Vahob Ro’zimatov. Tarjimalar & Vahob Ro’zimatov haqida xotiralardan

Ashampoo_Snap_2016.11.13_18h11m29s_008_.pngСаҳифа таниқли таржимон Ваҳоб Рўзиматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланади

    Ваҳоб Рўзиматов эслашга арзийдиган ижодкор эди. Гарчи бу инсон ҳақида гап кетганда аксарият унинг мураккаб феъл-атвори ҳақида гапиради (сизга тақдим этилётган хотираларни ўқисангиз бу феъл ҳақида анчагина билиб оласиз деб ўйлайман).

Очиғи, унинг тунд феълидан мен ҳам четда қолмаганман. «Гулистон» журнали асл адабиёт эталони бўлган ўша олис 80-йиллар «Ёш гвардия» нашриётида ишласам-да, куним «Гулистон»да ўтарди. Нашриётнинг Ўзбекистон компартияси босмахонасидаги вакили бўлганим  учун ҳар куни келиб, бир соат ичида «Ёш гвардия»га  тегишли  қўлёзмаларнинг қайси бири ҳарф териш, қайси бири босма жараёнида, яна қайси бирини олиб чиқиб кетиш мумкинлигини билиб олардиму қолган 5-6 соатни «Гулистон»да ўтказардим. Ҳатто кўпчилик мени журналда ишлайди деб ҳам ўйларди. Ана шундай кунларнинг бирида Ваҳоб ака  мени журналда кўраверганиданми, «Оковси, сизгаям стол-стул қўйиб берайлик?» деб уялтиргани ёдимда. Унинг бу истеҳзоси шу пайтгача эшитганим: унинг кимларгадир айтган заҳарханда гаплари олдида ҳолва эди. Ваҳоб аканинг хаста  ўғли  адашим бўлгани учунми, мени аяган, деб ўйлайман.

Ваҳоб Рўзиматов эслашга арзийдиган таржимон эди. У маҳорат билан Михаил Шолоховнинг “Очилган қўриқ”, Константин Симоновнинг “Тириклар ва ўликлар”, Кобо Абэнинг “Қумдаги аёл” романларини, Артур Конан Дойл, К, Ж. Свифт, Л. Н. Толстой, А. Н. Островский, Н. Ҳикмат, А. С. Пушкин, А. П. Чехов, Ф. М. Достоевский, М. Горький, О’Генри, М. Твен, Р. Тагор, Ж. Родари ва бошқа ёзувчилар асарларини ўзбек тилига ўгирган. Шундай экан, ҳеч бўлмаганда, бугун Ваҳоб ака таваллуд топган куннинг 95 йиллиги нишонлаётган кунларда унинг бу хизматини унутмаслигимиз керак.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

ВАҲОБ РЎЗИМАТОВ ҲАҚИДА
ХОТИРАЛАРДАН
09

ВАҲОБ АКА ВА НУСРАТ РАҲМАТ
Шодмон Отабековнинг «Дўрмон ҳангомалари» тўпламидан

 1-img_03031a.jpg   Нусрат ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига ишга келиб, Ваҳоб Рўзиматов билан ҳамхона бўлиб қолади. Ваҳоб ака ўз ишини пухта биладиган, нуқтадон, билимли киши бўлса ҳамки, заҳарханда, пичинг, киноя қилишни ошириб юборадиган, ўз ибораси билан айтганда “тили заҳар”эди. Шунинг учун бўлса керак, бу одам билан ҳамхона бўлганлар, кўп ўтмай бошқа ҳамроҳ излаб қолишарди. Аммо Нусрат ака буларнинг барига чидаб келди ( У ўзининг “Нохуш хаёллар” ҳикоясига Ваҳоб акани прототип қилиб олган)

Ваҳоб Рўзиматов олтмиш ёшга тўлган куни Нусрат ака дўкондан гул келтириб, стол устига қўяди, у киши кириб келиши билан табриклаб, ёмғирпўшини елкасидан олиб, михга илади. Чолнинг бесўнақай соябонини бир чеккага олиб қўяди ва беихтиёр ҳазиллашади:

– Ваҳоб ака, шу зонтигингиз қозоқларнинг ўтовига ўхшаб кетади-я!

Аммо бу ҳазил Рўзиматовга ўтиришмабди:
– Йўқ, окоси, гўрнинг устига қуришадику, гумбаз дейди, шунга ўхшайди.

Пичингни илғамаган Нусрат ака қаҳ-қаҳ отиб кулибди:
– Ҳа, ҳа, ўшанга ҳам ўхшаркан.

Орага сукут чўмибди.

– Окоси, –  дебди ниҳоят Ваҳоб ака. –  Олтмишга кирган куним сиздан шу гапни эшитаман, деб ўйламаган эдим. Бу нима деганингиз?…Тезроқ гўрга кир деганингизми?

Нусрат ака ҳижолат чекиб, узр сўрай бошлабди. Бироздан кейин отахоннинг эътиборини тортиш учун бўлса керак, гулдастани унга қараб андак силжитибди.

–  Бу хашакни менга олиб келганмидингиз? –  дебди Ваҳоб ака аллақандай зарда билан
– Бу хашак эмас, гул, –  шошиб, эътироз билдирибди Нусрат ака. Аммо? синчиклаб қараса, дўкончи гулдастани катта-кичик барглар билан тўлдирган, орасига уч-тўрттагина гул солиб қўйган экан. У тағин хижолат чекибди.

Тушгача жим ўтиришибди. Ҳеч ким табриклагани кирмагани, телефон қилмаганидан ҳижолат чеккан Нусрат ака:
–  Ҳа, энди табрикловчилар тушдан кейин киришади, –  дебди.

– Нусратилло, –  дебди Ваҳоб ака, бу гал ўкинч билан, –  Тушдан кейин ҳам киришмайди. “Феъли бад — койиши жон” ( Ёмон феъл — жон азоби) дейишади тожиклар. Барига ўзим, мана бу заҳар тилим сабаб, – дебди.

Дарҳақиқат кечгача ҳеч ким кирмабди. Жўнаш олдидан Ваҳоб ака тағин Нусрат акага мурожаат қилибди.

–  Нусратилло, олмиш йиллигимда содир бўлган энг катта воқеа — сизнинг менга гул олиб келишингиз бўлди. Буни олиб кетаман, қизимга кўрсатиб, “мана, мени табриклашди дейман. Жуда қувонади. Хотиним ўтгандан кейин шу қизим билан қолганман. Ман бадбахтни тергаб туради”, – дебди.

Нусрат ака ёмғирпўшини унинг елкасига ташлаётганида, меҳрибонона оҳангда ҳазиллашибди ҳам:

– Гулдаста биринчи воқеа эди, буниси иккинчиси бўлди.

«МЕН АСҚАД МУХТОРНИНГ БОҒЛАБ ҚЎЙГАН ИТИМАН»
Сулаймон Раҳмоннинг «Тинч оқар дарё» эссесидан

0-AM-1a.jpg «Гулистон»да бошқа ҳеч бир таҳририятда бўлмаган тартиб жорий этилган. Ҳар бир материални аввало бош муҳаррир асосан маъқуллаб беради. Лозим топса, енгил-елпи қалам уради. Асосий иш – таҳрир шундан сўнг бошланади. Ҳар бир матн адабий ходим, бўлим мудири, адабий котиб, масъул котиб ва ниҳоят, бош муҳаррир ўринбосари Ваҳоб Рўзиматов қўлидан ўтади.

Ваҳоб Рўзиматов Асқад Мухторнинг ишонган тоғи. Тўрт амалнинг устаси. Ўз таҳрир мактабини яратган деса ҳам бўлади. Сўзни ҳис қилади, ўрнида қўллайди. Тили бой. Мабодо бисотидан керакли сўз топилмай қолса, янги сўз ясаб юборишдан ҳам тоймайди, «ковияқалам» га ўхшаш… Ёмон кўргани – «ганди». Уни қарангки, «ганди»ни мен ҳам ёқтирмайман. Иккинчиси – «ишди». «Борганди, келганди, олишди, келишди» каби сўзларга дуч келса, кўксиёҳли авторучкаси билан шартта «Борган эди, келган эди, олдилар, келдилар» деб тузатиб қўяди.

– «Олишди» десак, хаёл «кураш тушди, курашди»га кетиб қолади, оковси, «келишди» десак, икки кишининг ўзаро тил бириктиргани, бир битимга келгани тушунилади. Хуллас, «ишди»ни билиб, эҳтиёт бўлиб ишлатинглар, – дея тергаб қўяди баъзан.

– Маъно подтекстда билинади-ку? – деб билимдонлик қилмоқчи бўлсангиз:
– Мен бир медбрат бўлсам ҳам, сизга ўхшаб дорилфунунни битирмаган бўлсам ҳам, биламан, оковси, менинг устозим – Ғафур Ғулом, сўзни, имлони у кишидан ўрганганман, – деб чақади, иддао қилади.

Ваҳоб Рўзиматов аслида кенг маънодаги таҳрирчи эмас. Лозим бўлганда матнда мантиқни, изчилликни сақлаш учун композицияни ўзгартирмайди, абзацлар, жумлалар ўрнини алмаштирмайди, ўзидан абзацлар, жумлалар қўшиб бойитмайди, фикр тавтологиясини ёки матнга бегонароқ, ортиқча ўринларни қисқартириб, сиқиб, «сувини тўкиб» ташламайди. Унинг таҳрири асосан матннинг «битини теришдан»: «бўлди-бўлди», «қилди-қилди»лардан тозалаш, сўз тавтологиясини, яъни тишга тегадиган қайтариқларни йўқотиш, жумла тузишдаги нўноқлик-ларни бартараф этиш, «гандилар», «ишдилар» билан курашиш, мазмунни хиралаштириб турган баъзи сўзлар ўрнига ўткирроқ маънодош муқобилини топиб қўйиш, бутун ўзбек матбуоти «нақорат», «озорбайжон» деб бузиб ёзадиган сўзларни «нақарот», «озарбойжон» тарзида тўғри ёзилишини назорат қилишдан иборат.

Абдулла Қаҳҳорнинг тили аччиқ бўлганини, савияси паст асарларни юзхотир қилмай беаёв савалаганини биламиз. Шунинг учун мундайроқ ёзувчилар ундан ҳайиқиб турган, каттароқ асар ёзишга истиҳола қилган, деган гаплар юради.

Ваҳоб Рўзиматов Абдулла Қаҳҳор эмас, лекин зардаси ундан зўр, қаҳри ундан қаттиқ, тили ундан аччиқ. Жумлада арзимас ғализлик ёки имловий хато кўрса, жингалакка мойил, мошгуруч, патила сочлари тикка бўлиб кетади, юзингда кўзинг борми, демай сасийди:

– Қатка қаравоссиз, оковси?! «Кўпчилик келдилар» бўладими, «кўпчилик» кўплик маъносини билдиргани билан ўзи бирликда-ку, бирликда бўлгандан кейин «келди» бўлади-да. «Халқ тўпланишди ёки тўпландилар» бўлмайди, «тўпланди» бўлади. «Анчайин» «анчагина» деган маънода ишлатилвотти, нотўғри бу, у «шунчаки» деган маънони билдиради. Шунақаларга ихтиёт бўлинг-да! – деб ўзи «эҳтиёт» сўзини шевада талаффуз қилади, таъбир жоиз бўлса, оғзаки нутқда (атай талаффузда демаяпман) имловий хатоларга бемалол йўл қўяверади.

Аччиқ-тизиқ гаплари жон-жонингиздан ўтиб кетади. Лекин чидайсиз. Чунки тўғри. Фақат, хафа бўласизки, шуни ётиғи билан айтса бўлмасмикан? Бўлмайди: пиғли шунақа!

Баъзан ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, бирдан заҳрини сочиб қолади, кимнингдир арзимас бир хатоси учун дилингизни хуфтон қилади. Маҳмуд Саъдий кун бўйи китоб дўконларидан чиқмайди, ишга пешиндан кейин келади, материалларини вақтида топширмайди, бунга ҳам сиз айбдор. Мурод Хидир бутун бошли Фан ва маданият бўлимига мудир бўла туриб, бор-йўғи битта кроссворд ё шахматга оид мақола беради. Бунгаям сиз жавобгар. Фотомухбир Безносов аллақайси саҳродан туяларнинг суратини олиб келади. Улар орасида бисотини кўз-кўз қилиб турган бир ҳанги ҳам бўлади. Ўзи эътиборсизлик қилиб шу суратни зарварақларда чиқариб юборади. Марказқўмдагилар қўнғироқ қилиб: «Бу қандай бемазагарчилик!» деб дакки беради. Бунинг ҳам аламини сиздан олади. Журналнинг бош рассоми Эмил Рўзибоев туман фирқа қўмитасининг мафкура бўйича котибаси бўлган хотини билан ади-бади айтишиб қолиб, уйдан чиқиб кетади, амалдор хотин Ваҳоб Рўзиматовга «Эримни топиб бер» деб қўнғироқ қилавериб, дўқ уравериб, инка-тинкасини қуритиб юборади. Бу дўқнинг ҳам зарбаси сизнинг бошингизга келиб тегади. Саъдулла Аҳмад саланглаб юради, қўлини совуқ сувга урмайди, санъат бўйича бу сонга ҳеч вақо йўқ… Бунга ҳам сиз гуноҳкор.

Асқад Мухтор катта ёзувчи, раҳбар, арбоб, кенгашлардан, анжуманлардан, форумлардан, симпозиумлардан, учрашувлардан, хорижий сафарлардан бўшамайди. Хуллас, ҳамма иш гўё Ваҳоб Рўзиматовнинг ўзига қолган. Шунга жиғибийрон. Алининг аламини Валидан олиб, ҳовридан тушади. Бошқа иложи йўқ. Жини қўзиб турган пайтда унча-мунча гап ҳам ёқмайди: силтаб ташлайди, жеркиб беради. Қўлингизни чўнтагингизга солиб юрсангиз: «Бойвачча!» деб кесатади. Қаддингизни ғоз тутиб юрсангиз: «Ғўдайган!» деб ғижинади.

