Adabiyot — shaxsiyat va san’at ko’zgusi. Ibrohim Haqqul bilan suhbat

011Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул таваллудининг 70 йиллигига

  Ўзликни қатағон этиш, шундоқ ҳам кучсизланиб қолган миллат ҳисларни емириб, диний-ирфоний эътиқоднинг илдизига болта уришини биринчилардан бўлиб Фитрат домла англаб етган. Чўлпон ва Қодирийнинг дунёқараши шу нуқтада бирлашиб, халқни “эрк эртаклари”га алданмасликка чорловчи Овоз вазифасини ўтаган. Фитрат, Чўлпон, Қодирийни жисман маҳв этиш аслида, ана шу муаззам Овозни ўчириш ва адабиётдаги интиқом йўналишини бутунлай бошқа томонга буриб юбориш эди.

АДАБИЁТ – ШАХСИЯТ
ВА САНЪАТ КЎЗГУСИ

Адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан суҳбат
03

Санобар Тўлаганова (филология фанлари номзоди): Устоз, бугунги суҳбатни адабиёт ва адабий шахсият мавзусига бағишласак. Буюк адабиётни улкан шахслар яратади. Шахсият ва адабиёт бир-бирига боғлиқми ёки айро тушунчаларми? Сизнингча, адабий шахсият тушунчасининг моҳияти нимадан иборат?

021Иброҳим Ҳаққул (филология фанлари доктори, профессор): Бу масалага ҳам кенг, ҳам конкретроқ қараш лозим. Зоҳиднинг шахсияти зуҳдга, обидники тоат-ибодатга, ошиқники ишқ-муҳаббатга ёки орифники маърифатга таянгани боис улардан ҳар бирининг ички ҳаёти ва дунёқараши ўзига хос тарзда шаклланади. Ва шахсиятнинг тамали бўлмиш Ирода куч-қуввати ҳам бир-бириникидан фарқланади. Зеро, зуҳд ҳоли камолга етмагунча зоҳид, ишқ завқи билан тўлиб-тошмагунча ошиқ, борлиқни маърифат нури ила мушоҳада этмагунча ориф асл қиёфасини намоён айлай олмайди. Худди шунга ўхшаб адабиётнинг туб моҳияти ва олий хусусиятларини тамсил этолмаган қаламкаш ҳеч қачон чин маънодаги шоир ёки адиблар сафига киролмайди. Ўзини адабиётда, адабиётни ўз шахсида кўрсатишга қодир талантлар эса жуда-жуда сийрак учрайди.

Адабий шахсият, энг аввало, Оллоҳ инъом қиладиган истеъдод, шу истеъдоднинг яратувчанлик илҳоми. Мукаммал адабий шахсиятгина ижодкорни косибликдан, тақлид ва турли ўзлаштирмачиликдан сақлайди. Адабиётдаги шахсиятсизлик ҳаётдаги, яъни инсон қавмига хос шахсиятсизликдан минг карра ёмон ва зарарлидир. Шунинг учун шахсият ва адабиётни бир-биридан асло айри тасаввур қилиш мумкин эмас. Совет замонида мустақил, кучли, эркин шахсиятга эҳтиёж йўқотилгани туфайли адабиётда ҳам шахсиятсизлик қанот ёзган. Мустақилликдан кейин бу ҳолат янада аянчли тус олди. Лекин на адабий танқид, на адабиётшунослик бу масалада, тўғри ва холис хулоса чиқарадиган бир аҳволда эмас…

С.Т: Адабиётда ижодий қиёфа билан инсоний қиёфанинг ўзаро уйғун келиши жуда кам учрайдиган ҳодиса. Ижодий “мен” ва биографик шахс орасида чегара борми, бўлса қай мезон асосида ўрганмоқ лозим?

