Muhammad Salomning «Xonadon» va «Amal havosi» asarlariga bag’ishlangan radiodastur

095    Таниқли ёзувчи Муҳаммад Саломнинг ўзбек оиласининг ҳаётий муаммолари ҳақида ёзган, тўрт қисмдан иборат “Катта хонадон. Изтироблар ва севинчлар” роман – эпопеяси ва “Пахта иши” деб ном олган мудҳиш воқеаларга бағишланган “Амал ҳавоси” номли асарининг нашр этилиши муносабати билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида ўтказилган тақдимот ва суҳбат асосида тайёрланган радиодастурни тақдим этамиз.

09

033

Муҳаммад Салом. Амал ҳавоси. Роман.Тошкент: «Tafakkur» нашриёти, 2014, 272 бет. / Muhammad Salom. Amal havosi. Roman.Toshkent: «Tafakkur» nashriyoti, 2014, 272 bet.

044
Муҳаммад Салом
АСАРНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
009

Амалий илм уч турга бўлинади:
биринчиси — мамлакатни идора қилиш;
иккинчиси — уйни идора қилиш;
учинчиси — ўз — ўзини идора қилиш.
Абу Али ибн Сино.

Етмишинчи йилларнинг охирларида бир мавзу тинчимни йўқотди: туман етакчиси — шаклланиш; камол топиш ва таназзул. Ҳалокатнинг илдизлари…

Бу вақтларда палон жойдаги палон раис, палон райком секретари бунча бойлик йиғибди, халқ мулкини талон-тарож қилибди, одамларга зуғум ўтказибди, бунча муддатга қамалибди, деган гаплар қулоққа чалиниб қоларди. Бундан ташқари, босар-тусарини билмай, хурмача қилиқлар қилиб юрадиган баъзи амалдорларни ҳам кўриб турардим. Эҳтимол, мана шу эшитганлариму билганларим менга йирикроқ бадиий асар ёзишим учун туртки бергандир.

Кўп мушоҳадалардан кейин, ниҳоят, “Таназзул” деб номланган романни ёзишга киришдим. Бошда иш юришди: бир неча бобни эшитганим воқеалар асосида “қотириб” ташладим. Бироқ, навбатдаги бобда тақа-тақ тўхтаб қолдим. Негаки, бош қаҳрамон ҳаракатланадиган майдонни — райкомнинг ички ҳаётини, “ваҳимали” мажлисларини, ходимларнинг ўзаро муносабатларини деярли билмас эканман. Тахминан, хаёлот кучи билан давом эттиришни эса эп кўрмадим. Нима қилиш керак? Бошим қотди. Бирор туманда бу соҳани ўрганиш керакмикан?

Ўша дамларда ўзим туғилган туманнинг янги раҳбари хусусида ғаройиб гаплар эшитиб қолдим. У кишини яхши танирдим. Балки ёрдами тегар…

Мақсадимни Салим Раҳимов тўғри англади ва:
— Марҳамат, бемалол ўрганинг, — деди очиқ чеҳра билан. — Қандай саволлар бўлса, тортинмай сўрайверинг, — кейин кулганча қўшиб қўйди у: — Асосий жанг майдонимиз ҳисобланган бюроларимизда қатнашинг.

Ўрганиш анча давом этди. Ўзим кутмаган ҳолларга, ҳолатларга дуч келдим. Хилма-хил, турфа табиатли одамлар билан мулоқотда бўлдим. Мени лол этган асосий жиҳат… фавқулодда дадиллик, фавқулодда жасорат…

Тасаввур этинг: ўтган асрнинг етмишинчи йиляар охири. Қизил Империя тумшуғини тиқмаган бирор соҳа йўқ. Битта бинони бузиш ёки тиклаш учун ҳам Масковнинг рухсати керак.Ўзим гувоҳиман: ҳатто, режадаги бирор китоб номини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, албатта марказга хат ёзиб, тушунтириш берасиз. Шундай вазиятда катта бир туман қиёфасини ўзгартириш, марказда жуда муҳим саноат корхоналари бунёд этиш, одамлар турмушида туб бурилишлар ясашга уриниш, ташландиқ ҳолга келган қабристонларимизни обод қилиш, буюк аждодларимиз руҳини эъзозлаш, эҳ-ҳе, булар жуда кўп, қизиғи, бу ишларни оддий муаллимдан чиққан етакчи амалга оширяпти.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. 1979 йилнинг август ойи охирлари. Туман маркази яқинидаги хўжалик шийпонида ётиб, кузатув ишлари олиб борардим. Тонг-саҳар чоғи қоровулнинг шарпасидан уйғониб кетдим.
— Ҳайитингиз муборак бўлсин! — деб мени табриклашга қўл чўзди у киши сал ўтгач, мен юз-бетимни ювгач.

