Abdulla Sher. Navoiy sog’inchi

001     Мен Навоийни доимо соғиниб яшайман. Йўқ деганда йилда бир неча марта Навоийга қайтаман. Ўшанда баъзан Ҳазратим билан боғлиқ шеърлар ҳам ёзаман. “Навоий соғинчи” туркуми ана шу тарзда вужудга келган…

Абдулла ШЕР
НАВОИЙ СОҒИНЧИ
Туркум
055

052    Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди.1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган.Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.

055

Навоий соғинчи… Ҳирот – ўзбек давлатчилигидаги буюк пойтахтларимиздан бири. Унинг энг юксакка кўтарилган даври Хуросон давлатини Султонлар Султони Ҳусайн Бойқаро бошқарган пайтларга тўғри келади. Ўша пайтларда Ҳирот мусулмон Шарқининг маданият ва маърифат маркази эди. Ҳазрат Навоий бошчилигидаги Ҳирот адабий мактаби фаолияти ўзбек адабиётининг олтин даврини ташкил этади… Ҳазратнинг шогирди Беҳзод бошчилигидаги “Нигористон” рассомлар мактаби… Йўқ, мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Навоий давридаги Ҳирот аҳли тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада юксак маданият эгалари эди: ҳунарманд ва косиблар шеърият назариясидан, аруз илмидан, тасаввуфдан, мусиқадан баҳслашардилар, саҳҳофлар ва тужжорлар тарих, фалсафа, география борасида тортишардилар, улар баҳсларининг даражаси бизникидан паст бўлмаган. Ҳирот ҳаммоллари ва мардикорлари юзлаб шеърий байтларни ёддан айта олардилар…

Шу сабабли Ҳиротнинг довруғи ҳаммаёққа кетган эди. Мен талабалик пайтларимда, ҳатто ундан кейин, 70-йилларнинг иккинчи ярмида ҳам асл зиёли юртдошларимиз  Ҳиротнинг пойтахтлигини унутмаган эдилар. Улар бирор нарса камёб бўлса: “Буни Ҳиротдан изласанг ҳам тополмайсан” ёки: “Буни Ҳиротдан топасан!” дейишарди. Ҳа, Ҳирот онгларда наслдан-наслга пойтахт сифатида ўтиб келган. Лекин мен ҳозирги пайтда бошқа мамалакат ҳудуди бўлган моддий маскан – шаҳар ҳақида эмас, маънавий буюк пойтахтимиз ҳақида сўзлаяпман, ҳар бир ҳақиқий ўзбек зиёлисининг қалбида яшаётган Навоий давридаги пойтахтимиз Ҳирот тўғрисида сўзлаяпман. Бу йил ўша Ҳиротимиз адабий муҳитининг байрами – Ҳазрат Навоий 575 ёшга, Малик ул-калом Лутфий 650 ёшга тўладилар… Хўш, ҳозир деярли унутилаёзган Ҳирот адабий муҳити, Ўзбек адабиётининг Олтин даври ҳақида ким ёзаяпти ва ёзажак? Бу борада охирги улкан тадқиқотни атоқли олимимиз, дўстим ва оғам Нажмиддин Комилов олиб борган ва эълон қилган эди…

Улуғ пиримиз хазрат Навоий байтларига қулоғим болалаигимдан, беш-олти ёшларимдан бошлаб ўрганиб борди. Дадам мисгар эдилар, лекин мисгарлик ўлган, шунинг учун тунукачилик билан шуғулланардилар, “сезон” пайтларида – кеч куздан кўкламгача иш қизғин бўларди. Одатда ярим кечагача уйда тунука буюмлар тайёрлаб, якшанба бозор куни Чиноздаги дўконимизда (устахонани шундай атардик) сотардик. Акам ва мен майда-чуйда ишларга ёрдам қилардик. Ойим танча устидаги ўнинчи чироқ ёруғида бизга китоб ўқиб берардилар. Бобомдан мерос бўлиб теккан китоблари бор эди: Навоийнинг “Хамса”си, “Чор девон”и, “Шоҳномаи бит-туркий”, “Кимёи саодат”, “Девонаи Машраб” ва бир қанча баёзлар. Энг кўп ўқиб берадиганлари Навоийнинг китоблари эди. Мен шу тахлит Навоийга ўрганиб бордим. Кейинчалик Навоийдан ўргандим, аруз илмидан дастлабки таълимим ҳам Навоий билан боғлиқ: буюк навоийшуносимиз Ҳамид Сулаймон тайёрлаган “Ҳазойин ул-маъоний” тўртинчи жилдининг охиридаги таблицада бернилган Навоий қўллаган аруз баҳрларини ёд олдим…Талабалик йилларимдан бошлаб эса, Навоийни ўргана бошладим… Мен учун доимо Ҳусайн Бойқаронинг Ҳироти, ҳазрат Навоий, мавлоно Лутфий, шоҳ-шоир Ҳусайний идеал бўлиб келди, ҳозир ҳам шундай. Буюк пиримизнинг мана бу сатрларига қаранг:

