Abdulkarim Bahriddin. «Rauf Parfi: Men kuyinib so’zlayman,xolos…»

001
ХХ аср туркий адабиётда ва хусусан ўзбек адабиётида унвони соҳир шеьрият соҳиби Рауф Парфининг ҳеч ким дахл қила олмайдиган ўз ўрни бор. Ҳақиқий шоирнинг абадий шеърияти ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача адабий жараённинг қоқ марказида бўлиб келди ва шундай бўлиб қолиши муқаррар. Ўзбек сўз санъатининг кейинги ярим асрини Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.

009
Абдулкарим Баҳриддин
MEН КУЙИНИБ СЎЗЛАЙМАН,ХОЛОС…

ХХ аср туркий адабиётда ва хусусан ўзбек адабиётида унвони соҳир шеьрият соҳиби Рауф Парфининг ҳеч ким дахл қила олмайдиган ўз ўрни бор. Ҳақиқий шоирнинг абадий шеърияти ХХ асрнинг 70-йилларидан бугунги кунгача адабий жараённинг қоқ марказида бўлиб келди ва шундай бўлиб қолиши муқаррар. Ўзбек сўз санъатининг кейинги ярим асрини Рауф Парфи ижодисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.
Рауф Парфи шеъриятининг бош мавзуи – бу Инсон, Ватан, Туркистон, туркий дунёнинг воҳидлиги. Шоир бир умр ўзининг жонбахш мавзуларига содиқ, эьтиқодига собит умргузаронлик қилди. Мўмин банда эди — бевафоларга ҳам вафо қилди, фақат иймонини сотмади. У ХХ аср одамининг бехад кескин фожеъ руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга қарор этган ва муродига етган жасоратли шоирдир.

1. «Видо табассумли олам, ёшлигим..»

Рауф Парфи Ўзтурк асли насаби фарғоналик (Водилдан) бўлиб, 1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида Парфи Муҳаммад Амин (1893-1955) ва Сакина Исабек (1913-1995) оиласида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таьлимни «Шарқ юлдузи» (1-7 синфлар), Шўралисой (53-мактаб, 8-9-синфлар), Янгийўл шаҳридаги Алишер Навоий (10-11 синфлар, кечки) мактабларида олди. 1960-1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди.
Рауф Парфининг аждодлари Туркистоннинг маърифатли ойдинларидан эдилар. Отаси Парфи Муҳаммад Аминнинг ҳам эскича, ҳам янгича маьлумоти бўлиб, форс-тожик, усмонли туркча ва рус тилларини яхши билган. Рус босқинига қадар, ундан кейин ҳам бир муддат турли маҳкамаларда таржимонлик-тилмочлик қилган. Кейинроқ большевизмнинг қонли қатағонидан жон сақлаш учун умрининг охиригача барча ҳужжатларда ўзини «саводсиз», деб ёздирган.
Рауф Парфининг туғилган йили ва исми турли ҳужжатларда турлича ёзилган. Биргина ишончли ҳужжат яқингача жамоа раиси Ҳамроқул Турсунқуловнинг котиби Ҳамид Азимбоевнинг уйида сақланган катта хўжалик дафтари бўлиб, унда «…Турсунали Парпибой ўғли Мадаминов 1943 йил 27 сентябрда туғилган…» деб ёзилган. Гарчи, отаси ёлғиз ўғлига Абдурауф деб исм қўйган эса-да, қариндош-уруғлар, шу бола ўлмасин, турсин деб, Аллоҳдан сўраб, ирим қилишиб Турсун Али отини қўйганлар. Худди шу маьнода бошида икки кокил ҳам ўстириб, бирини Ўшпиримга, бирини Шоҳимардон пиримга бағишлаганлар (Исломий, Шомоний).
1945 йили Парфи Муҳаммад Амин оиласининг бошида алғов-далғов можаролар кўп бўлиб ўтади. Бу можароларга ота-онасининг келиб чиқиши бойлардан бўлганлиги асосий сабаб бўлади. Парфининг отаси – Муҳаммад Амин, унинг отаси Муҳаммад Сиддиқ Норқучоқ, унинг отаси Муҳаммад Расул Фарғоний, унинг отаси Муҳаммад Раҳим Фарғоний… Ота томондан момоси Жосият биби, унинг онаси Хосият биби, унинг онаси Марям биби. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Доғистонга Имом Шомил қўшинига ёрдамга бораётган туркистонлик мужоҳидлар билан чор босқинига қарши жангга кетган экан. Доғистондан туркийча сўзлашадиган Марям деган қизни олиб келиб, тўй қилиб уйланган экан…Она томондан бобоси Исабек, унинг отаси Мусабек. Унинг отаси Толиббек, унинг отаси Олимбек… Она томондан момоси Қумринисо, унинг онаси Чаман бека… Онасининг катта момоси Ҳувайдо пиримнинг набираси бўлган.

