Abduqayum Yo’ldoshev. «Parim bo’lsa…» & Mashhura Sheraliyeva. Hikoyani o’qib…

054

    “Парим бўлса…” ҳикоясининг муаллифи китобхонлик “установкам’’ни, юмшоқроқ айтганда, алдади. Ҳикоя давомида кимсан миллионер бой, фермер-тадбиркор Ғанибойваччанинг балеринани яхши кўриб қолиб, дарвеш-девона кепатасига тушиши одам ишонмайдиган воқеа экани икки гапнинг бирида таъкидланаверади…

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
“ПАРИМ БЎЛСА…”
Ҳикоя
01

055Абдуқаюм Йўлдошев 1962 йили Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент Давлат Техника универсиситети)да ўқиган. “Сунбуланинг илк шанбаси”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, “Парвоз”, “Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин” сингари насрий китоблари чоп этилган.“Пуанкаре” ҳикояси 2012 йилда “Жаҳон адабиёти” журналининг йиллик мукофотига муносиб топилди. Ушбу асар асосида Ўзбек давлат драма театрида “Ҳаёт формуласи” номли спектакль саҳналаштирилган.

01

  Умри киндик қони тўкилган овулида ўтаётган бўлишига қарамасдан Ибодулла шаҳар жинниси эди. Бемалол айтиш мумкинки, балиқ сувда ўзини қандай эмин-эркин сезса, аллақачон “шаҳарлик” лақабига эга бўлиб улгурган жўрамам ўзини шаҳарда шундай ҳис қиларди. Ҳолбуки, мактабни битирганидан сўнг у Тошкентда бор-йўғи бир ой яшаган, ундаям абитуриент бўлиб. Лекин барибир пойтахтни беш бармоғидай аниқ билади, дейишади. Мабодо бирон манзил борасида иккиланиб қолган тақдирда ҳам Ибодулла учун сўраб-суриштириб, айтилган жойни топиб бориш қўшни овулдаги тўйга ўтиб-келишдай жўн иш.

Ҳар гал шаҳарга тушиш жўрам учун байрам эди. Ўзиям оғзининг таноби қочиб, икки -уч кунлаб астойдил тайёргарлик кўрарди: сочлар олдирилган, кўйлак-шимлар ювдирилган, дазмоллатилган, ҳаттоки рўмолчага қимматгина атирдан мўл-кўл сепилган, қора мой суртилавериб-чўткаланаверганидан, бир парча духобада артилаверганидан ялтираб кетган туфлисига қараб бемалол соч тараса бўлади… Айниқса пойабзал масаласида Ибодулла жуда инжиқ эди: шаҳарга атаб атайин олиб қўйган туфлисини наинки ўзимизнинг овулдаги, балки ён қишлоқлардаги энг дабдабали тўйларига ҳам киймасди, таъбир жоиз эса, кўз қорачиғидек асрарди. Унинг бу қилиғидан ранжиганларга ёинки хатти-ҳаракатини мазах қилганларга жавобан Ибодулла одатда “Сен нимани ҳам тушунардинг, эй умри бефойда ўтиб бораётган банда” дегандай ачиниш аралаш қараб қўйгач, ўхшатиб жавоб берарди:
– Душман оёққа қарайди…

Дарҳақиқат, шундан кейин мазкур ўта оддий ҳақиқатни унутган ҳолда меъёридан ортиқ тирғала бошлаганини сезган ҳар қандай гапдон ҳамқишлоқ ҳам жимиб қоларди.

Тўғри, минг яхши кўргани билан, ҳа деб шаҳарга тушиб келаверишга жўрамизнинг ҳамёни имкони бермасди. Ахир, ўзи фермер… хўжалигида оддий сувчи бўлса, арзимаган маошию ҳосил йиғилганда оладиган уч-тўрт тонна буғдойи, бирон тележка егулик қовун-тарвуз билан бола-чақасини боқсинми, шаҳарда ялло қилиб юрсинми?

Аммо қишлоқда ким кўп – у-бу юмуши сабаб пойтахтга отланиб қолганлар кўп. Қишлоқ одами шаҳарга шундай, дабдурустдан бостириб бораверишдан ийманади. Бунинг устига шаҳарда ким кўп – ҳужжатингни сўрайдиган, сўнг, паспортни қўлига олгач, “Сизни тўрт кун бурунам шу ерда кўргандайман”, дея талмовсираб турадиган миршаб кўп. Шундай пайтлари бундай одамларнинг жонига Ибодуллага ўхшаган “шаҳар кўрган эчки”лар ора киришади.

Тан олиш керак, шаҳарча озода уст-бош кийган, бунинг устига кўчадаям, метродаям шу жойларнинг асл эгасидай гердайиб юрадиган , юзида ўзига ишонч ва қатъият акс этиб турган Ибодуллани ҳали бирон миршаб тўхтатиб, ҳужжат сўрамаган. Аммо унинг бўйнини қисибгина, атрофга олазарак қараб, “Ишқилиб уялиб қолмайин-да” деган ҳадикда кетаётган ҳамроҳларидан биронтасини милиционер тўхтатса бас, Ибодулла кўмакка ошиқарди.

Одатда Ибодулла честь бериб ўзини таништирган миршабга кўзларини қисганча майин ва ҳаттоки, оталарча табассум билан қараб турарди-да, шеригининг паспортини ўзининг қўлига олиб:

– Раҳимхон акам яхши юрибдиларми? – деб сўрарди. – Ҳойнаҳой ишда бўлсалар керак, биз уларнинг уйларига бораётгандик. Кеннойимга кеча қўнғироқ қилиб тайинлаб қўйгандим.

То миршаб “Раҳимхон ака”нинг кимлигини эслаб олгунга қадар Ибодулла кейинги зарбани берарди, яъни бирдан бош чайқарди-да:

– Э, кечирасиз, – дерди астойдил афсусланиб, – Раҳимхон ака вазирликка ўтиб кетдилар, а? Ман у кишиниям ҳалиям сизларнинг бошқармангизда деб ўйлаб…

Одатда, исмлар ўзгариб турарди: баъзан “Раҳимхон”, баъзан “Акмалжон”, баъзан яна бошқаси…

Табиийки, бундай сўзамолликдан кейин иккиланиб қолган баъзи миршабларнинг бу йўловчиларга оқ йўл тилишдан ўзга иложи қолмасди. Буни тахминан элликка-эллик дейиш мумкин. Аммо сал ҳушёрроқ ёинки тажрибалироқ милицонер барибир ҳужжатни олар ва номига бўлса ҳам варақлаб кўргандан сўнггина буларга жавоб бериб юборарди. Тўғри, баъзан умуман бунақанги тарзда аравани қуруқ опқочишлар таъсир қилмайдиган бирон миршаб ўзига самимият билан қараб турган Ибодуллага қараб эҳтимолки ўша жумласини айтиб ҳам қоларди: “Сизларни тўрт кун бурун кўргандайман… Амалдаги қонунга кўра шаҳарда уч кундан ортиқ юрсаларингиз…”

– Тўппа-тўғри, – дерди Ибодулла киприк қоқмасдан. – Тўрт кун бурун келиб Раҳимхон акамни (Акмалжон акамни, Рустам акамни…) аммасининг тўйига айтиб кетгандик. Раҳимхон акам полковник Аслиддин аканиям олиб бордилар. Ажойиб одам эканлар… Сизга ўхшаган қўл-оёғи чаққон укалари хизматда бўлишди…

Бу қадар очиқ-ойдин эътирофдан сўнг яна тирғалаверишга унча-унча миршабнинг ҳадди сиғмаслиги аниқ…

Бундай пайтлари ҳайратга тушган ҳамроҳлар дарров Ибодулладан ўша акахонини қаердан танишини сўраб қолишади. Ибодулла қувлик билан кўз қисади ва сирли тарзда:
– Шаҳарга қулоқни тозалаб келиш керак, – деб қўяди…

Устига-устак, Ибодулла кўп ялинтириб ёки ўзини тарозига солиб ўтирмайди. Одатда, у ҳамроҳликни илтимос қилиб келгувчига учта савол билан мурожаат этади:

– Боришдан мақсад? Қачон қайтилади? Мабодо ўша куни қайтилмаса, қаерда ётиб қолинади?

Мана шу саволларига қисқагина жавоб олгач, Ибодулла қошларини чимирган кўйи бир лаҳза жиддий тарзда ўйланиб қолар, шундан сўнг қатъий тарзда:

– Борамиз, – дерди.

Шу билан иш битди, тамом-вассалом.

Ибодулланинг соқол-мўйловини қиртишлаб олиб, сартарошга чопқиллаб қолганини, кийимларини ювдириб, дазмоллатаётганини, арзанда туфлисини шифонер тагидаги қутисидан олиб, артиб-артиб қўяётганини кўрган Гуласал эрининг яна шаҳар сафарига тадорик кўраётганини биларди-ю, бироқ миқ этмасди. Зеро, Ибодулла – ҳаттоки бир кунга бориб келса ҳам – шаҳардан алланечук хушнуду шодон кайфиятда, кўзлари чақнаб, болаларию рафиқасини жуда-жуда соғиниб, энтикиш аралаш ҳаяжон билан, ҳовлиқиб, ажабтовур совға-саломлар билан қайтгувчи эди. Баайни олдидан оққан сувнинг қадрига энди-энди ета бошлагандай… Бундай кунларнинг кундузлари қувончли, кечалари эса лаззатли бўларди… Ўзини ёлғондан сипо, вазмин тутаётган, аммо ҳаяжондан вужуди дир-дир титраётган эри шаҳарга жўнаб қолса бас, Гуласал ширин бир нимани орзиқиб кутаётган гўдакдек тамшаниб йўл қарагани-қараган эди.

Лекин худо шоҳид, кимга ҳамроҳлик қилмасин, баъзилар орқаворатдан ачитиб айтганидай, кимга “гид”лик, яъни экскурсоводлик қилмасин, Ибодулла ўша одамнинг ўзига пул сарфлашига йўл қўймасди! Ўзи камбағал бўлгани билан, орияти баланд йигит эди бизнинг “шаҳар кўрган эчки”миз Ибодулла!

Одамлар унинг мана шу қилиғини тушунолмай аввал ажабланишар, сўнг ҳайрон бўлишар, ниҳоят жаҳллари чиқиб Ибодуллани (яна орқаворатдан):

– Ўзининг фойдасини билмаган тентак, – деб сўкиб ҳам қўйишарди. Илло, шаҳарга бориб келишга ҳамроҳ бўлишни илтимос қилган ҳар қандай банда ўша одамнинг йўл ва овқат пулини тўлаши жоиз ҳамда лозим эмасми? Шундоқ. Оддий мантиқ ҳам шуни талаб этади-ку. Лекин Ибодулла мантиқ-пантиқни тан олмас, кўзларини бақрайтирганча “Немецкий ҳисоб-китоб” деб тураверарди. Буни энди ўзбекчага ўгирсак “Элликка-эллик” ёки бўлмаса “Ҳар ким ўзига тўлайди” деган ажабтовур маъноларни англатарди. Сўнг, гапига қатъий амал қилган кўйи, автобус ё бўлмаса “Истана” маршрутли таксининг йўл ҳақини ўзи учун тўлар, бирон ошхонада овқатлангани маҳаллари ярим пулини чиқариб тураверар, агар ҳамроҳи “ҳой-ҳой” демаса шаҳардаги автобус-троллейбусу метрода ҳам йўл ҳақини биринчи бўлиб  узатишдан ҳам қайтмасди…

Шўрлик Ибодулланинг маблағи ошиб-тошиб ётган бўлсаям майлийди…

Ахир кўр эмасмиз, биламиз, Ибодулла бир сўмлаб пул йиғади, ўзини, баъзан оила аъзоларини ейиш-ичишдан сиқади, бировларнинг ўтини ёриб бериб уч-тўрт танга топади, кимларнингдир томорқасини суғориб бериб яна “носвой пули” ишлайди. Ва топганларининг барини тишининг кавагида асрайди. Бариси, бариси шаҳар учун, шаҳар учун!

Шаҳар!

Ҳатто уч фарзанд – икки ўғил ва бир қиз ҳам дадалари баъзан хасислик қилиб бермаган пул озгина фурсатдан сўнг шаҳардан ўзларига ажойиб-ғаройиб совға-саломлар тарзида қайтиб келишини яхши билганлари учунми ортиқча тихирлик қилиб ўтирмайдилар. Шу боисдан улар ҳам меҳрибон отанинг пойтахт сафарини интиқ кутадилар…

Шаҳарга бориши аниқ бўлиб қолган маҳаллари Ибодулланинг кўзлари чақнаб кетарди. Бу кўзларда қувончдан кўра каттароқ, ҳаяжондан кўра кучлироқ, энтикишга нисбатан таъсирчанроқ туйғу ёлқинланарди.

Ҳа, Ибодулла шаҳар учун туғилган эди. Ҳар бир шаҳар сафари унинг учун бир дунё шодликлар олиб келадиган эзгу айём каби азиз ва лазиз эди…

Афсуски, жўрам қишлоқда яшарди…

* * *

Бу дунёда ҳамма ҳам омади чопган ишбилармон ёки яхши яшашни қотириб қўядиган уддабурон бўлавермайди-ку. Одатда осмондаги ойни орзу қилмасдан, борига қаноат қилибгина кун кўришни маъқул кўрадиган одамлар атрофимизда кўпроқ учрайди: ҳаёт қонуни бу.

Ибодулла ҳам шундайлар тоифасидан шекилли. Ҳар қалай, ўттиз беш йиллик умрини камтарин-камсуқумгина ўтказди, бойиб кетайин, қўлимда пул ўйнасин деб ўзини ўтга-чўққа урмади; илло, бунақа ишларни эплолмаслигини ўзи ҳам яхши биларди.

Мана, қишлоқ адоғида турадиган Ғанибой. Ўн йилча бурун институтнинг филология факультетини тугатган. Аммо ўзининг соҳаси бўйича бир кун ҳам ишламади. Дипломини сандиққа ташлаб қўйганча, тадбиркорлик билан шуғулланди. Аввал фермер бўлди, кейин қўшимчасига биофабрика ташкил қилди. Бунгаям қаноат ҳосил қилмай, қишлоқнинг ўзида иккита тегирмон қурди, иккита дўкон ишга туширди, даласига Россиянинг иккита тракторини сотиб олди. Аммо шу даражага эришгунга қадар, билганларнинг таъбири билан айтганда, “эшшакдай ишлади”: на ўзи дам олди, на ишчиларини тинч қўйди…

Институтда олган билими унчалик ёдидан чиқмаган шекилли, Ғани баъзан негадир ўзидан кўмак ёки қарз сўраб келганларга қараб туриб истеҳзоли оҳангда машҳур мисрани сал ўзгартирилган шаклда ўқиб қоларди:
– Мен ғанийман, сизда бисёр эҳтиёж…

Албатта, илтимосчини “ғаний” сўзининг аслида “бой, бадавлат” маънода келиши ҳам, ғазал муаллифи ҳам қизиқтирмайди. Унинг учун ўтинчи бажарилиб қолса бас.

Мана шу Ғанибойнинг иккита лақаби бор эди. Иккинчиси “янги ўзбек”. Бу-ку, тушунарли, ҳар қалай, “Ўзбековул”дан чиққан баобрў тадбиркор, сармоядор. Аммо биринчи лақаби ғалати ва анчайин узун ҳам: “Диққат! Тошкентдан кўрсатамиз!..” Ҳа, ҳа, худди шундай. Бунинг қисқача тарихи эса бундоқ: Институтда ўқиб юрган йиллари таътилга келган Ғанининг бўлғуси тилшунос эканлигидан, бунинг устига шиғир-пиғир ёзиб юришидан хабар топган раис уни атай чақиртириб, қишлоқнинг ёзги саройида хўжалик аъзоларининг умумий йиғилиши бошланиши ҳақидаги хабарни саҳна ортидан овоз кучайтиргичда эълон қилишни сўрайди. Матн ҳам соддагина бўлади: “Диққат! “Ўзбековул”дан гапирамиз…” Аммо нимагадир ҳаяжонланиб кетган Ғани ўзини диктор Ўктам Жобиров ҳис қиладими, ишқилиб кўтаринки оҳангда , тилини ғалати бураганча ўта тантанавор тарзда: “Диққат! Тошкентдан кўрсатамиз!..” деб юборади.

Жон-пони чиқиб кетган раис оғзидаги носини туфлай сола чопиб парда ортига ўтади ва “Ҳозир ўзингга кўрсатиб қўяман!” деганча шўрлик дикторни қувиб солади…

Қизиқ томони шунда эдики, “янги ўзбек”нинг сармояси ортган сайин шунга тескари мутаносиб равишда биринчи лақаб ўз-ўзидан эл-улуснинг ёдидан кўтарилиб кетмоқда эди: ҳар нечук, ноқулай энди, шундай одам-а; бир замонлар овулдошларига ҳадди сиғиб ҳазиллашган бўлса ҳазиллашгандир, нима, энди шугина эркалигини қирқ йил достон қилиб юриш шартми… уят бўлади-я…

Қишлоқда гап ётармиди. Айниқса кўпчилик назаридаги одамнинг туриш-турмуши синчков нигоҳлар остида кечиши тайин. Хуллас, шундай нигоҳлар эгалари тарқатган айрим миш -мишларга қараганда, кейинги пайтлари Ғанибой анча ўзгариб қолган. Хусусан, қўйиб беришса кун-туннинг йигирма тўрт соатини оёқда, ишда ўтказадиган “янги ўзбек” кутилмаганда мутолаага зўр беришга ўтганмиш-у, энди сал фурсат топса бас, ётиб олиб бир нималарни ўқигани-ўқиган эмиш. Бир хил пайтлари қордай оппоқ “Ласетти”сини ичидан қулфлаб олиб, китобдан бош кўтармай ўтираверармиш… Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Ғанибой хонасига қамалиб олганча, далага борсаям қўлтиғидан қўймайдиган “ноутбук” компьютерида эринмай кино кўрармиш. Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас.  Ғанибой… тунлари, ҳаммадан яшириниб олиб бир нималар ёзаётган эмиш… Сармоядор одамнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан недир эзгуликлар қидирадиган ва уларни топишга ҳам уста аҳли овул дарҳол воқеликнинг моҳиятини очиб берадиган ташхисини эълон қилдиким , ёзаверсин, ёзгани яхши-да. Мана кўрасизлар, тез орада мазкур “ижод намуналари” – бу иборани ўзбековулликлар эҳтиром билан тилга олишарди – алоҳида китоб ҳолида чоп этилади, ададиям бирон ўн беш минг, йўқ-йўқ , овулдаги чақалоқлару қарияларниям ҳисобга олган ҳолда ўттиз мингни ташкил этади. Бу ҳали бошланиши. Ажабмас, кейинги китоб овулимизда яшаб ўтган ва ҳозирда яшаётган машҳур зотлар ҳамда оддий одамлар ҳақида бўлса … “Қазисан-қартасан, ўз касбингга тортасан, – деди овулда синчилигию мақолларни ўзи айтмоқчи бўлган фикрга мослаб ислоҳ этиши билан ном чиқарган Марди бобо. – Ғанибойдиям ҳўкимат бежиз тўрт йил ёзув-чизувга ўқитмаган-да…”

Каттагина овулнинг у бошида ўтказилган тўй-маъракага баъзан бу бошидаги одам боролмасдан ҳам қолади. Камсуқумроқ Ибодулланинг Ғанибой билан ош-қатиқлиги йўқ эди, бунинг устига “янги ўзбек”нинг жўрамга ўхшаганлар қўшилмайдиган давраси бошқа, улфату ошна-оғайниси бошқа. Марди бобо топиб айтганидай, тезак қопи билан, кетмон сопи билан, ҳамён эса ўзига бопи билан.

Шунгами, саратон тафти қайтган сунбула тонгларидан бирида шахсан Ғанибойнинг ўзи далага кириб келганида Ибодулла аввалига уни танимай қолди. Хўп, ана, уни кўрмаганига нари борса етти-саккиз ой бўлгандир. Одам ҳам шунчалик тез ўзгарадими? Қани у аввалги кибр аралаш манманлик, кўзга яққол ташланиб турадиган даражадаги бировларни менсимаслик, ҳамсуҳбатига тепадан қарашлар , қўлларини кўкрагига намойишкорона чалиштириб туришлар, қаддини ғоз тутиб юришлар… Ибодулланинг қаршисида озиб- тўзиб, қорайиб кетган, ёноқ суяклари туртиб чиққан, кенг пешонасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, кўзлари ич-ичига ботган… ҳорғин банда турарди. Ҳа, бутун вужудида, пир-пир учаётган лабларида, билинар-билинмас титраётган бармоқларида бениҳоя ҳорғинлик “мана-ман ” дея кўзга ташланиб турган шу банда биринчи бўлиб салом берди ва ўзи овулда эришиб улгурган мақомига мутлақо ярашмаган титроқ овозда, аҳволига янада мос тушмаган тарзда чўғдай ёнаётган кўзларини олиб қочган кўйи… шаҳарга бирга бориб келишни таклиф қилди.

Бундай кутилмаган ташрифдан довдираб қолган Ибодулла – ахир, овулнинг ўзида “янги ўзбек” “юр” деган заҳоти чопқиллаб чиқадиган неча-неча талабгор топилиши аниқ! – ўзининг одатдаги аниқлаштирувчи саволларини ҳам айтолмади. Ғанининг ўзи изоҳ берди:
– Икки машина буғдой обкетаётгандим. Сотишга.

Бундай тижорат сафари таклифи сал ўзига келиб олган Ибодуланинг кўнглига ўтиришмади.

– Мен бир оддий сувчи бўлсам, Ғани ака, – деди у шаҳарликларга таассубан ўзидан кичик одамга ҳам “ака”лаб мурожаат этиб. – Савдо-сотиқни тушунмасам…

– Менам килолаб сотиб ўтирмайман. Оптом бераман-қўяман… – ердан бош кўтармай садо берди Ғанибой. – Менга шаҳарни биладиган одам керак. Бир-икки борар жойларим бор…

– Ўйлаб кўрай, – аниқ жавобдан ўзини олиб қочди Ибодулла.
– Илтимос, ака… Сизга ишониб келдим…

Ёпирай! Бу “янги ўзбек”ка бир бало бўлгани чин шекилли . “Илтимос” дедими? Дўпписи ерга тушиб кетса, пул бериб олдирадиган одам-а?..

“Синган!..” деган ўйдан юраги шувиллаб кетган Ибодулла вақтдан ютишга ҳаракат қилди:
– Ўзи қачон бориш керак?
– Ҳозир. Ана, машиналар ҳам кеп қолишди…

Дарҳақиқат, йўл бошида иккита “КамАЗ” машинаси кўринди

– Бу… бу… – баттар довдираб қолди Ибодулла. – Тайёрланмасдан… шундайига…
– Шаҳарда таксида юрамиз… Орқагаям… Илтимос…

Кимсан, Ғанибойнинг ўзи қаршингда қўл қовуштириб турипти-я, Ибодулла! Шундай одамга йўқ деб бўладими?..
– Ундай бўлса… кетдик…

Шундай қилиб, Ғанибой деганлари олдинга ўтиб йўл бошлади, жўрам унга эргашди.

Ҳаётида илк бор шаҳарга ҳеч бир тайёргарликсиз бораётгани учунми, Ибодулланинг кўнгли ғаш эди…

* * *

Ҳайдовчи Ғанибойнинг қайниси Азиз экан. Машина катта йўлга чиққандан у қулоғига бир нима тақиб олдию, йўлдан кўз узмаган кўйи, ора-сира елкаларини учириб қўйганча миқ этмасдан кетаверди.
Ўхшатмагунча учратмас. Ноутбукини очган Ғанибой ҳам қулоғига наушник тақаётганини кўрган Ибодулланинг энсаси қотди: илло, у одатда сафарга чиққанида ҳамроҳлари билан чақчақлашиб, гангир-гунгир ҳангома қилиб кетарди; шунда йўлнинг узоқлигиям билинмай кетади. Булар бўлса…

“Йўқ, бу синмаган, – ўзича мулоҳаза юрита бошлади Ибодулла. – Шундай бўлганида аллақачон ярим қишлоқ бундан хабар топиб улгурарди. Лекин буни бир бало қилиб алдаб-сулдаб, катта пулга ухлатиб кетишган. Шунинг аламига куйиб кетган…”

Ҳамроҳининг ўзига тикилиб қолганини сездими, клавиатура тугмачаларини ошиқиб босаётган Ғанибой бош кўтариб, нимадир деди.
– А? Узр… эшитмай қолдим…
“Янги ўзбек” ноутбуки экранига ишора қилди:
– “Қора оққуш”. Кўрганмисиз?

