Во ажаб, кутилмаганда илон йўлини ўзгартирди – ўнг ёқдаги ҳандаққа – ўт-ўланлар орасига бурилди. У ер бир вақтлар лой ҳандақ эди. Энди баъзан гўнгхона вазифасини ўтайди. Сув қўйилмагани боис ўт-уланлар қуриб, қовжираб ётар эди. Ҳозир ўшалар жонимга оро кирди. Эҳтимол, қўзғалганимдан илон чўчиб, шаштидан тушгандир. Оқтош эса ўз ишини адо этиб бўлган каби таққа тўхтаб, сарғимтил кўзларини менга тикиб, думини ювошгина ликиллатди. Бу – ўзи кичикроғу ваҳимаси оламни тутгудай тўполончи, усти оч қизғиш-маллатоб, қўлтиғию қорни оппоқ — дала-ҳовли эгалари учун анча қадрдон ит. Ҳамма уни Эркиннинг ити – Оқтош деб чақиришади. Ширкатимиз раиси Дадахон Нурий ҳазиллашиб: “Колхозимиз ити” дейди. Кўпчилик эса Эркин Маликнинг эркаси дея эътироф этишади.
Муҳаммад САЛОМ
УЧ ҲИКОЯ
ЎЗГАНИНГ ДИЛБАНДИ
-Ҳуу отаси, туринг, турақолинг энди…
Олисдан таралгандай майин овозни Отаси гўё эшитмас, кўрпага бурканганча қимирламай ётарди. Шунда овоз эгаси “қаср”га оёқ томондан қўл узатиб, кўрпани силкитди:
-Туринг, отаси, келиниз чойга чорлаяпти, келин қўлидан чой ичмайсизми, отаси?
-А?.. Келин… – отаси аввал қўзғалди, сўнг бошидан кўрпани сураркан, кўзларини очолмасдан, уйқусираган каби ғўнғиллади. – Келдими? Қа… қаерда?
-Туш кўраяпсизми? Қаерга келади? Келин уйда, — деди аёл эрига раҳми келганча бош тебратиб. – Кўзизни очинг.
Шундагина Отаси кўзларини аранг очиб, тепага нигоҳи қадалдию қаерда ётганини англади: оппоқ дока – пашшахона, унинг устида шийпон шифти – яшилга бўялган, калта, сербар тахталар хира ҳолда кўринади. Чап ёнида, пашшахона ортида сафсар рангли халат кийган хотини чўнқайганча, ярим илжайганча унга кўз тикиб турибди. У ўзини қувноқ тутишга уринса-да, анча ҳориганлиги, уйқуси чала кечганлиги яққол сезилади. Рўпарадаги тўрт қаватли уйнинг томидан тушаётган чироқ шуъласи аёлнинг қийиқ кўзларида қандайдир мамнунлик, ички қаноатланиш ҳисси балқиётганини ошкор этади.
-Тинчликми? Саҳардан товуққа ўхшаб қоғоғлаб ўтирибсан? – эр ёлғондакам тўнғиллади. Аслида ҳам уйқуси бузилганидан, бевақт безовта қилинганидан у хурсанд эмас эди. Тўй ҳаракатлари, елиб-югуришлар уни бир мунча толдирган, бу толиқишлар бир кечалик уйқу асносида бартараф этилиши маҳолдай туюларди. Бу фикрни тасдиқлаган каби оёқларида, белида – бутун вужудида қандайдир майда оғриқлар хуруж бошлар эди қимирлаган чоғида.
-Саҳар қолибдими, отаси, — деди хотин ярим шавқли товушда. – Келин туширган одам кўчада бундай ётмайди-да, ахир. Бундай турииб, келинизни саломини қабул қилсайиз, кўрманайизни чўзсайиз… Бирга-бирга чой ичсак…
-Хўп, боравер, — дедию Отаси шундагина биринчи қаватда яшайдиган қўшнисининг боғчасида – иккита кўп қаватли уй оралиғида жойлашган шийпончасида эканини, ҳа демай, йўлакдан ўтувчилар кўпайишию унинг талтайиб ётиши одамлар кўзига хунук кўринишини эслади ва устидаги кўрпани оёқ сари сурди-да, энкайганча пашшахона “девори”ни кўтариб, ўзини ташқарига олди. Хотини “уйча”ю тўшакни йиғиштиришга ёрдамлашаркан:
-Энди шу чайлада ётишниям тўхтатсайиз бўлар, — деди эрига ичи ачишиб. – Кўчни ҳозир уйга олиб кирақолайлик.
-Йўқ, ҳали шошмай тур, — бир нафас ўйлаб олгач, деди Отаси. – Келинимиз уйга бир оз ўрганишсин… Кўчиш қочмас…
-Шамоллаб-нетиб юрманг дейман-да: кечалари анча салқин. Ахир ҳеч қачон кўчада бунча қолиб кетмагансиз-а.
“Кўчада” сўзи Отага эриш туюлиб, энсаси қотди: “Нега кўчада бўларкан? Буни қаср демайсанми?”
Бу фикрини у ўзича асослади: ётган жойининг таги ертўлага ўхшатиб қурилган ихчамгина хона, унда эгасининг уйига сиғмаган ашқол-дашқоллар қўйилган. Унинг устига гирди ажиб гуллар билан нақшланган, каттагина темир каравот ўрнатилган. Бунинг ҳам ўз томи бор – қалин қувур-устунлар воситасида икки газча кўтарилиб, тепаси чиройли тунука билан қопланган. Каравот атрофи кўздан пана – жонли тўсиқ-дарахтчалар ила бурканган. Рўпараю биқиндаги ерга бир тупдан олма, ўрик ва гилосдан ташқари рангго-ранг атиргуллар экилган. Гуллар оловдай ёниб, қуёшдай балқиб, кўзларни қувнатиб турибди. Фақат булар унга, ўзига қарашли эмас-да! Аммо бунинг аҳамияти йўқ. Эгаси ташқарида ётишдан чўчийди ёхуд уялади. Қайтага текин қўриқчи борлигидан кўнгли тўқ. “Қўриқчи” эса қаватли уйларнинг диққинафас ҳавосига тоқат қилолмайди. Ҳар йили ёз чилласи бошланиши билан мана шу шийпончага тушиб олади, то август охирларига қадар пашшахона тагида ҳузурланиб ётади. Бу йил эса “дала ҳовли” гашти анча чўзилди – мўлжалдан нақ бир ярим ой ошди. Шароит шуни тақозо этди-да… Келин унаштирилганидан буён учинчи қаватдан меҳмон аримаса, нима қилсин?
-Бу йил куз бизга мослашди-да, Онаси, — деди ниҳоят Отаси аёлининг гапига жавобан. – Асосийси – тўйни ўтказдик, энди ҳеч нимадан чўчимаймиз.
-Раҳмдил Эгамнинг марҳамати бу, Отаси, — деди аёли мамнун оҳангда. Сўнг қўшиб қўйди. – Чойгумда сув, артинишга сочиқ туширдим. Ҳаялламанг.
Онаси шундай дея йиғиштирилган пашшахонаю тўшакни каравот панжараси сари сурдию зинадан пастга тушиб, учинчи қаватга йўлланди. Эри ўйчан қараб қолди: “Энди буёғи қандай кечаркин? Уйи торнинг кўнгли тор бўлиб қолмасмикан?”
У ўзини кўнгли тор ҳисобламас эди, барча яқин кишилари уни эшиги ҳам, дастурхони ҳам очиқ деб айтишарди. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бор. Хоналари тор ва бир-бирига яқин қаватли уйлар кенг ҳовлига тенг келолмаслиги сир эмас. Хусусан, оилага янги, аввал бошқача муҳитда вояга етган, ўзгачароқ аъзо қўшилганда вазият қалтисроқ тус олиши ҳам мумкин. Агар келинчак оилага дарров қўшилиб-қорилиб кетса-ку, ҳеч қандай муаммо туғилмайди.
-Бордию… йўқ, йўқ, унақасини Худо кўрсатмасин! – личирлади у ювинаётган чоғида.
Шийпон зинасидан пастлар экан, йўлак топ-тоза, сув сепилганини кўриб, у лол қолди: “Ажабо, қачон улгуришди? Кимнинг иши бу? Ёнгинамда шунча иш қилишибди, сезмабман. Демак, қотибман¬¬-қолибман-да…”
-Ҳмм… Келинимиз! – ногоҳ унинг дили ёришиб, ҳамма чарчовлари зумда тарқалди. Бу лаҳзада у учинчи қаватга кўтарилиб, ўз эшиги рўпарасида тўхтаган, пастдан юқорига қадар барча зиналар, ён тутқичлар, ҳатто тўртинчи қаватга кўтариладиган пиллапоялар ҳам артилиб, ювилган – ғуборсиз ялтирар, салқин, намхуш ҳаво бурунни сийпалар эди. – Худога шукур, келиндан ёлчибмиз, чоғи… Лекин бечорагинам… шунча майдонни қандай эпладинг? Ўзи ухладингмикан?..
Эшик ним очиқ эса-да, Отаси кўрсатгич бармоғи орти билан уни икки маротаба оҳиста урдию қисқа йўталганча остона ҳатлади. Йўтални эшитиб, хотини катта хонадан шошилиб чиқди. Деярли ҳаммалари ўша хонада нонушта қилишарди. Қизи, кичкинтойи ҳам дастурхон атрофида. Фақат келин-куёв кўринмаяпти.
-Киринг, Отаси, — аёли уни тўрдаги кўрпачага чорлади. Фарзандлари ҳам салом берганча қимтиниб-сурилиб, оталарига йўл бўшатишди. – Келиниз чой дамлаяпти.
-Акмалжон ҳалиям ухлаяптими? – У ён-бу ён аланглаб, сўради Отаси.
-Акам бозорга кетибдилар, — кулимсиради Дилрабо.
-Бозорга? – Таажжубланди Отаси. Чунки, унинг билишича, уйда ҳамма нарса бор, бозор қилишга эҳтиёж йўқ эди.
-Бирор нима керак бўлгандир-да, — дедию аёли унга кўз қисиб қўйди.
Аслида ҳам ўғил нечундир отасига кўринмасликка уринаётган эди.
Оила бошлиғи тўрдаги кўрпачага ўтираркан, қўлларини кўтариб, дуо айтдию юзига назх тортди. Айни шу топда очиқ эшикда товусдай товланувчан атлас кўйлак кийган, бошига юпқа, зарринли оқ шоҳи рўмол тўшаган узунчоқ, нозиккина хилқат намоён бўлди.
-Ас-саомм, дадажон… – деган шивир эшитилди. Сўзларни қайната аранг илғаб, қаддини ростладию:
-Валейкум ассалом, баракалла, кўўп яшанг, қи-зим… — деди нечундир ўнғайсизланиб. Охирги сўзи тилида у қадар қовушмагандай туюлди. Бундан ўзи ажабланди. Нега? Ўз фарзандидан ўзгани биринчи маротаба “қизим” дегани учунми? Бу сўз ногоҳ ўзини кексайгандай кўрсатгани боисми? Бегона қизларга у асосан “синглим” деб мурожаат этар эди. Келинини қандай чақиришни ҳеч ўйлаб кўрмаган экан. Шу сабабдан тили яхши айланмадими? Энди мослашмаса, бўлмасов. – Ўтиринг, қи-қизим…
Келинчак нимадир деганча орти билан юриб, ошхона томон ўтдию тезда чойнак кўтариб қайтди. Ошхонада чойни қайтарган чоғи, ўтирмаган кўйи ундан пиёлага қуйиб, пиёлани учта бармоқчасида тутганча, хиёл эгилиб, қайнатаси томон чўзилди.
-Раҳмат, бахтли бўлинг, — қайната шошиб қўл узатди. Пиёлани олгач, таклиф этди. — Ўтиринг, ўзингиз ҳам чой ичинг.
-Келинизга нима берасиз? Кўрманага? – Оҳангида қувонч балқиган овозда сўради қайнана. – Атаганизни чиқаринг, Отаси.
-Хўп, хўп, Онаси, ана, айвонда ўраб қўйилган ипак гиламни бердим.
-Раҳмат,- бошини хиёл эгиб шивирлади келин ва ортига юрганча даҳлизга ўтди.
Ота чойдан ҳўпларкан, оиланинг янги аъзоси ўтирмаганидан, чой қуйишда давом этмаганидан бир оз таажжубланди. Сўнг буни қайнатаси рўпарасида ўтиришга ийманганликка йўйди. Хаёлида эса оппоқ рўмолда келиннинг сал энкайиб, майингина “Ассалом” дегани нари кетмас, шундай кунга етказгани учун ичдан Оллоҳга шукроналик билдирар, унинг ҳам шу хонадонда палак ёйиб, ўз фарзандидай бўлиб қолишидан умидланар эди.
Шундай ўйлар оғушида у нонушта қандай кечганини сезмай ўрнидан қўзғалдию ўз хонасига ўтиб, кийимларини алмаштирганча ишга жўнади. Кечқурун қўшниларию яқинларининг томоқ тақиллатишларига жавобан “супрақоқди” ўтказди, ўзи ҳам танглайини “ҳўллади”гина эмас, созгина мириқди. Аммо масъулият юки чегарадан ҳатлашга изн бермади. Ахир ”сасиб-жийиб” келинга дуч келса, обрў қоладими?
Шу ўй бошини банд этгани боис даҳлизда дуч келган хотинига:
-Ман ётоғимга тушиб кетяпман, — деди кайфи борлигини сездирмаслик илинжида. – Бошқа бирор гап йўқми?
-Вой, ётоғизни кўчирувдик.
-Кўчирувдик? Нимага? Қаёққа?
-Шунчасигаям раҳмат, Отаси! Ўғлиз қўймади, тўшакларизни ўзи олиб чиқди. Айвонга ўрин солиб қўйдим.
-Начора, — кулганча у туфлисини ечдию шоша-пиша айвон сари юрди. Ўғлининг ишидан кўнгли кўтарилди. Чунки, куз кечикиб, кундузлари ҳаво анча илиқ эса-да, тунда шудринг, гоҳо қиров тушиб, кўрпа орасида ҳам совқотаётган, баъзан “уйча”га искабтопарлар ёприлаётган, очиқ қолган қўлу билакларини, гоҳида юзини ҳам бежаб, қўтирга айлантираёзган эди. Аммо тоза, салқин ҳавонинг ўрнини ҳеч нима боса олмасдики, шу туфайли яна катакка тиқилишни унча хушламасди. Эрталаб огоҳлантирганига қарамай аёли ўз билганидан қолмабди… Айвон эса жуда қулай: келин-куёв ётоғидан бир мунча йироқ, гап-сўзлар, ҳаракатлар деярли эшитилмайди. Шу йил бошида айвонга ромлар, иситиш батареялари ўтказиб, тахтадан каравот ясалган, узунчоқ, шинамгина хона юзага келтирилган эди. Тўйгача унда болалар ётиб туришар, шу ерда овқатланилар, суҳбату гурунглар ҳам асосан шунда ўтказиларди – у ҳаммабоп жой ҳисобланарди… Демак, вазиятдан келиб чиқиб, терраса Отасига ўтибди: “Яхши… Маъқул…”
* * *
-Тур, турақол, қизим, кеч бўляпти… – деган сўзлар гарчи паст овозда таралган эса-да, Отасининг уйқусини қочирди.
-Пича ухлай… Ҳали эрта-ку… – Дилрабонинг уйқусирагандай эринчоқ товуши отани ажаблантирди. Сўнг ўзича бундан маъно топди: “Ҳм, сут олиб келишни айтгандир-да… Ёш қизни саҳардан кўчага чиқаргунча бу ишни манга айтмайдими?”
-Турақол, асалим, кеннойинг кутиб қолди…
-Ўзлари қилаверсинла, нима ман уларга…
-Жим… уят бўлади-я. Бўмаса ўзим бораман… – Онасининг қўзғалган шарпаси эшитилдию Дилрабонинг шошқин қад ростлагани сезилди. Буни тасдиқлаб:
-Йўқ, ўзим, — деган қатъиятли, зардага йўғрилган овоз кўтарилди.