Rauf aka-Sevinch-Munojot
Суратда: Рауф Парфи қизлари Муножот ва Севинч билан

Урушдан кейинги илик қуриган йиллар. Ўша пайтда «Бирлашув» жамоа хўжалигида отаси боғбон, онаси пиллакор бўлиб ишлайдилар. Отаси мусаллас қилиб, ўрислардан буғдойга, карислардан гуручга алмаштириб, очарчиликдан оиласини сақлаб қолади. 1947 йили ота-онаси билан Водил, Шоҳимардон, Жалолободга боради. Кейин Ўшга ўтишади. Ўшпиримга бағишланган кокилини 1948 йили олдиради. Биринчи синфга боради.
1950 йили иккинчи синфга ўтади. Дарсликлардан ташқари бадиий китобларни чанқоқлик билан ўқий бошлайди. Ота-онаси билан Шоҳимардонга боради. Шоҳимардон пиримга бағишланган иккинчи кокилини олдиради…
Рауф Парфи Ўзтурк 1953 йилдан эьтиборан биринчи устози (отасининг дўсти) шоир Абдураҳмон Водилий тарбиясида бўлади. 5 март куни илк шеьрини ёзади. У Сталин вафотига бағишланган «Энди қандай яшаймиз?!» деган марсия эди. Илк шеърини инсоният тарихидаги энг золим шахсга бағишлаган шоир кейинчалик зўровонликка қарши курашчи, инсон ҳуқуқлари ва эркининг ҳимоячиси бўлиб етишди.
Ёш Абдурауф мактаб кутубхонасида мавжуд бўлган ўзбек халқ достонларининг ҳаммасини ўқиб чиқади. Аммаси Хосиятбибидан (эртакчи) халқ достонларини ёзиб ола бошлайди.
1958 йили «Янгийўл» туман газетасида биринчи шеьри босилади. Кечки мактаб таҳсилини тугатгач, 1960 йили ТошДУга ўқишга киради. Талабалик давриданоқ жаҳон классикасини – Блок, Такубоку шеърларини таржима қилади. «Турк дунёси адабиёти» курсини ўқитишни таклиф қилади; ўзи дўстлари учун «Турк дунёси шеьрияти» дастурини ёзади. Талабалик йиллари Р.Парфи ҳикоялар ёзади. Леся Украинка шеьрларини таржима қилади. 1962 йили Нозим Ҳикмат шеърлари билан (София нашри) танишади. Унинг шеьрларини, «Инсон манзаралари» шеьрий эпопеясини таржима қила бошлайди.
1965 йилдаёқ ҳаёт ва абадият йўлидаги ўз эътиқодини баён этиб ёзганди: «Ҳаёт – жуда оддий, гўё бир бош узумни еб битирмак каби гап, умрнинг шоҳ томирини шарт кесмак каби мураккаб, биласанки, сўнгги соат бор, биласанки, сенда абадият каби яшамакка қаноат бор, тириклик меваси – Мен ва Сен, айтмакчиманки, онамнинг қошида бўлай доим, айтмакчиманки, гуллар ўссин, айтмакчиманки, Туркистоним бир бутун бўлсин, дўстларимдан мактублар олайин, жирканаман аслини йўқотган олтиндан, олмосдан, сотилган хотиндан, пулга чайиб олинган нафасдан…»

2. «Сўзнинг гулханида руҳим исинди…»

