойим, хушхулқ, билимдон:
4795. У юртдан бу юртга кўчувчи киши,
Кўчин олдин жўнатса, битгай иши.
4796. Кўчини жўнатса, кшчишдан аввал,
Кўп фойда топади бундан ҳар маҳал.
4797. Хоҳ жўнат кўчингни, хоҳи юборма,
Барибир кўчарсан, сен ғофил бўлма.
4798. Оламга бег бўлгин ёки эрксиз қул,
Дунёда қолмассан, ўлим тўсар йўл.
4799. Хоҳи минг йил яша, хоҳи ўн саккиз,
Барибир ўларсан, қолдир яхши из.
4800. Майли фақир бўлгин, майли ҳадсиз бой,
Умрингни эговлар ўтган йил, кун, ой.
4801. Шарафдан бош кўкка етса-да асти,
Кириб ётар жойинг қора ер ости.
4802. Ким туғилгач, умрини зое этар,
Мол кабидир, ўзини ўтга отар.
4803. Соғ бўлиб умрин бекор ўтказса ёш,
Бу беҳуда, файзсиз умр, қариндош.
4804. Менинг ташвишимни қилма, қариндош,
Ўз ғамингни егин, тўкиб маржон ёш.
4805. Бу дунё ишлари пишиқ тузоқдир,
Тушсанг маҳкам тутар, ундан узоқ юр.
4806. Келган давлат бугун раъйингча юрар,
Унга кўп ишонма, дарров юз бурар.
4807. Ўлимдан ғофил бўлма, билма йироқ,
Келар пистирмадан чиққандек ногоҳ.
4808. Талай ғофилларни босмишдир ўлим,
Талай жамул-жамни сочмишдир ўлим.
4809. Дили уйғоқ нима дейди тинглагин,
Ўлимдан ғофиллик ― кулфат, англагин.
4810. Ўлим тус-тус қилди қанча йиғинни,
Уни ўйлаб, босолмасман йиғимни.
4811. Манман деб кеккайиш эрур чикора,
Лашкар, яроғ жонга кирмайди ора.
4812. Ғофил бўлма, ҳаёт билинмай ўтар,
Ўтган ҳар бир лаҳза қайтмасдан кетар.
4813. Ҳузурга алданма, умр зое бўлар,
Одамга ишонма, бевафо бўлар.
4814. Буюкман деганларни тууди ўлим,
Улуғман деганларни ютди ўлим.
4815. Шаҳар, қишлоқларни вайрон этди у,
Кўп қаср, саройларни яксон этди у,
4816. Қанча одам ўлди, кетди ер ютиб,
Ётар улар йўлимизга кўз тутиб.
4817. Кўзинг очиб уларга назар солгин,
Мумкинми бегни қулдан ажратолгинг.
4818. Улуғлик ўлимга ҳеч кор қилмади,
Ўлимдан қочишга кечув бўлмади.
4819. Олиб кетди наби зотларни ўлим,
Борми унга қарши яроғ, даво, эм?
4820. Бу жафокор дунёга сира ишонч йўқ,
У бевафо, хулқи – зулм, феъли совуқ.
4821. Қандай ўтказсанг-да, ўтади кунинг,
Яхши-ёмон, эгри-туз, битар кунинг.
4822. Тўқликда ҳам очликда бирдек кечар
Ўлим на бег, бою қўлни фарқ этар.
4823. На роҳат, заҳмати узоққа бормас,
Мунча шовқин-сурон кимга керак, бас.
4824. Илми теран олим хўп яхши айтмиш,
Феъл-атвори кўнгли айни мос келмиш:
4825. Бир оз бахтдан инсон унитар ўзин,
Яшил кўкдан баланд юритар сўзин.
4826. Гердайган шуҳратли ботирларни кўр,
Ўлим кўксин янчиб, айлади сўқир.
4827. Бу эрур сенга чин садоқатлигим,
Фикрим баён этдим, саҳоватлигим.
4828. Бу ҳолни билиб ким, англаб етса чин,
Бу дунёга меҳр қўйиб, бўлмайди яқин.
4829. Ёшлик ўтди-кетди, улғайди ёшим,
Ифор (1) кетди кофур (2) ёпинди бошим.
4830. Бундан буён, одамларнинг яхшиси,
Ўлимга ҳозирлик кўрмоқ яхшиси.
4831. Севинч кетди, тутди ўлим қайғуси,
Ўлимдан сўнг ҳолим нечук бўлғувси?
4832. Фикри-ёдим шу ташвиш-ла бўлмиш банд,
Нечук ўзим бегга этгум занжирбанд?
4833. Элигга мендан бирон фойда тегмас,
Наф келтирсин деса-да, фойда бўлмас.
4834. Бу дунёни кўзлаб чорласа мени,
Кўнгли тўлиб, келди деб билсин мени.
4835. Инсон боласини қудратли Баёт,
Икки ишга яратди ва қўйди от.
4836. Дўзох ва жаннатда бег қилмоқ учун,
Дунёда хор ва азиз қилмоқ учун.
4837. Азизлик истасанг у кўрсатгай йўл,
Хорликнинг йўлин ҳам аниқ қилди ул.
4838. Бандаликни бажо этмоқ керакдир,
Тавфиқ ҳақин адо этмоқ керакдир.
4839. Агар тавфиқ топса Худодан қули,
Барча яхшиликка очилгай йўли.
4840. Шукрига эрта-кеч ибодат қилгай,
Минглаб яхшилик эшиги очилгай.
4841. Шулардан иборат менинг билмишим,
Борин баён этдим, эй қариндошим.
4842. Сизларга фойдали сўзларим керак,
Мендан сўзларим кўп эзгурак.
4843. Охират истасанг, йўриғи шу, бил,
Дунё истасанг ўз билганинг маақбул.
4844. Келавергай даврон, келавергай қут,
Нени орзу қилсанг бўлавергай бут.
4845. Не ишим бор менинг яхши дегудек,
Сизларга бирон фойда келтиргудек.
4846. Қўйиб берсин мани элиг Тангрига,
Дуогўй бўлайин унинг ҳақига.
4847. Гар билим истасанг, шудир билганим,
Бориб хонга етказ нима деганим.
4848. Унга амал қилинг, ишонинг қаттиқ,
Ишонч бўлмаса, сшнг алами аччиқ.
4849. Илми дарё айтмиш жуда яхши сўз,
Кимки амал қилса, ёруғ бўлгай юз.
4850. Бугун сўзим сенга ёлғон туюлар,
Қиёматда ростлиги аён бўлар.
4851. Ғофил бўлма, сўзларимга амал қил,
Гар амал қилмасанг офат келгай, бил.
4852. Элигдан узр сўра номимдан албат,
Чораси не бўлса, қилгин сен албат.
4853. Аро йўлда заҳмат чекдинг жуда ҳам,
Бахтинг кулсин, ажрини берсин Эгам.
4854. Гапларим кўнглингга оғир ботмасин,
Меҳринг узиб, мени четга отма сен.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ
4855. Жавобан ўгдулмиш очди ўз дилин,
Энди англаб етдим ҳақиқат йўлин.
4856. Мағзин чақиб, қулоқ солдим сўзингга,
Тўғри топиб, ибрат олдим ўзимга.
4857. Тўғри айтдинг, ғақиқат асли шулдир,
Бундан бошқаси буткул хато йўлдир.
4858. Сеники чин, меники ҳазил – ўйин,
Ҳазил бас, мен чинга эгаман бўйин.
4859. Мен кетай, яхши қол, иқболи кулган,
Иккала дунёси хўп обод бўлган.
4860. Сенга кучу тавфиқ берсин Худойим,
Ранжимай дуода ёд этгин доим.
4861. Менинг ҳақимга ҳам дуо қилгин чин,
Нажот бериб Эгам дилимни очсин.
4862. Сўзини тугатиб, ўрнидан турди,
Хайрлашди сўзсиз, ташқари юрди.
4863. Отини йўрттириб, келди уйига,
Тўшакка ёнбошлаб, ғарқ бўлди уйга.
4864. Еди, ичди, яна ҳаёлга толди,
Эшитган, билганин пишиғлаб олди.
4865. Қора ниқоб тутди юзига қуёш,
Қорага бурканди замин, тоғу тош.
4866. Румий қизи сочин ёйди юзига,
Олам кирди қора сочнинг тусига.
4867. Зангги тусин олди зангори олам,
Қушлар қўнди, тинди барча тирик жон.
4868. Хуфтон намозини у адо этди,
Фикрларини яна сарҳисоб этди.
4869. Озроқ ухлаб кўкка тикди кўзини,
Кўрди пастлаган Миррих юлдузи.
4870. Яна кўрди боши оғган Ҳулкар ҳам,
Шарқ томонда нур сочади Ақраб ҳам.
4871. Кўкка боқиб ётди, уйқу келмади,
Тунқотар кишидек кўзин юммади.
4872. Хаёл суриб ётди ўринда уйғоқ,
Кўк ёришиб, сочилди оппоқ бўёқ.
4873. Анбар таралгандек қорайди осмон,
Қуёш нурларидан сочилди маржон.
4874. Қуёш юзин очди, ўрлади туғи,
Оламни яшнатиб, балқиди туғи.
4875. Ғусл қилди ўгдулмиш, руҳин поклади,
Номоз ўқиб, ўз ҳақини оқлади.
4876. Қизил қалқон қуёш нурини сочди,
Ўгдулмиш саройнинг эшигин очди.
4877. Элиг билиб келганини берди йўл,
У кириб, элигга қовуштирди қўл.
4878. Ўлтир, дея элиг унга им қоқди,
Тавозе-ла Ўгдулмиш ерга боқди.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ
4879. Бир оз сукут қилгач, сўради ҳоқон,
Нима гап, баён эт, хулқи бир жаҳон.
4880. Қариндош не деди, не бўлди ишинг?
