Abduqayum Yo’ldosh. Qotil & Yaxshi asarning dunyoga kelishi — mo’jiza (Yozuvchi bilan suhbat)

Ashampoo_Snap_2016.11.04_23h21m20s_001_.png     Билмадим, қачонлардир ҳар қандай инсоннинг умрида кўрган-кечирганлари, мушоҳадалари, хулосалари бир китобга жам бўлади, деб ўқигандим. Балки шу сабаблидир ижодкорнинг ке­йинги китоби муҳим, деган қараш ҳам бор эди. Яъни айнан иккинчи китоб истеъдод мезони бўла олади. Бироқ, афсуски, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “адабиётга тутаб кирган”, биринчи асари ҳам “танқиддан тубан” бўлган графоманлар иккинчи… ўнинчи китобларини ва ҳаттоки зарҳал муқовали танланган асарларини чоп эттириб чарчашмаяпти…

ЯХШИ АСАРНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ – МЎЪЖИЗА
Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош билан суҳбат
Дадахон МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди
09

022Абдуқаюм Йўлдош 1962 йил 29 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган.Тошкент Политехника институтини (ҳозирги Техника университети) битирган (1985). «Қаро кўзим. Шайх ур-раис» (1990), «Сунбуланинг илк шанбаси» (1998), «Тимсоҳнинг кўз ёшлари» (2003), «Парвоз» (2004), «Бир тун ва бир умр» (2007) каби китоблари нашр этилган.Р. Бредбери, А. Кристи, Ф. Браун, Э. Поттер ҳикояларини, Е. Березиковнинг «Буюк Темур» романини (Ҳ. Шайхов билан ҳамкорликда), П. Шермухамедовнинг «Буюк Хоразмий» романларини ўзбекчага таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999)..

09

— Кўпчилик сизни “Интервью бермайди, кам гапиради”, дейди. Бу характер билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

— Билмадим. Шунақа камчилигим ҳам бўлса керак-да. Ўзи табиатан камгап одамман. Давраларда гап-сўзларни жимгина эшитиб ўтиришни маъқул кўраман. Шу яхши-да. Қадим маъқулот (аксиома) бор-ку: ичингдаги гап сенинг қулинг, ташқарига чиққандан ке­йин унинг қули бўлиб қоласан…

— Бундан бир неча йил аввал “кўча адабиёти” мавзусидаги суҳбатингизда “алдабиёт” деган сўзни ишлатган экансиз…

— Тўғрироғи “Адабиёт ичидаги Алдабиёт”… Биласиз, биз ёзувчилик ҳунарини эҳтиром билан тилга оламиз, ҳар қалай, инсон руҳиятининг муҳандислари улар. Айни пайтда андаккина пичинг-истеҳзо билан айтиладиган “ёзғувчи” “унвони” ҳам бор. Баъзи жойларда шикоятчини, адабиётда эса истеъдодсиз кишини шундай аташади.

Биз кейинги пайтлари илгари адабиётимизда кузатилмаган бир воқеликнинг гувоҳи бўлдик, шекилли. Яратилган шарт-шароит, эркинлик туфайли кўпчиликда истаган одам ёзиши, қўша-қўша китоблар чиқариши мумкин, деган бир янглиш фикр шаклланди. Билмадим, қачонлардир ҳар қандай инсоннинг умрида кўрган-кечирганлари, мушоҳадалари, хулосалари бир китобга жам бўлади, деб ўқигандим. Балки шу сабаблидир ижодкорнинг ке­йинги китоби муҳим, деган қараш ҳам бор эди. Яъни айнан иккинчи китоб истеъдод мезони бўла олади. Бироқ, афсуски, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “адабиётга тутаб кирган”, биринчи асари ҳам “танқиддан тубан” бўлган графоманлар иккинчи… ўнинчи китобларини ва ҳаттоки зарҳал муқовали танланган асарларини чоп эттириб чарчашмаяпти…

Баъзи чет давлатларда арзимаган чақа турадиган китобларни учратиш мумкин. Поездга чиқаётганда оласиз, тушаётганда ташлаб юборасиз. Вагонда зерикканидан кимдир писта чақади, кимдир мусиқа эшитади, кимдир эса ана шу китобни ўқиб кетади. Эрмак, одамнинг вақтини ўлдириш воситаси. На юракда из қолдиради ва на тафаккурда.

Лекин чоп этилган матнга ҳурмат билан муносабатда бўлинадиган бизда “алдабиёт”нинг ёмон томони шундаки, китобни ташлаб юборган билан унинг таъсирини ташлаб юбориб бўлмайди. Бир гап билан бир кишини, ўн кишини алдаш мумкин, лекин шунақа китоб чиқариб минглаб кишини алдаш аслида жиноят билан тенг. Одамнинг тафаккурини, кўнглини алдайдиган, орзуларини сароблар ортидан чопишга мажбур этадиган бундай адабиётни “алдабиёт” демай нима дейиш мумкин?

— Лекин ўқувчилар ўшандай китобларни ўқишяпти. Шу боис, уларнинг муаллифлари ўзларини ёзувчи ҳисоблашади.

— Бемалол “катта ёзувчи ҳисоблашади” деяверинг. Ахир ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмасини оғизларидан бол томиб тинмай мақтаб турадиган, асарларига баландпарвоз сўзбошию тақризлар ёзиб берадиган гуруҳлар ардоғида бўлганидан кейин охир-оқибат бунга ўзиям ишониб қолади-да…

Бу савдо сизларнинг ҳам бошингизда бордир: компьютерда оппоқ қоғозга санъат асаридай чиройли тарзда чиқариб келинган асарни ўқишимизга тўғри келади. Аслида энг оғир юмуш – асар ҳақида фикр айтиш. Бу математика бўлса экан, шартта ҳисоблаб, исботлаб берсанг: “Биродар, сизда икки карра икки беш бўлиб қолибди-ку”, деб. Хуллас, фикримизни айтамиз. Табиийки, муаллиф бунга қаноатланмайди. “Шунча персонажим бор, шунча қаҳрамоним бор, сюжетим бор, ечимим бор, яна нима керак сизларга ўзи?” дея оёқ тираб туриб олади. Буям камдай, “Бу воқеа фалон йили писмадон қишлоқда бўлган, гувоҳларим бор”, деган дас­так ҳам келтиради. Фалон йили писмадон қишлоқда бўлган воқеа­нинг адабиётга алоқаси йўқлигини тушунтиролмай хуноб бўласиз… Оқ қоғоз ҳаммасини кўтаради, дея унинг юзига ҳар балони чаплаб ташлаш гуноҳ ахир…

Лекин, шукрки, юртимизда бундай ўткинчи сўзбозликка қарши тура оладиган асл Адабиёт бор.

— Ана шу асл Адабиёт яратилишида авлодлар шаклланиши қандай кечади сизнингча? Қаламкаш ижод майдонига кириб келгандан сўнг унинг ёшига қараб авлодларга нисбат бериладими? “Фалон йиллар авлоди” деган тушунча ижодкорлар орасида сарҳадлар яратмайдими?

— Ўша, сиз тилга олган суҳбатда “Асл ижодкорларни тақвим саҳифаларига қараб авлодларга бўлиш анъанасига унчалик қўшилолмайман. Назаримда, яқин-узоқ кечмиш ёинки бугунги кун, аввало, адабий кашфиётлари ҳамда қаламкаш Шахслари билан эътиборга молик бўлгани маъқулроқ”, деган эдим. Адабиётда авлодларга бўлиниш нисбийроқ ҳодиса. Дейлик, ижодкорларнинг дунёга, адабиётга қараши, воқелик бўлган асарларига, айтолган сўзларига нисбатан бу тушунчани қўллаш мумкиндир.

Адабиёт кечмишига назар солсак, қайсидир авлодларга мансуб муайян қаламкашларгина эл назари-эътиборида, эъзозида қолишига шоҳид бўламиз. Дейлик Абдулла Қодирий, Ойбек, Тоғай Мурод…

Тириклик томирларига янги қон жўшқин ҳаёт, қувват олиб киради. Адабиётда ҳам шундай. У ҳамиша иқтидорли ёшларга, демак янги авлодга муҳтож. Бу тараққиёт қонуни.

— Бугунги айрим ёш ижодкорлар янгича йўналишни, янгича йўлни танлашганини иддао қилишмоқда, ҳатто бутунлай янги “замонавий адабиёт” яратилиши ҳақида гапиришмоқда. Бундай даъволар, мисол учун, сизнинг тенгдошларингизда ҳам учраганми?

— Албатта. Фақат ёшларда эмас, катталарда ҳам бўй кўрсатиб туради бундай ҳолат. Ҳеч бўлмаса “Мен модерн усулида ёзаман, асарларимни 20-30 йилдан кейин тушунишади”, дейишади… Лекин изланиш, интилиш бўлгани яхши, буларсиз адабиёт қотиб қолади. Илло Адабиёт ҳеч қачон бир йўлдан кетмайди, бир қолипга тушиб қолмайди.

Адабиётда – барча соҳаларда бўлгани каби – натижа муҳим. Аслида яхши асарнинг дунёга келишининг ўзи бир мўъжиза. Аммо… қани энди онг-шуурингизни, қалбингизни алғов-далғов қилиб ташлайдиган, кулиб туриб йиғлатадиган, йиғлаб туриб кулдирадиган, саҳифаларини титраб-қақшаб, ўзингиздан қизғаниб ўқийдиган, кечалари ухлатмайдиган асар қўлингизга тушиб қолса… Уни ўқиб чиқасола кун-тун демасдан барча яқинларингизга, таниш-билишларингизга ҳаяжон билан қўнғироқ қилсангиз, туйғуларингизни ичингизга сиғдиролмасдан “Шундай асар яратилибди!” дея суюнчи сўраб турсангиз, шаҳарни тентиб, муаллифини қидирсангиз… Шундан ортиқ бахт борми адабиёт учун!.. “Изм”лару “ус­луб”­лари иккинчи даражали масала… Ўқувчи учун муҳими асарнинг фавқулодда буюклиги…

— Абдуқаюм ака, қаҳрамонларингиз орасида нега қийналган, жабр кўрганлар кўп? Бу услубми ёки шу орқали нима демоқчи эканлигингизни айтиб бериш, ўқувчига нимадир де­йиш осонроқми?

— Ёзган одамларим ҳақида ҳали ҳеч ким бундай демаган эди… Билмадим… Достоевскийни кўп­роқ ўқиганман, унинг “изтироблар орқали тозаланиш”, деган гапи менга ёқади. Аввалига бу фикрга ҳайрон бўлганман, сўнг, ўйлаб қарасам, чиндан ҳам қаҳрамоннинг қалб кечинмалари, ҳиссиёт пўртаналари, азоб-уқубатлари ўқувчининг руҳан тозаланишига, маънан юксалишига хизмат қиларкан. Сардафтарни эса, аёнки, дилда дарди бор одам кавлайди…

Қаламкаш воқеадан қаттиқ таъсирланмаса яхши ёзолмайди. Фав­қулодда ҳолатлар, зиддиятлар, кучли тўқнашувлар, инсоннинг аслида кимлигини намоён этиб берадиган оний сониялар, асл феъл-атвор “ярқ” этиб кўзга ташланадиган ҳолатлар… Мана шулар эмасми асарнинг хамиртуруши.

Тўғри, кундалик ҳаётда ҳар куни бунақанги воқеликларга дуч келавермайсиз. Аммо шунга қарамасдан қаҳрамонларимни турмушимизда ҳар қадамда учраб турадиган оддий одамлар деб биламан. Ўзимиз кўриб-билиб юрадиган одамлар. Мен фақат имконим даражасида уларнинг бесарҳад кўнгил салтанатига разм ташлашга ҳаракат қиламан, қаҳрамонларимнинг кечаги, бугунги, эртанги кунини тасаввур этаман ва қарабсизки, юрагингизни ўртаб юборадиган, қўлингизга қалам ушлашга мажбур этадиган сюжетлар қаторлашиб келаверади…

Дарвоқе, бу мулоҳазалар ўзимнинг камтарин, хусусий ҳаётий тажрибаларим маҳсули ва уларни рецепт ёинки қатъий фикр сифатида қабул қилиш асло жоиз эмас.

— Китоб ўқиш, китобхонлик ҳақидаги фикрларингиз.

— Мактабимизнинг каттагина кутубхонаси бўларди. Кутубхоначи опа ёшимизга қараб китоб тавсия қиларди. Масалан, ўн икки ёшимда опа менга “Минг бир кеча”нинг бирон жилдини бермаган, “ёшинг­га тўғри келмайди”, деган. Назаримда, бугун ҳам кутубхоналарда ана шу усулни кучайтириш керак.

Бунинг учун эса кутубхоначи ҳамма китобни ўқиб чиққан, улар ҳақида ўз мустақил тушунчаси, тасаввурига эга, юксак маънавиятли мутахассис ва тарбиячи бўлиши лозим. Фақат шундай мутахассисгина қайси болага қандай китобни тавсия этишнинг ҳадисини олган бўлади. Демак, айнан кутубхоначи мактабда энг кўп маош оладиган ходим бўлиши лозим. Чунки у маърифат тарқатувчи, келажак дарвозаси ҳисобланган кутубхона мудираси…

Келинг, ўрни келиб қолди, сизга таниш бир муаммони айтай. Балки бу борада журналистик суриштирув ҳам ўтказарсиз. Туман марказларидаги, қишлоқлардаги мактаблар кутубхоналарида ҳар хил савиядаги асарлар турибди. Улар орасида “маҳаллий классиклар”, яъни “сариқ матбуот” пешқадамлари шахсан совға қилган ёки йўлини топиб соттирган китоблар ҳам бор. Ялтироқ муқоваларда, оппоқ қоғозларда, кишининг эътиборини тортадиган расмлар билан чоп этилган. Ўқувчилар олади-да бунақа китобларни. Аслида эса ўқитувчилар, биринчи навбатда саводхон кутубхоначи бундай туҳфа асарларни ўқиб кўриб, болаларга тавсия этиш-этмаслик масаласини ҳал қилиши шарт. Бу асло цензура эмас. Болаларни адабий дидсизлик, бесаводлик, фаҳш ва садизм уфуриб турган китоблардан ҳимоя қилиш истаги, холос.

— Абдуқаюм ака, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Манба: «Китоб дунёси» газетасининг веб-саҳифаси

Абдуқаюм ЙЎЛДОШ
ҚОТИЛ
09

I

– …Бу бир пайтлар ҳашар йўли билан қурилган ёзги клуб эди: одамлар оқиб келадиган ҳинд кинолари қўйиларди (“Айёрликка қарши маккорлик”ми, “Маккорликка қарши айёрлик”ми деган кинодаги ярим-яланғоч ҳинд гўзалларининг жунунваш рақсларини жон-жаҳонини унутган кўйи, оғзи очилиб томоша қилаётган Бектемир тоғам ногоҳ алам билан дўпписини тиззасига урганча “Эҳ! Мана ҳаёт!..” дея ҳайқириб юборган жой бу). Сўнг бунақа томошалар урфдан чиқиб, овул аҳли уй-уйида шиғиллатиб видео кўришга ўтгач, бино ҳувиллаб қолди. Шу маҳаллари қўлида пул ўйнаётган тадбиркорлардан бири ўзича қайдадир “ким ошди” савдоси уюштирибди-ю, клубни кепак баҳосига сотиб олиб қў­­йибди.

