Asqad Muxtor. She’rlar & Abdulla Sher. Jannatmakon shoir

05   Асқад Мухтор ҳақида ёзиш, бу – тоғни тавсифлаш демак. Тоғнинг салобати, тошларга урилиб, жаранглаб тушаётган ирмоқлари, дабдурустдан харсангни ёриб чиққан булоқлари, шифобахш гиёҳлари, тўп-тўп наъматаклари, баҳайбат чўққилари, арчазорлари, гўзал ёнбағирларини бир варакай тасвирлаш мушкул. Асқад Мухтор ҳам шундай: истеъдодли носир, тенги кам шоир, ёш истеъдод эгаларининг мураббийси, зукко зиёли, фидойи муҳаррир, гўзал ва улуғвор инсон; унинг ҳаёти, асарларида акс этган қалби, ақли ва истеъдоди бир эмас, бир неча китобга ҳам мавзу, ҳам мазмун бўла олади.

ЖАННАТМАКОН ШОИР
Абдулла ШЕР
067

09   Асқад Мухтор ҳақида ёзиш, бу – тоғни тавсифлаш демак. Тоғнинг салобати, тошларга урилиб, жаранглаб тушаётган ирмоқлари, дабдурустдан харсангни ёриб чиққан булоқлари, шифобахш гиёҳлари, тўп-тўп наъматаклари, баҳайбат чўққилари, арчазорлари, гўзал ёнбағирларини бир варакай тасвирлаш мушкул. Асқад Мухтор ҳам шундай: истеъдодли носир, тенги кам шоир, ёш истеъдод эгаларининг мураббийси, зукко зиёли, фидойи муҳаррир, гўзал ва улуғвор инсон; унинг ҳаёти, асарларида акс этган қалби, ақли ва истеъдоди бир эмас, бир неча китобга ҳам мавзу, ҳам мазмун бўла олади.

Мен Асқад ака билан дастлаб ўсмирлик пайтларимда, ўтган асрнинг эллигинчи йилларида ғойибона учрашганман: «Ҳаёт чақиради» деган ҳикоялар тўпламини, «Раҳмат, мактабим» деб номланган шеърий китобчасини ўқувчилар бригадасида пахта териб топган пулимга сотиб олган эдим, уларни қайта-қайта ўқирдим. Кейинчалик унинг «Танланган асарлар»ини, роман ва қиссаларини мутолаа қилдим: шеърий новеллаларида тасвирланган, Шомансурнинг Раҳимасини жин чалиб кетган тўқайларни кечалари ваҳима билан кўз олдимга келтирардим, «Туғилиш» романидаги Луқмонча билан бирга қурилишларда юрардим, адолат ва ҳақиқатнинг ғалабасига қаттиқ ишонардим. Лекин, бир пайт келиб, шу улуғ одам – Асқад Мухтор билан бирга ишлайман, қўшни яшайман, деб ўйламаганман. Ваҳоланки, мен унинг қўлида ўн йил ишладим, бир неча йил Дўрмонда у кишига қўшничилик қилдим…

1966 йили Ўзбекистонда «Гулистон» журнали қайта очилди. Бу – ўзбек халқининг маънавий ҳаётидаги жуда катта воқеа эди (шўролар даврида, ҳозиргидек, хоҳлаган одам ёки ташкилот, маблағи кўтарса, журнал очолмасди, ҳар бир нашр, у ҳатто шапалоқдеккина газета бўлса ҳам, Масковнинг рухсати билан ташкил қилинарди). Мен – журналистика факультетининг талабаси, ўқув амалиётини шу журналда ўтказдим. «Гулистон» барчанинг севимли журналига айланган эди; унда тилдаги руслаштириш ва оврўпалаштиришга қарши ўзбеклаштириш, шарқлаштириш учун кураш борарди: «революция» – «инқилоб», «редакция» – «таҳририят», «автор» – «муаллиф», «поэзия» – «назм», «шеърият», «проза» – «наср», «философия» – «фалсафа» тарзида муомалага киритиларди; «Темур тузуклари» форсчадан таржима қилиниб, сонма-сон босиларди (таржимон эса амалда норасмий Шарқий Туркистон Республикаси Президенти бўлган, гоминданчи-босқинчилардан ўлканинг деярли 90 фоиз ҳудудини тортиб олган, лекин алдов йўли билан СССР ДҲКси томонидан Тошкентга бир кечада олиб қочиб келинган, армия генерали, «халқ маршали», илоҳиётчи олим, файласуф, адиб Алихон Соғуний эди); инглиз тарихчи олимаси Ҳильда Ҳукҳэмнинг Амир Темур ҳақидаги китобидан парча, академик Иброҳим Мўминовнинг «Темур ва темурийлар» мақоласи шу журнал орқали халққа етиб борди; Расул Ҳамзатовнинг миллий қадриятларни ва миллий озодликни улуғловчи «Доғистоним» асари Эркин Воҳидов таржимасида босила бошлади… «Гулистон» миллий журналга айланиб бораётган эди. Шу боис «юқоридагилар» журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳимни ишдан олиб, унинг ўрнига Асқад Мухторни тайинлашди.

Бу пайтда мен тўртинчи курсни битириб, «Гулистон»га ишга ўтишни ўйлаб юрардим. Журнал раҳбарининг алмашинувими ёки унинг саҳифаларидаги баъзи ўзгаришлар сабаб бўлдими, мен, негадир, «Гулистон»га бормай, телестудияга, «Янгиликлар» таҳририятига ишга ўтмоқчи бўлдим: тележурналистлик менга ёқмасди, лекин шароит ишлашимни тақозо қиларди. Орадан бир ойча вақт ўтгач, ҳали менга буйруқ чиқмасиданоқ ишдан кетишга аҳд қилдим; мени «Шарқ юлдузи» журнали адабий танқид бўлимининг мудири, менга маслаќатгўй устоз мақомидаги дўстим Маҳмуд Саъдий адабий ходимликка таклиф этган эди. Лекин эртасига йўлда «Гулистон»нинг масъул котиби Рустам Раҳмонов билан учрашиб қолдим. Рустам ака менинг аввалги ниятимдан хабардор эди, ҳол-аҳвол сўрагач, дарҳол:

– Нега кўринмай қўйдингиз, шоир?.. Ишга келмоқчийдингиз… – деди.

– Ҳа, энди… анча-мунча ўзгаришлар бўлиб кетибди, қайдам, – деб дудмол қилдим мен.

– Пирнципиал ўзгариш йўқ, ҳаммаси ўша-ўша. Келинг!

Рустам ака яна бир бор: «Эртага келинг!» деди-да, хўшлашиб, шерикларига етиб олиш учун тезлаб кетди.

Мен ижара хонамга келиб, ётиб ўйладим: ўзим романларини, қиссаларини севиб ўқиган ёзувчи, шеърларини қўлимдан қўймаган шоир, айниқса, «99 минатюра» китобининг муаллифи (бу шеърлар тўпламини мен пахтага чиққан пайтларимизда ҳам ён чўнтагимда олиб юрардим) ҳукуматнинг қўғирчоғи бўлмаса керак… Бундан ташқари Асқар қосимов билан рўй берган ҳодиса ҳам менга далда берарди. Воқеа мана бундай бўлган эди.

Истеъдодли шоир, яширин даврамизнинг аъзоси, дўстим Асқар қосимов ҳазрат Навоий таваллудининг 525 йиллиги арафасида буюк пиримизга бағишлаб, манзума шаклида катта бир шеър ёзди. Лекин уни ҳеч бир нашр босмади. Фақат мен уни цензура қўлидан ўтмайдиган «Тошкент университети» газетасида эълон қилган эдим. У пайтда Ленин стипендиати бўлганим учун дарсларга қатнашишим бир мунча эркин эди, шундан фойдаланиб, университет газетасида масъул котиб бўлиб ишлардим. Муҳаррирликни жамоатчилик асосида кафедра мудири, домламиз Воҳид Абдуллаев бажарарди. Воҳид акага газетани қўл қўйиш учун олиб борганимда, домла ҳовлида кетмон билан токнинг тагини кавлаётган эди. Сўрига ўтдик. Воҳид ака бир оёғини чордона тарзида қўли билан ушлаб, иккинчи оёғини сўридан осилтириб, материалларни бир чеккадан кўра бошлади. Асқарнинг манзумасига келганда, пешанасини тириштирди (салкам бир саҳифа эди). Сўнг қалам билан чаккасини бир оз қашиб турди-да: «Жудаям қоп-қоронғи-ку! қолақолса бўлмайдими шу?», деди. Мен оёқ тираб туриб олдим. Воҳид ака қўл қўйиб берди. Муҳаррирнинг чаккасини қашлатган ўринлардан бири мана бу икки сатр эди:

. . . . . . кўрмас эдим бунчалар хўрлик
Агарда мен иблис бўлиб туғилганимда.

Гап бу ерда қулликка маҳкум этилган Навоийнинг авлоди – ўзбекнинг аянчли аҳволи ҳақида борарди. Иккинчи сатрдаги «иблис» сўзи – менинг ноиложликдан келиб чиљљан таќририм, Асқарнинг аслиятида «ўрис» эди. Газета талабалар орасида тез тарқалиб, анчагина шов-шув бўлди.

Орадан бир мунча вақт ўтгач, Ўзувчилар уюшмасидаги мушоиралардан бирида ( у пайтлардаги мушоираларда 500 – 600, ҳатто минг нафаргача шеърхонлар қатнашарди, мушоираларни албатта Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларидан бири олиб борарди) Асқар ана шу шеърдан катта бир парча ўқиди, юқоридаги сатр эса асл ҳолида жаранглади:

. . . . . . кўрмас эдим бунчалар хўрлик
Агарда мен ўрис бўлиб туғилганимда.

Шеър шундай муваффаққият қозондики, тумонат одам бир неча минут ўрнидан туриб қарсак чалди.

Эртасига эса Ёзувчилар уюшмасига Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари келишади ва Асқар қосимовни топиб беришларини сўраб, у билан «суҳбат» қилишмоқчи эканликларини айтишади. Уюшманинг ижодий ишлар ва, айни пайтда, ёшлар бўйича котиби Асқад Мухтор «меҳмонлар» билан, бамайлихотир, бафуржа гаплашиб, Ёзувчилар уюшмаси айнан ана шундай ёшларни тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш учун мавжуд эканини тушунтиради, Асқар қосимовнинг ўз хатоларини англаб етишига ишончи комиллигини айтади. Хуллас, Асқад ака Асқарни аждарҳо оғзидан олиб қолади.

Кўп ўтмай, яна бир мушоира бўлди. Уюшма зилзиладан кейин вақтинча Братская (ҳозирги Матбуотчилар) кўчасида эди. Мушоирани Асқад Мухтор олиб борди. Асқад ака ёшлар шеърияти ҳақида гапириб, баъзан улар ижодида жамиятга ёт бўлган тушкун кайфиятлар, атрофда фақат қоронғуликни кўриш ҳоллари учрашини, ҳаёт, у қандай бўлмасин, гўзал ва қувончбахш ҳодиса эканини айтди ва Маъруф Жалилнинг «Тошкент оқшоми» газетасида босилган бир шеърини мисол қилиб келтирди, сўнг: «Маъруф Жалил, шубҳасиз, талантли шоир, – деди у. – Бундай нуқсонлардан у қанча тез қутила борса, шунча ўзига ҳам, адабиётимизга ҳам яхши». Кейин савол-жавобларга ўтилди. Кимдир «Асқар қосимовнинг тақдири нима бўлади? » деб сўради. Асқад ака, гўё бу одатий ҳодисалардан бири, алоҳида эътибор қилинадиган воқеа эмаслигини алоҳида таъкидлаш учун елка қисиб, саволдан ҳайрон қолгандек жавоб берди:

– Асқар билан гаплашдик. Хатоларини тан олди, биз унга шеърларини эълон қилишига, янги, замонавий йирик асарлар ёзишига ҳар жиҳатдан кўмаклашамиз. У – истеъдодли шоир. Хатога келсак, ҳеч ким ундан мустасно эмас. Ҳамма гап ўша хатони англаб етиш ва ўз вақтида тузатишда, – деди. Сўнг шоирларимиз, адибларимиз, хусусан, ёш истеъдодлар олдидаги вазифалар, муаммолар, бадиий маҳорат масалалари тўғрисида гапирди.

Асқад ака Асқар қосимов масаласи одатий ҳол эмаслигини, бундай ҳолатларда мустамлакачи, мустабид тузум шоирни сохта ҳужжатлар асосида жиноий жавобгарликка тортиб, турмага ёки «соғлигини яхшилаб олиш учун» руҳий хасталиклар касалхонасига – жиннихонага ташлашини ўзи учун ёзилмаган, лекин оғишмай бажариладиган қонун қилиб олганини жуда яхши биларди, бунинг жуда кўп гувоҳи бўлган эди. Асқад ака ўзини ана шу билиб, билмасликка солиши билан, шўроларнинг қатағон қоидасини бузди ва ана шу «қоида бузишни» одатий ҳол деб эълон қилди. Бунинг учун ёшларга муќаббатнинг, истеъдодга ҳурматнинг, унга ачинишнинг ўзи кифоя қилмасди. Айни пайтда отнинг калласидек юрак ҳам керак эди, мардлик, фидойилик талаб этиларди. Асқад ака ўз мардлиги билан ўша пайтлардаги жамиятда истеъдодга нисбатан янгича бир муносабатни бошлаб берган эди.

Хуллас, ўйлаб-ўйлаб, охири «Гулистон»га боришга қарор қилдим. Шундай қилиб, 1969 йилнинг 16 декабридан менга, 4-курс талабасига, «Гулистон» журнали курьери лавозими ойлигини тайинлашди. Ўша куниёқ Маҳмуд Саъдийга узримни айтдим. Маҳмуджон: «Мен Ҳамид /улом билан (ўша пайтларда Ҳамид ака «Шарқ Юлдузи»нинг бош муҳаррири эди)келишиб қўйган эдим, бунинг устига у ерда 60 сўм, бу ерда 120 сўм ойлик, яна ўзингиз биласиз, Абдуллабой», – деди ним киноя, ним норозилик билан. Мен «Гулистон»га идеал журнал деб қарашимни айтиб, яна бир бор узр сўрадим.

Мени адабиёт ва санъат бўлимига ўтказишди. Дастлаб хатларга жавоб ёзиш билан, кейинчалик адабий танқид ва санъат билан шуғулландим: бўлим мудири Шукур Холмирзаев – насрни, адабий ходим – Азиз Абдураззоқ шеъриятни олиб борарди. Ишга кирганимга икки ойча фурсат ўтган бўлса ҳам, мен Асқад акани фақат мажлисларда кўрардим, четдаги кичкинагина хоначада хатга кўмилиб ўтирардим, санъатшунослар ва ёшлар, тўғрироғи, ҳаваскор қаламкашлар билан шуғулланардим.

Шундай кунлардан бирида пешинга яқин Асқад ака кириб келди, мен ўрнимдан туриб салом бердим. У кўришиб, «қуёшни қутлаб» деган китоб чиққанини, ўшанга ихчам тақриз қилиб берсам яхши бўлишини айтди. Мен, «хўп бўлади», деб ўша куниёқ китобчани топиб, ишга киришдим. Уч-тўрт кундан кейин 2 қоғозли тақризчани Асқад акага элтиб бердим. Эртасига котибимиз Рустам ака мени табриклади: «Шоир, синовдан ўтдингиз, материалингиз Асқад акага маъқул бўлди. Асқад ака деярли қалам урмай олиб чиқиб берди,» – деди.

Орадан бир йилча вақт ўтгач, «Шарқ юлдузи» журналидан Ваҳоб Рўзиматов билан Маҳмуд Саъдий ҳам «Гулистон»га келишди. Ваҳоб ака аввал масъул котиб, кейин бош муҳаррир ўринбосари бўлди. Маҳмуд Саъдий эса адабий котиблик вазифасини бажарарди. Мени Асқад аканинг иш услуби ҳайратда қолдирарди. Ҳар бир бўлим тайёрлаган материални одатда мудир тўғридан-тўғри бош муҳаррирга олиб кириб берарди. Бош муҳаррирдан «ўтгач», у котибиятга, ундан кейин бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматовга борарди. Асқад ака ҳар бир материални фақат «ўқиб»гина қолмасди, балки уни жуда жиддий таҳрир қиларди. Натижада ҳар бир материал қуйидаги тарзда таҳрирдан ўтарди: адабий ходим – бўлим мудири – бош муҳаррир – масъул котиб – адабий котиб – бош муҳаррир ўринбосари.

Материаллар жуда пухта тайёрланарди. Асқад ака ва Ваҳоб ака бошчилигида ана шу тариқа «Гулистон таҳрир мактаби»га асос солинган эди.

