Xurshid Davron. Ayriliq. «Sohibqiron nabirasi» qissasidan & Temur tuzuklari. Hujjatli film va 1-bob audio matni

0818 февраль – Соҳибқирон Амир Темур хотираси куни

   Амир Темур минг бир машаққат билан Ўтрорга етиб, шаҳар ҳокими Бердибек саройига қўнди. У қишни Ўтрорда ўтказиб, баҳорда Хитойга ҳамла қилиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Аммо унга баҳорни кўриш насиб этмади. Ўтрорга етган кундан икки ҳафта ўтиб, Соҳибқирон бетоб бўлиб қолди…

Хуршид Даврон
АЙРИЛИҚ
«Соҳибқирон набираси» қиссасидан
07

Осмонни қора булутлар қоплаган, тонг салқини изғиринга айланган кеч кузак кунларининг бирида Амир Темур Самарқанддан чиқиб, Сирдарё томонга қараб йўналди. Теварак атрофда майсалар қовжираган, ердаги хазонлар ўз рангини йўқота бошлаган, куз мавсуми охирлаб, қиш яқинлашиб қолгани табиатнинг ҳар бир аломатида сезиларди.

Бепоён дашт аро улкан қўшин хотиржам йўл босади. Навкарлар бу галги юриш неча йил давом этишини билмайдилар – баъзилари буни ўйлаб, хаёлга ботган, айримлари эса тахмин айтиб, баҳс қилишади. Баъзи бирлар “Ростдан ҳам Хитой устиғами?” – деб гумонсирашади. Уларнинг бундай шубҳаланишига асос бор эди.

Ибн Арабшоҳ ёзади: “Темур Самарқандда боғ-бўстонлар бунёд қилиш ва қасрлар қуриш билан машғул бўлиб турганда, қўшни мамлакатлар (унинг ҳужумидан) осойишта бўлиб, бақамти ўлкалар эса ундан бехавотир эдилар. Темурнинг ишлари ниҳоясига, қасрлари (қурилиб) камолига етгач, у ўз қўшинига Самарқандда жам бўлишини буюрди. Кейин улар учун ўзи ўйлаб топиб, ихтиро қилган таркиб ва тазрибда (махсус) қалпоқлар тайёрлашларини ҳамда жангчилар уларни кийиб, юришга одатланишларини амр қилди. Темур уларнинг қайси томонга боришларини маълум қилмади. Бу қалпоқлар улар учун шартли бир белги эди. Темур ўз ерларининг барча томонларида олдиндан посбонлар тайинлаб қўйганди. Сўнгра у Самарқанддан чиқиб, ўзини Хўжанд, Усмонли ерлари  ва Жандга боряпман деб овоза тарқатди. Шундан кейин у ўз аскари гирдобига шўнғиб кетдики, гўё у денгиз бурилиши ва қайси томонга ғорат ва талаф элтишини ҳеч ким билмасди, у шаҳар кетидан шаҳар босиб ўтиб, кеча-кундуз йўл юрди, у юлдузлардек учар ва чавандозлардек тез чопарди ҳамда қўнган ҳар бир жойда чарчаган зотдор туяларни ташлаб кетар эди. Ниҳоят, у ҳеч ким ўйламаганда, Луристон ерларида пайдо бўлди”.

Яна шу муаррих бу ҳақда ёзади: “Темурнинг қўшин байроқлари машриқда турганда, унинг ноғоралари нағмалари ва удларининг зарблари Ироқ, Исфахон ва Шероз ҳисорида янграганда, бирдан унинг торларининг жаранглашиши ва карнайларининг ғатиллаши Рум кўчаларида, Руҳа манзилларида ва Ҳижоз карвонлари ораларида эшитилиб қоларди…”

Шу сабабдан ҳам Амир Темур юришларида суяги қотган тажрибали навкарлар “Хитойға деб боравериб, тағин Мозандарондан чиқиб қолмайлик!” – деб бир-бирларига гап қотишар, бу гапни эшитган ёш навкарлар Шом ва Рум жанглари ҳақида мафтункор ҳикояларни эшитган ва ўша сеҳрли ўлкаларга ошиқ бўлиб қолганларидан “Кошки, шундай бўлса!” деб ўйлашарди. Ҳар бир навкар жангга шай, жасоратга тайёрлигини намойиш этмоқчидек, шахдам қадам ташлайди, отини ўйнатади.

Темур ўзининг ҳарбий юришларига ниҳоятда пухта тайёрланар, одатда ҳар бир жангчининг қуроли ва озиғини шахсан ўзи кўздан кечирарди. Муаррихларнинг ёзишича, ҳар бир жангчи бир йилга етадиган озиқ-овқат ва бошқа буюмлар захираси, тўрт хил қурол-яроғ – бир камон ва ўттиз ўқ-ёй, совут ва қалқонга эга бўлиши лозим бўлган. Ҳар икки жангчида бир от ва ҳар ўн кишида бир чодир, бир белкурак, бир кетмон, бир ўроқ, бир арра, бир теша, бир бигиз, юзта игна, арқон, бир пишиқ тери ва бир қозон бўлиши талаб этиларди…

Қўшиннинг олдига тушиб, анча узоқлаб кетган бир тўп отлиқлар – Халил Султон, Султон Ҳусайн ва улардан ёшроқ бўлган шаҳзодалар: Улуғбек, Иброҳим Султон, Бойқаро, Ижил, Суюрғатмиш ўзаро суҳбатлашиб кетмоқда. Улардан сал кейинроқда бир гуруҳ хос навкарлар ҳар қандай хавф-хатарни даф этмоққа шай ҳолда от ниқташади.

Эрта саҳар йўлга чиқилганига, ҳавонинг авзойи бузилиб, тунд ва кўнгилсиз бўлиб турганига қарамай (сарой мунажжими янги юриш учун саодатли деб шу кунни белгилаган эди), доруссалтанада зериккан навжувон мирзолар от устида ҳам шеър айтиш билан банд. Деярлик ҳаммаси шеър ёзишдан хабардор. Халил Султоннинг ғазаллари эса ҳатто қўшиқ бўлиб, эл орасида тарқалган.

Ҳозир улар ким ўзарга шеър айтишни якунлаб, янги эрмак бошлашган. Бу шеърий ўйин ўзига хос мусоҳаба бўлиб, биринчи киши ғазал матлабини айтар, иккинчи киши уни давом эттирар, у ёғи ҳам шундай тарзда давом этиб, сўнгги байтга етганда, навбат олган шоир албатта ўз тахаллусини қўшиб, ғазални якунлаши лозим эди. Тажрибали Халил Султон от устида тебранаркан,  тенгдоши Султон Ҳусайнга, кейин мурғак шаҳзодаларга кўз ташлади-да, кўзларида муғомбирона ўт чақнаб, биринчи сатрни бошлади:

Эй кўрклилар хаёли била мубтало кўнгул…

Ҳусайн ялт этиб, Халил Султонга тикилди, унинг совуқ кўзлари ҳам бир лаҳза чўғлангандек бўлди. Улуғбек аллақачон Халил Султоннинг ҳийласини англаган, ғазални давом эттиришга тайёр, аммо ўзидан ёши улуғ Ҳусайн Мирзо айтишини кутарди. Ҳусайн давом этди:

Кўзи билан кетургон ўзини бало кўнгул…

Халил Султон билан Ҳусайн бир-бирларига қараб, роҳатланиб кулдилар, сўнг икковлон Улуғбекка қарадилар. Улуғбек эса Иброҳим Султонга қаради. Иброҳим Султон “Ўзинг айтавер!” дегандек бош силкитди. Улуғбек ўша заҳот жарангли овозини баралла қўйиб:

Не ерда бир қамар киби юз кўрижак равон,
Кўзунг юмуб тушарсан анинг устино, кўнгул…

— деб айтди-ю, ўзига ҳайрон қараб қолган Халил Султон билан Ҳусайнга қараб хохолаб кулиб юборди. Баёв табиатли Иброҳим Султон бир зум ичида айтилган сатрларни ўзича қайтарди-да:

— Ия, бу Сайфи Саройи ғазали-ку?! – деди.

Энди ҳаммалари баравар кулиб юбордилар. Халил Султон ҳийласи амалга ошмаганидан, Ҳусайн унга шерик бўлганидан, Улуғбек ўзини писанд қилмаган акаларини боплаганидан, Иброҳим Султон эса бу муғомбирликни олдиндан сезмаганидан завқланиб куларди. Гўё бепоён дашт қўйни ёшларнинг кулгуси билан тўлгандек туюларди.

