Najmiddin Komilov. Tasavvuf va badiiy ijod & Najmiddin Komilov «Navoiy gulshani» ko’rsatuvida

04    Олимлар тасаввуфнинг адабиёт билан яқинлашиш сабабларини кўпроқ суфийларнинг рақсу самоъ мажлислари билан боғлайдилар. Тўғри, тасаввуф шайхлари муридларига таъсир этиш учун рубоий, ғазал каби кичик шеърий жанрлардан фойдаланганлар. Бу – масаланинг бир томони, яъни тасаввуфнинг адабиётга интилиши. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Гап шундаки, адабиёт ҳам тасаввуф томонга қараб интилган.

Нажмиддин Комилов
ТАСВВУФ ВА БАДИИЙ ИЖОД
02

022

   Атоқли таржимашунос олим, навоий ижоди ва тасаввуф илмининг етук билимдони  Нажмиддин Комилов 1939 йилда туғилган. Самарқанд Давлат университетининг филология факулътетини тугатган (1965). 1965-1967 мазкур университетн газетасида ишлади. 1967-1970 Ўзбекистон Фанлар Академияси тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди. 1970 йили “Муҳаммадризо Огаҳийнинг таржимонлик маҳорати” мавзуидаги номзодлик диссертациясини, 1988 йили эса “Хоразм таржима мактаби (ХIХ аср таржима тарихини типологик ва қиёсий тадқиқ этиш муаммолари)” мавзуидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1970-1971 йиллари Ўзбекистон миллий энциклопедияси Бош муҳарририятида, 1971-1993 Тошкент Давлат (бугунги Миллий) университетида, 1993-1994 йиллари Тошкент Шарқшунослик институтида фаолият юритди. 1991 йили профессор илмий унвонини олди.Таржима тарихи, назарияси, қиёсий адабиётшунослик ва тасаввуф таълимотини тадқиқ этган йирик мутахассис, бир қанча асарларнинг моҳир таржимони. 2012 йил 26 апрелда вафот этган.

09

Тасаввуфнинг Шарқда кенг тарқалишига боис унинг араб, форс ва туркий тилларда буюк бир шеъриятни вужудга келтиришидир. VIII-IX асрларда Робия Адавия, Мансур Ҳаллож сингари улуғ суфийлар ижоди билан бошланган суфий ашъор XII асрларга келиб улкан бир адабиётга айланди, ўзига хос образлар, тимсоллар олами, алоҳида рамзлар, услуб ва усуллар шаклланди. Олимлар тасаввуфнинг адабиёт билан яқинлашиш сабабларини кўпроқ суфийларнинг рақсу самоъ мажлислари билан боғлайдилар. Бироқ, айтиш керакки,сабаб фақат шундан иборат эмас. Тўғри, тасаввуф шайхлари муридларига таъсир этиш учун рубоий, ғазал каби кичик шеърий жанрлардан фойдаланганлар. Баъзан ўзлари суфиёна ғояларга мос асарлар ижод қилиб, аксар ҳолда эса халқ орасида юрган оғзаки ижод намуналари ва машҳур шоирларнинг шеърларидан фойдаланиб, суҳбатларини қизитганлар, сўзларга янги маъно бериб, суфиёна ғоялар руҳида талқин ва тафсир қилиб, эшитувчиларни ҳаяжонга солганлар. Бу – масаланинг бир томони, яъни тасаввуфнинг адабиётга интилиши. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Гап шундаки, адабиёт ҳам тасаввуф томонга қараб интилган. Тасаввуф ғоялари кенг тарқалгандан кейин у гуманист шоирларнинг қалбини ром этди. Тасаввуфнинг пок илоҳий ишқ ҳақидаги, ҳақ ва ҳақиқат, нажиб инсоний хислатлар, комолот касб этиш ҳақидаги ғоялари шеърият ғояларига айланди – шоирлар қизғин бир руҳ, кўнгил амри билан ирфоний ғояларни куйлайдилар, ҳисобсиз лирик шеърлар, жаҳонга машҳур достонлар, қиссалар яратилди. Тасаввуфнинг беҳудлик ва ишқ концепцияси, софлик адолат ва ҳақиқат тимсоли – Мутлақ Илоҳга муҳаббат завқи ижод аҳлига қаттиқ таъсир этди. Инсоният ғам билан қалби дардга тўлган исёнкор руҳдаги шоирларни бир оҳанграбодай ўзига тортиб ўртанишли, ҳис-ҳаяжонга сероб ажойиб шеъриятни вужудга келтирди. Бу шеъриятнинг марказий қаҳрамони – ринди бебок, Мансур Ҳаллож эътиқодига имон келтирган, ўзини баркамоллик чўққисида кўрган, руҳан озод киш эди. Унинг завқи, изтироб-кечинмалари, хаёлий романтик оламга интилиши махсус ифодалар ва кўп маъноли рамзий иборалар билан тасвирланадиган бўлди.

Суфиёна адабиётнинг тасвир мавзуи (объекти) тариқат йўли билан покланаётган ва тинмай комиллик сари тараққий этаётган Инсон бўлгани учун ана шу солик – йўловчи Инсоннинг дунёқараши, эстетикаси, кечинмалар олами муҳим аҳамият касб этиб келган. Тасаввуфий адабиётнинг барча кўринишлари, жанрларида ана шу солик Инсоннинг туйғулари, тушунчаси тасвирга олинади, уни тарбиялаш, унга Ҳақни ва ўзлигини тушунтириш, турли ривоят ва ҳикоятлар келтириш, ўгит-насиҳатлар қилиш билан унинг онги ва қалбига йўл топиш бош масала қилиб олинади.

Тасаввуф ўзи буюк бир романтик оламдир. Оламни мутлақ Парвардигорнинг ижоди деб қараш, дунёни Илоҳнинг кўзгуси деб тушунтириш ва барча гўзалликлар, қудратни Илоҳдан деб ҳисоблаш, Борлиқни романтик рангларда, шоирона хаёлий сурат – тимсоллар тарзида, илоҳий нурнинг порлашидан доимий ҳаракатда ва ижодда деб тасаввур этиш – ўзи бир Буюк Поэзиядир. Жами гўзалликлар, яхшилик ва эзгулик манбаи мутлақ Илоҳ. Қудрат ва куч, ҳаракат ва фаолият ҳам Ундан. Дунёдаги жами ҳусну жамол – Унинг жамолининг акси. Инсон гўзаллиги Унинг жамолининг жилваси, бу Жамол оламда қанча кўп жило этган бўлса, у шунча гўзал бўла олади. Инсон руҳининг гўзалликка, нафосатга ташналиги Илоҳ гўзаллигига ташналик оқибатидир. Ва яна бунинг ичида моддий гўзаллик ва маънавий гўзаллик, ғоя ва фикр гўзаллиги ҳам ажралиб, эътиборга олинади. Хуллас, гўзалликдан мақсад тафаккур гўзаллиги, маънавий гўзалликни англамоқ, олий жавҳар – Руҳий азалига нарсаларнинг гўзаллигини қабул қилмоқдир…

Гўзаллик идеали, қудрат идеали, поклик идеали, абадийлик идеали – жами идеаллар идеали Унинг Ўзи. Ғайрат ҳам Ўшандан, қудрат ва шижоат ҳам, ҳаёт нафосати ҳам ундан. Жонли ва жонсиз ҳар бир нарсада, ҳаётнинг ўзида Илоҳ қудратини мушоҳада этиш, Унинг гўзаллигидан ҳайратланиб, жўшиб, олам-олам завқ олиш, Илоҳни ёри азиз, дўст деб билиш, Унга суяниш, рози дил айтиш – мана суфий шоирнинг эстетик дунёси, ҳаёт мазмуни!

Кўринадики, суфийларда реал моддий дунё гўзаллиги инкор этилмайди (гарчи дунё ва унинг бойлигига бўлган салбий муносабат сезилиб турса-да), балки реал моддий дунё ўз-ўзича қимматли эмас деб қаралади. Қадрият ва арзирлм нарса, суфий назарида, бу – руҳ билан, Илоҳ билан боғлиқ нарсадир. Ҳаёт ҳам руҳнинг фаолиятидан иборат. Руҳсизик – хунуклик, ўткинчилик, фонийлик. Ҳар қандай ўткинчи нарса қимматга молик эмас, жумладан, дунё ҳам. Абадий нарса руҳдир ва шу сабаб у ҳимматлидир, гўзалдир.

