Bahodir Karimov. «Haqiqat ochib so’zlashishdir…»

otgan kunlar
Мустабид шўролар тузуми даврида ўзбек зиёлиларининг ноҳақ бадном қилингани, қатағон сиёсати тўғрисида ёзганда ҳам асло бу номни четлаб ўта олмаймиз. Чунки Абдулла Қодирий сиймоси адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тимсоли сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади.

015
Баҳодир Каримов
«ҲАҚИҚАТ ОЧИБ СЎЗЛАШИШДИР»
Абдулла Қодирий сиймосига бир назар
066

Ўзбек миллатининг фахри, биринчи ўзбек романи муаллифи Абдулла Қодирий ўзининг юксак маънавий салоҳияти ва бетакрор адабий-эстетик тафаккури билан халқимизнинг эҳтиромини қозонган буюк адиб.
Биз ўзбек адабиётидаги энг биринчи ва гўзал романлар тўғрисида гапирганимизда, албатта, Қодирийни мамнуният билан ёдга оламиз.
Замонавий матбуотимиз тарихи, хусусан, «Муштум» журналининг ташкил топиш жараёнларини унинг номи билан боғлаймиз.
Мустабид шўролар тузуми даврида ўзбек зиёлиларининг ноҳақ бадном қилингани, қатағон сиёсати тўғрисида ёзганда ҳам асло бу номни четлаб ўта олмаймиз. Чунки Абдулла Қодирий сиймоси адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тимсоли сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади.
Абдулла Қодирий ҳақиқатнинг кўзларига тик қараган инсон эди. Бу зот ҳақиқатни қадрлади, ҳақгўйлик билан шуҳрат топди. Аммо умри давомида туҳматларга учраб, изтироблар ҳам чекди.

Абдулла Қодирий асарлари ўқувчилар қўлига теккандан буён ўксик қалбларга малҳам бўлди; миллатнинг бадиий дидини, гўзалликка муносабатини шакллантиришда улкан хизматлар қилди. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Зотан, қозоқ адиби Мухтор Авезов Абдулла Қодирий романлари 20-йилларда «Гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди» деган эътирофни бежизга айтмаган эди. «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»дек ажойиб романлар миллий-бадиий тафаккурни ана шу юксак чўққилар сари бошлади.
Абдулла Қодирий сиймоси халқимиз тасаввурида адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчаларининг тимсоли сифатида из қолдиргани бежиз эмас. Отабек ва Анвар, Кумуш ва Раъно, Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидор каби қаҳрамонлар оламида ёзувчининг ҳақгўйлиги, ҳаётдаги маънавий мезонлари ўз ифодасини топган, албатта.

