Yasusi Inoue (Yasushi Inoue). Jilvagar to’ticha. Hikoya


       Ясуси Иноуэ ҳарбий шифокор оиласида таваллуд топган бўлиб, олти ёшидан сўнг Сидзуок вилоятида истиқомат қилувчи бувиси қўлида тарбия топган. Вояга етгач, Канадзав шаҳрига кўчиб келган ва шу ерда ижод билан жиддий шуғулланган. У Кюсю ва Киото университетларида таҳсил олган. Кейинги йилларда унинг асарлари, айниқса оммалашиб кетган. 1949 йилда Рюноскэ Акутагава номидаги мукофотга, 1976 йилда «Миллатимиз фахри» нуфузли мукофотига сазовор бўлган. 1964 йилда у Япония Санъат Академиясининг аъзолигига сайланган. 1984 йилда «ПЭН-Клуб»нинг япон бўлими раҳбари Ясунари Кавабатадан сўнг президентлик лавозимини эгаллаган.

Ясуси Иноуэ ( Ясуши Иноуэ )
ЖИЛВАГАР ТЎТИЧА
Ҳикоя

      Боғим чоққина бўлса-да, куз келиши билан бу ерга ҳар хил қушлар учиб келишади. Шу яқин атрофда отчопарга туташ боғ ҳам бор, қушлар ана ўша ерда тўпланишади ва гоҳ у ранглиси бўладими, гоҳ бу ранглисими, йўл- йўлакай менинг боғимга учиб келаверишади. Баъзи қушлар эҳтимол ўша боғнинг ўзида яшашар ва кўнгилларини хушлаш учун менинг боғимга таш- риф буюришарди. Улар нафақат менинг боғимда бўлишарди, балки қўшни ҳовлиларга ҳам келиб туришарди. Қаерда лоақал бир тутам яшил майсами, бир-иккита дарахтми бўлса бўлгани, ўша ерда қушлар ҳозиру нозир эди. Биз истиқомат қилаётган даҳанинг ажойиблиги ҳам шунда — Сэтага туманига қарашли бўлган бу ўртача даромадга эга даҳанинг бошқа ҳеч бир эътиборга арзирли жойи йўқ, десам ёлғон бўлмас.
Шу йил баҳорда боғимдаги чуғурчуқ уяларидан бирини читтак эгаллаб олди ва бу ерда ўз палапонлари билан нақ кузгача яшади. Уч жуфт муси- ча-кидзибато теварак-атрофда тинмай айланиб учиб юрарди — эҳтимол, улар менинг ё бўлмаса ҳамсоямнинг дарахтига ин қўйишгандир. Баъзан йигирмата-ўттизта улкан чуғурчиқлар тўдаси учиб келарди: улар майсалар устига бемалол жойлашиб оларди-да, оз-моз чўқигандек бўларди ва яна шу заҳоти қий-чув кўтарганча кўздан ғойиб бўларди. Бу ерга ҳатто каптарлар ҳам учиб келарди, мана бу иккита жуфтга бир қаранг, улар гўё ўтлоқни со- тиб олгандек ҳеч нимага парво қилмай, жойларидан жилмай ўтираверарди. Уларни кузатиб юрган катта ўғлим, бундай ҳолатда қушлар мудраётган бўлади, деб қолди.
Чумчуқлар, ҳаккалар ва чуғурчиқлар гала-гала бўлиб учиб келарди- да, бутун яйловга ёйилиб тарқалиб, биргаликда чувалчангларга ҳужум бошлардилар. Қизининг айтишича ҳаккалар сержаҳл ва ёвуз бўлармиш, улар баъзан чумчуқ ва чуғурчиқлар олдига пусиб келиб, уларга ташланиб қолармиш. Эҳтимол, ҳаккаларнинг кўзлари ўткирдир, бошқа қушлар қаерда қорин тўйғизишларини улар аниқ-тиниқ кўриб турарлар.
Шу йилнинг кузи — октябрь ойининг бошларида айвондаги ўз хизмат хонамда чой ичиб ўтирардим. Бирдан боғимда нимадир рўй берди…