Тасаввуф ва бадиий ижод деганди фақат сўз санъатини назарда тутмаймиз. Тасаввуф ўз мусиқаси, тасвирий санъати, рақс санъатини ҳам яратди ва ҳатто суфиёна театрлар пайдо бўлди. Биргина самоънинг ўзида ҳам шеърият, ҳам рақс, ҳам қўшиқ, мусиқа иштирок этади. Кўпгина самоъ мажлислари театрлашган томошага айланар эди, фақат суфийларнинг ўзи эмас, атроф-жавонибдаги кишилар ҳам бу томошаларни йиғилишиб кўрганлар. Масалан, “Нафаҳоту-л-унс” асарида Шайх Абусаид Абулхайр мажлисларига ҳатто хотинлар келиб, томларга чиқиб томоша қилгани ёзилади.

Тасаввуф билан бадиий ижод орасидаги яқинликни суфийлар ва ижодкорларнинг руҳан яқинлигидан ҳам изласа бўлади. Чунончи, тасаввуфдаги “жазба” тушунчасини олиб крайлик. Жазба – бу ишқ, илоҳий жунун. Киши қалбида Аллоҳни билиш муҳаббати, Унга етишиш завқи шу қадар кучли бўладики, у ўзини тўхтатиб туролмайди. Ҳамма нарсани унутиб, Маҳбуб жамолига талпианди. Бу – улуғ ва мукаррам бир Дарддир. Ана шу дард – жазба тушунчаси дарвишлик билан шоирликни, кенг маънода эса, тасаввуф билан ижод хусусиятларини бир-бирига яқинлаштиради. Яъниким, дарвишлик истеъдоди, ғайри табиий хислатга молик бўлиш шоирларга ҳам хосдир демоқчимиз.

Туғма истеъдодли ҳар бир шоир қалбида ориф инсоннинг эътиқоди, пок ниятининг шамъи ёқиғ ва ҳар бир илоҳсевар, риёсиз ҳақиқий дарвишнинг юраги шоирона ҳаяжон, илҳому ваҳийлик эҳтироси билан ҳаракатда. Ориф дарвиш пайғамбарона руҳи билан Хайр ва Эзгуликни элга туҳфа этса, шоир буни тоза туйғулар, оташин сўз кучи билан амалга оширади. “Ҳақиқий диндор шоир суфий бўлиши керак”, деб ёзган эди тариқат аҳли ҳаётини ўрганган араб олими Ал-Жоҳиз (вафоти 869 й.). Бунинг баробарида машҳур шайхларнинг аксари ажойиб рубоий ва ғазаллар ёзгани, шеърий девонлар мерос қолдиргани ҳам тарихдан маълум. Алишер Навоийнинг фикрича, шоирда дарвишлик хислати бўлмаса, унинг истеъдоди улуғ мақсадга хизмат қилолмайди, шу учундир, шоирлик ва дарвишлик истеъдодини мужассам этган кишиларнинг кўпини у “Мажолису-н-нафоис” асарида келтириб, махсус таъкидлаб ўтган. Унинг ёзишича, ҳар бир зиёли зоҳирий илмлар (дунёвий фанлар) билан бирга, ботиний илм (тасаввуф)ни эгаллаши лозим, бу унинг фазлу камолини оширади, хушахлоқ, ҳалим ва одамшаванда бўлишга кўмаклашади. Буни у Паҳлавон Муҳаммад, Саййид Ҳасан, Мавлоно Муқимий, Малоно Буружий, Хожа Юсуф Бурҳон, Хожа Ҳазар Хизршоҳ ва бошқа бир қанча дарвишваш фақир одамлар мисолида кўрсатиб ўтган. Бу одамлар суфийлик билан ном чиқарган бўлсалар-да, аммо яхшигина таъблари ҳам бўлган. Чунончи, Хожа Юсуф Бурҳон “фақир ва фано тариқида сулук қилур эрди… жамики аҳли туруқнинг (тариқатнинг – Н.К.) соҳибтариқи эрди ва мусиқий илмни ҳам яхши билур эрди”. Қосим Анвор бўлса, “рутбаси шоирлик ғоясидан юқорироқ”, яъни валийлар зумрасига мансуб, айни шу хусусият унинг “равишини пок ва ашъорини оташнок” этган. “Ер фариштаси” деб эъзозланган Абулвафо Хоразмий “кибор авлиёдандур”, шу билан бирга у тасаввуфга оид китоб таълиф этган, ажойиб куйлар чалган, рубоийлар ёзган. “Турк ва форс орасида” фақру фанода тенгсиз Саййид Ҳасан ҳақида: “Тасаввуфда таъби хуб эрди”, деб ёзади Навоий. У Хожа Ҳофиз, Хисрав Деҳлавий, Лутфий ва Навоийнинг ўзининг ашъоридан юзлаб байтларни ёд билган, нозик ва латиф табиатли киши бўлгани, кўнгли юмшоқлигидан “дардмандона сўздин ва назмдин ва нағмадан мутаассир” бўлиб, атрофдагиларни ҳаяжонга келтирган. Алишер Навоий суфий қалби билан шоир қалбининг бир-бирига йўлдош ва ҳамроз эканини кўп кузатган, суфийларнинг табиати, ботиний дунёси шеъру нағма, куй мусиқага ташналигини кўрган. “Басо аҳлуллоҳким, арғунун унидин дайрға кирди ва дину ислом нақдин муғбачаларға бой берди”, дея хулосалайди у кузатишларини “Маҳбубу-л-қулуб” асарида. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ шекилли, чунки тариқат ўз ақидалари билан руҳ илми эканлиги жиҳатидан ижод психологиясига яқиндир. Суфийнинг қолга кириш лаҳзасини ижодкорлардаги “илҳом ташриф буюриши” ҳодисаси билан тенглаштирса бўлади. Суфиёна завқу сурур, важду самоъ ижод ижод аҳлининг илҳомли дамлари, яратиш завқи тўлиб тошган даврига ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, ижод завқи ва суфиёна завқ инсон руҳий ҳолати нуқтаи назаридан бир хил нарса. Бежиз эмаски, тариқатда ижодга мойил, қалбида илоҳий ишқ жўш урганлар кўпроқ муваффақият қозонганлар. Шоирлик истеъдоди бор бўлган соликларда бу дард шеър бўлиб қуюлиб келган – ҳақиқий каромат юз берган. Жалолиддин Румийнинг ҳаётини эсланг: у тариқат сулукини бекаму кўст бажарган бўлса-да, лекин то Шамс Табризий била учрашиб, суҳбат қурмагунга қадар шеър ёзмаган, ҳолбуки унинг ёши қирққа яқинлашган эди. Шамс Табризий таъсирида унинг қалб кўзи очилиб, буюк шоир ва буюк суфийга айланди. Яссавий, Аттор, Машраб ҳам аслида жазба теккан, яъни илоҳий “девоналик”дан бонасиб одамлар эдилар. Уларнинг ғайриодатий, мажнунона хулқ-алвори атрофдагиларни ҳайратга соларди (Машрабнинг “Девона” лақабини олгани шундан), бунинг устига улар пирга қўл бериб, руҳий чиниқиш азиятларидан ҳам хабардор эдилар.

Яна бир ҳодисани таъкидлаб ўтмоқчимиз: тасаввуфни соф назариётчи олим ва шайхлардан кўра шоирлар чуқурроқ идрок этганлар, улар маърифат асрори, “илму-л-ғайб”нинг мушоҳада ва мукошифасида мўъжизалар кўрсатганлар. Эътибор қилинг, ваҳдату-л-вужуд таълимотининг асосчиси шайх Ибн Арабий яхши шоир ҳам эди, у “Фусусу-л-ҳикам” (“Ҳикматлар гавҳари”) ва “Футуҳоту-л-Маккия” (“Макканинг очилиши”) номли машҳур асарларининг кўп қисмини шеър билан битган, яъни ўз назарий фикрларини фалсафий истилоҳлар орқали тушунтиришга қийналиб қолганда асосий муддаони шеърий сатрлар ёрдамида изҳор этган. Робия Адавия, Мансур Ҳаллож, Абдулла Ансорий, Абусаид Абулхайр, Паҳлавон Маҳмуд ҳам шу усулдан фойдаланганлар. Хайём, Румий, Жомий, Бедил, Иқбол тасаввуфининг жуда кўп нозик назарий масалаалрини жаҳоншумуш шеърий асарлар воситасида шарҳу баён этганини яхши биламиз. Чунки тасаввуф ғояларини ақлий-назарий мушоҳададан кўра ҳиссий-образли тафаккур билан тушунтириш осон. Воқеан, тасаввуф ақл билан дунёни билиш мумкинлиги, мантиқий тафаккурни тан олмайди, унинг асосий қуроли — савқи табиий, яъни интуиция. Маърифат кўнгилга нур бўлиб қуйилади, дейди аҳли дил. Шунга ўхшаш шоирлик ҳам ғайбдан келадиган неъмат, покиза қалб илҳомидан туғиладиган кўнгил каломи. Токи дил илоҳий дарддан ғулғулага келмаса, ноқисликдан ларзага тушиб исён қилмаса, илоҳий лисон – шеър туғилмайди. Хожа Ҳофиз бир ғазалида: “Мен шеър тўқимайман, мен Илоҳнинг тили бўлиб куйлайман” деганда шу ҳолатни кўзда тутмадимики? Ва шунга биноан, тасаввуфдаги “бедорлик, “хилват”, “узлат” тушунчалари ҳам барчадан кўра ижод аҳлига яқин ва тушунарлидир.