Улар ҳозир бирга эдилар, улар бирлигининг боиси Соҳибқирон бобо эди. Аммо қазодек қайтарилмас ҳукмга кўра уч ойдан сўнг ўзаро рақиб бўлиб, бир-бирларига қилич қайрашларини билмас эдилар. Бу даҳшатли ҳукм қўшин ўртасида оппоқ от устида оғир тебраниб келаётган Жаҳонгирнинг ўлимидан сўнг кучга кириши ёлғиз Аллоҳга аён эди.

Самарқанддаёқ қўшиннинг ўнг қаноти Тошкент ва Сайрамда, сўл қаноти эса Яссида қишлаши мўлжалланган эди. Шунга кўра, Халил Султон мирзо бошлиқ амирлар Тошкентда, Ҳусайн мирзо эса Яссида, Соҳибқироннинг ўзи эса қўшиннинг қолган қисми билан Ўтрор ва унинг атрофларида қишлаши ҳам барчага маълум. Темурнинг ҳисоб-китобига кўра, қўшин уч ярим минг чақиримдан зиёд йўл юрмоғи зарур эди. Йўлнинг олислиги, қўшиннинг улканлиги шунга етарли озиқ-овқат, ем-хашак билан таъминламоғи лозим. Шунинг учун ҳам қўшин ортидан ҳар хил юклар ортилган захира карвонлари изма-из йўл босади.

Амир Темур юришларга қўшинини олиб чиқавериб ғоят пишиб кетган қўмондон эди. У фақатгина яқин муддатга мўлжалланган озиқ-овқат ғамлаш билан чекланиб қолмай, тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, навкарлари изидан бир неча минг от-аравага буғдой юклаб юрарди. У эртанги кунини ҳам ўйлаб, қўшин қайтаётганида ҳам озиқ-овқат муаммосини ҳал қилиш учун қулай жойларга буғдой, арпа, сули эктирарди. Шунингдек, қимизи ва қимронини ичиш учун бир неча минг бия ва туя олиб юрарди.

Амир Темур дастлаб Оқсулотда бир ой турди, жумадулохирнинг поёнида эса Ўтрорга қараб йўл олди. Заркент шаҳри яқинида қўшин муз қоплаган Сирдарё устидан эсон-омон ўтиб олди. Қиш қаттиқ келган, дарё устини қоплаган музнинг қалинлиги бир-икки, баъзи жойларда уч тирсакка етган эдики, бу муз кўприк ҳар қаердан пиёда ва отлиқ қўшин ўтса, бемалол бардош берарди. Қўшин дарёдан эсон-омон ўтган бўлса-да, йўлда кўп одам нобуд бўлди. Қалин қор баъзи жойда отнинг кўкрагича ёғган, совуқ кучайиб борарди.

Амир Темур минг бир машаққат билан Ўтрорга етиб, шаҳар ҳокими Бердибек саройига қўнди. У қишни Ўтрорда ўтказиб, баҳорда Хитойга ҳамла қилиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Аммо унга баҳорни кўриш насиб этмади. Ўтрорга етган кундан икки ҳафта ўтиб, Соҳибқирон бетоб бўлиб қолди.

Хасталикнинг учинчи куни Соҳибқирон ўлими яқинлашганини сезди-ю, Сароймулкхонимни чақиртирди. Кейин амир Шоҳмалик билан амир Шайх Нуриддин чақиртирилди. Ниҳоят, амирлар чиқиб кетдилару, чодирдан чиққан хос табиб мавлоно Фазлуллоҳ Табризийнинг шогирди бўлган йигит Улуғбекка яқинлашди:

— Амирзодам, — деди у пичирлаб, — сизни сўраяптилар…

Улуғбек ичкарига қадам қўйди-ю, бобосининг қовоқлари юмилганини кўриб, қўрқиб кетганидан, ялт этиб бибисига қаради. Бибиси “яқинроқ ўт!” дегандек ишора қилгач, бобосига яқинлашди. Ўша заҳот бобосининг қовоқлари сезилар-сезилмас пирпираганини илғади. Бобосининг кўзларида нур йилтиради. Боланинг бўғзига нимадир тиқилиб келди, аммо ўзини тутиб, бобоси олдида тиз чўкди. Сўнг кўрпадан чиқиб турган беморнинг кафтини силай бошлади.

— Улуғбек мирзо! – бобосининг товуши ўзгармаган, ўшандай кучли ва қатъий эди. – Келдингизми?

— Келдим, бобожон, келдим! – дея шоша-пиша жавоб берди у.

Улуғбек парқу ёстиққа бош қўйганча хира кўзларини унга тикиб турган бобосига қараб эгилди. Бобосининг юзи ики-уч кун ичида сарғайиб кетганини кўриб, ичидан зил кетди. Ҳатто у ҳам ёшгина боши билан бу ўлим муқаррарлигининг аломати эканини англади.

— Қошимда бўлинг, — деди бобоси пичирлаб, — Гапирмасангиз ҳам, майли…

Улуғбек бибисига қаради. Аммо бибиси Мавлоно Фазлуллоҳ билан пичирлашиб турарди.

— Муҳаммад Тарағай бобонгиз… – Яна бобосининг товуши эшитилди, — Менга қилғон васиятлари ҳақинда… сўйлағоним ёдингиздаму?

— Ёдимда, бобожон, ҳар ўгитингизни зеҳнимға жо этғонмен… – деди Улуғбек яна бобоси устига эгилганча.

— Кўп яқинлашманг, мирзо, — деди тўсатдан бобоси, — Нафасингиз кучлидур, нафасимни қайтармасин…

Табиб йигит Улуғбекнинг енгидан тутди. Аммо бола бобоси унга яна нимадир демоқчилигини сезгач, табиб йигитга эътибор қилмади.

— Ўша сўзлар қулоғингизда бўлсун… Хўпми, болам?

Яна бўғзига нимадир тиқилиб келди-ю, бола жавоб бермоққа иложсиз қолди, фақат “Хўп!” дегандек бош силкитди, холос. Табиб йигит яна шаҳзоданинг енгидан тутди, бу билан суҳбатни бас қилишни сўради. Улуғбек қаддини ростлади. Чиқаётиб, бибиси билан ҳамон пичирлашиб гаплашаётган мавлоно Фазлуллоҳга кўз ташлади. Сўнг индамай, вазмин одимлаб ташқарига чиқди.

Амир Темур қайтиб ўрнидан туролмаслигини англагач, тақдирга тан бериб, энг содиқ амирларини ҳузурига чорлади ва гапни чўзиб ўтирмай, ўзидан кейин набираси Пирмуҳаммад Жаҳонгир салтанат эгаси бўлиши ҳақидаги сўнгги амрини эълон қилди.

Сўнг барча амирлари, сарой одамлари олдида сўнгги васиятини айтиб туриб, котибга ёздирди

— Англаб турибманки, руҳ қуши қалб қафасидан парвоз қилмоқчи, Тангри таолонинг даргоҳига жонимни бахш этаётибман, — деб васиятномасини бошлади буюк жаҳонгир. – Сизларни унинг лутфу марҳаматига топширдим. – Амир Темур шундай деб Сароймулкхонимга, унинг ёнидаги набираларига тикилди, уларнинг йиғлаётганларини кўриб, сўзини давом этди: — Оби дийда қилиб ўтирманглар, оҳу нола чекманглар, чунки бундан фойда йўқ. Руҳимни фотиҳа ва такбир билан шод этинглар.

Алҳамдилиллоҳ, Тангри таолонинг ёрдами-ла маъмурайи оламни шундай забт этдимки, бугун тамом Эрону Туронда бирор кишининг бошқаларнинг ишига аралашиши ёки жабру бепок қўлини бечораларга озор бериш учун кўтаришга мажоли йўқдур. Гуноҳим қанча кўп бўлса ҳам кечиринглар, деб Тангри таолонинг мулкини беқиёс сахийлик билан қўриқладим, золимларнинг тажовузли қўлини мазлумларнинг этагидан юлиб ташладим. Салтанат қуриб ўлтирганимда, эшитмаган ёки менга хабар қилмаган, ёхуд дунё собит бўлмаган пайтлардан бошқа вақтда зўравоннинг заиф устидан зўравонлик қилишига йўл қўймадим…

Шундай бўлса-да, дунё менга вафо қилмади, билингларки, сизга ҳам вафо қилмайди…

Лекин жабру зулмга монеълик қилиш ишини кечиктириш мамлакатни хавфу ғавғо остида қолдиради, жумлаи ҳалойиқнинг ҳузур-ҳаловатини бузади, маслагу тариқатнинг бузилишига олиб келади. Қиёмат куни буни биздан сўрайдилар, суриштирадилар…

Шу кундан эътиборан фарзандимиз Пирмуҳаммад Жаҳонгирни ўзимизга валиаҳд ва тожу-тахт вориси этиб тайинладикким, Самарқанд тахти унинг фармонида бўлғай, тамкинлик ва истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раиятнинг муҳим юмушлари билан машғул бўлсун. Сизлар эса унга тобеълик ва бўйсуниш маросимини ўрнига қўйинглар, уни биргаликда қўллаб-қувватланглар, токи олам бузилмасун, юрт парчаланмасун…

Ўғилларим, Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларни яхши ўқинг, асло унутманг ва тадбиқ этинг.

Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздур. Заифаларни қўриқланг, йўқсулларни бойлар зулмига ташламанг. Адолат ва озодлик дастурингиз, раҳбарингиз бўлсун. Мен каби узун салтанат сурмак истасангиз, қиличингизни яхши ўйлаб чекингиз… орангизда нифоқ пайдо бўлмаслиги учун кўп диққат бўлинг. Баъзи надимларингиз ва душманларингиз нифоқ тухуми сочмакка, бундан  фойдаланмакка киришажакдурлар. Фақат тузугим ва васиятим сизға тўғри йўл кўрсатғай. Аларга содиқ қолсанғиз, тош бошингизға тушмас…

Амир Темур жим қолди. Суюкли малика олдидагина хасталигини, хасталик заифликларини борича очиқ кўрсатган қари жаҳонгир амирлари қаршисида ҳамон қатъиятли ҳукмдор эди. У ҳар бир амирга қаттиқ тикилиб, таъкидлади:

— Яна айтаман: мендан сўнг тожу тахт эгаси Пирмуҳаммад Жаҳонгир бўлажакдур. Унга, худди менга итоат қилганингиз каби итоатда бўлингиз.

Бундан бир неча йил аввал Соҳибқирон валиаҳдликка Жаҳонгир Мирзонинг тўнғич фарзанди Муҳаммад Султонни мўлжалланган эди. Аммо набираси Рум юриши поёнида аллақандай дарддан тўсатдан қазо қилди. Валиаҳдлик марҳум амирзоданинг иниси Пирмуҳаммад Жаҳонгирга ўтди. Соҳибқирон Хитой юриши арафаси набирасини Ғазнадан чақириб, унга ўз ниятини маълум қилган ва унинг тож-тахтга даъвосини мустаҳкамлаш учун хонлар наслидан бўлган инисининг бевасини Пирмуҳаммадга никоҳлаб берди. Ҳатто Конигул тўйларидан сўнг Сароймулкхоним мадрасасида ўтказган мажлисда ўзига садоқатли амирларга валиаҳдлик ҳақида келган қарорини айтган, улардан шаҳзодага содиқ бўлиш ваъдасини ҳам олган эди. Аммо ҳозир… Ҳозир у ўлим тўшагида ётибди, Пирмуҳаммад Жаҳонгирни ёнига чорлагани билан, у етиб келгунча Тангри таоло унинг жонини олиши аниқ. Демак, амирларга қасам ичиришдан бошқа йўл йўқ!

Амир Темур яна ҳар бир сафдошига тикилиб, буюрди:

— Ҳар бирингиз бу амримга итоат оминини бажо келтиринғиз! Сўнг Қуръони Карим устида қасам ичинғиз!

Ўша он даргоҳдаги  амирлар бараварига “Омин!” деб фотиҳа айтдилар ва бирин-кетин муқаддас китобни ўпиб, қасам ичдилар.

Ҳамманинг кўз ўнгида Амир Темур салтанат муҳрини олиб, васиятномага босди. У шундай қилишга мажбур эди. Чунки ҳозир унинг ёнида мурғак шаҳзодаларни айтмаганда, ёши улуғ на бир фарзанди ва бир набираси бор. Қанийдики, улар шу ерда – ёнида бўлсалару   валиаҳдлик борасидаги гапларни унинг ўз оғзидан эшитсалар…

Аммо амирзодаларни чорлаш ҳақида амир Шоҳмалик оғиз очганда, соҳибқирон “йўқ!” дегандек бош чайқаб, гапирди:

— Вақт ўтди, Шоҳмалик, аммо… аммо Шоҳруҳни бир кўргум бор эрди…

Амир Темур гапини тугатолмади, уни қаттиқ йўтал тутди. Анчадан кейин юзи қип-қизариб кетган Соҳибқирон яна хира кўзларини амир Шоҳмаликка тикиб, дона-дона қилиб айтди:

— Улуғбек мирзони сенга топширғонимни минбаъд унутма… Сен анинг оталиғисан… Ундан бохабар бўл!

Яна бир дамдан кейин Амир Темур икки сафдошига қаттиқ тикилди:

— Биламан, валиаҳдлик Шоҳруҳға бўлсун, дейсиз!.. Аммо, валиаҳдлиғ тўнғич ўғил хонадониға бўлсун, демаганми ота-боболар?!  Шоҳмалик!.. Нуриддин!.. Бохабар бўлинг! Мабодо васиятимға хилоф ишлар рўй берса, йўл қўйманғиз! Қилич бирлан йўл қўйманғиз! Васиятимни бузғон ким бўлмасун, ўғлимми, набирамми, жазоланғиз! Илло, шундай қилмасангиз, барчанғиз нес-нобудлик комиға тортилғайсиз! Бу сўзларим ёдингизда бўлсун!

Соҳибқирон Сароймулкхоним ҳам Шоҳруҳ тарафдори эканини биларди. Шу сабабдан у малика билан ҳам гаплашди.

— Биби, — деди Амир Темур, — сиз салтанат маҳди улёсидурсиз. Шундай эркан, салтанат тақдири сизға ҳам боғлиқдур… бу суҳбат балки сўнггиси бўлғай. Сиздан ёлғиз бир ўтинчим: валиаҳдлиғ расми бузулмасун!

Амир Темур Кўрагон саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг ўн еттинчисида – мелодий 1405 йилнинг 18 февралида етмиш ёшида оламдан ўтди.

Армений Вамбери ёзади: “Ўлим билан юзларча марта юзма-юз келган Темур ҳаётининг бу сўнгги дақиқаларида ўзининг қаҳрамонлик вазифасига содиқ қолди. Уни ўраб олган болалари, набиралари ҳамда қуролдош дўстлари дунёдан кўз юмаётган олий ҳукмдор учун аччиқ кўз ёши тўккан пайтда, у ҳаммасини ўзаро иттифоқ ва дўстона ҳаёт кечиришларини истаб, ўзига ворис этиб тайинлаган Пирмуҳаммадга итоат этишларини васият қилди. Унинг ҳузурига набираси Мирзо Халил Султонни ва бошқаларни чақириш учун ижозат сўраганларида, у ўзининг ҳаёти жуда оз қолганини айтиб, бунга салбий жавоб берди. Ўзининг суюкли ўғли Шоҳруҳ мирзони бир кўриб қолмаганига афсусланди. Шундан кейин тез ҳолда тойди. Бир ишора билан мулло Ҳайбатуллонинг Қуръондан бирор сура ўқишини илтимос қилди. 807 йил шаъбонининг еттинчи (аслида ўн еттинчи – Х.Д.) – мелодий 1405 йил 18 феврал куни кечқурун жон таслим этди”.

Тарихчи Бўрибой Аҳмедов ёзади: “Бердибек, Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин эртаси (1405 йил 19 феврал) куни наҳорликдан кейин Темурнинг хотинлари, ёш шаҳзодалар  Улуғбек, Иброҳим Султон ва Муҳаммад Жаҳонгир билан яширин кенгаш ўтказдилар. Ҳозирча юз берган фожиани ошкор қилмаслик, марҳумнинг тобутини барча маликалар,  Улуғбек ҳамда кичик ёшдаги бошқа шаҳзодалар билан бирга амир Хожа Юсуф қавчин мутасаддийлигида, Али Дарвиш шивоғул бошлиқ қўриқчилар ҳимоясида махфий суратда Самарқандга жўнатиш, Иброҳим Султон ва Халил Султон бошчилигида Хитой устига юришни бошлаб юбориш, тожу тахт масаласини юришдан кейин Самарқандда қурултой чақириб ҳал қилишга қарор қилинди.

