Rafiq Saydullo. She’rlar & Qisqa hikoyalar

0011    Т.нинг ҳам негадир уйқуси қочиб кетди. У, ҳатто, қандай қилиб қадамларига эрк бергани-ю ўзини бўш қўйиб юборганлигини сезмай ҳам қолди. «Ташвишлар, ташвишлар… ҳеч поёни бормикин буларни?»,-деб ўйларди у. Шу пайтда у беихтиёр бир шеърни пичирлаб ўқий бошлади…

Рафиқ САЙДУЛЛО
ШЕЪРЛАР ВА ҚИСҚА ҲИКОЯЛАР
05

ФРАНЦ КАФКА

055

…жар қирғоғи…
Таранг ипдек тортилмишди жар қирғоғи.
Елкаларингдан тутиб қолгани биров
жарроҳлик бўлимининг
остонаси эмас эди жар қирғоғи.
Бедаво эдинг сен, бедаво.
Маҳкум эдинг яшамоққа
дор устида.
Икки жарлик ўртасида
кечмишди ЖАРАЁН.
Қилдан инжа туйиларди
…жар қирғоғи…

АЁЛГА

сезилгандек кузги елвизак
пок сийнангда қоронғуликда
дудоғингга қўнди ниначи
қўнганидек ниначи сувга

сепилгандек кўкламий сабо
бирдан рангсиз қуруқ ҳавога
вужудингда ишқ фасли тошди
ва ниначи сингди навога

ўчиб кетди ҳавода акси

***

Кундузлар, кундузлар, кундузлар эсиз.
Қонларинг- қўрғошин, оғриқлар тиғиз.
Туйнуклар — танангга санчилган бигиз.

Эссиз…

Кечалар, кечалар, кечалар сассиз.
Тўлқинлар занжирбанд, ҳислар белгисиз.
Эшик- бир ойпараст, кетади изсиз.

Тузсиз…

Шарпалар, нигоҳлар, товушлар фарқсиз.
Бурчаклар кўзи лўқ, чироқ — ялмоғиз.
Шунчалар ожизсан, шунчалар ёлғиз.

Жонсиз…

ШОИР
Устоз Хуршид Давронга

Хонқизи, миттигинам!
Учасан беғам,
балки, ўзингча осмонларда.
Аслида ҳам шу:
менинг кафтларим захм
етказа олмаган бурнимнинг таги —
сен учун осмон!

Хонқизи, миттигинам,
мен — бемор!
Шоир бўлиб қолдим мен!

НИКА ТУРБИНАГА

Юрагимда самовий сиғим —
кўкрагимда булутлар юзар.
Келди менинг шаррос йиғлагим:
оёқ ости қатқалоқ кузлар.

Қаердадир нимта вужудим-
элас-элас эсланган қўшиқ.
Шивирлаб, тутилиб айтар ким,
шивирлаб, тутилиб ва жўшиб?

Қулоғимга чалиндинг бир зум.
Бир томчи ёш қалқди киприкда
ва оҳиста юмдим мен кўзим:
«Олиб кетгин мени ҳам бирга!..»

ОНАМГА

Шунчалар некбинсиз,
шунчалар яқин:
ҳар босган қадамим-
гуноҳи азим…

***

Кечмиш кузнинг баргихазонларига
тенг кўра олсайдинг қоғоз хатларим,
ёмғирлар шивирин элтарди сенга
ёмғирсиз бир кеча битган байтларим.

Сўзлашни билмаган пайтлардек бегард
дилимдан сизмаса ҳам талаффузим,
деразанг ичра бир янги сабоҳдек
юзимни босардим юзингга бир зум.

Дунёнинг муаттар ифорини ўз
кўксимиз нимталаб унган чечакдан
туймасак эди биз, қомати сарвим,

мавжуд эканликдан бебаҳра мутлоқ
икки сайёрадек бўлмас эдик биз.
Бўлмасдик севгидан шунчалар йироқ.