Муродга етдингми, келгайми эшинг?
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ
4881. Ўгдулмиш жавоб бериб айтди сўзин,
Нима гап бўлган эрса, айнан ўзин.
4882. Иккавлон тортишиб, айтишганини,
Яхши-ёмон гаплар дейишганини.
4883. Ўйга толди элиг, дили ғашланди,
Надоматлар чекди, кўзи ёшланди.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ
4884. Айтди: Қариндошинг тўғри сўзламиш,
Рад этиб бўлмас ҳақиқатни демиш.
4885. Бугун ўзимизни қийнаб, зўрлаймиз,
Унга ҳам зулм қилмб, қаттиқ хўрлаймиз.
4886. Бу дунё ўткинчи, боқий қолмасмиз,
Қанча умр қолди, асло билмасмиз.
4887. Боқий дунё келар шубҳасиз бир кун,
Ҳаловат ё машаққат ― умрга якун.
4888. Бахтга эришса ким, ҳаловат шудир,
Қадри баланд, дўстлари яхши эрур.
4889. У ғафлатдан уйғонган аллақачон,
Минг чорласак келмас экан ҳеч қачон.
4890. Биз мудом ҳою-ҳавас тутқунимиз,
Беҳуда ўтар-кетар ҳар кунимиз.
4891. Кўнгли ҳушёр киши не дейди тингла,
Сенга панд-насиҳат сўзлайди англа:
4892. Балойи нафс душман, агар топса куч,
Сендан олажак у икки ҳисса ўч.
4893. Балойи нафс тирилса, ўлади кўнгил,
Кўнгил ўлса, тоат қолар, эй ўғил.
4894. Кўнглимиз ўлгандир, ҳолимизга боқ,
Балойи нафс бўйни каттайди эвоҳ.
4895. Улуғлик, буюклик, давлат соати,
Узоқ турмас, бу замонинг одати.
4896. Дунё роҳати кам, машаққати кўп,
Бош оғриғи, қарғиш, сўкишлари кўп.
4897. Беҳад яхши айтмиш билимдон киши,
Синаб бу жаҳонни етилган киши:
4898. Улуғликка мағрур бўлма сен ортиқ,
Улуғлик турган-битгани бош оғриқ.
4899. Шодлик қайда бўлса, бало шундадир,
Роҳат қайда бўлса, заҳмат шундадир.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ
4900. Эй Ўгдулмишим, дея сўз қотди хон,
Чорлашдан мақсадим ўзингга аён.
4901. Мени йўлласа у яхшилик томон,
Қулфи-дилим очилгай, дердим билимдон.
4902. Сира кўнмайди у бу ён келгани,
Ёру дўст, қариндош юзин кўргани.
4903. Ўйлаб кўрсанг барча гаплари тўғри,
Уни яна зўрлаш бўлмайди тўғри.
4904. Заҳмат чекиб, оро йўлда кўп юрдинг,
Уни даъват қилиб, елиб-югурдинг.
4905. Кутайлик, кўрайлик, соҳиби карам,
Не бўлгай оқибат, бу кўҳна олам.
4906. Бўлажак иш қоронғу тундек қора,
Ёруғ кун ёритгай уни, эй жўра.
4907. Отишга шай турар замона ёйи,
Гоҳ фойда келтирар, гоҳ зарар ёки.
4908. Барча ишни топшир Худо ҳукмига,
Вақти келса битар, тушар измига.
4909. Қай ишдан натижа чиқмаса, шошма,
Ҳозирча қўя тур, эй доно шошма.
4910. Бу дунё тарзи шу, эргашсанг қочар,
Ташлаб қўйсанг охир ўзи йўл очар.
4911. Бир муддат кутайлик, синайлик уни,
Не бўлгай оқибат замона куни.
4912. Қақти келиб излар бизни эҳтимол,
Ўйлаб кўрса, ўзгарар бутун аҳвол.
4913. Шу билан элиг ҳам сўзин тугатди,
Ўгдулмиш ҳам туриб, уйига кетди.
4914. Орадан талай кун ўтди сездирмай,
Элиг оқибатин ўйларди тинмай.
ОЛТМИШ ОЛТИНЧИ БОБ
ЭЛИГНИНГ ЎДҒУРМИШНИ УЧИНЧИ МАРТА
ДАЪВАТ ЭТГАНИ БАЁНИ
4915. Лозимдур бир ишни қилмоғим дебон,
Чақиртирди Ўгдулмишни бир кун хон.
4916. Чақирсам қариндошинг бу ён келмас,
Орзуга етмагунча кўнгил тинмас.
4917. Энди бу фикрдан воз кечдим тамом,
Бўлакча йўл тутгум энди батамом.
4918. Шундай бўлди энди қарорим менинг,
Ўзим бориб кўрай юзини унинг.
4919. Мен борай ҳузурига ё у келсин,
Бу ишни албатта зиёрат билсин.
4920. Келиб менга панд-насиҳат қилсин у,
Яна ўз иши-ла машғул бўлсин у.
4921. Менга фойда тегсин, унга йўқ зарар,
Поклангай дил гард-ғубордан алҳазар.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ
4922. Ўринли фикрдир, бахтиёр ҳоқон,
Дея маъқуллади Ўгдулмиш шу он.
4923. Бу ишга киришай истаса элиг,
Унга сарф этайин бор уқув, билиг.
4924. Бу гапни батафсил етказай унга,
Сен борма, мен уни келтирай бунга.
4925. Элиг битсин унга яна бир нома,
Ишонгли ҳужжатдир бу даъватнома.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ
4926. Ҳатнинг не ҳожати бор, деди элиг,
Ахир сенинг ўзинг ишончли битик.
4927. Хат берилар ишонмаган одамга,
Сендан ишончлироқ ким бор оламда.
4928. Яғмо бегин гапин эшит, пурмаъно,
Ҳар бир ишга ақли етган у доно:
4929. Элчига ишонилса, хат не керак?
Ишонч бўлса, бунча тадбир не керак?
4930. Фикрингни айт, гапларимга қулоқ сол,
Ортиқча ташвишни энди қўя қол.
4931. Малол келадиган мушкул иш эмас,
Ундан чўчиб, йироқ қочгулик эмас.
4932. Бу нарсага мактуб, тадбир не даркор,
Ўзинг ишончнома, мактубсан, саркор.
4933. Бирров учрашсину изига қайтсин,
Зўрлаб ушламайман, эркиндир, айтгин.
4934. Эҳтиёжим учун юборгум сени,
Яхшилик-ла чорла, зўрлама уни.
4935. Бу ерга келмаса, ўзим борайин,
Бир бор кўрайину дарров ёнайин.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ
4936. Ўгдулмиш айтдики: Орзу ушалгай,
Ҳақнинг ўзи агар мададкор бўлгай.
4937. Сени орзуйингга етказмоқ учун,
Сидқидилдан сарф айлагум бор кучим.
4938. Элигнинг тан-жони соғ-омон бўлсин,
Орзуларини Эгам бажо қилсин.
4939. У чиқиб уйига томон йўл олди,
Арғумоқдан тушиб, дамини олди.
4940. Қуёш юзи ўзгариб, сариқ бўлди,
Бутун олам тилла ранггига тўлди.
4941. Қуёш тортди юзига сариқ заърафон,
Майнанинг рангига бурканди жаҳон.
4942. Маъшуқалар қошидек бўлди осмон,
Ҳабаш тусига кирди бутунлай жаҳон.
4943. Еб, ичиб ювинди, ўқиди намоз,
Ўринга чўзилиб, мизғиди бир оз.
4944. Сариқ булбул наво қилиб сайради,
Чўчиб уйғонди у, кўнгли яйради.
4945. Қулоқ солиб ётди булбул хонишига,
Ҳайрон бўлиб Ҳақ мўжиза ишига.
4946. Уйқиси қочди, беҳад чўзилди тун,
Бетоқат бўлиб кутди ёришин кун.
4947. Қора кўйлагини шарт йиртди осмон,
Қуёш юзин очиб, ёришди осмон.
4948. Кўкка ўрлаб, кулиб боқди кун юзи,
Яшради оламнинг қир-адир, тузи.
4949. Таҳорат олиб у ибодат қилди,
Яхшиликлар тилаб, илтижо қилди.
4950. Хушҳол йўлга тушди отини миниб,
Кўнглига турфа хил шодликлар иниб.
4951. Яқин келгач, дарров тушди у отдан,
Аста яқинлашди уйга одатан.
4952. Эшикни қоқди у секин қўл билан,
Қариндош туриб чиқди тезлик билан.
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ
4953. Ўгдулмишни кўргач, ҳайрати ошди,
Деди: Бу ишинг кўп ҳаддидан ошди.
4954. Айтгин мени мунча қийнайсан нега?
Мунча ёпишмасанг қаст қилиб менга?
4955. Майли кир, қикрингни тезроқ айта қол,
Нега келганингни айтиб, қайта қол.
4956. Иккавлон уйга кирди оҳиста юриб,
Зоҳид кутиб олди қово0ин уюб.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ
4957. Ўгдулмиш айтдики: Сўзимни тингла,
Қовоқ уйма, аввал мақсадим англа.
4958. Айтган гапларингни тугал, бенуқсон,
Меҳрибон элигга айладим баён.
4959. Элиг сўзларимга жим қулоқ солди,
Жавобинг эшитгач, ўйланиб қолди.
4960. Сени ўз майлингга қўйиб энди у,
Бошқа бир нарсани у қилди орзу.
4961. Воситачи қилиб юборди шунга,
Эй ботир, маломат қилмагин менга.
4962. Ҳар бир нарсанинг бор чеки, фурсати,
Эй доно, ўтказма ишнинг фурсатин.
4963. Заковатли тили не дейди тингла,
Бу сўз ҳар нарсанинг асоси англа:
4964. Ҳар ишнинг фурсатин ўтказиб қўйма,
Фурсатни бой берсанг, умидвор бўлма.