И.Ҳ: Ёзувчи ё шоирнинг ҳаёти ва ижоди ўрганилганда унинг башарий “мени”ни асло четлаб бўлмайди. Кўпдан-кўп ҳиссиёт, таасссурот, ҳол ва ҳолатлар ёзувчи биографияси “чашма”сидан оқиб келади. Бироқ дид, савия ва билим пастлиги буларни йўққа чиқариш ҳам тайин, албатта. Чинакам ижодий “мен” тасаввур этиб бўлмас зайлда ўзгариши, юксалиб Мансур Халложга ўхшаб “Анал-Ҳақ” – “Мен Худоман” дейиши ҳам ҳеч гапмас. Улкан санъаткорда сўфийларникига монанд бир жазба бўлади. Буни мен маърифат ва моҳият жазбаси дегим келади. Ҳаётга ичкаридан қараб, унинг яхши ва ёмон, нурли ва қоронғу томонларини теран мушоҳада этгани сайин ижодкор шахсини дард ва изтироб баландга кўтаради. Ана шунда ҳеч ким кўрмаганни кўриш, ўзгалар билмаганни билиш “эшик”лари унга кенг очилади. Шундай қилиб, туғма шоир ёки ёзувчи янги туйғу ва тушунчаларни зоҳирдан эмас, балки руҳ орқали ботиндан, сийратидаги фикрий силжишва туғёнлардан топади. Бундай ҳолатда башарий “мен” ижодий “мен” кечинма ва мақсадларини тушунолмагани сабабли ташқаридан кучлироқ бир таъсир ўтказилса, унинг турмушнинг умумий оқимига қарши боришини ҳам, исёнини ҳам қувватлолмайди. Бизнинг бу фикр-мулоҳазаларимиз фақат ва фақат нафси тозаланган, гўзаллик ҳиссиёти юқори истеъдод эгаларига тегишли. Қолганлариники эса мустақил ижодий шахсият сифатида на ўрганиш, на ибрат олишга арзийди. Ижодий шахсият илмда асосий мезон мавқеига кўтарилганда наинки адабиёт, адабиётшуносликдаги ёлғон ва сафсаталарнинг йўли кескин тўсилади.

С.Т: ХХ асрда янги ўзбек адабиёти бўй кўрсатди. Янги адабиёт ўзи билан бирга янги қиёфаларни олиб келди. Айни даврда Яратган миллатни улкан шахсиятлар билан сийлади. Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон уларнинг ҳар бири улуғ шахсият. Қодирий шахсиятининг ўзи алоҳида феноминал ҳодиса. Адиб шахсиятининг ўзига хослиги ва сири нимада?

И.Ҳ: Азим дарё ва маҳобатли тоғ қаърида яширинган хазина ва бойликларни тўрт жумлада тасвирлаб бўлмаганидек, айтайлик, Абдулла Қодирий адабий шахсиятининг ўзига хослигини ҳам сўз билан ифодалаш бағоят душвордир. Бир қарасангиз, Қодирий кўпчилик қатори оддий, хоксор, фаол одам. Бироқ бутун одам, миллатга, юртга, адабиётга ўзини бағишланган беназир шахс. Унинг жасорати, самимиятида, самимияти фидоийлигида, фидоийлиги эътиқод ва диёнатида. Унинг изидан бориб, адабиётда ҳам, ҳаётда ҳам Қодирийнинг дину диёнати ва маслагидан чекинилмаганда (Совет давлати қарамоғидаги кўп эл ва миллатлар қатори) бизда даҳрий, яъни руҳоният ва илоҳий шуурдан маҳрум ғариб, саёз, ночор бир адабиёт гуркираб ривож топмасди.
Аҳмад Яссавий ҳазратлари бир ҳикматларида “Ҳақни билган бегу хону халқни билмас”, деганлар. Бу – Ҳақ ишқи одамни моддий ҳамма тўсиқлардан халос қилади ва фикру савия ҳам шунга мувофиқ самовий бўлади деганидир. Мустабид шўро давлати сиёсати ва “маданият” инъомини халққа, динга, диёнат ва истиқболга хиёнат деб билган Қодирий каби Фитрат, Чўлпон қалбини ҳам илоҳий содиқлик ва тарихий собитлик ишғол этган. Мумтоз шоирларимиз оамларни эҳтиётга чорлаган энг ёмон офат – тамаъ. Холис ва ибратли адабий шахсият мана шунинг учун тил, тарих, дин, фалсафа, сиёсат, санъат нуқтаи назардан қараганда ҳам ўзини ва ўзлигини бемалол намоён эта олади.

 Масаланинг энг яширин қирраларигача эътиборга олиб айтилса, дунёдагиҳеч бир нарса ёзувчи – санъаткор шахсиятига сиғмайди, бироқ оламдаги ҳамма борлиқ унинг сийратига сиғади. Шу маънода буюк Насимийнинг:

Менга сиғар икки жаҳон,
Мен бу жаҳона сиғмасман,

деган сўзлари лоф ҳам, муболаға ҳам эмас. Шахсият замини ва осмони чексиз ориф шоир, Ҳаққа ошиқ дарвешлар буни чуқур мушоҳада этишган. Сиёсат қўли билан синдирилиб, аста-секин парчаланганига қарамай Абдулла Орипов, саркаш ва исёнкор Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон шахсиятларида шу жиҳатлар мавжуд эди.