Товушлар, шарпалар тинди. Отаси ҳайрон бош қашиди, сўнг қўл силтаганча яна кўзларини юмди. Бироқ энди уйқу уни батамом тарк этган эди. Худди бировнинг уйида ётиб, уйғониб кетгану уй эгаларини безовта қилмаслик учун ташқари чиқишга ийманаётган меҳмон каби ўзича тўлғаниб ётаверди. Бордию келини ёхуд ўғли ювинаётган бўлса…
Даҳлиз билан айвон оралиғида ошхона борлиги, боз устига, эшиклар ёпиқлиги шарпаларни бўғиб қўйса-да, уйғоқ Отасининг қулоқларига айрим ҳаракатлар саси барибир етиб келар эди. Бу саслар гоҳ кучайиб, гоҳ сўниб – жимиб қоларди. Ниҳоят, овозлар батамом йўқолиб, давомли сукунат чўкдию Отаси навбат ўзига текканини ҳис этди: кимнидир чўчитишдан ҳайиққан каби оҳиста юриб, бўм-бўш ваннага ўтди. Шоша-пиша ювинганча йўлакка чиқди. Ва кеча тонгда кечганидай яна дили ёришиб кетди: озодалик қандай яхши!
Ҳар бир қаватда ёғду сочаётган чироқлар топ-тоза, намхуш зиналарни ялтиратиб кўрсатади. Йўлакда авваллардагидай ёқимсиз, оғир ҳаво эмас, аксинча, кўнгилга хуш ёқадиган, енгил нафас кезинаётгандай…
Атрофдаги бошқа уйлардан фарқли ўлароқ бу уйга икки тарафдан эшик очилган, хонадонларга икки томондан кириб, чиқилар эди. Ажабки, яқин йиллар орасида кузатилмаган иккала томон кўчаю йўлаклар ҳам энди озода, саранжом-сариштали, супурилган, сув сепилган – сўлим.
“Келини бор уйнинг файзи бўлакча-да”, — дилидан кечди Отасининг. Бу ўйдан кўнгли кўтарилиб, ўзича ғурурланди. Кеча оқшом чойхонада зиёфат берганида шу йўлаклик қўшниси ҳам гўё уни мукофотлаган эди: “Бизни подъезд ҳам сонга кирадиган бўлибди-да. Раҳмат келинизга. Тарбияли экан…”
Отаси бошини адл кўтариб, атрофга разм солди. Бошқа уч йўлак эгасиз-қаровсиз каби чириган япроқлару хас-ғуборларга тўлиб ётар, жуда файзсиз кўринар, охирги йўлакнинг биринчи қаватида яшайдиган ўрта яшар аёлгина гулзорчасига ва ўз йўлагига шлангда сув сачратар эди. Аслида, ўша йўлакда ҳам икки ойча аввал тўй бўлган – талаба келинчак яшайди. Лекин… Э, ана, рўпарадаги уйдан, ўрта йўлакдан бир келинчак супургию челак кўтариб, ҳовлига чиқди.
“Қандай яхши… Қанча вақт давом этаркин? Дарвоқе, бу хонадонга тушганига бир йилдан ошдиёв. Чақалоғиям бор… Баракалла…”
У айвонга қайтиб кирганида тўшаклари ўрнида ноз-неъматга бой хонтахтага дуч келди. Ҳа демай, хотини, қизи, ўғиллари ҳам унинг атрофидан жой олишди. Худди шу лаҳзада парилардай товланиб, бошию юзига шоҳи рўмолини ташлаганча оиланинг янги аъзоси пайдо бўлди. У кечагидай сал эгилиб:
-Ас-сомалайкум, дадажон, — деди эшитилар-эшитилмас овозда.
-Валек… — дедию отанинг сўзлари бўғзида қотди, юзи яллиғланди. У сўзини давом эттиришга қийналаётгандай кўринарди. Миясидан эса: “Қизиқ, саломи маъносини ўзи билармикан? Балки кеча ҳам шундай салом бергандир, мен пайқамагандирман”, — деган фикрлар кечарди.
Унгача келин жажжи пиёладаги чойни уч бармоғида тутганча, ўрнидан туриб, ярим эгилган кўйи қайнатасига чўзди.
-Раҳмат, — деди хўрсиниқли оҳангда Отаси пиёлани оларкан ва ҳафсаласиз тарзда қўшиб қўйди: — Ўрнингиздан турмасдан узатаверинг чойни. Майли, мен розиман, қиз… келин…
Онаси, Дилрабо, Акмалжон ҳанг-манг бўлиб, оила бошлиғига кўз қадашди. Негадир отасининг кўнгли чўкканга ўхшарди. Сабаб? Савол назари ила бир-бирларига нигоҳ ташлашди. Унгача келин ортига сурилиб, ошхонага кириб кетди. Онаси “Ўзи нима гап?” дегандай эрига кўз тикди. Эри гап чўзишни истамай:
-Нима кераги бор ортиқча такаллуфнинг, — дея тўнғиллади. Хаёлидан эса: “Буларга тушунтириш керакмикан? – деган ўй ўтди. – Ёки аввал келиндан суриштириш зарурми? Йўқ, орага совуқчилик тушмасин. Кейин…”
Ҳа демай, хонтахта атрофи бўшай деб қолди: кимдир ўқишга, кимдир ишга шошилди. Аммо Онаси нечундир ошиқмас, эридан нимадир кутиб, унинг оғзини пойларди. Отаси эса аёлининг саволини кутмасданоқ:
-Келининг чой ичмайдими? – дея ажабсиниб сўради.
-Сизни қавоғизга қараб чой ичсинми? – Пайти келганини сезиб, Онаси эрига найза санчди. Отаси ҳали рисоладан чиққанини, алиги гўё қандайдир ахлатлар ичида қолиб кетганини – саломга деярли алик олмаганини тушундию қизарганини кўрсатмаслик учун пиёлага ёпишди ва ундан бир қултум чой ичаркан, гапни бошқа ёққа бурди:
-Саҳарда Рабони уйғотаётувдингми? Қаёққа юбординг?
Уйда ҳамма Дилрабони “Дили” деб чақиришса, отаси “Рабо” деб эркалар, гўё чала атамани тўлдирар эди.
-Кеннойисига ёрдамлашди… – ярим қўрқув билан секингина жавоб қайтарди аёл. Сўнг нима қиларини билмаган каби дастурхондан у-буларни йиғиштиришга тутинди. Отаси кеча ва бугун саҳар чоғидаги озодалик боисини, иш кўламини эслаб, воқеанинг тагига етди. Аввал келинига ачинган бўлса, энди нозиккина қизалоғига раҳми келди.
-Ўша пайтда ҳаво жуда салқин, қоронғийди… – ўзини оқларди аёл.
-Яхши қилибсан, — деб юборди беихтиёр оила бошлиғи. Кейин ҳазиллашган бўлди: — Келинимизни аябсан, баракалла, меҳрибон қайнана.
Эридан рағбат эшитган аёл ногоҳ дили ёришиб, кўнглидагини айтди:
-Шояд қизиз ҳам ўрганиб қўйса!
-Э, ўзи шартмикан саҳардан шу ишларни қилиш. Супаю йўлакларни озода тутиш ахир ҳамманинг иши-ку! Келинларни қийнаш яхши эмас-да!
-Урф-одат шунақайкан, нима қиласиз, Отаси…
-Ўзинг бундай қилмагансан-ку, — кулганча у хотинидан гўё “ўч” олди.
-Бизда бунақа одат йўқ-да, Отаси, бошимга тушса, қараб турмасдим… -Онаси очиқчасига ўтди. — Бордию қизиз тошкентликка тушса…
-Рабони тошкентликка бермайман! – Шарт кесди Отаси.
-Ундай деманг, Отаси, пешонасидаги бўлади. Шу учун ҳозирдан пишигани яхши эмасми?
Отаси Худодан, тақдири азалга тил теккизишдан қўрқадиган одам. Гарчи, ошкора эмаса-да, кўнглида тақдирни такбир қилиб бўлмайди, деб юрувчиларга эътироз билдирмайди. Ҳозир аёлининг гапи маъқул тушдию лекин очиқ тан олгиси келмай:
-Э, буларнинг одатлари қурсин: ҳам келин томон куёвнинг уйини мебелу матолар билан тўлдириши керакмиш, ҳам келинни, бировнинг дилбандини улар қулдай ишлатиши шартмиш, — деди тўнғиллаганнамо, худди суюмли қизи улардан бириси хонадонига келин бўлиб тушаётган каби. – Ў, одам, уйингга янги одам, янги ишчи кучи қўшиляпти, шунинг ўзи зўр бойлик эмасми?!
-Қизишманг, Отаси, қизишманг, — шивирлади аёли ошхона тарафга кўз ташлаб олгач. – Хай, айтинг, ёмон бўлдими? Ҳам ўғлимизни боши икки бўлди, ҳам уйимизга молу мебел келди.
Отаси енгилган каби бир нафас жим қолди: нафсиламбрини айтганда, уй жиҳозларини кўриб, у ичдан суюнгани, мамнун илжайиб қўйгани рост эмасми? Буни хотини ҳам сезган-ку? Энди буни қандай изоҳлайди?
-Ўзинг яхши биласан, ман қудаларга бирор шарт қўйганим йўқ. Ҳатто уларга очиқ айтувдим: “Манга бойлик эмас, яхши келин керак”, деб. Айт, шундай демовдимми?
-Девдиз… Лекин урф-одат экан, қизларидан ҳеч нимани аямадилар. Қизимиз бахтли яшасин, деганлари-да бу.
-Э, қўй-э, шу матоҳлар билан бахтли бўларканми? Худо ҳар кимнинг ўзига берсин. Рабога тайинлаб қўй: тошканлик болаларни ўзига яқин йўлатмасин. Биз ўзимиз каби четдан келганлар билан қуда бўламиз.
-Худо хоҳласа, денг, — ўрнидан қўзғолди Онаси. – Ишга кечикмай…
Салдан сўнг Отаси ҳам ишга отланди. Кун бўйи уйдаги вазият, келиннинг юриш-туриши, қизининг тақдири хаёлидан нари кетмади. Кечқурун эса яна таъби тирриқ бўлди. Эшик очган келин пастгина овозда:
-Ас-сомм, — дедию дарҳол ортига бурилди. Қайната тутқични асабий тутганча бир лаҳза қотиб қолди. Ўзича бош чайқади: “Нима мунча димоғ-фироғ? Сепларга иддаоми? Ё бошқа муддао ҳам борми? Сўрайми, а?”
-Ноқулай-да, — деб қўйди ўзича, у эшикни ёпиб, ичкари кираркан. – Онаси орқали сўраган маъқулроқ. Ман қизишиб кетиб, қўполлик қилишим мумкин.
Ошхонада, қозон атрофида куймаланиб юрган аёлини кўриб, у яна таажжубланди: “Наҳотки келинимиз овқат қилишни билмайди? Ёки…”
-Ҳа, келинингга ишонмадингми? – Кўнглидан кечганини дарҳол ошкор этди у.
-Нимага ишонмай, Отаси? — деди аёл ним табассуму очиқ чеҳра ила. – Бировнинг эрка фарзанди, дарров зуғум қилмай дейман-да. Ўзимизга, уйимизга бир оз ўргансин. Кейин қўлимдан ҳаммасини олади.
-Ҳа, шунақами? Майли, майли, — дея Отаси одатдаги ўрнига ўтдию ойнаи жаҳон қулоғини буради. Ўзбекистонда консерт: усулию нағмаси бор, аммо овоздан Худо қисган бир хонанда ўзини зўрга соляпти, кучаняпти. Масковни олган эди, иш ташлаган кончилар ғалаёнлари, митинглар…
Отаси уларга қараб ўтирдию хаёлидан келини, ўғли нари кетмади: юлдузи юлдузига тўғри келдими? Булардан яхши оила чиқармикан? Бир-бирини унча ўрганишмаган. Аслида шунақа ёшлар тезроқ чиқишиб кетишлари кўп кузатилган.
Отанинг билишича, ўғли жуда ювош, камсуқум, ўйин-кулгига у қадар ишқивоз эмас, ўқиши давомида қизлар атрофида айланишмаган, “дон” олишмаган. Лекин жаҳли чиқса, чақмоқ чақиши, қўрслик қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Келин шундан эҳтиёт бўлса… Келин эса бир мунча жумбоқдай. Наҳотки у ўта мағрур? Уни Онасининг танишлари роса мақтаб тавсия этишган. Биринчи учрашувдаёқ қизгина Акмалжонга маъқул тушдию тезда тўй бошланди.
“Қизиқ, — ўйларди қайната, — бирор кўнгли тўлмаган томони бормики, келинимиз очилиб-сочилмаяпти. Кўпинча қовоғи солиқ. Бегона жойдан қочган каби дарҳол ўз хонасига кириб кетади. Кўп ўтмай, эри ҳам унга эргашади. Ичкаридан қиқир-қиқирлар таралишига қараганда… Ишқилиб, охири бахайр бўлсин…”
Отаси келинидан сўрамоқчи бўлган гапни бугундан ҳам қолдирди. Хотини орқали суриштиришдан эса бирор нима чиқишига кўзи етмади. Бу орада ёқимсиз, ғашга тегувчи ҳолатлар давом этавердию охири қайната тоқат қилолмади. Навбатдаги нонушта чоғида келини ўша хомушлигича:
-Ас-сомайкум… – деганида қайната қўққисдан:
-Тўхтанг, келин, — деди босиқ овозда. Келин кўзларини катта очиб, қанақа айб иш қилганини ўзи ҳам билмаган каби довдираганча оила бошлиғига анқайиб қаради. – Отангизгаям шунака салом берасизми?
Ўғил бесаранжом тўлғаниб, отасининг кўзларидан маъно излади. Онаси чўғдай қизариб, лаблари қимтилди, бироқ, нимадир дейишга журъат этмади. Дилрабо отасига аланг-жаланг қараб:
-Отаа… — дедию индамай қолди.
Ҳамманинг эътирозини қўзғаган ўз ҳаракати мавруддан ташқарида юз берганини ҳис этган эса-да, оила бошлиғи энди чекинолмаслигини туйдию келинидан кўз узмай жавоб кутди.
-Ҳм, шундай… — деди келин сал сукутдан сўнг. – Нима қилибди?
-Шунақа салом бериш маъносини ўзингиз биласизми?
Келин елка қисиб, четга қаради.
-Маъноси ўз-ўзидан тушунарли-ку, — тўнғиллади Акмалжон. – Салом – бу биз биргамиз, бирдаммиз, якинмиз, дегани эмасми?
-Сандан сўрамадим, чоғи, — отаси кесатди. – Салом бошқа, ас-сомайкум бошқа – фарқи ер билан осмонча.
-Фарқи нима, отажон? – Эрка овозда сўради Дилрабо.
-Ассалому алайкум, дегани ман сизга сиҳат тилайман, ас-сомайкум дегани эса, сизга ўлим тилайман, дегани.
-Вой ўлай… Йўғ-э… – Онаси бош бармоғи орқасини тишлади.
-Ҳа, шунақа… келинимиз келганидан буён билибми-билмайми, бизга ўлим тилаб ётибди. Билмадим, нега? – Отасининг сўнгги сўзи пастлаб, тушкин овозда эшитилди. Дилрабо янгасига ғазабнок, юмдалашга шайдай ўқрайди. Онаси эса айб иш қилиб қўйгану уялиб, боши ерга теккудай эгилган. Келинчак бўлса, нима деярини билмай, изоҳ беришни истамай, қаққайиб турдию сўнг кескин бурилиб, ўз хонасига кириб кетди.
-Бу гапни қаёқдан олдингиз, ота?- Ғазабу довдирашдан қутилгач, ўғил, ниҳоят сўрашга ўзида куч топди. – Кўпчилик шунақа салом беради, чоғи.
Бундай шарҳни Отаси бир маъракада қисқа амри маъриф қилган қариядан эшитган, лекин чуқурроқ суриштирмаган, билишигача эса яна анча вақтлар ўтишини, дийну эътиқодда кенг йўллар очилишини ҳозирча хаёлига ҳам келтиролмас эди. Кейинроқ Имом Бухорийнинг “Ҳадис”идан буни ўқиган қайната ўшанда келинига ўринли танбеҳ берганига қувонган, фақат сал қўполроқ тарзда бу ишни адо этганидан хижолат чекканди. “Ҳадис”да ёзилишича, бундай саломлашиш Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бир яҳудий ўртасида бўлиб ўтади. Расулуллоҳ ( алайҳи вассаллам) унга: “Валейкум… ўзингга ҳам”, дея юмшоқ ва гўзал жавоб қайтарадилар. Саҳобалар яҳудийни оғир жазога тортишни талаб қиладилар. Бироқ, улуғ зот олийжаноблик намунасини кўрсатадилар: “Менга нимани тилаган бўлса, ўзига ҳам ўшани тиладим”, дея саҳобаларни ёмонликка яхшилик билан таъсир этишга даъват этадилар.