Рауф Парфи қўлига қалам тутган аснолардан эьтиборан шеьр — унинг учун қисматга, бир умрлик тақдирга айланган эди. Адабиётшунос Н.Раҳимжоновнинг фикрича: «Аслида, Ўзбекнинг шоири бўлиш ниҳоятда масъулиятли. Ва лекин, ниҳоятда шарафли. Боиси, ўзбек чақалоқларининг қулоғига айтилган азон ҳам шеьрдир. Ҳатто яқинларини, қариндош-уруғларини сўнгги манзилга ҳам йиғи-йўқловлар, марсиялар айтиб кузатади». Рауф Парфинининг наздидаги шоир «жафокаш шу хилқат аро қора қаламга.ҳамнишин тутинган», ғамгусор ва мотамсаро фикр сочаётган» инсондир, норизо одамдир. Аммо унинг норизолиги аввало ўзига қаратилган. Инсоннинг «қафас ичра уйғонган наво», «тошлоқларда қон ютган лола» сингари иложсизлиги, «ҳавоси сўриб олинган ҳаво»даги ҳаёти уни қийнайди. Шоир 70-йиллардаёқ ёзгани каби: «Юзма-юз келгандек гўё ўт ва сув, Юзма-юз келадир шоир ва замон». Зеро, «буюк эътиқоддир муборак илҳом» ва шоирнинг юрагида қасос яшайди, унда «собит интиқом».
Юксак идеалларга интилган Рауф Парфининг севиб эргашган шоири Блок шеърни тушунтириш имконсизлигини таъкидлаб «доцентнинг дастидан додлаган» сатрларни битганди. Биз ҳам шоир феноменни тушунтириш ниятидан йироқмиз. Аммо бу ҳам бир уриниш-да. Рауф Парфининг мажозий тимсоллардан тикланган бадиий тафаккури илк сатрлариданоқ эрк истаги ва озодлик руҳи, жамиятдаги зулмга, ижтимоий адолатсизликка, тенгсизликка, ноҳақликка қарши исён ғоялари билан тўйинганди. Рауф Парфи ХХ аср ўзбек поэзиясида фикр билан кечинманинг синтезини бадиий саньат даражасига кўтарди, соф туйғунинг табиий оқимини, қабариқ мажозий ифодасини бетакрор йўсинда омухталаштирди. Фикратнинг фожеий хазин оҳангга йўғрилганлиги шоир ижодининг зоҳирий тамғасидир. Истибдодга, Хиёнатга, Ёлғон ва риёга қарши исёнкор лирикаси юракдан чак-чак томаётган қон зардобларини эслатади. Унинг гўзаллик ходисасига айланган дардли шеъриятида Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таьмини туйиш, рангини кўриш, чеҳрасига тик боқиш мумкин.
Рауф Парфини ҳаёт ҳақиқати эмас, қалб ҳақиқати кўпроқ ўзига тортади. Менинг назаримда, у кундалик турмушда қандай яшамасин, одамлар билан қай тарзда мулоқот қилмасин, шеър ёзаётганда қандайдир руҳий юксакликда туриб ёзарди. Бир-икки марта унинг жаҳлини чиқаришга, фикрини шу тахлит билишга уриниб кўрганман. «Нега сиз ҳам «Ой чиқар гоҳ заҳоли, Қизлар кўпдир вафоли» ёки «Кигадир ёқар райҳон, Ким атиргул шайдоси» сингари сатрларни ёзмайсиз?» — деб сўраганман. Ва ундан жавоб ололмаганман. Унинг сатрлари залворли, у донишманд, у виждон сингари бир сўроқчи. Бу феноман ҳали ўрганилиши керак. У ўзбек шеърий маданиятидаги сарбаст шеьр тузилишини ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду-аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди, рауфона оксиморон тисоллар тизимини яратди. Ҳислар оқими шеьр мусиқийлигини ҳосил этиши — ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиш, аллитерация — оҳангдош сўзлар билан бойитилиш шеьрнинг тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таьминлади. «Тахайюл майига термуламан жим» дея зорланган шоирнинг тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу — воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни ҳаққоний идрок этиш йўлларидан бири.
«…Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, — деб ёзган эди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас. У — Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон». «Саньатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир… Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади» («Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, 2-сон, февраль).
Рауф Парфи сингари бир буюк ўзбек шоирининг ижодидан ҳар ким ўзи истаган фикрини топа олади. Энг муҳими, эҳтимол, айнан у шеър ҳақидаги минг йиллар қарор топган тушунчаларни парчалади. У шеър осон ўқилиши, ўқиган одам маза қилиши керак, деган тасаввурни синдирди. Унинг шеърлари бир ўқишда англашилиб кетадиган осон сатрлар эмас. Ундаги фикр силсилаларини англаш учун мияни «сиқиш», оғриқли ўйлаш керак бўлади. Шундагина ундан бойиниши, тўйиниш мумкин.
Рауф Парфи жуда завқли инсон эди. Ялиниб-ёлвориб, зўрға бир шеърини ўқиб беришга кўндирардик. Кейин шеърини тинглаб: «Устоз, жуда зўр шеър бўлибди-да», — десак, у жилмайиб: «Ёмон ёзолмасам, нима қилай?!! – дерди.
У Ҳамлету Отелло тўғрисида ёзганда ҳам, Байрон ва Егише Чаренцга мактуб битганда ҳам, Тҳакур ва Вейденбаумга назира битганида ҳам Туркистон ва туркийларни, Ўзбекистон ва ўзбекларни ёзарди. Рауф Парфининг 1981 йилда ёзиган ва ўша замонда чоп этилган «Муктибодҳ дуоси» аталган шеъри гўё Ҳиндистон мавзуида. Аммо ундаги ташбиҳ ва тасвирга эътибор қилинг:

