Бу тиллабурамашох алқор қўчқорини Нур тоғларида тоққа алоқадор кимсалар биларди. Хусусан, биринчи галда тоғ бегилари, кейин овчилар, чўпон-у чўлиқлар, йилқичилар, ба’зи ўтинчилар у ҳақда турли афсоналар-у эртаксимон гапларни тўқиб юришарди. Тиллабурамашох бу макондаги энг катта сурувнинг етакчиси эди.
Азим СУЮН
ТИЛЛАБУРАМАШОХ
Насрий манзума
I
Бу тиллабурамашох алқор қўчқорини Нур тоғларида тоққа алоқадор кимсалар биларди. Хусусан, биринчи галда тоғ бегилари, кейин овчилар, чўпон-у чўлиқлар, йилқичилар, ба’зи ўтинчилар у ҳақда турли афсоналар-у эртаксимон гапларни тўқиб юришарди. Тиллабурамашох бу макондаги энг катта сурувнинг етакчиси эди. У жуда ақлли, шуурли, зийрак, тезфаҳм, идрокли сардор эди. Сурувини ҳар қандай бало-қазолардан йироқ тутар, хавф-хатарлардан омон сақларди. Бурни-қаншари бегона, ёт ҳидларни тез туяр, шамолми ёки оддий елми, ташувчи сизимларни барҳақ сезарди. Унинг кўзлари ҳам тун қушлариникидек ўткир эди. Айтайлик, бирор овчи сурувни олислардан дурбин билан кузатаётган бўлса, уни ҳам бир нигоҳ ила илғарди. У илондан қўрқмасди, унинг инига тумшуғини тиқарди ва илашиб чиққан илонни ерди. Кўзларининг ўткирлиги шундан, дейишади тоғнинг қўлбола табиблари.
О, қулоқлар… қулоқлари-чи, илон судралиб юрганида чиқарадиган силлиқ тўлқинсимон товушларни ҳам эшитарди. Албатта, булар Тиллабурамашохни огоҳлантиргувчи, ҳаёт тарзини та’мин этгувчи табиий зарурият. Булардан ҳам муҳими, тағин унинг чопқир оёқлари, қаттиқ туёқлари эди. Ана шу оёқлари ҳар қандай ёвдан қутқариб кетарди: тўрт оёқли ёвидан ҳам, икки оёқли ёвидан ҳам. Бироқ бу тиллабурама шохи… У – барча ёвларини чорлагувчи, ўзига оҳанрабодек тортгувчи, ҳатто қушларни ҳам қиё боқтиргувчи бир мўжизавий матоҳ. Гап шундаки, бурамашохининг гугурт қутиси жой бўлгудек ички бурама белги жойи тилла суви юритилгандек ярақлаб турарди. У кундузи-ку кундузи, ҳатто тунда ҳам шу’лаланарди.
Сардорнинг бу шохини Нур тоғлари қўриқхонасининг тоғ бегилари кеч пайқади. Тўғрироғи, қўчқорча, ростакамига бу макондаги барча сурув қўчқорларини олишувларда енгиб, етакчиликни олгандан кейин кўзга ташланиб қолди. Унга илоҳий тус ҳам берилди: шохида “Аллоҳ” деган ёзув бор экан. Бу рост эди. Шундан сўнг у Тиллабурамашох номини олди. Қўриқхона ма’мурлари-ю тоғ бегилари унга алоҳида диққат-е’тибор қаратиб, ҳушёрлик билан қўриқлай бошладилар.
II
Мана, Тиллабурамашох бир ойдан ошдики, мамлакат бош қароргоҳининг ноёб қушлар, ба’зи жониворлар боқиладиган дарё бўйидаги қўриқхонасида. У жуда хомуш. Юраги қоп-қоронғу. Ҳеч нарса татимайди. Қўриқхонанинг ички қўрахонасидан ўз ихтиёри билан ташга чиқмайди. Уни кўпинча махсус яшил кийим кийиб олган, ўттиз ёшлар чамасидаги бўртиқ холли мутахассис йигит – мол дўхтири қўрадан ҳайдаб чиқади. У Тиллабурамашохнинг қўриқхонани айланиб юришини истайди. Ям-яшил бўлиб ўсиб ётган ўт-ўланлардан ейишини хоҳлайди. Эл бошининг хурсанд бўлишини, уни кўргани келган меҳмонларининг хурсанд бўлишини истайди. Қайда, Тиллабурамашох ўтларни чимдигандек бўлади-ю, аммо астойдил емайди.
Тиллабурамашох ўй-хаёлида фақат туғилиб ўсган ота макони, она юрти – Ватани. Ҳа, фақат ўша – Нур тоғлари. Кўкка бўй чўзган баҳайбат, тик балиқсимон беш чўққи. Илонўтди дарасидан бошланиб, Қизилқум чўлларигача чўзилиб кетган юксак тизмалар, бу тизмалар дара-камарлар ораларидаги қора дарахтзор-у бутазорлар, бел бўйи майсалар, булоқлар бошларидаги қовғалар, пастга қараб йўналган ирмоқларнинг икки қирғоғи бўйлаб ўсиб ётган майда қизил гулли совунўтлар, қирқбўғинлар… Тўғри, қароргоҳнинг қўриқхонасида ҳам ҳамма нарса бор. Бўз ҳам, майса ҳам. Ҳар куни беда-йўнғичқа боғламлари ташлашади, хас-хашак, қандайдир бегона ис келадиган ем-емак. Дарё сувининг бир арнаси қўриқхона оралаб оқиб ўтади. Уларда ширмойи балиқлар сузишади. Ариқ бўйлари серўт. Аммо туғилган ватани озодлик, эркинлик… уларни фақат тутқунликда англар экансан. Ўҳў.. ўҳ… у юксак тоғлар… у тоғларнинг еллари, насимлари, шабадалари, шамоллари, ҳатто бўрон-тўфон, қору қуюнлари…
Ўҳҳ… Катта газа эпкинлари… газа ётоқлари… Газадан олис-олислар ҳам кўриниб турарди. Бу ердан кавшанган кўйи кўз нурлари етгунчалик жойларни кузатиб ётиш – оромижон. Тиллабурамашох узоқларда чайқалиб ётган марваридранг кўлни томоша қилишни ёқтирарди. Оҳ, у тунлар… серюлдуз тунлар… сумбула сувидек ярқироқ кечалар… осмонни тўлдирган ой ёруғлари… кўз олдингдаги жилва-шу’лалар… нур чизимлари… сим-сим ўйин-нозлар…
Ватанида фақат унинг қавмларигина яшамасди. Теварак тўла жонзот… Кўриниб, кўринмайдиган хилқат, ҳайрат. Кўкда, деярли доимий бир жуфт бургут бир маромда қанот қоқади. Гўё эринибгина парвоз қилади. Аммо бирор ўлжани кўрганда, шиддат билан пастга шўнғийди. Қанотлари тебратган ҳаводан алқорлар илкис ҳуркиб кетади. Тўда-тўда тирсиллаган тўнғизлар ҳурқуллашиб-пурқиллашиб, камарлардаги булоқларнинг бўй-ботқоқ ирмоқ ерларини тумшуқлари билан илма-тешик қилишади. Жайралар сихларини тикрайтириб, гиёҳларнинг, ўт-алафларнинг томир-илдизларини тимирскилаб, ковлаш билан овора. Қўшоёқ, тоғ сичқон-каламушлари у бутанинг тагидан бу бутанинг тагига, бу бутанинг тагидан у бутанинг тагига югургилаб юришади.
Газадан бир жуфт тулкининг макони яққол кўзга ташланиб туради, ота-онаси қайларгадир кетиши билан, болалари инлари олдига чиқиб олишиб, ўйнагани-ўйнаган. Бир-бирини юлқишгани-юлқишган.
Ўҳ-ҳ… ўҳ… ўҳ… эркин ҳаёт, мароқли ҳаёт, жозибали, ишқбоз ҳаёт… осойишта ҳаёт… Тўғри, ҳамма вақт ҳам шундай эмас, аммо ҳамиша эркинлик, ҳамиша озодлик, ҳамиша ғир-ғир шаббода, газа эпкинлари ҳамишалик…
Тиллабурамашох бўғриқиб кетди, ётган жойидан туриб керишди, силкинди. Ётоқ-қўрадан чиқиб, арна томон юрди. Сув ичгандек бўлди. Арнага тикилиб қолди. Кўз олдига Оқбулоқ келди.
Оқбулоқ Ота Арчанинг сояси етгудек ёйилмасидан қайнаб чиқади. Унинг суви кўз ёшидек тип-тиниқ. Тиллабурамашох сурувни кўпинча оқ булоққа бошлаб келади. Улар чўққилардан, қоялардан ёнбағирларга аста-аста тушишади, тошлоқ қияликларни оралаб, бир сўқмоқдан турнадай тизилишиб, булоқ томон сардорнинг ортидан эргашишади. Булоққа яқинлашавергач, қоровулликни ҳам унутишмайди. Сардор қатордаги бирор а’зосига ишора беради. У шу кез сафдан чиқиб, Ота Арчанинг тепа тарафидаги ўмровли қоянинг устига чиқиб олиб, атрофни олазарак кузата бошлайди. Сурув мириқиб сув ичиб олгач, ўзларига соя-салқиндан жой танлайди. Соя бир бет бўлгунча ҳузурланиб ором олишади. Ўҳ-ўҳ-ўҳ… улар қаёқда қолди. Суруви қани? Шаҳлокўз маликалари қаерда? Диркиллаган қўзичоқлари-чи? Қани оқ булоғи? Ўзи нима бўлди?