“Билим, маърифат – одамни жаҳолатдан сақлайди, — дейди ўзича Отаси “Ҳадис” илмидан баҳраманд бўлгач. — Ўшанда шу воқеани тафсилоти билан билганимда келинимни сўроққа тутмай, майинлик билан тушунтирар эдим.”
Аммо бу хулосага келишига қадар ҳали икки-уч йилча вақт бор эди. Ҳозирча эса келини ҳаракатларидан ўз ёғига ўзи қоврилар, орада адоват туғилганидан боши қотарди. Айни ўша пайтда ўғлининг саволига ўтирган ҳаммалари жўяли жавоб кутардилар.
-Кимлардир атайлаб, сездирмай, ёшларга ўргатсалар керак, — дея тахминлади Отаси. – Буни тагига етмоқчи бўлсанг, арабчани тушунадиган, саводли бирор кишидан сўраб кўр. Мен ҳам суриштирарман.
Отаси ўз жавобидан тўла қаноатланмаган эса-да, ҳар қалай, гўё вужудини кемириб бораётган ёмон хилтдан қутулгандай бўлди. Энди эса: “Келинимиз наҳотки тушунган ҳолда шундай саломлашган”, деган ўй унга ором бермас эди. Боз устига, айбини пинҳона бўйнига олган каби келин олдингидан-да кўпроқ парда ортига бекинди: ҳамон қовоғи солиқ юрар, айтилган ишни бузиброқ бажарар, фақат эрининг ёнидагина чеҳраси очилар, деярли очиқ саломлашмас – нимадир деб пичирлар, кўпинча ўз хонасига индамай кириб кетар, соатлаб қорасини кўрсатмас эди.
Бир куни Ота маош олдию бозорга ўтиб, хилма-хил мевалар харид қилди. Одатдагидай, уйда ёлғиз қолган келин эшик очди ва тез изига қайтди. Қайнатанинг яна тарвузи қўлтиғидан тушди: “Ахир ман ким учун бозор қилиб келдим? Нега қўлимдан олмайди? Уйида қанақа тарбия кўрган экан- а, бу? Нима қилсам, ўз болаларим сафига қўшилади? Қаерда хатога йўл қўйдик? Қайнанаси-ку, ел-патак, атрофида парвона – келини қиладиган ишларниям қилади. Лекин…
Шу топда кўп таниш-билишларининг келинлари, ўзаро муносабатлар хаёлида жонланиб, тағин таажжуби ортди. У билган келинчаклар қайнатаю қайнана билан ота-қизу она-боладай кўринишади. Балки бошқаларга шундай кўриниш бериб, аслида кўча хандону уй зиндонми? Йўғ-э… Ўша келинчаклар очиқ чеҳра билан, чинакам эгилиб, таъзим қиладилар-эй…
Қайната келини билан илк дуч келганию унинг таъзимини ҳамда саломлашиш онини эслади. Шунда ўзича ниманидир кашф этди: хоҳлар-хоҳламай эгилди. Саломи эса ҳалигидай… Ҳм… “Ман сизларга бўйин эгмайман, билиб қўйинглар, сизларни кўргани кўзим йўқ” , деганими? Худо сақласин! Унда аҳвол чигаллашади. Буни эри сезармикан?.. Йўқ, сираям сезмайди: унинг ёнида келин ўзини қувноқдай, елиб-югургандай тутади. Бунга эр буткул маҳлиё…”
Отасининг қаттиққўллиги боис фарзандлар ишқий саргузаштларни бошдан кечиришмаган. Эҳтимол, ўшанинг таъсиридандир, Акмалжон кўз очиб кўргани – Моҳира билан қаттиқ боғланиб қолган. “Буниси – тузук, бироқ, хотинга ўзни батамом топшириб қўйиш ҳам яхшилик келтирмайди-да, — деган хулосага келди Ота. – Акмалнинг бўшанглиги… Эҳ…”
-Буни бефарқ қолдириб бўлмайди, — деди Отаси ниҳоят ўзига-ўзи. – Келин билан чуқурроқ гаплашиб кўриш зарур.
Аммо гаплашиш жуда пайсалга солинди. Бу орада келин оғироёқ бўлдию иш янада чигаллашди. Бундай шароитда вазиятни чуқурроқ кавлаштириш орқали сал очилган хандакни жарликка айлантириш ҳеч гап эмас. Бироқ, келиннинг янги қилиқлари қайнатанинг уйқусини қочирди. Ажабки, келин энди қайнанасига гўё эълонсиз уруш очган эди.
¬-Нима, ораларингдан қора мушук ўтдими? – Сўради бир кеч оила бошлиғи хотинидан. Яна ҳазиллашган каби қўшиб қўйди. – Арпасини хом ўриб қўйдингми?
-Билмадим, — Онаси кифт учирди. – Ўз-ўзидан гаплашгиси келмаяпти.
-Ҳамма ишларини қил, ҳатто кириниям юв, — деди Отаси келини эшитсин учун овозини кўтариб. – Бошингга кўтариб юрсанг, янаям яхши.
Онаси сукут сақлади. Ичкаридан ҳам садо чиқмади. Оила бошлиғи эса аниқ жавоб кутар эди. Буни англаган аёли:
-Нима қилай, Отаси, ҳамма ёқ ивирсиб ётса, қандай қараб турай ахир! – деди йиғламсираб. – Ўзидан билиб, қўлимдан ишни олмаса…
-Эҳ, мўмал! Чин қайнона ёки оналарга ўхшаб, сан ҳам бундай талаб қилсанг, бўлмайдими? Шуям керак экан-да… Қизимизга зуғум қиласан-ку!
-У — қизим, ўзимники. Келин – бировнинг фарзанди… Гапим оғир ботса…
-Ҳаммаси – ўзингдан! – дедию Отаси қўл силтаб, кўчага чиқиб кетди.
Эртасига тушлик қилиш учун атайлаб уйга келди. Ишхонаси – билим юрти яқинлиги боис бу имкониятдан у гоҳида фойдаланар эди. Қўнғироқ тугмасини босганидан сўнг анча кутиб қолди. Эшик очилганда келиннинг уйқудан қовоғи шишганлиги яққол кўзга ташланарди. Уйқуси ҳали ўчмаган, ярим карахт кўринарди. Ҳеч нима демай, у изига қайтди. Қайната ошхонага ўтиб, қозондаги овқатни газ – олов устига қўйди-да, келини хонасига яқин бориб, секин:
-Келин, бу ёққа қаранг, — дея овоз қилдию хонтахта рўпарасига бориб ўтирди. Салдан сўнг келин айвонга келиб, қайнатасига саволчан қаради.
-Овқатни иситишга қўйдим. Тайёргарлик кўринг, бирга овқатланамиз.
-Ман овқатланувдим…
-Унда ўтиринг, биир гаплашиб олайлик, — деди қайната ювошланиб.
Моҳира ромга омонат суянганча каравот қирғоғига ўтираркан, хомуза тортди.
“Юзини ювиб олса бўларди, — ўйлади қайната. – Фаросатдан Худо қисган…”
-Айтинг-чи, Моҳира, — дея биринчи маротаба у келини номини тилга олди, — сиз бирор масалада биздан, шахсан мандан ё қайнанангиздан хафамисиз?
-Йўқ, нега ундай дейсиз? – Кутилмаганда хушёр тортиб, келиннинг қовоғи очилди.
-Унда нимага ҳамиша аразлаганга ўхшаб юрасиз? Нимадан хафасиз?
-Ҳеч нимадан… Ўзим шунақаман… – деди у паст овозда ва ерга сузилди.
-Шунақалигингиз ҳамманинг ғашига тегишини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Келин индамай ер чизди.
-Ё бизга келин бўлганиздан афсусдамисиз?
-Йў-йўқ, ундай эмас, — илкис бошини кўтарди келинчак. Лекин сўзига изоҳ беришни, кўнглидаги дардни тўкиб солишни истамади. Ички ғурур бунга йўл очмади, шекилли.
-Сабабини айтмасангиз ёки яхши томонга ўзгариш қилмасангиз, иш мушкуллашади. Биринчи навбатда, қудам билан, отангиз билан ўзим гаплашаман. Дам олиш куни уларни чақириб, маслаҳатлашайлик…
-Йў-йўқ, адамни аралаштирманг… Жаҳллари ёмон, — деб юборди беихтиёр келинчак. – Нима гап бўлса, ўзимга айтинг.
“Ҳм, бунинг қилиқларидан отаси бехабар… Демак, қандайдир ўргатувчиси бор: ҳукмронлик қилишни, бизни ўзи истаганча бошқаришни мўлжаллаган. Ёки…”
-Менга ҳам шуниси маъқул, — деди қайната бош силкиб. Сўнг миясига келган ўйни ошкор этди. – Балки алоҳида яшашни истаётгандирсиз…
Келин индамай яна ер чизди.
-Тўғри, ҳамма мустақил яшашга интилади. Аммо ҳар ишнинг мавриди, ўз вақти-соати бор. Ишхонага ариза бериб қўйганман. Уй беришса…
Келин жонланиб, кўзлари чақнаганини пайқаган қайната:
-Лекин унгача бир-биримизнинг ғашимизга тегмайлик, дилимизни оғритмайлик, — дея алоҳида таъкидлашни лозим топди. – Шу хонадонда кўкариб, палак ёзишингизни, қизимиз қаторидан ўрин олишингизни жуда хоҳлаймиз… Шу фикрга қўшиласизми?
-Ҳа… – Келин бош қимирлатиб ҳам ўз сўзини тасдиқлади.
-Майли, тўхтатиб қўйганингиз йўлакни ювишни мен талаб қилмайман. Лекин озодалик, саранжом-саришталик, очиқ чеҳралик – вазифангиз, — ҳукмнамо деди уй соҳиби. – Бордию бирор муаммо чиқса, ўзимга очиқ айтинг. Маъқулми?
-Ҳа.
-Энди овқатни сузиб келтиринг, — кўтаринки руҳда деди қайната.
Дарҳақиқат, қайната-келин муносабатлари гўёки изга тушди. Бироқ, келин бир оёғидаги оғирликни худди иккинчи оёғига ташлаган каби энди қайнанаси билан аразлашган кўринарди. Бундан қайнана ғам-ғуссага кўмилган эдию бироқ бирор кимсага дардини ёришни истамас эди. Ўғли нари турсин, ҳатто эрига ҳам бу ҳақда гапиришни ўзига эп кўрмасди: “Жанжал чиқмасин, Худо ўзига инсоф берсин” , дерди ичида. Лекин ярага бепарво қарасанг, шишади, маддалайди…
Кутилмаганда маддалаган шиш ёрилдию ўзини ошкор этди. Ўша куни Онаси нашриётнинг ёш бир муҳарриридан дакки эшитиб, изза бўлган, “кап-катта хотин тайёр матнни машинкада кўчиришда шунчалар кўп хатога йўл қўядими, а?” деган сўроққа лом-мим деёлмаган, индамай матнни қайта кўчирган ва яна сезмай баъзи сўзларни тушириб қолдирган эди. Кўнглидан эса: “Зулмат ичида кўчирганимни қаёқдан ҳам биласан, болам” , деган ўй кечиб, негадир йиғлагиси келувди… Ишдан қайтса, келин ухлаб ётибди. Ошхонада овқат юқи идишлар пашшаларга талаш, устолда сувараклар ғужғон ўйнайди.
-Э, Худойим, от деб эшакка йўлиқтирган экансан-да, — деб юборди у курсига оғир чўкаркан. – Буни Отаси кўрсалар, нима дейдилар? Таёқ яна мани бошимда синадими?
Аяган кўзга хас тушди. Айни шу топда Отаси ҳам ишдан қайтдию ошхона йиғиштираётган аёлини, ҳамма ёқни ёқимсиз ислар босганини кўриб, заҳрини сочди:
-Баттар бўл. Яхшиси, пул берай, битта тувак сотиб ол.
-А? Тувакни нима қиламан? – Овозини одатдагидан бир парда кўтариб, эридан сўради. Унинг овозидаги титроқни сезса ҳам энди эри аямади:
-Келининг бўшанишига. Кейин тозалаб қўясан. Шу етишмаяпти, чоғи.
-Бу кунимдан ўлганим яхши эмасми? – У йиғлаб юборди. Эри шошиб қолди: “Келин қўрслик қилганмикан? Наҳотки шунга ҳам аралашаман?”
Худди шу чоғ хонасидан чиққан келинига:
-Сизда ўзи заррача инсоф борми? – деб бўғиқ қичқирганини ўзи ҳам пайқамай қолди.
-Нима бўлибди? – Рангги оқаринқираб сўради келинчак.
-Нима бўлибди эмиш! – Ҳаётида биринчи маротаба келинига тик қараб, йиғи аралаш “портлади” қайнана. – Уялинг-э! Андишани отини бунча қўрқоқ қўймайдилар-да. Уйни аҳволини қаранг – одам яшайдими бу ерда? Отаси, — у эрига юзланди, — тоқатим тугади: бирор квартира топинг – ё биз чиқиб кетайлик, ё булар…
-Биза кетамиз, — келин дарҳол ортига бурилди. Айни шунинг устига эри кириб келдию унинг рўпарасида тўхтади:
-Ҳа, нима гап? – дея у онасидан сўради.- Қаёққа кетасизлар?
-Бизани ҳайдаяптила, — деди Моҳира йиғламсираб. – Бўлинг, кетамиз, Акмал ака.
Акмалжон аввал нигоҳи қаҳрли ёнган, лаблари гезарган отасига, кейин кўзлари ёшга тўлган онасига бир қараб олди-да, хотинидан сўради:
-Ўзларидан сўрасак? Йўл бўлсин?..
-Опамнинг қўшнисида бир хонали бўш уй бор экан. Гаплашайлик. Майли, булар бемалол, тинч яшасинлар…
-Ҳм, гап нимадайкан, — ўзича ғудранди Отаси. Сўнг келин-куёвга жиддий тикилиб, фикрини дангал айтди: — Алоҳида яшашни ният қилган бўлсаларинг, майли, эътирозим йўқ. Аммо ҳеч қачон онангни малайликка қўймайман.
-Онамни ким малай қилмоқчи? – Ҳеч нимадан хабари йўқ Акмалжон гуноҳкор каби боши эгик турган волидасига тикилди. – Ҳеч кимга малай-палай бўлмайдилар. Энди қўлизни совуқ сувга урганизни кўрмай, онажон, — дедию у хотинига шиддатли юзланди: — Биласан, кўчиш ҳақида ҳеч вақт майл билдирганим йўқ. Мен ҳеч ёққа бормайман. Агар кўчгинг келса, ўзинг кўчавер. Харажатингниям бераман.
Моҳиранинг рангги оппоқ оқарди, лаблари титраб, қимирлади, бироқ, нима деганини англаб бўлмади. Орага бир нафаслик сукунат ҳокимлик қилди.
-Иш қилган билан ўлиб қолмайман, болам, — деди ниҳоят ўзини тутиб олган Онаси. Бу можароларга у ҳамон ўзини айбдор санаётган эди. – Тинчингга қара. Қаерда бўлсанг ҳам бахтли бўл, болам. Ман розиман.
-Тинчим – ана шу уйим, ота-онам билан бир ҳаводан нафас олиш! – Акмалжон тахта-полга оёқ нуқиди. – Бепарволик қилибман, Онажон, мени кечиринг…
* * *
Эртаси куни тонгда кўчага чиқаётган Отаси ялтирага зиналарни, озода йўлакни кўриб, елка қисди, жилмайди. Айланиб қайтгач эса эшикда уни очиқ чеҳра билан келини қарши олди:
-Ассалому алайкум, дадажон.
-Тилингга шакар, қизим, — деганини ва киприкларига нам чиққанини ўзи ҳам сезмай қолди Отаси. Ўзини сал ўнглаб олгач, қўшиб қўйди: — Йўлак ҳамманики. Ўзим жадвал тузиб бераман.
-Йў-йўқ, ўзим…
Орадан бир неча ҳафта ўтгач, тўхтовсиз келаётган совчилардан бирига жавоб берилди: Дилрабо тошкентлик йигитга унаштирилди.
-Зиёли оила экан, майли. Рабо ҳам анча пишган, чидамли, — деб кулиб қўйди Отаси.