С.Т: Ўтган асрнинг бошида замона зайли ижодкорни қайта-қайта элакдан ўтказди. Шахс тушунчаси завол топди. Ижодкор шахси синдирилди, шахссизлик эпидемияга айланиши оқибатида “мен”идан айрилган адабиёт пайдо бўлди. Образли айтганда, адабиёт “қибла”сини йўқотиб қўйди. Бу ҳодисанинг излари бугунги адабиётда ҳали ҳамон сезилмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

И.Ҳ:  Бу саволга қисман жавоб бердим, шекилли. Мустабид сиёсат ва мафкура бадиий ижодда ҳам маддоҳ, тарғиботчи малайларини олдинга олиб чиқди ва шоир айтмоқчи, “булбул”нинг тақдири “бойқуш”га топширилди. Бойқушнинг феъл-атворини биласиз: барибир бузғунлик ва вайронадан ором топади. Адабиёт жаллодлари, дея таърифлаганлар кўнгли ҳур, маслаги тоза, талантларни нишонга олиб, уларнинг умрини эрмакка хазон қилишган. Бундан туғилган қўрқув ва машъум таҳлика шахсиятсизликни кучайтириб юборган.

Ўзликни қатағон этиш, шундоқ ҳам кучсизланиб қолган миллат ҳисларни емириб, диний-ирфоний эътиқоднинг илдизига болта уришини биринчилардан бўлиб Фитрат домла англаб етган. Чўлпон ва Қодирийнинг дунёқараши шу нуқтада бирлашиб, халқни “эрк эртаклари”га алданмасликка чорловчи Овоз вазифасини ўтаган. Фитрат, Чўлпон, Қодирийни жисман маҳв этиш аслида, ана шу муаззам Овозни ўчириш ва адабиётдаги интиқом йўналишини бутунлай бошқа томонга буриб юбориш эди. Бутун совет тарихи мобайнида давом топган қабоҳат – элим, юртим деган мустақил ва эркин шахсни яккалаш, таъқиб ва таҳқир усули билан уни зимдан қулатиш ўша даврлардан бошланган. Энг ажабланарлиси эса айни тажрибанинг мустақилликдан кейин қатъият-ла жорий қилинишидир. Бунинг кулфату касофатидан адабиёт ҳали-бери қутулолмайди…

С.Т: Ижодкор ўзлигини ифода этиш учун бадиий шаклдан фойдаланди. “Мен”лик ҳиссини қондириш ниятида ёзувчи ижод томон юзланади. Бадиий ижод нафс билан боғлиқ ҳодисами? Улуғларимиз Румий, Ғаззолий, Навоий, Бобур асарларида нафс даъвоси таънами ёхуд тавба? Навоий “ўзлик иморати”, “ўзлик ҳижоби” деганда нимани назарда тутган экан?

И.Ҳ:Агар “жилов”ни қўлга олиб қаршилик кўрсатилмаса, ҳақиқатда нафс ғорат қилувчи қувватдир. Тасаввуфшунос Изазиддин Кошоний нафснинг кибр, нифоқ, риё каби хусусиятлари ҳақида сўз юритиб яна бундай дейди: “Нафснинг яна бир сифати улуҳият даъвоси ва Ҳақ субҳанаҳу ва таоло билан зиддиятга киришувидир”. Мана шунинг учун Оллоҳдан мадад етмаса, нафсни енгиб бўлмайди. Подшоҳ ва катта амалдорлар тақдири билан қизиқилса, улардан кўпчилиги нафсига аввал мағлуб, кейин қурбон бўлганлигиаёнлашади. Навоийнинг “ўзлик иморати”, ўзлик ҳижоби”дан назарда тутгани ҳам нафс. Буюк шоир нафс ва нафсоний ҳаётни шунчалик кенг ўрганганки, унинг қуйидаги рубоийси мағзини чақиб мушоҳада қила билган киши ўз-ўзидан нафсшунос бўлгиси келади:

Нафс амрида ҳар нечаки талпинғайсен,
Кўп гарчи бутунлуқ тиласанг, синғайсен.
Ком истаю, неча элға ёлинғайсен,
Нафсингға хилоф айлаким, тинғайсен.

Ҳамма гап нафс амрига тескари тура билишда: шунда бутунликка ҳам етишиш мумкин. Лекин бу жуда қийин. Ҳатто илм ва ижод ҳам ушбу натижани қўлга киритишга ёрдам беролмайди. Айрим адиб ва олимларнинг гоҳ қаҳр отига миниб, баъзан оғиздан кўпик сочибадабиёт ва адабиётшунослик тўғрисидаги гапларини тинглаб “Наҳотки шулар ҳам Яссавий, Навоий, Фузулийни ўқиган бўлишса?”, дея ўйланиб қоламан. Кимдаки бахиллик, қитмирлик, хусумат, риё, кибр, ичиқоралик, лаққилик шарпаси сезилиб тебраниб турса, билингки у нафс тутқуни. Жамият етарли даражада нафс илмини эгалламагунча, ахлоқ, қалб, руҳ, нафосат, маърифатга доир фикр-мулоҳазалар тахминий ёхуд хаёлий бўлиб қолаверади. Адабиётнинг умумий ҳолати ҳозиргидан-да, оғирлашади. Ахир, жаноби Пайғамбаримиз бекорга “Нафсини билган, Роббини билур” демаганлар…

С.Т:Домла, адабиёт майдонигаСиз билан бирга кириб келган авлод бугун кайвонийларга айланишди. Улар ҳамон адабиёт майдонида ўз айтар сўзига эга. Лекин нима учундир жимлик ва сокинлик ҳукм сурмоқда. Адабий шахсиятлар қаерда ва сукутнинг маъноси нимада деб ўйлайсиз?