Асқад ака ҳеч кимни ҳеч қачон хонасига чақиртирмадиган, кўриб бўлган материалини ходимнинг хонасига ўзи кўтариб чиқарди. Адабий-танқидий мақолалардаги ўз номини ё ўчириб ташлар ёки тенгдошлари рўйхатида биринчи ўринда турган бўлса, охирига, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Саид Аҳмаддан кейинга ўтказиб қўяр эди. Бирорта асарини ўз журналида бостирмасди. Ваҳоланки, ўша пайтларда бош муҳаррирлар одатга кўра ўзлари раҳбарлик қилаётган нашрларда энг аввало ўзларининг асарларини берардилар.

Ташқаридан қараганда, гўё журналда ўзгариш бўлгандек кўринарди: «Темур тузуклари», «Доғистоним» тўхтатиб қўйилган, бош муҳаррир ўрнига – «бош редактор», «муаллиф» ўрнига – «автор», «таҳрир ҳайъати» ўрнига – «редколлегия» ёзиларди, олдингига қараганда замонавий материалларга кенгроқ ўрин бериларди. Аммо синчковлик билан назар ташлаган киши журнал материаллари тобора теранлашиб бораётганини, Эзоп тилида бевосита эмас, билвосита миллий озодликка даъват этувчи, ўқувчини ўйлантирадиган мақола ва асарлар берилаётганини, миллатимиз тарихи яна ҳам дадилроқ ёритилаётганини кўриши мумкин эди.

Кунлардан бирида, Масковдан, СовИКП Марказий қўмитасидан комиссия келибди, деб эшитдим. У пайтда журнал таҳририяти ҳозирги Сайилгоҳда (аввалги К.Маркс кўчаси, 35), иккинчи қаватда эди. Зинадан чиқилгач, катта фое бўларди. Фоега чиқаверишда Лениннинг каттакон эни бир неча метрли суврати қўйилган ва ана шу ўтакетган улкан сувратнинг ўнг томонидан журналга кириш учун йўлак бор эди. Мен фоеда ким биландир (Чўлпон Эргашмиди, ҳозир ёдимда йўқ) гаплашиб турардим. Шу пайт чамаси қирқ ёшлардаги, баланд бўйли, келишган, очиқ чеҳрали рус кишиси зинадан чиқиб кела бошлади. Бизга яқинлашар экан:

– «Гулистон» журнали шу ердами, – деб сўради. Биз:

– Ҳа, – дедик.

– Эҳ-а, – деди у самимий, ярим ҳазил оҳангида. – Ленинни пана қилиб ишлар экансизлар-да!

Масковдан келган комиссия шу одам экан. Ким бўлса ҳам, инсофли, асл зиёлилардан шекилли, унинг келиб-кетиши бирор бир ёмон оқибатга олиб келмади. Лекин у ҳақ эди: биз Ленинни пана қилиб ишлардик.

Бир мунча вақтдан сўнг мен аввал рассом-ретушчи, кейин, ниҳоят, адабий ходим лавозимига ўтказилдим. Бу пайтга келиб, Саъдулла Сиёев бўлим мудири, мен ва Саъдулла Аҳмад адабий ходим эдик. Энди мен шеъриятга, Саъдулла Аҳмад санъатга маъсул эди. Яна бир оз фурсат ўтгач, мени бўлим мудири қилиб тайинлашди. Таҳририятимиз ҳам энди Бирлашган нашриёт (ҳозирги «Шарқ» концерни) биносига кўчиб ўтган, ўндан ортиқ газета ва журналлар жамоалари билан ёнма-ён ишлардик.

Асқад ака «Гулистон»ни жуда яхши кўрарди. Унга ўзининг бош муҳаррирлик амали эмас, балки журналдаги фаолияти ёқарди, Асқад ака миллатни уйғотишни, халқда миллий ғурур ва озодликка интилиш туйғусини тарбиялашни бош вазифаси деб биларди. Лекин бу ќақда гапирмасди. Фақат бир мартагина: «Биз жуда катта савоб иш қиляпмиз» дегани эсимда.

Дарҳақиқат, «Гулистон» журнали Асқад ака раҳбарлигида том маънодаги миллий журналга айланган эди. Биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов деб юрган халқ Октябр тўнтаришигача Жўрабек қаландарқори ўғли деган генерал бўлганини, у бир неча ғарб ва шарқ тилларида эркин сўзлаша олгани, унинг кутубхонасидан Бартольд, Семёнов сингари буюк шарқшунос олимлар ќам фойдаланганини, у Фурқат, Фансуруллобек, Сатторхон Абдуғафуров, Саидрасул Саидазизов, Инъомхўжа Умриёхўжаев сингар ватанпарварлар билан биргаликда Миллий озодлик лигасини тузишга уринганини ва чор хуфиялари томонидан қўйлиқдаги боғида сирли равишда ўлдирилганини билиб олди. Фурқат, авваллари ёзиб келинганидек, руслар ҳукмронлигини қўллаб келган шоир эмас, балки миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири , Жўрабек ўлдирилмасидан бир оз олдин алдов йўли билан, паспортсиз хорижга чиқариб, кейин Ватан ҳудудига киритилмаган зиёли эканидан, генерал Кауфман енга олмаган аёл қўмондонимиз қурбонжон додҳодек мард онахонларимиз ўтганидан, Намоз Пирим ўғли, мустамлакачилар алам билан ёзганларидек, ўғри эмас, миллат озодлиги учун курашган халқ қаҳрамони бўлганидан одамлар «Гулистон» орқали биринчи марта хабар топган эдилар. Андижон қўзғолони раҳбари Муҳаммад Али эшоннинг дор остида: «Мен Ватан озодлиги учун қурбон бўляпман! Яшасин озодлик! Босқинчиларга ўлим!» деган сўзлари ўзини таниган ҳар бир қалбда акс-садо берган эди. Бу миллий қаҳрамонларимиз ҳақида ёзган Мурод Хидир, Шариф Юсупов, Ҳамдам Содиқов, Наим Норқулов, Ҳайдарбек Бобобеков сингари истеъдодли зиёлилар илк марта халққа ҳақиқатни очиб бердилар. Ана шундай материалларни Асқад Мухтор нафақат ўтказарди, балки уланинг муаллифларига «Гулистон»нинг махсус мукофотларини топширарди.

Асқад Мухтор раҳбарлигидаги «Гулистон» ёшларнинг ҳам севимли журналига айланган эди, энг истеъдодли шоир ва ёзувчиларга биринчи бўлиб шу журнал оқ йўл берарди. Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон сингари ҳозирги наср усталарини ва Усмон Азим, Хуршид Даврон, Анвар Обиджон, Фароғот Камол каби бугунги машҳур шоирларимизни ҳақли равишда «Гулистон» мактабидан чиққан истеъдодлар деб аташ мумкин. Ўша пайтлар Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинаётган ёш шоир китоб чиқаргани билан эмас, «Гулистон»да шеърий туркум эълон қилгани учун қадрлироқ ҳисобланарди.

Журналда энг яхши адабиётшунос, санъатшунос олимлар иштирок этишарди, «Гулистон»нинг «ўз муаллифлари» бор эди. Журнал уларнинг илмий даража ёки унвонларини кўрсатмасди, чунки уларнинг номлари бор эди: Иззат Султон, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Азиз қаюмов, Бегали қосимов, Умарали Норматов, Нажмиддин Комилов, Муҳаммадали Қўшмоқов – буларни журнал фан доктори даражасидан баланд мутахассислар деб ҳисобларди, агар бирортасининг фамилияси тагига илмий даража қўйилса, у албатта биздан хафа бўлиши шубҳасиз эди.

Асқад ака фақат ёшларни эмас, балки кекса адибларни ҳам асраб-авайлар, эъзозлар эди. Журналимиз саҳифаларида Уйғун домла, Ғайратий домла, Миртемир домланинг шеърлари, Йўлдош Шамшаров каби носирларнинг асарлари чиройли безаклар билан босиларди. Биз катта шоирларнинг уйларига ўзимиз шеър сўраб борардик. Оқсоқол шоир-ёзувчиларимиз ҳам журналимизни, Асқад акани жуда қаттиқ ҳурмат қилишарди. Айниқса, раҳматли Миртемир домла Асқад акага алоҳида эҳтиром билан қарарди. Шеърий туркумларини уйларидан бориб олиб келганимиздан сўнг, домла телефон қилиб, қайси сонда, қайси бетда кетишини эмас, Асқад Мухтор қалам тегиздими, йўқми – шуни сўрардилар. Баъзи «буюртма» шеърларни домла қаламда ёзиб қўйган бўлардилар. Олиб келгани борганимизда: «Асқад, албатта таҳрир қилсин, шеър хомроқ», – дердилар. Орадан бир оз фурсат ўтгач, таҳририятга қўлёзмани олгани келганларида, қалам урилмаганини кўриб, астойдил нолирдилар: «Асқад нега қалам тегизмади, сизга айтувдим-ку!» Мен: «Домла, шеър ўзи зўр бўлса, нега унга қалам уриш керак», – дердим. Миртемир ака эса: «Бўтам, Асқад жуда катта шоир, ҳар бир қалам тегизиши шеърни очиб юборади», дердилар-да, яна ўжарларча қўшиб қўярдилар: «Тавба, нега қалам урмадийкин?».

Миртемир аканинг бу гаплари айни ҳақиқат эди. Асқад ака атайин таҳрир қилишни, ёзувчининг услубини ўзгартиришни мутлақо истамасди, унақа «муҳаррир»ларни ёқтирмасди. Лекин у қалам урса, шеърми, ҳикоями, мақолами – худди баҳор ёмғири теккан япроқдек яшнаб кетарди. Кунлардан бирида Асқад ака кимнингдир туркумидан бир шеърдаги қандайдир сўзни ўзгартирди: ғарбга қараб турган шеър 180 даража бурилиб, шарққа қараб қолди. Муаллиф (ё Абдулла Орипов ё Омон Матжон – аниқ ёдимда йўқ) шеърини биринчи марта кўраётгандек айлантириб-айлантириб томоша қилди-да: «Ё тавба!» деб қўйди; норозилик билдирай деса, шеър – гўзаллашган, очилиб кетган, индамай деса, хаёлига келмаган ғоявий ўзгариш рўй берган, шоирнинг «Ё тавба!» дейишидан бошқа иложи йўқ эди.

Асқад ака ҳеч кимдан ҳеч нарса илтимос қилмасди; баъзи «қадрдонлари» унинг китобларини энг паст навли қоғозда чиқарсалар ҳам, унинг ёшлар ва илғор зиёлилар орасидаги обрўсини кўролмай, атайин Ёзувчилар уюшмаси қурултойлари ёки пленумларида ноҳақ танқидий чиқишларни уюштирсалар ҳам ҳеч нарса демасди, катталарга илтимос билан чиқмасди. Илтимос қила олмаслик Асқад акада кибрдан, ўзини катта олишидан эмасди, балки ўта камтарлиги, истиҳолали ва тортинчоқлигидан эди. Мен у киши билан ўн йил бирга ишлаган бўлсам, фақат бир мартагина илтимос қилганини кўрганман. Ўшанда Асқад ака журнал манфаати учун, истеъдодли кадрларни таҳририятга олиб келиш мақсадида «анъана»ни бузган эди.

Етмишинчи йилларнинг иккинчи ярми, мен масъул котиблик қилардим. Ижтимоий-сиёсий бўлимда жой бўшаб, икки истеъдодли журналистни ишга олиш имкони туғилди. Булардан бири – талабалик пайтларида ўқув амалиётини таҳририятимизда ўтган Эркин Аъзам, иккинчиси Тоҳир Малик эди. Улар бу пайтда Ўзбекистон Радиосида ишлашарди. Мен Ваҳоб ака билан маслаҳатни бир жойга қўйиб, Асқад аканинг олдига кирдим. У киши рози бўлди, чақираверинглар, деди. Мен уларни шунчаки бўшатмасликларини, махсус хат қилиш кераклигини айтдим. Асқад ака: «Бўпти, хатни тайёрланглар,» деди. Ярим соат ичида хатни тайёрлаб, Асқад акага қўл қўйдириб олдим. Эртасига йигитлар хатни бошлиқларига элтиб беришди. Лекин уларни: «Истеъдодли ёшлар ўзимизга ҳам керак», деб бўшатишмади. Яна Асқад акага кирдим:

– Ўзингиз Убай акага телефон қилмасангиз бўлмайди, – дедим.

Асқад ака гўшакни кўтариб, Убай Бурҳон билан саломлашди, кейин:

– Нега болаларни бизга юбормаяпсан? – деди.

– …

– Журнал меникимас, сеники.

Икки оғайни бир оз яна ҳазил-ҳузил қилишгач, Асқад ака хўшлашиб, гўшакни қўйди-да, менга кулиб деди:

– Убай, нима, радио журналингга талантли кадрлар етказиб берадиган подсобний корхонами, деяпти, ќазиллашяпти. Овозимни соғиниб қолган эмиш, бир эшитай дебди. Бўлди. Болалар эртага келишади.

Мен Асқад акага разм солдим: қип-қизил бўлиб кетган эди, у ҳатто сенсираб гаплашадиган оғайнисидан ҳам бирор нарсани сўрашга юзи бормасди.

Эртасига Тоҳир Малик – бўлим мудири, Эркин Аъзам – адабий ходим бўлиб иш бошлашди…

Асқад ака истеъдодли зиёлиларни, муаллифларимизни яхши кўрарди, уларнинг руҳини кўтариш, қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қиларди, Республика катталарига ёмон кўринишдан, улар олдида обрўси тўкилишидан қўрқмасди.

Ўша пайтларда Озод Шарафиддинов, бизнинг доимий муаллифмиз, дадиллиги, ҳалоллиги билан кўпларнинг ғашига тегиб юрарди. Унинг «Би-Би-Си» радиоси орқали қилган чиқишларидан бири «катталар»нинг сабр косасини тўлдириб юборди. Озод аканинг мақолаларини матбуотда бериш таъқиқлаб қўйилди, ҳатто газета-журнал саҳифаларида унинг номини келтириш ҳам мумкин эмасди. Бу – ҳар қандай мустабид тузумнинг энг ифлос усули бўлиб, уни шўролар ҳукумати муваффақиятли қўлларди. «қора рўйхат»дагилар тириклайин ўлимга маҳкум этилган одамларга ўхшарди – уларни Ўзбекистонда ҳеч ким телевидение орқали кўрмасди, радиодан эшитолмасди, матбуотдан ўқий олмасди; улар «қора сукут» қурбонлари эди. Бир неча ой мобайнида Озод ака ана шундай «вазнсиз» ҳолатда бўлди. Устозим, домлам, энг ажойиб муаллифимизни «қора сукут» балосидан қандай қутқариш мумкин? қутқара оламизми?

Миямга бир фикр келди-да, Асқад аканинг олдига кирдим. Озод ака ҳақида гап очдим. Асқад ака Озод Шарафиддиновни жуда яхши кўрарди, ачинди, хафа бўлди. Шунда мен Ленин туғилган ойига Озод акага мақола буюрсак ва боссак қандай бўларкин, деган фикримни айтдим. Асқад ака бир лаҳза ўйлаб турди-да, қатъий қилиб: «Буюраверинг, Абдуллажон!» деди. Мен чиқиб Озод акага қўнғироқ қилдим. Домла, гарчанд бундай масалалар Асқад акадан бемаслаҳат ҳал қилинмаслигини билса-да, кутилмаган таклифдан довдираб қолди шекилли: «Бу гапдан Асқад аканинг хабари борми?» – деб сўради. Мен тасдиқ жавобини айтдим. Мақолани олиш муддатини келишдик, Озод ака иш бошлади.

Озод аканинг ҳайратланиши бежиз эмасди. Чунки масала нафақат шахсан ўша пайтлардаги Биринчи Котиб Шароф Рашидовда, балки Масковнинг бевосита раҳбарлигидаги ДХқ идорасида ҳам норозилик уйғотиши мумкин эди. Бунинг оқибатлари эса яхшиликка олиб келмасди.

Ниҳоят, муддати етиб, Озод ака материални – хитойи ручкада, кўк сиёҳда, оқ қоғозга ќафсала билан қораламадан кўчирилган бир неча қоғоз қўлёзмани олиб келди. Ленин мавзуи ўша даврларда ишланаверилганидан шу қадар сийқалашиб кетган эдики, унда бирор бир янги гап айтиш фавқулодда ҳодиса ҳисобланарди. Озод ака кичкинагина очеркда янги гап айтган, қисқаси «қотириб қўйган» эди. Очерк 4-соннинг дастлабки саҳифаларини эгаллади (янглишмасам, 1973 йил эди).

«Бўрон»ни кутдик. Журнал чиқиб, тарқалиб бўлди, бир ҳафта, икки ҳафта ўтди. Ҳамма нарса одатдагидек, жимжитлик. Аксинча, Озод аканинг номи у ер-бу ерда кўрина бошлади, радиода чиқишга таклифлар қилинди, фақат таъқиқ телевидениеда қолди. Асқад ака Шароф Рашидовичнинг бағри кенглигидан миннатдор эди, биз эса Асқад акадан. Ваҳоланки, Асқад акага бу дадиллиги қимматга тушиши мумкин эди, у ишдан кетиши ќам ҳеч гап эмасди.