Гап-сўзларидан сал ранжигандай бўлганингизни билса, ўзича кечирим сўраган бўлиб, яна чақади:
– Шунақаман-де энди, оковси, худо берган пиғл, бирдан акиллаб қоламан, хапа бўмийсиз, майлин-да, чидайсиз-да, нима қилай, мен Асқад Мухторнинг боғлаб қўйган итиман, – дейди.

«Гулистон»да биздан олдин ишлаган Шукур Холмирзаев, Саъдулла Сиёев, Худойберди Тўхтабоев, Маҳкам Маҳмудов каби қаламкашларнинг аксарияти Ваҳоб Рўзиматовнинг инжиқликларига чидай олмай бўшаб кетган деб эшитганман. Маҳкам Маҳмудовнинг эслашича, Асқад Мухторга шикоят қилса, у: «Ваҳобжон талабчан-да, чиданг, ўзингизга фойда бўлади», деб юпатар экан…

Ваҳоб Рўзиматов
ИККИ ТАРЖИМА
09

Ashampoo_Snap_2016.11.13_18h11m29s_008_a.pngВаҳоб Рўзиматов (1921.17.11, Тошкент — 2006) — журналист ва таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1976). Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1955—60), «Шарқ юддузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1945—55), бош муҳаррир ўринбосари (1960—71), «Гулистон» журналида масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари (1971—81), «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бўлим мудири (1881—82) бўлиб ишлаган.

Ижодий фаолияти 30-йиллар охирида таржимонлик билан бошланган. М. Шолохов (“Очилган қўриқ”), К. Симонов (“Тириклар ва ўликлар”) романлари, Артур Конан Дойл (“Шерлок Холмснинг ён дафтаридаги ёзувлар”), Кобо Абэ (“Қумдаги аёл”), Ж. Свифт, Л. Н. Толстой, А. Н. Островский, Н. Ҳикмат пьесалари, шунингдек, А. С. Пушкин, А. П. Чехов, Ф. М. Достоевский, М. Горький, Б. Полевой, О. Гончар, Г. Севунц, О’Генри, М. Твен, Р. Тагор, Ж. Родари ва бошқа ёзувчилар асарларини ўзбек тилига ўгирган. Ваҳоб Рўзиматовнинг «Катта оила» (ҳамкорликда, 1942), «Уч ўртоқ» (ҳамкорликда, 1943), пьесалари бор. Ваҳоб Рўзиматов Ғафур Ғуломнинг 10 жилдли «Асарлар» тўпламини (1970—78) нашрга тайёрлаган.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1999).

09

Фёдор Достоевский
АЛОМАТ ОДАМНИНГ ТУШИ

О, барча нарса худди ўзимиздагидек, аммо ҳамма ерда аллақандай байрам ва ниҳоят эришишга муваффақ бўлинган буюк эзгу, тантана нашъаси барқ уриб турар эди. Латиф зумрад денгиз соҳилга оҳиста талпиниб, уни яққол, аён, қарийб бир онгли меҳр билан ўпарди. Бўйдор, ажиб дарахтлар бор кўркини тўкиб турар, уларнинг сон-саноқсиз япроқлари эса, ишонч билан айтаманки, мени маъсум, осойишта шивирлари билан қутлаб, қандайдир муҳаббат сўзларини изҳор этмоқда эдилар. Чамандаги хушбўй гуллар алвон товланмоқда. Осмонда гала-гала бўлиб учиб юрган қушлар мендан ҳайиқмай, елкам ва қўлларимга қўнар, ўйноқи, латиф қанотлари билан мени уриб-уриб қўяр эдилар. Ниҳоят, мен бу саодат юртининг одамларини кўриб, улар билан танишдим. Улар ҳузуримга ўзлари келдилар, атрофимни ўраб олиб, юз-кўзимдан ўпдилар. Қуёш болалари, ўз қуёшининг болалари, — о, улар қандай гўзал эди! Мен ўз еримизда инсон сиймосида бу қадар гўзалликни ҳеч қачон кўрган эмасман. Эҳтимолки, болаларимизнинг, уларнинг сабий гўдаклик йилларида бу гўзалликнинг йироқ, шунда ҳам заиф аксини топсак ажаб эмас. Бу бахтиёр одамларнинг кўзларида нур чақнарди. Уларнинг чеҳраларида ақл-заковат, аллақандай осудалик чулғаб олган шуур барқ урар, аммо бу чеҳралар хуррам, бу одамларнинг сўзлари ва овозларида болаларга хос қувонч янграр эди.

О, мен уларнинг чеҳраларига нигоҳ ташлаган илк ондаёқ ҳамма нарсани дарҳол пайқаб олдим! Бу замин гуноҳлардан пок, унда гуноҳ қилмаган одамлар яшар, бутун башариятнинг ривоятига кўра, бизнинг гуноҳ қилган аждодларимиз яшаган жаннатдагидек яшар, тафовути шундагина эдики, бу ернинг замини бир текисда жаннат эди. Хуррам қаҳқаҳа отаётган бу одамлар атрофимда парвона бўлиб, мени эркалатардилар, улар мени ўз уйларига олиб кетдилар, ҳар қайсиси ҳам менга таскин бергиси келарди. О, улар мендан ҳеч нарсани суриштирмас, ҳамма нарсадан аллақачон воқифдек эдилар, менга шундай туюлди, улар менинг чеҳрамдаги изтиробга тезроқ барҳам беришни истар эдилар.

* * *

Биласизми, қайта айтаман: майли бу туш бўлган бўлса бўлақолсин! Аммо бу маъсум ва ажойиб одамларнинг меҳр-муҳаббат туйғуси қалбимда абадий қолди, ҳис қилиб турибманки, уларнинг меҳр-муҳаббати ҳозир ҳам ўша томондан менга ҳамон ёғилмоқда. Мен уларни кўзим билан кўрдим, уларнинг мавжудлигини идрок этиб, қаноат ҳосил қилдим, уларни севиб қолдим, кейинчалик улар учун дард чекдим. О, ҳатто ўша ондаёқ кўп жиҳатлардан уларнинг дилидагини мутлақо пайқаёлмаслигимни дарҳол тушундим; мендек бир замонавий рус тараққийпарвари била туриб, бизнинг фанимиздек фанга эга эмасликларининг сабабини тушунолмади. Аммо тез орада пайқадимки, уларнинг билимлари бизнинг ердагига қараганда бошқачароқ, зеҳн-идрокдан озиқланар экан, мадад олар экан, уларнинг ҳавас-иштиёқлари ҳам мутлақо бошқача экан. Улар ҳеч нарса истамас, хотиржам эдилар, улар ҳаётни биз билиб олишга интилганимиздек, идрок этишга интилмас эдилар, чунки уларнинг ҳаёти тўкис эди. Аммо уларнинг билими бизнинг фанимиздан кўра чуқурроқ ва юксакроқ эди; чунки бизнинг фанимиз ҳаётнинг маъносини тушунтириш йўлларини қидиради, бошқаларни яшашга ўргатиш учун уни идрок этишга интилади; улар эса қандай яшашлари кераклигини фансиз ҳам билардилар, мен буни тушундиму аммо билимларини пайқай олмадим. Улар менга дарахтларини кўрсатишди, уларнинг ўз дарахтларига нечоғли меҳр билан қарашларини ҳам тушуниб етолмадим: гўё улар ўзларига ўхшаган жон эгалари билан сўзлашаётгандек эдилар.

Биласизми, борди-ю, улар ўша дарахтлар билан сўзлашдилар, десам ҳам хато бўлмас! Ҳа, булар улар билан тил топишган, аминманки, дарахтлар ҳам буларни тушуниб турар эди. Улар бутун табиатга — жониворларга ҳам шундай қарар, жониворлар эса улар билан ийиб кетиб, уларга оқибат кўрсатар эдилар. Улар менга юлдузларни кўрсатиб, булар борасида шундай нарсаларни айтдиларки, буни тушуна олмадим, аммо аминманки улар фалак юлдузлари билан нималардир орқали мулоқотда бўлар эдилар, ақлим етмайди-ю, аммо қандайдир бир жонли алоқа йўли билан бўлса керак. О, бу одамлар мен уларни тушуниб олишим учун уринмас, улар мени бусиз ҳам севар эдилар, аммо мен эса улар мени ҳеч қачон тушуна олмасликларини билардим, шунинг учун ҳам уларга ўзимизнинг ер ҳақида қарийб гапирмасдим. Мен фақат улар яшаётган замин тупроғини ўпардим, сўз билан изҳор қилмай уларнинг ўзларини ардоқлардим, улар буни аён кўриб ўзларини ардоқлашимга йўл қўяр, ардоқлаётганимдан хижил бўлмас, чунки ўзлари ҳам чексиз меҳр билан севар эдилар. Баъзан уларнинг ҳам менга нисбатан қандай меҳр-оқибат кўрсатишларини қалбимда қувонч билан ҳис этганда кўзда ёш билан уларнинг оёқларини ўпарканман, улар мен учун изтироб чекмас эдилар.

Гоҳо мен ҳайрат билан ўзимдан сўраб қолардим: нечук улар мендек одамни шу вақтгача сира ҳам таҳқирламайдилар, мендек бир одамнинг дилида бирон марта ҳам рашк ва ҳасад уйғотмайдилар! Кўп марталаб ўзимдан сўрадимки, мендек бир мақтанчоқ ва ёлғончи уларнинг хаёлларига хам келмаган билимлар ҳақида нима учун гапириб бермадим. Уларга бўлган меҳр-оқибатим ҳурмати, уларни ақалли таажублантиргим келмади? Улар болалардек шўх ва хушчақчақ эдилар. Улар ўзларининг ажойиб ўрмон ва тўқайларига кечиб юрар, ажойиб қўшиқларнни куйлар, ўз дарахтларининг мевалари бўлган ноз-неъматлар билан, ўрмонларининт асаллари ва меҳрибон жониворларининг сути билан озиқланар эдилар. Озиқ-овқат ва кийим-кечак топиш учун улар унча-мунчага машаққатсиз меҳнат қилар эдилар. Уларда ҳам ишқ-муҳаббат бор. Фарзанд кўрар эдилар, аммо мен уларда ҳеч қачон ваҳшиёна нафс иштиёқини кўрмадим; бизнинг ерда эса ҳамма ва ҳар бир кимса бунга гирифтор, бу нарса инсониятимизнинг деярли барча гуноҳлари учун бирдан бир манба бўлиб хизмат қилади. Болалар туғилганда, булар ҳузур-халоватимизнинг янги иштирокчилари, деб қувонар эдилар. Уларнинг орасида низо ва ғайирликдан асар йўқ, бу нарсаларнинг нималигини ҳатто билмас ҳам эдилар. Уларнинг болалари ҳамманинг боласи, чунки ҳаммалари ягона бир оилани ташкил қилар эдилар. Уларда касал деган нарса мутлақо йўқ, зотан ўлимгина бор; қариялари видолашгани тўпланган одамлар қуршовида, жилмайган чеҳра билан уларга омонлик тилаб, уйқуга кетаётгандек жон берар, тўпланганлар ҳам уларни хушнуд чеҳра билан кузатиб қолар эдилар. Мен бу ҳолларда йиғи-сиғи, алам-ситамни кўрмадим, аксинча, завқ-шавқ, осуда, самимий, яққол завқ-шавқ барқ урган меҳр-муҳаббат ҳукм сурар эди. Марҳум зотлар билан ҳатто уларнинг ўлимларидан кейин ҳам мулоқотда бўлар эканлар, ҳаётликларидаги иноқликларига ўлим ҳам айрилиқ сололмас экан, деб ўйлаш мумкин эди. Улардан мангу ҳаёт ҳақида сўраб қолсам, гапимга тушуниб етмас эдилар, афтидан мангу ҳаётга бўлган эътиқодлари шу қадар қатъий эдики, бу ҳақда уларда савол туғилиши мумкин эмас эди. Уларнинг ибодатхоналари йўқ, аммо уларда Бутун коинот билан аллақандай муҳим, жонли ва узлуксиз мулоқот ҳукм сурарди. Уларда диний эътиқод йўқ, ер юзидаги ҳузур-ҳаловатимиз ердаги табиат имкони доирасидан чекига етса, ҳаётларимиз ҳам, ўлганларимиз ҳам Бутун коинот билан бундан ҳам зўрроқ мулоқотда бўлишга эришамиз, деган қатъий ишончлари бор. Бу дақиқани улар қувонч билан кутар, аммо ошиқмас, муштоқ бўлмас, аксинча, уни дилдан яқин ҳис қилар, бу ҳисларидан бир-бирларини воқиф этар эдилар. Кечқурунлари ётар олдидан улар ялпи ва маҳзун хониш қилишни хуш кўрар эдилар. Бу тароналарда улар интиҳосига етган кун ато этган барча туйғуларни изҳор қилар, бу кунни муборакбод қилиб, у билан видолашар эдилар. Улар табиатни, еру заминни, денгизларни, ўрмонларни қутлар эдилар. Улар бир-бирлари ҳақида қўшиқлар тўқишар, бир-бирларини ёш болалардек мақтар эдилар, бу энг оддий қўшиқлар бўлиб, аммо қалблардан отилиб чиқиб, қалбларга қуйилар эди. Қўшиқлардагина эмас, бутун умрларини бир-бирларига меҳр изҳор қилиб ўтказаётгандек эдилар. Бу барчага хос, умум кўпчиликка хос аллақандай бир-бирини севиш туйғуси эди. Баъзи бир тантанавор ва завқбахш қўшиқларга мен мутлақо тушунмас эдим. Сўзларини тушунсам ҳам ҳеч қачон тўла-тўкис мазмунини идрок этолмасдим. Бунга мутлақо ақлим етмас, аммо қалбимни тобора мислсиз бир йўсинда эгаллаб борар эди. Мен уларга кўпинча шуларнинг ҳаммасини аллақачонлар олдиндан ҳис қилганман, баъзан чидаб бўлмас даражада ғуссага етиб борадиган ҳасрат туғдирувчи бизнинг еримиздалигимиздаёқ бу барча қувонч ва шон-шуҳратдан баҳраманд бўлганман, мен сизларнинг барчаларингизни ва донг-шуҳратларингизни қалбимнинг тушларида, шууримнинг орзуларида ҳис қилганман, еримизда мен кўпинча ботаётган Қуёшга қараб кўзёшимни тиёлмасдим, дердим…

Бизнинг еримизнинг одамларига бўлган нафратимда ҳамиша ҳасрат сезилиб туради: нега мен улардан севмай туриб нафратланолмайман, нега мен уларни кечиролмайман, уларга бўлган меҳр-муҳаббатимга ҳасрат омухта: нега мен уларни нафратланолмай туриб, севолмайман, дердим. Улар менинг сўзларимни тинглардилар, аммо гапираётган нарсаларимни тасаввур қилолмаётганларини кўриб турардим, лекин уларга бу ҳақда гапирганимдан ўкинмасдим: билардимки, тарк этиб келганларим ҳақида қандай дарду ҳасрат чекаётганимни тўла-тўкис пайқаб турибдилар. Ҳа, улар менга меҳр-муҳаббат барқ урган маъсум нигоҳ билан боқарканлар, ўз қалбим ҳам уларнинг қалбларидек маъсум ва ҳаққоний бўлиб бораётганини ҳис этарканман, дилларидагини тушунмаётганимга ўкинмасдим. Завқи-шавқимдан теримга сиғмай, ун чиқармай улар учун илтижо қилардим.

