Muhammad Salom. Najot izlab. Roman. Birinchi qism.

055
Туғилиш – кўпайиш, қувонч; ўлиш – камайиш, қайғу. Бу икки ҳолат доимо алмашиниб туриши – қонуний. Бутун борлиқ, жонли табиат шу қонуниятга бўйсунмай иложи йўқ. Агар одамлар ўлмаса, дов-дарахтлар янгиланмаса, ҳайвонот оламию жониворлар бир-бирига ем бўлмаса, фақат гуркираш ҳукм сурса… ажаб ҳол юзага келармиди? Ёхуд ҳаётга гўзаллик ҳамда жозиба бахш этгувчи буюк Тиргаклар –кенг қанот ёйишга интилиш, меҳр-оқибат, севиш ва севилиш туйғулари-чи? Тасаввур қилинг: маҳв йўқолди, дунёга келишу ўсиш кучайди. Бордию аксинчаси юз берса… Энди униси қандоқ бўлади?.. Ягона, Қудратли ва Доно Оллоҳ бунинг ҳисоб-китобини тўла ҳал қилиб қўйган. Буни яхши англаймиз, албатта. Унда нечун дод-вой қиламиз, нечун Яратганга қарши исён кўтарамиз!..

055
МУҲАММАД САЛОМ
НАЖОТ ИЗЛАБ
Тўрт қисмли рўмон
077

Ушбу асарни отам Салом Келди ўғлининг ҳамда онам Муқаддам Наби қизининг ёрқин
хотираларига эҳтиром ила бағишлайман.

“…Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ,етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшниларга, ёнингиздаги ҳамроҳингизга,йўловчи мусофирга… яхшилик қилингиз. ”
(“Қуръон”, “Нисо” сурасидан, 36-37 оятлар).

Туғилиш – кўпайиш, қувонч; ўлиш – камайиш, қайғу. Бу икки ҳолат доимо алмашиниб туриши – қонуний. Бутун борлиқ, жонли табиат шу қонуниятга бўйсунмай иложи йўқ. Агар одамлар ўлмаса, дов-дарахтлар янгиланмаса, ҳайвонот оламию жониворлар бир-бирига ем бўлмаса, фақат гуркираш ҳукм сурса… ажаб ҳол юзага келармиди? Ёхуд ҳаётга гўзаллик ҳамда жозиба бахш этгувчи буюк Тиргаклар –кенг қанот ёйишга интилиш, меҳр-оқибат, севиш ва севилиш туйғулари-чи? Тасаввур қилинг: маҳв йўқолди, дунёга келишу ўсиш кучайди. Бордию аксинчаси юз берса… Энди униси қандоқ бўлади?.. Ягона, Қудратли ва Доно Оллоҳ бунинг ҳисоб-китобини тўла ҳал қилиб қўйган. Буни яхши англаймиз, албатта. Унда нечун дод-вой қиламиз, нечун Яратганга қарши исён кўтарамиз!..
Ана, осмон наъра тортди, замину само ларзага келди. Ўтакаси ёрилган булутлар дув-дув ёш тўкдилар, зир титраган ернинг ҳам лабларига учуқлар тошди – ҳа демай, яшиллик олами ҳамма ёққа поёндоз тўшайди, гуркираш – яшариш бошланади, қаердадир эса тупроқ бир томчи оби ҳаётга зор — қовжираш, ўлиш. Одамлар орасида ҳам чақалоқ ингаси эшитиляпи, аллакимлар ҳаёт билан видолашяпти. Бу ҳолатлардан коинот гоҳ қаҳқаҳа ураётганга ўхшайди, гоҳо эса миз-миз йиғлаётгандай туюлади.
Жонажон Еримизнинг ажиб бир маконида — катта бир хонадонда ҳам шу ҳол кўзга ташланади. Бу жараённи биз жиддийроқ кузатишга қарор қилдик.
Ҳа-я, хонадон тепасида чақмоқ чақаяпти, момоқалдироқ гулдираяпти…

Биринчи қисм
ЯШАШ ЯХШИ-Я…
077

1. КЎНГИЛДА БИР ҒУБОР

Ҳилола эшикни очиб, ичкари кирдию даҳлизда анқайиб, тўхтаб қолди: шундоққина рўпарада сафар халталари, кичикроқ чамадон йўлга шайлаб қўйилибди. Аллақачон кийиниб олган акасининг бесаранжомроқ, сал мунглироқ кўзларига, ичкаридан чиққан, у ҳам кийинган янгасига кўзларини катта очганча саволомуз қаради: “Йўл бўлсин? Тўсатдан?”.

-Янганг билан қишлоққа биир бориб келайлик, -деди унсиз саволга жавобан бепарвороқ оҳангда акаси.
-Нимага? –кўнгли нимадир сезгандай, овози титраб сўради Ҳилола.- Бунақа гап йўғиди-ку, тинчликми ўзи?
-Тинчлик, тинчлик, шунчаки ўзимиз биир айланиб келайлик. Ўйлаб қарасак, бормаганимизгаям анча бўлиб қолибди.
-Акажон, ростини айтинг, бирор киши сим қоқдими?
Акасининг сўроқни жавобсиз қолдириши ва кейинги сўзларида қандайдир дард борлиги сингилнинг хавотирини янада кучайтирдию у қатъий овозда сўради:
-Мениям олиб кетасизми?
Акаси четга хаёлчан қаради. Ҳилола рад жавоби кутиб, безовталанди. Худди шу аснода кўз ўнгида бошқа бир қиёфа жонландию шашти пасайди: “Эртага Дониёр учрашувга таклиф этган-а… Дониёр…”
-Ёмон бўлмасди… Лекин ўқишингдан, ишингдан жавоб сўрамагансан.
-Э, ўқиш, иш…– Ҳилола беихтиёр қўл силтадию бу борада жуда қаттиққўл акасининг тезда ён бергани уни ҳайратлантирди.–Онам тузукмиканлар ўзи?
-Ту-тузук… Сал мазалари қочибди…-акаси яна четга қараганча ғудранди. Сўнг ўзини ўнглаб, қўшиб қўйди.–Майли, овқатингни егин-да, дарҳол кийинақол.
-Мендан яшираёпсиз, ака, онамга нимадир бўлган, очиқ айтмаёпсиз, — у энди янгасига нажоткорона боқди. –Ахир бу пайтда йўлга чиқиш ноқулай, поезд жўнаб кетган…
Янгаси нима деярини билмай, талмовсираб, эрига қаради.
-Соат ўнда автобус жўнайди…–акаси изоҳ берди.–Шу жуда ўнғай. Азонда етиб борамиз.
-Овқатизни сузиб қўйдим, -янгаси ошхонага ишора қилди.
-Йўқ, овқат емийман, -қатъий рад этди Ҳилола ва кийимини ўзгартириш учун биқиндаги хона сари ошиғич йўналди. Янгаси эрига маъноли ишора қилди. Синглисининг феълини яхши биладиган акаси Ҳилолани дарҳол тўхтатиб, жиддий шарт қўйди:
-Яхши майдақайиш бўлган, ичиб ол. Агар ичмасанг, биз билан бормайсан.
-Акаа…–Ҳилола тўхтаб, унга илтижоли боқди. –Томоғимдан ҳеч нима ўтмайди.

Йўллару кўча–кўйдаги ейимликлар тугул қўни-қўшниларнинг ҳам, синовдан ўтмаган бошқаларнинг ҳам овқатларига қўл урмайдиган Ҳилола билан шу дамда муроса қилиш мумкин эмас эди. Ҳали қишлоққа етиб боргунча ва ундан кейин не ҳолатларга йўлиқишни ҳеч ким башорат қилолмайди. Балки…
-Бўлақолинг, автобусга кечикамиз,- янгаси Ҳилоланинг билагидан тутганча ошхона сари судради.
-Онам оғир ётган бўлса… мен қандай қилиб…–Ҳилоланинг томоғига бир нима тиқилгандай бўлиб, сўзи бўғзидан нари ўтмади. Кўзларидан шовуллаб ёш қуйилди.
Бироқ акаси шафқат қилмади:
-Ким сенга онамни оғир ётибди, деди. Мана биз ҳам қоринни тўқлаб олдик, -акаси овозига сал қувноқлик ҳамда ўктамлик оҳанг киритди. –Тез бўл, йўқса, жиянларингга қоровул бўлиб қоласан. Уларни тоғасиникига жўнатдик.
Бу гап Ҳилолада бир оз умид уйғотди ва янгасига эргашаркан, акасидан журъатсиз сўради:
-Ўзи онам уйдайканлами ё касалхонадами?
-Уйда ётганмишлар,-дедию бу сўзи аканинг ўзига ҳам далда берди.–Ким билади, бизларни шунчаки кўргилари келганми?..
-Онамни билмайсизми? –Ҳилола қўлида косани тутганча, тик турганча овқатдан бир қошиқ ичдию акасига гинали қаради.–Ўзлари сираям айттирмайдилар. Йўл азобини бизага раво кўрмайдилар.

Акаси индамади. Шу топда ўтган йил эрта баҳор кунларида онаси билан юз берган вазиятни эслади. Ўшанда онаси зулмат дунёси билан бир бора юзлашгану фарзандларини бўзлатгиси келмай гўё ортига қайтган. Ўшанда ҳам пойтахтда яшайдиган тўнғич ўғли Нуриддин билан кенжаси Ҳилолага хабар беришга йўл қўймаган. Худди шу аснода Газлида даҳшатли зилзила рўй бергану ташвишга тушган Нуриддин дарҳол йўлга отланган. Онасини шифохонада, оғир аҳволда кўриб, укаларини жиддий койиган.
-Буларни айблама, бачам,-деган онаси безовталаниб.–Ман қўймадим. Шунча йўлга келиб-кетишни ўзи бўладими? Рўзғоринг катта бўлса. Мана, Худога шукур, ёнимда укаларинг бор, сингилларинг бор.
-Ҳар кимнинг ўз ўрни бор, онажон. Бошингиз ёстиққа етганда ёнингизда бўлмасам, қандай ўғил бўлдим.
-Қўй, хафа бўма, бачам. Мана, инди тузукман. Худо жонимни қайтариб берди.
-Тузук бўлганингиз шуми, онажон? –Нуриддин эгилиб, онасининг пешонасидан ўпди, кўзлари ёшланди. Онаси ҳам ўнг қўлини унинг елкасига ташлаб, бошини юзига босди:
-Худога беадад шукур, сани кўриш насиб қиган экан…–онаси бетоқатланди.–Ҳилолани кўролмадим-да… ухлашга кўз юмдимми, қошимга келаверади…
-Аранг қолдирдим уни. Ишниям, ўқишниям қотиряпти.
-Кенжагинам…–онанинг кўзидан бир томчи думалаб, ёноғида тўхтади.-Қийналмаёптими? Ариқлаб кетгандир. Ҳар кимни овқатини емаса у нодон…
-Уни ўйламанг, онажон, қийналгани қўярмидик!
-Биламан. Уни сангаю янгасига, сизларни Худога топширганман.
-Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳадемай кўрасиз.
-Юборасанми? –онаизор тирсагини ёстиққа тиради, кўзлари ёрқинлашди.
-Ўзингизни олиб кетаман.
Онаси толиқдими ёхуд умидсизлик қаърига чўкдими, тирсагини ёстиққа шилқ ташлади, бир нафас кўзини юмди.
-Шу аҳволда қаёққаям борардим? –хириллаганнамо овоз чиқарди онаси.
-Ташвишланманг, то соғайгунингиз қадар кутаман. Самолётда қийналмайсиз. Ўша ёқда дўхтирларга кўрсатаман…

Шубҳасиз, ўша аҳволда у онасини Тошкентга олиб кетиш иложини қилолмади, волидаи муҳтарама ёнида узоқ вақт қолиб ҳам кетолмади. Ярим йилдан сўнггина у ўз ниятини амалга оширди–она ўз тўнғичи ҳамда “халта қоқди”си Ҳилола билан бир ҳаводан нафас ола бошлади. Бироқ бу қувонч ҳам кўпга бормади. Доимо ҳаракатга, кенгликка, қўни-қўшнилар билан ҳамиша мулоқотга ўрганган онаизор беш ойга етмай кетаманга тушиб қолди.
-Отамни соғиндингизми?–ҳазиллашган бўлди Нуриддин.–Зарур бўлса, отамниям олиб келаман.
-Отанг бу уйларингга бир кундан ортиқ чидамайди.

Нуриддин отасини эслаб, кулимсиради. У киши ўз ҳовлисидан бошқа ерни тан олмайди. Шундоққина ёнгинасида, яқин атрофларида яшайдиган ўғил-қизлариникида ҳам бирор оқшом ётиб қолмаган. Гўё ўз ҳовлисига ажиб хазина кўмилгану ўшани қўриқлаб ётади, ўшандан куч-қувват олади. Шундай деса, мана, онаси ҳам шаҳарга тоқат қилолмаяпти. Бу ер қанчалик қулай бўлишига қарамай ўз ҳовлиси-ўлан тўшаги совқотган кишини ловуллаб ёнаётган гулхан каби ўзига чорлаяпти. Сабаби нимада экан?
Шуни ўйлаб, Нуриддин яна онасининг нозик туйғулари орқали таъсир этишга жазм қилди:
-Энг муҳими, Ҳилола ёнингизда. Ҳозир шундан бўлак каттароқ ташвишингиз йўқ.
Онаси ўнг тирсагини хонтахтага тираганча бир лаҳза ўйга чўмди. Чиндан ҳам Ҳилоладан бўлак барча фарзандлари уйли-жойли. Чолининг ташвишини қилмаса ҳам бўлади. Келинлар, ўғиллар, бошқа қизлар ҳамиша отасининг иссиқ-совуғидан хабардор. Энди Ҳилола борасида кўпроқ қайғуриш зарур. Ундан ташвишланмаслик ҳам мумкин эмас: улкан шаҳарда битта-ярим олчоққа алданиб, қоқилишидан Яратган Эгамнинг ўзи асрасин. Буни онажони қизига эслатиб турадию бари бир қишлоқни, яқинларини қўмсайди.
-Агар зерикаётган бўлсангиз, ишдан кейин ҳар кечқурун мен, дам олиш кунларида Ҳилола сайрга чиқарамиз, томошаларга олиб борамиз.