*  *  *

Ник Вуйчичга

Кўзим юмаётиб хасга тирмашдим,
заррага айландим- нотавон зарра…
Самога сапчитди мени дафъатан,
булутни эритди титроқ бир қатра.

Жалалар қуйилди заминга шу тоб,
харсанглар ингради, майсалар ғолиб…
Мен эса учардим- бир зарра шитоб,
Ўлмоқ-чун фазода бахтдан ёрилиб!

ГЕРБАРИЙ

Бир япроқда қолмиш парвоз шавқидир,
зеро, япроқ қолмиш юрак қатида.
Сенинг вужудингга инганида муз
эсиб турар, балким, ҳаёт ҳақида.

Ёзиқсиз юракни китоб дейишга
арзир, балким, айни ҳақиқат сабаб.
Фақат теран нигоҳ киприк ортида,
фақат забон- боши чайналган ақраб.

Бездим, безиб кетдим қулоқ солишдан!
Йиғлай олсам эди ҳафсала билан,
ичимда тўлқиндек тўлғонар овоз.

Япроқда қолмиш ул парвоз шавқидир,
умидсиз пичирлар лабларим аммо:
«Япроқлар парвози- энг сўнгги парвоз…»

***

Зулмат — қора парда ўралган кўзгу.
Аксингни топ. Қора сўқмоқларни пайпасла.
Мўралаб боқ, тасаввурингдан
ташқарига бурун суқиб кўр.
Яъни, тўлдир ўпкангни.
Одамийлик эрур, биродар,
одамийлик томон
кичрайиб бориш,
емрилиб ҳам ёниб- куйиб.

ҚИСҚА ҲИКОЯЛАР
077

ОНА

   Ўшанда Ш. етти ё саккиз яшар бола эди. Бир куни тошлоқ кўча орқали мактабдан уйига қайтаётиб кўча ўртасида ўзидан каттароқ уч-тўртта болакайларнинг тўпланиб олиб бир нималарни чувалашиб-тортишиб турганликларини кўрди. Онасининг, ўзингдан катталарга қўшилма, улар билан ўйнама, деб айтган гаплари эсига тушди-ю уларнинг ёнидан индамай ўтиб кетаверди. Шу пайт болалардан бирови уни чақириб қолди:

-Ҳей бола, кучук керакми?
-Керак!..

-Алиштиргани ниманг бор?
-…

-Бошингдаги қалпоғингни бера қол,- ишшайганча орага суқилди бошқа бирови.

Кучук ҳали жудаям кичкина эди. Кўзлари ҳам очилганига кўп бўлмаган. Ранги ола, кўзлари икки мунчоқдек қоп-қора эди. У нима қилишини билмай гарангсиб қолди. Нима қилсин?.. Беҳос хаёлига келган фикридан юраги ҳапқириб кетди: онасига қалпоқни йўқотиб қўйдим, дейди! Қалпоқни уларга берди-да кучукчани олиб, уйига равона бўлди. Ш. жуда хурсанд эди. Ахир, бутун бошли бир кучукнинг эгаси бўлиб турибди! Кичкина гапми?! Уни катта қилади. Бироқ Ш. уйга етиб борган заҳоти яна ортига қайтишга мажбур бўлди. Фиғони фалакка чиққан онаси тез ортига қайтиб, қалпоқни топиб келишни буюрган эди. Ш. ўша эски жойга қайтиб борганида болаларни излаб тополмади; кучукни кўтариб, уйига қайтиб келди- онасидан яна дакки эшитиб, кучукни кўчага ташлаб келди. Орадан икки кун ўтганидан сўнг уйлари ёнидаги суви қуриб қолган ариқ четида кучукнинг қонга беланиб ётган жасадини кўрганида унга жуда ачинди, йиғлади. Кучукни машина босиб кетган эди. Ўшанда у онасидан жуда ҳафа бўлиб кетди. Уни меҳрсиз, тошбағир аёл экан, деб ўйлади. Бироқ, орадан йиллар ўтиб тушуниб турибдики, у ҳам бошқа барча оналар cингари ўз боласига қайғурган экан.