Буни қаранг! Йигирматача чумчуқ орасида мутлақо уларга ўхшамайдиган қандайдир яшил қушчага кўзим тушиб қолса бўладими. Бу жилвагар тўтичанинг худди ўзгинаси эди. Билишимча, бундай тўтичанинг ёввойиси бўлмасди, демак, қушча кимнингдир уйида яшаган ва у ердан учиб кетган.
Мен боққа тушдим. Чумчуқлар галаси бирдан пир этиб учиб кетди. Тўтича бир оз улгурмай қолди, лекин хийла бесўнақайлик билан бўлса-да, барибир парвоз қилди ва ҳамма қушлар кўчанинг нариги юзидаги сердарахт бошқа боққа беркинишди.
Ўша куни худди шу чумчуқлар галаси яна учиб келди. Бу айнан ўша тўданинг ўзи — чунки анави сабзаранг қушча ҳам улар орасида эди. Бироқ бу сафар мен боққа тушиб ўтирмадим. Ҳа, чиндан ҳам, бу қушча чумчуқларга ўхшамасди. Унинг ранги ҳам, кўриниши ҳам бутунлай бўлакча эди. Шунда чумчуқлар нимадандир чўчиди ва гур этиб учиб кетди. Кетидан тўтича ҳам  парвоз қилди. Фақат қушча чумчуқлар каби моҳир парвозчи эмасди. Чунки у бўшангқираб ва бесўнақай ҳаракат қиларди. Шундай бўлса-да, барибир у гала изидан қолмай, қўшни уйнинг томида уларга етиб оларди ва ҳаммалари биргаликда кунботар томонга йўл олишарди. Ўшанда хотинимга:
— Чумчуқлар анави томнинг тепасида тўтича келгунча кутиб туришди. Сабзаранг қушча уларга етиб олгандан кейин ҳаммалари биргаликда парвоз қилишди, — дедим мен.
— Сиз шундай деб ўйлайсизми? — деди хотиним.
— Бўлмасам-чи. Улар, гарчи чумчуқ бўлса-да, қисматини қушлар галаси билан боғлаганни ҳеч қачон ташлаб кетмайдилар. Ана шу садоқат уларни одамлардан ажратиб туради. Чумчуқлар — беозор жонивор, жилвагар тўтича ҳам улардан қолишмайди. Тўғри, унинг патлари сал бошқачароқ, хўш, бошқача бўлса нима бўпти? Бу пат деганлари фақат мана шу ўткинчи ҳаётдагина асқотади, холос, ҳаёт эса жуда қисқа. Майли, энди у қолган умрини биз чумчуқлар билан баҳам кўраверсин десалар керак-да, — дедим мен.
Ўша куни оқшом уйда учта меҳмонимиз бор эди. Кечки овқат пайти мен ўша жилвагар тўтича ҳақида уларга сўзлаб бердим. Сўнгги пайтлар одамлар орасида қабиҳликлар авж олиб боряпти, биронта ёқимли гап қулоққа чалинмай қолди, лекин қушлар дунёсида аҳвол бошқача, у ерда кўнглингга таскин берадиган воқеалар содир бўляпти: тўтича чумчуқлар галасига кўникиб кетди,энди у ўша олам қонунлари билан яшайди. Тўтичамиз — ажойиб, уни жон-жон деб ўз бағрига олган чумчуқлар ундан ҳам ажойиб.
Меҳмонларимиз ортиқча эҳтиросга берилмай: «Йўғ-э! Наҳотки! Бўлиши мумкин эмас! Бу ахир жуда қизиқ-ку!» — дея сал ажабсиндилар. Ҳикоям меҳмонларни унчалик қойил қолдирмаганига амин бўлдим, тўғриси бундай бўлади деб сира кутмовдим.
— Кўрганларингиз балки сиз ўйлагандан сал бошқачароқдир. Нима бўлганда ҳам тўти тўти-да, у асло чумчуқ бўлолмайди, чумчуқ ўз оти билан чумчуқ, улар ҳеч қачон бирга яшамайди. Эҳтимол, аллақачон бир-бирини унутиб ҳам юборгандир ва ҳозир бошқа-бошқа жойларда истиқомат қилишар, — деди меҳмонлардан бири. Улардан роса хафа бўлдим. Садқайи одам кетинглар-е! — демоқчи бўлдим-у, тилимни зўрға тийдим.