Суфий дарвишлар, шу тариқа, ижод аҳлига яқинлашиб бордилар ва иккинчи тарафдан, ижод аҳли ҳам тасаввуфга томон интилдилар. Суфий жамоалар орасида “риндлар зоҳиран ўзларини бехуд, бепарво қилиб кўрсатувчи, ботинан эса мутафаккир ва закий бўлган, дунёнинг нобаробарлигидан, адолатсизликлардан зада кишилар сифатида алоҳида ажралиб турарди, улар бир-бирига рози дил айтиш, ҳасратлашиш учун йиғинлар уюштирардилар. Бундай йиғинларда илму адаб аҳли ҳам иштирок этарди, риндлар одатига мувофиқ меъёрида шароб ичиб, сархушлик қилиш, эркин-озод ҳолда туйғулар тизгинини қўйиб юбориб, куй-қўшиқ, шеърхонлик “базми жамшиди”ни тузиш расм бўлган. Алишер Навоий “Махбубу-л-қулуб” асарида “ринди бодапараст”ларнинг ахлоқини баён этиб, уларни Худо ошиқлари, Ҳақнинг севган бандалари деб таърифлайди. Риндлар даврасининг ўз шоирлари, ҳикоячи латифагўйлари, созандаю мутриблари бўлган. Шеър ва мусиқийнинг инсон руҳига таъсир этиш кучини сезган тасаввуф шайхлари хонақолардаги йиғинларда бундан фойдаланишга интилганлар. Айниқса, самоъ йиғинларни қизитишда шеър ва мусиқа жуда қўл келарди. Маълумки, жамоа-тоифа бўлиб яшаш, пир-муридлик одобини сақлаб, тонготар суҳбатлар қуриш, илоҳиёна асрори ҳақидаги баҳсу мунозара мусулмон шарқининг бутун қадимий маданий марказларида қурилган кўп сонли хонақо ва зовияларда тўпланган фақру фано аҳли хаётининг мазмунини белгиларди. Хонақоларда (“самоъ” арабча эшитиш) мажлислари уюштириш, шеър ва рақс базмини ташкил этиш одат тусига киради. Хусусан, сукра – беҳудлик концепциясини ёқлаган суфийлар бунга ўч эдилар. Улар: суфий учун асосий нарса вужуднинг борлигини унутиш, қол мақомини эгаллашдир, самоъ шу руҳий ижтиҳод қиёмини кучайтиради, деб ҳисоблардилар. Суса шаҳри суфийлари мажлисида иштирок этган тарихчи Ал-Мақдасий ёзади: “Баъзан суфийларга қўшилиб қичқирардим, баъзан уларга қасидалар ўқиб берардим” (Адам Мецнинг “Ислом уйғониши” китобидан, 234 бет). Хонақолардаги куй-қўшиқ садолари атрофга таралиб, одамларни ўзига жалб этган. Мақдасийнинг айтишича, хотин-халаж уйларнинг томига чиқиб суфийлар базмини томоша этганлар.

Тасаввуфнинг бу ружуъи шубҳасиз, ижобий ҳодиса эди, унинг таъсирида шариат унча хуш кўрмаган санъат ривожланди. Суфиёна базмлар бағрида кўплаб истеъдодли мутриб ва муғаннийлар тарбияланди, янги-янги куй-оҳанглар яратилиб, эл орасига ёйилди. Жумладан, тожик ва ўзбек халқларининг классик шошмақоми ҳам шу заминда шаклланиб, тасаввуф мақоматининг ҳолатларини ифодалайди. Аммо шеърхонлик фақат само мажлисларига хос эмас эди; оят, ҳадис ва шеърий ҳикматлар билан нутқни безаб, мазмунли ва таъсирчан қилиш самони ёқтирмайдиган ёки уларга бепарво қарайдиган хилватнишин шайхлар сифатида ҳам расм бўлган. Шайхлар ўз атрофларида тўпланган муридларига тариқат мақоми ва ҳол мазмунлари, нузулият сиру асрорини кашф этишнинг фазилати ва мушкулоти хусусида ваъз-насиҳатлар қилаётиб, маърифатни тушунтирар экан, ора-орада шеърий парчалар ўқиб ёки ихчам ҳикоятларни мисолга келтириб ўтар, тингловчилар эса бундан руҳланиб, шайхнинг фикрини чуқурроқ англар эдилар. Тазкира ва маноқиблардан ҳикоя қилинишича, Робия Адавия (713-801), Мансур Ҳаллож (857-922), Боязид Бистомий (ваф.874), Абу Саид Абулхайр (957-1049), Абдуллоҳ Ансорий (1306-1388), Абулҳасан Ҳарақоний (ваф.1034), Нажмиддин Кубро (1145-1226), Баҳоваддин Нақшбанд (1327-1389) ва бошқа бир қанча атоқли шайхлар ўз суҳбатларида кўплаб шеърий парчаларни истифода этганлар. Баҳоваддин Нақшбанддан сизнинг самоъга муносабатингиз қандай деб сўрашганда, улар: “Мо ин кор накунем, вале инкор накунем” (“Биз бу ишни қилмаймиз, аммо инкор ҳам этмаймиз”) деб жавоб қайтарган эканлар. Шуни ҳам айтиш керакки, тасаввуф шайхлари дастлабки даврларда дунёвий мазмундаги шеърларга суфиёна маъно бериб, ўз ғояларига хизмат қилдирган бўлсалар, бора-бора улар учун тасаввуфнинг махсус истилоҳ тушунчалари, рамз-тимсолларини ифодалайдиган асарлар ёзила бошланди. Натижада шеъриятда яширин маънолар, тасаввуф тушунчаларига мўлжалланган махсус тил пайдо бўлди, “лисону-л-ғайб” усулида ёзилган ғазал ва рубоийлар кўпайди. Энди адабиёт тасаввуфга хизмат қиладиган иллюстратив материал бўлиб қолмай, балки ўзи тасаввуф ғояларини баралла тарғиб қила бошлади, аниқроғи, тасаввуф ғоялари шеърият ғояларига айланди. Рамзийлик, суфиёна тил билан ёзиш адабиётни бир қадар мураккаблаштирди, натижада хос кишилар англайдиган шеъру ғазаллар яратилди. Аммо қизиғи шундаки, иккинчи томондан, тасаввуфий шеърият орасида бағоят содда тилда ёзилганлари ҳам кўп. Бу жиҳатдан, масалан, Аҳмад Яссавий ижоди, Суфи Оллоҳёр асарлари яхши мисол бўлади. Бу шоирдар диний-суфиёна ғояларни халқчил бир усулда баён этадилар, уларнинг ўгит-насиҳатлари, ташбеҳ-истиоралари ҳам содда ва тушунарлидир. Чунки мақсад тасаввуфни ва ислом ҳақиқатларини кенг саводсиз омма қалбига етказиш эди. Дарвишлик сулукини эл орасига ёйиш, дарвишларни мукаррам ва маҳбуб қилиб кўрсатиш эди. Айниқса, туркий тилдаги суфиёна адабиёт ўзининг оғзаки ижодга яқинлиги, бевоситалиги билан ажралиб туради. Бежиз эмаски, Мавороуннаҳрнинг ўзбеклар билан бирга яшайдиган тожиклари ҳам “Қиссаи Машраб”, “Бобо Машраб”, “Қиссаи Ҳасан-Ҳусан” сингари ўзбекча асраларни кўпроқ мутолаа қилганлар.

Энди суфиёна адабиётнинг мураккаблиги ҳақида гап кетганда, шуни айтиш керакки, шоирлар бунга мажбур эдилар. Зеро, тасаввуфни шеър билан баён этиш – фалсафани, илоҳшуносликни шеърга солиб чиқиш демак. Шу боис биз тасаввуфий адабиётни том маънодаги фалсафий адабиёт деймиз. Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Ибн Арабий, Жомий, Бедиллар Шарқнинг буюк файласуфлари, лекин уларнинг аксар ирфоний асарлари шеър билан ёзилган ирфоний асарларни ҳам икки қисмга ажратиш мумкин: бир қисм тасаввуф таълимотини баён этган, суфиёна истилоҳлар билан фикр юритадиган асарлар. Чунончи, Абулмажд Саноийнинг “Ҳақиқату-л-ҳақойиқ”, Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз”, Жомийнинг “Шарҳи рубоиёт”, Бедилнинг “Муҳити аъзам”, Саййид Қосимийнинг “Ҳақиқатнома”, Суфи Оллоҳёрнинг “Саботу-л-ожизин”, Бобожон Саноийнинг “Канзу-л-маориф” асарлари бунга мисолдир. Бу асарларни тасаввуф дарсликлари сифатида қабул қилса бўлади, чунки муаллифлар ушбу таълимотни назм орқали тушунтиришни мақсад қилиб олганлар.