Тушунмадим. Унга анқовсираб қарадим. Буни англаб:
— Бугун Рамазон ҳайити байрами, — деди қоровул табассум билан. -Ҳайит намозига борасизми?
Синиқ кулимсирадим, бош чайқадим. Сўнг:
— Қаерда ўқилади? — деб секин сўрадим ундан.
— Ҳу ана, Сўфи Чўян мачитида. Ман ҳайит намозига бориб келай…

Кеча қоровул уйидан косада ош-палов чиқартирган, ош устида ҳар хил пишириқлар бор эди. Ҳеч нима хаёлимга келмаган. Аммо унинг рўза тутишини яхши билардим. Кейинчалик бунинг фаҳмига етдим: Арафа куни ўтганлар руҳи-поклари учун ис чиқарилган, фотиҳа ўқилган…

Чорпояга қайта чўзилиб, хаёлга толдим. Бир оздан кейин майин азон товуши, кейин имомнинг “Қуръон” сураларини баланд овозда ўқиган ёқимли овози, «Оллоҳу Акбар» сўзлари таралди-ю, бутун вужудим жимирлаб кетди. Ўзимча “Бизларга ҳам насиб қилармикан шундай кунлар?” деб қўйдим.

Қоровул қайтганидан сўнг ундан сўрадим:
-Ҳар йили ҳайит намози шундай ўқиладими?
— Йўғ-а… Яқинда мачит сал эпақага келтирилиб, биринчи маротаба ҳайит намози ўқилди. Намозхонлар роса ёғилиб келибди. Ҳамма қувонган…
-Яхши! Охири хайрли бўлсин! — дедим ҳаяжонланиб. Бу ишда ҳам кимнинг рағбатию қўли борлигини теран ҳис этдим.

Шунга ўхшаш яна кўплаб ажойиб воқеаларга, ҳолатларга кейин ҳам шоҳид бўлдим. Истеъдоднинг қирралари ранго-ранглигига, бу қирраларни ишга сола билиш эса янада жозибали эканлигига иймон келтирдим. Фикрим ўзгарди. Кўрган ва эшитганларим бўйича аввал бирор нима ёзиш, ибратли фаолиятни одамларга етказиш, тарғиб қилиш фикри мени безовта қилишга тушди.

Шу тариқа бир неча йиллик меҳнатим маҳсули — “Мувозанат” романи юзага келди. Айтиш жоизки, асар айнан бўлиб ўтган воқеаларга асосланмаган: бадиий тўқимага кенг ўрин берилган, турли тоифадаги кишилар қиёфаю ҳаракатлари умумлаштириб олинган. Бош муддао — Одам; ҳаётга таъсир этиши мумкин бўлган етакчиларни ўз ўрнига қўя билиш, эл дарғаси ҳар жиҳатдан етук, маънан мукаммал бўлиши масаласидир. Шу маънода бош қаҳрамонга ўз қарашларимни, бойлик ва севги бобида ўзини тия билиш фазилатларини сингдиришга ҳаракат қилганман. Бинобарин, раҳбар бошқаларга намунадир.

Яқинда ўқиб қолдим. XI асрда яшаб ўтган буюк шоиримиз Юсуф Хос Ҳожиб ҳам “Қутадғу билиг” достонида: “Кўринг, агар итларга бош бўлса арслон, Итларнинг барчаси у каби бўлади арслон. Агар арслонларга бошчи бўлса ит, Арслонлар бўлади мисоли бир ит ”, деган эканлар. Бундай фикрлар ҳаётда ҳамиша исботини топган…

Кўнглим тўлгач, асарни чиқариш учун нашриётга топширдим. Нашриётда ўша даврнинг ва мустақиллик йилларининг ҳам тан олинган етук танқидчиси Озод Шарофиддиновга холис баҳолашини сўраб, қўлёзмани ички тақризга беришган. Танқидчининг фикрларига тўла қўшилганман. Яна, қоидага кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг наср кенгашида, 1984 йилнинг 9 февралъ куни кенгаш раиси, улуғ адибимиз Одил Ёқубов раҳбарлигида роман қўлёзмаси муҳокама ҳам қилинди.