Лекин, амалда ҳар ким ўз билганича иш тутди, амирларнинг ичган қасамлари қасамлигича қолди. Биринчи бўлиб қасамдан Темурнинг яқинлари кечишди. Шайх Нуриддин билан Шоҳмалик ҳам, Темурнинг бевалари ҳам васиятга хилоф равишда хокимиятни Шоҳруҳга топшириш пайига тушдилар. Шунинг учун ҳам улар Темур ўлимини Халил Султондан ҳам, Султон Ҳусайндан ҳам сир тутдилар. Тошкент ва Яссига борган чопарлар шаҳзодаларга гапнинг ростини айтишмади. Фақат Соҳибқироннинг оғир бетоб бўлиб қолганини хабар қилдилар, холос. Ҳиротга юборилган Шайх Темур қавчин эса Шоҳруҳга бўлган гапни очиқ-ошкор айтди. Шундан кейин Шоҳруҳ рамазон ойининг бошида (1405 йил 1 март куни) ўз номига хутба ўқиттириб, пул зарб қилдирди.

“Ойни этак билан ёпиб бўлмас”, деганларидек, Темурнинг ўлимини ҳам яшириб бўлмади. Совуқ хабар тез орада Саброн билан Тошкентга ҳам етиб борди. Султон Ҳусайн қўл остидаги қўшинни ташлаб, минг чоғли сара йигити билан Самарқандга қараб от сурди. Халил Султон ҳам фурсатни қўлдан бермади. Ҳаммадан аввал Самарқанд ҳокими амир Арғуншоҳ билан алоқа ўрнатди. Унинг Самарқандга юборган вакили Арғуншоҳ билан гапни бир жойга қўйиб қайтди. Амир Арғуншоҳ Темурнинг жасади солинган тахтиравондан бошқа бирон зотни шаҳарга киритмаслик ва пойтахтни Халил Султон етиб келгунча, эҳтиёт қилиб туришга сўз берди…

Кўп ўтмай Хитойга юришни давом эттириш режаси ҳам чиппакка чиқди. Темур вафотидан бир ҳафта ўтгандан кейин, 1405 йил 24 феврал куни чошгоҳда Иброҳим Султон билан амирлар отланишиб, қўшин билан Ўтрордан чиқдилар, лекин ҳаммаси бўлиб бир тош йўл босдилар, холос. Улар Азуж ариғигача бориб, Қулдурма кўприги олдида чодир тикдилар. Лашкар орасида бузилиш юз бермаслиги учун Амир Темурнинг туғи Иброҳим Султон чодири куббасига тикиб қўйилди. 19 феврал куни Тошкент билан Сабронга юборилган чопарлардан ҳам уччала қўшин – Иброҳим Султон, Халил Султон ҳамда Султон Ҳусайн бошлиқ қўшинлар Чўқлик мавзеъида қўшилиши ва у ёғига юришни биргаликда давом эттиришлари айтиб юборилган эди. Бахтга қарши чопарлар нохуш хабар олиб келдилар: Султон Ҳусайн аллақачон қўшинни ташлаб, Самарқандга отланибди ва ҳаммадан илгари тожу  тахтни қўлга киритиш пайига тушибди. Марҳум Умаршайх мирзонинг ўғли Амирзода Аҳмад билан Худойдод Ҳусайний, амирлардан Ёдгоршоҳ орлот, Шамсиддин Аббос, Бурундуқ барлос ва бошқалар ҳам тил бириктириб, Халил Султонни подшо кўтарибдилар. Бу хабар Иброҳим Султоннинг ёнидаги амирларни довдиратиб қўйди. Охири улар ҳам Иброҳим Султон ҳамроҳлигида орқага қайтишга қарор қилдилар ва Темурнинг Хитой юриши харажатлари учун ўзи билан бирга Ўтрорга олиб келинган хазинасини ҳам олиб, шитоб тарзда Самарқандга қараб юзландилар…

Иброҳим Султон ва унинг амирлари тобут билан бораётган оғалар (маликалар) ва мирзоларга (Улуғбек, Муҳаммад Жаҳонгир, Ийжил, Бойқаро, Суюрғатмиш) Оқсулотда етиб олдилар, уларга қўшилиб, Самарқанд сари юрдилар. Шоҳмаликнинг таклифи билан, ҳар эҳтимолга қарши, жиба ва совутларини кийиб олдилар ва саф тортиб, жанговар тартибда йўлга тушдилар. Қўшиннинг ўнг қанотига Улуғбек билан амир Шоҳмалик, унинг сўл қанотига Иброҳим Султон ва Шайх Нуриддин бошлиқ этиб тайинландилар…

Амир Арғуншоҳ шаҳарга фақат тобут ортилган тахтиравоннигина киритди. Чорраҳа дарвоза олдига келган Шоҳмаликка эса Темурнинг сўнгги иродаси билан Ўтрордан юборилган фармони олийни рўкач қилди ва “Борлиқ шаҳзодалар иттифоқ бўлуб амирзода Пирмуҳаммад Жаҳонгирни подшоҳ кўтармагунларича, бирон зот қалъага дохил этилмайдур”, — деб жавоб қилди…”

Арғуншоҳнинг хиёнат йўлига кирганидан шубҳаланган амир Шоҳмалик Улуғбек билан Иброҳим Султонга маслаҳат солди:
— Баттол Арғуншоҳ қалъаға ёлғиз маликалару мурғак мирзоларни киритамен, деб эмиш. Аммо, миш-мишларга кўра, Халил Султон одами анинг ёнида, аларға ваъдаси бор эмиш… Шул сабабдин бунда турмоқ мушкулдур, Бухороға йўл олмоқ лозим. Тангри таоло иноят этса, Самарқандни яна олғаймиз…

Бу гапни маъқул топган шаҳзодалар Бибихоним ва бошқа маликалар билан хайрлашдилар. Сароймулкхоним  қўнган Алиобод қишлоғидаги ҳовлидан кўзлари намланиб чиққан Улуғбек кекса бибиси билан абадий видолашганини бехабар эди. Ҳеч кимга билинтирмай, кўзлари четидаги намни бибиси совға қилган рўмолча билан артар экан, ўн яшар боланинг юраги бесаранжом дукилларди.

Улар Бухорога ярим йил аввал Хитой юришига чиқилган йўл билан борардилар. Фарқи, куз эмас, баҳор эди, улкан қўшин эмас, бир гуруҳ навкар уларга ҳамроҳ эди. Улуғбек ўша олис кунни эслади. Ўшанда осмон булутли, кўнгил қувончли эди. Бугун осмон чароғон, кўнгил хуфтон. Унинг кўз ўнгида хохолаб кулган шаҳзодаларнинг қувончли ҳолатлари кўринди-ю, Сайфи Саройи ғазалининг давоми тилига қуюлиб кела бошлади:

Бир гул яноқлару  жоду қароқлуға ўғрасанг,
Жонинг фидо қилурсан ўшул анго кўнгул.

Султонлар ўғли зулфина густоҳ қўл сунаи,
Сан-сан алинда бир пули йўқ бенаво кўнгул.

Улким сани жафо била ўлтурмаға тилар,
Минг жон била қилурсан анға хуш дуо, кўнгул.

Тортиб замона хўбларинин жаврини мудом,
Кўрдунгму ҳеч биринда булардан вафо, кўнгул.

Куйдим санинг била неча кез фурсат ўтина,
Йиллар чекиб санинг била жавру жафо, кўнгул.

Қози эви на ерда, ажаб, муфти қайдадур,
Қилғай эдим санинг била хуш можаро, кўнгул.

Сайфи Саройини бу қароқида боғласанг,
Хўблар жафоси бирла бўлурса фано, кўнгул…

ИЗОҲ: Шу ўринда бугунги ёш китобхонга ушбу боб матнида учрайдиган «Хитой» ёки «Хитойга юриш» ибрасини нотўғи тушунмасликлари учун изоҳ бермоқчиман. Ўша пайтдаги Хитойни асло бугунги Хитой мамлакати деб тушунмаслик керак. Амир Темур замонидан олдинроқ, ҳали Чингизхон замонида Хитой мўғиллар томонидан забт этилган ва Амир Темур замонида ҳам Чингизхон авлодлари томонидан бошқарилар эди. Соҳибқироннинг юришга отланишидан мақсади жиҳод эди, яъни бутпараст мўғулларни Исломга олиб кириш эди.