ШОИР

Энг даҳшатли сукунат- шоир жим юрса…
Хуршид Даврон

   Ишхонадан чиқиб, катта йўлдан уйига яёв қайтаётган Т.нинг қадамлари негадир ҳеч кўпаймас эди. У фақат уйга тезроқ етиб олиш-у тўйиб ухлаб олиш ҳақида орзу қилар, оёқлари эса зирқираб оғриб, унга тобора бўйсунмай борарди. Аксига олиб, ёмғир ҳам эзгандан эзиб юборди. «Уффф…», — деб хаёлидан ўтказди у, —  «қачон уйга етдим…». Қадамларини яна-да  тезлатишга ҳаракат қилди. Қадоқларга гурсса-гурсса тушиб, у ёқдан бу ёққа елдек учиб ўтиб турган машиналар галаси уни сувга пишиб қўяётган эди. У жаҳл билан қичқирди:
-Эеее… Эшакмиялар!..

Шу пайт ёнгинасидан вузиллаб, унга сув сачратиб ўтиб кетган машинага қараб сўкинаман деб турганда йўлнинг нариги бетида қўлида қора соябон тутганча ўйчан-ўйчан қадамлар ташлаб келаётган дўсти П.га кўзи тушиб қолди. Эгнида қора палто, қулоқчинли бош кийими ўзига ярашган, оёғида бежирим қора туфли… «Мени кўргандир», — деб ўйлади у,- «ҳа, жуда яқин келиб қолди…»  Овозини бироз баландлатиб ундан ҳол-аҳвол сўраган бўлди:

-Йўл бўлсин?
-Шундай… Ўзингчи?

-Ишдан қайтаяпман. Ўзинг қаерга отландинг?
-Шунчаки, айланиб юрибман.

-Ҳмм… Бирор сабаби бордир, ахир?
-Ёмғир сабаб бўла олмайдими?

-Ҳеее… Қани, уйга юр.
-Майли, бошқа куни бафуржа…

Дўстининг айтган гаплари нечукдир унинг ғашини келтирган эди. «Биров ўламан деса бу куламан дейди-я! Ёмғир остида айлангани чиққанмишлар! Ўргилдим сендақа бекорчи хўжадан! Олифта!..»,- шуларни ўйлаб кетиб борар экан Т.нинг ҳам негадир уйқуси қочиб кетди. У, ҳатто, қандай қилиб қадамларига эрк бергани-ю ўзини бўш қўйиб юборганлигини сезмай ҳам қолди. «Ташвишлар, ташвишлар… ҳеч поёни бормикин буларни?»,-деб ўйларди у. Шу пайтда у беихтиёр бир шеърни пичирлаб ўқий бошлади:

Осмон дилхун созини чалар
қанот бериб ором қушига.
Ложувард томчилар киради
шоир қаламининг тушига…

У, гўё, бир парча тотли ҳолвадан лаззат олаётгандек юзларига ним табассум югурди. Қизиқ, қачон ёзган экан бу шеърни? Эслай олмади…

ТАНДИР СОМСА

   Ф. бир масжид яқинида тандир сомса сотар эди. Ҳар куни масжидга намоз ўқиш учун келиб турадиган бир оқсоқол намозини ўқиб чиққанидан сўнг икки дона сомса ҳарид қилиб, ўша ернинг ўзида Ф. дамлаб берган аччиқ кўк чой билан тамадди қиларди. Аммо бундан Ф.нинг товонига қурт тушиб қолганди. Ахир, у сотаётган сомсаларга чўчқа гўшти қўшилганди-да! Нима қилсин у? Ўз фойдасини кўзлаб, ҳаммасини аввалгидек қолдираверсинми ё Оқсақолни бундан хабардор қилиб, таъна-дашномлар эшитиб, яна мўмайгина фойдадан қуруқ қолсинми? Виждон масаласичи?.. Эее… Қўйсангчи бадиийликни!..