Иккинчи қисм адабиётда тасаввуф ғоялари кечинма ва ҳаяжонлар, тимсол ва тамсиллар орқали тасвирланиб, талқин қилинади. Бу асарларни тасвирий талқин ёки бадиий тафсир (интерпретация) дейиш мумкин. Абулмажид Саноийнинг “Сайру-л-ибод”, Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”, “Булбулнома”, “Уштурнома”, Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий”, Хусрав Деҳлавийнинг “Матлаъу-л-анвор”, Алишер Навоийнинг “Ҳайрату-л-аброр” ва “Лисону-т-тайр” асарлари шу хилдаги асарлардир. Бу асарларда суфиёна-фалсафий маънолар шеърий сатрлар, бадиий-ифодали тил билан талқин этилишдан ташқари яна жуда кўп масал ва ҳикоятлар, рамзий ташбиҳлар келтирилиб, китобхонга шарҳлаб берилган. “Мантиқу-т-тайр” ва “Лисону-т-тайр” каби достонларда иштирок этувчи персонажлар ҳам рамзий: Ҳудҳуд – пир тимсоли бўлса, ўттиз қуш солик муридлар тимсолидир. Аттор ва Навоий тасвирлаган етти водий эса солик руҳининг етти хил товланувчи манзараси – Аллоҳга восил бўлиш босқичлари, маърифат зиналарини билдириб келади.

“Лисону-т-тайр”да олтмишдан ортиқ ҳар хил ҳикоятлар бор. Улардаги тариқат ва шариат, ирфоний билиш масалалри билан боғлиқ бўлган, шунингдек, инсон ахлоқига оид масалалар устида фикр юритилади. Ҳикоятлар халқ ижодиёти хазинасидан олинган. Аммо улардан келиб чиқадиган ибратли хулосалар (“қиссадан ҳисса”) суфиёна маънолар талқинига мослаштирилган. Масал ва ҳикоятлр ахлоқий мавзулар, чунончи, нафснинг ёмонлиги, дунёга меҳр қўйишнинг арзимаслиги, хасислик фалокати, сахийлик шарофати, садоқат, вафо ва ҳоказолар ҳақида баҳс этади. Умуман, суфиёна адабиётда ўгит оҳанги, панду насиҳат етакчилик қилади. Бу таббий. Чунки шайхлар ўз муридларини суҳбат орқали насиҳат қилиш билан тарбиялаганлар. Айнан ана шу суҳбатларда ҳикоятлар, шеърий парчалардан фойдаланилган. Насиҳат адабиётининг ўзига хос жозибаси, таъсир кучи ва услуби бор.

Тасаввуф адабиёти ўзигача бўлган шакл ва жанрлардан фойдаланди, чунончи лирик жанрлардан рубоий, ғазал, қитъа, қасида; эпик жанрлардан маснавий тасаввуф адабиётининг ҳам асосий жанрларига айланди. Суфий шоирлар бу жанрларни ривожлантириб, уларга янги руҳ бағишладилар. Кўп шоирларда дунёвийлик билан илоҳийлик, яъни ирфон қўшилиб зуҳур этади. Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Камол Хўжандий, Жомий ва Навоий ижодида дунё гўзаллиги илоҳий ҳусну жамолнинг давоми ва моддий ифодаси сифатида олиб қаралади. Шунинг учун улардан соф диний ғояларни ёхуд соф дунёвий ғояларни қидириш, асарларини бир-бирига зид қўйиш нотўғри. Бу шоирлар учун олам ва одам ягонадир. Руҳ ва жисм, вужуд ва маъно биргадир. Улар куйлаган реаллик илоҳий сифатларнинг маҳзари ва жилоси. Илоҳий маҳзардан илоҳий манбага қараб борадиган руҳ улар учун энг гўзал руҳдир. Шу боис ҳам мазкур шоирларнинг асарларини суфийлар ўз мақомида, оддий китобхонлар ўз мақомида англаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг асарлари кўп маъноли, ҳар бир ифода етти қават парда ичига яширинган. Масалан, маҳбуб деганди Худони, пайғамбарни, Пирни ва севган кишисини англаш, соқий деганда ҳам айнан шу тўрт тушунчани эътиборга олиш, лаб деганда пирнинг сўзини, илоҳий файзни, қош деганда илоҳий олам билан моддий олам чегарасини, бел деганда комил инсон хаёлини нозиклигини, кўз деганда комил инсоннинг ўзини назарда тутиш мавжуд. Бу тимсолларни батафсил англамай, суфиёна шеърни англаш мумкин эмас. Ана шу тимсоллар орқали Навоий ва Машраб лирикасида солик образи гавдалантирилади. Тариқат йўлидаги мусофир, яъни соликнинг кечинма ва ҳаяжонлари, Маҳбуб ёдидаги талпиниш ва сархушлиги ва хумори, васл дамларидаги шодлиги тасвирланади. Умуман, Навоийда инсоннинг Аллоҳ томон кўтарилиши (уруж) асосий ғоядир. Шоир шу йўл изтироби ва мартабаларини турли воситалар билан тасвирлайди. “Хамса” достонлари, “Лисону-т-тайр”да ҳам уруж-меърожни тасвирловчи асарлардир. Оддийликдан мураккабликка, дағалликдан юмшоқликка, нодонликдан доноликка, оддий иймонлиликдан юксак ирфоний иймонга ўсиб чиқиш. Буларнинг ҳаммасининг тагида эса ваҳдат моҳиятини англаш, Ваҳдоният оламига қўшилиш шавқи бор. Бошқача айтганда, камолот касб этиш. Шуни ҳам айтиш керакки, Навоий ижодида мутлақийлик ҳукмрон: мутлақ яхшилик (эзгулик) ва мутлақ ёмонлик (ёвузлик)ни кўради у. Унинг учун ёмон – бу мутлақ қора рангда рўринадиган ёмонлик. Яхши – мутлақ яхшилик, у нурли ранглар билан жилоланади. Шоирнинг ҳаётга муносабати ҳам шундай. Унинг учун ёмон шоҳ барча ёмон хислатларни жамлаган одам, яхши шоҳ эса барча ижобий хислатларни жамлаган шахс. Яхши одам – хушахлоқ, одил ва оқилдир. Яхшиларнинг яхшиси – еру кўкни бир назар билан қамраб олган. Баҳоуддин Нақшбанд ёки орифлар орифи абдураҳмон Жомий. Булар илоҳий уруж даражаларидан илдамлашиб кетган валий инсонлар. Комиллик тимсоли. Улар Навоий назарида реаллик билан нореаллик ёхуд дунё билан ғайб олами орасидаги кишилардир. Икки оламни боғловчи комил инсоннинг бир неча типини Навоий “Хамса” асарида кўрсатиб беради.

Воқеан, адабиётнинг ўзи комиллик белгиси, комил сўз, комил маъно ва комил тафаккур ифодаси. Буларни эгаллаган инсон комил хилқат бўла олади. Демак, улуғ Алишер Навоийнинг ўзи комил инсоннинг ёрқин тимсолидир. Комил хилқат бўлган инсон барча нарсада такомилни, етук мунтазамлик ва музайянликни кўрмоқчи бўлади. Унинг олий орзуси – оламни ҳам, ўзини ҳам нуқсонлардан халос этиш. Инсон руҳи комилликка ташна экан, санъат ва адабиёт эса шу чанқоқни бостириш учун хизмат қилиб келган. Инсо руҳининг мўъжиза мавжларини, фараҳ ва хуррамлигини ифодалаган. Инсон руҳи санъатдан озиқланиб яйрайди ва барча қудратини санъатда кўрсата олади.

Улуғ мутафаккир шоирлар ижоди буни асрлар давомида исботлаб келмоқда. Дин, мифология, бадиий ижод бирга бақамти ривожланди, бир-бирини тўлдириб, бир-бирига мадад берди. Барчасининг муддаоси Инсон эди, Инсонни ўрганиш ва поклаш эди. Гарчи илоҳий ғоялар куйланса ҳам, лекин адабиёт инсон қалбининг ифодаси бўлиб келди. Зеро, Аллоҳ ҳам инсон қалбидадир.