Ҳа, бу бандага нимадир бўлгани аниқ эди. Ўзи оққушмиш-у, яна қорамиш… Тўғри, Ибодулла унга ўхшаб тўрт йил институт тупроғини яламаган, аммо табиатда бунақаси учрамаслигини билади. Шундай бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши, жим турмаслик учуноқ, азбаройи лутф юзасидан сўраган бўлди:
– Қайси қуш?

Ғанибой бажонидил изоҳ берди:
– Натали Портман ўйнаган. Кейин ўзининг балетмейстерига эрга теккан актриса бор-ку.

Ибодулла “пиқ” этиб кулиб юборишдан ўзини аранг тийди, зеро у айни сонияда телевизорда кўп қўйиладиган бир кинодаги гуржими-арманми одамнинг гапларини эслаб, ўзича ҳозирги вазиятга мослаганди ҳам: “Менга қара, Валико, ким у Натали деганлари, бу ерда нима қилиб юрибди у, пишириб қўйибдими унга…”

Бир амаллаб лаб-лунжини йиғиштириб олган Ибодулла жиддий тарзда бош ирғаб қўйишни уддалади, гўёки айтди: “Ким бўлибди у Портман-мортманларингиз… Керак бўлса ундан катталариниям биламиз, ака!”

Бу унсиз эътирофни илғаб, баногоҳ юзи ёришиб кетган , лаблари пир-пир учиш асносида қўллари сезиларли даражада титрай бошлаган Ғанижон (“Худо ҳаққи, унинг иссиғи бор! – деган тўхтамга келди Ибодул-ла ҳамроҳининг чўғдай ёнаётган кўзларидан нигоҳини олиб қочиб, тер тепчиган пешонасига зимдан разм соларкан. – Камида ўттиз тўққиз, балки қирққаям яқинлаб қолгандир…”) компьютерини ўртага қўйди-да, буюк ҳаяжон билан экранга ишора қилди. Ибодулла шу томонга қаради. Унда ярим-яланғоч аёллару тор иштон кийган эркаклар уёқдан-буёққа чопиб юришарди. Ғанибой сал энгашиб, наушнигининг бир томонини ҳамроҳининг қулоғига қўйган эди, Ибодуллага энди мусиқа ҳам эшитила бошлади.

Юзи ҳамроҳинининг юзига яқинлашиб қолган Ғанибой ҳеч бир муқаддимасиз, гўё тасодифан узилиб қолган суҳбатини келган жойидан давом эттираётгандай:

– Кўряпсизми?! Кўряпсизми?! – деди туйқус босиб келган ҳиссиётлар гирдобида вужуди дир-дир титраганча. – Кўлда оққушлар яна қизларга айланишди. Мана малика. Мана… Шўрлик қиз шаҳзодага ҳаммасини айтиб беряпти. Ёвуз сеҳргар уни оққушга айлантириб қўйган. Фақат тундагина у яна маликага айланади. Жодудан бутунлай халос бўлиш учун қизни кимдир чин кўнгилдан севиб қолиши керак… Худди ўзимизнинг афсоналарга ўхшайди-я… Тўғрими, тўғрими!

Бу савол эмас эди, маълум ва аён ҳақиқатни тасдиқлатиб олиш эди, холос. Шу боис ўзига титраб-қақшаб қараб турган ҳамроҳига бош ирғаб қўйган Ибодулла яна бир бор азбаройи оғзига талқон солиб ўтирмаслик учуноқ сўради:

– Ишқилиб охирида… қутуладими қиз?
– Йўқ-да! – чинқириб юборди Ғанибой. – Ёвуз сеҳргар маликанинг ўрнига ўзининг қизини шаҳзодага малика деб кўрсатади. Шаҳзода алданади… Буни эшитган Одетта ҳалок бўлади, кейин Зигфрид ҳам…

– Ким-ким?
– Қиз билан йигит…
– Ҳа, оғир экан… – деб қўйди Ибодулла.
– Тўппа-тўғри! Тўппа-тўғри! Буни кўриш оғир. Лекин кўрмасликнинг иложи йўқ… ҳеч иложи йўқ…

Ўзининг оддийгина луқмаси бундай чуқур мулоҳазаларга олиб келишини кутмаган Ибодулла ортиқча ақлли гап қилиб ўтирмасдан, оддийроқ таклифга кўча қолди:

– Бошқаси йўқми? Енгилроғи…
– Бор, бор… – “Янги ўзбек” шошиб клавиатура тугмачаларини боса бош-лади. – Мана, “Жизель”. Лекин бунинг охиридаям алданган қиз ўлади-да…

Қаранг, ўзингиз қаранг. Бу балет томошаси эди.

Тўғриси, Ибодулла бошида ҳеч нимани тушунмади. Йигит-қизлар уёқдан-буёққа ўтиб сакрашадими-ей, оёқ учларида юришадими-ей… Ўзи жуда яхши биладиган нарсалар ҳақида тушунтириш беришга уринаётган Ғанибойнинг изоҳлари эса аксар ҳолда жуда қисқа, бунинг устига нотаниш исмларга мўл эди:
– Манави Жизель. Деҳқоннинг қизи… Отаси йўқ, онаси бор. Онасининг оти Берта… Бу шаҳзода Альбер. Кўряпсизми, у деҳқонга ўхшаб кийиниб оляпти. Буни ўрмончи йигит Ганс кузатиб турибди… Қизлар узум теришяп-ти… Мана, Альбер Жизелни кўриб қолди. Бир кўришда муҳаббат!.. Қаранг, юраги касал бўлсаям қиз қандай ўйнаяпти… Учаяпти!.. Ганс рашк қилаяпти…

…Ниҳоят Жизель ҳалок бўлди!

Ибодулла шу билан томоша тугади деб ўйлаганди. Аммо кўзлари жиққа ёш Ғанибой мўъжиза кутаётган ўсмир каби энтикиб, ҳамон экрандан кўз узмасдан турарди.

Балетнинг давоми бор экан: қизнинг арвоҳи қабрдан чиқиб келди-да, аввалига аста-секин, кейин эса шиддат билан рақс туша кетди… Альбер деганлари чирпирак бўлиб унга қўшилиб кетди-ку…

* * *

– Етиб келдик, почча!.. Почча деяпман!
Жеркиброқ айтилган бу гапдан сўнг иккала балет томошабини бошларини кўтаришди. Дарҳақиқат, машина бозор дарвозаси ёнида турарди. Айб иш устида қўлга тушиб қолгандай хижолат тортаётган Ғанибой шошиб компьютерни ўчира бошлади.

Машинани ўраб олган йигирма-ўттиз чоғли эркак-аёл зўр бериб бир- бирларини итариб-туртган кўйи вағир-вуғир кўтарганча кабина томон интилишарди.
– Даллоллар, — деб кўйди Ғани.
– Олибсотар каналар! — нафрат билан тишларини ғижирлатди Азиз.

Орқадан етиб келган иккинчи машина сигнал берди.
Учовлон пастга тушишди. Ибодулла даллолу-олибсотарлар тўдасини ёриб ўтиб, чеккароққа бориб тураркан, ўзича бу Ғани бежиз “янги ўзбек” эмас, савдо соҳасида катта истеъдоди бор-у, ҳозир шуни намойиш этади деб тахмин қилганди. Бироқ даллолларнинг қўлни омбурдай қисиб олишию, елкани узиб олгудай силташларига чидайдиган одам асли Азиз экан. У пинак бузмай, ўзининг нархини айтиб тураверди…

Ахийри ўзаро келишув юз берди чоғи, машинани ичкарига олиб кириб кетишди.

Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтди ва терлаб-пишиб кетган, ярим қоп пулни қўлтиғига қисган “янги ўзбек” бошчилигидаги икки машина дарвозадан қайтиб чиқди.

Ғани Ибодулланинг олдига борди, яна нимадир илтимос килмоқчидай жовдираб қаради, аммо оғиз очишга улгуролмади: қайниси ҳаллослаб келиб қолди.
– Қайтамизми?

Ғани қопни Азизга узатди:
– Буни опангга бериб қўярсан.

Ҳайдовчи поччасига ажабланиб қаради:
– Сиз қайтмайсизми?
–  Жон деб қайтардим тайёр машинада. — Ғани минг истиҳола ила қафсаласиз тарзда турган Ибодугшага ишора қилди: — Аканинг бир-иккита иши бор экан. Шунга қарашиб юборинг деганди.
–  Ростданми? — аллақандай шуоҳаланиб сўради ҳайдовчи гўё у еб, ўзи қуруқ қолгандай Ибодулла тарафга ўкрайиб қараб қўяркан. — Иши бўлса ўзи қилавермайдими?
–  Энди, ука, олди-бердилик иш экан. Сал қаттикроқ турадиган одам бўлмаса бу кишини гел қилиб кетишлари ҳеч гап эмас… Бир овулнинг одами булсак. Одамнинг иши одамга тушади-да…
– Унда… қачон қайтасизлар? — савол беришини кўймасди ўжар қайин. — Опам сизни мен билан бирга қайтади деганди.
– Мен жон-жон деб қайтган бўлардим, деб айтдим-ку, — гўё ноилож қолган одамдай кўлларини икки ёнга ёйди Ғани. — Лекин ёрдам бераман деб лафз қилиб қўйдим… Ишимиз битганда таксида бўлсаям қайтамиз…

Ўжар қайин иккиланиб турди-турди, охири бир қарорга келди шекилли, қўлини силтаганча, ҳатгоки хайрлашмасдан ҳам машинаси томон юрди.

Тезда иккала машина ҳам жўнаб кетди. Ана шундан кейингина елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил нафас олган Ғанибой ўзига ҳайрон бўлиб қараб турган Ибодуллага қараб қандайдир аянчли тарзда кўз қисиб қўйишга, лаблари титраб илжайишга уринаркан:
– Қаранг, — деди иддао ила. — Буларнинг бари ўзича хўжайин…

Гап кимлар ҳақида кетаётганини тусмол қилган бўлса-да, Ибодулла индамай қўяқолди. Зеро Ғанибойнинг туҳматига қолганидан унинг дили озор чеккан эди.
Буни сезди шекилли, “янги ўзбек” кўзларини олиб қочган кўйи бир оғиз:
– Узр… — деди.

Эркак кишига узр сўраш осон эмас. Айниқса Ғанибойдай от устида юрган одамга. “Шундай одамки шундай йўл тутяптими, демак бунга арзирли бирон сабаб бўлса керак. Қани, бу ёғини кутайлик-чи, — деган қарорга келди Ибодулла. — Ўлмаган қул ҳаммасини кўраверади…”
–  Юринг.

Гап оҳангида шиддан кўра ҳадик-хавотир, ишончдан кўра илинж кўпроқдай туюлаётган Ғанибой тутқунликдан озод бўлган қуш каби кўкрагини тўлдириб нафас олди-да, катта-катга қадам ташлаганча йўл бошлади, Ибодулла унга эргашди.

* * *

Афтидан, бу ерларни Ғ анибойнинг ўзи жуда яхши билади шекилли, Ибодуллани ҳеч иккиланмасдан… ҳаммомга бошлади.
– Ҳали ювинадиган иш қилмадингиз шекилли, — пичинг қилди Ибодулла шеригининг “шундай кирамиз-у, чиқамиз” деган таклифига жавобан. — Қолаверса, ўлай агар, шу ҳавода иссиқ буғда ўтиришимни ўйласам, ҳалитдан нафасим қайтиб кетяпти.

“Шаҳарлик”нинг аҳволини тушундими, Ғани кўп тиқилинч қилиб ўтирмасдан, ҳаммомга кирди-кетди ва орадан чорак соатлар ўтгандан сўнг арчилган бодрингдай силлиққина бўлиб чиқиб келди: сартарошга соч-соқолини қиртишлатишга ҳам улгурибди! Энг ажабланарлиси, Ғанибой бўйинбоғ тақиб олгандики, буни кўриб Ибодулла бира тўла тилдан қолди.

Ўзи бугун “шаҳарлик” кўп ажабланишларга дучор бўладиган кун чоғи, Ғанибой йўлга чиқасола дуч келган машинани тўхтатди ва ҳайдовчидан сўраб ҳам ўтирмасдан олд ўриндиққа жойлашиб оларкан, бир оғиз:
– Театрга! — деди.
– Қайси бирига, ака? Шаҳарда театр кўп бўлса.

Ғани бу саволни берган ҳайдовчига “Шуниям билмайсанми?” дегандай ажабланиб қаради-да, сўнг, Ибодуллани баттар ҳайратларга солган кўйи:
– Опера-балетга, — дея манзилга аниқлик киритди.
– Ўн беш минг.
– Ҳайда.

Ибодулла эътироз билдиришга уринди, туллак ҳайдовчи билан савдолашмоқчи бўлди, илло у турган ерларидан “опера-балет”га кўпи билан тўрт минг сўмга бориш мумкинлигини яхши биларди. Аммо то “шаҳарлик” оғзини очио улгургунга қадар Ғани эшикни қарсиллатиб ёпди ва машина тез ўрнидан кўзғалди.

Атрофга намозшом қоронғулиги босиб келмоқда эди.

Ибодулла театр ёнидаги бирон емакхонага, дейлик, “уголок”ка ё “Зарафшон”га борармиз, “опера-балет” шунчаки мўлжал бўлса керак, деб тахмин қилганди. Аммо ўзини театр ёнидаги ўриндиққа ўтқазиб кўйган Ғанибой чопиб бориб кассадан иккита чипта, йўлнинг қарама-қарши тарафидаги гул дўконидан эса чиройли ва каттакон гулдаста олиб келганини кўргач, бутунлай калавасининг учини йўқотиб, довдираб қолди. Илло, шунча йиллардан бери шаҳарга қатнайди, қанчадан-қанча ҳамқишлоқларига Тошкентни томоша қилдирди, аммо ҳалигача бирон мардум “Мени опера-балетга олиб бор”, демаган. Сўраганлари бозор, зоопарк, цирк, ҳа, ана, жуда борса Миллий театр. Шундаям бирон “кулдирадиган томоша” бўлса…

Бу ерда эса…

Афтидан, дунёда “таом, егулик” деган нарсалар борлигини тамомила унутган, балки шунгами, — ҳа, ҳа, булар мадорсизлик аломати, бошқача бўлиши мумкин эмас! -ранги сезиларли даражада оқариб, калта-калта нафас олаётган, нечукдир лаблари яна пир-пир уча бошлаган, гулдастани қалқон янглиғ маҳкам бағрига босган “янги ўзбек” Ибодуллани театрга бошлади.

“Оққуш кўли” деган балет намойиш этиляпти экан.
Томошабин сийрак залга кириб, жойларига ўтиришди.

Оч, чарчаган “Шаҳарлик”нинг бир тили қичиди, бир тили қичиди; “Ҳали эрта эмасми, ака, кунингиз энди — латифаларда милён марта айтилганидай — ярим яланғоч қизларни кўриб илҳомланишга қолдими?” дея гап билан шеригини ўйиб олмоқчи бўлди, бироқ… Бироқ Ғанибой гап эшитадиган, эҳтимол, айтилган гапни тушунадиган аҳволда эмасди: у суратдай қотиб, саҳнага тикилиб қолганди, баайни заррин нақшли, қизғиш ҳошияли пардадаги кўринмас томошада кимнингдир, балки ўзининг ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётгандай…

Залга виқорли, капалакнусха бўйинбоғ таққан эркаклар, анвойи либослару дур-жавоҳирлар шодаси сиймин танларининг очиқ ўринларини янада кўз-кўзлаётган кибрли аёлар кириб келишди. Зериккан Йбодулла уларни томоша қилиб ўтарди.

Ахийри зал чироқлари ўчди, парда очилиб, саҳна ёришди ва ҳақиқий томоша бошланди.

Тантанали мусиқадан кейин саҳнага беш-олтита йигит-қиз чопиб чиқиб келиб, оёкдарининг учларида туриб  ўйнай бошлашди.

Кўз қири оилан томошабинларни кузатиб ўтирган Ибодулланинг назарида Ғани нимадир деб шивирлагандай бўлди.
– А? — деди у сал энгашиб, қулоғини “янги ўзбек”нинг оғзига яқин олиб бораркан.
–  Адажио… — ташлари орасидан аранг шивирлади саҳнага қараб қотиб қолган, ҳатто киприк қоқмаётган Ғанибой. — Энди… энди “па-де-де”…

Томошабинлар жонланиб қолишди, уч-тўрттаси ўз ҳайратини изҳор этгандай қарсак ҳам чалиб юборди. Ибодулла саҳнага қаради: оқ либосли қиз бир оёғининг учида тик турганча зўр бериб жойида чир айланарди.
– Фуэте… — яна пичирлади Ғанижон.

Шериги балет атамаларини тилга олаётганини тушунган Ибодулла “дод” деб юборишдан ўзини аранг тияркан, энсаси қотганини яшириб ҳам ўтирмасдан пичинг қилди:
– Нима қилай шунга, суюнчи берайми?..
Лекин Ғани ҳамон одамни эшитадиган аҳволда эмасди…

Асабийлашган Ибодулла ўзини ўзи чалғитиш ҳаракатига тушди ва, ажабки, бирдан топиб, илжайиб ҳам қўйди. Кўпинча, ёши каттароқ қишлоқ аёллари бирон нохушроқ гап-сўз, ғийбат топиб келган бола-бақра ёки ўзлари унчалик ёқтирмайдиган хотин-халажга “Нима, суюнчисига иштонимни ечиб берайинми?” дея заҳарханда қилишади ва ҳаттоки ростдан ҳам шундай қилишмоқчидай лозимларига қўл теккизиб кўйишади. Энди, тасаввур этайликки, саҳнада ўйнаётган раққосалар ҳам шунақа деб қолишди. Лекин ечиб берай деса ёки кўл теккизиб кўрсатай деса уларнинг иштонлари йўқ-ку. Шунда улар нима қилишади?.. Ҳа-ҳа-ҳа…

Саҳнага еттитами-саккизта оққуш чиқиб келди ва бир-бирларининг қўлларини чалиштириб ушлаганларича саф тортишиб қандайдир кўл (гўёки, чунки унинг чизилганлиги кўриниб турарди) бўйида рақс туша бошлашди.

Ана шунда… ана шунда Ибодулланинг назарида ер қимирлаётгандай бўлди ва у ваҳима аралаш ажабланио ёнига қараркан, кўзлари ўт бўлиб ёнаётган Ғанибойнинг тишлари такиллаб, бутун вужуди қалт-қалт титраётганини кўрди… Яна бир сониядан сўнг “янги ўзбек”нинг кулаб тушиши аён эди.

Буни сезишдан аввал ҳис қилган, ваҳимага тушиб қолган Ибодулла шеригининг биқинига аста туртди:
– Мазангиз бўлмаяптими, ака?

Саҳнадан кўз узолмаётган Ғани биқинига теккан қўлни беихтиёр маҳкам чангаллаб олди ва омбурдай қаттиқ қисди. Кафт суяклари синиб кетгудай бўлган Ибодулла додлаб юбормаслик учун тишини тишига босаркан, барибир:
– Им! — дейишдан ўзини тийиб туролмади.

Олдинги қаторда ўтирган аёл ўгирилиб, бармоғини лабига босган кўйи пичирлади:
– Тш-ш!..

Орқа қатордан ҳам шивирлаб дакки беришди:
– Молодие люди!.. Не шалитесь!.. Это театр!

Туйқус сесканиб кетган Ғани саҳнадан нигоҳини олди ва қаерда ўтирганини эслолмаётгандай ён-атрофга, Ибодуллага эсанкираб қаради, унинг қўлини чангалидан кўйиб юборди.
– Чиқиб… сув-пув ичиб келайлик, ака.

Ғани кескин бош чайқади, шу билан наинки ўзи қишлоқдан бошлаб келган “шаҳарлик”ни, балки бутун дунёни унутган одамдай саҳнага қадалиб, “қилт” этмай тикилиб ўтираверди. Бамисоли ҳайкал…

Алоҳа спектакл тугади. Томошабинлар ўринларидан туриб қарсак чалишди. Таъзимга чиққан балетчиларга гулдасталар тақдим этшцди. Ибодуллани ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, Ғанибой шундоқ чиройли — шубҳасиз, жуда қиммат  гулдастасини бировга топширмади, бориб саҳна четига кўйиб келди.

Ташқарига чиқишди. Ғани яна шошиб такси тўхтатди, бу сафар манзилни ҳайдовчининг қулоғига шивирлаб айтди. Унинг болаларча бу қилиғи Ибодулланинг ҳам кулгисини қистатди, ҳам жаҳлини чиқарди. Ибодулла деганлари шаҳарни билмаса экан!

Такси Ибодуллага таниш мавзедаги бир маҳалла охирроғида тўхтади, “янги ўзбек” билан келишувга кўра таксичи уларни кутиб турадиган бўлди.

Сезиларли даражада ҳаяжонланаётган, бармоқлари титрай бошлаган Ғанибой ҳовлилардан бирининг эшигини ўз калити билан очди.
– Вақтимиз зиқроқ, шунинг учун фақат зални кўрсак етади. Меҳмонхона билан ётоқхона кейинги сафарга.

Ибодулла “янги ўзбек”нинг бу гапидан ҳеч нарсани тушунмаган бўлса-да, ҳар эҳтимолга қарши бош ирғаб қўйди.

Уйда катта қурилиш кетаётганлиги ҳовлида сочилиб ётган материаллар бўлакларидан, турли чиқиндилар уюмлари, ҳавоза ва эски чўтка-пақирлардан ҳам билиниб турарди.

Ғанибой ишонч билан йўл бошлади. Улар бўёқ ва оҳак иси анқиб турган йўлак орқали кенг-мўл, айтиш мумкинки ҳаддан ташқари кенг-мўл хонага ўтишди. Ғанибой “чиқ” этказиб девордаги тугмачани босди. Шифтдаги денгиз манзараси ўртасига осилган улкан, заррин шокилали қандил порпираб ёнди… Энди буни хона ҳам деб бўлмасди. Дейлик, мўъжазроқ спорт зали. Фақат уч тараф девор ҳам яхлит кўзгу билан қопланган. Тўртинчи тарафда одам бўйи расмлар қатор осилган.

– Йигирмага ўн, — ғурур билан гапириб қолди Ғанижон. Сўнг деворда осилган расмларга ишора қилиб, бир-бир таништириб чиқа бошлади: — Бу Мари Рамберг. Буниси Анна Павлова, киносини кўрган бўлсангиз керак. Икки серияли. Бу Ольга Преображенская. Буниси Матильда Кшесинская, у ҳакда энди кино олинаяпти. Бу Агриппина Ваганова. Галина Уланова билан Майя Плисецкаяни таниган чиқарсиз. Буниси Ульяна Лопаткина… Светлана Захарова… Мария Аллаш… Сильва Софиан… Диана Вишнёва… Екатерина Васильевани билмаган одам йўқ… Буниси ўзимизнинг Бернора Қориева… Бунақа юлдузлар қараб турган залда машқ қилишнинг ўзи бўладими, ака!

