Abdulla Sher. She’rlar & Oq bulutdan tomgan tomchilar

095 август  — шоир ва олим Абдулла Шер таваллуд топган кун

…Шаклий изланишларни мен қўллаб-қувватлайман. Фақат боя айтганимдек, осонгина ўн тўрт қаторни «қотириб» ташлаб, уни сонет дейиш, уч сатрли шеър ёзиб, уни ҳайку дейиш бошқа масала: хорижий шакл ҳам худди биз ҳозир кийиб юрган, ўзимизники қилиб олганимиз оврўпача костюмга ўхшайди – лойиғини кийиш керак холос (Абдулла Шер билан суҳбатдан. Суҳбат мана бу саҳифада).

055
Абдулла ШЕР
ШЕЪРЛАР
05

   Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди.1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган.Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.

05

САРБОЗЧА
Юнус Ражабийга

I045

Жар солди гўсноғора,
Сафга тизилди лашкар.
«Ёв бўлгуси садпора!
Омин, Аллоҳу акбар!…»

Туғни олар сарбозлар,
Қанотланур отлари.
«Ур-ҳо! Ур-ҳо!..» овозлар,
Жонларнинг фарёдлари…

Туёқларнинг остида
Дубулғалар жаранги.
Ғалабанинг қасдида
Янграр созлар оҳанги.

Сўл қанотнинг залвари
Янчиб ўтар душманни.
Пиёда найзалари
Санчиб ўтар душманни.

«Ватан учун! Эл учун!..»
Оқланур номусу ном.
Тиғлардан сачрар учқун –
Майдонга қуюлар шом.

Найнинг ингроқ садоси
Титраб кетар аламда:
Ватанининг адоси –
Ботирларга мотамда…

II

Аста-аста тонг отар,
Қувилар ёмон тушлар,
Чодирларни уйғотар
Ухламаган товушлар.

Гумбурлайди ноғора,
Жанг рақсида туёқлар.
Ёвнинг манглайи қора,
Қонга ғарқдир гиёҳлар.

Ўқ-ёйларнинг патида
Шувиллаб учар ажал.
Совутларнинг қатида
Умрни қучар ажал.

Қиличланган от кишнаб,
Хўжасини қўмсайди:
Хизматини олқишлаб,
Вафодорин кўмсайди!

Найза еган хўжаси
Энди эслолмас отни…
Сусаяр жанг нафаси
Йўмзаб не-не ҳаётни…

Шом чўкади. Тўхтар жанг,
Йиғилади жасадлар.
Яна найга мунг – оҳанг,
Шаҳидларга азалар.

Ора-чора созларда
Оятларнинг ўкинчи.
Толиққан овозларда
Васиятлар илинжи…

III

Гумбурлайди ноғора
Уфққа таҳдид қилиб.
Тун беркинар тоғ аро
Юраклари титилиб.

От қўяр амирлашкар –
Пири Темур шиддати!
Демак, шу тонг, шу саҳар –
Ёвга қирон муддати!

Баҳодир сарбозларга
Найза бўлар кун нури.
Руҳ беради созларга
Дулдулларнинг дупури.

Зулфиқордир шамширлар,
Нола чекар қалқонлар.
Тулпорини қамчинлар
Ёвни қувиб ўғлонлар.

Қуёш жилмаяр мамнун,
Шов-шувлар йироқ-йироқ…
Фарзандларни эрк учун
Олқишлар она-тупроқ!

1971

ШАРҚ БАЛЛАДАСИ

Дўстим Бевит Жумаевга

«Қоракўлнинг йўлларида
Каллакланган толи бор.
Қиз боланинг лабларида
Ўрмалаган холи бор.

Ўрмалаган холгинангни
Лабларимда аллалай.
Қўшқанотли дарвозангни
Кунда бориб рандалай.

Дукурига чиқса отанг,
Дарвозани ёпмасин.
Ишқимизни, орзумизни
Қулбозорда сотмасин.

Кел, учайлик, қумригинам,
Бу қафасдан йироққа.
Эндигина топилган бахт
Қоришмасин тупроққа…»

Дарвозани очди-ю бек,
Ғазаб ўртади ичин:
– Бекда қизмас, қилич ҳам бор.
Бир сермади қиличин.

Йигит умри титради-ю,
Бир «Оҳ!» бўлиб йўқолди.
Бек қизининг юзларида
Чанг босган олма қолди.

Қўшиқчисин излаб қўшиқ,
Дод солиб, кетди йироқ,
Уни тинглаб, олма чанги
Бўлди бир уюм тупроқ.

1970

МАШРАБ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Яна ҳайронлиқ ҳайроналарға,
Яна вайронлиқ вайроналарға,
Очдингму юзунг афсоналарға,
Кўрсат юзунгни мастоналарға,
Ишқингда куйган парвоналарға.

Мендин хатодир, сендин ҳидоят,
Мендин яродир, сендин табобат,
Мендин нидодир, сендин инобат,
Мендин дуодир, сендин ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларға.

Бу умр тортиғ, раҳм айламайсан,
Ҳар дам уриб тиғ, раҳм айламайсан,
Эй ҳусни ортиғ, раҳм айламайсан,
Эй кўнгли қаттиғ, раҳм айламайсан,
Қилғил назар сен бечораларға.

Оғу Абдулло ичти жаҳондин,
Бир хаёлингни қучти жаҳондин, –
Илинж ипини ечти жаҳондин, –
Машраб сени деб кечти жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарға.

1969

БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Бу шоҳлиқ тожини бир кун фалакнинг кўксига отсам,
Ажаб эрмаски, аршни ҳам бу зарбим бирла титратсам,
Икки оламни, сўнг хушнуд, тишининг дуриға сотсам,
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулиқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар, тори мўйидек, белиға чирмашиб ётсам.

Гаҳи ўзумни «сен» деб, мен унинг ёдини «сиз»ласам,
Гаҳи кипригидин нозли нигоҳ шахтин изласам,
Гаҳи лаб чўғидин чўчиб, занахдонини кўзласам,
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.

Қани шогирд лабим доим хатинг оз–оз ўрганса,
Қани булбул келиб сендин куйи мумтоз ўрганса,
Қани тўрғай келиб мендинки номинг боз ўрганса,
Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнун, аларға ишқ ўргатсам.

Фироқим зарбидин байтим қоғозни тиғ каби тилғай,
Девоним саҳфаси бир-бир оёқ остингға тўкулғай,
Абрлар сочса ашким, сел – рўзи маҳшар тиним билғай,
Ёруғ кундуз, қоронғу кечада анжум киби бўлғай,
Чекиб гар оҳ дудини кўнгил ўтини бутратсам.

Кўруб ҳуснини, рашкдин ҳар саҳар гулнинг кўзи намлиқ
Ҳам у булбулки ёрин ушбу нуқсидин дили ғамлиқ,
Лабидин бир сўз Абдулло очиб, токай лаби таъмлиқ,
Кўзум равшанлиғида бўлғай, эй Бобур, басе камлиқ,
Агар қоши била юзин ҳилолу кунга ўхшатсам.

1969

ПУШКИН МАЙДОНИ

Сенинг майдонингда туриб ўйлайман,
Бу майдон ям-яшил, бу майдон – гавжум.
Мен қадим қўшиқни яна куйлайман,
Ўзимни ҳайратга солади авжим;
Шоирлар замондан қилади талаб
Элига, дилига, тилига майдон
Ва лекин даставвал қабрга жолаб,
Сўнг майдон беради шоирга замон:
Лермонтов майдони, Лорка майдони,
Майдонин топади эртага Чўлпон,
Ҳали совумаёқ Жоҳилнинг қони,
Замон майдон билан тўлайди тавон;
Сенинг майдонингда турибман, Пушкин,
Азизим, Шоирим, эй боқий устоз!
Бўғиқ янграса ҳам эмасдир тушкун
Бронза кўксингдан отилган овоз!
Ҳа, ҳа! Ёнимиздан ўтиб боради
Бизларга бепарво темир автолар;
Жуда жонимиздан ўтиб боради
Дантеслар қолдирган машъум савдолар!
Биз ҳануз чиқамиз яккама-якка,
Дуэл деб аталмас фақат жангимиз:
Ёвузлик кетмагай асло пинакка,
Бизлар ҳам майдонда доим янгимиз;
Сенинг майдонингда турибман, оғам,
Даъватинг ухлатмас сира бизларни, –
Худди бугунгидек, минг йил ўтса ҳам
Майдонга чақириб майдонсизларни!

1986

АННА АХМАТОВА

Гўзал қизча излаб аслини,
Бу дунёни тутди саволга
Ва юракнинг солди расмини
Дарахтлару дарё, шамолга.
Келмай туриб ҳали навбаҳор
Настариннинг гулидек тошди.
Бўлмаса ҳам ишқда бахтиёр,
Одамларга севги улашди.
Унга боқиб осмон қолди лол:
Ерда экан энг ёруғ юлдуз!
Куйлаб қўнди дарахтга шамол,
Дарё билан ўйнаб оқди муз…
Китобини унинг варақлаб,
Шоирликдан туясан ғурур.
Ҳар очганда кундек ярақлаб,
Чиқиб келар мардона умр.
Чиқиб келар Улуғвор Алам –
Азобларнинг бахтли келини,
Бардошини алқаб Худо ҳам,
Унга берди булбул тилини.
У аскардай ўпди тиз чўкиб,
Шеъриятнинг қутлуғ туғини.
Бор-қўрини сўзларга тўкиб,
Ловиллатди Пушкин чўғини.

21.09.13.