Кутилмаганда қишлоқ заминини титратиб, “қулуб” томон шиддат билан келаётган баҳайбат бульдозер, иккита юк машинаси ва ўнтача мардикорни кўрганларидан кейингина бу ишбилармон банданинг асл мақсади бинони бузиб, ундан чиққан материалларни сотиш эканидан хабар топган овул улуғлари тўполон кўтариб юборишди: оппоқ соқоллари кўксига тушган кексаларнинг қанчаси йўлга чиқиб ўтириб олган, яна қанчаси ҳокимият томон йўртган…

Ишқилиб, ҳаммаси яхшилик билан тугади ҳисоб: ошиғич тарздаги текшириш чоғи аукцион ноқонуний ўтказилганлиги аниқланди-ю, олди-сотди шартномаси бекор қилинди; устига-устак, амалдаги тартиб-қоидага кўра сотиб олинган объектдан камида беш йил мобайнида юритиб келган фаолиятига мос равишда фойдаланиш ҳам мажбурий экан… Аммо чоллар қаттиқ норози бўлишган эканми, натижани кутишдан чарчаб, кабинасида ухлаб қолган бульдозер ҳайдовчиси уйғонганида мутлақо туйқусдан чап томонга тортилиб қолган жағини тўғрилай олмади – оғзи қийшиқ бўлиб қолаверди…

Шундан кейин анча маҳалгача клубни хусусийлаштириб оладиган мард топилмади…

Вақт ўтаверди, кўп нарсалар ёддан чиқди ва алоҳа яна қишлоқ марказидаги бино атрофида ўралашиб юрадиганлар пайдо бўлиб қолишди. Шундайлардан биттаси туманга югурди, вилоятга югурди, ахийри нураб бораётган клубни амаллаб ўзиники қилиб олди-ю, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди-да, унинг ўрнида росмана чойхона очди.

Овул аҳолиси сони ўн мингдан ошарди. Бунинг устига, элчилик, кунда-кунора қишлоққа камида беш-ўн қўноқ келади; туғилган кунлару мучал тўйларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Шунгами, дастлабки кунлардан чойхона манқалларидан кўтарилган қуюқ тутун, арча чўғига пиширилган тандир кабоб иси анча-мунча кишини ўзига банди этди-қўйди…

Аммо каттакон овулда бир-бирига узоқроқ бўлса ҳам қариндошлиги йўқ иккита одамни топиб бўлармиди! Сўрида гердайиб ўтирган фалончини кўрган пистончи қуюқ салом бериб кириб келаверади, учинчи ҳамқишлоқ уларни босиб ўтиб кетишга ийманади: ноилож даврага келиб қўшилади… Пиёлалардаги “тентак сув” нўш этила борган сайин эса сахийлигу меҳрибончиликнинг, намойишкорона оқибатнинг ҳеч адоғи кўринмай қолади… Инчунун, тез орада чойхоначининг иккита ёғ босган “қарз дафтари” ажи-бужи ёзувларга тўлди, холос; харажатга яраша тушумдан ҳеч дарак бўлавермади. Шўрлик чойхоначининг жон аччиғида “Насияга берилмайди!” деб нола қилишлари, ҳатто дарахт­­га “Отвечаю”га хизмат қилинмайди!” деб ёзиб қўйишлари аллақачон сўриларни бўлишиб олиб, ўзлариники қилиб олган кунда-шунда улфатларга чивин чаққанчалик таъсир қилмасди: “Опкелавер, палончининг жияни!.. Бўлинг энди, бўла!.. Оббо, ўлар жойдамисан бунча? Тўлайман дедим-ку!.. Нима, еб кетармидим… Мен сенга бегонаманми?.. Отвечаю, акка!.. Темир дафтарингга ёзиб қўявер дедим-ку, бўлди-да энди! Нима, шунгаям қон чиқариш шартми энди, а?..” Буларам камдай, ҳали СЭСдан келишади ҳақиқий “темир дафтар”ни қўлтиққа қисишиб, ҳали “пожарний”дан, ҳали солиқдан, ҳали токдан…

Охир-оқибат, кутилганидай, чойхоначи синди. Ўзиям ўнгланмайдиган бўлиб синди-ёв. Тўғри, бечоранинг кучи бечорага етибди, деганларидай, касодга учраши олдидан чойхоначи пенсияга чиққанини жўраларига “ювиб” бераётган Бектемир тоғамни – насияга, албатта, ҳисоб-китоб кейин, пенсия олинганида бўлади – гап билан чақиб-чақиб олди: “Эркакмисиз, ака!.. Мана, ўзингиз қаранг дафтарга, шу билан учинчи марта қарзга ўтирибсиз! Инсоф ҳам керак-да одамга!..” Бу дашном нафсониятига теккан собиқ сувчи шартта ўрнидан туради ва шоша-пиша пичоқларни дастурхон остига яшираётган жўраларининг “ҳай-ҳай”лашларига ҳам қарамасдан уйига зипиллаб бориб, сўқимга боқилаётган уч яшарлик буқасини етаклаб келади-да, ипини чойхоначига тутади: “Ма, ол, сен тўй!” Чойхоначи нима қиларди, олади-да: унгани ҳисоб.

Шундай қилиб, фаолиятини каттагина қарз билан якунлаган чойхоначи “Энди ўзимнинг овулимда бир хасни у ёқдан бу ёққа олиб қўймайман!” деб қасам ичади ва ниманидир исботлашга қаттиқ жаҳд қилган эканми, бор-йўғини сотиб бўлса ҳам, қўшни туман марказида чойхона очади-да, қисқа муддат ичида тузуккина фойда ҳам кўра бошлайди. Айтишларича, она қишлоғидан борган бирор кишини кўрса бас, чойхоначи шартта ғойиб бўлиб қоларкан, унинг безбет ходимлари эса насия-пасияни тан олишмас, кўзларини лўқ қилганларича “Олдиндан тўланг” деб тураверишаркан…

Ҳа, майли, бу гаплар ўз йўлига.

Шундан кейин чойхона уч-тўрт марта қўлдан-қўлга ўтди, аммо иш гуриллаб кетмади. Ахийри бинонинг ярмини шу овулдан чиққан тадбиркор аёл сотиб олиб, тикувчилик цехи ташкил этди. Аёл бало экан, “Цехимда хотин-қизлар ишлайди, уларга бегона одамларнинг бақрайиб қараб ўтириши тўғри келмайди”, деган баҳона билан ўзига тегишли қисмни баланд девор билан тўсиб олди. Натижада чойхонанинг бу қисми ғарибгина, шумшайган жойга айланди-қолди. Ранги ўчган, қийшайган-синган сўриларда энди овулнинг бекорчихўжалари ора-сира “халфана” ош қилиб ўтиришар, бошқа пайтлари эса уззукун шошқол суриб, қарта ўйнашар, “Бирор қўноқ келиб қолмасмикан” деган илинж билан сарғайиб йўл қарашарди.

II

Рости, қишлоққа келган кезларим чойхонани четлаб ўтишга уринаман. Айниқса, икки марта ўша бекорчиларнинг қўлига тушганимдан кейин янада эҳтиёткор бўлиб қолдим, овулга қоронғилик тушганда ё тонг саҳарда кириб келишни одат қилдим.

Бироқ бу сафар шу одатимга риоя қилолмадим…

Қишлоққа кўкда саратон қуёши қайнаётган тол туш маҳали келдим. Борлиқ қиздирилган тандирдай ёнаётган бунақа пайтлари одам-ку одам, ҳатто қуш-даррандалар, жониворлар ҳам бир парча кўланка излаб қолади, ўзини лоҳас сезиб, чалажон аҳволда кеч тушишини, оловли шар уфққа ёнбошлаб, шабада эса бошлашини кутади…

Шу ишонч билан катта йўлдан қайрилиб, чойхона ёнидан ўтаётган чоғим аллақачон “тайёр” бўлиб улгурган бир эмас, икки киши йўлга гандираклаб чиққанини кўрдим-у, беихтиёр тормозни босдим. Бу нима деган гап, ахир… Бутун вужудим мисдай қизиган, тер шаррос оқарди, кўйлагим баданимга чиппа ёпишиб қолган, кўзларим ачишади. Шу аҳволда пастга тушдим. Ўша, мени икки марта айнан шу ерда қўлга тушириб, роса хижолатга қўйган таниш чеҳралар…

Қучоқлашиб кўришдик, гўёки бир-бирларимизни соғиниб қолганмиз…

Улфатлар мени ичкарига судрашди. Кирмаям кўр-чи, қирқ йил “Бизни менсимади!” деб сасиб юришар..

Сўрида Бектемир тоғам илжайибгина ўтирган экан.

Дуодан сўнг ҳол-аҳвол сўрашган бўлдик. Эътибор бердим, даврада ўтирганлардан бири ситилибгина чиқиб кетди. Кўнглим ғаш бўлди, аммо буни сездирмасликка уринганча, “олинг-олинг”лардан сўнг дастурхондаги қотиб қолган нондан бир тишлам оғзимга солдим.

Мен шошилардим.

Илло, ҳаммаси яна ўтган галлардаги сценарий асосида кетмоқда эди. Яъни, ҳозир бир пиёладан чой, кейин… бир пиёладан май, сўнг, табиийки, мени бундай кутиб олганларидан бошим осмонга етган кўйи “Кечқурун уйга ўтинглар, бир бафуржа гурунглашамиз”, де­­йишим керак; табиийки, улар буни чин дилдан айтилаётган илтимос сифатида қабул қилишади ва зиммаларидаги мажбуриятларини ҳалол адо этган кўйи кеч тушар-тушмас уйимизга узун-қисқа бўлиб кириб боришади…

Мен шошилардим… Аммо улгурмадим. Бояги чаққон улфат дўкондан – ўз-ўзидан аён: “Тошкентдан келаётган меҳмон шарафига” насияга олинган, ахир, меҳмон отангдан улуғ эмасми, битта сассиқ ароқ нима бўлибди! – анави бўйнинг узилгур “бўйни узун” билан газакка бир бўлак ёғли колбаса олиб келди.

“Рулдаман… Акамнинг ёнига бораяпман, ҳиди чиқиб турса бўлмайди… Ўзи, ичмайман…” қабиладига баҳона-сабабларим саратон оташида қолган муздай изсиз эриди-кетди: бу овулдошларим учун пиёлани чўқиштирмаслик, ичмасликдан ортиқроқ ҳақоратнинг ўзи йўқ эди: “Биз сени одам деб кутиб олсак… бошимизга кўтарсак… сен бўлсанг… Биз ўқимаганмиз-да, а? Менсимайсан-да, а?.. Сенга эл, қариндош-уруғ керакми, ўзи… Эй, билиб қўй, биз учун сенинг шаҳардаги обрў-амалинг бир тийин, бизга сенинг оқибатинг керак!.. Керак бўлса… керак бўлса…” ва ҳоказо ва ҳоказо.

Қизғин қадаҳ сўзидан сўнг ноилож ароқдан бир ҳўпладим. У қайнаб ётарди ҳисоб… “Бу сакэ бўлибди”, деб қўйди улфатлардан бири мамнун тарзда мўйловини силаркан. Қарасам, мен мутлақо кутмаганда, ҳамон илжайибгина ўтирган тоғам ҳам пиёлани “оқ” қилиб қайтарди…

Яна бир бор узр сўрагач, бўйнимдаги қарзимни айтдим: ҳаммани меҳмондорчиликка чақирдим. Улар гувиллашиб рози бўлишди.

Мени кузатиб чиққан, тақир боши тердан ялтираётган Бектемир тоғам иссиқдан ҳарсиллаб-пишиллаганча келаси йили кенжатойи коллежни битиришини, ўшани ўқишга жойлаш кераклигини айтди. Гапни қисқа қилиш учун кўмаклашишга ваъда бердим. Шу билан қадрдон тоға-жиянлардай қучоқлашиб, кечқурун кўришишга ваъдалашган кўйи хайрлашдик.

Уйга шошдим…

Вазиятни тушунтиргандим, ўзи бир муддат ўйланиб қолган акам: “Бўпти, сен ўйланма, меҳмонхонага ўн беш-йигирма кишига жой қилиб қўямиз, қуюқ-суюғам жойида бўлади”, деди ва… кўзимни шамғалат қилган кўйи бозорга жўнади.

Ҳаммамиз ҳам хом сут эмган бандамиз, шу куни акамни ортиқча ташвишга қўйганимдан хижолат чекиб, орқаворатдан сур қўноқларнинг гўрига ортиқчароқ ғишт қалаб юборган эканманми, ишқилиб, кечқурунги меҳмондорчилик бўлмади, безатилган дастурхонимиз шундай қолиб кетди: чойхонадан гандираклаётганини билдирмасликка уринганча чиқиб келган Бектемир тоғам уйига келиб, кечга қадар бирпас мизғиб олиш учун чўзилган; дарҳақиқат, ухлаб қолган-у, аммо қайта уйғонмаган…

III

Тоғамни эртаси куни пешинда чиқарадиган бўлишди.

Тонг саҳардан тўн-дўппи кийиб, бел боғладим, хеш-уруғ ҳассакашлар қаторида “тоғажоним”лаб овоз чиқариб турдим.

Ким билади, балки яқини чин дунёга кетган одам сал аламзадароқ бўладими, ишқилиб, сафда турган маҳалимиз Бектемир тоғамнинг ёлғиз куёви, ҳаммага аллақандай синчиклаб-шубҳаланиб қарайдиган – баъзан мана шу синчковлигини ошкора намоён этиб лаззатланадигандай туюлади у менга – ҳаракатлари сустроқ, тоғам орқаворатдан “Кап-катта йўлдаям сийпаланиб юради” деб таърифлайдиган, вилоят марказидаги қурилиш ташкилотларидан бирида прораб бўлиб ишлайдиган, бурнининг чап ярмида ортиғи бор Ортиғали менга ўқрайиб бир тикилди, икки тикилди, баайни қайнотаси кетиб, мен қолганимдан норозидек. Бунга эътибор бериб ҳам ўтирганим йўқ эди. Бироқ чидай олмади, шекилли, жанозага келган навбатдаги қариндош бунақа пайтлари тилга олинадиган “Бандалик… Ўзи берган ўзи олади…” қабилидаги юпатишларни айтаётган маҳал ёнимизда ғўддайиб турган куёв тўппа-тўсиндан:

– Э, отам бақувват эди, ҳали кўп яшарди, асли у кишини мана шу кишилар ўлдирди-да, – дея менга ишора қилса бўладими!

Қариндош иккаламиз донг қотиб қолдик.

Шу пайт бир гуруҳ одамлар келиб қолишди-ю, шу билан бу гап ёддан чиқиб кетгандай бўлди.

Ҳар нечук, куёвнинг қайнотага меҳри бўлакча бўлган, шекилли, деган тусмолларга ҳам бордим. Бу ғалатироқ туюлди ўзимга. Илло, ҳаётлик чоғларида тоғам Ортиғали ҳақида анчайин ижирғаниброқ, кескинроқ оҳангда “Ўзиям совуқ, сўзиям совуқ, қилиғиям совуқ” деб гапирганини бир неча бор эшитгандим. Қаранг, тоғамнинг шаҳарда шундай меҳрибон куёви бор экан-у…

Ўзбекнинг маъракаси ўзингизга маълум… Ташвишлар билан бўлиб, Ортиғалининг дашноми буткул ёдимдан кўтарилиб кетибди.

Аммо куёв қурғур унутмаган экан…

Тоғамнинг “қирқ”ига келиб, энди дарвоза ёнига қўйилган жўмракда қўлимни юваётгандим, орқамдан кимдир вишиллаб қолди:

– Мана, қотилнинг ўзи ҳам келди.

Ўгирилдим. Уч қадамча нарида Ортиғали куёв менга чақчайиб қараб турарди, ёнида ўзи тенги бир эркак, гўё бир туки қилт этмасдан қанчалаб одамларни бўғизлаб ташлаган ашаддий жаллодни кўраётгандай ранги қув ўчган ҳолида менга бақрайиб қолган.

Бу энди ҳаддан ортиқ эди…

Аммо индамадим, ичкарига кирдим.

Мулланинг қаршисидаги ўриндиқда уч-тўрт киши қаторидан жой олиб, марҳум ҳақига дуои фотиҳа қилаётган маҳалимиз бир нарсани сезгандай бўлдим: анча-мунча киши менга ўқрайиб-ғижиниб тикиларди… Ҳаттоки бирдан ўшшайиб олган мулланинг ўзи ҳам бир неча бор менга ер остидан ёмон қараб қўйди…

Муносабат ўзгаргани ичкарида ҳам сезилди. Авваллари “пойтахтдан келган қўноқ” сифатида мажбурлаб-судраб бўлса ҳам тўрга ўтказишарди, бу сафар бир-икки қисир “келинг, келинг”­дан бошқа гап эшитмадим, ўрним ҳам шундоққина эшик ёнида, пойгакда бўлди.