4965. Ҳар нарсанинг тенгги, ўхшаши бордир,
Ҳамма ўз тенги-ла эсон омондир.
4966. Аввалги истагини баён этди у,
Бир бор зиёратинг қилади орзу.
4967. Ҳузурига боргин ё бу ён келсин,
Эй бағри кенг, элиг сени бир кўрсин.
4968. Бундан зарар кўрмассан, эй қариндош,
Менга ишонавер, аё бағри тош.
4969. Элиг жуда ҳам яхши султон эрур,
Яхши-ёмон, йўқсилга ғамхўр эрур.
ЎДҒУРМИШНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ
4970. Жавоб бериб шундай деди ўдғурмиш:
Бу гаплар ақлга анча тўғри келмиш.
4971. Мусулмонни билки мусулмон қардош,
Зиёрат қилар албат, эй бағиртош.
4972. Бу сўзга тан бериб, эгаман бўйин,
Зиёрат қиламан мен уни бу кун.
4973. Мен аввал бориадим, сабаби аён,
Мендан ўз нафини кўзлар эди хон.
4974. Ниятидан қайтиб топди тўғри йўл,
Таклифга розиман, бу йўли мақбул.
4975. Мен саройга боргум, элиг келмасин,
Мен заҳмат чекайин, элиг чекмасин.
4976. Элиг халқнинг беги, эл-юртда улуғ,
Ҳурмат лозим унга ва ҳамда қуллуқ.
4977. Тўғри йўриқ тузар, ҳақ бўлгай сўзи,
Қуритгай юртидан ёмонлар изин.
4978. Не дер эшит, билими денгиз киши,
Оқил, доно, ҳиммати тенгсиз киши:
4979. Раиятга вожиб элиг ёрлиғи,
Қадр этсин уни юртнинг борлиғи.
4980. Ҳурмат лозим бег ўзи, сўзига ҳам,
Кумушга олинган ҳинду бўлса ҳам.
4981. Ҳурмат қилгум энди унинг ёрлиғин,
Зиёратга боргум ва бўлгум яқин.
4982. Қариндошим, сен дарров изингга қайт,
Бу қароримни бориб элигга айт.
4983. Юзга қора парда тортганда жаҳон,
Мен борайин, холи бўлсин ул макон.
4984. Кундуз кўрса, ғийбат қилишар мени,
Мени сўзлаб, ўтга ташлар ўзини.
4985. Изингга қайтгину уйингда кутгин,
Ҳузур-ҳаловатни бугун унутгин.
4986. Аввал сеникига бориб тушайин,
Не қилмоқ кераклигин кенгашайин.
ЎГДУЛМИШНИНГ ЎДҒУРМИШГА ЖАВОБИ
4987. Ўгдулмиш қувониб айлади жавоб,
Деди: Бу ишинг тўғри ҳамда савоб.
4988. Элиг ҳузурига шошилай дарҳол,
Бу гапни етказиб, этайин хушҳол.
4989. Сени кутгум, сўз устидан чиқ албат,
Айтилган вақтда етиб бор албат.
4990. Бу фикрга тўхтам қилди икковлон,
Хайрлашди улар бўлиб шодумон.
4991. Қайта таъкидлади: Вадангни бузма,
Бекорга жигарлик риштасин узма.
4992. Қуёш уфққа юзин яширган замон,
Юзга кўмир рангин тортганда жаҳон.
4993. Йўлингга кўз тикиб, кутиб ўлтиргум,
Неки лозим бўлса, муҳайё этгум.
4994. Отини чоптириб, саройга келди,
Рухсат олиб, хон ҳузурига кирди.
4995. Эшитган, билганин баён этди у,
Хушхабар-ла бегин шодон этди у.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ
4996. Деди: Бу иш ҳар жиҳатдан хўп эрур,
Агар айтган сўзи чиндан рост эрур.
4997. Элиг яна айтди: У қачон келар?
У билан қаерда кўришсак бўлар?
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ
4998. Жавобин Ўгдулмиш айтди: Унингча,
Чўккани яхшидир қоронғи кеча.
4999. Албат келаман деб берди чин сўзин,
Қачон чақиртирсанг боради ўзи.
ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ
5000. Элиг айтди: Заҳмат чекиб кўп чопдинг,
Унга лойиқ Ҳақдан ажрингни топгин.
5001. Дардимнинг давоси шу эди фақат,
Мужданг билан кўнглим шод этдинг беҳад.
5002. Уйингга келса, тез хабар бер менга,
Таклиқ учун одам юборгум сенга.
5003. У билан келинглар тез бу ён юриб,
Зиёрат қилайин юзини кўриб.
5004. Бунга мос келади бир доно сўзи,
Не демоқчи уққин аслида ўзи:
5005. Инсон кўнгли доим эзгулик истар,
Унинг умиди-ла ўзин овутар.
5006. Агар тилагига тугал етса у,
Кўнгли тоғдек ўсар, ушалар орзу.
5007. Хўп дея ўгдулмиш қайтди уйига,
Кўзин тикди қариндошин йўлига.
5008. Уфққа бош қўйиб, юзин яширди кун,
Қора ғубор дунёни тутти бутун.
5009. Тул тўнин кийди жаҳон, қовоқ солди,
Кўк шайтон юзидек қорайиб қолди.
5010. Ғимирлаган жоннинг юмилди кўзи,
Босилди сас – овоз, тириклар сўзи.
—————-
1. Ифор ― қора ранг
2. Кофур — оқ
Taqdim etilayotgan navbatdagi boblarda O’gdulmishning O’dg’urmishga mehmondorchilikka borish-kelish, ziyofatga mehmon chaqirish tartib-qoidalari, bu dunyodan yuz o’girib, u dunyoga moyil bo’lish haqidagi o’gitlari bayon etilgan.
YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin Usmon tarjimasi
OLTMISH UCHINCHI BOB
MEHMONDORCHILIKKA BORISH?KELISH
TARTIB?QOIDALARI BAYONI
4557. Javob berib O’gdulmish aytdi: Bu ham,
Bilib qo’yish lozim ishdir chindan ham.
4558. Turli-tuman bo’lgay chorlangan kishi,
Xilma-xil bo’ladi ziyofat oshi.
4559. Biri – nikoh to’yida tortilar osh,
Aqiqa va xatnada berilar osh.
4560. YO teng-tush, yor-do’stlar taklif etilgay,
Cho’ng-kichik qarindoshga osh berilgay.
4561. O’tganlarni eslab, nazir atarlar.
YO unvon olganda oshlar tortarlar.
4562. Bunday ziyofatga borma yoki bor,
O’ylab ko’r, o’zingda butun ixtiyor.
4563. Yoru do’st, qarindosh bersa ziyofat,
Borib ye oshini, qilgin ziyorat.
4564. Mehmonlarni kutib, o’tqazmoq kerak,
Osh-suvni hammaga yetkazmoq kerak.
4565. Qo’ni-qo’shni agar bersa ziyofat,
Hudo uchun bo’lgan do’st qilsa da’vat.
4566. U yerga bor albat, ko’ngillarin ol,
Ularni shod ayla, o’zing bo’l xushhol.
4567. Taklif etsalar qilib xos ziyofat,
Sen borib ularni quvontir albat.
4568. Bundan boshqa bo’lsa ziyofatu osh,
Bormagan yaxshiroq, dil bo’lmagay g’ash.
4569. Pala-partish bo’lsa, ziyorat yohu,
Asil zot, dil og’rib, osh bo’lar og’u.
4570. YO mastlar olishib, g’avg’o boshlagay,
Yeganing singmagay, diling g’ashlagay.
4571. Bir cho’qum oshni deb sira past ketma,
Bunday joyga borib, o’zing xor etma.
4572. Nima der eshitgin nafsin tiyguvchi,
Nafsini tiyishni yaxshi bilguvchi:
4573. Nafsingni tiy, hech bir ishda past bo’lma,
Qadringni bil, nafsing uchun qul bo’lma.
4574. Ko’p ko’rdim dunyoda ne-ne ulug’ er,
Nafsiga qul bo’lib, bo’ldi qora yer.
4575. Ko’p boylarni ko’rdim nafsiga asir,
Oqibat mulki vayron, o’zi faqir.
4576. Ey nafsi g’olib, nafsga tutqun bo’lma,
Tutqun bo’lsang undan qutilib bo’lmas.
4577. Qanday ziyofatga bormagin minbad,
Odob bilan yegin ovqatni albat.
4578. Befarosat bilmas ahloq-odobni,
Boshi gangiydi ko’rsa odoblini.
4579. Yoshi ulug’ ovqatga sunsa qo’lin,
Taomil shu, undan so’ng uzat qo’ling.
4580. Bismillo bilan sen uzat o’ng qo’ling,
Yemak barokatli, o’zing bo’y bo’lgung.
4581. Birovning oldidan luqmani olma,
Oldingda borin ye, suqatoy bo’lma.
4582. Pichog’ing ishlatma, mujima suyak,
Bo’lma yuho, betoqatu yengiltak.
4583. Qanchalik to’q bo’lma, olib turgin osh,
Sheriklarga qarab yeyiladi osh.
4584. Yemakni maydalab chayna shoshilmay,
Issiq oshni tanavvul qil puflamay.
4585. Tortib olma dasturxondan ovqatni,
Hulqing tuzat, buzma yaxshi odatni.
4586. Bema’ni bo’lmagin, bo’lgin odobli,
Oddobsizlar barcha uchun ofatdir.
4587. Bu haqda xo’p aytmish odobli kishi,
Odoblining go’zal ichiyu toshi.
4588. Hamma narsaning bor tartib, yo’rig’i,
Kim yo’rig’ bilsa, bo’lgay yuzi yorug’.
4589. Badxulq tartib-qoida bilmas kishi,
Birovga qo’shilsa, yurishmas ishi.