Лекин барибир айтишга қарор қилди:
-Ота, сизга бир гапни айтмасам бўлмайди.

-Айт, болам, нима дейсан?
-Сомсалар яхши эмас…

-Йўқ, сомсаларинг маззали, жуда яхши.
-Гап бунда эмас, уларга чўчқа гўшти қўшилган!

-Шундайми. Хўп, ўғлим, бировга айтмайман.
-Йўқ, гап бунда эмас! Сомсалар…

-Яхши, деяпман-ку!..

ЎТИШ ДАВРИ

   У рақсга тушишни билмас эди. Билмагани учун ҳам дунёда унинг учун бундан-да бемаънироқ машғулот йўқ эди. У рақсга тушишни ҳали ҳам билмайди, лекин энди ҳаммаси ортда қолди, ўзи учун энг муҳим бўлган нарсани кашф этди: рақсга тушиш жуда осон нарса экан! Шунчалар осонки, рақсга тушмаслик ундан мураккаброқ машғулот экан!

ЁЛҒИЗ ОДАМ

   Биласизми, суратлар чидаб бўлмас даражада айёр ва абжир маҳлуқлардир. Мана, масалан, хонам деворларидаги ўнлаб касофатлар тинмай ғашимга тегади! Мен хаёл суриб, овқатланиб, мудраб — хулласи, ўзим билан ўзим овора бўлиб ўтирган пайтларимда бу бефаросат портретлар бир-бирларига тиржайиб, ҳар хил ишоралар ила менга имо қилиб, икки қарич тилларидан тупукларини сачратганча ликиллатиб мени мазах қилишади! Тўғри, минг тараддут қилсам ҳам, ҳеч уларни мана шундай иркит қилиқлар билан шуғулланаётган пайтларида қўлга тушира олмайман, чунки улар жуда абжир-да. Ўзимни мудраганга солиб туриб шартта уларга кўз ташлайман-у, барибир улгурмай қоламан: гўё, бир сония аввал ҳеч нима рўй бермагандек қимир этмай қотиб қолаверишади!.. Аблаҳлар!

092

Rafiq SAYDULLO
SHE’RLAR VA QISQA HIKOYALAR
05

FRANTS KAFKA

09ф

…jar qirg’og’i…
Tarang ipdek tortilmishdi jar qirg’og’i.
Yelkalaringdan tutib qolgani birov
jarrohlik bo’limining
ostonasi emas edi jar qirg’og’i.
Bedavo eding sen, bedavo.
Mahkum eding yashamoqqa
dor ustida.
Ikki jarlik o’rtasida
kechmishdi JARAYON.
Qildan inja tuyilardi
…jar qirg’og’i…

AYOLGA

sezilgandek kuzgi yelvizak
pok siynangda qorong’ulikda
dudog’ingga qo’ndi ninachi
qo’nganidek ninachi suvga

sepilgandek ko’klamiy sabo
birdan rangsiz quruq havoga
vujudingda ishq fasli toshdi
va ninachi singdi navoga

o’chib ketdi havoda aksi

***

Kunduzlar, kunduzlar, kunduzlar esiz.
Qonlaring- qo’rg’oshin, og’riqlar tig’iz.
Tuynuklar — tanangga sanchilgan bigiz.

Essiz…

Kechalar, kechalar, kechalar sassiz.
To’lqinlar zanjirband, hislar belgisiz.
Eshik- bir oyparast, ketadi izsiz.

Tuzsiz…

Sharpalar, nigohlar, tovushlar farqsiz.
Burchaklar ko’zi lo’q, chiroq — yalmog’iz.
Shunchalar ojizsan, shunchalar yolg’iz.