Шоҳу тожу ҳилъатиким, мен томошо қилғали,
Ўзбегим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Қаранг, у даврларда энг улуғвор, энг буюк, энг гўзал ҳисобланган шоҳу унинг қимматбаҳо тожидан кўра, Навоий учун оддий ўзбекнинг бошидаги дўпписи ва эгнидаги тўни аъло! Миллат ҳар қандай шоҳдан улуғ!

Мен Навоийни доимо соғиниб яшайман. Йўқ деганда йилда бир неча марта Навоийга қайтаман. Ўшанда баъзан Ҳазратим билан боғлиқ шеърлар ҳам ёзаман. “Навоий соғинчи” туркуми ана шу тарзда вужудга келган. Ундаги бир-икки шеърни олдин ҳам кўргансиз. Туркум тузилишини бузмаслик учун уларни олиб ташламадим. Шундай қилиб, туркум дейишга арзийдими-йўқми, қуйидаги ночор сатрларимни диққатингизга ҳавола этаман.

1

Ўту чўққа уриб мен ўзни
Машҳурликни даъво қилмадим.
Шоҳларга ҳам сотмадим сўзни,
Бозорларга парво қилмадим.

Мен Навоий дарвозасини
Танидим-у, «сим-сим»ни айтдим:
Гўзалликнинг андозасини
Чизиб олди ўшанда байтим.

2

Ашрақатдан бошланган девон
Ўхшаб кетар чексиз оламга.
Ундаги ер, ундаги осмон
Суянади буюк қаламга.

Ул қаламнинг сеҳрли пати
Учиб тушмиш жаннатий қушдан.
Қоғоз билан қалам суҳбати
Одамзотни уйғотар тушдан.

Асрларки, девондан порлаб,
Ёритади Улуғ Сўз Шарқни.
Сўнмас овоз бизга дер, чорлаб:
«Англа, туну тонгдаги фарқни!».

Шоҳлар ўтди, ўтар айш суриб,
Қуёш билиб тож гавҳарини.
Шоир эса оҳ тортар, кўриб,
Ул муқаддас Нур жавҳарини.

Шеърият деб аталган ул Оҳ
То қиёмат сочади зиё:
Алишербек кийган бир кулоҳ
Мингта тождан алодир, ало!

3

Навоийнинг асарларидан
Бўй сочади илоҳий, чўнг гул.
Унга қўнган асаларидан
Қанот тилаб учади кўнгил.

Унда қушлар одамлар каби
Сўзлайдилар ўзни унутиб
Ва қушлардек, одамлар лаби
Куйлай бошлар сўзни унутиб.

Унда шоҳлар тарашлайди тош,
Тоғни кесиб ўтади достон.
Тождан чиқиб, юксалганда бош
Ўпиб қўяр эгилиб осмон.

Унда фалак ўз тасбеҳини
Мисра қилиб ўгиради жим:
Ғазалдаги хушбўй беҳини
Ислаб яшар Ҳадичабегим.

Унда Ҳирот доим қушуйқу,
Самарқандни излайди тушдан.
Ватан деган қадимий қайғу
Куйлаб турар минг йиллик ишқдан.

Ашрақатни кўрасан унда,
Илоҳий нур очар кўзингни:
Англайсанки, дунёи дунда
Танимабсан ҳали ўзингни.