Аслида-ку, бунга эътибор ҳам бермаслигим лозим эди. Ахир, авваллари тўй-маъракаларга эл қатори, оддийгина одам бўлиб келиб-кетишни шунчалар истардим-ку. Энди бўлса… Хом сут эмган бандамиз-да, ҳатто шунақа маҳаллари ҳам иззат-нафсимизнинг қулига айланамиз…

Уйга ёлғиз ўзим қайтдим…

Баногоҳ кейинги йилларда овулда ўтадиган ҳар қандай маъракага отамиз ўрнига ота бўлиб қолган акам билан бирга боришимни эслаб қолдим. Бугун эса нимагадир у киши мени кутмай жўнаб қолганди.

IV

Ҳардамхаёлроқ тарзда ўтирган акам билан суҳбатимиз қовушмади. Гўё у киши мендан ниманидир сўрамоқчи бўларди-ю, аммо иккиланарди.

Ортиғали совуқнинг беўхшов қилиғини айтсамми-айтмасамми деб тургандим, хайрият, акамнинг ўзи ёрилиб қолди:

– Сен анави келганингда… чойхонада… тоғам билан қўшилишиб ичганмидинг?

Гап қайси келганим ҳақида кетаётганини дарров тушундим, шунинг учун бирга ичганимизни тан олдим, ўзимнинг ҳўплаб қўйганимнию, Бектемир тоғамнинг пиёлани “оқ” қилиб ташлаганини ҳам эсладим.

Акам сўнгги умиди пучга чиққан одамдай бирдан бўшашиб қолди, афсус билан бош чайқади:

– Э, аттанг…

– Нима гап ўзи, ака? Маъракада Ортиғали бир сассиқ гап қилди…

– Эр-хотин бу гапни анчадан бери қишлоқда ёйиб юришибди.

Музлаб кетдим:

– Сайёра-я? Уни нима жин урди?

Акам кўзларини олиб қочди:

– Ҳар кимнинг отаси ўзига азиз…

– Жудаям яхши. Лекин унинг отасини мен ўлдирмадим-ку?

– Ортиғали олдимга келди. “Укангиз мажбурлаб ичирмаганида отам ҳозирам тирик юрарди”, деб даъво қилди.

– Даъво?

– Йўқ, очиқдан-очиқ, судга бераман, демади, лекин, биласан, у ёзиш-чизишни билади, ўқиган…

– Бу нима деганингиз? Ахир, чойхонада биздан ташқари яна олтита одам бор эди… Ҳаммаси кўриб турганди. Ана, сўрасин. Холмат акадан, Раббим бўладан…

– Сўрабди. Бари бирдай “Биз ичкарида номига, меҳмоннинг ҳурматига бир қултумдан олгандик, кейин тоға-жиян ўзлари кўчада қанча ичишган – буни билмаймиз, лекин Бектемир ака ташқаридан бўғриқиб, қийналиб нафас олиб қайтиб келди”, дебди…

– …

Миямда санчиқ турди. Нафас олиш ҳам оғир эди…

Қишлоқдан тонг қоронғисида, ҳеч кимга кўринмасдан жўнаб кетдим. Худди ўғрига ё бўйнида айби бор одамга ўхшаб…

V

Овулимизда одатда кексайиб вафот этганларнинг йил маросими беш ёки етти ойдан кейин ўтказиларди: ахир, қариндош-уруғларнинг марҳум ҳурмати учун тўхтатиб турган тўй-пўйлари бор.

Акам хабар қилди: Бектемир тоғамнинг йили беш ойдан кейинги биринчи пайшанбага белгиланибди. “Келмасанг бўлмас”, деди акам. “Албатта етиб бораман”, дедим мен. Шу билан гапимиз тугагандай эди. Бироқ акам бир муддат иккиланиб, ғудраниб тургач, охири “Эртан-пертан бир келиб кет, маслаҳат бор”, деб қолди.

“Яна нима бўлди экан?” деган ўйдан юрагим пўкиллаганча шанба оқшоми овулга етиб келдим. Бир пиёла чойдан сўнг акам мени молхонанинг қоронғи хонасига бошлаб кириб, яхши ниятда, ўғлининг суннат тўйига боқаётган каттакон ҳўкизга ишора қилди:

– Шуни… тоғамникига обориб бер… Ҳарна ёрдам-да… Йилига камида олти юзта одам келади… Бунинг гўшти… етади… Етмай қолса, биронта улоқ сўйишар…

Албатта, қариндош-уруғларнинг оғир кунларда бир-бирини қўллашлари азалдан маълум. Бироқ… тўй-чи?

Акам мени гапиртирмади:

– Бош омон бўлса, мол топилади, ука… Ҳарна, гап-сўзнинг пайи қирқилгани… Сен кетасан… Бу ерда биз қоламиз…

Мен нодон шундагина акамнинг қай аҳволда яшаётганлигини ҳис этдим… Дарҳақиқат, мен кетаман, акам қолади… Тўйга боради, маъракага боради, кунда-кунора ғаддор Ортиғалининг чағир кўзларига дуч келади, хеш-уруғларнинг пичингли, нафратли луқмаларини эшитади; акамни турткилашади, гап билан ўйиб олишади, аёллар унга эшиттириб қарғанишади, болалар сўкиниб, тош отиб қочишади; гап-гаштакларда, меҳмондорчиликларда имо-ишорали фисқу фасодлар қилишади… Ў, овулдошларим буни боплашади!.. Яна… “Ортиғали бирор жойга ёзиб юбормасмикан…” деган доимий ваҳима… Ахир, куёв хат-саводли, Тошкентдай жойларда ўқиб келган… Ўзи ёзмаган тақдирда ҳам бир нималик бўлиб қолиш илинжида унга ўргатиб турадиганлар қанча… Ана, Холмат қоровул, пенсияга чиққанидан сўнг қўшни туманлик икки болали есир хотинга уйланганди, бир-иккита “закунчи” овулдошларининг пишанг бериши билан хотинининг олдинги эрини қанақадир “нафақани неча йилдан бери тўламай келган экан” деб судга берди; хотинининг уввос солиб йиғлашларига, нималарнидир зўр бериб тушунтиришларига парво қилмади, “Ҳужжат йўқ-ку”, дея без бўлиб туриб олди. Собиқ эр судлашиб ўтиришдан ор қилганми, ишқилиб, танишидан йигирмата қўчқор бериб юборибди. Йўқ, ортида турган одамлардан яхшигина маслаҳатлар олган Холмат кўнмади, “Яна ўнта берсин у нокас! Фақат қилтириғидан эмас, семиз-семизидан бўлсин! Сағрини ялтираб турсин! Ўттиз беш килодан кам бўлса, олмайман! Ўзим тарозида тортиб кўраман!” деб туриб олди. Бу гал юк машинасида “нокас” собиқ эрнинг ўзи келди ва индамасдан ўнта эмас, яна йигирмата бўрдоқи қўчқор ташлаб кетди. Бирдан қирқ қўчқорли бойга айланиб, “Чўчқадан бир тук-да”, деган ғалати ҳикматни тилидан қўймай қолган Холмат ўзига ариза битиб берган “ёзғувчи”ларга келишилганидек унган ўлжанинг ўн фоизини эмас, беш фоизини бергани учун анча маҳалгача улар билан қирпичоқ бўлиб юргани ҳисобга олинмаса, ана, яшаяпти гердайиб. Айтишларича, умрида эшакдан бошқа кўлиги бўлмаган собиқ қоровул энди оппоққина “Нексия”ни мўлжаллаб юрганмиш…

Кейинроқ эшитиб қолдим, туман марказида бир алкаш улфатлари билан ичиб-ичиб, сўнг иккинчи қават балконидан энгашиб қайт қилаётгани маҳал бетон йўлакка боши билан йиқилиб тушган, “миясининг қатиғи чиқиб кетган”, шу заҳоти тил тортмай ўлган. Овулда кимдир ҳазиллашмоқчи бўлганми, адашганми ё атай шунақа йўл тутганми, ишқилиб, ўша даврадаги улфатлар орасида менинг ҳам бўлганлигимни айтган… Одамлар… одамлар бунга чиппа-чин ишонишган… Ўша кунлари юрган йўлида ажал экиб юрадиган “касофат” укаси боис не аҳволга тушган экан шўрлик акам… Акам шоша-пиша туман марказига бориб, ҳақиқатни ойдинлаштириб келади, аммо аллақачон бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчганди, инчунун, ҳақиқатни эшитадиган қулоқларни топиш маҳол эди, устига-устак, Ортиғалининг яқин бир жўраси менинг шаҳарда – ол-а! – яширин ароқ ишлаб чиқарадиган цехим борлигидан хабардор экан! Умуман, мен “ўлардай ичиб олган бўлсам ҳам” машинани ҳайдаб кетаверарканман, мен ёмоннинг касри яхшиларга ураркан. Ана яна бир исботи: айнан ўшанда, яъниким Бектемир тоғам билан кўчада ичганимда ҳам мен туллак ўзим ишлаб чиқарган сохта ароғимдан олиб келган эканман, сўнг из қолдирмаслик учун, шишани машинамга яшириб қўйган эканман, буни кўрганлар бор экан…

Мен… эсладим… Ўшанда, тоғам билан хайрлашганимдан сўнг азбаройи чанқаб, томоғим қақраб кетганидан машинага ўтирганимда орқа ўриндиқда ётган баклашкадаги газсиз сувдан ичгандим, кейин идишни жойига отиб юборгандим…

Хуллас, тонг саҳарда ҳўкизни етаклаб Бектемир тоғамнинг уйига бордим. Назаримда, ҳамма тушунмовчиликлар, дилхираликлар шу билан барҳам топадигандай эди (ҳар қалай, еган оғиз… уялар). Илоё, келган балоларнинг бариси шу кўзлари мўлтираб турган бегуноҳ тилсиз жониворга урсин…

Рост, акамга жоним ачийди: ўзи жўжабирдай жон. Аммо нима ҳам қилардим… Овул ўртасидаги тепаликка чиқиб олиб, “Тоғамнинг ўлимида менинг айбим йўқ, мусулмонлар!” деб бақиролмайман, уйма-уй юриб, ўзимнинг бегуноҳлигимни айтиб чиқолмайман, илло, ҳар иккала ҳолда ҳам бунақанги қилиғим менга нисбатан шубҳани кучайтиради, холос: “Бир балоси борки, ғимирлаб қопти…” ёинки “Айби бўлмаса, шуйтиб қалтираб қолармиди…” қабилидаги хулосалар урчиб кетиши аниқ…

Овулда… ҳали қимирламасидан буруноқ ер тагидаги илонни билиб оладиганлар бор экан. Ҳамон ёдимда: атроф энди сутдай ёриша бошлаган маҳал мен ҳўкизни етаклаб Бектемир аканинг уйи ёнига келдим ва қўлларини чалиштирганча дарвозага суяниб турган Ортиғалини кўрдим. Тўғрироғи, куёвни кўришдан олдин унинг яланг оёғида саланглаб турган қизил ранг йиртиқ резина шиппагига кўзим тушди…

Мен тўхтаб, бош кўтардим.

Ў, қаршимда алам ва нафратдан баттар қисилиб кетган, мазах ва ғолиблик суруридан чақнаётган кўзларни, ҳалитдан интиқом олиш лаззатини туйган ҳолда пир-пир учаётган юпқа лабларни, ғолиблик нашидасидан ловиллаётган юзни кўрдим. Бу банда… Ортиғали… аллақачон ўзи, эҳтимолки, тўқиб чиқарган ўтригига, чўпчагига мутаассибларча ишониб қолган ва энди дунёнинг жами ҳақиқатлари Кўҳиқоф тоғи мисоли босиб келган тақдирда ҳам уларни тариқчалик инобатга олмайдиган жоҳил кимсага эврилганди.

Аммо… чиқмаган жондан умид. Мен қалт-қалт титраган кўйи индамасдан ҳўкизнинг ипини тутдим.

Лекин у… у… олмади…

– Нега? – чинқириб юборди йўлга чиққанларидан бери миқ этмасдан, ҳайдовчининг гапларини диққат билан эшитиб келаётган ҳамроҳ.

Ҳайдовчи оғир сўлиш олди.

Гапини давом эттирганида унинг овози титрарди.

– Билмадим… Унинг бир оғиз “Отамни бир молга тенгладингизми?” дегани эсимда…

Ўсал бўлиб ортимга қайтдим.

Буни эшитган акам типирчилаб, ваҳимага тушиб қолди ва, назаримда, биринчи марта менга шубҳаланиб қаради. Йўқ, ҳўкизни оборганимга эмас, айбсизлигимга ишонқирамай қаради… Ким билади, шўрлик содда акамнинг кўнгил қаърига айни лаҳзаларда не ўй-гумонлар илонлари судралиб кирган экан…

Ранги баттар қорайиб кетган акам дилидагини тилига кўчирмасликни уддалади ва шоша-пиша уйга кириб, тахланган кўрпалар орасидан беш-ўн даста пул олиб чиқди-да, аниқ эсимда, уларни қора салафан халтачага солиб, қўлимга тутқазди:

– Буниям қўшиб бер… Арзимаган нарса, де… Гапир, жим турма… Яхши гапир… Керак бўлса, ялин… Қариндошмиз де. Яхши кунларингда хизматингни қилай де… Олишга кўндир… Шунда яхши бўлади… Ҳаммамизга… Бор… Тез бор…

Мен мияси олиб ташланган қўй каби гарангсиб яна тоғамнинг уйига йўл олдим.

Баайни қайтиб келишимни билгандай, Ортиғали ердан ўсиб чиққан қоя мисоли ўша жойида қаққайиб турган экан.

Пулга ҳаттоки қайрилиб қарамаган, ожизона минғирлашларимни эшитиб ўтирмаган куёв ўзининг мағрурлигидан ўзи тонг қолган кўйи титраб-қалтираб садо берди:

– Мен… мен отамни сотмайман, ака!

Ҳа, у айнан “отам” деди. Оғзини тўлдириб айтди.

Қани эди, унинг шу тилини узиб олсам, сўнг орқасига ўхшатиб бир тепсам…

Ваҳоланки, ўзим шунга ўхшаш аҳволда уйга қайтмоқдайдим.

Ҳали айтдим, шекилли, одамлар ҳали илон қимирламасидан бурун унинг ўралиб ётган жойинию, нимани қўриқлаб ётганидан то қачон қимирлаб қўйишига қадар аниқ-тиниқ билиб туришади, деб. Менинг мисолимда ҳам шундай бўлди.

Орадан бир ош пишгулик фурсат ё ўтди, ё ўтмади, ишқилиб, ярим овул менинг битта оёғида зўрға турган ориқ-тириқ ғунажин ва бир яшик ароқ бермайдиган даражада арзимаган ақча билан – “носвой пули-я!” дейишарди бу гапни бошқаларга ошиғич тарзда етказаётганлар нафратланиб – куёвни сотиб олишга уринганимдану, қайнотасига бемисл садоқатли куёв мени олдига солиб ҳайдаганидан воқиф бўлиб улгурди. Бундай ҳаракатнинг талқини эса битта бўлади: “Айбдор!”… Ва бундай ҳукмга қарши курашишнинг, унинг даҳшатли, ақл бовар қилмас даражада улкан қудратини, маҳобатини аста-секинлик билан сусайтириб боришнинг, емиришнинг йўли ҳам ягона бўлади: бет терисини иложи борича қалин қилиб олишу, ҳеч нарса бўлмагандай эл-юртга аралашиб юравериш, гапирсалар, ўзингни эшитмаганга олиш, нуқисалар, ўзингни сезмагандай тутиш, қулоғинг тагига келиб бақирсалар, гап нима ҳақида кетаётганини тушунмаётгандай ўзинг­­ни анқовликка солиш; энг муҳими, яккамохов бўлиб қолмаслик, элдан ажралмаслик; қолганига чидаса бўлади. Айниқса, овулда аканг, икки синглинг бола-чақаси билан яшаб турганида ўзгачароқ йўлни танлаш имкониятининг ўзи бўлмайди, бўлиши ҳам мутлақо мумкин эмас…

Ва мен шундай йўл тутдим…

VI

Ҳайдовчи ҳамроҳига қараб синиқ жилмайди.

– Олдинлари акам ойда бир-икки марта қўнғироқ қилиб турарди: “Ука, эртага фалончининг жанозаси… Имконинг бўлса келиб кет” ёки “Фалон куни пистон қариндошимизнинг тўйи. Вақтинг бўлса бир кўриниб қўй”.

