Bahodir Sodiqov. Xurshid Davronnning ilk kitobi — «Qadrdon quyosh» haqida (1980)

Ashampoo_Snap_2017.03.04_19h09m45s_005_.png    Ёш шоир Хуршид Давроннинг илк китоби “Қадрдон қуёш” узоқ соғинчлардан сўнг ўқувчилар қўлига тегди. Китоби чиққунга қадар ҳам Хуршиднинг номи тез-тез журналларда, альманахларда кўзга ташланиб, ўз ўқувчиларини топиб улгурган эди. Осмоннинг ҳамма жойда мовий эканлигини тушуниш учун бутун дунёни айланиб чиқиш шарт эмас. Лекин шоирнинг қандайлигини билиш учун унинг ҳамма шеърини ўқиб чиқиш керак бўлади. “Қадрдон қуёш”ни ўқиб чиққач, шоир билан қадрдон бўлиб қоласиз, унинг имкониятларини англаб оласиз.

Баҳодир СОДИҚОВ
ХУРШИД ДАВРОННИНГ ИЛК
КИТОБЛАРИ ҲАҚИДА

034

07   Баҳодир Содиқов 80-йилларда ўзбек адабиётшунослиги майдонида пайдо бўлган салоҳияти баланд, зукко олим эди. Унинг ҳам мумтоз, ҳам замонавий адабиёт йўналишида ёзган мақолалари ўша даврда жуда катта қизиқиш уйғотган, адабий жамоатчилик ёш олимнинг келажагига катта умид билан қараган эди. Менинг 1979 йили илк нашр этилган икки тўпламим: «Шаҳардаги олма дарахти» ва «Қадрдон қуёш»га муносабат билдирилган дастлабки мақола-тақризларни ҳам Баҳодир ёзганини унутмайман.

   Баҳодир Содиқов мумтоз адабиётни чуқур билишга интилган, бу соҳадаги мавжуд муаммолар, хусусан, мумтоз адабиёт намуналарини нашр этишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида ҳозиржавоблик билан муносабат билдиришдан қочмайдиган, ўз фикрини дадил ҳимоя қила оладиган мунаққид эди. Афсуски, ёш олимнинг фожиали ўлими адабиётимизни зукко билимдондан, бизни покиза қалб эгаси бўлган инсондан жудо этди. Унинг фожиали ўлимида ўз жонини қурбон қилиш эвазига ўзгалар ҳаётини сақлаб қолишдек, камдан-кам инсон журъат эта оладиган буюк инсоний жасорат намоён бўлганини асло хотирамиздан чиқармаслигимиз керак.

   Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида Хоразм вилояти, Шовот туманида туғулган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факултетида ўқиб юрган кезларидаёқ ўзбек замонавий шеърияти хусусидаги адабий — танқидий мақолалари матбуотда эълон қилинган. 1980 йилда фожиали ҳалок бўлди.

  Ҳаётлик чоғларида сўфий шоирлар ижодига доир тадқиқотларининг матбуотда ёритилишига ҳукмрон мафкура монелик қилди. Вафотида сўнг «Инсонни севмоқ керак» китоби ёруғлик юзини кўрди. Тадқиқотлари «Шарқ юлдузи». «Ёшлик» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида, «Камалак», «Шовот мавжлари» алманахларида босилди. Шунингдек, шеърлари ҳам баёзда ёритилган.

Хуршид Даврон

034

1.ҚУЁШГА КЎМИЛГАН ТУШЛАР

Бизда бирор ёзувчи ёки шоир ижодига баҳо берганда унинг ўзига хос эканлигини айтиб ўтиш одатга кирган. Аслида эса бу борада хатога йўл қўямиз десак ҳам бу ўзига хос нарса бўлар. Негаки, шоир ва ёзувчи у ёқда турсин, табиатнинг ҳар бир ижоди-ҳоҳ у жонли бўлсин, ҳоҳ жонсиз-ўзига хос, бир-бирини такрорламайди. Шоирлар тўғрисида гап кетганда “ ўзига хослик” даражаси ўзининг энг олий нуқтасида эътироф этилиши керакки, биз кўпинча бу хусусда қайғуриб ўтирмаймиз. Камчилигимиз ҳам поэтик ёки инкоримизнинг савияси юқори эмаслигида кўринади.

Юқоридаги муқаддимадан сўнг кейинги йилларда адабиётимизга кириб келаётган ёшлар ўзига хос овозга эга деб қўя қолиш билан чегараланмаслигимиз мумкин.

0-13e.jpgЁш шоир Хуршид Давроннинг илк китоби “Қадрдон қуёш” узоқ соғинчлардан сўнг ўқувчилар қўлига тегди. Китоби чиққунга қадар ҳам Хуршиднинг номи тез-тез журналларда, альманахларда кўзга ташланиб, ўз ўқувчиларини топиб улгурган эди. Осмоннинг ҳамма жойда мовий эканлигини тушуниш учун бутун дунёни айланиб чиқиш шарт эмас. Лекин шоирнинг қандайлигини билиш учун унинг ҳамма шеърини ўқиб чиқиш керак бўлади. “Қадрдон қуёш”ни ўқиб чиққач, шоир билан қадрдон бўлиб қоласиз, унинг имкониятларини англаб оласиз.

Шоир ўзининг собиқ болалигига шеърлар бағишлайди. Бунинг энг қувончли томони шундаки, болалик бир бўлгани каби у ҳақдаги фикрлар ҳам бир-бирининг давоми, бири иккинчисини инкор этмайди. Одамзод бола экан, улғайишни севади. “Тезроқ катта бўлсайдим” дейди ва бунга эришади. Вақтнинг ўзи биринчи табиий офат-ку! Дунё қизиқ экан-да, улғайгач “бола” ўз болалигини соғиниб қолади. Бу соғиниш соғинч билангина чегараланади. Одамзод умри-ранглар босқичи. Покликнинг энг маъсум даври оппоқ ранг-да. Дунё оппоқ. Оппоқ дунё эриб кетади, яна қизиллашиб ва яшиллашиб тирилади. Қизил ва яшил дунё.