Романнинг дастлабки эпизодларидаёқ ёзувчи Отабекни китобхонга ижтимоий адолат тантанасини қўмсаётган, истиқбол қайғуси, мамлакат ободлиги хусусида куйиб-ёниб сўйлаётган қаҳрамон сифатида таништиради. Қутидор уйида меҳмон бўлган Отабек савдогарлик билан Шамайга (Семипалат шаҳрига) бориб, ўзгача бошқарув тартиботларига гувоҳ бўлганидан, хонлик тузумида тартибсизлик ҳукмронлигидан сўз очади. Ўрисларнинг идора ишлари билан ўз замонасини таққослайди ва: «бир ой ичида ўз элимни ўрисники билан бир қаторда кўрсам» деган орзулари ширин хаёл эканини ўзи эътироф қилади. Зеро, Туркистоннинг ўша пайтдаги шароити таҳлил қилинар экан, Зиё шоҳичи «Бизнинг шу ҳолга тушишимиз ўз феъли хуйимиздан» дейди. Отабек эса ижтимоий тубанликнинг сабабини иттифоқсизликда, ўзаро низоларнинг авж олганида, «бузғунчи ва низочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқурига қараб» тортишида деб билади.
Абдулла Қодирий ХIХ аср охиридаги Туркистонда кечаётган аҳволдаги «чувалган ипнинг учини топиб бергандек» бўлади. Отабек мажлис аҳлига айтадики: «Модомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғувчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни улар ким бўлсалар ҳам иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир» (Абдулла Қодирий. Романлар, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», ўафур ўулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994, 17-18-бетлар. Кейинги кўчирмалар ҳам шу нашрдан олиниб, саҳифа рақами кўрсатиб ўтилади). Аслида бу ҳам ижтимоий адолатни, юрт фаровонлигини қўмсааётган адибнинг маънавий дунёсини, ботиний шуурида кечаётган безовталикни намоён қилади.
Бошқа бир эпизодда айнан ижтимоий адолатсизликлардан кўнгли ўксиган ҳожи: «Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида» қорайди (318-бет) дея изтиробларини изҳор этади. «Ўткан кунлар»нинг «Қипчоққа қирғин» номли бобида ёзувчи Отабекни хунрезликларга рўбарў қилади. Отабек бу ҳол учун отаси Юсуфбек ҳожини айблайди. Бориб отасига қаттиқ гаплар айтади. Ота бу гапларга қарата: «…отангни ҳам шу жониворлар орасига қўшиб ўлтиришинг қисқалиғингдир» (яъни ақли ноқислигинг демоқчи — Б.К.) деган мулоҳазаларни айтади. Сўнгра фикрини шундай давом эттиради: «Ўзинг ўйлаб кўр, ўғлим, ўз қўлимиз билан ўзимизникини кесишимизда мамлакат учун қандай фойда бор? Башарти мен бу ваҳшатка иштирок қилғон бўлсам, қайси ақл ва қандай манфаатни кузатиб қўшилишқан бўламан? Агарда маним юрт сўрамоққа ва шу восита билан бойлик ортдирмоққа орзум бўлса, бошқалардан ҳам кўра ўз ўғлимга – сенга маълум бўлмасмиди? Нега ҳар нарсага еткан ақлинг шунга қолганда оқсайдир? Нега ёнган юрагимга яна сен ҳам заҳар сочасан?» (290 – 291-бетлар). Дарҳақиқат, халқнинг обод ва озод турмушини дил-дилдан истаган Абдулла Қодирийдек бир инсоннинг маънавий-эстетик дунёсига бундай фикр-мулоҳазалар бегона эмас, албатта.
Абдулла Қодирий романида оилавий муаммоларни, кундош келинлар орасидаги келишмовчиликлар, ўзаро низоларни ҳам, уларнинг ечимини ҳам жуда ишонарли ва бағоят маҳорат билан тасвирлайди. Романдаги тасвирларга кўра, Юсуфбек ҳожи агар икки келин ўртасида «сўз чиққанини гоҳо эшитса, иккала келинни ўз олдига чақириб» насиҳат қилади. «Аввало Кумушдан ўпка қилиб: «Ойим, ҳар нима сиз каттасиз, Зайнаб ёш, каттадан кичикка шафқат лозим, мундоғ яхши эмас!» (362-бет) деган гапларни айтади. Сўнгра Зайнабга насиҳатлар бериб, «кейин иккисини дуо қилиб, бир бирига салом» бердиради. Қайнона-келин муносабатлари Юсуфбек ҳожидек доно-донишманд оила раҳбари назаридан четда қолмайди.