Майли, бу туш бўлсин, буларнинг ҳаммаси содир бўлмаган бўлиши мумкин эмас. Биласизми, мен сизга бир сирни айтаман; эҳтимолки, буларнинг ҳаммаси мутлақо туш эмасдир!

Михаил ШОЛОХОВ
ХОЛ

1

Столда куйган ўқ-дори анқиб турган патрон гилзаси, қўй сўнгаги, дала харитаси, маълумот, от терининг иси уриб қолган нақшдор юган, бир бўлак нон. Буларнинг ҳаммаси столда, деворнинг захидан моғор босган, чопилган харракда елкасини дераза рахига тираганча эскадрон командири Николай Кошевой ўтирибди. Уюшган, карахт бармоқларига қалам тутган. Столда ёзиб қўйилган аллақачонги плакатлар ёнида — чала тўлдирилган анкета. Дағал қоғозга қисқагина сўзлар ёзилган: Кошевой Николай. Эскадрон командири. Экинчи. РКСМ аъзоси.

“Ёши” деган катакка эран-қаран қилиб 18 деб ёзилган.

Николка ёшига қараганда яғриндор кўринади. Атрофини ажин қоплаган кўзлари ва чолларга хос букчайган елкаси уни кексанамо кўрсатарди.

— Ёш бола-я, болакай, кўк қўғанинг ўзи, — дейишади ҳазиллашиб эскадрондагилар, — аммо деярли талофат кўрмасдан иккита босмачи тўдасини тугата оладиган, эскадронни ярим йил мобайнида ҳар қандай кекса командирдан қолишмасдан жанглару олишувларга бошлаб борадиган бошқа бир одамни топиб кўр-чи!

Николка ўн саккиз ёшдалигидан ийманади. Ҳамиша “ёши” деган ёқимсиз катак қаршисига келганда қаламининг юриши секинлашиб, имиллаб қолади, Николканинг ёноқлари ўкинчдан қизғиш тортади. Николканинг отаси казак, отасига кўра у ҳам казак. Беш-олти ёшларида отаси уни ҳарбий отига миндирганини худди алоқ-чалоқ тушдай эслайди.

— Ёлидан ушла, ўғлим! — деб қичқирарди отаси, онаси эса ошхона эшигидан Николкага жилмайиб турар, отнинг дўнг сиртига қапишган жажжи оёқларига ва юган тутган отасига тикилар эди.

Бу аллақачонлар бўлган. Николканинг отаси герман урушида, худди сув ютгандек, бедарак кетди. Николкадан отасига отга ишқибозлик, беҳад довюраклик, чап оёғининг юқорисида худди отасидагига ўхшаш каптар тухумидек хол мерос қолди. Ўн беш ёшигача хизматкорликда саргардон кезди, кейин эса узун шинел сўраб олиб, станицадан ўтаётган қизил полк билан бирга Врангелга қарши курашга жўнади. Шу бу йил ёзда Николка Донда ҳарбий комиссар билан чўмилаётган эди. Комиссар Николканинг букчайган, қуёшдан қорайган елкасига қоқа-қоқа, контузияланган бошини қийшайтирганча дудуқланиб шундай деди:

— Сен ҳалиги… ҳалиги… Сен бахт… бахтли экансан! Ҳа, бахтли экансан! Хол — бахтнинг нишонаси эмиш.

Николка садаф тишларини кўрсатиб тиржайди-да, сувга шўнғиди. Сувдан туриб пишқирган кўйи:

— Бекор айтибсан, довдир! — деб қичқирди. — Гўдакликда етим, умрим бўйи хизматкорликдан қаддимни ростламаган бўлсаму бу киши бахтлисан деб ўтирса!

Шундай дедию Донни қучиб турган сариқ қумлоқ томон сузиб кетди.

2

Николка истиқомат қилаётган уй Дон устидаги учирим ёқасида жойлашган. Деразаларидан ям-яшил, ёйиқ Дон бўйлари, қорамтир сув кўриниб туради. Бўрон эсган кечалари учирим тагида тўлқинлар шалоплайди, дарчалар энтиккандек ҳасрат чекади, Николканинг назарида сув пол тирқишларидан ўғринча сизиб кираётгандек, тўлиқиб, уйни силкитаётгандек туюлади.

У бошқа квартирага кўчмоқчи эдию, ниятини амалга оширмай, кузгача шу ерда қоладиган бўлди. Аёзли тонгда мўрт сукунатни нағалбанд этигининг жарангги билан чил-чил синдирганча Николка бўсағага чиқиб келди. Олчазор боғчага тушди-да, шабнамдан гирёнзада, оқаринқираган ўланга ёстанди. Оғилдан уй бекасининг сигирни тек туришга ундаётгани, йўғон овозли бузоқнинг қистов билан мўнграётгани, тизиллаб тушаётган сутнинг пақир четига жаранглаб урилаётгани эшитилар эди.

Ҳовлида ён эшик ғижирлади, ит акиллади. Взвод командирининг:

— Командир уйдами? — деган овози эшитилди.

Николка тирсакларига таянганча қаддини кўтарди.

— Мен буёқдаман! Хўш, яна нима бўлди?

Станицадан чопар келди. Айтишича, Сал округидан босқинчилар кириб келганмиш, Грушинский совхозини босганмиш.

— Бошлаб кел уни буёққа.

Чопар қора терга ботган отини отхонага етаклади. От ҳовлининг ўртасида олдинги оёқлари билан мункиб тушди, кейин ёнбошига қулади-да, ўқтин-ўқтин, калта-калта хириллаганича, нафаси тиқилиб, дарғазаб вовуллаётган занжирбанд итга сўнаётган кўзлари билан тикилган кўйи ўлиб қолди. Чунки чопар олиб келган пакетда учта хоч белгиси бор эди, чопар уни қирқ чақирим йўлдан отга дам бермай олиб келган эди.

Николка раиснинг ундан, эскадрон билан мадад бергани етиб кел, деб илтимос қилганини ўқигач, меҳмонхонага кириб қиличини тақаркан, тинкаси қуриб ўйлади: ”Бирор ёққа ўқишга кетсам бўларди, буёқда эса банда… Ҳарбий комиссар изза қилади, бирорта сўзингни тўғри ёзолмайсан, ахир эскадрон командири бўлсанг деб… Унинг устига банда босганини айт… Яна қон тўкилади, бунақа турмуш тинка-мадоримни қуритди… Ҳаммаси меъдамга тегди…”

Йўл-йўлакай карабинини ўқлаганча бўсағага чиқди. Хаёли теп- текис, катта кўчаларда чопиб кетаётган отлардек учқур эди, шуларни ўйларди: “Шаҳарга кетсам бўларди… Ўқисам бўларди…”

Ўлиб қолган от ёнидан отхона томон ўтиб бораркан, унинг чанг босган бурун катакларидан сизиб чиқиб, қора тасмадек чизилган қонни кўриб, юзини терс ўгирди.

3

Ўнқир-чўнқир ёзлик йўл бўйлаб, шамол ялаган арава излари бўйлаб гажимдор, бўзранг баргизуб, қалин ҳурпайган шўра ва тахож тарвақайлаб ётибди. Бу — бир вақтлар хирмонжойларга пичан ташиб борилган ўша ёзлик йўл, ғарамлар дашт бўйлаб қаҳрабо қатраларидек сочилиб ётибди, серқатнов йўл эса телеграф симёғочлари тагидаги дўнглик узра ёстанган. Симёғоч соя жарлар орқали кузнинг хира тортган оқиш бағри томон шитоб интилади, симёғочлар ёнидан ўтган ялтироқ йўл бўйлаб эса атаман эллик чоғли совет ҳокимиятидан норози Дон ва Кубан казакларидан иборат босқинчилар тўдасини бошлаб кетмоқда. Улар худди қўй сурувига дариган бўридек уч кеча- кундуздан буён йўл бўйлаб ёки йўлсиз қўриқ оша қочиб бормоқда, орқадан эса уларни қоралаганча Николка Кошевойнинг отряди келмоқда.

Бандадагилар кўпни кўрган, пихини ёрган ҳарбийлардан бўлсалар-да, ҳар қалай атаман оғир ўйга ботади, узангига оёқ тираганчи даштни кўзлари билан пайпаслайди, Доннинг нариги томонига чўзилиб кетган ўрмоннинг мовий ҳошиясигача неччи чиқиримлигини чамалайди.

Улар шу тариқа бўридек қочишади, Николка Кошевойнинг эскадрони эса уларнинг изидан қувади.

Ёзнинг очиқ-ёруғ кунлари, шаффоф осмон остидаги Дон даштларида қалин буғдой бошоқлари кумушдек жаранглаб тебранади. Ўрим олдида сархил-сара буғдой бошоғининг мурти ўн етти яшар йигитчанинг мўйловидек қора тортган, жавдар эса одам бўйи ўсган бўлади.

Серсоқол деҳқонлар дарахтзорлар яқинидаги қумлоқ тепалардаги қумоқ пайкалларга жавдар экадилар. У яхши битмайди, қадим-қадимдан бир десятинадан ўттиз чоракка етар-этмас ҳосил беради, жавдарни шунинг учун экишадики, ундан қиз боланинг кўз ёшидек тиниқ самогон тортишади: негаки азрўйи азалдан шу таомил бор, бобою бобокалонлар ҳам ичиб келишган. Дон области казаклари қўшинининг туғросида ароқли бочка устида ялонғоч ўтирган маст казак тасвири акс эттирилганлиги, чамаси бежиз бўлмаса керак. Хуторлару станицалар куз кунлари қуюқ ва ўткир хамр бўлиб гупиради, қизғиш тол четанлар узра тепаси қизил папоқлар мастона чайқалади.

Ана шунга кўра атаман ҳам бирор кун ҳушёр бўлмайди, шу сабабдан барча аравакашлару пулемётчилар рессорли тачанкаларда кайфдан қайшайишиб ўтирадилар.

Атаман қадрдон қўраларини етти йил мобайнида кўрмади. Герман асирлиги, кейин Врангел, қуёш тиғидан эриб турган Истамбул, тикан симли лагер, мумланган, шўр қанотли турк фелюгаси, Кубанинг попилтириқли қамишзорлари ва ниҳоят — банда.

Агар елкаси оша орқасига ўгирилиб қараса — атаманнинг кечирган турмуши ана шу. Атаманнинг юраги жазирама ёз кунлари даштдаги балчиқлар бўйида ҳўкизларнинг айри туёқларидан тушган излар қотганидек тош қотди. Тушуниб бўлмайдиган ғалати бир алам ичини кемиради, мушакларини ўқчиқдан тириштиради, атаман пайқаб турадики, уни унута олмайди, бу дардга ҳеч қандай самогон билан бас кела олмайди. Шунинг учун ҳушёр тортмай кунига ичадики, Дон даштларидаги ташна бағри қуёш остида ағдарилиб ётган ғалла хушбўй ва тотли гулламоқда, қорамағиз юзли жувонлар хуторлару станицаларда шундай самогон тортмоқдаларки, шарқираб турган чашма сувидан ажратиб бўлмайди.

4

Тонготарда дастлабки аёз бошланди. Нилуфарнинг сербар япроқларига нуқра туклар сочилди, кичкина тегирмон тошида эса эрталаб Лукич слюдага ўхшаган ранг-баранг, юпқа-юпқа муз парчаларини кўрди.

Эрталабданоқ Лукичнинг тоби қочиб қолди: белига санчиқ кирди, симиллаган оёқлари оғирлашиб ердан уза олмасди. Эти сўнгакларидан ажралиб кетаётгандек бемаъни гавдасини аранг кўтарганча тегирмон бўйлаб оёқларини сургаб босарди. Тариқ жувоздан бир гала сичқон лип этиб чиққанча уриб кетди; ёшланган нам кўзлари билан юқорига тикилди: шифт тагидаги қўндоқдан туриб каптар тинимсиз бидир-бидирлаганча хониш қилмоқда эди. Бобо бамисоли қумоқ тупроқдан ясалгандек бурун катаклари билан моғор босган талх сув исини, жавдар уни ҳидини димоғига тортди. Ғижимлаб ўйга толди.

Бобо асалари кувалари турган жойда дам олиш учун ёстанди. Пўстинини устига қийғоч ташлаганча уйқуга кетди, оғзи нимочиқ, лабидан сизган илиқ, ёпишқоқ сўлаги соқолига илашган. Оқшом қоронғуси бобонинг уйини бус-бутун чулғаб олди, тегирмон сутранг туман увадалари орасида қолди…

Уйғонганида ўрмондан икки отлиқ чиқиб келмоқда эди. Улардан бири асалари кувалари орасида юрган бобога қичқирди:

— Буёққа кел, бобо!