И.Ҳ: Сиз назарда тутган ижодкорларнинг кўринмай қолишию сукутининг маъносини кечаги замондан излаш керак. Биласизми, салтанат ва сиёсат адабиётдан ҳамиша қурбонлик, ўз манфаатига мувофиқ бадал талаб қилади. Кейинги бадал олдингиларига нисбатан оғир ва оғриқли бўлгани боис ўзни ўнглаб қатъият-ла сўз айтиш баъзиларда қийин кечаётир. Чунки турланиб-тусланишни қойиллатадиганлари менинг сафдошларим орасида йўқ ҳисоби…

С.Т: Мустақиллик даври адабиёти (Турон – 24) ҳақидаги фикрларингиз бугунги ижодкорларни ўкситгандай бўлди. Чунки адабий жараён тинимсиз янгиланишда, ўзгаришда. Бу давр адабиётидан кўз юмиб бўлмайдику! Бундай муносабат уларнинг ижодини тан олмасликми ёки бошқача изоҳи борми?

И.Ҳ:Очиғини тан оладиган бўлса, қарийб йигирма беш йилдан ортиқ даврда биз бир-бировимизнинг кўзимизга қараб ёлғон сўзлаш, олдингига қараганда ҳам алдовга асосланган сўзамолликка маҳорат касб этгандик. Риё ва маддоҳликда, айниқса, ёш ижодкорлар шу қадар олдинлаб кетишдики, баъзилари номус, уят, маънавий масъулиятни ҳам унутишди. Булар ўзига ўзи кеч бўлса-да, ҳисоб бера билса-ку, на хуб, маломат нелигин фаҳмламай яшайверса, аввалги йўл ва усулни сал-пал ўзгартириб олдинга талпинаверади. Бунга мен шубҳаланмайман. Дарвоқе, кейинги пайтларда аксарияти ўртамиёна, нафсу ҳавога қул талантсизлар адабиёт бошқарувини қўлга олишга жаҳд билан интилаётир. Худо кўрсатмасин, шунақалар адабиёт тақдирини ҳал этадиган бўлса, йилтиллаётган учқун ҳам ўчади. Ана унда истеъдодга умуман ўрин ҳам, эҳтиёж ҳам қолмайди. Шунинг учун кимларгадир ёқадими ёки ёқмайдими –тўғрисини сўзлаш керак. Қувғин этилган тўғрилик ва журъатни жамиятга қайтариш осон кечмайди. “Турон – 24”даги суҳбатга келсак, менинг номимдан унда айрим гаплар қўшилиб, танқид оҳанги бир қадар кучайтирилган. Айтилган сўз – отилган ўқ – бу ҳақ гап. Масъулиятни мен ўзимдан соқит қилмоқчиэмасман. Демоқчиманки, “ижодкорларни ўкситган” танқидий фикр ва хулосаларни янада чуқурлаштириб, далиллар билан кенг ва пухтароқ асослаб берилса, эътироз, балки камаярди. Яна ким билади дейсиз? Ижодкор ўзини агар ҳақ сеза олса, асарларига виждон кўзи биланқараб, уларни ҳар нечук тўғри баҳолай билса, ҳеч пайт танқиддан ранжимайди ва жириллаб тутун ҳам қайтармайди…

Адабий жараённинг сифатли-сифатсиз, яроқли ё яроқсиз китоблар билан тўлиб-тошиши бу – туб маънодаги ўзгариш бўлмагани сингари, янгиланиш ҳам эмас. Адабий жараёндаги ўз ўрни ва аҳволини билмаган “даҳо”ларнинг ижодини кимдир тан олди нимаю, тан олмади нима – ахир бундан ҳеч нима ўзгармайди-ку! Устоз адиблардан бирининг, кўриниш учун ёзилган нарса ёзувчини кўрсатмайди, аксинча – кўмади, мазмунидаги фикри менга мақбул. Минг афсуслар бўлғайким, қанчадан-қанча шоиру адаиблар ижод орқали ҳам инсон ўзини ўзи кўмишини хаёлга келтиролмайди. Бу ҳам бир фоже қисмат.