Бош фарзанднинг аврашига онаизор кутилмаган жавоб қайтарди:
-Мани бачам иккита эмас, ўн битта. Ҳар қайсини ўз ўрни, ўз йўриғи бор, бачам.
Нуриддин онасини яхши тушунган эса-да, бўш келмади:
-Э, онажон-а, ахир улар ҳам бепарво ўтиришгани йўқ: икки ўғлингиз, бир қизингиз сизни кўришга келиб кетди, симда тез-тез гаплашиб турибсиз, -дедию Нуриддин кулди.–Гуруч орқасидан биз ҳам–курмаклар ҳам сув ичаяпмиз. Отамни ўйламанг, келинлари ташлаб қўймайди? Ҳовлида Карамгул бор…
-Отангни унга ишонасанми? –онаси кўзларини катта очиб, ўғлига саволомуз қаради.
-Ҳилоланинг гапига қараганда, отам анча ўзгарганмиш. Ой ҳам Карамгулга боқаркан, кун ҳам… Аввалги инжиқликларидан асар ҳам қолмаганмиш. Ишонгим келмайди. Шу ростми, она?
-Рост…–онаси секин хўрсинди.-Ҳа, шу келин хусусида отангминан ҳеч келишолмаёпмиз.
-Шу учун бу ёқда бемалол юраверишингиз маъқул эмасми, она?
-Қўй, мани кўп қистама, бачам, ман ўша ёққа кўпроқ керакман, буни ўзинг яхши биласан.
Карамгулнинг рўзғор тутиши, саранжом-саришталикка жуда бепарволиги, ҳардам хаёллиги, хусусан, фарзанд кўрганидан сўнг бу хусусиятлар янада бўртиб чиққанлиги катта ҳовли аъзоларининг ҳеч бирига маъқул эмас: ҳар ёқда сочилиб яшаётган қайнакалару қайнопа ҳамда қайнсингиллар бу борада ҳар кўрганларида дашномлар берадилар, панд-насиҳатлар қиладилар. Аммо таъсири узоққа чўзилмайди-Карамгул яна ошган хамирдай бўшашиб кетади-ҳамма эътирозларни тез унутади. Оилада ўта инжиқ ҳисобланган қайнотагина унинг жонига оро киради, тарафини олади. Бунга ҳамма лолу ҳайрон. Шундай кезда қаттиққул қайнона келини ёнида бўлишига, уни ўз измида сақлашига эҳтиёж туғилади. Нуриддин онасини худди шу маънода тушунди ва:
-Ўзингизни ҳа деб ўтга-чўғга ураверишингиз энди бас, она, -деди юраги эзилгудай бўлиб. –Буёғига маза қилиб, дам олиб юринг. Қолаверса, Ҳилол ёнингизда.
-Ҳилолдан кўнглим тўқ,-шарт кесди онаси.–Ишингга ғарқ бўлиб кетмай ундан кўз-қулоқ бўлиб турсанг, бас.
Мана, кўклам келопти. Бориб, памидор экаман, кади экаман, қавун экаман… Онангдан ташвиш чекма, онанг ишминан тирилади, бачам,-волидасининг кўзида қандайдир жонланиш кўриб, Нуриддин эътироз билдиришга на рағбат, на куч-қувват тополди. Шу орада онасидан хабар олишга келган укаси Ҳусниддин билан волидаи муҳтарамасини ноилож кузатиб қолди. Бироқ орадан икки ой ўтар-ўтмас Фазлиддин сим қоқдию онасининг оғир ётганини, иложи борича йўлга чиқишларини маълум қилди.
-Ўшанда бекор юборганман, -деди Нуриддин ўз-ўзига, тун қўйнини ёриб, шиддатли елаётган автобус ойнасидан маъюс қараркан. Ёнида, мижжа қоқмай, ўз хаёллари билан ўзи олишиб бораётган Ҳилола ҳушёр тортган каби акасига ялт қаради. У йўлда акаси билан бирга ўтиришни, янгасини эса олдинги ўриндиққа жойлашувини илтимос қилган эди. Аслида Нуриддиннинг ўзи ҳам шундай мўлжаллаганди.
-Аҳ, нима дедингиз, ака?- негадир йиғламсиради Ҳилола.–Онамни айтяпсизми?
-Ҳа-да, ўшанда онамни қолишга кўндирганимизда, шу ёқда тузукроқ даволаттирганимизда яхши бўлармиди.
-Онам уйда сиқилдилар. Ўйлаб кўринг, сизу янгам ҳам, мен ҳам ишда, жиянлар ўқишда… Ўзларича пастга тушиб, у ёқ-бу ёққа бормайдилар, қамоққа тушгандай учинчи қават ойнасидан қараб ўтирадилар… Телевизорга тушунмайдилар… Қуриб кетсин, нуқул ўрисча кўрсатувлар. Бизлару болаларингиз ҳам асосан Масковни кўрамиз. Онам бечора…-Ҳилола пиқиллади. Акаси ҳам безовталанди:
-Шуни сезган экансан, нимага олдини олмадинг, ҳеч бўлмаса, нимага менга айтмадинг?
-Каллам ишламаган, ака, энди эсимга келяпти… Ранглари синиққандай бўлувди. Кўчага айлантиришга олиб чиқсам, ҳарсиллаб қолардилар, ўтиришга жой излардилар.
Нуриддин индамай бош силкиди. Ўша пайтларда ўзи ҳам чуқурроқ мушоҳада юритмагани учун ичдан ўзини айблади. Кўз ўнгидан қиш ўрталарида онасини Ҳамза номидаги театрга олиб борган оқшом йилт этиб ўтди. Уйи билан театр оралиғи узоқ эмас, орада улов ҳам йўқ, фақат пиёда юрилади. Келини ҳамда қизи кампирни икки ёндан қўлтиқлашган, олдинда ўғил. Ўн дақиқалик йўлни қарийб ярим соатда босиб ўтишди, уч-тўрт марта тўхтаб, дам олишди. Ўшанда ҳам ўғил онани айблаган бўлди:
-Овқат емаганингиз учун шу ҳолга тушгансиз, она.
-Ундай дема, бачам, қаригандаям чопқиллаб юрайдимми?
-Олтмиш тўртга кирганда одам қарийдими?

Кўнгил учун Нуриддин шундай деса-да, чиндан ҳам онасида эрта қариш аломатларини кўриб, бунинг олдини олиш, волидасини тузукроқ даволатиш имконияти йўқлигидан қийналар, ўзини ношудликда, қўли калталикда айблар эди. Ажаб, ўшанда онаси қишлоққа қайтмаганида жиддий ўзгариш юз берармиди?
Шу савол кўнглидан кечдию Нуриддин бош тебратди, яна ойна тарафга, тун қаърига эзгин кўз тикди. Автобус ҳамон шошиб, олға интилар, ичидаги одамлар ташвишу ўйларини ҳам гўё ўзига ортмоқлаб олгандай зўриқиб, зирилларди. Шу боис қанчалик илгариламасин, йўли сира унмаётгандай кўринарди. Нуриддин кўзларини юмди. Айни шу топда:
-Акаа, -дея Ҳилола бошини буриб, Нуриддин томон юзланди, -ухламаёпсизми?
-Йўғ-а… Ўзинг-чи? Нимага ухламаёпсан?
-Уйқу келармиди… Онамни олиб келамизми яна?
-Ҳа, олиб келамиз…
-Акаа…
-Ҳа…
-Агар онамга бирор нима бўлса…
-Ундай дема!
-Йўқ, барибир-да.
-Тўғри. Киши ҳар қандай вазиятга шай туриши керак.
-Йўқ, акажон, чидаёлмийман, -Ҳилола юзини акасининг билагига босди.

Нуриддин юраги орқасига тортиб, ўзини беҳуддай, муаллақ осилиб қолгандай ҳис этди. Гарчи, у анча олисда яшаса-да, ота-онасини истаган чоғда кўравермаса-да, ўзини уларсиз тасаввур этолмасди. Қандайдир кўринмас нурлар уларни бир-бирлари ила боғлаб, гўё зарурий қонлар билан таъминлаб, куч-қувват бахш этиб турарди. Агар ўша ришталар узилса… Худо кўрсатмасин… уч кам ярим аср яшаб қўйган ўзики ўзини шундай тутса, ундан икки мучал ёш, кўпроқ ота-она бағрида ўсган синглиси не ҳолга тушаркин?
Шуни мулоҳаза қилиб, Нуриддин синглисига далда бергиси келди:
-Бу дунёга ҳеч ким устун бўлолмайди. Ризқ-насиба тугагандан кейин…
-Онам дунёга келиб, нима кўрдилар?..–Ҳилола ҳиқиллади. –Фақат азоб!
-Қўй, ҳалитдан одамни эговлама. Яхшиси, кўзингни юм-да, уйқуни ур.
-Акаа, нимага ухламаёпсиз? Айтинг, нималарни ўйлаёпсиз?
-Ҳм…
-Илмий ишимни ўйлаёпман…-ғудрангандай, мубҳам жавоб қайтарди акаси. Унинг кўнглини ғубор қоплаганга ўхшарди. Балки уйқу босиб келаётгандир.

2. ҲИЛОЛА ҲАҚМИДИ?

Акаси шу дамда рост гапирмаганини Ҳилола аниқ сезди. Албатта, ҳозирга қадар укаларию сингилларига раҳнамолик қилиб келган акаси шундай нозик лаҳзаларда ўз илмий ишини ўйлармиди?! Ҳатто, ғафлат уйқусига ботишини ҳам тасаввурига сиғдиролмасди. Шундай экан, боятдан бери бутун вужудини ғулғулага солган гапни акасига айтиб қолишни, қалбидаги аланга тафтини оз бўлса-да сўндиришни лозим топди:
-Акаа…-деди у мунгли овозда, сирлироқ оҳангда. Акаси индамай бошини у томон бурди.
-Агар онамга бирор нима бўлса, мен ўзимни кечиролмийман,-қизнинг кўзларига тўлиқиб ёш қуйилдики, гапиролмай юзини акасининг елкасига босди.
-Бу нима деганинг, Ҳилол?–Нуриддин қаддини шиддатли тиклаб, синглисига олайиб қаради.–Онамга бирор ножўя гап айтувдингми?
-Ҳа, баъзида айтганларини қилмаган пайтларим бўлган. Лекин ранжитганимни сираям эслаёлмийман.
-Унда нимадан ташвиш чекасан?
-Биласизми, ака, агар Тошкентга келмаганимда, онамга ҳамиша ўзим қараб турганимда бунақа дардларга йўлиқмасдилар
-Эсинг жойидами ўзи?-Нуриддин энди синглисини жеркиди.-Қаёқдаги бўлмағур гапларни ўйлаб топаяпсан!
-Хай, ўзиям шундай-ку!
-Биринчидан, бу ишга онамнинг ўзлари бош қўшганлар. Мениям ҳол-жонимга қўймаганлар: “Шуниям кўнгли ўксимасин, ўқисин, ҳунар ўргансин” деб неча марталаб айтганлар. Иккинчидан, отам ҳам бу ишдан қувонганлар. Тўғрими?
-Тўғрию… лекин отам ардоқли келинларини авайлаб, мендан қутулганларига шукур қилганлар…
Нуриддин кулди. Сўнг тан олди:
-Буниси рост. Айтганча, буни ўзлари очиқ айтганлар. Бунга нима дейсан?

Ҳилола бош ирғади. Акаси эса гўё дарз кетган “чизиқ”ларни сувашга уринди:
-Лекин ўқишга, сўнг ишга кирганингдан жуда қувонганлар. Онам эса ҳамиша сени ўйлардилар. Шундай экан, нимага ранжисинлар?
-Барибир-да, уларни келинларига ташлаб келиб, ёмон иш қилдим.
-Жиннимисан? Ахир қачонгача ота-онага ёстиқ бўласан! Қиз бола бўлсанг, бировнинг ҳасми бўлсанг. Бахтинг очилса…
-Қўйинг-э! -Ҳилола жаҳли чиқиб, тескари бурилиб олди. Қизиқ, шу топда ҳалиги қиёфа яна кўзига кўриндию у сескангансимон бошини чайқади: “Э, бор-э, бошимни оғритма…”
-Шу учун ҳар қанақа хаёлларга бораверма, ҳаммамизнинг олдимизда юзинг ёруғ.
-Шундай эмас, ака,- Ҳилола яна акаси томон бурилди.-Ўзлари рози бўлдилар деб, бепарво юриш керакми? Хай, айтинг, ёстиқ бўлишимга арзимайдиларми?

Синглиси билан шу дамда гап талашиш лозим эмаслигини, ҳозир бари бир сўзини ўтказолмаслигини Нуриддин ҳис этиб турарди. Бироқ, айни чоғда, у ўз ёғига ўзи қоврилиб, ўзини қийнашини ҳам истамас эди. Боз устига, Ҳилоланинг кейинги гапи акасини бадтар ташвишга солди.
-Ҳозир ҳам кеч эмас, ака, энди шаҳарга қайтмийман, қишлоқда қоламан. Хўп дейсизми? Мени ҳимоя қиласизми? Сиз ҳам ота-онамиздан ташвишланмайсиз, хотиржам бўласиз…
-Эсингни ебсан!- Нуриддиннинг овози бир қадар кўтарилгани боис олд ўриндиқда ўтирган хотини ўзи нима гап, дегандай ортига безовталаниб қаради. У ака-сингил ўртасида турли баҳслар онда-сонда бўлиб туришини, баъзан бир-бирларидан аразлашишгача етиб боришларини, аммо араз бир неча лаҳза ё бирор соатгача чўзилишини яхши билади. Шу сабаб ҳам ўртага суқилишни эп кўрмайди. Бироқ ҳозир бепарво қололмади:
-Дадаси, оғир бўлсалариз яхшимиди?-деди шивирлаб.–Одамлар нима дейди?
-Ҳа, рост,-деди эри секингина. Бир лаҳза жим қолди. Аммо кўнглидагини синглисига билдирмасликни ҳам ножоиз ҳисобладию оғзини унинг қулоғига яқинлаштириб, таъкидлади:-Билиб қўй, сени беҳуда қурбон бўлишингга йўл қўймайман. Сендан бошқалар ҳам бор у ёқда. Ундан кейин… онам соғайиб кетсалар, ўзлари ҳаммасини изга туширадилар.
-Айтганиз келсин, илойим, акажон. Лекин кеча кўрган тушимдан хавотирга тушиб ўтирибман.
-Тушга ишонма!–дедию Нуриддин ногоҳ ўзининг бугунги ғалати ҳолатини эслаб, негадир сесканди. Бу ҳолатни бировга айтиш нари турсин, ҳатто кўз олдига келтиришдан ҳам чўчирди. Аммо Ҳилоланинг туш ҳақидаги гапи ўша вазиятни хотирасида тез-тез тиклайверди.

Нуриддин бир неча ойдан бери ўз уйида эмас, ёзувчиларнинг шаҳар ташқарисидаги ижод уйида яшаб келяпти. Баҳаво, сўлим, осойишта, илмий иш қилиш учун жуда қулай маскан. Қиммат ҳам эмас. Дўстлари унга шу ерни тавсия этишган. Уч ой ичида у ўша ерда анча-мунча ошнолар ҳам орттирди, гоҳида улфатчиликлар ҳам қилди. Энг муҳими, ўзининг йирик иши юзасидан кўп нарсалар ўқишга, ҳатто, анча-мунча саҳифаларни қоралашга ҳам улгирди. Агар ҳаракатлари шу маромда давом этса, икки йилга мўлжалланган иши аввалроқ поёнига етиши ҳеч гап эмас. Аммо бугун…
Бутун мамлакатда бўлгани каби боғда ҳам шанбалик ўтказилди. Шаҳардан бир автобус тўла ёзувчилару адабиётчи олимлар ҳам келишди. Тушликда ҳаммага палов тортилди, боғда тайёрланган мусалласлар, ижодкорлар ўзлари билан олиб келган ҳар хил ичкиликлар дастурхонга қўйилди. Сўнгроқ ҳар ким ўзича боғнинг турли бурчакларига тарқалиб кетдилар, ўзларича ҳордиқ чиқардилар. Уларнинг кўплари билан Нуриддин мулоқотда бўлган эса-да, нечундир у бугун ўзига ўхшамасди: кўнглининг тубида аллақандай қоронғу ўпқон бору гоҳида ўшанга қулаб тушаётгандай, унинг қаърига чўкиб бораётгандай сезарди ўзини. Табиатдаги ажиб уйғониш, қийғос гуллаган олма дарахтларига учиб, қўнаётган асаларилар- фусункор боғ ҳам унинг дилига калит сололмади- қора ўпқонни йўқотолмади.
“Наҳотки қаттиқ чарчаганман?-деб ўйлади у “ҳашарчилар” кетгач, боғ тинчиб қолгач. –Яхшилаб ювиниш, мириқиб ухлаш зарурмикан?”