4. ОЙБЕК ВА НАВОИЙ

Ўзбекистон Ойбек билан хайрлашган кун
Мангуликдан бир лаҳзага келди Навоий, —

Тирикларга сездирмасдан силади беун
Ойбекнинг манглайини руҳи самовий

Ва сўнг уни олиб кетди босиб бағрига
Абадият деб аталган руҳлар шаҳрига.

5. ЗАНЖИРБАНД ШЕР

Занжирбанд шер енгаман дер.
Алишер Навоий

Мен билмайман, бу не жаҳд-жадал,
Бу қандайин ақл етмас сир:
Мен туғилмай, беш аср аввал,
Сувратимни чизмиш Улуғ Пир.

Занжирбанд шер, боқ, енгаман дер, –
Йиртилгудек жаранглар қоғоз.
Жаранглайди занжирланган шер,
Жаранглайди пўлат бир овоз.

Занжирбанд шер, боқ, енгаман дер, –
Йилдан-йилга ул занжир таранг:
Беш асрки, мен, Абдулла – шер!
Мен қиламан занжир билан жанг!

Беш асрки, сувратим менинг
Наъра тортиб яшайди бедор…
Тугамайди муҳлатим менинг
Токи Шеър бор, токи Занжир бор!

6. НАВОИЙ СОҒИНЧИ

Чорласам деб: «Қайдасан Фарҳод?»
«Мен борман», – дер Ёсуман кампир;
Қизил гулнинг ўрнида, ҳайҳот,
Чайқалади бир туп қалампир:

Нетай, Ҳирот олисдир бугун,
Олисдадир Навоий бобо, –
Ҳудудларга қоқилиб нигун,
Тарих йиғлар асрлар аро…

7. НАВОИЙ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Шарафиддин Шарипов хотирасига

Яздийнинг нечун бу ҳалол отдоши
Навоий давридан келди адашиб?!..
Бугуннинг худписанд, нокас қуёши
Ундан ижирғанди кўзи қамашиб.

У деди: «Янгитдан улуғ бобомнинг
Номини жаҳонга ёяман ўзим.
Сиз илм атаган чапдаст ёлғоннинг
Йўлида залварли қояман ўзим».

Ҳамма жим. Бурчакда шивир-шивирлар:
«Зорми қишлоқига ҳазрат Навоий?!»
Бошларда фикрмас, ҳасад ғивирлар:
«Тўғри, бу бола зўр, лекин… савдойи».

У эса қунишиб ҳужра захидан,
Навоий шамини ҳар туни ёқди.
Кичкина ходимлик маоши билан
Каттакон илмни бемалол боқди.

Ўйинчоқ кўрмаган қоракўзига
Дерди: «Миндираман ҳали Ғиротга!»
Ухлолмай сўзларди тунлар ўзига:
«Тошкентда ҳаво йўқ, кетдик Ҳиротга!»

Бир куни вокзалда шовқиндан нолиб,
Самарқанд боролмай ялинди обдон:
«Жой бўлса, уч-тўрт кун бир ерда қолиб,
Озгина дам олай Навоий билан.

Чипта йўқ, ҳаво йўқ, бўлдик-ку абгор,
Бизга ёрдам беринг, ўртоқ мелиса!
(Навоий сатрини умрида бир бор
Ўқимаган эди бу шўрлик эса.)

Навоий шеъри бу, қаранг, сувратда!»
Мелиса тушунмас, қотар энсаси:
«Сиз кутинг. Топамиз бир жой албатта!» –
Ва олиб кетдилар уни кечаси…

Сўнг зор-зор ялиниб, гоҳ қилиб хитоб,
Англатмоқ бўлди у фикрин дўхтирга:
«Қўлёзма топдим мен, тушунинг, ноёб, –
Навоий мен билан юрибди бирга!»

Охири чарчади, дод солди руҳи,
Ақлли оломон ғалаба қилди.
Навоий тирик деб кўтарган туғи
Палата фаршида бўздек йиртилди, –

Деди у: «Дўхтирлар, мен адашибман,
Навоий не керак мендай шўрликка!
Навоий юрмайди энди мен билан,
Амирим чидамас бундай хўрликка…»

Қўйиб юбордилар она қишлоққа,
Навоий ўлган деб сўз олгач ундан.
Кетаркан, қоқилди бир кафт тупроққа,
Йиқилиб қараса – ўз қабри экан.