09. 03. 2019.
Дўрмон

Adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul tavalludining 70 yilligiga

  O’zlikni qatag’on etish, shundoq ham kuchsizlanib qolgan millat hislarni yemirib, diniy-irfoniy e’tiqodning ildiziga bolta urishini birinchilardan bo’lib Fitrat domla anglab yetgan. Cho’lpon va Qodiriyning dunyoqarashi shu nuqtada birlashib, xalqni “erk ertaklari”ga aldanmaslikka chorlovchi Ovoz vazifasini o’tagan. Fitrat, Cho’lpon, Qodiriyni jisman mahv etish aslida, ana shu muazzam Ovozni o’chirish va adabiyotdagi intiqom yo’nalishini butunlay boshqa tomonga burib yuborish edi.

ADABIYOT – SHAXSIYAT
VA SAN’AT KO’ZGUSI
Adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqul bilan suhbat
021

Sanobar To’laganova (filologiya fanlari nomzodi): Ustoz, bugungi suhbatni adabiyot va adabiy shaxsiyat mavzusiga bag’ishlasak. Buyuk adabiyotni ulkan shaxslar yaratadi. Shaxsiyat va adabiyot bir-biriga bog’liqmi yoki ayro tushunchalarmi? Sizningcha, adabiy shaxsiyat tushunchasining mohiyati nimadan iborat?

055Ibrohim Haqqul (filologiya fanlari doktori, professor): Bu masalaga ham keng, ham konkretroq qarash lozim. Zohidning shaxsiyati zuhdga, obidniki toat-ibodatga, oshiqniki ishq-muhabbatga yoki orifniki ma’rifatga tayangani bois ulardan har birining ichki hayoti va dunyoqarashi o’ziga xos tarzda shakllanadi. Va shaxsiyatning tamali bo’lmish Iroda kuch-quvvati ham bir-birinikidan farqlanadi. Zero, zuhd holi kamolga yetmaguncha zohid, ishq zavqi bilan to’lib-toshmaguncha oshiq, borliqni ma’rifat nuri ila mushohada etmaguncha orif asl qiyofasini namoyon aylay olmaydi. Xuddi shunga o’xshab adabiyotning tub mohiyati va oliy xususiyatlarini tamsil etolmagan qalamkash hech qachon chin ma’nodagi shoir yoki adiblar safiga kirolmaydi. O’zini adabiyotda, adabiyotni o’z shaxsida ko’rsatishga qodir talantlar esa juda-juda siyrak uchraydi.

Adabiy shaxsiyat, eng avvalo, Olloh in’om qiladigan iste’dod, shu iste’dodning yaratuvchanlik ilhomi. Mukammal adabiy shaxsiyatgina ijodkorni kosiblikdan, taqlid va turli o’zlashtirmachilikdan saqlaydi. Adabiyotdagi shaxsiyatsizlik hayotdagi, ya’ni inson qavmiga xos shaxsiyatsizlikdan ming karra yomon va zararlidir. Shuning uchun shaxsiyat va adabiyotni bir-biridan aslo ayri tasavvur qilish mumkin emas. Sovet zamonida mustaqil, kuchli, erkin shaxsiyatga ehtiyoj yo’qotilgani tufayli adabiyotda ham shaxsiyatsizlik qanot yozgan. Mustaqillikdan keyin bu holat yanada ayanchli tus oldi. Lekin na adabiy tanqid, na adabiyotshunoslik bu masalada, to’g’ri va xolis xulosa chiqaradigan bir ahvolda emas…

S.T: Adabiyotda ijodiy qiyofa bilan insoniy qiyofaning o’zaro uyg’un kelishi juda kam uchraydigan hodisa. Ijodiy “men” va biografik shaxs orasida chegara bormi, bo’lsa qay mezon asosida o’rganmoq lozim?

I.H: Yozuvchi yo shoirning hayoti va ijodi o’rganilganda uning bashariy “meni”ni aslo chetlab bo’lmaydi. Ko’pdan-ko’p hissiyot, taasssurot, hol va holatlar yozuvchi biografiyasi “chashma”sidan oqib keladi. Biroq did, saviya va bilim pastligi bularni yo’qqa chiqarish ham tayin, albatta. Chinakam ijodiy “men” tasavvur etib bo’lmas zaylda o’zgarishi, yuksalib Mansur Xallojga o’xshab “Anal-Haq” – “Men Xudoman” deyishi ham hech gapmas. Ulkan san’atkorda so’fiylarnikiga monand bir jazba bo’ladi. Buni men ma’rifat va mohiyat jazbasi degim keladi. Hayotga ichkaridan qarab, uning yaxshi va yomon, nurli va qorong’u tomonlarini teran mushohada etgani sayin ijodkor shaxsini dard va iztirob balandga ko’taradi. Ana shunda hech kim ko’rmaganni ko’rish, o’zgalar bilmaganni bilish “eshik”lari unga keng ochiladi. Shunday qilib, tug’ma shoir yoki yozuvchi yangi tuyg’u va tushunchalarni zohirdan emas, balki ruh orqali botindan, siyratidagi fikriy siljishva tug’yonlardan topadi. Bunday holatda bashariy “men” ijodiy “men” kechinma va maqsadlarini tushunolmagani sababli tashqaridan kuchliroq bir ta’sir o’tkazilsa, uning turmushning umumiy oqimiga qarshi borishini ham, isyonini ham quvvatlolmaydi. Bizning bu fikr-mulohazalarimiz faqat va faqat nafsi tozalangan, go’zallik hissiyoti yuqori iste’dod egalariga tegishli. Qolganlariniki esa mustaqil ijodiy shaxsiyat sifatida na o’rganish, na ibrat olishga arziydi. Ijodiy shaxsiyat ilmda asosiy mezon mavqeiga ko’tarilganda nainki adabiyot, adabiyotshunoslikdagi yolg’on va safsatalarning yo’li keskin to’siladi.