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ «НАВОИЙ ГУЛШАНИ» КЎРСАТУВИДА
02

    Olimlar tasavvufning adabiyot bilan yaqinlashish sabablarini ko’proq sufiylarning raqsu samo’ majlislari bilan bog’laydilar. To’g’ri, tasavvuf shayxlari muridlariga ta’sir etish uchun ruboiy, g’azal kabi kichik she’riy janrlardan foydalanganlar. Bu – masalaning bir tomoni, ya’ni tasavvufning adabiyotga intilishi. Ammo masalaning ikkinchi tomoni ham bor. Gap shundaki, adabiyot ham tasavvuf tomonga qarab intilgan.

Najmiddin Komilov
TASVVUF VA BADIIY IJOD
02

022

Atoqli tarjimashunos olim, navoiy ijodi va tasavvuf ilmining yetuk bilimdoni  Najmiddin Komilov 1939 yilda tug’ilgan. Samarqand Davlat universitetining filologiya fakul’tetini tugatgan (1965). 1965-1967 mazkur universitetn gazetasida ishladi. 1967-1970 O’zbekiston Fanlar Akademiyasi til va adabiyot instituti aspiranturasida tahsil oldi. 1970 yili “Muhammadrizo Ogahiyning tarjimonlik mahorati” mavzuidagi nomzodlik dissertatsiyasini, 1988 yili esa “Xorazm tarjima maktabi (XIX asr tarjima tarixini tipologik va qiyosiy tadqiq etish muammolari)” mavzuidagi doktorlik dissertatsiyasini himoya qildi.1970-1971 yillari O’zbekiston milliy entsiklopediyasi Bosh muharririyatida, 1971-1993 Toshkent Davlat (bugungi Milliy) universitetida, 1993-1994 yillari Toshkent Sharqshunoslik institutida faoliyat yuritdi. 1991 yili professor ilmiy unvonini oldi.Tarjima tarixi, nazariyasi, qiyosiy adabiyotshunoslik va tasavvuf ta’limotini tadqiq etgan yirik mutaxassis, bir qancha asarlarning mohir tarjimoni. 2012 yili vafot etgan.

05

Tasavvufning Sharqda keng tarqalishiga bois uning arab, fors va turkiy tillarda buyuk bir she’riyatni vujudga keltirishidir. VIII-IX asrlarda Robiya Adaviya, Mansur Halloj singari ulug’ sufiylar ijodi bilan boshlangan sufiy ash’or XII asrlarga kelib ulkan bir adabiyotga aylandi, o’ziga xos obrazlar, timsollar olami, alohida ramzlar, uslub va usullar shakllandi. Olimlar tasavvufning adabiyot bilan yaqinlashish sabablarini ko’proq sufiylarning raqsu samo’ majlislari bilan bog’laydilar. Biroq, aytish kerakki,sabab faqat shundan iborat emas. To’g’ri, tasavvuf shayxlari muridlariga ta’sir etish uchun ruboiy, g’azal kabi kichik she’riy janrlardan foydalanganlar. Ba’zan o’zlari sufiyona g’oyalarga mos asarlar ijod qilib, aksar holda esa xalq orasida yurgan og’zaki ijod namunalari va mashhur shoirlarning she’rlaridan foydalanib, suhbatlarini qizitganlar, so’zlarga yangi ma’no berib, sufiyona g’oyalar ruhida talqin va tafsir qilib, eshituvchilarni hayajonga solganlar. Bu – masalaning bir tomoni, ya’ni tasavvufning adabiyotga intilishi. Ammo masalaning ikkinchi tomoni ham bor. Gap shundaki, adabiyot ham tasavvuf tomonga qarab intilgan. Tasavvuf g’oyalari keng tarqalgandan keyin u gumanist shoirlarning qalbini rom etdi. Tasavvufning pok ilohiy ishq haqidagi, haq va haqiqat, najib insoniy xislatlar, komolot kasb etish haqidagi g’oyalari she’riyat g’oyalariga aylandi – shoirlar qizg’in bir ruh, ko’ngil amri bilan irfoniy g’oyalarni kuylaydilar, hisobsiz lirik she’rlar, jahonga mashhur dostonlar, qissalar yaratildi. Tasavvufning behudlik va ishq kontseptsiyasi, soflik adolat va haqiqat timsoli – Mutlaq Ilohga muhabbat zavqi ijod ahliga qattiq ta’sir etdi. Insoniyat g’am bilan qalbi dardga to’lgan isyonkor ruhdagi shoirlarni bir ohangraboday o’ziga tortib o’rtanishli, his-hayajonga serob ajoyib she’riyatni vujudga keltirdi. Bu she’riyatning markaziy qahramoni – rindi bebok, Mansur Halloj e’tiqodiga imon keltirgan, o’zini barkamollik cho’qqisida ko’rgan, ruhan ozod kish edi. Uning zavqi, iztirob-kechinmalari, xayoliy romantik olamga intilishi maxsus ifodalar va ko’p ma’noli ramziy iboralar bilan tasvirlanadigan bo’ldi.

Sufiyona adabiyotning tasvir mavzui (ob’ekti) tariqat yo’li bilan poklanayotgan va tinmay komillik sari taraqqiy etayotgan Inson bo’lgani uchun ana shu solik – yo’lovchi Insonning dunyoqarashi, estetikasi, kechinmalar olami muhim ahamiyat kasb etib kelgan. Tasavvufiy adabiyotning barcha ko’rinishlari, janrlarida ana shu solik Insonning tuyg’ulari, tushunchasi tasvirga olinadi, uni tarbiyalash, unga Haqni va o’zligini tushuntirish, turli rivoyat va hikoyatlar keltirish, o’git-nasihatlar qilish bilan uning ongi va qalbiga yo’l topish bosh masala qilib olinadi.

Tasavvuf o’zi buyuk bir romantik olamdir. Olamni mutlaq Parvardigorning ijodi deb qarash, dunyoni Ilohning ko’zgusi deb tushuntirish va barcha go’zalliklar, qudratni Ilohdan deb hisoblash, Borliqni romantik ranglarda, shoirona xayoliy surat – timsollar tarzida, ilohiy nurning porlashidan doimiy harakatda va ijodda deb tasavvur etish – o’zi bir Buyuk Poeziyadir. Jami go’zalliklar, yaxshilik va ezgulik manbai mutlaq Iloh. Qudrat va kuch, harakat va faoliyat ham Undan. Dunyodagi jami husnu jamol – Uning jamolining aksi. Inson go’zalligi Uning jamolining jilvasi, bu Jamol olamda qancha ko’p jilo etgan bo’lsa, u shuncha go’zal bo’la oladi. Inson ruhining go’zallikka, nafosatga tashnaligi Iloh go’zalligiga tashnalik oqibatidir. Va yana buning ichida moddiy go’zallik va ma’naviy go’zallik, g’oya va fikr go’zalligi ham ajralib, e’tiborga olinadi. Xullas, go’zallikdan maqsad tafakkur go’zalligi, ma’naviy go’zallikni anglamoq, oliy javhar – Ruhiy azaliga narsalarning go’zalligini qabul qilmoqdir…

Go’zallik ideali, qudrat ideali, poklik ideali, abadiylik ideali – jami ideallar ideali Uning O’zi. G’ayrat ham O’shandan, qudrat va shijoat ham, hayot nafosati ham undan. Jonli va jonsiz har bir narsada, hayotning o’zida Iloh qudratini mushohada etish, Uning go’zalligidan hayratlanib, jo’shib, olam-olam zavq olish, Ilohni yori aziz, do’st deb bilish, Unga suyanish, rozi dil aytish – mana sufiy shoirning estetik dunyosi, hayot mazmuni!

Ko’rinadiki, sufiylarda real moddiy dunyo go’zalligi inkor etilmaydi (garchi dunyo va uning boyligiga bo’lgan salbiy munosabat sezilib tursa-da), balki real moddiy dunyo o’z-o’zicha qimmatli emas deb qaraladi. Qadriyat va arzirlm narsa, sufiy nazarida, bu – ruh bilan, Iloh bilan bog’liq narsadir. Hayot ham ruhning faoliyatidan iborat. Ruhsizik – xunuklik, o’tkinchilik, foniylik. Har qanday o’tkinchi narsa qimmatga molik emas, jumladan, dunyo ham. Abadiy narsa ruhdir va shu sabab u himmatlidir, go’zaldir.

Tasavvuf va badiiy ijod degandi faqat so’z san’atini nazarda tutmaymiz. Tasavvuf o’z musiqasi, tasviriy san’ati, raqs san’atini ham yaratdi va hatto sufiyona teatrlar paydo bo’ldi. Birgina samo’ning o’zida ham she’riyat, ham raqs, ham qo’shiq, musiqa ishtirok etadi. Ko’pgina samo’ majlislari teatrlashgan tomoshaga aylanar edi, faqat sufiylarning o’zi emas, atrof-javonibdagi kishilar ham bu tomoshalarni yig’ilishib ko’rganlar. Masalan, “Nafahotu-l-uns” asarida Shayx Abusaid Abulxayr majlislariga hatto xotinlar kelib, tomlarga chiqib tomosha qilgani yoziladi.