* * *

Орадан тахминан ярим ойча вақт ўтди, мен сайр қилгани боққа кирдим ва чумчуқлар галаси ичида юрган яна ўша жилвагар тўтичага кўзим тушди. Мен отчопардаги ўриндиқлардан бирида ўтирардим. Лекин у ерга пойга учун бормагандим. Пойга вақтида иложи борича бу ерлардан ўзимни узоқроқда тутишга ҳаракат қилардим, бироқ ўша куни биронта от пойгага чиқмаганди,

ўриндиқлар бўшаб ётар, мен куз офтобига ўзимни солиб, эрмакка газета мутолаа қилгани у ерга боргандим. Бирдан:
— Вой, анави жилвагар тўтичани қаранг! — деган сўзлар қулоғимга чалин- ди. Бу мендан ўн беш қадамча нарида иш тўқиб ўтирган ўттиз ёшлардаги аёлнинг ҳаяжонли овози эди. Чиндан ҳам ўриндиқ зинапоясини чумчуқлар галаси эгаллаб олган, анави сабзаранг ёлғиз тўтича ҳам уларнинг орасида уймалашиб юрарди.
— Бу ростдан ҳам тўтича-ку, — шунга ўхшаш яна бир товуш қулоғимга чалинди. Овоз эгаси юқори қатордан тушиб келди. Бу эгнига шим ва свитер кийиб олган элликлар атрофидаги эркак бўлиб, негадир у кўзимга иссиқ кўринди. Афтидан, боғда сайр қилишга ишқивозлардан бўлса керак. Доим ўзи билан мўъжазгина радиоприёмник олиб юрарди. Аёл, эркак ва мен — ҳаммамиз бир-биримизга яқин келдик ва чумчуқларни биргаликда кузата бошладик.
— Бир ой аввал бу тўтичани ўзимизнинг боғда кўргандим, — дедим мен.
— Ўшанда ҳам тўтича чумчуқлар орасида эди.
— Йўғ-э! Наҳотки? — Эркак қизиқиб қолди-да, галага яна ҳам диққат билан разм сола бошлади. Аёл эса:
— Қани энди уни ушлашнинг иложи бўлса. Зап ноёб қуш эканми? — деди суқ билан.
Шунда чумчуқлар бирдан пир этиб учиб кетишди, тўтича боёқиш эса ҳар доимгидек ҳавога аранг кўтарилди ва гала изидан қанот қоқиб кетди.
— Бу қушлар жудаям зийрак жонивор-да, — дедим мен аёлдан жаҳлим чиқиб.

* * *

Ўшандан буён сайрга чиққанимдагина эмас, бошқа пайтда ҳам чумчуқлар галасига кўзим тушса бўлгани, ҳар сафар тўтичани кўриб қолиш илинжида тўхтардим. Бироқ жилвагар тўтичани кўриш менга бошқа насиб этмади.
Уйдалигимда ҳам боққа чумчуқлар учиб келишса, ўтирган жойимдан сакраб турардим-да, уни излай бошлардим, лекин афсус…
Қиш ҳам эшик қоқмоқда, тўтича ҳам аста-секин эсимдан чиқа бошлади. Фақат аҳён-аҳёндагина бир эсимга тушиб қолганида, чумчуқлар орасида унинг аҳволи не кечди экан, деб кўнглимдан ўтказиб қўярдим, холос. Бу менга нимаси биландир ахлоқсиз қизи уйдан қочиб кетган шўрлик отани эслатиб юборарди.
Ноябрь ойининг қуёшли кунларидан бирида, мен боғ ёпилишидан сал олдин, аниқроғи, соат тўрт бўлмасдан у ерга етиб бордим. Модомики, сайр қилишдан мосуво эканман, жилла қурса одатга айланиб улгурган кундалик вазифамни бажаришга киришиб, боғдан шоша-пиша кетиб борардим. Ўрмондаги яланғоч қолган поялар орасидан ботаётган қизғиш қуёш ялт этиб кўзга ташланарди.
Дарахтзордан чиқаётиб, мўъжазгина радиоприёмник кўтариб олган эркакка урилиб кетдим. Бу ўша, отчопардаги ўриндиқда бир-икки оғиз суҳбатлашишга тўғри келган ҳалиги эркак эди.
— Анави жилвагар тўтичани яна кўриб қолдим, — деди у. Янглишмасам, унга мана шу йўлакда кўзим тушди. Чумчуқлар бу сафар аввалгидан ҳам кўпроқ эди. Санасангиз, бемалол ўттизтача чиқарди. Улар орасидаги анави сабзаранг қуш, тўдадагилар қандай бўлса, ўшаларга тортиб кетганди. Кўриб кўзларимга ишонмадим. Биласизми, менимча, у ўзининг тўти эканини ҳам  унутиб қўйган. Чамамда, у ўзини чумчуқ деб ўйлайди. — Наҳотки? — Мен нима дейишни ҳам билмай қолдим. Биз ёнма-ён борардик. Боғ ёпилай деб қолганди.
— Ҳар ҳолда, ўзининг чумчуқлардан фарқ қилишини билса керак?
— Йўғ-э, менимча, у буни билмайди. Лекин чумчуқлар орасида қандайдир битта ранг-баранг бошқачароғи юрганини, унинг ҳам ўзлари каби қуш то- ифасидан эканини кўраётган бўлишса, эҳтимол, кейин…
— Чумчуқлар-ку билишар, бироқ тўтича…
— Менимча, бу сабзаранг қушча ўзининг бошқаларга ўхшамаслигини фаҳмлаганида эди, чумчуқлар билан қолиб кетмаган бўларди. Буни англашга тўти ожизлик қиляпти. Ҳамма бало мана шунда.
Шунда эркак бирдан кулиб юборди, юзидаги ажинлар икки баравар кўпайди.
— Ҳасрат дафтаримни очганим учун мени маъзур тутинг, бироқ гап шундаки, менинг ҳам қисматим тўтиникидан қолишмайди. Мен ҳам бошқаларга ўхшамаслигимни фаҳмлашга ожизлик қилиб, бир умр чумчуқлар орасида яшаб келдим. Бу йил ёшим бир жойга борганда ишдан кетдим. Насиб этса, келаси баҳор янги ишга жойлашмоқчиман, аввалги ишимда тўтидан фарқим қолмаганди.
— …
— Мен савдо-сотиқ ишини эплолмайман, бунга уқувим йўқ, лекин аҳмоқлигимга бориб, савдо ишлари билан шуғулланувчи бир ширкатга ишга жойлашиб қўйдим-да, синов муддатини ўтагунимча тишимни тишимга қўйиб ишладим. Мана буни, мен сизга айтсам, ҳақиқий фожиа деса бўлади. Тўғри, мен ҳалол тер тўкиб ишладим, ширкат ҳам мендан домангир бўлмади ва синов муддати тугагунча мени ушлаб турди. Худди чумчуқлар галасига ўхшаб.
Боғдан чиқишимиз билан кетимиздан дарвозанинг панжарасимон темир тавақасига қулф урилди. Биз яна беш дақиқача суҳбатлашиб, сўнг хайрлашдик.