1992
ҚАРЗ
Ҳайит ака ишдан ҳориб, ҳафсаласиз қайтди. Иш оғир эмас, аммо ёлғон ваъдалар уни чарчатиб, асабийлаштирди. Шунга қарамай, ўзини босиқ тутиб, тилига эрк бермади, дардини ичига ютди: «Кейинги сафар уч ойлик маошни қўшиб оламан, бир талай бўлади», дея ўзини овунтирди. Фақат аёли хархаша қилмаса, бас.
Қизиқ, Нилуфар хола эшикни ним табассум ила очдию эрига сирли овозда:
-Меҳмон бор,- деди секингина.
-Меҳмон? Ким? – энсаси қотиб сўради эр. Ахир ҳамён қуруқ бўлса, ночоргина дастурхон билан меҳмон кутиш кўнгилга сиғадими? Нилуфарнинг чеҳрасига қараганда нозикроқ, балки керакли меҳмонга ўхшайди.
-Совчилар,- шивирлади хотини эрининг кўнглидагини сезиб.
-Ҳм…- деб қўйди Ҳайит ака қошларини кўтарганча, сал очилди: «Зўрроқ дастурхонга ҳожат йўқ». Бироқ шу ондаёқ дарҳол тундлашди: — Уларнинг жавобини берувдик-ку!
-Секинроқ гапиринг…- аёл эрини туртди.- Булар бошқачароқ. Бамаъни одамларга ўхшайди. Йигитнинг ота-онасийкан. ўзлари келибдилар.
-Барибир эмасми? Биз ҳозир қиз чиқазолмаймиз. Ахир битимизга тўй қиламизми?
-Аввал кўринг, гаплашинг, кейин бир нима денг-да, отаси,- Нилуфар хола эриб кетиб, эрининг елкасидан силаган бўлди.- Бунақада уйимизга ҳеч ким келмай қўяди. Қиз боланинг иши қурсин. Кирақолинг, отаси, маҳтал бўлишди.
Ҳайит ака қўлию юзини чайиб, ўзга уйга кирган каби сал бегонасираб, меҳмонлар ўтирган хонага қадам қўйди. Совчилар бўлмиш эр-хотин дарҳол ўринларидан туриб, мезбон билан сўрашишди. ўрта ёшлардаги, бежирим кийинган, очиқ чеҳрали жуфтлик бир қарашдаёқ зиёли одамлар эканини аниқ сездириб турарди. Бу ҳолат Ҳайит аканинг вужудига аллакандай нур йўналтирдию тўсатдан кўнгли ёришиб кетди.
-Айбга буюрмайсиз, акахон,- деди ўнғайсизликка барҳам бериб, эркак меҳмон,- биз огоҳлантирмасдан, шунчаки танишиш учун, норасман келдик.
-Зарари йўқ,- деб қўйди Ҳайит ака ва эндигина ёйилган, буханка нону ликобчада арзон қоғозли конфетдан бўлак ҳеч нарса йўқ дастурхонга кўз қирини ташлади. Сўнг дами ичига тушган каби: — хуш келибсизлар, — деди.
-Агар фикримиз бир ердан чиқса, кейин расман совчи юборамиз.
-Яхши ўйлабсиз,- деди Ҳайит ака сал мулоҳазадан сўнг очиқ тан бериб.- Аммо қизимиз ҳали ўқияпти. Яна уч йил ўқиши керак.
-Ўқишни давом эттираверади, — шошқин гапга аралашди аёл меҳмон. — Худога шукр, келинни ўқитишга қурбимиз етади. Иккаловининг юлдузи мос тушса, бас. Қизиз ҳақида яхши гаплар эшитганмиз.
Мезбонларга жавоб маъқул тушди. Аммо бир нафас ўйга толишди.
-Биз ҳали қиз чиқармоқчи эмасдик, — эрини тушуниб, гап қўшди Нилуфар хола. — Тайёрлигимиз ҳам йўғиди. Замон ўзгариб кетди.
-Ҳаракатларимиз бошланганидан кейин тайёргарлик ҳам ўз-ўзидан битиб кетади, холажон, ташвишланманг.
-Бизга ҳеч нима керак эмас, опажон, — эркак меҳмон дангалига кўчди. — Бизга яхши одам, яхши келин керак. Замонга қараб иш тутаверамиз.
-Айтасиз-да, укажон, — деди ўйланқираб Нилуфар хола. Кўнглидан эса: «Розилик олгунча шундай дейишади. Нағмалар кейин бошланади», деган ўй ўтди.
-Агар маъқул топсангизлар, дам олиш куни қизларингиз билан Ёқубжонни учраштирайлик, шояд бир-бирларини ёқтиришса, — деди ногоҳ аёл меҳмон.
Мезбонлар бир-бирларига қараб олишди. Ҳайит аканинг ичидан бир нима узилиб тушгандай, бўшашиброқ кўзини ерга сузди. Аёли эса ўзини йўқотмай:
-Ўйлаб кўрайлик, маслаҳатлашайлик, — деди.
-Ҳа, тўғри, — жонланди Ҳайит ака. — Фикримизни кейин айтамиз.
ўша кеча эр-хотин деярли ухлашмади. Гоҳ «қудалар»ни мақташди, гоҳ улардан айб излашди, гоҳо баҳслашиб, қаттиқ-қурум гапларга ҳам боришди.
-Ўзига тўқ, бадавлат бўлгани тузук, аммо ўзимизга ўхшаган мусофир экани янада яхши, — деди ниҳоят Ҳайит ака.
-Ҳа-я, — маъқуллади хотини, — тенги чиқса, текин бер, дептилар.
Ҳайит ака хохолаб кулдию дарҳол тиниб, аёлини кесатди:
-Ол-а, тенги эмиш. ўзларини кўтариб юбормадиларми иш қилиб?
-Кулманг. Мен кўрпамга қараб оёқ узатаман.
Ҳайит ака билан хотини қўшни икки вилоятдан пойтахтга келиб қолишган. Иккаласи ҳам ўқишга кириш учун тўқимачилик комбинатида ишлаган. ўша ерда танишиб, турмуш қуришган. Икки қизларини тошкентчасига турмушга чиқаришган: хилма-хил саруполар, мебеллар, антиқа совғалар аялмаган. Етти йиллик танаффусдан кейин туғилган Нозимага навбат етганда вазият ўзгариб, орзу- ҳаваслар йўли торайиб кетди. Эр-хотиннинг баҳси кўпинча шунга бориб тақалади.
-Ўз одатимизни қилаверамиз-да, отаси,- деди ниҳоят пастроққа тушиб, Нилуфар хола.- Қалин пули сўрамаймиз. Шунга қараб, мебел ҳам олмаймиз.
-Нозиманг ўксимайдими? Опаларимдан қаерим кам демайдими?
-Деса – дер, илож қанча. Қиз болани ортиқ тутиб бўлмаса… Яна шунақа совчиларга дуч келамизми, йўқми, худо билади.
-Гапинг тўғрию…- Ҳайит ака жимиб, хаёлга толди. Сўнг тўсатдан жонланди.- Нозимани камситиб қўймайлик. Майли, учраштиринглар, боланиям яхшилаб суриштиринглар.
-Бирор нажот йўли топиладиганми, отаси?
-Қарз оламиз. Қишлоқдан, у ёқ-бу ёқдан айланиб келарман балки.
-Ҳа-я, бойвачча оғайнилариз бор. Бир томонни кўтаришса…
Учрашувлар, «ўрганиш»лар масалани тезда бир ёқлик қилди: икки ойдан сўнг тўй. Ҳайит ака вақтни бой бермай ҳам тўйга хабар, ҳам қарз кўтариш илинжида поездга ўтирди. Юртдошлари, қариндош-уруғлари орасида бир неча йил бўлмаган эди, гина-кудуратлар ила қаршилашди. Яна у аниқ сездики, одамлар анча ўзгарган: авваллардагидай эзмаланиб ўтиришлар, чуқурроқ сўрашувлар йўқолгандай. Ҳамма ўзи билан ўзи оворадай. Бекорчихўжалар эса бировга қайрилиб боқишга, сўрашишга эринадигандай. Гўёки бегоналашув жарлиги тобора кенгайиб, чуқурлашиб бораётгандай, йирик-йирик дарз кетишлар рўй бераётгандай.
«Наҳотки яшаш учун кураш кишиларни шунчалар тез ўзгартирипти,- деди ўзига ўзи Ҳайит ака.- Бозор сиёсати шунақа кечармикан, а?»
Иккинчи куни кечқурун ёлғиз қолишганда Ҳайит ака фермер укасига кўнглини ёрди:
-Тайёргарликсиз тўй бошлаб қўйдик, ука.
-Қанақа тўй, ака?- нечундир хавотир аралаш талмовсираб сўради ука.
-Жиянинг Нозимани узатаётибмиз.
-Э, муборак бўлсин! Бўй етиб қолдими, а? Амакилаб, елкамга ёпишарди, қўлтиғидан тутиб, тепага отардим. Яна-яна деб, мени чарчатарди. Худди кечагидай.
-Ҳа, йиллар от чоптириб ўтаёпти. Бормаганинггаям анча бўлди.
-ўзингиз-чи? Эсиздан чиқай депмиз, — ука гинани чўзмай, ўзи қизиққан саволни берди. — Қудалариз ўзимиз томон одамлариданми?
-Ўзимиз тарафдан эмасу…- Ҳайит ака чайналди,- лекин ўзимиздай мусофир, қийинчиликларни бошдан кечирган кишилар…
-Хай, буниси тузук экан. Унда катта тайёргарликнинг нима кераги бор, ака? Аввалги икки жиянда роса шилингансиз. Энди бундай қилманг-да, ака, замонга қараб иш тутинг: юмалоқ-ястиқ қилиб, жўнатинг, юборинг-да.
-ўйлаб гапираёпсанми? Нозиманинг бошқалардан қаери кам?
-Ҳа, энди имкониз бўлса…- ука гапини тугатмай ерга қаради.
-Ферманг мени қувонтирди,- деди Ҳайит ака укасидан дурустроқ таклиф чиқишини кўзлаганча.- Бўрдоқиларинг семиз, сигирларинг гавмиш…
-Э, акажон, буларнинг ҳар бири оламча ташвиш, минг бир ғалва. Ҳали давлатдан олган қарзимдан қутилганим йўқ. Бошқалардан ҳам қарзим бор. Бунинг устига бойваччалар қаторига қўшиб, юлқийдиганлар кўп.
-Ҳм… Сенгаям осон эмас экан.
-Қийин, ака, жуда қийин. Орият деган туйғу бўлмаганда, ташлардим-кетардим. ўзимни савдогами, бошқа ишларгами урардим.
Ҳайит ака ўйлай-ўйлай укасидан қарз сўраб, сухани синишини фаҳмлаб, бу хусусда энди оғиз очмасликни лозим топди. Яхшиси, ҳозир тумандагина эмас, бутун вилоятда тилга тушган, собиқ мактабдоши Ваҳоб Тадбирга йўлиқиш. Пули ачиб-бижғиб ётибди, дейишади. Йўқ демайди, қарзини қистамайди ҳам. Мард одам. Шуни ўйлади-да, Ҳайит ака укасига тасалли бермоқ ниятида:
-Савдоям сен ўйлагандай осон эмас. Ман-ман деган савдогарлар ҳам синиб, бармоқ тишлаб қолаётган эмиш. Фермани ташлама, унда келажак бор,- деди.
Бу маслаҳатда ҳам қандайдир ишора бордай эди.
-Тўғрию…- ука яна нолимоқчи бўлди. Ака эса чўзмай муддаога ўтди:
-Эрталаб машинангда, айтганча, у кўринмаёптими,- ака айвон сари қараганча сўзини давом эттирди,- мени Ваҳоб ошнамникига обориб қўйсанг.
-Яхши ўйлабсиз, ака,- укаси қувончини яширолмади.- Тўйингизни бир томонини кўтариб юбориши ҳеч гап эмас. Менда бўлганида сиздан аярмидим?
-Сендан машина сўрадим, холос.
-Мирзаёр жўрамга айтаман, сизни обориб қўяди.
-Ўзинг-чи? Бирга меҳмон бўлардик.
-Хафа бўлманг, ака, ишим жуда кўп. Ҳозир бориб, Мирзаёрга айтаман.
Акаси оғрингандай бўлганини сезиб, ука:
-Машинани тележкали тракторга алмаштирганимга анча бўлди-ку, ака,- деди.- Эшитмаган экансиз-да.
-Эсиз…
-Ачинмийман. Трактор икки-уч ҳисса кўпроқ ёрдам беради менга. Унда ер ҳайдайман, ем-хашак, ўт-беда ташийман, бозорга қатнайман. Шунда молларнинг нурисини ортиб, сотаман.
-А? — Ҳайит ака укасига ағрайиб қаради.- Молни бў…ни сотасанми?
-Ажабланманг, ака, бу замонда эвини қилсангиз – ҳамма нарса пул. Ҳатто яхши маслаҳат ҳам пулга сотилади…
Ҳайит ака туни билан ўйлаб, ухлолмай чиқди. Антиқа замон, унга қараб ўзгараётган одамлар, мослашолмай довдираб юрган кимсалар ҳақида бош қотирди. Мирзаёр ҳақида ҳам ўйлади. Негадир унинг келишига ишонмади. Машина мойи палон пул, ишдан қолиш… Йўқ, ҳар қалай, Мирзаёр кўп куттирмади: кун кўтарилмасдан дарвоза олдида унинг эски «араваси» «би-бип»лади. Сал ўтмай, Мирзаёрнинг очиқ чеҳрали, ғўла қиёфаси Акахон рўпарасида пайдо бўлди:
-Тайёрмисиз, ака?- сўрашувдан сўнг суриштирди у.
-Тайёрману аммо сизни овора қилаётганимдан хижолат чекиб турибман.
-Хижолат чекманг, ака, қандай бўлиб, ишингиз тушибди, худога шукур, имкон бор экан, тайсалласак, уят бўлади.
-Раҳмат, ғилдирагингиз доимо айланиб турсин.
Мирзаёр жилмайиб қўйди.
-Ҳалям дурадгорлик қиляпсизми?- анча йўл босганларидан сўнг ҳайдовчидан сўради Ҳайит ака.
-Баъзан-баъзан, буюртма чиқиб қолганларда бораман.
-Ишқилиб, тирикчилик юкини тортадими?
Мирзаёр бир нафас сукут сақлади. Сўнг тортинганнамо оҳангда:
-Сиздан яширадиган сир йўқ, ака,- дея Ҳайит акага қараб олди.- Асосий юкимизни мана шу қирчанғи тортиб турибди. Худога шукур, нолимийман, бизани шу боқаёпти.
Бунақа гаплар Ҳайит ака учун янгилик эмас. Рости, ҳозир ҳамма ёқда киракашлар тиқилиб ётибди: исталган вақтда исталган тарафга улов топилади. Жуда қиммат ҳам сўрашмайди – рақобат ҳукмрон. Мирзаёр ҳам шундайлардан бири-да.
-Ҳаракатда баракат бор деганлар,- Ҳайит ака Мирзаёрни рағбатлантирди.-Бунинг уятли жойи йўқ. Энди, укажон, агар ошнамни топсам, мени қолдириб қайтасиз. Агар олисроққа кетган бўлса, бирга қайтамиз.
-У киши беҳудага бир қадам ҳам силжимайдилар. Ҳамма ишни ўтирган ерларида, тилпонда бошқарадилар.
-Тўғри, ошнам вақтнинг қадрига етади. Тўғри қилади.
Ҳайит ака икки ошиёнли, ҳашаматли, ғиштин бино ўртасида ўрнатилган нақшли дарвоза ёнида машинадан тушди. Шу заҳоти ичкаридан қоп-қора бир йигит қўл қовуштириб чиқди.
-Хўжайин бормилар?- Мирзаёр удан сўради.
-Ҳокимиятга кетувдила. Ярим соатда қайтсалар керак,- йигит гапирган кўйи меҳмон билан кўришди.- Ичкари киринг, тоға. Мен сизни танидим.
-Шунақами? Раҳмат! — Ҳайит ака йигитнинг елкасига қўл уриб қўйди-да, ортига қайтиб, машина тумшуғида ўралашган Мирзаёрнинг кўйлак чўнтагига иккита икки юз сўмлик яп-янги пулни тиқиб қўйди.- Раҳмат сизга!