18 FEVRAL – SOHIBQIRON AMIR TEMUR XOTIRASI KUNI

Amir Temur ming bir mashaqqat bilan Oʻtrorga yetib, shahar hokimi Berdibek saroyiga qoʻndi. U qishni Oʻtrorda oʻtkazib, bahorda Xitoyga hamla qilish uchun tayyorgarlik koʻra boshladi. Ammo unga bahorni koʻrish nasib etmadi. Oʻtrorga yetgan kundan ikki hafta oʻtib, Sohibqiron betob boʻlib qoldi…

Xurshid Davron
AYRILIQ
«Sohibqiron nabirasi» qissasidan
07

Osmonni qora bulutlar qoplagan, tong salqini izg’iringa aylangan kech kuzak kunlarining birida Amir Temur Samarqanddan chiqib, Sirdaryo tomonga qarab yo’naldi. Tevarak atrofda maysalar qovjiragan, yerdagi xazonlar o’z rangini yo’qota boshlagan, kuz mavsumi oxirlab, qish yaqinlashib qolgani tabiatning har bir alomatida sezilardi.

Bepoyon dasht aro ulkan qo’shin xotirjam yo’l bosadi. Navkarlar bu galgi yurish necha yil davom etishini bilmaydilar – ba’zilari buni o’ylab, xayolga botgan, ayrimlari esa taxmin aytib, bahs qilishadi. Ba’zi birlar “Rostdan ham Xitoy ustig’ami?” – deb gumonsirashadi. Ularning bunday shubhalanishiga asos bor edi.

Ibn Arabshoh yozadi: “Temur Samarqandda bog’-bo’stonlar bunyod qilish va qasrlar qurish bilan mashg’ul bo’lib turganda, qo’shni mamlakatlar (uning hujumidan) osoyishta bo’lib, baqamti o’lkalar esa undan bexavotir edilar. Temurning ishlari nihoyasiga, qasrlari (qurilib) kamoliga yetgach, u o’z qo’shiniga Samarqandda jam bo’lishini buyurdi. Keyin ular uchun o’zi o’ylab topib, ixtiro qilgan tarkib va tazribda (maxsus) qalpoqlar tayyorlashlarini hamda jangchilar ularni kiyib, yurishga odatlanishlarini amr qildi. Temur ularning qaysi tomonga borishlarini ma’lum qilmadi. Bu qalpoqlar ular uchun shartli bir belgi edi. Temur o’z yerlarining barcha tomonlarida oldindan posbonlar tayinlab qo’ygandi. So’ngra u Samarqanddan chiqib, o’zini Xo’jand, Usmonli yerlari va Jandga boryapman deb ovoza tarqatdi. Shundan keyin u o’z askari girdobiga sho’ng’ib ketdiki, go’yo u dengiz burilishi va qaysi tomonga g’orat va talaf eltishini hech kim bilmasdi, u shahar ketidan shahar bosib o’tib, kecha-kunduz yo’l yurdi, u yulduzlardek uchar va chavandozlardek tez chopardi hamda qo’ngan har bir joyda charchagan zotdor tuyalarni tashlab ketar edi. Nihoyat, u hech kim o’ylamaganda, Luriston yerlarida paydo bo’ldi”.

Yana shu muarrix bu haqda yozadi: “Temurning qo’shin bayroqlari mashriqda turganda, uning nog’oralari  nag’malari va udlarining zarblari Iroq, Isfaxon va Sheroz hisorida yangraganda, birdan uning torlarining jaranglashishi va karnaylarining g’atillashi Rum ko’chalarida, Ruha manzillarida va Hijoz karvonlari oralarida eshitilib qolardi…”

Shu sababdan ham Amir Temur yurishlarida suyagi qotgan tajribali navkarlar “Xitoyg’a deb boraverib, tag’in Mozandarondan chiqib qolmaylik!” – deb bir-birlariga gap qotishar, bu gapni eshitgan yosh navkarlar Shom va Rum janglari haqida maftunkor hikoyalarni eshitgan va o’sha sehrli o’lkalarga oshiq bo’lib qolganlaridan “Koshki, shunday bo’lsa!” deb o’ylashardi. Har bir navkar jangga shay, jasoratga tayyorligini namoyish etmoqchidek, shaxdam qadam tashlaydi, otini o’ynatadi.

Temur o’zining harbiy yurishlariga nihoyatda puxta tayyorlanar, odatda har bir jangchining quroli va ozig’ini shaxsan o’zi ko’zdan kechirardi. Muarrixlarning yozishicha, har bir jangchi bir yilga yetadigan oziq-ovqat va boshqa buyumlar zaxirasi, to’rt xil qurol-yarog’ – bir kamon va o’ttiz o’q-yoy, sovut va qalqonga ega bo’lishi lozim bo’lgan. Har ikki jangchida bir ot va har o’n kishida bir chodir, bir belkurak, bir ketmon, bir o’roq, bir arra, bir tesha, bir bigiz, yuzta igna, arqon, bir pishiq teri va bir qozon bo’lishi talab etilardi…

Qo’shinning oldiga tushib, ancha uzoqlab ketgan bir to’p otliqlar – Xalil Sulton, Sulton Husayn va ulardan yoshroq bo’lgan shahzodalar: Ulug’bek, Ibrohim Sulton, Boyqaro, Ijil, Suyurg’atmish o’zaro suhbatlashib ketmoqda. Ulardan sal keyinroqda bir guruh xos navkarlar har qanday xavf-xatarni daf etmoqqa shay holda ot niqtashadi.

Erta sahar yo’lga chiqilganiga, havoning avzoyi buzilib, tund va ko’ngilsiz bo’lib turganiga qaramay (saroy munajjimi yangi yurish uchun saodatli deb shu kunni belgilagan edi), dorussaltanada zerikkan navjuvon mirzolar ot ustida ham she’r aytish bilan band. Deyarlik hammasi she’r yozishdan xabardor. Xalil Sultonning g’azallari esa hatto qo’shiq bo’lib, el orasida tarqalgan.

Hozir ular kim o’zarga she’r aytishni yakunlab, yangi ermak boshlashgan. Bu she’riy o’yin o’ziga xos musohaba bo’lib, birinchi kishi g’azal matlabini aytar, ikkinchi kishi uni davom ettirar, u yog’i ham shunday tarzda davom etib, so’nggi baytga yetganda, navbat olgan shoir albatta o’z taxallusini qo’shib, g’azalni yakunlashi lozim edi. Tajribali Xalil Sulton ot ustida tebranarkan, tengdoshi Sulton Husaynga, keyin murg’ak shahzodalarga ko’z tashladi-da, ko’zlarida mug’ombirona o’t chaqnab, birinchi satrni boshladi:

Ey ko’rklilar xayoli bila mubtalo ko’ngul…

Husayn yalt etib, Xalil Sultonga tikildi, uning sovuq ko’zlari ham bir lahza cho’g’langandek bo’ldi. Ulug’bek allaqachon Xalil Sultonning hiylasini anglagan, g’azalni davom ettirishga tayyor, ammo o’zidan yoshi ulug’ Husayn Mirzo aytishini kutardi. Husayn davom etdi:

Ko’zi bilan keturgon o’zini balo ko’ngul…

Xalil Sulton bilan Husayn bir-birlariga qarab, rohatlanib kuldilar, so’ng ikkovlon Ulug’bekka qaradilar. Ulug’bek esa Ibrohim Sultonga qaradi. Ibrohim Sulton “O’zing aytaver!” degandek bosh silkitdi. Ulug’bek o’sha zahot jarangli ovozini baralla qo’yib:

Ne yerda bir qamar kibi yuz ko’rijak ravon,
Ko’zung yumub tusharsan aning ustino, ko’ngul…

— deb aytdi-yu, o’ziga hayron qarab qolgan Xalil Sulton bilan Husaynga qarab xoxolab kulib yubordi. Bayov tabiatli Ibrohim Sulton bir zum ichida aytilgan satrlarni o’zicha qaytardi-da:

— Iya, bu Sayfi Saroyi g’azali-ku?! – dedi.

Endi hammalari baravar kulib yubordilar. Xalil Sulton hiylasi amalga oshmaganidan, Husayn unga sherik bo’lganidan, Ulug’bek o’zini pisand qilmagan akalarini boplaganidan, Ibrohim Sulton esa bu mug’ombirlikni oldindan sezmaganidan zavqlanib kulardi. Go’yo bepoyon dasht qo’yni yoshlarning kulgusi bilan to’lgandek tuyulardi.