Ўша куни, я’ни бундан бир ойлар чамаси олдин сурув Бешқоя ёнида ёйилиб юрарди. Юрти гуллаб-яшнаган пайт, ям-яшиллик салтанати. Беқиёс қиёқлар, гиёҳлар, ғунчалар, кўплари очилган, япроқлари таранглашган, қишдан омон-есон чиқиб олган сурув ютоққан… Пешинга яқин газада уч отлиқ пайдо бўлди. Тиллабурамашох иккитасини таниди, улар кийимидан ма’лум, доимо меҳрибон кўзлар билан қаровчи ўзларининг қадрдон қоровуллари эди. Бироқ учинчиси бегона, ўнг қошининг бир ёнида бўртиб турган қоп-қора холи бор нотаниш йигит…
Тиллабурамашох юраги аллатасин бўлиб кетди. Унинг шууридан нимадир сизиб ўтди. Нимадир юз берадигандек… Сурувни бошлаб Бешқоянинг терс томонига йўналди. Аммо кўп ўтмай бир тоғ бегининг ёлғиз ўзи унинг қаршисида пайдо бўлди. Нимадир “ширт” этди. Тиллабурамашохнинг этига чиппа ёпишди. У қадрдон қоровулдан буни асло кутмаганди. Кейин… кўзини очганда бўртиқ холли йигит ва яна икки-уч фасон бўйдор кишилар унинг устида турарди. Тиллабурамашохни ўша куни-тундаёқ панжарали машинада ушбу даргоҳга келтиришди.
III
Элбоши Тиллабурамашохни ёқтириб қолди. Уни қўриқхонага сайр этишга таклиф қилишганда, Тиллабурамашох шохидан шу’ла таратиб, қўриқхона девори бўйлаб, аста-аста юриб турарди. Атайлаб қилгандек, кўргазма намойишига чиққандек там-там юрарди. Ё раб! Унинг қомати… кўрки… таранг, сулув оёқлари… тик боқувчи қора, шаҳло кўзлари… қорамтир малла ранг ичида қордек оқ ўмрови, текис, силлиқ бадани… айниқса, Тиллабурамашохи… шу’ладор “Аллоҳ” чизгилари…
– О, красавес! – у бутун ҳайратини бир сўзда жамлаб, хитоб қилди ва иш бошқармаси бошлиғига юзланиб шундай деди: – Биласанми, унга бу ерда нима етишмайди, чўққи… тоғ чўққиси… скала… Қуринглар, келган меҳмонларим уни қоя устида кўкрак кериб, қуёшга қараб турганлигини кўрсин. Нур таралаётган тиллашохини кўриб, мафтун бўлсин! “Аллоҳ” сўзини нурда ўқисин. Биз Аллоҳнинг суйган фарзандлари эканлигимизни, улар бу дунёдаги энг бахтли фуқаро эканликларини билсинлар!
Кўп ўтмай, қўриқхона бўйлаб, тоғ томонга қараган ма’лум бир масофада чўққи-қоя қуриш ишлари бошланиб кетди.
Тиллабурамашохнинг ичи эса ёришмасди. Кун-тун ватанини ўйларди, унда шамолдай эркин-емин кезиб юрганликларини бир зум бўлмасин эсидан чиқаролмасди. У озод хилқат эди. Оиласи – суруви ҳам озод ва эркин эди. Улар жам бўлиб, Аллоҳ берган эркинлик наш’аларини суришарди. Бу уларнинг оддий ҳаёт тарзига айланганди. Бу дунёда ватанингдан, озодлигингдан, эркинлигингдан қиммат нарса йўқ экан. Тоғ бегилари аҳён-аҳёнда катта дарага барча катта-кичик сурувни йиғишиб, саноқ ўтказишар эди. Ўҳў… бу тўпландилар, тўс-тўполонлар, олишувлар, бир-бирига шох ташлашувлар… Уларни ҳатто Бургутли қоянинг олмос кўз бургутлари, Шовуллоқ шаршарасининг кўк каптарлари ҳам томоша қилишарди. Какликлар “қақи-бақ… қақи-бақ…”ларини тўхтатишарди. Тоштўрғайлар думпарларини ликиллатишиб, алқорлар устида у ёнга, бу ёнга учишиб томоша қилишарди. Бу макондаги тўнғизлар бу пайтларда оёқ остларида қолиб кетмасликлари учун ўзларини холи жойларга олишарди.
Ўҳ-ўҳ… Мутлақ ғолиб бўлган куни. Бу лаҳзаларни эсидан чиқариш мумкинми? Йўқ! Йўқ! Асло! Айниқса, сурув сардорлиги учун шиддатли кураш пайтларини… Бу вақтларда бир-бирини аяш йўқ! Ғолиблик, етакчилик, сардорлик йўли – шафқацизлик йўлига айланади. Зўравон – етакчи! Куч-қувват – етакчилик! Бу курашда ҳатто ҳалокат юз беради. Фожиа оддий ҳолатга айланади. Табиатнинг бешафқат, изчил ҳукми азалий, абадий!
Тиллабурамашох ўша куни бир кўз бўлиб қолган сардор билан жангга тушди. Унинг бир кўзи кўрмаса-да, жуда бақувват эди. Жангари эди. У сардорликни Тиллабурамашохга топширишни хаёлига келтирмасди. Олишув узоқ давом этди. Энг даҳшатлиси, шохлар шохга оралаб, кириб қолди. Бурамашохларни бир-биридан ажратиб олиш жуда оғир эди. Бир-бирини итаришар, ортга-олдга тислантиришарди. Бу жангда ғолиб аниқланмаслиги ҳам мумкин. Чунки ҳар иккисининг ҳам йиқилиши, ё жангни ташлаб қочишга имкони йўқ. Ҳолдан тойишса, шохлар шохга тиралишиб, тин олиб туришаверарди.
Тиллабурамашох бу ҳолдан қандай чиқиб кетиш йўлини топа олмади. Аммо тажрибали бир кўз сардор иложини топди. У тумшуғини ерга тираб олди, бўлажак сардорнинг куч-қувватига тан бергандек, тек турди. Тиллабурамашох “Аллоҳ” ёзуви муҳрланган шохини ёнлатиб, рақиби шохидан чиқариб олди. Чиқариб олди-ю ортига бир тисланиб, сардорнинг биқинига шох урди!
Тиллабурамашох ғолиб эди! Мағрур керилди. Ватани салтанатининг энди ягона ҳукмдорига айланди. Энди барча алқорлар, улар сурувлари унга тобе-тобун эди ахир!
Мана, энди озодликдан, эркинликдан маҳрум. Ватандан маҳрум. Бўртиқ холли йигит унга кўз-қулоқ. Икки марта кўпчилик бўлиб, йиқитишиб, баданига наштар ҳам уриб кетди. Холли йигитни кўргани кўзи йўқ. Уни ватанидан жудо қилган шу. Қани, энди туёқлари остига олса, эзғилаб ташласа… Ўҳ-ўҳ… ўҳ…
Ниҳоят, қоя-чўққи ҳам битди.
Қоя-чўққи жуда ҳашаматли. Албатта, ватанидаги чўққиларга, қояларга ўхшамайди. Аммо.. бирдан Тиллабурамашохнинг хаёли тобга келди, шууридан олис бир кечинма ялт этиб ўтди. Ўшанда илиқ, юмшоқ ёз тонгларидан бири эди. Тиллабурамашох ҳар бир тонг қуёшини тик юксак қоя зирвада ўзи кутиб оларди. Сўнг аста-секин сурувнинг қўрқмасларидан битта-иккитаси ортидан эргашади.
Ўшанда у қояда якка турарди. Унинг бадани нурлардан роҳатижонланиб, кумушланади. “Аллоҳ” ёзуви чўғланарди. Тиллабурамашох пастга – камарнинг қуюқ сояларига синчковлик билан тикилди. Қандайдир ўта жим-житлик. Жим-житлик… сукунат… Қоядан азот кўриниб турадиган, энлаб ўсган сершох қора дўлана тагида нимадир ғимирлагандай… Сирли ваҳм… Ортига бурилмоқчи эди… “қарс-с!” Зарб! Ўқ ярим одим адашди. Сардорни зарб учириб юборди. У ҳавода муаллақ пастга шўнғиди. Учиб бораётиб , тошдек тушадиган ерини нигоҳлади. “Ё Аллоҳ!..” Тиллабурамашох бир ўмбалоқ ошиб, зил шохлари тўбасини тикка пастка қаратди. Улгурди. Тўба-шох ерга урилди!
Узун бутли овчи “ҳай-ҳай”лаб, югуриб келгунча жони омон қолган Тиллабурамашох ўзини ўнглаб олди-ю камар этаги бўйлаб одам бўйи ўсиб ётган қуюқ пиданаларни оралаб йўқолди.
Ҳа, шундай бўлган эди.
Ўша Ватанидаги чўққи-зирвалардан пастроқ қурилган қоя. Уни битириб, ишловчилар қорасини кўрсатмай кетишди. Тиллабурамашох қизғиш-қиррадор қоя тошлари ёнига бориб, ёнлаб ишқаланди. У ер, бу ерларини шохи билан туртиб кўрди.
Аста-секин қоя-чўққи сари қадам ташлай бошлади. Ҳар қалай қўриқхонанинг сим тўсиқ, деворларидан яхши-да. Узоқларга қарайсан, узоқларни кўрасан, Эҳтимол, унинг устидан ватани ҳам кўриниб қолар, ҳеч бўлмаса Бешқоя чўққилари… Тиллабурамашохнинг чўққилари ҳар қандай жойдан ҳам кўринади. Ахир, у дунёдаги энг баланд, ҳаводор, шамолдор, тик чўққилар. Ўҳ-ўҳ… ватани чўққилари. Улар устида қоя ёриқларидан унгувчи йўсин-моҳлар, улар тоти… ўҳ… ўҳ… Айниқса, қалп-қалтис қоятошлар орасидан сизилиб чиқиб, қотиб қолган мўмиёлар… қоп-қора ялтироқ, силлиқ дориворлар… ўқлардан яраланганда жон ато этгувчи малҳамлар… тириклик малҳамлари… ўҳ-ўҳ… ўҳ…
Ватан соғинчи, эркинлик соғинчи. Тиллабурамашохни ҳушдан кетказаёзди.