Мирзаёр чўғдай қизарганча Ҳайит аканинг билагидан шошқин тутди-да, ҳалиги пулни йўловчисининг костюми киссасига қайта соларкан:
-Ҳали одамгарчиликни йўқотганимиз йўқ, ака,- деди.- Одамни уялтирманг.
-Рўзғордор одамсиз. Мен чин кўнглимдан чиқардим буни.
-Хаёлизгаям келтирманг,- Мирзаёр ортига тез бурилиб, машинага ўтирди.-Қачон келай, ака?
Ҳайит ака нечундир каловланиб, қора йигитга бирров назар солди. Буни ўзича тушунган йигит:
-Меҳмон энди устоз ихтиёрларида, — дея кулимсиради.
Ҳайит ака ошнасининг янги ҳовлисига аввал келмаган эди. Хизаткорнинг қистовига қарамай, уйга кирмай у билан биргаликда ҳовлини, ажиб ва шинам боғни кўздан кечирди. Тадбиркор ошнасининг дадиллигига, дидию фаросатига қойил қолди. Дарвозадан кираверишдаги хилма-хил гуллар камалаги ташриф буюргувчида гуллар пешвоз чиқаётгандай таассурот уйғотади.
Ташқарида машина товуши ҳамда Ваҳоб Тадбирнинг кимгадир топшириқ берган овози эшитилди. Кўп ўтмай, енги калта, яп-янги, зарғалдоқ шойи кўйлак, бошига сомон шляпа кийган, олтмиш ёшлар кўринишидаги чўзинчоқ юзли, буғдой ранг Ваҳоб Тадбирнинг таниш сиймоси кўриндию Ҳайит ака беихтиёр олдинга интилди.
-Э, келинг, келинг, Ҳайитвой ака,- Тадбиркор қадамини тезлатиб, меҳмонга пешвоз юрди. Гарчи, меҳмон ёшроқ эса-да, ўзи ҳурматлайдиган кимсаларни бу одам «ака» сифати билан чақиришга одатланган.- Кўринмай кетдингиз?
Иккала ошна қучоқлашиб кўришдилар. Дарҳол меҳмон кутиладиган узунчоқ, айни пайтда кенггина, баланд, нақшинкор хонага кирдилар. Устол усти аллақачон турфа меваларга, маъдан сувлару ширинликларга тўлатиб ташланган эди. Ҳа демай, идишларда сузма, салатлар, кўкату суюқ овқатлар бирин-кетин кела бошлади.
-Хўш, Ҳайитвой ака, юзта-юзта қиламизми?
-ўзингиз-чи?- кулиб сўради меҳмон. Чунки у ошнасининг ичкиликка хуши йўқлигини яхши биларди.
-Меҳмон бўлиб келибсиз, ичмасак бўлмас,- кўзини қисиб деди мезбон.
Ваҳоб Тадбирнинг ичиш усули меҳмонга сир эмас: алёрлар айтилади, қадаҳлар тўқнашади, меҳмонга аввал ичказилади, сўнг бу одам қадаҳни лабига теккизиб, бирор идиш панасига қўяди.
-Биз ҳам ичишни ташлаганмиз, ака,- деди дангал Ҳайит ака.
-Йўғ-э, ҳазиллашманг,- мезбон «Тошкент оқшоми» деган ажиб суратли шишани очишга уринди.- Битта оласиз энди.
-Йў-йўқ, рости, Ваҳобжон ака,- меҳмон шишага тармашди.- Анча бўлди, ичмаяпман. Бас-да энди шунча гуноҳларга ботганимиз. Гаплашиб ўтирайлик.
Фикр маъқул тушди. Суҳбат қизиди. Уй эгаси улардан хабар олиб турган хизматкор орқали ҳар хил кўрсатмалар берди, ўзи билан олиб юрадиган жажжи, ҳозиржавоб аппаратдан кимларгадир жавоблар қайтарди.
Ниҳоят меҳмонни илҳақ этган муддаога ўтиш мавруди ҳам етди:
-Кенжа қизимизни узатаёпмиз, ака. Сизни тўйга айтгани келдим.
-Тўй қачон?
-Августнинг охирги шанбасида. Наҳорга ош беришни мўлжаллаяпман.
-Яхши, муборак бўлсин! Ҳали вақт кўп экан, насиб қилса, борармиз.
-Сиз бормасангиз бўлмайди, ака.
-Худо хоҳласа, борамиз.
-Шу, денг, ака,- меҳмон тортинганча мулозаматни узоқдан бошлади,- аввалги икки қизимизга бор орзу-ҳавасни қилган эканмиз, бор-йўқ бисотни ишлатибмиз.
Ваҳоб Тадбир сезгир одам, гап пайновини илғаб:
-У даврлар ўтди,- деди кулганча.- Ҳар ким ўз кўмачини ўзи ичади. Отанг бозор, онанг бозор дейдилар.
-Тўғрию… шу келиниз…- меҳмон чайналди.
-Биламан, Тошканда қиз чиқариш қурсин. Эшитганман: тошканлик уч қиз чиқарса, сўроқсиз жаннатга кирармиш.
-Камина ҳам тошканлик бўлмасак-да, жаннатга номзодмиз,- синиқ кулди у.
Ваҳоб Тадбир тишининг оқини кўрсатди ва:
-Эслатмабсиз-да, шу ёқдан тузукроқ қуда топардик,- деди ҳазиллашиб.
-Ўшанда ҳам қараб ўтирармидик. ўрганган кўнгил деймизми, тарки одат амри маҳол деймизми…
-Хўш, нима қилмоқчисиз?
-Сизга юкиниб келдим, ака.
-Хаа…- тадбиркор ўйланиб қолди.- Кўки билан ҳисоблаганда сизга бирор минг керак-да.
Ҳайит ака пул ҳамёнга нақд кирган каби қувониб кетди.
-Топдингиз, ака, яшанг! — деб юборди беихтиёр у.- Бир йилда қарзни узаман.
-Ҳайитвой ака, гап бундай,- мезбон гапни чўзгиси келмади.- Тўғри, бундай қараганда – бойман. Рости ҳам шундай. Катта боғим, чорвоғим бор, чорвам бор. Пахтам ҳам бор. Ҳар йили ипак қурти боқаман.
-Бундан-да зиёда бўлинг, ака.
-Лекин қарз беролмийман-да.
-Нега?- анқайди меҳмон. Гўё у чанқоқ эдию косадаги муздай обиҳаётга қўл чўзганида бармоқлари титраб, қалтираб, коса ағанади, сув тўкилди.- Ишонмайсизми? Ҳиссасини чиқариб…
-Ундай деманг, мен фоиз оладиган судхўр эмасман. Аммо бирор кимсага ҳам қарз бермасликка қасам ичганман.
-Қасам?- бу сўз лаънат ёпишган косани энди чил-чил синдирдию ичидаги сўнгги томчилар ҳам сочилиб кетди.
-Хафа бўлмайсиз, ака, шундай қасам ичишга ҳаёт мажбур қилди.
-Хаа…
-Бировга қарз берасизки, ҳожатини чиқарсин, ишини битирсин, ўзини ўнгласин, дейсиз. Лекин яхшилик баъзан ёмонликка айланиб кетади.
-Ҳар хил одамлар бор,- минғирлади меҳмон.
-Икки яқин одамим панд берди менга. Танийсиз. Кимлигини айтмийман.
-Қарз сўрашувдими?
-Биттаси уч минг, иккинчиси беш минг кўкидан олувди. Икковиям бир ойда қайтаришга сўз берувди. Мана, икки йилдан ошдики, мени кўрса, ўзини панага уради, мен бор ердан қочишади. Худди мен Азроил улар учун.
-Қизиқ,- дея Ҳайит ака ўша одамларнинг аҳволини кўз олдига келтирди.- Хатога йўл қўйиб, пулдан ажралишгандиру энди хижолат чекишаётгандир балки.
Ваҳоб Тадбирга бу мулоҳаза ёқмади чоғи, пешонаси тиришди. Сўнг:
-Ҳеч бўлмаганда олдимдан ўтиши, салом-аликни йўқотмаслиги мумкинмиди? Хуллас, ҳам икки яқин одамимдан, ҳам бойлигимдан айрилдим,- деди.- Энди тўй масаласи…- у бош қашиди,- тўйга бораман. Аммо қарз бермийман. Ортиқча пулим ҳам йўқ. Қирқ-эллик одам ишлатаман. Уларнинг тирикчилиги – зиммамда. Бошқа хўжаликларда одамлар йиллаб иш ҳақи ололмаётган ҳолда мен хизматчиларим билан ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб бораман.
-Сизни биламан-ку, бу борада тенгиз йўқ…
-Тўйга мева-чева, эллик-олтмиш минг сўм тўяна билан борарман.
-Шунисигаям раҳмат, ака… Бошқа бировдан қарз кўтарарман.
Ваҳоб Тадбир ошнасига ғалати қаради: «Қулоғингга тамбур чертдимми, ошна? Менданки бир нима чиқмагач, сенга ким шунча миқдорда қарз беради?»
ўтиришнинг ҳам, суҳбатнинг ҳам қўри ўчди. Ҳайит ака энди бу ерда ортиқча қолишни эп билмади, кетишга изн сўради. Тадбиркорнинг иши ошиб-тошиб ётарди, эътироз билдирмади:
-Биламан, сизга ҳозир қийин: иш кўп; чоп-чоп. Бу кеча қолсангиз бўларди, аммо аҳволизни кўриб турибман. Кўпам эзилманг, тўй ўтади-кетади, соғлиқ керак.
-Раҳмат…- бўшашибгина хайрлашди меҳмон.
Икки кун ичида Ҳайит ака яна икки бойвачча ошнасининг олдидан ўтди. Бироқ улардан ҳам тайинли ваъда олмагач, тушкинликка тушиб, ғарибона кайфиятда уйига қайтди. Унинг афт-ангорию ҳолатини кўриб, хотини ҳам, қизи ҳам вазиятни тушинишди. Шу боис қарз-қурз хусусида гап очилмади.
«Бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури», деб индамай бош эгиб ўтиришдан ўзга чора қолмади», дея у ўзига тасалли берди пойтахтлик танишларидан ҳам натижа чиқмагач.- Бир ҳисобда шунисиям маъқулдир. Қарздан қутилиш дардиям бор-ку ахир. Майли, Нозима таъналарга чидар… Эҳ…»
Аммо шу орада кутилмаган тарафдан офтоб чиқиб, совуқ танага гўё оташ пуркади. Худо кўнглига солдими, Ҳайит аканинг қийналиб юрганини орқаворотдан эшитдими, қуда бўлмиш эр-хотин фавқулодда сим қоқишдию сал ўтмай уларнинг ўзлари ҳам ташриф буюришди.
-Аввало, қудажон,- дея сўз бошлади эркак қуда бир оз ўтиришганидан кейин,- мен бошда айтдим: мебел-себеллар, у-булар керак эмас, дедим.
-Ҳа, айтдиз,- деди Ҳайит ака шуурсиз овозда.- ўзи шунақа замон келди.
-Лекин сезиб юрибман: орзу-ҳавас ҳаракатидасиз. Эл олдида…
-Ҳа, албатта, орзусиз одам борми?
-Орзунгизни бемалол амалга ошираверинг, қудажон. Мен қарз бериб тураман.
-Қандай бўларкин?- Қизаринқиради Ҳайит ака.
-Сизга қанча керак ўзи?
-Э, сўраманг,- Ҳайит ака рақамни айтишга ботинолмай ерга қаради.- ўзи тўйга тайёргарлигимиз йўғиди-да.
-И-ҳм…- ўйланди қуда.- Икки минг билан битадими ишингиз?
-Қанийди! – Деб юборди уй эгаси беихтиёр.
Қуда тайёрлаб келган экан чоғи, оппоққина, юпқагина костюмининг ички чўнтагидан йигирмата 1ОО рақами ёзилган суратли, кўкиш қоғозни олиб, Ҳайит аканинг рўпарасига қўйди:
-Ана, олинг, тортинмай ишлатаверинг. Фақат сифати паст нарса олакўрманг. Етишмаса, яна бераман. Қиммат бўлсаям асл нарса яхши-да, қудажон.
-Э, одамни уялтирдиз…- чўғдай қизарди Ҳайит ака.
-Уялманг, қудажон, қаддизни асло букманг. Энди биз қариндошмиз. Қўйнидан тўкилса, қўнжига дебдурлар. Хўп, бизга рухсат,- қуда қўзғалди.
-Йў-йўқ, овқат қиляпти қудангиз.
-Овқат қилганларига қўймадим,- дея ичкари кирди аёл қуда.- Вақтимиз зиқ, қудажон.
Меҳмонларни пастгача кузатиб қайтаркан, Ҳайит ака хотинига:
-Худо қизимизнинг бахтини берганга ўхшайди,- деди.
-Айтганиз келсин, отаси,- дея онаизор ҳам қувончини яширолмади.
Чиндан-да, ота-онаю қизнинг ҳам орзуси ушалди. Нозиманинг егани олдида, емагани орқасида: бунақа кийинишларни ҳатто опалари ҳам тушларида кўрмаганлар; дорилфунунга аввалгидай автобусларда эмас, куёв боланинг сақичдай қоп-қора «Мерседес»ида қатнайди.
Вақт дарёси эса шиддатли оқар, ҳафталару ойларни қаритарди. Ҳа демай, Нозима ҳомиладор бўлиб, ҳаммани қувонтирди. Лекин ҳаёт фақат қувончлардан иборат эмас. Нозиманинг ота уйига навбатдаги ташрифи чоғида Хайит ака буни яққол ҳис этди. У қизини паришонроқ ҳолда кўриб, ҳол сўради:
-Ҳа, қизим, нима бўлди? Тобинг йўққа ўхшайдими?
-Йўғ-э, тузукман…- Нозима секин хўрсинди.
-Ёқубжонни ишлари жойидами?- Хавотирланиб сўради онаси.
-Билмасам, ишлари чатоқроқ чоғи. Чет элда ёмон тушганлар. Кўп нарсалардан айрилибмиз…
-А-ҳа…- юраги зирқирагандай бўлди Ҳайит аканинг. Кўз ўнгидан саккиз ой муқаддам рўпарасига қўйилган кўк қоғозлар ғириллаб ўтди. Ажабо, эсидан чиққанмиди? Сираям-да. Лекин уни қайтариш йўлларини ўйлаб кўрмаган экан. Худдики, йўллар беркдай кўринган.- Қарзни сўрашмадими ишқилиб?
-Йўўқ,- қиз отасини аяшга уринди: ўтган гап-сўзни силлиқроқ тушунтирди гўё.- Фақат қайнанам: «Қудамларни ишлари юришаёптими?», деб сўрадилар.
-Ҳа, ана, ҳаракатларингни қилинглар, дебдилар-да,- деди Нилуфар хола аччиғланиб.- Уялмай-нетмай… Ахир ҳаммаси ўзларига сарфланди-ку!
-Ундай дема,- эри унинг сўзини кесди.- Биз қарз олганмиз, қарз!
-Жа зор қолишмагандир, шошилтирмасалар ҳам бўларди.
-Шошилтиришгани йўқ, ойи,- деди Нозима оқаринқираб.
-Эслатганлари яхши бўлибди,- дея Ҳайит ака ўрнидан турди. Пастга тушиб, атрофни кезди. Оёқлари аранг кўтарилиб, оғир тушар, навбатдаги кўтарилишда ер гўёки ўзига қараб тортар – эгасининг елкасидаги зилдай юк уни қапиштирмоқчига ўхшарди. Шу боис Ҳайит ака кўп юролмай, юраги сиқилиб, тез қайтди. Қизи отаси билан хайрлашмай кетгани учун узр сўрабди.
-Қарздан тезроқ қутилиш керак, хотин,- деди Ҳайит ака хонтахта рўпарасига оғир чўкиб.- Қарздорлик ёмон: одамни тили қисиқ, бошни эгик қилади.
-Озмунча бўлмаса бу сабил… Нима қиламиз?
-Ўйладим: жума куни маош билан бирга нафақани оламан.
-ўйлаб гапиробсизми, отаси? Иккаласи йигирма дўллиргаям етмайди-ку?
-Қирққа яқин боради. Уч ойлик маош ҳам бор. Ҳар қалай…
-Хўп?..- Синиқ, ажабтавур кулди хотин.
-Умримда қилмаган ишни қилишга мажбурман.
Аёл кўзларини жавдиратиб, эрига қаради: «Нима қиласиз?»
-Бор пулга хом писта келтираман, қовуриб берасан. Яна қурут-пурут, сақич дегандай. Яқинимизда мактаб, боқча бор. Болалар буларга ўч.