Шу фикри ўзига маъқул тушдию қўлидаги самбит толдан ўзи ясаган нафис таёқчани ўйнаганча бино ичкарисига кирди. Кираверишда қоровул йигит телефон ёнида, юмшоқ курсида мудраб ўтирибди. Нуриддин ундан ҳол сўрадию уйга сим қоққиси келди. Тик турганча рақам терди. Дастакни хотини олди. Ҳаммаси жойида: у ҳам, болалари ҳам шанбаликда иштирок этиб, қайтишибди.
-Эртага болалар билан бирга ёнизга борсак, бир кун бўлсаям боғда дам олсак, сизга халал бермаймизми, дадаси? –сўради хотини.
-Жуда яхши ўйлабсан, ҳозир боғ жуда антиқа. Келаверинглар, -деди у ва нохос эсига тушди: -Қоғозим тугаяпти, бир даста сарғиш қоғоз билан бир оз новвот олиб келсаларинг…–у дастакни қўйиб, таёқчага ярим таянганча юқорига, учинчи қаватга кўтарила бошлади. Айни шу лаҳзада у ақлига сиғдира олмайдиган бир рўё кўрди. Кўз ўнгида ғалати манзара жонланди: эгнида қорамтир чопон, белида белбоғ, бошида дўппи, қўлида узунроқ, қийшиқ таёқ-ҳасса тутиб, тупроқли йўлда, бир оз чангга беланганча оломон қуршовида унинг ўзи кетиб бораяпти, чанг- ғуборлар орасидан аранг кўзга ташланади. Атрофида эса яқин биродарлар… Ортига назар солдию титраб кетди: тобут тебраниб бораяпти… Ким у? Отасими? Онасими? Ёхуд…
-Ё Оллоҳим! –деб юборди Нуриддин ихтиёрсиз равишда.–Бундай кунни ҳали бошимга солмагайсан! Ҳеч бўлмаса, йигирма-йигирма беш йил тинч қўйгайсан… Ҳали онам ҳам, отам ҳам роҳатимизни кўрмаганлар.
-Нима бўлибди, ажал ҳали улар роҳат кўрмаган, деб кутиб ўтирадими? –деган ички бир овоз унинг дилини баттар ларзага солди.

-Кўпам ваҳима қилаверма,-деди яна ўзини босиб у.–Ҳаммаси соғинчдандир, балки. Шу боис ҳар хил фикрлар бошингда айланаверади. Ҳа, дарвоқе, мана буни ҳасса қилиб юрибсан…–Нуриддин қўлидаги чиройли, самбит таёққа тикилдию бутун вужуди қақшаб, уни иккинчи қаватнинг очиқ ойнасидан кўчага улоқтириб юборди. Кўнгли сал таскин топди. Болалик йилларида таёқ-ҳасса бобида онасининг танбеҳларини яна эслади. У ёхуд укалари таёқни ҳасса каби ишлатсалар, супургини тик қўйсалар, анчагина иримчи оналари дарҳол дашном берарди:
-Бировни ўлимини тилаяпсилами? Мурдашўйлар ўргатдими, а?
Шубҳасиз, ўша чоғларда бу гап мурғак қалбларга таъсир этиб, дарҳол қилғиликларидан пушаймон бўлардилар. Улғайганларидан сўнг эса олган таълимлари бўйича бунақа қарашларни зарарли хурофот деб тушундилар. Лекин, айни шу дамда, Нуриддин ўша ирим гулханига тушган, ўз-ўзидан тутаб ёнар, ушбу алангадан қочиб, қутулолмас эди.

Хонасига кирганидан сўнг ҳам бу ҳолат давом этди. Шоша-пиша ювиниб, миясига дам бериш учун ўзини диванга ташладию кўзларини юмди. Бироқ мижжалари ўз-ўзидан кўтарилиб кетаверди, ҳалиги кўриниш ҳадеб безовта қилаверди. Ўзига тасалли бериб, онаси яқиндагина санаторийда даволаниб, шу кунларда қишлоққа жўнаганини, отаси ҳали соғлом ва бақувват эканлигини ўзига қайта-қайта таъкидлайверди.
“Ёки икки-уч кун ичида ҳаво кескин ўзгаргани уларга ёмон таъсир этдимикин? Отамнинг қон босими кўтарилиб кетдими? Йўғ-э, ўзимча нималар деяпман?… Унда нечун бунақа ҳолат кўзимга кўринди…”
Тўғри, Нуриддинда қандайдир ички сезги гоҳида нималардандир дарак берарди. Баъзан тушида кўрган кимсаларни ёки воқеа-ҳодисаларни эртасига айнан ўнгида ҳам кўрар эди. Гоҳида қизиқ ҳоллар ҳам юз берган. Антиқароғи эса анча аввал, тахминан ўн-ўн икки йил бурун уни ҳайратга солган. Ўшанда дам олиш куни эди. Ўз уйида, диванга чўзилганча хаёлларга берилиб ётарди. Ногоҳ кўз ўнгида шаҳар бош бекати гавдаланди. Отасини эслатадиган бир қиёфа поезддан тушиб, бир-бир босганча такси бекатига келдию бир яшил “Волга”га ўтирди. Елкасидаги хўржинга ўхшаш халтани ёнига қўйиб, ҳайдовчига манзилни айтди. Чорак соатлардан сўнг машина уларнинг уйи яқинида тўхтади. Отасига ўхшаш киши уловдан тушиб, халтани елкасига ташлаганча шу томон юрди. У ён- бу ён аланглади…

Нуриддин мийиғида кулди. Ўша қиёфа нигоҳидан ҳеч нари қочмас эди. Қизиқ, у киши шошилмай аввал биринчи қаватга, сўнг иккинчи ва учинчи қаватга кўтарилди. Бир дам нафасини ростлаб, ажабки, уларнинг эшиги рўпарасида тўхтади. Нуриддин негадир ҳовлиқди. У туш кўрмаётган, ҳаракатларнинг ҳаммаси кўриб тургандай назаридан ўтаётганди. Шундай эсада, қандайдир куч таъсирида шашт туриб, эшик сари юзланди. Айни шу лаҳзада эшикни кимдир икки ёки уч марта “тап-тап” урди. Нуриддин калитни бураб, тутқичдан тортган эдики, рўпарасида халта кўтарган ўз отасини кўрдию лол қотди, ҳанг-манг бўлганча падарига интилди.
Чой устида шу ҳолатни отасига гапириб берган эди, Одил бобо:
-Тўқиёпсан-а, -деди кулганча. Аммо шунга ўхшаш ҳолатлар кейинги икки-уч йилдан буён уни тарк этган эди. Айни ҳозирги лаҳзаларда ўша ноёблик қайтмаган бўлсин-да, дея Худодан илтижо қилиб турганида эшик тақилладию у сапчиб тушди:
-Кираверинг, эшик очиқ, -дедию сабри чидамай ўша томон юрди.
-Сизни тилпонга чақиришяпти, -деганча қоровул тезда изига қайтди.
-Ким бўлдийкин? Ҳар қалай, уйдан эмасдир…- у ўзига тасалли бериб, бироқ нафаси бўғзига қадалгудай бўлиб, шиппагини оёғига илдию чопқиллаб пастга тушди, устол устида ётган дастакни дарҳол кўтарди.
-Дадаси, мен…– Озоданинг овозини эшитиб, унинг кўзлари катта очилди, -сизни безовта қилишга мажбур бўлдим.
-Нима гап? –ҳовлиқиб сўради у хотинидан.
-Ҳозиргина Фазли телефон қилди, шуни сизга айтиб қўяй дедим…
-Чўзмай айтақол, тинчликмикан?
-Ойимни тоблари қочибди…–Озоданинг товуши пасайиб кетди. Нуриддиннинг жони бўғзига тиқилгудай бўлиб, дастакка қараганча уни чақирди. Овози бўғилди. Аёли ўз мулоҳазасини тортиниброқ айтди.–Боришимизга тўғри келади, дадаси.
-Тузукроқ суриштирдингми? Бирор нима бўлмаганда…–давомини айтишга унинг тили бормади. –Касалхонада эканларми?
-Йўқ, уйда дўхтирлар даволаётганмиш…
“Уйда” сўзи унга сал нажот бағишлади ва хотинига тайинлади:
-Нарсаларни тайёрлаб қўй, мен тезда етиб бораман…

Сафарга Озоданинг ўзи ҳам шайланибди. Ҳилоланинг қўшилгани ҳам айни муддао. Ҳар қалай, доғда қолмаган яхши-да. Лекин унинг азми қарори…
-Акаа…-деди Ҳилола қўрқа-пуса, Нуриддиннинг хаёлларини учириб, –тушда тиш нима?
-Тиш?–дедию Нуриддиннинг вужудида титроқ қўзғалди. Онаси: “Тушда тишинг тушса, яқинларингдан бири ўлади” деган бир марта. Тушларни кўрилган вақтига қараб, аниқ таъбир қилардилар, таъбирлари кўпинча тўғри чиқарди. Ҳилола бунақа гапларга қулоқ солавермас, бошини китобдан кўтармас эди. Бироқ ҳозир акасидан таъбир сўраяпти. Акаси эса тўғри жавоб қайтаришга ўзини ожиз сезяпти. Шундай эса-да: -Тиш-тиш-да, -деб қўйди ўзини билмаганга солиб.
-Биронта тушим эсимда қолмасди. Бунисини шу азонда кўрдим: олддаги катта тишимни шундай тортсам, қўлимга суғрилиб келибди. Эсиз-а, жуда керакли тишим бевақт тушди-я, деб куйиниб ётибман…
Нуриддин тўлғаниб, иккинчи ёнига ўгирилди, лабини қаттиқ тишлади. Гўё ухлаш учун кўзларини юмди. Автобус тун бағрини тилиб-тилкалаб, бамисоли учиб боряпти. Унинг ичидаги эллик жон, эллик вужуд ҳар қайси ўз дарди, ўз ташвишига кўмилганча курсиларига қапишгандай. Аммо улардан ҳеч бирининг дарди ёнма-ён ўтирган ака-сингилникига ўхшамас… Ким билади, балки буларнинг ғамидан ҳам ошиб тушувчи кулфатлар йўқ эмасдир.
Нуриддин шуни ўйладию ўзини ухлашга мажбур этди. Бироқ қўққисдан онасининг кетар жафосида ўзига тайинлаган, илтижо ширасига йўғрилган сўнгги сўзларини эслаб қолди:
-Ҳилолани санга, сани Худога топширдим, бачам… Ёшиям ўтиб боропти. Қиз бача пишган қавундай… Бир бала айланишиб юрганга ўхшайди… Суриштириб кўр, тагли-тугли, яхши бўса, узоқ-яқинига қарамаймиз.

3. ТАШВИШ КЕЛТИРГАН ЧАҚАЛОҚ

Онаси бир дам сукут сақлади. Бундан бош ўғил ғоят оғир вазифа елкасига тушаётганини ўзича ҳис этдию яна онасига саволомуз қаради.
-Ундан гап олиб бўларканми, бачам?–деди онаси чайналиброқ.–Дугонасини гапидан пайқадим. Эҳтиёт бўлиб суриштирсанг… Янгасигаям тайинлаб қўйдим…

Бироқ Нуриддин суриштиришга улгуролмади, бунга имкон ҳам тополмади. Уйда бўлган вақтида синглисини ҳар кеча, соат ўнлар атрофида троллейбус бекатида кутиб оларди. Ёзувчилар боғига кетганидан сўнг бу ишни Озода ҳамда болалари адо этишяпти. Хотини бирор нима пайқаганида, албатта унга сездирарди. Ўзи ҳали унчалик кўп вақт ўтгани ҳам йўқ-да.

Катта хонадоннинг тўнғичи Нуриддин билан кенжаси Ҳилола биргаликда, ёнма-ён юрганини кўрган киши уларни ака-сингил эмас, отаю қиз деб ўйлайди. Орадаги фарқ, масофа ҳам нақ икки мучал –йигирма тўрт йил. Отаси ҳазиллашиб, “катта сигир, кичкина сигир” дейди. Ака-сингил бирор китоб хусусида баҳслашиб қолганда: “Шохлашганларинг етар”, дейди кулиб. Акаси кўпинча синглисини атайлаб баҳсга тортади, қизиштиришни ёқтиради. Уларни кузатган бегона кимса Ҳилоланинг “ака” деб мурожаат қилганидан ҳайратланади. Нуриддин ўз ёшига нисбатан хийла улуғроқ кўринади: ўрта бўй, хиёл қорин чиқарган, паст қовоқларида халтачалар пайдо қилган, кўзлари ҳорғин боқувчи, елкаси бир оз букилган-курсида кўп ўтиргани яққол сезилувчан, асли буғдой рангга мойил юзлари йиллар ўтиб, оқиш-сарғиш тус олган, сочи сийраклашиб, чаккаси анча оқарган-зиёли сифат киши. Унинг акси ўлароқ Ҳилолани ҳеч ким йигирма уч ёшга кирган, ҳаётнинг кўплаб чигалликларига аллақачон дуч келиб, анча-мунча қийинчиликларни бошдан кечирган қиз эмас, балки, эндигина ўн етти-ўн саккиз остонасидаги нозиккина, қорамағиз юзлари таранг, силлиқ-ўзига бино қўйган қизалоқ деган ўйга боради. У ўзига ҳам, яқинларига ҳам ўта талабчан. Ҳеч кимга гард юқтиришни истамайди.
Нуриддин бу синглисини бошқа қондошларига нисбатан камроқ билади. Лекин уларнинг ҳаммасидан бир мунча фарқ қилишини, кўп жиҳатдан онасини эслатишини, баъзан ўзига ҳам тортадиган белгилари борлигини ўзича ҳис этади. Авваллари кичкина Ҳилолани унча ёқтирмасди: онасига катта ташвиш, ҳатто ўлим хавфи солгани учун “Шу носкадихон туғилмаса нима қиларди”, деган сўзни беписандлик билан айтиб ҳам юборган. Гап шундаки, Ҳилола онасининг ўн тўртинчи фарзанди ҳисобланар эди. Булардан ҳар бирининг туғилиши, вояга етиши ғалати воқеаларга бориб тақалади. Учтаси эса вафот этган. Халта қоқди-Ҳилола ўн биринчи рақам олиб, отасининг дафтарига тушган.

Ҳилолага ҳомиладорлик онаси учун жуда оғир кечди. Туғилиши эса ундан-да, машаққатга айланди. Дорилфунун талабаси бўлмиш Нуриддин бир кунгина аввал қишги таътилга келган, эртасига бир гуруҳ меҳмонлар унга эргашган — ноқулай вазият ҳукм сурган эди… Волидасининг аҳволини кўриб, у йиғлашдан ўзини аранг тийган… Отаси эса олис Қизилқумда, катта рўзғор ташвишида қаҳратон совуқ, жазирама иссиқ, қум бўронлари демай, ҳаловатлардан кечиб юрибди. Шундай қилмаса, бу рўзғорни эплаш қийин. Буни бош ўғил яхши тушунади, отасини айблай олмайди. Бунга ҳақи ҳам йўқ. Фақат ҳамма ташвишларни онаси ўз елкасига олишидан изтироб чекади. Ҳайриятки, фарзандлар она измида, барча ишларни ўзлари бажариб кетаверадилар. Аммо мана бунақа қалтис вазиятда уларнинг қўлидан нима ҳам келарди?