Ибодулла деворда балет юлдузларининг суратлари турганлигини, бу эса машқ зали эканлигини тушунди. Аммо ким учун, нима учун? Тўғри, у нималарнидир сал-пал фаҳмлагандай эди, бироқ аниқ бир тўхтамга келишга қийналаётганди. Ҳар қалай, Ғанибойнинг театрда титраб-қақшаб ўтиришининг ўзиёқ у-бу нарсалардан шоҳидлик бераётгандай…

– Сиз, — ҳаяжонланиб гапида давом этди “янги ўзбек”, — бу уйни кўрган ягона одамсиз! Керак бўлиб қолса, тасвирлаб берасиз. Чунки мен гапиролмай қоламан… соқовга ўхшаб қоламан… Мен бу уйни… таг-туги билан бераман. Иккаламиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Шундайига. Олсин. Кейин хоҳласа яшасин, хоҳламаса ёқиб юборсин ё бировга совға қилиб юборсин! Бу унинг иши…

Жумбоқ гаплардан тоқати тоқ бўлган Ибодулла қўрсроқ оҳангда сўради:
– Кимнинг ахир?
Ғанибой худди ўзи ҳаммага маълум ой ёинки қуёш ҳақида гапираяпти-ю, бу ғалча негадир тушунмаётгандай, ҳамқишлоғига ажабланиб-меровсираб қаради. Сўнг бир оғиз:
– Кетдик, — деди.
Ибодулла тўнғиллаб кўйди:
– Умримиз йўлда ўтаркан-да…

* * *

Бу сафар такси уларни кўп қаватли уй ёнига ташлаб кетди.

Тез орада тутқаноғи тутадигандай дир-дир титраётган, оғир-оғир нафас олаётган Ғанижон дамо-дам уйга қараб кўйиб, уёқдан-буёққа бориб келаркан, ўзини чалғитиш, асабларини жиловлаб олиш учунми, тинмай гапирарди:

– …Мен бир нарсани аниқ биламан, жўра. Бир марта кўришдаёқ юрак- бағринг ўртаниб севиб қолсанг — мана шу ҳақиқий муҳаббат, қолган ҳаммаси бекор. Дунёда олти миллиард одам яшайди. Лекин юлдузинг юлдузингга тўғри келадигани биттагина. Биттагина, холос. Ўшани топсанг — бахтинг, топмасанг ўзингниям, ўзгаларниям алдаб, кун кўриб ўтиб кетаверасан бу ҳаётдан… Бир йилча бурун мен уни учратиб қолдим. Кўрдиму қотдим… Ўзиям аёлмисан аёл-да! Кийинишлари, юришлари, кулишлари… Тишлари майда, бир текис, худди гуручдай… Бадан, юз оппоқдан-оппоқ… қордай десаммикин, мармардайми… Қош ингичка қилиб терилган, киприклар узун-узун… Нозик, қаттиқроқ ушласанг узилиб тушадигандай бармоқлар… Анови… ким эди-я… ҳа, Отойи айтган-ку, “Ғояти нозуклигиндин сув била ютса бўлур” деб… Худди ўшанақа аёл… Бир қултум сув билан “лиқ” этиб ютиб юборсанг… Фақат қоп-қора кўзлари маъюс, жуда маъюс… Бир кўришдаёқ у мен учун, фақат мен учун яратилганини тушундим… У ҳам ҳаммасини сезди… Индамасдан келиб қўлтиқлаб олди. Биз шаҳарни узоқ кездик. Тасаввур қиласизми, бир оғиз гаплашмасдан кездик. Бир оғиз гаплашмасдан-а… Йўқ… – ногаҳоний хотиралар қучоғида қолган Ғанибой ширин лаззатдан инграб юборди, – йўқ, у юрмасди, сузарди… Унинг қадам ташлаши олдида бизнинг хотинларнинг лўкиллаб юрадиган туядан фарқи қолмайди… Кейин шу ерга келдик… Унинг уйига… Мана шу бир хонали каталакка… Қордай оппоқ баданидан… баданидан шундай бир нозик ис, нозик ифор келардики, бир нафас олсангиз бас, бошингиз айланиб кетади… Бундай аёл эркак кишига ҳаётида бир марта учрайди, бир марта. Бошқа дуч келмайди… Шу аёл… шу аёл… бошини кўкрагимга қўйиб ҳўнграб йиғлади, нозик билаклари билан мени қучиб йиғлади… Ёлғизлигини, оқшом театрдан қайтганида зимистон уй кўзига лаҳаддай кўринишини, чироқларни ҳам ёқмасдан муздайин пешонасини кўзгуга тираб узоқ-узоқ йиғлашларини гапириб берди… Мен ҳам қўшилиб йиғладим… Эркак бошим билан кўз ёшларимдан уялмай йиғладим… Кўз ёши юракни дарддан фориғ қилишини ана шунда билдим, ака. Шунча йил яшаб, ҳақиқий севги қанақа бўлишини ана шунда билдим, ака… Кўнгиллар қовушиши таналар қовушишидан афзалроқ эканлигига ана шунда имон келтирдим, ака… Бундай аёлга — ҳатто у сени қучиб турганида ҳам — ҳирс билан қаролмайсан, қақшаб сиғинасан, тавалло қиласан…

Мен ҳам одамман, ахир! Мен ҳам дунёга бир марта келаман. Қисқагина ҳаётимда шундайин фаришта ўз-ўзидан қаршимда пайдо бўлиб қолганлигининг ўзи яратганнинг менга чексиз инояти эмасми?..

Жиққа ёш тўлган кўзларини чирт юмиб олганча ширин хотиралар уммонида лаззатланиб-ҳузурланиб сузаётган Ғанибойга ҳайрон бўлиб қараб тургдн Ибодулла ахийри:
– Ўшани… ўшани излаб келдингизми бу ерга? — деб сўради.

Ғанибой сесканиб кўзларини очди. Сўнг, савол маънисини англади шекилли, Ибодуллага ёш болага қарагандай ажабланиб қаради:
– Э, ака, бундай аёлни излаб келмайдилар. Бундай аёлга тиз чўкиб “Буюр, одам ўлдирайинми, ўғирлик қилайинми, бутун дунёга ўт қўяйинми, айтганингни киприк қокмай адо этаман, фақат сен меники бўлсанг бас!” дейдилар…

Ниҳоят филологлиги намоён бўлаётган Ғ анига диққат билан тикилаётган Ибодулла шошиб кейинги саволини берди:
– Сиз шундай қилдингизми?
– Ҳа! — деди Ғанибой шоша-пиша. Аммо бу эътирофда ғурурдан, сурурдан кўра алам, чорасизлик кўпроқ эди. – Мен ҳаммасидан воз кечаман дедим! Бола-чақамдан, уйим-жойимдан, бойлигимдан, обрўйимдан. Эвазига ёнингда юрсам бас дедим. Мен… мен ҳатто унинг хизматкори бўлишгаям рози эдим… Лекин… лекин… — шу ерга келганда Ғанининг товуши титраб кетди: — лекин у мени рад этди!

– Нега? — беихтиёр қичқириб юборди Ибодулла. Сўнг, бирдан қаерда туришгани эсига тушиб қолдию, хижолат аралаш атрофга аланглади.

Аммо, афтидан, Ғанибой бутун дунёни унутган эди. Кўзларидан йирик- йирик ёш томчилари юмалаб тушаётган “янги ўзбек” чексиз изтироб ва ваҳима билан шивирлади:
– У мени рад этди… Кейин бир оғиз: “Савдолашманг… майдалашманг…” деди… Шунда… шунда мен нималар қилиб қўйганимни тушундим… Энди кеч эди… “Фалон ишни қиламан!” деб оғиз кўпиртирмасдан бурун аввал шу ишни қилишим керак эди… Кейин оёғига бош урсам арзирди… Хуллас, у мендан воз кечди… Унинг уйидан… орқасига ўхшатиб тепилган итдай думимни қисиб чиқиб кетдиму… Ўзиям бир кеча-кундуз қўйнимга пичоқ солиб, шу ерда пойлоқчилик қилдим… Билмайман, нега? Ахир айб ўзимда эди… У театрдан қайтаётган маҳали мени кўрди, аммо кўрмагандай ўтди-кетди… Ўшандай виқорли… Мағрур… Қўл-оёғимдан жон қочди… Тонгга қадар уй ёнида титраб-қақшаб турдим… Дераза ёнига бир неча марта келиб-кетди. Буни кўрдим… Аммо мени чақирмади. Кейин чироқни ўчирди… Саҳар палла пойи пиёда йўлга тушдим… Қишлоққа не аҳволда кириб бордим… Алаҳлаётган касалга ўхшаб қолган бўлсам керак… уйдагилар бошимда парвона… Бир ҳафта деганда ўзимга келдим… Нимадир етишмайди денг… Яшагим ҳам келмайди… Уни эсдан чиқарай дейман-у… Кўрган ошнинг куйиги ёмон бўларкан… Охири шаҳарга келиб, излай-излай иккита энг қиммат фаранг атиридан сотиб олдим. Ҳар бири юз доллардан экан. Хотинимга обориб бердим. Нархини сўраб бошимни қотирганди, “Беш минг сўмдан экан” дедим. Ниятим, яна ўша ифорни туйиш эди… Аммо… – Ғанибой алам билан дарахтни муштлади, – биттасини дарров эрга тегмаган синглисига ошириб юборибди. Бир мақтаниб кўймоқчи бўлган-да! Иккинчиси бир қўшнисига тўққиз минг сўмга пуллабди. Кечқурун борсам “Тўрт минг фойда кўрдим”, деб турибди тиржайиб… Солиб юборишимга сал қолди… Аммо… индамадим… Шу билан ҳаммаси эсимдан чиқиб кетар деб ўйлагандим… Қаёқда дейсиз… Мана бу ерим ўртанади, мана бу ерим… – Шундай дея Ғанибой кўксига шапатилади. — Шунақа пайтлари ақлдан озаётгандай бўламан, гўё тез орада ётар-турар жойим жиннихона бўладигандай… Ухлай олмайман. Кун бўйи, ярим тунга қадар атай ўлиб-тирилиб ишлайман, чарчайин дейман, кейин ўзимни тўшакка отаман… Лекин барибир ухлолмайман… “Ишқ аҳлиғадур ҳаром уйқу” *…

Ибодулла миқ этмай ўтирарди. Тўғриси, у ўзича тўпори, кўнглию миясида пул топишдан бошқа ташвиши йўқдай кўринадиган Ғанибойдан шунча гап чиқиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди…

Ҳа, инсон боласини тушуниш қийин экан. Бўлмаса бу “янги ўзбек”ка нима етишмайди… Армони бор экан-да бечоранинг…

– Шу оловни босайин дея бирон баҳона топиб шаҳарга келаман. Ҳа, ҳа, баҳона топиб. Бир нарсанинг ҳидини сезишганми, уйдагилар бу ёққа келишимга тиш-тирноғи билан қаршилик қилишади. Келишиб олишганми нима бало!.. Шунда эркак бошим билан… минг битта баҳона қидираман. Шунақа пайтлари ўзимни ўзим ёмонлар кўриб кетаман… Шу ерга келиб ўтираман… кутаман… кутаман… Гўё у бирдан пайдо бўлиб қоладигандай… “Юринг” дейдигандай… Чироғи ёниқ бўлса бир қувонаман “уйғоқ экан” деб, ўчган бўлса “Ким билан экан?” деб дарди дунёйим қоронғи бўлади… Тишларимни ғижирлатиб яроқ излайман… Гарчанд сезаман, у ёлғиз… Ёлғиз… Тонг саҳарда бўлса яна пойи пиёда қишлоққа йўл оламан…

Балет ҳақида мен ўқимаган китоб, мен кўрмаган кино қолмади-ёв… Кей- ин… Навоийни ўқидим… Театрга нега унинг номи қўйилган деб ўйладим- да… “Парим бўлса, учиб қочсам улустин то қанотим бор, Қанотим куйса учмоқдин, югурсам то ҳаётим бор…”*   Менам парим бўлишини истадим, у билан биргаликда эл-улусдан узоқ-узоқларга учиб кетишни орзуладим… Кейин негадир бу орзуни фақат ва фақат балетда чиройлироқ ифодалаб бўлади, деган ўйга бордим, буни ўзимча тасаввур ҳам қилдим… жуда-жуда яққол тасаввур қилдим… Ишонасизми, мен… мен ўқиб-ўрганиб… шу орзуйимни… балетга кўчирмоқчи бўлдим… Мен… мен либретто ёза бошладим. Йигит билан қиз бир-бирини яхши кўриб колади… Охири парлардан қанот ясаб, кўкка учиб кетишади, булутлар бағрида оққушларга айланишади… Номиям “Парим бўлса…”  Ёздим… “Йиғлаб-йиғлаб тугаттим охир”*. Ишонасизми…

Ибодулла беихтиёр бош ирғади, баайни ишонишини билдирмоқчи бўлди. Бироқ Ғанибой айни дамларда буни кўрадиган, тушунадиган аҳволда эмасди.
  – Бор йиққан-терганимни сарфлаб бояги жойни сотиб олдим-да, ўзимнинг хаёлимдаги уйни қурдиртирдим… Келса, “Парим бўлса…”ни машқ қилса… Балки ўйнаб берар… Ахир у истеъдодли… юлдуз бўлади… Лекин ўйнамасаям майли… Уй уники. Таг-туби билан… Либретто ҳам уники… буткул уники…

Мен театрнинг репертурарини, у қачон, қайси спектаклда саҳнага чиқишини ёддан биламан. Ўзим келолмасам, ишончли одамим орқали гул юбортираман. У билади… ҳаммасини билади… Лекин гулни олмайди… Саҳнада пайти атай мен томонга қарамайди… Ёмон кўнглини қолдирганман-да…

Умр, вақт деганлари учиб ўтиб бормоқда. Мен бундай яшашдан чарчадим. Мен биламан… у ҳалиям ёлғиз… ёлғиз… Мен бугун унинг пойига тиз чўкаман, “Меники бўл, мен ҳаммасидан воз кечдим!” дейман. Агар у яна рад этса… қайтиб ўрнимдан туролмасман… – у қоронғида пайпаслаб Ибодулланинг қўлини топди ва калитни тутди. — Буни бир амаллаб ўзингиз беринг. Отиб юборса, ердан олиб яна беринг. Жойни тушунтиринг… Айтинг, бу унинг учун арзимаган ҳадям… Инсоннинг бир кечалик бахти бунақанги уйлардан мингтасига арзийди денг… Айтинг, ўтинаман…

Шу маҳал машина овози эшитилди. Ғанибой бирдан гапдан тўхтади, овоз келган томонга қаради. Уй ёнига пешойнасида яшил чироқчаси ёниб турган такси машинаси келиб тўхтади.

Машинанинг орқа ўриндиғидан эркак билан аёл тушишди. Машина кетди. Эркак билан аёл қўлтиқлашиб уй томон юришди. Бу сарвиқомат, дарҳақиқат, юрмаётган, виқор ила сузиб кетаётган аёл эди. Эркак нимадир деб шивирлади, аёл хандон отиб кулди… Бу бахтиёр аёлнинг кулгуси эди..

Ибодулла ёнига қаради ва ҳаттоки қоронғуликда ҳам Ғ анибойнинг ранги бўздек оқариб кетганини кўрди…

Эркак-аёл подъезддан ичкарига киришди. Биринчи қаватдаги хонадон чироғи ёнди.

Вақт имиллаб ўтарди…
Аввал аёл дераза ёнига келди, аммо тез узоқлашди. Кейин эркак. Эркак пардани туширди. Сўнг чироқ ўчди…

Зулматдан кўз узмай турган Ибодулла ёнида кимдир хириллаётганини эшитгандай бўлди. Ичи бўм-бўш бўлиб қолган Ибодулла шу тарафга ўгирилди.
Нафас ололмаётгандай жон-жахди билан бўйнини ишқалаётган Ғанибой. Ибодулла ҳамроҳига синчиклаб назар солди ва… ажабки, унинг булутлар бағридан мўралаган тўлин ой ёруғида ялтираб кетган кўзларида ҳеч қандай маънони илғамади. Ҳеч қандай…

Худди шу лаҳзада, ўртага чўккан муздай сукунатни чил-парчин этиб ташлашга азм қилгандай туйқусдан лаблари дир-дир титраётган Ғанибой жилмайишга уриниш асносида сўзларни дона-дона қилиб, баайни овоз кучайтиргич ёнида турган каби:
– Диққат! Тошкентдан кўрсатамиз! -деди.

Ибодулла донг қотиб қолди…

* * *

Ибодулла энди титраб-қақшаганча қунишиб, бир нималарни тез-тез шивирлаётган Ғанибойнинг қўлидан тутди ва кўзларидан дувиллаб оққан алам ёшларини яшириб ҳам ўтирмасдан пойи-пиёда қишлоқ томон бошлади…

Улар қишлоққа тонгда кириб бордилар.

“Ўзбековул”да сармоядор одамни ҳамма танийди. “Янги ўзбек” Ғанибойнинг шаҳардан ақлидан озгандек, бўйнида бўйинбоғ билан қайтиб келгани ҳақидаги совуқ хабар қишлоққа яшин тезлигида тарқалди.

Орадан бир ош пишгулик фурсат ўтар-ўтмас эса қуйилиб келган саволларга жавоб тарзида бошқа миш-мишлар ҳам болалади: шўрлик Ғанибойни шаҳарга анави “шаҳарлик” Ибодулла олиб борган экан. Бунга Ғанибойнинг қайниси Азиз тирик гувоҳ экан. Ибодулланинг шаҳарда эски ўйнаши бор экан. Ибодулла уялмай-нетмай Ғанибойни шу ўйнашиникига бошлаб борибди. Аммо ўйнаш хотиннинг олдида бошқа ўйнаш эркаклар ҳам бор экан (“Қисқаси, исловатхона экан!” дейишарди янгиликни бир-бирига етказаётган ҳамқишлоқлар ишонч билан). Орада жанжал чиқади ва бечора Ғанибой ҳамқишлоғи Ибодуллани ҳимоя қиламан деб ўртага тушади. Ана шунда анави хотиннинг ўйнашлари бу икки қишлоқини роса тепкилаб ташлашади. Биттаси қалтисроқ тепиб, шўрлик “янги ўзбек”нинг миясини чайқалтириб юборади…

“Янги ўзбек”нинг хотини келиб ўз уйида муштдайгина бўлиб ўтирган Ибодуллани юмма талаб кетди… Қарғишларнинг-ку, ҳеч адоғи кўринмасди…

Буям камдай, орадан ярим соат ўтар-ўтмас қутурган шердай уйга бостириб кирган Азиз “Поччамни ўлдирибсан-ку, наҳс босган! Сенинг касринг поччамга урибди!” дея ҳеч бир қаршилик кўрсатмаган Ибодуллани уриб-тепиб, сулайтириб ташлади… Зор-зор йиғлаб Азизнинг этагига ёпишган Гуласал ҳам, чирқираб йиғлаётган уч фарзанд ҳам қутурган йигитни тўхтатиб қололмади…

* * *

Орадан ўн кунга яқин вақт ўтди.

Ғанибой туманимиз марказидаги шифохонасида “психоген амнезия” ташхиси бидан даволанмоқда. Шифокорлар унинг тузалиб кетишига умид бор дейишибди…

“Шаҳардаги кундош” ҳақидаги гап-сўзлардан чарчаган Гуласал фарзандларини олдию, ота-онасиникига кетворди.

Яккамохов бўлиб қолган Ибодулла кўп эзилди. Энди қишлоқ аҳли уни одам қаторига қўшмаслиги аниқ. Кўчага чиқса бас, ёш-қари дарров тескари қараб олади… Баъзилар атай унга эшиттириб: “Бузуқ…” ва ҳатгоки “Сенгаям аталгани бордир” деб ғўлдираб кўйишади…

Бу азобга чвдай олмаган, уйида қамалиб ўтиравериб ақлдан озгудай ҳолга тушган Ибодулла кунларнинг бирида шаҳарга қараб йўл олишдан аввал шифохонага кирди.

Ғанибой катгагина ҳовлининг бир чеккасвда, етим мусичадай қунишибгина ўтирган экан. Собиқ “янги ўзбек” Ибодуллани танимади, унинг қайта-қайта исмини айтишларини, шаҳарга буғдой сотишга бирга борганликлари тафсилотларини хижолат бўлиб эшитди, пешонасини тириштириб, нималарнидир хотирлашга роса уринса-да, эвини қилолмагач, ноиложлигини билдиргандай елка қисиб қўйиш билан кифояланди, сўнг, бу кам туйилдими, манглайига кўрсаткич бармоғида “дўқ-дўқ” этказиб уриб қўяркан, атай ўзини излаб келган меҳмонга қараб айбдорона тарзда тан олди:
– Хотира кетган, ака…

Дарди дунёси баттар қоронғи бўлган, ўзини шунча гапни деворга айтгандек ҳис қилаётган Ибодулла ўрнидан туриб, кетишга чоғланаркан, баногоҳ ниманидир эслагандай жойида тўхтади ва ҳеч нарсага умид қилмаган ҳолда:
– Парим бўлса… — деди.

Меҳмон ҳурмати учун қаддини ростлаётган жойида таққа тўхтаган Ғанининг кўзларида оний сонияга недир маъно пайдо бўлгандек туйилди-ю, аммо шу заҳоти унинг ўрнини яна хотирасизликдан хижолатпазлик ҳиссиёти эгаллади.

Дарвозадан алам билан бошини қашлаб ўтаётган Ибодулла бирдан кўрқиб кетди: унинг бармоқларига бир тутам соч илашиб чиққанди. Ибодулла шошиб яна бошини қашиди. Яна шу аҳвол…

* * *

Кеча йилтирбош Ибодулла жўрамни Фарҳод бозорида кўриб қолдим. Олиб-сотарлик қиляпти экан: Қўйлиқнинг улгуржи бозоридан тонг қоронғисида арзонга мева-чева олиб келиб, бу ерда қимматига килолаб пулларкан.

Олма уюлган пешта тагида анча гурунглашиб қолдик, биттадан пиво шишасини бўшатдик. Овулни, қариндош-уруғларни эсладик.

Суҳбат орасида Ғанибойни ҳам ёдга олдик.

Айтишига қараганда, Ибодулла ҳар ҳафта туманимиз марказидаги шифохонага бориб, собиқ “янги ўзбек”дан хабар оларкан. Унга ғазаллар ўқиб бераркан. Айниқса бир ғазални эшитган маҳали кап-катта бемор ёш болага ўхшаб пиқ-пиқ йиғлармиш… Кишини хурсанд қиладиган томони шундаки, Ибодулла охирги марта борганида бемор ўзини рисоладагидай тутибди, ҳатто хайрлашиш олдидан “Китобингизни ташлаб кетсангиз… ўзим кечалари ўқиб ўтираман”, дебди. Сўнг; китобни олгач, дарров уни қўйнига яширибди. Дарвоза ёнида эса, кўриқчилар эшитмасин дебми, вужуди дир-дир титраганча, товуши қалтираб, аранг сўрабди: “У… ёлғизми?”. Бемор ўз номи билан бемор-да: кўнгли ярим… Шу боисдан Ибодулла ҳеч иккиланмасдан “Бордим… Билдим… У ёлғиз^ дебди.

Бу гапимни эшитаётган маҳал унинг юзи фавқулодда ёришиб, кўзлари чақнаб кетди. Худо шоҳид, буни ўзим кўрдим, — деди Ибодулла мамнун бўлиб.

Дарвоқе, мутлақо туйқусдан “янги ўзбек”нинг қип-қизил йўқсил, тасарруфидаги мулкларининг асосий қисми аллақачон сотилиб кетганлигидан, қолган қисми эса гаровга қўйилганлигидан воқиф бўлган, бу кутилмаган машъум янгиликдан эс-ҳушидан айрилар даражага етган ҳамда қарғиш- лаънатлар дўли остида қандайдир “шаҳарлик ойимча”ни улкан сармояни ўғирлаб, яшириб қўйишда айблаётган хотин “Ўша бузуқнинг ўзи келиб қарасин энди, нима, бунинг пули ҳалол-у, ўзи ҳаромми!” дея тайсаллаб турганлиги боисми, Ғанибойнинг қарови анчайин ночорроқ аҳволга тушиб қолибди. Устига-устак, қўшимча дори-дармон олишга, яна баъзи бир майда-чуйда ташвишларга ҳам харажат дегандай… (Одамлар… уларни қўя турайлик. Илло, Марди бооо топиб айтганидай: “Пулинг бўлса банкада, Кўргани боришади танкада”. Лекин, айни пайтда, таассуфки, “Ақчадан йироқ — меҳрдан йироқ”. Шу боис куни кеча овулнинг эркатойи бўлиб юрган, нима қилса ярашадиган Ғани кўз очиб-юмгунча — гарчанд унинг учун энди буларнинг бир чақалик аҳамияти бўлмаса-да, — барча унвон-имтиёзларидан маҳрум этилиб, қорни тўйиб кетганидан кўнглига келган номаъқулчиликларни қилиб юрган, охир-оқибат пешонаси “тақ” этиб деворга теккан ва энди, “ўтники ўтга, сувники сувга” қабилида, бор-будидан айрилганидан сўнг еганларини қон қусиб қайтараётган шўртумшуқ бандага айланганди…) Хуллас, бир ташрифида Ибодулла шаҳарда балеринага атаб қурилган уй хусусида сўраб кўради: “Балки сотиш керакдир… ҳозир пул халақит бермасди… аксинча…” Аммо бирдан кўзларини олиб қочган Ғанибой — ҳар қанча пешонасини тириштириб ўйласа-да — нимагадир бу уйни мутлақо эслолмайди.

Шунга қарамасдан, кўнгил тубида не асл ниятлар бўлгани ноаён, Ибодулла барибир шаҳарда Ғанибой қурдирган ҳовлига борибди. Бироқ уйни эгаллаб олган, аллақачон қайта қуришга ҳам киришган “ишончли одам” ҳеч қанақанги Ғани-панини танимаслигини, ҳовли эса якка ўзига тегишли эканлигини айтиб туриб олибди, ҳаттоки ҳужжатларни ҳам кўрсатгач эса агар чақирилмаган меҳмон дарҳол ўз оёғи билан чиқиб кетмаса, милицияга кўнғироқ қилишини айтиб дўқ урибди…

Ибодулла ойда бир марта балетга тушаркан, ҳар сафар ўша балеринага гулдаста ташлаб келаркан: “Ғанибойдан деб ўйлайверсин… ’

Эҳ, тезроқ тузалиб кетса эди!..

Ибодулла бу гапни бир эмас, бир неча маротаба қандайдир ҳаяжон, тўлиқиш билан айтди. Бундай садоқатдан ўзимча хурсанд бўлиб, бу тилакка жон-дилим билан қўшилдим, кейин, бемор шифо топгач нима бўлиши билан қизикдим.

– Ғанибой ака тузалган куни Гуласални олдига олиб келаман. Ҳаммасини ўз оғзи билан гапириб беради! Ана шундан кейин хотиним ҳаммасини тушунади! Ўзи мендан кечирим сўрайди! — деб қолди бир маҳал Ибодулла энтикиб.

Ўсмоқчилаб сўрай-сўрай билиб олганим шу бўлдики, Ибодулланинг бола-чақаси ҳамон қайтмапти. Айниқса Ибодулланинг шаҳарга келиб ишлаётгани рашк оловига сепилган мойдай таъсир кўрсатибди. “Ўша… шаҳарлик ўйнаши билан қўшмозор бўлсин! Ана, олдига бориб олибди-ку!” дебди Гуласал бош эгиб келган элчиларга. Ваҳоланки…

– Қанақа ўйнаш? — алам билан қўлларини ёйди Ибодулла. — Тўрт бозорчи товуқнинг катагидай хонада ижарада турамиз, жўра. Тор жойда гўшт егандан… деб тунлари иссиқ бўлса, шу ерда ётиб қолавераман. — У ўтирган жойимизни кўрсатди. — Шаҳарга келганим… Бошқа қаергаям борардим… Кимнинг ҳам менга кўзи учиб турибди…

Жўрамни юпатган бўлдим. Ногоҳ у пиқирлаб кулиб юборди.
– Тинчликми? — ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Келганимдан бери… — куларди у ҳамон, — келганимдан бери икки марта миршаб ушлаб олди. Бир марта участкасигаям олиб борди, бармоқ изларимни олди…

Тамомила ҳайратга тушдим:
– Сени-я? Бўлиши мумкин эмас! Ахир… ахир қанчадан-қанча акахонларинг…

Бирдан жиддий тортиб қолган Ибодулла тақир бошига ишора қилди:
– Бунақа калла билан унақа акахонларни тилга олиб бўлмайди, жўра…

Ёруғ бошида қишлоққа қайтиб кетишим керак эди, шунинг учун хайрлашишга шошдим.

* * *

Аниқ эсимда бор, Ибодулла билан жума куни кечга яқин хайрлашдик.

Шанба эса…
Ғани шифохонадан хотиржамлик билан, соппа-соғ одамдай чиқади, дўкондан тузуккина уст-бош, ҳатгоки капалак нусха бўйинбоғ ҳам сотиб олади. Сўнг… шаҳарга келади, катта гулдаста харид қилади, театрга киради, дудуқланиб, титраб-қақшаб эшикбон кампирдан балеринани сўрайди.

Театрнинг барча янгиликларидан воқиф кампир унга балерина икки ҳафтадан буён суюкли ёри билан Оврупода “асал ойи’ни ўтказиб юрганлигини айтишга шошади… Баайни суюнчи сўраётгандай ўта кўтаринки кайфиятда айтади, ёш ва бахтли оиланинг театрда ўтган дабдабали тўйида иштирок этганию, маза қилиб рақс тушганига қадар гапираверади, гапираверади…

Кейинроқ айрим шоҳидларнинг гувоҳлик беришларига кўра, ранги бирдан кўмирдай қорайиб кетган Ғанибой бир муддат кампирга анграйиб қараб қолган, нимадир эътироз билдирмоқчидай бўлиб оғзини каппа-каппа очган, лекин гапиролмаган, овоз ўрнига ғайритабий хириллаш эшитилган. Сўнг, ногоҳ, томоққа тиқилиб қолган тош отилиб чиққандай ваҳшиёна тарзда ўкириб юборгану, гуп этиб қулаган…

Ўша воқеадан кейин Ғанини вилоят марказидаги руҳий хасталиклар шифохонасига ўтказиб, алоҳида хонада сақлай бошлашди.

Бир ойга етар-етмай деярли овқат емай қўйган бемор озиб-тўзиб кетди, соч-соқоли ўсиб, кўчада тентиб юрадиган уйсиз-жойсиз дайдиларга ўхшаб қолди.

Лекин… лекин одамнинг жони қаттиқ бўларкан. Айниқса у нимагадир умидвор бўлиб турганида, ниманидир илинж билан кутганида.

Хуллас… тасаввур қиласизми!.. онг-шуур кўзгуси чатнаган, хиралашган, ўргимчак тўридай ёйилиб кетган хаёлот афсунида воқеликни тўлиқ идрок қилолмай қолган Ғанибой яширин равишда, турли-туман қуш- паррандаларнинг патларидан ўзига… қанот ясайди. Қанот!

Йигирма биринчи асрнинг тўртинчи йилида яшаётган Дедалми, Икарми ярим тун, борлиқни тўлин ой сутдай ёритган, кўкда юлдузчалар жимирлаб, сирли кўз қисаётганлари маҳал ҳовлига чиқади, ўртада қад ростлаб турган улкан дарахт тепасига кўтарилади ва… қанотларини ёйганча кўкка парвоз қилади…

* * *

Шифокорларнинг хулосаларига қараганда, заранг ерга чилпарчин қулаб тушганида бўйни қайрилган, умуртқа поғонаси жиддий шикаст еган бу телбани энди алоҳида хонага жойлаштиришнинг ҳожати ҳам йўқ: у барибир ўрнидан қўзғала олмайди…

Аламзада хотин у ёқда турсин, тамомила ҳафсаласи пир бўлган Ибодулла ҳам бемордан хабар олмай қўйди…

Аммо…

Ажабки, жўрам Ибодулла шу ҳолида ҳамон ойда бир-икки марта балетга тушиб туради, “Окқуш кўли”ни-ку, асло ўтказиб юбормайди, ўша балеринага кўз-кўзлаган кўйи саҳна четига алламбало гулдаста қўйиб келишни ҳам унутмайди. Мен “Нега?” деб сўрайман, “Ғанибойдан деб ўйласин-да”, деб жавоб беради жўрам. Мен яна сўрайман: “Нега ахир?” Бу саволимга жавоб ололмайман.

Дарвоқе, яқинда Ибодулла юзини сидириб ташлаб бўлса ҳам овулимизга келди, аллақачон поччасининг “Ласетти”сига эгалик қилиб олган Азиз билан учрашди, ундан Ғанибойнинг ноутбукини сўради, “Кўчириб оладиган бир нарса бор эди, жуда зарил эди”, деди ёлвориб. Бечора Ибодуллани уриб юборгудай важоҳатда турган Азиз аввалига роса оғзи кўпириб сўкиниб олгач, компьютердаги асли поччасининг миясини айнитган, яланғоч қизлари лак- лак уятсиз кино-пино, расм-пасмларнинг ҳаммасини ўчириб ташлаганини, дастурларини ҳам янгилаганлигини, хуллас, “онадан туғилгандай яп-янги” ҳолга келган ўша матахда болалари бир муддат “уруш-уруш” ўйинлар ўйнаб юрганликларини, бироқ бир ҳафтача бурун кутилмаганда ноутбукдан ўт чиқиб, ўз-ўзидан ёниб кетганлигини айтади. “Узоқ ёнди”, дейди нобакор қайин баайни “Қўлингдан нима келади?” дегандай тиржайиб.

Дарҳақиқат, қўлидан ҳеч нарса келмаган Ибодулла яна шаҳарга қайтди.

Шундан бери ҳам жўрам ойда бир-икки марта гул кўтариб театрга боришни, афишаларга умид билан қарашни канда қилмайди денг: худди “Парим бўлса…” балетининг премьераси ўтказилиб қолинадигандай…

Шу… одамзодни тушуниш қийин экан-да ўзи…

Баёнчидан: Мен, дунёга тийрак нигоҳ билан қарашга уринаётган, ҳар бир айтилган сўзни ҳақиқат ўрнида қабул қилишдан аввал эринмасдан тишлаб, ҳидлаб, салмоқлаб кўришга ўрганаётган, ҳаттоки шулардан кейинам кўзга ташланмас илдизлари дилининг туб-тубига етиб борган аъмолларидан озиқ олаётган шубҳаларидан тамомила айро тушолмаётган ҳақир банда, жўрамнинг дил эътирофини одатимга кўра гумонсираб эшитарканман, бу ҳикоятда мантиғу ички боғланишнинг ўзаро номутаносиблигини тусмолладим. Шу боис, ўзимга ўзим минг эшитгандан бир кўрган яхши дедим-у, шаҳарга навбатдаги сафарлардан бири атай Ибодулла оғзини тўлдириб айтган “опера-балет” томошасига кирдим.

Кўнглим бир нарсаларни сезгани чин экан. Саҳнада уёқдан-буёққа чопиб юрган бўйчан, бироқ вужудлари скелетга ўхшаб қуруқ шақирлаган суякдан иборат, нечукдир дўкондаги арзон Барби қўғирчоқларини эслатадиган узуноёқ қизлару аёлларни дурбин билан кузатиб ўтира-ўтира… шўрликларга ачиндим. Илло, қаршимда ҳаёт ташвишларидан толган, кундалик турмушнинг аччиқ турткиларидан зада, балки бир замонлар кўзларида ёнган ўтлар аллақачон сўнган, бор-йўқ ниятлари зиммаларидаги бурчни, яъни мана шу ғичирлаган саҳнада сакраб-сакраб қўйишни адо этиш бўлган, упа чапланган юзлари қаримсиқ ожизалар турарди. Мен ҳатто уларнинг томошадан сўнг, парда ёпилган заҳоти муздай, зах, рутубатли хонага отилиб кирганларича эгниларидаги эскириб-титилган, игна-ип тегмаган жойи қолмаган, кир ва моғор босган, қўлтиқлари сарғайиб кетган оққуш либосларини қанчалар нафрат ва алам билан юлқиб ечаётганликларини яққол кўз олдимга келтирдим… ‘ Парим бўлса” эмиш-а! Парқанот у ёқда турсин, икки қўлтиғига иккитадан мотор ўрнатган тақдирингда ҳам булар ўзларининг бўйларидан баландроққа кўтарила олмасликлари шундайгина кўриниб турибди-ку ахир…

Қани у Ғанибой излаган, ҳаттоки топган ҳам илоҳий фаришта, бир кўрганингдаёқ тинчгина ҳаётингни остин-устун этиб юборишга қодир илоҳий қудрат соҳибаси бўлмиш сервиқор париваш, бир кечалик висоли учуноқ қолган умрингни бир лаҳза ўйлаб ўтармасдан қурбонликка келгиришга лойиқ бемисл-бетимсол, қўл етмас ҳурлиқо? Қани у?.. Нега мен кўрмаяпман?..

Одам кўпинча ўзи кўргиси келган нарсаларнигина кўради, эшитгиси келган гапларнигина эшитади. Ҳойнаҳой, пул топиб, ақл топмаган бечора Ғанибой ҳам шу кўйга тушган. Бунақанги касаллик эса юқумли бўлади: инчунун, жўрам Ибодулланинг ташхиси ҳам маълум… Демак, аслида ҳеч қанақанги балерина-палерина бўлмаган. Эшитганларим эса икки кап-катта эркакнинг сароб орзулари, алдамчи илинжлари ва… рўё измидаги тентакликлари ҳосиласи, холос. Балки улар бир хилда туш кўргандирлар-у, шуни асл воқелик деб қабул қилишгандир… Ҳойнаҳой, бу ёш билан ҳам боғланган: ўттиздан ошиб-қирққа яқинлашган бир хил эркакларда шунақанги аллатовур “хаста”лик учрашини, охири-оқибат улар ичидан ўзларини бошқаролмай қолган айрим иродасизларининг томи кетиб қолишини эшитгандим… Ҳар не бўлганда ҳам энди буни қатъий ишонч билан айта оламан: бариси бекор. Ҳаётга кўзни каттароқ очиб, ҳушёр қараш керак. Ана шунда ҳаммаси бор-борича, асли қандай бўлса шундоқлигича кўринади-ю, аллақандай бекорчи довдираш-алаҳсирашларга, телбаликларга ўрин қолмайди…

Яна… ким билсин…, биз ҳам бир бандаку?

—————-
Юлдузча билан белгиланган сатрлар Навоийдан

Манба: “Жаҳон адабиёти” жур- нали, 2014 йил 5-сон.

Машҳура ШЕРАЛИЕВА
ҲИКОЯНИ ЎҚИБ
01

09Етти-саккиз йил аввал менда психологиядан илмий иш қилиш фикри пайдо бўлиб қолди. Ҳозир шуни эсласам хижолат бўламан — чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган гап бор-ку. Менинг психологияга умуман керагим йўқ, лекин бир адабиётшунос сифатида психология, психоанализга жуда-жуда эҳтиёжим бор. Хусусан, Карл Густав Юнг назариясидаги архетиплар китобхон сифатида бирмунча маҳдудлигимни ўз-ўзимга фош қилиб қўйдики, бунинг ўзига яраша қисқача тарихи бор.

Кейинги вақтда адабий жараёндаги ҳодисаларни кузата туриб, ўзимча бир хулосага кела бошлаган эдим: бугунги кунда яратилаётган асарлар сентименталлашиб бораётгандек. Исажон Султоннинг бир қатор ҳикоялари, “Онаизорим” қиссаси, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ҳижроним мингдир менинг”, “Мен — сенсиз, сен — менсиз…”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Сабо ва Самандар”, “Узоқдаги Дилнура” асарлари ва ҳоказо.

Менинг чекланганим нимадан иборат эди? Бадиий асарни тушуниш ва таҳлил қилишда кўпроқ ўзимдаги Анимусга (аёл кишидаги “маскулинность”дан иборат архетип) таянар эканман. Адабиёт мен учун Анимусни реаллаштириш — мантиқий фикрлаш эҳтиёжини қондириш майдони экан. Юқоридаги асарларда эса, аксинча, тобора прагматиклашиб бораётган дунёмизда, совуқ ҳисоб-китобли муносабатлар шароитида қадр-қиммати пасайиб бораётган, эътибордан четда қолаётган ҳис-кечинмаларни ифода этиш эҳтиёжи бўртиб кўринади. Уларда муаллифлар воқеликни англашдан кўра, ўзининг айни воқеликда реаллашмай қолаётган қисми — Анимани (“фемининность” архетипи) ифодалаш билан қаноатланишади. Қисқаси, ушбу асарларнинг китобхони бўлолмаётганимни, бунга китобхон сифатидаги “установкам” халал бераётганини англаб қолдим.

“Парим бўлса…” ҳикоясининг муаллифи ана шу китобхонлик “установкам’’ни, юмшоқроқ айтганда, алдади. Ҳикоя давомида кимсан миллионер бой, фермер-тадбиркор Ғанибойваччанинг балеринани яхши кўриб қолиб, дарвеш-девона кепатасига тушиши одам ишонмайдиган воқеа экани икки гапнинг бирида таъкидланаверади. “Ҳойнаҳой, бу ёш билан ҳам боғланган: ўттиздан ошиб-қирққа яқинлашган бир хил эркакларда шунақанги аллатовур хасталик учрашини, охир-оқибат улар ичидан ўзларини бошқаролмай қолган айрим иродасизларининг томи кетиб қолишини эшитгандим…” Баёнчининг шарҳ-изоҳларини ўқигач, ҳикояда тасвирланган воқеани ҳатто ўз- ўзингга ҳам тушунтиришни, қаҳрамон аҳволини таҳлил қилиб, сабабларини аниқлашни ҳам истамай қоласан. Уни ўзича муҳокама қилиб, саргузаштларини ҳангомага айлантираётган ҳамқишлоқларнинг (ҳатто баёнчининг ҳам) ўта мантиқий ҳукм-хулосаси қониқтирмай қолади.

Тарки одат — амри маҳол деганларидек, барибир мантиқий изоҳ топишга уриниб кўрдим. Йигирма-ўттиз ёшнинг оралиғида эркак киши ўзини эр- как сифатида тасдиқлаб олишга кўпроқ зарурат сезаркан, у ўзидаги Анима (“фемининность” архетипи) сояда қолишидан қийналмайди ҳисоб. Аммо кейинроқ, қирқ ёш миёнасида Анимат реаллаштириш эҳтиёжи ортиб бора- веради. Одам гўё ўзини тўлақонли ҳаёт кечира олмаётгандек сезади: дунё- га келиб ҳамма нарсага эришган-у, айни чоқца энг муҳим нарсани қўлга киритолмаган ёки энг муҳимини бой бераётгандек ҳис қилаверади ўзини. Психоаналитикларнинг таъкидлашича, ўз руҳиятининг бир қисмини реал- лаштиролмай яшаётган одам шундай ҳолга тушаркан.

Аксарият кишилар ўйлаганини айтмасликка ва ёзмасликка ўрганиб қолган. Ўйламаганини айтиш ва ёзиш — бу бошқа масала. Муҳими — нима учун ўйлаганини айтолмаслиги, ёзолмаслиги. Ростдан ҳам, нима учун ўйлаганларимни, ҳеч қандай “сиёсий хатоси” бўлмаса ҳам, айтгим, ёзгим келмайди? Негаки, жамоатчилик фикри ва шахсий фикр деган гаплар бор. Ҳарҳолда, жамоатчилик фикри шахсий фикрларнинг жами ёки уларни умумлаштириб ифодаловчи фикр дегани эмас. “Парим бўлса…”ни ўқиб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилади одам.

Ҳамқишлоқлар Ғанибойваччага муносабатда, жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан, якдил — ҳеч ким уни оқламайди, маъқулламайди. Бироқ уларнинг ҳар бири Ғанибойваччанинг ҳолатини маълум даражада бошдан кечирганига, унинг аҳволини ўзича тушунишию ҳис этишига шубҳа қилмайман. Фақат Ғанибойваччани англаш уларнинг кўнглидан ташқарига чиқмайди, жамоатчилик фикрига айланмайди ёки жамоатчилик фикрига қарши ҳам қўйилмайди. Шу сабаб ҳам Ибодилланинг  Ғанибойваччага муносабати икки хил. Ибодилла аввалига ҳамма қатори ҳайратланади, энсаси қотади, кейин эса ўзи ҳам Ғанибойваччага ўхшаб қолади — унга жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан эмас, бир одам сифатида қарай бошлайди.

Инсон ташқарида бошқа бир одам, ўз ичида бошқа бир олам бўлиб яшайди. Ғанибойвачча билан Ибодилла ана шу чегарани бузади — шахсий нуқтаи назарини яширмай қўяди. Ўз навбатида, улар жамоада — ҳар бири деярли уларникига ўхшаш шахсий нуқтаи назарга эга, бироқ буни яшириб яшашга ўрганган кишилар орасида бегонага айланади (Ғанибойвачча жиннихонадан чиқмайди, Ибодилла шаҳарда ночор ҳолда яшайди). Бундан жамият ютқазмайди — жамиятнинг ҳар бир аъзоси, ҳар бир инсон ютқазади (албатта, “ҳар бир инсон” деганда, Ғанибойвачча ва Ибодилланигина назарда тутаётганим йўқ).

Муаллиф ровий орқали китобхонга акс таъсир қиладиган бир усулни қўллабди: жамоатчилик фикри нуқтаи назаридан, марҳамат, “баёнчи”нинг айтганларини муаллиф қараши деб қабул қилинг; шахсий фикр масаласига келсак, “Баёнчидан” деган аниқламанинг ўзиёқ уни муаллифдан фарқлаш кераклигига ишора қилади. Шунинг  учун ҳам ҳикоячи нутқида, айниқса, асар охиридаги “Баёнчи”дан деган қисмида атайинлик сезилади. “Баёнчи” Ғанибойвачча ва Ибодилла тутган йўлнинг мақбул эмаслигига талайгина далил келтиради, лекин бу фикрга китобхонни ишонтиролмайди, чунки ушбу далиллар орқали кимдир бошқа бировни эмас, аввало, ўз-ўзини ишонтиришга беҳуда уриняпти…

Manba: «Tafakkur» jurnali, 4/2015

06

Abduqayum YO’LDOSHEV
“PARIM BO’LSA…”
Hikoya
01

Abduqayum Yo’ldoshev 1962 yili Samarqand viloyatining Qo’shrabot tumanida tug’ilgan. Toshkent politexnika instituti (hozirgi Toshkent Davlat Texnika universisiteti)da o’qigan. “Sunbulaning ilk shanbasi”, “Timsohning ko’z yoshlari”, “Parvoz”, “Bir tun va bir umr”, “Alvido, go’zallik”, “Bankir”, “Katta o’yin” singari nasriy kitoblari chop etilgan.“Puankare” hikoyasi 2012 yilda “Jahon adabiyoti” jurnalining yillik mukofotiga munosib topildi. Ushbu asar asosida O’zbek davlat drama teatrida “Hayot formulasi” nomli spektakl` sahnalashtirilgan.

01

058 Umri kindik qoni to’kilgan ovulida o’tayotgan bo’lishiga qaramasdan Ibodulla shahar jinnisi edi. Bemalol aytish mumkinki, baliq suvda o’zini qanday emin-erkin sezsa, allaqachon “shaharlik” laqabiga ega bo’lib ulgurgan jo’ramam o’zini shaharda shunday his qilardi. Holbuki, maktabni bitirganidan so’ng u Toshkentda bor-yo’g’i bir oy yashagan, undayam abiturient bo’lib. Lekin baribir poytaxtni besh barmog’iday aniq biladi, deyishadi. Mabodo biron manzil borasida ikkilanib qolgan taqdirda ham Ibodulla uchun so’rab-surishtirib, aytilgan joyni topib borish qo’shni ovuldagi to’yga o’tib-kelishday jo’n ish.

Har gal shaharga tushish jo’ram uchun bayram edi. O’ziyam og’zining tanobi qochib, ikki -uch kunlab astoydil tayyorgarlik ko’rardi: sochlar oldirilgan, ko’ylak-shimlar yuvdirilgan, dazmollatilgan, hattoki ro’molchaga qimmatgina atirdan mo’l-ko’l sepilgan, qora moy surtilaverib-cho’tkalanaverganidan, bir parcha duxobada artilaverganidan yaltirab ketgan tuflisiga qarab bemalol soch tarasa bo’ladi… Ayniqsa poyabzal masalasida Ibodulla juda injiq edi: shaharga atab atayin olib qo’ygan tuflisini nainki o’zimizning ovuldagi, balki yon qishloqlardagi eng dabdabali to’ylariga ham kiymasdi, ta’bir joiz esa, ko’z qorachig’idek asrardi. Uning bu qilig’idan ranjiganlarga yoinki xatti-harakatini mazax qilganlarga javoban Ibodulla odatda “Sen nimani ham tushunarding, ey umri befoyda o’tib borayotgan banda” deganday achinish aralash qarab qo’ygach, o’xshatib javob berardi:
– Dushman oyoqqa qaraydi…

Darhaqiqat, shundan keyin mazkur o’ta oddiy haqiqatni unutgan holda me’yoridan ortiq tirg’ala boshlaganini sezgan har qanday gapdon hamqishloq ham jimib qolardi.

To’g’ri, ming yaxshi ko’rgani bilan, ha deb shaharga tushib kelaverishga jo’ramizning hamyoni imkoni bermasdi. Axir, o’zi fermer… xo’jaligida oddiy suvchi bo’lsa, arzimagan maoshiyu hosil yig’ilganda oladigan uch-to’rt tonna bug’doyi, biron telejka yegulik qovun-tarvuz bilan bola-chaqasini boqsinmi, shaharda yallo qilib yursinmi?

Ammo qishloqda kim ko’p – u-bu yumushi sabab poytaxtga otlanib qolganlar ko’p. Qishloq odami shaharga shunday, dabdurustdan bostirib boraverishdan iymanadi. Buning ustiga shaharda kim ko’p – hujjatingni so’raydigan, so’ng, pasportni qo’liga olgach, “Sizni to’rt kun burunam shu yerda ko’rgandayman”, deya talmovsirab turadigan mirshab ko’p. Shunday paytlari bunday odamlarning joniga Ibodullaga o’xshagan “shahar ko’rgan echki”lar ora kirishadi.

Tan olish kerak, shaharcha ozoda ust-bosh kiygan, buning ustiga ko’chadayam, metrodayam shu joylarning asl egasiday gerdayib yuradigan , yuzida o’ziga ishonch va qat’iyat aks etib turgan Ibodullani hali biron mirshab to’xtatib, hujjat so’ramagan. Ammo uning bo’ynini qisibgina, atrofga olazarak qarab, “Ishqilib uyalib qolmayin-da” degan hadikda ketayotgan hamrohlaridan birontasini militsioner to’xtatsa bas, Ibodulla ko’makka oshiqardi.

Odatda Ibodulla chest` berib o’zini tanishtirgan mirshabga ko’zlarini qisgancha mayin va hattoki, otalarcha tabassum bilan qarab turardi-da, sherigining pasportini o’zining qo’liga olib:

– Rahimxon akam yaxshi yuribdilarmi? – deb so’rardi. – Hoynahoy ishda bo’lsalar kerak, biz ularning uylariga borayotgandik. Kennoyimga kecha qo’ng’iroq qilib tayinlab qo’ygandim.

To mirshab “Rahimxon aka”ning kimligini eslab olgunga qadar Ibodulla keyingi zarbani berardi, ya’ni birdan bosh chayqardi-da:

– E, kechirasiz, – derdi astoydil afsuslanib, – Rahimxon aka vazirlikka o’tib ketdilar, a? Man u kishiniyam haliyam sizlarning boshqarmangizda deb o’ylab…

Odatda, ismlar o’zgarib turardi: ba’zan “Rahimxon”, ba’zan “Akmaljon”, ba’zan yana boshqasi…

Tabiiyki, bunday so’zamollikdan keyin ikkilanib qolgan ba’zi mirshablarning bu yo’lovchilarga oq yo’l tilishdan o’zga iloji qolmasdi. Buni taxminan ellikka-ellik deyish mumkin. Ammo sal hushyorroq yoinki tajribaliroq militsoner baribir hujjatni olar va nomiga bo’lsa ham varaqlab ko’rgandan so’nggina bularga javob berib yuborardi. To’g’ri, ba’zan umuman bunaqangi tarzda aravani quruq opqochishlar ta’sir qilmaydigan biron mirshab o’ziga samimiyat bilan qarab turgan Ibodullaga qarab ehtimolki o’sha jumlasini aytib ham qolardi: “Sizlarni to’rt kun burun ko’rgandayman… Amaldagi qonunga ko’ra shaharda uch kundan ortiq yursalaringiz…”

– To’ppa-to’g’ri, – derdi Ibodulla kiprik qoqmasdan. – To’rt kun burun kelib Rahimxon akamni (Akmaljon akamni, Rustam akamni…) ammasining to’yiga aytib ketgandik. Rahimxon akam polkovnik Asliddin akaniyam olib bordilar. Ajoyib odam ekanlar… Sizga o’xshagan qo’l-oyog’i chaqqon ukalari xizmatda bo’lishdi…

Bu qadar ochiq-oydin e’tirofdan so’ng yana tirg’alaverishga uncha-uncha mirshabning haddi sig’masligi aniq…

Bunday paytlari hayratga tushgan hamrohlar darrov Ibodulladan o’sha akaxonini qaerdan tanishini so’rab qolishadi. Ibodulla quvlik bilan ko’z qisadi va sirli tarzda:
– Shaharga quloqni tozalab kelish kerak, – deb qo’yadi…

Ustiga-ustak, Ibodulla ko’p yalintirib yoki o’zini taroziga solib o’tirmaydi. Odatda, u hamrohlikni iltimos qilib kelguvchiga uchta savol bilan murojaat etadi:

– Borishdan maqsad? Qachon qaytiladi? Mabodo o’sha kuni qaytilmasa, qaerda yotib qolinadi?

Mana shu savollariga qisqagina javob olgach, Ibodulla qoshlarini chimirgan ko’yi bir lahza jiddiy tarzda o’ylanib qolar, shundan so’ng qat’iy tarzda:

– Boramiz, – derdi.

Shu bilan ish bitdi, tamom-vassalom.

Ibodullaning soqol-mo’ylovini qirtishlab olib, sartaroshga chopqillab qolganini, kiyimlarini yuvdirib, dazmollatayotganini, arzanda tuflisini shifoner tagidagi qutisidan olib, artib-artib qo’yayotganini ko’rgan Gulasal erining yana shahar safariga tadorik ko’rayotganini bilardi-yu, biroq miq etmasdi. Zero, Ibodulla – hattoki bir kunga borib kelsa ham – shahardan allanechuk xushnudu shodon kayfiyatda, ko’zlari chaqnab, bolalariyu rafiqasini juda-juda sog’inib, entikish aralash hayajon bilan, hovliqib, ajabtovur sovg’a-salomlar bilan qaytguvchi edi. Baayni oldidan oqqan suvning qadriga endi-endi yeta boshlaganday… Bunday kunlarning kunduzlari quvonchli, kechalari esa lazzatli bo’lardi… O’zini yolg’ondan sipo, vazmin tutayotgan, ammo hayajondan vujudi dir-dir titrayotgan eri shaharga jo’nab qolsa bas, Gulasal shirin bir nimani orziqib kutayotgan go’dakdek tamshanib yo’l qaragani-qaragan edi.

Lekin xudo shohid, kimga hamrohlik qilmasin, ba’zilar orqavoratdan achitib aytganiday, kimga “gid”lik, ya’ni ekskursovodlik qilmasin, Ibodulla o’sha odamning o’ziga pul sarflashiga yo’l qo’ymasdi! O’zi kambag’al bo’lgani bilan, oriyati baland yigit edi bizning “shahar ko’rgan echki”miz Ibodulla!

Odamlar uning mana shu qilig’ini tushunolmay avval ajablanishar, so’ng hayron bo’lishar, nihoyat jahllari chiqib Ibodullani (yana orqavoratdan):

– O’zining foydasini bilmagan tentak, – deb so’kib ham qo’yishardi. Illo, shaharga borib kelishga hamroh bo’lishni iltimos qilgan har qanday banda o’sha odamning yo’l va ovqat pulini to’lashi joiz hamda lozim emasmi? Shundoq. Oddiy mantiq ham shuni talab etadi-ku. Lekin Ibodulla mantiq-pantiqni tan olmas, ko’zlarini baqraytirgancha “Nemetskiy hisob-kitob” deb turaverardi. Buni endi o’zbekchaga o’girsak “Ellikka-ellik” yoki bo’lmasa “Har kim o’ziga to’laydi” degan ajabtovur ma’nolarni anglatardi. So’ng, gapiga qat’iy amal qilgan ko’yi, avtobus yo bo’lmasa “Istana” marshrutli taksining yo’l haqini o’zi uchun to’lar, biron oshxonada ovqatlangani mahallari yarim pulini chiqarib turaverar, agar hamrohi “hoy-hoy” demasa shahardagi avtobus-trolleybusu metroda ham yo’l haqini birinchi bo’lib uzatishdan ham qaytmasdi…

Sho’rlik Ibodullaning mablag’i oshib-toshib yotgan bo’lsayam mayliydi…

Axir ko’r emasmiz, bilamiz, Ibodulla bir so’mlab pul yig’adi, o’zini, ba’zan oila a’zolarini yeyish-ichishdan siqadi, birovlarning o’tini yorib berib uch-to’rt tanga topadi, kimlarningdir tomorqasini sug’orib berib yana “nosvoy puli” ishlaydi. Va topganlarining barini tishining kavagida asraydi. Barisi, barisi shahar uchun, shahar uchun!

Shahar!

Hatto uch farzand – ikki o’g’il va bir qiz ham dadalari ba’zan xasislik qilib bermagan pul ozgina fursatdan so’ng shahardan o’zlariga ajoyib-g’aroyib sovg’a-salomlar tarzida qaytib kelishini yaxshi bilganlari uchunmi ortiqcha tixirlik qilib o’tirmaydilar. Shu boisdan ular ham mehribon otaning poytaxt safarini intiq kutadilar…

Shaharga borishi aniq bo’lib qolgan mahallari Ibodullaning ko’zlari chaqnab ketardi. Bu ko’zlarda quvonchdan ko’ra kattaroq, hayajondan ko’ra kuchliroq, entikishga nisbatan ta’sirchanroq tuyg’u yolqinlanardi.

Ha, Ibodulla shahar uchun tug’ilgan edi. Har bir shahar safari uning uchun bir dunyo shodliklar olib keladigan ezgu ayyom kabi aziz va laziz edi…

Afsuski, jo’ram qishloqda yashardi…

* * *

Bu dunyoda hamma ham omadi chopgan ishbilarmon yoki yaxshi yashashni qotirib qo’yadigan uddaburon bo’lavermaydi-ku. Odatda osmondagi oyni orzu qilmasdan, boriga qanoat qilibgina kun ko’rishni ma’qul ko’radigan odamlar atrofimizda ko’proq uchraydi: hayot qonuni bu.

Ibodulla ham shundaylar toifasidan shekilli. Har qalay, o’ttiz besh yillik umrini kamtarin-kamsuqumgina o’tkazdi, boyib ketayin, qo’limda pul o’ynasin deb o’zini o’tga-cho’qqa urmadi; illo, bunaqa ishlarni eplolmasligini o’zi ham yaxshi bilardi.

Mana, qishloq adog’ida turadigan G’aniboy. O’n yilcha burun institutning filologiya fakul`tetini tugatgan. Ammo o’zining sohasi bo’yicha bir kun ham ishlamadi. Diplomini sandiqqa tashlab qo’ygancha, tadbirkorlik bilan shug’ullandi. Avval fermer bo’ldi, keyin qo’shimchasiga biofabrika tashkil qildi. Bungayam qanoat hosil qilmay, qishloqning o’zida ikkita tegirmon qurdi, ikkita do’kon ishga tushirdi, dalasiga Rossiyaning ikkita traktorini sotib oldi. Ammo shu darajaga erishgunga qadar, bilganlarning ta’biri bilan aytganda, “eshshakday ishladi”: na o’zi dam oldi, na ishchilarini tinch qo’ydi…

Institutda olgan bilimi unchalik yodidan chiqmagan shekilli, G’ani ba’zan negadir o’zidan ko’mak yoki qarz so’rab kelganlarga qarab turib istehzoli ohangda mashhur misrani sal o’zgartirilgan shaklda o’qib qolardi:
– Men g’aniyman, sizda bisyor ehtiyoj…

Albatta, iltimoschini “g’aniy” so’zining aslida “boy, badavlat” ma’noda kelishi ham, g’azal muallifi ham qiziqtirmaydi. Uning uchun o’tinchi bajarilib qolsa bas.

Mana shu G’aniboyning ikkita laqabi bor edi. Ikkinchisi “yangi o’zbek”. Bu-ku, tushunarli, har qalay, “O’zbekovul”dan chiqqan baobro’ tadbirkor, sarmoyador. Ammo birinchi laqabi g’alati va anchayin uzun ham: “Diqqat! Toshkentdan ko’rsatamiz!..” Ha, ha, xuddi shunday. Buning qisqacha tarixi esa bundoq: Institutda o’qib yurgan yillari ta’tilga kelgan G’anining bo’lg’usi tilshunos ekanligidan, buning ustiga shig’ir-pig’ir yozib yurishidan xabar topgan rais uni atay chaqirtirib, qishloqning yozgi saroyida xo’jalik a’zolarining umumiy yig’ilishi boshlanishi haqidagi xabarni sahna ortidan ovoz kuchaytirgichda e’lon qilishni so’raydi. Matn ham soddagina bo’ladi: “Diqqat! “O’zbekovul”dan gapiramiz…” Ammo nimagadir hayajonlanib ketgan G’ani o’zini diktor O’ktam Jobirov his qiladimi, ishqilib ko’tarinki ohangda , tilini g’alati buragancha o’ta tantanavor tarzda: “Diqqat! Toshkentdan ko’rsatamiz!..” deb yuboradi.

Jon-poni chiqib ketgan rais og’zidagi nosini tuflay sola chopib parda ortiga o’tadi va “Hozir o’zingga ko’rsatib qo’yaman!” degancha sho’rlik diktorni quvib soladi…

Qiziq tomoni shunda ediki, “yangi o’zbek”ning sarmoyasi ortgan sayin shunga teskari mutanosib ravishda birinchi laqab o’z-o’zidan el-ulusning yodidan ko’tarilib ketmoqda edi: har nechuk, noqulay endi, shunday odam-a; bir zamonlar ovuldoshlariga haddi sig’ib hazillashgan bo’lsa hazillashgandir, nima, endi shugina erkaligini qirq yil doston qilib yurish shartmi… uyat bo’ladi-ya…

Qishloqda gap yotarmidi. Ayniqsa ko’pchilik nazaridagi odamning turish-turmushi sinchkov nigohlar ostida kechishi tayin. Xullas, shunday nigohlar egalari tarqatgan ayrim mish -mishlarga qaraganda, keyingi paytlari G’aniboy ancha o’zgarib qolgan. Xususan, qo’yib berishsa kun-tunning yigirma to’rt soatini oyoqda, ishda o’tkazadigan “yangi o’zbek” kutilmaganda mutolaaga zo’r berishga o’tganmish-u, endi sal fursat topsa bas, yotib olib bir nimalarni o’qigani-o’qigan emish. Bir xil paytlari qorday oppoq “Lasetti”sini ichidan qulflab olib, kitobdan bosh ko’tarmay o’tiraverarmish… Biroq bu hali hammasi emas. G’aniboy xonasiga qamalib olgancha, dalaga borsayam qo’ltig’idan qo’ymaydigan “noutbuk” komp`yuterida erinmay kino ko’rarmish. Ammo bu ham hali hammasi emas. G’aniboy… tunlari, hammadan yashirinib olib bir nimalar yozayotgan emish… Sarmoyador odamning har bir xatti-harakatidan nedir ezguliklar qidiradigan va ularni topishga ham usta ahli ovul darhol voqelikning mohiyatini ochib beradigan tashxisini e’lon qildikim , yozaversin, yozgani yaxshi-da. Mana ko’rasizlar, tez orada mazkur “ijod namunalari” – bu iborani o’zbekovulliklar ehtirom bilan tilga olishardi – alohida kitob holida chop etiladi, adadiyam biron o’n besh ming, yo’q-yo’q , ovuldagi chaqaloqlaru qariyalarniyam hisobga olgan holda o’ttiz mingni tashkil etadi. Bu hali boshlanishi. Ajabmas, keyingi kitob ovulimizda yashab o’tgan va hozirda yashayotgan mashhur zotlar hamda oddiy odamlar haqida bo’lsa … “Qazisan-qartasan, o’z kasbingga tortasan, – dedi ovulda sinchiligiyu maqollarni o’zi aytmoqchi bo’lgan fikrga moslab isloh etishi bilan nom chiqargan Mardi bobo. – G’aniboydiyam ho’kimat bejiz to’rt yil yozuv-chizuvga o’qitmagan-da…”

Kattagina ovulning u boshida o’tkazilgan to’y-ma’rakaga ba’zan bu boshidagi odam borolmasdan ham qoladi. Kamsuqumroq Ibodullaning G’aniboy bilan osh-qatiqligi yo’q edi, buning ustiga
“yangi o’zbek”ning jo’ramga o’xshaganlar qo’shilmaydigan davrasi boshqa, ulfatu oshna-og’aynisi boshqa. Mardi bobo topib aytganiday, tezak qopi bilan, ketmon sopi bilan, hamyon esa o’ziga bopi bilan.

Shungami, saraton tafti qaytgan sunbula tonglaridan birida shaxsan G’aniboyning o’zi dalaga kirib kelganida Ibodulla avvaliga uni tanimay qoldi. Xo’p, ana, uni ko’rmaganiga nari borsa yetti-sakkiz oy bo’lgandir. Odam ham shunchalik tez o’zgaradimi? Qani u avvalgi kibr aralash manmanlik, ko’zga yaqqol tashlanib turadigan darajadagi birovlarni mensimaslik, hamsuhbatiga tepadan qarashlar , qo’llarini ko’kragiga namoyishkorona chalishtirib turishlar, qaddini g’oz tutib yurishlar… Ibodullaning qarshisida ozib- to’zib, qorayib ketgan, yonoq suyaklari turtib chiqqan, keng peshonasini chuqur ajinlar tilib o’tgan, ko’zlari ich-ichiga botgan… horg’in banda turardi. Ha, butun vujudida, pir-pir uchayotgan lablarida, bilinar-bilinmas titrayotgan barmoqlarida benihoya horg’inlik “mana-man ” deya ko’zga tashlanib turgan shu banda birinchi bo’lib salom berdi va o’zi ovulda erishib ulgurgan maqomiga mutlaqo yarashmagan titroq ovozda, ahvoliga yanada mos tushmagan tarzda cho’g’day yonayotgan ko’zlarini olib qochgan ko’yi… shaharga birga borib kelishni taklif qildi.

Bunday kutilmagan tashrifdan dovdirab qolgan Ibodulla – axir, ovulning o’zida “yangi o’zbek” “yur” degan zahoti chopqillab chiqadigan necha-necha talabgor topilishi aniq! – o’zining odatdagi aniqlashtiruvchi savollarini ham aytolmadi. G’anining o’zi izoh berdi:
– Ikki mashina bug’doy obketayotgandim. Sotishga.

Bunday tijorat safari taklifi sal o’ziga kelib olgan Ibodulaning ko’ngliga o’tirishmadi.

– Men bir oddiy suvchi bo’lsam, G’ani aka, – dedi u shaharliklarga taassuban o’zidan kichik odamga ham “aka”lab murojaat etib. – Savdo-sotiqni tushunmasam…

– Menam kilolab sotib o’tirmayman. Optom beraman-qo’yaman… – yerdan bosh ko’tarmay sado berdi G’aniboy. – Menga shaharni biladigan odam kerak. Bir-ikki borar joylarim bor…

– O’ylab ko’ray, – aniq javobdan o’zini olib qochdi Ibodulla.
– Iltimos, aka… Sizga ishonib keldim…

Yopiray! Bu “yangi o’zbek”ka bir balo bo’lgani chin shekilli . “Iltimos” dedimi? Do’ppisi yerga tushib ketsa, pul berib oldiradigan odam-a?..

“Singan!..” degan o’ydan yuragi shuvillab ketgan Ibodulla vaqtdan yutishga harakat qildi:
– O’zi qachon borish kerak?
– Hozir. Ana, mashinalar ham kep qolishdi…

Darhaqiqat, yo’l boshida ikkita “KamAZ” mashinasi ko’rindi

– Bu… bu… – battar dovdirab qoldi Ibodulla. – Tayyorlanmasdan… shundayiga…
– Shaharda taksida yuramiz… Orqagayam… Iltimos…

Kimsan, G’aniboyning o’zi qarshingda qo’l qovushtirib turipti-ya, Ibodulla! Shunday odamga yo’q deb bo’ladimi?..
– Unday bo’lsa… ketdik…

Shunday qilib, G’aniboy deganlari oldinga o’tib yo’l boshladi, jo’ram unga ergashdi.

Hayotida ilk bor shaharga hech bir tayyorgarliksiz borayotgani uchunmi, Ibodullaning ko’ngli g’ash edi…

* * *

Haydovchi G’aniboyning qaynisi Aziz ekan. Mashina katta yo’lga chiqqandan u qulog’iga bir nima taqib oldiyu, yo’ldan ko’z uzmagan ko’yi, ora-sira yelkalarini uchirib qo’ygancha miq etmasdan ketaverdi.
O’xshatmaguncha uchratmas. Noutbukini ochgan G’aniboy ham qulog’iga naushnik taqayotganini ko’rgan Ibodullaning ensasi qotdi: illo, u odatda safarga chiqqanida hamrohlari bilan chaqchaqlashib, gangir-gungir hangoma qilib ketardi; shunda yo’lning uzoqligiyam bilinmay ketadi. Bular bo’lsa…

“Yo’q, bu sinmagan, – o’zicha mulohaza yurita boshladi Ibodulla. – Shunday bo’lganida allaqachon yarim qishloq bundan xabar topib ulgurardi. Lekin buni bir balo qilib aldab-suldab, katta pulga uxlatib ketishgan. Shuning alamiga kuyib ketgan…”

Hamrohining o’ziga tikilib qolganini sezdimi, klaviatura tugmachalarini oshiqib bosayotgan G’aniboy bosh ko’tarib, nimadir dedi.
– A? Uzr… eshitmay qoldim…
“Yangi o’zbek” noutbuki ekraniga ishora qildi:
– “Qora oqqush”. Ko’rganmisiz?

Ha, bu bandaga nimadir bo’lgani aniq edi. O’zi oqqushmish-u, yana qoramish… To’g’ri, Ibodulla unga o’xshab to’rt yil institut tuprog’ini yalamagan, ammo tabiatda bunaqasi uchramasligini biladi. Shunday bo’lsa-da, har ehtimolga qarshi, jim turmaslik uchunoq, azbaroyi lutf yuzasidan so’ragan bo’ldi:
– Qaysi qush?

G’aniboy bajonidil izoh berdi:
– Natali Portman o’ynagan. Keyin o’zining baletmeysteriga erga tekkan aktrisa bor-ku.

Ibodulla “piq” etib kulib yuborishdan o’zini arang tiydi, zero u ayni soniyada televizorda ko’p qo’yiladigan bir kinodagi gurjimi-armanmi odamning gaplarini eslab, o’zicha hozirgi vaziyatga moslagandi ham: “Menga qara, Valiko, kim u Natali deganlari, bu yerda nima qilib yuribdi u, pishirib qo’yibdimi unga…”

Bir amallab lab-lunjini yig’ishtirib olgan Ibodulla jiddiy tarzda bosh irg’ab qo’yishni uddaladi, go’yoki aytdi: “Kim bo’libdi u Portman-mortmanlaringiz… Kerak bo’lsa undan kattalariniyam bilamiz, aka!”

Bu unsiz e’tirofni ilg’ab, banogoh yuzi yorishib ketgan , lablari pir-pir uchish asnosida qo’llari sezilarli darajada titray boshlagan G’anijon (“Xudo haqqi, uning issig’i bor! – degan to’xtamga keldi Ibodul-la hamrohining cho’g’day yonayotgan ko’zlaridan nigohini olib qochib, ter tepchigan peshonasiga zimdan razm solarkan. – Kamida o’ttiz to’qqiz, balki qirqqayam yaqinlab qolgandir…”) komp`yuterini o’rtaga qo’ydi-da, buyuk hayajon bilan ekranga ishora qildi. Ibodulla shu tomonga qaradi. Unda yarim-yalang’och ayollaru tor ishton kiygan erkaklar uyoqdan-buyoqqa chopib yurishardi. G’aniboy sal engashib, naushnigining bir tomonini hamrohining qulog’iga qo’ygan edi, Ibodullaga endi musiqa ham eshitila boshladi.

Yuzi hamrohinining yuziga yaqinlashib qolgan G’aniboy hech bir muqaddimasiz, go’yo tasodifan uzilib qolgan suhbatini kelgan joyidan davom ettirayotganday:

– Ko’ryapsizmi?! Ko’ryapsizmi?! – dedi tuyqus bosib kelgan hissiyotlar girdobida vujudi dir-dir titragancha. – Ko’lda oqqushlar yana qizlarga aylanishdi. Mana malika. Mana… Sho’rlik qiz shahzodaga hammasini aytib beryapti. Yovuz sehrgar uni oqqushga aylantirib qo’ygan. Faqat tundagina u yana malikaga aylanadi. Jodudan butunlay xalos bo’lish uchun qizni kimdir chin ko’ngildan sevib qolishi kerak… Xuddi o’zimizning afsonalarga o’xshaydi-ya… To’g’rimi, to’g’rimi!

Bu savol emas edi, ma’lum va ayon haqiqatni tasdiqlatib olish edi, xolos. Shu bois o’ziga titrab-qaqshab qarab turgan hamrohiga bosh irg’ab qo’ygan Ibodulla yana bir bor azbaroyi og’ziga talqon solib o’tirmaslik uchunoq so’radi:

– Ishqilib oxirida… qutuladimi qiz?
– Yo’q-da! – chinqirib yubordi G’aniboy. – Yovuz sehrgar malikaning o’rniga o’zining qizini shahzodaga malika deb ko’rsatadi. Shahzoda aldanadi… Buni eshitgan Odetta halok bo’ladi, keyin Zigfrid ham…

– Kim-kim?
– Qiz bilan yigit…
– Ha, og’ir ekan… – deb qo’ydi Ibodulla.
– To’ppa-to’g’ri! To’ppa-to’g’ri! Buni ko’rish og’ir. Lekin ko’rmaslikning iloji yo’q… hech iloji yo’q…

O’zining oddiygina luqmasi bunday chuqur mulohazalarga olib kelishini kutmagan Ibodulla ortiqcha aqlli gap qilib o’tirmasdan, oddiyroq taklifga ko’cha qoldi:

– Boshqasi yo’qmi? Yengilrog’i…
– Bor, bor… – “Yangi o’zbek” shoshib klaviatura tugmachalarini bosa bosh-ladi. – Mana, “Jizel`”. Lekin buning oxiridayam aldangan qiz o’ladi-da…

Qarang, o’zingiz qarang. Bu balet tomoshasi edi.

To’g’risi, Ibodulla boshida hech nimani tushunmadi. Yigit-qizlar uyoqdan-buyoqqa o’tib sakrashadimi-yey, oyoq uchlarida yurishadimi-yey… O’zi juda yaxshi biladigan narsalar haqida tushuntirish
berishga urinayotgan G’aniboyning izohlari esa aksar holda juda qisqa, buning ustiga notanish ismlarga mo’l edi:

– Manavi Jizel`. Dehqonning qizi… Otasi yo’q, onasi bor. Onasining oti Berta… Bu shahzoda Al`ber. Ko’ryapsizmi, u dehqonga o’xshab kiyinib olyapti. Buni o’rmonchi yigit Gans kuzatib turibdi… Qizlar uzum terishyap-ti… Mana, Al`ber Jizelni ko’rib qoldi. Bir ko’rishda muhabbat!.. Qarang, yuragi kasal bo’lsayam qiz qanday o’ynayapti… Uchayapti!.. Gans rashk qilayapti…

…Nihoyat Jizel` halok bo’ldi!

Ibodulla shu bilan tomosha tugadi deb o’ylagandi. Ammo ko’zlari jiqqa yosh G’aniboy mo»jiza kutayotgan o’smir kabi entikib, hamon ekrandan ko’z uzmasdan turardi.

Baletning davomi bor ekan: qizning arvohi qabrdan chiqib keldi-da, avvaliga asta-sekin, keyin esa shiddat bilan raqs tusha ketdi… Al`ber deganlari chirpirak bo’lib unga qo’shilib ketdi-ku…

* * *

– Yetib keldik, pochcha!.. Pochcha deyapman!
Jerkibroq aytilgan bu gapdan so’ng ikkala balet tomoshabini boshlarini ko’tarishdi. Darhaqiqat, mashina bozor darvozasi yonida turardi. Ayb ish ustida qo’lga tushib qolganday xijolat tortayotgan G’aniboy shoshib kompyuterni o’chira boshladi.

Mashinani o’rab olgan yigirma-o’ttiz chog’li erkak-ayol zo’r berib bir- birlarini itarib-turtgan ko’yi vag’ir-vug’ir ko’targancha kabina tomon intilishardi.
– Dallollar, — deb ko’ydi G’ani.
– Olibsotar kanalar! — nafrat bilan tishlarini g’ijirlatdi Aziz.

Orqadan yetib kelgan ikkinchi mashina signal berdi.
Uchovlon pastga tushishdi. Ibodulla dallolu-olibsotarlar to’dasini yorib o’tib, chekkaroqqa borib turarkan, o’zicha bu G’ani bejiz “yangi o’zbek” emas, savdo sohasida katta iste’dodi bor-u, hozir shuni namoyish etadi deb taxmin qilgandi. Biroq dallollarning qo’lni omburday qisib olishiyu, yelkani uzib olguday siltashlariga chidaydigan odam asli Aziz ekan. U pinak buzmay, o’zining narxini aytib turaverdi…

Axiyri o’zaro kelishuv yuz berdi chog’i, mashinani ichkariga olib kirib ketishdi.

Oradan yarim soatlar chamasi vaqt o’tdi va terlab-pishib ketgan, yarim qop pulni qo’ltig’iga qisgan “yangi o’zbek” boshchiligidagi ikki mashina darvozadan qaytib chiqdi.

G’ani Ibodullaning oldiga bordi, yana nimadir iltimos kilmoqchiday jovdirab qaradi, ammo og’iz ochishga ulgurolmadi: qaynisi halloslab kelib qoldi.
– Qaytamizmi?

G’ani qopni Azizga uzatdi:
– Buni opangga berib qo’yarsan.

Haydovchi pochchasiga ajablanib qaradi:
– Siz qaytmaysizmi?
– Jon deb qaytardim tayyor mashinada. — G’ani ming istihola ila qafsalasiz tarzda turgan Ibodugshaga ishora qildi: — Akaning bir-ikkita ishi bor ekan. Shunga qarashib yuboring degandi.
– Rostdanmi? — allaqanday shuohalanib so’radi haydovchi go’yo u yeb, o’zi quruq qolganday Ibodulla tarafga o’krayib qarab qo’yarkan. — Ishi bo’lsa o’zi qilavermaydimi?
– Endi, uka, oldi-berdilik ish ekan. Sal qattikroq turadigan odam bo’lmasa bu kishini gel qilib ketishlari hech gap emas… Bir ovulning odami bulsak. Odamning ishi odamga tushadi-da…
– Unda… qachon qaytasizlar? — savol berishini ko’ymasdi o’jar qayin. — Opam sizni men bilan birga qaytadi degandi.
– Men jon-jon deb qaytgan bo’lardim, deb aytdim-ku, — go’yo noiloj qolgan odamday ko’llarini ikki yonga yoydi G’ani. — Lekin yordam beraman deb lafz qilib qo’ydim… Ishimiz bitganda taksida bo’lsayam qaytamiz…

O’jar qayin ikkilanib turdi-turdi, oxiri bir qarorga keldi shekilli, qo’lini siltagancha, hatgoki xayrlashmasdan ham mashinasi tomon yurdi.

Tezda ikkala mashina ham jo’nab ketdi. Ana shundan keyingina yelkasidan tog’ ag’darilganday yengil nafas olgan G’aniboy o’ziga hayron bo’lib qarab turgan Ibodullaga qarab qandaydir ayanchli tarzda ko’z qisib qo’yishga, lablari titrab iljayishga urinarkan:
– Qarang, — dedi iddao ila. — Bularning bari o’zicha xo’jayin…

Gap kimlar haqida ketayotganini tusmol qilgan bo’lsa-da, Ibodulla indamay qo’yaqoldi. Zero G’aniboyning tuhmatiga qolganidan uning dili ozor chekkan edi.
Buni sezdi shekilli, “yangi o’zbek” ko’zlarini olib qochgan ko’yi bir og’iz:
– Uzr… — dedi.

Erkak kishiga uzr so’rash oson emas. Ayniqsa G’aniboyday ot ustida yurgan odamga. “Shunday odamki shunday yo’l tutyaptimi, demak bunga arzirli biron sabab bo’lsa kerak. Qani, bu yog’ini kutaylik-chi, — degan qarorga keldi Ibodulla. — O’lmagan qul hammasini ko’raveradi…”
– Yuring.

Gap ohangida shiddan ko’ra hadik-xavotir, ishonchdan ko’ra ilinj ko’proqday tuyulayotgan G’aniboy tutqunlikdan ozod bo’lgan qush kabi ko’kragini to’ldirib nafas oldi-da, katta-katga qadam tashlagancha yo’l boshladi, Ibodulla unga ergashdi.

* * *

Aftidan, bu yerlarni G’ aniboyning o’zi juda yaxshi biladi shekilli, Ibodullani hech ikkilanmasdan… hammomga boshladi.
– Hali yuvinadigan ish qilmadingiz shekilli, — piching qildi Ibodulla sherigining “shunday kiramiz-u, chiqamiz” degan taklifiga javoban. — Qolaversa, o’lay agar, shu havoda issiq bug’da o’tirishimni o’ylasam, halitdan nafasim qaytib ketyapti.

“Shaharlik”ning ahvolini tushundimi, G’ani ko’p tiqilinch qilib o’tirmasdan, hammomga kirdi-ketdi va oradan chorak soatlar o’tgandan so’ng archilgan bodringday silliqqina bo’lib chiqib keldi: sartaroshga soch-soqolini qirtishlatishga ham ulguribdi! Eng ajablanarlisi, G’aniboy bo’yinbog’ taqib olgandiki, buni ko’rib Ibodulla bira to’la tildan qoldi.

O’zi bugun “shaharlik” ko’p ajablanishlarga duchor bo’ladigan kun chog’i, G’aniboy yo’lga chiqasola duch kelgan mashinani to’xtatdi va haydovchidan so’rab ham o’tirmasdan old o’rindiqqa joylashib olarkan, bir og’iz:
– Teatrga! — dedi.
– Qaysi biriga, aka? Shaharda teatr ko’p bo’lsa.

G’ani bu savolni bergan haydovchiga “Shuniyam bilmaysanmi?” deganday ajablanib qaradi-da, so’ng, Ibodullani battar hayratlarga solgan ko’yi:
– Opera-baletga, — deya manzilga aniqlik kiritdi.
– O’n besh ming.
– Hayda.

Ibodulla e’tiroz bildirishga urindi, tullak haydovchi bilan savdolashmoqchi bo’ldi, illo u turgan yerlaridan “opera-balet”ga ko’pi bilan to’rt ming so’mga borish mumkinligini yaxshi bilardi. Ammo to “shaharlik” og’zini ochio ulgurgunga qadar G’ani eshikni qarsillatib yopdi va mashina tez o’rnidan ko’zg’aldi.

Atrofga namozshom qorong’uligi bosib kelmoqda edi.

Ibodulla teatr yonidagi biron yemakxonaga, deylik, “ugolok”ka yo “Zarafshon”ga borarmiz, “opera-balet” shunchaki mo’ljal bo’lsa kerak, deb taxmin qilgandi. Ammo o’zini teatr yonidagi o’rindiqqa o’tqazib ko’ygan G’aniboy chopib borib kassadan ikkita chipta, yo’lning qarama-qarshi tarafidagi gul do’konidan esa chiroyli va kattakon guldasta olib kelganini ko’rgach, butunlay kalavasining uchini yo’qotib, dovdirab qoldi. Illo, shuncha yillardan beri shaharga qatnaydi, qanchadan-qancha hamqishloqlariga Toshkentni tomosha qildirdi, ammo haligacha biron mardum “Meni opera-baletga olib bor”, demagan. So’raganlari bozor, zoopark, sirk, ha, ana, juda borsa Milliy teatr. Shundayam biron “kuldiradigan tomosha” bo’lsa…

Bu yerda esa…

Aftidan, dunyoda “taom, yegulik” degan narsalar borligini tamomila unutgan, balki shungami, — ha, ha, bular madorsizlik alomati, boshqacha bo’lishi mumkin emas! -rangi sezilarli darajada oqarib, kalta-kalta nafas olayotgan, nechukdir lablari yana pir-pir ucha boshlagan, guldastani qalqon yanglig’ mahkam bag’riga bosgan “yangi o’zbek” Ibodullani teatrga boshladi.

“Oqqush ko’li” degan balet namoyish etilyapti ekan.
Tomoshabin siyrak zalga kirib, joylariga o’tirishdi.

Och, charchagan “Shaharlik”ning bir tili qichidi, bir tili qichidi; “Hali erta emasmi, aka, kuningiz endi — latifalarda milyon marta aytilganiday — yarim yalang’och qizlarni ko’rib ilhomlanishga qoldimi?” deya gap bilan sherigini o’yib olmoqchi bo’ldi, biroq… Biroq G’aniboy gap eshitadigan, ehtimol, aytilgan gapni tushunadigan ahvolda emasdi: u suratday qotib, sahnaga tikilib qolgandi, baayni zarrin naqshli, qizg’ish hoshiyali pardadagi ko’rinmas tomoshada kimningdir, balki o’zining hayot-mamot masalasi hal bo’layotganday…

Zalga viqorli, kapalaknusxa bo’yinbog’ taqqan erkaklar, anvoyi liboslaru dur-javohirlar shodasi siymin tanlarining ochiq o’rinlarini yanada ko’z-ko’zlayotgan kibrli ayolar kirib kelishdi. Zerikkan Ybodulla ularni tomosha qilib o’tardi.

Axiyri zal chiroqlari o’chdi, parda ochilib, sahna yorishdi va haqiqiy tomosha boshlandi.

Tantanali musiqadan keyin sahnaga besh-oltita yigit-qiz chopib chiqib kelib, oyokdarining uchlarida turib o’ynay boshlashdi.

Ko’z qiri oilan tomoshabinlarni kuzatib o’tirgan Ibodullaning nazarida G’ani nimadir deb shivirlaganday bo’ldi.
– A? — dedi u sal engashib, qulog’ini “yangi o’zbek”ning og’ziga yaqin olib borarkan.
– Adajio… — tashlari orasidan arang shivirladi sahnaga qarab qotib qolgan, hatto kiprik qoqmayotgan G’aniboy. — Endi… endi “pa-de-de”…

Tomoshabinlar jonlanib qolishdi, uch-to’rttasi o’z hayratini izhor etganday qarsak ham chalib yubordi. Ibodulla sahnaga qaradi: oq libosli qiz bir oyog’ining uchida tik turgancha zo’r berib joyida chir aylanardi.
– Fuete… — yana pichirladi G’anijon.

Sherigi balet atamalarini tilga olayotganini tushungan Ibodulla “dod” deb yuborishdan o’zini arang tiyarkan, ensasi qotganini yashirib ham o’tirmasdan piching qildi:
– Nima qilay shunga, suyunchi beraymi?..
Lekin G’ani hamon odamni eshitadigan ahvolda emasdi…

Asabiylashgan Ibodulla o’zini o’zi chalg’itish harakatiga tushdi va, ajabki, birdan topib, iljayib ham qo’ydi. Ko’pincha, yoshi kattaroq qishloq ayollari biron noxushroq gap-so’z, g’iybat topib kelgan bola-baqra yoki o’zlari unchalik yoqtirmaydigan xotin-xalajga “Nima, suyunchisiga ishtonimni yechib berayinmi?” deya zaharxanda qilishadi va hattoki rostdan ham shunday qilishmoqchiday lozimlariga qo’l tekkizib ko’yishadi. Endi, tasavvur etaylikki, sahnada o’ynayotgan raqqosalar ham shunaqa deb qolishdi. Lekin yechib beray desa yoki ko’l tekkizib ko’rsatay desa ularning ishtonlari yo’q-ku. Shunda ular nima qilishadi?.. Ha-ha-ha…

Sahnaga yettitami-sakkizta oqqush chiqib keldi va bir-birlarining qo’llarini chalishtirib ushlaganlaricha saf tortishib qandaydir ko’l (go’yoki, chunki uning chizilganligi ko’rinib turardi) bo’yida raqs tusha boshlashdi.

Ana shunda… ana shunda Ibodullaning nazarida yer qimirlayotganday bo’ldi va u vahima aralash ajablanio yoniga qararkan, ko’zlari o’t bo’lib yonayotgan G’aniboyning tishlari takillab, butun vujudi qalt-qalt titrayotganini ko’rdi… Yana bir soniyadan so’ng “yangi o’zbek”ning kulab tushishi ayon edi.

Buni sezishdan avval his qilgan, vahimaga tushib qolgan Ibodulla sherigining biqiniga asta turtdi:
– Mazangiz bo’lmayaptimi, aka?

Sahnadan ko’z uzolmayotgan G’ani biqiniga tekkan qo’lni beixtiyor mahkam changallab oldi va omburday qattiq qisdi. Kaft suyaklari sinib ketguday bo’lgan Ibodulla dodlab yubormaslik uchun tishini tishiga bosarkan, baribir:
– Im! — deyishdan o’zini tiyib turolmadi.

Oldingi qatorda o’tirgan ayol o’girilib, barmog’ini labiga bosgan ko’yi pichirladi:
– Tsh-sh!..

Orqa qatordan ham shivirlab dakki berishdi:
– Molodie lyudi!.. Ne shalites`!.. Eto teatr!

Tuyqus seskanib ketgan G’ani sahnadan nigohini oldi va qaerda o’tirganini eslolmayotganday yon-atrofga, Ibodullaga esankirab qaradi, uning qo’lini changalidan ko’yib yubordi.
– Chiqib… suv-puv ichib kelaylik, aka.

G’ani keskin bosh chayqadi, shu bilan nainki o’zi qishloqdan boshlab kelgan “shaharlik”ni, balki butun dunyoni unutgan odamday sahnaga qadalib, “qilt” etmay tikilib o’tiraverdi. Bamisoli haykal…

Aloha spektakl tugadi. Tomoshabinlar o’rinlaridan turib qarsak chalishdi. Ta’zimga chiqqan baletchilarga guldastalar taqdim etshtsdi. Ibodullani hayron qoldirgani shu bo’ldiki, G’aniboy shundoq chiroyli — shubhasiz, juda qimmat guldastasini birovga topshirmadi, borib sahna chetiga ko’yib keldi.

Tashqariga chiqishdi. G’ani yana shoshib taksi to’xtatdi, bu safar manzilni haydovchining qulog’iga shivirlab aytdi. Uning bolalarcha bu qilig’i Ibodullaning ham kulgisini qistatdi, ham jahlini chiqardi. Ibodulla deganlari shaharni bilmasa ekan!

Taksi Ibodullaga tanish mavzedagi bir mahalla oxirrog’ida to’xtadi, “yangi o’zbek” bilan kelishuvga ko’ra taksichi ularni kutib turadigan bo’ldi.

Sezilarli darajada hayajonlanayotgan, barmoqlari titray boshlagan G’aniboy hovlilardan birining eshigini o’z kaliti bilan ochdi.
– Vaqtimiz ziqroq, shuning uchun faqat zalni ko’rsak yetadi. Mehmonxona bilan yotoqxona keyingi safarga.

Ibodulla “yangi o’zbek”ning bu gapidan hech narsani tushunmagan bo’lsa-da, har ehtimolga qarshi bosh irg’ab qo’ydi.

Uyda katta qurilish ketayotganligi hovlida sochilib yotgan materiallar bo’laklaridan, turli chiqindilar uyumlari, havoza va eski cho’tka-paqirlardan ham bilinib turardi.

G’aniboy ishonch bilan yo’l boshladi. Ular bo’yoq va ohak isi anqib turgan yo’lak orqali keng-mo’l, aytish mumkinki haddan tashqari keng-mo’l xonaga o’tishdi. G’aniboy “chiq” etkazib devordagi tugmachani bosdi. Shiftdagi dengiz manzarasi o’rtasiga osilgan ulkan, zarrin shokilali qandil porpirab yondi… Endi buni xona ham deb bo’lmasdi. Deylik, mo»jazroq sport zali. Faqat uch taraf devor ham yaxlit ko’zgu bilan qoplangan. To’rtinchi tarafda odam bo’yi rasmlar qator osilgan.

– Yigirmaga o’n, — g’urur bilan gapirib qoldi G’anijon. So’ng devorda osilgan rasmlarga ishora qilib, bir-bir tanishtirib chiqa boshladi: — Bu Mari Ramberg. Bunisi Anna Pavlova, kinosini ko’rgan bo’lsangiz kerak. Ikki seriyali. Bu Ol`ga Preobrajenskaya. Bunisi Matil`da Kshesinskaya, u hakda endi kino olinayapti. Bu Agrippina Vaganova. Galina Ulanova bilan Mayya Plisetskayani tanigan chiqarsiz. Bunisi Ul`yana Lopatkina… Svetlana Zaxarova… Mariya Allash… Sil`va Sofian… Diana Vishnyova… Yekaterina Vasil`evani bilmagan odam yo’q… Bunisi o’zimizning Bernora Qorieva… Bunaqa yulduzlar qarab turgan zalda mashq qilishning o’zi bo’ladimi, aka!

Ibodulla devorda balet yulduzlarining suratlari turganligini, bu esa mashq zali ekanligini tushundi. Ammo kim uchun, nima uchun? To’g’ri, u nimalarnidir sal-pal fahmlaganday edi, biroq aniq bir to’xtamga kelishga qiynalayotgandi. Har qalay, G’aniboyning teatrda titrab-qaqshab o’tirishining o’ziyoq u-bu narsalardan shohidlik berayotganday…

– Siz, — hayajonlanib gapida davom etdi “yangi o’zbek”, — bu uyni ko’rgan yagona odamsiz! Kerak bo’lib qolsa, tasvirlab berasiz. Chunki men gapirolmay qolaman… soqovga o’xshab qolaman… Men bu uyni… tag-tugi bilan beraman. Ikkalamizdan boshqa hech kim bilmaydi. Shundayiga. Olsin. Keyin xohlasa yashasin, xohlamasa yoqib yuborsin yo birovga sovg’a qilib yuborsin! Bu uning ishi…

Jumboq gaplardan toqati toq bo’lgan Ibodulla qo’rsroq ohangda so’radi:
– Kimning axir?
G’aniboy xuddi o’zi hammaga ma’lum oy yoinki quyosh haqida gapirayapti-yu, bu g’alcha negadir tushunmayotganday, hamqishlog’iga ajablanib-merovsirab qaradi. So’ng bir og’iz:
– Ketdik, — dedi.
Ibodulla to’ng’illab ko’ydi:
– Umrimiz yo’lda o’tarkan-da…

* * *

Bu safar taksi ularni ko’p qavatli uy yoniga tashlab ketdi.

Tez orada tutqanog’i tutadiganday dir-dir titrayotgan, og’ir-og’ir nafas olayotgan G’anijon damo-dam uyga qarab ko’yib, uyoqdan-buyoqqa borib kelarkan, o’zini chalg’itish, asablarini jilovlab olish uchunmi, tinmay gapirardi:

– …Men bir narsani aniq bilaman, jo’ra. Bir marta ko’rishdayoq yurak- bag’ring o’rtanib sevib qolsang — mana shu haqiqiy muhabbat, qolgan hammasi bekor. Dunyoda olti milliard odam yashaydi. Lekin yulduzing yulduzingga to’g’ri keladigani bittagina. Bittagina, xolos. O’shani topsang — baxting, topmasang o’zingniyam, o’zgalarniyam aldab, kun ko’rib o’tib ketaverasan bu hayotdan… Bir yilcha burun men uni uchratib qoldim. Ko’rdimu qotdim… O’ziyam ayolmisan ayol-da! Kiyinishlari, yurishlari, kulishlari… Tishlari mayda, bir tekis, xuddi guruchday… Badan, yuz oppoqdan-oppoq… qorday desammikin, marmardaymi… Qosh ingichka qilib terilgan, kipriklar uzun-uzun… Nozik, qattiqroq ushlasang uzilib tushadiganday barmoqlar… Anovi… kim edi-ya… ha, Otoyi aytgan-ku, “G’oyati nozukligindin suv bila yutsa bo’lur” deb… Xuddi o’shanaqa ayol… Bir qultum suv bilan “liq” etib yutib yuborsang… Faqat qop-qora ko’zlari ma’yus, juda ma’yus… Bir ko’rishdayoq u men uchun, faqat men uchun yaratilganini tushundim… U ham hammasini sezdi… Indamasdan kelib qo’ltiqlab oldi. Biz shaharni uzoq kezdik. Tasavvur qilasizmi, bir og’iz gaplashmasdan kezdik. Bir og’iz gaplashmasdan-a… Yo’q… – nogahoniy xotiralar quchog’ida qolgan G’aniboy shirin lazzatdan ingrab yubordi, – yo’q, u yurmasdi, suzardi… Uning qadam tashlashi oldida bizning xotinlarning lo’killab yuradigan tuyadan farqi qolmaydi… Keyin shu yerga keldik… Uning uyiga… Mana shu bir xonali katalakka… Qorday oppoq badanidan… badanidan shunday bir nozik is, nozik ifor kelardiki, bir nafas olsangiz bas, boshingiz aylanib ketadi… Bunday ayol erkak kishiga hayotida bir marta uchraydi, bir marta. Boshqa duch kelmaydi… Shu ayol… shu ayol… boshini ko’kragimga qo’yib ho’ngrab yig’ladi, nozik bilaklari bilan meni quchib yig’ladi… Yolg’izligini, oqshom teatrdan qaytganida zimiston uy ko’ziga lahadday ko’rinishini, chiroqlarni ham yoqmasdan muzdayin peshonasini ko’zguga tirab uzoq-uzoq yig’lashlarini gapirib berdi… Men ham qo’shilib yig’ladim… Erkak boshim bilan ko’z yoshlarimdan uyalmay yig’ladim… Ko’z yoshi yurakni darddan forig’ qilishini ana shunda bildim, aka. Shuncha yil yashab, haqiqiy sevgi qanaqa bo’lishini ana shunda bildim, aka… Ko’ngillar qovushishi tanalar qovushishidan afzalroq ekanligiga ana shunda imon keltirdim, aka… Bunday ayolga — hatto u seni quchib turganida ham — hirs bilan qarolmaysan, qaqshab sig’inasan, tavallo qilasan…

Men ham odamman, axir! Men ham dunyoga bir marta kelaman. Qisqagina hayotimda shundayin farishta o’z-o’zidan qarshimda paydo bo’lib qolganligining o’zi yaratganning menga cheksiz inoyati emasmi?..

Jiqqa yosh to’lgan ko’zlarini chirt yumib olgancha shirin xotiralar ummonida lazzatlanib-huzurlanib suzayotgan G’aniboyga hayron bo’lib qarab turgdn Ibodulla axiyri:
– O’shani… o’shani izlab keldingizmi bu yerga? — deb so’radi.

G’aniboy seskanib ko’zlarini ochdi. So’ng, savol ma’nisini angladi shekilli, Ibodullaga yosh bolaga qaraganday ajablanib qaradi:
– E, aka, bunday ayolni izlab kelmaydilar. Bunday ayolga tiz cho’kib “Buyur, odam o’ldirayinmi, o’g’irlik qilayinmi, butun dunyoga o’t qo’yayinmi, aytganingni kiprik qokmay ado etaman, faqat sen meniki bo’lsang bas!” deydilar…

Nihoyat filologligi namoyon bo’layotgan G’ aniga diqqat bilan tikilayotgan Ibodulla shoshib keyingi savolini berdi:
– Siz shunday qildingizmi?
– Ha! — dedi G’aniboy shosha-pisha. Ammo bu e’tirofda g’ururdan, sururdan ko’ra alam, chorasizlik ko’proq edi. – Men hammasidan voz kechaman dedim! Bola-chaqamdan, uyim-joyimdan, boyligimdan, obro’yimdan. Evaziga yoningda yursam bas dedim. Men… men hatto uning xizmatkori bo’lishgayam rozi edim… Lekin… lekin… — shu yerga kelganda G’anining tovushi titrab ketdi: — lekin u meni rad etdi!

– Nega? — beixtiyor qichqirib yubordi Ibodulla. So’ng, birdan qaerda turishgani esiga tushib qoldiyu, xijolat aralash atrofga alangladi.

Ammo, aftidan, G’aniboy butun dunyoni unutgan edi. Ko’zlaridan yirik- yirik yosh tomchilari yumalab tushayotgan “yangi o’zbek” cheksiz iztirob va vahima bilan shivirladi:
– U meni rad etdi… Keyin bir og’iz: “Savdolashmang… maydalashmang…” dedi… Shunda… shunda men nimalar qilib qo’yganimni tushundim… Endi kech edi… “Falon ishni qilaman!” deb og’iz ko’pirtirmasdan burun avval shu ishni qilishim kerak edi… Keyin oyog’iga bosh ursam arzirdi… Xullas, u mendan voz kechdi… Uning uyidan… orqasiga o’xshatib tepilgan itday dumimni qisib chiqib ketdimu… O’ziyam bir kecha-kunduz qo’ynimga pichoq solib, shu yerda poyloqchilik qildim… Bilmayman, nega? Axir ayb o’zimda edi… U teatrdan qaytayotgan mahali meni ko’rdi, ammo ko’rmaganday o’tdi-ketdi… O’shanday viqorli… Mag’rur… Qo’l-oyog’imdan jon qochdi… Tongga qadar uy yonida titrab-qaqshab turdim… Deraza yoniga bir necha marta kelib-ketdi. Buni ko’rdim… Ammo meni chaqirmadi. Keyin chiroqni o’chirdi… Sahar palla poyi piyoda yo’lga tushdim… Qishloqqa ne ahvolda kirib bordim… Alahlayotgan kasalga o’xshab qolgan bo’lsam kerak… uydagilar boshimda parvona… Bir hafta deganda o’zimga keldim… Nimadir yetishmaydi deng… Yashagim ham kelmaydi… Uni esdan chiqaray deyman-u… Ko’rgan oshning kuyigi yomon bo’larkan… Oxiri shaharga kelib, izlay-izlay ikkita eng qimmat farang atiridan sotib oldim. Har biri yuz dollardan ekan. Xotinimga oborib berdim. Narxini so’rab boshimni qotirgandi, “Besh ming so’mdan ekan” dedim. Niyatim, yana o’sha iforni tuyish edi… Ammo… – G’aniboy alam bilan daraxtni mushtladi, – bittasini darrov erga tegmagan singlisiga oshirib yuboribdi. Bir maqtanib ko’ymoqchi bo’lgan-da! Ikkinchisi bir qo’shnisiga to’qqiz ming so’mga pullabdi. Kechqurun borsam “To’rt ming foyda ko’rdim”, deb turibdi tirjayib… Solib yuborishimga sal qoldi… Ammo… indamadim… Shu bilan hammasi esimdan chiqib ketar deb o’ylagandim… Qayoqda deysiz… Mana bu yerim o’rtanadi, mana bu yerim… – Shunday deya G’aniboy ko’ksiga shapatiladi. — Shunaqa paytlari aqldan ozayotganday bo’laman, go’yo tez orada yotar-turar joyim jinnixona bo’ladiganday… Uxlay olmayman. Kun bo’yi, yarim tunga qadar atay o’lib-tirilib ishlayman, charchayin deyman, keyin o’zimni to’shakka otaman… Lekin baribir uxlolmayman… “Ishq ahlig’adur harom uyqu” *…

Ibodulla miq etmay o’tirardi. To’g’risi, u o’zicha to’pori, ko’ngliyu miyasida pul topishdan boshqa tashvishi yo’qday ko’rinadigan G’aniboydan shuncha gap chiqishi mumkinligini xayoliga ham keltirmagandi…

Ha, inson bolasini tushunish qiyin ekan. Bo’lmasa bu “yangi o’zbek”ka nima yetishmaydi… Armoni bor ekan-da bechoraning…

– Shu olovni bosayin deya biron bahona topib shaharga kelaman. Ha, ha, bahona topib. Bir narsaning hidini sezishganmi, uydagilar bu yoqqa kelishimga tish-tirnog’i bilan qarshilik qilishadi. Kelishib olishganmi nima balo!.. Shunda erkak boshim bilan… ming bitta bahona qidiraman. Shunaqa paytlari o’zimni o’zim yomonlar ko’rib ketaman… Shu yerga kelib o’tiraman… kutaman… kutaman… Go’yo u birdan paydo bo’lib qoladiganday… “Yuring” deydiganday… Chirog’i yoniq bo’lsa bir quvonaman “uyg’oq ekan” deb, o’chgan bo’lsa “Kim bilan ekan?” deb dardi dunyoyim qorong’i bo’ladi… Tishlarimni g’ijirlatib yaroq izlayman… Garchand sezaman, u yolg’iz… Yolg’iz… Tong saharda bo’lsa yana poyi piyoda qishloqqa yo’l olaman…

Balet haqida men o’qimagan kitob, men ko’rmagan kino qolmadi-yov… Key- in… Navoiyni o’qidim… Teatrga nega uning nomi qo’yilgan deb o’yladim- da… “Parim bo’lsa, uchib qochsam ulustin to qanotim bor, Qanotim kuysa uchmoqdin, yugursam to hayotim bor…”* Menam parim bo’lishini istadim, u bilan birgalikda el-ulusdan uzoq-uzoqlarga uchib ketishni orzuladim… Keyin negadir bu orzuni faqat va faqat baletda chiroyliroq ifodalab bo’ladi, degan o’yga bordim, buni o’zimcha tasavvur ham qildim… juda-juda yaqqol tasavvur qildim… Ishonasizmi, men… men o’qib-o’rganib… shu orzuyimni… baletga ko’chirmoqchi bo’ldim… Men… men libretto yoza boshladim. Yigit bilan qiz bir-birini yaxshi ko’rib koladi… Oxiri parlardan qanot yasab, ko’kka uchib ketishadi, bulutlar bag’rida oqqushlarga aylanishadi… Nomiyam “Parim bo’lsa…” Yozdim… “Yig’lab-yig’lab tugattim oxir”*. Ishonasizmi…

Ibodulla beixtiyor bosh irg’adi, baayni ishonishini bildirmoqchi bo’ldi. Biroq G’aniboy ayni damlarda buni ko’radigan, tushunadigan ahvolda emasdi.
– Bor yiqqan-terganimni sarflab boyagi joyni sotib oldim-da, o’zimning xayolimdagi uyni qurdirtirdim… Kelsa, “Parim bo’lsa…”ni mashq qilsa… Balki o’ynab berar… Axir u iste’dodli… yulduz bo’ladi… Lekin o’ynamasayam mayli… Uy uniki. Tag-tubi bilan… Libretto ham uniki… butkul uniki…

Men teatrning reperturarini, u qachon, qaysi spektaklda sahnaga chiqishini yoddan bilaman. O’zim kelolmasam, ishonchli odamim orqali gul yubortiraman. U biladi… hammasini biladi… Lekin gulni olmaydi… Sahnada payti atay men tomonga qaramaydi… Yomon ko’nglini qoldirganman-da…

Umr, vaqt deganlari uchib o’tib bormoqda. Men bunday yashashdan charchadim. Men bilaman… u haliyam yolg’iz… yolg’iz… Men bugun uning poyiga tiz cho’kaman, “Meniki bo’l, men hammasidan voz
kechdim!” deyman. Agar u yana rad etsa… qaytib o’rnimdan turolmasman… – u qorong’ida paypaslab Ibodullaning qo’lini topdi va kalitni tutdi. — Buni bir amallab o’zingiz bering. Otib yuborsa, yerdan olib yana bering. Joyni tushuntiring… Ayting, bu uning uchun arzimagan hadyam… Insonning bir kechalik baxti bunaqangi uylardan mingtasiga arziydi deng… Ayting, o’tinaman…

Shu mahal mashina ovozi eshitildi. G’aniboy birdan gapdan to’xtadi, ovoz kelgan tomonga qaradi. Uy yoniga peshoynasida yashil chiroqchasi yonib turgan taksi mashinasi kelib to’xtadi.

Mashinaning orqa o’rindig’idan erkak bilan ayol tushishdi. Mashina ketdi. Erkak bilan ayol qo’ltiqlashib uy tomon yurishdi. Bu sarviqomat, darhaqiqat, yurmayotgan, viqor ila suzib ketayotgan
ayol edi. Erkak nimadir deb shivirladi, ayol xandon otib kuldi… Bu baxtiyor ayolning kulgusi edi..

Ibodulla yoniga qaradi va hattoki qorong’ulikda ham G’ aniboyning rangi bo’zdek oqarib ketganini ko’rdi…

Erkak-ayol pod’ezddan ichkariga kirishdi. Birinchi qavatdagi xonadon chirog’i yondi.

Vaqt imillab o’tardi…
Avval ayol deraza yoniga keldi, ammo tez uzoqlashdi. Keyin erkak. Erkak pardani tushirdi. So’ng chiroq o’chdi…

Zulmatdan ko’z uzmay turgan Ibodulla yonida kimdir xirillayotganini eshitganday bo’ldi. Ichi bo’m-bo’sh bo’lib qolgan Ibodulla shu tarafga o’girildi.
Nafas ololmayotganday jon-jaxdi bilan bo’ynini ishqalayotgan G’aniboy. Ibodulla hamrohiga sinchiklab nazar soldi va… ajabki, uning bulutlar bag’ridan mo’ralagan to’lin oy yorug’ida yaltirab ketgan ko’zlarida hech qanday ma’noni ilg’amadi. Hech qanday…

Xuddi shu lahzada, o’rtaga cho’kkan muzday sukunatni chil-parchin etib tashlashga azm qilganday tuyqusdan lablari dir-dir titrayotgan G’aniboy jilmayishga urinish asnosida so’zlarni dona-dona qilib, baayni ovoz kuchaytirgich yonida turgan kabi:
– Diqqat! Toshkentdan ko’rsatamiz! -dedi.

Ibodulla dong qotib qoldi…

* * *

Ibodulla endi titrab-qaqshagancha qunishib, bir nimalarni tez-tez shivirlayotgan G’aniboyning qo’lidan tutdi va ko’zlaridan duvillab oqqan alam yoshlarini yashirib ham o’tirmasdan poyi-piyoda qishloq tomon boshladi…

Ular qishloqqa tongda kirib bordilar.

“O’zbekovul”da sarmoyador odamni hamma taniydi. “Yangi o’zbek” G’aniboyning shahardan aqlidan ozgandek, bo’ynida bo’yinbog’ bilan qaytib kelgani haqidagi sovuq xabar qishloqqa yashin tezligida tarqaldi.

Oradan bir osh pishgulik fursat o’tar-o’tmas esa quyilib kelgan savollarga javob tarzida boshqa mish-mishlar ham bolaladi: sho’rlik G’aniboyni shaharga anavi “shaharlik” Ibodulla olib borgan ekan. Bunga G’aniboyning qaynisi Aziz tirik guvoh ekan. Ibodullaning shaharda eski o’ynashi bor ekan. Ibodulla uyalmay-netmay G’aniboyni shu o’ynashinikiga boshlab boribdi. Ammo o’ynash xotinning oldida boshqa o’ynash erkaklar ham bor ekan (“Qisqasi, islovatxona ekan!” deyishardi yangilikni bir-biriga yetkazayotgan hamqishloqlar ishonch bilan). Orada janjal chiqadi va bechora G’aniboy hamqishlog’i Ibodullani himoya qilaman deb o’rtaga tushadi. Ana shunda anavi xotinning o’ynashlari bu ikki qishloqini rosa tepkilab tashlashadi. Bittasi qaltisroq tepib, sho’rlik “yangi o’zbek”ning miyasini chayqaltirib yuboradi…

“Yangi o’zbek”ning xotini kelib o’z uyida mushtdaygina bo’lib o’tirgan Ibodullani yumma talab ketdi… Qarg’ishlarning-ku, hech adog’i ko’rinmasdi…

Buyam kamday, oradan yarim soat o’tar-o’tmas quturgan sherday uyga bostirib kirgan Aziz “Pochchamni o’ldiribsan-ku, nahs bosgan! Sening kasring pochchamga uribdi!” deya hech bir qarshilik ko’rsatmagan Ibodullani urib-tepib, sulaytirib tashladi… Zor-zor yig’lab Azizning etagiga yopishgan Gulasal ham, chirqirab yig’layotgan uch farzand ham quturgan yigitni to’xtatib qololmadi…

* * *

Oradan o’n kunga yaqin vaqt o’tdi.

G’aniboy tumanimiz markazidagi shifoxonasida “psixogen amneziya” tashxisi bidan davolanmoqda. Shifokorlar uning tuzalib ketishiga umid bor deyishibdi…

“Shahardagi kundosh” haqidagi gap-so’zlardan charchagan Gulasal farzandlarini oldiyu, ota-onasinikiga ketvordi.

Yakkamoxov bo’lib qolgan Ibodulla ko’p ezildi. Endi qishloq ahli uni odam qatoriga qo’shmasligi aniq. Ko’chaga chiqsa bas, yosh-qari darrov teskari qarab oladi… Ba’zilar atay unga eshittirib: “Buzuq…” va hatgoki “Sengayam atalgani bordir” deb g’o’ldirab ko’yishadi…

Bu azobga chvday olmagan, uyida qamalib o’tiraverib aqldan ozguday holga tushgan Ibodulla kunlarning birida shaharga qarab yo’l olishdan avval shifoxonaga kirdi.

G’aniboy katgagina hovlining bir chekkasvda, yetim musichaday qunishibgina o’tirgan ekan. Sobiq “yangi o’zbek” Ibodullani tanimadi, uning qayta-qayta ismini aytishlarini, shaharga bug’doy sotishga birga borganliklari tafsilotlarini xijolat bo’lib eshitdi, peshonasini tirishtirib, nimalarnidir xotirlashga rosa urinsa-da, evini qilolmagach, noilojligini bildirganday yelka qisib qo’yish bilan kifoyalandi, so’ng, bu kam tuyildimi, manglayiga ko’rsatkich barmog’ida “do’q-do’q” etkazib urib qo’yarkan, atay o’zini izlab kelgan mehmonga qarab aybdorona tarzda tan oldi:
– Xotira ketgan, aka…

Dardi dunyosi battar qorong’i bo’lgan, o’zini shuncha gapni devorga aytgandek his qilayotgan Ibodulla o’rnidan turib, ketishga chog’lanarkan, banogoh nimanidir eslaganday joyida to’xtadi va hech narsaga umid qilmagan holda:
– Parim bo’lsa… — dedi.

Mehmon hurmati uchun qaddini rostlayotgan joyida taqqa to’xtagan G’anining ko’zlarida oniy soniyaga nedir ma’no paydo bo’lgandek tuyildi-yu, ammo shu zahoti uning o’rnini yana xotirasizlikdan xijolatpazlik hissiyoti egalladi.

Darvozadan alam bilan boshini qashlab o’tayotgan Ibodulla birdan ko’rqib ketdi: uning barmoqlariga bir tutam soch ilashib chiqqandi. Ibodulla shoshib yana boshini qashidi. Yana shu ahvol…

* * *

Kecha yiltirbosh Ibodulla jo’ramni Farhod bozorida ko’rib qoldim. Olib-sotarlik qilyapti ekan: Qo’yliqning ulgurji bozoridan tong qorong’isida arzonga meva-cheva olib kelib, bu yerda qimmatiga kilolab pullarkan.

Olma uyulgan peshta tagida ancha gurunglashib qoldik, bittadan pivo shishasini bo’shatdik. Ovulni, qarindosh-urug’larni esladik.

Suhbat orasida G’aniboyni ham yodga oldik.

Aytishiga qaraganda, Ibodulla har hafta tumanimiz markazidagi shifoxonaga borib, sobiq “yangi o’zbek”dan xabar olarkan. Unga g’azallar o’qib berarkan. Ayniqsa bir g’azalni eshitgan mahali kap-katta bemor yosh bolaga o’xshab piq-piq yig’larmish… Kishini xursand qiladigan tomoni shundaki, Ibodulla oxirgi marta borganida bemor o’zini risoladagiday tutibdi, hatto xayrlashish oldidan “Kitobingizni tashlab ketsangiz… o’zim kechalari o’qib o’tiraman”, debdi. So’ng; kitobni olgach, darrov uni qo’yniga yashiribdi. Darvoza yonida esa, ko’riqchilar eshitmasin debmi, vujudi dir-dir titragancha, tovushi qaltirab, arang so’rabdi: “U… yolg’izmi?”. Bemor o’z nomi bilan bemor-da: ko’ngli yarim… Shu boisdan Ibodulla hech ikkilanmasdan “Bordim… Bildim… U yolg’iz^ debdi.

Bu gapimni eshitayotgan mahal uning yuzi favqulodda yorishib, ko’zlari chaqnab ketdi. Xudo shohid, buni o’zim ko’rdim, — dedi Ibodulla mamnun bo’lib.

Darvoqe, mutlaqo tuyqusdan “yangi o’zbek”ning qip-qizil yo’qsil, tasarrufidagi mulklarining asosiy qismi allaqachon sotilib ketganligidan, qolgan qismi esa garovga qo’yilganligidan voqif bo’lgan, bu kutilmagan mash’um yangilikdan es-hushidan ayrilar darajaga yetgan hamda qarg’ish- la’natlar do’li ostida qandaydir “shaharlik oyimcha”ni ulkan sarmoyani o’g’irlab, yashirib qo’yishda ayblayotgan xotin “O’sha buzuqning o’zi kelib qarasin endi, nima, buning puli halol-u, o’zi harommi!” deya taysallab turganligi boismi, G’aniboyning qarovi anchayin nochorroq ahvolga tushib qolibdi. Ustiga-ustak, qo’shimcha dori-darmon olishga, yana ba’zi bir mayda-chuyda tashvishlarga ham xarajat deganday… (Odamlar… ularni qo’ya turaylik. Illo, Mardi booo topib aytganiday: “Puling bo’lsa bankada, Ko’rgani borishadi tankada”. Lekin, ayni paytda, taassufki, “Aqchadan yiroq — mehrdan yiroq”. Shu bois kuni kecha ovulning erkatoyi bo’lib yurgan, nima qilsa yarashadigan G’ani ko’z ochib-yumguncha — garchand uning uchun endi bularning bir chaqalik ahamiyati bo’lmasa-da, — barcha unvon-imtiyozlaridan mahrum etilib, qorni to’yib ketganidan ko’ngliga kelgan noma’qulchiliklarni qilib yurgan, oxir-oqibat peshonasi “taq” etib devorga tekkan va endi, “o’tniki o’tga, suvniki suvga” qabilida, bor-budidan ayrilganidan so’ng yeganlarini qon qusib qaytarayotgan sho’rtumshuq bandaga aylangandi…) Xullas, bir tashrifida Ibodulla shaharda balerinaga atab qurilgan uy xususida so’rab ko’radi: “Balki sotish kerakdir… hozir pul xalaqit bermasdi… aksincha…” Ammo birdan ko’zlarini olib qochgan G’aniboy — har qancha peshonasini tirishtirib o’ylasa-da — nimagadir bu uyni mutlaqo eslolmaydi.

Shunga qaramasdan, ko’ngil tubida ne asl niyatlar bo’lgani noayon, Ibodulla baribir shaharda G’aniboy qurdirgan hovliga boribdi. Biroq uyni egallab olgan, allaqachon qayta qurishga ham kirishgan “ishonchli odam” hech qanaqangi G’ani-panini tanimasligini, hovli esa yakka o’ziga tegishli ekanligini aytib turib olibdi, hattoki hujjatlarni ham ko’rsatgach esa agar chaqirilmagan mehmon darhol o’z oyog’i bilan chiqib ketmasa, militsiyaga ko’ng’iroq qilishini aytib do’q uribdi…

Ibodulla oyda bir marta baletga tusharkan, har safar o’sha balerinaga guldasta tashlab kelarkan: “G’aniboydan deb o’ylayversin… ’

Eh, tezroq tuzalib ketsa edi!..

Ibodulla bu gapni bir emas, bir necha marotaba qandaydir hayajon, to’liqish bilan aytdi. Bunday sadoqatdan o’zimcha xursand bo’lib, bu tilakka jon-dilim bilan qo’shildim, keyin, bemor shifo topgach nima bo’lishi bilan qizikdim.

– G’aniboy aka tuzalgan kuni Gulasalni oldiga olib kelaman. Hammasini o’z og’zi bilan gapirib beradi! Ana shundan keyin xotinim hammasini tushunadi! O’zi mendan kechirim so’raydi! — deb qoldi bir mahal Ibodulla entikib.

O’smoqchilab so’ray-so’ray bilib olganim shu bo’ldiki, Ibodullaning bola-chaqasi hamon qaytmapti. Ayniqsa Ibodullaning shaharga kelib ishlayotgani rashk oloviga sepilgan moyday ta’sir ko’rsatibdi. “O’sha… shaharlik o’ynashi bilan qo’shmozor bo’lsin! Ana, oldiga borib olibdi-ku!” debdi Gulasal bosh egib kelgan elchilarga. Vaholanki…

– Qanaqa o’ynash? — alam bilan qo’llarini yoydi Ibodulla. — To’rt bozorchi tovuqning katagiday xonada ijarada turamiz, jo’ra. Tor joyda go’sht yegandan… deb tunlari issiq bo’lsa, shu yerda yotib qolaveraman. — U o’tirgan joyimizni ko’rsatdi. — Shaharga kelganim… Boshqa qaergayam borardim… Kimning ham menga ko’zi uchib turibdi…

Jo’ramni yupatgan bo’ldim. Nogoh u piqirlab kulib yubordi.
– Tinchlikmi? — hayron bo’lib so’radim.
– Kelganimdan beri… — kulardi u hamon, — kelganimdan beri ikki marta mirshab ushlab oldi. Bir marta uchastkasigayam olib bordi, barmoq izlarimni oldi…

Tamomila hayratga tushdim:
– Seni-ya? Bo’lishi mumkin emas! Axir… axir qanchadan-qancha akaxonlaring…

Birdan jiddiy tortib qolgan Ibodulla taqir boshiga ishora qildi:
– Bunaqa kalla bilan unaqa akaxonlarni tilga olib bo’lmaydi, jo’ra…

Yorug’ boshida qishloqqa qaytib ketishim kerak edi, shuning uchun xayrlashishga shoshdim.

* * *

Aniq esimda bor, Ibodulla bilan juma kuni kechga yaqin xayrlashdik.

Shanba esa…
G’ani shifoxonadan xotirjamlik bilan, soppa-sog’ odamday chiqadi, do’kondan tuzukkina ust-bosh, hatgoki kapalak nusxa bo’yinbog’ ham sotib oladi. So’ng… shaharga keladi, katta guldasta xarid qiladi, teatrga kiradi, duduqlanib, titrab-qaqshab eshikbon kampirdan balerinani so’raydi.

Teatrning barcha yangiliklaridan voqif kampir unga balerina ikki haftadan buyon suyukli yori bilan Ovrupoda “asal oyi’ni o’tkazib yurganligini aytishga shoshadi… Baayni suyunchi so’rayotganday o’ta ko’tarinki kayfiyatda aytadi, yosh va baxtli oilaning teatrda o’tgan dabdabali to’yida ishtirok etganiyu, maza qilib raqs tushganiga qadar gapiraveradi, gapiraveradi…

Keyinroq ayrim shohidlarning guvohlik berishlariga ko’ra, rangi birdan ko’mirday qorayib ketgan G’aniboy bir muddat kampirga angrayib qarab qolgan, nimadir e’tiroz bildirmoqchiday bo’lib og’zini kappa-kappa ochgan, lekin gapirolmagan, ovoz o’rniga g’ayritabiy xirillash eshitilgan. So’ng, nogoh, tomoqqa tiqilib qolgan tosh otilib chiqqanday vahshiyona tarzda o’kirib yuborganu, gup etib qulagan…

O’sha voqeadan keyin G’anini viloyat markazidagi ruhiy xastaliklar shifoxonasiga o’tkazib, alohida xonada saqlay boshlashdi.

Bir oyga yetar-yetmay deyarli ovqat yemay qo’ygan bemor ozib-to’zib ketdi, soch-soqoli o’sib, ko’chada tentib yuradigan uysiz-joysiz daydilarga o’xshab qoldi.

Lekin… lekin odamning joni qattiq bo’larkan. Ayniqsa u nimagadir umidvor bo’lib turganida, nimanidir ilinj bilan kutganida.

Xullas… tasavvur qilasizmi!.. ong-shuur ko’zgusi chatnagan, xiralashgan, o’rgimchak to’riday yoyilib ketgan xayolot afsunida voqelikni to’liq idrok qilolmay qolgan G’aniboy yashirin ravishda, turli-tuman qush- parrandalarning patlaridan o’ziga… qanot yasaydi. Qanot!

Yigirma birinchi asrning to’rtinchi yilida yashayotgan Dedalmi, Ikarmi yarim tun, borliqni to’lin oy sutday yoritgan, ko’kda yulduzchalar jimirlab, sirli ko’z qisayotganlari mahal hovliga chiqadi, o’rtada qad rostlab turgan ulkan daraxt tepasiga ko’tariladi va… qanotlarini yoygancha ko’kka parvoz qiladi…

* * *

Shifokorlarning xulosalariga qaraganda, zarang yerga chilparchin qulab tushganida bo’yni qayrilgan, umurtqa pog’onasi jiddiy shikast yegan bu telbani endi alohida xonaga joylashtirishning hojati ham yo’q: u baribir o’rnidan qo’zg’ala olmaydi…

Alamzada xotin u yoqda tursin, tamomila hafsalasi pir bo’lgan Ibodulla ham bemordan xabar olmay qo’ydi…

Ammo…

Ajabki, jo’ram Ibodulla shu holida hamon oyda bir-ikki marta baletga tushib turadi, “Okqush ko’li”ni-ku, aslo o’tkazib yubormaydi, o’sha balerinaga ko’z-ko’zlagan ko’yi sahna chetiga allambalo guldasta qo’yib kelishni ham unutmaydi. Men “Nega?” deb so’rayman, “G’aniboydan deb o’ylasin-da”, deb javob beradi jo’ram. Men yana so’rayman: “Nega axir?” Bu savolimga javob ololmayman.

Darvoqe, yaqinda Ibodulla yuzini sidirib tashlab bo’lsa ham ovulimizga keldi, allaqachon pochchasining “Lasetti”siga egalik qilib olgan Aziz bilan uchrashdi, undan G’aniboyning noutbukini so’radi, “Ko’chirib oladigan bir narsa bor edi, juda zaril edi”, dedi yolvorib. Bechora Ibodullani urib yuborguday vajohatda turgan Aziz avvaliga rosa og’zi ko’pirib so’kinib olgach, komp`yuterdagi asli pochchasining miyasini aynitgan, yalang’och qizlari lak- lak uyatsiz kino-pino, rasm-pasmlarning hammasini o’chirib tashlaganini, dasturlarini ham yangilaganligini, xullas, “onadan tug’ilganday yap-yangi” holga kelgan o’sha mataxda bolalari bir muddat “urush-urush” o’yinlar o’ynab yurganliklarini, biroq bir haftacha burun kutilmaganda noutbukdan o’t chiqib, o’z-o’zidan yonib ketganligini aytadi. “Uzoq yondi”, deydi nobakor qayin baayni “Qo’lingdan nima keladi?” deganday tirjayib.

Darhaqiqat, qo’lidan hech narsa kelmagan Ibodulla yana shaharga qaytdi.

Shundan beri ham jo’ram oyda bir-ikki marta gul ko’tarib teatrga borishni, afishalarga umid bilan qarashni kanda qilmaydi deng: xuddi “Parim bo’lsa…” baletining prem`erasi o’tkazilib qolinadiganday…

Shu… odamzodni tushunish qiyin ekan-da o’zi…

Bayonchidan: Men, dunyoga tiyrak nigoh bilan qarashga urinayotgan, har bir aytilgan so’zni haqiqat o’rnida qabul qilishdan avval erinmasdan tishlab, hidlab, salmoqlab ko’rishga o’rganayotgan, hattoki shulardan keyinam ko’zga tashlanmas ildizlari dilining tub-tubiga yetib borgan a’mollaridan oziq olayotgan shubhalaridan tamomila ayro tusholmayotgan haqir banda, jo’ramning dil e’tirofini odatimga ko’ra gumonsirab eshitarkanman, bu hikoyatda mantig’u ichki bog’lanishning o’zaro nomutanosibligini tusmolladim. Shu bois, o’zimga o’zim ming eshitgandan bir ko’rgan yaxshi dedim-u, shaharga navbatdagi safarlardan biri atay Ibodulla og’zini to’ldirib aytgan “opera-balet” tomoshasiga kirdim.

Ko’nglim bir narsalarni sezgani chin ekan. Sahnada uyoqdan-buyoqqa chopib yurgan bo’ychan, biroq vujudlari skeletga o’xshab quruq shaqirlagan suyakdan iborat, nechukdir do’kondagi arzon Barbi
qo’g’irchoqlarini eslatadigan uzunoyoq qizlaru ayollarni durbin bilan kuzatib o’tira-o’tira… sho’rliklarga achindim. Illo, qarshimda hayot tashvishlaridan tolgan, kundalik turmushning achchiq turtkilaridan zada, balki bir zamonlar ko’zlarida yongan o’tlar allaqachon so’ngan, bor-yo’q niyatlari zimmalaridagi burchni, ya’ni mana shu g’ichirlagan sahnada sakrab-sakrab qo’yishni ado etish bo’lgan, upa chaplangan yuzlari qarimsiq ojizalar turardi. Men hatto ularning tomoshadan so’ng, parda yopilgan zahoti muzday, zax, rutubatli xonaga otilib kirganlaricha egnilaridagi eskirib-titilgan, igna-ip tegmagan joyi qolmagan, kir va mog’or bosgan, qo’ltiqlari sarg’ayib ketgan oqqush liboslarini qanchalar nafrat va alam bilan yulqib yechayotganliklarini yaqqol ko’z oldimga keltirdim… ‘ Parim bo’lsa” emish-a! Parqanot u yoqda tursin, ikki qo’ltig’iga ikkitadan motor o’rnatgan taqdiringda ham bular o’zlarining bo’ylaridan balandroqqa ko’tarila olmasliklari shundaygina ko’rinib turibdi-ku axir…

Qani u G’aniboy izlagan, hattoki topgan ham ilohiy farishta, bir ko’rganingdayoq tinchgina hayotingni ostin-ustun etib yuborishga qodir ilohiy qudrat sohibasi bo’lmish serviqor parivash, bir kechalik visoli uchunoq qolgan umringni bir lahza o’ylab o’tarmasdan qurbonlikka kelgirishga loyiq bemisl-betimsol, qo’l yetmas hurliqo? Qani u?.. Nega men ko’rmayapman?..

Odam ko’pincha o’zi ko’rgisi kelgan narsalarnigina ko’radi, eshitgisi kelgan gaplarnigina eshitadi. Hoynahoy, pul topib, aql topmagan bechora G’aniboy ham shu ko’yga tushgan. Bunaqangi kasallik esa yuqumli bo’ladi: inchunun, jo’ram Ibodullaning tashxisi ham ma’lum… Demak, aslida hech qanaqangi balerina-palerina bo’lmagan. Eshitganlarim esa ikki kap-katta erkakning sarob orzulari, aldamchi ilinjlari va… ro’yo izmidagi tentakliklari hosilasi, xolos. Balki ular bir xilda tush ko’rgandirlar-u, shuni asl voqelik deb qabul qilishgandir… Hoynahoy, bu yosh bilan ham bog’langan: o’ttizdan oshib-qirqqa yaqinlashgan bir xil erkaklarda shunaqangi allatovur “xasta”lik uchrashini, oxiri-oqibat ular ichidan o’zlarini boshqarolmay qolgan ayrim irodasizlarining tomi ketib qolishini eshitgandim… Har ne bo’lganda ham endi buni qat’iy ishonch bilan ayta olaman: barisi bekor. Hayotga ko’zni kattaroq ochib, hushyor qarash kerak. Ana shunda hammasi bor-boricha, asli qanday bo’lsa shundoqligicha ko’rinadi-yu, allaqanday bekorchi dovdirash-alahsirashlarga, telbaliklarga o’rin qolmaydi…

Yana… kim bilsin…, biz ham bir bandaku?

—————-
Yulduzcha bilan belgilangan satrlar Navoiydan

Manba: “Jahon adabiyoti” jur- nali, 2014 yil 5-son.

Mashhura SHERALIEVA
HIKOYANI O’QIB…
01

045Yetti-sakkiz yil avval menda psixologiyadan ilmiy ish qilish fikri paydo bo’lib qoldi. Hozir shuni eslasam xijolat bo’laman — chumchuq so’ysa ham qassob so’ysin, degan gap bor-ku. Mening psixologiyaga umuman keragim yo’q, lekin bir adabiyotshunos sifatida psixologiya, psixoanalizga juda-juda ehtiyojim bor. Xususan, Karl Gustav Yung nazariyasidagi arxetiplar kitobxon sifatida birmuncha mahdudligimni o’z-o’zimga fosh qilib qo’ydiki, buning o’ziga yarasha qisqacha tarixi bor.

Keyingi vaqtda adabiy jarayondagi hodisalarni kuzata turib, o’zimcha bir xulosaga kela boshlagan edim: bugungi kunda yaratilayotgan asarlar sentimentallashib borayotgandek. Isajon Sultonning bir qator hikoyalari, “Onaizorim” qissasi, Xurshid Do’stmuhammadning “Hijronim mingdir mening”, “Men — sensiz, sen — mensiz…”, Ulug’bek Hamdamning “Sabo va Samandar”, “Uzoqdagi Dilnura” asarlari va hokazo.

Mening cheklanganim nimadan iborat edi? Badiiy asarni tushunish va tahlil qilishda ko’proq o’zimdagi Animusga (ayol kishidagi “maskulinnost`”dan iborat arxetip) tayanar ekanman. Adabiyot men uchun Animusni reallashtirish — mantiqiy fikrlash ehtiyojini qondirish maydoni ekan. Yuqoridagi asarlarda esa, aksincha, tobora pragmatiklashib borayotgan dunyomizda, sovuq hisob-kitobli munosabatlar sharoitida qadr-qimmati pasayib borayotgan, e’tibordan chetda qolayotgan his-kechinmalarni ifoda etish ehtiyoji bo’rtib ko’rinadi. Ularda mualliflar voqelikni anglashdan ko’ra, o’zining ayni voqelikda reallashmay qolayotgan qismi — Animani (“femininnost`” arxetipi) ifodalash bilan qanoatlanishadi. Qisqasi, ushbu asarlarning kitobxoni bo’lolmayotganimni, bunga kitobxon sifatidagi “ustanovkam” xalal berayotganini anglab qoldim.

“Parim bo’lsa…” hikoyasining muallifi ana shu kitobxonlik “ustanovkam’’ni, yumshoqroq aytganda, aldadi. Hikoya davomida kimsan millioner boy, fermer-tadbirkor G’aniboyvachchaning balerinani yaxshi ko’rib qolib, darvesh-devona kepatasiga tushishi odam ishonmaydigan voqea ekani ikki gapning birida ta’kidlanaveradi. “Hoynahoy, bu yosh bilan ham bog’langan: o’ttizdan oshib-qirqqa yaqinlashgan bir xil erkaklarda shunaqangi allatovur xastalik uchrashini, oxir-oqibat ular ichidan o’zlarini boshqarolmay qolgan ayrim irodasizlarining tomi ketib qolishini eshitgandim…” Bayonchining sharh-izohlarini o’qigach, hikoyada tasvirlangan voqeani hatto o’z- o’zingga ham tushuntirishni, qahramon ahvolini tahlil qilib, sabablarini aniqlashni ham istamay qolasan. Uni o’zicha muhokama qilib, sarguzashtlarini hangomaga aylantirayotgan hamqishloqlarning (hatto bayonchining ham) o’ta mantiqiy hukm-xulosasi qoniqtirmay qoladi.

Tarki odat — amri mahol deganlaridek, baribir mantiqiy izoh topishga urinib ko’rdim. Yigirma-o’ttiz yoshning oralig’ida erkak kishi o’zini er- kak sifatida tasdiqlab olishga ko’proq zarurat sezarkan, u o’zidagi Anima (“femininnost`” arxetipi) soyada qolishidan qiynalmaydi hisob. Ammo keyinroq, qirq yosh miyonasida Animat reallashtirish ehtiyoji ortib bora- veradi. Odam go’yo o’zini to’laqonli hayot kechira olmayotgandek sezadi: dunyo- ga kelib hamma narsaga erishgan-u, ayni choqtsa eng muhim narsani qo’lga kiritolmagan yoki eng muhimini boy berayotgandek his qilaveradi o’zini. Psixoanalitiklarning ta’kidlashicha, o’z ruhiyatining bir qismini real- lashtirolmay yashayotgan odam shunday holga tusharkan.

Aksariyat kishilar o’ylaganini aytmaslikka va yozmaslikka o’rganib qolgan. O’ylamaganini aytish va yozish — bu boshqa masala. Muhimi — nima uchun o’ylaganini aytolmasligi, yozolmasligi. Rostdan ham, nima uchun o’ylaganlarimni, hech qanday “siyosiy xatosi” bo’lmasa ham, aytgim, yozgim kelmaydi? Negaki, jamoatchilik fikri va shaxsiy fikr degan gaplar bor. Harholda, jamoatchilik fikri shaxsiy fikrlarning jami yoki ularni umumlashtirib ifodalovchi fikr degani emas. “Parim bo’lsa…”ni o’qib, bunga yana bir bor ishonch hosil qiladi odam.

Hamqishloqlar G’aniboyvachchaga munosabatda, jamoatchilik fikri nuqtai nazaridan, yakdil — hech kim uni oqlamaydi, ma’qullamaydi. Biroq ularning har biri G’aniboyvachchaning holatini ma’lum darajada boshdan kechirganiga, uning ahvolini o’zicha tushunishiyu his etishiga shubha qilmayman. Faqat G’aniboyvachchani anglash ularning ko’nglidan tashqariga chiqmaydi, jamoatchilik fikriga aylanmaydi yoki jamoatchilik fikriga qarshi ham qo’yilmaydi. Shu sabab ham Ibodillaning G’aniboyvachchaga munosabati ikki xil. Ibodilla avvaliga hamma qatori hayratlanadi, ensasi qotadi, keyin esa o’zi ham G’aniboyvachchaga o’xshab qoladi — unga jamoatchilik fikri nuqtai nazaridan emas, bir odam sifatida qaray boshlaydi.

Inson tashqarida boshqa bir odam, o’z ichida boshqa bir olam bo’lib yashaydi. G’aniboyvachcha bilan Ibodilla ana shu chegarani buzadi — shaxsiy nuqtai nazarini yashirmay qo’yadi. O’z navbatida, ular jamoada — har biri deyarli ularnikiga o’xshash shaxsiy nuqtai nazarga ega, biroq buni yashirib yashashga o’rgangan kishilar orasida begonaga aylanadi (G’aniboyvachcha jinnixonadan chiqmaydi, Ibodilla shaharda nochor holda yashaydi). Bundan jamiyat yutqazmaydi — jamiyatning har bir a’zosi, har bir inson yutqazadi (albatta, “har bir inson” deganda, G’aniboyvachcha va Ibodillanigina nazarda tutayotganim yo’q).

Muallif roviy orqali kitobxonga aks ta’sir qiladigan bir usulni qo’llabdi: jamoatchilik fikri nuqtai nazaridan, marhamat, “bayonchi”ning aytganlarini muallif qarashi deb qabul qiling; shaxsiy fikr masalasiga kelsak, “Bayonchidan” degan aniqlamaning o’ziyoq uni muallifdan farqlash kerakligiga ishora qiladi. Shuning uchun ham hikoyachi nutqida, ayniqsa, asar oxiridagi “Bayonchi”dan degan qismida atayinlik seziladi. “Bayonchi” G’aniboyvachcha va Ibodilla tutgan yo’lning maqbul emasligiga talaygina dalil keltiradi, lekin bu fikrga kitobxonni ishontirolmaydi, chunki ushbu dalillar orqali kimdir boshqa birovni emas, avvalo, o’z-o’zini ishontirishga behuda urinyapti…

Manba: «Tafakkur» jurnali, 4/2015

06

(Tashriflar: umumiy 1 657, bugungi 1)

4 izoh

  1. А.Йўлдош ғайрат билан ижод қилаётган яхши адибларимиздан. «Парим бўлса» ҳикояси эса Абдуқаюм Йўлдошнинг охирги йилларда ёзган энг яхши ҳикояларидан биридир. Менга «Пуанкаре» ва «Мубтало»дан ҳам кўра шу ҳикоя ёқди. Тўғри, асар воқеалари ўқувчида қарама-қарши таассурот уйғотади. Ўқир экансиз, «Шунақа бўлиши мумкинми-мумкин эмасми?», деб ўйлаб қоласиз.Лекин шуниси аниқки, Абдуқаюм Йўлдош қаҳрамонлари оддий одамлар эмас.Улар қайси бир касб вакили бўлмасин, романтиклиги билан бошқалардан ажралиб туради. Ижодкорнинг ўзига хослиги ҳам шунда. Асар қаҳрамонининг балерина аёлни севиб қолиши мантиққа зид туюлиши ҳам мумкин. Лекин ҳаётда шунақа одамлар ҳам бор-ку. Ўша камёб тойифани қаламга олиб, адабиётимизга олиб кирганлиги ёзувчининг ютуғи эмасми?

  2. Гулноз опа, «Ёзувчи билан баҳс» деган жойи мақола муаллифига тегишли эмас. Шу жойи ташлаб ўқилса, бошқа хулоса чиқади.

  3. «Ёзувчи билан баҳс» ўрнига нейтраль «Ҳикояни ўқиб» дейишни маъқул кўрдик. Зеро,матнда ёзувчи билан баҳс йўқ, балки бу ҳикоядан туғилган таасссуротлар бор

  4. Машҳура опа, мен шунчаки Абдуқаюм Йўлдошнинг «Парим бўлса» сидан олган таассуротларимни ёздим, холос.Ўзи Абдуқаюм аканинг қаҳрамонлари бошқа адибларга ўхшамайди. ( Ва шу жиҳати билан ўқувчига ёқади.)Улар қандайдир ҳавойироқ. Ҳатто энг ожизлари ҳам одамларни нимадандир қутқаришни, кимнингдир дардига малҳам бўлишни хоҳлайди. (Худди Достоевскийнинг Княз Мишкинига ўхшаб) Мен зинҳор «Жавондаги жавоҳир» рукнидаги фикрларингизга эътироз билдирмоқчи эмасман. Фикрларингизни ўқиш мен учун қизиқ.(Айни пайтда бу асар ҳақида менинг ҳам ўз фикрим бор) Сиз замондош адиблар ижоди ҳақида ўзига хос фикр юритадиган ёш олимлардансиз. (Раҳматли Аҳмад Аъзам ҳақида ёзганларингизни мароқ билан ўқиганман)Ишларингизда омад ёр бўлсин.

Izoh qoldiring