Ўша воқеадан сўнг эса… акамнинг илтимослари… қатъийлашди: “Келмасанг бўлмайди-ёв… Одамлар нима деб ўйлайди…”

Одамларнинг нима деб ўйлаши эса аён эди: “Бир балоси борки, қочиб юрибди… Бети қора-да, бети қора…”

Айнан шундай эмаслигини исботлаш учун ҳам овулда тутун чиқсаям эринмасдан бориб турдим… Чойхонани четлаб ўтиб, албатта… Умримнинг ярми йўлда ўтаётгандай эди, ўзиям…

Гап-сўзлардан, ўзимни соддаликка олиб сўраб-суриштиришлардан сўнг билиб олдим: ўша куни тоғам улфатлари билан эрталабдан иккита наҳорги ошга борган, қўй гўштидан тайёрланган, қазиям қўшилган ошдан еган, чойнакда олиб келинган ароқдан ичган, чошгоҳга яқин қўшни қишлоқда армияда бирга хизмат қилган танишининг юбилейигаям кириб чиққан, аёнки, бу ердаям “юз-юз” бўлган, мойи чакиллаб томиб турган тандир кабобдан босиб ейилган… Саратон оташида-я!.. Қон босими бор одам-а!..

Энди, пенсияга чиққанидан ичишни бутунлай ташлаб юборган тоғамнинг ўша куни туйқусдан нега яна ароқ тўла пиёлага қўл чўзгани сабабига келсак, буни ҳеч ким аниқ билмасди; кимдир “Ўзи, кайфияти йўқроқ эди”, деди; бошқаси “Уйдаги ғиди-бидилар жонига теккан”, деган тахминини айтди… Ажал-да, ажал… Бироқ Ортиғали куёвнинг бу борадаги қатъий фикри аллақачон овулга ёйилиб, кўплар учун шак-шубҳасиз ҳақиқат сифатида жаранглаётгани ҳам бор гап эди: “Шўрлик “Олинг!” деб турган тус жиянининг қўлини қайтаролмаган-да… Меҳмонни иззат қилган-да, бечора… Бўлмаса-ку, шундай бақувват одам, ҳали анча яшарди-я…”

Тўй-маъракаларга бошимни эгиб бориб, шу ҳолимда қайтардим. Анча-мунча ҳамқишлоғинг – э, худо, улар орасида хотин-халаж ва… болалар ҳам бор эди! – ортингдан ўқрайиб, ҳаттоки нафрат билан қараб турганини ҳис этишдан ортиқроқ азоб борми одам учун… Бунақа маҳаллари “дод” деб юборишдан ўзингни базўр тиясан, тишларингни бир-бирига шу қадар маҳкам босасанки, “қирс” этиб синганини қонга қўшиб ичингга ютасан: тупурсанг, шуни ҳам гап қилиб юборишади, ахир…

Келаси йили ёз бўйи беҳуда йўл қараганим, бекорга Ортиғалининг оғзини пойлаганим қолди: куёв коллежни битирган қайнисини ўқишга олиб келмади. Ҳеч бўлмаса, шу болакайга имконим даражасида кўмаклашиб, муроса-мадора сўқмоғини қисқартирмоқчийдим, шуям бўлмади…

Бир-бир ярим йил ичида қишлоқнинг шу қадар кўп тўй-маъракалари, турли катта-кичик тадбирларига қатнашиб, машинамни аямасдан шу қадар астойдил хизмат қилдимки, энди кейингиларининг бирортасига бормай қолишим ғалатироқ туюлиши турган гап эди. Ахир, келган қўноқларни чўтга солишни хуш кўрадиган кимларнингдир “Хўш, нега энди фалончи-пистончиникига етиб келган одам бизни мирламади? Бу ерда бир гап бор…” деб қолишлари аниқ. Бундай араз одатда вақтнинг омонат кўрпаси ёпилган эски гина-кекларни оча бошлашга олиб келади. Бу эса менга керак эмасди…

– Ўшанда… ўн йилча бўлиб қолди-ёв, а… шунинг учун институтдан кетган экансиз-да? – деб сўраб қолди ҳамроҳ.

Ҳайдовчи бош ирғади:

– Кетмасам ҳам бўлмасди. Ахир, икки кеманинг бошини ушлаб бўлмасди, биттасини танлашим керак эди…

Лекин, шукр, ёмон бўлмадим. Бир сутка қоровуллик қилиб, икки сутка дам оладиган бўлдим. Бекор кунларим таксичилик қиламан, тузуккина соққа тушиб туради. Ишимнинг ўзимга энг маъқул томони – чақириб қолишса бас, истаган вақтим бирор қоровул билан сменамни алмашаман-да, қишлоққа кетвораман. Ахир, бунақа ишни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди. Тўғрими?

Ҳамроҳ нимагадир бу саволга жавоб қайтармади, бунинг ўрнига яна сўради:

– Ишқилиб, овулингизда ҳамманинг кўнг­лини ололдингизми?

Шу саволни кутиб турган эканми, ҳайдовчи яшнаб кетди:

– Ҳамманинг! Ҳамманинг! Майли, мақтаниш бўлмасин, деярли ҳамманинг!.. – сўнг барибир чидай олмади, шекилли, ошкора мақтанди: – Ўтган йили тўй қилдим. Катта ресторанда. Қишлоқдан уч автобус одам келди! Уч автобус-а! Ўзиям, теримга сиғмай қувондим. Бир одамнинг обрўйи бўлса шунча бўлар-да. Тўғрими, жўра?

– …

Йўлдан кўз узмай кетаётган ҳайдовчи баттар ҳовлиқиб, лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди:

– Ҳозир бир гап айтаман, ишонмайсиз! Биласизми, тўйимга ким келди? Ортиғали! Ҳа, худди ўзи!.. Тўғри, ўшшайиб ўтирди, лекин барибир келди-ку! Келди-ку! Дастурхонимдан бир тўғрам бўлсаям нон еди-ку. Тузимдан тотди-ку! Ана оқибатнинг кучи! Бўлмаса, остонамга тупуриб кетадиган одам… Шуям келди-я!.. Энг асосийси эса, мен бир умр бўйнимда қолиши мумкин бўлган, нафақат ўзимга, қишлоқдаги яқинларимга, жигарларимга зарар етказиши аниқ бўлган “қотил” тамғасидан қутулиб қолдим… Энди ҳеч ким менга, жигарларимга бармоғини бигиз қилиб кўрсатолмайди!.. Ҳеч ким!… Хеч ким!.. Қойилмисиз, жўра?..

Кўзлари чақнай бошлаган, ўриндиғида сакраб-сакраб кетаётган ҳайдовчи ҳар қанча шодланмасин, ҳамроҳ нечукдир унга қойил қолишга шошилмасди.

Бунга сайин ҳайдовчининг чакаги тинмасди:

– Институтдан эса жуда вақтида кетган эканман, жўра. Бўлмаса, ҳалиям юрардим…

Ҳайдовчи жумласини “сизга ўхшаб” деб тугатмади, аммо маънодор кўз ташлаб қўйишидан нима демоқчилиги шундоққина аён бўлиб қолди…

Буни тушунган ҳамроҳ кулимсираб қўйди-да, яна сўради:

– Эсингиздами, энди иш бошлаганимизда Азиз Несиннинг бир ҳикоясини ўқигандик. Бир киши “Агар пашшалар бўлмаганида эди, катта ёзувчи бўлиб кетардим”, деб шикоят қилармиди-ей…

Ҳайдовчи баралла кулиб юборди:

– Вой писмиғ-эй, ҳалиям эсингизда экан-да… Эҳ, у даврлар…

– Сиз ўшанда… бошқача… жўшқин эдингиз. “Қўнғизга арпа баҳона экан-да. Масалан, бизнинг ижод қилишимизга пашша тугул, қонсўрар чивинлару сўналар, чаёнлару илонлар, сувараклару каламушлар, жазирама иссиғу қаҳратон совуқлар халақит беролмайди, чунки биз тобланганмиз”, дегандингиз. Эсингиздами?

Ҳайдовчи бош қашлаб, бир муддат ўйланиб қолди:

– Шунақа деганмидим? Айтсам айтгандирман. Энди, у пайтлар анча ғўр бўлганмиз-да, ҳаёт нималигини билмаганмиз…

Ҳамроҳ ҳайдовчига синчков тикилди:

– Гапингизнинг давоми ҳам бор эди.

Ҳайдовчи бирдан жиддий тортди:

– Эсимда. “Бизни пашша-чивинлар, чаён-­илонлар, суварак-каламушлар, иссиқ-совуқлар енголмайди, лекин баъзи бир кўникмага айланган одатлар енгиб қўйиши мумкин”, дегандим… Эътиборингиз учун, бу соф назарий мулоҳаза эди…

Машина ичига жимлик чўкди.

Ниҳоят ҳайдовчи чидаб туролмади, портлади:

– Тўғри-да, инсоннинг яшашдан мақсади бировларнинг кўнглини овлаш, хурсанд этиш эмасми? Ҳазрат Навоийни эсланг: “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай…” Мен бундан орттириб нима дея оламан?

Ўпкасини тўлдириб чуқур нафас олган ҳайдовчи гапида давом этди:

– Чўнтагимда рўйхат бор… Шу ойда қишлоғимнинг ўзида боришим шарт бўлган тўй-маъракаларни белгилаб қўйганман. Ўн тўққизта. Тўққизтасига бориб келдим, бўйнимдаги қарзимни адо этдим. Буларга ҳар ойда режадан ташқари беш-олтита тадбир албатта қўшилади. Боя айтдим-ку, уларда ҳам бир кўриниб қўймасам, нотўғри тушунишлари мумкин… Буларга хотин томоннинг, божаларнинг, қуда-андаларнинг боришим мажбурий бўлган тадбирларини қўшинг. Ойига бир марта ёр-биродарлар билан “гап” еб турамиз. Собиқ синфдош­лар билан ҳам бир ойда бир марта албатта учрашамиз. Улар билан ош еб, сўнг тўй-маъракасига бормасам, яна бўлмайди, ахир. Бу ёқда курсдошлар, маҳалладошлар билан ош… Ойда бир ҳамкасб қоровуллар билан чойхонага чиқамиз… Орада таксичи ҳамкасблар ҳам чақириб туришади… Агарда сиз билан “Илм қиламан! Дунёни остин-устун қилиб ташлайман” деган романтик хаёллар оғушида институтда етаклашиб юрганимда эди, буларнинг барисига қачон улгурардим, а? Қачон?.. Ахир, меҳр кўзда, оқибат эса тез-тез кўришиб туришда, жўра…

– Шу… шу бугунги ҳаётингиз ўзингизга ёқадими?

Ҳайдовчи бу саволга енгидан олиб ёқасига ёпиштирар даражада жуда тез жавоб қайтарди:

– Минг қатла шукр… Қорним тўқ, устим бут, бола-чақам, уйим, машинам, обрў-эътиборим бор… Бир одамга бундан ортиқ нима керак яна?

Энди ҳамроҳ ўйланиб қолди…

Ҳайдовчи ўзини мажбурлаб кулимсиради:

– Жўра, машинага чиққанингиздан бери нуқул мен гапираман. Сизам ёрилинг-да бундоқ. Нима ишлар қиляпсиз? Дабдурустдан мени йўқлаб қопсиз, овозингизни эшитиб бошим осмонга етди. Насиб қилса, энди тез-тез кўришиб турамиз, ошларга бирга борамиз. Буни қаранг, худди буюртма қилингандай, кейинги ҳафта курсдошларнинг гапи эди-я… Ўзиям, зўр чойхона-да, ошининг гуручлари ўрмалаб кетади. Ҳамма ёқ салқин, тепадан сув чакиллаб томиб туради. Улфатларам зўр, одамнинг жони…

Ҳамроҳ синиқ кулимсираб, ҳайдовчининг гапини бўлди:

– Жўра. Тўрт йилдан бери чет элдайдим. Ўтган ҳафта келдим, ўзи…

Ҳайдовчи шоша-пиша ҳамроҳнинг гапини бўлди:

– Унда янаям яхши. Роса соғингандирсиз ўзимизнинг чойхона паловни.

Ҳамроҳ бош чайқади:

– Унчаликмас…

– “Грин-карта” ютиб бордингизми?

Ҳамроҳ бу гал сал шошиброқ бош чайқади:

– Йўқ, ишладим.

– Ресторандами?

– Университетда.

Ҳайдовчи сергак тортди, ҳамроҳга диққат билан қаради, сўнг қандайдир чўчиб, аранг сўрай олди:

– Ўша… мавзуми?

– Ҳа, ўша, сиз қўл силтаб кетган мавзу… Институтимиз журналининг охирги сонини ўқидингизми?

– …

– Сизни излаб топганимнинг сабаби, ўзингиз билган профессор Мадел билан биргаликда қилган тадқиқотларимиз халқаро танловда биринчи ўринни олди. Анчагина пул беришди. Мукофотнинг менга тегишли қисмининг ярмини сизга ажратдим. Ғоя муаллифи сифатида бунга ҳақлисиз… – Ҳамроҳ орқа ўриндиққа ташлаб қўйган кичикроқ дипломатга ишора қилди. – Бу сизга. Шу билан… шу билан орамиз очиқ…

– …

– Мен шу ерда тушиб қоламан.

Машина илмий-текшириш институти биноси ёнида тўхтади.

– Хайр, жўра.

Ҳайдовчи ҳамроҳга меровсираб қаради, бир нимани ўйлагани ҳолда бошқа нарсани гапирди:

– Ўтган ҳафта келган бўлсанг… қишлоғингга бордингми… Керак бўлса ўзим обориб келардим…

Ҳамроҳ бир жойи оғриб кетгандек, қуйи лабини маҳкам тишлади. Сўнг ўзини мажбурлаб бўлса-да кулимсиради, аммо бу қандайдир ачиниш аралаш синиқ кулимсираш эди:

– Раҳмат, бориб келдим, жўра. Бир оқшом ота-онамнинг ёнида бўлдим. Етади… Профессор изланишни давом эттирамиз, бу Нобелга арзийдиган кашфиёт, деяпти…

– …

– Эртага учиб кетяпман. Омон бўл…

Ҳамроҳ машинадан тушди ва ортига бир бор ўгирилиб ҳам қарамасдан, енгил қадамлар билан институт эшигидан ичкарига кириб кетди.

Ҳайдовчи ҳеч нарса кўрмаётган кўзларини узоқ вақт шу эшикка тикиб қолди… Ахийри сал ўзига келгандай бўлди, энтикиб, хўрсиниқ аралаш чуқур нафас олди, машинани орқага қайирди, нимадир ёдига тушгандай шошиб чўнтагини кавлади, бир варақ қоғозга компьютерда битилган чиройли рўйхатни олди. Дарҳақиқат, ўн тўққиз банддан иборат рўйхатнинг тўққизтаси қизил ручкада ўчирилганди.

Ҳайдовчи рўйхатни яна бир бор диққат билан қараб чиқди, сўнг газни босди ва машинасини қишлоғи томон учириб кетди…

Намозшом палла, овулга яқинлашган сайин ҳайдовчи кўксини аламли армонми, изтиробли қўмсашгами ўхшаш недир оғули туйғу куйдириб-ёндириб ўртаётганини кучлироқ ҳис қилаверди… Бунга тоқат қилиш тобора мушкуллашиб борарди… Ниҳоят баногоҳ кўзларидан тирқираб ёш отилиб кетган ҳайдовчи чидаб тура олмади: шахд билан машинаси рулини кескин ёнбош­­га бураркан, баайни ярадор бўри ёхуд қонли жиноятга қўл уриб бўлган, энди юракни ўртаб, ҳаётини остин-устун қилиб юбораётган пушмонлик азобида қоврилаётган қотил мисоли увиллаб юборди…

Манба:»Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

40312.jpgYAXSHI ASARNING DUNYOGA KELISHI – MO»JIZA
Yozuvchi Abduqayum Yo’ldosh bilan suhbat
Dadaxon MUHAMMADIEV suhbatlashdi
09

022Abduqayum Yo’ldosh 1962 yil 29 fevralda Samarqand viloyatining Qo’shrabot tumanida tug’ilgan.Toshkent Politexnika institutini (hozirgi Texnika universiteti) bitirgan (1985). «Qaro ko’zim. Shayx ur-rais» (1990), «Sunbulaning ilk shanbasi» (1998), «Timsohning ko’z yoshlari» (2003), «Parvoz» (2004), «Bir tun va bir umr» (2007) kabi kitoblari nashr etilgan.R. Bredberi, A. Kristi, F. Braun, E. Potter hikoyalarini, YE. Berezikovning «Buyuk Temur» romanini (H. Shayxov bilan hamkorlikda), P. Shermuxamedovning «Buyuk Xorazmiy» romanlarini o’zbekchaga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999)..