Довуччадек мўлтираб боқди,
Қўшни боққа тушган болалик…

Яшил дунё билан қўшилиб, болалик ҳам кетиб қолади.Мовийлашган олам бизга ўспиринликни ҳадя этади. Кўз қорачиғида тундан бир парча яшириб олган болалик маҳзун. Бу гўзал маҳзунлик. Севгининг ранги мовий кечган болалик севги инъом этибди. Ранглар босқичи доимо алмашинавермайди. Босқичлар рангларда аралашиб кетади. Соғиниб-соғиниб болаликнинг биринчи дарагини сочларимизда кзрамиз ва бунга ҳайрон қоламиз. Мия билан юрак ўртасида саргардон хотиралар кўзларнинг тубига йиғилади , олам биринчи муҳаббатнинг маъюс нигоҳларига маст бўлиб қолади.

Хотира ниманидир ўзида сақлайди, нимадир хотирани жунбушга келтиради. Хотира уйғонсагина гўзалдир. Болаликнинг ҳиди бормикин, агар бор бўлса у ялпизнинг бўйидир. Ялпиз ҳидини ҳатто бошқа майсалар ҳам соғинади, севади. Севмасликка эса инсонга йўл бўлсин.Ҳатто шамол ҳам бахтиёр, ахир унинг бағри ялпиз ҳидига тўлган. Шамол ҳидлар соғинчини узоқларга олиб кетади. Соғинчлар севинчга айланади. Булар армонли севинчлар. Соғинганлар орасида ўз дардига малҳам бўлган ялпиз сабаб дунёни ҳам ялпиз кўкати дегувчилар бор. Кўз ёшлари ҳид олиб тўкилади. Кўз ёшларининг ҳиди қандай экан?

Киши бир соғинмасин экан-да, киши бир изламасин экан-да.Соғинчнинг висолига, излаганнинг дийдорига етган одам қандай бахтиёр бўлади. Излаганини тополмадими, кўз олдидаги нарсалар уни янада узоқлаштираверади.Юлдузлар қуш бўлиб учадилар, киприкка ёш бўлиб қўнадилар. Ёш бўлиб қўниб тош бўлиб тўкилади. Кўзларнинг тун бўлмасликка иложи қолдими, юлдузлар қўниб, тўкилиб турса. Тонг эса юракдан бўғизгача кўтарилиб тиқилиб қолади. Юлдузлар тўкилаверади, ахир кўзларга тонг кўтарилаяпти.
Яна ўзимизга қайтамиз. Биз болалар эмасмиз. Агар энди бола бўлсак, яхши болалар бўлар эдик. Атрофга бир нигоҳ ташлаймиз. Ўзбекистон ! Тафти пасайган қуёшнинг собиқ иси теримчи қизларнинг чеҳраларидан паноҳ топган. Қуёшга паноҳ берган чеҳраларнинг эгалари тўлиб кетган армонлар мисол эгатларга эгилиб оппоқ қуёшларни терадилар…Оппоқ шийпонларда кўксини илиқ мовий шамолларга бериб ухлаб ётишади. Теримчи қизлар ўз тушларини қуёшга кўмиб ухлайдилар. Қуёш уларнинг чеҳраларидир. Агар бу қизлар қиз эмас, Ўзбекистон бўлса-чи! Унда оппоқ водийлар қорга кўмилган воҳаларда туш кўраётган Ўзбекистон уйғонади. Тушлари қуёшда қолаверади. Қуёш тушлар-у армонларнинг иссиқ қабри!

-Шеърлар бизни ўзи билан бўғилиб сайраган қушдан ҳам узоқ-узоқларга олиб кетади. Узоқларда нима бор? Ҳамма гап ўша нимада. Ниманинг узоқ-яқинлиги иккинчи даражали нарса. Агар у бор бўлса топилади, унга етамиз. Нимани топиш истагимиз қанчалик тиниқ ва беғубор бўлса унинг ўзи яқинлашиб келаверади. Поклигимизнинг этагидан ушлаб биз ҳам унга пешвоз чиқамиз. Ҳар ким бу нимани ўзича номлаб олади. Ўзи билан ўқувчини нима сари эргаштириш шоирнинг санъати. Санъат эса фалсафанинг энг олий ифодасидир. (Шеллинг). Санъатнинг энг фалсафий тури эса-шеърият ( Вордсворт). Шеъриятни ҳис қилмаган одам инсонни ҳам, табиатни ҳам сева олмайди.

Тўпламдаги энг яхши “Тун, бева аёл ва деразадаги соялар” шеъри етти қисмдан иборат.Бу хаёлнинг етти осмони, армонларнинг етти иқлимидир.

Деворда уйғонар қўлларнинг изи-
Эркакнинг қўллари…ва уни қучар.

Хаёл изларни уйғотди. Изларда уйғонган қўлларда аёл севган қизил гул. Севгилисини йўлдан эмас, хатлардан эмас, ўз юрагидан излаган аёлнинг хаёллари гуллайди.

Шароб қуй, бир ўзим ича олмадим.
Биз билан ёнма-ён ўтирсин қувонч,
Ва армон..юракда, туғилган ўғлим.

Юракдаги армон беванинг фарзанди.Бу дунёга сиғмас, лекин юракда туғилиб юракда яшаётган армоннинг кўзлари отасиники, лаблари онасидан. Бу болага алла айтиш мумкинми?

Менинг яшил тол човканим,
Аллаё алла болам.
Тушимда топиб олганим,
Аллаё алла, болам.

Армон ухлайдими? Армон бир эртак сўзласин. Бу эртак энг армонли ва энг буюк эртак бўлади.

Китобда бештагина шеър номланган. Қолганлари эса “ юлдузли-погонли” шеърлардир.

Ҳис-туйғуларни мулоҳаза қилганда хатолар юз беради.

Бу хатоларни Хуршид Даврон ҳам чеклаб ўтолмаган. Унда кўп сўзлилик, сўзларни ўринсиз қўллаш учрайди. Китобни очиш билан “ Мен эртага жуда эрта тинч уйқумни бузаман” дея бошланувчи шеърига тўғри келасиз. Тилимизда саҳар, тонг, субҳидам каби сўзлар борки, шоир ўзининг туриш вақтини ана шу сўзлардан ташқарида поэтик дидсизлик билан кўрсатади. “У аёлнинг қўллари дағал” шеърида дастлабки икки мисра жойида. Давом ва хулоса эса ўқувчини ғаш қилишдан бошқага хизмат қилолмайди. Агар фожиа туфайли кўнгил ғаш бўлса у бошқа гап, лекин хунуклик туғдирадиган ғашликнинг вазифаси биттагина холос. Шунга ўхшаш сўзлардаги ва фикрий қусурлар “Қишлоғим хотирасида қолган қўшиқлар”, “ Учишни истайман…” , “Қўшоқ ака ухламайсиз..” ва бошқа шеърларда ҳам кўринади. Булар, албатта, юқорида битилганидек туйғуларни идрок этишда йўл қўйилган табиий хатолардир. Табиий хатолар табиий муфаққиятларнинг маъсума ҳамширалари десак хато бўлмас.