IV
У қочиб борарди. Кўзларига ишонмасди. Бироқ қочқинга айланганлиги ҳақрост эди. Таралиб оқаётган дарёдан ўтиб олди. Узоқдан яққол кўриниб турган қорли тоғни қоралаб, у томонга югуриб кетарди. Оёқларига ишонарди. Гарчи қўриқхонада улар толғинроққа айланган бўлса-да, мустаҳкам эди. Бора-бора толғинликлардан асар ҳам қолмади. Чигиллар буткул ёзилиб кетди. У олазарак бўлиб югурарди. Нохушлик келтирадиган ҳеч бир нарса назаридан четда қолмасди. У аввал қир-адир қишлоқларини ёнда қолдириб ўтди. Ба’зи қишлоқ итлари уни кўриб қолди. Орқасидан қувгандек бўлди, етиб бўпти. Акиллаб-акиллаб қолиб кетишди. У қаршисида турган оппоқ тоғ томон югургилаб кетарди. Шунга етиб олса бўлди. Кейин ўзи билади… Ватанини топади. Озодликнинг орти – Ватан. Ватанини топса, эркинлик ҳаёти ўша ерда. Эркинлик ҳамма жойда ҳам татийвермайди. У ватанда татийди. Ўҳ-ўҳ… Эркинлик – Ватанда татийди фақат! Ана шу эркинлик деб, озодлик деб, Ватан деб, оила-сурувини деб, қўриқхона деворларига яқинроқ қилиб қурилиб қўйилган тик қоя-чўққидан “Ё, Аллоҳ!” – дея ташга сакраб учди! “Аллоҳ!” деб, эркин ҳаётга учди, Ватани томон учди! Мана, муродига етди. Тиллабурамашох озод. У, мана, қорли қояларга тирмашиб чиқмоқда. Гуртикларни ўмганлаб ёриб бормоқда. Кўчки сурилишларини четлаб ўтмоқда. У бир қояга чиқиб олди. Толиқди, аммо чарчагани йўқ! Тин олди! Олис-олисларга боқди. Поёнсиз тоғ… тизмалар… тизмалар… ўркач-ўркач қоялар… арчалар… арчазорлар, Тиллабурамашох кўрмаган қандайдир дарахтлар, буталар, қиррадор-қиррадор тошлар, ўйдим-чуқурликлар, жарлар, ўпқонсимон унгурлар, жоналар… Ватани қаёқда? Унинг ватани қайси томонда? Шундай очиқ ҳавода ҳам нега Бешқояси кўринмайди? У ҳамма жойдан кўриниши керак эди-ку… Қани у? Унинг жон-жаҳони Макони қаерда? Аллоҳ!.. мадад бер!..
Тиллабурамашох тин олиб турган қоянинг ортидан қуёш нурлари осмон юзини ёрита бошлади. Ўҳ-ўҳ… ўҳ… Унинг шуури бирдан ёришиб кетди. Ахир, ватанида ҳам қуёш осмонга шу тарафдан кўтарилар эди-ку. Демак, унинг ватани бу тоғларнинг ортида эмас, этаклаб кетган томонда, қуёш ботиши томонда, Кунботарда.
Тиллабурамашох шитоб билан қоядан тушди. Югургилаб кетди. Тизмаларни қиялаб югургиларди. Қуёш бир оқтерак бўйи кўтарилганда, мороллар сурувига дуч келди. Улар қулоқларини дик қилганча, бу бегона шохдорга ҳайрат билан тикилишди. Тиллабурамашох уларни ёнлаб ўтиб кетди. Шу кетишда қанча юрганини билмайди, аммо кун пешиндан ўтиб қолганда узоқдан бир жуфт қизил бўрини кўриб қолди. Ҳа-ҳа, қизил бўри. Хайрият, уларни Тиллабурамашох биринчи бўлиб кўрди.
Биринчи бўлиб кўришда гап кўп. Қочиш йўлини бир дақиқада шууринг билан белгилаб оласан, шунга қараб, қисматингни ҳам ҳал қилишинг мумкин. Бўрилар ҳам уни кўрди. Хатарли қува-қув бошланди. Ҳаёт-мамот лаҳзалари… Тиллабурамашох бўриларни кўп кўрган. Бўрилар ўз ватанида ҳам кам эмас. Фақат бу бўриларнинг ранглари қизғиш экан. Жуссалари ҳам ватани бўриларидан кичикроқ. Тиллабурамашох ҳатто бирининг, я’ни она бўрининг қорни қаппайганлигини – бўғоз эканлигини ҳам илғади. Бироқ улар чаққонгина, шувиллаб орқасидан қолмайдиганлардан, шекилли. Тиллабурамашох жон-жаҳд билан қочишга тушди. Бўрилар икки ёндан келарди. Уни ўртага олмоқни мўлжаллар эди. Бу усулда сардор икки-уч марта ватани бўрилари билан тирашиб кўрган. Шу боис у тўлғама усулида, я’ни гоҳ ўнга, гоҳ чапга ўзни ташлаб, қочиш усулини танлади. Бу йўсинда анчагача қочди.
Аммо бўрилар ортидан қолмасди. Тиллабурамашох кескин бурилди, йўлни тикка пастлик – шағаллик энишга йўналтирди. У бамисоли бир бурама лойқа шиддатли сел оқимидай оқиб кетди. Бўрилар бундай ҳолатни кутмаганди. Она бўри бир қояча устида итолғиқушдай ҳолсизланиб туриб қолди. Аммо арлони қувишда давом этди. Одатда бўри зоти тик энимга тик югуролмайди. Ўмбалоқ ошиб кетиши ҳеч гап эмас. Тиллабурамашох бундан усталик билан фойдаланган эди.
Йўқ, арлони бўри, энди ёлғиз бўлса-да, ўлжани осонликча қўйиб юбормоқни истамасди. У қувиб борарди. Пала-партиш тошларни оралаб, сакраб-сакраб қуварди. Тиллабурамашохнинг чақмоқ шуурида арлони бўри бўртиқ холли йигитга айланди. Холли йигит қуварди. Икки оёқлаб қуварди. Қорачиқдай бўртиқ холи қоп-қорайиб кетган эди. Қош-кўзи орасидан баттар бўртиб чиқиб кетган эди у. У қуварди, изидан қолай демасди.
Тиллабурамашох йўлни энди қиялатиб югуриб, юқорилай бошлади. У олдинда кўринган чўққи ёнидаги газани мўлжалга олди. Газани ошиб олса бўлди, нарёғи яна эниш бўлиши керак…
Газа… мана, газа… Газага чиқди! Ўҳ-ҳ…-ҳ… Олди қоя эди! Шу асно арлони ҳам етиб келди! Тиллабурамашох унинг анча толиқиб қолганлигини сезди. Фурсат ғанимат! Бошқа илож йўқ! Тиллабурамашох забт билан орқага бурилди, “Ё, Аллоҳ!” – у бўрига ташланди! Бақувват шохлар чақмоқдай қарсиллади, Шохлардан ўт чиқиб кетди. У бўрини қоятошга тираб, сиқди! Сиқди! Бўрининг кўзлари оқиб кетгандай бўлди! Тиллабурамашох шохларини лаҳзада ажратди-ю, тўғридаги қоянинг энг пастқам кемтиги – тангисини кўзлаб чиқди ва… чақмоқдай ўзини қаршисидаги эниш тарафга ташлади…
Тиллабурамашох қорни бўйи келадиган дарё қаршисидан чиқиб қолганда тун эди. Қандайдир кенгайиб кетган осмон… тўла юлдуз… юлдуз… Дарё тўла юлдуз… шарақлаб-шарақлаб тебраниб ётган юлдуз… У энди ўзига келган, ёвларидан қутулиб кетганини билар, аллақандай кўнгли хотиржам тортганди. Чанқагани эсига тушди. Тамшанди. Олазарак бўлиб сув ичди. Дарёнинг иккинчи қирғоғи тарафларда – олис-олисларда тизма тоғлар нигоҳларини чулғади. Сувга тушиб, ўмганлаб-ўмганлаб қирғоққа чиқди. Силкинди. Танасига қандайдир куч йиғилгандай бўлди. Югургилаб кетди. Қанча югургилади… Ногаҳон саҳродан чиқиб қолди. Ҳа, тоғ тизмалари бўйлаб қаршисида поёнсиз саҳро ётарди. Қаердадир адашганди. Ҳали тоғларда кўкиш туманлар элас-елас кўзга ташланарди. Бироқ ватани чўққиларига ўхшаш чўққилар, туманлар орасида қалқиб тургандек туюлди унга. Демак, саҳрони кесиб ўтиб, тоғларни қоралаб бормоқ керак бўлади. Саҳро ўт-алафларидан чирт-чирт узиб еди. Аллақандай, чоғроқ тошдай жонзотга дуч келди. У тўнтарилиб ётар, тўрт оёғини тинимсиз қимирлатар, аммо улар ҳавода муаллақ тебранарди, холос. Бирдан унга тикилиб қолди. Илкис, бир шарпа орқасида тургандай, ваҳимада жонивор устидан сакраб ўтиб кетди. Беихтиёр унинг бир орқа туёғи ҳалиги жонзотга тегиб кетди. У ўнгланиб олди… Бу саҳро ўртасида тўнтарилиб ётган Она тошбақа эди.