Ular hozir birga edilar, ular birligining boisi Sohibqiron bobo edi. Ammo qazodek qaytarilmas hukmga ko’ra uch oydan so’ng o’zaro raqib bo’lib, bir-birlariga qilich qayrashlarini bilmas edilar. Bu dahshatli hukm qo’shin o’rtasida oppoq ot ustida og’ir tebranib kelayotgan Jahongirning o’limidan so’ng kuchga kirishi yolg’iz Allohga ayon edi.

Samarqanddayoq qo’shinning o’ng qanoti Toshkent va Sayramda, so’l qanoti esa Yassida qishlashi mo’ljallangan edi. Shunga ko’ra, Xalil Sulton mirzo boshliq amirlar Toshkentda, Husayn mirzo esa Yassida, Sohibqironning o’zi esa qo’shinning qolgan qismi bilan O’tror va uning atroflarida qishlashi ham barchaga ma’lum. Temurning hisob-kitobiga ko’ra, qo’shin uch yarim ming chaqirimdan ziyod yo’l yurmog’i zarur edi. Yo’lning olisligi, qo’shinning ulkanligi shunga yetarli oziq-ovqat, yem-xashak bilan ta’minlamog’i lozim. Shuning uchun ham qo’shin ortidan har xil yuklar ortilgan zaxira karvonlari izma-iz yo’l bosadi.

Amir Temur yurishlarga qo’shinini olib chiqaverib g’oyat pishib ketgan qo’mondon edi. U faqatgina yaqin muddatga mo’ljallangan oziq-ovqat g’amlash bilan cheklanib qolmay, tarixchilarning guvohlik berishicha, navkarlari izidan bir necha ming ot-aravaga bug’doy yuklab yurardi. U ertangi kunini ham o’ylab, qo’shin qaytayotganida ham oziq-ovqat muammosini hal qilish uchun qulay joylarga bug’doy, arpa, suli ektirardi. Shuningdek, qimizi va qimronini ichish uchun bir necha ming biya va tuya olib yurardi.

Amir Temur dastlab Oqsulotda bir oy turdi, jumaduloxirning poyonida esa O’trorga qarab yo’l oldi. Zarkent shahri yaqinida qo’shin muz qoplagan Sirdaryo ustidan eson-omon o’tib oldi. Qish qattiq kelgan, daryo ustini qoplagan muzning qalinligi bir-ikki, ba’zi joylarda uch tirsakka yetgan ediki, bu muz ko’prik har qaerdan piyoda va otliq qo’shin o’tsa, bemalol bardosh berardi. Qo’shin daryodan eson-omon o’tgan bo’lsa-da, yo’lda ko’p odam nobud bo’ldi. Qalin qor ba’zi joyda otning ko’kragicha yog’gan, sovuq kuchayib borardi.

Amir Temur ming bir mashaqqat bilan O’trorga yetib, shahar hokimi Berdibek saroyiga qo’ndi. U qishni O’trorda o’tkazib, bahorda Xitoyga hamla qilish uchun tayyorgarlik ko’ra boshladi. Ammo unga bahorni ko’rish nasib etmadi. O’trorga yetgan kundan ikki hafta o’tib, Sohibqiron betob bo’lib qoldi.

Xastalikning uchinchi kuni Sohibqiron o’limi yaqinlashganini sezdi-yu, Saroymulkxonimni chaqirtirdi. Keyin amir Shohmalik bilan amir Shayx Nuriddin chaqirtirildi. Nihoyat, amirlar chiqib ketdilaru, chodirdan chiqqan xos tabib mavlono Fazlulloh Tabriziyning shogirdi bo’lgan yigit Ulug’bekka yaqinlashdi:

— Amirzodam, — dedi u pichirlab, — sizni so’rayaptilar…

Ulug’bek ichkariga qadam qo’ydi-yu, bobosining qovoqlari yumilganini ko’rib, qo’rqib ketganidan, yalt etib bibisiga qaradi. Bibisi “yaqinroq o’t!” degandek ishora qilgach, bobosiga yaqinlashdi. O’sha zahot bobosining qovoqlari sezilar-sezilmas pirpiraganini ilg’adi. Bobosining ko’zlarida nur yiltiradi. Bolaning bo’g’ziga nimadir tiqilib keldi, ammo o’zini tutib, bobosi oldida tiz cho’kdi. So’ng ko’rpadan chiqib turgan bemorning kaftini silay boshladi.

— Ulug’bek mirzo! – bobosining tovushi o’zgarmagan, o’shanday kuchli va qat’iy edi. – Keldingizmi?

— Keldim, bobojon, keldim! – deya shosha-pisha javob berdi u.

Ulug’bek parqu yostiqqa bosh qo’ygancha xira ko’zlarini unga tikib turgan bobosiga qarab egildi. Bobosining yuzi iki-uch kun ichida sarg’ayib ketganini ko’rib, ichidan zil ketdi. Hatto u ham yoshgina boshi bilan bu o’lim muqarrarligining alomati ekanini angladi.

— Qoshimda bo’ling, — dedi bobosi pichirlab, — Gapirmasangiz ham, mayli…

Ulug’bek bibisiga qaradi. Ammo bibisi Mavlono Fazlulloh bilan pichirlashib turardi.

— Muhammad Tarag’ay bobongiz… – Yana bobosining tovushi eshitildi, — Menga qilg’on vasiyatlari haqinda… so’ylag’onim yodingizdamu?

— Yodimda, bobojon, har o’gitingizni zehnimg’a jo etg’onmen… – dedi Ulug’bek yana bobosi ustiga egilgancha.

— Ko’p yaqinlashmang, mirzo, — dedi to’satdan bobosi, — Nafasingiz kuchlidur, nafasimni qaytarmasin…

Tabib yigit Ulug’bekning yengidan tutdi. Ammo bola bobosi unga yana nimadir demoqchiligini sezgach, tabib yigitga e’tibor qilmadi.

— O’sha so’zlar qulog’ingizda bo’lsun… Xo’pmi, bolam?

Yana bo’g’ziga nimadir tiqilib keldi-yu, bola javob bermoqqa ilojsiz qoldi, faqat “Xo’p!” degandek bosh silkitdi, xolos. Tabib yigit yana shahzodaning yengidan tutdi, bu bilan suhbatni bas qilishni so’radi. Ulug’bek qaddini rostladi. Chiqayotib, bibisi bilan hamon pichirlashib gaplashayotgan mavlono Fazlullohga ko’z tashladi. So’ng indamay, vazmin odimlab tashqariga chiqdi.

Amir Temur qaytib o’rnidan turolmasligini anglagach, taqdirga tan berib, eng sodiq amirlarini huzuriga chorladi va gapni cho’zib o’tirmay, o’zidan keyin nabirasi Pirmuhammad Jahongir saltanat egasi bo’lishi haqidagi so’nggi amrini e’lon qildi.
So’ng barcha amirlari, saroy odamlari oldida so’nggi vasiyatini aytib turib, kotibga yozdirdi

— Anglab turibmanki, ruh qushi qalb qafasidan parvoz qilmoqchi, Tangri taoloning dargohiga jonimni baxsh etayotibman, — deb vasiyatnomasini boshladi buyuk jahongir. – Sizlarni uning lutfu marhamatiga topshirdim. – Amir Temur shunday deb Saroymulkxonimga, uning yonidagi nabiralariga tikildi, ularning yig’layotganlarini ko’rib, so’zini davom etdi: — Obi diyda qilib o’tirmanglar, ohu nola chekmanglar, chunki bundan foyda yo’q. Ruhimni fotiha va takbir bilan shod etinglar.

Alhamdililloh, Tangri taoloning yordami-la ma’murayi olamni shunday zabt etdimki, bugun tamom Eronu Turonda biror kishining boshqalarning ishiga aralashishi yoki jabru bepok qo’lini bechoralarga ozor berish uchun ko’tarishga majoli yo’qdur. Gunohim qancha ko’p bo’lsa ham kechiringlar, deb Tangri taoloning mulkini beqiyos saxiylik bilan qo’riqladim, zolimlarning tajovuzli qo’lini mazlumlarning etagidan yulib tashladim. Saltanat qurib o’ltirganimda, eshitmagan yoki menga xabar qilmagan, yoxud dunyo sobit bo’lmagan paytlardan boshqa vaqtda zo’ravonning zaif ustidan zo’ravonlik qilishiga yo’l qo’ymadim…

Shunday bo’lsa-da, dunyo menga vafo qilmadi, bilinglarki, sizga ham vafo qilmaydi…

Lekin jabru zulmga mone’lik qilish ishini kechiktirish mamlakatni xavfu g’avg’o ostida qoldiradi, jumlai haloyiqning huzur-halovatini buzadi, maslagu tariqatning buzilishiga olib keladi. Qiyomat kuni buni bizdan so’raydilar, surishtiradilar…

Shu kundan e’tiboran farzandimiz Pirmuhammad Jahongirni o’zimizga valiahd va toju-taxt vorisi etib tayinladikkim, Samarqand taxti uning farmonida bo’lg’ay, tamkinlik va istiqlol bilan mulku millat, lashkar va raiyatning muhim yumushlari bilan mashg’ul bo’lsun. Sizlar esa unga tobe’lik va bo’ysunish marosimini o’rniga qo’yinglar, uni birgalikda qo’llab-quvvatlanglar, toki olam buzilmasun, yurt parchalanmasun…

O’g’illarim, Millatning ulug’ martabasini, saodatini saqlamoq uchun sizlarga qoldirayotgan vasiyat va tuzuklarni yaxshi o’qing, aslo unutmang va tadbiq eting.