2. ТУШЛАРГА СИҒМАГАН ВАТАН.

Туш орзулар рўёбию армонлар муҳри босилган гўзаллик, оламнинг тортишиш кучига ҳам бўйсунмайдиган ҳурлик ва илоҳий беҳудудлик ўлкасидир.Ана шу фазилатлари билан бирга туш эркин мантиқсизлик ўлкаси ҳамдир.Мантиқсизлашганда қайтага ўзимизга кўпроқ ёқавермайдиган, “қонуну расмга телба-тескари”лашганида яна ҳам хуш келаверадиган ҳамма нарсани туш кўриш мумкин.Улар эса тушларимиздек жуда-жуда кўп.Лекин, фақатгина ватанни туш кўриб бўлмайди!…Ватан тушнинг ҳеч қайси вазн ва шаклларига сиғмайди.У шу қадар муқаддаски, шу қадар азизки, салгина мантиқсизлик заминидан сал бўлсин узилиш бўлган жойда уни йўқотиб қўямиз.

Ватаннинг сарҳадлари-соқчилар турган чегарагина эмас.Ватаннинг руҳий сарҳадлари вужудимиз, танимиздадир.Кўзларимиз, тилимиз, қулоқларимиз, юрагимиз ва нафасимиз билан бу чегарани “бузиб” ўтамиз.Ва шу “бузиб ўтиш” баробарида у ҳам бизни “забт эта боради”.Ва “бузиб ўтиш” Ватанни англаш ва севишнинг сўзбошисидир.Лекин ушбу мулоҳазаларни тўхтатишга ижозат берадиган яна бир фикр бор.Ким шу пайтгача ўз отасининг киндигини кесибди; ким қайси замонда ўз онасини ўзи туғибди?! Бу ўша фикр.

Ушбу ўйлар яхши шоиримиз, бизга доимо шеърларидан кейин яхши хаёллар суриш ҳолатини берадиган Хуршид Давроннинг “Олтин беланчак” сериясида чоп этилган “Шаҳардаги олма дарахти” тўпламини ўқиш давомида ва ундан кейин пайдо бўлди.Шоир ўз шеърларига олтита мезон қўяди.Булар: ҳақиқат, журъат-жасорат, маъсулият, она-юрт дардиларини севиш,она- доя қотиллик,замонага шукрона мезонларидир.Она-доя қотиллик деганимиз “Шоир шеърнинг олдиндан тирик,шеър сўнгида ўлмоғи даркор” мисраларида ўзини баён қилади.Бу янгилик туғувчи, қонидан шеър унувчи ва ҳар ўлганидан сўнг янги юксак босқичларда туғилувчи қотилликдир,шахсий-хусусий қотилликдир.

Мезонлардан яна бири-она-юрт дардларини туйиш ва суйиш.

Тўмарисдек аёл қўлларин,
Қадоқлари тиларкан кеч куз,
Қоғоздаги шеърим йўллари,
Юрагимда қон қолдирган из.-

бандида бир-бирини тўлдиради, ана шу қон қолдирган изларда лолалар ундиради.

Умуман,Хуршид Даврон мисралардан жамалаклар тақиб, сатрлардан кўйлак кийган қизу аёллар қувонарли даражада кўп. Улар кўпроқ тасаввурдаги, олдин хаёлимизда туғилиб, кейин шеърларда акс этган вазмин ва гўзал аёллардир.Улар бизга ягона имконият-ўзларини севиш имкониятини беришади.Шоир биринчи “Қадрдон қуёш” тўпламида аёлнинг ботиний гўзаллигини тасвирлашга уринган.”У аёлнинг қўллари дағал…” шеъри бор.Унда нафосат ожиз мададсиз-ҳимоясиз тушинилмаган ва киши кўнглини ғашлик қафасига соладиган,ҳеч бўлмаса унга ачиниш ҳам уйғота олмайдиган даражада ёқимсиз,шафқатдан ҳам паст бўлиб қолган эди.Ундаги гўзаллик фақат баён-ҳолатда,ҳаракатсиз,бинобарин, самара бериш ўрнига ўзи қандайдир шубҳали ғайри натижа сифатида кўринган эди.

Ушбу тўпламдаги “Тунда силкитаркан дарахтни шамол…” шеърида эса гўзаллик ҳаракатга кўчади,бошқа ҳаракатларга туртки беради; натижада нафис-гўзалликдаги ҳаракат ва ҳаракатдаги гўзаллик мувозанати ҳосил бўлади.Бу нафосат бевосита қудратга, тараққиётга асосланган.У яратади ва шу бунёдкорлик асосида ўзига, ўзининг мангулигига изоҳ беради, моддийлашади.Ушбу шеърни, китобдаги энг гўзал шеърни тўлиқ келтирамиз:

Тунда силкитаркан дарахтни шамол,
Дарахтлар титраркан маҳзун букчайиб,
Дарахтзор қошига келар бир аёл.
Нозик оёқларин шабнамга чайиб.

У гуллар сочади ҳовуч-ҳовучлаб,
Ҳайратга тўлади армонли боғлар.
У куйлай бошласа гулларни тишлаб
Уйғона бошлайди қуриган шохлар.

Биз кўпинча нарсалар ёки воқеа-вазиятларни уларнинг аксига қиёслаб баҳолаймиз.Юқоридаги шеърда эса гўзалликни қиёслайдиган, унинг акси бўлган бирдан-бир нарса борки, у ҳам бўлса фақат гўзалликдир.Бунда нафосат ўзини нафосат орқалигина ҳис қилади.Ана шу хислатларни ўзида жамлаган бу шеър беҳудуд оламни ҳисларда янада чексизлантиради, уфқни яна бир бор уфқ қадар нарига суради,коинотнинг марказини юрагимизга кўчириб келгандай бўлади.

Хуршид Давроннинг “Севдим гулу аёлларни мен” демаслиги самимиятдан бўлмас эди.Гўзаллик билан мангулик оралиғида-юлдузлар остида, гуллар устидаги севиш соатларини мангулик парчаси, нафосат бўлаги деб билиш маъсум эътирофдир.