Ички тақриз ва муҳокамада айтилган фикрлар бўйича асарни қайта ишлаб, нашрга тайёрладим. Қисқа фурсатда романнинг иккала корректураси ўқилиб, босишга тахт этилди. Бироқ, бу вақтда Масковда ҳокимият ўзгарган, ўзимизнинг ғоявий раҳбарларимиз ҳам ўшаларнинг чилдирмасида ўйнашга уринар эдилар. Шу боис корректурада катта қисқартишлар қилиниб, учинчи корректура русчага ўгирилган ҳолда ғоявий раҳбар хонимга ўқитиб олинган. Мен бу қисқариш ва баъзи “таҳрир”лардан рози эмас, бу тарзда китоб чиқишини истамас эдим. Аммо йил охирлаб қолган эди. Режадаги тайёр китоб чиқмаслиги эса нашриётнинг молиявий аҳволига жиддий таъсир ўтказар, ходимлар жуда зарур мукофотдан маҳрум бўлардилар… Ночор аҳволга тушдим. Лекин китоб чиққанидан сўнг унга қарагим ҳам, саҳифаларини кўздан кечиргим ҳам келмади. Шундай эса-да, китоб тез тарқалганидан хабарим бор.

Бироқ, бу орада Ўзбекистонга яна “қузғун” оралади: “Пахта иши” деб ном олган мудҳиш воқеа туфайли халқимиз бошига кўп кулфатлар ёғилди, юзлаб эл фидойилари тутқинликда, оғир қийноқлар остида азоб чекдилар, мажруҳ ҳолга тушдилар, оламдан бевақт кетдилар.

Шундай кишилар орасида ўзи рақбарлик қилган туманни оёққа турғазган, ажиб иншоотлар бунёд этиб, эл эъзозига эришган Салим Раҳимов ҳам бор эди. Бу одам ҳақидаги хунук хабарни Марказий телевидениенинг 1989 йил ёзидаги кўрсатувларидан бирида, манфур Тельман Гдлян сўзларидан эшитдим. Юртига, халқига яхшилик қилган етакчи ўлимга ҳукм этилган, шикоятга ўрин йўқ, деб жар солинган эди.

Маҳкумнинг кекса отаси ҳамда бир гуруҳ халқ вакиллари ҳақиқат истаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша пайтдаги раиси, СССР Халқ депутати Одил Ёқубовга ёрдам сўраб, мурожаат қилганлар. Собиқ етакчини яхши билувчи киши сифатида бу ишни ўрганишни Одил ака (охиратлари обод бўлсин) менга топширди. Бу вақтда Салим Раҳимов, ажабки, ўз юртида эмас, сира дахли йўқ Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳрида, ўлим камерасида жуда оғир лаҳзаларни бошдан кечириб ётарди. Суд мажлислари ҳам ўша ерда, деярли яширин тарзда ўтказилган. Мен аввал туманга бориб, Марказком номидан зўравонларча иш кўрган терговчиларнинг қийноғи остида кўрсатма берган кўплаб одамлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг бир қисми собиқ раҳбарга туҳмат қилишга мажбур этилган, аксарияти калтаклар зарбидан мажрухланиб, соғлиғини батамом йўқотган эдилар.

Вазият ойдинлашгач, юртимиз бош прокурорининг ўша вақтдаги биринчи ўринбосари Бўритош Мустафоевнинг ёзма йўлланмаси билан “қуролланиб”, Душанбе шаҳрига йўл олдим. Анча қийинчиликлардан сўнг ўлим камерасида, миршаблар назоратида, икки соатча вақт ичида маҳбус билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдим. Суҳбат ва кузатувларим бўйича “Зиндондан нидо ” деб аталган мақола ёздим. Мақола ўша йилнинг куз ойларида “Қишлоқ ҳақиқати” рўзномасининг еттита сонида чоп этилди, радио эфирларида таралди.

Орадан қанча вақт ўтди, эсимда йўқ, “Тошкент” меҳмонхонасида Салим Раҳимовни яқин одамлари орасида, озод ҳолда учратиб, мириқиб гурунглашдим. Мен бу ажойиб, нурли кунга ҳисса қўшдим, дейишга жуда тортинаман. Мен бор ҳақиқатни имкон қадар одамларга етказишга уриндим, холос.

Асосий хизматни эса муҳтарам Юртбошимиз муваффақиятли тарзда, ғоят жасорат ила адо этгани ҳаммамизга аён. Ўша жасорат туфайли юзлаб етакчилар, ажиб тадбиркорлар фалокатдан, ҳалокатдан омон қолдилар, халқ хўжалигининг турли соҳаларида яна ўзларини намоён этдилар. Қаҳрамонимиз Салим Раҳимов ҳам ўшалар сафида аввал ўз колхозини, сўнг фермер сифатида йирик фирмани қайта оёққа турғазишга, донг таратишга эришиб, ўз шаънию обрўсини янада юқори кўтарди…