Токай шундоқ қолур муқаддас бу ер.
Кундуз талвасада, кеча жон узган,
Сўқир вужудларнинг шаҳпарлари йўқ,
Руҳ – ташлаб кетилган уй каби тўзган,
Кўз – туман пинжида сўнаётган чўғ.

Сўнг тасвир яна ҳам қуюқлашади, сатрлар ҳукмдай жаранглайди: «Юракнинг энг чуқур қоронғусида Қор ичра беркинган сингари қўрқув. Ул бўшлиқ, бемантиқ меҳроб имдоди, Ундан ўлим ҳиди гуп этиб урар, Умиднинг, илҳомнинг, гулнинг жаллоди, Қонли қиличини сермаб югурар». Ахир бунда «Токи пул, амалдир ҳукми ом чиндан, Ахлоқ есирликда, имон қолгай тул, Нафосат – бир латта, этик ичинда, Кўрки, инсонликнинг қиммати бир пул!»
Бир пайтлар ҳазиллашиб: «Рауф ака, доимо сархуш юрасиз, дарвишоналик талабидасиз. Шу керакми?» — десам ҳазиллашиб, ул зот жиддий ўйлаб турдилар-да: «Мастлигим — бу менинг ниқобим, у мени асрайди, менинг айрим сатрларимни соғ одам, ақлу ҳуши бор одам ёзганини билсалар, йўқ қилиб юборардилар. «Э. бу бир жинни-да», алжирабди-да», — деб тегинмайдилар», — деди. Билмадим, ҳар ҳолда Рауф Парфи шунчаки гапирмасди.
Шўро замонида ҳамма нарса унутилади, ҳамма гунг, ғамлар эсда қолмайди, қувончли кунлар келганда ҳасратлар ёддан кўтарилади, гарчанд қамоқларда элпарварлар эзилаётган бир пайтда телеэкранларда ҳамма рақсга тушади, деб эзилганингда, халқ кўрмаса ҳам ҳис қилади, деб таскин излаганингда Рауф Парфининг 1982 йилда битилган бешлигини мутолаа қиласан ва йўқ, хотирот абадийдир, деб ўйлайсан, ҳамманинг ҳам кўзи юмуқ эмас:

Мен ночор ва меҳрибон
Кимсаларни кўрдим.
Кўрдим ғолиб жаллодларни.
Кўр эмасман,
Кўрдим.

