Abduqayum Yo’ldoshev. “Endi nima qilaman?..”

07

    Ҳамма замонларда ҳам ишбилармон, тадбиркор, ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса ҳамки турмушини фаровон этиб юрадиган, тегирмонга тушса бутун чиқадиган устомонлар қаторида бўш-баёв, борига қаноат қилиб яшайдиган, аммо эртанги кунга нисбатан умидни йўқотмайдиган фуқаролар ҳам бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Акбарали ўзини мана шундай оддий, камсуқум одамлар сафида кўрарди.

05
Абдуқаюм Йўлдошев
ЭНДИ НИМА ҚИЛАМАН?..
011

03Абдуқаюм Йўлдош 1962 йил 29 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган.Тошкент Политехника институтини (ҳозирги Техника университети) битирган (1985). «Қаро кўзим. Шайх ур-раис» (1990), «Сунбуланинг илк шанбаси» (1998), «Тимсоҳнинг кўз ёшлари» (2003), «Парвоз» (2004), «Бир тун ва бир умр» (2007) каби китоблари нашр этилган.Р. Бредбери, А. Кристи, Ф. Браун, Э. Поттер ҳикояларини, Е. Березиковнинг «Буюк Темур» романини (Ҳ. Шайхов билан ҳамкорликда), П. Шермухамедовнинг «Буюк Хоразмий» романларини ўзбекчага таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

011

08анжал яна эрталабдан, нонушта маҳалидан бошланди.
– Дадаси… – деди зорланиб Холниса.
Акбарали аввалига ўзини эшитмаганга солиб кўришга уринди, ҳатто жон-жаҳди билан газета ўқиётгандай тутди.
Аммо Холниса бўш келадиган аёллардан эмас.
– Дадаси… – деди жувон бу сафар сал зардали оҳангда.

Бўрон бошланиб келаётганини англаган Акбарали оғир уф тортди ва ноилож хотинига ўгирилди.
Ана энди Холнисага худо бериб қолди. Бирдан кўзлари жиққа ёшга тўлган жувон “қулт” этиб тупугини ютаркан, аламли оҳангда деди:
– Шунақа… Энди бу одам бизнинг гапларимизни эшитмайди… Ўзимизам ёқмай қолганмиз, сўзимизам…

Акбарали қўшни хонадаги Шерзод эшитиб қолмаслиги учун овозини пасайтириб деди:
– Нима дейсан? Яна ўша гапдир-да.
– Ҳа, ўша гап, – бирдан жаҳл билан ўшқирди Холниса. Сўнг кўзёшларини тия олмай, бидирлаб кетди: – Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим қўшниларнинг дастидан. Кеча анави Салтанатга “Уйга сервант омоқчийдик” десам, яшшамагур пихиллаб кулиб нима дейди денг?
Холниса эрига саволомуз қаради.

Акбарали аввал елка қисди, сўнг ўзига бақрайиб тикилиб қолган хотинидан сас чиқавермагач, сўрашга мажбур бўлди:
– Хўш, нима деди?
– Боплади, яшшамагур! Илоё оғзингдан қонинг келгур!..
– Хўш, нима деди? – бетоқатланиб сўради Акбарали.
– Ўл деди, дард деди! – авжини кучайтирди Холниса. Сўнг эрининг афти буришаётганини кўргач, дарҳол мақсадга кўчди: – “Мош сиғмаган орқангизга ловияни тиқиб нима қиласиз?” деди яшшамагур.
Акбарали ҳайрон қолди.
– Сервантга мошнинг нима алоқаси бор?

Холниса эрига икки карра икки тўрт бўлишини тушунтираётгандек таъкидлаб, сўзларни чертиб-чертиб деди:
– Уйимизнинг торлигини айтди-да у яшшамагур! Эри тўрт хонани эгаллаб олган. Сиз бўлсангиз, аммамнинг бузоғига ўхшаб…
– Бўлди! – деди бўғриқиб кетган Акбарали жаҳл билан. – Пластинкангни тўхтат! Ё бошқасини қўй.
– Нега тўхтатарканман?! – бобиллаб берди Холниса. – Ё гапи нотўғрими? Йўқ, тўппа-тўғри! Сиз менга жаҳл қилманг, дадаси, жаҳл қилманг. Ундан кўра ҳаммага кулгу бўлиб юрганимиз учун ўзингиз уялинг. Ахир қачонгача умримиз шу каталакда ўтади? Меҳмон чақиролмасак, ўзимиз эмин-эркин бировникига боролмасак. Яна икки-уч йилдан кейин Шерзодингиз кап-катта бола бўлади. Билмайман, тўйни қаерда ўтказасиз…

Акбаралининг тили қичиди, аммо дарров ўзини босди. Зеро у ҳозир нима деса ҳам тор уйда яшайвериб, кенг-мўл уйни орзу қила-қила юрак-бағри сиқилиб кетган Холниса аламини тўкиб солиш учуноқ камида яна ярим соат бақир-чақир қилиши, кейин эса хўрлиги келиб, роса йиғлаб олиши аниқ эди.
“Аёлларга осон, – деб ўйларди шунақа пайтлари Акбарали. – Ҳеч бўлмаса кўзёши тўкиб сал енгил тортиб олишади. Қийиндан бизга қийин…”

Дарҳақиқат, бундай чоғларда ташқаридан хотиржам кўринса-да, Акбарали сас чиқармай изтироб чекар, дилига қуйилаётган алам-изтироб, чорасизликдан қийналиш туйғулари эса аста-секин мадда бойлаб, юрагини сиқувга олаётган бўлса керакки, кейинги пайтларда йигитнинг юраги сиқадиган одат чиқарди.
Аммо Акбарали буни хотинига билдирмайди.

Ҳозир ҳам индамай, тез-тез кийинди-да, уйдан чиқиб кетишга шошилди.
Унинг ортидан Холниса шанғиллаб бақириб қолди:
– Эркакмисиз ўзи! Анов ишни ҳал қилиб келинг! Юраверасизми шалпайиб? Сизга ўхшаган одамларнинг уч-тўрттадан ҳовлиси бор. Биз бўлсак…
Акбарали қадамини тезлаштирди.
Ниҳоят хотинининг қаҳрли овози эшитилмай қолгандан кейингина у устидан босиб турган юкдан халос бўлгандай сал енгил тортди. Аммо бу вақтинчалик ҳолат эди, холос. Зеро, орадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас ҳаммаси бошидан бошланади…

* * *

Ҳамма замонларда ҳам ишбилармон, тадбиркор, ўзини ўтга-чўққа уриб бўлса ҳамки турмушини фаровон этиб юрадиган, тегирмонга тушса бутун чиқадиган устомонлар қаторида бўш-баёв, борига қаноат қилиб яшайдиган, аммо эртанги кунга нисбатан умидни йўқотмайдиган фуқаролар ҳам бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Акбарали ўзини мана шундай оддий, камсуқум одамлар сафида кўрарди.

Бўлмаса вақтида институтни битирди, йўлланма билан заводга ишга келиб, тўрт йил қуюв цехида муҳандис бўлиб ишлаб ҳам берди.
Тан олиш керак, ўша пайтлари Акбарали заводда яхшигина маош оларди. Завод иш режасини бажарган тақдирда маошга қўшимча тарзда бериладиган ойлик мукофот пулининг ҳам чўғи баланд бўларди.
Бу орада тортинчоқ, камгап Акбарали керак пайтлари ишчилар билан бўралатиб сўкишишни ҳам сал-пал ўрганиб олди. Ой охирида, режа бажарилиши хавф остида маҳаллари эса ўзи рангли металл қайнаб ётган саккиз юз даражали печка ёнида чўмич кўтариб турди, зарур деталлар учун қолип ясашни ҳам балодайгина ўзлаштирди. Ҳолбуки, аввалига қуюқ металл биқирлаб қайнаб турган печка ёнига яқинлашишга чўчиб турарди. Ҳар қалай, одам қилган ишни одам қиларкан, кўз қўрқоқ, кўл эса ботир бўларкан.