Бир сабаб бўлди-ю, ўтган йили “Мувозанат”ни кўздан кечиришимга тўғри келди. Ўшанда асарнинг жуда керакли ўринлари қисқарганидан кўнглим ўксиди. Ўйга толдим ва қатъий қарорга келдим: ҳур мамлакатим аҳли бу китобни тўлалигича ўқишлари, ўша давр ва одамлар хусусида маълум бир тушунчага эга бўлишлари зарур. Бугина эмас, бош қаҳрамон Сўнмас Рустамов каби дадил, жасур, тадбиркор етакчилар ҳамиша кераклигини ҳам биламиз. Шу маънода асарни тўлдириб, баъзи таҳрирлар асосида, “Амал ҳавоси” номида азиз китобхонга ҳавола этишни лозим топдим. Зотан, ҳар қандай амалнинг ҳам ўзига хос, ёқимли ҳавоси билан бирга кучли шамолларию бўронлари ҳам бўлади. Романда буни ҳис этарсиз, деган умиддаман.

005
Муҳаммад Салом. Катта хонадон. Изтироблар ва севинчлар. 2 китобдан иборат тўрт қисмли роман. Тошкент. «Tafakkur» нашриёти, 2014. 256 + 336 бет

08
КАТТА ОИЛА ЁХУД НАЖОТ ИЗЛАЁТГАН ОДАМЛАР
Маҳкам Маҳмуд Андижоний
Адҳамбек Алимбеков
08

Ўзбек бадиий насрида оила тақдири, шахсий ҳаёт акс эттирилган асарлар оз эмас. Жаҳон адабиётида рус адиблари Лев Толстойнинг «Анна Каренина”, Ф. Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”, франсуз ёзувчилари Г. Флобернинг “Бовари хоним”, Э. Золянинг “Руганлар ва маккорлар” (бу туркум 20 асардан иборат), инглиз адибларидан Ч. Диккенснинг “Домби ва ўғли”, “Ҳаёт учун жанг”, “Антиқа буюмлар дўкони”, У. Коллинизнинг “Оқ кийган аёл”, Ж. Голсуорсининг “Форсайтлар достони” асарларида бир оила аъзоларининг тақдири, характерлари, руҳий олами тасвирланган.

Албатта, оилавий мавзудаги асарда ҳам давр руҳи, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, фалсафий муаммолар ахлоқ, руҳият, маънавият билан узвий алоқадорликда кўрсатилади. Уларда ҳам сюжет қизиқарли, воқеалар, руҳий кечинмалар, теран фикр асар қадр-қимматини оширади.
Ўзбек адабиётида ҳам Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар”, Одил Ёқубовнинг “Биллур қандиллар”, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Турғун Пўлатнинг “Ичкуёв”, Ўлмас Умарбековнинг “Фотима ва Зуҳра”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Гули, Гулиш” (бошқа номи “Чаёнгул”), Ёқуб Яквалхўжаевнинг “Қайтар дунё”, Шойим Бўтаевнинг “Кунботардаги боғ”, Муроджон Мансуровнинг “Жудолик диёри”, Қамчибек Кенжанинг “Палаҳмон”, Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамада қолган одамлар” асарларида оила тақдири тасвирланган. Бу асарларда миллий руҳ, миллий анъаналар, оила муқаддаслиги муҳим ўрин олган.

045Кўплаб ҳикоялар, бир қанча қиссалар ва “Мувозанат” романи билан танилган адибимиз Муҳаммад Салом ўзбек оиласининг ҳаётий муаммолари ҳақида ёзган, тўрт қисмдан иборат “Катта хонадон. Изтироблар ва севинчлар” роман – эпопеяси шу ижодий анъананинг давомидир. Асарнинг биринчи қисми бундан бир неча йиллар аввал “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинган. Муҳаммад Салом турли адабий – модернистик изланишлардан узоқда, анъанавий, миллий руҳда ёзади. У романи бошланишида оила мавзуида “Қуръон”нинг “Нисо” сурасидан қуйидаги оятларни бошсўз қилиб олган: “Ота — онангизга ҳамда қариндош¬-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшниларга, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга… яхшилик қилингиз”.

Романда катта оила бошлиқлари – ота ва онанинг ўн бир фарзанд ғам- ташвишини чекиши, уларнинг ишлари юришса, суйиниб, орқага кетса, куйиниб, барчасини аҳилликка чақириб, бир-бирига мадад беришни ўргатадилар. Фарзандларнинг кўпчилиги ўз оиласи билан банд бўлса-да, ота- онага буюк меҳр, иззат-ҳурмат кўрсатишлари асарда анча кенг ёритилган.
Романда бошланғич – кичик прологда асардан кузатилган ижодий мақсад – ҳаётнинг боқийлиги, туғилиш ва ўлиш, гуллаб-яшнаш ва емирилиш , бу табиат қонуни жамиятда ҳам амал қилиши, осмонни қора булутлар қоплаб, даҳшатли чақмоқ чақиб, шаррос жала қуйса ҳам, албатта қуёш чиқиб, бу ёмғир заминни гуллатиб-яшнатиши бадиий ифода этилади. Бу манзарада ҳаёт фалсафаси бор.