СУЮК БАНДА

Муққаддаслик рутбасига чиққанида Бани Исроил,
Бир зот бўлмиш Яратганнинг раҳматига шу тарзда ноил:
У етмиш йил кун кўрмишди тавба билан, ҳидоят билан,
Тонг оттириб Таврот билан, кун боттириб ибодат билан.
Кўрсин учун фаришталар одамдаги аҳдга вафони
Жаброилни отлантирмиш Ерга томон Тангри фармони:

“Ерга тушинг, эй Жаброил, бориб айтинг, ул бандамизга, –
Билиб қўйсин, суюк банда бўлолмагай, афсус, у бизга,
“Лавҳул Маҳфуз” варағида шу ёзилмиш, бас, энди кечдир!
Қанча тоат қилган билан тақдири шу – ҳаммаси ҳечдир!”
Ва Жаброил бир лаҳзада Ерга тушмиш йиғиб қанотни,
Одам эса бу пайт бажо келтирарди нафл ибодатни.

“Тингла, одам! Бари бекор, бари ҳечдир, – демиш Жаброил. –
Яратганга суюк банда бўлолмайсан сен ҳеч қачон, бил.
Азалданки, “Лавҳул Қалам” битиб қўймиш шундай тақдирни,
Аллоҳ мени йўлламишдир билдирсин деб сенга шу сирни!”
Саждадан бош кўтармиш-да, жавоб бермиш аста ул солиҳ:
“Неки қилса, билиб қилгай, Билгувчидир, буюк зот Холиқ.

Кимни суймак, қандай тақдир улашмоқлик илоҳий ишдир,
Менинг ишим Уни севиб, тоат ила сабр қилишдир”, –
Шундай дея солиҳ банда руку қилиб, тиз чўкмиш тағин.
Сўнг Жаброил жавоб билан Аршга учмиш мисоли чақин.
Тангри сўрмиш: “Хўш, не деди гапимга у, айтинг, Жаброил!”
Ва Жаброил айтмиш: “Ўзинг Билгувчисан! Бандангга қойил!”

Тангри демиш: “То жаҳд ила тўхтатмади у ибодатни,
Тўхтатмасмиз биз ҳам унга марҳаматни ва иноятни!
Қулоқ солинг, малоиклар, шу лаҳзадан бошлаб билингиз:
У суюкли бандамиздир, уни шундоқ эъзоз қилингиз!”
Кўриб қўйинг, Аллоҳимнинг адли чексиз, карами кенгдир,
Билиб қўйинг, банда қилган жаҳду тоат тақдирга тенгдир!

05.01 .08.

* * *

Орзунинг сандиқлари бўшаб бормоқда бир-бир,
Қани гавҳар, забаржад, қани заррин заҳира?!
Қолган йўлимда энди дуч келмас менга Хизр,
Айланмагай бу палос учар гиламга сира.

Қизғалдоқли томини ҳилпиратган ул гўша
Болалигим достонин куйлаб турар осмонга;
Сомоншувоқдан чиққан исмалоқ, буғдой – ўша,
Фақат оёғим етмас бугун ёғоч нарвонга.

Болалик кўчасида мен кўтарган чанг ҳали
Ерга тушиб улгурмай сочларимга қўнмиш қор.
Дунё деган тулпорни миндим деб дабдабали,
Мен бор-йўғи бўлибман унга оддий жиловдор.

Бир пайт исмим айтганда қизлар кўзгуга қараб,
Юлдузлар жаранглаган, оймўмалар керишган.
Ўтиб кетган йилларни чақирсам бугун, ажаб,
Тоғлар ҳам, чарчадик, дер, акс-садо беришдан!

Балиқчининг тўридек илма-тешик бу фалак
Тутиб қололар экан на пучни, на сарани;
Дўстларимни тополмай баъзан бўламан ҳалак, –
Қабристон майсалари тўсиб турар орани.

Булбул оҳангин излаб неча бор ҳайрат билан
Буталар орасида тимдаланди хаёлим.
Кўкка отилиб чиқиб, самовий ҳайрат билан
Гоҳ булутлар чангида қолиб кетди ҳилолим.

Мен тиниқ кўлмакларга ишонган эдим қанча,
Аксимни балчиқларга кўмиб ташлади улар;
Юлдузлар шуъласига баданини чайганча
Эртакдаги парилар бугун устимдан кулар.

Майли! Барибир бугун ёшлигимни ёқлайман
Донишманд сиполикнинг йўриғидан чиқиб мен;
Барибир гул истайман, гуллашини хоҳлайман
Умримнинг ҳассасини заранг ерга суқиб мен.

2004

АЁЛГА ШАФҚАТ

Аёллар ёнмоқда Ўзбекистонда,
Бу ҳақда ёзишмас бизлар томонда…
Михаил Дудин

I

Мадҳини қилолмай шошади шеърим
Аёлнинг ғайрати, шижоатидан
Ва лекин дарёдек тошади шеърим
Замоннинг аёлга хиёнатидан.
Дедилар: «Эркингни қўлга ол, аёл!»
Олди у – қараса: қўлида кетмон.
Ҳарорат қирқ бешга етганда беҳол
Оила салқинин қилди у армон.
Дедилар: «Йўлингни топдинг, мана йўл!»
У йўлнинг ярмида кўрса бир маҳал, –
Белкурак дастаси сингари ҳар қўл,
Укпардай кафтлари бетондек дағал.
Дедилар: «Ҳаёт қур!» – Аёл қурувчи,
Бутифос мушк эрур – чўл қувар аёл.
Резинка этикда у илғор сувчи;
Шўри қуриса ҳам шўр ювар аёл.
Дедилар: «Эрингга тенг бўл, фаола!»
У эрга тенглашгач бўлиб кўп ҳалак, –
Қараса: етакда отасиз бола,
Қаршида бевалик деган келажак.
Дедилар: «Олов бўл, ройишлик нечун?
Уйда ён, ишда ён, ёна бер бир-бир!»
У минг бор ёнишга етмасдан кучи,
Бир бора ўт қўйди ўзига охир.

II

Гуриллаб ёнмоқда дўзахий гулхан –
Айтсанг бу замонда ким ҳам инонар:
Бир қучоқ гул ёнар, ёнади гул тан,
Ёнар тўрт боланинг онаси, ёнар.
Навоий ҳазратим васфини қилган
Машриқнинг гўзали тирик ёнмоқда;
Амирий жанобим қалам деб билган
Ул қошлар ёнмоқда, киприк ёнмоқда.
Бир олов гуриллар Деҳиканорда:
Лутфий ёнмоқдалар – матлаъ ёнмоқда.
Бир олов тебранар ловуллаб дорда:
Машраб ёнмоқдадир – мақтаъ ёнмоқда.
Шоирлар ёнмоқда, сўзлар ёнмоқда,
Сиз ҳам ёнармисиз, раҳбар одамлар?
Сизларга қадалган кўзлар ёнмоқда, –
Сизга ҳам аёнми бунақа ғамлар?
Қаранг, бу ёнғиндан қовжираб қочар
Бир томчи кўз ёшга айланиб Орол:
Сир билан Амудек тўлғанган сочлар
Жингиртоб бўлди-ку, бўлди-ку увол!
Сизга келтирмасми виждон шамоли
Куюк умрларнинг ҳидин армонда?!
Сизларни тутмасми бир кун уволи:
Аёллар ёнмоқда Ўзбекистонда!

Кўктепали,
21.09.1988

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМГА ЧИЗГИ

Кўрдим аср ўртасида келиб дунёга
Тарихларда учрамаган тангдил замонни:
Ўхшар эди ҳаёт худди бир хил рўёга,
Битта ҳайкал қопламишди ҳамма майдонни.

Кўриб рангин капалакнинг чарх уришини
Мен билмасдим бу қанотдан пайдо бўлган қурт
Гўзал ҳилқат томирини кемиришини,
Қуртларга ем бўлишини мушфиқ она юрт.

Оҳ, бу алдов! Сувратдаги ўлик қуёшнинг
Осмони бор, тафти бор деб ўргатган алдов,
Бўйнимдаги чўян ғулни холис қардошнинг
Меҳр тўла кафтидир, деб ўргатган алдов!

Гарчандки мен кўп тилларни билсам ҳам, лекин
Бундай қисмат баёнига тополмадим тил;
Янги қадаҳ, эски оғу… Сипқориб секин
Мутеъликнинг шаробидан заҳарланди эл.

Кулранг танклар ҳайдаганда Афғонистоннинг
Баҳорини яшолмаган шудгорларини,
Ўн саккизда «Онажон!» деб узилган жоннинг
Мен тингладим мангу тирик оҳ-зорларини:

«Мен босқинчи милтиғида оддий ўқ эдим,
Душманим ҳам тушмасин-а ҳатто бу ҳолга!» –
Тингладим-у, барин англаб, лаънат ўқидим
Охирзамон бўлмасидан чиққан Дажжолга!

Мен орзунинг товуш етмас ўлкаларига
От қўйдим-у ёруғ кунни топай деб бот-бот,
Лекин темир дарвозалар кўлкаларида
Дариғ тутди қуёшини мустабид ҳаёт.

Аму билан Сирдарёга тўкиб ёшимни,
Икки дарё ўзанига тўлиб йиғладим,
Кўтаролмай алдовлардан эгик бошимни,
Қулликдаги Ўзбекистон бўлиб йиғладим.

Аммо хазон тагларида ўсган майсалар
Саррин баҳор елларига айтганидек роз,
Мен куйладим осмон каби Эркни сарбасар
Юлдузларнинг шуъласидан эланиб овоз.