4590. Taomni yegin maqtab, lazzatlanib,
Uy egasi quvonsin nazar solib.
4591. Umid-la chaqirsa birov ranj chekib,
Uvol qilma mehnatini ranjitib.
4592. G’oyat to’g’ri aytmish ul ko’ngli hushyor,
Nazar sol, so’zida turli ma’no bor.
4593. Kishi ko’ngli bamisoli bir shisha,
Salga sinar, ehtiyot qil hamisha.
4594. Ko’ngil qolsa, huzur-halovat ketar,
Yaqinlik uzilar, manfaat bitar.
4595. Yaqinlik istasang xush etgin ko’ngil,
Yaqinlikdan umid uz, qolsa ko’ngil.
4596. Oviat me’yorin bil, yema aslo ko’p,
Aql-zakovatli zot ta’limberar xo’p:
4597. Ko’p yeyuvchining oshi badhazm bo’lar,
Singmagan ovqat kishiga dard berar.
4598. Dard tomoqdan kirar, nafsingni tiygin,
Ovqatni me’yorida oz-ozdan yegin.
4599. Tinkani quritar, dard qilsa hujum,
Davosin topmasang shoshirar o’lim.
4600. Bu haqda yaxshi gap aytibdi hakim,
Hakimlar so’zini yomon deydi kim.
4601. Hastalik o’limning ilk xabarchisi,
Dard kelsa, bo’lgay u o’lim qo’shnisi.
4602. Odam degan bilsin kufr, imonni,
Issiq, sovuq bilan yaxshi, yomonni.
4603. Mijozga yoqqanin bilib yeyish shart,
Mijozga yoqmasa, qo’lni tiyish shart.
4504. Issiqlik oshsa, sovuqlik davo qil,
Sovuqlik davosi issiqlikdir, bil.
4605. Ayni yigit yoshing fasli bahordir,
Sovuq birla qon sovutmoq ravodir.
4606. Yoshing qirqdan oshib, ta’bing bo’lsa kuz,
Issiqlik-la mijozingni qilgin tuz.
4607. Yoshing oltmish bo’lib yetib kelsa qish,
Issiq yegin, sovuqlikka bo’lma esh.
4608. Quruq sovuq oshga ho’l issiqni top,
Bu ikkisi bo’lar mijozga javob.
4609. Ho’l so’vuqlik oshib, yetkazsa zarar,
Quruq issiqlik bilan javob qaytar.
4610. Sovuq mijozga ko’paytir issiqlik,
Agar issiq bo’lsa, yeb-ichsovuqlik.
4611. Bo’lsin desang mijozingni `o»tadil,
Issiq, sovuq me’yoriga amal qil.
4612. Mijozing shu yanglig’ saqlasang agar.
Salomat yasharsan, hayot tinch kechar.
4613. Nima deydi tabib fikrin anglagin,
Mag’zin chaq, so’ziga amal aylagin:
4614. Mijozing ta’bini ta’rif etay, boq,
Qizil, sariq, qora hamda bo’lgay oq.
4615. Ular bir-biriga g’anim bo’lgaylar,
G’animlar bir-birin rangdan bilgaylar.
4616. Mijoz me’yorin saqlashga aql kerak,
Ne yoqishin bilib yemaklik kerak.
4617. Inson bilan hayvon ayirmasi shul,
Mijozga qarab yesa, ey o’g’il.
4618. Nima der eshitgin dono oqsoqol,
Gapin uq, umringni qilmasdan uvol.
4619. Qirqqa kirib mijozini bilmasa,
Gapirsa-da bo’lar uni mol desa.
4620. Gar sinab ko’rib ham fahmi yeetmasa,
Ey zakiy, bo’lmas uni inson desa.
4621. Ko’p ishlarni ko’rib, yo’riq bilmasa,
To’g’ri bo’lgay uni hayvon atasa.
4622. Davr-davron o’tib, yio’masa aql-hushin,
Hayvon sifat desa bo’lgay bu kishin.
4623. Quloq sol tabiblar yaxshi aytmishlar,
Oz yeganlar sog’-salomat yurmishlar.
4624. Dardsiz umr kechirmoq istarsan, tegin.
“Oz ye” degan doridan ko’proq yegin.
4625. Farog’atda umr kechirmoq istasang,
“Til” atalgan go’sht yeyishni ista sen.
OLTMISH TO’RTINCHI BOB
ZIYOFATGA MEHMON CHAQIRISH TARTIB-
QOIDALARI BAYONI
4626. Mehmon taklif etaman desang uyga,
Yaxshilab taraddud ko’rgin sen bunga.
4627. Idish, dasturxon, uy, libos pok bo’lsin,
Ovqatu ichimlik xilma-xil bo’lsin.
4628. Chaqirmasang oshga qusur bir bo’lar,
Chaqirsang ko’rganlar birni yuz qilar.
4629. Osh-suving pokiza, lazzatli bo’lsin,
Mehmonlar yeb-ichsin va mamnun bo’lsin.
4630. Do’st, qarindosh bo’lsa-da, yiroq, yaqin,
Barchasin taklif et, ado et haqin.
4631. Keladigan kelgay, kelmasa mayli,
Ko’ngli qolmas chaqirganing tufayli.
4632. Ziyofat ginasi ko’p yomon bo’lar,
O’pkalab kek saqlar, kek o’lsa qolar.
4633. Hammaga birdek yetsin osh-suv kuzat,
Kechikkanlarga ham taomlar uzat.
4634. G’izodan so’ng ichimliklar tut har vaqt,
Tugasa qaytadan keltirgin albat.
4635. Qayta taom bo’lsa ichimlik kerak,
Taomga munosib ichimlik kerak.
4636. Taomga mos ichimligi bo’lmasa,
Og’uga aylanar osh hazm bo’lmasa.
4637. Istasa sharob ber, istasa chalob,
Istasa asal choy, istasa gulob.
4638. Yana nima berish kerak o’zing bil,
Sen mendan ma’noli narsa so’ragil.
4639. Xos mehmon, ulug’lar tugatgach yemak,
So’ng lozim kichiklarga taom bermak.
4640. Ko’z-quloq bo’l, barchaga ovqat yetsin,
Och qolib so’kmasin, bundan shod ketsin.
4641. Ovqatdan so’ng shirinliklar tort albat,
Ho’lu quruq meva, ozroq qandolat.
4642. Chog’ing kelsa ipakliklar yirtish qil,
Tish haqlarin berib, gap-so’zni daf qil.
4643. Ovqatning ta’rifi yetar endi, bas,
Eshik och, qaytarma kelsa biron kas.
4644. To’rt xil bo’lar taklif qilingan odam,
To’rt xil bo’ladi boradigan joy ham.
4645. Bir xili chopib borar taklif etilsa,
Paqqos tushiradi nima berilsa.
4646. Lek uyga xech qachon chaqirmas kishi,
Topganini yolg’iz yer burkab boshin.
4647. Yana biri qolmay borar mehmonga,
Javoban o’zi ham chorlar mehmonga.
4648. Uchinchisi, borib bo’lmaydi mehmon,
Uyiga chaqirib kutmaydi mehmon.
4649. Bundaylar o’likdir, sen tirik dema,
Ularga qo’shilib hayot kechirma.
4650. Bir xili hech qayga bormaydi faqat,
Lek qancha mol so’yib berar ziyofat.
4651. Bularning a’losi va ma’quli shu,
Maqtalgan fe’l-atvor va maq`uli shu.
4652. Xoh borma mehmonga yo bor istasang,
Nafsing tiy, oz yegin sog’lik istasang.
4653. Ko’p yeguvchi odam kasalmand bo’lar,
Yuzi rangpar, za’rafshon, pastkash bo’lar.
4654. Mijozni bilguvchi ilmi zo’r tabib,
Bunga mos so’zlarni aytgandir topib:
4655. Og’zidan kirar dard osh bilan harvaqt,
Va dard ado qilar kishini barvaqt.
4656. Nafsingni tiyib sen, asrab yur o’zing,
Dard abgor qiladi, so’ldirar yuzing.
4657. Shu yanglig’ bo’ladi ziyofat ishi,
Xoh borsin, xoh ziyofat bersin kishi.
4658. Bilganim so’zladim, eshitding obdon,
Bu gapni yetarli bilgin, bilimdon.
4659. Dunyoning yo’l-yo’riq taomili shu,
El-yurtga qo’shilmoqning omili shu.
4660. Ey ko’ngil quvonchi va jonga yaqin,
O’ylab ko’r, so’zlarim ma’nosin chaqqin.
OLTMISH BESHINCHI BOB
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA BU DUNYODAN YUZ O’GIRIB,
U DUNYOGA MOYIL BO’LISHNI AYTGANI BAYONI
4661. Javoban O’dg’urmish aytdi: Eshitdim,
Endi sen ham mening gapim eshitgin.
4662. So’zlaringa amal qilsa kim beshak,
Erishgay dunyoda ne qilsa tilak.
4663. Dunyoda farog’at istagan kishi,
Ey dono, lozimdir buni bilishi.
4664. Ranju alam chekibtopsa mol-dunyo,
Uzoq yashamasa ne kerak dunyo?
4665. Dunyo istab yelib-yugursa kishi,
Unitilgay toat-ibodat ishi.
4666. Nazar sol, sen bunga kelgandan buyon,
Ibodat to’xtadi ? yetkazding ziyon.
4667. Bir zot suhbatin oqibati mana,
Shuncha zarar ko’rdim, qistama yana.
4668. Qishloq, shahar aro kirsam sen bilan,
Ishu so’zim bitar ko’p bilan.
4669. Nechuk ado etgum toat-ibodat,
Tarki odat bo’lgay oliy saodat.
4670. Yoshlik o’tib, qarilikka yetdim men,
Haq ibodati-la tavba etdim men.
4671. Qaytmoq yana behuda olam tomon,
Menga munosibmi, mehribon inson.