V
Эрта турган бош тоғ беги Ражаббой соя-салқинда алқорлардан хабар олиб келмоқчи бўлиб, тоғлар тўрига – Бургутли қоялари томон йўл олди. Отининг жиловини салқи қўйиб, теваракни қўш кўзлаб дурбини билан кузатиб борди. У сой бўйлаб, ота-боболари экиб кетган, бугун-да юз йилдан ёши ошиб кетган ёнғоқлар оралаб кетар экан, ғоят мамнун эди. Бунақа хуш ҳаво тоғ ер юзида битта бўлса керак, дея ўз-ўзига жилмайиб қўйди. Алқорлар ҳам қай жойни ватан қилишни билар экан-да, саҳро-чўлларда яшай олмайди. Жуда баланд, масалан, уч минг метрдан ошган тоғларда ҳам яшай олмайди. Улар учун денгиз сатҳидан икки, икки ярим минг метр баланд ерлар асл жойлар ҳисобланади. Бекорга ёввойи қўй, дейилмас эканда. Қўйларга ҳам бу тоғлар энг қулай жой, ахир.
Шундай хаёллар билан кетар экан, ора-чора сойнинг икки бетида маза қилиб ўтлаб юрган алқорларни кўрди. Қозоқмозор деб аталмиш жойга етганда отидан тушиб, уни бир учқатга боғлаб, “булк-булк” қилиб, қайнаб чиқаётган чашма бўйига келиб ҳовучлаб сув ичди. Сўнг ён томондаги бир қоя устига чиқиб борди ва бу қулай жойдан алқорлар сурувини кузата бошлади.
Ё, фалак! Қичқириб юборди Ражаббой, дурбин ойнаклари ёнида Тиллабурамашох турарди! Йўқ, дурбин адаштираяпти, кўзлари алдаяпти, бўлиши мумкин эмас… Тиллабурамашох!
Чўнтагини пайпаслаб, қўлрўмолини топди. У билан дурбин ойнакларини артди, кейин кўзларини артди. Қаради. Тиллабурамашох! Тағин қаради, Тиллабурамашох!..
Отига чопди. Ета солиб, унга сакраб минди. Сурув томон от қўйди. Бир камарчани жадаллаб кесиб ўтиб, алқорларни бетлади. Катта сурув бу ердан азот кўриниб турар эди. Худди ўзи – Бурамашох! Ўзи! Уни қандай танимаслик мумкин… Лекин бу ерда қандай пайдо бўлди? Пойтахтга олиб кетишган эди-ку?..
Ражаббой ҳамон ҳайрат, ҳаяжонда эди. Қандай ўй-хаёллар қилишни ҳам билмай қолди. Саволлари кўп, жавоблари йўқ. Мобил… Уйда қолибди. Қўл телефонидан кўп фойдаланмайди. Бу тоғларда ким билан ҳам гаплашади. Шаҳар-пашарга тушса бошқа гап. У отнинг жиловини уйи томон бурди.
Ўша куни шомдаёқ пойтахтдан бўртиқ холли йигит ёрдамчиси билан етиб келди. Унинг ранглари ўчиб кетган. Қоши орасидан холи яна-да бўртиб чиққандай. Унинг айтиб беришича, ўлган ўлган, қолган қолган.
Тиллабурамашох ла’нати ме’морнинг айби билан қўриқхона деворига яқин қуриб қўйилган қоя-чўққидан чегара оша сакраб ошиб қочиб кетганидан буён уйқу-пуйқини билмайди. Тиллабурамашохни изламаган жойи, дараклатмаган қулоғи қолмабди. Ахир уни Катта жуда яхши кўриб қолганди. Агар билиб қолса, отади, ҳа, нақ отади! Лекин Тиллабурамашохнинг ўз макони – бу тоғларга йўналганини ҳеч кимса хаёлига ҳам келтирмаган эди. Ахир, бу ҳайвон-ку… шунча узоқ йўлдан – Мағрибий Тёншондан Туркистон тизмалари орқали Нур тоғларига… Йўқ, йўқ, бу ҳайвон эмас, бекорга шоҳида “Аллоҳ” сўзи тамғаланмаган. Ражаббой, Вақтида телефон қилиб, хабар берганинг учун минг-минг ташаккур. Мени кўп ёмон нарсалардан асраб қолдинг. У бир тоғдан олиб, бир боғдан олиб, Ражаббой ҳовлисидаги супага қалин тўшак солдириб, уйқуга кетди.
Эрталаб Ражаббойнинг тоғ бегилари Тиллабурамашох сурувининг Алқорқамоқ сайҳонида эканлиги хабарини етказишди. Алқорқамоқ сайҳонлигини табиий тошқўрғон, деса бўлади. Тошқўрғон теварагининг уч тарафи баланд қиррадор қоялар билан қуршалган, бир тарафи эса таги кўринмас зов, тошжарлик. Зовга туташиб кетган биргина тошдарвозаси бор. Алқорлар шу дарвозадан киради-да, ўзларини нақ қамоқхонага тиқишади. Алқорларнинг бу жойга тез-тез кириб, ёйилиш сабаби, сайҳонлик ичи ўт-ўланга тўла. Шувоқ дейсизми, буғдойиқми, туятовонми, кийикўтми, какрами, зирами, ўлмасўтми, сигирқуйруқми, андизми… ҳаммаси топилади. Бундан ташқари, учқат, қорабодом, сўўз, ирғай, итбурун, қизилча сингари дарахтлар, буталар ҳам қалингина. Буларнинг япроқларини алқорлар икки олд оёғини дарахт таналарига тираб олиб, “чирт-чирт” узиб, роса маза қилишади.
Бугун ҳам сурув маза қилиб ёйилмоқда. Кун чошгоҳга яқинлаб қолган. Тиллабурамашох ўз Ватанида, эркин, озод, унинг етиб келганига ҳам ҳафта бўлиб қолди. У тағин шаҳлокўз сулувлари қуршовида, бир қанча қўзичоқлари сакраб-сакраб ўйнайди, диркиллайди, диконглашади. Қўчқорчалари бир-бирига калла ташлашади.
Ражаббой бўртиқ холли йигит, ёрдамчиси ва икки қоравули билан тошдарвоза олдида пайдо бўлишганда, Тиллабурамашох бир учқат шохларига осилиб, ковшанмоқда эди. Унинг кўзлари “ялт” этиб, бўртиқ холли йигитга тушди. Юраги жизиллаб кетди. Ўша кимса… ёнида шотири… қоровуллар… Сардор учқатдан оёқларини зудлик билан пастга туширди. Жон ҳолатда сурувига қараб, ма’ради. Сурув зум ўтмасдан уни ўраб олди. Тиллабурамашох уларни зов тарафга суриб кетди. Сурув зовни ёнлаб тўхтатди. Тек қотди. Ҳаммасининг кўзлари тошдарвоза олдига қадалди. Қулоқлари таранг-динг. Бирортаси қилт этмайди, ҳавода пашша учса билинади.
Ражаббой шерикларига нимадир деди-да, ўзи ўлжани ухлатадиган ўқ-дорили остин-устинли қўшоғиз милтиғини орқасига яшириб сурув томон юрди. Аста… оҳиста… аста… оҳиста… Тиллабурамашохнинг… кўзлари сеҳрлангандек… холлида… икки оёқли бўрида… Тоғ бегида эмас, ўшанда… Ражаббой… аста… оҳиста… аста… “Шип-п!..” Тамом! Тиллабурамашохнинг олдинги икки оёғи букилиб кетди, тентираб-тентираб, бўксаси билан бир тошга тиралиб, йиқилди. Сурув тум-тарақай бўлиб, ҳар ёнга сочилиб қочди. Бўртиқ холли йигит қандайдир чаққонлик билан бир зумда, Ражаббойга ҳам қарамай Бурамашох ёнига етиб келди. Келди-ю унинг шохларидан маҳкам ушлаб олди. Ушлаганда ҳам “Аллоҳ” тамғасининг устидан беркитиб ушлаб олди. Ушлаган қўли бир “жиз” этгандай бўлди-ю… Бу етмагандай бўйнига ўтирди. Ўҳ-ҳ… Бу ёғи лаҳзада содир бўлди. Тиллабурамашох зарб билан сакраб турди. Турди-ю… зов томон отилди. Холли йигит нима бўлаётганини ҳам англамай, Тиллабурамашохнинг шохларидан қўлларини ҳам ололмай, у билан тубсиз зов-тошжарга учди.
* * *
Бургутли қояда юз берган бу воқеаларни кузатиб турган жуфт бургут ҳавога кўтарилди. Сўнг ваҳмкор зов тепасида кенг доира ясаб, уча бошлашди…
Тоғ бегилари жон ҳолатда дара-камарларни бу ерга айланиб келганларида, холли йигит қонга беланиб ётарди. Аммо Тиллабурамашох йўқ эди…
Ражаббой мўмиёли чўққига бир нигоҳ ташлаб қўйди…
2017-йил октабр
Манба: «Ёшлик» журнали, 2019 йилю 4-сон
Bu tillaburamashox alqor qo‘chqorini Nur tog‘larida toqqa aloqador kimsalar bilardi. Xususan, birinchi galda tog‘ begilari, keyin ovchilar, cho‘pon-u cho‘liqlar, yilqichilar, ba’zi o‘tinchilar u haqda turli afsonalar-u ertaksimon gaplarni to‘qib yurishardi. Tillaburamashox bu makondagi eng katta suruvning yetakchisi edi.