Нуриддин меҳмонларни укаси ихтиёрига қолдириб, шоша-пиша велосипедга ўтиради-да, қишлоқ касалхонасига жўнайди, ҳеч иккиланиб ўтирмай бош шифокор ҳузурига кирадию онасининг аҳволини тушунтиради. Сўзлари, шубҳасиз, қатъиятли ҳамда таъсирли эди. Шифокор дарҳол туман туғруқхонасига сим қоқиб, “Тез ёрдам” сўрайди.
Шом чоғи “Тез ёрдам” машинаси билан Нуриддин ҳам бирга жўнайди. Аслида, онасининг ҳисоби бўйича, фарзанд туғилишига ҳали икки ойдан мўлроқ вақт бор, аммо рўзғордаги оғир юмушлар, бўлар-бўлмас ишларга уринаверишлар ҳомиланинг эрта қўзғалишига, кўп қон кетишига олиб келган. Энди катта ёшдаги ҳомиладорлик, қувватсизлик, кам қонлик ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Бола туғилиши учун кучаниқ етишмайди. Аҳвол шу зайлда давом этса, бола ичда, қон орасида қолиши, бу муқаррар ўлимга олиб бориши, онани ҳам хавфли аҳволга тушириши мумкин. Фақат тиғни ишга солсагина омон қолишга умид бор. Бунинг учун аёлнинг ўзидан ҳам, яқинларидан ҳам розилик олиш зарур.

Нуриддин кўз ёшларини тиёлмайди ва бошқа нажот ҳам йўқлигига кўзи етиб, иккилана–иккилана розилик билдиради. Туни билан Худога ёлвориб, дераза ортида у ёқдан бу ёққа юриб чиқади. Тонгга яқингина ҳамшира унинг кўнглига чироқ ёқади:
-Сингилча муборак бўлсин, укажон!
-Онам… ўзлари тузукми?-қуйилиб келган ёш дарёларини тўхтатолмай, сўзларни ичдан аранг суғуриб чиқаргандай сўрайди у ҳамширадан.
-Яхши… Умрларидан бор экан, зўр дўхтир навбатига тўғри келдилар. Худонинг ўзи асради. Энди бемалол уйга кетаверинг.
Нуриддин ихтиёрсиз равишда чўнтак ковлаб, ёнидаги ягона ўн сўмликни ҳамширага узатиб, миннатдорчилик билдиради.
Кейин билса, онасининг аҳволи яна оғирлашган, унга янгидан қон қуйишган. Буни онаси уйга қайтган куни ўғлига айтиб берган.
-Энди туғманг, онажон, -деб юборган ўшанда Нуриддин. –Бизга ўзингиз керак, соғлиғингиз керак.
-Ўзим истабманми, балажоним, Худони бергани-да, ношукурлик қилиш-гуноҳ. Ахир қайси биттанг ортиқлик қиласан?
Бу – оғир гап эди. Нуриддин ҳеч нима деёлмай ерга қараган.
-Бунга нима от қўясан, бачам?–онаси беш кундан кейин оппоқ матога ўралган, фақат бошчаси очиқ, жимитдайгина, ҳатто яшашига ишониш мушкул чақалоқни қўлида тутиб, акасига кўрсатган. Нуриддин афтини тириштириб, четга қараган.–Тешкайи қаяманг, акажон,–чақалоқ номидан онаси гапирган,–ҳали ман шундай чиёйли қиз бўяйки, ҳамма ҳавас қисин. Сизга чойлай дамлаб беяман, овқат пишийиб беяман.
-Ҳоо, шу кишими?-Нуриддин масхараомуз илжаяди.-Носкадихон.
-Ношкадихон эмашман, акажон, манга чийойлиёқ от топинг, акажон…
-Бўпти, ана, Ҳилола бўлсин,-деган Нуриддин бир дам ўйлаб олгач.–Сиз Шамсия-Қуёш, бу –Ҳилола, атрофингизда кичкина Ой бўлиб айланади.
-Яхши от топдинг, бачам,-онаси қувониб кетади.–Ойдай ёруғ бўсин, йўллариям ойдин бўсин. Акаларидай катта ўқишларда ўқисин…
Ҳали хасталик аримаган, аммо ишончли сўзлар ҳозир ҳам, автобусда елиб бораётиб Нуриддиннинг қулоқлари остидан майин таралгандай туюлди. Ёнида эса ўша мурғак, кўпларга ташвиш келтириб, оламга мўралаган, акаси назарига илмаган Ҳилола. У ҳам тинимсиз онажони ҳақида ўй суриб боряпти, энг оғир дамларда меҳрибонига дармон бўлолмагани учун ўзини ерга уриб, гўрга соляпти.
Нуриддин ўзи сезмаган ҳолда “уф” тортди, Ҳилола унга ялт қараркан:
-Ака, сўрамадизми, нимага касалхонага ётқизишмабди?–деб сўради.
-Сўрамабман. Ким билади, балки жой йўқдир. Боргач биламиз…
-Илойим боргунимизча тузалиб қолсинлар-да, ўзим яхшилаб парвариш қиламан. Э, ана, яқинлашиб қолибмиз, -Ҳилола муюлишдаги уруш қурбонлари учун ўрнатилган ёдгорликка ишора қилди. Автобус тўхтаб, бир неча киши ундан тушди. Тонг отиб, атроф ёришиб қолган эди.

Кун оламнинг қора пардасига ниш уриб, зарғалдоқ элчиси ила мўралаганда улар таксига ўтиришди. Машина елиб боряпти. Лекин буни ака-сингилу Озода гўё сезишмайди. Атрофга бефарқ, мунғайиб назар ташлайдилар. Аслида, табиат бор ҳуснини намоён этган. Аммо бу нафисликлар уларга жуда ғариб кўринади. Хаёлларида фақат бир фикр: қанийди гулга бурканган шу дарахтлар ҳам, ғужур-ғужур куйлаётган қушлар ҳам буюк она ҳақида некбин хабар етказсалар… Қишлоққа яқинлашган сайин ака-сингилда титроқ бошланди, вужудлари қулоққа айланди: қани энди йиғи–фарёд овозлари эшитилмаса…
Ажабо, уларнинг нолаю фиғонларини Оллоҳ эшитдими, Парвардигорнинг уларга раҳми келдими, ҳар қалай, ҳовлига яқинлашганларида ҳам баланд овоз чиқариб, йиғлашларни эшитмадилар.

-Хайрият…– Нуриддиннинг бўғзидан садо бўртди.–Осойишталик…
-Нима бўлиши керагиди, ака? –Ҳилола ногоҳ хушёрланиб, кўзларини катта очганча акасига қаради. Бир лаҳзада хаёлнинг ўнлаб кўчаларига кириб чиқди.
-Ҳа, энди ҳар хаёлга боради-да, одам,-деди Нуриддин мужмал қилиб ва шоша-пиша машинадан тушиб, камбар, тупроқли йўлга бурилди. Синглиси ва хотини ҳам индамай, шундай алпозда унга эргашди. Ҳовлига жуда яқин қолганда дарвоза ланг очиқ эканини, атроф супуриб-сидирилган, топ-тозалигини кўриб, Нуриддиннинг кўнглида яна шубҳа қўзғалди: кенжа келинда бунақа фазилат йўқ. У ўзидан билиб, ҳеч қачон кўча юзини ойнадай тозалаб қўймайди. Модомики, шундай қилинибдими, қандайдир тараддуд бор. Нима? Бу ўй унинг миясини пармалай бошлаган чоғда вилоят марказидаги катта илмгоҳда ишлайдиган укаси Баҳриддиннинг қиёфаси кўринди. У бир қўлида супурги, иккинчисида челак тутганча атрофни кўздан кечириб юрарди. Буни келувчилар дарҳол ўзларича тушундилар. Дарҳақиқат, Баҳриддин табиатан ўзи шунақа: қаерга борса, қаерда ўтирса, озодаликни, нафисликни талаб қилади. Бирор хас-хашак, уйиб қўйилган ашқол-дашқол ошга тушган пашшадай табини хира қилади. Кўпинча буни айтиб ўтирмай, ўзи ишга тушиб кетади. Меҳрибончиликда ҳам унинг тенги йўқ. Отасию онаси бош ўғилдан сўнг унга кўпроқ суянадилар…
Нуриддин укасини кўрган заҳоти кўнгли бўшашиб, ичдан нимадир тўлиқиб келди. Ҳатто челагу супургини қўйиб, қўлини офтобада чайиб, ўзига пешвоз чиққан укасига бирор оғиз сўз ҳам айтолмади, жигаргўшасининг саломига бош қимирлатдию индамай уни бағрига босди. Бир нафас шу кўйича, жимгина уни қучиб турди. Ўзига келолмади. Баҳриддин акасининг аҳволини тушунган, синглисининг кўзларидан шашқатор томчилар қулаётганини кўриб, ўзи ҳам бўшашган эди. У фақат:
-Тинчлик, қўрқманглар,-дейишга куч топди. Бу ҳаммадан тезроқ Озодани дадиллаштирди. У жилмайишга уринди. Лекин кулолмади.

-Ойимга нима қилди? –деб сўрай олди Озода.
Савол жавобсиз қолди. Ичкаридан бошқа укалар, сингиллар, келинлар, бир талай қариндош-уруғлар тўда-тўда бўлиб, уларга пешвоз чиқишди. Олисдан келган ака-сингил уларнинг ҳар бири билан қучоқлашиб, гоҳ ўпишиб кўришаркан, ажаб, иккиси ҳам бир хил ҳолатга тушган, иккиси ҳам гапиролмай, унсиз йиғлашарди. Ҳилола баъзангина ҳиқиллаб қўярди. Гўё нимадир демоқчи бўлишардию ёшлар жаласи парда бўлиб, сўзларни тўсарди. Қани энди бу йиғи дард-аламларни улоқтирувчи, қувончли йиғи бўлсаю бор овозларини қўйиб юборишса! Шундай лаҳзалар келармикан? Ҳаммалари йиғилишганига кўра, ким билади… Худо кўрсатмасин…

4. САВОЛЛАРГА ЖАВОБ БОРМИ?

Нуриддин олдинда, сал орқароқда синглиси билан хотини “Она уйи”га қадам қўйишди. Қибла тарафдаги дераза ёнида, шифтга қараганча ҳаракатсиз ётган онасини кўргач, у одимларини тезлатиб, бемор ёнига тиз чўкди. Озода оёқ томонда нима қиларини билолмай, тик турганча лол қотди. Ҳилола бўлса, бир оёғини остонадан ўтказиб, иккинчиси нарёқда турганча, рангги сурпдай оқариб, эшик кесакисига суянди. Кимдир уни маҳкам тутиб, ичкари бошлади, йиқилишдан сақлаб қолди.
-Онажон… Сизга нима бўлди?–Нуриддин йиғи аралаш пичирлаб, онасининг юзларидан, пешонасидан ўпди, юмуқ кўзларига тикилди. –Гапиринг…
-Онажон!-энди ҳушига келган Ҳилола ҳам волидасининг бағрига отилди.- Нимага ўрниздан турмаёпсиз?
Бироқ саволларга жавоб йўқ, кўзлар юмуқ, оғиз очиқ- хишиллаб, хирқироқ нафас олишлар. Нафас йўлларини балғам тутган каби куч билан ҳаво тортиб, яна куч билан чиқарилади. Юрак зўриқиб ишлаётгандай: кўкрак қафаси тез кўтарилиб, тез тушади. Бундайин дардларга, шунча ёшга кириб на Нуриддин, на Озода дуч келишган. Қандай чора кўришни билмай, гангиб қолишди. Ҳилола-ку, батамом ўзини йўқотиб қўйган. Гоҳида:
-Она, онажон, кўзизни очинг,-дейдию волидасининг юзларига юзларини босади. Лекин онасидан садо чиқмайди: уларнинг келишига ҳам, саволларига ҳам бепарво, гўё аразлагандай. Агар ҳуши жойида бўлганида, ўзини салгина эплаб билганида онагинаси шунақа ётаверардими? Узоқдан кўринишлари билан жазирама иссиқми, қаҳратон совуқми, ёмғир ёхуд бўронми, инқиллаб-синқиллаб олға интиларди, терга пишган ҳолда ҳаллослаб чопарди, фарзандларини бағрига босганча:
-Юраккинам сув ичсин, бачагинам!–дея соғинчларини қондирарди. Аммо ҳозир ҳаммасига лоқайддай, улардан хафадай унсиз ётибди.
-Онажон, мен гумроҳ сизни негаям бу ёққа юбордим?–дедию Нуриддин гапини давом эттиролмади, сўнгги сўзларини гўё ичдан нимадир тортиб кетди. Бошини қуйи эгиб, сукутсиз ҳолда онасига бир дам тикилиб турди. Ичдан эса ўзини аёвсиз лаънатларди.
Сал ўтиб, атрофга назар солдию бехосдан дили ғашланди. Ажабо, онаси шу даражада оғир ётибдию уй тўла одам: қариндош-уруғлар, яқин биродарлар, қўни-қўшнилар. Беморнинг тепасида дераза ромига боғлаб қўйилган осма укол асбоблари. Уч ўғилдан кейин туғилган, туғруқхонада ҳамширалик қилувчи Роҳила онасининг оғзига пахтада сув томизиб турибди. У гоҳида томчилаб тушаётган аралашма дорининг маромини кўздан кечириб қўяди, бемордаги ўзгаришларни кузатади.
Нуриддин қариндошлар билан зўрма-зўраки, бош ирғаб сўрашдию ҳаммага эшитарли овозда синглисидан сўради:
-Сенга нима бўлди, Роҳила?
-Менга? Ҳа, нима қилибди, акажон?-қандайдир қўрқув оғушида акасига бўзрайиб қаради у. –Ҳеч нима бўлганим йўқ… Тузукман…
-Баракаллла сенга-е!–энди акаси очиқ зарда қилди.-Қанақа ҳамшира, қанақа тиббий ходимсанки, онам шундай оғир ётибдилар, уй худди томошахонага ўхшайди. Ахир бунақа пайтда осойишталик керак эмасми?..
-Ке-керак…–бармоқларини лабларига босиб, деярли шивирлаб жавоб қайтарди Роҳила ва акасининг қулоқлари яқинига оғзини яқинлаштириб, гапини давом эттирди.–Жуда зарур… Лекин, акажон, ҳаммалари онамни кўргилари келади. Уларга қандай айтаман?
-Сен айтмасанг, ким айтади?
-Бир-иккитасига айтувдим, хафа бўлдила…
Нуриддин ҳам юмшоқ кўнгил, ҳеч кимга озор бермаган. Аммо ҳозир фиғони фалакка чиқиб, фикрини дангал айтди:
-Онамни ҳурмат қилганларингиз учун ҳаммаларингизга кўп раҳмат. Бироқ кечиринглар мени, беморга ҳозир жуда осойишталик зарур…
-Хапа бўма, айланай, жигаргинамни кўрмай, ҳавлидан кетавераманми?–йиғламсираб, эътироз билдирди қариндошлардан бири.–Кўнглини сўрайману ҳайдамасанг ҳам кетавераман.
Унгача баъзилар ўринларидан туриб, эшик сари йўналдилар. Нуриддин шаштидан тушмади:
-Соғайсинлар, кейин истаганча кўнгил сўрайверасизлар. Роҳила, сингилжон, сендан илтимос, уйга ҳеч кимни киритма. Фақат икки киши қолса, бас… Ҳилол, сен ҳиқиллама, чиқ. Мана, ўзим ҳам чиқаман,-у йиғлагудай бўлиб, эшик сари йўналди. Ўзига биринчи дуч келган кенжа укаси Фазлиддинни қишлоқ касалхонасига, бош шифокорни бошлаб келишга жўнатди. Сўнг дарвозахона сари юриб, остона ёнида қатор калишлар териб қўйилган, меҳмонхона номини олган узунгина уйга кирди. У ерда суҳбатлашиб ўтирган отаси, амакиси, яна баъзи қариндошлар билан қучоқлашиб кўришди. Ҳали дарвозадан кирганда улар билан кўришгани мутлақо эсидан кўтарилган, ярим беҳуш тарзда сўрашганини эслолмас эди. Унинг бундай ҳолати сабабини отаси ҳамда амакиси ўзларича тушундилар. Лекин сездирмадилар. Юзга фотиҳа тортиб, аҳвол сўрашгач, Нуриддин отасига мурожаат қилди:
-Ота, онамга нима бўлди? Ҳеч ким тузук-қуруқ гап айтмади. Тошкандан жўнатганимда соппа-соғидилар.
-Қишлоққа келганида отдайиди. Ўтган ҳафта шу бугун келувди. Билмасам, нима бўлди, бирданига мазаси қочди…
Отаси яна нималар деди, Нуриддин эшитмади, англай олмади. Балки бирор кўнгилсиз воқеа юз бергандир, деган ўй унинг вужудини эзғилай бошлаган эди. Гўё шу фикрни тасдиқлаган каби Одил бобо айтган сўнгги сўз унинг шубҳасини янада кучайтирди:
-Ўзига ўзи қилди-да.
-А?…-у отасини ранжитиб қўйишдан чўчиб, айни пайтда, ўзини босиқ тутишга уриниб, ўрнидан турди, секин ортга чекиниб, дарвозахона сари юрди.
-Дардини берган Худо шифосини ҳам беради…-амакисининг минғирлаган овози қулоғига чалинди.–Тақдири азалдан қочиб, қутулиб бўмайди, жиян.
-Рост айтасиз, амаки,-Нуриддин эшикдан бош суқиб, ярим зардали, ярим гинали оҳангда гап қотди.–Мен бир-бирини асраб-авайлайдиган кишиларга Худо узоқ умр бераркан, деб эшитувдим.
Сўз маъноси ўзига қаратилганини отаси яхши тушунди. Бунақа пайтда лов этиб ёнадиган, жаҳлини жиловламайдиган отаси негадир бу сафар ёнғинга чап берди. Балки, жаҳли чиққанда ўзига ўхшаб, ҳеч кимни аямайдиган тўнғичини меҳмон санагандир, балки ўзидан нимадир ўтгандир…
-Онангни пишагини ҳеч ким пишт дегани йўқ, бачам,-деди отаси ҳар қалай, кулимсираб. –Худо берган дард. Қўлингдан келса, давосини топ.