Институтда олган назарий билимлари кўмак бердими, охир-оқибат ишчилар билан тил топишган Акбарали бир-иккита қўли гул қуювчилар ёрдамида айрим деталларни ярим тайёр металл шаклларни ўйиб ишлов бериб эмас, қуйиб тайёрлаш бўйича самарали таклифларни киритиб, уларни амалиётга жорий этиб, бундан келадиган иқтисодий самара ҳисобига мукофот пули олишни ҳам уддалайдиган бўлди.

Ишқилиб, йигитнинг қўли пул кўра бошлади.
Йўлланма билан келган ёш мутахассисга завод ётоқхонасидан бир хона ажратиб беришганди. Акбарали шу ерда яшар, ойда бир марта қишлоққа бориб, ота-онаси ва ака-сингилларидан хабар олиб қайтарди.
Ҳаёт энди шу тарзда давом этадигандек эди. Иш, ётоқхона, якшанба куни дам, душанбадан яна иш; ойда бир марта уйга бориб келиш…

Тўғри, заводнинг ўзида ҳам, таъбир жоиз бўлса, ҳаводан пул ясайдиган олғирлар топилиб турарди. Улар бир неча маротаба бирга ишлашга таклиф этишди, аммо Акбарали рўйхўшлик билдирмади. Айниқса дурадгорлик цехининг бошлиғи Акмал бир неча маротаба ҳатто ётоқхонага ҳам излаб келиб, ҳамкорликда бизнес қилишга чақирди. Акбарали кўнмади.

Бу орада замон ўзгариб кетди.
Бозор иқтисодиёти деган тушунча ҳаётга кириб келди.
Кўпчилик одам ўзини олди-сотдига урди.
Акбарали ўз жойида тинчгина ишлайверди. Унинг анча-мунча танишлари бу соҳада синиб, боридан ҳам айрилишди. Уларни кўриб, Акбарали бунақа ишларга аралашмагани учун ўзича шукроналар айтди. Тўғри, баъзи бир таниш-билишларининг омади келди. Улар тез орада янги машиналарда, қимматбаҳо либосларда ўзларини кўз-кўзлаб юрадиган бўлишди. Акбаралининг уларга ҳаваси келди, аммо олди-сотдини эплолмаслигини ўйлаб, яна бунақа ишлардан ўзини олиб қочиб юрди.

Тез орада Акбарали уйланди.
Келин қишлоғидан. Истараси иссиққина, хушмуомала Холниса билан дастлабки йиллари оилавий ётоқхонанинг каталакдек бир хонасида бахтиёр яшадилар. Қишлоқдан келган Холниса ётоқхонанинг шароитидан, айниқса бир жўмракдан иссиқ сув, иккинчисидан совуқ сув тинмай келишидан, умум ошхонада эса газ сира ўчмаслигидан ҳайратда эди.
Ўғилли бўлишди. Кейин қиз кўришди.
Вақт эса шувиллаб ўтиб бормоқда.
Ётоқхонани хусусийлаштиришди.
Акбарали ўзи яшаб турган хонани қонуний асосда номига ўтказиб олди.
Ана шунда кўрди йигит айрим одамларнинг нақадар ишбилармон ва устомон эканлигини.

Акбарали торгина хонага эга бўлганига шукроналар айтиб юраверган экан. Устомонлар бўлса у қилишди-бу қилишди, керакли одамларни топишди, уларнинг кўнглини овлашди, ишқилиб, қисқа муддат ичида оилавий ётоқхонадан учтадан-тўрттадан хонани хусусийлашатириб, деворлар билан ўраб, таъмирлаб, бинойидайгина уй қилиб олишди. Шундайлардан биттаси умумий ошхонани ҳам ўзиники қилиб олиб, дарров эшигини беркитиб, бильярдхона қилиб олгандан кейин Холниса овқатни эни-бўйи бир ярим метрлик айвонда, электр плитада тайёрлайдиган бўлди.

Акмал-ку, бир юмалаб бошқача одамга айланди-қолди. Яъни қисқа вақт ичида ўзи ишлаган цехни ўзиники қилиб олди, бозорда яхши кетадиган эшик-ромлар ишлаб чиқара бошлади. Қарабсизки, икки йил ўтар-ўтмай Акмалбой катта ҳовлига ва гижинглаб турган хориж машинасига эга бўлди.
Буларнинг бари эр-хотиннинг кўз ўнгида содир бўлмоқдайди.
Хуллас, охир-оқибат шундай кун етиб келдики, ишсиз қолган Акбарали ноилож бир пайтлар ўзи бирга ишлаган таниши Акмалнинг хусусий мебель фабрикасида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлади.
Алам қилмайдими? Қилади, албатта. Аммо на илож? Нари борса бурнини тишлар…

Икки бола билан бир хонали уйда яшашнинг азоби… Буни айниқса аёл киши кўпроқ ва чуқурроқ ҳис қилса керак.

Холнисага ҳам осон эмас. Айниқса оғзи шалоқ Салтанатга ўхшаш қўшнилар билан яшаш. Ахир Салтанат қоп-қорагина, жуссаси ўзидан икки баробар кичкина эри Тоштемирни бурайвериб-бурайвериб, охири қўшнисининг икки хонали уйчасини ҳам сотиб олди ва мана энди тўрт хонали уйда маза қилиб яшаяпти. Хотин киши эса мақтанишга ўч бўлади. Айниқса бечораҳол кун кўраётган ҳамжинсини кўрганда Салтанатга ўхшаганлар ўзларини ушлаб туролмайдилар. “Акангизни бир бурагандим, – дея мақтанарди одатда Салтанат, – қош-кўзингдан садаға деб икки хонали уйни тўрт хонага айлантирдилар. Энди худо хоҳласа ер олиб, катта участка қурдирмоқчиман…”

Акбарали эса… уқувсизлигини ўйлаб эзилгани-эзилган. “Одамлар пулни қаердан топаркин?..” деб ўйлайвериб ҳам адойи тамом бўлган… Бунинг устига тўнғичи Шерзоднинг ёши олтига қараб бораяпти. Унинг қўлини ҳалоллаш керак. Тўй учун эса рисоладагидай бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса эллик-олтмиш одам сиғадиган жой керак. Бир хонали каталагига эса бешта одам кирса, олтинчиси ташқарида кутиб туриши керак бўлади… Ҳозир мактабга олти ёшдан олишади. Шошилиш керак, шошилиш…

* * *

Бу дунёдаги ҳар қандай янгиликни аёл зоти биринчи бўлиб эшитади. Бу ҳақ гап.
Дилхираликка бой кунларнинг бирида Холниса эрини анчайин илжайиб, кўзлари чақнаб, кўтаринки кайфиятда қаршилади.

Бундай шодумонлик бежиз бўлмаслигига аллақачонлардан бошлаб ақли етиб қолган Акбаралининг юраги орқасига тортиб кетди. “Қарз кўтарган, – деган хаёлга борди у дастлаб. – Олгандаям яхшигина олган”.
Холниса эрига аччиқ чой дамлаб бергач, ҳамон лаб-лунжини йиғиштириб ололмаган кўйи суюнчи ундиришга шошилди:
– Эшитдик, дадаси, эшитдик.
– Нимани? – ҳушёр тортди Акбарали.
– Шундай бозорнинг ёнгинасида янги банк очилибди. Уй қураётганларга қарз бераётганмиш.

Акбарали эслагандай бўлди. Дарҳақиқат, ўша жойда муҳташам бир бино қисқа муддатда қурилиб, ишга тушганди. Адашмаса, ёнбошига “Ипотека банк” деб ёзиб қўйишганди.
Акбарали дарҳол хотинининг муддаосини тушунди. Шу сабабли элбурутдан унинг оловини ўчириб қўйиш мақсадида очиғига кўчди:
– Давлатдан қарздор бўлиш ёмон, хотин…
Аммо эр гапини тугатолмади.