«Меҳробдан чаён» романидаги тасвирларда ҳам адибнинг покиза маънавий дунёси қаҳрамонлар табиатида яққол кўринади. Анвар ўзининг самимияти, дўстга, ёрга садоқати, ўзаро муомала-муносабатлардаги одоби билан китобхоннинг эътиборини қозонади. Қолаверса, роман охиридаги айнан адолат туйғуси билан боғлиқ бир эпизодга адабиётшунослар ҳар доим диққат қаратадилар. Бир эсланг, Анвар дўсти Султоналини ҳибсдан қутқариш учун Худоёрхон ўрдасига ўз оёғи билан кириб боради. Рақибининг жасоратини кўрган хон бир муддат айтишга сўз тополмай қолади. Сўнгра айтадики: «Сен бизга хиянат қилдинг, ит увли!». Анвар иқрор бўлади. «Тузимни унутдинг!» деган гапига ҳам «Тонмайман» дея жавоб беради. Орадаги қисқа, аммо шиддатли тўқнашувдан кейин Худоёрхон жаллодларни чорлайди. Шу вазиятдан кейинги ҳолатни адиб қуйидаги ифодалар билан тасвирлайди: «Анвар бош чайқаб кулди.
– Гуноҳсизни меним кўз ўнгимда банддан озод қилишмас экан, Анварни бу ердан чиқара олмаслар, қиблаи олам, – деди ва ўзини ташқарига торта бошлаган жаллодларни арслонларча силтаб юборди, – сизда адолат борми, жаноб?!
Қўрқунч бу ҳайқириқ Худоёрни инсофка келтирди» (622 – 623-бетлар). Гарчанд Анвар дор остига олиб кетилаётган бўлса-да, дўсти Султонали зулмдан қутулади. Қайсидир маънода адолат тантана қилади. Адиб бу ўринда ҳам «қўллари қон зулм ҳайкали» (М.Бузурук таъбири) саналган Худоёрхон образини нисбатан холис тасвирлайди.

Абдулла Қодирий қаламига хиёнат қилмади. Унинг ёзувчи сифатидаги адабий-эстетик тамойили воқеликни реал тасвирлаш, ҳақиқатга садоқатли бўлиш эди. Шу боис 20-йиллардаёқ «Ҳақиқат очиб сўзлашдадир» деган иборани ўзи учун шиор қилиб олади. 1926 йилда «Йиғинди гаплар» деган мақоласи учун туҳмат ва бўҳтонлардан қутулиш судда ёзма нутқ ўқийди. Ўша мустабид даврнинг «одил суд»ига қарата айтадики: «Мен тўғрилик орқасида бош кетса, «иҳ» дейдиган йигит эмасман». Сўнгра узун нутқининг охирида: «Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмаган содда, гўл, виждонлик бир йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир» (Қодирий А., Суддаги нутқ, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил 1 декабрь) деган фикрларни сўзлайди.

Шеркон Қодирийнинг ёзишича, машъум 1937 йили қамоққа олинганида ҳам: «Менга қўйилган айбларни бошдан-оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳар қандай, жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсаларинг, кўкрагимни кериб тураман…» («Қодирийни қўмсаб», Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1994 йил 6-бет) деб мардона туради. Абдулла Қодирийнинг бир мақоласи «Жасорат айб эмас» дея номланади. «Меҳробдан чаён» романидаги бир боб номи – «Жасур қиз»…
«Ҳар ким бир нима ёзар экан, олдин виждонини тарозу қилсин-да, қалам юритсин». «Қўрқоқлик виждонсизликдир» – Абдулла Қодирий ўз вақтида худди мана шундай фикр-мулоҳазалари учун жасур адиб бўлиб танилган эди. Бу мўътабар адиб умри давомида ҳам, ўлмас асарларида ҳам ўзлари билиб турган ҳолда ҳақиқатни ботилга алмаштирган ва ҳақиқатдан қўрққан, уни беркитган кимсаларни асло ёқлаган ҳам, оқлаган ҳам эмас.
Хуллас, адолат, ҳақиқат ва жасорат тушунчалари Абдулла Қодирийнинг шахсий ҳаёти ва ижодий биографиясида ўзаро уйғунлашиб, юксак маънавий мақомга кўтарилади. Натижада адибнинг ибратли сўзлари амалий фаолиятига нақадар мос келиши намоён бўлади. Ижодкор асарлари, хотирасининг умрбоқийлиги учун бундай юксак рутба ва уйғунлик жуда ҳам муҳимдир.

093

(Tashriflar: umumiy 171, bugungi 1)

Izoh qoldiring