Бунақа жавобдан отасининг ловуллагани дурустроқ эди. Айни чоғда, қуриган янтоқдай ёнишнинг ҳам мавруди эмаслигини Нуриддин ҳис этдию отасига тан берди. Аслида бош ўғилнинг эътиқодини отаси ҳам, амакиси ҳам жуда яхши билишади. Тўғри, анча йирик, обрўли хонадон ичида у яккаю ягона фирқа аъзоси. Бунақа ном эгаси бўлган кимса Худога, охиратга ишонмаслиги, ишонувчиларга қарши ташвиқот ишлари олиб бориши зарур. Лекин Нуриддин ундай одамлар сирасига кирмайди-да. Раҳматли Мунаввар бувижони гўдакликдан унинг қалбига иймон сувидан ичирган: “Худога шак келтирган киши дўзах оловида ўтин бўлади. Тилингда дўзахийларни маъқулласанг ҳам дилингдан Худони чиқарма. Дилингда мудом Худо яшасин…”

Хайриятки, тилида ҳам, ҳаракатларида ҳам у мунофиқлик йўлидан бормади. Бувиси ўргатган Калимаи Шаҳодатни ҳар куни бир неча бор ёлғизликда ошкора, бегоналар орасида пинҳона –ичдан такрорлашни канда қилмади. Ҳатто, оила аъзолари, биринчи галда, Озода ҳам, фарзандлари, укаларидан айримлари бу борада ундан ибрат олдилар. Дин илми бўйича қишлоқда, яқин атрофда бир мунча пешқадам ҳисобланган, бунга амал қиладиган, бироқ бунинг жабру жафосини анча татиган Маҳмуд амакиси жияннинг бу қалтис ҳаракатидан чўчиб, гоҳида панд-насиҳат ҳам қилар, отаси ҳам эҳтиёткорликка чорлар эди. Аммо Худо Москванинг раҳбарига инсоф бердими, у динга ишонувчиларни сиқувдан тўхтатди. Ҳамма нарсани қайта қуришга тарғиб этишяпти. Қарашлару эътиқодлар ҳам қайтадан кўрилиши керакмиш. Демак, аввалгиси бузилиши, ўрнига янгиси тикланиши зарур. Наҳотки ҳокимият тепасига келган Горбачов одамларга яхшилик қилмоқчи? Занжирларни ечиб юборармикан?..
Мавруди келганда Маҳмуд амаки жиянидан шу хусусда сўрамоқчи. Аммо кўриниб турибдики, унинг кўнглига қил ҳам сиғмайди. Ишқилиб, Олло таолло янгасига шифо берсин, буларни бўзлатмасин. Бандаси тасалли беришдан нари ўтолмайди. Умр тугамаган бўлса, уринишлардан бир нима чиқиши мумкин. Жиян қараб ўтирадиганлардан эмас…

Бироқ Нуриддиннинг ўзи гангиб қолгандай кўриняпти. У ҳали онасининг қанақа дард билан ётганини, қандай қилиб шу аҳволга тушганини аниқ билмайди. У ихлос қўйган, қишлоқдагина эмас, туманда ҳам ташҳислари тўғри чиқадиган Носир дўхтирдан ҳамон дарак йўқ. Уни излаб кетган укаси ҳам қорасини кўрсатмаяпти. Шуни ўйлаб, Нуриддин кўча тарафга юрди. Қаршисидан кўзлари киртайган Баҳриддин чиқди.
-Носир онамга қанақа ташхис қўйди? Ундан сўровдингми?
-У келганда мен йўғидим,-хижолат чеккан каби тушунтирди укаси. –Кўп дорилар қўшилган осма уколларни буюрган. Дориларни топдирдим. Тумандан келган дўхтирлар билан ҳам гаплашдим. Улар томоқ оғриқ дейишди.
-Йўғ-э, томоқ оғриғи шунақа оғир бўларканми? Тўғри, иситма жуда кўтарилиб кетиши мумкин. Лекин бунчалик беҳуш қилмас, деб ўйлайман.
-Дард устига чипқон бўлиб, ўтган куни битта тишлариниям олдирибдилар.
-Ииҳ…–Нуриддин лабини тишлаб, бош тебратди. Шу топда ўзининг битта ақл тишини олдириб, бир ой қийналганини, ўшандан кейин хотирасига анча путур етганини эсладию онасини яна кўз олдига келтириб, дардига дард қўшилди. Шунинг баробарида дилида йилт этган умид чироғи ёнди.–Бултур ҳам аҳволлари оғирлашувди, сен Масковдалигингда…
-Эшитиб, юрагим ёрилай деган.
-Онамнинг дардлари доимо оғир ўтади. Чидайдилар. Худо хоҳласа, бу дафъа ҳам ўтиб кетар. Носир келсин, дарҳол шифохонага олиб борамиз.
Баҳриддин умидсиз бош чайқади:
-Носир ака шифохонага рўйхуш бермаган.
-И-йэ, нимага?–Нуриддиннинг кўзлари каттарди.–Хоҳламадими?
-Ўринларидан қўзғатиш мумкин эмас, дебди.

Нуриддин йиқилган еридан энди қад ростлаганда яна хандаққа юмалаган одам аҳволига тушди. Кўнглида ёнган чироқни шамол ялаб, пир-пир титратдию ўчирди-қўйди. Тилига бирор сўз ҳам келмай кўзларини юмди. Бундан ташвишга тушган укаси ака кўнглига тиргак тиради:
-Бу –ҳукм эмас-ку, ака. Ўйлайманки, осма уколдан кейин ўзгариш бўлар. Ноумид шайтон, дебдилар.
-Хай, бошдан гапир-чи, онамнинг аҳволлари аввал қандайиди? Бир ҳафта олдин бирга бўлгансизлар-ку.
-Яхшийди. Шунга ишониб, бу ёққа жўнатувдик,-дедию Баҳриддин ўйланиб қолди. У яна нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлади. Унинг кўзларида қандайдир истиҳола борга ўхшарди. Бироқ, карахтлиги боис, Нуриддин буни пайқамади. Онасининг Тошкентдан қайтган кунлари, санаторийда қандай муолажалар қилингани, ниҳоят, қишлоқдаги сўнгги уч кундаги антиқа ишлари уни кўпроқ қизиқтирарди. Уларнинг даврасига яна бир укаси Сайфиддин ҳам келиб қўшилдию баъзи ҳолатларга анча ойдинлик киритди.
Сайфиддин бу ҳовлидан қарийиб икки чақирим нарида, ўзининг каттагина оиласи билан бирга яшаса-да, деярли ҳар куни, кун ора отасию онасидан хабар олиб туради, уй-рўзғор ишларига кўмаклашади. Соғлиғи ёмонлиги, бир кўзи ожиз, иккинчиси анча заифлиги боис у ўз мутахассислиги- фаранг тилидан мактабда камгина дарс беради, пешиндан кейинги вақтларда рўзғор юмушларига шўнғийди. Онаси шаҳардан қайтганидан сўнг у ҳар оқшом волидаси атрофида парвона бўлиб, суҳбатларга тортган
— Онамнинг қишлоққа қайтишларини Худо хоҳламадими ё ўзи шунга тўғри келдими, билмадим, ўша куни ҳаво тўсатдан ўзгарди,-деди Сайфиддин ўйчанлик билан.- Кучли шамол туриб, ҳамма ёқни чанг-тўзон босиб кетди.

Қуруқ йўталга ўхшаган момоқалдироқ гумбурлаб, иссиқ ҳаво ўрнини изғирин эгаллади.
-Ёзгача онамни ўша ёқда қолдириш керак эди-да,-деб Нуриддин Баҳриддинга таънали қаради.-Ҳар қалай, шаҳарда қулайликлар кўп. Ёзда қишлоқ яхши…
-Хай, ўзингиз нимага Тошкентда, Ҳилоланинг ёнида олиб қолмадингиз?- Баҳриддин жиддий сўрадию тезда вазиятни юмшатишга уринди.–Бизлар ҳам кўп ҳаракат қилдик. Дам олиш куни Ҳусни акам сим қоқди: онам ҳамма нарсаларини тахлаб, кетаманга тушиб турибдилар, деди. Дарров бордим.
Онаси бирор нимага қарор қилганидан сўнг қайтариб бўлмаслигини Нуриддин яхши билади. Укаларининг ҳам аҳволини тушуниб, лабларини қимтиганча тебранди.
-Отамдан ташвиш тортдилар. Биз тез-тез келиб, отамдан хабар олишимизга қаноат қилмадилар. Охири бу ёққа келтириб қўйишга мажбур бўлдик.
-Отам соғломдай-ку?-Нуриддин таажжубланди. Ҳатто январ ойида ўзи ҳам келиб-кетганини, отаси ҳеч нимадан ташвиш тортмаганини эслади.
-Онам қаёқдан ҳам бир туш кўрганлар. Ўша туш эс-ҳушларини ўғирлаган,–деди ирим-сиримларга, тушларга ишонмайдиган Сайфиддин.- Чолларини йўқотиб қўйишдан қўрққанлар.
-Қанақа туш экан?-сесканиб сўради Нуриддин. Шу дамда Ҳилоланинг тушини ҳам, ўзи кўрган рўёни ҳам эслаб, негадир ажабланди. Айни шу маҳал “Тез ёрдам” машинаси рўпарада, кўприк ёнида тўхтадию ҳаммалари ўша томон юрдилар.
— Нажоткорим, дўстим, укам…-дея Нуриддин қалдираган товушда, қучоқларини ёйган кўйи Носир дўхтирни қарши олди. –Анча эрта безовта қилдим.
Оппоқ халатга бурканган, бошида ҳам оқ қалпоқ, дўмбоқ оқ юзли, тик қоматли Носиржон гапни кўпайтириб ўтирмади, тезда олдинга тушиб, тўрдаги уй сари юраркан:
— Барибир келардим, ака, -деди. – Аҳволлари қандай?
— Ўзгариш йўқ, ўшандайича, қимирламай ётибдилар,-жавоб қайтарди Баҳриддин ва уй эшигини очиб, шифокорни ичкари бошлади. Роҳила билан Ҳилола ўринларидан туриб, унга йўл беришди. Носир ҳамон томчилаб турган дорига-осма уколга бир назар ташладию беморни гапиртиришга уринди, қовоқларини кўтариб, кўз қорачиқларига қаради. Аммо унинг уринишлари таъсирсиз кетди. Шундан сўнг шифокор беморнинг оёқлари тагини қитиқлади, билакларини қўлида тутиб, игна учини баданда секин юргизди. Буларнинг ҳаммасига ҳам Шамсия буви бепарво: юзлари сал учгандай бўлдию жавоб қайтармади. Носиржон билан бирга келган ҳамшира янги дорилардан қўшма уколлар ўтказди. Шунда ҳам ўзгариш сезилмади.
— Носиржон, тўғрисини айтинг, бу ўзи қанақа касаллик?–деб сўради Нуриддин овозини пастлатиб, тушкун оҳангда.- Бундай вазиятда нима қилиш зарур?
-Бош миядаги томирлардан бири узилиб, мияга қон қуйилган. Миянинг қон ҳамда кислород билан таъминланиши бузилган, қон йўли тўсилган.
— Инсульт дегани шу эмасми, ишқилиб?

Шифокор бош силкитиб, маъқуллади, сўнг изоҳлади:
-Ҳм, шундай… Бу-жуда оғир дард…–негадир гапининг давомини айтмоқчи эмасга ўхшарди у.
-Эшитганларимга кўра,-иккиланган каби фикрини айтди Нуриддин,- қон босими жуда баланд беморларда рўй беради бунақа ҳолат. Онамда қон босими ҳамиша паст юрарди.
-Пастлигиям яхши эмас, ака, тана, аъзолар шунга мослашади. Босим сал кўтарилиши билан вужуд-организм қийин аҳволга тушади, гоҳида чидай олмайди. Холамда босим кескин кўтарилган. Бунақа босимни у кишида аввал кузатганим йўқ.
-Наҳотки ҳавонинг кескин ўзгариши шунчалар таъсир этган? Ёки…–Нуриддиннинг кўнглида яна ғалати шубҳалар қўзғалди…

5. ҚЎРҚУВ

Суриштирув бўйича ҳаводаги тўс-тўполонлар, этни жунжиктирувчи изғириннамо оқим ҳам Шамсия холага гўё ҳукмини ўтказолмаган: бировнинг қаттиқроқ нафасига акса урадиган нозик ниҳол эмаслигини, шаҳардан анча соғайиб қайтганини Онаизор намойиш этган-ҳар қачонгидан кўтаринкироқ кайфиятда бўлган.
-Ўша куни онамнинг даракларини эшитиб, кўришга келувчи ҳамсоялар, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар шунчалар кўпайиб кетдики, ҳовлимиз тўйхонага айландими, деб ўйладим, -деди кейинчалик кенжа ука Фазлиддин. –Онамниям таниб бўлмай қолди. Худди икки-уч йил бурунги онамга ўхшардилар. Ҳамма билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришдилар. Тошкент ҳамда Бухорода ўтган кунларини мақтадилар.