Шоирнинг доимо эслаб юрадиган қишлоқ қизлари бор.Ўтган тўпламида “Тушларини қуёшга кўмиб ухлаб ётган теримчи қизлар” бевосита таъкид эди.Ушбу китобдаги “Эшиклар тўсатдан…” шеърида изидан тунни тентиратиб боғларда адаштириб қолдираётган шоирнинг, мушукдай юввош “чойшабларга ўралган гуллар”-шаҳар аёллари ҳақида ўйлаётган шоирнинг хаёлларида изоҳ-қиёс тарзида яна шу қизлар ётади:

Фақат узоқларда, тунги қирларда,
Кўзлари қора қиз, қоши қора қиз,
Йигитнинг кўксига эмас, далада,
Уватга бош қўйиб ухлайди ёлғиз.

Айтилмоқчи гап аслида шу.Лекин бу фикр бевосита, таъкид учунгина ишлатилган эмас.шоир ўз хаёлларини ўқувчига ҳадя этади ва сабаб-хулоса бўлмиш юқоридаги бандни яратади.
Шеърдаги муваффақият шундаки, “Узоқлардаги қоши қора қиз”га қаршироқ қўйилган “мушукдай юввош” шаҳар аёлларини кўз ўнгимизда хунук ва ёқимсиз қилиб қўймайди, улар ҳам нозик меҳр билан тасвирланади.Уларга кўрсатилган меҳр-илтифот “қоши қора қиз”га бўлган муҳаббат-қизғонишдан иборат кам эмас.

Теримчи қизларнинг фақат тушларида айтган қўшиғини эшитишни гражданлик деб аташни шоир ўз ижтимоий-лирик вазифаси ҳисоблайди.Бу шундай қўшиқ: уни юракнинг қулоқлари билан эшитиш, юракнинг кўзлари билан кўриш лозим.Ана шундагина унинг қандай қўшиқ эканлигини бошқаларга айта оламиз:

Бу қўшиқ бахт каби айлади сархуш,
Бу қўшиқ қуйилар самовий,маҳзун.
Бу қўшиқ туш каби жуда қисқа-ю,
Бу қўшиқ инсоннинг умридан узун.

Шоир –севимли ва гўзал аёллар, теримчи қизларни ана шундай сокин самимият билан тасвирлайди.Унинг бевалар ҳақидаги шеърлари ҳам ажойиб хусусиятларга эга.Ҳозирги кунда энг ёш классик беваларнинг ёши 50дан ошиб қолди.Эллигидан ошган аёлдан, ёшлигига меҳнату ҳасрат, ҳуснига жасорат, севги-ю вафосига маломат тенг шерик бўлган аёлдан нималар изламасликни, нималар истамасликни яхши биламиз.Лекин Хуршид Давроннинг бевалари шундай самимият ва маҳорат билан тасвирланадики, унда кампир эмас, қоши-кўзи сурмали бир гўзал кўринади.

Ва шоир Сизга бирор дақиқа беваларни кампир деб ўйлаш имконини бермайди.Бунга шоирнинг ҳақи бор, ҳақидан кўра кўпроқ истеъдоди бор! У классик беваларни гўё беваликнинг илк дақиқаларидан бошлабоқ вақтнинг қўлидан узоқроққа олиб қўйилган ҳолатга киритади.Вақт уларнинг юзлари, сочлари ва хаёллари билан ҳазиллашмаган.Вақт уларга келганида вазминлашиб инсон шаклига-файласуф сувратига киргану: “Йўқ! Гапирмасликка менинг ҳам ҳаққим бор!” дегандек туюлади.

Хуршид Давронда ҳар бир образга такрор-такрор қайтиш — асосий хусусиятлардан бири. Ўтган китобида дарахтлар билан ухлашга имкон сўраган эвазига уларнинг тушларини сўзлаб беришни орзу қилган шоир “Табиатдир менинг давомим” шеърида “Дарахт кулгусини кўрганман , кўрганман кўз ёшларини ҳам” дейди. Бу давом-инъикосидир.Табиатни ўзининг давоми билган қалб, вужуди ва маънавий мулкини топган қалб қувончию алами дарахтларга кулгу бўлиб, кўз ёши бўлиб ўтади, давом этади.

Хотиротдан “ярим кўк, ярим оқ ва қора битта барг” юборган дарахт унинг ялпизлар, яъни ўз болалиги,онаси кирган тушини қўриқлайди. Қисқаси,ДАРАХТ-шоирнинг асосий шеър рамзларидан бири. У УМР, ХОТИРОТ, ЮРТнинг табиатдаги тирик ҳайкалидир.У улғаядиган кексая оладиган бағри кенг,хотиротдан кўйлаклар киядиган ,пойига гулдасталар қўйилмайдиган ҳайкалдир.

Ана шунинг учун ҳам шоир “Бизлар минг йил утишга розимиз ахир.Дарахт шохларида баргдек ўсгани…” дея олади.Бу истак дунёдаги барча ғаму қувончлардан, висол ҳижронлардан таскин топади, овунади.

Тўпламдаги “Қиз ва шамол ҳақидаги эртак” ниҳоятда покиза,шеър руҳ тасвирининг ажойиб намунаси бўлмиш шеърдир.Унда шамолнинг суратини,бўсанинг рангини,севинчнинг ҳасратини кўрамиз:

Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч.
Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.

Бу манзара биринчи бўсадек беғуборлиги билан хотирамизда ёрқин из қолдиради.Бу ёрқин из бизни “Улуғ Инқилобнинг узвий парчаси Қўшоқ акаларнинг тунги инграши!” мисраларига ҳам олиб боради.

Тўпламдан “Кўзлар” достони айрим лавҳаларининг ўрин олганлиги ва уларни ўқигач, достон ҳақидаги таассуротлар ниҳоятда ёқимли эканлигини айтиш мароқлидир.Маълумки, ҳар бир тушунчанинг хусусий ва умумий маъноси бор.Дейлик кўз-инсоннинг кўриш аъзоси.Тарихнинг кўзи, халқнинг кўзи деганда эса қандай кўзни тушуниш керак?”Шоир эса халқнинг кўзидир, хира тортиб қолмасин бу кўз.Нурга чўмсин, нурга йўғрилсин юракларда яшаётган сўз”.Саволга шоир ана шундай жавоб билан давом этади.