Яна шунга ўхшаган бир воқеани эслашни ўринли деб ўйлайман.

Истеъдодли шоир, носир, журналист Анвар Эшонов (Худо раҳмат қилсин) ўша пайтлардаги «отахан-газета» – «Совет Ўзбекистони»да ишларди. Нима бўлади-ю кўзбўямачи, порахўр амалдор тўғрисида фельетон ёзади, аждарҳонинг думини билмай босиб олади. Фельетон бўлган одам нақ Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг иккинчи котиби В.Ломоносовга тегишли экан. Табиийки, фельетон асоссиз деб топилиб, газета узр сўради, Анвар Эшонов эса муҳокама қилиниб, ишдан ҳайдалди. Энди Анвар ака ҳам «қора рўйхат»га тушган эди, бирорқбир матбуот органи унинг мақоласи тугул, на шеърини, на ҳикоясини босарди – бояқиш ҳар жиҳатдан қийналарди. Кўп истеъдодли ёшларга яхшилик қилган, ўта талабчанлиги билан ном чиқарган Ваҳоб Рўзиматов Асқад аканинг олдига кириб, Анвар Эшоннинг аҳволини тушунтиради: «Ҳақиқат қиламан деб, туҳматга учраб, бола бечора азобда қолиб кетди, муаллифимиз, ёрдам беришимизнинг иложи бормикан?» Асқад ака: «Бўлмаса ўзининг яхши кўрган мавзуида бир ҳикоя олиб келсин, берворамиз», дейди. Анвар ака ўша пайтларда «Европада қолган қабрлар» деган туркумда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўзбек аскарлари ҳақида ҳикоялар, мақолалар ёзиб юрарди. Асқад ака «ўзининг яхши кўрган мавзуида» деганида, шуни назарда тутган эди.

Анвар ака ҳикояни олиб келди. Тушириб юбордик, чиқди ҳам. Ҳамма хурсанд. Лекин икки-уч кун ўтгач, Ваҳоб ака менинг хонамга кирди (мен у пайтда бўлим мудири эдим) қўлида икки варақ қоғоз, рангида ранг йўқ.

– Муни қаранг, окаси, – деди менга қўлидаги иккита қоғозни силкитиб, – мен кимсан Ломоносовга жавоб ёзишим керак экан. Бу нима қилгани Асқаднинг, а?! Бирор нарса деёлмадим, авзойи жуда бузуқ. Ҳайронман, окаси.

– Нимасига ҳайрон қоласиз? – дедим Ваҳоб акага далда бериш учун атайин бепарво оҳангда. – Бошлиғимиз буюргандан кейин бажарамиз-да, нима ҳам қилардик!

Ваҳоб аканинг безовталиги тушунарли эди: журнал чиққач, Анвар Эшоновдан «вето» «ўзбошимчаларча» олиб ташланганини кўрган иккинчи котиб бош муҳаррир номига, нега МКнинг журнали ҳалол совет кишисини, атайин қоралаш билан шуғулланган туҳматчи, жамиятимизга ёт журналистнинг маза-матрасиз материалини босди, деган мазмунда хат юборган, Асқад ака эса унга жавоб ёзишни атайин эп кўрмаганини билдириш учун бу ишни Ваҳоб акага топширган эди. Аслида-ку, жавобни Асқад аканинг ўзи ёзиб, мактуб тагига: «Журнал бош муҳаррир ўринбосари: В.Б.Рўзиматов» деган имзони қўйиб қўйган эди. Бу – В.Ломоносовга нега осмондан келасан, ўпкангни бос, деган гапни англатарди. Чунки у пайтда МК котиби у ёқда турсин, бўлим мудири, бўлим мудири ўринбосари, сектор мудири, ҳатто инструкторга хатлар бош муҳаррир имзоси билан жўнатиларди. Бундай «одобсизлик»ка Ломоносов умрида биринчи марта дуч келган бўлса керак. Хатда эса икки оғиз, совуққина қилиб, Анвар Эшонов истеъдодли ёш ёзувчи, унинг журналда эълон қилинган ҳикояси ниҳоятда долзарб мавзуга бағишланган, совет ватанпарварлиги ва халқлар дўстлигини тараннум этади, журнал саҳифаларида бундан буён ҳам шундай материалларни бериб боришни таҳририят мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди, қабилидаги расмий сўзлар ёзилган эди.

Шу-шу Анвар Эшоновнинг номи аста-секин яна матбуотда кўрина бошлади, хатга «реакция» бўлмади. Бу – Асқад аканинг улкан Виждон эгаси, ҳалол, ниҳоятда обрўли инсон эканидан далолат эди.

Кези келганда, яна бир шунга ўхшаш ҳодисани эслаб ўтмоқчиман. Янглишмасам, 1977 йил эди, журнал раҳбариятини Марказкомга чақириб қолишди. Гап шунда эдики, сўнгги пайтларда журналнинг сонлари графикдагидан кеч босмага тушарди, Бирлашган нашриёт эса бунда бизни айбдор деб ҳисобларди ва ҳар гал Марказкомга устимиздан арз ёзарди. Бунинг устига Нашриёт директори ўринбосари Фатто Абдураќмонов билан Ваҳоб ака иккаласи унчалик чиқишмасди.

Асқад ака, Ваҳоб ака ва мен Марказкомнинг матбуот шўъбасига бордик. Нашриёт томонидан икки киши – директор ўринбосари ва ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи келган эди, директор кўринмасди. Шўъба бошлиғи журналист Болтабой Юсупов баъзи бир масалаларни биргаликда ҳал қилиб олишимиз лозимлигини айтди. Дастлаб Бирлашган нашриёт босмахонаси ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Я. Шурфга сўз беришди, у бизни графикни бузишда, интизомсизликда айблади. Кейин журнал масъул котиби – каминага сўз навбати тегди. Мен, табиийки, нашриётнинг холис эмаслигини, у ердагилар қилдан қийиқ ахтаришга уринишни ўзлари учун одатга айлантириб олганликларини айтдим. Бундан ташқари яна қўшимча қилиб (бир оз жўшиб): «Фатто Абдураҳмонов билан Ваҳоб аканинг ўзаро келишмаслиги ҳам кўпинча мана шундай машмашаларга олиб келяпти, булар ўз жанжалларини нашриётдан ташқарида ҳал қилишсин», – дедим ва шу заҳотиёқ «отпор» олдим:

– Ваҳоб Рўзиматов билан менинг орамда ҳеч қандай адоват йўқ, – деди Фатто ака. Шўъба ходими «оша» миллат вакили унинг гапини оғзидан олиб, менга ёпиша кетди:

– Уят эмасми сизга, ёшгина бўлиб, икки ҳурматли одамни бир-бири билан уриштирмоқчисиз!..

Гап шунда эдики, МК нашриёти ва ана шу шўба ходими бизни тавбамизга таянтириштирмоқчи экан – чиқмай қолди, мен сўзимнинг бошида кўпгина нарсаларнинг туҳмат эканини далиллар билан бирма-бир исботлаб бергандим, алам, алам – ўшанинг алами эди. Бунинг устига қандайдир бир ёш масъул котиб Марказком ходимлари олдида тиззаси қалтираб туриши ўрнига «маҳмадагарчилик» қиляпти!

Шўъба ходими яна авжга чиқаётганида, гапга шу пайтгача жим ўтирган Асқад ака аралашди:

– Нега мунча Абдуллажонга ёпишяпсиз?! У бор гапни тўппа-тўғри айтди. Ҳақиқатан ҳам вазият шундай. Бу – бир. Иккинчидан, нега мажлисда директорнинг ўзи йўқ. Менга, Ислом Шоғуломов ҳам иштирок қилади, деган эдингизлар. Мен келдим, у киши қани?

Шўъба ходими энди бирдан Асқад акага ёпиша кетди:

– Ҳа, албатта, сиз – буюк одамсиз, фақат директор билан гаплашасиз, бу ердагилар сиз учун одам эмас…

Асқад ака ҳақида ҳеч ким ҳеч қачон, ҳатто душманлари ҳам, на олдида, на орқадан бунақа гап айтишмаган эди. Бу, қолаверса жон-жаҳди билан филга ташланган лайчанинг ҳолатини эслатарди. Ҳамма, ҳатто шўъба мудири ҳам ҳижолатдан кўзини қаерга олишни билмай қолди. Шунда Асқад ака бир қизариб олди-да, босиқлик билан гап бошлади:

– Ундай эмас, муҳтарам ўртоқ, биз ҳал қилишимиз лозим бўлган асосий масалалар фақат директор билангина ечимини топади, – деб давом эттирди у. – Марҳамат, Фатто Абдураҳмонович, айтинг-чи, журнал муқовасининг 2қ ва 3қ бетларини аввалгидек рангли ҳолида қолдириш масаласини сиз ҳал қила оласизми?

– Йўқ, – деди Фатто ака, – уни фақат директор ҳал қилади.

– Журнал саҳифаларини икки ранглиликдан кўп ранглиликка ўтказиш масаласини-чи? – деб савол берди энди Асқад ака.

– Буни ҳам фақат директор ҳал қилади, – деб жавоб берди яна Фатто ака.

Асқад ака тағин қайсидир (ҳозир ёдимда йўқ) бир масалани сўради. Яна Фатто Абдураҳмонович «йўқ» деди. Шунда Асқад ака шўъба мудирига қараб:

– Биз бу ерга ана шу ва шунга ўхшаш йирик масалаларнинг ечимини топиш учун келган эдик, даҳанаки жанг учун эмас.

Асқад ака қўлларини кўксида чалиштириб, Брюсовчасига, мағрур бош тутиб ўтирарди, лекин қизариб кетган юзларидан унинг жуда жаҳли чиққанини билиш қийин эмасди.

Ниҳоят, босиқ «портлаш» юз берди:

– Мулла йигит , бундан буён ўйлаб гапиришга ўрганинг. Мен табиатан мулойим одамман, лекин ёмонликка оладиган бўлсам, йигирма тўрт соат ичида келган жойингизга қайтиб кетасиз. Ўзбекистон бедарвоза эмас, буни унутманг!

Шундай деб, Асқад ака ўрнидан турди ва Болтабой Юсуповга юзланди:

– Мени Оқил Умрзоқович ҳам чақирган эди. Боришим керак, мажлиснинг қолган тафсилотини менга етказишар.(Ољил Умрзољович Салимов у пайтда Марказкомнинг учинчи котиби, мафкура бўйича энг катта одам эди.)

Асқад ака чиқиб кетди. Шу билан мажлис ҳам ўз-ўзидан тамом бўлди. Болтабой Юсупов бизни узр сўраб кузатиб қўйди.

Эртасига мен хонамда эканимда (мен билан Асқад аканинг хонасини котибамиз Азиза опанинг хонаси ажратиб турарди) тапир-тупир ва қулоғимга кечаги товушлар эшитилгандек бўлди. Кейин билсам, Болтабой Юсупов билан ўша шўъба ходим Асқад акадан расман узр сўрагани келишган экан. Асқад ака уларни гўй ҳеч нарса бўлмаганидек, очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ҳазил-ҳузул билан кузатиб юборди.

Шу ўринда бир нарсага алоҳида эътибор қилиш керак бўлади. Бу – Асқад аканинг феъли. Асқад ака, ўзи айтганидек, табиатан мулойим ва ниҳоятда камтарин, ҳеч қачон ҳеч кимга товушини кўтармаган, катта гапиришни ёмон кўрадиган одам эди. Ҳатто Асқад акани ноҳақ танқид қилиш билан кун ўтказиб юрган Норбой Худойбергановга ўхшаган танқидчиларга ҳам бирор оғиз қаттиқ гапирмаган. Лекин ўзини ақлли, «катта оға» деб ҳисоблаган, буйруқ беришга ўрганиб қолган амалдорларга нисбатан ички бир нафрат уни «феълли» қилиб қўярди, у мустамлакачиларга қарши ана шундай муносабатда бўларди. У азиз Ватани Ўзбекистонни жондан ортиқ севарди, айни пайтда ўз Ватанини Россия қўли остидаги қардош туркий дунё билан бир бўлишини – Буюк Туркистонни орзу қиларди (буни унинг «Тундаликлар»идан илғаб олиш қийин эмас); Туркистонни ҳудуд-ҳудудга бўлиб, парчалаб ташлаган муғомбир, «майда миллатларга меҳрибон оғаларни» ёмон кўрарди. Ломоносовга ёзилган хат воқеасида ҳам, Марказкомдаги мажлисда ҳам мулойимтийнатли Асқад аканинг кутилмаганда «тўнини тескари кийиб олиши»нинг, ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам ўша пайтда тушунтириб беролмайдиган ҳолатининг замирида асл миллатпарварлик ва ватанпарварлик туйғуси ётарди.

Етмишинчи йилларнинг охирига келиб, «Гулистон» журналида Асқад Мухтор ва Ваҳоб Рўзиматов бошчилигида, юқорида айтганим, ҳақиқий таҳрир мактаби вужудга келди: Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир, Сулаймон Раҳмон, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Тоҳир Малик, Муҳаммадали қўшмоқов,Саъдулла Аҳмад,Маҳкам Маҳмудов…

Бироқ Асқад акадан кейин бу мактаб путраб кетди. Бир вақт келиб мен, «Ёшлик» журналининг масъул котиби қилиб тайинланганимда, уни тиклашга уриниб кўрдим. Сулаймон Раҳмон, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонни ишга таклиф этдим. Улар тарбиясида кейинчалик Нурилла Отахон, Набижон Боқийдек таҳрир санъатини эгаллаган ёшлар етишиб чиқди.

Лекин мени тез орада Ёзувчилар уюшмасига «ташлаш»лари ва бир-икки йил ўтмай Эркин Воҳидовнинг ҳам бош муҳаррирликдан кетиши туфайли бу ният тўла амалга ошмай қолди.

Мен 1979 йили Масковга, Олий Адабиёт курсига ўқишга кетдим. Сал ўтмай Асқад акани «Гулистон»дан олиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига бош муҳаррир қилиб тайинлашди.

Масковнинг совуқларида, эҳтиётсизлик қилиб,бошимни шамоллатиб қўйдим, бунинг устига саломатликка ўзбекона бехафсалалик билан қараб, вақтида даволанмадим. Бир-икки йилдан сўнг, умуман ишдан бўшаб, ёз ойларининг ҳаммасини денгиз бўйидаги асосан қримдаги «Коктебель» ижод уйида ўтказа бошладим. Шу туфайли Асқад ака билан кам кўришардик.

Мустақилликдан сўнг, Ёзувчилар уюшмаси котибияти ва Адабиёт жамғармаси ҳайъати менга ижод боғидан коттеж ажратишди – Асқад акага боғ қўшни бўлдим. Бу пайтда Асқад ака қаттиқ дардга чалиниб,ётиб љолган эди. Ўтиш даврининг энг оғир, бошланиш даври бўлгани учун Асљад аканинг оиласи ҳатто тузукроқ дори-дармонга ҳам пул топишолмасди. Яхши ҳамки, Халқаро Абадиёт жамғармаси Масковдан бетоб ва кам таъминланган ёзувчилар учун дори-дармон юбориб турарди.

Бир оз ўтгач, Асқад ака бош кўтариб, юра бошлади. Дастлаб қийналиб гапирарди. Аста-секин сайр қилиб юриб, биз томонларга ќам ўтадиган бўлди (менинг коттежим боғнинг этагида, Одил Ёқубов, Пиримқул қодиров, Эркин Воҳидовлар томонида эди). Мен доим дала ҳовлининг бир парча ерида кетмон уриб ётган бўлардим. Асқад ака бир оз тўхтаб, мен билан кўришгач, баъзан ҳазиллашиб қўярди:

– Қаранг, Абдуллажон, ҳамманинг тили бир марта чиқса, меники икки марта чиқяпти. Гапиришни ўрганиб қолдим.

Асқад ака ўзидан кўра бошқаларга кўпроқ раҳмдиллик қиладиган, катта қалб эгаси бўлган ёзувчи эди. Бир эмас, бир неча бор менга: «Абдуллажон, зинҳор кечаси ишламанг, зинҳор», дерди. Бир куни мен картошка чопиқ қилаётган эдим, Асқад ака ўтиб кетаётиб, тўхтади, мен пайкалдан чиқиб кўришдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач (бу пайтда Асқад аканинг тилидан инсултнинг асароти кетган эди):

– Кеча радиодан шеърларингизни эшитдим. Ажойиб шеърлар, – деди ва норози оҳангда қўшиб қўйди. – Халқнинг катта бир шоири қўлида қалам эмас, кетмон… Бу кунлар ҳам ўтиб кетади, ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби бор. Тепадаги бош ҳисобчи, – Асқад ака кўрсаткич бармоғи билан осмонга ишора қилиб, қўлини бир-икки силкиди, – ўз вақтида ҳисоб-китоб қилади, ҳеч қачон ҳисобдан адашмайди.