* * *

Отчопардаги ўриндиқда ўтириб олиб, иш тўқиш билан машғул бўлган аёлни ўшандан кейин декабрь ойидагина учратиб қолдим. Боғдан чиқаётиб, дарвоза олдида унга урилиб кетишимга сал қолди.
— О… — Биз бир-биримиз билан бош эгиб саломлашдик, у мени дарров танимади, лекин бир оз ўтгач:
— Вой, сиз билан, афтидан…
Ўшанда менга инжиқ бола бўлиб туюлган аёл бу гал кўзимга бирам му- лойим ва сулув кўриниб кетди.
— Нима, сиз шу яқин-атрофда яшайсизми?
— Бу ердан ўн дақиқалик йўл, холос. Ҳозир эрим югуриш билан шуғулланяпти, мен уни олиб кетгани келдим. — Дарҳақиқат, кўчанинг нариги бетида енгил машина турарди.
— Ўшандан кейин жилвагар тўтичага бошқа кўзингиз тушмадими? — сўрадим ундан. Бунга астойдил қизиқаётган эдим.
— Йўқ, бошқа кўрмадим.
— Эсингизда бўлса, трибунада яна бир одам бор эди. Ўша кишини яқинда учратиб қолгандим, у ўша тўтичани боғда яна кўрганини айтди.
— Йўғ-эй? Унда тўтичанинг аҳволи қандай экан? Ўзиям бирам ёқимтой, бирам фаросатли қуш эдики. Чумчуқлар орасида қийналиб қолган бўлса керак, боёқиш. Қандай чидаб яшаётган экан?
— Бечора ўзининг жилвагар тўтича эканидан ҳам бехабар. Ўзини чумчуқ деб ўйласа керак. Тўғриси, бу мендан чиққан фикр эмас… — дедим мен.
—Ҳа. Бу кимнинг хаёлига келибди дейсиз, — ажабланиб жавоб берди аёл. — Биласизми, ўша тўтича ҳақида эримга гапириб бергандим, у: «Ўша тўтича деганинг мен бўламан» ,— деса бўладими. — Аёл аста елка учириб қўйди-да, кулиб юборди. — У: «Ўзим жилвагар тўти бўлсам-да, чумчуқлар орасида яшайман, нима қилай, чидайман, илож қанча», — деди.
— …
— Эрим рассом.
— …
— Эрим ҳамкасаба-рассомларни чумчуқлар галасига ўхшатади ва уларнинг орасида тўтичанинг косаси ҳеч қачон оқармайди, деб ҳисоблайди.
— …
— Айтгандай, келгуси баҳор Гиндздаги К. галереясида унинг шахсий кўргазмаси бўлади.
— Энди бунисига нима дейсиз? Шундан кейин ҳам уни тўти дейишда давом этаверасизми?
Шу ерда аёл бирдан шошиб қолди-да:
— Вой, ана менинг тўтичам ҳам келиб қолди. Узр, энди мен борай, кўришгунча. — Аёл хайрлашди-да, кўчанинг нариги бетига, машина турган томонга қараб юриб кетди. Узоқдан спорт майкасидаги бўйдор спортчи йигит кўринди. У хазонлар ер билан битта бўлиб тўкилиб ётган хиёбон бўйлаб чопиб келарди. Олисдан келаётган одамнинг асли-насли қанақалигини билмадим-у, лекин у ёш ва тетик кўринарди.