Лукич шубҳаланиб қараганча туриб қолди. У нотинч йиллар орасида ем билан унни сўрамай-нетмай тортиб оладиган мана бундай қурама одамларни жуда кўп учратган, уларнинг ҳаммасини баб-баробар, ёппасига қаттиқ ёмон кўрар эди.

— Тезроқ юрсанг-чи, галварс чол!

Лукич ўйиб ясалган кувалар орасидан ўтиб борди, туси кетган лабларини оҳиста қимирлатганича, сассиз чапиллатди, меҳмонларга қийғос қараганча берироқда туриб қолди.

— Биз қизилларданмиз, бобожон… сен биздан қўрқма, — деди хирқираб атаман беозоргина. — Биз бандани қувиб юрибмиз, ўзимизникилардан қолиб кетдик… Балки, кўргандирсан, кеча шу ердан отряд ўтган эди?

— Аллақандай одамлар ўтган эди.

— Улар қаёққа қараб кетишди, бобо?

— Ким билсин жин урганларни!

— Тегирмонингда улардан битта-яримтаси қолмаганмиди?

— Йўқ, — деди Лукич қисқагина ва орқасига ўгирилди.

— Шошма, қария, — атаман эгардан сакраб тушди, мастлигидан маймоқ оёқларида туролмай қалқиб кетди, оғзидан самогон ҳиди бурқиганча шундай деди, — биз комунистларни йўқотамиз, бобо… Ҳа шундай… Бизнинг кимлигимизнинг сенга ҳеч бир даҳли йўқ! — Қоқилиб кетиб, юганини қўлидан тушириб юборди. — Сенга даҳлдор жойи шуки, етмиш отга ем таёрлаб берасан, унингни чиқармайсан… Ҳозирнинг ўзида!.. Тушундингми? Ғалланг қаерда?

— Йўқ, — деди Лукич атрофига аланглаганича.

— Бу омборда нима бор?

— Бало-баттар, лаш-луш… ғалла йўқ!

— Қани, юр-чи!

Чолнинг ёқасидан тутди-да, қийшайиб ерга қапишиб ётган омбор томонга тиззаси билан судраганча олиб кетди. Эшикни ланг очди. Халталарда буғдой билан тахожли арпа бор эди.

— Бу ғалла бўлмай нима, қари аблаҳ?

— Ғалла, валинеъматим… Булар супурунди… Мен буларни бир йил мобайнида битталаб йиққан бўлсам-у… сен отларга едириб увол қилмоқчисан…

— Нима, бизнинг отларимиз очидан тиришиб ўлсинми? Хўш, бу нима қилганинг — қизилларнинг тарафини олаётибсанми, ўзингга ўлим тилаётибсанми?

— Раҳминг келсин, меҳрибонгинам? Сенга нима гуноҳ қилдим? — Лукич бошидан шапкасини юлқиб олди-да, шартта тиз чўкиб, атаманнинг сержун қўлига ёпишганча ўпа кетди…

— Айт, қизилларни ёқтирасанми?

— Кечир, жафокашгинам!.. Беҳуда гапирган бўлсам, айбимдан ўт. Вой, кечир, қийнама мени, — деб ўкрарди чол, атаманнинг оёқларини қучганча.

— Қизилларга тарафдормаслигингга қасам ич… Чўқинма, тупроқ ошала!

Бобо кафтларидаги тупроққа ёш тўкканча, тиш-оғзида айлантириб кавшанди.

— Хўш, энди ишондим. Ўрнингдан тур, қария!

Атаман оёқлари увишиб қолган чолнинг туролмаётганини кўриб кулди. Етиб келган отлиқлар хомпалардан арпа билан буғдойни ташиб чиқиб, отларнинг оёқлари остига сепдилар, олтинранг донларни ҳовли юзига тўкиб-сочдилар.

5

Туман, намхуш қоронғилик қўйнидаги тонг.

Лукич соқчининг олдидан ўтиб, йўлдан эмас, ўрмондаги ўзигагина маълум бўлган сўқмоқдан пилдираганча, жарликлар оша, тонг олдидаги тетик мудроқликда сергакланган ўрмон оша хутор томон жўнади.

Елтегирмонга етиб бориб, ҳовли йўлдан тор кўчага бурилмоқчи эди, кўз ўнгида дафъатан отлиқларнинг ғира-шира шарпаси пайдо бўлди.

— Ким у келаётган? — деган ташвишли хитоб эшитилди жимжитлик қўйнида.

— Менман… — Лукич чайналиб, ўзи эса бус-бутун бўшашиб, аъзойи-бадани титрай бошлади.

— Кимсан ўзинг? Нима, пропусканг борми? Нима қилиб изғиб юрибсан?

— Тегирмончиман… шу ерда сув тегирмонда ишлайман. Хуторга зарур иш билан кетаётган эдим.

— Қанақа зарур иш экан у? Қани, командирнинг олдига юр-чи! Олдинга туш! — деб қичқирди биттаси от билан бостириб келаркан.

Отнинг буғли лаблари бўйнига тегаётганини сезган Лукич оқсоқлаганча хутор томон йўл олди.

Майдондаги черепица ёпилган уй олдида тўхтадилар. Кузатувчи инқиллаганча эгардан тушди-да, қиличини шалоплатган кўйи бўсағага кўтарилди.

— Орқамдан юр!..

Деразалардан чироқ ёруғи кўриниб турибди. Кириб боришди.

Лукич тамаки тутунидан аксириб юборди, шоша-пиша шапкасини олди-да, тўрдаги бурчакка қараб чўқинди.

— Мана бу чолни ушлаб келдик. Хуторга кетаётган экан.

Николка пару пат ёпишган пахмоқ бошини столдан кўтариб, уйқусираганча, аммо жиддий сўради:

— Қаёққа кетаётган эдинг?

Лукич олдинга бир қадам ташлаб, шодлигидан қалқиб кетди.

— Жонгинам, ўзимизники экансизлар, мен бўлсам, яна ўша ғаддорлар, деб ўйлабман… Ўтакам ёрилганидан сўрашга ҳам ботинолмабман… Мен тегирмончиман. Митроханинг ўрмонидан ўтаётганларингда меникига тушган эдинглар, мен сенга сут қуйиб берган эдим, қўзигинам… Ё эсингдан чиқдими?

— Хўш, нима демоқчисан?

— Айтадиган гапим шуки, ўргилай: кеча қоронғи тушиши билан меникига ўша бандадагилар бостириб келишди, бор дон-дунимни отларига пок-покиза едириб юборишди!.. Мени хўрлашди… Каттаси, жонингдан умидинг бўлса, олдимизда қасам ич, деди, тупроқ ошалаттирди.

— Улар ҳозир қаерда?

— Ўша ерда-да. Бир талай арақ олиб келишган экан, шимиришяпти иблислар. Менинг меҳмонхонамда, мен сиз шафқат паноҳимга хабар бергани югуриб келдим, ҳеч бўлмаса сиз уларнинг таъзирини бериб қўярсиз.

— Айт, отни эгарлашсин! — дея бобога жилмайганча харракдан сапчиб турди Николка ва ҳорғинлик билан шинелининг енгини тортди.

6

Тонг отиб боряпти.

Уйқусиз кечаларда заҳил торган Николка пулемётли двуколка томон чопиб келди.

— Атакага киришишимиз билан ўнг қанотига қараб шиғиллат. Биз уларнинг қанотини синдиришимиз керак!

Шундай деди-да, ёйилиб бораётган эскадрон томон от қўйди.

Йўлдаги бир тўп мажмағил дублардан ўтгач отлиқлар кўринди — улар тўртта-тўрттадан саф тортишган, оралиқларида тачанкалар кетмоқда эди.

— Елдиринглар! — деб қичқирди Николка ва орқасидан туёқларнинг кучайганини сезиб, айғирига қамчи босди.

Даҳанада жонҳолатда пулемёт тариллади, бояги, йўлдагилар худди машқ вақтларидагидек дарҳол ҳалқа бўлиб ёйилишди.

* * *

Айқаш-уйқаш ёғочлар орасидан тепаликка тўнғизтароқ ёпишган бўри югуриб чиқди. Бошини олдинга чўзганча ғингшиди. Яқин орада тарс-турс ўқлар отилмоқда, турли оҳангда увиллаган товушлар пайваст тебраниб янграмоқда эди.

“Тақ!” этиб қайрағочзорга келиб тушарди ўқ товуши, тепаликнинг нарёғидаги қаердадир, шудгордан нарида пайваст бидирлаган акс-садо эшитилади: “туқ!”

Яна ўқтин-ўқтин: тақ-туқ-тақ! Тепалик орқасидан жавоб келарди: туқ-туқ-туқ!

Бўри турди-турди-да, эран-қаран, лапанглаганча жарликдаги сарғайиб қолган, ўриб олинмаган қўғазорга қараб йўналди…

— Бўшашма!.. Тачанкаларни ташламанглар!.. Чакалакка… Чакалакка, дейман онангни эмгурлар! — деб қичқирарди атаман, узангига оёқ тираб турганча.

Тачанкалар атрофида эса ҳовлиқиб қолган аравакашлар билан пулемётчилар ён қайишларини кесмоқда, пулемётдан узлуксиз ўт очилаётгани туфайли узилиб кетган ҳалқадагилар тирақайлаб қочишга киришган эдилар.

Атаман отини бурди, унга томон қанот ёзгандек, қиличини ўйнатиб бир киши от чоптириб келмоқда эди. Кўкрагидан чайқалаётган дурбинидан, буркасидан атаман от чоптириб келаётган оддий қизил аскар эмаслигин пайқади-да, тизгинни тортди. Узоқдан ёш йигитнинг ғазабдан буришган муйлабсиз юзини, шамолдан юмилаётган кўзларини кўрди. Атаманнинг тагидаги от орқа оёқларига чўккудек бўлиб ўйноқларди, ўзи эса камарига илиниб қолган маузерини юлқилаб тортаркан, шундай деб қичқирди;

— Итвачча гўдак!… Ўйнатавер, ўйнатавер, ўйнатишни мендан кўрасан ҳали!…

Атаман яқинлашиб келаётган қора буркага қараб ўқ узди. От саккиз саженча чопиб келиб, қулаб тушди, буркасини ирғитиб ташлаган Николка эса ўқ уза-уза, югурганча атаман томон тобора яқинлашиб келмоқда эди…

Чакалакнинг орқасидан кимдир ваҳшиёна чинқириб юборди-да, овози ўчиб қолди. Қуёш юзини булут босди, даштга, йўлга куз ва шамоллар дастидан яланғочланган ўрмонга сузиб борувчи соялар тўшалди.

“Нодон, гўдак, ҳовлиқма, шунинг учун ҳам бу ерда ажалга дучор бўлади”, деб ўйларди атаман, шошқинлик билан, ниҳоят йигитнинг обоймасидаги ўқлари тамом бўлгач, тизгинини бўшатди-да, калхат бўлиб отилди.

Эгардан оғганча қиличини силтади, зарбдан йигитнинг гавдаси шилқ этиб бўшашганини бир лаҳза ҳис этди, кейин жасад сирғалганча ерга аста қулаб тушди. Атаман сакраб тушиб марҳумнинг дурбинини юлқиб олди, унинг увишиб титраётган оёқларига қаради, атрофига аланглади-да, ўликнинг хром этигини ечиб олиш учун чўнқайиб ўтирди. Қирсиллаётган тиззасига оёғини тираганча этикнинг бир пойини чаққонлик билан ечиб олди. Иккинчисининг ичида пайпоқ йиғилиб қолганми, ечилмасди. Ғазаби ошиб сўкинганча этикни пайпоғи билан қўша суғуриб олди-да, оёғининг тўпиқдан юқорироғидаги каптар тухумидек келадиган холга кўзи тушди. Йигитни уйғотиб юборишдан қўрқаётгандек унинг совиб келаётган бошини аста-секин юзини юқорига қилганча ўнглаб қўйди, қўли оғзидан лахта-лахта бўлиб чиқаётган қонга беланди, тикилиб қаради-да, шундан кейингина унинг ўхшовсизроқ елкаларини ноқулай қучганча, бўғиқ овоз билан шундай деди:

— Ўғлим!.. Николушка!.. Жоним!.. Жигарбандим…

Унниқиб бораркан, қичқирди:

— Ақалли бир оғиз сўз айтсанг-чи! Нима бўлди ўзи-я?

Сўнаётган кўзларига қараганча ўзини ерга ташлади; қон қуйилган қовоқларини очиб қараркан, ихтиёрсиз, мажолсиз жасадини силкитарди… Николка эса бениҳоя зўр ва муҳим нарсаси ҳақида сўзлаб юборишдан қўрқаётгандек мўматалоқ тилининг учини ғарчча тишлаб олган эди.

Атаман ўғлининг совуб бораётган қўлларини бағрига босиб ўпди-да, тер инган маузерининг пўлат милини тишлари билан тишлаб, оғзига ўқ узди…

* * *

Кечқурун чакалакнинг нарёғида отлиқлар кўриниб, шамол ғала-ғовур товушларни, отларнинг пишқиришлари ва узангиларининг жаранглашини олиб келаркан, атаманнинг бошидан ўлимтикхўр калхат истар-истамас учиб кетди. Учиб кетди-да, кузнинг хира, бўзрайган осмонида ғойиб бўлди.

a419e83ec0999a86ee3aca746f4e8a52.jpgSahifa  taniqli tarjimon Vahob Ro’zimatov tavalludining 95 yilligiga bag’ishlanadi

Vahob Ro’zimatov eslashga arziydigan ijodkor edi. Garchi bu inson haqida gap ketganda aksariyat uning murakkab fe’l-atvori haqida gapiradi (sizga taqdim etilyotgan xotiralarni o’qisangiz bu fe’l haqida anchagina bilib olasiz deb o’ylayman).