Боғларимнинг тагларини босганда шўра,
Насим бўлиб гуллар бўйин елдирай дедим.
Вақт келганда зарур сўзни айтгандан кўра,
Зарур сўзни айтиб, Вақтни келтирай дедим.

Кечимшимни улуғладим, эртам деб ёндим,
Мен замона лаззатидан кечиб яшадим,
Бахтли қулга ажратилган неъматдан тондим,
Тантаналар рўйхатидан ўчиб яшадим.

Дил кишанин чўрт узганда ҳар бир байтимки,
Қулхўжалар титраб-қақшаб, кўкси бўлди чок,
«Эрк» сўзини шундай овоз билан айтдимки, –
Ҳатто бугун сукутимга боқарлар хавфнок.

Бугун, шукр, эски дунё тўнгакларидан
Четга олди қоматини ям-яшил ниҳол,
Чўлпонлару Қодирийлар сўнгакларидан
Униб чиқди ҳур Бинафша, гўзал Истиқлол.

Демак, ғамнинг соясига айланма, юрак,
Чарақлайвер, эй очилган кўзларим менинг,
Эрк кунига, Юрт кунига ярайсиз, демак,
Ҳали шеърга айланмаган сўзларим менинг!

05.01.97.

МАҲМУД ЯЛАВОЧ

Спитамен бошин тилла баркашда
Келтириб, Искандар шаробин тотдинг.
Минг йилки, авлодлар тинмас қарғашдан:
Сен Ватанни сотдинг, халқимни сотдинг!
Нега касбу коринг топар-у ривож,
Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?!

Ўзбегим оқ кўйлак кийган маҳали
Қутайба пойида сен пусиб ётдинг;
Муқаннанинг қўри совумай ҳали
Унинг оқ кўйлагин арабга сотдинг!
Қолдириб халқимнинг эркин яланғоч,
Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?!

Қонга ботган пайти буюк Хоразм
Чингиз ўтовида олтинга ботдинг.
Эй, ўзимдан чиққан балои азим,
Сен Ватанни сотдинг, халқимни сотдинг!
Минг йилки, лаънатдан кийганингча тож,
Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?!

Ким Ватан қўшиғин яшаса куйлаб,
Қўрғошин бўлдинг–у , бўғзида қотдинг;
Билмайман, хоинлар сафлари бўйлаб
Нимани олдинг–у, нимани сотдинг!
Нега ҳеч тугамас сенга эҳтиёж,
Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?!

Қўлингга тутқазди тарих яна тош:
Файзуллага отдинг, Чўлпонга отдинг.
Елкалар ҳайъатда бўлганда бош-қош,
Елкалар номидан бошларни сотдинг,
Чинорларни сотдинг, букри қайрағоч, –
Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?!

Қизил ниқоб тортиб қора бетингга,
Минбардан минбарга сен томир отдинг.
Ёнбошлаб ёстиқдек партбилетингга,
Аршни пастдаккина курсига сотдинг,
Ҳануз қидирасан яшашга илож!
Минг лаънат сенларга, Маҳмуд Ялавоч!!!!

1984

РУБОИЙЛАР

*  *  *

Изладим – топмадим: қайда ҳақиқат,
Лабдами ва ёки найда ҳақиқат?!
Қуръонни қўлимга олдим-у, билдим:
Каттакон замон ҳам – майда ҳақиқат.

*  *  *

Баланд биноларда паст-паст одамлар:
Ёлғон қасамлар-у, сохта рақамлар.
Не тонг, бу ўйинбоз дунёда атай
Майдонга ҳуштаксиз тушмиш ҳакамлар

*  *  *

Гоҳида ўхшайман омадсиз мастга:
Чинорга суянсам, айланар хасга.
Эрк истаб оламга бургутдек қўнсам,
Қанотим сиғмайди бу тор қафасга.

* * *

Алдамадик. Юракдан севдик,
Эҳтиросда ёнганимиз рост.
Доим бирга бўламиз девдик,
Қандай эдик бир–бировга мос!
Лекин ҳаёт деган мумсик чол
Икки ёшни қилди–ку эрмак:
Энди сенсан – бегона аёл,
Энди менман – номаҳрам эркак.
Десак ҳамки, гарчанд, у чоғда:
“Сенсиз менга, жоним, ҳаёт йўқ!”–
Яшаяпмиз икки ўчоқда
Алангадан қолган икки чўғ.
Нолимаймиз, қара, ҳаётдан,
Сиқтатмайди ердаги қисмат.
Биз ажрадик фақат қанотдан,
Осмонларда учмаймиз фақат…

6.10.09.

ШЕЪР

Биз Сизга ушбу Қуръон(сураси)ни ваҳий қилишимиз
билан бирга гўзал қиссани айтиб берурмиз.
«Қуръон» — 12,3.

Кичкина бир шеърни ёзмоқлик учун
Қанча умр керак – ким ҳам санабди.
Ҳар бир шеър – вақт каби Аллоҳдан учқун,
Ким шеърни таниса – Уни танибди.

Гарчанд сақланмаган Одам Атодан
Момомиз Ҳаввога ёзилган ғазал,
Лекин шеър тарихи асли Худодан,
Осмоний тарихдир, Ердан=да азал.

Эслангиз, Юсуфнинг «гўзал қиссасин»:
Шу кундан инсонга шоирлик мерос.
Ўқиб Яссавийю Кубро мисрасин,
Аттору Румийга айлангиз ихлос.

Зероким сийратан Илоҳдир Худо
Ва лекин сувратан каломдир – Сўз у.
Шу сабаб шоирми – Сўз учун фидо,
Ўлимга тик боққан илоҳий кўз у.

Бор умри шоирнинг кўкка нидодир,
Атойи Худодир шоир хизмати.
Ахир, Сўз шаклида азалдан жодир
Лавҳ ул=Маҳфуздаги шоир қисмати.

Бил, ихлос бўлмагай кибрли кўзда,
Ёруғ Йўл, Ёруғ Сўз унга эрур ёт.
Тикилсанг, англайсан, Аллоҳ бор Сўзда:
Шеър ёзиш жиҳоддир, шеър ўқиш жиҳод!

2008

ДОРБОЗ

Важҳи маош учун кимики деса фикр этай,
Қисмат ризосидин анга бегоналиқ керак.
Алишер Навоий

Юксакда кўрмоқчи бўлдинг- у ўзни,
Дорбозга айланиб, боғлатдинг кўзни.

Оёғинг арқонда, лангарда қўлинг,
Энди теп-текисдир, бир хилдир йўлинг.

Шу қадар бир хилки, на чап, на ўнг бор,
На ўйдим-чуқур бор, на бирор дўнг бор!

Кўз юмиб юрасан гоҳ-гоҳ ирғишлаб,
Оломон яйрайди сени олқишлаб.

Ўйнайсан, оломон пастда – овора;
Бир хил янграб турар махсус ноғора.

Сен ҳам эркин эдинг, бир пайт, жангари,
Сени кўр қилди-ку дорбоз лангари:

Энди кўз керакмас, лангардир қўлинг,
Бор-йўғи тўрт қулоч арқондир йўлинг,

Ноғора янграйди – сен юрасан, бас,
Ер бўлиб ермассан, кўк бўлиб кўкмас.

2001

* * *

Кириб келаётган карвонда эмас,
Кетиб бораётган карвондаман мен,
Пастда қолиб кетди ердаги ҳавас,
Осмонга бош урган нарвондаман мен.

Гўзаллик изладим – ҳижоб алдади,
Дўстим деб интилдим – ниқоб алдади,
Дарё деб қувондим – сароб алдади,
Ростман деб алдаган ёлғондаман мен.

Шамоллар эсдилар, фасллар учди,
Пайкалим энгашиб, хирмонни қучди,
Экканим – экилди, пишганим – пишди,
Ҳосили ўзгармас хирмондаман мен

Ва лекин йироқдир дилимдан афсус,
Ҳар сўзда тўкилмас тилимдан афсус,
Йўқ эрур шеъримдан, илмимдан афсус,
Афсуслар енголмас қўрғондаман мен.

Не бўлса – бўлди, бас, бўлганим шудир,
Кўнглимнинг тўлмаган-тўлгани шудир,
Ёвузлик устидан кулганим шудир:
Бир ўққа айландим –камондаман мен.

22.03.10

* * *

Мен қайта туғилдим Ойбек ўлган кун
Ва «Чўли ироқ»ни йиғлаб эшитдим.
Жоним чарсиллади, сачради учқун,
Умримни оловга илк бор эш тутдим.

Шу-шу бир манзара тинч қўймас ҳамон:
Ойбекни кўраман чўли ироқда.
Шом қўнар. Ғурубда ташналаб карвон
Дарёни кўрмасдан юрар қиғоқда.

Чайқалар, чайқалар сарбонсиз тўда:
Товуш бор ва лекин йўқ эрур сўзлар.
Тун жимжит. Саҳро жим. Олам уйқуда.
Ойбекда тўхтайди Илоҳий назар.

Шу зум булут очар ойнинг юзини,
Юлдузлар жаранглаб айтадир такбир.
Қумга тушиб қолган Ойбек изини
Авайлаб силайди қудратли тақдир.

23. 02. 13.

08
“ОҚ БУЛУТДАН ТОМГАН ТОМЧИЛАР” КИТОБИДАН

1. УСТОЗ МИРТЕМИРНИНГ АРИҒИ

Бир куни устоз Миртемир менга эшиги олдидан ўтган сувсиз ариқни кўрсатиб: «Менга келганда мана шу ариқ ҳам қуриб қолади, бўтам», – деб самимий хохолаб кулган эди. Мен у зотнинг шогирди, ҳозир бошқа замонда, шаҳарнинг бошқа бир чеккасида яшайман. Лекин, таажжубки, ўша ариқ менинг эшигим олдидан ҳам ўтади.