Бирдан кўзлари нафратдан чақчайиб, қовоқ-тумшуғи осилиб кетган Холниса ўшқириб берди:
– Бутун дунё қарз олиб яшайди, лекин охирзамон бўлмайди. Сиз қарз олсангиз тамом!
Акбарали яна ётиғи билан тушунтиришга уринди. Холниса бобиллаб берди:
– Тамом-вассалом! Давлатданми, танишингизданми қарз олиб, участка сотиб олинг. Бўлмаса болаларимни етаклаб бораман-да, ўзимни кўприкдан ташлайман!..
Холниса шу сўзларни айтаётган маҳал унга қараб турган Акбарали чўчиб кетди. Илло, қаршисида тўрт қарич ошиқча жой илинжида эзилавериб тамом бўлган, қўйиб берса ўзини кўприкдан ташлашдан ҳам тоймайдиган аёл турарди!

Акбарали беихтиёр завод яқинидаги катта кўчада қурилган янги кўприкни, унинг остидан ғизиллаб ўтиб турадиган машиналарни эслаб сесканди.
Яна юраги симиллаб оғриб кетди.
Аммо буни хотинига сездирмади.

* * *

Бу бошланиши экан.
Холнисанинг ўй-фикрини янги уй, яна денг, бутун бошли ҳовли ташвиши эгаллади-қўйди.
Аёлнинг назарида банкдагилар қучоқ очиб мунтазир туришибди-ю, Акбарали шу томонга қараб юрса бас, югуриб чиқиб кутиб олишади.
Олинажак ёинки қурилажак ҳовлини деб аёл ҳаммасига кўнди.
Аввал сира унамай, “Қарз олиб бўлсаям ўзимиз алоҳида тўй қиламиз, мени номусларга ўлдирманг!” дея оёқ тираган Холниса кутилмаганда мулойимгина бўлиб, Шерзоднинг суннат тўйини қайноғасининг болалари тўйига қўшиб юборишга розилик берди.
Кичкинагина тўй бўлиб ўтди.
Аммо Холниса нолимади.

Зеро аёл яқинда олинажак ёки қурилажак ҳовлисида ўғилчасининг катта тўйини барча таниш-билишлари, собиқ қўни-қўшниларининг ҳавасини ва ҳасадини келтирадиган даражада ка-атта қилиб ўтказиш режасини тузиб қўйганди.
Жувон қарз олиш лозимлигини эслатиб чарчамасди, Акбарали бўлса турли-туман баҳоналар билан бу кунни орқага сурарди!
Ахийри бўлмади. Бир куни тонг саҳардан эрини уйғотган Холниса унга сал униққан бўлса-да, яхшилаб ювилган, ихлос билан дазмолланган костюм-шимини, оқ кўйлак ва бўйинбоғни тутаркан, ишонч билан:
– Бугун боринг! – деди. – Тушимда аён бўлди. Қарз олиб, икки қаватли данғиллама ҳовли қурибмиз.
– Ҳар жойнинг ҳам ўз эгалари бор, хотин, – яна ётиғи билан тушунтиришга уринди Акбарали. – Бегонага шунча пулни бериб юборадиган аҳмоқ йўқ. Қолаверса, фоизи ҳам фалон пул бўлади…
– Қанақа фоиз? – ҳайрон бўлиб сўради Холниса.

Акбаралига жон кирди.
– Суриштириб кўрдим, хотин, – деди у дарҳол. – Менам бекор юрганим йўқ. Йиллик фоизининг ўзи ўттиз олти экан.
– У нима дегани? – баттар ажабланди Холниса.
Акбарали судхўрликнинг моҳияти ҳақида бир оз тушунча берган бўлди. Аммо дўст-душманнинг кўзини куйдирадиган янги данғиллама уй илинжида юрган аёл бу изоҳларни унчалик тушунмади.
– Авваллари қарз ол-да, хотин ол, хотин ёнга қолади дейишарди, –деди жувон қатъият билан. – Энди бу мақол ўзгарган. Энди қарз ол-да, уй сотиб ол, уй ёнга қолади, қарзни бир амаллаб қайтарасан дейишади.
Акбарали яна куйиб-пишиб бир нималарни тушунтиришга уринди. Бефойда. Холниса бир гапни тўтиқушдай такрорлайверди:
– Одамлар олаяпти-ку…
Охири жиғибийрони чиққан Акбарали янги кийимларини кийди-ю, атрофида гирдикапалак бўлаётган хотинининг олқиш-дуолари остида шоша-пиша уйни тарк этди.

* * *

Акбарали бежиз хавотирланмаган экан.
Уй қуриш ёки сотиб олиш учун қарз ундиришнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари, елиб-югуриб тўғриланадиган бир қоп меъёрий ҳужжатлари бор экан.
Аммо энг асосийси – қиймати олинаётган қарз миқдоридан камида биру чорак баробар кўпроқ бўлган гаров мулки керак экан.

Акбаралида гаровга қўйишга арзирли мулкнинг ўзи йўқ эди. Мабодо бундай мулкни топган тақдирида ҳам, олган қарзини вақтида қайтаришга ишончи йўқ эди.
Акбарали “эрта… индин… кўрилаяпти… комиссия йиғилсин” деб яна бир-икки ойни амаллаб ўтказди. Бироқ Холнисанинг аҳволи тобора ёмон бўлиб бормоқдайди. Эрининг куракда турмайдиган баҳоналарини эшитган заҳоти лаблари пир-пир учиб, ранги кўкариб кетаётган жувон энди сира тилини тийиб туролмайдиган бўлиб қолганди.

Акбарали яхши гапириб ҳам кўрди, бақириб-чақирди ҳам, ҳатто бир-икки марта қўл ҳам кўтарди – бари бефойда. Уй ҳақидаги орзу-ҳавас жувоннинг бутун ўй-хаёлини эгаллаган, таъбир жоиз бўлса, қонини ҳам заҳарлаб улгурган ва энди Холнисани бу дарддан фориғ қилиш жуда-жуда мушкул, амалда бажариб бўлмайдиган юмуш эди.

* * *

Бошини минг бир эшикка суқиб кўрган Акбарали ниҳоят ўйлай-ўйлай аллақачон “янги ўзбек”ка айланиб улгурган Акмалнинг данғиллама, Холниса орзу қилганидан ҳам кўркамроқ бўлган ҳовлисига борди.
Акмал аввал роса ўзини тарозига солди.
– Пул топиш қийин бўлиб бораяпти, – деди у насиҳат оҳангида. – Пулни сарфлаш осон. Ҳали тўртта жиянни ўқитишим, учтасининг тўйини қилиб беришим керак. Барисининг ташвиши менинг бўйнимда…
Хуллас, Акбарали сарғайиб тураверди, Акмал насиҳат ўқишини қўймади.
Ахийри, учинчи бор бош эгиб борганида, Акмал сал ён бергандай бўлди.
– Майли, – деди у катта илтифот кўрсатаётгандай сал менсимаган оҳангда, – беш минг “кўк”идан бериб тураман. Бир йилга. Устига йигирма фоиз қўшиб, олти қилиб қайтарасиз. Агар қайтаролмай қолсангиз…

Акмал Акбаралига синовчан тикилди.
Акбарали маҳзун тарзда елка қисаркан:
– Бир амаллармиз, – деб минғирлади.
– Осмондан пул тушмайди, жўра, – деди Акмал истеҳзо оҳангида. – Сизда аниқ бизнес-режа йўқ.
– Ўзингиз ўргатсангиз… – ожизона минғирлади Акбарали.
– Ҳаммага ўргатаверсам, ўзимга нима қолади? – пичинг қилди Акмал. Сўнг муроса оҳангида деди: – Ҳа, майли, бирга ишлаганимиз ҳурмати. Озгина ёрдам бераман. Лекин қолгани ўзингизга ҳавола. Қаттиқ бўлишингиз керак. Бир сўмни бир жойга бекорга сарфламанг. Шунинг учун, майли, арзимаса ҳам, уйингизни гаровга қўйиб турасиз энди…

Акбаралининг юраги симиллаб оғриб кетди. Бир хона бўлса ҳам, ҳар қалай, ўз уйи; таъмирлайвериб чарчамайди, худди кенгайиб қоладигандай.
Аммо бошқа илож ҳам йўқ эди.
Акбарали рози бўлди.
Ишига пухта Акмал келишувни нотариус орқали расмийлаштиришни талаб қилиб туриб олди.
Акбарали хотиним кўнмайди деб юраги пўкиллаб турганди.
Йўқ, кўнди. Фақат қувонч билан:
– Ишқилиб, энди ҳовлили бўлиб қоламизми? – деб сўради.
Бунга жавобан Акбарали бош ирғаб қўйди, холос.
Холниса ёш боладай чапак чалиб, осмонга сакради.