Шоир мисли ўтли чегара,
Даврларнинг буюк ораси.

Инглиз романтикларидан бири “Шоирлар дунёнинг тан олинмаган қонунчиларидир” деганида қанчалар янглишмаган бўлса,Хуршид Даврон ҳам юқоридаги фикрлари билан шунчалар ҳақдир.

Достонда вужуднинг шоири-кўзлар ва халқнинг кўзи шоирлар ниҳоятда яқинлашиб қолади.Тескари нисбат сиқиқлиги юракка жо бўладиган даражада.

…Бадавий югуриб хонага кирар экан, бирданига тиззалари букилиб кетади-унга девордан саноқсиз кўзлар қараб турган эди.
У қўлидан келадиган ишни қилди: сувратда тик қараётган кўзларга шамшир урди;

Девордан қон каби, қон каби шу пайт,
Тўкила бошлайди Сўғднинг кўзлари.

Бу кўзлар сира юмилмас, фақатгина ёшдек тўкилар: девордаги тасвирлар на чекинар,на ҳужумга ўта олар эди.Бир вақти келиб “Улуғбек кўзидаги ёш” (Абдулла Орипов)-бўлган юлдузлар-“юлдуз эмас Афросиёбнинг деворидан ўйиб ташланган кўзлар!”.

Кўзлари ўйилган оналар гўдакларга нафас қилиб, ўйилган кўзларини юмдилар! Гўдакнинг ўйилган кўзларидан бир томчи ёш томди.Бу ҳали онадан айрилганини тушунгандан эмас, қорайган деворларда чайқалаётган саслар нафасидан тўлқинланиб тушган бир томчи ёш эди.Ана шу томчида бутун бир тарихлар, бутун тақдирларни акс эттирди,ғарқ қилди ва ютиб ҳам юборди.Ва ҳозирги хушбахт замона фонида,Ватаннинг мукаммал суврати фонида туриб ўша бир томчи ёшда нималар акс этаётганига назар соламиз:

Энди кўз  ўювчи одамлар йўқ деб,
Ким айтар кўзимга типпа-тик боқиб.

Жавоб беришга улгурмасдан томчида акс этаётган музаффар қуёшни кўрамиз; ахир у ҳам ўйилган кўзга, дилдаги қутлуғ СЎЗга ўхшайди.Ҳамма нарсада ўйилган кўзга ўхшашлик кўраверар экансиз, юракдаги дардлар ҳам ўйилган кўзга айланади:

Ўйилган кўзимнинг қорачиқлари,
Дард каби тўкилиб тушар қоғозга.
Ўйилган кўзларим ҳайқира бошлар,
…Ўйилган кўзларим қоғоздаги шеър…

Булар шеърга берилган таъриф эмас, балки дарднинг таърифидир.

Шеър эса-дарднинг ўйилган кўзи бўлмоғи керак! Достонда ниҳоятда оғир,ҳар қандай шошқалоқ хулоса босиб турадиган оғир руҳ ҳукмрон.Бунда сокин ғазаб,ҳорғин нафрат, улуғвор хаёлкашлик бор.Достонда ўйилган кўз,Сўз, Қуёш ва Ватан образларига кўп-кўп қайтилишининг боиси, улар вақти-вақти билан бир-бирларининг ўрнини босиб туришларидадир.Масалан,қуёш кўпгина ўринларда Ватан тимсолида келган ва яхши келган.

Хуршид Давроннинг бу ажойиб муваффақияти ёшлар шеъриятининг ноёб ютуғидир.Хуршиднинг чиқиш даврлари ниҳоятда яқин бўлган китоблардаги латиф фарқланиши кишини ҳайратга солади.Биринчи китобдаги кўп учраган жўнлилике, ортиқча сўз “едириш”, мисралардаги ва фикрлардаги сунъийлик иккинчи тўпламда қувончли миқдорда озайган.у ўзининг тор “ яратиш” устахонасидан кенг кашфиёт коинотга чиқиб бораяпти.

Эшиклар тўсатдан бир қучоқ нурни
Сочиб юборади туннинг кўксига—

байти “Боғчага очилган дераза.Таратар навони-ёғдуни” мисраларидан атиги бир йил кейин яратилган.Лекин буларнинг ҳар иккаласи бир китоб муқоваси остида.Ҳурматли ўқувчи булардан қай бири “бир қучоқ нур”лигини яхши билади ва шоирнинг йилдан-йилга қучоқ-қучоқ нурлар билан ошно бўлаётганини ҳис этади.

1980

«Қадрдон қуёш» тўплами ҳақида Асқарали Шароповнинг «Руҳий эҳтиёж ва масъулият ҳисси» мақоласини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

Хуршид ДАВРОН
«ҚАДРДОН ҚУЁШ»ДАН ШЕЪРЛАР
034

* * *

Мен эртага жуда эрта
Тинч уйқумни бузаман.
Оқ кўйлагим кияман-да,
Далаларни кезаман.

Яшилгина майсаларнинг
Бандларига босиб лаб,
Эркалайман қизалоқдай,
Қулоғига шивирлаб.

Кейин ойнинг елкасига
Қўлимни қўйиб беун,
Юрагимни очаман,
Ойдин бўлар ўша тун…

* * *

Оппоқ эди бошда бу дунё:
Кўча оппоқ, кечалар оппоқ,
Қандай яхши экан болалик,
Оппоқ ранглар билан яшамоқ…

Яшилланди кейин бирма-бир
Дала, чорбоғ, омонат кўприк.
Довуччадек мўлтираб боқди
Қўшни боққа тушган болалик…

Мовийланди кейин барчаси…
Болалигим термулди маҳзун:
Қорачиғи – туннинг парчаси,
Илк севгиси киприкдек узун.

Кейин аста хира тортди нур,
Аралашди оқ, яшил, мовий,
Болаликдан кейинги умр
Дарёдек тинч оқа бошлади.

Фақат баъзан бу азиз ранглар
Тушларимга солар қасирға.
Оппоқ болиш устида ёнар
Кўздан оққан томчи – исирға.

* * *

Жийда гулин исладим
Болалардай энтикиб.
Болалигим изладим
Далаларга кўз тикиб.

Ҳув, олис-олисларга
Қуёшдай сингиб кетай.
Бироқ ўтга кўмилиб
Йиғлагим келса, нетай?

Йиғлама деб, шивирлаб
Юпата бошлар ажиб,
Миттигина бойчечак
Қўлларимдан ушлаб жим.