-Балки…–укасининг сўзини кесди Нуриддин,-Карамгулнинг бирор қилиғи ёқмай, ранжигандирлар. Ёки бошқа бирор гап…
Унинг сўзини Одил бобо кескин рад этди:
-Э, Карамгулга мунча ёпишасан! Ўзи унга бирор иш қолибдийканми?!
-Онам унга бирор танбеҳ берган бўлсалар… у жеркиган бўлиши мумкин, буни сиз қаёқдан биласиз, ота?
-Биламан, онанг унга танбиҳ-манбиҳ бергани йўқ! Шундай катта ҳовлини шу келин эплаб юрибди. Ўчоқбошиям уни гарданида! Молларгаям у қарайди! Ўзини бачасиям бор-ку, ахир! Инсофларинг борми?
Нуриддин индамади. Отанинг гапига қўшилмай иложи ҳам йўқ. Фақат моллар бобида бир оз муболаға қилинди, холос. Шуни ҳисобга олиб, бош ўғил ўзини кулганга солиб:
-Ота, молларни Карамгулга қандай ишониб топширдингиз?–деб сўради.–Ҳеч кимсага ишонмас эдингиз…
-Ундан бошқа кимга ишонай, бачам?
-Отам ўзлари қилган ишлариниям келинлари меҳнат дафтарчасига ёзадилар, ака,- гап қотди Фазлиддин.
-Отамда бу одат азалдан бор,-Нуриддин яна кулимсирашга уринди. -Отам молни яхши кўрадилар. Ким молга яхши қараса, ким кўпроқ даладан ўт териб келса, кун ҳам ўшанга кулиб қарайди, ой ҳам ўшани ёритади.
-Молга яхши қарасанг, барака топасан, бачам, бундай иш Худогаям ёқади. Худога ёққани манга ёқмайдими?
-Рост гап, ота,-дедию Нуриддин ёшлик йилларини эслади. Олдинма-кейин туғилган уч ўғилнинг кенжаси-Заҳриддин падари эътиборини эртароқ ўзига тортди. У табиатан анча абжир, жуда ҳаракатчан эди. Даладан ўт-ўлан териб келишда ҳамиша мақтов эшитиб, эркаланарди. Бундан у ҳузурланиб, керилганча ўзига бино қўяр ва ҳаракатларини янада кучайтирарди. Катта ака кўпроқ китоб шайдоси, хаёлпарастроқ, секин ҳаракат қилувчи, бироқ укаларига ўз гапини ўтказадиган, гап қайтаришга мутлақо йўл қўймайдиган, қаҳри ҳам, меҳри ҳам қаттиқ, яна анча ориятли бўлганидан анча-мунчага ўзини пастга уришларга имкон қолдирмас эди. Укалари ундан ҳайиқиб турардилар. Ундан кейингиси Шавқиддин эса бўш-баёв, юмшоқлиги боис асосий зарбалар ўқига дуч келар, укаси Заҳриддиндан ҳам даккилар эшитар, кураш тушганда ундан йиқилар эди. Молларга қарашда, ўт-сувидан хабар олишда Заҳриддин улоқни ҳеч кимга бермас, мақтовлардан яйраб, ғалабасини акаларига кўз-кўз қилишни яхши кўрарди. Шубҳасиз, унинг керилишлари Нуриддинга ёқмас, отаси йўқлигида ўз ҳукмини ўтказиб, Заҳриддиннинг таъзирини берарди. Отаси ёнида эса эрка ўғил ҳеч кимдан қўрқмас, ҳатто катта акасининг ҳам ғашига тегаверарди. Бундай дамда Нуриддин отасидан ҳайиқиб, муштини ишга солишдан тийилар, Заҳриддинга ҳали кўрасан, дегандай қовоғини уярди. Дарғазаблигини ошкор этса, муштини дўлайтирса ёки сўкса, ҳақлигига қарамай, отасидан танбеҳ эшитарди. Бу эса Заҳриддиннинг мағрурланишига, эрк қанотида парвоз қилишига янги имкон очарди.

“Заҳриддин бола эди, ғайрати жўш урарди. Лекин эртага қанақа жазо олишини хаёлига ҳам келтирмасди,-деган ўй кечди Нуриддиннинг кўнглидан.- Карамгул ёш қизалоқ эмас, нимага эртанги кунини ўйламайди? Отам унга ҳамиша қўриқчи бўлиб қололмайдилар-ку? Боз устига, эри ҳам ундан совиган. Оқибати қандай бўларкин, билмадим…”

Айни шу топда Карамгулнинг жилмайиброқ турган, оқиш-малладан келган узунчоқ юзи, баланд қадди, сал маъюсроқ боқиши Нуриддиннинг кўз ўнгида бир сонияча гавдаландию унга ачингандай ҳис этди ўзини. Ҳамма қайнакалар, қайнопаю қайнсингиллар эътиборидан қолган, ҳатто баъзиларининг нафратига учраган, ўзини ўнглашга жиддий уринмайдиган кенжа келиннинг бу ёнги тақдири нима бўларкин?

Тўғри, Нуриддин уни кам кўради, шаҳардан келган чоғларидагина у билан мулоқотда бўлиб, тайёрлаган таомларидан истеъмол қилади. Эҳтимол, шу боисдандир, балки, табиатан мулойимлиги сабабидандир, у келинига озорли гапирмайди, жиддий танбеҳ бермайди. Карамгул ҳам, чамаси, бунинг қадрига етади, катта қайинакасининг айтганларини дарҳол бажо келтиради. Шамсия хола эса нечундир бу келинга унча эътибор бермади. Кўп келин туширишлару қиз чиқаришлар чарчатдими ёки бунисига қилинадиган меҳнатлар зое кетишига кўзи етдими, ё Одил бобонинг ўжарлигига бас келиш қийинлигини билгани учунми, ҳар қалай, қайнана ўз уринишларини тўхтатиб қўйди. Онаизор бирор кимсанинг тирикчилигию муносабатларига аралашмасликни, эндиги ҳаётини осойишта ўтказишни лозим топди. Ҳатто бу қарорини чолига ошкор ҳам қилди: “Сизни келинизга топширдим. Ман қолган умримни бачаларим, навараларимминан ўтказаман. Ҳар қайсиникида бир ойдан турсам-сал кам бир йил ўтади”. “Кейин-чи? –сўраган Одил бобо.-Яна қайтиб келасанми?” “Ҳа, келаман, кейин яна бошланади…”

Шаҳарда, қават-қават жойлашган, қафасмонанд уйларда бир кечадан ортиқ тунашни хаёлига ҳам келтиролмайдиган чол мийиғида кулиб:
-Ол-а, ошиғинг олчи бўларкан,-деган киноя аралаш.–Бизгаям баъзида мурувват қиладиларми, а, кампир?
-Сиз тухум босиб, уйдан ҳеч ёққа чиқмай ўтираверинг.
-Кўрамиз, неччи кун сиғаркансан ўша бедона қафас уйларга…

Бу гап-сўзлар Нуриддину бошқа фарзандлар иштирокида, у онасини Тошкентга олиб кетиши арафасида бўлиб ўтган эди. Шубҳасиз, отаси салкам эллик йил бирга яшаган кампирини бир қадам ҳам силжитишни, ўзидан узоқлаштиришни истамасди. Бирор иш қилмаса ҳам майли: рўзғор бошида туриб, пишир-туширларга бош-қош бўлиб юришининг ўзи катта давлат. Аммо йил сайин соғлиғи кетиб бораётганига, шифохонадан боши чиқмаётганига ҳам бефарқ қараёлмас эди. Шу боис катта ўғлининг истагига эътироз билдирмади. Фақат кампирининг “осмондан келиши” энсасини қотирди, холос.

Ҳар қалай, чолнинг гапи ўринсиз эмаслиги ярим йилга бормаёқ сезилди-қолди. Ахир қуш ҳам ўзи дон еб, сув ичган, ухлаган ётоғига интилмайдими? Кампир ўз ҳовлисига, чоли ҳамда бошқа фарзандлари ёнига қайтгани яхши бўлдию бироқ бунақа ташвиш, хавф-хатар бошлаб келиши нақадар қалтислиги-чи? Энди йўқ ердан чигал чиқармоқчи бўлаётган катта ўғлига буни қандай тушунтирсин отаси?
-Саан, бачам, ҳамма нарсани шу келинга ёпиштираверма,-деди отаси ўғлини муросага чақириб.–Онангга у бирон мартаям тик қараб гапиргани йўқ. Онанг касални ўша ёқдан, санатордан орттириб келди.
-Ўйлаб гапираёпсизми, ота?-деди бир оз аччиғланиб Нуриддин.- Санаторийда касал орттирмайдилар, даволанадилар.
-Билмаганингни гапирма, бачам, мана, укаларингдан сўра, санатор-санатор деб мақтанасизлар.
-Хай, ота, тан оласизми, онам келганларида жуда яхшийдилар-ку?–Хонага чой кўтариб кирган Фазлиддин гап қўшди.–У ёқдан соғайиб келмадиларми? Ўз ҳовлимизда шу аҳволга тушдилар-ку!
Кенжа ўғилнинг бу гапи отага ёқмаганлиги сезилиб турарди. Бундан Нуриддин сергак тортиб, безовталанди. Энди у чуқурроқ суриштиришни мўлжаллаганда отаси:
-Сан билмийсан, гапга аралашма,-дея бармоқлари ила ҳавони кескилади. –Бор, молларга сув бер.
-Карамгул ҳозиргина суғорди, хўрак ҳам берди.
-Хай, майли, локин сан гапни чувалаштирма, мана, Баҳри акангдан сўра, ўша санаторда нима бўлган. Ўзинг айт, Баҳри,-отаси эшик ёнида маъюс ўтирган бошқа ўғлига қўл силтади.

-Шунақа тахминий гапларни йиғиштириб қўяйлик-да, онамни даволаш йўлларини излайлик,-дедию Баҳриддин ўрнидан турди.
-Гапинг тўғри, бачам, локин қўрқиш ёмон-да, қирқ кунда ўзини билинтиради. Шу бугун ўшанга қирқ кун тўлди.
Бу гап Нуриддиннинг эсхонасини чиқариб юборди. У ҳам дарҳол ўрнидан туриб, секин юриб бораётган укасига эргашди. Нарироқ бориб, Баҳриддиннинг тирсагидан қаттиқ тутди:
-Санаторийда нима бўлган?-қатъий, ҳукмона сўради у. Энди унинг сўроғини жавобсиз қолдириб бўлмас эди. Кечмиш хунук воқеани пайсалга солиб айтиш ҳам зарар келтириши мумкин. Фақат бир оз юмшатиш лозим шекилли.
-Бу ишда, тўғриси, бизларни ҳам айбимиз бор, ака.
-А?
-Ҳа… /афлатда қолганмиз,-дея ука ётиғи билан сўз бошлади.- Санаторий шаҳар яқинидаги колхоз марказида. Маъдан сувли, шароитлариям ёмон эмасди. Ўйлаб-ўйлаб, даволатиш учун онамни ўша ерга жойлаштирувдик.
-Индаллосини айт,-Нуриддин сабрсизланди.
-Тўрт кишилик яхши палатайди. Ҳаммаси тузук бошланди. Иккинчи куни онамни ёнидаги бўшаган каравотга ёшгина келинчак келган. Очиққина, хушмуомалалийкан, онам билан чиқишиб қолган. Эри ичиб келиб, беҳудадан беҳудага уравераркан. Бемаҳалгача гаплашиб ётиб, уйқуга кетишган. Бир вақт қаттиқ чинқиришдан, дод-войдан сапчиб уйғонишган. Кимдир шоша-пиша чироқни ёққан. Нима бўлганлиги номаълум, ҳалиги келинчак ерда думалаганча типирчилаб ётади. Уввос солиб йиғлайди, иккала қўлини чўзиб, ҳимоя сўраб, сандироқлайди.
-Имм…–Нуриддин титраб кетди. Вазиятни кўз олдига келтириб, ўзини қўярга жой тополмай қолди.–Туш кўриб, алаҳсираган…
-Шугина эмас, кейин билдик, эси пастроқ, кирди-чиқдиям экан.
-Оббо, нега уни соғ одамлар орасига қўйганлар?
-Ҳамма гап шунда-да, ака, бефаросат дўхтирларни иши бу.
-Ўшанда онам ёмон қўрққанлар, юраклари шикастланган, демоқчисан, а?-деди Нуриддин ўйланқираб.-Тўғри, қўрқув-ёмон. Мен ҳам шу фикрга келган бўлардим. Хўш, кейин-чи?
-Икки кун аҳвол шундай давом этган. Келинчакнинг бу қилиғидан бир бемор шайтонлаб қолган… Ўзига келмаган… Шундан кейингина телба келинчакни олиб кетганлар. Онамни мазалари қочган.
-Нега мени чақирмадинглар?–Нуриддин яна аччиғланиб, укасига хўмрайиб қаради.
-Сиз қиладиган иш йўғиди, ака, кейин онамни икки кишилик яхши палатага ўтқазтирдик. Қўшимча дорилар, уколлар ишлатдик. Соғайиб қолувдилар…

-Балки босим ўшанда кўтарилиб кетгандир,-дедию Нуриддин Носир дўхтирнинг эрталаб айтган сўзларини эслади: “Паст босимга ўрганган томирлар босим кескин кўтарилишига тоб бериши қийин. Бу кўпинча инсультга олиб келади. Унинг шакли ҳар хил, оғиридан қутилиш мушкул. Ортиқча таъсирланиш-қувониш ҳам, кучли ғазаб ё ҳаяжон, ҳатто ҳожатхонада жиддий кучаниш ёки оғир юк кўтариш ҳам шундай вазиятларга олиб келади…”-Ундан кейин қирқ кун ўтибди. Бошқа таъсирлар ҳам бўлганми, дейман, а, Баҳриддин, нима дейсан? Уйда, ҳовлимизда қанча муаммолар қалашиб ётибди.
-Йўғ-э, онам учун муаммо йўқ-ку,-эътироз билдирди Баҳриддин.–Келганларидан бери эъзозлашган. Яна ким билади дейсиз, буни аста-секин аниқлаймиз. Ҳозир эса…– Баҳриддин умидсиз бош чайқади,-онамнинг аҳволлари жуда оғир…
Нуриддин яна Носир дўхтир билан эрталабги суҳбатни хотирида тиклади, ўзича мушоҳада қилди.
-Наҳотки… укажоним…-у Баҳриддинни бағрига босди, кўзларидан тирқираб ёшлар отилди.–На…наҳотки онамдан айриламиз…
-Ундай деманг, ака…
-Мен Носирга ишонаман…-шу топда шифокорнинг сўзлари ўз қулоқлари тагида такрорланди гўё:
“Хафа бўлманг, ака, сизга айтишга мажбурман: бунақа касалликда ҳозирча юзтадан биттаси омон қолмаса… буям камдан-кам ҳолларда насиб қилади. Бу, одатда, уч ё тўрт кунда бир ёқлик бўлади…”
“Ўша битта имкониятни топса бўладими, Носиржон? Фараз қилинг, онам – сизнинг онангиз…”
“Ҳалиям шундай…”
“Ҳамма имкониятни ишга солайлик”
“Ёмони шундаки, холамни ҳозир қўзғатиш мумкин эмас, бош имконият ҳозирча шу, холос…”
Нуриддин ҳафсаласи пир бўлиб, дод деб юборишга тайёрдай, ўзини кўчага урди. Кимдандир нажот кутарди у: ҳамон тиш олдиришу томоқ оғриғи таъсиридан онаси шу аҳволга тушган, деган мулоҳазадан чиқиб кетолмас, бу дард ўтиб кетишидан умидвор эди. Айни шу топда “Тез ёрдам” машинасида ҳайдовчилик қиладиган, оила дўсти бўлмиш йигитга унинг кўзи тушиб қолди. Йигит Нуриддин билан сўрашиб бўлгач:
-Район реаниматсия бўлимининг бошлиғи зўр дўхтир, шунақа беморлардан кўпини даволаган,-деб қолди. Бу гап сувга чўкаётган кимсага қутқарув тахтаси улоқтирилгандай унга нажот бахш этди.
-Укажон, ўшанга бориб келсак, сизга малол келмайдими?