S.T: XX asrda yangi o’zbek adabiyoti bo’y ko’rsatdi. Yangi adabiyot o’zi bilan birga yangi qiyofalarni olib keldi. Ayni davrda Yaratgan millatni ulkan shaxsiyatlar bilan siyladi. Fitrat, Abdulla Qodiriy, Cho’lpon ularning har biri ulug’ shaxsiyat. Qodiriy shaxsiyatining o’zi alohida fenominal hodisa. Adib shaxsiyatining o’ziga xosligi va siri nimada?

I.H: Azim daryo va mahobatli tog’ qa’rida yashiringan xazina va boyliklarni to’rt jumlada tasvirlab bo’lmaganidek, aytaylik, Abdulla Qodiriy adabiy shaxsiyatining o’ziga xosligini ham so’z bilan ifodalash bag’oyat dushvordir. Bir qarasangiz, Qodiriy ko’pchilik qatori oddiy, xoksor, faol odam. Biroq butun odam, millatga, yurtga, adabiyotga o’zini bag’ishlangan benazir shaxs. Uning jasorati, samimiyatida, samimiyati fidoiyligida, fidoiyligi e’tiqod va diyonatida. Uning izidan borib, adabiyotda ham, hayotda ham Qodiriyning dinu diyonati va maslagidan chekinilmaganda (Sovet davlati qaramog’idagi ko’p el va millatlar qatori) bizda dahriy, ya’ni ruhoniyat va ilohiy shuurdan mahrum g’arib, sayoz, nochor bir adabiyot gurkirab rivoj topmasdi.
Ahmad Yassaviy hazratlari bir hikmatlarida “Haqni bilgan begu xonu xalqni bilmas”, deganlar. Bu – Haq ishqi odamni moddiy hamma to’siqlardan xalos qiladi va fikru saviya ham shunga muvofiq samoviy bo’ladi deganidir. Mustabid sho’ro davlati siyosati va “madaniyat” in’omini xalqqa, dinga, diyonat va istiqbolga xiyonat deb bilgan Qodiriy kabi Fitrat, Cho’lpon qalbini ham ilohiy sodiqlik va tarixiy sobitlik ishg’ol etgan. Mumtoz shoirlarimiz oamlarni ehtiyotga chorlagan eng yomon ofat – tama’. Xolis va ibratli adabiy shaxsiyat mana shuning uchun til, tarix, din, falsafa, siyosat, san’at nuqtai nazardan qaraganda ham o’zini va o’zligini bemalol namoyon eta oladi.

 Masalaning eng yashirin qirralarigacha e’tiborga olib aytilsa, dunyodagihech bir narsa yozuvchi – san’atkor shaxsiyatiga sig’maydi, biroq olamdagi hamma borliq uning siyratiga sig’adi. Shu ma’noda buyuk Nasimiyning:

Menga sig’ar ikki jahon,
Men bu jahona sig’masman,

degan so’zlari lof ham, mubolag’a ham emas. Shaxsiyat zamini va osmoni cheksiz orif shoir, Haqqa oshiq darveshlar buni chuqur mushohada etishgan. Siyosat qo’li bilan sindirilib, asta-sekin parchalanganiga qaramay Abdulla Oripov, sarkash va isyonkor Rauf Parfi, Shavkat Rahmon shaxsiyatlarida shu jihatlar mavjud edi.

S.T: O’tgan asrning boshida zamona zayli ijodkorni qayta-qayta elakdan o’tkazdi. Shaxs tushunchasi zavol topdi. Ijodkor shaxsi sindirildi, shaxssizlik epidemiyaga aylanishi oqibatida “men”idan ayrilgan adabiyot paydo bo’ldi. Obrazli aytganda, adabiyot “qibla”sini yo’qotib qo’ydi. Bu hodisaning izlari bugungi adabiyotda hali hamon sezilmoqda. Buni qanday izohlash mumkin?