Ochig’i, uning tund fe’lidan men ham chetda qolmaganman. «Guliston» jurnali asl adabiyot etaloni bo’lgan o’sha olis 80-yillar «Yosh gvardiya» nashriyotida ishlasam-da, kunim «Guliston»da o’tardi. Nashriyotning O’zbekiston kompartiyasi bosmaxonasidagi vakili bo’lganim uchun har kuni kelib, bir soat ichida «Yosh gvardiya»ga tegishli qo’lyozmalarning qaysi biri harf terish, qaysi biri bosma jarayonida, yana qaysi birini olib chiqib ketish mumkinligini bilib olardimu qolgan 5-6 soatni «Guliston»da o’tkazardim. Hatto ko’pchilik meni jurnalda ishlaydi deb ham o’ylardi. Ana shunday kunlarning birida Vahob aka meni jurnalda ko’raverganidanmi, «Okovsi, sizgayam stol-stul qo’yib beraylik?» deb uyaltirgani yodimda. Uning bu istehzosi shu paytgacha eshitganim: uning kimlargadir aytgan zaharxanda gaplari oldida holva edi. Vahob akaning xasta o’g’li adashim bo’lgani uchunmi, meni ayagan, deb o’ylayman.

Vahob Ro’zimatov eslashga arziydigan tarjimon edi. U mahorat bilan Mixail Sholoxovning “Ochilgan qo’riq”, Konstantin Simonovning “Tiriklar va o’liklar”, Kobo Abening “Qumdagi ayol” romanlarini, Artur Konan Doyl, K, J. Svift, L. N. Tolstoy, A. N. Ostrovskiy, N. Hikmat, A. S. Pushkin, A. P. Chexov, F. M. Dostoevskiy, M. Gor`kiy, O’Genri, M. Tven, R. Tagor, J. Rodari va boshqa yozuvchilar asarlarini o’zbek tiliga o’girgan. Shunday ekan, hech bo’lmaganda, bugun Vahob aka tavallud topgan kunning 95 yilligi nishonlayotgan kunlarda uning bu xizmatini unutmasligimiz kerak.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

VAHOB RO’ZIMATOV HAQIDA
XOTIRALARDAN
09

VAHOB AKA VA NUSRAT RAHMAT
Shodmon Otabekovning «Do’rmon hangomalari» to’plamidan

Nusrat aka “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasiga ishga kelib, Vahob Ro’zimatov bilan hamxona bo’lib qoladi. Vahob aka o’z ishini puxta biladigan, nuqtadon, bilimli kishi bo’lsa hamki, zaharxanda, piching, kinoya qilishni oshirib yuboradigan, o’z iborasi bilan aytganda “tili zahar”edi. Shuning uchun bo’lsa kerak, bu odam bilan hamxona bo’lganlar, ko’p o’tmay boshqa hamroh izlab qolishardi. Ammo Nusrat aka bularning bariga chidab keldi ( U o’zining “Noxush xayollar” hikoyasiga Vahob akani prototip qilib olgan)

Vahob Ro’zimatov oltmish yoshga to’lgan kuni Nusrat aka do’kondan gul keltirib, stol ustiga qo’yadi, u kishi kirib kelishi bilan tabriklab, yomg’irpo’shini yelkasidan olib, mixga iladi. Cholning beso’naqay soyabonini bir chekkaga olib qo’yadi va beixtiyor hazillashadi:

– Vahob aka, shu zontigingiz qozoqlarning o’toviga o’xshab ketadi-ya!

Ammo bu hazil Ro’zimatovga o’tirishmabdi:
– Yo’q, okosi, go’rning ustiga qurishadiku, gumbaz deydi, shunga o’xshaydi.

Pichingni ilg’amagan Nusrat aka qah-qah otib kulibdi:
– Ha, ha, o’shanga ham o’xsharkan.

Oraga sukut cho’mibdi.

– Okosi, – debdi nihoyat Vahob aka. – Oltmishga kirgan kunim sizdan shu gapni eshitaman, deb o’ylamagan edim. Bu nima deganingiz?…Tezroq go’rga kir deganingizmi?

Nusrat aka hijolat chekib, uzr so’ray boshlabdi. Birozdan keyin otaxonning e’tiborini tortish uchun bo’lsa kerak, guldastani unga qarab andak siljitibdi.

– Bu xashakni menga olib kelganmidingiz? – debdi Vahob aka allaqanday zarda bilan
– Bu xashak emas, gul, – shoshib, e’tiroz bildiribdi Nusrat aka. Ammo? sinchiklab qarasa, do’konchi guldastani katta-kichik barglar bilan to’ldirgan, orasiga uch-to’rttagina gul solib qo’ygan ekan. U tag’in хijolat chekibdi.

Tushgacha jim o’tirishibdi. Hech kim tabriklagani kirmagani, telefon qilmaganidan hijolat chekkan Nusrat aka:
– Ha, endi tabriklovchilar tushdan keyin kirishadi, – debdi.

– Nusratillo, – debdi Vahob aka, bu gal o’kinch bilan, – Tushdan keyin ham kirishmaydi. “Fe’li bad — koyishi jon” ( Yomon fe’l — jon azobi) deyishadi tojiklar. Bariga o’zim, mana bu zahar tilim sabab, – debdi.

Darhaqiqat kechgacha hech kim kirmabdi. Jo’nash oldidan Vahob aka tag’in Nusrat akaga murojaat qilibdi.

– Nusratillo, olmish yilligimda sodir bo’lgan eng katta voqea — sizning menga gul olib kelishingiz bo’ldi. Buni olib ketaman, qizimga ko’rsatib, “mana, meni tabriklashdi deyman. Juda quvonadi. Xotinim o’tgandan keyin shu qizim bilan qolganman. Man badbaxtni tergab turadi”, – debdi.

Nusrat aka yomg’irpo’shini uning yelkasiga tashlayotganida, mehribonona ohangda hazillashibdi ham:

– Guldasta birinchi voqea edi, bunisi ikkinchisi bo’ldi.

«MEN ASQAD MUXTORNING BOG’LAB QO’YGAN ITIMAN»
Sulaymon Rahmonning «Tinch oqar daryo» essesidan

«Guliston»da boshqa hech bir tahririyatda bo’lmagan tartib joriy etilgan. Har bir materialni avvalo bosh muharrir asosan ma’qullab beradi. Lozim topsa, yengil-yelpi qalam uradi. Asosiy ish – tahrir shundan so’ng boshlanadi. Har bir matn adabiy xodim, bo’lim mudiri, adabiy kotib, mas’ul kotib va nihoyat, bosh muharrir o’rinbosari Vahob Ro’zimatov qo’lidan o’tadi.

Vahob Ro’zimatov Asqad Muxtorning ishongan tog’i. To’rt amalning ustasi. O’z tahrir maktabini yaratgan desa ham bo’ladi. So’zni his qiladi, o’rnida qo’llaydi. Tili boy. Mabodo bisotidan kerakli so’z topilmay qolsa, yangi so’z yasab yuborishdan ham toymaydi, «koviyaqalam» ga o’xshash… Yomon ko’rgani – «gandi». Uni qarangki, «gandi»ni men ham yoqtirmayman. Ikkinchisi – «ishdi». «Borgandi, kelgandi, olishdi, kelishdi» kabi so’zlarga duch kelsa, ko’ksiyohli avtoruchkasi bilan shartta «Borgan edi, kelgan edi, oldilar, keldilar» deb tuzatib qo’yadi.

– «Olishdi» desak, xayol «kurash tushdi, kurashdi»ga ketib qoladi, okovsi, «kelishdi» desak, ikki kishining o’zaro til biriktirgani, bir bitimga kelgani tushuniladi. Xullas, «ishdi»ni bilib, ehtiyot bo’lib ishlatinglar, – deya tergab qo’yadi ba’zan.

– Ma’no podtekstda bilinadi-ku? – deb bilimdonlik qilmoqchi bo’lsangiz:
– Men bir medbrat bo’lsam ham, sizga o’xshab dorilfununni bitirmagan bo’lsam ham, bilaman, okovsi, mening ustozim – G’afur G’ulom, so’zni, imloni u kishidan o’rganganman, – deb chaqadi, iddao qiladi.

Vahob Ro’zimatov aslida keng ma’nodagi tahrirchi emas. Lozim bo’lganda matnda mantiqni, izchillikni saqlash uchun kompozitsiyani o’zgartirmaydi, abzatslar, jumlalar o’rnini almashtirmaydi, o’zidan abzatslar, jumlalar qo’shib boyitmaydi, fikr tavtologiyasini yoki matnga begonaroq, ortiqcha o’rinlarni qisqartirib, siqib, «suvini to’kib» tashlamaydi. Uning tahriri asosan matnning «bitini terishdan»: «bo’ldi-bo’ldi», «qildi-qildi»lardan tozalash, so’z tavtologiyasini, ya’ni tishga tegadigan qaytariqlarni yo’qotish, jumla tuzishdagi no’noqlik-larni bartaraf etish, «gandilar», «ishdilar» bilan kurashish, mazmunni xiralashtirib turgan ba’zi so’zlar o’rniga o’tkirroq ma’nodosh muqobilini topib qo’yish, butun o’zbek matbuoti «naqorat», «ozorbayjon» deb buzib yozadigan so’zlarni «naqarot», «ozarboyjon» tarzida to’g’ri yozilishini nazorat qilishdan iborat.

Abdulla Qahhorning tili achchiq bo’lganini, saviyasi past asarlarni yuzxotir qilmay beayov savalaganini bilamiz. Shuning uchun mundayroq yozuvchilar undan hayiqib turgan, kattaroq asar yozishga istihola qilgan, degan gaplar yuradi.

Vahob Ro’zimatov Abdulla Qahhor emas, lekin zardasi undan zo’r, qahri undan qattiq, tili undan achchiq. Jumlada arzimas g’alizlik yoki imloviy xato ko’rsa, jingalakka moyil, moshguruch, patila sochlari tikka bo’lib ketadi, yuzingda ko’zing bormi, demay sasiydi:

– Qatka qaravossiz, okovsi?! «Ko’pchilik keldilar» bo’ladimi, «ko’pchilik» ko’plik ma’nosini bildirgani bilan o’zi birlikda-ku, birlikda bo’lgandan keyin «keldi» bo’ladi-da. «Xalq to’planishdi yoki to’plandilar» bo’lmaydi, «to’plandi» bo’ladi. «Anchayin» «anchagina» degan ma’noda ishlatilvotti, noto’g’ri bu, u «shunchaki» degan ma’noni bildiradi. Shunaqalarga ixtiyot bo’ling-da! – deb o’zi «ehtiyot» so’zini shevada talaffuz qiladi, ta’bir joiz bo’lsa, og’zaki nutqda (atay talaffuzda demayapman) imloviy xatolarga bemalol yo’l qo’yaveradi.

Achchiq-tiziq gaplari jon-joningizdan o’tib ketadi. Lekin chidaysiz. Chunki to’g’ri. Faqat, xafa bo’lasizki, shuni yotig’i bilan aytsa bo’lmasmikan? Bo’lmaydi: pig’li shunaqa!

Ba’zan hech narsadan hech narsa yo’q, birdan zahrini sochib qoladi, kimningdir arzimas bir xatosi uchun dilingizni xufton qiladi. Mahmud Sa’diy kun bo’yi kitob do’konlaridan chiqmaydi, ishga peshindan keyin keladi, materiallarini vaqtida topshirmaydi, bunga ham siz aybdor. Murod Xidir butun boshli Fan va madaniyat bo’limiga mudir bo’la turib, bor-yo’g’i bitta krossvord yo shaxmatga oid maqola beradi. Bungayam siz javobgar. Fotomuxbir Beznosov allaqaysi sahrodan tuyalarning suratini olib keladi. Ular orasida bisotini ko’z-ko’z qilib turgan bir hangi ham bo’ladi. O’zi e’tiborsizlik qilib shu suratni zarvaraqlarda chiqarib yuboradi. Markazqo’mdagilar qo’ng’iroq qilib: «Bu qanday bemazagarchilik!» deb dakki beradi. Buning ham alamini sizdan oladi. Jurnalning bosh rassomi Emil Ro’ziboev tuman firqa qo’mitasining mafkura bo’yicha kotibasi bo’lgan xotini bilan adi-badi aytishib qolib, uydan chiqib ketadi, amaldor xotin Vahob Ro’zimatovga «Erimni topib ber» deb qo’ng’iroq qilaverib, do’q uraverib, inka-tinkasini quritib yuboradi. Bu do’qning ham zarbasi sizning boshingizga kelib tegadi. Sa’dulla Ahmad salanglab yuradi, qo’lini sovuq suvga urmaydi, san’at bo’yicha bu songa hech vaqo yo’q… Bunga ham siz gunohkor.

Asqad Muxtor katta yozuvchi, rahbar, arbob, kengashlardan, anjumanlardan, forumlardan, simpoziumlardan, uchrashuvlardan, xorijiy safarlardan bo’shamaydi. Xullas, hamma ish go’yo Vahob
Ro’zimatovning o’ziga qolgan. Shunga jig’ibiyron. Alining alamini Validan olib, hovridan tushadi. Boshqa iloji yo’q. Jini qo’zib turgan paytda uncha-muncha gap ham yoqmaydi: siltab tashlaydi, jerkib beradi. Qo’lingizni cho’ntagingizga solib yursangiz: «Boyvachcha!» deb kesatadi. Qaddingizni g’oz tutib yursangiz: «G’o’daygan!» deb g’ijinadi.

Gap-so’zlaridan sal ranjiganday bo’lganingizni bilsa, o’zicha kechirim so’ragan bo’lib, yana chaqadi:
– Shunaqaman-de endi, okovsi, xudo bergan pig’l, birdan akillab qolaman, xapa bo’miysiz, maylin-da, chidaysiz-da, nima qilay, men Asqad Muxtorning bog’lab qo’ygan itiman, – deydi.