Йигит иккиланиб ўтирмай ўз машинасини йўлга бошлади. Дам олиш куни бўлгани боис шифокорни уйидан, туман марказидаги шинам ҳовлисидан топдилар. У Нуриддинни яхши танир экан, фироқ-думоқсиз, самимий қабул қилди. Бемор аҳволини суриштирди.
-Инсульт бўлса, қийин экан,-дея у бош тебратди.
-Шояд қўлингиз енгил келиб, халоскор бўлсангиз,-илтижо, умидворлик билан у таниқли шифокорнинг лоқайд кўзларига мўлтираб қаради. Бунақа одамлар ҳақида мушук қуруққа офтобга чиқмайди, деб у кўп эшитган. Лекин ҳозир бу борада нима дейишга ҳайрон эди. Шундай эса-да, кўнглидагини сездириб қўйгиси келди.–Бир умр эсдан чиқармасдим. Хизматингизга доим тайёрман, ука.
-Нималар деяпсиз, ака?–деди шифокор хижолат аралаш.–Ахир бу-бурчимиз-ку! Ёрдамим тегса-шуни ўзи мукофот эмасми?..

Бу гапларни у юракдан чиқариб айтдию шоша-пиша ҳовлисига қайтиб кирди. Кўп ўтмай, ўзига зарур асбоблар, яна дори-дармонлар олганча, йўлга шай ҳолатда чиқди.

6. НАЖОТ ФАРИШТАСИ

Янги келган шифокорга Роҳила ҳам, ундан таъсирланиб, Ҳилола ҳам нажот фариштасидай қарадилар. Улардаги жонланиш Нуриддинга ҳам кўчди. Шифокордаги ҳар бир ҳаракат маъносини гўё унинг кўзларидан уқмоқчи бўларди. Чиндан ҳам кўпни кўрган тиббий ходим бор билимини, тажрибасини ишга солиб, астойдил ҳаракат қиларди. Жуда эҳтиёткорлик ила, эринмай у нафас йўлларини тўсган балғамларни бемор оғзидан олиб ташлади. Нафас олиш ва чиқариш бир мунча енгиллашиб, хишиллаш йўқолди. Қўшимча уколлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Қон босими тобора пасайиб бораётган эди, муолажалар оқибатида 40 дан 70 га кўтарилди. Тирноқларда ҳам сал-пал қизилликлар пайдо бўлди.

“Онажоним, соғайиб кетсангиз борми, бошимда кўтариб юрардим. Ҳеч кимга сизни ишонмасдим”, деган ўй Нуриддинннинг миясидан муттасил ўтиб турарди. Укаларию сингилларининг ҳам чеҳраларида ёруғлик, умид шуълалари кўрина бошлади.
-Акажон, сизга раҳмат…–дея аввал Роҳила, сўнг Ҳилола катта акасини қучоқлаб, қувончли кўзёш тўкдилар.
-Йў-йўқ, менга эмас…–Нуриддин довдираб, нажоткор томон ишора қилди. У шифокор эса ўзи мўлжаллаган ҳамма ишларни тугатиб, кетишга чоғланди, сўмкасини кўтарди.
-Сизга қанақа миннатдорчилик билдиришга сўз тополмаяпман, укажон,-деб Нуриддин уни қучоқлаб, бағрига босди.–Сал бўшасам, ҳузурингизга бораман.
-Бизни ҳаётимиз, касбимиз ўзи шу, ҳеч хижолат чекманг. Мен бирор ортиқча иш қилганим йўқ,-деди у.–Агар хоҳласангиз, холани ўша ёққа, реаниматсия бўлимига олиб кетамиз.
-Қанийди шундай қилсайиз, дўхтиржон!–Роҳила шифокорга нажот ила, мўлтираб тикилди.–Доим врачлар назоратида бўлардилар.

Шифокор Нуриддинга нима дейсиз, маъносида саволомуз қаради. Нуриддин эса, дафъатан лол қолди. У Носир дўхтир айтган гап таъсирида онасини қўзғатиш мумкин эмас, деган ўйда эди. Бу шифокорнинг фикри ундаги умидни янада кучайтирди. Шундай эса-да, Умидбахшнинг бу борадаги ўз фикрини, аниқ хулосасини билгиси келди:
-Сиз, ўзингиз нима дейсиз? Шундай қилсак, яхши томонга бурилиш бўладими? Яшашларига имконият кўпаядими?
-Бир нима дейиш қийин, ака… –шифокор яна ўйга чўмди. Унинг ўзида ҳам қатъий ишонч йўқлиги аниқ сезиларди, “чиқмаган жондан умид…” дейдиганга ўхшарди.–Албатта, имконият яхшиланади. Лекин кафиллик бериб бўлмайди. Қўзғатишлар… йўқ, яхшиси, бу ишни сал кечиктирайлик. Бир оз тузалсинлар, кейин вазиятга қараб иш тутармиз… Бироқ осойишталик сақланиши, кириб-чиқишлар тўхталиши зарур.
Аммо кейинги топшириқни адо этишнинг иложи йўқлигини вазиятнинг ўзи кўрсатди. Шуни ўйлаб Нуриддин, оғир бемор, албатта, шифохонада ётиши зарур экан-да, деган хулосага келди. Онасининг аҳволи, ўлим билан кураш олиб бораётгани ҳақидаги гап ҳамма яқин кишиларга етиб борган, шу боис келиб-кетувчиларнинг кети узилмас, уларни ичкарига киритмасликнинг иложи топилмас эди. Шундайлардан биттаси дарвозадан кириши билан ўзини тутолмай дод солиб:
-Холажонимга нима бўлди?–дея йиғлаб юборди.–Нимага уйда ётибдила? Шунча ўғиллар, шунча қизлар нима қилиб ўтирибсизлар?

Таъна-тошлар, шубҳасиз, Нуриддиннинг юрагини кўпроқ илма-тешик қилар, у ҳам ўзини тутолмай нажотсиз қолган каби ҳар ён тўлғанарди, уни ичкарига киритмаслик учун ҳар хил гаплар ила аврашга уринарди. Бироқ холавачча бу ҳаракатлардан қаттиқ озорланди, ўзини бегона кўрилгандай қабул қилди. Шунга қарамай, жўрасини нарироқ суриб, ичкари кирдию холасининг ҳушсиз ётганини кўргач, ҳиқ-ҳиқ йиғлашдан ўзини тиёлмади. Нуриддин тенгдош холаваччаси билан сенсираб гаплашар, улар бир- бирларининг ҳурматларини ўрнига қўйишар, тўқнашувлар юз беришидан сақланишар эди. Ҳозир ҳам Нуриддин унга эътироз билдириб ўтирмади-да, қўлидан тутиб, аста ташқарига етаклади.
-Гапинг жуда тўғри,-деди сўнгра ҳиқиллаб.-Онам учун ҳар нима қилсак, камлик қилади. Лекин у кишини қўзғатиш мумкин эмас экан-да, осойишталик зарур экан-да. Райондан ман-ман деган дўхтирлар келиб, қўлидан келганича уриндилар. Шоядки…
-Қишлоқ дўхтириминан район дўхтири баравар эмас-да, Нурдин. Бухородан, Тошкандан зўрларини чақириш имконларинг йўқми?

Нуриддин ўйланиб қолди. Холаваччасининг гапида жон бор. Нега шуни аввалроқ хаёлига келтирмабди? /афлат босдими? Ҳозир ҳам уриниб кўриш керакмикан? Ҳечдан кўра кечи ҳам афзал дейилади-ку?
Шу фикр унга қувват бағишладию дарҳол укалари Баҳриддин ҳамда Фазлиддинга маслаҳат солди. Чунки, бу осон иш эмас эди. Кун ҳам тугаб борар, боз устига, дам олиш куни эканлигини ҳам назардан қочириб бўлмасди.
-Носир ака нима деркин?–ўйланиб жавоб қайтарди Баҳриддин.-Қаердан кимни чақиришни у киши яхши билсалар керак…
-Ҳа-я…–Нуриддин ўйлаб ўтирмай кичик укаси билагидан тутди.–Фазли, укажон, велингингни мин, Носирни бошлаб кел.
-Униям безор қилиб юбордик, ака,-сал мулоҳаза юритиб деди Фазлиддин.-Малол келмасмикан?
-Ҳозир малолни ўйлайдиган пайтми?–Укасига бақирди у.–Ўзим борайми? Оёғига йиқилишгаям тайёрман.
-Ундай деманг, ака, Носир ака оғринадиган одам эмас…

Баҳриддиннинг гапи тугар-тугамас Фазлиддин йўлга тушди. Ярим соат вақт ўтар-ўтмас Носир дўхтир ўз машинасида етиб келди. Аслида Нуриддин уни марказдаги айрим профессорлардан ҳам баланд қўяр, унга ихлоси жуда юқори эди. Бунга кўп марталар отасию онасини энг хавфли вазиятлардан қутқазгани, ташҳислари асосан тўғри чиқишлари сабаб эди. Билим ҳамда тажрибанинг ажиб тарзда бирикиб, самара беришини шу йигитда кўрарди, унга меҳри ортиб борарди. Аммо туман марказидан ўзи бошлаб келган шифокорнинг ишларини кўрганидан сўнг ҳа деб бир кишига ёпишиб олиш шарт эмас, ўткир тиб билимдонларию тажрибакорлари бошқа ёқларда ҳам бор, деган иддао миясида айлана бошлади.

Носир дўхтир вазиятни, не мақсадда яна шошилинч чақиртирилганини Фазлиддиндан суриштирган шекилли, ака-укалардан бирор нима сўраб ўтирмасдан асбобларини кўтарганча олдинга тушди. Нуриддин индамай унга эргашди. Онасининг юмуқ кўзларига, аввалгидан ҳам оқаринқираган юзларига назари тушиб, безовталанди. Шифокор ҳам бемордаги ортга кетишни дарҳол пайқади. Баданда сарғайиш аломатлари кўзга ташланган, тирноқлар қорамтир тусга кирабошлаган, чеҳрада сўлғинлик кучайган эди. Носир беморнинг қовоқларини кўтариб, қорачиқларига қараганда анча кенгайиш юз берганини, маъно бир мунча йўқолганини Нуриддин ҳам қалбан ҳис этдию лол қотди. Дўстидан бирор нима сўрашга бир лаҳза ботинолмай турди. Шифокор эса назарини бемордан узмасдан, ҳолатни бошқаларга сездирмасдан нималарнидир ўйладию сўмкасидан дорилар чиқариб, Роҳилага кўрсатма берди. Яна уколлар бошланди.
-Бечора янгагинам, баданлари илма-тешик бўлиб кетди-я,–деган аммасининг шивири Нуриддиннинг қулоғига етдию у ҳушёр тортди, аммасига ялт қаради. Ҳаммага меҳрибон, озғин, касалманд кампир бош тебратганча: “Бас энди, қийнаманглар”, дегандай қўл чайқади. Нуриддин шифокорга юзланди. Лекин ундан садо чиқмадию Роҳилага ишингизни бажаринг, дегандай ишора қилди.

-Носиржон, бир гап айтсам, кўнглингизга олмайсизми?–деди Нуриддин сўнгги муолажалар тугаб, ташқари чиққанларидан кейин шифокорга.
-Тортинмай айтаверинг, ака,-Носир сергак тортиб, онаси хусусида мислсиз қайғураётган олимга ташвишли назар солди.
-Бухородан ё Тошкентдан бирорта зўрроқ, соҳа профессорини чақирсак, нима дейсиз? Шунга имкон борми?
Шифокорда қандайдир озорланишга ўхшаш яширин ҳолат сал қалққанини Нуриддин пайқади. Лекин Носир буни дарҳол инкор этди:
-Имкон бор. Хоҳласайиз ҳозир касалхонага бирга борамиз, санавиатсия орқали профессор сўраймиз. Устозларга маслаҳат соламиз.
Шу пайт меҳмонхона-уйдан чиқиб келаётган Маҳмуд амаки шифокор билан сўрашиб, суҳбат бўлинди. Ўз дарди билан овора Нуриддин эса амакисига эътибор бермай, врачга мурожаат қилди:
-Унда шундай қилақолайлик, Носиржон. Вақтни ўтказмайлик.
-Марҳамат, мен тайёрман.
-Нима қимоқчисила? –амаки жияндан сўради.
-Тошкентдан профессор чақирамиз.
-Ўв, манга қара, жиян,–чол Нуриддиннинг билагидан тутди,–онангни мунча қийнамасанг. Ўша прописсоринг худо эмас-ку? Ман-ман деган пошшоларам, министирларам ўшалар қўлида ўлмаёптими?

Бир нафас сукут ҳукм сурди. Баҳриддин жимликни бузиб, амакисини ёқлади. Акаси ҳам шундай ҳоллар тез-тез юз бериб турганини эслаб, ўйланиб қолди. Лекин умидворлик туйғуси уни ҳамон тарк этмас эди.
-Онангни қийнашдан наф чиқса-ку, майли, ўрнига тушар, локин… нима дейсиз, дўхтиржон?
Носиржон индамай елка қисди.
-Ахир мана шу дўхтиримиз ҳам прописсорингдан кам эмас, жиян. Ман касал бўлиб кўрганим йўқ, одамлар шундай дейди… Яна ўзинг биласан…

Амаки жавоб ҳам кутмай йўлида давом этди. Носиржон ҳали айтган сўзини ижро этиш мақсадида кўча сари йўлланди. Нуриддин унинг билагидан тутиб, тўхтатди:
-Ўзим сезиб турибман, Носиржон, юзимни қилиб, фикримдан қайтармаяпсиз…
-Бемор эгаси ўзингиз, ака, кейин надомат чекиб юрманг, дейман-да.
-Сиз менга дангал айтинг: уринишимиздан натижа чиқадими?
-Бир нима деёлмийман, ака, мени тўғри тушунинг, сизни йўлдан қайтаришга ҳаққим йўқ…
Нуриддин уф тортди. Негадир кўз ўнгини қоронғулик чулғагандай бўлди. Бу дамда кун ботиб, шом қўнган эди.
-Мен сизга ишонаман,-деди у ниҳоят шифокор дўстига.–Фақат дангал айтмаётганингиз менга унча ўтиришмаяпти.
-Бор имкониятни қилдик, ака. Шояд…–у сўзининг давомини айтмади. Ёлғон гапиргиси келмади. –Маҳмуд амакимнинг гапларига қўшилгим келади. Лекин сиз нима десангиз…
-Майли, бу ёғига Худо подшо, ўзи шифо берсин. Раҳмат сизга…

* * *

Муолажалар ўз таъсирини кўсатди шекилли, кечки соат тўққизларда беморда анча ўзгариш сезилди. Онасининг ҳар дақиқадаги ҳолатини суриштириб, билиб турган фарзандлар қалбида ҳам умид чироғи липиллай бошлади. Уларнинг кенжаси –Ҳилола нари турсин, тўнғичи Нуриддин ҳам шу ёшга кирибдиларки, ўлим билан юзма-юз келган, сўнгги нафас олаётган беморга ҳеч қачон дуч келмаган эдилар. Шу боис волидаи муҳтарамаларидаги озгина ўзгаришдан ҳам кўнгиллари кўтарилиб, дадиллашардилар.