Azim SUYUN
TILLABURAMASHOX
Nasriy manzuma
I
Bu tillaburamashox alqor qo‘chqorini Nur tog‘larida toqqa aloqador kimsalar bilardi. Xususan, birinchi galda tog‘ begilari, keyin ovchilar, cho‘pon-u cho‘liqlar, yilqichilar, ba’zi o‘tinchilar u haqda turli afsonalar-u ertaksimon gaplarni to‘qib yurishardi. Tillaburamashox bu makondagi eng katta suruvning yetakchisi edi. U juda aqlli, shuurli, ziyrak, tezfahm, idrokli sardor edi. Suruvini har qanday balo-qazolardan yiroq tutar, xavf-xatarlardan omon saqlardi. Burni-qanshari begona, yot hidlarni tez tuyar, shamolmi yoki oddiy yelmi, tashuvchi sizimlarni barhaq sezardi. Uning ko‘zlari ham tun qushlarinikidek o‘tkir edi. Aytaylik, biror ovchi suruvni olislardan durbin bilan kuzatayotgan bo‘lsa, uni ham bir nigoh ila ilg‘ardi. U ilondan qo‘rqmasdi, uning iniga tumshug‘ini tiqardi va ilashib chiqqan ilonni yerdi. Ko‘zlarining o‘tkirligi shundan, deyishadi tog‘ning qo‘lbola tabiblari.
O, quloqlar… quloqlari-chi, ilon sudralib yurganida chiqaradigan silliq to‘lqinsimon tovushlarni ham eshitardi. Albatta, bular Tillaburamashoxni ogohlantirguvchi, hayot tarzini ta’min etguvchi tabiiy zaruriyat. Bulardan ham muhimi, tag‘in uning chopqir oyoqlari, qattiq tuyoqlari edi. Ana shu oyoqlari har qanday yovdan qutqarib ketardi: to‘rt oyoqli yovidan ham, ikki oyoqli yovidan ham. Biroq bu tillaburama shoxi… U – barcha yovlarini chorlaguvchi, o‘ziga ohanrabodek tortguvchi, hatto qushlarni ham qiyo boqtirguvchi bir mo‘jizaviy matoh. Gap shundaki, buramashoxining gugurt qutisi joy bo‘lgudek ichki burama belgi joyi tilla suvi yuritilgandek yaraqlab turardi. U kunduzi-ku kunduzi, hatto tunda ham shu’lalanardi.
Sardorning bu shoxini Nur tog‘lari qo‘riqxonasining tog‘ begilari kech payqadi. To‘g‘rirog‘i, qo‘chqorcha, rostakamiga bu makondagi barcha suruv qo‘chqorlarini olishuvlarda yengib, yetakchilikni olgandan keyin ko‘zga tashlanib qoldi. Unga ilohiy tus ham berildi: shoxida “Alloh” degan yozuv bor ekan. Bu rost edi. Shundan so‘ng u Tillaburamashox nomini oldi. Qo‘riqxona ma’murlari-yu tog‘ begilari unga alohida diqqat-e’tibor qaratib, hushyorlik bilan qo‘riqlay boshladilar.
II
Mana, Tillaburamashox bir oydan oshdiki, mamlakat bosh qarorgohining noyob qushlar, ba’zi jonivorlar boqiladigan daryo bo‘yidagi qo‘riqxonasida. U juda xomush. Yuragi qop-qorong‘u. Hech narsa tatimaydi. Qo‘riqxonaning ichki qo‘raxonasidan o‘z ixtiyori bilan tashga chiqmaydi. Uni ko‘pincha maxsus yashil kiyim kiyib olgan, o‘ttiz yoshlar chamasidagi bo‘rtiq xolli mutaxassis yigit – mol do‘xtiri qo‘radan haydab chiqadi. U Tillaburamashoxning qo‘riqxonani aylanib yurishini istaydi. Yam-yashil bo‘lib o‘sib yotgan o‘t-o‘lanlardan yeyishini xohlaydi. El boshining xursand bo‘lishini, uni ko‘rgani kelgan mehmonlarining xursand bo‘lishini istaydi. Qayda, Tillaburamashox o‘tlarni chimdigandek bo‘ladi-yu, ammo astoydil yemaydi.
Tillaburamashox o‘y-xayolida faqat tug‘ilib o‘sgan ota makoni, ona yurti – Vatani. Ha, faqat o‘sha – Nur tog‘lari. Ko‘kka bo‘y cho‘zgan bahaybat, tik baliqsimon besh cho‘qqi. Ilono‘tdi darasidan boshlanib, Qizilqum cho‘llarigacha cho‘zilib ketgan yuksak tizmalar, bu tizmalar dara-kamarlar oralaridagi qora daraxtzor-u butazorlar, bel bo‘yi maysalar, buloqlar boshlaridagi qovg‘alar, pastga qarab yo‘nalgan irmoqlarning ikki qirg‘og‘i bo‘ylab o‘sib yotgan mayda qizil gulli sovuno‘tlar, qirqbo‘g‘inlar… To‘g‘ri, qarorgohning qo‘riqxonasida ham hamma narsa bor. Bo‘z ham, maysa ham. Har kuni beda-yo‘ng‘ichqa bog‘lamlari tashlashadi, xas-xashak, qandaydir begona is keladigan yem-yemak. Daryo suvining bir arnasi qo‘riqxona oralab oqib o‘tadi. Ularda shirmoyi baliqlar suzishadi. Ariq bo‘ylari sero‘t. Ammo tug‘ilgan vatani ozodlik, erkinlik… ularni faqat tutqunlikda anglar ekansan. O‘ho‘.. o‘h… u yuksak tog‘lar… u tog‘larning yellari, nasimlari, shabadalari, shamollari, hatto bo‘ron-to‘fon, qoru quyunlari…
O‘hh… Katta gaza epkinlari… gaza yotoqlari… Gazadan olis-olislar ham ko‘rinib turardi. Bu yerdan kavshangan ko‘yi ko‘z nurlari yetgunchalik joylarni kuzatib yotish – oromijon. Tillaburamashox uzoqlarda chayqalib yotgan marvaridrang ko‘lni tomosha qilishni yoqtirardi. Oh, u tunlar… seryulduz tunlar… sumbula suvidek yarqiroq kechalar… osmonni to‘ldirgan oy yorug‘lari… ko‘z oldingdagi jilva-shu’lalar… nur chizimlari… sim-sim o‘yin-nozlar…
Vatanida faqat uning qavmlarigina yashamasdi. Tevarak to‘la jonzot… Ko‘rinib, ko‘rinmaydigan xilqat, hayrat. Ko‘kda, deyarli doimiy bir juft burgut bir maromda qanot qoqadi. Go‘yo erinibgina parvoz qiladi. Ammo biror o‘ljani ko‘rganda, shiddat bilan pastga sho‘ng‘iydi. Qanotlari tebratgan havodan alqorlar ilkis hurkib ketadi. To‘da-to‘da tirsillagan to‘ng‘izlar hurqullashib-purqillashib, kamarlardagi buloqlarning bo‘y-botqoq irmoq yerlarini tumshuqlari bilan ilma-teshik qilishadi. Jayralar sixlarini tikraytirib, giyohlarning, o‘t-alaflarning tomir-ildizlarini timirskilab, kovlash bilan ovora. Qo‘shoyoq, tog‘ sichqon-kalamushlari u butaning tagidan bu butaning tagiga, bu butaning tagidan u butaning tagiga yugurgilab yurishadi.
Gazadan bir juft tulkining makoni yaqqol ko‘zga tashlanib turadi, ota-onasi qaylargadir ketishi bilan, bolalari inlari oldiga chiqib olishib, o‘ynagani-o‘ynagan. Bir-birini yulqishgani-yulqishgan.
O‘h-h… o‘h… o‘h… erkin hayot, maroqli hayot, jozibali, ishqboz hayot… osoyishta hayot… To‘g‘ri, hamma vaqt ham shunday emas, ammo hamisha erkinlik, hamisha ozodlik, hamisha g‘ir-g‘ir shabboda, gaza epkinlari hamishalik…
Tillaburamashox bo‘g‘riqib ketdi, yotgan joyidan turib kerishdi, silkindi. Yotoq-qo‘radan chiqib, arna tomon yurdi. Suv ichgandek bo‘ldi. Arnaga tikilib qoldi. Ko‘z oldiga Oqbuloq keldi.
Oqbuloq Ota Archaning soyasi yetgudek yoyilmasidan qaynab chiqadi. Uning suvi ko‘z yoshidek tip-tiniq. Tillaburamashox suruvni ko‘pincha oq buloqqa boshlab keladi. Ular cho‘qqilardan, qoyalardan yonbag‘irlarga asta-asta tushishadi, toshloq qiyaliklarni oralab, bir so‘qmoqdan turnaday tizilishib, buloq tomon sardorning ortidan ergashishadi. Buloqqa yaqinlashavergach, qorovullikni ham unutishmaydi. Sardor qatordagi biror a’zosiga ishora beradi. U shu kez safdan chiqib, Ota Archaning tepa tarafidagi o‘mrovli qoyaning ustiga chiqib olib, atrofni olazarak kuzata boshlaydi. Suruv miriqib suv ichib olgach, o‘zlariga soya-salqindan joy tanlaydi. Soya bir bet bo‘lguncha huzurlanib orom olishadi. O‘h-o‘h-o‘h… ular qayoqda qoldi. Suruvi qani? Shahloko‘z malikalari qayerda? Dirkillagan qo‘zichoqlari-chi? Qani oq bulog‘i? O‘zi nima bo‘ldi?