09

— Ko’pchilik sizni “Interv`yu bermaydi, kam gapiradi”, deydi. Bu xarakter bilan bog’liqmi yoki boshqa sababi bormi?

— Bilmadim. Shunaqa kamchiligim ham bo’lsa kerak-da. O’zi tabiatan kamgap odamman. Davralarda gap-so’zlarni jimgina eshitib o’tirishni ma’qul ko’raman. Shu yaxshi-da. Qadim ma’qulot (aksioma) bor-ku: ichingdagi gap sening quling, tashqariga chiqqandan ke­yin uning quli bo’lib qolasan…

— Bundan bir necha yil avval “ko’cha adabiyoti” mavzusidagi suhbatingizda “aldabiyot” degan so’zni ishlatgan ekansiz…

— To’g’rirog’i “Adabiyot ichidagi Aldabiyot”… Bilasiz, biz yozuvchilik hunarini ehtirom bilan tilga olamiz, har qalay, inson ruhiyatining muhandislari ular. Ayni paytda andakkina piching-istehzo bilan aytiladigan “yozg’uvchi” “unvoni” ham bor. Ba’zi joylarda shikoyatchini, adabiyotda esa iste’dodsiz kishini shunday atashadi.

Biz keyingi paytlari ilgari adabiyotimizda kuzatilmagan bir voqelikning guvohi bo’ldik, shekilli. Yaratilgan shart-sharoit, erkinlik tufayli ko’pchilikda istagan odam yozishi, qo’sha-qo’sha kitoblar chiqarishi mumkin, degan bir yanglish fikr shakllandi. Bilmadim, qachonlardir har qanday insonning umrida ko’rgan-kechirganlari, mushohadalari, xulosalari bir kitobga jam bo’ladi, deb o’qigandim. Balki shu sabablidir ijodkorning ke­yingi kitobi muhim, degan qarash ham bor edi. Ya’ni aynan ikkinchi kitob iste’dod mezoni bo’la oladi. Biroq, afsuski, Abdulla Qahhor ta’biri bilan aytganda, “adabiyotga tutab kirgan”, birinchi asari ham “tanqiddan tuban” bo’lgan grafomanlar ikkinchi… o’ninchi kitoblarini va hattoki zarhal muqovali tanlangan asarlarini chop ettirib charchashmayapti…

Ba’zi chet davlatlarda arzimagan chaqa turadigan kitoblarni uchratish mumkin. Poezdga chiqayotganda olasiz, tushayotganda tashlab yuborasiz. Vagonda zerikkanidan kimdir pista chaqadi, kimdir musiqa eshitadi, kimdir esa ana shu kitobni o’qib ketadi. Ermak, odamning vaqtini o’ldirish vositasi. Na yurakda iz qoldiradi va na tafakkurda.

Lekin chop etilgan matnga hurmat bilan munosabatda bo’linadigan bizda “aldabiyot”ning yomon tomoni shundaki, kitobni tashlab yuborgan bilan uning ta’sirini tashlab yuborib bo’lmaydi. Bir gap bilan bir kishini, o’n kishini aldash mumkin, lekin shunaqa kitob chiqarib minglab kishini aldash aslida jinoyat bilan teng. Odamning tafakkurini, ko’nglini aldaydigan, orzularini saroblar ortidan chopishga majbur etadigan bunday adabiyotni “aldabiyot” demay nima deyish mumkin?

— Lekin o’quvchilar o’shanday kitoblarni o’qishyapti. Shu bois, ularning mualliflari o’zlarini yozuvchi hisoblashadi.

— Bemalol “katta yozuvchi hisoblashadi” deyavering. Axir hali siyohi qurimagan qo’lyozmasini og’izlaridan bol tomib tinmay maqtab turadigan, asarlariga balandparvoz so’zboshiyu taqrizlar yozib beradigan guruhlar ardog’ida bo’lganidan keyin oxir-oqibat bunga o’ziyam ishonib qoladi-da…

Bu savdo sizlarning ham boshingizda bordir: komp`yuterda oppoq qog’ozga san’at asariday chiroyli tarzda chiqarib kelingan asarni o’qishimizga to’g’ri keladi. Aslida eng og’ir yumush – asar haqida fikr aytish. Bu matematika bo’lsa ekan, shartta hisoblab, isbotlab bersang: “Birodar, sizda ikki karra ikki besh bo’lib qolibdi-ku”, deb. Xullas, fikrimizni aytamiz. Tabiiyki, muallif bunga qanoatlanmaydi. “Shuncha personajim bor, shuncha qahramonim bor, syujetim bor, yechimim bor, yana nima kerak sizlarga o’zi?” deya oyoq tirab turib oladi. Buyam kamday, “Bu voqea falon yili pismadon qishloqda bo’lgan, guvohlarim bor”, degan das­tak ham keltiradi. Falon yili pismadon qishloqda bo’lgan voqea­ning adabiyotga aloqasi yo’qligini tushuntirolmay xunob bo’lasiz… Oq qog’oz hammasini ko’taradi, deya uning yuziga har baloni chaplab tashlash gunoh axir…

Lekin, shukrki, yurtimizda bunday o’tkinchi so’zbozlikka qarshi tura oladigan asl Adabiyot bor.

— Ana shu asl Adabiyot yaratilishida avlodlar shakllanishi qanday kechadi sizningcha? Qalamkash ijod maydoniga kirib kelgandan so’ng uning yoshiga qarab avlodlarga nisbat beriladimi? “Falon yillar avlodi” degan tushuncha ijodkorlar orasida sarhadlar yaratmaydimi?

— O’sha, siz tilga olgan suhbatda “Asl ijodkorlarni taqvim sahifalariga qarab avlodlarga bo’lish an’anasiga unchalik qo’shilolmayman. Nazarimda, yaqin-uzoq kechmish yoinki bugungi kun, avvalo, adabiy kashfiyotlari hamda qalamkash Shaxslari bilan e’tiborga molik bo’lgani ma’qulroq”, degan edim. Adabiyotda avlodlarga bo’linish nisbiyroq hodisa. Deylik, ijodkorlarning dunyoga, adabiyotga qarashi, voqelik bo’lgan asarlariga, aytolgan so’zlariga nisbatan bu tushunchani qo’llash mumkindir.

Adabiyot kechmishiga nazar solsak, qaysidir avlodlarga mansub muayyan qalamkashlargina el nazari-e’tiborida, e’zozida qolishiga shohid bo’lamiz. Deylik Abdulla Qodiriy, Oybek, Tog’ay Murod…

Tiriklik tomirlariga yangi qon jo’shqin hayot, quvvat olib kiradi. Adabiyotda ham shunday. U hamisha iqtidorli yoshlarga, demak yangi avlodga muhtoj. Bu taraqqiyot qonuni.

— Bugungi ayrim yosh ijodkorlar yangicha yo’nalishni, yangicha yo’lni tanlashganini iddao qilishmoqda, hatto butunlay yangi “zamonaviy adabiyot” yaratilishi haqida gapirishmoqda. Bunday da’volar, misol uchun, sizning tengdoshlaringizda ham uchraganmi?

— Albatta. Faqat yoshlarda emas, kattalarda ham bo’y ko’rsatib turadi bunday holat. Hech bo’lmasa “Men modern usulida yozaman, asarlarimni 20-30 yildan keyin tushunishadi”, deyishadi… Lekin izlanish, intilish bo’lgani yaxshi, bularsiz adabiyot qotib qoladi. Illo Adabiyot hech qachon bir yo’ldan ketmaydi, bir qolipga tushib qolmaydi.

Adabiyotda – barcha sohalarda bo’lgani kabi – natija muhim. Aslida yaxshi asarning dunyoga kelishining o’zi bir mo»jiza. Ammo… qani endi ong-shuuringizni, qalbingizni alg’ov-dalg’ov qilib tashlaydigan, kulib turib yig’latadigan, yig’lab turib kuldiradigan, sahifalarini titrab-qaqshab, o’zingizdan qizg’anib o’qiydigan, kechalari uxlatmaydigan asar qo’lingizga tushib qolsa… Uni o’qib chiqasola kun-tun demasdan barcha yaqinlaringizga, tanish-bilishlaringizga hayajon bilan qo’ng’iroq qilsangiz, tuyg’ularingizni ichingizga sig’dirolmasdan “Shunday asar yaratilibdi!” deya suyunchi so’rab tursangiz, shaharni tentib, muallifini qidirsangiz… Shundan ortiq baxt bormi adabiyot uchun!.. “Izm”laru “us­lub”­lari ikkinchi darajali masala… O’quvchi uchun muhimi asarning favqulodda buyukligi…

— Abduqayum aka, qahramonlaringiz orasida nega qiynalgan, jabr ko’rganlar ko’p? Bu uslubmi yoki shu orqali nima demoqchi ekanligingizni aytib berish, o’quvchiga nimadir de­yish osonroqmi?

— Yozgan odamlarim haqida hali hech kim bunday demagan edi… Bilmadim… Dostoevskiyni ko’p­roq o’qiganman, uning “iztiroblar orqali tozalanish”, degan gapi menga yoqadi. Avvaliga bu fikrga hayron bo’lganman, so’ng, o’ylab qarasam, chindan ham qahramonning qalb kechinmalari, hissiyot po’rtanalari, azob-uqubatlari o’quvchining ruhan tozalanishiga, ma’nan yuksalishiga xizmat qilarkan. Sardaftarni esa, ayonki, dilda dardi bor odam kavlaydi…

Qalamkash voqeadan qattiq ta’sirlanmasa yaxshi yozolmaydi. Fav­qulodda holatlar, ziddiyatlar, kuchli to’qnashuvlar, insonning aslida kimligini namoyon etib beradigan oniy soniyalar, asl fe’l-atvor “yarq” etib ko’zga tashlanadigan holatlar… Mana shular emasmi asarning xamirturushi.

To’g’ri, kundalik hayotda har kuni bunaqangi voqeliklarga duch kelavermaysiz. Ammo shunga qaramasdan qahramonlarimni turmushimizda har qadamda uchrab turadigan oddiy odamlar deb bilaman. O’zimiz ko’rib-bilib yuradigan odamlar. Men faqat imkonim darajasida ularning besarhad ko’ngil saltanatiga razm tashlashga harakat qilaman, qahramonlarimning kechagi, bugungi, ertangi kunini tasavvur etaman va qarabsizki, yuragingizni o’rtab yuboradigan, qo’lingizga qalam ushlashga majbur etadigan syujetlar qatorlashib kelaveradi…

Darvoqe, bu mulohazalar o’zimning kamtarin, xususiy hayotiy tajribalarim mahsuli va ularni retsept yoinki qat’iy fikr sifatida qabul qilish aslo joiz emas.

— Kitob o’qish, kitobxonlik haqidagi fikrlaringiz.

— Maktabimizning kattagina kutubxonasi bo’lardi. Kutubxonachi opa yoshimizga qarab kitob tavsiya qilardi. Masalan, o’n ikki yoshimda opa menga “Ming bir kecha”ning biron jildini bermagan, “yoshing­ga to’g’ri kelmaydi”, degan. Nazarimda, bugun ham kutubxonalarda ana shu usulni kuchaytirish kerak.

Buning uchun esa kutubxonachi hamma kitobni o’qib chiqqan, ular haqida o’z mustaqil tushunchasi, tasavvuriga ega, yuksak ma’naviyatli mutaxassis va tarbiyachi bo’lishi lozim. Faqat shunday mutaxassisgina qaysi bolaga qanday kitobni tavsiya etishning hadisini olgan bo’ladi. Demak, aynan kutubxonachi maktabda eng ko’p maosh oladigan xodim bo’lishi lozim. Chunki u ma’rifat tarqatuvchi, kelajak darvozasi hisoblangan kutubxona mudirasi…

Keling, o’rni kelib qoldi, sizga tanish bir muammoni aytay. Balki bu borada jurnalistik surishtiruv ham o’tkazarsiz. Tuman markazlaridagi, qishloqlardagi maktablar kutubxonalarida har xil saviyadagi asarlar turibdi. Ular orasida “mahalliy klassiklar”, ya’ni “sariq matbuot” peshqadamlari shaxsan sovg’a qilgan yoki yo’lini topib sottirgan kitoblar ham bor. Yaltiroq muqovalarda, oppoq qog’ozlarda, kishining e’tiborini tortadigan rasmlar bilan chop etilgan. O’quvchilar oladi-da bunaqa kitoblarni. Aslida esa o’qituvchilar, birinchi navbatda savodxon kutubxonachi bunday tuhfa asarlarni o’qib ko’rib, bolalarga tavsiya etish-etmaslik masalasini hal qilishi shart. Bu aslo senzura emas. Bolalarni adabiy didsizlik, besavodlik, fahsh va sadizm ufurib turgan kitoblardan himoya qilish istagi, xolos.

— Abduqayum aka, mazmunli suhbatingiz uchun rahmat!

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasining veb-sahifasi

Abduqayum YO’LDOSH
QOTIL
09

I

– …Bu bir paytlar hashar yo’li bilan qurilgan yozgi klub edi: odamlar oqib keladigan hind kinolari qo’yilardi (“Ayyorlikka qarshi makkorlik”mi, “Makkorlikka qarshi ayyorlik”mi degan kinodagi yarim-yalang’och hind go’zallarining jununvash raqslarini jon-jahonini unutgan ko’yi, og’zi ochilib tomosha qilayotgan Bektemir tog’am nogoh alam bilan do’ppisini tizzasiga urgancha “Eh! Mana hayot!..” deya hayqirib yuborgan joy bu). So’ng bunaqa tomoshalar urfdan chiqib, ovul ahli uy-uyida shig’illatib video ko’rishga o’tgach, bino huvillab qoldi. Shu mahallari qo’lida pul o’ynayotgan tadbirkorlardan biri o’zicha qaydadir “kim oshdi” savdosi uyushtiribdi-yu, klubni kepak bahosiga sotib olib qo’­­yibdi.

Kutilmaganda qishloq zaminini titratib, “qulub” tomon shiddat bilan kelayotgan bahaybat bul`dozer, ikkita yuk mashinasi va o’ntacha mardikorni ko’rganlaridan keyingina bu ishbilarmon bandaning asl maqsadi binoni buzib, undan chiqqan materiallarni sotish ekanidan xabar topgan ovul ulug’lari to’polon ko’tarib yuborishdi: oppoq soqollari ko’ksiga tushgan keksalarning qanchasi yo’lga chiqib o’tirib olgan, yana qanchasi hokimiyat tomon yo’rtgan…

Ishqilib, hammasi yaxshilik bilan tugadi hisob: oshig’ich tarzdagi tekshirish chog’i auktsion noqonuniy o’tkazilganligi aniqlandi-yu, oldi-sotdi shartnomasi bekor qilindi; ustiga-ustak, amaldagi tartib-qoidaga ko’ra sotib olingan ob’ektdan kamida besh yil mobaynida yuritib kelgan faoliyatiga mos ravishda foydalanish ham majburiy ekan… Ammo chollar qattiq norozi bo’lishgan ekanmi, natijani kutishdan charchab, kabinasida uxlab qolgan bul`dozer haydovchisi uyg’onganida mutlaqo tuyqusdan chap tomonga tortilib qolgan jag’ini to’g’rilay olmadi – og’zi qiyshiq bo’lib qolaverdi…

Shundan keyin ancha mahalgacha klubni xususiylashtirib oladigan mard topilmadi…

Vaqt o’taverdi, ko’p narsalar yoddan chiqdi va aloha yana qishloq markazidagi bino atrofida o’ralashib yuradiganlar paydo bo’lib qolishdi. Shundaylardan bittasi tumanga yugurdi, viloyatga yugurdi, axiyri nurab borayotgan klubni amallab o’ziniki qilib oldi-yu, u yoq-bu yog’ini tuzatgan bo’ldi-da, uning o’rnida rosmana choyxona ochdi.