4672. Yaxshi ta’lim bermish bilimi daryo,
Quloq sol, oq ko’ngil va bilmas riyo.
4673. Qarilik g’amini yoshlikda yegin,
Qarigach kuch ketar, imkoni yo’q bilgin.
4674. Yoshlikda ibodat qilmoqqa shoshil,
Bundan zarar ko’rmaysanqarigach, bil.
4675. Yoshligingda fe’l-atvorni yaxshi tut,
Ulg’ayganda o’char albat ushbu o’t.
4676. Yigitlikda erur barcha saodat,
Ezgulikni qilsa o’ziga odat.
4677. Qanday yarashiqsiz qarigan kishi,
Qilmoqqa urinsa yigitlar ishin.
4678. Tiriklik uchun dunyo ne’mati ham,
Tiriklik tugasa, bitar tashvish ham.
4679. Dunyo yio’ish bilan o’tadi hayot,
Kuning bitsa, kimga qolar bu bisot.
4680. Farazan, eligning xizmatin qildim,
Ish o’rganib, el-ulus fe’lin bildim.
4681. Bundan ne foyda bor o’luvchi zotga,
Ikki gaz bo’z olib ketgung lahatga.
4682. O’zin o’tga-cho’qqa urmoqlik har on,
Ikki maqsadda bo’lar, ey musilmon.
4683. Biri ? mol-dunyo yig’ib, ulug’lash o’zin,
Biri ? elu yurtga o’tkazmoq so’zin.
4684. Ne baxtki, ushalsa bu ikki orzu,
Ne istasa topib, yashasa mangu.
4685. O’lim tortib oldi bu ikki lazzat,
Ey dono, bu dunyo endi ne hojat.
4686. Manglayi yorug’ bo’lar qutli odam,
Yaxshilik kelib turar undan har dam.
4687. Barchani bezdiradi baxtsiz odam,
Fe’li aynar qariganda juda ham.
4688. Ilmi teran xo’p ta’rif etmish bu hol,
Ey xushro’y, bu so’zga albat quloq sol:
4689. Baxtli kishi ulki, ulo’aygan sari,
Yaxshi bo’lib, qochar yomondan nari.
4690. Baxtiz odam ma’lum ushbu belgidan,
Qarisa ham chopar havas ketidan.
4691. Qani bu dunyoni talab qilgan zot,
Temir qasr, shahar qurgan manman, shaddod.
4692. Qani gumroh Namrud, o’zin haq bilib,
Ko’kka qo’l uzatgan qora qush minib.
4693. Qani Fi’ravn, Haq da’vosin qilgan,
Tangri hukmi birla suvga g’arq bo’lgan.
4694. Qani dunyo boyligin yiqqan Qorun,
Boyligi-la yer yutib, bo’lgan zabun.
4695. Qani u olamni zabt etgan fotih,
Zulqarnayn quyoshi ham ketdi botib.
4696. Qani u sohibi sehrli aso,
Daryo suvin yorib yurguvchi Muso?
4697. Qani ins, deb pariga bo’lgan humron,
Ulug’lik sohibi, xushxulq Sulaymon.
4698. Qani u o’likka jon bergan Masih,
O’zi ham o’limga bo’lgan mustahih.
4700. Qani u el aro saylangan rasul,
Huvillatib olamni tark etdi ul.
4701. O’lim tutdi ularni, qoldi olam,
Seni qo’yarmidi, ey xushxulq odam.
4702. Shu tariqa erur hayot qonuni,
Xoh unga amal qil, xoh qil aksini.
4703. Qora yer qa’riga nazar sol, qani,
Qancha odam kirdi, to’lmas o’pqoni.
4704. Ochib ko’rolsayding qora yer bag’rin,
Ko’rarding ne zotlar yotganin g’amgin.
4705. Ne beglar yotganin qora yer bo’lib,
Ne dono bir uyum ustixon bo’lib.
4706. Qulni begdan farq etolmasman o’zim,
Boyni gadodan ajratolmas ko’zim.
4707. Biron dardga chalinmagan botirlar,
Yer qatida qimir etmay yoturlar.
4708. Shunday zotlar go’rni etganda makon,
Bizning boqiyimizga bormi imkon?
4709. Ahdi qattiq, betinim sayyoh kishin,
Band etgaymi ulug’ yo’lda uy ishi.
4710. Forig’ bo’ldi mendan bor orzu, tilak,
Suyanchig’im yo’qdir Xudodan bo’lak.
4711. Kishini qul qiluvchi suqlik erur,
Suqlikdan voz kechdim, ko’nglim to’q erur.
4712. Ne der eshit, dunyodan kechgan kishi,
Bu bevafo dunyodan bezgan kishi.
4713. Neki tilagim bor, ushalib bo’ldi,
Suqlikdan voz kechib, ko’zim yumildi.
4714. Dunyo orzularin butkul tark etdim,
Orzular tugagach, so’zim bas etdim.
4715. Dunyo bir ekinzor, ne eksang shu unar,
Bugun nima eksang, ertan shu unar.
4716. Ezgulik ekilsa, bitar ezgulik,
Ezgulikdan kelgay rizqu kiygulik.
4717. Yomon urug’ eksang yomonlik unar,
Qiyomat kuni u og’ir yuk bo’lar.
4718. Bugun tark etmasam havas – orzuni,
Ezgulik topolmam qiyomat kuni.
4719. Tinch qo’ymasa agar sen dunyoni qo’y,
Senga to’ymas bo’dsa, sen oldinroq to’y.
4720. Sen undan voz kechsang, seni tinch qo’yar,
Unga to’ymasang sen, u senga to’yar.
4721. Hamon qolar ekan, ne kerak dunyo,
Butunlay yuz o’gir, bo’lgach u riyo.
4722. Dunyoni qo’y, oxiratni o’ylagin,
U dunyoda boqiy rohat ko’zlagin.
4723. Bundanda yaxshisin agar tilasang,
Voz kech ikki dunyodan uddalasang.
4724. Ikki olam Egasin izlamoq kerak,
Usiz bu olamlar nimaga kerak.
4725. Bunyod bo’lganin topsang, bari sening,
Yaratganin topsang, ular ham sening.
4726. Yaralgandan qo’rqma, yukinma unga,
Yaratgandan qo’rqqin, suyangin unga.
4727. Ibodatin qo’yib, yaratgan Egam,
Yaralgan xizmatin qilmasman hech ham.
4728. Yakuni ikki xil xizmatchi ishi,
Manzur bo’lsa ishi ko’targay boshin.
4729. Manzur bo’lib qolsa, xizmati juda,
Uning vaqti, umri ketmas behuda.
4730. Ishi yoqib, begi ko’tarsa uni,
Shundan boshlanadi erksizlik kuni.
4731. Goho och, goho to’q yugurish kerak,
Beg yotsa u zahmat chekishi kerak.
4732. Xizmati bo’lmasa ma’qul mobodo,
Xizmat zoe, hayoti bo’lgay ado.
4733. Ne manfaat ko’rar xizmatidan ayt,
Qanday lazzat tuyar xizmatidan shu payt.
4734. Ilining boshlio’i nima der tingla,
Xizmatchi yo’rio’in sen undan angla.
4735. O’ylab ko’r, mushkuldir bu beglar ishi,
Harchand urinsa-da yoqmagay kishi.
4736. Xizmati yoqsa, erki qo’ldan ketar,
Yoqmagan xizmat uni xor-zor etar.
4737. Xizmatga ishonma, xizmat qilguvchi,
Xizmating oqibat boshing yeguvchi.
4738. Suyundi deganda bo’ralab so’kar,
Ochildi deganda zahrini to’kar.
4739. Uning fe’lini tugal bilib bo’lmas,
Olaringni ham to’liq olib bo’lmas.
4740. Beqaror shamoldir bu dunyo asli,
Va qo’nimsiz ko’lankadir bamisli.
4741. U sarobdir imlab turar olisdan,
Tutay desang g’oyib bo’lar bexosdan.
4742. Davlat, martabaning bordir o’z gali,
Tez tugar u, vafosizlik amali.
4743. Menga bu dunyoning ne keragi bor,
Davlatu martaba menga ne darkor.
4744. Haq yodi dilga jo, bitmas sevinchdir,
Yorlig’i bir umrga yetar ovunchdir.
4745. Birov sevmasa sevmas, Egam sevsin,
Yovlashgani yovim bor – shayton bilsin.
4746. Tilagim Xudodan, umidim shudir,
Sig’inar Egam u, quvonchim shudir.
4747. Kiyimim qo’y yungi, g’izo –arpa osh,
Shu bilan tugaldir dunyo, qarindosh.
4748. Nima der eshitgin mehribon so’zin,
Makoni o’or erur, taqvodor o’zi.
4749. O’zimga dunyodan oldim keragim,
Libosim jun, yemishim un kepagi.
4750. Kepak taom shakardan shirin menga,
Dag’al libos shoyidan mayin menga.
4751. To’yguncha yeb-ichu ming bor shukr qil,
Arpami, tariqmi, bir g’izo deb bil.
4752. Ko’mach ye, go’ja ich, nafsing tiy bir oz,
Moldek ovqat yema, buzilar mijoz.
4753. Lazzatni quvmagin, oxiri voydir,
Lazzat oqibati xarobat joydir.
4754. Tamoqning lazzati achchiq-chuchuk osh,
Lazzatga berilgan hayvondir yuvosh.
4755. Vujud bezashdir shohi, zarbof libos,
Ruh ziynatin o’yla, do’stim, iltimos.
4756. Qorin bir to’ysa, bir-ikki kun kechsa,
Bir kiygan kiyim ikki yilga yetar.
4757. Durustmi shunga o’zim qul qilmog’im,
Bila turib beg ishiga kirmog’im.
4758. Yuksak Arshdan to yer tubigacha ham,
Hammani band etmish bitta tashvish, g’am.