O‘sha kuni, ya’ni bundan bir oylar chamasi oldin suruv Beshqoya yonida yoyilib yurardi. Yurti gullab-yashnagan payt, yam-yashillik saltanati. Beqiyos qiyoqlar, giyohlar, g‘unchalar, ko‘plari ochilgan, yaproqlari taranglashgan, qishdan omon-eson chiqib olgan suruv yutoqqan… Peshinga yaqin gazada uch otliq paydo bo‘ldi. Tillaburamashox ikkitasini tanidi, ular kiyimidan ma’lum, doimo mehribon ko‘zlar bilan qarovchi o‘zlarining qadrdon qorovullari edi. Biroq uchinchisi begona, o‘ng qoshining bir yonida bo‘rtib turgan qop-qora xoli bor notanish yigit…
Tillaburamashox yuragi allatasin bo‘lib ketdi. Uning shuuridan nimadir sizib o‘tdi. Nimadir yuz beradigandek… Suruvni boshlab Beshqoyaning ters tomoniga yo‘naldi. Ammo ko‘p o‘tmay bir tog‘ begining yolg‘iz o‘zi uning qarshisida paydo bo‘ldi. Nimadir “shirt” etdi. Tillaburamashoxning etiga chippa yopishdi. U qadrdon qorovuldan buni aslo kutmagandi. Keyin… ko‘zini ochganda bo‘rtiq xolli yigit va yana ikki-uch fason bo‘ydor kishilar uning ustida turardi. Tillaburamashoxni o‘sha kuni-tundayoq panjarali mashinada ushbu dargohga keltirishdi.
III
Elboshi Tillaburamashoxni yoqtirib qoldi. Uni qo‘riqxonaga sayr etishga taklif qilishganda, Tillaburamashox shoxidan shu’la taratib, qo‘riqxona devori bo‘ylab, asta-asta yurib turardi. Ataylab qilgandek, ko‘rgazma namoyishiga chiqqandek tam-tam yurardi. Yo rab! Uning qomati… ko‘rki… tarang, suluv oyoqlari… tik boquvchi qora, shahlo ko‘zlari… qoramtir malla rang ichida qordek oq o‘mrovi, tekis, silliq badani… ayniqsa, Tillaburamashoxi… shu’lador “Alloh” chizgilari…
– O, krasaves! – u butun hayratini bir so‘zda jamlab, xitob qildi va ish boshqarmasi boshlig‘iga yuzlanib shunday dedi: – Bilasanmi, unga bu yerda nima yetishmaydi, cho‘qqi… tog‘ cho‘qqisi… skala… Quringlar, kelgan mehmonlarim uni qoya ustida ko‘krak kerib, quyoshga qarab turganligini ko‘rsin. Nur taralayotgan tillashoxini ko‘rib, maftun bo‘lsin! “Alloh” so‘zini nurda o‘qisin. Biz Allohning suygan farzandlari ekanligimizni, ular bu dunyodagi eng baxtli fuqaro ekanliklarini bilsinlar!
Ko‘p o‘tmay, qo‘riqxona bo‘ylab, tog‘ tomonga qaragan ma’lum bir masofada cho‘qqi-qoya qurish ishlari boshlanib ketdi.
Tillaburamashoxning ichi esa yorishmasdi. Kun-tun vatanini o‘ylardi, unda shamolday erkin-emin kezib yurganliklarini bir zum bo‘lmasin esidan chiqarolmasdi. U ozod xilqat edi. Oilasi – suruvi ham ozod va erkin edi. Ular jam bo‘lib, Alloh bergan erkinlik nash’alarini surishardi. Bu ularning oddiy hayot tarziga aylangandi. Bu dunyoda vataningdan, ozodligingdan, erkinligingdan qimmat narsa yo‘q ekan. Tog‘ begilari ahyon-ahyonda katta daraga barcha katta-kichik suruvni yig‘ishib, sanoq o‘tkazishar edi. O‘ho‘… bu to‘plandilar, to‘s-to‘polonlar, olishuvlar, bir-biriga shox tashlashuvlar… Ularni hatto Burgutli qoyaning olmos ko‘z burgutlari, Shovulloq sharsharasining ko‘k kaptarlari ham tomosha qilishardi. Kakliklar “qaqi-baq… qaqi-baq…”larini to‘xtatishardi. Toshto‘rg‘aylar dumparlarini likillatishib, alqorlar ustida u yonga, bu yonga uchishib tomosha qilishardi. Bu makondagi to‘ng‘izlar bu paytlarda oyoq ostlarida qolib ketmasliklari uchun o‘zlarini xoli joylarga olishardi.
O‘h-o‘h… Mutlaq g‘olib bo‘lgan kuni. Bu lahzalarni esidan chiqarish mumkinmi? Yo‘q! Yo‘q! Aslo! Ayniqsa, suruv sardorligi uchun shiddatli kurash paytlarini… Bu vaqtlarda bir-birini ayash yo‘q! G‘oliblik, yetakchilik, sardorlik yo‘li – shafqatsizlik yo‘liga aylanadi. Zo‘ravon – yetakchi! Kuch-quvvat – yetakchilik! Bu kurashda hatto halokat yuz beradi. Fojia oddiy holatga aylanadi. Tabiatning beshafqat, izchil hukmi azaliy, abadiy!
Tillaburamashox o‘sha kuni bir ko‘z bo‘lib qolgan sardor bilan jangga tushdi. Uning bir ko‘zi ko‘rmasa-da, juda baquvvat edi. Jangari edi. U sardorlikni Tillaburamashoxga topshirishni xayoliga keltirmasdi. Olishuv uzoq davom etdi. Eng dahshatlisi, shoxlar shoxga oralab, kirib qoldi. Buramashoxlarni bir-biridan ajratib olish juda og‘ir edi. Bir-birini itarishar, ortga-oldga tislantirishardi. Bu jangda g‘olib aniqlanmasligi ham mumkin. Chunki har ikkisining ham yiqilishi, yo jangni tashlab qochishga imkoni yo‘q. Holdan toyishsa, shoxlar shoxga tiralishib, tin olib turishaverardi.
Tillaburamashox bu holdan qanday chiqib ketish yo‘lini topa olmadi. Ammo tajribali bir ko‘z sardor ilojini topdi. U tumshug‘ini yerga tirab oldi, bo‘lajak sardorning kuch-quvvatiga tan bergandek, tek turdi. Tillaburamashox “Alloh” yozuvi muhrlangan shoxini yonlatib, raqibi shoxidan chiqarib oldi. Chiqarib oldi-yu ortiga bir tislanib, sardorning biqiniga shox urdi!
Tillaburamashox g‘olib edi! Mag‘rur kerildi. Vatani saltanatining endi yagona hukmdoriga aylandi. Endi barcha alqorlar, ular suruvlari unga tobe-tobun edi axir!
Mana, endi ozodlikdan, erkinlikdan mahrum. Vatandan mahrum. Bo‘rtiq xolli yigit unga ko‘z-quloq. Ikki marta ko‘pchilik bo‘lib, yiqitishib, badaniga nashtar ham urib ketdi. Xolli yigitni ko‘rgani ko‘zi yo‘q. Uni vatanidan judo qilgan shu. Qani, endi tuyoqlari ostiga olsa, ezg‘ilab tashlasa… O‘h-o‘h… o‘h…
Nihoyat, qoya-cho‘qqi ham bitdi.
Qoya-cho‘qqi juda hashamatli. Albatta, vatanidagi cho‘qqilarga, qoyalarga o‘xshamaydi. Ammo.. birdan Tillaburamashoxning xayoli tobga keldi, shuuridan olis bir kechinma yalt etib o‘tdi. O‘shanda iliq, yumshoq yoz tonglaridan biri edi. Tillaburamashox har bir tong quyoshini tik yuksak qoya zirvada o‘zi kutib olardi. So‘ng asta-sekin suruvning qo‘rqmaslaridan bitta-ikkitasi ortidan ergashadi.
O‘shanda u qoyada yakka turardi. Uning badani nurlardan rohatijonlanib, kumushlanadi. “Alloh” yozuvi cho‘g‘lanardi. Tillaburamashox pastga – kamarning quyuq soyalariga sinchkovlik bilan tikildi. Qandaydir o‘ta jim-jitlik. Jim-jitlik… sukunat… Qoyadan azot ko‘rinib turadigan, enlab o‘sgan sershox qora do‘lana tagida nimadir g‘imirlaganday… Sirli vahm… Ortiga burilmoqchi edi… “qars-s!” Zarb! O‘q yarim odim adashdi. Sardorni zarb uchirib yubordi. U havoda muallaq pastga sho‘ng‘idi. Uchib borayotib , toshdek tushadigan yerini nigohladi. “Yo Alloh!..” Tillaburamashox bir o‘mbaloq oshib, zil shoxlari to‘basini tikka pastka qaratdi. Ulgurdi. To‘ba-shox yerga urildi!
Uzun butli ovchi “hay-hay”lab, yugurib kelguncha joni omon qolgan Tillaburamashox o‘zini o‘nglab oldi-yu kamar etagi bo‘ylab odam bo‘yi o‘sib yotgan quyuq pidanalarni oralab yo‘qoldi.
Ha, shunday bo‘lgan edi.
O‘sha Vatanidagi cho‘qqi-zirvalardan pastroq qurilgan qoya. Uni bitirib, ishlovchilar qorasini ko‘rsatmay ketishdi. Tillaburamashox qizg‘ish-qirrador qoya toshlari yoniga borib, yonlab ishqalandi. U yer, bu yerlarini shoxi bilan turtib ko‘rdi.
Asta-sekin qoya-cho‘qqi sari qadam tashlay boshladi. Har qalay qo‘riqxonaning sim to‘siq, devorlaridan yaxshi-da. Uzoqlarga qaraysan, uzoqlarni ko‘rasan, Ehtimol, uning ustidan vatani ham ko‘rinib qolar, hech bo‘lmasa Beshqoya cho‘qqilari… Tillaburamashoxning cho‘qqilari har qanday joydan ham ko‘rinadi. Axir, u dunyodagi eng baland, havodor, shamoldor, tik cho‘qqilar. O‘h-o‘h… vatani cho‘qqilari. Ular ustida qoya yoriqlaridan unguvchi yo‘sin-mohlar, ular toti… o‘h… o‘h… Ayniqsa, qalp-qaltis qoyatoshlar orasidan sizilib chiqib, qotib qolgan mo‘miyolar… qop-qora yaltiroq, silliq dorivorlar… o‘qlardan yaralanganda jon ato etguvchi malhamlar… tiriklik malhamlari… o‘h-o‘h… o‘h…
Vatan sog‘inchi, erkinlik sog‘inchi. Tillaburamashoxni hushdan ketkazayozdi.