2. ПАХТА ГУЛЛИ КОСАДАГИ ФАЛСАФА

Қайноналардан бири янги тушган келинига қовунни коса қилиб келишни буюрибди. Келин эса, қовунни карчлаб, косага солиб келтирибди. Қайнонанинг тили заҳаргина экан: «Коса қилишни билмаган қўлгинаг синсин!» – дебди.
Бизнинг баъзи бир фалсафашуносларимиз ҳам ўша келинга ўхшайди: миллий фалсафа яратиш деган гапни жаҳон фалсафасини русларнинг материалистик пичоғи билан майдалаб, пахта гулли косага сиғдириш деб тушунадилар. Лекин уларга ҳеч ким: «Фалсафий китоб ёзмай қўлинг синсин!» – демайди.

3. НОМАРД ДУНЁ

Бу қандай номард дунёки, ҳамма замонда ҳам мияси бўм-бўшнинг ҳамёни тўлиқ, ҳамёни тўлиқнинг мияси бўм-бўш!

4. ЖАВОБ

Мендан кўплар: «Нега бунча ёш кўринасиз, кайфиятингиз доимо баланд, ҳайратланарли даражада дангалчисиз?» – деб сўрашади. Начора, табиатим шунақа: бировларга чалинган қарсакларни санаш билан шуғулланмадим, ўзимга қарсак сўраб юкинмадим. Сўзни севиб, унга ишониб яшадим.

5. ДАРЧА ВА ДЕРАЗА

Хонангизни шамоллатиб, ҳавони алмаштириб турмасангиз ҳаммаёқни бадбўй, рутубат босиб кетади. Лекин ташқарида қаттиқ шамол турганда деразани эмас, дарчани очиб қўйиш кифоя, акс ҳолда тўс-тўпалон қўпади.

6. ЯСАМА ТИШ

Ясама тишда сезги йўқ. У қамашиш нималигини ҳис қилмайди, қамашиш бахтидан маҳрум. Ҳаётда ҳам шунақа бахтсиз одамлар учраб туради. Улар худди ясама тишдек оппоққина, силлиққина, аммо қамашиш нималигини билмайдилар.

7. КОФИРЛАР

Кофирлар икки хил бўлади. Биринчилари «Худо йўқ» дейдилар ва бунга ўзлари ишонадилар. Улар камчиликни ташкил этадиган динсиз, аммо ахлоқли одамлар. Иккинчи тоифа кофирлар «Худо бор!» дейдилар ва бунга ўзлари ишонмайдилар. Улар кўпчиликни ташкил этади, лекин мунофиқ, ахлоқсиз одамлардир.

.
8. ЗАМОН

Замон осмондан тушадиган нарса эмас. У вақтнинг шакли, инсон Вақтни қайси шаклга солса, замон ўшандек бўлади. Замон ёмон бўлса, бунинг учун одамлар айбдор.

9. ДУНЁ ВА ЖУМЛА

Дунё қанчалик таҳрир қилинмасин, барибир ғализлигини сақлаб қоладиган жумлага ўхшайди.

10. МУНОФИҚЛАРНИНГ ЭНГ ПАСТКАШЛАРИ

Яланғоч дарвишлик даъвоси билан замонасининг зарбофт ҳирқасига ўралган шоирлар мунофиқларнинг энг пасткашларидир.

11.БАХИЛ

Машойихларнинг айтишича, бахил шундай инсонки, биров кўкрагига гул тақса, тикони унинг юрагига қадалгандек бўлар экан.

12. ҲОЗИРГИ РОМАНЛАР

Нашриёт йўлагида бир куни таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев билан учрашиб қолдик. Бирга ишлаганмиз, қадрдонмиз. Лекин анчадан буён кўришмаган эдик. Саломлашгандан сўнг мен: «Кўз тегмасин Саъдулла ака, кўринишингиз ўша-ўша, зўр!» – дедим. У эса бир кулди-да: «Абдуллажон, мен ҳозирги романларга ўхшайман, муқовам гўзал, зўр, лекин ичим чатоқ», – деди. Ҳар ҳолда ўзи ҳақидаги гапи тўғри бўлмаса ҳам, Саъдулла аканинг ҳозирги романлар ҳақидаги қиёси ҳақиқат эди.

13. УМР

Умр деганлари бировлардан ранжийдиган даражада узун эмас.

14. ТАРЖИМАИ ҲОЛИМДАН

Раҳматли ойимнинг айтишларича, мен гўдаклигимдан эмакламай юриб кетган эканман: ўтирган кўйи, ўнг қўлимга таяниб, бир зумда уйнинг у бошидан бу бошига бориб келарканман. Ҳозир ҳам ўша-ўшаман: эмаклаш нималигини билмайман, қўлимга, фақат ўнг қўлимга таяниб яшайман.

15. ҚИЗИҚУВЧАНЛИК

Баъзилар шу қадар ўзгалар билан қизиқадиларки, ҳатто бировлар туфлаган туфукнинг таъмини билиш учун уни ялаб кўришдан ҳам қайтмайдилар.

16. ОҒИРЛИК

Ҳаётимдаги оғирликларнинг энг оғирларидан бири – чўнтагимнинг енгиллиги: у доим мени бир томонга эгилтириб юради.

17. ДАДАМНИНГ ҲИКМАТИ

Дадам раҳматли одамзодни уч хилга ажратардилар: одам, ходам, модам. Одам – аввал ўйлаб, кейин сўйлайди, ваъдасининг устидан чиқади, гулдан нозик, темирдан қаттиқ бўлади. Ходам – на гули, на меваси бор қуп-қуруқ ходага ўхшайди, ғўддайишдан бошқа нарсани билмайдиган нодон. Модам эса – аввал сўзлаб, кейин ўйлайдиган, сўзининг устидан чиқмайдиган, хотинчалиш ва жиртаки киши.

18. ЭЛЕКТРОН ҚОПҚОҚ

Фан-техника тараққиёти одамнинг ақлини ривожлантиради-ю, лекин ахлоқсизлигини сусайтирмайди. Йўқса, инсон биринчи бўлиб ўз оғзига электрон қопқоқ ихтиро қилган бўлур эди, ўшанда у балки ҳаромни емасди, ҳаромни демасди.

19. ШОИРЛАР

Халқ орасида: «Шоирлар ичиб шеър ёзади, ичмаса илҳоми келмайди», деган гаплар юради. Аслида эса, шоирлар ё шеър ёзолмаганидан – аламдан, ёки шеър ёзиб бўлгач – хурсандликдан, бир чарчоғини ёзиш учун гоҳ-гоҳ майхўрлик қиладилар. Ҳамма гап шундаки, шоирнинг ичган пайтини одамлар кўра олади, бироқ шеър ёзган пайтини ҳеч ким кўрмайди: ижод жараёни сирли, илоҳий ҳолат. Одамлар, таассуфки, одатда илоҳийликни эмас, гуноҳийликни тез кўрадилар ва у ҳақда ички бир завқ билан гапиришни севадилар.

20. РЕКЛАМАГА САРФЛАНГАН УМР

Баъзи шоир-ёзувчилар замонасозлик билан жамиятда обрў қозонишга интиладилар, ижодининг мақсадини шов-шув кўтариш деб биладилар. Уларнинг ҳаётини мен рекламага сарфланган умр деб атагим келади.

21. КАТТА ИШЛАР ВА КИЧИК ОДАМЛАР

Катта ишларнинг амалга ошишига доимо кичкина одамлар халақит беради, чунки улар ҳаммавақт жамиятда кўпчиликни ташкил этади.
Катта ишларни амалга оширадиган истеъдодли одамлар шернинг боласига ўхшайди. Шер ўз боласини қумурсқалар кемириб ташламаслиги учун атрофи сув билан ўралган кичик оролчада вояга етказади. Истеъдодли одамни ҳам ана шундай қумурсқа одамлардан асраган жамиятгина юксак маънавиятга эришади, гуллаб-яшнайди.

22. БУЛОҚ ВА АРИҚ

Бир куни булоқ ариқнинг устидан кулди: «Сув деган номга доғ туширдинг-ку, мунча ифлоссан!»
– Мен одамларнинг эшиги олдидан ўтаман, одамлар орасидан оқаман, – деб жавоб берди ариқ. – Сен одамлардан йироқ яшайсан. Агар менга ўхшаб улар эшиги олдидан ўтганингда, бу гапларни айтмас эдинг!

23. БУЛОҚ ВА ДАРЁ

Булоқ пастдан юқорига қараб чиқади. Шу сабабли у доимо тоза. Дарё эса юқоридан пастга тушиб келади. Шу сабабли, у тозалигини йўқотади.