4759. Tashvishdan xolidir favat bir Egam,
Barchaning holin bilar sohibi karam.
4760. Ollohning o’ziga bog’ladim dilni,
Tilanchi bo’lib men tilarman Uni.
4761. Uning mavjudligi ayondir menga,
Isboti beadad, shubha yo’q bunga.
4762. Iqror bo’la turib izlarman uni,
Bilmasman topishni qaydan, qay kuni.
4763. Egamni izlarman, ko’zda uyqum yo’q,
Nishonin topsamda bir ko’rganim yo’q.
4764. Izlovchi uxlamas, izlab tinmagin,
Izlab topmadim deb shashting sinmasin.
4765. Izlashdan to’xtama, garchi murod yo’q,
Topolmadim deya beg’am bo’lmoq yo’q.
4766. Izlovchi jonsarak yugurar, tinmas,
Beparvo hech qachon orzuga yetmas.
4767. Odam kulib boqqay izlangan zotga,
Beg’am yotgan nechuk yetgay murodga.
4768. Avval Egam suyub izladi meni,
Endi men shoshilib izlarman uni.
4769. U meni yaratdi ? taqdiri azal,
Men unga baxsh etdim o’zimni tugal.
4770. Shunday Haqni nechun sevib topinmay,
Vasliga yetmoqqa nechun shoshilmay.
4771. Panohida asrar yetsa g’am, kulfat,
Balogardon bo’lgay yog’ilsa ofat.
4772. Meni tanlab ko’rsatdi to’g’ri yo’lin,
Uning zikri bilan band tilu ko’nglim.
4773. Chin gapim shuldirki, yaratdi meni,
Yedirdi, ichirdi, ulg’aytdi meni.
4774. Xalqdan uzoqlashdim, sig’indim unga,
U hamma jihatdan panohdir menga.
4775. Yolg’iz qolsam Egam yodi kifoya,
So’zlamoqqa Egam nomi kifoya.
4776. Haq o’zi tayanchim, ishonch, topinchim,
Ne’matim, och-to’qim, Egam ovunchim.
4777. Nima der eshitgan poklangan kishi,
Haq bilan ahd-paymon bog’lagan kishi:
4778. Ko’ngildagi sirim ocharman senga,
Oydin orzu bilan ucharman senga.
4779. Quvonch, ovunchimsan, sig’ingum senga,
Hammadan qo’l uzdim, intilgum senga.
4780. U dunyo kafforatidir bu dunyo,
Bundan kechsang qo’lga kirgay u dunyo.
4781. O’tkinchi dunyoga mehr qo’ysa inson,
U boqiy olamni topmas hech qachon.
4782. Bu dunyo xatarli, og’u sharbati,
Pokiza bo’lsin yeb-ichgan ne’mating.
4783. U dunyoda yaxshi joy topmoq uchun,
Dunyo orzusidan voz kechgin butun.
4784. Haqiqat deb bilgin, ey O’gdulmishim,
Senga bayon etay neki bilmishim.
4785. Ko’p narsalardan voz kechmasa kishi,
Qilolmas dunyoda sira to’rt ishin.
4786. Bu dunyodan voz kechmasang, ey inson,
Ohiratni topolmassan hech qachon.
4787. Odamlardan qochmagunga to abad,
Qilib bo’lmas Haqqa aslo ibodat.
4788. Uzmaguncha orzu-havas bo’ynini,
Inson topmas to’g’rilikning yo’lini.
4789. Jo etmoq-chun dilga Haq muhabbatni,
Poklanish zarur havas illatidan.
4790. Muslimga bu dunyo qo’nalg’a erur,
Dilni tuzat qo’nalg’ada yo’q huzur.
4791. Nafsga izn berma, zulm qil o’zinga,
Og’ishmay kirarsan to’g’ri yo’lingga.
4792. Zoe qilma aslo o’tgan kuningni,
Qayta topolmassan kechgan tuningni.
4793. Kuning zoe ketsa, afsus chekarsan,
Umring zoe ketsa, qaytmas ? netarsan.
4794. Nima der eshitgin, bilimi ummon,
Hokisor, muloyim, xushxulq, bilimdon:
4795. U yurtdan bu yurtga ko’chuvchi kishi,
Ko’chin oldin jo’natsa, bitgay ishi.
4796. Ko’chini jo’natsa, kshchishdan avval,
Ko’p foyda topadi bundan har mahal.
4797. Xoh jo’nat ko’chingni, xohi yuborma,
Baribir ko’charsan, sen g’ofil bo’lma.
4798. Olamga beg bo’lgin yoki erksiz qul,
Dunyoda qolmassan, o’lim to’sar yo’l.
4799. Xohi ming yil yasha, xohi o’n sakkiz,
Baribir o’larsan, qoldir yaxshi iz.
4800. Mayli faqir bo’lgin, mayli hadsiz boy,
Umringni egovlar o’tgan yil, kun, oy.
4801. Sharafdan bosh ko’kka yetsa-da asti,
Kirib yotar joying qora yer osti.
4802. Kim tug’ilgach, umrini zoe etar,
Mol kabidir, o’zini o’tga otar.
4803. Sog’ bo’lib umrin bekor o’tkazsa yosh,
Bu behuda, fayzsiz umr, qarindosh.
4804. Mening tashvishimni qilma, qarindosh,
O’z g’amingni yegin, to’kib marjon yosh.
4805. Bu dunyo ishlari pishiq tuzoqdir,
Tushsang mahkam tutar, undan uzoq yur.
4806. Kelgan davlat bugun ra’yingcha yurar,
Unga ko’p ishonma, darrov yuz burar.
4807. O’limdan g’ofil bo’lma, bilma yiroq,
Kelar pistirmadan chiqqandek nogoh.
4808. Talay g’ofillarni bosmishdir o’lim,
Talay jamul-jamni sochmishdir o’lim.
4809. Dili uyg’oq nima deydi tinglagin,
O’limdan g’ofillik ? kulfat, anglagin.
4810. O’lim tus-tus qildi qancha yig’inni,
Uni o’ylab, bosolmasman yig’imni.
4811. Manman deb kekkayish erur chikora,
Lashkar, yarog’ jonga kirmaydi ora.
4812. G’ofil bo’lma, hayot bilinmay o’tar,
O’tgan har bir lahza qaytmasdan ketar.
4813. Huzurga aldanma, umr zoe bo’lar,
Odamga ishonma, bevafo bo’lar.
4814. Buyukman deganlarni tuudi o’lim,
Ulug’man deganlarni yutdi o’lim.
4815. Shahar, qishloqlarni vayron etdi u,
Ko’p qasr, saroylarni yakson etdi u,
4816. Qancha odam o’ldi, ketdi yer yutib,
Yotar ular yo’limizga ko’z tutib.
4817. Ko’zing ochib ularga nazar solgin,
Mumkinmi begni quldan ajratolging.
4818. Ulug’lik o’limga hech kor qilmadi,
O’limdan qochishga kechuv bo’lmadi.
4819. Olib ketdi nabi zotlarni o’lim,
Bormi unga qarshi yarog’, davo, em?
4820. Bu jafokor dunyoga sira ishonch yo’q,
U bevafo, xulqi – zulm, fe’li sovuq.
4821. Qanday o’tkazsang-da, o’tadi kuning,
Yaxshi-yomon, egri-tuz, bitar kuning.
4822. To’qlikda ham ochlikda birdek kechar
O’lim na beg, boyu qo’lni farq etar.
4823. Na rohat, zahmati uzoqqa bormas,
Muncha shovqin-suron kimga kerak, bas.
4824. Ilmi teran olim xo’p yaxshi aytmish,
Fe’l-atvori ko’ngli ayni mos kelmish:
4825. Bir oz baxtdan inson unitar o’zin,
Yashil ko’kdan baland yuritar so’zin.
4826. Gerdaygan shuhratli botirlarni ko’r,
O’lim ko’ksin yanchib, ayladi so’qir.
4827. Bu erur senga chin sadoqatligim,
Fikrim bayon etdim, sahovatligim.
4828. Bu holni bilib kim, anglab yetsa chin,
Bu dunyoga mehr qo’yib, bo’lmaydi yaqin.
4829. Yoshlik o’tdi-ketdi, ulg’aydi yoshim,
Ifor (1) ketdi kofur (2) yopindi boshim.
4830. Bundan buyon, odamlarning yaxshisi,
O’limga hozirlik ko’rmoq yaxshisi.
4831. Sevinch ketdi, tutdi o’lim qayg’usi,
O’limdan so’ng holim nechuk bo’lg’uvsi?
4832. Fikri-yodim shu tashvish-la bo’lmish band,
Nechuk o’zim begga etgum zanjirband?
4833. Eligga mendan biron foyda tegmas,
Naf keltirsin desa-da, foyda bo’lmas.
4834. Bu dunyoni ko’zlab chorlasa meni,
Ko’ngli to’lib, keldi deb bilsin meni.
4835. Inson bolasini qudratli Bayot,
Ikki ishga yaratdi va qo’ydi ot.
4836. Do’zox va jannatda beg qilmoq uchun,
Dunyoda xor va aziz qilmoq uchun.
4837. Azizlik istasang u ko’rsatgay yo’l,
Xorlikning yo’lin ham aniq qildi ul.
4838. Bandalikni bajo etmoq kerakdir,
Tavfiq haqin ado etmoq kerakdir.
4839. Agar tavfiq topsa Xudodan quli,
Barcha yaxshilikka ochilgay yo’li.
4840. Shukriga erta-kech ibodat qilgay,
Minglab yaxshilik eshigi ochilgay.
4841. Shulardan iborat mening bilmishim,
Borin bayon etdim, ey qarindoshim.
4842. Sizlarga foydali so’zlarim kerak,
Mendan so’zlarim ko’p ezgurak.