Ovul aholisi soni o’n mingdan oshardi. Buning ustiga, elchilik, kunda-kunora qishloqqa kamida besh-o’n qo’noq keladi; tug’ilgan kunlaru muchal to’ylarini-ku, aytmasa ham bo’ladi. Shungami, dastlabki kunlardan choyxona manqallaridan ko’tarilgan quyuq tutun, archa cho’g’iga pishirilgan tandir kabob isi ancha-muncha kishini o’ziga bandi etdi-qo’ydi…

Ammo kattakon ovulda bir-biriga uzoqroq bo’lsa ham qarindoshligi yo’q ikkita odamni topib bo’larmidi! So’rida gerdayib o’tirgan falonchini ko’rgan pistonchi quyuq salom berib kirib kelaveradi, uchinchi hamqishloq ularni bosib o’tib ketishga iymanadi: noiloj davraga kelib qo’shiladi… Piyolalardagi “tentak suv” no’sh etila borgan sayin esa saxiyligu mehribonchilikning, namoyishkorona oqibatning hech adog’i ko’rinmay qoladi… Inchunun, tez orada choyxonachining ikkita yog’ bosgan “qarz daftari” aji-buji yozuvlarga to’ldi, xolos; xarajatga yarasha tushumdan hech darak bo’lavermadi. Sho’rlik choyxonachining jon achchig’ida “Nasiyaga berilmaydi!” deb nola qilishlari, hatto daraxt­­ga “Otvechayu”ga xizmat qilinmaydi!” deb yozib qo’yishlari allaqachon so’rilarni bo’lishib olib, o’zlariniki qilib olgan kunda-shunda ulfatlarga chivin chaqqanchalik ta’sir qilmasdi: “Opkelaver, palonchining jiyani!.. Bo’ling endi, bo’la!.. Obbo, o’lar joydamisan buncha? To’layman dedim-ku!.. Nima, yeb ketarmidim… Men senga begonamanmi?.. Otvechayu, akka!.. Temir daftaringga yozib qo’yaver dedim-ku, bo’ldi-da endi! Nima, shungayam qon chiqarish shartmi endi, a?..” Bularam kamday, hali SESdan kelishadi haqiqiy “temir daftar”ni qo’ltiqqa qisishib, hali “pojarniy”dan, hali soliqdan, hali tokdan…

Oxir-oqibat, kutilganiday, choyxonachi sindi. O’ziyam o’nglanmaydigan bo’lib sindi-yov. To’g’ri, bechoraning kuchi bechoraga yetibdi, deganlariday, kasodga uchrashi oldidan choyxonachi pensiyaga chiqqanini jo’ralariga “yuvib” berayotgan Bektemir tog’amni – nasiyaga, albatta, hisob-kitob keyin, pensiya olinganida bo’ladi – gap bilan chaqib-chaqib oldi: “Erkakmisiz, aka!.. Mana, o’zingiz qarang daftarga, shu bilan uchinchi marta qarzga o’tiribsiz! Insof ham kerak-da odamga!..” Bu dashnom nafsoniyatiga tekkan sobiq suvchi shartta o’rnidan turadi va shosha-pisha pichoqlarni dasturxon ostiga yashirayotgan jo’ralarining “hay-hay”lashlariga ham qaramasdan uyiga zipillab borib, so’qimga boqilayotgan uch yasharlik buqasini yetaklab keladi-da, ipini choyxonachiga tutadi: “Ma, ol, sen to’y!” Choyxonachi nima qilardi, oladi-da: ungani hisob.

Shunday qilib, faoliyatini kattagina qarz bilan yakunlagan choyxonachi “Endi o’zimning ovulimda bir xasni u yoqdan bu yoqqa olib qo’ymayman!” deb qasam ichadi va nimanidir isbotlashga qattiq jahd qilgan ekanmi, bor-yo’g’ini sotib bo’lsa ham, qo’shni tuman markazida choyxona ochadi-da, qisqa muddat ichida tuzukkina foyda ham ko’ra boshlaydi. Aytishlaricha, ona qishlog’idan borgan biror kishini ko’rsa bas, choyxonachi shartta g’oyib bo’lib qolarkan, uning bezbet xodimlari esa nasiya-pasiyani tan olishmas, ko’zlarini lo’q qilganlaricha “Oldindan to’lang” deb turaverisharkan…

Ha, mayli, bu gaplar o’z yo’liga.

Shundan keyin choyxona uch-to’rt marta qo’ldan-qo’lga o’tdi, ammo ish gurillab ketmadi. Axiyri binoning yarmini shu ovuldan chiqqan tadbirkor ayol sotib olib, tikuvchilik sexi tashkil etdi. Ayol balo ekan, “Tseximda xotin-qizlar ishlaydi, ularga begona odamlarning baqrayib qarab o’tirishi to’g’ri kelmaydi”, degan bahona bilan o’ziga tegishli qismni baland devor bilan to’sib oldi. Natijada choyxonaning bu qismi g’aribgina, shumshaygan joyga aylandi-qoldi. Rangi o’chgan, qiyshaygan-singan so’rilarda endi ovulning bekorchixo’jalari ora-sira “xalfana” osh qilib o’tirishar, boshqa paytlari esa uzzukun shoshqol surib, qarta o’ynashar, “Biror qo’noq kelib qolmasmikan” degan ilinj bilan sarg’ayib yo’l qarashardi.

II

Rosti, qishloqqa kelgan kezlarim choyxonani chetlab o’tishga urinaman. Ayniqsa, ikki marta o’sha bekorchilarning qo’liga tushganimdan keyin yanada ehtiyotkor bo’lib qoldim, ovulga qorong’ilik tushganda yo tong saharda kirib kelishni odat qildim.

Biroq bu safar shu odatimga rioya qilolmadim…

Qishloqqa ko’kda saraton quyoshi qaynayotgan tol tush mahali keldim. Borliq qizdirilgan tandirday yonayotgan bunaqa paytlari odam-ku odam, hatto qush-darrandalar, jonivorlar ham bir parcha ko’lanka izlab qoladi, o’zini lohas sezib, chalajon ahvolda kech tushishini, olovli shar ufqqa yonboshlab, shabada esa boshlashini kutadi…

Shu ishonch bilan katta yo’ldan qayrilib, choyxona yonidan o’tayotgan chog’im allaqachon “tayyor” bo’lib ulgurgan bir emas, ikki kishi yo’lga gandiraklab chiqqanini ko’rdim-u, beixtiyor tormozni bosdim. Bu nima degan gap, axir… Butun vujudim misday qizigan, ter sharros oqardi, ko’ylagim badanimga chippa yopishib qolgan, ko’zlarim achishadi. Shu ahvolda pastga tushdim. O’sha, meni ikki marta aynan shu yerda qo’lga tushirib, rosa xijolatga qo’ygan tanish chehralar…

Quchoqlashib ko’rishdik, go’yoki bir-birlarimizni sog’inib qolganmiz…

Ulfatlar meni ichkariga sudrashdi. Kirmayam ko’r-chi, qirq yil “Bizni mensimadi!” deb sasib yurishar..

So’rida Bektemir tog’am iljayibgina o’tirgan ekan.

Duodan so’ng hol-ahvol so’rashgan bo’ldik. E’tibor berdim, davrada o’tirganlardan biri sitilibgina chiqib ketdi. Ko’nglim g’ash bo’ldi, ammo buni sezdirmaslikka uringancha, “oling-oling”lardan so’ng dasturxondagi qotib qolgan nondan bir tishlam og’zimga soldim.

Men shoshilardim.

Illo, hammasi yana o’tgan gallardagi stsenariy asosida ketmoqda edi. Ya’ni, hozir bir piyoladan choy, keyin… bir piyoladan may, so’ng, tabiiyki, meni bunday kutib olganlaridan boshim osmonga yetgan ko’yi “Kechqurun uyga o’tinglar, bir bafurja gurunglashamiz”, de­­yishim kerak; tabiiyki, ular buni chin dildan aytilayotgan iltimos sifatida qabul qilishadi va zimmalaridagi majburiyatlarini halol ado etgan ko’yi kech tushar-tushmas uyimizga uzun-qisqa bo’lib kirib borishadi…

Men shoshilardim… Ammo ulgurmadim. Boyagi chaqqon ulfat do’kondan – o’z-o’zidan ayon: “Toshkentdan kelayotgan mehmon sharafiga” nasiyaga olingan, axir, mehmon otangdan ulug’ emasmi, bitta
sassiq aroq nima bo’libdi! – anavi bo’yning uzilgur “bo’yni uzun” bilan gazakka bir bo’lak yog’li kolbasa olib keldi.

“Ruldaman… Akamning yoniga borayapman, hidi chiqib tursa bo’lmaydi… O’zi, ichmayman…” qabiladiga bahona-sabablarim saraton otashida qolgan muzday izsiz eridi-ketdi: bu ovuldoshlarim uchun piyolani cho’qishtirmaslik, ichmaslikdan ortiqroq haqoratning o’zi yo’q edi: “Biz seni odam deb kutib olsak… boshimizga ko’tarsak… sen bo’lsang… Biz o’qimaganmiz-da, a? Mensimaysan-da, a?.. Senga el, qarindosh-urug’ kerakmi, o’zi… Ey, bilib qo’y, biz uchun sening shahardagi obro’-amaling bir tiyin, bizga sening oqibating kerak!.. Kerak bo’lsa… kerak bo’lsa…” va hokazo va hokazo.

Qizg’in qadah so’zidan so’ng noiloj aroqdan bir ho’pladim. U qaynab yotardi hisob… “Bu sake bo’libdi”, deb qo’ydi ulfatlardan biri mamnun tarzda mo’ylovini silarkan. Qarasam, men mutlaqo kutmaganda, hamon iljayibgina o’tirgan tog’am ham piyolani “oq” qilib qaytardi…

Yana bir bor uzr so’ragach, bo’ynimdagi qarzimni aytdim: hammani mehmondorchilikka chaqirdim. Ular guvillashib rozi bo’lishdi.

Meni kuzatib chiqqan, taqir boshi terdan yaltirayotgan Bektemir tog’am issiqdan harsillab-pishillagancha kelasi yili kenjatoyi kollejni bitirishini, o’shani o’qishga joylash kerakligini aytdi. Gapni qisqa qilish uchun ko’maklashishga va’da berdim. Shu bilan qadrdon tog’a-jiyanlarday quchoqlashib, kechqurun ko’rishishga va’dalashgan ko’yi xayrlashdik.

Uyga shoshdim…

Vaziyatni tushuntirgandim, o’zi bir muddat o’ylanib qolgan akam: “Bo’pti, sen o’ylanma, mehmonxonaga o’n besh-yigirma kishiga joy qilib qo’yamiz, quyuq-suyug’am joyida bo’ladi”, dedi va…
ko’zimni shamg’alat qilgan ko’yi bozorga jo’nadi.

Hammamiz ham xom sut emgan bandamiz, shu kuni akamni ortiqcha tashvishga qo’yganimdan xijolat chekib, orqavoratdan sur qo’noqlarning go’riga ortiqcharoq g’isht qalab yuborgan ekanmanmi, ishqilib, kechqurungi mehmondorchilik bo’lmadi, bezatilgan dasturxonimiz shunday qolib ketdi: choyxonadan gandiraklayotganini bildirmaslikka uringancha chiqib kelgan Bektemir tog’am uyiga kelib, kechga qadar birpas mizg’ib olish uchun cho’zilgan;
darhaqiqat, uxlab qolgan-u, ammo qayta uyg’onmagan…

III

Tog’amni ertasi kuni peshinda chiqaradigan bo’lishdi.

Tong sahardan to’n-do’ppi kiyib, bel bog’ladim, xesh-urug’ hassakashlar qatorida “tog’ajonim”lab ovoz chiqarib turdim.

Kim biladi, balki yaqini chin dunyoga ketgan odam sal alamzadaroq bo’ladimi, ishqilib, safda turgan mahalimiz Bektemir tog’amning yolg’iz kuyovi, hammaga allaqanday sinchiklab-shubhalanib qaraydigan – ba’zan mana shu sinchkovligini oshkora namoyon etib lazzatlanadiganday tuyuladi u menga – harakatlari sustroq, tog’am orqavoratdan “Kap-katta yo’ldayam siypalanib yuradi” deb ta’riflaydigan, viloyat markazidagi qurilish tashkilotlaridan birida prorab bo’lib ishlaydigan, burnining chap yarmida ortig’i bor Ortig’ali menga o’qrayib bir tikildi, ikki tikildi, baayni qaynotasi ketib, men qolganimdan norozidek. Bunga e’tibor berib ham o’tirganim yo’q edi. Biroq chiday olmadi, shekilli, janozaga kelgan navbatdagi qarindosh bunaqa paytlari tilga olinadigan “Bandalik… O’zi bergan o’zi oladi…” qabilidagi yupatishlarni aytayotgan mahal yonimizda g’o’ddayib turgan kuyov to’ppa-to’sindan:

– E, otam baquvvat edi, hali ko’p yashardi, asli u kishini mana shu kishilar o’ldirdi-da, – deya menga ishora qilsa bo’ladimi!

Qarindosh ikkalamiz dong qotib qoldik.

Shu payt bir guruh odamlar kelib qolishdi-yu, shu bilan bu gap yoddan chiqib ketganday bo’ldi.

Har nechuk, kuyovning qaynotaga mehri bo’lakcha bo’lgan, shekilli, degan tusmollarga ham bordim. Bu g’alatiroq tuyuldi o’zimga. Illo, hayotlik chog’larida tog’am Ortig’ali haqida anchayin ijirg’anibroq, keskinroq ohangda “O’ziyam sovuq, so’ziyam sovuq, qilig’iyam sovuq” deb gapirganini bir necha bor eshitgandim. Qarang, tog’amning shaharda shunday mehribon kuyovi bor ekan-u…

O’zbekning ma’rakasi o’zingizga ma’lum… Tashvishlar bilan bo’lib, Ortig’alining dashnomi butkul yodimdan ko’tarilib ketibdi.

Ammo kuyov qurg’ur unutmagan ekan…

Tog’amning “qirq”iga kelib, endi darvoza yoniga qo’yilgan jo’mrakda qo’limni yuvayotgandim, orqamdan kimdir vishillab qoldi:

– Mana, qotilning o’zi ham keldi.

O’girildim. Uch qadamcha narida Ortig’ali kuyov menga chaqchayib qarab turardi, yonida o’zi tengi bir erkak, go’yo bir tuki qilt etmasdan qanchalab odamlarni bo’g’izlab tashlagan ashaddiy jallodni ko’rayotganday rangi quv o’chgan holida menga baqrayib qolgan.

Bu endi haddan ortiq edi…

Ammo indamadim, ichkariga kirdim.

Mullaning qarshisidagi o’rindiqda uch-to’rt kishi qatoridan joy olib, marhum haqiga duoi fotiha qilayotgan mahalimiz bir narsani sezganday bo’ldim: ancha-muncha kishi menga o’qrayib-g’ijinib tikilardi… Hattoki birdan o’shshayib olgan mullaning o’zi ham bir necha bor menga yer ostidan yomon qarab qo’ydi…

Munosabat o’zgargani ichkarida ham sezildi. Avvallari “poytaxtdan kelgan qo’noq” sifatida majburlab-sudrab bo’lsa ham to’rga o’tkazishardi, bu safar bir-ikki qisir “keling, keling”­dan boshqa gap eshitmadim, o’rnim ham shundoqqina eshik yonida, poygakda bo’ldi.

Aslida-ku, bunga e’tibor ham bermasligim lozim edi. Axir, avvallari to’y-ma’rakalarga el qatori, oddiygina odam bo’lib kelib-ketishni shunchalar istardim-ku. Endi bo’lsa… Xom sut emgan bandamiz-da, hatto shunaqa mahallari ham izzat-nafsimizning quliga aylanamiz…

Uyga yolg’iz o’zim qaytdim…

Banogoh keyingi yillarda ovulda o’tadigan har qanday ma’rakaga otamiz o’rniga ota bo’lib qolgan akam bilan birga borishimni eslab qoldim. Bugun esa nimagadir u kishi meni kutmay jo’nab qolgandi.