Tasavvuf bilan badiiy ijod orasidagi yaqinlikni sufiylar va ijodkorlarning ruhan yaqinligidan ham izlasa bo’ladi. Chunonchi, tasavvufdagi “jazba” tushunchasini olib kraylik. Jazba – bu ishq, ilohiy junun. Kishi qalbida Allohni bilish muhabbati, Unga yetishish zavqi shu qadar kuchli bo’ladiki, u o’zini to’xtatib turolmaydi. Hamma narsani unutib, Mahbub jamoliga talpiandi. Bu – ulug’ va mukarram bir Darddir. Ana shu dard – jazba tushunchasi darvishlik bilan shoirlikni, keng ma’noda esa, tasavvuf bilan ijod xususiyatlarini bir-biriga yaqinlashtiradi. Ya’nikim, darvishlik iste’dodi, g’ayri tabiiy xislatga molik bo’lish shoirlarga ham xosdir demoqchimiz.

Tug’ma iste’dodli har bir shoir qalbida orif insonning e’tiqodi, pok niyatining sham’i yoqig’ va har bir ilohsevar, riyosiz haqiqiy darvishning yuragi shoirona hayajon, ilhomu vahiylik ehtirosi bilan harakatda. Orif darvish payg’ambarona ruhi bilan Xayr va Ezgulikni elga tuhfa etsa, shoir buni toza tuyg’ular, otashin so’z kuchi bilan amalga oshiradi. “Haqiqiy dindor shoir sufiy bo’lishi kerak”, deb yozgan edi tariqat ahli hayotini o’rgangan arab olimi Al-Johiz (vafoti 869 y.). Buning barobarida mashhur shayxlarning aksari ajoyib ruboiy va g’azallar yozgani, she’riy devonlar meros qoldirgani ham tarixdan ma’lum. Alisher Navoiyning fikricha, shoirda darvishlik xislati bo’lmasa, uning iste’dodi ulug’ maqsadga xizmat qilolmaydi, shu  uchundir, shoirlik va darvishlik iste’dodini mujassam etgan kishilarning ko’pini u “Majolisu-n-nafois” asarida keltirib, maxsus ta’kidlab o’tgan. Uning yozishicha, har bir ziyoli zohiriy ilmlar (dunyoviy fanlar) bilan birga, botiniy ilm (tasavvuf)ni egallashi lozim, bu uning fazlu kamolini oshiradi, xushaxloq, halim va odamshavanda bo’lishga ko’maklashadi. Buni u Pahlavon Muhammad, Sayyid Hasan, Mavlono Muqimiy, Malono Burujiy, Xoja Yusuf Burhon, Xoja Hazar Xizrshoh va boshqa bir qancha darvishvash faqir odamlar misolida ko’rsatib o’tgan. Bu odamlar sufiylik bilan nom chiqargan bo’lsalar-da, ammo yaxshigina ta’blari ham bo’lgan. Chunonchi, Xoja Yusuf Burhon “faqir va fano tariqida suluk qilur erdi… jamiki ahli turuqning (tariqatning – N.K.) sohibtariqi erdi va musiqiy ilmni ham yaxshi bilur erdi”. Qosim Anvor bo’lsa, “rutbasi shoirlik g’oyasidan yuqoriroq”, ya’ni valiylar zumrasiga mansub, ayni shu xususiyat uning “ravishini pok va ash’orini otashnok” etgan. “Er farishtasi” deb e’zozlangan Abulvafo Xorazmiy “kibor avliyodandur”, shu bilan birga u tasavvufga oid kitob ta’lif etgan, ajoyib kuylar chalgan, ruboiylar yozgan. “Turk va fors orasida” faqru fanoda tengsiz Sayyid Hasan haqida: “Tasavvufda ta’bi xub erdi”, deb yozadi Navoiy. U Xoja Hofiz, Xisrav Dehlaviy, Lutfiy va Navoiyning o’zining ash’oridan yuzlab baytlarni yod bilgan, nozik va latif tabiatli kishi bo’lgani, ko’ngli yumshoqligidan “dardmandona so’zdin va nazmdin va nag’madan mutaassir” bo’lib, atrofdagilarni hayajonga keltirgan. Alisher Navoiy sufiy qalbi bilan shoir qalbining bir-biriga yo’ldosh va hamroz ekanini ko’p kuzatgan, sufiylarning tabiati, botiniy dunyosi she’ru nag’ma, kuy musiqaga tashnaligini ko’rgan. “Baso  ahlullohkim, arg’unun unidin dayrg’a kirdi va dinu islom naqdin mug’bachalarg’a boy berdi”, deya xulosalaydi u kuzatishlarini “Mahbubu-l-qulub” asarida. Buning ajablanadigan joyi yo’q shekilli, chunki tariqat o’z aqidalari bilan ruh ilmi ekanligi jihatidan ijod psixologiyasiga yaqindir. Sufiyning qolga kirish lahzasini ijodkorlardagi “ilhom tashrif buyurishi” hodisasi bilan tenglashtirsa bo’ladi. Sufiyona zavqu surur, vajdu samo’ ijod ijod ahlining ilhomli damlari, yaratish zavqi to’lib toshgan davriga o’xshab ketadi. Darhaqiqat, ijod zavqi va sufiyona zavq inson ruhiy holati nuqtai nazaridan bir xil narsa. Bejiz emaski, tariqatda ijodga moyil, qalbida ilohiy ishq jo’sh urganlar ko’proq muvaffaqiyat qozonganlar. Shoirlik iste’dodi bor bo’lgan soliklarda bu dard she’r bo’lib quyulib kelgan – haqiqiy karomat yuz bergan. Jaloliddin Rumiyning hayotini eslang: u tariqat sulukini bekamu ko’st bajargan bo’lsa-da, lekin to Shams Tabriziy bila uchrashib, suhbat qurmagunga qadar she’r yozmagan, holbuki uning yoshi qirqqa yaqinlashgan edi. Shams Tabriziy ta’sirida uning qalb ko’zi ochilib, buyuk shoir va buyuk sufiyga aylandi. Yassaviy, Attor, Mashrab ham aslida jazba tekkan, ya’ni ilohiy “devonalik”dan bonasib odamlar edilar. Ularning g’ayriodatiy, majnunona xulq-alvori atrofdagilarni hayratga solardi (Mashrabning “Devona” laqabini olgani shundan), buning ustiga ular pirga qo’l berib, ruhiy chiniqish aziyatlaridan ham xabardor edilar.

Yana bir hodisani ta’kidlab o’tmoqchimiz: tasavvufni sof nazariyotchi olim va shayxlardan ko’ra shoirlar chuqurroq idrok etganlar, ular ma’rifat asrori, “ilmu-l-g’ayb”ning mushohada va mukoshifasida mo»jizalar ko’rsatganlar. E’tibor qiling, vahdatu-l-vujud ta’limotining asoschisi shayx Ibn Arabiy yaxshi shoir ham edi, u “Fususu-l-hikam” (“Hikmatlar gavhari”) va “Futuhotu-l-Makkiya” (“Makkaning ochilishi”) nomli mashhur asarlarining ko’p qismini she’r bilan bitgan, ya’ni o’z nazariy fikrlarini falsafiy istilohlar orqali tushuntirishga qiynalib qolganda asosiy muddaoni she’riy satrlar yordamida izhor etgan. Robiya Adaviya, Mansur Halloj, Abdulla Ansoriy, Abusaid Abulxayr, Pahlavon Mahmud ham shu usuldan foydalanganlar. Xayyom, Rumiy, Jomiy, Bedil, Iqbol tasavvufining juda ko’p nozik nazariy masalaalrini jahonshumush she’riy asarlar vositasida sharhu bayon etganini yaxshi bilamiz. Chunki tasavvuf g’oyalarini aqliy-nazariy mushohadadan ko’ra hissiy-obrazli tafakkur bilan tushuntirish oson. Voqean, tasavvuf aql bilan dunyoni bilish mumkinligi, mantiqiy tafakkurni tan olmaydi, uning asosiy quroli — savqi tabiiy, ya’ni intuitsiya. Ma’rifat ko’ngilga nur bo’lib quyiladi, deydi ahli dil. Shunga o’xshash shoirlik ham g’aybdan keladigan ne’mat, pokiza qalb ilhomidan tug’iladigan ko’ngil kalomi. Toki dil ilohiy darddan g’ulg’ulaga kelmasa, noqislikdan larzaga tushib isyon qilmasa, ilohiy lison – she’r tug’ilmaydi. Xoja Hofiz bir g’azalida: “Men she’r to’qimayman, men Ilohning tili bo’lib  kuylayman” deganda shu holatni ko’zda tutmadimiki? Va shunga binoan, tasavvufdagi “bedorlik, “xilvat”, “uzlat” tushunchalari ham barchadan ko’ra ijod ahliga yaqin va tushunarlidir.