Millatning dardlariga darmon bo’lmoq vazifangizdur. Zaifalarni qo’riqlang, yo’qsullarni boylar zulmiga tashlamang. Adolat va ozodlik dasturingiz, rahbaringiz bo’lsun. Men kabi uzun saltanat surmak istasangiz, qilichingizni yaxshi o’ylab chekingiz… orangizda nifoq paydo bo’lmasligi uchun ko’p diqqat bo’ling. Ba’zi nadimlaringiz va dushmanlaringiz nifoq tuxumi sochmakka, bundan foydalanmakka kirishajakdurlar.

Faqat tuzugim va vasiyatim sizg’a to’g’ri yo’l ko’rsatg’ay. Alarga sodiq qolsang’iz, tosh boshingizg’a tushmas…

Amir Temur jim qoldi. Suyukli malika oldidagina xastaligini, xastalik zaifliklarini boricha ochiq ko’rsatgan qari jahongir amirlari qarshisida hamon qat’iyatli hukmdor edi. U har bir amirga qattiq tikilib, ta’kidladi:

— Yana aytaman: mendan so’ng toju taxt egasi Pirmuhammad Jahongir bo’lajakdur. Unga, xuddi menga itoat qilganingiz kabi itoatda bo’lingiz.

Bundan bir necha yil avval Sohibqiron valiahdlikka Jahongir Mirzoning to’ng’ich farzandi Muhammad Sultonni mo’ljallangan edi. Ammo nabirasi Rum yurishi poyonida allaqanday darddan to’satdan qazo qildi. Valiahdlik marhum amirzodaning inisi Pirmuhammad Jahongirga o’tdi. Sohibqiron Xitoy yurishi arafasi nabirasini G’aznadan chaqirib, unga o’z niyatini ma’lum qilgan va uning toj-taxtga da’vosini mustahkamlash uchun xonlar naslidan bo’lgan inisining bevasini Pirmuhammadga nikohlab berdi. Hatto Konigul to’ylaridan so’ng Saroymulkxonim madrasasida o’tkazgan majlisda o’ziga sadoqatli amirlarga valiahdlik haqida kelgan qarorini aytgan, ulardan shahzodaga sodiq bo’lish va’dasini ham olgan edi. Ammo hozir… Hozir u o’lim to’shagida yotibdi, Pirmuhammad Jahongirni yoniga chorlagani bilan, u yetib kelguncha Tangri taolo uning jonini olishi aniq. Demak, amirlarga qasam ichirishdan boshqa yo’l yo’q!

Amir Temur yana har bir safdoshiga tikilib, buyurdi:

— Har biringiz bu amrimga itoat ominini bajo keltiring’iz! So’ng Qur’oni Karim ustida qasam iching’iz!

O’sha on barcha amirlar baravariga “Omin!” deb fotiha aytdilar va birin-ketin muqaddas kitobni o’pib, qasam ichdilar.

Hammaning ko’z o’ngida Amir Temur saltanat muhrini olib, vasiyatnomaga bosdi. U shunday qilishga majbur edi. Chunki hozir uning yonida murg’ak shahzodalarni aytmaganda, yoshi ulug’ na bir farzandi va bir nabirasi bor. Qaniydiki, ular shu yerda – yonida bo’lsalaru valiahdlik borasidagi gaplarni uning o’z og’zidan eshitsalar…

Ammo amirzodalarni chorlash haqida amir Shohmalik og’iz ochganda, sohibqiron “yo’q!” degandek bosh chayqab, gapirdi:

— Vaqt o’tdi, Shohmalik, ammo… ammo Shohruhni bir ko’rgum bor erdi…

Amir Temur gapini tugatolmadi, uni qattiq yo’tal tutdi. Anchadan keyin yuzi qip-qizarib ketgan Sohibqiron yana xira ko’zlarini amir Shohmalikka tikib, dona-dona qilib aytdi:

— Ulug’bek mirzoni senga topshirg’onimni minba’d unutma… Sen aning otalig’isan… Undan boxabar bo’l!

Yana bir damdan keyin Amir Temur ikki safdoshiga qattiq tikildi:

— Bilaman, valiahdlik Shohruhg’a bo’lsun, deysiz!.. Ammo, valiahdlig’ to’ng’ich o’g’il xonadonig’a bo’lsun, demaganmi ota-bobolar?! Shohmalik!.. Nuriddin!.. Boxabar bo’ling! Mabodo vasiyatimg’a xilof ishlar ro’y bersa, yo’l qo’ymang’iz! Qilich birlan yo’l qo’ymang’iz! Vasiyatimni buzg’on kim bo’lmasun, o’g’limmi, nabirammi, jazolang’iz! Illo, shunday qilmasangiz, barchang’iz nes-nobudlik komig’a tortilg’aysiz! Bu so’zlarim yodingizda bo’lsun!

Sohibqiron Saroymulkxonim ham Shohruh tarafdori ekanini bilardi. Shu sababdan u malika bilan ham gaplashdi.

— Bibi, — dedi Amir Temur, — siz saltanat mahdi ulyosidursiz. Shunday erkan, saltanat taqdiri sizg’a ham bog’liqdur… bu suhbat balki so’nggisi bo’lg’ay. Sizdan yolg’iz bir o’tinchim: valiahdlig’ rasmi buzulmasun!

Amir Temur Ko’ragon sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining o’n yettinchisida – melodiy 1405 yilning 18 fevralida yetmish yoshida olamdan o’tdi.

Armeniy Vamberi yozadi: “O’lim bilan yuzlarcha marta yuzma-yuz kelgan Temur hayotining bu so’nggi daqiqalarida o’zining qahramonlik vazifasiga sodiq qoldi. Uni o’rab olgan bolalari, nabiralari hamda quroldosh do’stlari dunyodan ko’z yumayotgan oliy hukmdor uchun achchiq ko’z yoshi to’kkan paytda, u hammasini o’zaro ittifoq va do’stona hayot kechirishlarini istab, o’ziga voris etib tayinlagan Pirmuhammadga itoat etishlarini vasiyat qildi. Uning huzuriga nabirasi Mirzo Xalil Sultonni va boshqalarni chaqirish uchun ijozat so’raganlarida, u o’zining hayoti juda oz qolganini aytib, bunga salbiy javob berdi. O’zining suyukli o’g’li Shohruh mirzoni bir ko’rib qolmaganiga afsuslandi. Shundan keyin tez holda toydi. Bir ishora bilan mullo Haybatulloning Qur’ondan biror sura o’qishini iltimos qildi. 807 yil sha’bonining yettinchi (aslida o’n yettinchi – X.D.) – melodiy 1405 yil 18 fevral kuni kechqurun jon taslim etdi”.

Tarixchi Bo’riboy Ahmedov yozadi: “Berdibek, Shohmalik va Shayx Nuriddin ertasi (1405 yil 19 fevral) kuni nahorlikdan keyin Temurning xotinlari, yosh shahzodalar Ulug’bek, Ibrohim Sulton va Muhammad Jahongir bilan yashirin kengash o’tkazdilar. Hozircha yuz bergan fojiani oshkor qilmaslik, marhumning tobutini barcha malikalar, Ulug’bek hamda kichik yoshdagi boshqa shahzodalar bilan birga amir Xoja Yusuf qavchin mutasaddiyligida, Ali Darvish shivog’ul boshliq qo’riqchilar himoyasida maxfiy suratda Samarqandga jo’natish, Ibrohim Sulton va Xalil Sulton boshchiligida Xitoy ustiga yurishni boshlab yuborish, toju taxt masalasini yurishdan keyin Samarqandda qurultoy chaqirib hal qilishga qaror qilindi.