4843. Oxirat istasang, yo’rig’i shu, bil,
Dunyo istasang o’z bilganing maaqbul.
4844. Kelavergay davron, kelavergay qut,
Neni orzu qilsang bo’lavergay but.
4845. Ne ishim bor mening yaxshi degudek,
Sizlarga biron foyda keltirgudek.
4846. Qo’yib bersin mani elig Tangriga,
Duogo’y bo’layin uning haqiga.
4847. Gar bilim istasang, shudir bilganim,
Borib xonga yetkaz nima deganim.
4848. Unga amal qiling, ishoning qattiq,
Ishonch bo’lmasa, sshng alami achchiq.
4849. Ilmi daryo aytmish juda yaxshi so’z,
Kimki amal qilsa, yorug’ bo’lgay yuz.
4850. Bugun so’zim senga yolg’on tuyular,
Qiyomatda rostligi ayon bo’lar.
4851. G’ofil bo’lma, so’zlarimga amal qil,
Gar amal qilmasang ofat kelgay, bil.
4852. Eligdan uzr so’ra nomimdan albat,
Chorasi ne bo’lsa, qilgin sen albat.
4853. Aro yo’lda zahmat chekding juda ham,
Baxting kulsin, ajrini bersin Egam.
4854. Gaplarim ko’nglingga og’ir botmasin,
Mehring uzib, meni chetga otma sen.
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI
4855. Javoban o’gdulmish ochdi o’z dilin,
Endi anglab yetdim haqiqat yo’lin.
4856. Mag’zin chaqib, quloq soldim so’zingga,
To’g’ri topib, ibrat oldim o’zimga.
4857. To’g’ri aytding, g’aqiqat asli shuldir,
Bundan boshqasi butkul xato yo’ldir.
4858. Seniki chin, meniki hazil – o’yin,
Hazil bas, men chinga egaman bo’yin.
4859. Men ketay, yaxshi qol, iqboli kulgan,
Ikkala dunyosi xo’p obod bo’lgan.
4860. Senga kuchu tavfiq bersin Xudoyim,
Ranjimay duoda yod etgin doim.
4861. Mening haqimga ham duo qilgin chin,
Najot berib Egam dilimni ochsin.
4862. So’zini tugatib, o’rnidan turdi,
Xayrlashdi so’zsiz, tashqari yurdi.
4863. Otini yo’rttirib, keldi uyiga,
To’shakka yonboshlab, g’arq bo’ldi uyga.
4864. Yedi, ichdi, yana hayolga toldi,
Eshitgan, bilganin pishig’lab oldi.
4865. Qora niqob tutdi yuziga quyosh,
Qoraga burkandi zamin, tog’u tosh.
4866. Rumiy qizi sochin yoydi yuziga,
Olam kirdi qora sochning tusiga.
4867. Zanggi tusin oldi zangori olam,
Qushlar qo’ndi, tindi barcha tirik jon.
4868. Xufton namozini u ado etdi,
Fikrlarini yana sarhisob etdi.
4869. Ozroq uxlab ko’kka tikdi ko’zini,
Ko’rdi pastlagan Mirrix yulduzi.
4870. Yana ko’rdi boshi og’gan Hulkar ham,
Sharq tomonda nur sochadi Aqrab ham.
4871. Ko’kka boqib yotdi, uyqu kelmadi,
Tunqotar kishidek ko’zin yummadi.
4872. Xayol surib yotdi o’rinda uyg’oq,
Ko’k yorishib, sochildi oppoq bo’yoq.
4873. Anbar taralgandek qoraydi osmon,
Quyosh nurlaridan sochildi marjon.
4874. Quyosh yuzin ochdi, o’rladi tug’i,
Olamni yashnatib, balqidi tug’i.
4875. G’usl qildi o’gdulmish, ruhin pokladi,
Nomoz o’qib, o’z haqini oqladi.
4876. Qizil qalqon quyosh nurini sochdi,
O’gdulmish saroyning eshigin ochdi.
4877. Elig bilib kelganini berdi yo’l,
U kirib, eligga qovushtirdi qo’l.
4878. O’ltir, deya elig unga im qoqdi,
Tavoze-la O’gdulmish yerga boqdi.
ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI
4879. Bir oz sukut qilgach, so’radi hoqon,
Nima gap, bayon et, xulqi bir jahon.
4880. Qarindosh ne dedi, ne bo’ldi ishing?
Murodga yetdingmi, kelgaymi eshing?
O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI
4881. O’gdulmish javob berib aytdi so’zin,
Nima gap bo’lgan ersa, aynan o’zin.
4882. Ikkavlon tortishib, aytishganini,
Yaxshi-yomon gaplar deyishganini.
4883. O’yga toldi elig, dili g’ashlandi,
Nadomatlar chekdi, ko’zi yoshlandi.
ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI
4884. Aytdi: Qarindoshing to’g’ri so’zlamish,
Rad etib bo’lmas haqiqatni demish.
4885. Bugun o’zimizni qiynab, zo’rlaymiz,
Unga ham zulm qilmb, qattiq xo’rlaymiz.
4886. Bu dunyo o’tkinchi, boqiy qolmasmiz,
Qancha umr qoldi, aslo bilmasmiz.
4887. Boqiy dunyo kelar shubhasiz bir kun,
Halovat yo mashaqqat ? umrga yakun.
4888. Baxtga erishsa kim, halovat shudir,
Qadri baland, do’stlari yaxshi erur.
4889. U g’aflatdan uyg’ongan allaqachon,
Ming chorlasak kelmas ekan hech qachon.
4890. Biz mudom hoyu-havas tutqunimiz,
Behuda o’tar-ketar har kunimiz.
4891. Ko’ngli hushyor kishi ne deydi tingla,
Senga pand-nasihat so’zlaydi angla:
4892. Baloyi nafs dushman, agar topsa kuch,
Sendan olajak u ikki hissa o’ch.
4893. Baloyi nafs tirilsa, o’ladi ko’ngil,
Ko’ngil o’lsa, toat qolar, ey o’g’il.
4894. Ko’nglimiz o’lgandir, holimizga boq,
Baloyi nafs bo’yni kattaydi evoh.
4895. Ulug’lik, buyuklik, davlat soati,
Uzoq turmas, bu zamoning odati.
4896. Dunyo rohati kam, mashaqqati ko’p,
Bosh og’rig’i, qarg’ish, so’kishlari ko’p.
4897. Behad yaxshi aytmish bilimdon kishi,
Sinab bu jahonni yetilgan kishi:
4898. Ulug’likka mag’rur bo’lma sen ortiq,
Ulug’lik turgan-bitgani bosh og’riq.
4899. Shodlik qayda bo’lsa, balo shundadir,
Rohat qayda bo’lsa, zahmat shundadir.
ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI
4900. Ey O’gdulmishim, deya so’z qotdi xon,
Chorlashdan maqsadim o’zingga ayon.
4901. Meni yo’llasa u yaxshilik tomon,
Qulfi-dilim ochilgay, derdim bilimdon.
4902. Sira ko’nmaydi u bu yon kelgani,
Yoru do’st, qarindosh yuzin ko’rgani.
4903. O’ylab ko’rsang barcha gaplari to’g’ri,
Uni yana zo’rlash bo’lmaydi to’g’ri.
4904. Zahmat chekib, oro yo’lda ko’p yurding,
Uni da’vat qilib, yelib-yugurding.
4905. Kutaylik, ko’raylik, sohibi karam,
Ne bo’lgay oqibat, bu ko’hna olam.
4906. Bo’lajak ish qorong’u tundek qora,
Yorug’ kun yoritgay uni, ey jo’ra.
4907. Otishga shay turar zamona yoyi,
Goh foyda keltirar, goh zarar yoki.
4908. Barcha ishni topshir Xudo hukmiga,
Vaqti kelsa bitar, tushar izmiga.
4909. Qay ishdan natija chiqmasa, shoshma,
Hozircha qo’ya tur, ey dono shoshma.
4910. Bu dunyo tarzi shu, ergashsang qochar,
Tashlab qo’ysang oxir o’zi yo’l ochar.
4911. Bir muddat kutaylik, sinaylik uni,
Ne bo’lgay oqibat zamona kuni.
4912. Qaqti kelib izlar bizni ehtimol,
O’ylab ko’rsa, o’zgarar butun ahvol.
4913. Shu bilan elig ham so’zin tugatdi,
O’gdulmish ham turib, uyiga ketdi.
4914. Oradan talay kun o’tdi sezdirmay,
Elig oqibatin o’ylardi tinmay.
OLTMISH OLTINCHI BOB
ELIGNING O’DG’URMISHNI UCHINCHI MARTA
DA’VAT ETGANI BAYONI
4915. Lozimdur bir ishni qilmog’im debon,
Chaqirtirdi O’gdulmishni bir kun xon.
4916. Chaqirsam qarindoshing bu yon kelmas,
Orzuga yetmaguncha ko’ngil tinmas.
4917. Endi bu fikrdan voz kechdim tamom,
Bo’lakcha yo’l tutgum endi batamom.
4918. Shunday bo’ldi endi qarorim mening,
O’zim borib ko’ray yuzini uning.
4919. Men boray huzuriga yo u kelsin,
Bu ishni albatta ziyorat bilsin.
4920. Kelib menga pand-nasihat qilsin u,
Yana o’z ishi-la mashg’ul bo’lsin u.
4921. Menga foyda tegsin, unga yo’q zarar,
Poklangay dil gard-g’ubordan alhazar.
O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI
4922. O’rinli fikrdir, baxtiyor hoqon,
Deya ma’qulladi O’gdulmish shu on.
4923. Bu ishga kirishay istasa elig,
Unga sarf etayin bor uquv, bilig.
4924. Bu gapni batafsil yetkazay unga,
Sen borma, men uni keltiray bunga.
4925. Elig bitsin unga yana bir noma,
Ishongli hujjatdir bu da’vatnoma.
ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI
4926. Hatning ne hojati bor, dedi elig,
Axir sening o’zing ishonchli bitik.
4927. Xat berilar ishonmagan odamga,
Sendan ishonchliroq kim bor olamda.
4928. Yag’mo begin gapin eshit, purma’no,
Har bir ishga aqli yetgan u dono:
4929. Elchiga ishonilsa, xat ne kerak?
Ishonch bo’lsa, buncha tadbir ne kerak?
4930. Fikringni ayt, gaplarimga quloq sol,
Ortiqcha tashvishni endi qo’ya qol.
4931. Malol keladigan mushkul ish emas,
Undan cho’chib, yiroq qochgulik emas.
4932. Bu narsaga maktub, tadbir ne darkor,
O’zing ishonchnoma, maktubsan, sarkor.
4933. Birrov uchrashsinu iziga qaytsin,
Zo’rlab ushlamayman, erkindir, aytgin.
4934. Ehtiyojim uchun yuborgum seni,
Yaxshilik-la chorla, zo’rlama uni.
4935. Bu yerga kelmasa, o’zim borayin,
Bir bor ko’rayinu darrov yonayin.
O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI
4936. O’gdulmish aytdiki: Orzu ushalgay,
Haqning o’zi agar madadkor bo’lgay.
4937. Seni orzuyingga yetkazmoq uchun,
Sidqidildan sarf aylagum bor kuchim.
4938. Eligning tan-joni sog’-omon bo’lsin,
Orzularini Egam bajo qilsin.
4939. U chiqib uyiga tomon yo’l oldi,
Arg’umoqdan tushib, damini oldi.
4940. Quyosh yuzi o’zgarib, sariq bo’ldi,
Butun olam tilla ranggiga to’ldi.
4941. Quyosh tortdi yuziga sariq za’rafon,
Maynaning rangiga burkandi jahon.
4942. Ma’shuqalar qoshidek bo’ldi osmon,
Habash tusiga kirdi butunlay jahon.
4943. Yeb, ichib yuvindi, o’qidi namoz,
O’ringa cho’zilib, mizg’idi bir oz.
4944. Sariq bulbul navo qilib sayradi,
Cho’chib uyg’ondi u, ko’ngli yayradi.
4945. Quloq solib yotdi bulbul xonishiga,
Hayron bo’lib Haq mo’jiza ishiga.
4946. Uyqisi qochdi, behad cho’zildi tun,
Betoqat bo’lib kutdi yorishin kun.
4947. Qora ko’ylagini shart yirtdi osmon,
Quyosh yuzin ochib, yorishdi osmon.
4948. Ko’kka o’rlab, kulib boqdi kun yuzi,
Yashradi olamning qir-adir, tuzi.
4949. Tahorat olib u ibodat qildi,
Yaxshiliklar tilab, iltijo qildi.
4950. Xushhol yo’lga tushdi otini minib,
Ko’ngliga turfa xil shodliklar inib.
4951. Yaqin kelgach, darrov tushdi u otdan,
Asta yaqinlashdi uyga odatan.
4952. Eshikni qoqdi u sekin qo’l bilan,
Qarindosh turib chiqdi tezlik bilan.
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA SAVOLI
4953. O’gdulmishni ko’rgach, hayrati oshdi,
Dedi: Bu ishing ko’p haddidan oshdi.
4954. Aytgin meni muncha qiynaysan nega?
Muncha yopishmasang qast qilib menga?
4955. Mayli kir, qikringni tezroq ayta qol,
Nega kelganingni aytib, qayta qol.
4956. Ikkavlon uyga kirdi ohista yurib,
Zohid kutib oldi qovo0in uyub.
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI
4957. O’gdulmish aytdiki: So’zimni tingla,
Qovoq uyma, avval maqsadim angla.
4958. Aytgan gaplaringni tugal, benuqson,
Mehribon eligga ayladim bayon.
4959. Elig so’zlarimga jim quloq soldi,
Javobing eshitgach, o’ylanib qoldi.
4960. Seni o’z maylingga qo’yib endi u,
Boshqa bir narsani u qildi orzu.
4961. Vositachi qilib yubordi shunga,
Ey botir, malomat qilmagin menga.
4962. Har bir narsaning bor cheki, fursati,
Ey dono, o’tkazma ishning fursatin.
4963. Zakovatli tili ne deydi tingla,
Bu so’z har narsaning asosi angla:
4964. Har ishning fursatin o’tkazib qo’yma,
Fursatni boy bersang, umidvor bo’lma.
4965. Har narsaning tenggi, o’xshashi bordir,
Hamma o’z tengi-la eson omondir.
4966. Avvalgi istagini bayon etdi u,
Bir bor ziyorating qiladi orzu.
4967. Huzuriga borgin yo bu yon kelsin,
Ey bag’ri keng, elig seni bir ko’rsin.
4968. Bundan zarar ko’rmassan, ey qarindosh,
Menga ishonaver, ayo bag’ri tosh.
4969. Elig juda ham yaxshi sulton erur,
Yaxshi-yomon, yo’qsilga g’amxo’r erur.
O’DG’URMISHNING O’GDULMISHGA JAVOBI
4970. Javob berib shunday dedi o’dg’urmish:
Bu gaplar aqlga ancha to’g’ri kelmish.
4971. Musulmonni bilki musulmon qardosh,
Ziyorat qilar albat, ey bag’irtosh.
4972. Bu so’zga tan berib, egaman bo’yin,
Ziyorat qilaman men uni bu kun.
4973. Men avval boriadim, sababi ayon,
Mendan o’z nafini ko’zlar edi xon.
4974. Niyatidan qaytib topdi to’g’ri yo’l,
Taklifga roziman, bu yo’li maqbul.
4975. Men saroyga borgum, elig kelmasin,
Men zahmat chekayin, elig chekmasin.
4976. Elig xalqning begi, el-yurtda ulug’,
Hurmat lozim unga va hamda qulluq.
4977. To’g’ri yo’riq tuzar, haq bo’lgay so’zi,
Quritgay yurtidan yomonlar izin.
4978. Ne der eshit, bilimi dengiz kishi,
Oqil, dono, himmati tengsiz kishi:
4979. Raiyatga vojib elig yorlig’i,
Qadr etsin uni yurtning borlig’i.
4980. Hurmat lozim beg o’zi, so’ziga ham,
Kumushga olingan hindu bo’lsa ham.
4981. Hurmat qilgum endi uning yorlig’in,
Ziyoratga borgum va bo’lgum yaqin.
4982. Qarindoshim, sen darrov izingga qayt,
Bu qarorimni borib eligga ayt.
4983. Yuzga qora parda tortganda jahon,
Men borayin, xoli bo’lsin ul makon.
4984. Kunduz ko’rsa, g’iybat qilishar meni,
Meni so’zlab, o’tga tashlar o’zini.
4985. Izingga qaytginu uyingda kutgin,
Huzur-halovatni bugun unutgin.
4986. Avval senikiga borib tushayin,
Ne qilmoq kerakligin kengashayin.
O’GDULMISHNING O’DG’URMISHGA JAVOBI
4987. O’gdulmish quvonib ayladi javob,
Dedi: Bu ishing to’g’ri hamda savob.
4988. Elig huzuriga shoshilay darhol,
Bu gapni yetkazib, etayin xushhol.
4989. Seni kutgum, so’z ustidan chiq albat,
Aytilgan vaqtda yetib bor albat.
4990. Bu fikrga to’xtam qildi ikkovlon,
Xayrlashdi ular bo’lib shodumon.
4991. Qayta ta’kidladi: Vadangni buzma,
Bekorga jigarlik rishtasin uzma.
4992. Quyosh ufqqa yuzin yashirgan zamon,
Yuzga ko’mir rangin tortganda jahon.
4993. Yo’lingga ko’z tikib, kutib o’ltirgum,
Neki lozim bo’lsa, muhayyo etgum.
4994. Otini choptirib, saroyga keldi,
Ruxsat olib, xon huzuriga kirdi.
4995. Eshitgan, bilganin bayon etdi u,
Xushxabar-la begin shodon etdi u.
ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI
4996. Dedi: Bu ish har jihatdan xo’p erur,
Agar aytgan so’zi chindan rost erur.
4997. Elig yana aytdi: U qachon kelar?
U bilan qaerda ko’rishsak bo’lar?
O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI
4998. Javobin O’gdulmish aytdi: Uningcha,
Cho’kkani yaxshidir qorong’i kecha.
4999. Albat kelaman deb berdi chin so’zin,
Qachon chaqirtirsang boradi o’zi.
ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI
5000. Elig aytdi: Zahmat chekib ko’p chopding,
Unga loyiq Haqdan ajringni topgin.
5001. Dardimning davosi shu edi faqat,
Mujdang bilan ko’nglim shod etding behad.
5002. Uyingga kelsa, tez xabar ber menga,
Takliq uchun odam yuborgum senga.
5003. U bilan kelinglar tez bu yon yurib,
Ziyorat qilayin yuzini ko’rib.
5004. Bunga mos keladi bir dono so’zi,
Ne demoqchi uqqin aslida o’zi:
5005. Inson ko’ngli doim ezgulik istar,
Uning umidi-la o’zin ovutar.
5006. Agar tilagiga tugal yetsa u,
Ko’ngli tog’dek o’sar, ushalar orzu.
5007. Xo’p deya o’gdulmish qaytdi uyiga,
Ko’zin tikdi qarindoshin yo’liga.
5008. Ufqqa bosh qo’yib, yuzin yashirdi kun,
Qora g’ubor dunyoni tutti butun.
5009. Tul to’nin kiydi jahon, qovoq soldi,
Ko’k shayton yuzidek qorayib qoldi.
5010. G’imirlagan jonning yumildi ko’zi,
Bosildi sas – ovoz, tiriklar so’zi.
—————-
1. Ifor — qora rang
2. Kofur — oq