Аслида табиатнинг адолатли қонунлари жамиятда кўпинча иш бермай қолади. Негаки, жамиятда софдил, мард, яхши одамлар одатда юқори мансабларга интилмайдилар. Ёмонлар эса ҳар қандай йўл билан раҳбарлик ишларига ўрнашиб, софдил, меҳнатсевар кишиларни менсимай қўядилар, улар ҳаётини яхшилашга уринмайдилар. Ёмонлар туфайли оила аъзолари кўп қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Асарда ёмонлар кўзга ташланмайди, аммо уларнинг ёмонлиги натижалари кўриниб туради. Бухоро вилоятидаги катта бир хонадон фарзандлари, келин-куёвлари тинимсиз меҳнат қилсалар-да фаравонликка етишолмайдилар. Шўролар даврида аҳвол ана шундай эди.

Романнинг бош қаҳрамони – халқ ҳаётида тобора камайиб, ноёблашиб бораётган меҳр-оқибатдир, яхшилик қилишга интилишдир. Бу эса халқимиз учун барча моддий бойликлардан кўра азизроқ қадриятдир. Оиланинг тўнғич фарзанди, олим йигит Нуриддин Тошкентда илм билан шуғулланади. Хотини, фарзандлари билан домда яшайди. Хонадоннинг кенжа фарзанди, “супра қоқди”, нозик, нафис Ҳилола ҳам ўқийман деб Тошкентга келиб, акасининг уйида яшайди, кундузи фабрикада ишлаб, кечда ўзи суймаган касб бўйича ўқийди, кўп қийналади. Ака-сингил касал онанинг соғлиғи хусусида кўп қайғурадилар, ота-онадан хабар олиш учун узоқ йўлга чиқадилар. Ҳилола онасига қарамай, Тошкентга келгани учун ўзини айбдор ҳис этади. Лекин онаси “Қизим ўқисин, яхши ўқишларни битириб, бошқалардан кам бўлмасин, орзусига етишсин” деб пойтахтга боришини маъқуллайди. Пойтахтга келганида эса, истеъдодли бўла туриб, ўзи хоҳлаган ўқишга киролмагани – бир, касал онасидан хабар ололмаётгани – икки, кекса отасига ҳам бефаросат келин тузук қаролмаслигидан хавотирланиш – уч, хуллас, унинг ҳаётида осойишталик йўқ.

Аммо, ёзувчи катта хонадондаги ота, она, ўн бир фарзанд, уларнинг хотинлари, болалари, куёвлар ҳаётини муфассал тасвирлар экан, ўзи сезиб, сезмай, шарқона оиладаги мавжуд ташвишларнинг келиб чиқиш сабаблари орасида фарзандларнинг кўплиги ҳам анча таъсир этиши мумкинлигини кўрсатиб ўтади. Асарда акс этган катта оилада сезиладиган яна бир муаммо – қизларнинг яқинроқда ўқимай, узоқларга кетиши ва уйдагиларни доимо ташвишларга қўйишларидир.

Роман бош қаҳрамони Нуриддин Дўрмонда, Ёзувчилар боғида илмий ижод билан шуғулланиб, дўстлар ва устозлар билан суҳбатлашар экан, кўз ўнгида тобут кўтариб бораётган издиҳом манзараси жонланаверади. “Ё Оллоҳим! – деб юборди Нуриддин ихтиёрсиз. – Бундай кунни ҳали бошимга солмагайсан! Ҳеч бўлмаса, 20-25 йил тинч қўйгайсан… Ҳали онам ҳам, отам ҳам роҳатимизни кўрмаганлар…”

Фарзандларнинг униб-ўсиши, ҳаётда ўрнини топиши, уларнинг роҳатини кўриш – ота-оналарнинг доимий орзуси. Бироқ, ҳамиша ҳам бундай табиий орзу амалга ошавермайди. Нуриддин кўрган рўё, хаёлий манзара рост бўлиб чиқади. Уйидан хотини телефон қилиб, Бухородан нохуш хабар келганини, йўлга чиқиш зарурлигини айтади. Автобусда ака билан сингил ота-онага қараш ҳақида баҳслашиб қоладилар. Келинойиси Озода мулойимлик билан “Секинроқ гаплашинглар”, дейди.
Ака йўлда оиланинг кенжаси (ўн тўртинчиси, орада учтаси гўдаклигида вафот этган) Ҳилола ушоқдай туғилганини, касал бўлавериб, оилага кўп ташвиш келтирганини, шу боис уни ёқтирмаганини, кейинроқ ақилли ва одобли, қобилиятли бўлиб, феъли ўзига ўхшагани сабабли унга ғамхўрлик қилганини эслайди.

Роман сюжети сакрашларсиз, бир текисда давом этади, воқеалар табиий, бири бирига боғлиқ ҳолда кечади, тасвирларда, диалогларда асар қаҳрамонларининг ички дунёси, характерлари ҳам очила боради. Онанинг соғлиғи ёмонлашганини, хушсиз ётганини эшитиб, кўнгил сўрашга келган ака, укалар, қавму қариндошлар саноқсиз. Ўлим яқинлашганда келганларнинг барчаси диний ва миллий расм-русумларни бажо келтиришади. Муаллиф Нуриддиннинг амакиси (отасининг укаси) Маҳмуд бобо диний маърифатли, иймони кучли одам сифатида шўроларнинг қатағонига учраганлигини, у саботу матонат кўрсатганлигини, Нуриддин фирқа аъзоси бўлса ҳам динидан воз кечмаганлигини, шу сабабли у ҳам қисман қувғин қилинганини тасвирлар экан, шу билан халқимизнинг турли бало, офатларни енгиб ўтишида миллий менталитетимизнинг шу фазилати, эътиқодга содиқлик катта кучга айланганини кўрсатади.

Фарзандлар санаторийда даволаниб қайтган Шамсия она нега ўлим тўшагида ётиб қолганлиги сабабларини аниқлашга уриниб, бир-бирларидан сўраб, суриштирадилар. Бу ишларда фидойи шифокор Носиржон ҳам фаол қатнашади. Унинг ва бошқаларнинг тушунтиришларига кўра, Шамсия хола санаторийда даволаниш чоғида бефаросат дўхтирлар у ётган палатага оғир руҳий хаста бир келинчакни ҳам жойлаштирганлар. Ярим кечада келиннинг касали қўзғаб, талвасага тушади, бақир-чақир қилади. Устма-уст такрорланган бундай ҳолдан Шамсия хола қаттиқ қўрқади, қон босими кескин кўтарилиб, кейинроқ бош миядаги баъзи томирлар ёрилиб, инсульт юз беради.

Романда онанинг ўлими билан боғлиқ мусулмонча меҳр-оқибат, расм-русумлар анча кўп саҳифаларни ташкил этади. Европа адабиёти асарларида қаҳрамон ўлимининг сабаблари анча муфассал тасвирланса-да, марҳум ёки марҳумани сўнгги йўлга кузатиш маросими кенг ёритилмайди. Муҳаммад Салом романида бу маросимнинг кенг ёритилиши, бунда иштирок этувчиларнинг соғломлик, беморлик ва ўлимга муносабатлари, одам ўлимини Оллоҳнинг иродаси, табиий ҳол деб қабул қилиш билан бирга, оиланинг таянч устунларидан бири – онанинг вафоти, айрилиқ изтироблари, она ҳаётлигида фарзандлик бурчини тузук бажара олмаганлик учун афсус – надомату ўкинчлар, ҳаёт ҳақида, яқин одамлар тақдири хусусида жиддийроқ ўйлашга олиб келади. Булар барчаси халқимиз миллий қиёфасини, руҳиятини очишга хизмат қилади.

Ёш авлодни шундай миллий қадриятлардан хабардор қилиш, бу соҳада меҳр-окибатнинг йўқолишига йўл бермаслик адабиётнинг бурчларидан биридир.

Ёзувчи асарда катта оиладаги ҳар бир фарзанднинг характерига хос муҳим хусусиятларини ўз ўрнида билдириб ўтади: “Нуриддин ёшлик йилларини эслади. Олдинма-кейин туғилган уч ўғилнинг кенжаси – Заҳриддин падари эътиборини эртароқ ўзига тортди. У табиатан анча абжир, жуда ҳаракатчан эди. Даладан ўт-ўлан териб келишда ҳамиша мақтов эшитиб, эркаланарди. Бундан у ҳузурланиб, керилганича, ўзига бино қўяр, юмушларини янада кучайтирарди. Катта ака Нуриддин китоб шайдоси, хаёлпарастроқ, секин ҳаракат қилувчи, бироқ укаларига ўз гапини ўтказувчи, гап қайтаришга мутлақо йўл қўймайдиган, қаҳри ҳам, меҳри ҳам қаттиқ, яна анча ориятли бўлганидан анча-мунчага ўзини пастга уришларга имкон қолдирмас эди. Укалари ундан ҳайиқиб турардилар. Ундан кейингиси (яъни, уч ўғилдан ўртанчаси) Шавқиддин эса бўш-баёв, юмшоқлиги боис асосий зарбалар унга тегар, укасидан ҳам дакки эшитар, кураш тушганда ундан йиқилар эди…”

Адиб қишлоқ ҳаёти ва одамлари хусусида ёзар экан, шўролар даврида оила бошлиғи Одил отанинг дунёқараши анча жўн ва торлигини, ҳаётдаги асосий мақсади – мол-қўйларга вақтида ем-хашак топиб берган фарзандни эъзозлаш бўлиб, бошқа нарсалар – иқтисод, сиёсат, маданият, тарих ва келажак, дунё янгиликлари уни қизиқтирмаслигини кўрсатар экан, бу қиёфани (образни) ижтимоий, психологик тип – тоифа даражасига етказади. Заҳриддин ҳам отаси нимани қадрласа, шуни қадрлайди, молбоқарлиги билан мақтанади, фахрланади. Тўғри, бу ҳам фойдали меҳнат, аммо наҳотки инсон орзуси фақат шу билан чекланса. Назаримизда, бундай ижтимоий тоифа – фақат моддий манфаатни ўйлаш, маънавий қашшоқлашув оқибатидир. Бошқа, онглироқ, маънавият ва маърифатдан хабардор одамлар тузукроқ яшаш, уй-жойини яхшилаш, фарзандларини ўқитиш учун мол боқса, Заҳриддин кабилар мол боқиш учун яшайдилар ва бу билан мақтаниб юрадилар. Романда Нуриддин ва кенжа сингил Ҳилола бу тоифага қарама- қарши, ҳаётнинг барча мураккабликлари ҳақида фикрловчи, юксак мақсадлар сари интилувчи инсонлар сифатида диққатни тортади.

Ёзувчи оила бошлиғи Одил отани ҳам ёрқинроқ кўрсатиш мақсадида унинг ҳам айрим фазилатлари ҳақида қалам юритади: “Етмиш ёшни қоралаган ҳовли соҳиби Одил бобо қишлоқнинг обрўли кишиларидан саналади. Уни ўғилларию қизларигина эмас, қишлоқдаги қари-қартанглар ҳам, катта рўзғор эгалари бўлмиш эркаклару ёш йигитчалар ҳам эъзозлашади. Ҳеч тортинмай , ўз дардини чолга очиқ айтаверишади. Одил бобо эса одам танламайди, каттами, кичикми, бир хилда, аммо вазиятга қараб, иложи борича, қувноқ оҳангда муомала қилади, ўз маслаҳатини аямайди. Ҳатто душманига ҳам адоват сақламайди, ёмонлик раво кўрмайди. Шу боис унинг атрофидан одам аримайди. Хусусан, ёшлар кўпроқ парвона бўлишади, гоҳида бобони улфатчиликка тортишади. Улар учун Одил бобонинг эшигию дастурхони ҳамда чеҳраси ҳамиша очиқ…” Бу таъриф унчалик ишонарли эмас, чунки романда Одил бобо жуда кам кўринади. Асосан, у “исқирт” келини мол-ҳолга ем-хашак териб келишию сигир соғишни эплагани учун, бошқалардан, хусусан, кенжа қизи, нозиктаъб Ҳилоланинг ҳужумларидан ҳимоя қилади. Келинини тозаликка, саранжом- саришталикка ўргатмайди. Одил бобо ўқувчида салбийроқ таассурот қолдиради. У, катта оиладаги бирор жиддий муаммони ҳал этишда деярли қатнашмайди. Ёзувчи эҳтимол уни мураккаб характерли қилиб кўрсатишни мўлжаллагандир? Шу маънода Одил бобо кампири вафот этганида унинг соғлиғини асрашга унча эътибор бермагани учун ўзини айблаб, афсусланади. Шу тафсилот Одил бобони бир оз оқлайди.

Ёзувчи, аввал айтганимиздай, Шамсия онанинг дафн маросимига доир жараёнларни, расм-русумларни муфассал тасвирлайди. Бу тасвирлар ўзбек китобхони учун, агар роман чет тилларга таржима қилинса, хорижий китобхонлар учун ҳам қизиқарлидир.