Sufiy darvishlar, shu tariqa, ijod ahliga yaqinlashib bordilar va ikkinchi tarafdan, ijod ahli ham tasavvufga tomon intildilar. Sufiy jamoalar orasida “rindlar zohiran o’zlarini bexud, beparvo qilib ko’rsatuvchi, botinan esa mutafakkir va zakiy bo’lgan, dunyoning nobarobarligidan, adolatsizliklardan zada kishilar sifatida alohida ajralib turardi, ular bir-biriga rozi dil aytish, hasratlashish uchun yig’inlar uyushtirardilar. Bunday yig’inlarda ilmu adab ahli ham ishtirok etardi, rindlar odatiga muvofiq me’yorida sharob ichib, sarxushlik qilish, erkin-ozod holda tuyg’ular tizginini qo’yib yuborib, kuy-qo’shiq, she’rxonlik “bazmi jamshidi”ni tuzish rasm bo’lgan. Alisher Navoiy “Maxbubu-l-qulub” asarida “rindi bodaparast”larning axloqini bayon etib, ularni Xudo oshiqlari, Haqning sevgan bandalari deb ta’riflaydi. Rindlar davrasining o’z shoirlari, hikoyachi latifago’ylari, sozandayu mutriblari bo’lgan. She’r va musiqiyning inson ruhiga ta’sir etish kuchini sezgan tasavvuf shayxlari xonaqolardagi yig’inlarda bundan foydalanishga intilganlar. Ayniqsa, samo’ yig’inlarni qizitishda she’r va musiqa juda qo’l kelardi. Ma’lumki, jamoa-toifa bo’lib yashash, pir-muridlik odobini saqlab, tongotar suhbatlar qurish, ilohiyona asrori haqidagi bahsu munozara musulmon sharqining butun qadimiy madaniy markazlarida qurilgan ko’p sonli xonaqo va zoviyalarda to’plangan faqru fano ahli xayotining mazmunini belgilardi. Xonaqolarda (“samo’” arabcha eshitish) majlislari uyushtirish, she’r va raqs bazmini  tashkil etish odat tusiga kiradi. Xususan, sukra – behudlik kontseptsiyasini yoqlagan sufiylar bunga o’ch edilar. Ular: sufiy uchun asosiy narsa vujudning borligini unutish, qol maqomini egallashdir, samo’ shu ruhiy ijtihod qiyomini kuchaytiradi, deb hisoblardilar. Susa shahri sufiylari majlisida ishtirok etgan tarixchi Al-Maqdasiy yozadi: “Ba’zan sufiylarga qo’shilib qichqirardim, ba’zan ularga qasidalar o’qib berardim” (Adam Metsning “Islom uyg’onishi” kitobidan, 234 bet). Xonaqolardagi kuy-qo’shiq sadolari atrofga taralib, odamlarni o’ziga jalb etgan. Maqdasiyning aytishicha, xotin-xalaj uylarning tomiga chiqib sufiylar bazmini tomosha etganlar.

Tasavvufning bu ruju’i shubhasiz, ijobiy hodisa edi, uning ta’sirida shariat uncha xush ko’rmagan san’at rivojlandi. Sufiyona bazmlar bag’rida ko’plab iste’dodli mutrib va mug’anniylar tarbiyalandi, yangi-yangi kuy-ohanglar yaratilib, el orasiga yoyildi. Jumladan, tojik va o’zbek xalqlarining klassik shoshmaqomi ham shu zaminda shakllanib, tasavvuf maqomatining holatlarini ifodalaydi. Ammo she’rxonlik faqat samo majlislariga xos emas edi; oyat, hadis va she’riy hikmatlar bilan nutqni bezab, mazmunli va ta’sirchan qilish samoni yoqtirmaydigan yoki ularga beparvo qaraydigan xilvatnishin shayxlar sifatida ham rasm bo’lgan. Shayxlar o’z atroflarida to’plangan muridlariga tariqat maqomi va hol mazmunlari, nuzuliyat siru asrorini kashf etishning fazilati va mushkuloti xususida va’z-nasihatlar qilayotib, ma’rifatni tushuntirar ekan, ora-orada she’riy parchalar o’qib yoki ixcham hikoyatlarni misolga keltirib o’tar, tinglovchilar esa bundan ruhlanib, shayxning fikrini chuqurroq anglar edilar. Tazkira va manoqiblardan hikoya qilinishicha, Robiya Adaviya (713-801), Mansur Halloj (857-922), Boyazid Bistomiy (vaf.874), Abu Said Abulxayr (957-1049), Abdulloh Ansoriy (1306-1388), Abulhasan Haraqoniy (vaf.1034), Najmiddin Kubro (1145-1226), Bahovaddin Naqshband (1327-1389) va boshqa bir qancha atoqli shayxlar o’z suhbatlarida ko’plab she’riy parchalarni istifoda etganlar. Bahovaddin Naqshbanddan sizning samo’ga munosabatingiz qanday deb so’rashganda, ular: “Mo in kor nakunem, vale inkor nakunem” (“Biz bu ishni qilmaymiz, ammo inkor ham etmaymiz”) deb javob qaytargan ekanlar. Shuni ham aytish kerakki, tasavvuf shayxlari dastlabki davrlarda dunyoviy mazmundagi she’rlarga sufiyona ma’no berib, o’z g’oyalariga xizmat qildirgan bo’lsalar, bora-bora ular uchun tasavvufning maxsus istiloh tushunchalari,
ramz-timsollarini ifodalaydigan asarlar yozila boshlandi. Natijada she’riyatda yashirin ma’nolar, tasavvuf tushunchalariga mo’ljallangan maxsus til paydo bo’ldi, “lisonu-l-g’ayb” usulida yozilgan g’azal va ruboiylar ko’paydi. Endi adabiyot tasavvufga xizmat qiladigan illyustrativ material bo’lib qolmay, balki o’zi tasavvuf g’oyalarini baralla targ’ib qila boshladi, aniqrog’i, tasavvuf g’oyalari she’riyat g’oyalariga aylandi. Ramziylik, sufiyona til bilan yozish adabiyotni bir qadar murakkablashtirdi, natijada xos kishilar anglaydigan she’ru g’azallar yaratildi. Ammo qizig’i shundaki, ikkinchi tomondan, tasavvufiy she’riyat orasida bag’oyat sodda tilda yozilganlari ham ko’p. Bu jihatdan, masalan, Ahmad Yassaviy ijodi, Sufi Ollohyor asarlari yaxshi misol bo’ladi. Bu shoirdar diniy-sufiyona g’oyalarni xalqchil bir usulda bayon etadilar, ularning o’git-nasihatlari, tashbeh-istioralari ham sodda va tushunarlidir. Chunki maqsad tasavvufni va islom haqiqatlarini keng savodsiz omma qalbiga yetkazish edi. Darvishlik sulukini el orasiga yoyish, darvishlarni mukarram va mahbub qilib ko’rsatish edi. Ayniqsa, turkiy tildagi sufiyona adabiyot o’zining og’zaki ijodga yaqinligi, bevositaligi bilan ajralib turadi. Bejiz emaski, Mavorounnahrning o’zbeklar bilan birga yashaydigan tojiklari ham “Qissai Mashrab”, “Bobo Mashrab”, “Qissai Hasan-Husan” singari o’zbekcha asralarni ko’proq mutolaa qilganlar.

Endi sufiyona adabiyotning murakkabligi haqida gap ketganda, shuni aytish kerakki, shoirlar bunga majbur edilar. Zero, tasavvufni she’r bilan bayon etish – falsafani, ilohshunoslikni she’rga solib chiqish demak. Shu bois biz tasavvufiy adabiyotni tom ma’nodagi falsafiy adabiyot deymiz. Farididdin Attor, Jaloliddin Rumiy, Ibn Arabiy, Jomiy, Bedillar Sharqning buyuk faylasuflari, lekin ularning aksar irfoniy asarlari she’r bilan yozilgan irfoniy asarlarni ham ikki qismga ajratish mumkin: bir qism tasavvuf ta’limotini bayon etgan, sufiyona istilohlar bilan fikr yuritadigan asarlar. Chunonchi, Abulmajd Sanoiyning “Haqiqatu-l-haqoyiq”, Mahmud Shabustariyning “Gulshani roz”, Jomiyning “Sharhi ruboiyot”, Bedilning “Muhiti a’zam”, Sayyid Qosimiyning “Haqiqatnoma”, Sufi Ollohyorning “Sabotu-l-ojizin”, Bobojon Sanoiyning “Kanzu-l-maorif” asarlari bunga misoldir. Bu asarlarni tasavvuf darsliklari sifatida qabul qilsa bo’ladi, chunki mualliflar ushbu ta’limotni nazm orqali tushuntirishni maqsad qilib olganlar.