* * *

Яқинда ёнимга ўрта ёшлардаги кўриниши тажанг бир аёл келди.
— Мен резаворфурушнинг дўконида эшитиб қолдим, — деди аёл, — одамлар боғингизда чумчуқлар орасида юрган жилвагар тўтичани кўришган экан, балки ўша менинг тўтичамдир? Чунки меники ҳам худди шунақа ранг-баранг эди.
Аёл, тўтичани яна кўриб қолсак, унга қўнғироқ қилишимизни ўтинди.Тўтиқуш оддий тўтиқушлардан эмаслигини, у чет элдан келтирилганини ва жуда қимматбаҳо туришини зўр бериб тушунтирди.
— Уни, албатта, тутиш керак. Биласизми-йўқми, Японияда бундай қушлар жуда камёб…
— Тўғри, бир пайтлар боғимга сабзаранг тўтича учиб келганди, лекин бунга жуда кўп бўлди. Ўшандан бери у бошқа кўринмади, балки бундан кейин ҳам кўринмас, — дедим мен.
— Ҳар ҳолда яна билиб бўладими, мабодо кўриниб қолса, илтимос, менга сим қоқиб юборсангиз. У боёқишни ахир чумчуқлар ўғирлаб кетишган, энди қўйиб юборишмаяпти!
— …
— Уни тутмаса бўлмайди, — деди такрорлаб аёл.
Унчалик ҳам кўнгилга ўтиришмайдиган бу меҳмон кетгандан сўнг ўзимнинг иш хонамга қайтдим-да, чека бошладим ва боққа чиқдим.
Кузнинг сўнгги япроқлари сочилиб ётган майсаларни босиб одимлаб юрарканман, тўтичанинг беҳудага куйиб-пишаётган собиқ эгаси тўғрисида ўйладим. Йўқ, тўтича энди чумчуқлар билан парвоз қилаверсин. Уни тутишнинг ҳожати йўқ.
Бу қанақа қуш ўзи, анави кекса эркакнинг гапига ишонайми, ё рассом айтганигами, тўғриси, ҳеч ақлим етмай қолди, лекин шуни ишонч билан айтишим мумкинки, қафасдаги ҳаётидан кўра қушча ҳозир чумчуқлар билан озод ва бахтиёр. «Чумчуқлар уни қўйиб юборишмаётганмиш — гапнинг тутуруқсизлигини қаранг!» — дедим овоз чиқариб. Уни меҳрибонлик билан бағрига олган қушларни наҳотки ўғри деб бўлса, аксинча, улар тўтичанинг ғамхўр-ҳимоячилари. Ростдан ҳам тўтича балки чет элдан олиб келингандир, бироқ энди у аллақачон япон қушчасига айланиб бўлган ва бир оз ёввойилашган ҳам, ҳозир тўтича уларнинг энг эъзозли меҳмони бўлиб чумчуқлар билан аҳил-иноқ яшаяпти.

Рус тилидан Дилдора АЛИЕВА таржимаси

Манбаъ: «Жаҳон адабиёти» журнали,2012,7-сон

(Tashriflar: umumiy 339, bugungi 1)

1 izoh

  1. ajoyib, bir masalaning ikki tomoni, bu dunyoni har kim har xil nigoh bilan his etadi deganini? Kim uchundir haqaiqat , boshqalar uchun yolg`on, yozuvchi shunaqa demoqchimi? Qay biri yaxshiroq?

Izoh qoldiring