Lekin, amalda har kim o’z bilganicha ish tutdi, amirlarning ichgan qasamlari qasamligicha qoldi. Birinchi bo’lib qasamdan Temurning yaqinlari kechishdi. Shayx Nuriddin bilan Shohmalik ham, Temurning bevalari ham vasiyatga xilof ravishda xokimiyatni Shohruhga topshirish payiga tushdilar. Shuning uchun ham ular Temur o’limini Xalil Sultondan ham, Sulton Husayndan ham sir tutdilar. Toshkent va Yassiga borgan choparlar shahzodalarga gapning rostini aytishmadi. Faqat Sohibqironning og’ir betob bo’lib qolganini xabar qildilar, xolos. Hirotga yuborilgan Shayx Temur qavchin esa Shohruhga bo’lgan gapni ochiq-oshkor aytdi. Shundan keyin Shohruh ramazon oyining boshida (1405 yil 1 mart kuni) o’z nomiga xutba o’qittirib, pul zarb qildirdi.

“Oyni etak bilan yopib bo’lmas”, deganlaridek, Temurning o’limini ham yashirib bo’lmadi. Sovuq xabar tez orada Sabron bilan Toshkentga ham yetib bordi. Sulton Husayn qo’l ostidagi qo’shinni tashlab, ming chog’li sara yigiti bilan Samarqandga qarab ot surdi. Xalil Sulton ham fursatni qo’ldan bermadi. Hammadan avval Samarqand hokimi amir Arg’unshoh bilan aloqa o’rnatdi. Uning Samarqandga yuborgan vakili Arg’unshoh bilan gapni bir joyga qo’yib qaytdi. Amir Arg’unshoh Temurning jasadi solingan taxtiravondan boshqa biron zotni shaharga kiritmaslik va poytaxtni Xalil Sulton yetib kelguncha, ehtiyot qilib turishga so’z berdi…

Ko’p o’tmay Xitoyga yurishni davom ettirish rejasi ham chippakka chiqdi. Temur vafotidan bir hafta o’tgandan keyin, 1405 yil 24 fevral kuni choshgohda Ibrohim Sulton bilan amirlar otlanishib, qo’shin bilan O’trordan chiqdilar, lekin hammasi bo’lib bir tosh yo’l bosdilar, xolos. Ular Azuj arig’igacha borib, Quldurma ko’prigi oldida chodir tikdilar. Lashkar orasida buzilish yuz bermasligi uchun Amir Temurning tug’i Ibrohim Sulton chodiri kubbasiga tikib qo’yildi. 19 fevral kuni Toshkent bilan Sabronga yuborilgan choparlardan ham uchchala qo’shin – Ibrohim Sulton, Xalil Sulton hamda Sulton Husayn boshliq qo’shinlar Cho’qlik mavze’ida qo’shilishi va u yog’iga yurishni birgalikda davom ettirishlari aytib yuborilgan edi. Baxtga qarshi choparlar noxush xabar olib keldilar: Sulton Husayn allaqachon qo’shinni tashlab, Samarqandga otlanibdi va hammadan ilgari toju taxtni qo’lga kiritish payiga tushibdi. Marhum Umarshayx mirzoning o’g’li Amirzoda Ahmad bilan Xudoydod Husayniy, amirlardan Yodgorshoh orlot, Shamsiddin Abbos, Burunduq barlos va boshqalar ham til biriktirib, Xalil Sultonni podsho ko’taribdilar. Bu xabar Ibrohim Sultonning yonidagi amirlarni dovdiratib qo’ydi. Oxiri ular ham Ibrohim Sulton hamrohligida orqaga qaytishga qaror qildilar va Temurning Xitoy yurishi xarajatlari uchun o’zi bilan birga O’trorga olib kelingan xazinasini ham olib, shitob tarzda Samarqandga qarab yuzlandilar…

Ibrohim Sulton va uning amirlari tobut bilan borayotgan og’alar (malikalar) va mirzolarga (Ulug’bek, Muhammad Jahongir, Iyjil, Boyqaro, Suyurg’atmish) Oqsulotda yetib oldilar, ularga qo’shilib, Samarqand sari yurdilar. Shohmalikning taklifi bilan, har ehtimolga qarshi, jiba va sovutlarini kiyib oldilar va saf tortib, jangovar tartibda yo’lga tushdilar. Qo’shinning o’ng qanotiga Ulug’bek bilan amir Shohmalik, uning so’l qanotiga Ibrohim Sulton va Shayx Nuriddin boshliq etib tayinlandilar…

Amir Arg’unshoh shaharga faqat tobut ortilgan taxtiravonnigina kiritdi. Chorraha darvoza oldiga kelgan Shohmalikka esa Temurning so’nggi irodasi bilan O’trordan yuborilgan farmoni oliyni ro’kach qildi va “Borliq shahzodalar ittifoq bo’lub amirzoda Pirmuhammad Jahongirni podshoh ko’tarmagunlaricha, biron zot qal’aga doxil etilmaydur”, — deb javob qildi…”

Arg’unshohning xiyonat yo’liga kirganidan shubhalangan amir Shohmalik Ulug’bek bilan Ibrohim Sultonga maslahat soldi:

— Battol Arg’unshoh qal’ag’a yolg’iz malikalaru murg’ak mirzolarni kiritamen, deb emish. Ammo, mish-mishlarga ko’ra, Xalil Sulton odami aning yonida, alarg’a va’dasi bor emish… Shul sababdin bunda turmoq mushkuldur, Buxorog’a yo’l olmoq lozim. Tangri taolo inoyat etsa, Samarqandni yana olg’aymiz…

Bu gapni ma’qul topgan shahzodalar Bibixonim va boshqa malikalar bilan xayrlashdilar. Saroymulkxonim qo’ngan Aliobod qishlog’idagi hovlidan ko’zlari namlanib chiqqan Ulug’bek keksa bibisi bilan abadiy vidolashganini bexabar edi. Hech kimga bilintirmay, ko’zlari chetidagi namni bibisi sovg’a qilgan ro’molcha bilan artar ekan, o’n yashar bolaning yuragi besaranjom dukillardi.

Ular Buxoroga yarim yil avval Xitoy yurishiga chiqilgan yo’l bilan borardilar. Farqi, kuz emas, bahor edi, ulkan qo’shin emas, bir guruh navkar ularga hamroh edi. Ulug’bek o’sha olis kunni esladi. O’shanda osmon bulutli, ko’ngil quvonchli edi. Bugun osmon charog’on, ko’ngil xufton. Uning ko’z o’ngida xoxolab kulgan shahzodalarning quvonchli holatlari ko’rindi-yu, Sayfi Saroyi g’azalining davomi tiliga quyulib kela boshladi:

Bir gul yanoqlaru jodu qaroqlug’a o’g’rasang,
Joning fido qilursan o’shul ango ko’ngul.

Sultonlar o’g’li zulfina gustoh qo’l sunai,
San-san alinda bir puli yo’q benavo ko’ngul.

Ulkim sani jafo bila o’lturmag’a tilar,
Ming jon bila qilursan ang’a xush duo, ko’ngul.

Tortib zamona xo’blarinin javrini mudom,
Ko’rdungmu hech birinda bulardan vafo, ko’ngul.

Kuydim saning bila necha kez fursat o’tina,
Yillar chekib saning bila javru jafo, ko’ngul.

Qozi evi na yerda, ajab, mufti qaydadur,
Qilg’ay edim saning bila xush mojaro, ko’ngul.

Sayfi Saroyini bu qaroqida bog’lasang,
Xo’blar jafosi birla bo’lursa fano, ko’ngul…

IZOH: Shu o’rinda bugungi yosh kitobxonga ushbu bob matnida uchraydigan «Xitoy»  yoki «Xitoyga yurish» ibrasini noto’g’i tushunmasliklari uchun izoh bermoqchiman. O’sha paytdagi Xitoyni aslo bugungi Xitoy mamlakati deb tushunmaslik kerak. Amir Temur zamonidan oldinroq, hali Chingizxon zamonida Xitoy mo’g’illar tomonidan zabt etilgan va Amir Temur zamonida ham Chingizxon avlodlari tomonidan boshqarilar edi. Sohibqironning yurishga otlanishidan maqsadi jihod edi, ya’ni butparast mo’g’ullarni Islomga olib kirish edi.

077

(Tashriflar: umumiy 1 199, bugungi 1)

Izoh qoldiring