Олимлар! Кечиринг, сизлар сермажлис,
Мажлис кўп, кўп эрур навоийшунос.
Лекин ким покдил-у, ким эса каж ҳис, –
Бизнинг бу кунларда қийиндир таққос!

Гапимдан силкинманг қиличсиз қиндек!
Майли, мен ишонай даъвойингизга, –
Агар ишонсангиз Шарафиддиндек,
Ўзингиз кашф этган Навоийингизга!

Яхшиси, бош эгинг қутлуғ қабрга,
Ўша қишлоқдадир иккинчи Ҳирот:
Навоий ётибди у билан бирга,
Унда ўтлаб юрар энг сўнгги Ғирот!..

8

Мен Навоий озод қилган қул,
Шеър ўсади қутлуғ эркимдан.
Юрагимда яшайди Булбул,
Юрагимда Ҳумо беркинган.

Жисмим – гулхан, қаламим чўғдир,
Ўзим – хато, сўзим – бехато.
Шоирликда армоним йўқдир:
Ашрақатга қилдим иқтидо.

Кўктепали – Тўйтепа, 1989, 2006, 2013, 2014

045

Abdulla SHER
NAVOIY SOG’INCHI
Turkum
055

 Abdulla Sher 1943 yil 5 avgustda Toshkent viloyati Chinoz tumanining Yo’ltushgan qishlog’ida hunarmand-misgar oilasida tug’ildi.1965-70 yillarda Toshkent Davlat Universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetida o’qidi. U 1958 yildan boshlab badiiy ijod bilan shug’ullanadi. 1959 yili ilk marta she’ri matbuotda e’lon qilingan. Uning birinchi she’rlar to’plami “Ko’klam tabassumi” 1973 yili chop etilgan. Shundan keyin u “Alyor” (1977), “Atirgul soyasi” (1979), “Roz” (1980), “Kuz hiloli” (1983), “Qadimgi kuy” (1987), “Nuqtadan so’ng” (1989), “Toqat” (1997), “Yonayotgan yo’l” (2007), “Yomg’irlar oralab” (2009), “Sarbast qo’shiqlar” (2010), “Sevgi olmoshi” (2010), “Sevilmagan mening sevgilim” (2010), “Gul yillar, bulbul yillar” (Saylanma, 2012) she’riy kitoblarining va “Asrlarning asraganlari” nasriy to’plamining muallifi. Shuningdek, u Bayronning Don Juan, H. Haynening “Qo’shiqlar kitobi” olmon tilidan tarjima qilgan. Rus tilidan Pushkin, Lermontov, Nekrasov, Axmatova, Charents, Tvardovskiy shoirlar asarlarini ham o’zbek tiliga o’girgan. Uning she’rlar va dostonlari rus, litva, ingliz, ispan, ozarbayjon, turk, qozoq, qrim tatar va boshqa tillarga tarjima qilingan.Ayni paytda Abdulla Sher faylasuf olim sifatida ham mashhur. U “Axloqshunoslik”, “Estetika” fanlaridan o’quv qo’llanmalar va darsliklar muallifi.

055

Navoiy sog’inchi… Hirot – o’zbek davlatchiligidagi buyuk poytaxtlarimizdan biri. Uning eng yuksakka ko’tarilgan davri Xuroson davlatini Sultonlar Sultoni Husayn Boyqaro boshqargan paytlarga to’g’ri keladi. O’sha paytlarda Hirot musulmon Sharqining madaniyat va ma’rifat markazi edi. Hazrat Navoiy boshchiligidagi Hirot adabiy maktabi faoliyati o’zbek adabiyotining oltin davrini tashkil etadi… Hazratning shogirdi Behzod boshchiligidagi “Nigoriston” rassomlar maktabi… Yo’q, men boshqa narsani aytmoqchiman. Navoiy davridagi Hirot ahli tasavvur qilib bo’lmaydigan darajada yuksak madaniyat egalari edi: hunarmand va kosiblar she’riyat nazariyasidan, aruz ilmidan, tasavvufdan, musiqadan bahslashardilar, sahhoflar va tujjorlar tarix, falsafa, geografiya borasida tortishardilar, ular bahslarining darajasi biznikidan past bo’lmagan. Hirot hammollari va mardikorlari yuzlab she’riy baytlarni yoddan ayta olardilar…