Ikkinchi qism adabiyotda tasavvuf g’oyalari kechinma va hayajonlar, timsol va tamsillar orqali tasvirlanib, talqin qilinadi. Bu asarlarni tasviriy talqin yoki badiiy tafsir (interpretatsiya) deyish mumkin. Abulmajid Sanoiyning “Sayru-l-ibod”, Farididdin Attorning “Ilohiynoma”, “Bulbulnoma”, “Ushturnoma”, Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy ma’naviy”, Xusrav Dehlaviyning “Matla’u-l-anvor”, Alisher Navoiyning “Hayratu-l-abror” va “Lisonu-t-tayr” asarlari shu xildagi asarlardir. Bu asarlarda sufiyona-falsafiy ma’nolar she’riy satrlar, badiiy-ifodali til bilan talqin etilishdan tashqari yana juda ko’p masal va hikoyatlar, ramziy tashbihlar keltirilib, kitobxonga sharhlab berilgan. “Mantiqu-t-tayr” va “Lisonu-t-tayr” kabi dostonlarda ishtirok etuvchi personajlar ham ramziy: Hudhud – pir timsoli bo’lsa, o’ttiz qush solik muridlar timsolidir. Attor va Navoiy tasvirlagan yetti vodiy esa solik ruhining yetti xil tovlanuvchi manzarasi – Allohga vosil bo’lish bosqichlari, ma’rifat zinalarini bildirib keladi.

“Lisonu-t-tayr”da oltmishdan ortiq har xil hikoyatlar bor. Ulardagi tariqat va shariat, irfoniy bilish masalalri bilan bog’liq bo’lgan, shuningdek, inson axloqiga oid masalalar ustida fikr yuritiladi. Hikoyatlar xalq ijodiyoti xazinasidan olingan. Ammo ulardan kelib chiqadigan ibratli xulosalar (“qissadan hissa”) sufiyona ma’nolar talqiniga moslashtirilgan. Masal va hikoyatlr axloqiy mavzular, chunonchi, nafsning yomonligi, dunyoga mehr qo’yishning arzimasligi, xasislik falokati, saxiylik sharofati, sadoqat, vafo va hokazolar haqida bahs etadi. Umuman, sufiyona adabiyotda o’git ohangi, pandu nasihat yetakchilik qiladi. Bu tabbiy. Chunki shayxlar o’z muridlarini suhbat orqali nasihat qilish bilan tarbiyalaganlar. Aynan ana shu suhbatlarda hikoyatlar, she’riy parchalardan foydalanilgan. Nasihat adabiyotining o’ziga xos jozibasi, ta’sir kuchi va uslubi bor.

Tasavvuf adabiyoti o’zigacha bo’lgan shakl va janrlardan foydalandi, chunonchi lirik janrlardan ruboiy, g’azal, qit’a, qasida; epik janrlardan masnaviy tasavvuf adabiyotining ham asosiy janrlariga aylandi. Sufiy shoirlar bu janrlarni rivojlantirib, ularga yangi ruh bag’ishladilar. Ko’p shoirlarda dunyoviylik bilan ilohiylik, ya’ni irfon qo’shilib zuhur etadi. Hofiz Sheroziy, Sa’diy Sheroziy, Kamol Xo’jandiy, Jomiy va Navoiy ijodida dunyo go’zalligi ilohiy husnu jamolning davomi va moddiy ifodasi sifatida olib qaraladi. Shuning uchun ulardan sof diniy g’oyalarni yoxud sof dunyoviy g’oyalarni qidirish, asarlarini bir-biriga zid qo’yish noto’g’ri. Bu shoirlar uchun olam va odam yagonadir. Ruh va jism, vujud va ma’no birgadir. Ular kuylagan reallik ilohiy sifatlarning mahzari va jilosi. Ilohiy mahzardan ilohiy manbaga qarab boradigan ruh ular uchun eng go’zal ruhdir. Shu bois ham mazkur shoirlarning asarlarini sufiylar o’z maqomida, oddiy kitobxonlar o’z maqomida anglaganlar. Shuning uchun ham ularning asarlari ko’p ma’noli, har bir ifoda yetti qavat parda ichiga yashiringan. Masalan, mahbub degandi Xudoni, payg’ambarni, Pirni va sevgan kishisini anglash, soqiy deganda ham aynan shu to’rt tushunchani e’tiborga olish, lab deganda pirning so’zini, ilohiy fayzni, qosh deganda ilohiy olam bilan moddiy olam chegarasini, bel deganda komil inson xayolini nozikligini, ko’z deganda komil insonning o’zini nazarda tutish mavjud. Bu timsollarni batafsil anglamay, sufiyona she’rni anglash mumkin emas. Ana shu timsollar orqali Navoiy va Mashrab lirikasida solik obrazi gavdalantiriladi. Tariqat yo’lidagi musofir, ya’ni solikning kechinma va hayajonlari, Mahbub yodidagitalpinish va sarxushligi va xumori, vasl damlaridagi shodligi tasvirlanadi. Umuman, Navoiyda insonning Alloh tomon ko’tarilishi (uruj) asosiy g’oyadir. Shoir shu yo’l iztirobi va martabalarini turli vositalar bilan tasvirlaydi. “Xamsa” dostonlari, “Lisonu-t-tayr”da ham uruj-me’rojni tasvirlovchi asarlardir. Oddiylikdan murakkablikka, dag’allikdan yumshoqlikka, nodonlikdan donolikka, oddiy iymonlilikdan yuksak irfoniy iymonga o’sib chiqish. Bularning hammasining tagida esa vahdat mohiyatini anglash, Vahdoniyat olamiga qo’shilish shavqi bor. Boshqacha aytganda, kamolot kasb etish. Shuni ham aytish kerakki, Navoiy ijodida mutlaqiylik hukmron: mutlaq yaxshilik (ezgulik) va mutlaq yomonlik (yovuzlik)ni ko’radi u. Uning uchun yomon – bu mutlaq qora rangda ro’rinadigan yomonlik. Yaxshi – mutlaq yaxshilik, u nurli ranglar bilan jilolanadi. Shoirning hayotga munosabati ham shunday. Uning uchun yomon shoh barcha yomon xislatlarni jamlagan odam, yaxshi shoh esa barcha ijobiy xislatlarni jamlagan shaxs. Yaxshi odam – xushaxloq, odil va oqildir. Yaxshilarning yaxshisi – yeru ko’kni bir nazar bilan qamrab olgan. Bahouddin Naqshband yoki oriflar orifi abdurahmon Jomiy. Bular ilohiy uruj darajalaridan ildamlashib ketgan valiy insonlar. Komillik timsoli. Ular Navoiy nazarida reallik bilan noreallik yoxud dunyo bilan g’ayb olami orasidagi kishilardir. Ikki olamni bog’lovchi komil insonning bir necha tipini Navoiy “Xamsa” asarida ko’rsatib beradi.

Voqean, adabiyotning o’zi komillik belgisi, komil so’z, komil ma’no va komil tafakkur ifodasi. Bularni egallagan inson komil xilqat bo’la oladi. Demak, ulug’ Alisher Navoiyning o’zi komil insonning yorqin timsolidir. Komil xilqat bo’lgan inson barcha narsada takomilni, yetuk muntazamlik va muzayyanlikni ko’rmoqchi bo’ladi. Uning oliy orzusi – olamni ham, o’zini ham nuqsonlardan xalos etish. Inson ruhi komillikka tashna ekan, san’at va adabiyot esa shu chanqoqni bostirish uchun xizmat qilib kelgan. Inso ruhining mo»jiza mavjlarini, farah va xurramligini ifodalagan. Inson ruhi san’atdan oziqlanib yayraydi va barcha qudratini san’atda ko’rsata oladi.

Ulug’ mutafakkir shoirlar ijodi buni asrlar davomida isbotlab kelmoqda. Din, mifologiya, badiiy ijod birga baqamti rivojlandi, bir-birini to’ldirib, bir-biriga madad berdi. Barchasining muddaosi Inson edi, Insonni o’rganish va poklash edi. Garchi ilohiy g’oyalar kuylansa ham, lekin adabiyot inson qalbining ifodasi bo’lib keldi. Zero, Alloh ham inson qalbidadir.

09

(Tashriflar: umumiy 10 740, bugungi 1)

Izoh qoldiring