* * *

Бироқ ҳолва деган билан оғиз чучиб қолмас экан.
Акмал жуда оддий қилиб бизнес-режанинг моҳиятини айтиб берганди: бирон икки мингларга олти сотих ер сотиб олиш, бир ярим мингларга пойдевор кўтариш, йигирма машина тупроқ олиб келиб ёз бўйи ғишт қуйиш, дарров деворни кўтаришга киришиш, икки хонали вақтинчалик уй тиклаб, ўша ерга кўчиб ўтиш ва қолганини аста-секин қуравериш. Яъни тор жойда, оилавий ётоқхонадаги каталакда ош егандан кўра, олти сотихли катта ерда мушт ейиш…

Бироқ буларнинг бари… айтишга осон экан.
Орада қувончдан кўзлари чарақлай бошлаган, юз териси силлиқлашиб, чиройли бўлиб кетган, гўёки ўн ёшга яшарган Холнисанинг бахтиёр кунлари демаса, Акбаралининг боши ташвишдан чиқмай қолди.
Акмал маслаҳат берган шаҳар чеккасидаги, уй-жой учун қурилиш участкалари ажратилган жойларнинг ҳам нархи ошиб кетибди. Даллоллардан бири ишонч билан:
– Қаерга борсангиз бораверинг, тўрт мингдан камига ер йўқ! – деди.

Акбарали излайверди. Охири уй қуриш учун олиб қўйган олти сотих ерини уч мингга сотишга рози бўлган бир одамни топди. Ўзини Мансур деб таништирган бу одам гапига қараганда, ўғлини шошилинч уйлантираётган экан, шунинг учун пул зарур бўлиб қолибди. Бўлмаса-ку, келажакда олтинга тенг бўладиган ерни арзимаган пулга сотиб юборишни хаёлига ҳам келтирмаган экан.
“Келажакда олтинга тенг бўладиган ер” ўт босиб ётган қуруқ ер эди. Акбарали шунга ҳам қувонди.

Бунақанги савдоларга иши тушиб юрмаган Акбарали ер эгасининг ўзидан йўл-йўриқ сўради:
– Бу ёғи энди қандай бўлади?
– Э, бу ёғи жуда осон! – деди Мансур ака киприк қоқмай. – Сиз менга пулни берасиз, мен сизга тилхат ёзиб бераман. Тилхат бу ҳужжат. Ё менга ишонмайсизми?
Акбаралининг иссиғи чиқиб кетди:
– Йўғ-э. Бу нима деганингиз, ака?
– Қоидаси шунақа-да ўзи, укам.
Худди шундай қилишди: Мансур ака тилхат ёзиб бериб, Акбаралидан уч мингни санаб олди.

* * *

Савдо-сотиқдан сўнг орадан бир ҳафтага яқин вақт ўтди.
Акбарали таътилга чиқди.
Бир куни эрта тонгда ўзи сотиб олган ерни кўрмоқни мўлжаллади. У ер чеккасини белгилаб чиқмоқчи, сўнг усталар билан гаплашиб, пойдевор қуриш ишларини бошлаб юбормоқчи эди.

Ҳали қуёш уфқда юз кўрсатмаган эди.
Шунга қарамай, атроф ёп-ёруғ.
Акбарали шудрингга кўмилган ўт-ўланларни босиб ўтиб далага етиб келди.
Ажабки, у сотиб олган ерда новча бир киши ғимирлаб юрарди.
Акбарали шошиб шу томонга юрди.

Салом-алик, “ҳорманг, бор бўлинг”лардан кейин новча киши ғурур ила шу ерни уч мингга сотиб олганини айтиб мақтанди.
Акбарали гарангсиб қолди. Сўнг симиллаб оғриган юрагини сиқимларкан, қуруқшаб кетган лабларини ялаганча:
– Адашмаяпсизми? – деб сўрай олди, холос.
Энди новча киши Акбаралига ажабланиб қаради…

* * *

Бўлди қизиқ ҳангомалар.
Тез орада аён бўлдики, Мансур ака деганлари худди шу олти сотих ерни тўрт кишига сотган экан. Аслида ер… Мансур деган одамга тегишли эмас экан.

Мансур ака деганларини топиб бўлмади.
Айтишларича, алданганлардан биттаси милиционер ёрдамида уни бир амаллаб топибди. Аммо Мансур ака деганлари:
– Мен сенга ер сотмаганман! – деб тураверибди. – Сотадиган ерим ҳам йўқ! – дебди кейин.
Шунда тилхатни кўрсатишибди.

Мансур ака деганлари илоннинг ёғини ялаган экан.
– Бу нотариус тасдиғидан ўтмаган, бир пуллик аҳамияти йўқ, – деб туриб олибди. Сўнг ўзини топган одамга дўқ уришга тушибди: – Эсингдан чиқдими, тўртта шеригинг билан келиб, мени уриб-тепиб, “ўлдирамиз” деб қўрқитиб, шу тилхатни ёздириб олгандинг…
Хуллас, шунақа гаплар…
Озгина илинж, умид бор. Аммо буни эшитгандан сўнг Акбарали чув тушганини англади.
Мол аччиғи – жон аччиғи.

Шусиз ҳам неча кундан бери уйга кеч, Холниса ухлагандан сўнг бориб, тонг саҳарда чиқиб кетаётган, хотини учраб қолганда эса “қурилишни бошлаб юбордим” деб қутилаётган Акбарали бу зарбага чидай олмади…
Акбарали чап кўксини чангаллаганча ерга гурсиллаб йиқилди.
Юрак касали ёмон бўларкан.
Ҳалиям шифокорларга раҳмат, жонини сақлаб қолишди. Аммо асаблари қақшаб юрган йигитнинг чап қўли ва чап оёғи ишламай қолди, тилида ҳам ўзгариш юз берди – энди ғўлдираб, жуда қийналиб гапирар, нима деяётганини англаш жуда қийин эди.

Эрини ўйлайвериб дарди-дунёси қоронғи бўлиб кетган Холниса Акбарали акасининг сал ўзига келганини кўриб енгил тортди.
– Хайрият, дадаси, – деди у эрига меҳрибонлик билан боқиб. – Худо жонингизни қайтариб берди. Энди тузалиб кетасиз. Ҳали катта-катта уйлар қуриб, болаларимиз билан роҳатда яшаймиз…
Безовталаниб қолган, ранги қув ўчган Акбарали жон ҳолатда нимадир деб ғўлдиради, аммо хотини унинг гапларини тушунмади.
Шу оқшом Акбаралининг аҳволи яна оғирлашди…

* * *

Кунлар шу зайлда ўтиб борарди.
Акбарали ўзи шифохонадан чиқадиган кунни даҳшат ва ваҳм билан кутарди.
Ана унда… ана унда изоҳ беришга тўғри келади.
Ҳовли-ку қайтмайди, унга қўшилиб уч минг ҳам қулоғини ушлаб кетди.

Аммо энг ёмони – Акмалга қарзни қайтариши керак бўлган кун тобора яқинлашиб келмоқдайди. Олти минг-а…
Демак… демак бир хонали уй ҳам кетади.
Унда… эр-хотин икки бола билан қаерда яшайди?