I.H:  Bu savolga qisman javob berdim, shekilli. Mustabid siyosat va mafkura badiiy ijodda ham maddoh, targ’ibotchi malaylarini oldinga olib chiqdi va shoir aytmoqchi, “bulbul”ning taqdiri “boyqush”ga topshirildi. Boyqushning fe’l-atvorini bilasiz: baribir buzg’unlik va vayronadan orom topadi. Adabiyot jallodlari, deya ta’riflaganlar ko’ngli hur, maslagi toza, talantlarni nishonga olib, ularning umrini ermakka xazon qilishgan. Bundan tug’ilgan qo’rquv va mash’um tahlika shaxsiyatsizlikni kuchaytirib yuborgan.

O’zlikni qatag’on etish, shundoq ham kuchsizlanib qolgan millat hislarni yemirib, diniy-irfoniy e’tiqodning ildiziga bolta urishini birinchilardan bo’lib Fitrat domla anglab yetgan. Cho’lpon va Qodiriyning dunyoqarashi shu nuqtada birlashib, xalqni “erk ertaklari”ga aldanmaslikka chorlovchi Ovoz vazifasini o’tagan. Fitrat, Cho’lpon, Qodiriyni jisman mahv etish aslida, ana shu muazzam Ovozni o’chirish va adabiyotdagi intiqom yo’nalishini butunlay boshqa tomonga burib yuborish edi. Butun sovet tarixi mobaynida davom topgan qabohat – elim, yurtim degan mustaqil va erkin shaxsni yakkalash, ta’qib va tahqir usuli bilan uni zimdan qulatish o’sha davrlardan boshlangan. Eng ajablanarlisi esa ayni tajribaning mustaqillikdan keyin qat’iyat-la joriy qilinishidir. Buning kulfatu kasofatidan adabiyot hali-beri qutulolmaydi…

S.T: Ijodkor o’zligini ifoda etish uchun badiiy shakldan foydalandi. “Men”lik hissini qondirish niyatida yozuvchi ijod tomon yuzlanadi. Badiiy ijod nafs bilan bog’liq hodisami? Ulug’larimiz Rumiy, G’azzoliy, Navoiy, Bobur asarlarida nafs da’vosi ta’nami yoxud tavba? Navoiy “o’zlik imorati”, “o’zlik hijobi” deganda nimani nazarda tutgan ekan?

I.H:Agar “jilov”ni qo’lga olib qarshilik ko’rsatilmasa, haqiqatda nafs g’orat qiluvchi quvvatdir. Tasavvufshunos Izaziddin Koshoniy nafsning kibr, nifoq, riyo kabi xususiyatlari haqida so’z yuritib yana bunday deydi: “Nafsning yana bir sifati uluhiyat da’vosi va Haq subhanahu va taolo bilan ziddiyatga kirishuvidir”. Mana shuning uchun Ollohdan madad yetmasa, nafsni yengib bo’lmaydi. Podshoh va katta amaldorlar taqdiri bilan qiziqilsa, ulardan ko’pchiligi nafsiga avval mag’lub, keyin qurbon bo’lganligiayonlashadi. Navoiyning “o’zlik imorati”, o’zlik hijobi”dan nazarda tutgani ham nafs. Buyuk shoir nafs va nafsoniy hayotni shunchalik keng o’rganganki, uning quyidagi ruboiysi mag’zini chaqib mushohada qila bilgan kishi o’z-o’zidan nafsshunos bo’lgisi keladi:

Nafs amrida har nechaki talping’aysen,
Ko’p garchi butunluq tilasang, sing’aysen.
Kom istayu, necha elg’a yoling’aysen,
Nafsingg’a xilof aylakim, ting’aysen.

Hamma gap nafs amriga teskari tura bilishda: shunda butunlikka ham yetishish mumkin. Lekin bu juda qiyin. Hatto ilm va ijod ham ushbu natijani qo’lga kiritishga yordam berolmaydi. Ayrim adib va olimlarning goh qahr otiga minib, ba’zan og’izdan ko’pik sochibadabiyot va adabiyotshunoslik to’g’risidagi gaplarini tinglab “Nahotki shular ham Yassaviy, Navoiy, Fuzuliyni o’qigan bo’lishsa?”, deya o’ylanib qolaman. Kimdaki baxillik, qitmirlik, xusumat, riyo, kibr, ichiqoralik, laqqilik sharpasi sezilib tebranib tursa, bilingki u nafs tutquni. Jamiyat yetarli darajada nafs ilmini egallamaguncha, axloq, qalb, ruh, nafosat, ma’rifatga doir fikr-mulohazalar taxminiy yoxud xayoliy bo’lib qolaveradi. Adabiyotning umumiy holati hozirgidan-da, og’irlashadi. Axir, janobi Payg’ambarimiz bekorga “Nafsini bilgan, Robbini bilur” demaganlar…

S.T:Domla, adabiyot maydonigaSiz bilan birga kirib kelgan avlod bugun kayvoniylarga aylanishdi. Ular hamon adabiyot maydonida o’z aytar so’ziga ega. Lekin nima uchundir jimlik va sokinlik hukm surmoqda. Adabiy shaxsiyatlar qayerda va sukutning ma’nosi nimada deb o’ylaysiz?