Асқад ака радиода Тойир Юнус тайёрлаган «Шеърият чорраҳаларида» деган эшиттитришда берилган шеърларимни назарда тутаётган эди. Бир оз гаплашиб тургач, у тунда ишламаслигим кераклигини яна қайта-қайта тайинлаб, боғ ҳовлиси томон кетди.

Асқад ака мени ортиқча мақтаб юборган эди. Шунга ҳайрон қолдим. Чунки у киши одатда уч сифатни ишлатарди: «яхши», «дуруст», «бўлади». 1979 йили нашр этилган «Атиргул сояси» китобимга ёзган сўзбошиси ҳам ортиқча мақтовларсиз, вазмин бир ишонч билан йўғрилган. Чамаси, Асқад ака менга атайин далда бериш мақсадида шундай қилган эди. Чунки, боя айтганимдек, ўтиш даврининг ўша оғир йилларида ҳаммамиз қийналардик. Мен, университетдаги дарсларимни асосан биринчи семестрда – куз ва қишда жадвалга қўйдириб, баҳор билан ёзда ҳафтада бир кун кафедрага борардим, буёғи таътил. Шу сабабли мен баҳордан то куз азондан шомгача коттежим рўпарасидаги саккиз сотихли дала ќовлимда кетмон чопардим, ора-орада кун қиздирганда, ичкарига кириб, ёзув столига ўтирардим. Рўзғорга зарур барча сабзавотларни ўзимиз етиштирардик: картошка, карам, ловия, мош, сабзи, шолғом, пиёз, бодринг… Маҳалламиз дўкони махсус рўйхат билан берадиган ёғ ҳар куни бир қошиқданга тўғри келарди. Ана шу бир қошиқ ёғ билан ҳам ҳар турли овқат қилиш мумкин эканини ўшанда билганман.

Асқад аканинг коттежига гоҳ мен, Асқад ака билан уринтирмай суҳбатлашгани, гоҳ хотиним, Равза опа билан ҳангомалашгани бориб турардик. Гоҳ-гоҳ деҳқончилигимиздан олиб борардик (Асқад ака гўшттановвул љилмасди, картошкани яхши кўрарди). Баъзан Равза опа ҳовлисидаги ширин анордан бир челак бериб юборарди. Уларнинг боғига кираверишда ўнг томонда бир туп антиқа токлари бор эди, узуми чачақ-чачақ, кичик бошли, лекин жуда ширин. Уни Асқад ака бир пайтлар Сан-Францискодан олиб келган экан. Мен боғимга қаламча олиб экмољчийдим, насиб этмади… Асқад ака қазо қилди.

Сталин қатағонлари даврида адабиётга кириб келган Асқад Мухтор ва унинг тенгдошларини мудҳиш замон эзиб ташлади. Улар ёзган романлар, қиссалар, ҳикоялар кимларгадир бугун ёлғон-яшиқ, алдовдек туюлади. Лекин ўша даврда Асқад Мухтор даражасида ёзишнинг ўзи жасорат эди. Айниқса, Асқад аканинг шеърларида бу жасорат яққол кўзга ташланади. Унинг шеърияти ҳеч кимникига ўхшамайди. Кўринишдан денгиз ҳам, дарё ҳам эмас, сатҳи тинчдек, оддийгинадек, анҳордек, эни тордек кўринади. Лекин ундаги теранликни, ундаги ички шиддатни сўз билан тавсифлаш қийин: шўнғисангиз бас, у сизни заптига олиб оқизиб кетади, албатта оқизади, фақат ҳақиқат томон оқизади…

Асқад ака ҳеч қачон, замон йўл қўймади, ёмон даврда яшадим деб нолиган эмас. У бир миниатюрасида шундай дейди:

Шоир шоир бўлар сенинг туфайли
қанча тўлғансанг ҳам, о, замон!
Довул туриб шамим ўчса, майли,
Чақмоқ ёруғида ёзаман.

Асқад аканинг сўнгги «чақмоқ ёруғида» ёзган асари «Тундаликлар» эди; ўзи, тунда ёзманг, соғлигингиз тамом бўлади, дердию тунлари ёзишда давом этарди: устозимиз бизни, ҳаммамизни, инсонни, Ватанни аярди, фақат ўзини аямасди, шундай улуғ Инсон эди у.

Мен устозим Асқад Мухторга икки шеър бағишлаганман. Бири кўп йиллар муқаддам, иккинчиси Асқад ака қазо қилгандан кейин ёзилган. Биринчиси, дастлаб мен «Гулистон»дан кетгач, орадан бир йил ўтгач, 1980 йили чиққан «Роз» китобимда эълон қилинган; кейинчалик «қадимги куй» (1987) тўпламимда қайта нашр этилди. Мана у:

ШОИР

Камтар, ўйчан, манзил ошасан
Жилмайганча куйловчиларга.
Йўл бошида куй улашасан
Тиним билмас йўловчиларга.

Куйиб эмас, ёниб борасан,
Ҳар манзилда бир чўғ қолади.
Дунё умрин ёриб борасан,
Изинг бўлиб қўшиқ қолади.

Иккинчиси Дўрмондаги ижод боғида, Асқад аканинг боғ ҳовлиси ёнидан такрор-такрор ўтган пайтларимдаги таассуротлар асосида ёзилган ва «Ёзувчи» газетасининг 1997 йил, 27 август сонида босилган эди:

Жаннатмакон шоир Асқад Мухторнинг
Дўрмон боғидаги анжири бу йил
Сезмади ўтганин шошқин баҳорнинг,
Эгасини кутиб тугмади ҳосил.

Асад ҳам сезилмай охирлаб қолди,
Сезилмай сарғаяр барглар ҳам аста…
Яна Асқад Мухтор кўкдан жой олди,
Яна ғайир «дўстлар» қолдилар пастда.

Ҳақиқатан ҳам, ўшанда Асқад аканинг ҳар йили шиғил мева соладиган икки туп анжири ҳосил бермади. Икки туп анжир аза тутди.. Чамаси, бундай инсонларни на фақат жамият, балки азалий табиат ҳам камдан-кам учратса керак.

Тошкент, 2001

Манба: Абдулла Шернинг веб-блогидан олинди

Асқад МУХТОР
ТУШИМДА ГУЛ ТИШЛАБ ЎЛАМАН…
067

ЙЎЛ
05

Остонамдан таралган йўллар
Эслатади қуёш нурини.
Узоқ-узоқларга кетиб, узайиб,
Узайтади менинг умримни.

Юрганларни дарё дейдилар,
Дарё – чексиз умр эртаги.
Бир кун уйда ўлтириб қолсам
Ҳаёт гўё четлаб ўтади.

Кўрганинг сеники, дер эди бобом,
Элларни, дилларни керак кўришим.
Очилмаган қўриқ, номаълум юлдуз,
Бари-бари менинг улушим.

Ижод дарди йўл азобидир,
Майли, бўлсин туманлар қуюқ.
Руҳим билан йўлда эканман,
Умримнинг ҳеч ниҳояси йўқ.

ТАБИАТ

Табиат гуллайди, сўлади,
Фасллар ўтади – янграган қўшиқ.
Бизлар эса, унинг бир бўлаги,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Тоғлар дунё қадар қадим кўринар,
Оғир, собир, камтар, бағри тўқ.
Кумуш қорлар ёғар, тонгда гул унар,
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Ёмғирдан сўнг камалак балқиб,
Остида дарёдай мавжланар уфқ.
Ранглар, кенглик, ёғду, хушбўй, салқин…
Миннати йўқ, манфаати йўқ.

Табиатга фақат сафар муқаддас,
Сузишга созланган кемадек –
Яшар ва сир сўраб сизни қийнамас
Ҳаётдан муддао нима деб?!

ҚАЛБ

Яна бир кун қизғин ишлар билан,
Ўтли ҳислар билан ёниб тугади.
Қалб эса… Қалб кулранг оқшомнинг
Доно сукунатин туяди.

Унда бебош ёлқинлар сўнган,
Чирсилламас ҳўл саксовуллар.
Сўнгги азиз чўғлар ўчмоқда, аммо
Олов тафти ҳамон ловуллар.

Мен хаёлан сокин шом қўйнида
Сенинг қўлларингни топаман
Ва яхши қизиган ўша тандирда
Олтин сўзларимни нондек ёпаман.

ЖУМБОҚ

Нур оқади, кун-тун нур оқади,
Нур оқади қуёшдан ерга.
Юлдузлардан тинмай нур оқади,
Кун-тун чўмилади ер юзи нурда.

Нур ҳам материя, дейди олимлар,
Ер шари кун сайин оғирлашарми?
Нимага, бўлмаса, зулмат ваҳимаси
Гирдобига олар гоҳо бу шарни?

Миллиард йиллар, неча миллиард юлдуз,
Ер деб нур хирмонин ҳамон уяди.
Нимага, бўлмаса, унда одамлар,
Қаро кунларин оғир туяди?

ЧАШМА

Чашмада акс этар қаҳрабо узум,
Аста жимирласа, тебранар айвон.
Осилиб тургандек шоҳсувор гужум,
Томоша қиламиз суқланиб ҳайрон.

Чашмада беқарор булутлар сузар,
Юлдузлар қандилдек ёнади шифтда.
Рассом манзарани ҳовлиқиб чизар,
Манзара сеҳрига ҳамма ошуфта.

Жозиба нимада? Аксидан, ахир,
Асил нусха ўзи афзал эмасми?
Ҳар нарса дунёда ягона, нодир,
Такрорланмас бўлса гўзал эмасми?

ТУН

Юрагимга яқин одамлар…
Зулфия

Ойни тишлаб, чиқиб келар тун,
Ҳар юлдуз қалққанда кўкси тешилар…
Яхши тушлар кўринг, яқин-йироқдаги
Юрагимга яқин кишилар.

Қандайдир оқ, юмшоқ, меҳмондўст қиш,
Барқу ёстиқлар-ла безайди тўрин.
Қайдадир ям-яшил боғлар… ҳаммангиз,
Яхши тушлар кўринг.

Оқ йўл сизга, тунги йўловчилар,
Янги манзилларда кутсин офтоб.
Яхши тушлар кўргин ҳорғин дунё,
Эзгу орзуларда оромингни топ.

Хайрли тун, уйғоқ инсон руҳи,
Муҳаббат сафласин сени оташдай.
Учавер, жонажон яшил планетамиз,
Чексизлик қаърида адашмай.

ИНСОН

Сен кашфиёт ёлқини, оташ,
Асрий зулматларда бир ёруғ нуқта.
Барча мавжудотлар қалбингга туташ,
Бир оддий гиёҳнинг олдида тўхта.

Ариқ шилдираши, барглар шивири,
Сенга жон озуғи, руҳингга дардкаш.
Гуллар билан сўраш, ҳидлаб ҳар бирин,
Капалаклар билан суҳбатлаш.

Жавоб бермасалар гапингга, майли,
Совуқ юлдузларга тикилганда гоҳ,
Билгинки, қалб қўри жонлилар туфайли,
Жонлилар жонлига доим хайрихоҳ.

* * *

Икки нарса оғир кўнглимга асли,
Икки нарса учун йўқ менда бардош:
Бири — душманимнинг шодон қаҳқаҳаси,
Бири — дўст кўзида милтиллаган ёш.

* * *

Дарахтларни буркаб
Оқ туман сузар.
Эшитилмас қушлар навоси.
Нега мунча ғамгин…
Нега дилни эзар
Эрта баҳор куни бу куз ҳавоси?
Мен нега юрибман
Боғни айланиб,
Уйда ахир ишим оз эмас:
Столда ётибди чала сатрлар…
Мен нега юрибман,
Кўнглим ёзилмас?..

Бир қиз,
бир йигитни кўрдим шу дамда.
Улар шошиб келиб,
тез қўл олишди.
Шумшайган дарахтлар тагида, намда
Узоқ,
узоқ туриб қолишди…
Бахтлиман.
О, менинг толеим кўркам.
Кўнглим қувончларга тўлди лиммо-лим,
Чунки, қаердадир,
узоқда бўлса ҳам,
Ер юзида сен борсан, жоним.

* * *

Кузги еллар, хазонрез еллар,
Боғлардан боғларга кўчасиз.
Гуллар хушбўйини,
Олтин баргларини
Қаёқларга олиб учасиз?

Яланғоч шохларда изғиб,
Кўчиб кетган
Қушлар уясини титасиз.
Кўз олдимда тортқилаб, юлқиб,
Ёз ҳуснини олиб кетасиз.

Аммо мен биламан —
Олиб кетолмайсиз
Умрим баҳорининг бир япроғини.
Кўклам шаббодаси бўлиб қайтарсиз
Ғарқ пишган боғларим соғиниб.

УМР

Куни кеча шу сўрида ётганимда
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқпарнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…

* * *

Мен кўп йўллар юрдим,
Кўп нарсани кўрдим,
Гоҳ соғиниб,
Гоҳо
Шодликдан жўшиб;
Қанот чиққан қушдай
Уясига сигмай,
Юрагимда талпинар қўшиқ.

* * *

Мен сени ўйлайман,
ўйларим чексиз,
Шундай чексиз бўлсин бахтли кезларинг.
Мен сени ўйлайман.
ўйларим тенгсиз.
Шундай тенгсиз сенинг тиниқ кўзларинг.
Мен сени ўйлайман,
ўйларим узун,
Ки ундан шундайин бир арқон ўрсам,
Чирмаб тутиб берсам севган юлдузинг
Сўнгра сен кўксингда порлатиб юрсанг
Мен сени ўйлайман…

* * *

Орадан гап қочса, ярадай қийнар.
Шундай из қолдирар сўзнинг қамчиси
Гоҳ тун сукутида эшитиб қоламан —
Гурс этиб тушади кўз ёш томчиси.
Нима гап ўзи?

Наҳот кўқтсан узилиб тушган бўлса
Никоҳ ёшимизнинг ёруғ юлдузи…

ГУЛЛАР

Лола гулханлари йўл ёқасида…
Умримда жуда кўп йўллар босдим мен
Баҳор эпкинидан юрак орзиқади,
Йўллардан ҳам кўпроқ гуллар босдим мен.

Кўксим билан босдим,
ездим пошнам билан,
Чаманлар, чаманлар топтадим!
Балки шунинг учун
йигирма йил излаб,
Гулгун юзларингдан ором топмадим.

Балки ўша йиллар
дил хазинасидан
Қандайдир жавоҳир йўқотдим.
Ёвга ўқ отишим керак эди менинг,
Гулларни кўрмадим.
Ёвга ўқ отдим.

Шошиш зарур эди,
шошиш, отиш зарур,
Мен ўлим гирдоби бўлишим керак.
Тунлар созлиқларда ўрмаларканман,
Гулларнинг инфашин тингларди юрак.

Ҳа, кўп гул босдим мен.
Ўрни тўлармикан
Гул бўлиб очилса ҳар қалб тепиши?
Қирда лола фасли чалқанча ётиб,
Борлиқни унутгинг келади киши.

Мени нафратламас лолам, жонгинам,
У ҳамон меҳр ила менга боқади.
Мен қулоқ соламан:
томирларидан,
Мангулик шарбати силқиб оқади.

Гулгун ёноғида шабнам қатралари…
Негадир эслайман болаларимни.
Борлиқни унутиш керак эмас, йўқ,
Ардоқлайман лолаларимни!

Этик пошнасидан ардоклайман, ўкдан,
Довул турса — қалқон бўламан!
Ўлсам, фақат Белоянис каби
Тишимда гул тишлаб ўламан.

Тишимда гул тишлаб ўламан…

056

09
JANNATMAKON SHOIR
Abdulla SHER
067

 Asqad Muxtor haqida yozish, bu – tog’ni tavsiflash demak. Tog’ning salobati, toshlarga urilib, jaranglab tushayotgan irmoqlari, dabdurustdan xarsangni yorib chiqqan buloqlari, shifobaxsh giyohlari, to’p-to’p na’mataklari, bahaybat cho’qqilari, archazorlari, go’zal yonbag’irlarini bir varakay tasvirlash mushkul. Asqad Muxtor ham shunday: iste’dodli nosir, tengi kam shoir, yosh iste’dod egalarining murabbiysi, zukko ziyoli, fidoyi muharrir, go’zal va ulug’vor inson; uning hayoti, asarlarida aks etgan qalbi, aqli va iste’dodi bir emas, bir necha kitobga ham mavzu, ham mazmun bo’la oladi.