Акбарали тинмай шуни ўйлар, ўйлаган сайин боши мисдай қизиб, мия томирлари отилиб кетгудай бўлиб бўртиб чиқар, юраги гурсиллаб урар, чап оёқ-қўлидаги жонсизлик, совуқлик аста-секин ўнг томонига ҳам ўтиб бораётганини ҳис қиларди…
– Энди нима қиламан? – дея шивирларди у алам билан бундай кезлари…

Манба: «Шарқ юлдузи» журнали,2010 йил, 4-сон

022

05
Abduqayum Yo’ldoshev
ENDI NIMA QILAMAN?..
011

Abduqayum Yo’ldosh 1962 yil 29 fevralda Samarqand viloyatining Qo’shrabot tumanida tug’ilgan.Toshkent Politexnika institutini (hozirgi Texnika universiteti) bitirgan (1985). «Qaro ko’zim. Shayx ur-rais» (1990), «Sunbulaning ilk shanbasi» (1998), «Timsohning ko’z yoshlari» (2003), «Parvoz» (2004), «Bir tun va bir umr» (2007) kabi kitoblari nashr etilgan.R. Bredberi, A. Kristi, F. Braun, E. Potter hikoyalarini, YE. Berezikovning «Buyuk Temur» romanini (H. Shayxov bilan hamkorlikda), P. Shermuxamedovning «Buyuk Xorazmiy» romanlarini o’zbekchaga tarjima qilgan. «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan (1999).

011

05anjal yana ertalabdan, nonushta mahalidan boshlandi.
– Dadasi… – dedi zorlanib Xolnisa.
Akbarali avvaliga o’zini eshitmaganga solib ko’rishga urindi, hatto jon-jahdi bilan gazeta o’qiyotganday tutdi.
Ammo Xolnisa bo’sh keladigan ayollardan emas.
– Dadasi… – dedi juvon bu safar sal zardali ohangda.

Bo’ron boshlanib kelayotganini anglagan Akbarali og’ir uf tortdi va noiloj xotiniga o’girildi.
Ana endi Xolnisaga xudo berib qoldi. Birdan ko’zlari jiqqa yoshga to’lgan juvon “qult” etib tupugini yutarkan, alamli ohangda dedi:
– Shunaqa… Endi bu odam bizning gaplarimizni eshitmaydi… O’zimizam yoqmay qolganmiz, so’zimizam…

Akbarali qo’shni xonadagi Sherzod eshitib qolmasligi uchun ovozini pasaytirib dedi:
– Nima deysan? Yana o’sha gapdir-da.
– Ha, o’sha gap, – birdan jahl bilan o’shqirdi Xolnisa. So’ng ko’zyoshlarini tiya olmay, bidirlab ketdi: – O’lar bo’lsam o’lib bo’ldim qo’shnilarning dastidan. Kecha anavi Saltanatga “Uyga servant omoqchiydik” desam, yashshamagur pixillab kulib nima deydi deng?
Xolnisa eriga savolomuz qaradi.

Akbarali avval yelka qisdi, so’ng o’ziga baqrayib tikilib qolgan xotinidan sas chiqavermagach, so’rashga majbur bo’ldi:
– Xo’sh, nima dedi?
– Bopladi, yashshamagur! Iloyo og’zingdan qoning kelgur!..
– Xo’sh, nima dedi? – betoqatlanib so’radi Akbarali.
– O’l dedi, dard dedi! – avjini kuchaytirdi Xolnisa. So’ng erining afti burishayotganini ko’rgach, darhol maqsadga ko’chdi: – “Mosh sig’magan orqangizga loviyani tiqib nima qilasiz?” dedi yashshamagur.
Akbarali hayron qoldi.
– Servantga moshning nima aloqasi bor?

Xolnisa eriga ikki karra ikki to’rt bo’lishini tushuntirayotgandek ta’kidlab, so’zlarni chertib-chertib dedi:
– Uyimizning torligini aytdi-da u yashshamagur! Eri to’rt xonani egallab olgan. Siz bo’lsangiz, ammamning buzog’iga o’xshab…
– Bo’ldi! – dedi bo’g’riqib ketgan Akbarali jahl bilan. – Plastinkangni to’xtat! YO boshqasini qo’y.
– Nega to’xtatarkanman?! – bobillab berdi Xolnisa. – YO gapi noto’g’rimi? Yo’q, to’ppa-to’g’ri! Siz menga jahl qilmang, dadasi, jahl qilmang. Undan ko’ra hammaga kulgu bo’lib yurganimiz uchun o’zingiz uyaling. Axir qachongacha umrimiz shu katalakda o’tadi? Mehmon chaqirolmasak, o’zimiz emin-erkin birovnikiga borolmasak. Yana ikki-uch yildan keyin Sherzodingiz kap-katta bola bo’ladi. Bilmayman, to’yni qaerda o’tkazasiz…

Akbaralining tili qichidi, ammo darrov o’zini bosdi. Zero u hozir nima desa ham tor uyda yashayverib, keng-mo’l uyni orzu qila-qila yurak-bag’ri siqilib ketgan Xolnisa alamini to’kib solish uchunoq kamida yana yarim soat baqir-chaqir qilishi, keyin esa xo’rligi kelib, rosa yig’lab olishi aniq edi.
“Ayollarga oson, – deb o’ylardi shunaqa paytlari Akbarali. – Hech bo’lmasa ko’zyoshi to’kib sal yengil tortib olishadi. Qiyindan bizga qiyin…”

Darhaqiqat, bunday chog’larda tashqaridan xotirjam ko’rinsa-da, Akbarali sas chiqarmay iztirob chekar, diliga quyilayotgan alam-iztirob, chorasizlikdan qiynalish tuyg’ulari esa asta-sekin madda boylab, yuragini siquvga olayotgan bo’lsa kerakki, keyingi paytlarda yigitning yuragi siqadigan odat chiqardi.
Ammo Akbarali buni xotiniga bildirmaydi.

Hozir ham indamay, tez-tez kiyindi-da, uydan chiqib ketishga shoshildi.
Uning ortidan Xolnisa shang’illab baqirib qoldi:
– Erkakmisiz o’zi! Anov ishni hal qilib keling! Yuraverasizmi shalpayib? Sizga o’xshagan odamlarning uch-to’rttadan hovlisi bor. Biz bo’lsak…
Akbarali qadamini tezlashtirdi.
Nihoyat xotinining qahrli ovozi eshitilmay qolgandan keyingina u ustidan bosib turgan yukdan xalos bo’lganday sal yengil tortdi. Ammo bu vaqtinchalik holat edi, xolos. Zero, oradan bir necha daqiqa o’tar-o’tmas hammasi boshidan boshlanadi…

* * *

Hamma zamonlarda ham ishbilarmon, tadbirkor, o’zini o’tga-cho’qqa urib bo’lsa hamki turmushini farovon etib yuradigan, tegirmonga tushsa butun chiqadigan ustomonlar qatorida bo’sh-bayov, boriga qanoat qilib yashaydigan, ammo ertangi kunga nisbatan umidni yo’qotmaydigan fuqarolar ham bo’lib kelgan va shunday bo’lib qoladi.
Akbarali o’zini mana shunday oddiy, kamsuqum odamlar safida ko’rardi.

Bo’lmasa vaqtida institutni bitirdi, yo’llanma bilan zavodga ishga kelib, to’rt yil quyuv sexida muhandis bo’lib ishlab ham berdi.
Tan olish kerak, o’sha paytlari Akbarali zavodda yaxshigina maosh olardi. Zavod ish rejasini bajargan taqdirda maoshga qo’shimcha tarzda beriladigan oylik mukofot pulining ham cho’g’i baland bo’lardi.
Bu orada tortinchoq, kamgap Akbarali kerak paytlari ishchilar bilan bo’ralatib so’kishishni ham sal-pal o’rganib oldi. Oy oxirida, reja bajarilishi xavf ostida mahallari esa o’zi rangli metall qaynab yotgan sakkiz yuz darajali pechka yonida cho’mich ko’tarib turdi, zarur detallar uchun qolip yasashni ham balodaygina o’zlashtirdi. Holbuki, avvaliga quyuq metall biqirlab qaynab turgan pechka yoniga yaqinlashishga cho’chib turardi. Har qalay, odam qilgan ishni odam qilarkan, ko’z qo’rqoq, ko’l esa botir bo’larkan.

Institutda olgan nazariy bilimlari ko’mak berdimi, oxir-oqibat ishchilar bilan til topishgan Akbarali bir-ikkita qo’li gul quyuvchilar yordamida ayrim detallarni yarim tayyor metall shakllarni o’yib ishlov berib emas, quyib tayyorlash bo’yicha samarali takliflarni kiritib, ularni amaliyotga joriy etib, bundan keladigan iqtisodiy samara hisobiga mukofot puli olishni ham uddalaydigan bo’ldi.