Jonsiz…

SHOIR
Ustoz Xurshid Davronga

Xonqizi, mittiginam!
Uchasan beg’am,
balki, o’zingcha osmonlarda.
Aslida ham shu:
mening kaftlarim zaxm
yetkaza olmagan burnimning tagi —
sen uchun osmon!

Xonqizi, mittiginam,
men — bemor!
Shoir bo’lib qoldim men!

NIKA TURBINAGA

Yuragimda samoviy sig’im —
ko’kragimda bulutlar yuzar.
Keldi mening sharros yig’lagim:
oyoq osti qatqaloq kuzlar.

Qaerdadir nimta vujudim-
elas-elas eslangan qo’shiq.
Shivirlab, tutilib aytar kim,
shivirlab, tutilib va jo’shib?

Qulog’imga chalinding bir zum.
Bir tomchi yosh qalqdi kiprikda
va ohista yumdim men ko’zim:
«Olib ketgin meni ham birga!..»

ONAMGA

Shunchalar nekbinsiz,
shunchalar yaqin:
har bosgan qadamim-
gunohi azim…

***

Kechmish kuzning bargixazonlariga
teng ko’ra olsayding qog’oz xatlarim,
yomg’irlar shivirin eltardi senga
yomg’irsiz bir kecha bitgan baytlarim.

So’zlashni bilmagan paytlardek begard
dilimdan sizmasa ham talaffuzim,
derazang ichra bir yangi sabohdek
yuzimni bosardim yuzingga bir zum.

Dunyoning muattar iforini o’z
ko’ksimiz nimtalab ungan chechakdan
tuymasak edi biz, qomati sarvim,

mavjud ekanlikdan bebahra mutloq
ikki sayyoradek bo’lmas edik biz.
Bo’lmasdik sevgidan shunchalar yiroq.

* * *

Nik Vuychichga

Ko’zim yumayotib xasga tirmashdim,
zarraga aylandim- notavon zarra…
Samoga sapchitdi meni daf’atan,
bulutni eritdi titroq bir qatra.

Jalalar quyildi zaminga shu tob,
xarsanglar ingradi, maysalar g’olib…
Men esa uchardim- bir zarra shitob,
O’lmoq-chun fazoda baxtdan yorilib!

GERBARIY

Bir yaproqda qolmish parvoz shavqidir,
zero, yaproq qolmish yurak qatida.
Sening vujudingga inganida muz
esib turar, balkim, hayot haqida.

Yoziqsiz yurakni kitob deyishga
arzir, balkim, ayni haqiqat sabab.
Faqat teran nigoh kiprik ortida,
faqat zabon- boshi chaynalgan aqrab.

Bezdim, bezib ketdim quloq solishdan!
Yig’lay olsam edi hafsala bilan,
ichimda to’lqindek to’lg’onar ovoz.

Yaproqda qolmish ul parvoz shavqidir,
umidsiz pichirlar lablarim ammo:
«Yaproqlar parvozi- eng so’nggi parvoz…»

***

Zulmat — qora parda o’ralgan ko’zgu.
Aksingni top. Qora so’qmoqlarni paypasla.
Mo’ralab boq, tasavvuringdan
tashqariga burun suqib ko’r.
Ya’ni, to’ldir o’pkangni.
Odamiylik erur, birodar,
odamiylik tomon
kichrayib borish,
yemrilib ham yonib- kuyib.

QISQA HIKOYALAR
077

ONA

O’shanda SH. yetti yo sakkiz yashar bola edi. Bir kuni toshloq ko’cha orqali maktabdan uyiga qaytayotib ko’cha o’rtasida o’zidan kattaroq uch-to’rtta bolakaylarning to’planib olib bir nimalarni chuvalashib-tortishib turganliklarini ko’rdi. Onasining, o’zingdan kattalarga qo’shilma, ular bilan o’ynama, deb aytgan gaplari esiga tushdi-yu ularning yonidan indamay o’tib ketaverdi. Shu payt bolalardan birovi uni chaqirib qoldi:

-Hey bola, kuchuk kerakmi?
-Kerak!..