1980-2014 йиллар

091Абдулла Шер устоз шоир Миртемир билан

055
Abdulla SHER
SHE’RLAR
05

Abdulla Sher 1943 yil 5 avgustda Toshkent viloyati Chinoz tumanining Yo’ltushgan qishlog’ida hunarmand-misgar oilasida tug’ildi.1965-70 yillarda Toshkent Davlat Universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetida o’qidi. U 1958 yildan boshlab badiiy ijod bilan shug’ullanadi. 1959 yili ilk marta she’ri matbuotda e’lon qilingan. Uning birinchi she’rlar to’plami “Ko’klam tabassumi” 1973 yili chop etilgan. Shundan keyin u “Alyor” (1977), “Atirgul soyasi” (1979), “Roz” (1980), “Kuz hiloli” (1983), “Qadimgi kuy” (1987), “Nuqtadan so’ng” (1989), “Toqat” (1997), “Yonayotgan yo’l” (2007), “Yomg’irlar oralab” (2009), “Sarbast qo’shiqlar” (2010), “Sevgi olmoshi” (2010), “Sevilmagan mening sevgilim” (2010), “Gul yillar, bulbul yillar” (Saylanma, 2012) she’riy kitoblarining va “Asrlarning asraganlari” nasriy to’plamining muallifi. Shuningdek, u Bayronning Don Juan, H. Haynening “Qo’shiqlar kitobi” olmon tilidan tarjima qilgan. Rus tilidan Pushkin, Lermontov, Nekrasov, Axmatova, Charents, Tvardovskiy shoirlar asarlarini ham o’zbek tiliga o’girgan. Uning she’rlar va dostonlari rus, litva, ingliz, ispan, ozarbayjon, turk, qozoq, qrim tatar va boshqa tillarga tarjima qilingan.Ayni paytda Abdulla Sher faylasuf olim sifatida ham mashhur. U “Axloqshunoslik”, “Estetika” fanlaridan o’quv qo’llanmalar va darsliklar muallifi.

05

SARBOZCHA
Yunus Rajabiyga

I

Jar soldi go’snog’ora,
Safga tizildi lashkar.
«Yov bo’lgusi sadpora!
Omin, Allohu akbar!…»

Tug’ni olar sarbozlar,
Qanotlanur otlari.
«Ur-ho! Ur-ho!..» ovozlar,
Jonlarning faryodlari…

Tuyoqlarning ostida
Dubulg’alar jarangi.
G’alabaning qasdida
Yangrar sozlar ohangi.

So’l qanotning zalvari
Yanchib o’tar dushmanni.
Piyoda nayzalari
Sanchib o’tar dushmanni.

«Vatan uchun! El uchun!..»
Oqlanur nomusu nom.
Tig’lardan sachrar uchqun –
Maydonga quyular shom.

Nayning ingroq sadosi
Titrab ketar alamda:
Vatanining adosi –
Botirlarga motamda…

II

Asta-asta tong otar,
Quvilar yomon tushlar,
Chodirlarni uyg’otar
Uxlamagan tovushlar.

Gumburlaydi nog’ora,
Jang raqsida tuyoqlar.
Yovning manglayi qora,
Qonga g’arqdir giyohlar.

O’q-yoylarning patida
Shuvillab uchar ajal.
Sovutlarning qatida
Umrni quchar ajal.

Qilichlangan ot kishnab,
Xo’jasini qo’msaydi:
Xizmatini olqishlab,
Vafodorin ko’msaydi!

Nayza yegan xo’jasi
Endi eslolmas otni…
Susayar jang nafasi
Yo’mzab ne-ne hayotni…

Shom cho’kadi. To’xtar jang,
Yig’iladi jasadlar.
Yana nayga mung – ohang,
Shahidlarga azalar.

Ora-chora sozlarda
Oyatlarning o’kinchi.
Toliqqan ovozlarda
Vasiyatlar ilinji…

III

Gumburlaydi nog’ora
Ufqqa tahdid qilib.
Tun berkinar tog’ aro
Yuraklari titilib.

Ot qo’yar amirlashkar –
Piri Temur shiddati!
Demak, shu tong, shu sahar –
Yovga qiron muddati!

Bahodir sarbozlarga
Nayza bo’lar kun nuri.
Ruh beradi sozlarga
Duldullarning dupuri.

Zulfiqordir shamshirlar,
Nola chekar qalqonlar.
Tulporini qamchinlar
Yovni quvib o’g’lonlar.

Quyosh jilmayar mamnun,
Shov-shuvlar yiroq-yiroq…
Farzandlarni erk uchun
Olqishlar ona-tuproq!

1971

SHARQ BALLADASI

Do’stim Bevit Jumaevga

«Qorako’lning yo’llarida
Kallaklangan toli bor.
Qiz bolaning lablarida
O’rmalagan xoli bor.

O’rmalagan xolginangni
Lablarimda allalay.
Qo’shqanotli darvozangni
Kunda borib randalay.

Dukuriga chiqsa otang,
Darvozani yopmasin.
Ishqimizni, orzumizni
Qulbozorda sotmasin.

Kel, uchaylik, qumriginam,
Bu qafasdan yiroqqa.
Endigina topilgan baxt
Qorishmasin tuproqqa…»

Darvozani ochdi-yu bek,
G’azab o’rtadi ichin:
– Bekda qizmas, qilich ham bor.
Bir sermadi qilichin.

Yigit umri titradi-yu,
Bir «Oh!» bo’lib yo’qoldi.
Bek qizining yuzlarida
Chang bosgan olma qoldi.

Qo’shiqchisin izlab qo’shiq,
Dod solib, ketdi yiroq,
Uni tinglab, olma changi
Bo’ldi bir uyum tuproq.

1970

MASHRAB G’AZALIGA MUXAMMAS

Yana hayronliq hayronalarg’a,
Yana vayronliq vayronalarg’a,
Ochdingmu yuzung afsonalarg’a,
Ko’rsat yuzungni mastonalarg’a,
Ishqingda kuygan parvonalarg’a.

Mendin xatodir, sendin hidoyat,
Mendin yarodir, sendin tabobat,
Mendin nidodir, sendin inobat,
Mendin duodir, sendin ijobat,
Jonim tasadduq jononalarg’a.

Bu umr tortig’, rahm aylamaysan,
Har dam urib tig’, rahm aylamaysan,
Ey husni ortig’, rahm aylamaysan,
Ey ko’ngli qattig’, rahm aylamaysan,
Qilg’il nazar sen bechoralarg’a.

Og’u Abdullo ichti jahondin,
Bir xayolingni quchti jahondin, –
Ilinj ipini yechti jahondin, –
Mashrab seni deb kechti jahondin,
Boshini qo’yub ostonalarg’a.

1969

BOBUR G’AZALIGA MUXAMMAS

Bu shohliq tojini bir kun falakning ko’ksiga otsam,
Ajab ermaski, arshni ham bu zarbim birla titratsam,
Ikki olamni, so’ng xushnud, tishining durig’a sotsam,
Ne xush bo’lg’ayki, bir kun uyquliq baxtimni uyg’otsam,
Kechalar, tori mo’yidek, belig’a chirmashib yotsam.

Gahi o’zumni «sen» deb, men uning yodini «siz»lasam,
Gahi kiprigidin nozli nigoh shaxtin izlasam,
Gahi lab cho’g’idin cho’chib, zanaxdonini ko’zlasam,
Gahi guldek yuzini ul shakar so’zlukni islasam,
Gahi shakkar kibi ul yuzi gulning la’lidin totsam.

Qani shogird labim doim xating oz–oz o’rgansa,
Qani bulbul kelib sendin kuyi mumtoz o’rgansa,
Qani to’rg’ay kelib mendinki noming boz o’rgansa,
Qani Shirin bila Layliki sendin noz o’rgansa,
Qani Farhodu Majnun, alarg’a ishq o’rgatsam.

Firoqim zarbidin baytim qog’ozni tig’ kabi tilg’ay,
Devonim sahfasi bir-bir oyoq ostingg’a to’kulg’ay,
Abrlar sochsa ashkim, sel – ro’zi mahshar tinim bilg’ay,
Yorug’ kunduz, qorong’u kechada anjum kibi bo’lg’ay,
Chekib gar oh dudini ko’ngil o’tini butratsam.

Ko’rub husnini, rashkdin har sahar gulning ko’zi namliq
Ham u bulbulki yorin ushbu nuqsidin dili g’amliq,
Labidin bir so’z Abdullo ochib, tokay labi ta’mliq,
Ko’zum ravshanlig’ida bo’lg’ay, ey Bobur, base kamliq,
Agar qoshi bila yuzin hilolu kunga o’xshatsam.

1969

PUSHKIN MAYDONI

Sening maydoningda turib o’ylayman,
Bu maydon yam-yashil, bu maydon – gavjum.
Men qadim qo’shiqni yana kuylayman,
O’zimni hayratga soladi avjim;
Shoirlar zamondan qiladi talab
Eliga, diliga, tiliga maydon
Va lekin dastavval qabrga jolab,
So’ng maydon beradi shoirga zamon:
Lermontov maydoni, Lorka maydoni,
Maydonin topadi ertaga Cho’lpon,
Hali sovumayoq Johilning qoni,
Zamon maydon bilan to’laydi tavon;
Sening maydoningda turibman, Pushkin,
Azizim, Shoirim, ey boqiy ustoz!
Bo’g’iq yangrasa ham emasdir tushkun
Bronza ko’ksingdan otilgan ovoz!
Ha, ha! Yonimizdan o’tib boradi
Bizlarga beparvo temir avtolar;
Juda jonimizdan o’tib boradi
Danteslar qoldirgan mash’um savdolar!
Biz hanuz chiqamiz yakkama-yakka,
Duel deb atalmas faqat jangimiz:
Yovuzlik ketmagay aslo pinakka,
Bizlar ham maydonda doim yangimiz;
Sening maydoningda turibman, og’am,
Da’vating uxlatmas sira bizlarni, –
Xuddi bugungidek, ming yil o’tsa ham
Maydonga chaqirib maydonsizlarni!