Shu sababli Hirotning dovrug’i hammayoqqa ketgan edi. Men talabalik paytlarimda, hatto undan keyin, 70-yillarning ikkinchi yarmida ham asl ziyoli yurtdoshlarimiz Hirotning poytaxtligini unutmagan edilar. Ular biror narsa kamyob bo’lsa: “Buni Hirotdan izlasang ham topolmaysan” yoki: “Buni Hirotdan topasan!” deyishardi. Ha, Hirot onglarda nasldan-naslga poytaxt sifatida o’tib kelgan. Lekin men hozirgi paytda boshqa mamalakat hududi bo’lgan moddiy maskan – shahar haqida emas, ma’naviy buyuk poytaxtimiz haqida so’zlayapman, har bir haqiqiy o’zbek ziyolisining qalbida yashayotgan Navoiy davridagi poytaxtimiz Hirot to’g’risida so’zlayapman. Bu yil o’sha Hirotimiz adabiy muhitining bayrami – Hazrat Navoiy 575 yoshga, Malik ul-kalom Lutfiy 650 yoshga to’ladilar… Xo’sh, hozir deyarli unutilayozgan Hirot adabiy muhiti, O’zbek adabiyotining Oltin davri haqida kim yozayapti va yozajak? Bu borada oxirgi ulkan tadqiqotni atoqli olimimiz, do’stim va og’am Najmiddin Komilov olib borgan va e’lon qilgan edi…

Ulug’ pirimiz xazrat Navoiy baytlariga qulog’im bolalaigimdan, besh-olti yoshlarimdan boshlab o’rganib bordi. Dadam misgar edilar, lekin misgarlik o’lgan, shuning uchun tunukachilik bilan shug’ullanardilar, “sezon” paytlarida – kech kuzdan ko’klamgacha ish qizg’in bo’lardi. Odatda yarim kechagacha uyda tunuka buyumlar tayyorlab, yakshanba bozor kuni Chinozdagi do’konimizda (ustaxonani shunday atardik) sotardik. Akam va men mayda-chuyda ishlarga yordam qilardik. Oyim tancha ustidagi o’ninchi chiroq yorug’ida bizga kitob o’qib berardilar. Bobomdan meros bo’lib tekkan kitoblari bor edi: Navoiyning “Xamsa”si, “Chor devon”i, “Shohnomai bit-turkiy”, “Kimyoi saodat”, “Devonai Mashrab” va bir qancha bayozlar. Eng ko’p o’qib beradiganlari Navoiyning kitoblari edi. Men shu taxlit Navoiyga o’rganib bordim. Keyinchalik Navoiydan o’rgandim, aruz ilmidan dastlabki ta’limim ham Navoiy bilan bog’liq: buyuk navoiyshunosimiz Hamid Sulaymon tayyorlagan “Hazoyin ul-ma’oniy” to’rtinchi jildining oxiridagi tablitsada bernilgan Navoiy qo’llagan aruz bahrlarini yod oldim…Talabalik yillarimdan boshlab esa, Navoiyni o’rgana boshladim… Men uchun doimo Husayn Boyqaroning Hiroti, hazrat Navoiy, mavlono Lutfiy, shoh-shoir Husayniy ideal bo’lib keldi, hozir ham shunday. Buyuk pirimizning mana bu satrlariga qarang:

Shohu toju hil’atikim, men tomosho qilg’ali,
O’zbegim boshida qalpoq, egnida shirdog’i bas.

Qarang, u davrlarda eng ulug’vor, eng buyuk, eng go’zal hisoblangan shohu uning qimmatbaho tojidan ko’ra, Navoiy uchun oddiy o’zbekning boshidagi do’ppisi va egnidagi to’ni a’lo! Millat har qanday shohdan ulug’!

