O’zbek adibi va adabiyotshunosi Ulug’bek Hamdam ijodiga chizgilar.


Улуғбекнинг асарлари билан танишаётган зукко ўқувчи унинг ўзига хос йўлдан бориш истагини сезади. Адиблик ва шоирлик билан бирга адабиётшуносликни ҳам қўщиб олиб бораётган Улуғбек Ҳамдам бу соҳанинг ўз йўли ҳақида фикрлайди:
“Наҳотки, адабиётшунослигимизда ўз йўлимиз йўқ?” деган савол туғилади. Шарқ дунёқараши, диний, ҳудудий ва миллий қадриятларга суянган ўзимизнинг адабий-танқидий тафаккуримиз наҳотки коримизга ярамаса? Агар ҳаммасини четдан – рус, немис, инглиз, француз, испан ва америка сингари илғор мамлакатларнинг адабиётшунослигидан “қарз” олиб туришда давом этаверсак, оқибати нима бўлади?

ЎЗБЕК АДИБИ ВА АДАБИЁТШУНОСИ УЛУҒБЕК ҲАМДАМ ИЖОДИГА ЧИЗГИЛАР

У қадрдон амакисининг жаназасига етиб бора олмайди. Қайғули хабарни эшитгандаёқ орқа-чапга қайрилмай кетаверганда етиб борган бўларди. Лекин…
У алам ўтида ёнганда ўзини эмас, қимматбаҳо тақинчоқларга ўч танноз ўйнашини айблайди…

Мен бу ихчам мазмунни ҳозирда Ўзбекистонда истеъдодли адиблардан бири деб эътироф этилаётган Улуғбек Ҳамдамнинг «Узоқдаги Дилнура» ҳикоясидан келтиряпман.Ўзининг «Мувозанат» романи билан танилган Улуғбек Ҳамдамнинг ҳозиргача учта романидан ташқари қатор қисса ва ҳикоялари нашр этилди.
Улуғбек замонавий ўзбек адиблари орасида асарлари бошқа тилларга кўп ўгирилаётган ва Ўзбекистондан ташқарида эътироф этилаётган оз сонли ижодкорлардан бири.
Унинг “Исён ва итоат” романи, “Ёлғизлик” қиссаси, ўнга яқин ҳикояси, “Янги инсон” деган достони ва шеърлари русчага таржима бўлган.
«Шулардан “Ёлғизлик” таржимасидан кўнглим тўлган», дейди ижодкорнинг ўзи.
Улуғбек Ҳамдамнинг “Тош” деган ҳикояси ва бир қанча шеърлари инглизчага ўгирилган. “Мувозанат” романи ва “Тош” ҳикояси Америкада эътироф этилди.
Улуғбек Ҳамдамнинг ижоди адабиётшунослар назарига тушган. Унинг ижоди борасида зукко олим Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов (икковларининг жойлари жаннатда бўлсин), Умарали Норматов каби адабиётшунослар битган йигирмага яқин мақола ўзбек ва рус тилларида эълон этилган.
«Жаҳон адабиёти» мажалласида «Мувозанат» романи нашр этилганда бу янги асар борасида кетма-кет мақолалар берила бошланганди. Бу мақолалар бир-бирига зид, бир-бирини рад этарди.
«Мувоназат» кейинги йилларда ўзбек адабиётида яратилган энг яхши романлардан бири сифатида эътироф этилган мақолалар билан бирга бу асарнинг тили, бадиияти ҳақида салбий фикрлар ҳам пайдо бўлганди.

Улуғбек Ҳамдамнинг ўзи бу каби фикрларга нисбатан шундай дейди:
«Танқидларда жўяли тузатишлар албатта, бор. Шукрки, буни қабул қилмаслик даражасида ожиз эмасман. Айни дамда романнинг табиати, ёзувчининг индивидуал услуби, сўз қўллашдаги ўзига хосликлари билан боғлиқ куракда турмайдиган ёзғиришлар, йўқ жойдан нуқсон қидиришга ружу қўйишлар ҳам мавжудлигини ҳам дангал айтиш керакки, бу тутимнинг соғлом танқидга мутлақо алоқаси йўқ…»

… Амакиси дунёдан ўтганида ўзи туғилиб-ўсган қишлоққа борган жиян хотиралари бош кўтаради. Хотираларга шўнғир экан, меҳрибон бир инсон оғир оғриққа мубтало бўлиб, даволаш учун озгина пул сўраганда, бу илтимосни унутиб юборгани учун ўзини айблайди. Айниқса, амакисининг кенжа қизи Дилнуранинг ўртанишларини кўриб чидаёлмайди…

Улуғбек Ҳамдам асарларининг ўзига хослиги адабиётшунослар томонидан тез-тез такрорланмоқда.