IV

Hardamxayolroq tarzda o’tirgan akam bilan suhbatimiz qovushmadi. Go’yo u kishi mendan nimanidir so’ramoqchi bo’lardi-yu, ammo ikkilanardi.

Ortig’ali sovuqning beo’xshov qilig’ini aytsammi-aytmasammi deb turgandim, xayriyat, akamning o’zi yorilib qoldi:

– Sen anavi kelganingda… choyxonada… tog’am bilan qo’shilishib ichganmiding?

Gap qaysi kelganim haqida ketayotganini darrov tushundim, shuning uchun birga ichganimizni tan oldim, o’zimning ho’plab qo’yganimniyu, Bektemir tog’amning piyolani “oq” qilib tashlaganini ham esladim.

Akam so’nggi umidi puchga chiqqan odamday birdan bo’shashib qoldi, afsus bilan bosh chayqadi:

– E, attang…

– Nima gap o’zi, aka? Ma’rakada Ortig’ali bir sassiq gap qildi…

– Er-xotin bu gapni anchadan beri qishloqda yoyib yurishibdi.

Muzlab ketdim:

– Sayyora-ya? Uni nima jin urdi?

Akam ko’zlarini olib qochdi:

– Har kimning otasi o’ziga aziz…

– Judayam yaxshi. Lekin uning otasini men o’ldirmadim-ku?

– Ortig’ali oldimga keldi. “Ukangiz majburlab ichirmaganida otam hoziram tirik yurardi”, deb da’vo qildi.

– Da’vo?

– Yo’q, ochiqdan-ochiq, sudga beraman, demadi, lekin, bilasan, u yozish-chizishni biladi, o’qigan…

– Bu nima deganingiz? Axir, choyxonada bizdan tashqari yana oltita odam bor edi… Hammasi ko’rib turgandi. Ana, so’rasin. Xolmat akadan, Rabbim bo’ladan…

– So’rabdi. Bari birday “Biz ichkarida nomiga, mehmonning hurmatiga bir qultumdan olgandik, keyin tog’a-jiyan o’zlari ko’chada qancha ichishgan – buni bilmaymiz, lekin Bektemir aka tashqaridan bo’g’riqib, qiynalib nafas olib qaytib keldi”, debdi…

– …

Miyamda sanchiq turdi. Nafas olish ham og’ir edi…

Qishloqdan tong qorong’isida, hech kimga ko’rinmasdan jo’nab ketdim. Xuddi o’g’riga yo bo’ynida aybi bor odamga o’xshab…

V

Ovulimizda odatda keksayib vafot etganlarning yil marosimi besh yoki yetti oydan keyin o’tkazilardi: axir, qarindosh-urug’larning marhum hurmati uchun to’xtatib turgan to’y-po’ylari bor.

Akam xabar qildi: Bektemir tog’amning yili besh oydan keyingi birinchi payshanbaga belgilanibdi. “Kelmasang bo’lmas”, dedi akam. “Albatta yetib boraman”, dedim men. Shu bilan gapimiz tugaganday edi. Biroq akam bir muddat ikkilanib, g’udranib turgach, oxiri “Ertan-pertan bir kelib ket, maslahat bor”, deb qoldi.

“Yana nima bo’ldi ekan?” degan o’ydan yuragim po’killagancha shanba oqshomi ovulga yetib keldim. Bir piyola choydan so’ng akam meni molxonaning qorong’i xonasiga boshlab kirib, yaxshi niyatda, o’g’lining sunnat to’yiga boqayotgan kattakon ho’kizga ishora qildi:

– Shuni… tog’amnikiga oborib ber… Harna yordam-da… Yiliga kamida olti yuzta odam keladi… Buning go’shti… yetadi… Yetmay qolsa, bironta uloq so’yishar…

Albatta, qarindosh-urug’larning og’ir kunlarda bir-birini qo’llashlari azaldan ma’lum. Biroq… to’y-chi?

Akam meni gapirtirmadi:

– Bosh omon bo’lsa, mol topiladi, uka… Harna, gap-so’zning payi qirqilgani… Sen ketasan… Bu yerda biz qolamiz…

Men nodon shundagina akamning qay ahvolda yashayotganligini his etdim… Darhaqiqat, men ketaman, akam qoladi… To’yga boradi, ma’rakaga boradi, kunda-kunora g’addor Ortig’alining chag’ir ko’zlariga duch keladi, xesh-urug’larning pichingli, nafratli luqmalarini eshitadi; akamni turtkilashadi, gap bilan o’yib olishadi, ayollar unga eshittirib qarg’anishadi, bolalar so’kinib, tosh otib qochishadi; gap-gashtaklarda, mehmondorchiliklarda imo-ishorali fisqu fasodlar qilishadi… O’, ovuldoshlarim buni boplashadi!.. Yana… “Ortig’ali biror joyga yozib yubormasmikan…” degan doimiy vahima… Axir, kuyov xat-savodli, Toshkentday joylarda o’qib kelgan… O’zi yozmagan taqdirda ham bir nimalik bo’lib qolish ilinjida unga o’rgatib turadiganlar qancha… Ana, Xolmat qorovul, pensiyaga chiqqanidan so’ng qo’shni tumanlik ikki bolali yesir xotinga uylangandi, bir-ikkita “zakunchi” ovuldoshlarining pishang berishi bilan xotinining oldingi erini qanaqadir “nafaqani necha yildan beri to’lamay kelgan ekan” deb sudga berdi; xotinining uvvos solib yig’lashlariga, nimalarnidir zo’r berib tushuntirishlariga parvo qilmadi, “Hujjat yo’q-ku”, deya bez bo’lib turib oldi. Sobiq er sudlashib o’tirishdan or qilganmi, ishqilib, tanishidan yigirmata qo’chqor berib yuboribdi. Yo’q, ortida turgan odamlardan yaxshigina maslahatlar olgan Xolmat ko’nmadi, “Yana o’nta bersin u nokas! Faqat qiltirig’idan emas, semiz-semizidan bo’lsin! Sag’rini yaltirab tursin! O’ttiz besh kilodan kam bo’lsa, olmayman! O’zim tarozida tortib ko’raman!” deb turib oldi. Bu gal yuk mashinasida “nokas” sobiq erning o’zi keldi va indamasdan o’nta emas, yana yigirmata bo’rdoqi qo’chqor tashlab ketdi. Birdan qirq qo’chqorli boyga aylanib, “Cho’chqadan bir tuk-da”, degan g’alati hikmatni tilidan qo’ymay qolgan Xolmat o’ziga ariza bitib bergan “yozg’uvchi”larga kelishilganidek ungan o’ljaning o’n foizini emas, besh foizini bergani uchun ancha mahalgacha ular bilan qirpichoq bo’lib yurgani hisobga olinmasa, ana, yashayapti gerdayib. Aytishlaricha, umrida eshakdan boshqa ko’ligi bo’lmagan sobiq qorovul endi oppoqqina “Neksiya”ni mo’ljallab yurganmish…

Keyinroq eshitib qoldim, tuman markazida bir alkash ulfatlari bilan ichib-ichib, so’ng ikkinchi qavat balkonidan engashib qayt qilayotgani mahal beton yo’lakka boshi bilan yiqilib tushgan, “miyasining qatig’i chiqib ketgan”, shu zahoti til tortmay o’lgan. Ovulda kimdir hazillashmoqchi bo’lganmi, adashganmi yo atay shunaqa yo’l tutganmi, ishqilib, o’sha davradagi ulfatlar orasida mening ham bo’lganligimni aytgan… Odamlar… odamlar bunga chippa-chin ishonishgan… O’sha kunlari yurgan yo’lida ajal ekib yuradigan “kasofat” ukasi bois ne ahvolga tushgan ekan sho’rlik akam… Akam shosha-pisha tuman markaziga borib, haqiqatni oydinlashtirib keladi, ammo allaqachon bo’lar ish bo’lib, bo’yog’i ko’chgandi, inchunun, haqiqatni eshitadigan quloqlarni topish mahol edi, ustiga-ustak, Ortig’alining yaqin bir jo’rasi mening shaharda – ol-a! – yashirin aroq ishlab chiqaradigan sexim borligidan xabardor ekan! Umuman, men “o’larday
ichib olgan bo’lsam ham” mashinani haydab ketaverarkanman, men yomonning kasri yaxshilarga urarkan. Ana yana bir isboti: aynan o’shanda, ya’nikim Bektemir tog’am bilan ko’chada ichganimda ham men tullak o’zim ishlab chiqargan soxta arog’imdan olib kelgan ekanman, so’ng iz qoldirmaslik uchun, shishani mashinamga yashirib qo’ygan ekanman, buni ko’rganlar bor ekan…

Men… esladim… O’shanda, tog’am bilan xayrlashganimdan so’ng azbaroyi chanqab, tomog’im qaqrab ketganidan mashinaga o’tirganimda orqa o’rindiqda yotgan baklashkadagi gazsiz suvdan ichgandim, keyin idishni joyiga otib yuborgandim…

Xullas, tong saharda ho’kizni yetaklab Bektemir tog’amning uyiga bordim. Nazarimda, hamma tushunmovchiliklar, dilxiraliklar shu bilan barham topadiganday edi (har qalay, yegan og’iz… uyalar). Iloyo, kelgan balolarning barisi shu ko’zlari mo’ltirab turgan begunoh tilsiz jonivorga ursin…

Rost, akamga jonim achiydi: o’zi jo’jabirday jon. Ammo nima ham qilardim… Ovul o’rtasidagi tepalikka chiqib olib, “Tog’amning o’limida mening aybim yo’q, musulmonlar!” deb baqirolmayman, uyma-uy yurib, o’zimning begunohligimni aytib chiqolmayman, illo, har ikkala holda ham bunaqangi qilig’im menga nisbatan shubhani kuchaytiradi, xolos: “Bir balosi borki, g’imirlab qopti…” yoinki “Aybi bo’lmasa, shuytib qaltirab qolarmidi…” qabilidagi xulosalar urchib ketishi aniq…

Ovulda… hali qimirlamasidan burunoq yer tagidagi ilonni bilib oladiganlar bor ekan. Hamon yodimda: atrof endi sutday yorisha boshlagan mahal men ho’kizni yetaklab Bektemir akaning uyi yoniga keldim va qo’llarini chalishtirgancha darvozaga suyanib turgan Ortig’alini ko’rdim. To’g’rirog’i, kuyovni ko’rishdan oldin uning yalang oyog’ida salanglab turgan qizil rang yirtiq rezina shippagiga ko’zim tushdi…

Men to’xtab, bosh ko’tardim.

O’, qarshimda alam va nafratdan battar qisilib ketgan, mazax va g’oliblik sururidan chaqnayotgan ko’zlarni, halitdan intiqom olish lazzatini tuygan holda pir-pir uchayotgan yupqa lablarni, g’oliblik nashidasidan lovillayotgan yuzni ko’rdim. Bu banda… Ortig’ali… allaqachon o’zi, ehtimolki, to’qib chiqargan o’trigiga, cho’pchagiga mutaassiblarcha ishonib qolgan va endi dunyoning jami haqiqatlari Ko’hiqof tog’i misoli bosib kelgan taqdirda ham ularni tariqchalik inobatga olmaydigan johil kimsaga evrilgandi.

Ammo… chiqmagan jondan umid. Men qalt-qalt titragan ko’yi indamasdan ho’kizning ipini tutdim.

Lekin u… u… olmadi…

– Nega? – chinqirib yubordi yo’lga chiqqanlaridan beri miq etmasdan, haydovchining gaplarini diqqat bilan eshitib kelayotgan hamroh.

Haydovchi og’ir so’lish oldi.

Gapini davom ettirganida uning ovozi titrardi.

– Bilmadim… Uning bir og’iz “Otamni bir molga tengladingizmi?” degani esimda…

O’sal bo’lib ortimga qaytdim.

Buni eshitgan akam tipirchilab, vahimaga tushib qoldi va, nazarimda, birinchi marta menga shubhalanib qaradi. Yo’q, ho’kizni oborganimga emas, aybsizligimga ishonqiramay qaradi… Kim biladi, sho’rlik sodda akamning ko’ngil qa’riga ayni lahzalarda ne o’y-gumonlar ilonlari sudralib kirgan ekan…

Rangi battar qorayib ketgan akam dilidagini tiliga ko’chirmaslikni uddaladi va shosha-pisha uyga kirib, taxlangan ko’rpalar orasidan besh-o’n dasta pul olib chiqdi-da, aniq esimda, ularni qora salafan xaltachaga solib, qo’limga tutqazdi:

– Buniyam qo’shib ber… Arzimagan narsa, de… Gapir, jim turma… Yaxshi gapir… Kerak bo’lsa, yalin… Qarindoshmiz de. Yaxshi kunlaringda xizmatingni qilay de… Olishga ko’ndir… Shunda yaxshi bo’ladi… Hammamizga… Bor… Tez bor…

Men miyasi olib tashlangan qo’y kabi garangsib yana tog’amning uyiga yo’l oldim.

Baayni qaytib kelishimni bilganday, Ortig’ali yerdan o’sib chiqqan qoya misoli o’sha joyida qaqqayib turgan ekan.

Pulga hattoki qayrilib qaramagan, ojizona ming’irlashlarimni eshitib o’tirmagan kuyov o’zining mag’rurligidan o’zi tong qolgan ko’yi titrab-qaltirab sado berdi:

– Men… men otamni sotmayman, aka!

Ha, u aynan “otam” dedi. Og’zini to’ldirib aytdi.

Qani edi, uning shu tilini uzib olsam, so’ng orqasiga o’xshatib bir tepsam…

Vaholanki, o’zim shunga o’xshash ahvolda uyga qaytmoqdaydim.

Hali aytdim, shekilli, odamlar hali ilon qimirlamasidan burun uning o’ralib yotgan joyiniyu, nimani qo’riqlab yotganidan to qachon qimirlab qo’yishiga qadar aniq-tiniq bilib turishadi, deb. Mening misolimda ham shunday bo’ldi.

Oradan bir osh pishgulik fursat yo o’tdi, yo o’tmadi, ishqilib, yarim ovul mening bitta oyog’ida zo’rg’a turgan oriq-tiriq g’unajin va bir yashik aroq bermaydigan darajada arzimagan aqcha bilan – “nosvoy puli-ya!” deyishardi bu gapni boshqalarga oshig’ich tarzda yetkazayotganlar nafratlanib – kuyovni sotib olishga uringanimdanu, qaynotasiga bemisl sadoqatli kuyov meni oldiga solib haydaganidan voqif bo’lib ulgurdi. Bunday harakatning talqini esa bitta bo’ladi: “Aybdor!”… Va bunday hukmga qarshi kurashishning, uning dahshatli, aql bovar qilmas darajada ulkan qudratini, mahobatini asta-sekinlik bilan susaytirib borishning, yemirishning yo’li ham yagona bo’ladi: bet terisini iloji boricha qalin qilib olishu, hech narsa bo’lmaganday el-yurtga aralashib yuraverish, gapirsalar, o’zingni eshitmaganga olish, nuqisalar, o’zingni sezmaganday tutish, qulog’ing tagiga kelib baqirsalar, gap nima haqida ketayotganini tushunmayotganday o’zing­­ni anqovlikka solish; eng muhimi, yakkamoxov bo’lib qolmaslik, eldan ajralmaslik; qolganiga chidasa bo’ladi. Ayniqsa, ovulda akang, ikki singling bola-chaqasi bilan yashab turganida o’zgacharoq yo’lni tanlash imkoniyatining o’zi bo’lmaydi, bo’lishi ham mutlaqo mumkin emas…

Va men shunday yo’l tutdim…

VI

Haydovchi hamrohiga qarab siniq jilmaydi.

– Oldinlari akam oyda bir-ikki marta qo’ng’iroq qilib turardi: “Uka, ertaga falonchining janozasi… Imkoning bo’lsa kelib ket” yoki “Falon kuni piston qarindoshimizning to’yi. Vaqting bo’lsa bir ko’rinib qo’y”.