* * *

Токчада даста ялпиз,
Ҳузур берар беморга.
Доридан дим хонамиз
Гўё тўлди баҳорга.

Ниманидир эслайди,
Уринади кулишга
Ва лекин ялпиз ҳиди
Тўкилади болишга.

Дунё ҳам кўзларига
Гўё ялпиз кўкати.
Кечалари уйғониб
У ялпизни ўпади.

* * *

Ҳали осмон дилимдай хира,
Ҳали қуёш ҳам ғира-шира.
Кўзларини уқалар толзор,
Ҳали қуёш ўзи тафтга зор.

Қиш ва баҳор ўртаси бир кун.
Кутгил, юрак, эрта тонг пайти
Куртакларни ташлаб кетар тун
Ва осмонда қуёш гуллайди.

* * *

У аёлнинг қўллари дағал,
У аёлнинг кўйлаги дағал.
Уни ҳар кун калтаклар эри,
Ҳар кун юзда кўкарар доғлар.

Кеча ногоҳ йўлнинг четида
Кўриб қолдим ўша аёлни:
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марварид гулни.

* * *

Дунёнинг безавол тонгида
Энтикиб кўз очдинг, ялпизим.
Кун ботди. Тун бўйи дунёда,
Ялпизим, мен сени изладим.

Юлдузлар қуш бўлиб учдилар,
Киприкка қўндилар ёш бўлиб.
Кўзларим тун рангин ичдилар,
Кўз ёшим тўкилди тош бўлиб.

Қайларга бекитди изларинг
Боғларда мудраган саратон.
Тун бўйи қуш бўлиб бўзладим,
Бўғзимга тиқилиб қолди тонг.

* * *

Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру-осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Ухлаб қолар ҳориган ота,
Ухлаб қолар теримчи сулув.
Ухлаб қолар чорбоғ ортида
Ариқчада жилдираган сув.

Фақат қора кўзларин очиб,
Ҳайрат билан тўлганда қучоқ,
Онасига ўхшатиб ойни
Талпинади ойдай чақалоқ

Ва меҳрдан ийиб, кўксини
Чақалоққа тутар ой хушҳол,
Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб
Беланчакни тебратар шамол…

* * *

Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматлари  — хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.
Улар
Тўлиб кетган армонлар каби,
Эгатларга эгилган.
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ бўлиб учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.
Ҳув… Бўғилиб сайраган
қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…

* * *

Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилла ранг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.

Шитирлаган кечки ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган далаю қир ҳам,
Бари менга таниш, қадрдон.

Дарахтларда ловиллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.

Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай шу он
Мен жимгина қўлим чўзаман
Ёнаётган гулханлар томон

* * *

Дераза – бешафқат чегара, —
Парчагина осмон кўринур.
Дераза, кўксимда сен яра.
Дераза – қора тун, ойдин нур.

Дераза қанотин қайирсанг,
Қалбимни қуршаса доира.
Бир парча умиддан айирсанг
Мен кимга ишонай, ҳамшира!

Дераза эртаклар сўйлайди,
Гоҳи ой кўринур, гоҳ қуёш.
Ялпизлар ҳидини бўйлайди,
Кўзимдан тирқираб оқар ёш.

Кўзимни кесади чегара,
Парчагина осмон – кўк ларза.
Тунлари ослар киприкка
Томчига айланган дераза…

* * *

Шовуллайди боғларда ёмғир,
Шовуллайди шаҳар узра жим.
Тарновларга узатиб кимдир
Узоқ тутиб қолди ҳовучин.

Шовуллайди ёмғир… Одамлар
Бекинишди ундан панада,
Кимдир унинг тинишин пойлар
Ёмғир қучган тунги хонада.

“Тезроқ тинса” – шивирлар, семиз
Портфелини кўтарган шоир.
Аслида-ку унинг шеърларин
Кўпчилиги ёмғирга доир.

Ариқчалар сувга тўлади,
Панада жим кутар оломон.
…Ана, биров шошмай ҳатлади
Остонадан кўчага томон.

Шовуллаган ёмғир остида
Қадам ташлаб боради хушҳол.
Яширганча гулни кўксида –
Уни кутар севимли аёл.

Ана… Ана… Сочи патила,
Қаранглар-эй, сочлари тўзиб,
Сакраб ўйнар кўчада бола,
Қўлларини ёмғирга чўзиб.

Ёмғирларда чўмилар нафас,
Кипригида ялтирар биллур.
Қуёш булут остидан эмас,
Сочар унинг кўзларидан нур.

…Меҳмонхона. Озғин бир киши
Йиғиштирар жомадонини.
“Ҳеч қаерни кўрмай…” Кўз ёши
Тўка бошлар унинг хотини.

“Бошқа сафар… Кўряпсан, ёмғир,
Нима қилай қўйди шошириб.
Мен бормасам бўлмайди, ахир
Чигитларим кетади чириб”.

…Ёғавергин, тинмагин, ёмғир,
Куйла сокин кунга қўшилиб
Ва шаҳарни айласин қамал
Гуллар иси – қирлар қўшини.

…Тунда эса қизнинг сочлари
Тўкиларкан бағримга оғир,
Туш кўраман оқ томчиларни,
Тушларимга киради ёмғир.

СПИТАМЕН ҚЎШИҒИ

Қўлимда бир қилич эрди,
Ул қилич қонимга зор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди,
Тиғида ёв қони хор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди
Уни менга берган ёр эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Ёт қилич қонимга зор энди,
Ёт қиличда қоним хор энди,
Ул хўб қиз ўзгага ёр энди,
Қўлимда бир қилич бор эрди.

* * *

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Чексиз-чексиз, ям-яшил қирлар,
Ўлаётган отнинг қорачиғида
Яғринини ювган ёмғирлар.

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Милтир-милтир ёнади юлдуз,
Ўлаётган отнинг қорачиғида
Чайқалади шудрингли ялпиз.

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Мовий осмон сўниб борадир.
Ўлаётган отнинг қорачиғида
Бир тасвир бор – заминдан оғир.

* * *

Мусаввир Бахтиёр Бобоев чизган манзарадан таъсирланиб

Қорнинг ҳиди келар…
Ора-оралаб
Шикаста оломон қирга ўрмалар –
Узоқдаги якка толни қоралаб,
Елкаларда тобут.
Қорнинг ҳиди келар…

Йўлнинг четидаги кўк кийган аёл,
Чироғинг ўчдими, нури сўндими?
Йўлнинг четидаги кўк кийган аёл,
У асло қайтмагай.
Не қилдик энди?..