Men Asqad aka bilan dastlab o’smirlik paytlarimda, o’tgan asrning elliginchi yillarida g’oyibona uchrashganman: «Hayot chaqiradi» degan hikoyalar to’plamini, «Rahmat, maktabim» deb nomlangan she’riy kitobchasini o’quvchilar brigadasida paxta terib topgan pulimga sotib olgan edim, ularni qayta-qayta o’qirdim. Keyinchalik uning «Tanlangan asarlar»ini, roman va qissalarini mutolaa qildim: she’riy novellalarida tasvirlangan, Shomansurning Rahimasini jin chalib ketgan to’qaylarni kechalari vahima bilan ko’z oldimga keltirardim, «Tug’ilish» romanidagi Luqmoncha bilan birga qurilishlarda yurardim, adolat va haqiqatning g’alabasiga qattiq ishonardim. Lekin, bir payt kelib, shu ulug’ odam – Asqad Muxtor bilan birga ishlayman, qo’shni yashayman, deb o’ylamaganman. Vaholanki, men uning qo’lida o’n yil ishladim, bir necha yil Do’rmonda u kishiga qo’shnichilik qildim…

1966 yili O’zbekistonda «Guliston» jurnali qayta ochildi. Bu – o’zbek xalqining ma’naviy hayotidagi juda katta voqea edi (sho’rolar davrida, hozirgidek, xohlagan odam yoki tashkilot, mablag’i ko’tarsa, jurnal ocholmasdi, har bir nashr, u hatto shapaloqdekkina gazeta bo’lsa ham, Maskovning ruxsati bilan tashkil qilinardi). Men – jurnalistika fakul`tetining talabasi, o’quv amaliyotini shu jurnalda o’tkazdim. «Guliston» barchaning sevimli jurnaliga aylangan edi; unda tildagi ruslashtirish va ovro’palashtirishga qarshi o’zbeklashtirish, sharqlashtirish uchun kurash borardi: «revolyutsiya» – «inqilob», «redaktsiya» – «tahririyat», «avtor» – «muallif», «poeziya» – «nazm», «she’riyat», «proza» – «nasr», «filosofiya» – «falsafa» tarzida muomalaga kiritilardi; «Temur tuzuklari» forschadan tarjima qilinib, sonma-son bosilardi (tarjimon esa amalda norasmiy Sharqiy Turkiston Respublikasi Prezidenti bo’lgan, gomindanchi-bosqinchilardan o’lkaning deyarli 90 foiz hududini tortib olgan, lekin aldov yo’li bilan SSSR DHKsi tomonidan Toshkentga bir kechada olib qochib kelingan, armiya generali, «xalq marshali», ilohiyotchi olim, faylasuf, adib Alixon Sog’uniy edi); ingliz tarixchi olimasi Hil`da Hukhemning Amir Temur haqidagi kitobidan parcha, akademik Ibrohim Mo’minovning «Temur va temuriylar» maqolasi shu jurnal orqali xalqqa yetib bordi; Rasul Hamzatovning milliy qadriyatlarni va milliy ozodlikni ulug’lovchi «Dog’istonim» asari Erkin Vohidov tarjimasida bosila boshladi… «Guliston» milliy jurnalga aylanib borayotgan edi. Shu bois «yuqoridagilar» jurnal bosh muharriri Ibrohim Rahimni ishdan olib, uning o’rniga Asqad Muxtorni tayinlashdi.

Bu paytda men to’rtinchi kursni bitirib, «Guliston»ga ishga o’tishni o’ylab yurardim. Jurnal rahbarining almashinuvimi yoki uning sahifalaridagi ba’zi o’zgarishlar sabab bo’ldimi, men, negadir, «Guliston»ga bormay, telestudiyaga, «Yangiliklar» tahririyatiga ishga o’tmoqchi bo’ldim: telejurnalistlik menga yoqmasdi, lekin sharoit ishlashimni taqozo qilardi. Oradan bir oycha vaqt o’tgach, hali menga buyruq chiqmasidanoq ishdan ketishga ahd qildim; meni «Sharq yulduzi» jurnali adabiy tanqid bo’limining mudiri, menga maslaќatgo’y ustoz maqomidagi do’stim Mahmud Sa’diy adabiy xodimlikka taklif etgan edi. Lekin ertasiga yo’lda «Guliston»ning mas’ul kotibi Rustam Rahmonov bilan uchrashib qoldim. Rustam aka mening avvalgi niyatimdan xabardor edi, hol-ahvol so’ragach, darhol:

– Nega ko’rinmay qo’ydingiz, shoir?.. Ishga kelmoqchiydingiz… – dedi.

– Ha, endi… ancha-muncha o’zgarishlar bo’lib ketibdi, qaydam, – deb dudmol qildim men.

– Pirntsipial o’zgarish yo’q, hammasi o’sha-o’sha. Keling!

Rustam aka yana bir bor: «Ertaga keling!» dedi-da, xo’shlashib, sheriklariga yetib olish uchun tezlab ketdi.

Men ijara xonamga kelib, yotib o’yladim: o’zim romanlarini, qissalarini sevib o’qigan yozuvchi, she’rlarini qo’limdan qo’ymagan shoir, ayniqsa, «99 minatyura» kitobining muallifi (bu she’rlar to’plamini men paxtaga chiqqan paytlarimizda ham yon cho’ntagimda olib yurardim) hukumatning qo’g’irchog’i bo’lmasa kerak… Bundan tashqari Asqar qosimov bilan ro’y bergan hodisa ham menga dalda berardi. Voqea mana bunday bo’lgan edi.

Iste’dodli shoir, yashirin davramizning a’zosi, do’stim Asqar qosimov hazrat Navoiy tavalludining 525 yilligi arafasida buyuk pirimizga bag’ishlab, manzuma shaklida katta bir she’r yozdi. Lekin uni hech bir nashr bosmadi. Faqat men uni senzura qo’lidan o’tmaydigan «Toshkent universiteti» gazetasida e’lon qilgan edim. U paytda Lenin stipendiati bo’lganim uchun darslarga qatnashishim bir muncha erkin edi, shundan foydalanib, universitet gazetasida mas’ul kotib bo’lib ishlardim. Muharrirlikni jamoatchilik asosida kafedra mudiri, domlamiz Vohid Abdullaev bajarardi. Vohid akaga gazetani qo’l qo’yish uchun olib borganimda, domla hovlida ketmon bilan tokning tagini kavlayotgan edi. So’riga o’tdik. Vohid aka bir oyog’ini chordona tarzida qo’li bilan ushlab, ikkinchi oyog’ini so’ridan osiltirib, materiallarni bir chekkadan ko’ra boshladi. Asqarning manzumasiga kelganda, peshanasini tirishtirdi (salkam bir sahifa edi). So’ng qalam bilan chakkasini bir oz qashib turdi-da: «Judayam qop-qorong’i-ku! qolaqolsa bo’lmaydimi shu?», dedi. Men oyoq tirab turib oldim. Vohid aka qo’l qo’yib berdi. Muharrirning chakkasini qashlatgan o’rinlardan biri mana bu ikki satr edi:

. . . . . . ko’rmas edim bunchalar xo’rlik
Agarda men iblis bo’lib tug’ilganimda.

Gap bu yerda qullikka mahkum etilgan Navoiyning avlodi – o’zbekning ayanchli ahvoli haqida borardi. Ikkinchi satrdagi «iblis» so’zi – mening noilojlikdan kelib chiљљan taќririm, Asqarning asliyatida «o’ris» edi. Gazeta talabalar orasida tez tarqalib, anchagina shov-shuv bo’ldi.

Oradan bir muncha vaqt o’tgach, O’zuvchilar uyushmasidagi mushoiralardan birida ( u paytlardagi mushoiralarda 500 – 600, hatto ming nafargacha she’rxonlar qatnashardi, mushoiralarni albatta Yozuvchilar uyushmasi rahbarlaridan biri olib borardi) Asqar ana shu she’rdan katta bir parcha o’qidi, yuqoridagi satr esa asl holida jarangladi:

. . . . . . ko’rmas edim bunchalar xo’rlik
Agarda men o’ris bo’lib tug’ilganimda.

She’r shunday muvaffaqqiyat qozondiki, tumonat odam bir necha minut o’rnidan turib qarsak chaldi.

Ertasiga esa Yozuvchilar uyushmasiga Davlat xavfsizligi qo’mitasi xodimlari kelishadi va Asqar qosimovni topib berishlarini so’rab, u bilan «suhbat» qilishmoqchi ekanliklarini aytishadi. Uyushmaning ijodiy ishlar va, ayni paytda, yoshlar bo’yicha kotibi Asqad Muxtor «mehmonlar» bilan, bamaylixotir, bafurja gaplashib, Yozuvchilar uyushmasi aynan ana shunday yoshlarni tarbiyalash, ularni to’g’ri yo’lga solish uchun mavjud ekanini tushuntiradi, Asqar qosimovning o’z xatolarini anglab yetishiga ishonchi komilligini aytadi. Xullas, Asqad aka Asqarni ajdarho og’zidan olib qoladi.

Ko’p o’tmay, yana bir mushoira bo’ldi. Uyushma zilziladan keyin vaqtincha Bratskaya (hozirgi Matbuotchilar) ko’chasida edi. Mushoirani Asqad Muxtor olib bordi. Asqad aka yoshlar she’riyati haqida gapirib, ba’zan ular ijodida jamiyatga yot bo’lgan tushkun kayfiyatlar, atrofda faqat qorong’ulikni ko’rish hollari uchrashini, hayot, u qanday bo’lmasin, go’zal va quvonchbaxsh hodisa ekanini aytdi va Ma’ruf Jalilning «Toshkent oqshomi» gazetasida bosilgan bir she’rini misol qilib keltirdi, so’ng: «Ma’ruf Jalil, shubhasiz, talantli shoir, – dedi u. – Bunday nuqsonlardan u qancha tez qutila borsa, shuncha o’ziga ham, adabiyotimizga ham yaxshi». Keyin savol-javoblarga o’tildi. Kimdir «Asqar qosimovning taqdiri nima bo’ladi? » deb so’radi. Asqad aka, go’yo bu odatiy hodisalardan biri, alohida e’tibor qilinadigan voqea emasligini alohida ta’kidlash uchun yelka qisib, savoldan hayron qolgandek javob berdi:

– Asqar bilan gaplashdik. Xatolarini tan oldi, biz unga she’rlarini e’lon qilishiga, yangi, zamonaviy yirik asarlar yozishiga har jihatdan ko’maklashamiz. U – iste’dodli shoir. Xatoga kelsak, hech kim undan mustasno emas. Hamma gap o’sha xatoni anglab yetish va o’z vaqtida tuzatishda, – dedi. So’ng shoirlarimiz, adiblarimiz, xususan, yosh iste’dodlar oldidagi vazifalar, muammolar, badiiy mahorat masalalari to’g’risida gapirdi.

Asqad aka Asqar qosimov masalasi odatiy hol emasligini, bunday holatlarda mustamlakachi, mustabid tuzum shoirni soxta hujjatlar asosida jinoiy javobgarlikka tortib, turmaga yoki «sog’ligini yaxshilab olish uchun» ruhiy xastaliklar kasalxonasiga – jinnixonaga tashlashini o’zi uchun yozilmagan, lekin og’ishmay bajariladigan qonun qilib olganini juda yaxshi bilardi, buning juda ko’p guvohi bo’lgan edi. Asqad aka o’zini ana shu bilib, bilmaslikka solishi bilan, sho’rolarning qatag’on qoidasini buzdi va ana shu «qoida buzishni» odatiy hol deb e’lon qildi. Buning uchun yoshlarga muќabbatning, iste’dodga hurmatning, unga achinishning o’zi kifoya qilmasdi. Ayni paytda otning kallasidek yurak ham kerak edi, mardlik, fidoyilik talab etilardi. Asqad aka o’z mardligi bilan o’sha paytlardagi jamiyatda iste’dodga nisbatan yangicha bir munosabatni boshlab bergan edi.

Xullas, o’ylab-o’ylab, oxiri «Guliston»ga borishga qaror qildim. Shunday qilib, 1969 yilning 16 dekabridan menga, 4-kurs talabasiga, «Guliston» jurnali kur`eri lavozimi oyligini tayinlashdi. O’sha kuniyoq Mahmud Sa’diyga uzrimni aytdim. Mahmudjon: «Men Hamid /ulom bilan (o’sha paytlarda Hamid aka «Sharq Yulduzi»ning bosh muharriri edi)kelishib qo’ygan edim, buning ustiga u yerda 60 so’m, bu yerda 120 so’m oylik, yana o’zingiz bilasiz, Abdullaboy», – dedi nim kinoya, nim norozilik bilan. Men «Guliston»ga ideal jurnal deb qarashimni aytib, yana bir bor uzr so’radim.

Meni adabiyot va san’at bo’limiga o’tkazishdi. Dastlab xatlarga javob yozish bilan, keyinchalik adabiy tanqid va san’at bilan shug’ullandim: bo’lim mudiri Shukur Xolmirzaev – nasrni, adabiy xodim – Aziz Abdurazzoq she’riyatni olib borardi. Ishga kirganimga ikki oycha fursat o’tgan bo’lsa ham, men Asqad akani faqat majlislarda ko’rardim, chetdagi kichkinagina xonachada xatga ko’milib o’tirardim, san’atshunoslar va yoshlar, to’g’rirog’i, havaskor qalamkashlar bilan shug’ullanardim.

Shunday kunlardan birida peshinga yaqin Asqad aka kirib keldi, men o’rnimdan turib salom berdim. U ko’rishib, «quyoshni qutlab» degan kitob chiqqanini, o’shanga ixcham taqriz qilib bersam yaxshi bo’lishini aytdi. Men, «xo’p bo’ladi», deb o’sha kuniyoq kitobchani topib, ishga kirishdim. Uch-to’rt kundan keyin 2 qog’ozli taqrizchani Asqad akaga eltib berdim. Ertasiga kotibimiz Rustam aka meni tabrikladi: «Shoir, sinovdan o’tdingiz, materialingiz Asqad akaga ma’qul bo’ldi. Asqad aka deyarli qalam urmay olib chiqib berdi,» – dedi.

Oradan bir yilcha vaqt o’tgach, «Sharq yulduzi» jurnalidan Vahob Ro’zimatov bilan Mahmud Sa’diy ham «Guliston»ga kelishdi. Vahob aka avval mas’ul kotib, keyin bosh muharrir o’rinbosari bo’ldi. Mahmud Sa’diy esa adabiy kotiblik vazifasini bajarardi. Meni Asqad akaning ish uslubi hayratda qoldirardi. Har bir bo’lim tayyorlagan materialni odatda mudir to’g’ridan-to’g’ri bosh muharrirga olib kirib berardi. Bosh muharrirdan «o’tgach», u kotibiyatga, undan keyin bosh muharrir o’rinbosari Vahob Ro’zimatovga borardi. Asqad aka har bir materialni faqat «o’qib»gina qolmasdi, balki uni juda jiddiy tahrir qilardi. Natijada har bir material quyidagi tarzda tahrirdan o’tardi: adabiy xodim – bo’lim mudiri – bosh muharrir – mas’ul kotib – adabiy kotib – bosh muharrir o’rinbosari.

Materiallar juda puxta tayyorlanardi. Asqad aka va Vahob aka boshchiligida ana shu tariqa «Guliston tahrir maktabi»ga asos solingan edi.

Asqad aka hech kimni hech qachon xonasiga chaqirtirmadigan, ko’rib bo’lgan materialini xodimning xonasiga o’zi ko’tarib chiqardi. Adabiy-tanqidiy maqolalardagi o’z nomini yo o’chirib tashlar yoki tengdoshlari ro’yxatida birinchi o’rinda turgan bo’lsa, oxiriga, Hamid /ulom, Mirmuhsin, Said Ahmaddan keyinga o’tkazib qo’yar edi. Birorta asarini o’z jurnalida bostirmasdi. Vaholanki, o’sha paytlarda bosh muharrirlar odatga ko’ra o’zlari rahbarlik qilayotgan nashrlarda eng avvalo o’zlarining asarlarini berardilar.

Tashqaridan qaraganda, go’yo jurnalda o’zgarish bo’lgandek ko’rinardi: «Temur tuzuklari», «Dog’istonim» to’xtatib qo’yilgan, bosh muharrir o’rniga – «bosh redaktor», «muallif» o’rniga – «avtor», «tahrir hay’ati» o’rniga – «redkollegiya» yozilardi, oldingiga qaraganda zamonaviy materiallarga kengroq o’rin berilardi. Ammo sinchkovlik bilan nazar tashlagan kishi jurnal materiallari tobora teranlashib borayotganini, Ezop tilida bevosita emas, bilvosita milliy ozodlikka da’vat etuvchi, o’quvchini o’ylantiradigan maqola va asarlar berilayotganini, millatimiz tarixi yana ham dadilroq yoritilayotganini ko’rishi mumkin edi.