-Alishtirgani nimang bor?
-…

-Boshingdagi qalpog’ingni bera qol,- ishshaygancha oraga suqildi boshqa birovi.

Kuchuk hali judayam kichkina edi. Ko’zlari ham ochilganiga ko’p bo’lmagan. Rangi ola, ko’zlari ikki munchoqdek qop-qora edi. U nima qilishini bilmay garangsib qoldi. Nima qilsin?.. Behos xayoliga kelgan fikridan yuragi hapqirib ketdi: onasiga qalpoqni yo’qotib qo’ydim, deydi! Qalpoqni ularga berdi-da kuchukchani olib, uyiga ravona bo’ldi. SH. juda xursand edi. Axir, butun boshli bir kuchukning egasi bo’lib turibdi! Kichkina gapmi?! Uni katta qiladi. Biroq SH. uyga yetib borgan zahoti yana ortiga qaytishga majbur bo’ldi. Fig’oni falakka chiqqan onasi tez ortiga qaytib, qalpoqni topib kelishni buyurgan edi. SH. o’sha eski joyga qaytib borganida bolalarni izlab topolmadi; kuchukni ko’tarib, uyiga qaytib keldi- onasidan yana dakki eshitib, kuchukni ko’chaga tashlab keldi. Oradan ikki kun o’tganidan so’ng uylari yonidagi suvi qurib qolgan ariq chetida kuchukning qonga belanib yotgan jasadini ko’rganida unga juda achindi, yig’ladi. Kuchukni mashina bosib ketgan edi. O’shanda u onasidan juda hafa bo’lib ketdi. Uni mehrsiz, toshbag’ir ayol ekan, deb o’yladi. Biroq, oradan yillar o’tib tushunib turibdiki, u ham boshqa barcha onalar cingari o’z bolasiga qayg’urgan ekan.

SHOIR

Eng dahshatli sukunat- shoir jim yursa…
Xurshid Davron

Ishxonadan chiqib, katta yo’ldan uyiga yayov qaytayotgan T.ning qadamlari negadir hech ko’paymas edi. U faqat uyga tezroq yetib olish-u to’yib uxlab olish haqida orzu qilar, oyoqlari esa zirqirab og’rib, unga tobora bo’ysunmay borardi. Aksiga olib, yomg’ir ham ezgandan ezib yubordi. «Ufff…», — deb xayolidan o’tkazdi u, — «qachon uyga yetdim…». Qadamlarini yana-da tezlatishga harakat qildi. Qadoqlarga gurssa-gurssa tushib, u yoqdan bu yoqqa yeldek uchib o’tib turgan mashinalar galasi uni suvga pishib qo’yayotgan edi. U jahl bilan qichqirdi:
-Eeee… Eshakmiyalar!..

Shu payt yonginasidan vuzillab, unga suv sachratib o’tib ketgan mashinaga qarab so’kinaman deb turganda yo’lning narigi betida qo’lida qora soyabon tutgancha o’ychan-o’ychan qadamlar tashlab kelayotgan do’sti P.ga ko’zi tushib qoldi. Egnida qora palto, quloqchinli bosh kiyimi o’ziga yarashgan, oyog’ida bejirim qora tufli… «Meni ko’rgandir», — deb o’yladi u,- «ha, juda yaqin kelib qoldi…» Ovozini biroz balandlatib undan hol-ahvol so’ragan bo’ldi:

-Yo’l bo’lsin?
-Shunday… O’zingchi?

-Ishdan qaytayapman. O’zing qaerga otlanding?
-Shunchaki, aylanib yuribman.

-Hmm… Biror sababi bordir, axir?
-Yomg’ir sabab bo’la olmaydimi?