Ishqilib, yigitning qo’li pul ko’ra boshladi. Yo’llanma bilan kelgan yosh mutaxassisga zavod yotoqxonasidan bir xona ajratib berishgandi. Akbarali shu yerda yashar, oyda bir marta qishloqqa borib, ota-onasi va aka-singillaridan xabar olib qaytardi.
Hayot endi shu tarzda davom etadigandek edi. Ish, yotoqxona, yakshanba kuni dam, dushanbadan yana ish; oyda bir marta uyga borib kelish…

To’g’ri, zavodning o’zida ham, ta’bir joiz bo’lsa, havodan pul yasaydigan olg’irlar topilib turardi. Ular bir necha marotaba birga ishlashga taklif etishdi, ammo Akbarali ro’yxo’shlik bildirmadi. Ayniqsa duradgorlik sexining boshlig’i Akmal bir necha marotaba hatto yotoqxonaga ham izlab kelib, hamkorlikda biznes qilishga chaqirdi. Akbarali ko’nmadi.

Bu orada zamon o’zgarib ketdi.
Bozor iqtisodiyoti degan tushuncha hayotga kirib keldi.
Ko’pchilik odam o’zini oldi-sotdiga urdi.
Akbarali o’z joyida tinchgina ishlayverdi. Uning ancha-muncha tanishlari bu sohada sinib, boridan ham ayrilishdi. Ularni ko’rib, Akbarali bunaqa ishlarga aralashmagani uchun o’zicha shukronalar aytdi. To’g’ri, ba’zi bir tanish-bilishlarining omadi keldi. Ular tez orada yangi mashinalarda, qimmatbaho liboslarda o’zlarini ko’z-ko’zlab yuradigan bo’lishdi. Akbaralining ularga havasi keldi, ammo oldi-sotdini eplolmasligini o’ylab, yana bunaqa ishlardan o’zini olib qochib yurdi.

Tez orada Akbarali uylandi.
Kelin qishlog’idan. Istarasi issiqqina, xushmuomala Xolnisa bilan dastlabki yillari oilaviy yotoqxonaning katalakdek bir xonasida baxtiyor yashadilar. Qishloqdan kelgan Xolnisa yotoqxonaning sharoitidan, ayniqsa bir jo’mrakdan issiq suv, ikkinchisidan sovuq suv tinmay kelishidan, umum oshxonada esa gaz sira o’chmasligidan hayratda edi.
O’g’illi bo’lishdi. Keyin qiz ko’rishdi.
Vaqt esa shuvillab o’tib bormoqda.
Yotoqxonani xususiylashtirishdi.
Akbarali o’zi yashab turgan xonani qonuniy asosda nomiga o’tkazib oldi.
Ana shunda ko’rdi yigit ayrim odamlarning naqadar ishbilarmon va ustomon ekanligini.

Akbarali torgina xonaga ega bo’lganiga shukronalar aytib yuravergan ekan. Ustomonlar bo’lsa u qilishdi-bu qilishdi, kerakli odamlarni topishdi, ularning ko’nglini ovlashdi, ishqilib, qisqa muddat ichida oilaviy yotoqxonadan uchtadan-to’rttadan xonani xususiylashatirib, devorlar bilan o’rab, ta’mirlab, binoyidaygina uy qilib olishdi. Shundaylardan bittasi umumiy oshxonani ham o’ziniki qilib olib, darrov eshigini berkitib, bil`yardxona qilib olgandan keyin Xolnisa ovqatni eni-bo’yi bir yarim metrlik ayvonda, elektr plitada tayyorlaydigan bo’ldi.

Akmal-ku, bir yumalab boshqacha odamga aylandi-qoldi. Ya’ni qisqa vaqt ichida o’zi ishlagan sexni o’ziniki qilib oldi, bozorda yaxshi ketadigan eshik-romlar ishlab chiqara boshladi. Qarabsizki, ikki yil o’tar-o’tmay Akmalboy katta hovliga va gijinglab turgan xorij mashinasiga ega bo’ldi.
Bularning bari er-xotinning ko’z o’ngida sodir bo’lmoqdaydi.
Xullas, oxir-oqibat shunday kun yetib keldiki, ishsiz qolgan Akbarali noiloj bir paytlar o’zi birga ishlagan tanishi Akmalning xususiy mebel` fabrikasida oddiy ishchi bo’lib ishlay boshladi.
Alam qilmaydimi? Qiladi, albatta. Ammo na iloj? Nari borsa burnini tishlar…

Ikki bola bilan bir xonali uyda yashashning azobi… Buni ayniqsa ayol kishi ko’proq va chuqurroq his qilsa kerak.

Xolnisaga ham oson emas. Ayniqsa og’zi shaloq Saltanatga o’xshash qo’shnilar bilan yashash. Axir Saltanat qop-qoragina, jussasi o’zidan ikki barobar kichkina eri Toshtemirni burayverib-burayverib, oxiri qo’shnisining ikki xonali uychasini ham sotib oldi va mana endi to’rt xonali uyda maza qilib yashayapti. Xotin kishi esa maqtanishga o’ch bo’ladi. Ayniqsa bechorahol kun ko’rayotgan hamjinsini ko’rganda Saltanatga o’xshaganlar o’zlarini ushlab turolmaydilar. “Akangizni bir buragandim, – deya maqtanardi odatda Saltanat, – qosh-ko’zingdan sadag’a deb ikki xonali uyni to’rt xonaga aylantirdilar. Endi xudo xohlasa yer olib, katta uchastka qurdirmoqchiman…”

Akbarali esa… uquvsizligini o’ylab ezilgani-ezilgan. “Odamlar pulni qaerdan toparkin?..” deb o’ylayverib ham adoyi tamom bo’lgan… Buning ustiga to’ng’ichi Sherzodning yoshi oltiga qarab borayapti. Uning qo’lini halollash kerak. To’y uchun esa risoladagiday bo’lmasa ham, hech bo’lmasa ellik-oltmish odam sig’adigan joy kerak. Bir xonali katalagiga esa beshta odam kirsa, oltinchisi tashqarida kutib turishi kerak bo’ladi… Hozir maktabga olti yoshdan olishadi. Shoshilish kerak, shoshilish…

* * *

Bu dunyodagi har qanday yangilikni ayol zoti birinchi bo’lib eshitadi. Bu haq gap.
Dilxiralikka boy kunlarning birida Xolnisa erini anchayin iljayib, ko’zlari chaqnab, ko’tarinki kayfiyatda qarshiladi.

Bunday shodumonlik bejiz bo’lmasligiga allaqachonlardan boshlab aqli yetib qolgan Akbaralining yuragi orqasiga tortib ketdi. “Qarz ko’targan, – degan xayolga bordi u dastlab. – Olgandayam yaxshigina olgan”.
Xolnisa eriga achchiq choy damlab bergach, hamon lab-lunjini yig’ishtirib ololmagan ko’yi suyunchi undirishga shoshildi:
– Eshitdik, dadasi, eshitdik.
– Nimani? – hushyor tortdi Akbarali.
– Shunday bozorning yonginasida yangi bank ochilibdi. Uy qurayotganlarga qarz berayotganmish.

Akbarali eslaganday bo’ldi. Darhaqiqat, o’sha joyda muhtasham bir bino qisqa muddatda qurilib, ishga tushgandi. Adashmasa, yonboshiga “Ipoteka bank” deb yozib qo’yishgandi.
Akbarali darhol xotinining muddaosini tushundi. Shu sababli elburutdan uning olovini o’chirib qo’yish maqsadida ochig’iga ko’chdi:
– Davlatdan qarzdor bo’lish yomon, xotin…
Ammo er gapini tugatolmadi.