1986

ANNA AXMATOVA

Go’zal qizcha izlab aslini,
Bu dunyoni tutdi savolga
Va yurakning soldi rasmini
Daraxtlaru daryo, shamolga.
Kelmay turib hali navbahor
Nastarinning gulidek toshdi.
Bo’lmasa ham ishqda baxtiyor,
Odamlarga sevgi ulashdi.
Unga boqib osmon qoldi lol:
Yerda ekan eng yorug’ yulduz!
Kuylab qo’ndi daraxtga shamol,
Daryo bilan o’ynab oqdi muz…
Kitobini uning varaqlab,
Shoirlikdan tuyasan g’urur.
Har ochganda kundek yaraqlab,
Chiqib kelar mardona umr.
Chiqib kelar Ulug’vor Alam –
Azoblarning baxtli kelini,
Bardoshini alqab Xudo ham,
Unga berdi bulbul tilini.
U askarday o’pdi tiz cho’kib,
She’riyatning qutlug’ tug’ini.
Bor-qo’rini so’zlarga to’kib,
Lovillatdi Pushkin cho’g’ini.

21.09.13.

SUYUK BANDA

Muqqaddaslik rutbasiga chiqqanida Bani Isroil,
Bir zot bo’lmish Yaratganning rahmatiga shu tarzda noil:
U yetmish yil kun ko’rmishdi tavba bilan, hidoyat bilan,
Tong ottirib Tavrot bilan, kun bottirib ibodat bilan.
Ko’rsin uchun farishtalar odamdagi ahdga vafoni
Jabroilni otlantirmish Yerga tomon Tangri farmoni:

“Erga tushing, ey Jabroil, borib ayting, ul bandamizga, –
Bilib qo’ysin, suyuk banda bo’lolmagay, afsus, u bizga,
“Lavhul Mahfuz” varag’ida shu yozilmish, bas, endi kechdir!
Qancha toat qilgan bilan taqdiri shu – hammasi hechdir!”
Va Jabroil bir lahzada Yerga tushmish yig’ib qanotni,
Odam esa bu payt bajo keltirardi nafl ibodatni.

“Tingla, odam! Bari bekor, bari hechdir, – demish Jabroil. –
Yaratganga suyuk banda bo’lolmaysan sen hech qachon, bil.
Azaldanki, “Lavhul Qalam” bitib qo’ymish shunday taqdirni,
Alloh meni yo’llamishdir bildirsin deb senga shu sirni!”
Sajdadan bosh ko’tarmish-da, javob bermish asta ul solih:
“Neki qilsa, bilib qilgay, Bilguvchidir, buyuk zot Xoliq.

Kimni suymak, qanday taqdir ulashmoqlik ilohiy ishdir,
Mening ishim Uni sevib, toat ila sabr qilishdir”, –
Shunday deya solih banda ruku qilib, tiz cho’kmish tag’in.
So’ng Jabroil javob bilan Arshga uchmish misoli chaqin.
Tangri so’rmish: “Xo’sh, ne dedi gapimga u, ayting, Jabroil!”
Va Jabroil aytmish: “O’zing Bilguvchisan! Bandangga qoyil!”

Tangri demish: “To jahd ila to’xtatmadi u ibodatni,
To’xtatmasmiz biz ham unga marhamatni va inoyatni!
Quloq soling, maloiklar, shu lahzadan boshlab bilingiz:
U suyukli bandamizdir, uni shundoq e’zoz qilingiz!”
Ko’rib qo’ying, Allohimning adli cheksiz, karami kengdir,
Bilib qo’ying, banda qilgan jahdu toat taqdirga tengdir!

05.01 .08.

* * *

Orzuning sandiqlari bo’shab bormoqda bir-bir,
Qani gavhar, zabarjad, qani zarrin zahira?!
Qolgan yo’limda endi duch kelmas menga Xizr,
Aylanmagay bu palos uchar gilamga sira.

Qizg’aldoqli tomini hilpiratgan ul go’sha
Bolaligim dostonin kuylab turar osmonga;
Somonshuvoqdan chiqqan ismaloq, bug’doy – o’sha,
Faqat oyog’im yetmas bugun yog’och narvonga.

Bolalik ko’chasida men ko’targan chang hali
Yerga tushib ulgurmay sochlarimga qo’nmish qor.
Dunyo degan tulporni mindim deb dabdabali,
Men bor-yo’g’i bo’libman unga oddiy jilovdor.

Bir payt ismim aytganda qizlar ko’zguga qarab,
Yulduzlar jaranglagan, oymo’malar kerishgan.
O’tib ketgan yillarni chaqirsam bugun, ajab,
Tog’lar ham, charchadik, der, aks-sado berishdan!

Baliqchining to’ridek ilma-teshik bu falak
Tutib qololar ekan na puchni, na sarani;
Do’stlarimni topolmay ba’zan bo’laman halak, –
Qabriston maysalari to’sib turar orani.

Bulbul ohangin izlab necha bor hayrat bilan
Butalar orasida timdalandi xayolim.
Ko’kka otilib chiqib, samoviy hayrat bilan
Goh bulutlar changida qolib ketdi hilolim.

Men tiniq ko’lmaklarga ishongan edim qancha,
Aksimni balchiqlarga ko’mib tashladi ular;
Yulduzlar shu’lasiga badanini chaygancha
Ertakdagi parilar bugun ustimdan kular.

Mayli! Baribir bugun yoshligimni yoqlayman
Donishmand sipolikning yo’rig’idan chiqib men;
Baribir gul istayman, gullashini xohlayman
Umrimning hassasini zarang yerga suqib men.

2004

AYOLGA SHAFQAT

Ayollar yonmoqda O’zbekistonda,
Bu haqda yozishmas bizlar tomonda…
Mixail Dudin

I

Madhini qilolmay shoshadi she’rim
Ayolning g’ayrati, shijoatidan
Va lekin daryodek toshadi she’rim
Zamonning ayolga xiyonatidan.
Dedilar: «Erkingni qo’lga ol, ayol!»
Oldi u – qarasa: qo’lida ketmon.
Harorat qirq beshga yetganda behol
Oila salqinin qildi u armon.
Dedilar: «Yo’lingni topding, mana yo’l!»
U yo’lning yarmida ko’rsa bir mahal, –
Belkurak dastasi singari har qo’l,
Ukparday kaftlari betondek dag’al.
Dedilar: «Hayot qur!» – Ayol quruvchi,
Butifos mushk erur – cho’l quvar ayol.
Rezinka etikda u ilg’or suvchi;
Sho’ri qurisa ham sho’r yuvar ayol.
Dedilar: «Eringga teng bo’l, faola!»
U erga tenglashgach bo’lib ko’p halak, –
Qarasa: yetakda otasiz bola,
Qarshida bevalik degan kelajak.
Dedilar: «Olov bo’l, royishlik nechun?
Uyda yon, ishda yon, yona ber bir-bir!»
U ming bor yonishga yetmasdan kuchi,
Bir bora o’t qo’ydi o’ziga oxir.

II

Gurillab yonmoqda do’zaxiy gulxan –
Aytsang bu zamonda kim ham inonar:
Bir quchoq gul yonar, yonadi gul tan,
Yonar to’rt bolaning onasi, yonar.
Navoiy hazratim vasfini qilgan
Mashriqning go’zali tirik yonmoqda;
Amiriy janobim qalam deb bilgan
Ul qoshlar yonmoqda, kiprik yonmoqda.
Bir olov gurillar Dehikanorda:
Lutfiy yonmoqdalar – matla’ yonmoqda.
Bir olov tebranar lovullab dorda:
Mashrab yonmoqdadir – maqta’ yonmoqda.
Shoirlar yonmoqda, so’zlar yonmoqda,
Siz ham yonarmisiz, rahbar odamlar?
Sizlarga qadalgan ko’zlar yonmoqda, –
Sizga ham ayonmi bunaqa g’amlar?
Qarang, bu yong’indan qovjirab qochar
Bir tomchi ko’z yoshga aylanib Orol:
Sir bilan Amudek to’lg’angan sochlar
Jingirtob bo’ldi-ku, bo’ldi-ku uvol!
Sizga keltirmasmi vijdon shamoli
Kuyuk umrlarning hidin armonda?!
Sizlarni tutmasmi bir kun uvoli:
Ayollar yonmoqda O’zbekistonda!

Ko’ktepali,
21.09.1988

TARJIMAI HOLIMGA CHIZGI

Ko’rdim asr o’rtasida kelib dunyoga
Tarixlarda uchramagan tangdil zamonni:
O’xshar edi hayot xuddi bir xil ro’yoga,
Bitta haykal qoplamishdi hamma maydonni.

Ko’rib rangin kapalakning charx urishini
Men bilmasdim bu qanotdan paydo bo’lgan qurt
Go’zal hilqat tomirini kemirishini,
Qurtlarga yem bo’lishini mushfiq ona yurt.

Oh, bu aldov! Suvratdagi o’lik quyoshning
Osmoni bor, tafti bor deb o’rgatgan aldov,
Bo’ynimdagi cho’yan g’ulni xolis qardoshning
Mehr to’la kaftidir, deb o’rgatgan aldov!

Garchandki men ko’p tillarni bilsam ham, lekin
Bunday qismat bayoniga topolmadim til;
Yangi qadah, eski og’u… Sipqorib sekin
Mute’likning sharobidan zaharlandi el.

Kulrang tanklar haydaganda Afg’onistonning
Bahorini yasholmagan shudgorlarini,
O’n sakkizda «Onajon!» deb uzilgan jonning
Men tingladim mangu tirik oh-zorlarini:

«Men bosqinchi miltig’ida oddiy o’q edim,
Dushmanim ham tushmasin-a hatto bu holga!» –
Tingladim-u, barin anglab, la’nat o’qidim
Oxirzamon bo’lmasidan chiqqan Dajjolga!

Men orzuning tovush yetmas o’lkalariga
Ot qo’ydim-u yorug’ kunni topay deb bot-bot,
Lekin temir darvozalar ko’lkalarida
Darig’ tutdi quyoshini mustabid hayot.

Amu bilan Sirdaryoga to’kib yoshimni,
Ikki daryo o’zaniga to’lib yig’ladim,
Ko’tarolmay aldovlardan egik boshimni,
Qullikdagi O’zbekiston bo’lib yig’ladim.

Ammo xazon taglarida o’sgan maysalar
Sarrin bahor yellariga aytganidek roz,
Men kuyladim osmon kabi Erkni sarbasar
Yulduzlarning shu’lasidan elanib ovoz.

Bog’larimning taglarini bosganda sho’ra,
Nasim bo’lib gullar bo’yin yeldiray dedim.
Vaqt kelganda zarur so’zni aytgandan ko’ra,
Zarur so’zni aytib, Vaqtni keltiray dedim.

Kechimshimni ulug’ladim, ertam deb yondim,
Men zamona lazzatidan kechib yashadim,
Baxtli qulga ajratilgan ne’matdan tondim,
Tantanalar ro’yxatidan o’chib yashadim.

Dil kishanin cho’rt uzganda har bir baytimki,
Qulxo’jalar titrab-qaqshab, ko’ksi bo’ldi chok,
«Erk» so’zini shunday ovoz bilan aytdimki, –
Hatto bugun sukutimga boqarlar xavfnok.

Bugun, shukr, eski dunyo to’ngaklaridan
Chetga oldi qomatini yam-yashil nihol,
Cho’lponlaru Qodiriylar so’ngaklaridan
Unib chiqdi hur Binafsha, go’zal Istiqlol.

Demak, g’amning soyasiga aylanma, yurak,
Charaqlayver, ey ochilgan ko’zlarim mening,
Erk kuniga, Yurt kuniga yaraysiz, demak,
Hali she’rga aylanmagan so’zlarim mening!

05.01.97.

MAHMUD YALAVOCH

Spitamen boshin tilla barkashda
Keltirib, Iskandar sharobin totding.
Ming yilki, avlodlar tinmas qarg’ashdan:
Sen Vatanni sotding, xalqimni sotding!
Nega kasbu koring topar-u rivoj,
Nega sen o’lmaysan, Mahmud Yalavoch?!

O’zbegim oq ko’ylak kiygan mahali
Qutayba poyida sen pusib yotding;
Muqannaning qo’ri sovumay hali
Uning oq ko’ylagin arabga sotding!
Qoldirib xalqimning erkin yalang’och,
Nega sen o’lmaysan, Mahmud Yalavoch?!

Qonga botgan payti buyuk Xorazm
Chingiz o’tovida oltinga botding.
Ey, o’zimdan chiqqan baloi azim,
Sen Vatanni sotding, xalqimni sotding!
Ming yilki, la’natdan kiyganingcha toj,
Nega sen o’lmaysan, Mahmud Yalavoch?!

Kim Vatan qo’shig’in yashasa kuylab,
Qo’rg’oshin bo’lding–u , bo’g’zida qotding;
Bilmayman, xoinlar saflari bo’ylab
Nimani olding–u, nimani sotding!
Nega hech tugamas senga ehtiyoj,
Nega sen o’lmaysan, Mahmud Yalavoch?!

Qo’lingga tutqazdi tarix yana tosh:
Fayzullaga otding, Cho’lponga otding.
Yelkalar hay’atda bo’lganda bosh-qosh,
Yelkalar nomidan boshlarni sotding,
Chinorlarni sotding, bukri qayrag’och, –
Nega sen o’lmaysan, Mahmud Yalavoch?!

Qizil niqob tortib qora betingga,
Minbardan minbarga sen tomir otding.
Yonboshlab yostiqdek partbiletingga,
Arshni pastdakkina kursiga sotding,
Hanuz qidirasan yashashga iloj!
Ming la’nat senlarga, Mahmud Yalavoch!!!!

1984

RUBOIYLAR

* * *

Izladim – topmadim: qayda haqiqat,
Labdami va yoki nayda haqiqat?!
Qur’onni qo’limga oldim-u, bildim:
Kattakon zamon ham – mayda haqiqat.

* * *

Baland binolarda past-past odamlar:
Yolg’on qasamlar-u, soxta raqamlar.
Ne tong, bu o’yinboz dunyoda atay
Maydonga hushtaksiz tushmish hakamlar

* * *

Gohida o’xshayman omadsiz mastga:
Chinorga suyansam, aylanar xasga.
Erk istab olamga burgutdek qo’nsam,
Qanotim sig’maydi bu tor qafasga.

* * *

Aldamadik. Yurakdan sevdik,
Ehtirosda yonganimiz rost.
Doim birga bo’lamiz devdik,
Qanday edik bir–birovga mos!
Lekin hayot degan mumsik chol
Ikki yoshni qildi–ku ermak:
Endi sensan – begona ayol,
Endi menman – nomahram erkak.
Desak hamki, garchand, u chog’da:
“Sensiz menga, jonim, hayot yo’q!”–
Yashayapmiz ikki o’choqda
Alangadan qolgan ikki cho’g’.
Nolimaymiz, qara, hayotdan,
Siqtatmaydi yerdagi qismat.
Biz ajradik faqat qanotdan,
Osmonlarda uchmaymiz faqat…

6.10.09.

SHE’R

Biz Sizga ushbu Qur’on(surasi)ni vahiy qilishimiz
bilan birga go’zal qissani aytib berurmiz.
«Qur’on» — 12,3.

Kichkina bir she’rni yozmoqlik uchun
Qancha umr kerak – kim ham sanabdi.
Har bir she’r – vaqt kabi Allohdan uchqun,
Kim she’rni tanisa – Uni tanibdi.

Garchand saqlanmagan Odam Atodan
Momomiz Havvoga yozilgan g’azal,
Lekin she’r tarixi asli Xudodan,
Osmoniy tarixdir, Yerdan=da azal.

Eslangiz, Yusufning «go’zal qissasin»:
Shu kundan insonga shoirlik meros.
O’qib Yassaviyyu Kubro misrasin,
Attoru Rumiyga aylangiz ixlos.

Zerokim siyratan Ilohdir Xudo
Va lekin suvratan kalomdir – So’z u.
Shu sabab shoirmi – So’z uchun fido,
O’limga tik boqqan ilohiy ko’z u.

Bor umri shoirning ko’kka nidodir,
Atoyi Xudodir shoir xizmati.
Axir, So’z shaklida azaldan jodir
Lavh ul=Mahfuzdagi shoir qismati.

Bil, ixlos bo’lmagay kibrli ko’zda,
Yorug’ Yo’l, Yorug’ So’z unga erur yot.
Tikilsang, anglaysan, Alloh bor So’zda:
She’r yozish jihoddir, she’r o’qish jihod!

2008

DORBOZ

Vajhi maosh uchun kimiki desa fikr etay,
Qismat rizosidin anga begonaliq kerak.
Alisher Navoiy

Yuksakda ko’rmoqchi bo’lding- u o’zni,
Dorbozga aylanib, bog’latding ko’zni.

Oyog’ing arqonda, langarda qo’ling,
Endi tep-tekisdir, bir xildir yo’ling.

Shu qadar bir xilki, na chap, na o’ng bor,
Na o’ydim-chuqur bor, na biror do’ng bor!

Ko’z yumib yurasan goh-goh irg’ishlab,
Olomon yayraydi seni olqishlab.

O’ynaysan, olomon pastda – ovora;
Bir xil yangrab turar maxsus nog’ora.

Sen ham erkin eding, bir payt, jangari,
Seni ko’r qildi-ku dorboz langari:

Endi ko’z kerakmas, langardir qo’ling,
Bor-yo’g’i to’rt quloch arqondir yo’ling,

Nog’ora yangraydi – sen yurasan, bas,
Yer bo’lib yermassan, ko’k bo’lib ko’kmas.

2001

* * *

Kirib kelayotgan karvonda emas,
Ketib borayotgan karvondaman men,
Pastda qolib ketdi yerdagi havas,
Osmonga bosh urgan narvondaman men.

Go’zallik izladim – hijob aldadi,
Do’stim deb intildim – niqob aldadi,
Daryo deb quvondim – sarob aldadi,
Rostman deb aldagan yolg’ondaman men.

Shamollar esdilar, fasllar uchdi,
Paykalim engashib, xirmonni quchdi,
Ekkanim – ekildi, pishganim – pishdi,
Hosili o’zgarmas xirmondaman men

Va lekin yiroqdir dilimdan afsus,
Har so’zda to’kilmas tilimdan afsus,
Yo’q erur she’rimdan, ilmimdan afsus,
Afsuslar yengolmas qo’rg’ondaman men.

Ne bo’lsa – bo’ldi, bas, bo’lganim shudir,
Ko’nglimning to’lmagan-to’lgani shudir,
Yovuzlik ustidan kulganim shudir:
Bir o’qqa aylandim –kamondaman men.

22.03.10

* * *

Men qayta tug’ildim Oybek o’lgan kun
Va «Cho’li iroq»ni yig’lab eshitdim.
Jonim charsilladi, sachradi uchqun,
Umrimni olovga ilk bor esh tutdim.

Shu-shu bir manzara tinch qo’ymas hamon:
Oybekni ko’raman cho’li iroqda.
Shom qo’nar. G’urubda tashnalab karvon
Daryoni ko’rmasdan yurar qig’oqda.

Chayqalar, chayqalar sarbonsiz to’da:
Tovush bor va lekin yo’q erur so’zlar.
Tun jimjit. Sahro jim. Olam uyquda.
Oybekda to’xtaydi Ilohiy nazar.