Рауф Парфининг шахсга сиғиниш, турғунлик аталган «зерикиш», «ториқиш» йилларида, 1977 ёзилган: «Мақтов — ширин оғу, ширин ўлдилар» сатрлари замиридаги маъно абадий ҳақиқатдир. Унинг шеъриятидан ҳар ким ўз хулосасини чиқаради. Масалан, менга у миллатимизнинг зўровонлик тузумидаги фожиаларини ўшандаёқ акс этиргандай туюлади.
Инсоният тарихида жуда кўп зўравонлар орзуни эксплуатация қилиб кун кўрганлар. Ленин «жаҳон инқилоби», «интернационализм» каби шиорлар билан Россияни забт этолмагач: «Ер – деҳқонларга, завод – ишчиларга!» деган даъват билан халқни қўзғотди. Октябрь инқилоби – нафс инқилобидир. Наполеон: «Халқни фазилатлари орқали эмас, иллатлари орқали бошқариш осон», — деб ёзганди. Яъни, у босиб олинган шаҳарни талайсизлар, деб аскарларини жангга, олдинга ташларди. «Бугун қийин бўлса ҳам, эртага яхши бўлади, коммунизмда яшаймиз», — деб бошльшавойлар ҳам халқнинг яхши кун умидидан обдон фойдаландилар. Рауф Парфи буни англаб, «Ватан ҳақида Бернд Иенцга мактубим» номли «Ташқарида қор ёғмоқда эзгин-эзгин», — деб бошланувчи шеърида «миллион-миллион шаҳидлар номидан сўзлаётган карвон-карвон булутлар» ҳақида ёзар экан, ўзининг болтиқбўйилик дўстига «бизни орзулар оҳангида алдаётганлар ҳақида ўйлайлик кўпроқ», дея хитоб қилади. Орзу оҳангида алданиш – бу миллатнинг улкан фожеасидир. У халққа мурожаат этиб: «Сендадир матонат, сендадир тоқат… Ўлдирсанг ўзингни ўлдирдинг фақат», — деб тоқатнинг хаддин мўллиги, андишанинг керагидан ортиқлиги Ватанни ва миллатни фожеага етаклашини ҳам англаб куйинади.
Шоирнинг «Сўзлар», «Шеьрият», «Харита», «Она тилим», «Туркистон», «Чўли Ироқ», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё», «Қадимий туркийлардан», «Ўзингни аяма, бораётган илдиз», «Англатгани англаган бошлари қани» сингари ўнлаб шеьрларида Турон-Туркистоннинг олис ўтмиши, бугуни ва келажаги билан боғлиқ турфа бадиий талқинлар силсиласини кузатилади.
Шоир илгари сурган ғоялар ХХ аср шўро зулмининг, коммунистик истибдод воқелигининг, жамият ҳаётининг хилма-хил томонлари, мутелик кўринишлари орқали ёритилади. «Туркистон ёди», «Туркистон – энг ширин бўса», «Она тилим», «Ўзингни аяма бораётган илдиз», «Қадимий туркийлардан», «Ухлама сен, ҳақиқат», «Уйғонар Туркистон, уйғонар дунё» ва ҳ.з. ўнлаб шеьрлари ана шу қутлуғ ғояларнинг бадиий-фалсафий талқинлари ўлароқ юзага келади («Туркистон ёди. Нақадар узундир, оғирдир бу йўл»).
Рауф Парфи бадииятининг хизматларидан бири, бу – Чўлпоннинг эркчилик ғояларини ривожлантирганликда кўринади. У Чўлпон йўлини давом эттирди. ХХ аср ўрталари – ХХI аср бошлари ўзбек бадиий маданиятида Туркистонда туркчилик руҳини барқарор этди. Адабиётда миллият, миллатсеварлик, ватанпарварлик, миллий руҳни янги босқичга кўтарди.
Рауф Парфи эстетикасида ўзини таниш, ўзликни билиш — бу кўнгилга қайтишгина эмас. Яна, жамият сир-синоатларини, халқнинг дарди-аламларини чуқур туйиш ва тушунтириш ҳам демакдир. Бу — қайноқ воқеликка сингиб кетиш, халқ кўнглига қайтиш, миллат идеалини билишдир. Шоирнинг таҳкидлашига кўра, саньатнинг бош вазифаси — бу инсонни ҳимоя қилиш, инсонни улуғлаш, инсондаги одамийликни, юксак маьнавий-ахлоқий хислат-фазилатларни ардоқлаш, камол топдириш ва шу тариқа Аллоҳ жамолига етишишдир. Рауф Парфи шеърларида бу ҳақиқатларни очиқ айтиб, ақл ўргатмайди, балким ўз руҳияти орқали ўткариб ифодалайди.

3. «Мен куйиниб севаман, нетай?»