-Heee… Qani, uyga yur.
-Mayli, boshqa kuni bafurja…

Do’stining aytgan gaplari nechukdir uning g’ashini keltirgan edi. «Birov o’laman desa bu kulaman deydi-ya! Yomg’ir ostida aylangani chiqqanmishlar! O’rgildim sendaqa bekorchi xo’jadan! Olifta!..»,- shularni o’ylab ketib borar ekan T.ning ham negadir uyqusi qochib ketdi. U, hatto, qanday qilib qadamlariga erk bergani-yu o’zini bo’sh qo’yib yuborganligini sezmay ham qoldi. «Tashvishlar, tashvishlar… hech poyoni bormikin bularni?»,-deb o’ylardi u. Shu paytda u beixtiyor bir she’rni pichirlab o’qiy boshladi:

Osmon dilxun sozini chalar
qanot berib orom qushiga.
Lojuvard tomchilar kiradi
shoir qalamining tushiga…

U, go’yo, bir parcha totli holvadan lazzat olayotgandek yuzlariga nim tabassum yugurdi. Qiziq, qachon yozgan ekan bu she’rni? Eslay olmadi…

TANDIR SOMSA

F. bir masjid yaqinida tandir somsa sotar edi. Har kuni masjidga namoz o’qish uchun kelib turadigan bir oqsoqol namozini o’qib chiqqanidan so’ng ikki dona somsa harid qilib, o’sha yerning o’zida F. damlab bergan achchiq ko’k choy bilan tamaddi qilardi. Ammo bundan F.ning tovoniga qurt tushib qolgandi. Axir, u sotayotgan somsalarga cho’chqa go’shti qo’shilgandi-da! Nima qilsin u? O’z foydasini ko’zlab, hammasini avvalgidek qoldiraversinmi yo Oqsaqolni bundan xabardor qilib, ta’na-dashnomlar eshitib, yana mo’maygina foydadan quruq qolsinmi? Vijdon masalasichi?.. Eee… Qo’ysangchi badiiylikni!..

Lekin baribir aytishga qaror qildi:
-Ota, sizga bir gapni aytmasam bo’lmaydi.

-Ayt, bolam, nima deysan?
-Somsalar yaxshi emas…

-Yo’q, somsalaring mazzali, juda yaxshi.
-Gap bunda emas, ularga cho’chqa go’shti qo’shilgan!

-Shundaymi. Xo’p, o’g’lim, birovga aytmayman.
-Yo’q, gap bunda emas! Somsalar…

-Yaxshi, deyapman-ku!..

O’TISH DAVRI

U raqsga tushishni bilmas edi. Bilmagani uchun ham dunyoda uning uchun bundan-da bema’niroq mashg’ulot yo’q edi. U raqsga tushishni hali ham bilmaydi, lekin endi hammasi ortda qoldi, o’zi uchun eng muhim bo’lgan narsani kashf etdi: raqsga tushish juda oson narsa ekan! Shunchalar osonki, raqsga tushmaslik undan murakkabroq mashg’ulot ekan!

YOLG’IZ ODAM

Bilasizmi, suratlar chidab bo’lmas darajada ayyor va abjir mahluqlardir. Mana, masalan, xonam devorlaridagi o’nlab kasofatlar tinmay g’ashimga tegadi! Men xayol surib, ovqatlanib, mudrab — xullasi, o’zim bilan o’zim ovora bo’lib o’tirgan paytlarimda bu befarosat portretlar bir-birlariga tirjayib, har xil ishoralar ila menga imo qilib, ikki qarich tillaridan tupuklarini sachratgancha likillatib meni mazax qilishadi! To’g’ri, ming taraddut qilsam ham, hech ularni mana shunday irkit qiliqlar bilan shug’ullanayotgan paytlarida qo’lga tushira olmayman, chunki ular juda abjir-da. O’zimni mudraganga solib turib shartta ularga ko’z tashlayman-u, baribir ulgurmay qolaman: go’yo, bir soniya avval hech nima ro’y bermagandek qimir etmay qotib qolaverishadi!.. Ablahlar!

092

(Tashriflar: umumiy 689, bugungi 1)

Izoh qoldiring