Shu zum bulut ochar oyning yuzini,
Yulduzlar jaranglab aytadir takbir.
Qumga tushib qolgan Oybek izini
Avaylab silaydi qudratli taqdir.

23. 02. 13.

055
“OQ BULUTDAN TOMGAN TOMCHILAR” KITOBIDAN

1. USTOZ MIRTEMIRNING ARIG’I

Bir kuni ustoz Mirtemir menga eshigi oldidan o’tgan suvsiz ariqni ko’rsatib: «Menga kelganda mana shu ariq ham qurib qoladi, bo’tam», – deb samimiy xoxolab kulgan edi. Men u zotning
shogirdi, hozir boshqa zamonda, shaharning boshqa bir chekkasida yashayman. Lekin, taajjubki, o’sha ariq mening eshigim oldidan ham o’tadi.

2. PAXTA GULLI KOSADAGI FALSAFA

Qaynonalardan biri yangi tushgan keliniga qovunni kosa qilib kelishni buyuribdi. Kelin esa, qovunni karchlab, kosaga solib keltiribdi. Qaynonaning tili zahargina ekan: «Kosa qilishni
bilmagan qo’lginag sinsin!» – debdi.

Bizning ba’zi bir falsafashunoslarimiz ham o’sha kelinga o’xshaydi: milliy falsafa yaratish degan gapni jahon falsafasini ruslarning materialistik pichog’i bilan maydalab, paxta gulli kosaga sig’dirish deb
tushunadilar. Lekin ularga hech kim: «Falsafiy kitob yozmay qo’ling sinsin!» – demaydi.

3. NOMARD DUNYO

Bu qanday nomard dunyoki, hamma zamonda ham miyasi bo’m-bo’shning hamyoni to’liq, hamyoni to’liqning miyasi bo’m-bo’sh!

4. JAVOB

Mendan ko’plar: «Nega buncha yosh ko’rinasiz, kayfiyatingiz doimo baland, hayratlanarli darajada dangalchisiz?» – deb so’rashadi. Nachora, tabiatim shunaqa: birovlarga chalingan
qarsaklarni sanash bilan shug’ullanmadim, o’zimga qarsak so’rab yukinmadim. So’zni sevib, unga ishonib yashadim.

5. DARCHA VA DERAZA

Xonangizni shamollatib, havoni almashtirib turmasangiz hammayoqni badbo’y, rutubat bosib ketadi. Lekin tashqarida qattiq shamol turganda derazani emas, darchani ochib qo’yish kifoya, aks
holda to’s-to’palon qo’padi.

6. YASAMA TISH

Yasama tishda sezgi yo’q. U qamashish nimaligini his qilmaydi, qamashish baxtidan mahrum. Hayotda ham shunaqa baxtsiz odamlar uchrab turadi. Ular xuddi yasama tishdek oppoqqina,
silliqqina, ammo qamashish nimaligini bilmaydilar.

7. KOFIRLAR

Kofirlar ikki xil bo’ladi. Birinchilari «Xudo yo’q» deydilar va bunga o’zlari ishonadilar. Ular kamchilikni tashkil etadigan dinsiz, ammo axloqli odamlar. Ikkinchi toifa kofirlar
«Xudo bor!» deydilar va bunga o’zlari ishonmaydilar. Ular ko’pchilikni tashkil etadi, lekin munofiq, axloqsiz odamlardir.

.
8. ZAMON

Zamon osmondan tushadigan narsa emas. U vaqtning shakli, inson Vaqtni qaysi shaklga solsa, zamon o’shandek bo’ladi. Zamon yomon bo’lsa, buning uchun odamlar aybdor.

9. DUNYO VA JUMLA

Dunyo qanchalik tahrir qilinmasin, baribir g’alizligini saqlab qoladigan jumlaga o’xshaydi.

10. MUNOFIQLARNING ENG PASTKASHLARI

Yalang’och darvishlik da’vosi bilan zamonasining zarboft hirqasiga o’ralgan shoirlar munofiqlarning eng pastkashlaridir.

11.BAXIL

Mashoyixlarning aytishicha, baxil shunday insonki, birov ko’kragiga gul taqsa, tikoni uning yuragiga qadalgandek bo’lar ekan.

12. HOZIRGI ROMANLAR

Nashriyot yo’lagida bir kuni taniqli yozuvchi Sa’dulla Siyoev bilan uchrashib qoldik. Birga ishlaganmiz, qadrdonmiz. Lekin anchadan buyon ko’rishmagan edik. Salomlashgandan so’ng men: «Ko’z
tegmasin Sa’dulla aka, ko’rinishingiz o’sha-o’sha, zo’r!» – dedim. U esa bir kuldi-da: «Abdullajon, men hozirgi romanlarga o’xshayman, muqovam go’zal, zo’r, lekin ichim chatoq», – dedi. Har holda o’zi haqidagi gapi to’g’ri bo’lmasa ham, Sa’dulla akaning
hozirgi romanlar haqidagi qiyosi haqiqat edi.

13. UMR

Umr deganlari birovlardan ranjiydigan darajada uzun emas.

14. TARJIMAI HOLIMDAN

Rahmatli oyimning aytishlaricha, men go’dakligimdan emaklamay yurib ketgan ekanman: o’tirgan ko’yi, o’ng qo’limga tayanib, bir zumda uyning u boshidan bu boshiga borib kelarkanman. Hozir
ham o’sha-o’shaman: emaklash nimaligini bilmayman, qo’limga, faqat o’ng qo’limga tayanib yashayman.

15. QIZIQUVCHANLIK

Ba’zilar shu qadar o’zgalar bilan qiziqadilarki, hatto birovlar tuflagan tufukning ta’mini bilish uchun uni yalab ko’rishdan ham qaytmaydilar.

16. OG’IRLIK

Hayotimdagi og’irliklarning eng og’irlaridan biri – cho’ntagimning yengilligi: u doim meni bir tomonga egiltirib yuradi.

17. DADAMNING HIKMATI

Dadam rahmatli odamzodni uch xilga ajratardilar: odam, xodam, modam. Odam – avval o’ylab, keyin so’ylaydi, va’dasining ustidan chiqadi, guldan nozik, temirdan qattiq bo’ladi. Xodam –
na guli, na mevasi bor qup-quruq xodaga o’xshaydi, g’o’ddayishdan boshqa narsani bilmaydigan nodon. Modam esa – avval so’zlab, keyin o’ylaydigan, so’zining ustidan chiqmaydigan, xotinchalish va jirtaki kishi.

18. ELEKTRON QOPQOQ

Fan-texnika taraqqiyoti odamning aqlini rivojlantiradi-yu, lekin axloqsizligini susaytirmaydi. Yo’qsa, inson birinchi bo’lib o’z og’ziga elektron qopqoq ixtiro qilgan bo’lur edi,
o’shanda u balki haromni yemasdi, haromni demasdi.

19. SHOIRLAR

Xalq orasida: «Shoirlar ichib she’r yozadi, ichmasa ilhomi kelmaydi», degan gaplar yuradi. Aslida esa, shoirlar yo she’r yozolmaganidan – alamdan, yoki she’r yozib bo’lgach – xursandlikdan,
bir charchog’ini yozish uchun goh-goh mayxo’rlik qiladilar. Hamma gap shundaki, shoirning ichgan paytini odamlar ko’ra oladi, biroq she’r yozgan paytini hech kim ko’rmaydi: ijod jarayoni sirli, ilohiy holat. Odamlar, taassufki, odatda ilohiylikni
emas, gunohiylikni tez ko’radilar va u haqda ichki bir zavq bilan gapirishni sevadilar.

20. REKLAMAGA SARFLANGAN UMR

Ba’zi shoir-yozuvchilar zamonasozlik bilan jamiyatda obro’ qozonishga intiladilar, ijodining maqsadini shov-shuv ko’tarish deb biladilar. Ularning hayotini men reklamaga sarflangan
umr deb atagim keladi.

21. KATTA ISHLAR VA KICHIK ODAMLAR

Katta ishlarning amalga oshishiga doimo kichkina odamlar xalaqit beradi, chunki ular hammavaqt jamiyatda ko’pchilikni tashkil etadi.
Katta ishlarni amalga oshiradigan iste’dodli odamlar sherning bolasiga o’xshaydi. Sher o’z bolasini qumursqalar kemirib tashlamasligi uchun atrofi suv bilan o’ralgan kichik orolchada voyaga yetkazadi. Iste’dodli
odamni ham ana shunday qumursqa odamlardan asragan jamiyatgina yuksak ma’naviyatga erishadi, gullab-yashnaydi.

22. BULOQ VA ARIQ

Bir kuni buloq ariqning ustidan kuldi: «Suv degan nomga dog’ tushirding-ku, muncha iflossan!»
– Men odamlarning eshigi oldidan o’taman, odamlar orasidan oqaman, – deb javob berdi ariq. – Sen odamlardan yiroq yashaysan. Agar menga o’xshab ular eshigi oldidan o’tganingda, bu gaplarni aytmas eding!

23. BULOQ VA DARYO

Buloq pastdan yuqoriga qarab chiqadi. Shu sababli u doimo toza. Daryo esa yuqoridan pastga tushib keladi. Shu sababli, u tozaligini yo’qotadi.

1980-2014 yillar

07

(Tashriflar: umumiy 1 746, bugungi 1)

1 izoh

  1. Журфакдан чиққан файласуф-шоир Абдулла Шер ижоди — «Уч илдиз» маҳорат мактаби талабалари учун ибрат мактабидир. Уни шунча манбалардан тўплаб, икки алифбомизда тақдим этган мазкур сайт ижодкорларига самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.

Izoh qoldiring