Рауф Парфи шунчаки яшамади, шунчаки ёзмади ва шунчаки севмади. У ишқда ҳам максималист эди. Учрашувдан қувониб: «Сени топгунга қадар Қандай яшадим мен? Наҳотки яшадим?» деб ажабланганди. Айрилиқ ҳақида ёшлигидаёқ: «Айрилсак, ер ўқидан чиқиб кетар», деб ёзганди ва бу ҳеч кимга ваҳима бўлиб туюлмаган. Унинг соғинчи шу қадар чексизки, у ёрининг ёнида туриб ҳам соғинади: «Вужудим яллиғланар нафасингдан. Сен шундай яқинсанки, жон қадар ахир, Барибир, сени соғинаман, севгилим». Ўзининг эътирофича: «Оғир севганидан рашки ҳам оғир». Ёрининг хиёнатидан хабар топган ошиқ фарёд солмайди: «Кел, видолашайлик энди соғиниб», — дейди:

Шу гаплар рост бўлса ёлғизим йиғлаб,
Сенга ўлим тилаб қолар эдим мен.
Йўқ, йўқ мозорингни ўпиб, тимдалаб
Қайта тирилтириб олар эдим мен.

Ростин айт, мен озлик қилдимми сенга?!
Айт, бир юрак озми? Мана! Тўйдим-ку!
Ўжар севгим билан тегдим жонингга,
Кечир рашким билан қийнаб қўйдим-ку.

Рауф Парфи бир уйда муқим яшамаган. У дунёда бир сайёҳатчидай, йўлчидай юриб ўтди. Неча марта турмуш қурганини ҳеч ким аниқ билмайди. Бирор «тўрт марта» дейди, бошқаси — «беш марта». Ҳар гал янги оиласига уй-жойни ташлаб яна йўлига кетарди. 1975 йил уйидан кетиб, кандакор Омон Азизникида яшаб юради. Кейин ҳайкалтарош Илҳом Жабборнинг устахонасида жой топади, қўним топмайди. 90-йилларда рассом Исфандиёр Ҳайдарнинг устахонасида яшаб юради. Кейин тоғаси – тарихчи Акрам Муҳиддинникида яшайди. Драматург Алишер Ҳамдамникида ҳам бир майизни баҳам кўриб юради. Буларнинг бари муҳим эмасдир, аммо унинг ҳаётини характерлайдиган жиҳатлардир.
Ҳаётини доирага жойлай олмаган шоир, шеъриятида ўзини сиқувга оларди. У қатъий чегараларга эга бўлган сонет жанрида кўп ёзарди. Шеърларининг бир қанчасида бош ҳарфлар у юкинган устозлар, унга йўлдош бўлган ҳамдамлар исмини ифодалаган. Мана, унинг Сўз ҳақидаги сатрлари (уларнинг бош ҳарфларида шоирнинг сўнги умрдошининг исми муҳрланган):

Сўзнинг гулханида руҳим исинди,
Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.
Лабларим ёрилди, тишларим синди,
Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.
Иймон қайда? Билмас қаттол жувонмарг,
Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.
Аламзор қўйнида эзилган бир барг.

Мазкур шеърнинг сатрларининг бош ҳарфларидан шоирнинг аввалги умрдоши исмларини ўқиш мумкин:

Даьват қил, гуноҳкор бандангни чақир.
Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга,
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаьмини сўндирма, Аллоҳ.

Қуйидаги сатрларнинг бош ҳарфларидан шоир қизининг исми яшириндир:

Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…
Аллоҳим билурсен қай сари кетдим…
Аллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…

Рауф Парфи умрининг сўнги йилларида Аллоҳга кўп мурожаат қилди. Дунёга келди, кўрди, юрди ва, шукрки, Аллоҳни таниди. Шоир чин дунё сари пайғамбар ёшида кетди.