«Guliston»da bizdan oldin ishlagan Shukur Xolmirzaev, Sa’dulla Siyoev, Xudoyberdi To’xtaboev, Mahkam Mahmudov kabi qalamkashlarning aksariyati Vahob Ro’zimatovning injiqliklariga chiday olmay bo’shab ketgan deb eshitganman. Mahkam Mahmudovning eslashicha, Asqad Muxtorga shikoyat qilsa, u: «Vahobjon talabchan-da, chidang, o’zingizga foyda bo’ladi», deb yupatar ekan…

Vahob Ro’zimatov
IKKI TARJIMA
09

1-img_03031a.jpgVahob Ro’zimatov (1921.17.11, Toshkent — 2006) — jurnalist  va tarjimon. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1976). Yozuvchilar uyushmasida maslahatchi (1955—60), «Sharq yudduzi» jurnalida adabiy xodim, bo’lim mudiri (1945—55), bosh muharrir o’rinbosari (1960—71), «Guliston» jurnalida mas’ul kotib, bosh muharrir o’rinbosari (1971—81), «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida bo’lim mudiri (1881—82) bo’lib ishlagan.

Ijodiy faoliyati 30-yillar oxirida tarjimonlik bilan boshlangan. M. Sholoxov (“Ochilgan qo’riq”), K. Simonov (“Tiriklar va o’liklar”) romanlari, Artur Konan Doyl (“Sherlok Xolmsning yon daftaridagi yozuvlar”), Kobo Abe (“Qumdagi ayol”), J. Svift, L. N. Tolstoy, A. N. Ostrovskiy, N. Hikmat p`esalari, shuningdek, A. S. Pushkin, A. P. Chexov, F. M. Dostoevskiy, M. Gor`kiy, B. Polevoy, O. Gonchar, G. Sevunts, O’Genri, M. Tven, R. Tagor, J. Rodari va boshqa yozuvchilar asarlarini o’zbek tiliga o’girgan. Vahob Ro’zimatovning «Katta oila» (hamkorlikda, 1942), «Uch o’rtoq» (hamkorlikda, 1943), p`esalari bor. Vahob Ro’zimatov G’afur G’ulomning 10 jildli «Asarlar» to’plamini (1970—78) nashrga tayyorlagan.

«El-yurt hurmati» ordeni bilan mukofotlangan (1999).

09

Fyodor Dostoevskiy
ALOMAT ODAMNING TUSHI

O, barcha narsa xuddi o’zimizdagidek, ammo hamma yerda allaqanday bayram va nihoyat erishishga muvaffaq bo’lingan buyuk ezgu, tantana nash’asi barq urib turar edi. Latif zumrad dengiz sohilga ohista talpinib, uni yaqqol, ayon, qariyb bir ongli mehr bilan o’pardi. Bo’ydor, ajib daraxtlar bor ko’rkini to’kib turar, ularning son-sanoqsiz yaproqlari esa, ishonch bilan aytamanki, meni ma’sum, osoyishta shivirlari bilan qutlab, qandaydir muhabbat so’zlarini izhor etmoqda edilar. Chamandagi xushbo’y gullar alvon tovlanmoqda. Osmonda gala-gala bo’lib uchib yurgan qushlar mendan hayiqmay, yelkam va qo’llarimga qo’nar, o’ynoqi, latif qanotlari bilan meni urib-urib qo’yar edilar. Nihoyat, men bu saodat yurtining odamlarini ko’rib, ular bilan tanishdim. Ular huzurimga o’zlari keldilar, atrofimni o’rab olib, yuz-ko’zimdan o’pdilar. Quyosh bolalari, o’z quyoshining bolalari, — o, ular qanday go’zal edi! Men o’z yerimizda inson siymosida bu qadar go’zallikni hech qachon ko’rgan emasman. Ehtimolki, bolalarimizning, ularning sabiy go’daklik yillarida bu go’zallikning yiroq, shunda ham zaif aksini topsak ajab emas. Bu baxtiyor odamlarning ko’zlarida nur chaqnardi. Ularning chehralarida aql-zakovat, allaqanday osudalik chulg’ab olgan shuur barq urar, ammo bu chehralar xurram, bu odamlarning so’zlari va ovozlarida bolalarga xos quvonch yangrar edi.

O, men ularning chehralariga nigoh tashlagan ilk ondayoq hamma narsani darhol payqab oldim! Bu zamin gunohlardan pok, unda gunoh qilmagan odamlar yashar, butun bashariyatning rivoyatiga ko’ra, bizning gunoh qilgan ajdodlarimiz yashagan jannatdagidek yashar, tafovuti shundagina ediki, bu yerning zamini bir tekisda jannat edi. Xurram qahqaha otayotgan bu odamlar atrofimda parvona bo’lib, meni erkalatardilar, ular meni o’z uylariga olib ketdilar, har qaysisi ham menga taskin bergisi kelardi. O, ular mendan hech narsani surishtirmas, hamma narsadan allaqachon voqifdek edilar, menga shunday tuyuldi, ular mening chehramdagi iztirobga tezroq barham berishni istar edilar.

* * *

Bilasizmi, qayta aytaman: mayli bu tush bo’lgan bo’lsa bo’laqolsin! Ammo bu ma’sum va ajoyib odamlarning mehr-muhabbat tuyg’usi qalbimda abadiy qoldi, his qilib turibmanki, ularning mehr-muhabbati hozir ham o’sha tomondan menga hamon yog’ilmoqda. Men ularni ko’zim bilan ko’rdim, ularning mavjudligini idrok etib, qanoat hosil qildim, ularni sevib qoldim, keyinchalik ular uchun dard chekdim. O, hatto o’sha ondayoq ko’p jihatlardan ularning dilidagini mutlaqo payqayolmasligimni darhol tushundim; mendek bir zamonaviy rus taraqqiyparvari bila turib, bizning fanimizdek fanga ega emasliklarining sababini tushunolmadi. Ammo tez orada payqadimki, ularning bilimlari bizning yerdagiga qaraganda boshqacharoq, zehn-idrokdan oziqlanar ekan, madad olar ekan, ularning havas-ishtiyoqlari ham mutlaqo boshqacha ekan. Ular hech narsa istamas, xotirjam edilar, ular hayotni biz bilib olishga intilganimizdek, idrok etishga intilmas edilar, chunki ularning hayoti to’kis edi. Ammo ularning bilimi bizning fanimizdan ko’ra chuqurroq va yuksakroq edi; chunki bizning fanimiz hayotning ma’nosini tushuntirish yo’llarini qidiradi, boshqalarni yashashga o’rgatish uchun uni idrok etishga intiladi; ular esa qanday yashashlari kerakligini fansiz ham bilardilar, men buni tushundimu ammo bilimlarini payqay olmadim. Ular menga daraxtlarini ko’rsatishdi, ularning o’z daraxtlariga nechog’li mehr bilan qarashlarini ham tushunib yetolmadim: go’yo ular o’zlariga o’xshagan jon egalari bilan so’zlashayotgandek edilar.

Bilasizmi, bordi-yu, ular o’sha daraxtlar bilan so’zlashdilar, desam ham xato bo’lmas! Ha, bular ular bilan til topishgan, aminmanki, daraxtlar ham bularni tushunib turar edi. Ular butun tabiatga — jonivorlarga ham shunday qarar, jonivorlar esa ular bilan iyib ketib, ularga oqibat ko’rsatar edilar. Ular menga yulduzlarni ko’rsatib, bular borasida shunday narsalarni aytdilarki, buni tushuna olmadim, ammo aminmanki ular falak yulduzlari bilan nimalardir orqali muloqotda bo’lar edilar, aqlim yetmaydi-yu, ammo qandaydir bir jonli aloqa yo’li bilan bo’lsa kerak. O, bu odamlar men ularni tushunib olishim uchun urinmas, ular meni busiz ham sevar edilar, ammo men esa ular meni hech qachon tushuna olmasliklarini bilardim, shuning uchun ham ularga o’zimizning yer haqida qariyb gapirmasdim. Men faqat ular yashayotgan zamin tuprog’ini o’pardim, so’z bilan izhor qilmay ularning o’zlarini ardoqlardim, ular buni ayon ko’rib o’zlarini ardoqlashimga yo’l qo’yar, ardoqlayotganimdan xijil bo’lmas, chunki o’zlari ham cheksiz mehr bilan sevar edilar. Ba’zan ularning ham menga nisbatan qanday mehr-oqibat ko’rsatishlarini qalbimda quvonch bilan his etganda ko’zda yosh bilan ularning oyoqlarini o’parkanman, ular men uchun iztirob chekmas edilar.

Goho men hayrat bilan o’zimdan so’rab qolardim: nechuk ular mendek odamni shu vaqtgacha sira ham tahqirlamaydilar, mendek bir odamning dilida biron marta ham rashk va hasad uyg’otmaydilar! Ko’p martalab o’zimdan so’radimki, mendek bir maqtanchoq va yolg’onchi ularning xayollariga xam kelmagan bilimlar haqida nima uchun gapirib bermadim. Ularga bo’lgan mehr-oqibatim hurmati, ularni aqalli taajublantirgim kelmadi? Ular bolalardek sho’x va xushchaqchaq edilar. Ular o’zlarining ajoyib o’rmon va to’qaylariga kechib yurar, ajoyib qo’shiqlarnni kuylar, o’z daraxtlarining mevalari bo’lgan noz-ne’matlar bilan, o’rmonlarinint asallari va mehribon jonivorlarining suti bilan oziqlanar edilar. Oziq-ovqat va kiyim-kechak topish uchun ular uncha-munchaga mashaqqatsiz mehnat qilar edilar. Ularda ham ishq-muhabbat bor. Farzand ko’rar edilar, ammo men ularda hech qachon vahshiyona nafs ishtiyoqini ko’rmadim; bizning yerda esa hamma va har bir kimsa bunga giriftor, bu narsa insoniyatimizning deyarli barcha gunohlari uchun birdan bir manba bo’lib xizmat qiladi. Bolalar tug’ilganda, bular huzur-xalovatimizning yangi ishtirokchilari, deb quvonar edilar. Ularning orasida nizo va g’ayirlikdan asar yo’q, bu narsalarning nimaligini hatto bilmas ham edilar. Ularning bolalari hammaning bolasi, chunki hammalari yagona bir oilani tashkil qilar edilar. Ularda kasal degan narsa mutlaqo yo’q, zotan o’limgina bor; qariyalari vidolashgani to’plangan odamlar qurshovida, jilmaygan chehra bilan ularga omonlik tilab, uyquga ketayotgandek jon berar, to’planganlar ham ularni xushnud chehra bilan kuzatib qolar edilar. Men bu hollarda yig’i-sig’i, alam-sitamni ko’rmadim, aksincha, zavq-shavq, osuda, samimiy, yaqqol zavq-shavq barq urgan mehr-muhabbat hukm surar edi. Marhum zotlar bilan hatto ularning o’limlaridan keyin ham muloqotda bo’lar ekanlar, hayotliklaridagi inoqliklariga o’lim ham ayriliq sololmas ekan, deb o’ylash mumkin edi. Ulardan mangu hayot haqida so’rab qolsam, gapimga tushunib yetmas edilar, aftidan mangu hayotga bo’lgan e’tiqodlari shu qadar qat’iy ediki, bu haqda ularda savol tug’ilishi mumkin emas edi. Ularning ibodatxonalari yo’q, ammo ularda Butun koinot bilan allaqanday muhim, jonli va uzluksiz muloqot hukm surardi. Ularda diniy e’tiqod yo’q, yer yuzidagi huzur-halovatimiz yerdagi tabiat imkoni doirasidan chekiga yetsa, hayotlarimiz ham, o’lganlarimiz ham Butun koinot bilan bundan ham zo’rroq muloqotda bo’lishga erishamiz, degan qat’iy ishonchlari bor. Bu daqiqani ular quvonch bilan kutar, ammo oshiqmas, mushtoq bo’lmas, aksincha, uni dildan yaqin his qilar, bu hislaridan bir-birlarini voqif etar edilar. Kechqurunlari yotar oldidan ular yalpi va mahzun xonish qilishni xush ko’rar edilar. Bu taronalarda ular intihosiga yetgan kun ato etgan barcha tuyg’ularni izhor qilar, bu kunni muborakbod qilib, u bilan vidolashar edilar. Ular tabiatni, yeru zaminni, dengizlarni, o’rmonlarni qutlar edilar. Ular bir-birlari haqida qo’shiqlar to’qishar, bir-birlarini yosh bolalardek maqtar edilar, bu eng oddiy qo’shiqlar bo’lib, ammo qalblardan otilib chiqib, qalblarga quyilar edi. Qo’shiqlardagina emas, butun umrlarini bir-birlariga mehr izhor qilib o’tkazayotgandek edilar. Bu barchaga xos, umum ko’pchilikka xos allaqanday bir-birini sevish tuyg’usi edi. Ba’zi bir tantanavor va zavqbaxsh qo’shiqlarga men mutlaqo tushunmas edim. So’zlarini tushunsam ham hech qachon to’la-to’kis mazmunini idrok etolmasdim. Bunga mutlaqo aqlim yetmas, ammo qalbimni tobora mislsiz bir yo’sinda egallab borar edi. Men ularga ko’pincha shularning hammasini allaqachonlar oldindan his qilganman, ba’zan chidab bo’lmas darajada g’ussaga yetib boradigan hasrat tug’diruvchi bizning yerimizdaligimizdayoq bu barcha quvonch va shon-shuhratdan bahramand bo’lganman, men sizlarning barchalaringizni va dong-shuhratlaringizni qalbimning tushlarida, shuurimning orzularida his qilganman, yerimizda men ko’pincha botayotgan Quyoshga qarab ko’zyoshimni tiyolmasdim, derdim…

Bizning yerimizning odamlariga bo’lgan nafratimda hamisha hasrat sezilib turadi: nega men ulardan sevmay turib nafratlanolmayman, nega men ularni kechirolmayman, ularga bo’lgan mehr-muhabbatimga hasrat omuxta: nega men ularni nafratlanolmay turib, sevolmayman, derdim. Ular mening so’zlarimni tinglardilar, ammo gapirayotgan narsalarimni tasavvur qilolmayotganlarini ko’rib turardim, lekin ularga bu haqda gapirganimdan o’kinmasdim: bilardimki, tark etib kelganlarim haqida qanday dardu hasrat chekayotganimni to’la-to’kis payqab turibdilar. Ha, ular menga mehr-muhabbat barq urgan ma’sum nigoh bilan boqarkanlar, o’z qalbim ham ularning qalblaridek ma’sum va haqqoniy bo’lib borayotganini his etarkanman, dillaridagini tushunmayotganimga o’kinmasdim. Zavqi-shavqimdan terimga sig’may, un chiqarmay ular uchun iltijo qilardim.