Men Navoiyni doimo sog’inib yashayman. Yo’q deganda yilda bir necha marta Navoiyga qaytaman. O’shanda ba’zan Hazratim bilan bog’liq she’rlar ham yozaman. “Navoiy sog’inchi” turkumi ana shu tarzda vujudga kelgan. Undagi bir-ikki she’rni oldin ham ko’rgansiz. Turkum tuzilishini buzmaslik uchun ularni olib tashlamadim. Shunday qilib, turkum deyishga arziydimi-yo’qmi, quyidagi nochor satrlarimni diqqatingizga havola
etaman.

1

O’tu cho’qqa urib men o’zni
Mashhurlikni da’vo qilmadim.
Shohlarga ham sotmadim so’zni,
Bozorlarga parvo qilmadim.

Men Navoiy darvozasini
Tanidim-u, «sim-sim»ni aytdim:
Go’zallikning andozasini
Chizib oldi o’shanda baytim.

2

Ashraqatdan boshlangan devon
O’xshab ketar cheksiz olamga.
Undagi yer, undagi osmon
Suyanadi buyuk qalamga.

Ul qalamning sehrli pati
Uchib tushmish jannatiy qushdan.
Qog’oz bilan qalam suhbati
Odamzotni uyg’otar tushdan.

Asrlarki, devondan porlab,
Yoritadi Ulug’ So’z Sharqni.
So’nmas ovoz bizga der, chorlab:
«Angla, tunu tongdagi farqni!».

Shohlar o’tdi, o’tar aysh surib,
Quyosh bilib toj gavharini.
Shoir esa oh tortar, ko’rib,
Ul muqaddas Nur javharini.

She’riyat deb atalgan ul Oh
To qiyomat sochadi ziyo:
Alisherbek kiygan bir kuloh
Mingta tojdan alodir, alo!

3

Navoiyning asarlaridan
Bo’y sochadi ilohiy, cho’ng gul.
Unga qo’ngan asalaridan
Qanot tilab uchadi ko’ngil.

Unda qushlar odamlar kabi
So’zlaydilar o’zni unutib
Va qushlardek, odamlar labi
Kuylay boshlar so’zni unutib.

Unda shohlar tarashlaydi tosh,
Tog’ni kesib o’tadi doston.
Tojdan chiqib, yuksalganda bosh
O’pib qo’yar egilib osmon.

Unda falak o’z tasbehini
Misra qilib o’giradi jim:
G’azaldagi xushbo’y behini
Islab yashar Hadichabegim.

Unda Hirot doim qushuyqu,
Samarqandni izlaydi tushdan.
Vatan degan qadimiy qayg’u
Kuylab turar ming yillik ishqdan.

Ashraqatni ko’rasan unda,
Ilohiy nur ochar ko’zingni:
Anglaysanki, dunyoi dunda
Tanimabsan hali o’zingni.

4. OYBEK VA NAVOIY

O’zbekiston Oybek bilan xayrlashgan kun
Mangulikdan bir lahzaga keldi Navoiy, —

Tiriklarga sezdirmasdan siladi beun
Oybekning manglayini ruhi samoviy

Va so’ng uni olib ketdi bosib bag’riga
Abadiyat deb atalgan ruhlar shahriga.

5. ZANJIRBAND SHER

Zanjirband sher yengaman der.
Alisher Navoiy

Men bilmayman, bu ne jahd-jadal,
Bu qandayin aql yetmas sir:
Men tug’ilmay, besh asr avval,
Suvratimni chizmish Ulug’ Pir.

Zanjirband sher, boq, yengaman der, –
Yirtilgudek jaranglar qog’oz.
Jaranglaydi zanjirlangan sher,
Jaranglaydi po’lat bir ovoz.

Zanjirband sher, boq, yengaman der, –
Yildan-yilga ul zanjir tarang:
Besh asrki, men, Abdulla – sher!
Men qilaman zanjir bilan jang!

Besh asrki, suvratim mening
Na’ra tortib yashaydi bedor…
Tugamaydi muhlatim mening
Toki She’r bor, toki Zanjir bor!