O’sha voqeadan so’ng esa… akamning iltimoslari… qat’iylashdi: “Kelmasang bo’lmaydi-yov… Odamlar nima deb o’ylaydi…”

Odamlarning nima deb o’ylashi esa ayon edi: “Bir balosi borki, qochib yuribdi… Beti qora-da, beti qora…”

Aynan shunday emasligini isbotlash uchun ham ovulda tutun chiqsayam erinmasdan borib turdim… Choyxonani chetlab o’tib, albatta… Umrimning yarmi yo’lda o’tayotganday edi, o’ziyam…

Gap-so’zlardan, o’zimni soddalikka olib so’rab-surishtirishlardan so’ng bilib oldim: o’sha kuni tog’am ulfatlari bilan ertalabdan ikkita nahorgi oshga borgan, qo’y go’shtidan tayyorlangan, qaziyam qo’shilgan oshdan yegan, choynakda olib kelingan aroqdan ichgan, choshgohga yaqin qo’shni qishloqda armiyada birga xizmat qilgan tanishining yubileyigayam kirib chiqqan, ayonki, bu yerdayam “yuz-yuz” bo’lgan, moyi chakillab tomib turgan tandir kabobdan bosib yeyilgan… Saraton otashida-ya!.. Qon bosimi bor odam-a!..

Endi, pensiyaga chiqqanidan ichishni butunlay tashlab yuborgan tog’amning o’sha kuni tuyqusdan nega yana aroq to’la piyolaga qo’l cho’zgani sababiga kelsak, buni hech kim aniq bilmasdi; kimdir
“O’zi, kayfiyati yo’qroq edi”, dedi; boshqasi “Uydagi g’idi-bidilar joniga tekkan”, degan taxminini aytdi… Ajal-da, ajal… Biroq Ortig’ali kuyovning bu boradagi qat’iy fikri allaqachon ovulga yoyilib, ko’plar uchun shak-shubhasiz haqiqat sifatida jaranglayotgani ham bor gap edi: “Sho’rlik “Oling!” deb turgan tus jiyanining qo’lini qaytarolmagan-da… Mehmonni izzat qilgan-da, bechora… Bo’lmasa-ku, shunday baquvvat odam, hali ancha yashardi-ya…”

To’y-ma’rakalarga boshimni egib borib, shu holimda qaytardim. Ancha-muncha hamqishlog’ing – e, xudo, ular orasida xotin-xalaj va… bolalar ham bor edi! – ortingdan o’qrayib, hattoki nafrat bilan qarab turganini his etishdan ortiqroq azob bormi odam uchun… Bunaqa mahallari “dod” deb yuborishdan o’zingni bazo’r tiyasan, tishlaringni bir-biriga shu qadar mahkam bosasanki, “qirs” etib singanini qonga qo’shib ichingga yutasan: tupursang, shuni ham gap qilib yuborishadi, axir…

Kelasi yili yoz bo’yi behuda yo’l qaraganim, bekorga Ortig’alining og’zini poylaganim qoldi: kuyov kollejni bitirgan qaynisini o’qishga olib kelmadi. Hech bo’lmasa, shu bolakayga imkonim darajasida ko’maklashib, murosa-madora so’qmog’ini qisqartirmoqchiydim, shuyam bo’lmadi…

Bir-bir yarim yil ichida qishloqning shu qadar ko’p to’y-ma’rakalari, turli katta-kichik tadbirlariga qatnashib, mashinamni ayamasdan shu qadar astoydil xizmat qildimki, endi keyingilarining birortasiga bormay qolishim g’alatiroq tuyulishi turgan gap edi. Axir, kelgan qo’noqlarni cho’tga solishni xush ko’radigan kimlarningdir “Xo’sh, nega endi falonchi-pistonchinikiga yetib kelgan odam bizni mirlamadi? Bu yerda bir gap bor…” deb qolishlari aniq. Bunday araz odatda vaqtning omonat ko’rpasi yopilgan eski gina-keklarni ocha boshlashga olib keladi. Bu esa menga kerak emasdi…

– O’shanda… o’n yilcha bo’lib qoldi-yov, a… shuning uchun institutdan ketgan ekansiz-da? – deb so’rab qoldi hamroh.

Haydovchi bosh irg’adi:

– Ketmasam ham bo’lmasdi. Axir, ikki kemaning boshini ushlab bo’lmasdi, bittasini tanlashim kerak edi…

Lekin, shukr, yomon bo’lmadim. Bir sutka qorovullik qilib, ikki sutka dam oladigan bo’ldim. Bekor kunlarim taksichilik qilaman, tuzukkina soqqa tushib turadi. Ishimning o’zimga eng ma’qul tomoni – chaqirib qolishsa bas, istagan vaqtim biror qorovul bilan smenamni almashaman-da, qishloqqa ketvoraman. Axir, bunaqa ishni kunduzi chiroq yoqib ham topib bo’lmaydi. To’g’rimi?

Hamroh nimagadir bu savolga javob qaytarmadi, buning o’rniga yana so’radi:

– Ishqilib, ovulingizda hammaning ko’ng­lini ololdingizmi?

Shu savolni kutib turgan ekanmi, haydovchi yashnab ketdi:

– Hammaning! Hammaning! Mayli, maqtanish bo’lmasin, deyarli hammaning!.. – so’ng baribir chiday olmadi, shekilli, oshkora maqtandi: – O’tgan yili to’y qildim. Katta restoranda. Qishloqdan uch avtobus odam keldi! Uch avtobus-a! O’ziyam, terimga sig’may quvondim. Bir odamning obro’yi bo’lsa shuncha bo’lar-da. To’g’rimi, jo’ra?

– …

Yo’ldan ko’z uzmay ketayotgan haydovchi battar hovliqib, lab-lunjini yig’ishtirolmay qoldi:

– Hozir bir gap aytaman, ishonmaysiz! Bilasizmi, to’yimga kim keldi? Ortig’ali! Ha, xuddi o’zi!.. To’g’ri, o’shshayib o’tirdi, lekin baribir keldi-ku! Keldi-ku! Dasturxonimdan bir to’g’ram bo’lsayam non yedi-ku. Tuzimdan totdi-ku! Ana oqibatning kuchi! Bo’lmasa, ostonamga tupurib ketadigan odam… Shuyam keldi-ya!.. Eng asosiysi esa, men bir umr bo’ynimda qolishi mumkin bo’lgan, nafaqat o’zimga, qishloqdagi yaqinlarimga, jigarlarimga zarar yetkazishi aniq bo’lgan “qotil” tamg’asidan qutulib qoldim… Endi hech kim menga, jigarlarimga barmog’ini bigiz qilib ko’rsatolmaydi!.. Hech kim!… Xech kim!.. Qoyilmisiz, jo’ra?..

Ko’zlari chaqnay boshlagan, o’rindig’ida sakrab-sakrab ketayotgan haydovchi har qancha shodlanmasin, hamroh nechukdir unga qoyil qolishga shoshilmasdi.

Bunga sayin haydovchining chakagi tinmasdi:

– Institutdan esa juda vaqtida ketgan ekanman, jo’ra. Bo’lmasa, haliyam yurardim…

Haydovchi jumlasini “sizga o’xshab” deb tugatmadi, ammo ma’nodor ko’z tashlab qo’yishidan nima demoqchiligi shundoqqina ayon bo’lib qoldi…

Buni tushungan hamroh kulimsirab qo’ydi-da, yana so’radi:

– Esingizdami, endi ish boshlaganimizda Aziz Nesinning bir hikoyasini o’qigandik. Bir kishi “Agar pashshalar bo’lmaganida edi, katta yozuvchi bo’lib ketardim”, deb shikoyat qilarmidi-yey…

Haydovchi baralla kulib yubordi:

– Voy pismig’-ey, haliyam esingizda ekan-da… Eh, u davrlar…

– Siz o’shanda… boshqacha… jo’shqin edingiz. “Qo’ng’izga arpa bahona ekan-da. Masalan, bizning ijod qilishimizga pashsha tugul, qonso’rar chivinlaru so’nalar, chayonlaru ilonlar, suvaraklaru kalamushlar, jazirama issig’u qahraton sovuqlar xalaqit berolmaydi, chunki biz toblanganmiz”, degandingiz. Esingizdami?

Haydovchi bosh qashlab, bir muddat o’ylanib qoldi:

– Shunaqa deganmidim? Aytsam aytgandirman. Endi, u paytlar ancha g’o’r bo’lganmiz-da, hayot nimaligini bilmaganmiz…

Hamroh haydovchiga sinchkov tikildi:

– Gapingizning davomi ham bor edi.

Haydovchi birdan jiddiy tortdi:

– Esimda. “Bizni pashsha-chivinlar, chayon-­ilonlar, suvarak-kalamushlar, issiq-sovuqlar yengolmaydi, lekin ba’zi bir ko’nikmaga aylangan odatlar yengib qo’yishi mumkin”, degandim… E’tiboringiz uchun, bu sof nazariy mulohaza edi…

Mashina ichiga jimlik cho’kdi.

Nihoyat haydovchi chidab turolmadi, portladi:

– To’g’ri-da, insonning yashashdan maqsadi birovlarning ko’nglini ovlash, xursand etish emasmi? Hazrat Navoiyni eslang: “Kimki bir ko’ngli buzug’ning xotirin shod aylagay, Oncha borkim, Ka’ba vayron bo’lsa obod aylagay…” Men bundan orttirib nima deya olaman?

O’pkasini to’ldirib chuqur nafas olgan haydovchi gapida davom etdi:

– Cho’ntagimda ro’yxat bor… Shu oyda qishlog’imning o’zida borishim shart bo’lgan to’y-ma’rakalarni belgilab qo’yganman. O’n to’qqizta. To’qqiztasiga borib keldim, bo’ynimdagi qarzimni ado etdim. Bularga har oyda rejadan tashqari besh-oltita tadbir albatta qo’shiladi. Boya aytdim-ku, ularda ham bir ko’rinib qo’ymasam, noto’g’ri tushunishlari mumkin… Bularga xotin tomonning, bojalarning, quda-andalarning borishim majburiy bo’lgan tadbirlarini qo’shing. Oyiga bir marta yor-birodarlar bilan “gap” yeb turamiz. Sobiq sinfdosh­lar bilan ham bir oyda bir marta albatta uchrashamiz. Ular bilan osh yeb, so’ng to’y-ma’rakasiga bormasam, yana bo’lmaydi, axir. Bu yoqda kursdoshlar, mahalladoshlar bilan osh… Oyda bir hamkasb qorovullar bilan choyxonaga chiqamiz… Orada taksichi hamkasblar ham chaqirib turishadi… Agarda siz bilan “Ilm qilaman! Dunyoni ostin-ustun qilib tashlayman” degan romantik xayollar og’ushida institutda yetaklashib yurganimda edi, bularning barisiga qachon ulgurardim, a? Qachon?.. Axir, mehr ko’zda, oqibat esa tez-tez ko’rishib turishda, jo’ra…

– Shu… shu bugungi hayotingiz o’zingizga yoqadimi?

Haydovchi bu savolga yengidan olib yoqasiga yopishtirar darajada juda tez javob qaytardi:

– Ming qatla shukr… Qornim to’q, ustim but, bola-chaqam, uyim, mashinam, obro’-e’tiborim bor… Bir odamga bundan ortiq nima kerak yana?

Endi hamroh o’ylanib qoldi…

Haydovchi o’zini majburlab kulimsiradi:

– Jo’ra, mashinaga chiqqaningizdan beri nuqul men gapiraman. Sizam yoriling-da bundoq. Nima ishlar qilyapsiz? Dabdurustdan meni yo’qlab qopsiz, ovozingizni eshitib boshim osmonga yetdi. Nasib qilsa, endi tez-tez ko’rishib turamiz, oshlarga birga boramiz. Buni qarang, xuddi buyurtma qilinganday, keyingi hafta kursdoshlarning gapi edi-ya… O’ziyam, zo’r choyxona-da, oshining guruchlari o’rmalab ketadi. Hamma yoq salqin, tepadan suv chakillab tomib turadi. Ulfatlaram zo’r, odamning joni…

Hamroh siniq kulimsirab, haydovchining gapini bo’ldi:

– Jo’ra. To’rt yildan beri chet eldaydim. O’tgan hafta keldim, o’zi…

Haydovchi shosha-pisha hamrohning gapini bo’ldi:

– Unda yanayam yaxshi. Rosa sog’ingandirsiz o’zimizning choyxona palovni.

Hamroh bosh chayqadi:

– Unchalikmas…

– “Grin-karta” yutib bordingizmi?

Hamroh bu gal sal shoshibroq bosh chayqadi:

– Yo’q, ishladim.

– Restorandami?

– Universitetda.

Haydovchi sergak tortdi, hamrohga diqqat bilan qaradi, so’ng qandaydir cho’chib, arang so’ray oldi:

– O’sha… mavzumi?

– Ha, o’sha, siz qo’l siltab ketgan mavzu… Institutimiz jurnalining oxirgi sonini o’qidingizmi?

– …

– Sizni izlab topganimning sababi, o’zingiz bilgan professor Madel bilan birgalikda qilgan tadqiqotlarimiz xalqaro tanlovda birinchi o’rinni oldi. Anchagina pul berishdi. Mukofotning menga tegishli qismining yarmini sizga ajratdim. G’oya muallifi sifatida bunga haqlisiz… – Hamroh orqa o’rindiqqa tashlab qo’ygan kichikroq diplomatga ishora qildi. – Bu sizga. Shu bilan… shu bilan oramiz ochiq…

– …

– Men shu yerda tushib qolaman.

Mashina ilmiy-tekshirish instituti binosi yonida to’xtadi.

– Xayr, jo’ra.

Haydovchi hamrohga merovsirab qaradi, bir nimani o’ylagani holda boshqa narsani gapirdi:

– O’tgan hafta kelgan bo’lsang… qishlog’ingga bordingmi… Kerak bo’lsa o’zim oborib kelardim…

Hamroh bir joyi og’rib ketgandek, quyi labini mahkam tishladi. So’ng o’zini majburlab bo’lsa-da kulimsiradi, ammo bu qandaydir achinish aralash siniq kulimsirash edi:

– Rahmat, borib keldim, jo’ra. Bir oqshom ota-onamning yonida bo’ldim. Yetadi… Professor izlanishni davom ettiramiz, bu Nobelga arziydigan kashfiyot, deyapti…

– …

– Ertaga uchib ketyapman. Omon bo’l…

Hamroh mashinadan tushdi va ortiga bir bor o’girilib ham qaramasdan, yengil qadamlar bilan institut eshigidan ichkariga kirib ketdi.

Haydovchi hech narsa ko’rmayotgan ko’zlarini uzoq vaqt shu eshikka tikib qoldi… Axiyri sal o’ziga kelganday bo’ldi, entikib, xo’rsiniq aralash chuqur nafas oldi, mashinani orqaga qayirdi, nimadir yodiga tushganday shoshib cho’ntagini kavladi, bir varaq qog’ozga komp`yuterda bitilgan chiroyli ro’yxatni oldi. Darhaqiqat, o’n to’qqiz banddan iborat ro’yxatning to’qqiztasi qizil ruchkada o’chirilgandi.

Haydovchi ro’yxatni yana bir bor diqqat bilan qarab chiqdi, so’ng gazni bosdi va mashinasini qishlog’i tomon uchirib ketdi…

Namozshom palla, ovulga yaqinlashgan sayin haydovchi ko’ksini alamli armonmi, iztirobli qo’msashgami o’xshash nedir og’uli tuyg’u kuydirib-yondirib o’rtayotganini kuchliroq his qilaverdi… Bunga toqat qilish tobora mushkullashib borardi… Nihoyat banogoh ko’zlaridan tirqirab yosh otilib ketgan haydovchi chidab tura olmadi: shaxd bilan mashinasi rulini keskin yonbosh­­ga burarkan, baayni yarador bo’ri yoxud qonli jinoyatga qo’l urib bo’lgan, endi yurakni o’rtab, hayotini ostin-ustun qilib yuborayotgan pushmonlik azobida qovrilayotgan qotil misoli uvillab yubordi…

Manba:»Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

Abduqayum Yo’Ldosh. Timsohning ko’z yoshlari. Qissalar by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 713, bugungi 1)

Izoh qoldiring