Mayli, bu tush bo’lsin, bularning hammasi sodir bo’lmagan bo’lishi mumkin emas. Bilasizmi, men sizga bir sirni aytaman; ehtimolki, bularning hammasi mutlaqo tush emasdir!

Mixail SHOLOXOV
XOL

Stolda kuygan o’q-dori anqib turgan patron gilzasi, qo’y so’ngagi, dala xaritasi, ma’lumot, ot terining isi urib qolgan naqshdor yugan, bir bo’lak non. Bularning hammasi stolda, devorning zaxidan mog’or bosgan, chopilgan xarrakda yelkasini deraza raxiga tiragancha eskadron komandiri Nikolay Koshevoy o’tiribdi. Uyushgan, karaxt barmoqlariga qalam tutgan. Stolda yozib qo’yilgan allaqachongi plakatlar yonida — chala to’ldirilgan anketa. Dag’al qog’ozga qisqagina so’zlar yozilgan: Koshevoy Nikolay. Eskadron komandiri. Ekinchi. RKSM a’zosi.

“Yoshi” degan katakka eran-qaran qilib 18 deb yozilgan.

Nikolka yoshiga qaraganda yag’rindor ko’rinadi. Atrofini ajin qoplagan ko’zlari va chollarga xos bukchaygan yelkasi uni keksanamo ko’rsatardi.

— Yosh bola-ya, bolakay, ko’k qo’g’aning o’zi, — deyishadi hazillashib eskadrondagilar, — ammo deyarli talofat ko’rmasdan ikkita bosmachi to’dasini tugata oladigan, eskadronni yarim yil mobaynida har qanday keksa komandirdan qolishmasdan janglaru olishuvlarga boshlab boradigan boshqa bir odamni topib ko’r-chi!

Nikolka o’n sakkiz yoshdaligidan iymanadi. Hamisha “yoshi” degan yoqimsiz katak qarshisiga kelganda qalamining yurishi sekinlashib, imillab qoladi, Nikolkaning yonoqlari o’kinchdan qizg’ish tortadi. Nikolkaning otasi kazak, otasiga ko’ra u ham kazak. Besh-olti yoshlarida otasi uni harbiy otiga mindirganini xuddi aloq-chaloq tushday eslaydi.

— Yolidan ushla, o’g’lim! — deb qichqirardi otasi, onasi esa oshxona eshigidan Nikolkaga jilmayib turar, otning do’ng sirtiga qapishgan jajji oyoqlariga va yugan tutgan otasiga tikilar edi.

Bu allaqachonlar bo’lgan. Nikolkaning otasi german urushida, xuddi suv yutgandek, bedarak ketdi. Nikolkadan otasiga otga ishqibozlik, behad dovyuraklik, chap oyog’ining yuqorisida xuddi otasidagiga o’xshash kaptar tuxumidek xol meros qoldi. O’n besh yoshigacha xizmatkorlikda sargardon kezdi, keyin esa uzun shinel so’rab olib, stanitsadan o’tayotgan qizil polk bilan birga Vrangelga qarshi kurashga jo’nadi. Shu bu yil yozda Nikolka Donda harbiy komissar bilan cho’milayotgan edi. Komissar Nikolkaning bukchaygan, quyoshdan qoraygan yelkasiga qoqa-qoqa, kontuziyalangan boshini qiyshaytirgancha duduqlanib shunday dedi:

— Sen haligi… haligi… Sen baxt… baxtli ekansan! Ha, baxtli ekansan! Xol — baxtning nishonasi emish.

Nikolka sadaf tishlarini ko’rsatib tirjaydi-da, suvga sho’ng’idi. Suvdan turib pishqirgan ko’yi:

— Bekor aytibsan, dovdir! — deb qichqirdi. — Go’daklikda yetim, umrim bo’yi xizmatkorlikdan qaddimni rostlamagan bo’lsamu bu kishi baxtlisan deb o’tirsa!

Shunday dediyu Donni quchib turgan sariq qumloq tomon suzib ketdi.

2

Nikolka istiqomat qilayotgan uy Don ustidagi uchirim yoqasida joylashgan. Derazalaridan yam-yashil, yoyiq Don bo’ylari, qoramtir suv ko’rinib turadi. Bo’ron esgan kechalari uchirim tagida to’lqinlar shaloplaydi, darchalar entikkandek hasrat chekadi, Nikolkaning nazarida suv pol tirqishlaridan o’g’rincha sizib kirayotgandek, to’liqib, uyni silkitayotgandek tuyuladi.

U boshqa kvartiraga ko’chmoqchi ediyu, niyatini amalga oshirmay, kuzgacha shu yerda qoladigan bo’ldi. Ayozli tongda mo’rt sukunatni nag’alband etigining jaranggi bilan chil-chil sindirgancha Nikolka bo’sag’aga chiqib keldi. Olchazor bog’chaga tushdi-da, shabnamdan giryonzada, oqarinqiragan o’langa yostandi. Og’ildan uy bekasining sigirni tek turishga undayotgani, yo’g’on ovozli buzoqning qistov bilan mo’ngrayotgani, tizillab tushayotgan sutning paqir chetiga jaranglab urilayotgani eshitilar edi.

Hovlida yon eshik g’ijirladi, it akilladi. Vzvod komandirining:

— Komandir uydami? — degan ovozi eshitildi.

Nikolka tirsaklariga tayangancha qaddini ko’tardi.

— Men buyoqdaman! Xo’sh, yana nima bo’ldi?

Stanitsadan chopar keldi. Aytishicha, Sal okrugidan bosqinchilar kirib kelganmish, Grushinskiy sovxozini bosganmish.

— Boshlab kel uni buyoqqa.

Chopar qora terga botgan otini otxonaga yetakladi. Ot hovlining o’rtasida oldingi oyoqlari bilan munkib tushdi, keyin yonboshiga quladi-da, o’qtin-o’qtin, kalta-kalta xirillaganicha, nafasi tiqilib, darg’azab vovullayotgan zanjirband itga so’nayotgan ko’zlari bilan tikilgan ko’yi o’lib qoldi. Chunki chopar olib kelgan paketda uchta xoch belgisi bor edi, chopar uni qirq chaqirim yo’ldan otga dam bermay olib kelgan edi.

Nikolka raisning undan, eskadron bilan madad bergani yetib kel, deb iltimos qilganini o’qigach, mehmonxonaga kirib qilichini taqarkan, tinkasi qurib o’yladi: ”Biror yoqqa o’qishga ketsam bo’lardi, buyoqda esa banda… Harbiy komissar izza qiladi, birorta so’zingni to’g’ri yozolmaysan, axir eskadron komandiri bo’lsang deb… Uning ustiga banda bosganini ayt… Yana qon to’kiladi, bunaqa turmush tinka-madorimni quritdi… Hammasi me’damga tegdi…”

Yo’l-yo’lakay karabinini o’qlagancha bo’sag’aga chiqdi. Xayoli tep- tekis, katta ko’chalarda chopib ketayotgan otlardek uchqur edi, shularni o’ylardi: “Shaharga ketsam bo’lardi… O’qisam bo’lardi…”

O’lib qolgan ot yonidan otxona tomon o’tib borarkan, uning chang bosgan burun kataklaridan sizib chiqib, qora tasmadek chizilgan qonni ko’rib, yuzini ters o’girdi.

3

O’nqir-cho’nqir yozlik yo’l bo’ylab, shamol yalagan arava izlari bo’ylab gajimdor, bo’zrang bargizub, qalin hurpaygan sho’ra va taxoj tarvaqaylab yotibdi. Bu — bir vaqtlar xirmonjoylarga pichan tashib borilgan o’sha yozlik yo’l, g’aramlar dasht bo’ylab qahrabo qatralaridek sochilib yotibdi, serqatnov yo’l esa telegraf simyog’ochlari tagidagi do’nglik uzra yostangan. Simyog’och soya jarlar orqali kuzning xira tortgan oqish bag’ri tomon shitob intiladi, simyog’ochlar yonidan o’tgan yaltiroq yo’l bo’ylab esa ataman ellik chog’li sovet hokimiyatidan norozi Don va Kuban kazaklaridan iborat bosqinchilar to’dasini boshlab ketmoqda. Ular xuddi qo’y suruviga darigan bo’ridek uch kecha- kunduzdan buyon yo’l bo’ylab yoki yo’lsiz qo’riq osha qochib bormoqda, orqadan esa ularni qoralagancha Nikolka Koshevoyning otryadi kelmoqda.

Bandadagilar ko’pni ko’rgan, pixini yorgan harbiylardan bo’lsalar-da, har qalay ataman og’ir o’yga botadi, uzangiga oyoq tiraganchi dashtni ko’zlari bilan paypaslaydi, Donning narigi tomoniga cho’zilib ketgan o’rmonning moviy hoshiyasigacha nechchi chiqirimligini chamalaydi.

Ular shu tariqa bo’ridek qochishadi, Nikolka Koshevoyning eskadroni esa ularning izidan quvadi.

Yozning ochiq-yorug’ kunlari, shaffof osmon ostidagi Don dashtlarida qalin bug’doy boshoqlari kumushdek jaranglab tebranadi. O’rim oldida sarxil-sara bug’doy boshog’ining murti o’n yetti yashar yigitchaning mo’ylovidek qora tortgan, javdar esa odam bo’yi o’sgan bo’ladi.

Sersoqol dehqonlar daraxtzorlar yaqinidagi qumloq tepalardagi qumoq paykallarga javdar ekadilar. U yaxshi bitmaydi, qadim-qadimdan bir desyatinadan o’ttiz chorakka yetar-etmas hosil beradi, javdarni shuning uchun ekishadiki, undan qiz bolaning ko’z yoshidek tiniq samogon tortishadi: negaki azro’yi azaldan shu taomil bor, boboyu bobokalonlar ham ichib kelishgan. Don oblasti kazaklari qo’shinining tug’rosida aroqli bochka ustida yalong’och o’tirgan mast kazak tasviri aks ettirilganligi, chamasi bejiz bo’lmasa kerak. Xutorlaru stanitsalar kuz kunlari quyuq va o’tkir xamr bo’lib gupiradi, qizg’ish tol chetanlar uzra tepasi qizil papoqlar mastona chayqaladi.

Ana shunga ko’ra ataman ham biror kun hushyor bo’lmaydi, shu sababdan barcha aravakashlaru pulemyotchilar ressorli tachankalarda kayfdan qayshayishib o’tiradilar.

Ataman qadrdon qo’ralarini yetti yil mobaynida ko’rmadi. German asirligi, keyin Vrangel, quyosh tig’idan erib turgan Istambul, tikan simli lager, mumlangan, sho’r qanotli turk felyugasi, Kubaning popiltiriqli qamishzorlari va nihoyat — banda.

Agar yelkasi osha orqasiga o’girilib qarasa — atamanning kechirgan turmushi ana shu. Atamanning yuragi jazirama yoz kunlari dashtdagi balchiqlar bo’yida ho’kizlarning ayri tuyoqlaridan tushgan izlar qotganidek tosh qotdi. Tushunib bo’lmaydigan g’alati bir alam ichini kemiradi, mushaklarini o’qchiqdan tirishtiradi, ataman payqab turadiki, uni unuta olmaydi, bu dardga hech qanday samogon bilan bas kela olmaydi. Shuning uchun hushyor tortmay kuniga ichadiki, Don dashtlaridagi tashna bag’ri quyosh ostida ag’darilib yotgan g’alla xushbo’y va totli gullamoqda, qoramag’iz yuzli juvonlar xutorlaru stanitsalarda shunday samogon tortmoqdalarki, sharqirab turgan chashma suvidan ajratib bo’lmaydi.

4

Tongotarda dastlabki ayoz boshlandi. Nilufarning serbar yaproqlariga nuqra tuklar sochildi, kichkina tegirmon toshida esa ertalab Lukich slyudaga o’xshagan rang-barang, yupqa-yupqa muz parchalarini ko’rdi.

Ertalabdanoq Lukichning tobi qochib qoldi: beliga sanchiq kirdi, simillagan oyoqlari og’irlashib yerdan uza olmasdi. Eti so’ngaklaridan ajralib ketayotgandek bema’ni gavdasini arang ko’targancha tegirmon bo’ylab oyoqlarini surgab bosardi. Tariq juvozdan bir gala sichqon lip etib chiqqancha urib ketdi; yoshlangan nam ko’zlari bilan yuqoriga tikildi: shift tagidagi qo’ndoqdan turib kaptar tinimsiz bidir-bidirlagancha xonish qilmoqda edi. Bobo bamisoli qumoq tuproqdan yasalgandek burun kataklari bilan mog’or bosgan talx suv isini, javdar uni hidini dimog’iga tortdi. G’ijimlab o’yga toldi.

Bobo asalari kuvalari turgan joyda dam olish uchun yostandi. Po’stinini ustiga qiyg’och tashlagancha uyquga ketdi, og’zi nimochiq, labidan sizgan iliq, yopishqoq so’lagi soqoliga ilashgan. Oqshom qorong’usi boboning uyini bus-butun chulg’ab oldi, tegirmon sutrang tuman uvadalari orasida qoldi…

Uyg’onganida o’rmondan ikki otliq chiqib kelmoqda edi. Ulardan biri asalari kuvalari orasida yurgan boboga qichqirdi:

— Buyoqqa kel, bobo!