Kunlardan birida, Maskovdan, SovIKP Markaziy qo’mitasidan komissiya kelibdi, deb eshitdim. U paytda jurnal tahririyati hozirgi Sayilgohda (avvalgi K.Marks ko’chasi, 35), ikkinchi qavatda edi. Zinadan chiqilgach, katta foe bo’lardi. Foega chiqaverishda Leninning kattakon eni bir necha metrli suvrati qo’yilgan va ana shu o’taketgan ulkan suvratning o’ng tomonidan jurnalga kirish uchun yo’lak bor edi. Men foeda kim bilandir (Cho’lpon Ergashmidi, hozir yodimda yo’q) gaplashib turardim. Shu payt chamasi qirq yoshlardagi, baland bo’yli, kelishgan, ochiq chehrali rus kishisi zinadan chiqib kela boshladi. Bizga yaqinlashar ekan:

– «Guliston» jurnali shu yerdami, – deb so’radi. Biz:

– Ha, – dedik.

– Eh-a, – dedi u samimiy, yarim hazil ohangida. – Leninni pana qilib ishlar ekansizlar-da!

Maskovdan kelgan komissiya shu odam ekan. Kim bo’lsa ham, insofli, asl ziyolilardan shekilli, uning kelib-ketishi biror bir yomon oqibatga olib kelmadi. Lekin u haq edi: biz Leninni pana qilib ishlardik.

Bir muncha vaqtdan so’ng men avval rassom-retushchi, keyin, nihoyat, adabiy xodim lavozimiga o’tkazildim. Bu paytga kelib, Sa’dulla Siyoev bo’lim mudiri, men va Sa’dulla Ahmad adabiy xodim edik. Endi men she’riyatga, Sa’dulla Ahmad san’atga ma’sul edi. Yana bir oz fursat o’tgach, meni bo’lim mudiri qilib tayinlashdi. Tahririyatimiz ham endi Birlashgan nashriyot (hozirgi «Sharq» kontserni) binosiga ko’chib o’tgan, o’ndan ortiq gazeta va jurnallar jamoalari bilan yonma-yon ishlardik.

Asqad aka «Guliston»ni juda yaxshi ko’rardi. Unga o’zining bosh muharrirlik amali emas, balki jurnaldagi faoliyati yoqardi, Asqad aka millatni uyg’otishni, xalqda milliy g’urur va ozodlikka intilish tuyg’usini tarbiyalashni bosh vazifasi deb bilardi. Lekin bu ќaqda gapirmasdi. Faqat bir martagina: «Biz juda katta savob ish qilyapmiz» degani esimda.

Darhaqiqat, «Guliston» jurnali Asqad aka rahbarligida tom ma’nodagi milliy jurnalga aylangan edi. Birinchi o’zbek generali Sobir Rahimov deb yurgan xalq Oktyabr to’ntarishigacha Jo’rabek qalandarqori o’g’li degan general bo’lganini, u bir necha g’arb va sharq tillarida erkin so’zlasha olgani, uning kutubxonasidan Bartol`d, Semyonov singari buyuk sharqshunos olimlar ќam foydalanganini, u Furqat, Fansurullobek, Sattorxon Abdug’afurov, Saidrasul Saidazizov, In’omxo’ja Umriyoxo’jaev singar vatanparvarlar bilan birgalikda Milliy ozodlik ligasini tuzishga uringanini va chor xufiyalari tomonidan qo’yliqdagi bog’ida sirli ravishda o’ldirilganini bilib oldi. Furqat, avvallari yozib kelinganidek, ruslar hukmronligini qo’llab kelgan shoir emas, balki milliy ozodlik harakati rahbarlaridan biri , Jo’rabek o’ldirilmasidan bir oz oldin aldov yo’li bilan, pasportsiz xorijga chiqarib, keyin Vatan hududiga kiritilmagan ziyoli ekanidan, general Kaufman yenga olmagan ayol qo’mondonimiz qurbonjon dodhodek mard onaxonlarimiz o’tganidan, Namoz Pirim o’g’li, mustamlakachilar alam bilan yozganlaridek, o’g’ri emas, millat ozodligi uchun kurashgan xalq qahramoni bo’lganidan odamlar «Guliston» orqali birinchi marta xabar topgan edilar. Andijon qo’zg’oloni rahbari Muhammad Ali eshonning dor ostida: «Men Vatan ozodligi uchun qurbon bo’lyapman! Yashasin ozodlik! Bosqinchilarga o’lim!» degan so’zlari o’zini tanigan har bir qalbda aks-sado bergan edi. Bu milliy qahramonlarimiz haqida yozgan Murod Xidir, Sharif Yusupov, Hamdam Sodiqov, Naim Norqulov, Haydarbek Bobobekov singari iste’dodli ziyolilar ilk marta xalqqa haqiqatni ochib berdilar. Ana shunday materiallarni Asqad Muxtor nafaqat o’tkazardi, balki ulaning mualliflariga «Guliston»ning maxsus mukofotlarini topshirardi.

Asqad Muxtor rahbarligidagi «Guliston» yoshlarning ham sevimli jurnaliga aylangan edi, eng iste’dodli shoir va yozuvchilarga birinchi bo’lib shu jurnal oq yo’l berardi. Erkin A’zam, Tog’ay Murod, Murod Muhammad Do’st, Xayriddin Sulton singari hozirgi nasr ustalarini va Usmon Azim, Xurshid Davron, Anvar Obidjon, Farog’ot Kamol kabi bugungi mashhur shoirlarimizni haqli ravishda «Guliston» maktabidan chiqqan iste’dodlar deb atash mumkin. O’sha paytlar Yozuvchilar uyushmasiga qabul qilinayotgan yosh shoir kitob chiqargani bilan emas, «Guliston»da she’riy turkum e’lon qilgani uchun qadrliroq hisoblanardi.

Jurnalda eng yaxshi adabiyotshunos, san’atshunos olimlar ishtirok etishardi, «Guliston»ning «o’z mualliflari» bor edi. Jurnal ularning ilmiy daraja yoki unvonlarini ko’rsatmasdi, chunki ularning nomlari bor edi: Izzat Sulton, Ozod Sharafiddinov, Ibrohim /afurov, Aziz qayumov, Begali qosimov, Umarali Normatov, Najmiddin Komilov, Muhammadali qo’shmoqov – bularni jurnal fan doktori darajasidan baland mutaxassislar deb hisoblardi, agar birortasining familiyasi tagiga ilmiy daraja qo’yilsa, u albatta bizdan xafa bo’lishi shubhasiz edi.

Asqad aka faqat yoshlarni emas, balki keksa adiblarni ham asrab-avaylar, e’zozlar edi. Jurnalimiz sahifalarida Uyg’un domla, /ayratiy domla, Mirtemir domlaning she’rlari, Yo’ldosh Shamsharov kabi nosirlarning asarlari chiroyli bezaklar bilan bosilardi. Biz katta shoirlarning uylariga o’zimiz she’r so’rab borardik. Oqsoqol shoir-yozuvchilarimiz ham jurnalimizni, Asqad akani juda qattiq hurmat qilishardi. Ayniqsa, rahmatli Mirtemir domla Asqad akaga alohida ehtirom bilan qarardi. She’riy turkumlarini uylaridan borib olib kelganimizdan so’ng, domla telefon qilib, qaysi sonda, qaysi betda ketishini emas, Asqad Muxtor qalam tegizdimi, yo’qmi – shuni so’rardilar. Ba’zi «buyurtma» she’rlarni domla qalamda yozib qo’ygan bo’lardilar. Olib kelgani borganimizda: «Asqad, albatta tahrir qilsin, she’r xomroq», – derdilar. Oradan bir oz fursat o’tgach, tahririyatga qo’lyozmani olgani kelganlarida, qalam urilmaganini ko’rib, astoydil nolirdilar: «Asqad nega qalam tegizmadi, sizga aytuvdim-ku!» Men: «Domla, she’r o’zi zo’r bo’lsa, nega unga qalam urish kerak», – derdim. Mirtemir aka esa: «Bo’tam, Asqad juda katta shoir, har bir qalam tegizishi she’rni ochib yuboradi», derdilar-da, yana o’jarlarcha qo’shib qo’yardilar: «Tavba, nega qalam urmadiykin?».

Mirtemir akaning bu gaplari ayni haqiqat edi. Asqad aka atayin tahrir qilishni, yozuvchining uslubini o’zgartirishni mutlaqo istamasdi, unaqa «muharrir»larni yoqtirmasdi. Lekin u qalam ursa, she’rmi, hikoyami, maqolami – xuddi bahor yomg’iri tekkan yaproqdek yashnab ketardi. Kunlardan birida Asqad aka kimningdir turkumidan bir she’rdagi qandaydir so’zni o’zgartirdi: g’arbga qarab turgan she’r 180 daraja burilib, sharqqa qarab qoldi. Muallif (yo Abdulla Oripov yo Omon Matjon – aniq yodimda yo’q) she’rini birinchi marta ko’rayotgandek aylantirib-aylantirib tomosha qildi-da: «YO tavba!» deb qo’ydi; norozilik bildiray desa, she’r – go’zallashgan, ochilib ketgan, indamay desa, xayoliga kelmagan g’oyaviy o’zgarish ro’y bergan, shoirning «YO tavba!» deyishidan boshqa iloji yo’q edi.

Asqad aka hech kimdan hech narsa iltimos qilmasdi; ba’zi «qadrdonlari» uning kitoblarini eng past navli qog’ozda chiqarsalar ham, uning yoshlar va ilg’or ziyolilar orasidagi obro’sini ko’rolmay, atayin Yozuvchilar uyushmasi qurultoylari yoki plenumlarida nohaq tanqidiy chiqishlarni uyushtirsalar ham hech narsa demasdi, kattalarga iltimos bilan chiqmasdi. Iltimos qila olmaslik Asqad akada kibrdan, o’zini katta olishidan emasdi, balki o’ta kamtarligi, istiholali va tortinchoqligidan edi. Men u kishi bilan o’n yil birga ishlagan bo’lsam, faqat bir martagina iltimos qilganini ko’rganman. O’shanda Asqad aka jurnal manfaati uchun, iste’dodli kadrlarni tahririyatga olib kelish maqsadida «an’ana»ni buzgan edi.

Yetmishinchi yillarning ikkinchi yarmi, men mas’ul kotiblik qilardim. Ijtimoiy-siyosiy bo’limda joy bo’shab, ikki iste’dodli jurnalistni ishga olish imkoni tug’ildi. Bulardan biri – talabalik paytlarida o’quv amaliyotini tahririyatimizda o’tgan Erkin A’zam, ikkinchisi Tohir Malik edi. Ular bu paytda O’zbekiston Radiosida ishlashardi. Men Vahob aka bilan maslahatni bir joyga qo’yib, Asqad akaning oldiga kirdim. U kishi rozi bo’ldi, chaqiraveringlar, dedi. Men ularni shunchaki bo’shatmasliklarini, maxsus xat qilish kerakligini aytdim. Asqad aka: «Bo’pti, xatni tayyorlanglar,» dedi. Yarim soat ichida xatni tayyorlab, Asqad akaga qo’l qo’ydirib oldim. Ertasiga yigitlar xatni boshliqlariga eltib berishdi. Lekin ularni: «Iste’dodli yoshlar o’zimizga ham kerak», deb bo’shatishmadi. Yana Asqad akaga kirdim:

– O’zingiz Ubay akaga telefon qilmasangiz bo’lmaydi, – dedim.

Asqad aka go’shakni ko’tarib, Ubay Burhon bilan salomlashdi, keyin:

– Nega bolalarni bizga yubormayapsan? – dedi.

– …

– Jurnal menikimas, seniki.

Ikki og’ayni bir oz yana hazil-huzil qilishgach, Asqad aka xo’shlashib, go’shakni qo’ydi-da, menga kulib dedi:

– Ubay, nima, radio jurnalingga talantli kadrlar yetkazib beradigan podsobniy korxonami, deyapti, ќazillashyapti. Ovozimni sog’inib qolgan emish, bir eshitay debdi. Bo’ldi. Bolalar ertaga kelishadi.

Men Asqad akaga razm soldim: qip-qizil bo’lib ketgan edi, u hatto sensirab gaplashadigan og’aynisidan ham biror narsani so’rashga yuzi bormasdi.

Ertasiga Tohir Malik – bo’lim mudiri, Erkin A’zam – adabiy xodim bo’lib ish boshlashdi…

Asqad aka iste’dodli ziyolilarni, mualliflarimizni yaxshi ko’rardi, ularning ruhini ko’tarish, qo’llab-quvvatlash uchun qo’lidan kelgan hamma narsani qilardi, Respublika kattalariga yomon ko’rinishdan, ular oldida obro’si to’kilishidan qo’rqmasdi.

O’sha paytlarda Ozod Sharafiddinov, bizning doimiy muallifmiz, dadilligi, halolligi bilan ko’plarning g’ashiga tegib yurardi. Uning «Bi-Bi-Si» radiosi orqali qilgan chiqishlaridan biri «kattalar»ning sabr kosasini to’ldirib yubordi. Ozod akaning maqolalarini matbuotda berish ta’qiqlab qo’yildi, hatto gazeta-jurnal sahifalarida uning nomini keltirish ham mumkin emasdi. Bu – har qanday mustabid tuzumning eng iflos usuli bo’lib, uni sho’rolar hukumati muvaffaqiyatli qo’llardi. «qora ro’yxat»dagilar tiriklayin o’limga mahkum etilgan odamlarga o’xshardi – ularni O’zbekistonda hech kim televidenie orqali ko’rmasdi, radiodan eshitolmasdi, matbuotdan o’qiy olmasdi; ular «qora sukut» qurbonlari edi. Bir necha oy mobaynida Ozod aka ana shunday «vaznsiz» holatda bo’ldi. Ustozim, domlam, eng ajoyib muallifimizni «qora sukut» balosidan qanday qutqarish mumkin? qutqara olamizmi?

Miyamga bir fikr keldi-da, Asqad akaning oldiga kirdim. Ozod aka haqida gap ochdim. Asqad aka Ozod Sharafiddinovni juda yaxshi ko’rardi, achindi, xafa bo’ldi. Shunda men Lenin tug’ilgan oyiga Ozod akaga maqola buyursak va bossak qanday bo’larkin, degan fikrimni aytdim. Asqad aka bir lahza o’ylab turdi-da, qat’iy qilib: «Buyuravering, Abdullajon!» dedi. Men chiqib Ozod akaga qo’ng’iroq qildim. Domla, garchand bunday masalalar Asqad akadan bemaslahat hal qilinmasligini bilsa-da, kutilmagan taklifdan dovdirab qoldi shekilli: «Bu gapdan Asqad akaning xabari bormi?» – deb so’radi. Men tasdiq javobini aytdim. Maqolani olish muddatini kelishdik, Ozod aka ish boshladi.

Ozod akaning hayratlanishi bejiz emasdi. Chunki masala nafaqat shaxsan o’sha paytlardagi Birinchi Kotib Sharof Rashidovda, balki Maskovning bevosita rahbarligidagi DXq idorasida ham norozilik uyg’otishi mumkin edi. Buning oqibatlari esa yaxshilikka olib kelmasdi.

Nihoyat, muddati yetib, Ozod aka materialni – xitoyi ruchkada, ko’k siyohda, oq qog’ozga ќafsala bilan qoralamadan ko’chirilgan bir necha qog’oz qo’lyozmani olib keldi. Lenin mavzui o’sha davrlarda ishlanaverilganidan shu qadar siyqalashib ketgan ediki, unda biror bir yangi gap aytish favqulodda hodisa hisoblanardi. Ozod aka kichkinagina ocherkda yangi gap aytgan, qisqasi «qotirib qo’ygan» edi. Ocherk 4-sonning dastlabki sahifalarini egalladi (yanglishmasam, 1973 yil edi).

«Bo’ron»ni kutdik. Jurnal chiqib, tarqalib bo’ldi, bir hafta, ikki hafta o’tdi. Hamma narsa odatdagidek, jimjitlik. Aksincha, Ozod akaning nomi u yer-bu yerda ko’rina boshladi, radioda chiqishga takliflarqilindi, faqat ta’qiq televidenieda qoldi. Asqad aka Sharof Rashidovichning bag’ri kengligidan minnatdor edi, biz esa Asqad akadan. Vaholanki, Asqad akaga bu dadilligi qimmatga tushishi mumkin edi, u ishdan ketishi ќam hech gap emasdi.

Yana shunga o’xshagan bir voqeani eslashni o’rinli deb o’ylayman.