-Вой ўлмасам, ҳазиллашобсизми?
-Ҳазил кўнгилга сиғадими, хотин? Ишдан қайтгунимча ўзинг эплаб турасан… Сарёғ, шакар ейишни ҳозирча тўхтатайлик. Қарздормиз-а… Уят — ўлимдан ёмон…
Орадан бир ҳафтача вақт ўтиб, писта сотувчилар сафига янги рақиб қўшилди.
ҚЎРИҚЧИ
Автобусдан тушгач, юзимга енгил, салқингина шабада тегиб, руҳимда ҳузурбахш кўтаринкилик ҳис этдим. Ҳа-да, жазирама иссиқ, шаҳарнинг алламбалолар аралашган ёқимсиз ҳавоси, шовқин-суронлар ортда қолди. Яна ярим чақиримча йўл боссам, сўлимгина дала-ҳовлимга етаман. Қорамни узоқдан кўришлари ҳамон невараларим чуғурлашиб, мен томон чопқиллашади, қўлимдаги юкларимни олишиб, ҳар хил саволларга кўмганча пилдираб, боболарини олға етаклайдилар. Улар қадрдон қудаларим — она жиҳатдан боболари ҳамда бувилари билан бирга ҳордиқ чиқаришяпти. Қудаларимга хизмат қилиш учун келиним бўлмиш ўз қизларини ҳамда невараларимни юборганимга бир ҳафтадан ошган. Улар ҳолидан хабар олиш учун мўлжалдан эртароқ йўлга тушган эдим. Ҳа демай, салқингина хонада, лаззатли таом рўпарасида қудажонлар билан дилкаш суҳбат қураман.
Дала-ҳовлимиз йўлига бурилишим билан, қаёқдан чиққанини пайқамай қолдим, қаршимда таниш ит — ўзи бир оз кичикроғу оламни бузгудай шовқинчи, чаққон, уст томони жигаррангроқ маллатоб, қўлтиқлари, қорни оппоқ — Оқтош пайдо бўлди. Икки қадамча нарида тўхтаб, қийшанглаб, думини ўйнатиб, гўёки мени кутиб олди.
-Ҳа, Оқтош, нима қилиб тентираб юрибсан? Зерикиб қолдингми?- дея сўзлана-сўзлана, итга унча эътибор бермай йўлимда давом этдим. У менга эргашиб келаверди.
-Эркинни кутяпсанми, Оқтош?- деб ундан сўрадим. У эса тўхтаб, ортига термулди. — Ҳм, соғинибсан, а? Кечқурун келиб қолар. Балки сафардадир.
Одатда Эркин Маликов пайшанба кечқурунлари дала ҳовлисига ташриф буюради. “Ғунча” ойномасининг бош муҳаррири бўлганлиги, иш кўлами унинг учун айтарли катта бўлмагани боис ишларини тезроқ саранжом -саришта қилади-да, соғинч ила қадрдон гўша — Бўстонлиққа отланади. У “Ёзувчи” дала боғ ширкатимизнинг энг фаол аъзоларидан бири: ҳаммадан кўра бу ерларга унинг меҳри кўпроқ тушган каби у дала ҳовлини ҳаётининг бир бўлаги ҳисоблайди…
Шундай хаёллар ичра дала-ҳовлига яқинлашиб борар эканман, невараларим эшитсин учун атайлаб йўталиб қўяман. Лекин не ажабки, мени ҳеч ким эшитмаяпти, овозимдан болаларнинг қувончи янграмаяпти. Наҳотки, ҳаммалари тушлик қилиб, уйқуга киришган. Дарвоза ҳам ёпиқ. Ие, ана, унда ўзимга таниш, каттакон қулф осиғлиқ турибди. Қизиқ, бу пайтда қаёққа кетишлари мумкин? Айни пешин чоғи, жазирамада Чорвоқ шаҳарчасига боришларини ақлимга сиғдиролмайман. Уйга қайтиб кетишлари ҳам мумкин эмас. Чунки, мўлжал бўйича яна бир ҳафта дам олишлари кўзда тутилган. Энди ичкарига қандай кираман? Меҳмонлар борлигини ҳисобга олиб, қўшимча калидлар олмаган эдим.
Дарвоза ёнида бошим қотиб, тўхтаб қолдим. Бошимдан, юзларимдан терлар селдай оқаяпти. Қорин оч — силла қуригандай.
У ён-бу ён аланглайман: на бирор ерга илинган калид, на бирор жонзод кўринади. Наҳотки орқага қайтишга мажбур бўламан. Бунинг ҳам иложи йўқ: кечқурун завжамиз келиши зарур. Аммо у хам вазиятдан огоҳ эмас, ишхонасидан тўғри шу ёққа йўл олади. Қулфни бузсам- чи?.. Ахир бугун улардан хабар олишимни келиним яхши билар эди-ку?.. Ёки бирор ҳодиса…
Шундай ўй кўнглимдан ўтиши ҳамон юрагим орқамга тортиб кетдию жон ҳолатда дарвозага тармашдим: юкларни қолдириб, темир тўсиқдан шиддатли ошиб ўтганимни, бунга қандай куч топганимни кейинроқ эслаб, ўзим ҳам ҳайратга тушдим. Бироқ, ичкарида ҳам бирор белги – на хат ёки на калиддан дарак бор. Балки ҳаммалари гашт қилиб, қимиз ичишга кетишгану ҳали замон келиб қолишармикан? Нима бўлганда ҳам кутишдан бўлак чора йўқ.
Ён қўшнимнинг моллар дастидан майишиб-эгилибётган сим тўри устидан ўтиб, юкларимни олдиму изимга қайтдим. Ўтган ҳафтада қўшни ерига яқинлашиш амри маҳол эди. Ўт-ўланлар одам бўйи ўсиб, ичкарига кириб бўлмасди. Афтидан, қоровул кечагина пичан ўрган, атроф-теварак очилган – бинойидай дала-ҳовли тусига кирган эди. Аммо бир неча йилдан бери чала ётган иморат иккала қўшни орасида атласга тушган бўз ямоқ каби ғашга тегарди. Ер тўласи ва унинг атрофи ҳар хил жониворларга, илон-чаёнларга ошиён бўлганча мункайиб, мунғайиб ётар эди.
Ўчоқ бошидаги узун курсини кўтариб келиб, салқин томондаги хонам қаршисига, яқиндагина ҳосилдан бўшаган оқ ўрик дарахти тагига ўрнатдим. Йўлдан ўтадиган, дарвозага яқинлашган ҳар кимса бу ердан яққол кўзга ташланади. Ўнг ёнимгина ёқимсизроқ – ҳали тўсиқ ўрнатмаганимиз шоирнинг бедаво “кошонаси”.
Узун курсида пича ўтиргач, қорин ғамини ҳал этишга киришдим. Ерда алвон рангда пишиб ётган, гўштдор иккита йирик помидор узиб чиққач, халтадан битта тандир нон олдим. Уларни паққос туширгач, бўшашдим, уйқу элита бошлади. Э-сиз-а, уй очиқ бўлганида салқин хонага кириб, чўлилардиму оламни унутардим.
Уйқу босиб келган чоғда ўрин танламас экансиз: тиззамдан пастини ерга узатиб, узун курсига чўзилдим. Чап билагим бошимга ёстиқ. Қаттиқ курси-тахтада ухлашни хаёлимгаям келтирганим йўқ. Бироқ уйқунинг ўзи ўрин танлабди-да, ўша заҳоти ажиб манзаралар ичра сайрга тушибман. Салқин чўққи сари кўтарилиб боряпман. Сочларимни майин шабада сийпалайди. Бир маҳал рўпарамда каттакон, ёввойи итмией, бўримией, пайдо бўлдию тишларини такиллатиб, кўзларини ўқрайтирди. Менга ташлангудай важоҳати бор: “шип-шип” одимлаганча ўлжасига яқинлашяпти…
…”Шип-шип”, “шитир-шитир”… “вов…вувв…”
Юрагим гурссиллаб, тез урар, нафас олишга қўрқар – на ортга қочиш, на биқинга юриш имконим бор эди. Дод солишга эса овоз чиқмайди.
-“Вов-вувв…” “шитир-шитир…”
Жон ҳолатда ортга ўгирилдиму жарликка кўзим тушди: тамом, ҳаммаси тамом…
-Вов-вуу… вов-вов…
Беихтиёр кўзларим очилиб кетди – хайрият туш экан. Тепамда ўрик дарахтининг кўм-кўк барглари – қилт этмайди. Дафъатан қаерда ётганимни илғай олмадим. Бошимни чап ёнга бурдим.
Бурдиму капалагим учиб, қотдим-қолдим.
-Вов-вувв…
Мендан атига беш қадамча нарида ҳалигина ўзимга эргашган, кейин қаёққадир йўқолган Оқтош нима қиларини билмагандай довдираб келяпти, гоҳо ириллаяпти. Қаршисида эса бирор қулочга чўзилган, бошини адл кўтариб, ўрмалаб, мен томон интилаётган улкан ИЛОН! Бутун вужудим жимирлаганча, бир амаллаб қаддимни кўтардим. Ёнимда уни даф этадиган на бирор қурол, на бирор йиринроқ чўп бор. Қочиш… қочишга улгуриш…
Миямда бўртган ўй фақат шу бўлдию дарҳол қўзғалдим. Во ажаб, кутилмаганда илон йўлини ўзгартирди – ўнг ёқдаги ҳандаққа – ўт-ўланлар орасига бурилди. У ер бир вақтлар лой ҳандақ эди. Энди баъзан гўнгхона вазифасини ўтайди. Сув қўйилмагани боис ўт-уланлар қуриб, қовжираб ётар эди. Ҳозир ўшалар жонимга оро кирди. Эҳтимол, қўзғалганимдан илон чўчиб, шаштидан тушгандир. Оқтош эса ўз ишини адо этиб бўлган каби таққа тўхтаб, сарғимтил кўзларини менга тикиб, думини ювошгина ликиллатди. Бу – ўзи кичикроғу ваҳимаси оламни тутгудай тўполончи, усти оч қизғиш-маллатоб, қўлтиғию қорни оппоқ — дала-ҳовли эгалари учун анча қадрдон ит. Ҳамма уни Эркиннинг ити – Оқтош деб чақиришади. Ширкатимиз раиси Дадахон Нурий ҳазиллашиб: “Колхозимиз ити” дейди. Кўпчилик эса Эркин Маликнинг эркаси дея эътироф этишади. Унинг қаёқдан пайдо бўлганини ҳеч ким билмайди. Эркиннинг ўзи: “Шу атрофда кимникидир бўлган, у кўчиб кетганда ити қолиб кетган. Лекин жуда ақилли, ўта сезгир, буни Оллоҳ-таоло бизга етказган”, дея итнинг бошини сийпалайди, “Оқтоош”, деб эркалайди. Ит эса чалқанча ётганча оёқларини кўтариб, эркалатувчини ўйинга чорлайди. Шу топда йўлдан бирор мол ё жинсдоши ўтиб қолса, Оқтош ўрнидан сакраб турадию вовуллаганча, бегона келгиндини қувишга уринади, қулоқни қоматга келтириб, жар солади. Хусусан, тунда унга бас келиш қийин. Қайси хонадонда қўноқ бўлса, ўша атрофни бекаму кўст қўриқлайди, хонадон эгаларини эркаланиб кутиб олади, орқасидан лўкиллаб юриб, маъюс кузатади.
Оқтошга менинг ишим тушмаган. Ҳовлимизга келганида овқат қолдиқларини ёхуд нон бўлакларини дарвозадан ташқарига чиқариб, унга берганмиз. Ҳақини олиб ёки олмай – индамай йўлига кетган. Ўзим табиатан итларни унчалик ҳам хуш кўрмайман, яқинимга йўлашини, ёпишиб, эркаланишини жиним суймайди. Тунги акиллашларига сира тоқатим йўқ. Умуман олганда, бу жониворларга муносабатим салбий эмас: фильмларда, кишиларнинг сўзларида зийрак, садоқатли итларни кўриб ё эшитиб, лол қоламан, унга эътиборим кучаяди. Аммо одам билан жуда яқинлашувини, бирга ўтириб, овқатланишини, ҳатто бир уйда ётишини аклимга сиғдиролмайман. Бунга эҳтимол болалигимизда олган тарбиялар таъсир этгандир. Тўғри, бизнинг ҳам каттакон Олапар, Қоравой деган итларимиз бўларди. Бироқ уларни хонага, дастурхонга яқинлаштирмас эдик. Отам: “Итнинг нафаси ёмон. Дастурхондан камида қирқ қадам нарида бўлгани маъқул”, дер эдилар. Умуман, ит-мушукларнинг емакхонаю дастурхон яқинида қараб туришини жуда ёмон кўрардилар, “овқатга суқи киради”, деб ҳисоблардилар. Шу боис ҳам уларнинг қорнини аввалдан тўйғазиб қўйишни талаб қилардилар. Бу талабдан келиб чиқиб, оила аъзолари – ҳаммамиз ит ҳидлаган, мушук ва сичқон теккан идишни етти мартагача кул билан ювишга одатланган эдик. Уйимизда сақланадиган иту мушуклар афтидан бизни тушунарди, шекилли, гўёки одоб доирасидан чиқмасди: кўп ҳам эркаланавермас, ўчоқбошига пашшахўрда бўлавермасди.
Шундай тарбия кўрганимиз сабабли еб ўтирган нонимизга бирор иттикилиб қараса, “суқи кирди, энди еб бўлмайди,” деб насибамизни ҳам унг ирғитардик. Бу борада Оқтош айнан бизбоп, худди рисоладаги каби ўз ўрнини биладиган итга ўхшарди. Лекин унинг кўп хислатларини ҳали унчалик билмас, шу боис уни ўзимга яқин келтирмас эдим. Ҳозирги ажиб иши эса мени батамом лол этган, яхшилиги эвазига уни қандай тақдирлаш лозимлиги ҳақида бош қотирардим. Рости, ёнига бориб, эркалатишни, ўйнатишни, қорнини яхшилаб тўйғазишни истар эдим. Эҳтимол шу хоҳиш таъсирида:
-Оқтош, сенга раҳмат! – деб юбордим ва халтадан битта тандир нонни олиб, тўртга бўлдим-да, дарвоза биқинида доимо турадиган, ортиқча овқатлар солиб қўйиладиган жом томон бордим. Оқтош эркаланганча менга яқинлашди. Бироқ, қўлимдаги нонга талпинмади, қувонган каби думини ликиллатиб, ўйноқлади. Нонни жом ичига аста қўйдим ва:
-Ол, е, Оқтош, — дея биринчи маротаба унинг елкасини сийпаладим. — Сен мукофотга лойиқсан.
Оқтош нонга қарамади, аксинча, мен билан ўйнашгиси келиб, оёғим тагига чадқанча ётдию оёқларини кўтарди, олдинги иккитасини мен томон чўзди. Бироқ табиатимга кўра мен қўлларидан тутиб, ўйнамадим-да:
-Ҳа, нон емайсанми? Қорнинг тўқми? – дея қад ростладим. –
Бу саволимга жавобан ит Эркин Маликовнинг дала¬-ҳовлисига қараб, қулоқларини динг қилди. Ҳеч қандай шарпа кўрмагач, яна менга тикилди.
-Сенга у зўр овқатлар бериб ўргатган-да, — дедим асосий эгаси ҳисобланмиш касбдошимни, унинг тантиликларини эслаб. Дарҳақиқат, Эркин жуда раҳмдил, эринмайдиган, ишчан одам. Шу жонивор оч қолмадимикан, деган андишада қиш кунларида ҳам ундан хабар олиб кетади, овқатлантиради, яна заҳирага ул-буллар қолдиради. Оқтошнинг нонга интилмагани, бир ҳидлаб, тисарилгани Эркиннинг шу атрофда эканидан ёхуд яқин орада келиб, кетганидан дарак берар эди.
-Оқтош, ҳозирча нонни еб тур, кечқурун сенга овқат бераман, гўштли овқат, — дедим. Гапимни тушуниб, ит ўрнидан турди-да, нон бўлакларидан аввал иккитасини, сўнг қолганини тишлаганча нарироққа кўтариб кетди, қўшни еридаги хас-хашаклар панасидан тирноқлари билан чуқурча қазди, сўнг нон бўлакларини унга жойладию устидан тупроқ тортди ва симтўр тагидаги тешикдан ўтганча эгасининг уйи томонга жўнади.