Раҳимжон Раҳмат адиб ижодини яқиндан ўрганиб, таҳлил этиб келаётган адабиётшунослардан бири. У Улуғбек Ҳамдамнинг «Ёлғизлик» қиссаси қаҳрамони ҳақида шундай ёзади:
“Ёлғизлик”нинг исмсиз, қиёфасиз, макон ва замонсиз қаҳрамони балчиққа тушиб қолган катта балиққа ўхшайди. Бечора сузай деса, сузолмайди, ўлай деса, бунинг ҳам иложи йўқ. Аросат! Қаҳрамоннинг ўй-фикрлари ва ҳаёт тарзидаги парчаланиш ҳам, менингча, уни ёлғизликка гирифтор этган. У суйган машғулоти – ижод учун имкон ва шароит тополмай қийналади. Оддий турмуш ташвишларини бартараф этиш учун бутун руҳий ва жисмоний қуввати сарф бўлаётганидан азоб чекади.»

Адабиётшунос адибнинг асар яратишдан тутган мақсади ҳақида шундай фикрга боради:
«Унинг бадани, руҳи ва ақли бир бутунлик ичидаги учта мустақил бўлак. Руҳнинг иши – Оллоҳга илтижо, ақл турмуш ташвишлари билан курашади, бадан эса гўзал ва бегона аёллар томон талпинади. “Ёлғизлик”да инсон қисматига хос мана шу зиддият таъсирли акс этган. Ёзувчининг асосий мақсади ҳам шу нарсани таҳлил этишдир, эҳтимол…»

Адабиётшунос Баҳодир Карим фикрича эса «Ёлғизлик» қаҳрамони жазавага тушганда, исёни ақли чегарасини ёриб чиққанда ва ёки қандайдир алам — изтироб ичида қолганида тилини тийиб турмайди. Дили тилга кўчади.»
«Кўнгилга мос муҳитнинг, ижод учун қулай шароитнинг йўқлиги қаҳрамонни кўп қийнайди. У фақирликка, қўликалталикка лаънатлар ёғдиради. Қиссада кўнгил ва воқелик мувозанатидаги бузилишлар ифодаси учун қаҳрамоннинг оилавий турмуш тарзи ҳам берилади,» дея фикрини давом эттиради адабиётшунос олим Баҳодир Карим.

Ўзбекистонда Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувоназат» асарини ҳар ким ўз қаричи етгудайин таҳлил қилаётган бир пайтда бу роман Америка Қўшма Штатларида қизиқиш уйғотди.
«Мувозанат»нинг Америкадаги мухлиси Ричал Наррид тадқиқотига муносабат билдириш мақсадида асарни яна бир бор ўқиб чиқиш зарурати туғилди,» дея ёзади ўзбекистонлик адабиётшунос олима Зулхумор Мирзаева.

Олима «Мувозанат»нинг Америкадаги эътирофи борасида давом этади:
«Натижада, романда тасвирланган ҳар қандай воқелик фақат ташқи хусусият, ягона аломат билангина боғлиқ эмаслиги; тоталитар тузум ва ўтиш давридаги оғир турмуш воқеаларини бадиий ўзлаштириш, уларни замондошларнинг ички дунёси, руҳий олами орқали атрофлича тафтиш этишда кенг имкониятли рамзий образлардан фойдаланишнинг ўзига хос усуллари; жой номлари, танланган исмлар қаҳрамонларнинг ички ва ташқи конфликтларида чуқур мажозий маъно касб этганлиги; энг муҳими, Олам мувозанатининг асоси, унинг меъёрини таъминлаш вазифаси юкланган улуғ инсонлар қисмати чуқур бадиий — фалсафий мазмунда ифодаланганлиги маълум бўлди. Очиғи, асарнинг бу хусусиятларини уни илк бор ўқиганимда илғай олмагандим.»

Зулхумор Мирзаева америкалик олима Ричал Наррид ва унинг касбдошларини «Мувозанат» романи бефарқ қолдирмаганини таъкидлайди. Маълум бўлишича, асар «Марказий Осиёни ўрганиш бўлими» барча профессор ўқитувчилари, америкалик ўзбеклар томонидан катта қизиқиш билан ўқилган ва кафедрада унга бағишланган кенг кўламли семинарлар ташкил этилган.

Зулхумор Мирзаева америкалик олиманинг «Мувоназат» устидаги иши ҳақида шундай ёзади:
«Тадқиқотчи романнинг бошқа асарлардан фарқи ва қийматини уч муҳим омил билан изоҳлайди: «Замонавий тилшунослик оқимида ёзилган бу асардаги ўзига хос биринчи фактор асар қаҳрамонларининг характерларига хос муомала услуби; иккинчиси, миллат сифатида ўз-ўзини англаш йўлининг миллий характер муштараклигида акс эттирилиши, учинчиси, китобхоннинг кўнгил эҳтиёжи сифатида етилган мавзунинг жасорат билан акс эттирилиши натижасида нафақат кичик, балки катта доирадаги (хорижлик) мухлисларга эга бўлганлиги.»