Iste’dodli shoir, nosir, jurnalist Anvar Eshonov (Xudo rahmat qilsin) o’sha paytlardagi «otaxan-gazeta» – «Sovet O’zbekistoni»da ishlardi. Nima bo’ladi-yu ko’zbo’yamachi, poraxo’r amaldor to’g’risida fel`eton yozadi, ajdarhoning dumini bilmay bosib oladi. Fel`eton bo’lgan odam naq O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Komitetining ikkinchi kotibi V.Lomonosovga tegishli ekan. Tabiiyki, fel`eton asossiz deb topilib, gazeta uzr so’radi, Anvar Eshonov esa muhokama qilinib, ishdan haydaldi. Endi Anvar aka ham «qora ro’yxat»ga tushgan edi, birorqbir matbuot organi uning maqolasi tugul, na she’rini, na hikoyasini bosardi – boyaqish har jihatdan qiynalardi. Ko’p iste’dodli yoshlarga yaxshilik qilgan, o’ta talabchanligi bilan nom chiqargan Vahob Ro’zimatov Asqad akaning oldiga kirib, Anvar Eshonning ahvolini tushuntiradi: «Haqiqat qilaman deb, tuhmatga uchrab, bola bechora azobda qolib ketdi, muallifimiz, yordam berishimizning iloji bormikan?» Asqad aka: «Bo’lmasa o’zining yaxshi ko’rgan mavzuida bir hikoya olib kelsin, bervoramiz», deydi. Anvar aka o’sha paytlarda «Yevropada qolgan qabrlar» degan turkumda Ikkinchi jahon urushida halok bo’lgan o’zbek askarlari haqida hikoyalar, maqolalar yozib yurardi. Asqad aka «o’zining yaxshi ko’rgan mavzuida» deganida, shuni nazarda tutgan edi.

Anvar aka hikoyani olib keldi. Tushirib yubordik, chiqdi ham. Hamma xursand. Lekin ikki-uch kun o’tgach, Vahob aka mening xonamga kirdi (men u paytda bo’lim mudiri edim) qo’lida ikki varaq qog’oz, rangida rang yo’q.

– Muni qarang, okasi, – dedi menga qo’lidagi ikkita qog’ozni silkitib, – men kimsan Lomonosovga javob yozishim kerak ekan. Bu nima qilgani Asqadning, a?! Biror narsa deyolmadim, avzoyi juda buzuq. Hayronman, okasi.

– Nimasiga hayron qolasiz? – dedim Vahob akaga dalda berish uchun atayin beparvo ohangda. – Boshlig’imiz buyurgandan keyin bajaramiz-da, nima ham qilardik!

Vahob akaning bezovtaligi tushunarli edi: jurnal chiqqach, Anvar Eshonovdan «veto» «o’zboshimchalarcha» olib tashlanganini ko’rgan ikkinchi kotib bosh muharrir nomiga, nega MKning jurnali halol sovet kishisini, atayin qoralash bilan shug’ullangan tuhmatchi, jamiyatimizga yot jurnalistning maza-matrasiz materialini bosdi, degan mazmunda xat yuborgan, Asqad aka esa unga javob yozishni atayin ep ko’rmaganini bildirish uchun bu ishni Vahob akaga topshirgan edi. Aslida-ku, javobni Asqad akaning o’zi yozib, maktub tagiga: «Jurnal bosh muharrir o’rinbosari: V.B.Ro’zimatov» degan imzoni qo’yib qo’ygan edi. Bu – V.Lomonosovga nega osmondan kelasan, o’pkangni bos, degan gapni anglatardi. Chunki u paytda MK kotibi u yoqda tursin, bo’lim mudiri, bo’lim mudiri o’rinbosari, sektor mudiri, hatto instruktorga xatlar bosh muharrir imzosi bilan jo’natilardi. Bunday «odobsizlik»ka Lomonosov umrida birinchi marta duch kelgan bo’lsa kerak. Xatda esa ikki og’iz, sovuqqina qilib, Anvar Eshonov iste’dodli yosh yozuvchi, uning jurnalda e’lon qilingan hikoyasi nihoyatda dolzarb mavzuga bag’ishlangan, sovet vatanparvarligi va xalqlar do’stligini tarannum etadi, jurnal sahifalarida bundan buyon ham shunday materiallarni berib borishni tahririyat maqsadga muvofiq deb hisoblaydi, qabilidagi rasmiy so’zlar yozilgan edi.

Shu-shu Anvar Eshonovning nomi asta-sekin yana matbuotda ko’rina boshladi, xatga «reaktsiya» bo’lmadi. Bu – Asqad akaning ulkan Vijdon egasi, halol, nihoyatda obro’li inson ekanidan dalolat edi.

Kezi kelganda, yana bir shunga o’xshash hodisani eslab o’tmoqchiman. Yanglishmasam, 1977 yil edi, jurnal rahbariyatini Markazkomga chaqirib qolishdi. Gap shunda ediki, so’nggi paytlarda jurnalning sonlari grafikdagidan kech bosmaga tushardi, Birlashgan nashriyot esa bunda bizni aybdor deb hisoblardi va har gal Markazkomga ustimizdan arz yozardi. Buning ustiga Nashriyot direktori o’rinbosari Fatto Abduraќmonov bilan Vahob aka ikkalasi unchalik chiqishmasdi.

Asqad aka, Vahob aka va men Markazkomning matbuot sho»basiga bordik. Nashriyot tomonidan ikki kishi – direktor o’rinbosari va ishlab chiqarish bo’limi boshlig’i kelgan edi, direktor ko’rinmasdi. Sho»ba boshlig’i jurnalist Boltaboy Yusupov ba’zi bir masalalarni birgalikda hal qilib olishimiz lozimligini aytdi. Dastlab Birlashgan nashriyot bosmaxonasi ishlab chiqarish bo’limi boshlig’i YA. Shurfga so’z berishdi, u bizni grafikni buzishda, intizomsizlikda aybladi. Keyin jurnal mas’ul kotibi – kaminaga so’z navbati tegdi. Men, tabiiyki, nashriyotning xolis emasligini, u yerdagilar qildan qiyiq axtarishga urinishni o’zlari uchun odatga aylantirib olganliklarini aytdim. Bundan tashqari yana qo’shimcha qilib (bir oz jo’shib): «Fatto Abdurahmonov bilan Vahob akaning o’zaro kelishmasligi ham ko’pincha mana shunday mashmashalarga olib kelyapti, bular o’z janjallarini nashriyotdan tashqarida hal qilishsin», – dedim va shu zahotiyoq «otpor» oldim:

– Vahob Ro’zimatov bilan mening oramda hech qanday adovat yo’q, – dedi Fatto aka. Sho»ba ќodimi «oђa» millat vakili uning gapini og’zidan olib, menga yopisha ketdi:

– Uyat emasmi sizga, yoshgina bo’lib, ikki hurmatli odamni bir-biri bilan urishtirmoqchisiz!..

Gap shunda ediki, MK nashriyoti va ana shu sho’ba xodimi bizni tavbamizga tayantirishtirmoqchi ekan – chiqmay qoldi, men so’zimning boshida ko’pgina narsalarning tuhmat ekanini dalillar bilan birma-bir isbotlab bergandim, alam, alam – o’shaning alami edi. Buning ustiga qandaydir bir yosh mas’ul kotib Markazkom xodimlari oldida tizzasi qaltirab turishi o’rniga «mahmadagarchilik» qilyapti!

Sho»ba xodimi yana avjga chiqayotganida, gapga shu paytgacha jim o’tirgan Asqad aka aralashdi:

– Nega muncha Abdullajonga yopishyapsiz?! U bor gapni to’ppa-to’g’ri aytdi. Haqiqatan ham vaziyat shunday. Bu – bir. Ikkinchidan, nega majlisda direktorning o’zi yo’q. Menga, Islom Shog’ulomov ham ishtirok qiladi, degan edingizlar. Men keldim, u kishi qani?

Sho»ba xodimi endi birdan Asqad akaga yopisha ketdi:

– Ha, albatta, siz – buyuk odamsiz, faqat direktor bilan gaplashasiz, bu yerdagilar siz uchun odam emas…

Asqad aka haqida hech kim hech qachon, hatto dushmanlari ham, na oldida, na orqadan bunaqa gap aytishmagan edi. Bu, qolaversa jon-jahdi bilan filga tashlangan laychaning holatini eslatardi. Hamma, hatto sho»ba mudiri ham hijolatdan ko’zini qaerga olishni bilmay qoldi. Shunda Asqad aka bir qizarib oldi-da, bosiqlik bilan gap boshladi:

– Unday emas, muќtaram o’rtoq, biz hal qilishimiz lozim bo’lgan asosiy masalalar faqat direktor bilangina yechimini topadi, – deb davom ettirdi u. – Marhamat, Fatto Abdurahmonovich, ayting-chi, jurnal muqovasining 2q va 3q betlarini avvalgidek rangli holida qoldirish masalasini siz hal qila olasizmi?

– Yo’q, – dedi Fatto aka, – uni faqat direktor hal qiladi.

– Jurnal sahifalarini ikki ranglilikdan ko’p ranglilikka o’tkazish masalasini-chi? – deb savol berdi endi Asqad aka.

– Buni ham faqat direktor hal qiladi, – deb javob berdi yana Fatto aka.

Asqad aka tag’in qaysidir (hozir yodimda yo’q) bir masalani so’radi. Yana Fatto Abdurahmonovich «yo’q» dedi. Shunda Asqad aka sho»ba mudiriga qarab:

– Biz bu yerga ana shu va shunga o’xshash yirik masalalarning yechimini topish uchun kelgan edik, dahanaki jang uchun emas.

Asqad aka qo’llarini ko’ksida chalishtirib, Bryusovchasiga, mag’rur bosh tutib o’tirardi, lekin qizarib ketgan yuzlaridan uning juda jahli chiqqanini bilish qiyin emasdi.

Nihoyat, bosiq «portlash» yuz berdi:

– Mulla yigit , bundan buyon o’ylab gapirishga o’rganing. Men tabiatan muloyim odamman, lekin yomonlikka oladigan bo’lsam, yigirma to’rt soat ichida kelgan joyingizga qaytib ketasiz. O’zbekiston bedarvoza emas, buni unutmang!

Shunday deb, Asqad aka o’rnidan turdi va Boltaboy Yusupovga yuzlandi:

– Meni Oqil Umrzoqovich ham chaqirgan edi. Borishim kerak, majlisning qolgan tafsilotini menga yetkazishar.(Oљil Umrzoљovich Salimov u paytda Markazkomning uchinchi kotibi, mafkura bo’yicha eng katta odam edi.)

Asqad aka chiqib ketdi. Shu bilan majlis ham o’z-o’zidan tamom bo’ldi. Boltaboy Yusupov bizni uzr so’rab kuzatib qo’ydi.

Ertasiga men xonamda ekanimda (men bilan Asqad akaning xonasini kotibamiz Aziza opaning xonasi ajratib turardi) tapir-tupir va qulog’imga kechagi tovushlar eshitilgandek bo’ldi. Keyin bilsam, Boltaboy Yusupov bilan o’sha sho»ba xodim Asqad akadan rasman uzr so’ragani kelishgan ekan. Asqad aka ularni go’y hech narsa bo’lmaganidek, ochiq chehra bilan kutib olib, hazil-huzul bilan kuzatib yubordi.

Shu o’rinda bir narsaga alohida e’tibor qilish kerak bo’ladi. Bu – Asqad akaning fe’li. Asqad aka, o’zi aytganidek, tabiatan muloyim va nihoyatda kamtarin, hech qachon hech kimga tovushini ko’tarmagan, katta gapirishni yomon ko’radigan odam edi. Hatto Asqad akani nohaq tanqid qilish bilan kun o’tkazib yurgan Norboy Xudoyberganovga o’xshagan tanqidchilarga ham biror og’iz qattiq gapirmagan. Lekin o’zini aqlli, «katta og’a» deb hisoblagan, buyruq berishga o’rganib qolgan amaldorlarga nisbatan ichki bir nafrat uni «fe’lli» qilib qo’yardi, u mustamlakachilarga qarshi ana shunday munosabatda bo’lardi. U aziz Vatani O’zbekistonni jondan ortiq sevardi, ayni paytda o’z Vatanini Rossiya qo’li ostidagi qardosh turkiy dunyo bilan bir bo’lishini – Buyuk Turkistonni orzu qilardi (buni uning «Tundaliklar»idan ilg’ab olish qiyin emas); Turkistonni hudud-hududga bo’lib, parchalab tashlagan mug’ombir, «mayda millatlarga mehribon og’alarni» yomon ko’rardi. Lomonosovga yozilgan xat voqeasida ham, Markazkomdagi majlisda ham muloyimtiynatli Asqad akaning kutilmaganda «to’nini teskari kiyib olishi»ning, hech kim, hatto o’zi ham o’sha paytda tushuntirib berolmaydigan holatining zamirida asl millatparvarlik va vatanparvarlik tuyg’usi yotardi.

Yetmishinchi yillarning oxiriga kelib, «Guliston» jurnalida Asqad Muxtor va Vahob Ro’zimatov boshchiligida, yuqorida aytganim, haqiqiy tahrir maktabi vujudga keldi: Mahmud Sa’diy, Murod Xidir, Sulaymon Rahmon, Erkin A’zam, Xayriddin Sulton, Tohir Malik, Muhammadali qo’shmoqov,Sa’dulla Ahmad,Mahkam Mahmudov…

Biroq Asqad akadan keyin bu maktab putrab ketdi. Bir vaqt kelib men, «Yoshlik» jurnalining mas’ul kotibi qilib tayinlanganimda, uni tiklashga urinib ko’rdim. Sulaymon Rahmon, Erkin A’zam, Xayriddin Sultonni ishga taklif etdim. Ular tarbiyasida keyinchalik Nurilla Otaxon, Nabijon Boqiydek tahrir san’atini egallagan yoshlar yetishib chiqdi.

Lekin meni tez orada Yozuvchilar uyushmasiga «tashlash»lari va bir-ikki yil o’tmay Erkin Vohidovning ham bosh muharrirlikdan ketishi tufayli bu niyat to’la amalga oshmay qoldi.

Men 1979 yili Maskovga, Oliy Adabiyot kursiga o’qishga ketdim. Sal o’tmay Asqad akani «Guliston»dan olib, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasiga bosh muharrir qilib tayinlashdi.

Maskovning sovuqlarida, ehtiyotsizlik qilib,boshimni shamollatib qo’ydim, buning ustiga salomatlikka o’zbekona bexafsalalik bilan qarab, vaqtida davolanmadim. Bir-ikki yildan so’ng, umuman ishdan bo’shab, yoz oylarining hammasini dengiz bo’yidagi asosan qrimdagi «Koktebel`» ijod uyida o’tkaza boshladim. Shu tufayli Asqad aka bilan kam ko’rishardik.

Mustaqillikdan so’ng, Yozuvchilar uyushmasi kotibiyati va Adabiyot jamg’armasi hay’ati menga ijod bog’idan kottej ajratishdi – Asqad akaga bog’ qo’shni bo’ldim. Bu paytda Asqad aka qattiq dardga chalinib,yotib љolgan edi. O’tish davrining eng og’ir, boshlanish davri bo’lgani uchun Asљad akaning oilasi hatto tuzukroq dori-darmonga ham pul topisholmasdi. Yaxshi hamki, Xalqaro Abadiyot jamg’armasi Maskovdan betob va kam ta’minlangan yozuvchilar uchun dori-darmon yuborib turardi.

Bir oz o’tgach, Asqad aka bosh ko’tarib, yura boshladi. Dastlab qiynalib gapirardi. Asta-sekin sayr qilib yurib, biz tomonlarga ќam o’tadigan bo’ldi (mening kottejim bog’ning etagida, Odil Yoqubov, Pirimqul qodirov, Erkin Vohidovlar tomonida edi). Men doim dala hovlining bir parcha yerida ketmon urib yotgan bo’lardim. Asqad aka bir oz to’xtab, men bilan ko’rishgach, ba’zan hazillashib qo’yardi:

– Qarang, Abdullajon, hammaning tili bir marta chiqsa, meniki ikki marta chiqyapti. Gapirishni o’rganib qoldim.

Asqad aka o’zidan ko’ra boshqalarga ko’proq rahmdillik qiladigan, katta qalb egasi bo’lgan yozuvchi edi. Bir emas, bir necha bor menga: «Abdullajon, zinhor kechasi ishlamang, zinhor», derdi. Bir kuni men kartoshka chopiq qilayotgan edim, Asqad aka o’tib ketayotib, to’xtadi, men paykaldan chiqib ko’rishdim. Hol-ahvol so’rashib bo’lgach (bu paytda Asqad akaning tilidan insultning asaroti ketgan edi):

– Kecha radiodan she’rlaringizni eshitdim. Ajoyib she’rlar, – dedi va norozi ohangda qo’shib qo’ydi. – Xalqning katta bir shoiri qo’lida qalam emas, ketmon… Bu kunlar ham o’tib ketadi, hamma narsaning hisob-kitobi bor. Tepadagi bosh hisobchi, – Asqad aka ko’rsatkich barmog’i bilan osmonga ishora qilib, qo’lini bir-ikki silkidi, – o’z vaqtida hisob-kitob qiladi, hech qachon hisobdan adashmaydi.

Asqad aka radioda Toyir Yunus tayyorlagan «She’riyat chorrahalarida» degan eshittitrishda berilgan she’rlarimni nazarda tutayotgan edi. Bir oz gaplashib turgach, u tunda ishlamasligim kerakligini yana qayta-qayta tayinlab, bog’ hovlisi tomon ketdi.