Қор нафаси билан кечмоқда бу кун,
Қорайиб турибди кимнингдир қабри.
Катталардек жиддий болалар бугун,
Катталар йиғлашар болалар каби…

РАУФ ПАРФИ ШЕЪРИГА НАЗИРА

Қор ёғаётган оқшом
Шаҳарни кезсанг,
Ғира-шира кўчаларни
Кезсанг, қўлларингни чўнтакка тиқиб,
Қор эса эриса лабларингда жим.

Ўйласанг, олисларда қолган кимнидир,
Шу қорни ўйласанг, қалбинг энтикса.
Айниқса, ўзинг севган қизни ўйласанг,
Айниқса, ўйласанг онангни…

Қор эса тинмаса,
Тинмаса қадаминг.
Ўзинг ҳам бир қор учқунидай
Сингиб кетсанг туннинг бағрига.

Кимгадир йўл берсанг, кимгадир салом,
Аммо ўзинг сезмасанг буни.
Қор эса бўралаб ёғаверса жим,
Адашсанг-да билмасанг адашганингни…

* * *

Эшик очилади,
Дайди ит каби
Орқага чекинар нима қоронғулик…
Бир эркак чиқади кўчага эснаб,
Гўдак йиғисини яширар эшик.

Эркак қора рангли ёмғирпўшининг
Эзилган ёқасин кўтариб олар,
Эриниб излайди папиросини,
Шошмасдан тутатар, ўйланиб қолар.

Кейин деразага қарайди сўлғин,
Оҳиста, бош силкиб қўяди унсиз.
Бир аёл ойнадан силкитади қўл
Ва эркакни олиб кетади кундуз.

* * *

Поль Элюарга

…Жуда ишонаман,
…Шоир юраги
Қушга айланади ўлгандан бошлаб 
Саратоннинг чўғли боғлари узра
Учиб келмоқдасан парча муз тишлаб…

* * *

Иккинчи жаҳон урушида ҳалок  бўлган Нуриддин тоғамга

…Совуқ шамол мени қувади,
Сокин шаҳар кўчаларида,
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.

Сизни севган у қиз тирикми?
Қийнайдими хотира расми?
Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?

* * *

Қўшоқ ака, ухламайсиз,
Қишнинг узун кечаси,
Ёки ўйлаб қийналарсиз
Қўлдаги ўқ парчасин.

Ражаб ака, сиз ҳам уйғоқ,
Енголмассиз қийноқни,
Соғиндими ё ўнг оёқ
Кесилган чап оёқни.

Ярим тунда, қишлоқ аро
Учар ғамгин хаёллар,
Эрларини, ўғилларин
Ёд этади аёллар…

* * *

Бева ҳовлисига тун олдин кирар,
Қуюқлашиб борар дилда хотира.
Деворда, суратда: бир йигит кулар,
Ёнида жилмаяр бир қиз бокира.

Бева энг чиройли кўйлагин кийиб,
Очиқ деразадан термулар ғамгин.
Хона бурчагида ғамдан энтикиб,
Эски пластинка ғижиллар тағин.

Оқшомлари қийин бўлар бевага:
Хотиралар дилга кирар қуралаш.
Оғир бўлса ҳамки, тасвир бўлса ҳам
Суратга жилмаяр кўз ёш аралаш.

* * *

Бизлар жуда ақллимиз,
Минг ўлчаб, бир кесамиз,
Яшасин, деб халқимиз,
Мансабларда ўсамиз.

Бизлар жуда ақллимиз,
Қийналмаймиз дил титиб,
Чўмилмаймиз дарёларда
Чўкиб кетиш мумкин деб.

“Узилганда яшил япроқ,
Титрама, эвини қил.
Ҳаяжондан бўл, — дер, — йироқ” –
Оқ халат кийган ақл.

Бизлар жуда ақллимиз,
Баъзан кун-тун ўйлаймиз,
“Бу буюмни қайга қўйсак
Гўзал бўлар уйимиз”.

Бироқ кутар, қалбда ўкинч
Олисларда онамиз.
Қўмсамаймиз. Чунки соғинч
Эговлайди умримиз.

“Соғинибди?!.. Ўтар-кетар,
Бир кун бориб келамиз”.
Бошқа ишга урамиз қўл,
Чунки жуда ақллимиз.

Ойдек тоза қизни севиб,
Термилиб гул юзига.
Кейин эса, уйланамиз
Амалдорнинг қизига.

Рақибга тиғ билан чиқмоқ –
Даҳшат!
Нима қиламиз?!
Ахир бизлар ақллимиз,
Макр билан янчамиз.

…Бир кун ўлсак, устимизга
Улкан тошни қўйишар
Ва албатта ўша тошга
Ақлли сўз ўйишар.

045Bahodir SODIQOV
XURSHID DAVRONNING ILK
KITOBLARI   HAQIDA

034

07 Bahodir Sodiqov 80-yillarda o’zbek adabiyotshunosligi maydonida paydo bo’lgan salohiyati baland, zukko olim edi. Uning ham mumtoz, ham zamonaviy adabiyot yo’nalishida yozgan maqolalari o’sha davrda juda katta qiziqish uyg’otgan, adabiy jamoatchilik yosh olimning kelajagiga katta umid bilan qaragan edi. Mening 1979 yili ilk nashr etilgan ikki to’plamim: «Shahardagi olma daraxti» va «Qadrdon quyosh»ga munosabat bildirilgan dastlabki maqola-taqrizlarni ham Bahodir yozganini unutmayman.

Bahodir Sodiqov mumtoz adabiyotni chuqur bilishga intilgan, bu sohadagi mavjud muammolar, xususan, mumtoz adabiyot namunalarini nashr etishda yo’l qo’yilayotgan xato va kamchiliklar haqida hozirjavoblik bilan munosabat bildirishdan qochmaydigan, o’z fikrini dadil himoya qila oladigan munaqqid edi. Afsuski, yosh olimning fojiali o’limi adabiyotimizni zukko bilimdondan, bizni pokiza qalb egasi bo’lgan insondan judo etdi. Uning fojiali o’limida o’z jonini qurbon qilish evaziga o’zgalar hayotini saqlab qolishdek, kamdan-kam inson jur’at eta oladigan buyuk insoniy jasorat namoyon bo’lganini aslo xotiramizdan chiqarmasligimiz kerak.