… «Узоқдаги Дилнура» қаҳрамони Козим катта шаҳарга қайтиб келгач у бош бўлган ишхона иш юритувчиси Таиланд сафаридан сўз очади. У эса:
«Мен туғишган акамдек, ҳатто отамдек бўлиб қолган тоғамдан айрилдим. Сен бўлсанг, сафар дейсан, кўнгилхиралик дейсан…», дейди…

Улуғбекнинг асарлари билан танишаётган зукко ўқувчи унинг ўзига хос йўлдан бориш истагини сезади. Адиблик ва шоирлик билан бирга адабиётшуносликни ҳам қўщиб олиб бораётган Улуғбек Ҳамдам бу соҳанинг ўз йўли ҳақида фикрлайди:
“Наҳотки, адабиётшунослигимизда ўз йўлимиз йўқ?” деган савол туғилади. Шарқ дунёқараши, диний, ҳудудий ва миллий қадриятларга суянган ўзимизнинг адабий-танқидий тафаккуримиз наҳотки коримизга ярамаса? Агар ҳаммасини четдан – рус, немис, инглиз, француз, испан ва америка сингари илғор мамлакатларнинг адабиётшунослигидан “қарз” олиб туришда давом этаверсак, оқибати нима бўлади? “Қарз” олинган андозалар миллий руҳда ёзилган бадиият намуналарини ҳар доим ҳам бекаму кўст синчиклаб, тушунтириб беролармикан? Шарқона, ўзбекона асарлар характерини, уларнинг нозик табиатини аъло даражада очиб, кашф этолармикин?..»

Адабиётшуноснинг фикри чуваланмайди, аксинча тўғри йўл излайди:
«Мана шуларни ўйлаганда, кўнгилдан беихтиёр равишда ўзимизникини яратиш истаги ўтиб қолади. Аслида, ичкарида бунинг ҳам энг тўғри йўл эмаслигини тушуниб турамиз. Хўш, нега? Чунки маданий-маънавий, сиёсий-иқтисодий жиҳатдан ўзининг биқиқ дунёсида қолиш дегани пировардида ҳалокатга юз тутишдир. Шарқни қайтадан кашф қиламизми, Ғарбдан ўрганишда давом этамизми, ҳамма гап ана шу ҳаракатларимизнинг меъёрида: нимани, қаерда ва қандай ўрганишимиз, уни қандай мақсадларда илмга тадбиқ этишимиз эртанги адабиётшунослигимизнинг бўйу бастини белгилаб беришига шубҳа қилмайман.»

… Ўқувчи амакисининг ўлими боис болалик хотиралари тинчлик бермаётган, ўзидан ўзи норози Козимнинг кўнглига ҳеч қандай кўнгилхушлик сиғмаслигига ишонади.
Лекин ёрдамчиси ишхона маҳсулотларини тарқатадиган бир шериклари зиёфатга таклиф этганини устамонлик билан эслатувидан сўнг Козимдаги сал олдинги маъюслик қаергадир йўқолади.
Зиёфатдаги ўткир ичимликлар бошини қизитган Козим энди ўртада ўйнаётган қизлардан кўз уза олмайди. Раққоса боис шерик билан гап қочиш асносида телефон жиринглаб, амаки-сининг кенжа, суюкли қизи Дилнуранинг тўсатдан вафот этганлиги ҳақида хабар келади.

Одатдаги ҳикояларга ўрганган китобхон энди Козимнинг кайфи тарқалиб кетишига, раққоса Дилнурадан кўнгил узиб, қилғулигига минг афсусланиб, қариндоши — узоқдаги Дилнуранинг жаназасига етиб бориш учун интилишига ишонади.
Лекин адиб ҳикояни китобхон истагандай тугатганда эди, асар жайдари якун топган бўларди. Козим раққоса Дилнура билан кайфу сафони танлайди….

Улуғбек Ҳамдам ижод, ижодкорлар ҳақида фикр юритар экан шундай ёзганди:
«… ижодкор ўз юрагининг поклигига аҳамият бермоғи, бинобарин, ўз қалбининг бир умрлик садоқатли қўриқчисига айланмоғи шарт. Қорайиб кетган юрак билан нафақат зўр, балки миёна асар ёзиш ҳам мушкул. Ёзиш санъатинининг кўпдан-кўп сиру-асрори тагига етган, тизган сатрларида наинки стилистик, балки биронта орфографик хато учрамайдиган ижодкорларимиз бор. Санъатларига тасанно деймиз, лекин не ёзиқки, уларнинг аксариятида мазмун тўпиққа ҳам чиқмайди, асардан вулқондек отилиб чиқиб, ўқувчи юрагига тўғри бориб уриладиган бадиий зарб йўқ, худди қишда туманлар аро хира кўриниб турган қуёшдек тафтсиз, нурсиз…»

(Мақола минтақадан мустақил журналист томонидан таёрланди ва унда интернет-манбалардан фойдаланилди)

Manba: BBCUzbek.Com

(Tashriflar: umumiy 319, bugungi 1)

Izoh qoldiring