Asqad aka meni ortiqcha maqtab yuborgan edi. Shunga hayron qoldim. Chunki u kishi odatda uch sifatni ishlatardi: «yaxshi», «durust», «bo’ladi». 1979 yili nashr etilgan «Atirgul soyasi» kitobimga yozgan so’zboshisi ham ortiqcha maqtovlarsiz, vazmin bir ishonch bilan yo’g’rilgan. Chamasi, Asqad aka menga atayin dalda berish maqsadida shunday qilgan edi. Chunki, boya aytganimdek, o’tish davrining o’sha og’ir yillarida hammamiz qiynalardik. Men, universitetdagi darslarimni asosan birinchi semestrda – kuz va qishda jadvalga qo’ydirib, bahor bilan yozda haftada bir kun kafedraga borardim, buyog’i ta’til. Shu sababli men bahordan to kuz azondan shomgacha kottejim ro’parasidagi sakkiz sotixli dala ќovlimda ketmon chopardim, ora-orada kun qizdirganda, ichkariga kirib, yozuv stoliga o’tirardim. Ro’zg’orga zarur barcha sabzavotlarni o’zimiz yetishtirardik: kartoshka, karam, loviya, mosh, sabzi, sholg’om, piyoz, bodring… Mahallamiz do’koni maxsus ro’yxat bilan beradigan yog’ har kuni bir qoshiqdanga to’g’ri kelardi. Ana shu bir qoshiq yog’ bilan ham har turli ovqat qilish mumkin ekanini o’shanda bilganman.

Asqad akaning kottejiga goh men, Asqad aka bilan urintirmay suhbatlashgani, goh xotinim, Ravza opa bilan hangomalashgani borib turardik. Goh-goh dehqonchiligimizdan olib borardik (Asqad aka go’shttanovvul љilmasdi, kartoshkani yaxshi ko’rardi). Ba’zan Ravza opa hovlisidagi shirin anordan bir chelak berib yuborardi. Ularning bog’iga kiraverishda o’ng tomonda bir tup antiqa toklari bor edi, uzumi chachaq-chachaq, kichik boshli, lekin juda shirin. Uni Asqad aka bir paytlar San-Frantsiskodan olib kelgan ekan. Men bog’imga qalamcha olib ekmoљchiydim, nasib etmadi… Asqad aka qazo qildi.

Stalin qatag’onlari davrida adabiyotga kirib kelgan Asqad Muxtor va uning tengdoshlarini mudhish zamon ezib tashladi. Ular yozgan romanlar, qissalar, hikoyalar kimlargadir bugun yolg’on-yashiq, aldovdek tuyuladi. Lekin o’sha davrda Asqad Muxtor darajasida yozishning o’zi jasorat edi. Ayniqsa, Asqad akaning she’rlarida bu jasorat yaqqol ko’zga tashlanadi. Uning she’riyati hech kimnikiga o’xshamaydi. Ko’rinishdan dengiz ham, daryo ham emas, sathi tinchdek, oddiyginadek, anhordek, eni tordek ko’rinadi. Lekin undagi teranlikni, undagi ichki shiddatni so’z bilan tavsiflash qiyin: sho’ng’isangiz bas, u sizni zaptiga olib oqizib ketadi, albatta oqizadi, faqat haqiqat tomon oqizadi…

Asqad aka hech qachon, zamon yo’l qo’ymadi, yomon davrda yashadim deb noligan emas. U bir miniatyurasida shunday deydi:

Shoir shoir bo’lar sening tufayli
qancha to’lg’ansang ham, o, zamon!
Dovul turib shamim o’chsa, mayli,
Chaqmoq yorug’ida yozaman.

Asqad akaning so’nggi «chaqmoq yorug’ida» yozgan asari «Tundaliklar» edi; o’zi, tunda yozmang, sog’ligingiz tamom bo’ladi, derdiyu tunlari yozishda davom etardi: ustozimiz bizni, hammamizni,
insonni, Vatanni ayardi, faqat o’zini ayamasdi, shunday ulug’ Inson edi u.

Men ustozim Asqad Muxtorga ikki she’r bag’ishlaganman. Biri ko’p yillar muqaddam, ikkinchisi Asqad aka qazo qilgandan keyin yozilgan. Birinchisi, dastlab men «Guliston»dan ketgach, oradan bir yil o’tgach, 1980 yili chiqqan «Roz» kitobimda e’lon qilingan; keyinchalik «qadimgi kuy» (1987) to’plamimda qayta nashr etildi. Mana u:

SHOIR

Kamtar, o’ychan, manzil oshasan
Jilmaygancha kuylovchilarga.
Yo’l boshida kuy ulashasan
Tinim bilmas yo’lovchilarga.

Kuyib emas, yonib borasan,
Har manzilda bir cho’g’ qoladi.
Dunyo umrin yorib borasan,
Izing bo’lib qo’shiq qoladi.

Ikkinchisi Do’rmondagi ijod bog’ida, Asqad akaning bog’ hovlisi yonidan takror-takror o’tgan paytlarimdagi taassurotlar asosida yozilgan va «Yozuvchi» gazetasining 1997 yil, 27 avgust sonida bosilgan edi:

Jannatmakon shoir Asqad Muxtorning
Do’rmon bog’idagi anjiri bu yil
Sezmadi o’tganin shoshqin bahorning,
Egasini kutib tugmadi hosil.

Asad ham sezilmay oxirlab qoldi,
Sezilmay sarg’ayar barglar ham asta…
Yana Asqad Muxtor ko’kdan joy oldi,
Yana g’ayir «do’stlar» qoldilar pastda.

Haqiqatan ham, o’shanda Asqad akaning har yili shig’il meva soladigan ikki tup anjiri hosil bermadi. Ikki tup anjir aza tutdi.. Chamasi, bunday insonlarni na faqat jamiyat, balki azaliy tabiat ham kamdan-kam uchratsa kerak.

Toshkent, 2001

Manba: Abdulla Sherning veb-blogidan olindi

Asqad MUXTOR
TUSHIMDA GUL  TISHLAB O’LAMAN…
067

YO’L
05

Ostonamdan taralgan yo’llar
Eslatadi quyosh nurini.
Uzoq-uzoqlarga ketib, uzayib,
Uzaytadi mening umrimni.

Yurganlarni daryo deydilar,
Daryo – cheksiz umr ertagi.
Bir kun uyda o’ltirib qolsam
Hayot go’yo chetlab o’tadi.

Ko’rganing seniki, der edi bobom,
Ellarni, dillarni kerak ko’rishim.
Ochilmagan qo’riq, noma’lum yulduz,
Bari-bari mening ulushim.

Ijod dardi yo’l azobidir,
Mayli, bo’lsin tumanlar quyuq.
Ruhim bilan yo’lda ekanman,
Umrimning hech nihoyasi yo’q.

TABIAT

Tabiat gullaydi, so’ladi,
Fasllar o’tadi – yangragan qo’shiq.
Bizlar esa, uning bir bo’lagi,
Minnati yo’q, manfaati yo’q.

Tog’lar dunyo qadar qadim ko’rinar,
Og’ir, sobir, kamtar, bag’ri to’q.
Kumush qorlar yog’ar, tongda gul unar,
Minnati yo’q, manfaati yo’q.

Yomg’irdan so’ng kamalak balqib,
Ostida daryoday mavjlanar ufq.
Ranglar, kenglik, yog’du, xushbo’y, salqin…
Minnati yo’q, manfaati yo’q.

Tabiatga faqat safar muqaddas,
Suzishga sozlangan kemadek –
Yashar va sir so’rab sizni qiynamas
Hayotdan muddao nima deb?!

QALB

Yana bir kun qizg’in ishlar bilan,
O’tli hislar bilan yonib tugadi.
Qalb esa… Qalb kulrang oqshomning
Dono sukunatin tuyadi.

Unda bebosh yolqinlar so’ngan,
Chirsillamas ho’l saksovullar.
So’nggi aziz cho’g’lar o’chmoqda, ammo
Olov tafti hamon lovullar.

Men xayolan sokin shom qo’ynida
Sening qo’llaringni topaman
Va yaxshi qizigan o’sha tandirda
Oltin so’zlarimni nondek yopaman.

JUMBOQ

Nur oqadi, kun-tun nur oqadi,
Nur oqadi quyoshdan yerga.
Yulduzlardan tinmay nur oqadi,
Kun-tun cho’miladi yer yuzi nurda.

Nur ham materiya, deydi olimlar,
Yer shari kun sayin og’irlasharmi?
Nimaga, bo’lmasa, zulmat vahimasi
Girdobiga olar goho bu sharni?

Milliard yillar, necha milliard yulduz,
Yer deb nur xirmonin hamon uyadi.
Nimaga, bo’lmasa, unda odamlar,
Qaro kunlarin og’ir tuyadi?

CHASHMA

Chashmada aks etar qahrabo uzum,
Asta jimirlasa, tebranar ayvon.
Osilib turgandek shohsuvor gujum,
Tomosha qilamiz suqlanib hayron.

Chashmada beqaror bulutlar suzar,
Yulduzlar qandildek yonadi shiftda.
Rassom manzarani hovliqib chizar,
Manzara sehriga hamma oshufta.

Joziba nimada? Aksidan, axir,
Asil nusxa o’zi afzal emasmi?
Har narsa dunyoda yagona, nodir,
Takrorlanmas bo’lsa go’zal emasmi?

TUN

Yuragimga yaqin odamlar…
Zulfiya

Oyni tishlab, chiqib kelar tun,
Har yulduz qalqqanda ko’ksi teshilar…
Yaxshi tushlar ko’ring, yaqin-yiroqdagi
Yuragimga yaqin kishilar.

Qandaydir oq, yumshoq, mehmondo’st qish,
Barqu yostiqlar-la bezaydi to’rin.
Qaydadir yam-yashil bog’lar… hammangiz,
Yaxshi tushlar ko’ring.

Oq yo’l sizga, tungi yo’lovchilar,
Yangi manzillarda kutsin oftob.
Yaxshi tushlar ko’rgin horg’in dunyo,
Ezgu orzularda oromingni top.

Xayrli tun, uyg’oq inson ruhi,
Muhabbat saflasin seni otashday.
Uchaver, jonajon yashil planetamiz,
Cheksizlik qa’rida adashmay.

INSON

Sen kashfiyot yolqini, otash,
Asriy zulmatlarda bir yorug’ nuqta.
Barcha mavjudotlar qalbingga tutash,
Bir oddiy giyohning oldida to’xta.

Ariq shildirashi, barglar shiviri,
Senga jon ozug’i, ruhingga dardkash.
Gullar bilan so’rash, hidlab har birin,
Kapalaklar bilan suhbatlash.

Javob bermasalar gapingga, mayli,
Sovuq yulduzlarga tikilganda goh,
Bilginki, qalb qo’ri jonlilar tufayli,
Jonlilar jonliga doim xayrixoh.

* * *

Ikki narsa og’ir ko’nglimga asli,
Ikki narsa uchun yo’q menda bardosh:
Biri — dushmanimning shodon qahqahasi,
Biri — do’st ko’zida miltillagan yosh.

* * *

Daraxtlarni burkab
Oq tuman suzar.
Eshitilmas qushlar navosi.
Nega muncha g’amgin…
Nega dilni ezar
Erta bahor kuni bu kuz havosi?
Men nega yuribman
Bog’ni aylanib,
Uyda axir ishim oz emas:
Stolda yotibdi chala satrlar…
Men nega yuribman,
Ko’nglim yozilmas?..

Bir qiz,
bir yigitni ko’rdim shu damda.
Ular shoshib kelib,
tez qo’l olishdi.
Shumshaygan daraxtlar tagida, namda
Uzoq,
uzoq turib qolishdi…
Baxtliman.
O, mening toleim ko’rkam.
Ko’nglim quvonchlarga to’ldi limmo-lim,
Chunki, qaerdadir,
uzoqda bo’lsa ham,
Yer yuzida sen borsan, jonim.

* * *

Kuzgi yellar, xazonrez yellar,
Bog’lardan bog’larga ko’chasiz.
Gullar xushbo’yini,
Oltin barglarini
Qayoqlarga olib uchasiz?

Yalang’och shoxlarda izg’ib,
Ko’chib ketgan
Qushlar uyasini titasiz.
Ko’z oldimda tortqilab, yulqib,
Yoz husnini olib ketasiz.

Ammo men bilaman —
Olib ketolmaysiz
Umrim bahorining bir yaprog’ini.
Ko’klam shabbodasi bo’lib qaytarsiz
G’arq pishgan bog’larim sog’inib.

UMR

Kuni kecha shu so’rida yotganimda
Oy shu’lasi tushmas edi yuzlarimga:
Yaproqparning titroq, yashil sharpalari
Orom olib kelar edi ko’zlarimga.
Bugun bo’lsa tanga-tanga nur tushipti.
Mijjam horg’in, uyqu bermas yorug’ yulduz.
Birdaniga yuragim shuv etib ketdi:
Kuz kelipti, kuz…

* * *

Men ko’p yo’llar yurdim,
Ko’p narsani ko’rdim,
Goh sog’inib,
Goho
Shodlikdan jo’shib;
Qanot chiqqan qushday
Uyasiga sigmay,
Yuragimda talpinar qo’shiq.

* * *

Men seni o’ylayman,
o’ylarim cheksiz,
Shunday cheksiz bo’lsin baxtli kezlaring.
Men seni o’ylayman.
o’ylarim tengsiz.
Shunday tengsiz sening tiniq ko’zlaring.
Men seni o’ylayman,
o’ylarim uzun,
Ki undan shundayin bir arqon o’rsam,
Chirmab tutib bersam sevgan yulduzing
So’ngra sen ko’ksingda porlatib yursang
Men seni o’ylayman…

* * *

Oradan gap qochsa, yaraday qiynar.
Shunday iz qoldirar so’zning qamchisi
Goh tun sukutida eshitib qolaman —
Gurs etib tushadi ko’z yosh tomchisi.
Nima gap o’zi?

Nahot ko’qtsan uzilib tushgan bo’lsa
Nikoh yoshimizning yorug’ yulduzi…

GULLAR

Lola gulxanlari yo’l yoqasida…
Umrimda juda ko’p yo’llar bosdim men
Bahor epkinidan yurak orziqadi,
Yo’llardan ham ko’proq gullar bosdim men.

Ko’ksim bilan bosdim,
yezdim poshnam bilan,
Chamanlar, chamanlar toptadim!
Balki shuning uchun
yigirma yil izlab,
Gulgun yuzlaringdan orom topmadim.

Balki o’sha yillar
dil xazinasidan
Qandaydir javohir yo’qotdim.
Yovga o’q otishim kerak edi mening,
Gullarni ko’rmadim.
Yovga o’q otdim.

Shoshish zarur edi,
shoshish, otish zarur,
Men o’lim girdobi bo’lishim kerak.
Tunlar sozliqlarda o’rmalarkanman,
Gullarning infashin tinglardi yurak.

Ha, ko’p gul bosdim men.
O’rni to’larmikan
Gul bo’lib ochilsa har qalb tepishi?
Qirda lola fasli chalqancha yotib,
Borliqni unutging keladi kishi.

Meni nafratlamas lolam, jonginam,
U hamon mehr ila menga boqadi.
Men quloq solaman:
tomirlaridan,
Mangulik sharbati silqib oqadi.

Gulgun yonog’ida shabnam qatralari…
Negadir eslayman bolalarimni.
Borliqni unutish kerak emas, yo’q,
Ardoqlayman lolalarimni!

Etik poshnasidan ardoklayman, o’kdan,
Dovul tursa — qalqon bo’laman!
O’lsam, faqat Beloyanis kabi
Tishimda gul tishlab o’laman.

Tishimda gul tishlab o’laman…

056

(Tashriflar: umumiy 3 727, bugungi 1)

1 izoh

  1. Устозларга оғир ботмасин,бугунги адабиётда Асқад Мухтор, Абдулла Қаҳҳор, Миртемирлар каби шогирдларига отилган тошга елка тутиб берадиганлар кам.Деярли йўқ деса ҳам бўлаверади.Ҳамма «ўзига товон бўлгани»ни эътироф этади.(Хуршид ака, бу гап сизга тааллуқли эмас.)Ёш ижодкор эса ҳар доим маънавий кўмакка, ҳимояга муҳтож бўлиб келган. Ҳозир «шу шеъринг ё ҳикоянг яхши чиқибди», «боқса одам бўласан» деган оддийгина гапларни ҳам маҳтал бўлиб, пойлаб туриш керак.Устозлар ҳузурига борсангиз, «бу мендан нимани илтимос қилар экан-а», дегандек қарашади. Бирор адабий мақола чиқса, муаллифи кимлигини билибоқ, мақолада ким ҳақда сўз боришини бемалол «башорат қилса» бўлади.Хуллас, баъзи ижодкорларнинг ўз адабиётшуноси — тарғиботчиси бор. Афсуски, бизда ижодкорлар адабиётшуносларга қараганда анча кў-ў-п-да!

Izoh qoldiring