“Дорилар ўз кучини кўрсатиши керак,-дерди Нуриддин ўзига ўзи умидворлик билан.–Сал соғайсинлар, кейин ўзим биламан нима қилишни. Энди хато қилиш мумкин эмас!.. Аста-секин соғайсалар керак, онам кучли…”
Шу фикрни тасдиқлаган каби ичкаридан Ҳилола чиқиб, акасини янада қувонтирди:
-Онам анча яхши, ака, гапирмоқчиям бўляптилар.
-Ростданми?–Нуриддин шошганча уй сари юраркан, қўшиб қўйди.- Йўқ, Ҳилол, онамни гапиртиришга уринманглар. Бунга ҳали эрта.

У Роҳиланинг кўзларида қувонч ёшларини кўриб, онасининг биқинига тиз чўкдию беморнинг чеҳраси аллақандай ёришганини, юзларига нур ёйилганини ҳис этиб, ўзининг ҳам кўз ёшларини тиёлмади:
-Хайрият… Онажон…–деди аранг.- Ху-Худога шу-шукур…
Онаси жағ қоқиб, нимадир демоқчи бўлди, ҳатто кўзларини ярим очди, қувват етишмадими, яна юмди. Бундан ўғли ўзича хулоса чиқариб:
-Онажон, безовталанманг, ҳаммамиз ёнингиздамиз, худога шукр, энди тузаласиз,-деди ва хонадагиларга тайинлади:-Онамга осойишталик керак. Гапираман деб куч йўқотяпдилар. Икки киши қолсин. Ҳар икки соатда ўрин алмашамиз. Қани, ҳозир кимлар навбатчилик қилади?
Ҳеч кимнинг кетгиси йўқ. Қолаверса, Нуриддиннинг ўзи ҳам бирор қадам жилишни истамайди. Ахир бунинг беморга нима нафи бор? Боз устига, тун яримлаб қолди. Эртага кўплар ишга боради. Шуни ҳисобга олиб, Нуриддин ташаббусни ўз қўлига олди:
-Аммам билан Ҳабиба қолсин, бошқаларга ҳозирча жавоб. Майли, менгаям. Икки соатдан кейин уйғотасизлар,- у ўтирганларни ташқарига чорлади.
-Ака, мендан ташвиш тортманг,-Роҳила акасига ўтинч, илтижо ила мурожаат этди.–Аммам дам олсинла, ўзим қоламан, Ҳабибаминан иккаламиз.
Ҳабиба иккинчи сингил, анча олисдаги туман марказида бошланғич синф муаллимаси, тиббиёт ишларигаям жуда қизиқади. Дадиллиги шунақа лаҳзаларда иш бериши ҳеч гап эмас. Ўзи тўғри деб билган ишидан, сўзидан қайтариш жуда маҳол. Чарчашни ҳам тан олмайди. Шу жиҳатларини ҳисобга олиб, акаси уни посбонликка танлаган эди. Аммасида эса тажриба бор. Бироқ етмиш ёшдан ошган, анча заиф аёлни қийнаш нимага керак, деган ўйда у синглисининг фикрига қўшилди.

Ташқарига чиққанларидан сўнг шаҳарда яшайдиган укаларини ёнига чорлади-да:
-Худога шукур, онам тузалиш томон боряпдилар,-деди Нуриддин уларга қарата. –Шавқи, Ҳусни, Баҳри, эрта ишга боришларинг керак, а?
-Мен кетмийман,-деди дангал Баҳриддин.–Иш-пиш кўзимга кўринмайди.
-Ихтиёринг…
Ҳадемай, Ҳусниддин машинани ўт олдириб, йўлга отланди. Баҳриддин бемор ётган уй рўпарасидаги кичкина хонага кирди. Нуриддин жуда карахт ва чарчаган эди. Онасидан кўнгли бир оз хотиржам тортгач, кўзлари қисилиб, ётгиси келаверди. У отаси ҳамда амакиси ётган меҳмонхонага кирдию қатор қилиб солинган ўринлардан бирига чўзилди.
-Онам энди ўлмайдилар. Ё Оллоҳим, онамни қайтариб бераётганинг учун ўзингга беадад шукрлар қиламан,-дея лаблари шивирлади. Айни шу топда бундан уч ой аввал, антиқа муолажадан кейин онаси тушган вазият кўз ўнгида жонландию ўзи айтган сўз амалга ошадигандай туюлди.

Онасини Тошкентга олиб борганидан сўнг ўз ҳолига ташлаб қўймади, албатта: ҳар хил тоифадаги шифокорларга кўрсатди, текширувлардан ўтказди. Бир профессор ошнаси ошқозон ҳам жигар учун туркона-қўлбола дори тайёрлаб берди. Ўша дори онасига анча наф қилди-қабзиятни яхшилаб, жиғилдон қайнашини тўхтатди. Шу орада хоразмлик экстрасенс қиз Муяссар Шарипова пойтахтга келибди, сеанслар ўтказаяпти, деган овозалар тарқалиб қолдию Нуриддин ўша қизни топишга киришди. Таниш-билишлар воситасида уни уйга таклиф этди. Чиндан ҳам табиб қизнинг талабгорлари жуда кўп экан, вақти нуқтаи назаридан бошқа бир неча беморларни ҳам уникида кўришга қарор қилди. Аввал бегоналар ҳожати чиқарилгач, Нуриддин онасини унинг ҳузурига олиб кирди. Юмшоқ курсига ўтқазиб, изига қайтди. Дарҳол табиб билан бемор ўртасида суҳбат бошланди. Ёшгина қизчанинг бу қадар шуҳрат қозониши, ажиб муолажа усули, дардлардан қутулган беморлар миннатдорчиликлари уни ҳайратга солди. Лекин, қизиқ, онаси нега унга ялиняпти:
-Жон қизим, йўқ дема, сани эшитиб, Бухородай узоқ ердан келдим…
-Сизни дардиз эскийкан, тушунинг, холажон, ман даволай олмийман,-дер эди Муяссар юмшоқ, майин товушда.- Дўхтирларга қаратинг.
-Дардгинангни олай, қизим, кўнглим сезиб турибди, сандан наф кўраман.
Нуриддин бунақа бўлишини сира кутмаган эди, нима қиларини билолмай эшик ортида бир лаҳза ўйланиб қолди. Онасининг ноумид бўлиши, руҳи тушиб кетиши дилига ғулғула солдию ичкари кириб, табиб қизга илтимос қилди:
— Муяссархон, онам сенга қаттиқ ихлос қўйганлар. Ихлосия- халосия, деган гап бор. Агар оғирлик қилмаса…
Қизча иккилана-иккилана муолажасини бошлади: бармоқларию кафтларини беморга яқинлаштириб, узоқлаштириб, турли ҳаракатлар қилишга киришди. Нуриддин яна хонани тарк этди. Салдан сўнг онаси қизарган, терга ботган ҳолда меҳмонлар ёнига кирди. Ўғли ҳамда келини ҳол сўраганда:
-Жуда яхши, балажонларим!-деди онаси кўзлари порлаб.
“Демак, фойдаси тегибди-да,-деган ўй кечди ўғилнинг хаёлидан.–Унда нимага рад этдийкан? Балки бирор жумбоқ бордир?”

У ўзини ҳам табиб қизга кўрсатгиси келди-кўпдан буён қийнаётган уйқусизлик дардидан қутилишни мўлжаллади. Бу ишга киришишдан аввал Муяссардан онаси ҳақида суриштирди. Қиз аниқ жавоб беришдан қочдими ёки чиндан–да, даволашга кўзи етмадими, аввалги жавобини такрорлади. Кўп гапириб, эзмалик қилишни ёқтирмас экан, бошқа савол кутмай қўл ҳаракатларини бошлади. Бироқ Нуриддин ўзида қандайдир ҳолат ўзгариши сезмади. Қайтага ўша кеча уйқуси бадтар ёмонлашди.

7. ЖУМБОҚ

Қаттиқ чарчаган, руҳий эзилган эса-да, Нуриддиннинг уйқуси келавермади. Яна табиб қизалоқ хаёлида ўралашаверди: “Наҳотки Муяссар онамнинг анча абгор бўлганини, вужуди ишдан чиққанини сезган? Нега ўзимга ҳам айтмади? Бунақа нарсаларни айтиш таъқиқланганмикан? Жиддийроқ уринмадим. Онамнинг дарди жумбоқ бўлиб қолди. Аммо онам… Қизиқ…”

Ўшандаги келишув бўйича Муяссар бир ҳафтадан сўнг Нуриддиннинг уйига яна ташриф буюрди. Жуда кўп беморлар, ҳатто айрим шифокорлару ҳамширалар ҳам табиб қиз ҳузуридан бошқача бўлиб чиқдилар, вужудларида жимирлашлар юз берганлигини айтдилар. Шифо топганлар сони ортиб борган сари қизнинг довруғи ҳам ошиб, шов-шувлар кўпайди. Нуриддиннинг ўзи ҳам қойил қолганлигини ҳеч кимдан яширмай, қизчани ташвиқ қилишдан ўзини тиймади. Аммо миясининг қайсидир бурчида бўртган фикрга қулоқ солса, жўнгина жавоб билан қутулиб қоларди: шунчаки ихлос, ишонч одамга руҳий қувват бахш этади. Ўша кўтаринки руҳ-қувват зарби қонни кўпиртиради, кучли ҳаракатга келтиради. Оқибатда, шиддатли оққан қонлар йўлидаги ғуборларни, қуйқа, тиқмаларни суриб кетади-вужудда ўзгариш ясайди.

-Тўғри, шундай бўлиши мумкин,-деб Нуриддин ўзини тасдиқлайди ва дарҳол инкор этади.- Ўзинг-чи? Энди уйқусизликдан қутуламан, деб ихлос билан ҳузурига кирмадингми? Ҳаяжон билан курсига ўтирмадингми?
-Ҳа, шундай бўлди. Лекин муолажа вақтида ҳеч қандай жимир-жимир сезмадинг,-дея иккинчи, аллақандай кўринмас вужуд гўё садо берди. –Умуман, бунақа нарсалар ҳеч қачон сенга таъсир этмагани эсингдан чиқдими? Игна санчиб, даволанишдаям синовдан ўтгансан-ку? Балки бу қизча сени англар…
-Ўнг тарафизда, жигарда ишкал бор,- Муяссарнинг ишончли, майин овози таралди. –Ичакларда эски дард кўринади…

“Ёпирай, қўлини тегизмасдан, бир газ наридан тўғри айтаяпти…”
-Буйракда шамоллаш сезилаёпти… Юрак чарчаган…

-Рост, синглим…-деб юборди Нуриддин қойил қолганини билдириб. –Даволаса бўладими ишқилиб?
-Худо хоҳласа… Яна икки марта муолажа зарур бўлади. Шифони Худо беради. Биз бир сабабчи… Дардниям ўзи беради…
Мактаб ўқувчиси бўлган қизалоқнинг тилидан Худонинг тушмаётгани бу замонда, хусусан, қайта қуришга киришган жамиятда нечоғлик жасорат иш эканини Нуриддин ичдан тан олди. Қолаверса, бу калима болаликдан нурдек, пичир шаклида ўзининг ҳам вужудида кезишини инкор этмайди. Шу боис Муяссарни рағбатлантиргиси келди:
-Қўлинг дард кўрмасин, синглим, Оллоҳ ишингга барака берсин…

Бирпасдан сўнг у табибу ҳамроҳларини кузатиб, кўчага чиқди. Индинга айни шу маҳалда улар яна келадиган бўлишди. Нуриддин асосан онасини ўйлаб, Муяссарга яна келишини илтимос қилган эди. Ўзида эса ҳамон иккиланиш жараёни қутқу соларди. Қизиқ, муолажага кирган катта ўғлида ҳам яққол ўзгариш кузатилган. Қизнинг қўл ҳаракатлари чоғида ўғлининг баданида нималардир ўрмалагандай туюлган. Бурни битиб, нафас олиши қийинлашиб юрарди, очилиб кетибди, нафас олиши равонлашибди. Онажони-чи? Ўзларини қўйгани жой тополмайдилар. Терга пишганлар…

Бекатда шулар ҳақида ўй сураркан, негадир совқотаётганини ҳис этди у. Ажабо, ҳаво илиқ, шамол йўқ, осмон тиниқ, юлдузлар чарақлаган… Шамоллашга асос борми?.. Ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёқ юра бошлади. Барибир эти жунжикиб, титроқ кучайди. Троллейбус тўхтаб, ундан Ҳилола тушди:
-Кўп кутдизми, ака?
-Чорак соатча. Меҳмонларни кузатиб, бу ёққа, сени кутиб олишга келдим, -ҳеч нима бўлмагандай, хотиржам жавоб қайтарди ака.
-Меҳмон? Ким келди?
-Муяссар келиб кетди.
-Ростданми? –Ҳилола таққа тўхтаб, акасидан қувонтирадиган, ҳаяжонли жавоб кутди. –Онамни кўрдими? Нима деди?

-Онамни дарди врачбоп эмиш.
-Ээ, акаа… Энди нима бўлади? –Ҳилола йиғламсираб, судраб қадам ташларкан, жуда эзгин овозда қўшиб қўйди. –Унга жуда ишонувдилар…
-Барибир муолажа қилди. Ўзлари айтдилар, кучли таъсир қилганмиш…
Ҳилола онасидаги тетикликни кўриб, қувониб кетди, киприкларидан бир неча томчилар сирпанганча она бағридан ўзини бўшатмай жим қотди.
Эртаси кун ҳақиқатдан ҳам Шамсия буви ўзини батамом соғайгандай ҳис этди. Онаизордан хабар олиш учун келган Роҳила ҳамда Фазлиддин билан биргаликда Навоий кўчасидаги ярмарка магазинларини кўздан кечирдилар, ҳатто “Қозоғистон” кинотеатрида бўлаётган ҳинд фильмига болаларию неваралари билан бирга боришга майл билдирдилар. Нуриддин орага тушиб, рад этди:
-Бирданига кўп юриб юбордингиз, онажон, чарчайсиз.

-Кучимга куч қўшилопти, бачам. Шунча юрсам ҳам чарчамадим. Учинчи қаватдан икки марта пастга тушиб, дам олиб-дам олиб чиқсам ҳам латта бўлардим. Соғайганим шу-да. Муясни Худо манга етказди.
-Тўла соғайинг, ўзим бунақа киноларга, театрларга кўп олиб бораман, хўпми, онажон.
Шамсия буви Муяссарнинг учинчи муолажасидан кейин ўзини янада тетикроқ сезиб, гўё буткул соғайгандай эди. Бироқ Нуриддиннинг мазаси қочди. Бундан у жуда ажабланди. Кейинроқ маълум бўлдики, у тузуккина тумовга-гриппга йўлиққан экан. Дори-дармонлар ила муолажалар бошланди. Онасини жўнатганидан сўнг ёзувчилар боғини макон тутди, юрагига малҳам топди. Аммо кўп ўтмай шум хабар…
Шуни эсладию у ўйлашдан тўхташга уриниб, ағдарилди. Кўзи илинди, чоғи…

АСАРНИНГ ДАВОМИНИ CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ
077

022

(Tashriflar: umumiy 590, bugungi 1)

Izoh qoldiring