-Баъзи одамлардан ақилли-я! – деб юбордим беихтиёр. – Инсофли ҳам. Нонни нобуд қилгиси келмай, заҳирага қўйди. Оч қолганида келиб, еса керак. Аввалги эгалари ўргатгандир-да…
Изимга қайтар эканман, ўнг ёқдаги хандакка, ичидаги қовжироқ ўт-ўланга кўзим тушдию яна сесканиб кетдим: наҳотки ҳалиги илон шу ерда пойлаб ётибди? Битта-яримтага ҳужум қилиб қолса-я? Қўшни еридаги пичан ўрилганда илонлар бу ёққа кўчдимикан? Қудалару келинимиз улардан битта-яримтасини кўрган бўлсалар, қочиб қолишдимикан? Агар шу сабаб бўйича кетишган бўлса, жўяли деб ҳисоблаш мумкиндир. Ахир невараларимиз билиб-билмай бирорта газандани босиб ёки ушлаб олишса… бутун вужудим музлаган янглиғ қотиб, хандакка тикилиб қолдим.
Айни шу топда яна хаёлимни Оқтош эгаллади: “Қизиқ, хавфни у қандай сездийкан? Мени хабардор қилиш учун атайлаб келганга ўхшайди. Боз устига, тушимда аён бўлгани-чи?.. Оқтош бўлмаганда ерга узатилган оёғимдан, шим ичидан ичкари кирардию…” — бу тасаввурдан жон-поним чиқиб, беихтиёр шимим барини силкитдим. Сўнг нарироқда турган узун ва йўғонроқ чўпни олдим-да, ўзимни олисроқда тутиб, қовжироқ ўт-ўланларни ёғоч ила у ён-бу ён силкитдим. Бутун вужудим жимирлаганча хашаклар атрофидан кўз-қулоқ бўлдим. Кўриниб қолса, нима қиларимни ўйлаб ҳам ўтирганим йўқ. Ўлдириш ниятидан эса батамом йироқман. Бунга иккита асосим бор. Аввало, зарарлими, фойдалими, бирор нимани ўлдириш, қонини тўкиш табиатимга мутлақо зид. Бир марта каламушни ўлдириб, кўп вақтларга қадар ўзимдан-ўзим ижирғаниб, нафратланиб юрганман. Кейин илонни ўлдирсанг, унинг шериги – жуфти ўзингдан ёхуд яқин одамингдан ўч олармиш, деган гаплар миямга синггиб қолган. Шу боис бундан икки йилча олдин шу, ёндаги хонамизда бир илонни кўрганимизда ғалати воқеа юз берган.
Ўшанда уйлар ҳали чалароқ битказилган, поли йўқ, ҳаво кириши мўлжалланган тешиклар очиқ, шундай эса-да, зарурат туфайли хонага иккита темир каравот қўйиб, ётиб юрардик. Ўша йили ҳам ҳаво ниҳоятда иссиқ келган, шаҳарда яшаш қийинлашган, шубҳасиз, неваралар ҳам биз билан бирга дала-ҳовлида дам олишарди. Асосан пол-тахтали айвонда ўтирардик. Қандайдир иш билан кичик хонага кирган аёлим ваҳима аралашган, лекин паст овозда:
-Дадаси, бу ёққа келинг, — деб қолди. Шошиб қўзғалдим. Овоз оҳангидан нимадир сездими, олти ёшли неварам Феруза бувиси томон ошиқди. Бувиси эса уни изига қайтаришга уринди:
-Боргин, овқатингни е, сани чақирганим йўқ.
-Ҳм, нима гап? – Сўрадим аёлимдан.
Ҳамон ортига қайтмаган Ферузага бувиси бош тебратдию менга ним қоронғу бурчак сари ишора қилди:
-Анавинга қаранг…
Ярим қулочлик қўнғир арқонга ўхшаш бир нарсанинг каравот ёнида чўзолиб ётганига кўзим тушдию сесканиб кетдим. Шу топда олам-жаҳон кўзимга тор кўриниб, қотиб қолдим. Аммо ҳолатимни сездирмасликка тиришиб:
-Илон, дам олиб ётибди, — дедим хотиржам, пастгина товушда. Буни эшитиб, Феруза сакраганча орқасига қайтдию сингилларига хабар берди:
-Илон! Бизани уйимизда илон бор.
-Илон? Қани? – Бошқа болалар ҳам чопқиллашганча хонага отилдилар, Феруза кўрсатган бурчакка қизиқиб тикилдилар.
Бувиси уларни хонадан ҳайдашга уринаркан, мендан сўради:
-Нима қиламиз? Уни ўлдирасизми? Жуда хавфли-ку?
-Ўлдирманг, бобожон, ўлдирманг, — менга ёпишиб ялинди Феруза. Бошқалар ҳам унга жўр бўлишди: — Ўлдирманг, бобожон.
Бу орада ўзимни босиб олдим-да, аёлимга:
-Сан уни кўздан қочирмай, қараб тур, ман ҳозир, — дея ташқарига чиқиб, узунроқ хода топиб келдим. Ходани кўриб, невараларим яна ялинишга ўтишди.
“Тавба, — дейман ўзимча, — илондан қўрқишмаганига ҳайронман. Қилт этишмайди-я. Лекин ҳозир қўрқитмаган маъқул…”
-Қани, ҳаммаларинг айвонга ўтинглар, — дедим болалару бувисига қарата.
-Нима қиласиз, ўлдирасизми? – Феруза кўзларимга жавдираб қаради.
-Йўқ, ҳайдаб юбораман, — дедиму ходани илонга яқинлаштириб, ерга тап-туп урдим. Бироқ, жонивор парво ҳам қилмай, ўрнидан қўзғалмади. Сўнг унинг бели ва бошига ходани теккизиб, силжитишга уриндим. Ҳаракатларим беҳуда кетди: оғзини очиб, тилини чиқазганча вишилладию салгина бўлса-да, силжимади – гўё шу ерни макон қилиб олмоқчига ўхшарди. Янги уринишларим ҳам зое кетди. Аксинча, озроқ юриб, каравотнинг тагига ўтди. Бундай вазиятда уни қолдириб бўлмас эди. Қандай бўлмасин ҳайдаб чиқариш ё ўлдириш масаласи кўндаланг турарди.
-Сизлар уйдан чиқинглар, мен ўзим кетишини пойлайман, — дедиму рўпарадаги каравотга ўтирдим. Бу ердан уни бемалол кузатиш имкони бор эди. Аммо невараларим ҳам ёнимга чиқиб олишди. Бу антиқа томошадан уларни маҳрум этиш маҳол эди. Ярим соатча каравотдан кузатиб ётганимиздан сўнг жонивор бизни тушунди шекилли ёким салқинда дам олишни тугатдими, секин судралиб, тешикдан ташқарига чиқиб кетди.
Ўша куниёқ барча пастки тешик ва туйнукларни шағал, қум, семон ҳамда сув қоришмаси ила суваб ташладим. Тахта жуда танқис эди, унинг ўрнига майда тошу тупроқ тўкдим. Устидан қалингина сомонли сувоқ қилдим. Қуригач, кўрдимки, жуда соз бўлиб қотибди. Тахтага ҳожат қолмабди. Хавф-хатардан ҳам қутулдик. Ким билади, ўшанда илоннинг етилиб қолган боласини ўлдирганимда кўнглим доимо ғаш ва ўзим хавотирда юрармидим. Невараларим эса ўша ҳолатни ҳанузгача завқ билан эслаб, бошқаларга гапириб берадилар. Ўзим ҳам қилган ишимдан мамнун бўлганман. Ўшандан кейин биз анча эҳтиёткорликка ўрганиб қолдик Яна шунга амин бўлдикки, бирор бир жонзодга зарар етказмасангиз, улар ҳам сизга хавф солмас экан. Илонни ҳам бехосдан босиб олсангиз ёхуд атайлаб унга ҳужум қилсангиз, у ўзини ҳимоялаши ва ҳужумга ташланиши шубҳасиздир.
Бироқ, бугун юзага келган вазиятни чуқурроқ мушоҳада қилолмай турибман. Ҳар қалай, илон мени чақишни мўлжаллаб, йўлга чиқмаган
бўлса керак. Пичан ўрилгач, янги макон ахтарган. Албатта, салқинга интилган. Ҳаракатсиз турган оёғим, шимнинг очиқ қолган пойчаси унга қулай туюлиши мумкин эди. У ерга кириб ётиши ҳеч гап эмасиди. Шунда оёғим ҳаракатланса, хавф туғилармиди? Ҳа-да… Унда… Худо кўрсатмасин… Менга етиб келмасдан бошқа ёққа бурилиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас эди. Худди ҳозиргина юз берганидай… Йўқ, Оқтош мени уйғотмаганида, мен илонни ҳуркитмаганимда, у ўз йўлини
ўзгартирарди, дейиш қийинроқдир.
Мана энди уни тополмаяпман. Қаёққа кетдийкан? Хандакни хода билан тапиллатиб уриб, хашакларни силкитиб чиқдим. Тилимдан эса: -Илонвой, сенга бу ерда ҳеч нима йўқ, узоқларга кет, — деган титроқли сўзлар учарди. Ўзим жиққа терга ботган эдим.
Уринишларим натижа бермагач:
-Э, мени пойлаб ўтирибдими? – дедиму машғулотимни тўхтатиб, узунчоқ ўтирғич белига ҳолсиз чўкдим. Кўзларим атроф-теваракдан, ўт- ўландан тозаланган қўшни еридан, илон кириб, йўқолган хандакдан узилмас эди. Хаёлимда яна Оқтош жонланди:
-Ажабо, Оқтош бундан қандай хабар топдийкан? Ёки яққол хавфни сезиб, шу ёққа йўлландимикан? Ҳар қалай, Меҳрибон Эгамнинг ўзи уни қутқарувчи қилиб жўнатгани аниқ. Боз устига, тушимда ҳам буни аён этди-ку? Худо хоҳласа, оловнинг ичи ҳам лолазорга айланади, деб бежиз айтилмаган. Иброҳим алайҳи салом воқеаси бунга ибратли мисол. Тўрт-беш йил ўт-оловлар ёмғири остида салгина жароҳат ҳам олмай қайтган қанчалаб аскарларимиз билан суҳбатлашиб, лол қолганман. Илон воқеаси эса Оллоҳнинг менга аталган янги бир синовидир балки. Бу мушоҳадамни тасдиқлаган каби қулоқларим остида майингина шивир эшитилди гўё:
-Оқтошга бефарқ бўлма, бу ажиб хислатли жонивор.
-Шунақага ўхшайди, — деб жавоб қайтардим ўзимча.
Энди уйга қандай кириш, қулфни бузиш-бузмаслик масаласи бошимни қотирар эди. Аёлим келгунча бирор егулик ҳам тайёрлаш лозим.
Аниқ тўхтамга келолмай, у ён-бу ён юриндим. Кўзларим ҳамон хатарли саналган ерларда кезинади. Не ажабки, ҳали аср намози бошланмасданоқ, мўлжалдан анча илгари дарвозамиз рўпарасида рафиқамнинг қиёфаси намоён бўлди. Ҳа демай, қулфнинг шақир-шуқур очилгани қулоғимга чалинди. Қувонганча унга пешвоз юрдим.
-Кетиб қолмадизмикан, деганча шошилиб йўлга чиқдим, — деди у энтикиб. Оғзи қуруқшаб, юзлари тердан бўғриққан эди. – Хайрият…
-Келишингни билардим-ку, кетиб бўлармиди, — дедим сўзларимни хотиржамроқ ифодалашга уриниб. — Ўзи нима гап?
-Қудангизни қон босими ортиб кетибди. Жуда кўтарилибди. Қўрқиб, дарҳол йўлга отланибдилар.
-Ҳм, қудамизда ўзи қон босими баландроқ юрарди, тоғда яна кўтарилган-да, — дедиму кўз ўнгимда пешинги манзара жонланди: “Эҳтимолки, каттароқ илонни кўриб, қўрқиб кетган, сир бой бермай, жўнаш тадоригини кўргандир. Қўрқишдан қон босими ортиши ҳеч гап эмас. – Уларни қаерда учратдинг?
-Учратмадим. Калидни келиниз ишхонамга обориб берди.
-Хайрият, — дедиму калидни олиб, эшикни очдим. Ичкарига кирдик. Сабр қилиб, қулфни бузмаганим учун ўзимдан хурсанд бўлдим. Ҳа демай, кечки овқатга урнадик.
Кеч чоғи дала-ҳовлилар ўртасидан кесиб ўтувчи ғадир-будир, тош йўлда, салқингинада айланиб юрганимда бир гуруҳ ҳамкасбларга дуч келдим. Сўнгги поезддан тушиб, ўзаро гурунглашганча сокин юриб келардилар. “Ғунча” ойномасининг ойномасининг бош муҳаррири бўлиб ишлайдиган, бўш вақт топди, дегунча дала-ҳовлига ошиқадиган Эркин Малик ҳаммани оғзига қаратган эди.
Йўловчилар билан ҳол-аҳвол сўрашиб, бирпас гаплашиб қолдик.
-Шаҳарга сиғмадим, юрагим тарс ёрилиб кетай деди-я, — сўровим бўйича жавоб қайтарди Эркин. – Ошнамнинг тўйини аранг ўтказиб, шу ёққа келаяпман.
Унинг овозини эшитиб, Оқтош пайдо бўлдию қийшангланганча келиб, Эркиннинг оёқлари тагига ётиб, суйканди.
-Оқтоош, зерикмай юрибсанми? – дея Эркин эгилганча итнинг бошини сийпалади. – Қорнинг очдими?
Оқтош негадир менга қаради. Ажабландим. Уни овқатлантирганим учун менга миннатдорчилик билдирмоқчими? Лекин ҳануз тузукроқ зиёфат қилолганимиз йўқ. Овқат пишиши олдидан ул-бул берганмиз, холос.
-Оқтош, бизникига кир, сенга овқат беришади, — дея мен ҳам бу сафар жирканмай унинг елкасини силадим. Гапим тугар-тугамай ит очиқ турган дарвозамиз томон югурди.
-Гапни тушунганини қаранг, — деди кимдир.
-Тушунганда қандай! – Эркин бир оз керилиб, қаддини ростлади. –Баъзи одамлардан ақиллироқ, тушунадиганроқ.
Ўрни келдию пешинги воқеани ҳамкасбларга сўзлаб бердим.
-Худо бир асрабди-да, — деди қўшниларимдан бири. – Ис чиқариб юборсангиз бўларкан.
-Илонни ўлдирмай , тўғри қилибсиз, — деди Эркин. – Менинг уйимда ҳам бор. Мен ҳам индамайман, у ҳам. Ҳар жонзоднинг яшашга ҳақи бор. Ҳар кимсанинг ризқ-насибасини Оллоҳнинг ўзи беради.
-Илонни ўлдирмаса бўлмас, Эркин ака, — эътироз билдирди ҳалиги қўшни. – Илон ўз номи билан илон-да. Бирда бўлмаса, бирда чақиб олса, додингизни кимга айтасиз?
-Бировни илон чақиб, ўлдирибди, деган гап эшитмадим. Мана, Худо асрагани шу-да, Оқтошни юборибди, — Эркин гапни чўзиб ўтирмай ўз уйи томон йўналди.
-Ҳимоячи юборган Оллоҳга беадад шукур, — мен ҳам дарвоза сари бурилар эканман, — қўшиб қўйдим. – Киринглар, ис чиқарамиз.
-Ҳозир эмас-да, — Эркин нарироқдан овоз берди. – Эртами, индинми… Дарвоке, Оқтошни бўктирманг. Тўйхонадан кўўп суяклар, ичак-чавоқлар олиб келяпман.
Эрталаб, ҳали кун чиқмасдан аввал хотиним ишни нечундир хандак атрофидан бошлади. Беихтиёр баданим жимирлаб кетди. Аста ёнига бориб:
-Бошқа ишинг йўқми? – деб сўрадим.
¬-Ишим жудаям кўп, лекин булар, — у қовжироқ ўт-ўланларни кўрсатди,¬¬ — кўзимга ёмон кўринаяпти.
-Бунга вақтингни сарфлаб ўтирма, ўтларни чопиб, хандакни кўмиб ташлайман.
-Бу ерни ҳовузча қиламиз, болалар ҳам, ўзимиз ҳам чўмиламиз, девдингиз, фикриздан қайтдизми?
-Кейин қайтадан кавлармиз. Ҳозирча..