6. NAVOIY SOG’INCHI

Chorlasam deb: «Qaydasan Farhod?»
«Men borman», – der Yosuman kampir;
Qizil gulning o’rnida, hayhot,
Chayqaladi bir tup qalampir:

Netay, Hirot olisdir bugun,
Olisdadir Navoiy bobo, –
Hududlarga qoqilib nigun,
Tarix yig’lar asrlar aro…

7. NAVOIY HAQIDA BALLADA

Sharafiddin Sharipov xotirasiga

Yazdiyning nechun bu halol otdoshi
Navoiy davridan keldi adashib?!..
Bugunning xudpisand, nokas quyoshi
Undan ijirg’andi ko’zi qamashib.

U dedi: «Yangitdan ulug’ bobomning
Nomini jahonga yoyaman o’zim.
Siz ilm atagan chapdast yolg’onning
Yo’lida zalvarli qoyaman o’zim».

Hamma jim. Burchakda shivir-shivirlar:
«Zormi qishloqiga hazrat Navoiy?!»
Boshlarda fikrmas, hasad g’ivirlar:
«To’g’ri, bu bola zo’r, lekin… savdoyi».

U esa qunishib hujra zaxidan,
Navoiy shamini har tuni yoqdi.
Kichkina xodimlik maoshi bilan
Kattakon ilmni bemalol boqdi.

O’yinchoq ko’rmagan qorako’ziga
Derdi: «Mindiraman hali G’irotga!»
Uxlolmay so’zlardi tunlar o’ziga:
«Toshkentda havo yo’q, ketdik Hirotga!»

Bir kuni vokzalda shovqindan nolib,
Samarqand borolmay yalindi obdon:
«Joy bo’lsa, uch-to’rt kun bir yerda qolib,
Ozgina dam olay Navoiy bilan.

Chipta yo’q, havo yo’q, bo’ldik-ku abgor,
Bizga yordam bering, o’rtoq melisa!
(Navoiy satrini umrida bir bor
O’qimagan edi bu sho’rlik esa.)

Navoiy she’ri bu, qarang, suvratda!»
Melisa tushunmas, qotar ensasi:
«Siz kuting. Topamiz bir joy albatta!» –
Va olib ketdilar uni kechasi…

So’ng zor-zor yalinib, goh qilib xitob,
Anglatmoq bo’ldi u fikrin do’xtirga:
«Qo’lyozma topdim men, tushuning, noyob, –
Navoiy men bilan yuribdi birga!»

Oxiri charchadi, dod soldi ruhi,
Aqlli olomon g’alaba qildi.
Navoiy tirik deb ko’targan tug’i
Palata farshida bo’zdek yirtildi, –

Dedi u: «Do’xtirlar, men adashibman,
Navoiy ne kerak menday sho’rlikka!
Navoiy yurmaydi endi men bilan,
Amirim chidamas bunday xo’rlikka…»

Qo’yib yubordilar ona qishloqqa,
Navoiy o’lgan deb so’z olgach undan.
Ketarkan, qoqildi bir kaft tuproqqa,
Yiqilib qarasa – o’z qabri ekan.

Olimlar! Kechiring, sizlar sermajlis,
Majlis ko’p, ko’p erur navoiyshunos.
Lekin kim pokdil-u, kim esa kaj his, –
Bizning bu kunlarda qiyindir taqqos!

Gapimdan silkinmang qilichsiz qindek!
Mayli, men ishonay da’voyingizga, –
Agar ishonsangiz Sharafiddindek,
O’zingiz kashf etgan Navoiyingizga!

Yaxshisi, bosh eging qutlug’ qabrga,
O’sha qishloqdadir ikkinchi Hirot:
Navoiy yotibdi u bilan birga,
Unda o’tlab yurar eng so’nggi G’irot!..

8

Men Navoiy ozod qilgan qul,
She’r o’sadi qutlug’ erkimdan.
Yuragimda yashaydi Bulbul,
Yuragimda Humo berkingan.

Jismim – gulxan, qalamim cho’g’dir,
O’zim – xato, so’zim – bexato.
Shoirlikda armonim yo’qdir:
Ashraqatga qildim iqtido.

Ko’ktepali – To’ytepa, 1989, 2006, 2013, 2014

045

(Tashriflar: umumiy 16 736, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring