Vadud Mahmud. Ikki maqola: Yaxshi emas & Maorifimiz, nashriyotimiz

045   Ҳар миллат ўзини буюк кишилари билан исбот қиладир. Ҳозирги вақтимизда фахр қилатурғон кишиларимиз йўқ экан, бир оз тарихимиздагиси билан мақтанайлик. Бу мақтаниш бўш бир нарса бўлиб қолмас. Ўшал буюк кишиларни етишдирган ўлка ҳозир ҳам бор. (Баҳодир Каримнинг «Вадуд Маҳмуд ҳақида сўз» мақоласини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Вадуд Маҳмуд
ИККИ МАҚОЛА
056

ЯХШИ ЭМАС

Бу кунларда ҳукумат доираларида муассасаларни марказлаштириш фикри қўзғолгандир.

Бу жуда яхши фикрдир. Албатта, ҳукумат идораларининг бир ерда бўлиши ҳам шул идораларнинг ишларининг тартибли боришига сабаб бўлур, ҳам мурожаатчиларга осон бўлур. Бу фикрни биз ҳам олқишлаймиз.

Маълумки, ҳозир Туркистоннинг ҳар ерида маориф ишларига жиддий кўз билан қаралиб турилибдир; ҳатто марказ маориф комиссиялиги муаллимларни таъмин этмакни биринчи ишдан санаб бу жиҳатда жиддий ташаббус қилмоқдадир.

Бу ҳаракатлар Туркистонда маориф ишларининг зарур ва муҳимлигига далолат қиладир.

Биз ҳам, албатта, бир умумий фикрга қўшилмоғимиз ва шу йўл билан бормоғимиз керакдир.

Самарқанд вилоятида маориф ишларини яхши йўлга қўймоққа қанча тиришилса ҳам, кўриниб турибдирким, муваффақ бўла олмаймиз; ҳатто ҳозир ҳам очиқ айта олмаймизким, битта ҳам тузук мактабимиз йўқдир. Бу йўлда бизнинг ҳам кўб ишлар қилмоғимиз керак бўладир.

Бутун Самарқанд вилоятида биргина кўзимизга кўринадирган мактабимиз бирдан-бир билим юртимиздирким, унинг ҳоли ҳам газета ўқиғувчиларга очиқдир. Шу мактабни ҳам нима бўлса ҳам бир оз тузатмоқ учун қанча ғайратлар сарф қилинса ҳам истаганимизча муваффақ бўла олмаймиз.

Эшитганимизга кўра ҳукумат идораларини марказлаштириш учун шу билим юртининг биноси муносиб кўрилмишдир, ўткан йил шу ойларда тамом сўнган ва битган эди. Бунинг бу ҳолга тушишига сабаблар бор эди. Муаллимсизлик, идоранинг оузуқлиғи, моддий жиҳатнинг торлиғи ва бошқалар. Ўтган ёз билим юрти талабалари буткул тарқалғондилар, фақат 10—20 бола қолғон эди.

Қўлидан иш келатурган талабаларининг ҳар бири ўз иши орқасидан кетдиким, шу йил қанча тиришсак ҳам кўбини келтура олмадиқ.
Ҳозир юз элликка яқин билим юрти талабаси бор ва мактаб қошида татбиқот мактаби ҳам қурулдиким, 50 дан ошиқ бола ўқийдир.

Биз шундай умид этамизким, бу йил бир оз маънавий ва моддий жиҳатдан тузатганимизнинг натижаси бўлиб келаси йил бу мактаб ҳақиқатан бир билим юрти ва ибтидоий мактаби бир намуна мактаб бўлар деб. Бу ичги тараф.

Халқимизнинг маориф ишларига қараш рағбатига келсак, шуни айтиб ўтмоқ керакким, ҳар бир ерлик мусулмон ва маорифпарварнинг мактабнинг маориф деганда кўзига кўринатургани бирдан-бир шу билим юртидур. Ушбу билан севинадур, фахр қиладур.

Инқилобнинг фойдаси бўлиб, унинг қўлига тушган бир ғанимат деб шу бинони кўрсатадир ва шу муассасани биладир. Бу бинони ҳукумат идоралари учун олмоқ мана шу жиҳатдан маориф ишларининг боришига бирдан бир зарардир. Бизнинг Самарқандда бирдан-бир илмий муассасамиз шудир, бунга зарба бермак яхши эмасдир. Сўнгра шуниси ҳам маълум бўлғайким, бу бино фақат мактаб учун ясалғондир, бунда идораларни жойлаш нотўғридир.

Шу беш йил ичида бу бинони олмоқ учун кўб маротабалар ташаббуслар бўлди, фақат ишга ошмади. Биз умид этар эдикким, халқнинг руҳи ва маориф ишларининг бориши билан ҳисобланиб, шу сира ҳам шу масала ишга ошмасун ва шу бино бир илмий муассаса бўлиб билим юрти учун қолдирилсун. Бу мактабни ҳақиқатан бир илмий муассаса ҳолига қўймоқ учун ғайрат ўрнига, буни бузмакка тиришмак айб бўлса керак.

Бир ишни тузатмоққа тиришайлик, ўртоқлар, бузмакка эмас. Шуни эсдан чиқармайлик.

Манба: «Зарафшон» газетасининг 1923 йил 12 апрел сони.

МАОРИФИМИЗ, НАШРИЁТИМИЗ
(Масковдан мактуб)

Инқилоб тўлқунининг мудҳиш зарбалари билинарлик даражада секинлашган шу замонда ишлар ўз табииий йўлига кирган кабидир. Шу қаторда табиий ўлароқ мактаб ва талабалик жараёни ҳам асосий чизиқларға туша бошлади. Энди битта-яримта тузуккина мактаблар кўринмакда, турли шаҳарларда жиддий ўқуш толиблари давом этмакдадир.

Самарқанд вилоят билим юрти эшитганимизга кўра бу йил кенгайтирилиб, уч юзга яқин талаба қабул қилиб, тўққиз йиллик бир иш мактаби қурулмоқчи ва ҳоказо.

Мактаб ҳаётининг энг муҳим нуқтаси бўлғоп илмий тарафи ҳам бултургиларга қарағонда оз-моз жонланмоқда ва баъзи ташаббускор маорифчиларнинг ҳаракатлари соясида ташқаридан муаллимлар кетурмақда ва уларнинг таъмини учун тиришилмоқдадир.

Буларнинг устига Қофқозёга ва ички Русияга талабалар ҳар йилгидан кўбрак юборилмоқда, ҳатто Бакуда Самарқанд вилояти ўқуғувчиларининг таъмини учун ўттиз кишилик ётоқхона тузулмакдадир. Бу сўнгги воқеа Туркистоннинг ўқуғувчи ҳаёти йўлида жуда катта қадам саналиши мумкин. Чунки барчаси маълумки, Туркистоннинг ўзида бошланғич мактабларимиз бўлса-да, бу кунги олий таҳсил кўриш орзусида бўлғон ёшларнинг эҳтиёжини қоплаб олатурғон мактабларимиз йўқ. Бунинг учун бирдан-бир чора, табиий, хорижга талабалар юборишдир.

Масковда Туркистон ҳукумати таъминоти билан яшайтурғон ўқуғувчилар бўлса ҳам, ҳалигача Қофқозё учун йўқ. Кўб ташаббуслар бўлғон бўлса ҳам, маатаассуф, натижасиз қолғон эди. Бу кунги Самарқанд вилояти талабалари учун тузилган ётоқхона камбағал талабаларнинг бир оз роҳатда ўкушға давом этишларини таъмин қила олса жуда катта хизмат қилғон бўлур. Бу ўрунлик қилинғон ҳаракатни жуда олқишламоқ керақдир. Бундан бошқа Туркистоннинг бошқа шаҳарларида қачонлар бошланғич янги мактаб бинолари қуриш ҳаракати кечрак бўлса ҳам, бошланғич каби кўринадир. Самарқандда авқоф шўъбасининг ва маориф бюросининг ташаббуслари диққатга шоёндир. Қизлар маорифи ҳам бу йил ўтганлардан кўра жиддийлашгандир. Ёздаги курсдан истифода этган хотин-қизлар борлиғи кўриладир. Бу йил эса қизлар мактабининг ададини ортдирмоқ ҳаракати кўриладир.

Юқоридағи сатрларни ўқуғонлар албатта сезадирларким, маориф ишлари тўғрисида ҳалигача ёзилғон нарсаларга қарағонда бу кунгиси бошқачароқдир.

Ҳалигача биз у керак, бу керак деб эдик. Бугун эса қилғон ишларимизнинг натижасини кўриш билан қувонамиз. Албатта, бу ишларга фаолият билан киришган маориф доираларини қутлаймиз.

Энди келамиз нашриёт ишларига: Бу йил бу майдонда қилинатурғон муҳим ишлар бор. Фурсатни қўлдан қочирмаслиқ ва ташаббусни бир оз ортдириш соясинда албатта кўб ишлар қилиш мумкиндир. Мактаб китоблари ҳозирлаш масаласи илмий ҳайъат томонидан кўрилаётган бўлса ҳам ҳалигача майдонға чиқғони кўрилмайдир. Тайёрланғон мактаб китобларини тезроқ босдиришга ҳаракат қилиш керакдир. Буни эса ёлғиз илмий ҳайъатга топшуруб ўлтириш хатодир. Ҳар ердаги маориф бюролари бунинг оддий жиҳатини таъмин қилишга ёрдам берсалар, биз аминмизким, илмий ҳайъатнинг ишлари тезрак майдонға отилғон бўлур. Чунки бизнинг илмий-адабий соҳамиз ҳозир жуда қийин ва ишламаган ҳолдадир. Буни ишлаш кўб заҳматларга ва бу заҳматлар эса, табиий, моддий таъминотга боғлиқдир.

Биз доимо хгшқни оқартиш кераклигини такрор қиламиз. Фақат бу тўғрида жиддий ҳаракат қилмаймиз. Бир ёқдан халқни хат ва саводли қилишға тиришамиз. Фақат хат ва саводликларимизнинг қандай нарсалар ўқушларини хотирга келтурмаймиз. Қанча кам бўлса бўлсун бизда хат ва саводлик кишилар бор. Уларнинг мутолаа қилатурғон нарсалари эскидан бизга маълум. Инқилобдан илгари Туркистоннинг ҳар қайси шаҳрида шу мутолаачиларни таъмин қилатурғон асарлари узулмасдан босдирилиб, тарқатилиб турар эди. Ҳолбуки, бу етти йилда ҳеч бир мутолаага яроқлиқ нарса ҳеч бир ерда босилмади. Яримчиқ газеталар, бир чиқиб ётатурғон бир неча сон мажаллалардан бошқа ҳеч нарса бўлмади. Ҳолбуки, ўтган йилларга қарағонда ҳозир мутолаага ҳавасли кишилар кўпайган ва кундан-кун кўпаймакдадир. Ҳозир эски вақтда бўлмағон бир муаллимлар зумраси борким, булар учун мутолаа китоблари ҳаёт масаласидир. Мажаллаларимизда таълим-тарбияга оид арзимас, илмий бўлмағон мақолалардан бошқа нарса йўқдур. Ҳалигача муаллим  қўлида раҳбар бўларак нарса йўқдир.

Бизда асар ёзатурғон киши йўқ экан, таржима қила олатурғонлар ҳар вақт топиладир. Энг муҳим нарсаларни чет тиллардан таржима қилиш керакдир. Бу кун мактабларни тузатиш учун энг биринчи масала, муаллимларни кучайтиришдир. Бу эса таълим-тарбияга оид илмий асарлар билан ва махсус бир таълим-тарбия мажалласи воситаси билан бўлиши мумкин. Буни очиқ билиш керакдирким, Туркистоннинг бошига келган балолардан қутулиш ёлғиз маориф орқасидағина бўладир. Бу муаллимлар зумрасидан бошқа ҳукумат доираларида ишлайтурғонлар, талабалар, янги хат ва саводлари чиқғон ишчилар кўпаймакдадирким, буларға ҳам табиий ўлароқ, эҳтиёжларини таъмин этарлик мутолаа китоблари керакдир. Овруполикларда ҳукумат идораларидан бошқа хусусий ширкатлар тарафидан ҳам кўб яхши нарсалар босдирилиб тарқатилмоқдадир. Биз шулар орасида бизга ва бизнинг маишатимизга тўғри келадиган рўмонлар, ҳикоялар ва турли-турли китобчалар олсоқ мумкиндир. Буларни таржима қилиш ва босдириш лозим. Ман ўйлайманким, ҳозирда бундай нарсалар кўб тарқаладир. Ўтканларда бўлғон каби зарар қилинмаса керак.

Ҳалигача Туркистоннинг бир тарихи ва жугрофияси босилмағондир. Бутун туркистонлилар учун биринчи даражада ўз мамлакатларини танишлари лозим бўлса, ҳали бундан маҳрумдирлар. Бухоро назорати тарафидан бир-икки тарих китоби таржима қилинғон ва ёздирилғон бўлса ҳам ҳалигача босдирилмағони қизиқдир. Туркистонда таржима қилдириш қийин экан, Бухорода тайёр асарни тайёр матбаа ва асбоб бор экан, босдирмай туриш жуда катта жиноятдир. Айниқса, Бухоро инқилобига оид Туркистонда бирдан-бир ёзилғон асарким, унинг Туркистон учунда аҳамияти буюкдир. Ҳалигача босилмай туриши нашриёт ишлари билан машғул кишиларнинг тушунмасликлари бўлмаса нима бўла олур? Истар Бартолд ва Вамбери асари бўлсун, истар С. Айний асари бўлсун, мукаммал бир Туркистон тарихи бўла олмасалар ҳам муҳим материаллар бера оладирлар. Бухоро ҳукумати ўз асарларини босдириш билан ўз тарихида энг муҳим бир иш қилғон бўла олади. Фақат афсуским, бу соҳада жуда кеч қолди.

Бу йил тағин бошқа бир қилинадурғон иш бор. Буда Навоий эсдалигидур. 1925-нчи йилда шу чоқларда машҳур шоиримиз Навоийнинг туғилганига беш юз йил тўладир. Унинг шарафига бир тантанали тўй ясаш керакдир. Бу бир йил муддатида Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёзилиши ва ясалиши лозим. Унинг аслига мувофиқ расмини тайёрлаш керакдир. Мумкин бўлса, жуда топилмайтурғон бир асарини билдириш ва Навоийнинг кичик, қўлда бир мунтаҳаб шеър мажмуасини тарқатиш керакдир.

Ҳар миллат ўзини буюк кишилари билан исбот қиладир. Ҳозирги вақтимизда фахр қилатурғон кишиларимиз йўқ экан, бир оз тарихимиздагиси билан мақтанайлик. Бу мақтаниш бўш бир нарса бўлиб қолмас. Ўшал буюк кишиларни етишдирган ўлка ҳозир ҳам бор. Ўшал истеъдод ҳозир ҳам яширин хазина каби ўлкамизнинг бурчакларида турибдир. Биз бошларимизни бир оз қарасак, юзидаги зангларни, доғларни силасак, яна ҳаёт майдониға чиқамиз. Мана шу «баъс баъдалмавт»га (қайта тирилишга — Б.К.) эришмак учун бир оз ҳаракат керакдир. Шу ҳаракатни буюк кишиларимиздан оламиз. Ва шу йўлга ишониб кирамиз. Бу йўлда ишлаш учун ҳар шаҳарда — Бухоро ҳам шунинг ичида – турлик комиссиялар тузилиши керакдир. Буларнинг биргалашиб, бир хатти-ҳаракат билан ишга киришишлари керакдир. Муваффақият ташаббусга боғлиқдир.

Манба: «Зарафшон» газетаси, 1924 йил 14 октябр.

087

Vadud Mahmud
IKKI MAQOLA
056

YAXSHI EMAS

Bu kunlarda hukumat doiralarida muassasalarni markazlashtirish fikri qo’zg’olgandir.

Bu juda yaxshi fikrdir. Albatta, hukumat idoralarining bir yerda bo’lishi ham shul idoralarning ishlarining tartibli borishiga sabab bo’lur, ham murojaatchilarga oson bo’lur. Bu fikrni biz ham olqishlaymiz.

Ma’lumki, hozir Turkistonning har yerida maorif ishlariga jiddiy ko’z bilan qaralib turilibdir; hatto markaz maorif komissiyaligi muallimlarni ta’min etmakni birinchi ishdan sanab bu jihatda jiddiy tashabbus qilmoqdadir.

Bu harakatlar Turkistonda maorif ishlarining zarur va muhimligiga dalolat qiladir.

Biz ham, albatta, bir umumiy fikrga qo’shilmog’imiz va shu yo’l bilan bormog’imiz kerakdir.

Samarqand viloyatida maorif ishlarini yaxshi yo’lga qo’ymoqqa qancha tirishilsa ham, ko’rinib turibdirkim, muvaffaq bo’la olmaymiz; hatto hozir ham ochiq ayta olmaymizkim, bitta ham tuzuk maktabimiz yo’qdir. Bu yo’lda bizning ham ko’b ishlar qilmog’imiz kerak bo’ladir.

Butun Samarqand viloyatida birgina ko’zimizga ko’rinadirgan maktabimiz birdan-bir bilim yurtimizdirkim, uning holi ham gazeta o’qig’uvchilarga ochiqdir. Shu maktabni ham nima bo’lsa ham bir oz tuzatmoq uchun qancha g’ayratlar sarf qilinsa ham istaganimizcha muvaffaq bo’la olmaymiz.

Eshitganimizga ko’ra hukumat idoralarini markazlashtirish uchun shu bilim yurtining binosi munosib ko’rilmishdir, o’tkan yil shu oylarda tamom so’ngan va bitgan edi. Buning bu holga tushishiga sabablar bor edi. Muallimsizlik, idoraning ouzuqlig’i, moddiy jihatning torlig’i va boshqalar. O’tgan yoz bilim yurti talabalari butkul tarqalg’ondilar, faqat 10—20 bola qolg’on edi.

Qo’lidan ish kelaturgan talabalarining har biri o’z ishi orqasidan ketdikim, shu yil qancha tirishsak ham ko’bini keltura olmadiq.
Hozir yuz ellikka yaqin bilim yurti talabasi bor va maktab qoshida tatbiqot maktabi ham quruldikim, 50 dan oshiq bola o’qiydir.

Biz shunday umid etamizkim, bu yil bir oz ma’naviy va moddiy jihatdan tuzatganimizning natijasi bo’lib kelasi yil bu maktab haqiqatan bir bilim yurti va ibtidoiy maktabi bir namuna maktab bo’lar deb. Bu ichgi taraf.

Xalqimizning maorif ishlariga qarash rag’batiga kelsak, shuni aytib o’tmoq kerakkim, har bir yerlik musulmon va maorifparvarning maktabning maorif deganda ko’ziga ko’rinaturgani birdan-bir shu bilim yurtidur. Ushbu bilan sevinadur, faxr qiladur.

Inqilobning foydasi bo’lib, uning qo’liga tushgan bir g’animat deb shu binoni ko’rsatadir va shu muassasani biladir. Bu binoni hukumat idoralari uchun olmoq mana shu jihatdan maorif ishlarining borishiga birdan bir zarardir. Bizning Samarqandda birdan-bir ilmiy muassasamiz shudir, bunga zarba bermak yaxshi emasdir. So’ngra shunisi ham ma’lum bo’lg’aykim, bu bino faqat maktab uchun yasalg’ondir, bunda idoralarni joylash noto’g’ridir.

Shu besh yil ichida bu binoni olmoq uchun ko’b marotabalar tashabbuslar bo’ldi, faqat ishga oshmadi. Biz umid etar edikkim, xalqning ruhi va maorif ishlarining borishi bilan hisoblanib, shu sira ham shu masala ishga oshmasun va shu bino bir ilmiy muassasa bo’lib bilim yurti uchun qoldirilsun. Bu maktabni haqiqatan bir ilmiy muassasa holiga qo’ymoq uchun g’ayrat o’rniga, buni buzmakka tirishmak ayb bo’lsa kerak.

Bir ishni tuzatmoqqa tirishaylik, o’rtoqlar, buzmakka emas. Shuni esdan chiqarmaylik.

Manba: «Zarafshon» gazetasining 1923 yil 12 aprel soni.

MAORIFIMIZ, NASHRIYOTIMIZ
(Maskovdan maktub)

Inqilob to’lqunining mudhish zarbalari bilinarlik darajada sekinlashgan shu zamonda ishlar o’z tabiiiy yo’liga kirgan kabidir. Shu qatorda tabiiy o’laroq maktab va talabalik jarayoni ham asosiy chiziqlarg’a tusha boshladi. Endi bitta-yarimta tuzukkina maktablar ko’rinmakda, turli shaharlarda jiddiy o’qush toliblari davom etmakdadir.

Samarqand viloyat bilim yurti eshitganimizga ko’ra bu yil kengaytirilib, uch yuzga yaqin talaba qabul qilib, to’qqiz yillik bir ish maktabi qurulmoqchi va hokazo.

Maktab hayotining eng muhim nuqtasi bo’lg’op ilmiy tarafi ham bulturgilarga qarag’onda oz-moz jonlanmoqda va ba’zi tashabbuskor maorifchilarning harakatlari soyasida tashqaridan muallimlar keturmaqda va ularning ta’mini uchun tirishilmoqdadir.

Bularning ustiga Qofqozyoga va ichki Rusiyaga talabalar har yilgidan ko’brak yuborilmoqda, hatto Bakuda Samarqand viloyati o’qug’uvchilarining ta’mini uchun o’ttiz kishilik yotoqxona tuzulmakdadir. Bu so’nggi voqea Turkistonning o’qug’uvchi hayoti yo’lida juda katta qadam sanalishi mumkin. Chunki barchasi ma’lumki, Turkistonning o’zida boshlang’ich maktablarimiz bo’lsa-da, bu kungi oliy tahsil ko’rish orzusida bo’lg’on yoshlarning ehtiyojini qoplab olaturg’on maktablarimiz yo’q. Buning uchun birdan-bir chora, tabiiy, xorijga talabalar yuborishdir.

Maskovda Turkiston hukumati ta’minoti bilan yashayturg’on o’qug’uvchilar bo’lsa ham, haligacha Qofqozyo uchun yo’q. Ko’b tashabbuslar bo’lg’on bo’lsa ham, maataassuf, natijasiz qolg’on edi. Bu kungi Samarqand viloyati talabalari uchun tuzilgan yotoqxona kambag’al talabalarning bir oz rohatda o’kushg’a davom etishlarini ta’min qila olsa juda katta xizmat qilg’on bo’lur. Bu o’runlik qiling’on harakatni juda olqishlamoq keraqdir. Bundan boshqa Turkistonning boshqa shaharlarida qachonlar boshlang’ich yangi maktab binolari qurish harakati kechrak bo’lsa ham, boshlang’ich kabi ko’rinadir. Samarqandda avqof sho»basining va maorif byurosining tashabbuslari diqqatga shoyondir. Qizlar maorifi ham bu yil o’tganlardan ko’ra jiddiylashgandir. Yozdagi kursdan istifoda etgan xotin-qizlar borlig’i ko’riladir. Bu yil esa qizlar maktabining adadini ortdirmoq harakati ko’riladir.

Yuqoridag’i satrlarni o’qug’onlar albatta sezadirlarkim, maorif ishlari to’g’risida haligacha yozilg’on narsalarga qarag’onda bu kungisi boshqacharoqdir.

Haligacha biz u kerak, bu kerak deb edik. Bugun esa qilg’on ishlarimizning natijasini ko’rish bilan quvonamiz. Albatta, bu ishlarga faoliyat bilan kirishgan maorif doiralarini qutlaymiz.

Endi kelamiz nashriyot ishlariga: Bu yil bu maydonda qilinaturg’on muhim ishlar bor. Fursatni qo’ldan qochirmasliq va tashabbusni bir oz ortdirish soyasinda albatta ko’b ishlar qilish mumkindir. Maktab kitoblari hozirlash masalasi ilmiy hay’at tomonidan ko’rilayotgan bo’lsa ham haligacha maydong’a chiqg’oni ko’rilmaydir. Tayyorlang’on maktab kitoblarini tezroq bosdirishga harakat qilish kerakdir. Buni esa yolg’iz ilmiy hay’atga topshurub o’ltirish xatodir. Har yerdagi maorif byurolari buning oddiy jihatini ta’min qilishga yordam bersalar, biz aminmizkim, ilmiy hay’atning ishlari tezrak maydong’a otilg’on bo’lur. Chunki bizning ilmiy-adabiy sohamiz hozir juda qiyin va ishlamagan holdadir. Buni ishlash ko’b zahmatlarga va bu zahmatlar esa, tabiiy, moddiy ta’minotga bog’liqdir.

Biz doimo xgshqni oqartish kerakligini takror qilamiz. Faqat bu to’g’rida jiddiy harakat qilmaymiz. Bir yoqdan xalqni xat va savodli qilishg’a tirishamiz. Faqat xat va savodliklarimizning qanday narsalar o’qushlarini xotirga kelturmaymiz. Qancha kam bo’lsa bo’lsun bizda xat va savodlik kishilar bor. Ularning mutolaa qilaturg’on narsalari eskidan bizga ma’lum. Inqilobdan ilgari Turkistonning har qaysi shahrida shu mutolaachilarni ta’min qilaturg’on asarlari uzulmasdan bosdirilib, tarqatilib turar edi. Holbuki, bu yetti yilda hech bir mutolaaga yaroqliq narsa hech bir yerda bosilmadi. Yarimchiq gazetalar, bir chiqib yotaturg’on bir necha son majallalardan boshqa hech narsa bo’lmadi. Holbuki, o’tgan yillarga qarag’onda hozir mutolaaga havasli kishilar ko’paygan va kundan-kun ko’paymakdadir. Hozir eski vaqtda bo’lmag’on bir muallimlar zumrasi borkim, bular uchun mutolaa kitoblari hayot masalasidir. Majallalarimizda ta’lim-tarbiyaga oid arzimas, ilmiy bo’lmag’on maqolalardan boshqa narsa yo’qdur. Haligacha muallim qo’lida rahbar bo’larak narsa yo’qdir.

Bizda asar yozaturg’on kishi yo’q ekan, tarjima qila olaturg’onlar har vaqt topiladir. Eng muhim narsalarni chet tillardan tarjima qilish kerakdir. Bu kun maktablarni tuzatish uchun eng birinchi masala, muallimlarni kuchaytirishdir. Bu esa ta’lim-tarbiyaga oid ilmiy asarlar bilan va maxsus bir ta’lim-tarbiya majallasi vositasi bilan bo’lishi mumkin. Buni ochiq bilish kerakdirkim, Turkistonning boshiga kelgan balolardan qutulish yolg’iz maorif orqasidag’ina bo’ladir. Bu muallimlar zumrasidan boshqa hukumat doiralarida ishlayturg’onlar, talabalar, yangi xat va savodlari chiqg’on ishchilar ko’paymakdadirkim, bularg’a ham tabiiy o’laroq, ehtiyojlarini ta’min etarlik mutolaa kitoblari kerakdir. Ovrupoliklarda hukumat idoralaridan boshqa xususiy shirkatlar tarafidan ham ko’b yaxshi narsalar bosdirilib tarqatilmoqdadir. Biz shular orasida bizga va bizning maishatimizga to’g’ri keladigan ro’monlar, hikoyalar va turli-turli kitobchalar olsoq mumkindir. Bularni tarjima qilish va bosdirish lozim. Man o’ylaymankim, hozirda bunday narsalar ko’b tarqaladir. O’tkanlarda bo’lg’on kabi zarar qilinmasa kerak.

Haligacha Turkistonning bir tarixi va jugrofiyasi bosilmag’ondir. Butun turkistonlilar uchun birinchi darajada o’z mamlakatlarini tanishlari lozim bo’lsa, hali bundan mahrumdirlar. Buxoro nazorati tarafidan bir-ikki tarix kitobi tarjima qiling’on va yozdirilg’on bo’lsa ham haligacha bosdirilmag’oni qiziqdir. Turkistonda tarjima qildirish qiyin ekan, Buxoroda tayyor asarni tayyor matbaa va asbob bor ekan, bosdirmay turish juda katta jinoyatdir. Ayniqsa, Buxoro inqilobiga oid Turkistonda birdan-bir yozilg’on asarkim, uning Turkiston uchunda ahamiyati buyukdir. Haligacha bosilmay turishi nashriyot ishlari bilan mashg’ul kishilarning tushunmasliklari bo’lmasa nima bo’la olur? Istar Bartold va Vamberi asari bo’lsun, istar S. Ayniy asari bo’lsun, mukammal bir Turkiston tarixi bo’la olmasalar ham muhim materiallar bera oladirlar. Buxoro hukumati o’z asarlarini bosdirish bilan o’z tarixida eng muhim bir ish qilg’on bo’la oladi. Faqat afsuskim, bu sohada juda kech qoldi.

Bu yil tag’in boshqa bir qilinadurg’on ish bor. Buda Navoiy esdaligidur. 1925-nchi yilda shu choqlarda mashhur shoirimiz Navoiyning tug’ilganiga besh yuz yil to’ladir. Uning sharafiga bir
tantanali to’y yasash kerakdir. Bu bir yil muddatida Navoiyning mukammal tarjimai holi yozilishi va yasalishi lozim. Uning asliga muvofiq rasmini tayyorlash kerakdir. Mumkin bo’lsa, juda topilmayturg’on bir asarini bildirish va Navoiyning kichik, qo’lda bir muntahab she’r majmuasini tarqatish kerakdir.

Har millat o’zini buyuk kishilari bilan isbot qiladir. Hozirgi vaqtimizda faxr qilaturg’on kishilarimiz yo’q ekan, bir oz tariximizdagisi bilan maqtanaylik. Bu maqtanish bo’sh bir narsa bo’lib qolmas. O’shal buyuk kishilarni yetishdirgan o’lka hozir ham bor. O’shal iste’dod hozir ham yashirin xazina kabi o’lkamizning burchaklarida turibdir. Biz boshlarimizni bir oz qarasak, yuzidagi zanglarni, dog’larni silasak, yana hayot maydonig’a chiqamiz. Mana shu «ba’s ba’dalmavt»ga (qayta tirilishga — B.K.) erishmak uchun bir oz harakat kerakdir. Shu harakatni buyuk kishilarimizdan olamiz. Va shu yo’lga ishonib kiramiz. Bu yo’lda ishlash uchun har shaharda — Buxoro ham shuning ichida – turlik komissiyalar tuzilishi kerakdir. Bularning birgalashib, bir xatti-harakat bilan ishga kirishishlari kerakdir. Muvaffaqiyat tashabbusga bog’liqdir.

Manba: «Zarafshon» gazetasi, 1924 yil 14 oktyabr.

09

(Tashriflar: umumiy 256, bugungi 1)

Izoh qoldiring