Жаҳон адабиётида барча оилавий романлару қиссаларда бир ёки ўзаро боғлиқ бир неча оилаларга мансуб қаҳрамонларнинг тақдири орқали жамият ҳаётидаги ижтимоий муаммолар ёрқин акс эттирилади. Чарльз Диккенснинг “Антиқа буюмлар дўкони”, “Домба ва ўғли”, Жон Горсуорсининг “Фарсайтлар достони”, Бальзакнинг “Ёшлик иксири”, “Горио ота”, “Евгения Гранде”, Густав Флобернинг “Бовари хоним”, Лев Толстойнинг “Анна Каренина” романларида оила тақдири, турли оилаларнинг ўзаро алоқадорлиги, қаҳрамонларнинг характерларини очувчи воқеа, қилмишлар, характерлар, мақсадлар, дунёқарашларнинг бир-бирига сабаб ва оқибатли боғланишлари бадиий асар сюжети поэтикасини ташкил этади. Ч. Диккенс ўзининг “Антиқа буюмлар дўкони” асарида пасткаш, разил, олчоқ одамларнинг найранглари сабабли софдил, маънавий гўзал, чин инсонларнинг азоб чекишларини ёрқин бўёқларда чизади. Бальзакнинг “Горео ота” романида олчоқ фарзандлари, дабдаба ва ҳашаматли севадиган қизлари мерос талашиб, отани ташландиқ ҳолга туширганлари акс эттирилади. Сервантеснинг “Дон кихот” романи руҳида, қиз орзу қилган вафодор, фидойи ошиқлар замони ўтмишда қолганини, энди заминда бачкана, енгилтак, вафосиз, сотқин эркаклар замони келганини тасвирлайди. Лев Толстойнинг “Анна Каренина”си ҳам эҳтиросли аёл ва совуққон эркак оиласида бахт ва шодлик йўқлиги, севгини орзу қилган аёл Аннанинг вафосиз, енгилтак ошиқ княз Вронский томонидан таҳқирланиши, шу асарда ифодаланган бошқа бир оиланинг эҳтиросли қизи Кити ҳам вафодор мулкдор, далада деҳқонлар қаторида ишловчи Левинни (бу сиймода Лев Толстойнинг ўзи акс этган) эмас, енгилтак Вронскийни яхши кўриши, умуман, гўзал ва шўх аёллар яхши одамни танлай олмаслигини кўрсатиб беради.

Муҳаммад Салом романида бу масалада аҳвол бошқачароқ. Ҳилола жуда бой-бадавлат ва шон-шуҳратли бўлмаса ҳам, соф виждонли, оддий йигит Дониёр билан учрашиб юради. Дониёр Ҳилолани севади, аммо баъзи енгилтак йигитлардай ўз ошиқлиги хусусида тўлиб-тошиб гапирмайди, фақат тез-тез қизни кўришга, кўпроқ бирга бўлишга интилади. Ҳатто, совчи юборишга рухсат сўрайди. Қиз розилик билдиради. Лекин йигит юборган совчилар Одил отага эмас, аҳмоқ келин Карамгулга учрайдилар. У эса Ҳилоладан доимо дакки эшитгани боис, қиз бошқалар билан юради, деб, совчиларни айнитади. Дониёр ҳам бу ҳолни чуқурроқ суриштирмайди, ўз бахти учун курашмайди. Бунда совчилар ҳам, Карамгул хам, Дониёр ҳам оқилона иш тутмайдилар. Оқибатда, бўлғувси ажиб оила барбод бўлади. Ёзувчи шундай вазиятдаги қизнинг руҳий ҳолатини, изтиробларини чиройли тасвирлайди. Ҳилолага бу кўргиликлар етмагандай, кейинроқ, у келин бўлиб тушган хонадонда куёв алкаш ва гиёҳванд бўлиб чиқади ва кўп азоб – уқубатларни бошдан кечиради. Қайнана ва қайната яхши одамлар. Бироқ, ўғил ота, она насиҳатини назарга илмайди. Оила бузилади.

Ёзувчи романда Ҳилола ва акаси Нуриддин жамиятда урчиб – кўпайиб бораётган нопок ва золим одамларнинг иғвоси ҳамда қисман ўз айблари билан яна катта фалокатга учраганини ҳаққоний акс эттиради. Шаҳарга ишга ўтиш, олий илмгоҳга ўқувчи тайёрлаш чоғида Ҳилола тест марказига суқилиб кирган олғирларнинг тузоғига илинади. Оқибатда суд маҳкамаларидаги ноҳақликлар ҳам унинг ва оиланинг бошига катта ташвишлар келтиргани асарда кенг тасвирланади.
Аббос Саиднинг “Беш кунлик дунё”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Гули, Гулиш” ва “Беозор қушнинг қарғиши”, Луқмон Бўрихон ва Ҳабиб Темиров асарларида оила ҳаётидаги жиддий муаммоларни оила аъзоларининг ўзлари келтириб чиқаришлари, айни вақтда, айрим ижтимоий муаммолар ҳам оила ҳаётига салбий таъсир кўрсатгани ёритилган. Муҳаммад Саломнинг “Катта хонадон. Изтироблар ва севинчлар” романи ҳам шу мавзудаги ўзига хос, яхши асарлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.

08

РОМАННИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИНИ СALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ

06

(Tashriflar: umumiy 166, bugungi 1)

Izoh qoldiring