МАЪЛУМОТЛАР:

Рауф ПАРФИ:
1943 йилнинг 27 сентябрида Тошкент вилояти, Янгийўл тумани Шўралисой қишлоғида тағилган
Бошланғич ва ўрта таьлимни «Шарқ юлдузи», Шўралисой, Янгийўлдаги Алишер Навоий мактабларида олди.
1960-1965 йилларда Тошкент Давлат Дорилфунунининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди.
Жумҳурият Кино қўмитасида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси тарғибот марказида бош муҳаррир, «Жаҳон адабиёти» журналида етакчи муҳаррир вазифаларида хизмат қилди.
Рауф Парфининг шоир, носир, таржимон сифатидаги ижодий-ижтимоий фаолияти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Туркия Ёзарлар бирлигининг адабий мукофотларига сазовор бўлди. У Халқаро Маҳмуд Қошғарий, Туркия Диёнат Вақфи мукофотининг лауреатидир.
Шоирга 1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири фахрий унвони берилди.
2005 йилнинг 28 мартида вафот этди

Чоп этилган китоблари:

1968 йил — «Карвон йўли»
1970 йил — «Акс садо»
1973 йил — «Тасвир»
1975 йил — «Хотирот»
1977 йил — «Кўзлар»
1978 йил — «Қайтиш»
1986 йил — «Сабр дарахти»
1989 йил — «Сукунат»
2000 йил – «Тавба»
2005 йил – «Сўнги видо»

Чоп этилмаган китоблар:

1987 йил — «Баргрезон»
1988 йил — «Она Туркистон»
1989 йил — «Ўлимдан сўнг»
1990 йил — «Турон диёри»
1992 йил — «Туркистон руҳи»
1993 йил — «Фано водийси»

Шоирнинг тугалланмаган асарлари:

«Турон Диёри» (шеьрий китоб),
«Фано водийси» (шеьрий китоб),
«Муҳожир» (роман).

Умрининг интиҳосида «Тавба», «Минг йил сизни изладимми мен», «Дунёнинг энг гўзал аёли», «Тҳакурия» туркумларини, «Адашган руҳ» достонини битди.

Таржималари

Анвар Саламет, «Олтин болта» эртак-достони
Нозим Ҳикмат, «Инсон манзаралари»
Байрон, «Манфред» драматик достони
К.Каладзе, «Денгиз хаёли» китоби
Мочавариани, «Шиддат» китоби
А.Дюма, «Уч сарбоз» (роман асосида драма)
М.Ҳодий, «Алвоҳи интибоҳ» достони
Я.Солович, «Кумуш сиртлон» драмаси
А.Твардовский, «Хотира ҳуқуқи»
Б.Брехт, И.Бехер, П.Неруда шеърияти

ИҚТИБОСЛАР:

Рауф Парфи – яралари очиқ шоир. Унда ҳазинлик кўп, ора-сира шунчаки марсия ҳам ёзиб ташлайди, тушкунлик аломатлари ҳам учрайди. Мен буни шоирнинг айбига йўймасдим. Шоир инсоний дардлардан холи бўлолмайди. Рауф Парфи эсаэса шоир сифатида ўзлигини тўлароқ ифода этишга интилади.

Асқад МУХТОР,
Ўзбекистон халқ шоири

Модернизм бугунги ўзбек шеъриятининг жиддий услубий йўналишларидан бўлиб, миллий поэзиямизнинг янада таъсирчан ва тароватли бўлишини таъминлаётир. Бугунги ўзбек шеъриятида ўзига хос йўналиш яратган шоир Рауф Парфи миллий модерн шеъриятининг асосчиларидан бири ва энг йирик вакилидир

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ, профессор

Инсоннинг руҳоний эркинлиги масаласи Рауф Парфи ижодининг ўзак мағзини ташкил этади. Шу боисдан ҳам шоир лирикасида туйғулар ҳаётини, кечинмалар манзарасини, ҳолат-кайфиятлар суратини чизиш алоҳида тамойилга айланган. Шу боисдан ҳам уни туйғу-кечинмалар мусаввири дейишади.

Нўъмон РАҲИМЖОНОВ ,
профессор

Шеърга, Сўзга, Илҳомга мубтало бўлиб, уларга сиғинарчасига яшаб, нафақат ўзининг, балким яқин-ялангларию бола-чақаси, қавму қариндошларию ёр бирордарлари юрак-бағрини бир умр тилкалаб ўтган шоир ё бошқа санъаткор маданиятимиз тарихида унча кўп бўлмаган. Шуларни ўйлаганда хаёлимга негадир «лоп» этиб бир пайтнинг ўзида ҳам шоҳ, ҳам девона Машраб келади. Кейин… кейин хаёлим унда – Рауф Парфида тўхтайди.

Улуғбек ҲАМДАМ,
филология фанлари номзоди

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

Izoh qoldiring