IV
U qochib borardi. Ko‘zlariga ishonmasdi. Biroq qochqinga aylanganligi haqrost edi. Taralib oqayotgan daryodan o‘tib oldi. Uzoqdan yaqqol ko‘rinib turgan qorli tog‘ni qoralab, u tomonga yugurib ketardi. Oyoqlariga ishonardi. Garchi qo‘riqxonada ular tolg‘inroqqa aylangan bo‘lsa-da, mustahkam edi. Bora-bora tolg‘inliklardan asar ham qolmadi. Chigillar butkul yozilib ketdi. U olazarak bo‘lib yugurardi. Noxushlik keltiradigan hech bir narsa nazaridan chetda qolmasdi. U avval qir-adir qishloqlarini yonda qoldirib o‘tdi. Ba’zi qishloq itlari uni ko‘rib qoldi. Orqasidan quvgandek bo‘ldi, yetib bo‘pti. Akillab-akillab qolib ketishdi. U qarshisida turgan oppoq tog‘ tomon yugurgilab ketardi. Shunga yetib olsa bo‘ldi. Keyin o‘zi biladi… Vatanini topadi. Ozodlikning orti – Vatan. Vatanini topsa, erkinlik hayoti o‘sha yerda. Erkinlik hamma joyda ham tatiyvermaydi. U vatanda tatiydi. O‘h-o‘h… Erkinlik – Vatanda tatiydi faqat! Ana shu erkinlik deb, ozodlik deb, Vatan deb, oila-suruvini deb, qo‘riqxona devorlariga yaqinroq qilib qurilib qo‘yilgan tik qoya-cho‘qqidan “Yo, Alloh!” – deya tashga sakrab uchdi! “Alloh!” deb, erkin hayotga uchdi, Vatani tomon uchdi! Mana, murodiga yetdi. Tillaburamashox ozod. U, mana, qorli qoyalarga tirmashib chiqmoqda. Gurtiklarni o‘mganlab yorib bormoqda. Ko‘chki surilishlarini chetlab o‘tmoqda. U bir qoyaga chiqib oldi. Toliqdi, ammo charchagani yo‘q! Tin oldi! Olis-olislarga boqdi. Poyonsiz tog‘… tizmalar… tizmalar… o‘rkach-o‘rkach qoyalar… archalar… archazorlar, Tillaburamashox ko‘rmagan qandaydir daraxtlar, butalar, qirrador-qirrador toshlar, o‘ydim-chuqurliklar, jarlar, o‘pqonsimon ungurlar, jonalar… Vatani qayoqda? Uning vatani qaysi tomonda? Shunday ochiq havoda ham nega Beshqoyasi ko‘rinmaydi? U hamma joydan ko‘rinishi kerak edi-ku… Qani u? Uning jon-jahoni Makoni qayerda? Alloh!.. madad ber!..
Tillaburamashox tin olib turgan qoyaning ortidan quyosh nurlari osmon yuzini yorita boshladi. O‘h-o‘h… o‘h… Uning shuuri birdan yorishib ketdi. Axir, vatanida ham quyosh osmonga shu tarafdan ko‘tarilar edi-ku. Demak, uning vatani bu tog‘larning ortida emas, etaklab ketgan tomonda, quyosh botishi tomonda, Kunbotarda.
Tillaburamashox shitob bilan qoyadan tushdi. Yugurgilab ketdi. Tizmalarni qiyalab yugurgilardi. Quyosh bir oqterak bo‘yi ko‘tarilganda, morollar suruviga duch keldi. Ular quloqlarini dik qilgancha, bu begona shoxdorga hayrat bilan tikilishdi. Tillaburamashox ularni yonlab o‘tib ketdi. Shu ketishda qancha yurganini bilmaydi, ammo kun peshindan o‘tib qolganda uzoqdan bir juft qizil bo‘rini ko‘rib qoldi. Ha-ha, qizil bo‘ri. Xayriyat, ularni Tillaburamashox birinchi bo‘lib ko‘rdi.
Birinchi bo‘lib ko‘rishda gap ko‘p. Qochish yo‘lini bir daqiqada shuuring bilan belgilab olasan, shunga qarab, qismatingni ham hal qilishing mumkin. Bo‘rilar ham uni ko‘rdi. Xatarli quva-quv boshlandi. Hayot-mamot lahzalari… Tillaburamashox bo‘rilarni ko‘p ko‘rgan. Bo‘rilar o‘z vatanida ham kam emas. Faqat bu bo‘rilarning ranglari qizg‘ish ekan. Jussalari ham vatani bo‘rilaridan kichikroq. Tillaburamashox hatto birining, ya’ni ona bo‘rining qorni qappayganligini – bo‘g‘oz ekanligini ham ilg‘adi. Biroq ular chaqqongina, shuvillab orqasidan qolmaydiganlardan, shekilli. Tillaburamashox jon-jahd bilan qochishga tushdi. Bo‘rilar ikki yondan kelardi. Uni o‘rtaga olmoqni mo‘ljallar edi. Bu usulda sardor ikki-uch marta vatani bo‘rilari bilan tirashib ko‘rgan. Shu bois u to‘lg‘ama usulida, ya’ni goh o‘nga, goh chapga o‘zni tashlab, qochish usulini tanladi. Bu yo‘sinda anchagacha qochdi.
Ammo bo‘rilar ortidan qolmasdi. Tillaburamashox keskin burildi, yo‘lni tikka pastlik – shag‘allik enishga yo‘naltirdi. U bamisoli bir burama loyqa shiddatli sel oqimiday oqib ketdi. Bo‘rilar bunday holatni kutmagandi. Ona bo‘ri bir qoyacha ustida itolg‘iqushday holsizlanib turib qoldi. Ammo arloni quvishda davom etdi. Odatda bo‘ri zoti tik enimga tik yugurolmaydi. O‘mbaloq oshib ketishi hech gap emas. Tillaburamashox bundan ustalik bilan foydalangan edi.
Yo‘q, arloni bo‘ri, endi yolg‘iz bo‘lsa-da, o‘ljani osonlikcha qo‘yib yubormoqni istamasdi. U quvib borardi. Pala-partish toshlarni oralab, sakrab-sakrab quvardi. Tillaburamashoxning chaqmoq shuurida arloni bo‘ri bo‘rtiq xolli yigitga aylandi. Xolli yigit quvardi. Ikki oyoqlab quvardi. Qorachiqday bo‘rtiq xoli qop-qorayib ketgan edi. Qosh-ko‘zi orasidan battar bo‘rtib chiqib ketgan edi u. U quvardi, izidan qolay demasdi.
Tillaburamashox yo‘lni endi qiyalatib yugurib, yuqorilay boshladi. U oldinda ko‘ringan cho‘qqi yonidagi gazani mo‘ljalga oldi. Gazani oshib olsa bo‘ldi, naryog‘i yana enish bo‘lishi kerak…
Gaza… mana, gaza… Gazaga chiqdi! O‘h-h…-h… Oldi qoya edi! Shu asno arloni ham yetib keldi! Tillaburamashox uning ancha toliqib qolganligini sezdi. Fursat g‘animat! Boshqa iloj yo‘q! Tillaburamashox zabt bilan orqaga burildi, “Yo, Alloh!” – u bo‘riga tashlandi! Baquvvat shoxlar chaqmoqday qarsilladi, Shoxlardan o‘t chiqib ketdi. U bo‘rini qoyatoshga tirab, siqdi! Siqdi! Bo‘rining ko‘zlari oqib ketganday bo‘ldi! Tillaburamashox shoxlarini lahzada ajratdi-yu, to‘g‘ridagi qoyaning eng pastqam kemtigi – tangisini ko‘zlab chiqdi va… chaqmoqday o‘zini qarshisidagi enish tarafga tashladi…
Tillaburamashox qorni bo‘yi keladigan daryo qarshisidan chiqib qolganda tun edi. Qandaydir kengayib ketgan osmon… to‘la yulduz… yulduz… Daryo to‘la yulduz… sharaqlab-sharaqlab tebranib yotgan yulduz… U endi o‘ziga kelgan, yovlaridan qutulib ketganini bilar, allaqanday ko‘ngli xotirjam tortgandi. Chanqagani esiga tushdi. Tamshandi. Olazarak bo‘lib suv ichdi. Daryoning ikkinchi qirg‘og‘i taraflarda – olis-olislarda tizma tog‘lar nigohlarini chulg‘adi. Suvga tushib, o‘mganlab-o‘mganlab qirg‘oqqa chiqdi. Silkindi. Tanasiga qandaydir kuch yig‘ilganday bo‘ldi. Yugurgilab ketdi. Qancha yugurgiladi… Nogahon sahrodan chiqib qoldi. Ha, tog‘ tizmalari bo‘ylab qarshisida poyonsiz sahro yotardi. Qayerdadir adashgandi. Hali tog‘larda ko‘kish tumanlar elas-elas ko‘zga tashlanardi. Biroq vatani cho‘qqilariga o‘xshash cho‘qqilar, tumanlar orasida qalqib turgandek tuyuldi unga. Demak, sahroni kesib o‘tib, tog‘larni qoralab bormoq kerak bo‘ladi. Sahro o‘t-alaflaridan chirt-chirt uzib yedi. Allaqanday, chog‘roq toshday jonzotga duch keldi. U to‘ntarilib yotar, to‘rt oyog‘ini tinimsiz qimirlatar, ammo ular havoda muallaq tebranardi, xolos. Birdan unga tikilib qoldi. Ilkis, bir sharpa orqasida turganday, vahimada jonivor ustidan sakrab o‘tib ketdi. Beixtiyor uning bir orqa tuyog‘i haligi jonzotga tegib ketdi. U o‘nglanib oldi… Bu sahro o‘rtasida to‘ntarilib yotgan Ona toshbaqa edi.