Birdan ko’zlari nafratdan chaqchayib, qovoq-tumshug’i osilib ketgan Xolnisa o’shqirib berdi:
– Butun dunyo qarz olib yashaydi, lekin oxirzamon bo’lmaydi. Siz qarz olsangiz tamom!
Akbarali yana yotig’i bilan tushuntirishga urindi. Xolnisa bobillab berdi:
– Tamom-vassalom! Davlatdanmi, tanishingizdanmi qarz olib, uchastka sotib oling. Bo’lmasa bolalarimni yetaklab boraman-da, o’zimni ko’prikdan tashlayman!..
Xolnisa shu so’zlarni aytayotgan mahal unga qarab turgan Akbarali cho’chib ketdi. Illo, qarshisida to’rt qarich oshiqcha joy ilinjida ezilaverib tamom bo’lgan, qo’yib bersa o’zini ko’prikdan tashlashdan ham toymaydigan ayol turardi!

Akbarali beixtiyor zavod yaqinidagi katta ko’chada qurilgan yangi ko’prikni, uning ostidan g’izillab o’tib turadigan mashinalarni eslab seskandi.
Yana yuragi simillab og’rib ketdi.
Ammo buni xotiniga sezdirmadi.

* * *

Bu boshlanishi ekan.
Xolnisaning o’y-fikrini yangi uy, yana deng, butun boshli hovli tashvishi egalladi-qo’ydi.
Ayolning nazarida bankdagilar quchoq ochib muntazir turishibdi-yu, Akbarali shu tomonga qarab yursa bas, yugurib chiqib kutib olishadi.
Olinajak yoinki qurilajak hovlini deb ayol hammasiga ko’ndi.
Avval sira unamay, “Qarz olib bo’lsayam o’zimiz alohida to’y qilamiz, meni nomuslarga o’ldirmang!” deya oyoq tiragan Xolnisa kutilmaganda muloyimgina bo’lib, Sherzodning sunnat to’yini qaynog’asining bolalari to’yiga qo’shib yuborishga rozilik berdi.
Kichkinagina to’y bo’lib o’tdi.
Ammo Xolnisa nolimadi.

Zero ayol yaqinda olinajak yoki qurilajak hovlisida o’g’ilchasining katta to’yini barcha tanish-bilishlari, sobiq qo’ni-qo’shnilarining havasini va hasadini keltiradigan darajada ka-atta qilib o’tkazish rejasini tuzib qo’ygandi.
Juvon qarz olish lozimligini eslatib charchamasdi, Akbarali bo’lsa turli-tuman bahonalar bilan bu kunni orqaga surardi!
Axiyri bo’lmadi. Bir kuni tong sahardan erini uyg’otgan Xolnisa unga sal uniqqan bo’lsa-da, yaxshilab yuvilgan, ixlos bilan dazmollangan kostyum-shimini, oq ko’ylak va bo’yinbog’ni tutarkan, ishonch bilan:
– Bugun boring! – dedi. – Tushimda ayon bo’ldi. Qarz olib, ikki qavatli dang’illama hovli quribmiz.
– Har joyning ham o’z egalari bor, xotin, – yana yotig’i bilan tushuntirishga urindi Akbarali. – Begonaga shuncha pulni berib yuboradigan ahmoq yo’q. Qolaversa, foizi ham falon pul bo’ladi…
– Qanaqa foiz? – hayron bo’lib so’radi Xolnisa.

Akbaraliga jon kirdi.
– Surishtirib ko’rdim, xotin, – dedi u darhol. – Menam bekor yurganim yo’q. Yillik foizining o’zi o’ttiz olti ekan.
– U nima degani? – battar ajablandi Xolnisa.
Akbarali sudxo’rlikning mohiyati haqida bir oz tushuncha bergan bo’ldi. Ammo do’st-dushmanning ko’zini kuydiradigan yangi dang’illama uy ilinjida yurgan ayol bu izohlarni unchalik tushunmadi.
– Avvallari qarz ol-da, xotin ol, xotin yonga qoladi deyishardi, –dedi juvon qat’iyat bilan. – Endi bu maqol o’zgargan. Endi qarz ol-da, uy sotib ol, uy yonga qoladi, qarzni bir amallab qaytarasan deyishadi.
Akbarali yana kuyib-pishib bir nimalarni tushuntirishga urindi. Befoyda. Xolnisa bir gapni to’tiqushday takrorlayverdi:
– Odamlar olayapti-ku…
Oxiri jig’ibiyroni chiqqan Akbarali yangi kiyimlarini kiydi-yu, atrofida girdikapalak bo’layotgan xotinining olqish-duolari ostida shosha-pisha uyni tark etdi.

* * *

Akbarali bejiz xavotirlanmagan ekan.
Uy qurish yoki sotib olish uchun qarz undirishning ham o’ziga yarasha qonun-qoidalari, yelib-yugurib to’g’rilanadigan bir qop me’yoriy hujjatlari bor ekan. Ammo eng asosiysi – qiymati olinayotgan qarz miqdoridan kamida biru chorak barobar ko’proq bo’lgan garov mulki kerak ekan.

Akbaralida garovga qo’yishga arzirli mulkning o’zi yo’q edi. Mabodo bunday mulkni topgan taqdirida ham, olgan qarzini vaqtida qaytarishga ishonchi yo’q edi.
Akbarali “erta… indin… ko’rilayapti… komissiya yig’ilsin” deb yana bir-ikki oyni amallab o’tkazdi. Biroq Xolnisaning ahvoli tobora yomon bo’lib bormoqdaydi. Erining kurakda turmaydigan bahonalarini eshitgan zahoti lablari pir-pir uchib, rangi ko’karib ketayotgan juvon endi sira tilini tiyib turolmaydigan bo’lib qolgandi.

Akbarali yaxshi gapirib ham ko’rdi, baqirib-chaqirdi ham, hatto bir-ikki marta qo’l ham ko’tardi – bari befoyda. Uy haqidagi orzu-havas juvonning butun o’y-xayolini egallagan, ta’bir joiz bo’lsa, qonini ham zaharlab ulgurgan va endi Xolnisani bu darddan forig’ qilish juda-juda mushkul, amalda bajarib bo’lmaydigan yumush edi.

* * *

Boshini ming bir eshikka suqib ko’rgan Akbarali nihoyat o’ylay-o’ylay allaqachon “yangi o’zbek”ka aylanib ulgurgan Akmalning dang’illama, Xolnisa orzu qilganidan ham ko’rkamroq bo’lgan hovlisiga bordi.
Akmal avval rosa o’zini taroziga soldi.
– Pul topish qiyin bo’lib borayapti, – dedi u nasihat ohangida. – Pulni sarflash oson. Hali to’rtta jiyanni o’qitishim, uchtasining to’yini qilib berishim kerak. Barisining tashvishi mening bo’ynimda…
Xullas, Akbarali sarg’ayib turaverdi, Akmal nasihat o’qishini qo’ymadi.
Axiyri, uchinchi bor bosh egib borganida, Akmal sal yon berganday bo’ldi.
– Mayli, – dedi u katta iltifot ko’rsatayotganday sal mensimagan ohangda, – besh ming “ko’k”idan berib turaman. Bir yilga. Ustiga yigirma foiz qo’shib, olti qilib qaytarasiz. Agar qaytarolmay qolsangiz…

Akmal Akbaraliga sinovchan tikildi.
Akbarali mahzun tarzda yelka qisarkan:
– Bir amallarmiz, – deb ming’irladi.
– Osmondan pul tushmaydi, jo’ra, – dedi Akmal istehzo ohangida. – Sizda aniq biznes-reja yo’q.
– O’zingiz o’rgatsangiz… – ojizona ming’irladi Akbarali.
– Hammaga o’rgataversam, o’zimga nima qoladi? – piching qildi Akmal. So’ng murosa ohangida dedi: – Ha, mayli, birga ishlaganimiz hurmati. Ozgina yordam beraman. Lekin qolgani o’zingizga havola. Qattiq bo’lishingiz kerak. Bir so’mni bir joyga bekorga sarflamang. Shuning uchun, mayli, arzimasa ham, uyingizni garovga qo’yib turasiz endi…

Akbaralining yuragi simillab og’rib ketdi. Bir xona bo’lsa ham, har qalay, o’z uyi; ta’mirlayverib charchamaydi, xuddi kengayib qoladiganday.
Ammo boshqa iloj ham yo’q edi.
Akbarali rozi bo’ldi.
Ishiga puxta Akmal kelishuvni notarius orqali rasmiylashtirishni talab qilib turib oldi.
Akbarali xotinim ko’nmaydi deb yuragi po’killab turgandi.
Yo’q, ko’ndi. Faqat quvonch bilan:
– Ishqilib, endi hovlili bo’lib qolamizmi? – deb so’radi.
Bunga javoban Akbarali bosh irg’ab qo’ydi, xolos.
Xolnisa yosh boladay chapak chalib, osmonga sakradi.