Lukich shubhalanib qaragancha turib qoldi. U notinch yillar orasida yem bilan unni so’ramay-netmay tortib oladigan mana bunday qurama odamlarni juda ko’p uchratgan, ularning hammasini bab-barobar, yoppasiga qattiq yomon ko’rar edi.

— Tezroq yursang-chi, galvars chol!

Lukich o’yib yasalgan kuvalar orasidan o’tib bordi, tusi ketgan lablarini ohista qimirlatganicha, sassizchapillatdi, mehmonlarga qiyg’os qaragancha beriroqda turib qoldi.

— Biz qizillardanmiz, bobojon… sen bizdan qo’rqma, — dedi xirqirab ataman beozorgina. — Biz bandaniquvib yuribmiz, o’zimiznikilardan qolib ketdik… Balki, ko’rgandirsan, kecha shu yerdan otryad o’tgan edi?

— Allaqanday odamlar o’tgan edi.

— Ular qayoqqa qarab ketishdi, bobo?

— Kim bilsin jin urganlarni!

— Tegirmoningda ulardan bitta-yarimtasi qolmaganmidi?

— Yo’q, — dedi Lukich qisqagina va orqasiga o’girildi.

— Shoshma, qariya, — ataman egardan sakrab tushdi, mastligidan maymoq oyoqlarida turolmay qalqib ketdi, og’zidan samogon hidi burqigancha shunday dedi, — biz komunistlarni yo’qotamiz, bobo… Ha shunday… Bizning kimligimizning senga hech bir dahli yo’q! — Qoqilib ketib, yuganini qo’lidan tushirib yubordi. — Senga dahldor joyi shuki, yetmish otga yem tayorlab berasan, uningni chiqarmaysan… Hozirning o’zida!.. Tushundingmi? G’allang qaerda?

— Yo’q, — dedi Lukich atrofiga alanglaganicha.

— Bu omborda nima bor?

— Balo-battar, lash-lush… g’alla yo’q!

— Qani, yur-chi!

Cholning yoqasidan tutdi-da, qiyshayib yerga qapishib yotgan ombor tomonga tizzasi bilan sudragancha olib ketdi. Eshikni lang ochdi. Xaltalarda bug’doy bilan taxojli arpa bor edi.

— Bu g’alla bo’lmay nima, qari ablah?

— G’alla, valine’matim… Bular supurundi… Men bularni bir yil mobaynida bittalab yiqqan bo’lsam-u… sen otlarga yedirib uvol qilmoqchisan…

— Nima, bizning otlarimiz ochidan tirishib o’lsinmi? Xo’sh, bu nima qilganing — qizillarning tarafini olayotibsanmi, o’zingga o’lim tilayotibsanmi?

— Rahming kelsin, mehribonginam? Senga nima gunoh qildim? — Lukich boshidan shapkasini yulqib oldi-da, shartta tiz cho’kib, atamanning serjun qo’liga yopishgancha o’pa ketdi…

— Ayt, qizillarni yoqtirasanmi?

— Kechir, jafokashginam!.. Behuda gapirgan bo’lsam, aybimdan o’t. Voy, kechir, qiynama meni, — deb o’krardi chol, atamanning oyoqlarini quchgancha.

— Qizillarga tarafdormasligingga qasam ich… Cho’qinma, tuproq oshala!

Bobo kaftlaridagi tuproqqa yosh to’kkancha, tish-og’zida aylantirib kavshandi.

— Xo’sh, endi ishondim. O’rningdan tur, qariya!

Ataman oyoqlari uvishib qolgan cholning turolmayotganini ko’rib kuldi. Yetib kelgan otliqlar xompalardan arpa bilan bug’doyni tashib chiqib, otlarning oyoqlari ostiga sepdilar, oltinrang donlarni hovli yuziga to’kib-sochdilar.

5

Tuman, namxush qorong’ilik qo’ynidagi tong.

Lukich soqchining oldidan o’tib, yo’ldan emas, o’rmondagi o’zigagina ma’lum bo’lgan so’qmoqdan pildiragancha, jarliklar osha, tong oldidagi tetik mudroqlikda sergaklangan o’rmon osha xutor tomon jo’nadi.

Yeltegirmonga yetib borib, hovli yo’ldan tor ko’chaga burilmoqchi edi, ko’z o’ngida daf’atan otliqlarning g’ira-shira sharpasi paydo bo’ldi.

— Kim u kelayotgan? — degan tashvishli xitob eshitildi jimjitlik qo’ynida.

— Menman… — Lukich chaynalib, o’zi esa bus-butun bo’shashib, a’zoyi-badani titray boshladi.

— Kimsan o’zing? Nima, propuskang bormi? Nima qilib izg’ib yuribsan?

— Tegirmonchiman… shu yerda suv tegirmonda ishlayman. Xutorga zarur ish bilan ketayotgan edim.

— Qanaqa zarur ish ekan u? Qani, komandirning oldiga yur-chi! Oldinga tush! — deb qichqirdi bittasi ot bilan bostirib kelarkan.

Otning bug’li lablari bo’yniga tegayotganini sezgan Lukich oqsoqlagancha xutor tomon yo’l oldi.

Maydondagi cherepitsa yopilgan uy oldida to’xtadilar. Kuzatuvchi inqillagancha egardan tushdi-da, qilichini shaloplatgan ko’yi bo’sag’aga ko’tarildi.

— Orqamdan yur!..

Derazalardan chiroq yorug’i ko’rinib turibdi. Kirib borishdi.

Lukich tamaki tutunidan aksirib yubordi, shosha-pisha shapkasini oldi-da, to’rdagi burchakka qarab cho’qindi.

— Mana bu cholni ushlab keldik. Xutorga ketayotgan ekan.

Nikolka paru pat yopishgan paxmoq boshini stoldan ko’tarib, uyqusiragancha, ammo jiddiy so’radi:

— Qayoqqa ketayotgan eding?

Lukich oldinga bir qadam tashlab, shodligidan qalqib ketdi.

— Jonginam, o’zimizniki ekansizlar, men bo’lsam, yana o’sha g’addorlar, deb o’ylabman… O’takam yorilganidan so’rashga ham botinolmabman… Men tegirmonchiman. Mitroxaning o’rmonidan o’tayotganlaringda menikiga tushgan edinglar, men senga sut quyib bergan edim, qo’ziginam… YO esingdan chiqdimi?

— Xo’sh, nima demoqchisan?

— Aytadigan gapim shuki, o’rgilay: kecha qorong’i tushishi bilan menikiga o’sha bandadagilar bostirib kelishdi, bor don-dunimni otlariga pok-pokiza yedirib yuborishdi!.. Meni xo’rlashdi… Kattasi, joningdan umiding bo’lsa, oldimizda qasam ich, dedi, tuproq oshalattirdi.

— Ular hozir qaerda?

— O’sha yerda-da. Bir talay araq olib kelishgan ekan, shimirishyapti iblislar. Mening mehmonxonamda, men siz shafqat panohimga xabar bergani yugurib keldim, hech bo’lmasa siz ularning ta’zirini berib qo’yarsiz.

— Ayt, otni egarlashsin! — deya boboga jilmaygancha xarrakdan sapchib turdi Nikolka va horg’inlik bilan shinelining yengini tortdi.

6

Tong otib boryapti.

Uyqusiz kechalarda zahil torgan Nikolka pulemyotli dvukolka tomon chopib keldi.

— Atakaga kirishishimiz bilan o’ng qanotiga qarab shig’illat. Biz ularning qanotini sindirishimiz kerak!

Shunday dedi-da, yoyilib borayotgan eskadron tomon ot qo’ydi.

Yo’ldagi bir to’p majmag’il dublardan o’tgach otliqlar ko’rindi — ular to’rtta-to’rttadan saf tortishgan, oraliqlarida tachankalar ketmoqda edi.

— Yeldiringlar! — deb qichqirdi Nikolka va orqasidan tuyoqlarning kuchayganini sezib, ayg’iriga qamchi bosdi.

Dahanada jonholatda pulemyot tarilladi, boyagi, yo’ldagilar xuddi mashq vaqtlaridagidek darhol halqa bo’lib yoyilishdi.

* * *

Ayqash-uyqash yog’ochlar orasidan tepalikka to’ng’iztaroq yopishgan bo’ri yugurib chiqdi. Boshini oldinga cho’zgancha g’ingshidi. Yaqin orada tars-turs o’qlar otilmoqda, turli ohangda uvillagan tovushlar payvast tebranib yangramoqda edi.

“Taq!” etib qayrag’ochzorga kelib tushardi o’q tovushi, tepalikning naryog’idagi qaerdadir, shudgordan narida payvast bidirlagan aks-sado eshitiladi: “tuq!”

Yana o’qtin-o’qtin: taq-tuq-taq! Tepalik orqasidan javob kelardi: tuq-tuq-tuq!

Bo’ri turdi-turdi-da, eran-qaran, lapanglagancha jarlikdagi sarg’ayib qolgan, o’rib olinmagan qo’g’azorga qarab yo’naldi…

— Bo’shashma!.. Tachankalarni tashlamanglar!.. Chakalakka… Chakalakka, deyman onangni emgurlar! — deb qichqirardi ataman, uzangiga oyoq tirab turgancha.

Tachankalar atrofida esa hovliqib qolgan aravakashlar bilan pulemyotchilar yon qayishlarini kesmoqda, pulemyotdan uzluksiz o’t ochilayotgani tufayli uzilib ketgan halqadagilar tiraqaylab qochishga kirishgan edilar.

Ataman otini burdi, unga tomon qanot yozgandek, qilichini o’ynatib bir kishi ot choptirib kelmoqda edi. Ko’kragidan chayqalayotgan durbinidan, burkasidan ataman ot choptirib kelayotgan oddiy qizil askar emasligin payqadi-da, tizginni tortdi. Uzoqdan yosh yigitning g’azabdan burishgan muylabsiz yuzini, shamoldan yumilayotgan ko’zlarini ko’rdi. Atamanning tagidagi ot orqa oyoqlariga cho’kkudek bo’lib o’ynoqlardi, o’zi esa kamariga ilinib qolgan mauzerini yulqilab tortarkan, shunday deb qichqirdi;

— Itvachcha go’dak!… O’ynataver, o’ynataver, o’ynatishni mendan ko’rasan hali!…

Ataman yaqinlashib kelayotgan qora burkaga qarab o’q uzdi. Ot sakkiz sajencha chopib kelib, qulab tushdi, burkasini irg’itib tashlagan Nikolka esa o’q uza-uza, yugurgancha ataman tomon tobora yaqinlashib kelmoqda edi…

Chakalakning orqasidan kimdir vahshiyona chinqirib yubordi-da, ovozi o’chib qoldi. Quyosh yuzini bulut bosdi, dashtga, yo’lga kuz va shamollar dastidan yalang’ochlangan o’rmonga suzib boruvchi soyalar to’shaldi.

“Nodon, go’dak, hovliqma, shuning uchun ham bu yerda ajalga duchor bo’ladi”, deb o’ylardi ataman, shoshqinlik bilan, nihoyat yigitning oboymasidagi o’qlari tamom bo’lgach, tizginini bo’shatdi-da, kalxat bo’lib otildi.

02Egardan og’gancha qilichini siltadi, zarbdan yigitning gavdasi shilq etib bo’shashganini bir lahza his etdi, keyin jasad sirg’algancha yerga asta qulab tushdi. Ataman sakrab tushib marhumning durbinini yulqib oldi, uning uvishib titrayotgan oyoqlariga qaradi, atrofiga alangladi-da, o’likning xrom etigini yechib olish uchun cho’nqayib o’tirdi. Qirsillayotgan tizzasiga oyog’ini tiragancha etikning bir poyini chaqqonlik bilan yechib oldi. Ikkinchisining ichida paypoq yig’ilib qolganmi, yechilmasdi. G’azabi oshib so’kingancha etikni paypog’i bilan qo’sha sug’urib oldi-da, oyog’ining to’piqdan yuqorirog’idagi kaptar tuxumidek keladigan xolga ko’zi tushdi. Yigitni uyg’otib yuborishdan qo’rqayotgandek uning sovib kelayotgan boshini asta-sekin yuzini yuqoriga qilgancha o’nglab qo’ydi, qo’li og’zidan laxta-laxta bo’lib chiqayotgan qonga belandi, tikilib qaradi-da, shundan keyingina uning o’xshovsizroq yelkalarini noqulay quchgancha, bo’g’iq ovoz bilan shunday dedi:

— O’g’lim!.. Nikolushka!.. Jonim!.. Jigarbandim…

Unniqib borarkan, qichqirdi:

— Aqalli bir og’iz so’z aytsang-chi! Nima bo’ldi o’zi-ya?

So’nayotgan ko’zlariga qaragancha o’zini yerga tashladi; qon quyilgan qovoqlarini ochib qararkan, ixtiyorsiz, majolsiz jasadini silkitardi… Nikolka esa benihoya zo’r va muhim narsasi haqida so’zlab yuborishdan qo’rqayotgandek mo’mataloq tilining uchini g’archcha tishlab olgan edi.

Ataman o’g’lining sovub borayotgan qo’llarini bag’riga bosib o’pdi-da, ter ingan mauzerining po’lat milini tishlari bilan tishlab, og’ziga o’q uzdi…

* * *

Kechqurun chakalakning naryog’ida otliqlar ko’rinib, shamol g’ala-g’ovur tovushlarni, otlarning pishqirishlari va uzangilarining jaranglashini olib kelarkan, atamanning boshidan o’limtikxo’r kalxat istar-istamas uchib ketdi. Uchib ketdi-da, kuzning xira, bo’zraygan osmonida g’oyib bo’ldi.

Artur Konan Doyl. Sherlok Xolms haqida hikoyalar by Khurshid Davron on Scribd

021

(Tashriflar: umumiy 433, bugungi 1)

Izoh qoldiring