V
Erta turgan bosh tog‘ begi Rajabboy soya-salqinda alqorlardan xabar olib kelmoqchi bo‘lib, tog‘lar to‘riga – Burgutli qoyalari tomon yo‘l oldi. Otining jilovini salqi qo‘yib, tevarakni qo‘sh ko‘zlab durbini bilan kuzatib bordi. U soy bo‘ylab, ota-bobolari ekib ketgan, bugun-da yuz yildan yoshi oshib ketgan yong‘oqlar oralab ketar ekan, g‘oyat mamnun edi. Bunaqa xush havo tog‘ yer yuzida bitta bo‘lsa kerak, deya o‘z-o‘ziga jilmayib qo‘ydi. Alqorlar ham qay joyni vatan qilishni bilar ekan-da, sahro-cho‘llarda yashay olmaydi. Juda baland, masalan, uch ming metrdan oshgan tog‘larda ham yashay olmaydi. Ular uchun dengiz sathidan ikki, ikki yarim ming metr baland yerlar asl joylar hisoblanadi. Bekorga yovvoyi qo‘y, deyilmas ekanda. Qo‘ylarga ham bu tog‘lar eng qulay joy, axir.
Shunday xayollar bilan ketar ekan, ora-chora soyning ikki betida maza qilib o‘tlab yurgan alqorlarni ko‘rdi. Qozoqmozor deb atalmish joyga yetganda otidan tushib, uni bir uchqatga bog‘lab, “bulk-bulk” qilib, qaynab chiqayotgan chashma bo‘yiga kelib hovuchlab suv ichdi. So‘ng yon tomondagi bir qoya ustiga chiqib bordi va bu qulay joydan alqorlar suruvini kuzata boshladi.
Yo, falak! Qichqirib yubordi Rajabboy, durbin oynaklari yonida Tillaburamashox turardi! Yo‘q, durbin adashtirayapti, ko‘zlari aldayapti, bo‘lishi mumkin emas… Tillaburamashox!
Cho‘ntagini paypaslab, qo‘lro‘molini topdi. U bilan durbin oynaklarini artdi, keyin ko‘zlarini artdi. Qaradi. Tillaburamashox! Tag‘in qaradi, Tillaburamashox!..
Otiga chopdi. Yeta solib, unga sakrab mindi. Suruv tomon ot qo‘ydi. Bir kamarchani jadallab kesib o‘tib, alqorlarni betladi. Katta suruv bu yerdan azot ko‘rinib turar edi. Xuddi o‘zi – Buramashox! O‘zi! Uni qanday tanimaslik mumkin… Lekin bu yerda qanday paydo bo‘ldi? Poytaxtga olib ketishgan edi-ku?..
Rajabboy hamon hayrat, hayajonda edi. Qanday o‘y-xayollar qilishni ham bilmay qoldi. Savollari ko‘p, javoblari yo‘q. Mobil… Uyda qolibdi. Qo‘l telefonidan ko‘p foydalanmaydi. Bu tog‘larda kim bilan ham gaplashadi. Shahar-pasharga tushsa boshqa gap. U otning jilovini uyi tomon burdi.
O‘sha kuni shomdayoq poytaxtdan bo‘rtiq xolli yigit yordamchisi bilan yetib keldi. Uning ranglari o‘chib ketgan. Qoshi orasidan xoli yana-da bo‘rtib chiqqanday. Uning aytib berishicha, o‘lgan o‘lgan, qolgan qolgan.
Tillaburamashox la’nati me’morning aybi bilan qo‘riqxona devoriga yaqin qurib qo‘yilgan qoya-cho‘qqidan chegara osha sakrab oshib qochib ketganidan buyon uyqu-puyqini bilmaydi. Tillaburamashoxni izlamagan joyi, daraklatmagan qulog‘i qolmabdi. Axir uni Katta juda yaxshi ko‘rib qolgandi. Agar bilib qolsa, otadi, ha, naq otadi! Lekin Tillaburamashoxning o‘z makoni – bu tog‘larga yo‘nalganini hech kimsa xayoliga ham keltirmagan edi. Axir, bu hayvon-ku… shuncha uzoq yo‘ldan – Mag‘ribiy Tyonshondan Turkiston tizmalari orqali Nur tog‘lariga… Yo‘q, yo‘q, bu hayvon emas, bekorga shohida “Alloh” so‘zi tamg‘alanmagan. Rajabboy, Vaqtida telefon qilib, xabar berganing uchun ming-ming tashakkur. Meni ko‘p yomon narsalardan asrab qolding. U bir tog‘dan olib, bir bog‘dan olib, Rajabboy hovlisidagi supaga qalin to‘shak soldirib, uyquga ketdi.
Ertalab Rajabboyning tog‘ begilari Tillaburamashox suruvining Alqorqamoq sayhonida ekanligi xabarini yetkazishdi. Alqorqamoq sayhonligini tabiiy toshqo‘rg‘on, desa bo‘ladi. Toshqo‘rg‘on tevaragining uch tarafi baland qirrador qoyalar bilan qurshalgan, bir tarafi esa tagi ko‘rinmas zov, toshjarlik. Zovga tutashib ketgan birgina toshdarvozasi bor. Alqorlar shu darvozadan kiradi-da, o‘zlarini naq qamoqxonaga tiqishadi. Alqorlarning bu joyga tez-tez kirib, yoyilish sababi, sayhonlik ichi o‘t-o‘langa to‘la. Shuvoq deysizmi, bug‘doyiqmi, tuyatovonmi, kiyiko‘tmi, kakrami, zirami, o‘lmaso‘tmi, sigirquyruqmi, andizmi… hammasi topiladi. Bundan tashqari, uchqat, qorabodom, so‘o‘z, irg‘ay, itburun, qizilcha singari daraxtlar, butalar ham qalingina. Bularning yaproqlarini alqorlar ikki old oyog‘ini daraxt tanalariga tirab olib, “chirt-chirt” uzib, rosa maza qilishadi.
Bugun ham suruv maza qilib yoyilmoqda. Kun choshgohga yaqinlab qolgan. Tillaburamashox o‘z Vatanida, erkin, ozod, uning yetib kelganiga ham hafta bo‘lib qoldi. U tag‘in shahloko‘z suluvlari qurshovida, bir qancha qo‘zichoqlari sakrab-sakrab o‘ynaydi, dirkillaydi, dikonglashadi. Qo‘chqorchalari bir-biriga kalla tashlashadi.
Rajabboy bo‘rtiq xolli yigit, yordamchisi va ikki qoravuli bilan toshdarvoza oldida paydo bo‘lishganda, Tillaburamashox bir uchqat shoxlariga osilib, kovshanmoqda edi. Uning ko‘zlari “yalt” etib, bo‘rtiq xolli yigitga tushdi. Yuragi jizillab ketdi. O‘sha kimsa… yonida shotiri… qorovullar… Sardor uchqatdan oyoqlarini zudlik bilan pastga tushirdi. Jon holatda suruviga qarab, ma’radi. Suruv zum o‘tmasdan uni o‘rab oldi. Tillaburamashox ularni zov tarafga surib ketdi. Suruv zovni yonlab to‘xtatdi. Tek qotdi. Hammasining ko‘zlari toshdarvoza oldiga qadaldi. Quloqlari tarang-ding. Birortasi qilt etmaydi, havoda pashsha uchsa bilinadi.
Rajabboy sheriklariga nimadir dedi-da, o‘zi o‘ljani uxlatadigan o‘q-dorili ostin-ustinli qo‘shog‘iz miltig‘ini orqasiga yashirib suruv tomon yurdi. Asta… ohista… asta… ohista… Tillaburamashoxning… ko‘zlari sehrlangandek… xollida… ikki oyoqli bo‘rida… Tog‘ begida emas, o‘shanda… Rajabboy… asta… ohista… asta… “Ship-p!..” Tamom! Tillaburamashoxning oldingi ikki oyog‘i bukilib ketdi, tentirab-tentirab, bo‘ksasi bilan bir toshga tiralib, yiqildi. Suruv tum-taraqay bo‘lib, har yonga sochilib qochdi. Bo‘rtiq xolli yigit qandaydir chaqqonlik bilan bir zumda, Rajabboyga ham qaramay Buramashox yoniga yetib keldi. Keldi-yu uning shoxlaridan mahkam ushlab oldi. Ushlaganda ham “Alloh” tamg‘asining ustidan berkitib ushlab oldi. Ushlagan qo‘li bir “jiz” etganday bo‘ldi-yu… Bu yetmaganday bo‘yniga o‘tirdi. O‘h-h… Bu yog‘i lahzada sodir bo‘ldi. Tillaburamashox zarb bilan sakrab turdi. Turdi-yu… zov tomon otildi. Xolli yigit nima bo‘layotganini ham anglamay, Tillaburamashoxning shoxlaridan qo‘llarini ham ololmay, u bilan tubsiz zov-toshjarga uchdi.
* * *
Burgutli qoyada yuz bergan bu voqealarni kuzatib turgan juft burgut havoga ko‘tarildi. So‘ng vahmkor zov tepasida keng doira yasab, ucha boshlashdi…
Tog‘ begilari jon holatda dara-kamarlarni bu yerga aylanib kelganlarida, xolli yigit qonga belanib yotardi. Ammo Tillaburamashox yo‘q edi…
Rajabboy mo‘miyoli cho‘qqiga bir nigoh tashlab qo‘ydi…
2017-yil oktabr