* * *

Biroq holva degan bilan og’iz chuchib qolmas ekan.
Akmal juda oddiy qilib biznes-rejaning mohiyatini aytib bergandi: biron ikki minglarga olti sotix yer sotib olish, bir yarim minglarga poydevor ko’tarish, yigirma mashina tuproq olib kelib yoz bo’yi g’isht quyish, darrov devorni ko’tarishga kirishish, ikki xonali vaqtinchalik uy tiklab, o’sha yerga ko’chib o’tish va qolganini asta-sekin quraverish. Ya’ni tor joyda, oilaviy yotoqxonadagi katalakda osh yegandan ko’ra, olti sotixli katta yerda musht yeyish…

Biroq bularning bari… aytishga oson ekan.
Orada quvonchdan ko’zlari charaqlay boshlagan, yuz terisi silliqlashib, chiroyli bo’lib ketgan, go’yoki o’n yoshga yashargan Xolnisaning baxtiyor kunlari demasa, Akbaralining boshi tashvishdan chiqmay qoldi.
Akmal maslahat bergan shahar chekkasidagi, uy-joy uchun qurilish uchastkalari ajratilgan joylarning ham narxi oshib ketibdi. Dallollardan biri ishonch bilan:
– Qaerga borsangiz boravering, to’rt mingdan kamiga yer yo’q! – dedi.

Akbarali izlayverdi. Oxiri uy qurish uchun olib qo’ygan olti sotix yerini uch mingga sotishga rozi bo’lgan bir odamni topdi. O’zini Mansur deb tanishtirgan bu odam gapiga qaraganda, o’g’lini shoshilinch uylantirayotgan ekan, shuning uchun pul zarur bo’lib qolibdi. Bo’lmasa-ku, kelajakda oltinga teng bo’ladigan yerni arzimagan pulga sotib yuborishni xayoliga ham keltirmagan ekan.
“Kelajakda oltinga teng bo’ladigan yer” o’t bosib yotgan quruq yer edi. Akbarali shunga ham quvondi.

Bunaqangi savdolarga ishi tushib yurmagan Akbarali yer egasining o’zidan yo’l-yo’riq so’radi:
– Bu yog’i endi qanday bo’ladi?
– E, bu yog’i juda oson! – dedi Mansur aka kiprik qoqmay. – Siz menga pulni berasiz, men sizga tilxat yozib beraman. Tilxat bu hujjat. YO menga ishonmaysizmi?
Akbaralining issig’i chiqib ketdi:
– Yo’g’-e. Bu nima deganingiz, aka?
– Qoidasi shunaqa-da o’zi, ukam.
Xuddi shunday qilishdi: Mansur aka tilxat yozib berib, Akbaralidan uch mingni sanab oldi.

* * *

Savdo-sotiqdan so’ng oradan bir haftaga yaqin vaqt o’tdi.
Akbarali ta’tilga chiqdi.
Bir kuni erta tongda o’zi sotib olgan yerni ko’rmoqni mo’ljalladi. U yer chekkasini belgilab chiqmoqchi, so’ng ustalar bilan gaplashib, poydevor qurish ishlarini boshlab yubormoqchi edi.

Hali quyosh ufqda yuz ko’rsatmagan edi.
Shunga qaramay, atrof yop-yorug’.
Akbarali shudringga ko’milgan o’t-o’lanlarni bosib o’tib dalaga yetib keldi.
Ajabki, u sotib olgan yerda novcha bir kishi g’imirlab yurardi.
Akbarali shoshib shu tomonga yurdi.

Salom-alik, “hormang, bor bo’ling”lardan keyin novcha kishi g’urur ila shu yerni uch mingga sotib olganini aytib maqtandi.
Akbarali garangsib qoldi. So’ng simillab og’rigan yuragini siqimlarkan, quruqshab ketgan lablarini yalagancha:
– Adashmayapsizmi? – deb so’ray oldi, xolos.
Endi novcha kishi Akbaraliga ajablanib qaradi…

* * *

Bo’ldi qiziq hangomalar.
Tez orada ayon bo’ldiki, Mansur aka deganlari xuddi shu olti sotix yerni to’rt kishiga sotgan ekan. Aslida yer… Mansur degan odamga tegishli emas ekan.

Mansur aka deganlarini topib bo’lmadi.
Aytishlaricha, aldanganlardan bittasi militsioner yordamida uni bir amallab topibdi. Ammo Mansur aka deganlari:
– Men senga yer sotmaganman! – deb turaveribdi. – Sotadigan yerim ham yo’q! – debdi keyin.
Shunda tilxatni ko’rsatishibdi.

Mansur aka deganlari ilonning yog’ini yalagan ekan.
– Bu notarius tasdig’idan o’tmagan, bir pullik ahamiyati yo’q, – deb turib olibdi. So’ng o’zini topgan odamga do’q urishga tushibdi: – Esingdan chiqdimi, to’rtta sheriging bilan kelib, meni urib-tepib, “o’ldiramiz” deb qo’rqitib, shu tilxatni yozdirib olganding…
Xullas, shunaqa gaplar…
Ozgina ilinj, umid bor. Ammo buni eshitgandan so’ng Akbarali chuv tushganini angladi.
Mol achchig’i – jon achchig’i.

Shusiz ham necha kundan beri uyga kech, Xolnisa uxlagandan so’ng borib, tong saharda chiqib ketayotgan, xotini uchrab qolganda esa “qurilishni boshlab yubordim” deb qutilayotgan Akbarali bu zarbaga chiday olmadi…
Akbarali chap ko’ksini changallagancha yerga gursillab yiqildi.
Yurak kasali yomon bo’larkan.
Haliyam shifokorlarga rahmat, jonini saqlab qolishdi. Ammo asablari qaqshab yurgan yigitning chap qo’li va chap oyog’i ishlamay qoldi, tilida ham o’zgarish yuz berdi – endi g’o’ldirab, juda qiynalib gapirar, nima deyayotganini anglash juda qiyin edi.

Erini o’ylayverib dardi-dunyosi qorong’i bo’lib ketgan Xolnisa Akbarali akasining sal o’ziga kelganini ko’rib yengil tortdi.
– Xayriyat, dadasi, – dedi u eriga mehribonlik bilan boqib. – Xudo joningizni qaytarib berdi. Endi tuzalib ketasiz. Hali katta-katta uylar qurib, bolalarimiz bilan rohatda yashaymiz…
Bezovtalanib qolgan, rangi quv o’chgan Akbarali jon holatda nimadir deb g’o’ldiradi, ammo xotini uning gaplarini tushunmadi.
Shu oqshom Akbaralining ahvoli yana og’irlashdi…

* * *

Kunlar shu zaylda o’tib borardi.
Akbarali o’zi shifoxonadan chiqadigan kunni dahshat va vahm bilan kutardi.
Ana unda… ana unda izoh berishga to’g’ri keladi.
Hovli-ku qaytmaydi, unga qo’shilib uch ming ham qulog’ini ushlab ketdi.

Ammo eng yomoni – Akmalga qarzni qaytarishi kerak bo’lgan kun tobora yaqinlashib kelmoqdaydi. Olti ming-a…
Demak… demak bir xonali uy ham ketadi.
Unda… er-xotin ikki bola bilan qaerda yashaydi?

Akbarali tinmay shuni o’ylar, o’ylagan sayin boshi misday qizib, miya tomirlari otilib ketguday bo’lib bo’rtib chiqar, yuragi gursillab urar, chap oyoq-qo’lidagi jonsizlik, sovuqlik asta-sekin o’ng tomoniga ham o’tib borayotganini his qilardi…
– Endi nima qilaman? – deya shivirlardi u alam bilan bunday kezlari…

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali,2010 yil, 4-son

022

(Tashriflar: umumiy 323, bugungi 1)

Izoh qoldiring