I.H: Siz nazarda tutgan ijodkorlarning ko’rinmay qolishiyu sukutining ma’nosini kechagi zamondan izlash kerak. Bilasizmi, saltanat va siyosat adabiyotdan hamisha qurbonlik, o’z manfaatiga muvofiq badal talab qiladi. Keyingi badal oldingilariga nisbatan og’ir va og’riqli bo’lgani bois o’zni o’nglab qat’iyat-la so’z aytish ba’zilarda qiyin kechayotir. Chunki turlanib-tuslanishni qoyillatadiganlari mening safdoshlarim orasida yo’q hisobi…

S.T: Mustaqillik davri adabiyoti (Turon – 24) haqidagi fikrlaringiz bugungi ijodkorlarni o’ksitganday bo’ldi. Chunki adabiy jarayon tinimsiz yangilanishda, o’zgarishda. Bu davr adabiyotidan ko’z yumib bo’lmaydiku! Bunday munosabat ularning ijodini tan olmaslikmi yoki boshqacha izohi bormi?

I.H:Ochig’ini tan oladigan bo’lsa, qariyb yigirma besh yildan ortiq davrda biz bir-birovimizning ko’zimizga qarab yolg’on so’zlash, oldingiga qaraganda ham aldovga asoslangan so’zamollikka mahorat kasb etgandik. Riyo va maddohlikda, ayniqsa, yosh ijodkorlar shu qadar oldinlab ketishdiki, ba’zilari nomus, uyat, ma’naviy mas’uliyatni ham unutishdi. Bular o’ziga o’zi kech bo’lsa-da, hisob bera bilsa-ku, na xub, malomat neligin fahmlamay yashayversa, avvalgi yo’l va usulni sal-pal o’zgartirib oldinga talpinaveradi. Bunga men shubhalanmayman. Darvoqe, keyingi paytlarda aksariyati o’rtamiyona, nafsu havoga qul talantsizlar adabiyot boshqaruvini qo’lga olishga jahd bilan intilayotir. Xudo ko’rsatmasin, shunaqalar adabiyot taqdirini hal etadigan bo’lsa, yiltillayotgan uchqun ham o’chadi. Ana unda iste’dodga umuman o’rin ham, ehtiyoj ham qolmaydi. Shuning uchun kimlargadir yoqadimi yoki yoqmaydimi –to’g’risini so’zlash kerak. Quvg’in etilgan to’g’rilik va jur’atni jamiyatga qaytarish oson kechmaydi. “Turon – 24”dagi suhbatga kelsak, mening nomimdan unda ayrim gaplar qo’shilib, tanqid ohangi bir qadar kuchaytirilgan. Aytilgan so’z – otilgan o’q – bu haq gap. Mas’uliyatni men o’zimdan soqit qilmoqchiemasman. Demoqchimanki, “ijodkorlarni o’ksitgan” tanqidiy fikr va xulosalarni yanada chuqurlashtirib, dalillar bilan keng va puxtaroq asoslab berilsa, e’tiroz, balki kamayardi. Yana kim biladi deysiz? Ijodkor o’zini agar haq seza olsa, asarlariga vijdon ko’zi bilanqarab, ularni har nechuk to’g’ri baholay bilsa, hech payt tanqiddan ranjimaydi va jirillab tutun ham qaytarmaydi…

Adabiy jarayonning sifatli-sifatsiz, yaroqli yo yaroqsiz kitoblar bilan to’lib-toshishi bu – tub ma’nodagi o’zgarish bo’lmagani singari, yangilanish ham emas. Adabiy jarayondagi o’z o’rni va ahvolini bilmagan “daho”larning ijodini kimdir tan oldi nimayu, tan olmadi nima – axir bundan hech nima o’zgarmaydi-ku! Ustoz adiblardan birining, ko’rinish uchun yozilgan narsa yozuvchini ko’rsatmaydi, aksincha – ko’madi, mazmunidagi fikri menga maqbul. Ming afsuslar bo’lg’aykim, qanchadan-qancha shoiru adaiblar ijod orqali ham inson o’zini o’zi ko’mishini xayolga keltirolmaydi. Bu ham bir foje qismat.

09. 03. 2019.
Do’rmon

47

(Tashriflar: umumiy 221, bugungi 1)

Izoh qoldiring