-Бир ишни икки иш қилиб ўтирасизми, қўйинг, тозалааб, чиройли қилиб қўяй, — дея шошилганча у яна ўтларга ўроқ урди.
-Сайёра… – дедиму иккиланиб, гапимни давом эттиролмай, тўхтаб қолдим. У анқайиб, афтимга тикилди.
-Ҳа, ўзи нима гап? Нимага талмовсираь қолдиз?
-Майли, ўтни йўқотганинг яхши, бироқ, эҳтиёт бўлииб, ўроқ билан ўтларни силкитиб-силкитиб, кейин ўр: у-бу нарса бўлса, қочади.
-Бирор нима кўрдизми? – Сайёра шошилмай ўрнидан турди.
-Ҳа, кеча битта узунчоғи шу ёққа кириб кетди.
Сайёра кулди-да, яна ўт-ўланлар қаршисига чўнқайди:
-Шунга шунча ваҳимами? Одам шарпасини сезганидан кейин қочади-кетади-да. Унақаларини кўўп кўрганман.
Менга нисбатан ҳам унинг ботирроқ ва дадиллигига ичдан тан бердиму кечаги воқеани кўпиртирмасдан, жўнроқ гапириб бердим ва:
-Ҳар қалай, эҳтиёт бўлган яхши, — деб қўйдим.
Унинг рангги хиёл оқаринқирадию хиёл жим тургач, қўшни ерига ишора қилиб, деди:
-Шундай ерни ташлаб қўйиб, илонзорга айлантирганларига қойил эмасман. Бировга ижарага беришгандаям сал обод бўлармиди.
¬-Эгаси шу йил сонга солмоқчи.
Сайёра қўл силтади:
-Сўзда ҳар йили сонга солади… Дадаси, бунақа хавотирда яшагандан кўра типратикон асрасак-чи, у илонларга кун бермаскан.
-Бақувват мушук ҳам илону каламушларни қийратади.
-Мушукни эплай билмадик-ку.
Олдинги йилни эсладик. Эрта баҳорда ер тўламизда ёввойи мушук болалади. Онаси йўқ пайтларда мушукчаларга у-бу егуликлар бериб, ўзимизга ўргатдик. Она мушукни-ку, умуман, ўзимизга эл қилолмадик. Ўшанда дала-ҳовлимизда на илон, на сичқону каламуш безовта қилмади. Бироқ, кеч куз, қиш чоғида мушукчалар ҳолидан хабар ололмадик. Оқибатда улар ё очликдан нобуд бўлган ёки бошқа ёввойи мушуклар қирғинига учраган. Ўшандан буён ёввойи мушуклар ҳам қорасини кўрсатмайди.
-Оқтош илонга тегинмас экан-да, а? ¬– Ажабсиниб сўради Сайёра.- Индамай орқасидан эргашиб келаверибди-я?
-Назаримда, бир-бири билан баҳслашиб келаётганга ўхшади.
-Қўйинг-э, илон билан кучук ҳам баҳслашадими?
-Ўзларича гаплашади, баҳслашади, буни фақат одам тушунмайди. Табиат ҳодисаларини ҳайвонлар, жониворлар аввалроқ сезади, бир-бирларини огоҳлантиради, — дедим эшитгану ўқиганларим бўйича. Сўнг аввалги саволига жавоб қайтаришга уриндим. – Оқтошга ўхшаган итлар жониворларгаям озор бермайди. Аммо илон менга ташланганида, эҳтимол қараб турмасди. Балки йўл-йўлакай шу ҳақда огоҳлантириб келгандир. Эҳтимол, хавф-хатарни сезиб, шунчаки эргашгандир. Тасодифан учрашган бўлишлариям мумкин.
-Ғалати гапларни гапирасиз-а, худди мен ишонадигандай.
-Ишонмасанг, ишонма, ихтиёр ўзингда. Лекин сен билан мен тушунмайдиган табиат жумбоқлари жуда кўп.
-Ҳаммаси Худонинг иродаси билан бўлади.
-Баракалла! Оллоҳ-таоло ҳамма нарсани кўринар-кўринмас ҳолатда бир-бири билан боғлиқ қилиб қўйган: бири иккинчисини тўлдиради; учинчиси бошқасига ҳужум қилиб, уни ўз кушандасига айлантирса, тўртинчиси ҳимояга мослашади. Одам ҳам шу табиатнинг бир бўлаги, онгли иштирокчиси…
Фалсафам тобора чуқурлашиб бораётган эдию бироқ… Сайёра зерикдими, вактига қизғандими, ҳомуза тортганча қўлидаги ўроққа тез-тез қараб қўяётганини пайқадим. Айни шу чоғ қўшни боғи тарафдан думини ликиллатганча Оқтош кириб келдию иккаламизни ҳам ноқулай вазиятдан қутқазди. Сайёра ўроқни четга қўйди-да, хандакдан чиқиб:
-Раҳмат сенга, Оқтош, бизни ҳимоячимизни ҳимоя қилибсан, — деди итга қарата. Оқтош қийшанглаб, унга яқинлашди. – Йў-йўқ, фақат тегинмасдан, узоқдан гаплашайлик.
Оқтош унинг гапига тушуниб, икки қадам нарида ўтириб, гўёки гап давомини тингламоқчи бўлди. Сайёра негадир анқайди, сўнг кулганча:
-Дадаси, бу кучук эмас, — деди.
-Кучук бўлмай нима?
-Кучук қиёфасидаги одам десамми, фаришта десамми…
Мен ҳам ўйланиб қолдим. Унинг гапига нечундир қўшилгим келди.
-Шу чоққача эътибор бермапман, энди ўйласам, унинг ҳаракатлари ғалати-ғалати, — дер эди Сайёра. – Бир куни овқат пишираётганимда ошхонага яқинроқ келиб қолди. Уни: “Ит дегани ўчоқбошига келмайди”, деб жеркидим. Думини қисиб, хижолат тортгандай дарров изига қайтди. Ўйласам, бу ишини такрорламабди.
-Сени синаб кўрмоқчи бўлган, ¬- дедим кулиб.
-Яна бир куни кеч чоғи автобусдан тушиб келаётсам, подага йўлиқдим. Бутун йўлимизни эгаллаб олган. Бир чеккага ўтиб, тўхтасам, шохи узун, катта бир сигир пишқириб, менга яқинлашаяпти.
-Қўлдан ем еб ўрганган бўлса керак-да, — дедим мен.
— Билмадим, қўрқиб кетиб, “бош-бош” деб орқамга тисарилдим. Шу чоғ қаёқдандир Оқтош келиб қолдию вовуллаб, сигирга ташланди. Тишлагани йўқ, шунчаки даҳанаки шовқин кўтарди. Сигир сузмоқчи бўлувди, Оқтош чаққонлик қилиб, бошқа ёнидан ҳужумга отилди. Охири сигир қочиб қолди. Ит вовуллаб, бошқа молларгаям ҳужум қилиб, манга йўл очди.
-Кўрдингми, бу шунақа хислатли ит. Сен қадрига етмайсан.
-Келганида қуруқ қайтармийман, дадаси, — деб Сайёра уйдан бир парча нон олиб чиқди-да, уни Оқтошнинг ёнига қўйди. Қизик, кечаги ҳол айнан такрорланди: ит нонни бир ҳидладию ёнида чўнқайиб ўтирди.
-Шуни еб тур, пешин овқат бераман, — деди Сайёра яна хандакка тушаркан.
-Эркин буни ичак-чавоқ, суяклар билан боққан, — дедим энди нонни тишлаганча кечаги бута томон бораётган Оқтошга қараб. Сайёра ҳам уни кузатиб, қараб қолди. Нонни бута ёнига кўмганини кўргач:
-Ана, айтмадимми, бу кучук эмас, фаришта деб. Худо бизларни ҳимоя қилиш учун буни кучук қиёфасида шу ёққа юборгандир балки…
Орадан бирор ой вақт ўтди. Нонуштадан кейин уйга кириб, ёзув ишлари билан банд эдим. Дарвоза томондан Оқтошнинг қаттиқ, шиддатли вовуллаши диққатимни тортди. Кўчадан ўтаётган мол-ҳолга ёки бирор жинсдошига хуруж қилаётгандир, деган ўйда қўзғалмай ишимни давом эттиравердим. Оқтошнинг шанғиллаши кучайди, кимдир отини айтиб, муросага чақирди. Шундан сўнггина у томон шошилдим. Дарвоза қия очиқ, икки таниш қиёфа елка қисганча Оқтошга гапиряпти, ичкари киришга интиляпти. Бироқ Оқтош уларни сира йўлатмаяпти.
-Оқтош, бас қил, ўзимизнинг одамлар-ку, ўзингни танишинг-ку, — дея итнинг бошини силадим. У шаштидан тушдию лекин ҳуришдан тўхтамади.
-Ширкат йиғилиши бўларкан, тушдан кейин раисникига ўтар экансиз, — деди улардан бири ва итга қараб, хўмрайди. – Оғмачи, ҳали кўрасан…
Оқтош қулоғини чимириб, бошини қуйи солди, гўё: “На чора, бошга тушадиганини кўрамиз-да”, демоқчи бўлди.
Ўша одамни ёқтирмагани сабабини кейин топдим: у доимо ичиб юради, ёлғон гапиради, қўли эгрилиги ҳам бор. Эҳтимол Оқтошга қўрслик ҳам қилар.
Умуман, Оқтош ўзига маъқул хонадонлардан доимо кўз-қулоқ бўлиб туради, эвазига ризқ-насибасини териб юради. Уй эгаси бўлмаса ҳам у ичкари кириб, теваракни айланиб чиқади, бирпас чўзилиб ётади: аввал еган “тузлари” ҳақини оқлайди ёхуд “ошна”чилик ҳурматини бажо келтиради. Лекин у асосан Эркин Малик хонадонининг бош қўриқчиси ҳисобланади.
Бир оқшом Оқтош очиқ дарвозадан эркаланиб кириб келди.Қорни очлиги яққол сезилиб турибди. Ёлғиз эдим. Унга берадиган ортиқча ҳеч нимам йўқ эди. Бир парча нон ва салкам бир коса тушликдан қолган мампар бор эди, холос. Кечки овқат қилишга эринган эдим. Ундан итга берсам, тунда қийналаман. Боз устига, дала-ҳовлиларда ҳозир жуда кам одам кўзга ташланади. Оқтош эса ҳар қандай ҳовлига ҳам қадам ранжида қилавермайди. Дарвоқе, академик Матёқуб Қўшчонов домла кўрингандай бўлувдилар-а. У кишининг аёллари ҳам бу итга бошқача қарайдилар. Бир марта менга: “Хаёлимдан ўтган фикрни ўқийди-я, бу ит”, деганлар. Айтишларича, бир ёққа бормоқчи бўлсалар, аввал Оқтош йўлга тушади, айтилган ерга тўппа-тўғри йўл бошлайди. Бордию бурилишни мўлжалласалар, ит буни илғаб, аввалдан бурилади.
Оқтошнинг бундай сезгирлиги, миядаги ўйни уқиши ўзимга ҳам аён. Эркин Маликдан ҳам кўп эшитганман. Ҳозир Қўшчонов домла ҳақда ўйлаб турарканман, ит ҳам ўша тарафга назар солиб қўйди.
-Оқтоош, — дедим сал ўкинч овозда, — овқатим кам. Сенга берсам, ўзимга етмайди. Домланикига борақол. Эртага сенга ўзим қарашаман…
Гапим тугар-тугамас Оқтош негадир маъюслашиб, бошини эгиб, дарвозадан чиқди. Кузатиб турдим, у тўғри Қўшчонов домланинг дарвозаси тагидан ичкари кирди. Бироқ, барибир кўнглим бузилди. Овқатланаётган чоғимда ногоҳ фикрим ўзгарди: мампар ва ноннинг бир қисмини қолдириб, итнинг жомига солдим: “Қани энди Оқтош келиб қолсайди… Оқтош, қайдасан?”
Ичкарига кириб, бир неча қадам ташлаганимда Оқтош ўйноқлаб пайдо бўлди ва ўз жоми қаршисида тўхтади. Аммо иштаҳа билан эмас, гўё овқатни нобуд қилгиси келмаган киши каби шошилмай – бир тўхтаб, бир чапиллатиб ичишга киришди.
Бир оздан сўнг, одатдагидай, қўлимда кичик таёқча билан кечги сайрга отландим. Бу чоғда иккитагина йўналишим бор. Хаёлан чойхона томонни мўлжалга олдим. Кўчага ўтсам, Оқтош ўша тарафга юраяпти – бошқа жинсдошларидан, ҳар хил хатарлардан қўриқлаб, мени кузатиб бормоқчи.
-Оқтош, энди сен кўпроқ менинг итим, менинг кузатувчим бўлиб қолдинг, — дедим унга етиб олгач. Оқтош менга бир қараб қўйдию индамай олдинга илгарилаб кетди. У энди эшитмаса ҳам хаёлимдан кечган ўйни пичирлаб айтдим: — Йўқ, сен ҳаммамизнинг итимизсан, ҳаммамизнинг қўриқчимизсан. Чунки бошқалар ҳам сени ўзиники ҳисоблайди: ҳамманинг хизматидасан.
Хўжакент қишлоғи
Муаллиф ҳақида
Муҳаммад Салом (Саломов) – 1938 йилнинг 19 апрелида Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Чўғолон қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. Ўн уч ёшидан колхозда ишлаган: ғўза парваришида қатнашган, сувчилик қилган; бригада ҳисобчиси бўлган. Ўрта мактабни тугатганидан (1956) сўнг икки йил билим масканида болалар етакчиси бўлиб ишлаган. 1963 йилда Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини имтиёзли диплом билан тамомлагач, “Бухоро ҳақиқати” вилоят рўзномасида (1963-65), “Ёш ленинчи” (“Туркистон”) газетида (1966-68) адабий ходим, катта адабий ходим, Ўзбекистон Қомусида (1968) катта илмий муҳаррир, “Ёш гвардия” нашриётида (1968-79) муҳаррир, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган. Ўн йил давомида эркин ижодкор сифатида фаолият кўрсатган. 1989 йилдан нафақага чиққанига қадар (1998) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.
Муҳаммад Саломнинг матбуотдаги биринчи хабари 1951 йилда Ғиждувон тумани газети ”Колхоз ҳақиқати”да пайдо бўлган. Шундан кейин унинг хабар, мақола, лавҳаю очерклари “Бухоро ҳақиқати”, “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон маданияти”, “Қизил Ўзбекистон” газеталарида, “Ўзбекистон хотин-қизлари” ойномасида тез-тез босилиб турган, Ўзбекистон радиоси эфирларида янграган. 1960 йилда Самарқанд вилоятининг рўзномаси “Ленин йўли”да бўлажак адибнинг “Ҳозирча кечирсанг бас” деган биринчи ҳикояси ўқувчиларга тақдим этилган. 1964 йилда унинг “Кечиролсанг бас”, “Икки ошна” ҳикоялари “Гулдаста” адабий-бадиий алманахида чоп этилган.
Ёзувчининг “Кечирим” (ҳикоялар, 1969), “Юракдаги излар” (қисса ва ҳикоялар, 1970), “Тошлоқдаги хазина (очерклар, 1971), “Севги тори” (қисса, 1973), “Иқрор” (қисса ва ҳикоялар, 1975), “Шифобахш қўллар” (очерк, 1976), “Довул” (қисса, 1977), “Мувозанат” (роман, 1984) деб номланган китобларини ўқувчилар самимий кутиб олганлар.
Мустақиллик йилларида ҳам Муҳаммад Салом бетиним ижодий фаолият билан шуғулланди. Унинг очерк, бадиа, ҳикоялари республика газета ва ойномаларида чиқиб турди, мустақиллик шабадалари эсган “Танаффус” қиссаси эса 2005 йилда “Шарқ юлдузи” жаридасида чоп этилди. Узоқ йиллик меҳнати самараси бўлмиш тўрт қисмли “Нажот” деб номланган романини ёзувчи 2012 йилнинг май ойида уюшманинг наср кенгаши муҳокамасидан ўтказди. Муҳокамада асар юқори баҳоланди. Романнинг биринчи қисми 2007 йилда “Шарқ юлдузи”да босилган.Яқин кунларда «Хуршид Даврон кутубхонаси» романни тўлиқ ҳолда эълон қилади.
Ўз асарларини кутубхонамизга тақдим этган адибга миннатдорчилигимизни билдирамиз.