Bahodir Sodiqov 1959 yilning 19 aprelida Xorazm viloyati, Shovot tumanida tug’ulgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakultetida o’qib yurgan kezlaridayoq o’zbek zamonaviy she’riyati xususidagi adabiy — tanqidiy maqolalari matbuotda e’lon qilingan. 1980 yilda fojiali halok bo’ldi.

Hayotlik chog’larida so’fiy shoirlar ijodiga doir tadqiqotlarining matbuotda yoritilishiga hukmron mafkura monelik qildi. Vafotida so’ng «Insonni sevmoq kerak» kitobi yorug’lik yuzini ko’rdi. Tadqiqotlari «Sharq yulduzi». «Yoshlik» jurnallarida, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» haftaligida, «Kamalak», «Shovot mavjlari» almanaxlarida bosildi. Shuningdek, she’rlari ham bayozda yoritilgan.

Xurshid Davron

034

1.QUYOSHGA KO’MILGAN TUSHLAR

Bizda biror yozuvchi yoki shoir ijodiga baho berganda uning o’ziga xos ekanligini aytib o’tish odatga kirgan. Aslida esa bu borada xatoga yo’l qo’yamiz desak ham bu o’ziga xos narsa bo’lar. Negaki, shoir va yozuvchi u yoqda tursin, tabiatning har bir ijodi-hoh u jonli bo’lsin, hoh jonsiz-o’ziga xos, bir-birini takrorlamaydi. Shoirlar to’g’risida gap ketganda “ o’ziga xoslik” darajasi o’zining eng oliy nuqtasida e’tirof etilishi kerakki, biz ko’pincha bu xususda qayg’urib o’tirmaymiz. Kamchiligimiz ham poetik yoki inkorimizning saviyasi yuqori emasligida ko’rinadi.

Yuqoridagi muqaddimadan so’ng keyingi yillarda adabiyotimizga kirib kelayotgan yoshlar o’ziga xos ovozga ega deb qo’ya qolish bilan chegaralanmasligimiz mumkin.

8 xurshid.jpgYosh shoir Xurshid Davronning ilk kitobi “Qadrdon quyosh” uzoq sog’inchlardan so’ng o’quvchilar qo’liga tegdi. Kitobi chiqqunga qadar ham Xurshidning nomi tez-tez jurnallarda, al`manaxlarda ko’zga tashlanib, o’z o’quvchilarini topib ulgurgan edi. Osmonning hamma joyda moviy ekanligini tushunish uchun butun dunyoni aylanib chiqish shart emas. Lekin shoirning qandayligini bilish uchun uning hamma she’rini o’qib chiqish kerak bo’ladi. “Qadrdon quyosh”ni o’qib chiqqach, shoir bilan qadrdon bo’lib qolasiz, uning imkoniyatlarini anglab olasiz.

Shoir o’zining sobiq bolaligiga she’rlar bag’ishlaydi. Buning eng quvonchli tomoni shundaki, bolalik bir bo’lgani kabi u haqdagi fikrlar ham bir-birining davomi, biri ikkinchisini inkor etmaydi. Odamzod bola ekan, ulg’ayishni sevadi. “Tezroq katta bo’lsaydim” deydi va bunga erishadi. Vaqtning o’zi birinchi tabiiy ofat-ku! Dunyo qiziq ekan-da, ulg’aygach “bola” o’z bolaligini sog’inib qoladi. Bu sog’inish sog’inch bilangina chegaralanadi. Odamzod umri-ranglar bosqichi. Poklikning eng ma’sum davri oppoq rang-da. Dunyo oppoq. Oppoq dunyo erib ketadi, yana qizillashib va yashillashib tiriladi. Qizil va yashil dunyo.

Dovuchchadek mo’ltirab boqdi,
Qo’shni boqqa tushgan bolalik…

Yashil dunyo bilan qo’shilib, bolalik ham ketib qoladi.Moviylashgan olam bizga o’spirinlikni hadya etadi. Ko’z qorachig’ida tundan bir parcha yashirib olgan bolalik mahzun. Bu go’zal mahzunlik. Sevgining rangi moviy kechgan bolalik sevgi in’om etibdi. Ranglar bosqichi doimo almashinavermaydi. Bosqichlar ranglarda aralashib ketadi. Sog’inib-sog’inib bolalikning birinchi daragini sochlarimizda kzramiz va bunga hayron qolamiz. Miya bilan yurak o’rtasida sargardon xotiralar ko’zlarning tubiga yig’iladi , olam birinchi muhabbatning ma’yus nigohlariga mast bo’lib qoladi.

Xotira nimanidir o’zida saqlaydi, nimadir xotirani junbushga keltiradi. Xotira uyg’onsagina go’zaldir. Bolalikning hidi bormikin, agar bor bo’lsa u yalpizning bo’yidir. Yalpiz hidini hatto boshqa maysalar ham sog’inadi, sevadi. Sevmaslikka esa insonga yo’l bo’lsin.Hatto shamol ham baxtiyor, axir uning bag’ri yalpiz hidiga to’lgan. Shamol hidlar sog’inchini uzoqlarga olib ketadi. Sog’inchlar sevinchga aylanadi. Bular armonli sevinchlar. Sog’inganlar orasida o’z dardiga malham bo’lgan yalpiz sabab dunyoni ham yalpiz ko’kati deguvchilar bor. Ko’z yoshlari hid olib to’kiladi. Ko’z yoshlarining hidi qanday ekan?

Kishi bir sog’inmasin ekan-da, kishi bir izlamasin ekan-da.Sog’inchning visoliga, izlaganning diydoriga yetgan odam qanday baxtiyor bo’ladi. Izlaganini topolmadimi, ko’z oldidagi narsalar uni yanada uzoqlashtiraveradi.Yulduzlar qush bo’lib uchadilar, kiprikka yosh bo’lib qo’nadilar. Yosh bo’lib qo’nib tosh bo’lib to’kiladi. Ko’zlarning tun bo’lmaslikka iloji qoldimi, yulduzlar qo’nib, to’kilib tursa. Tong esa yurakdan bo’g’izgacha ko’tarilib tiqilib qoladi. Yulduzlar to’kilaveradi, axir ko’zlarga tong ko’tarilayapti.
Yana o’zimizga qaytamiz. Biz bolalar emasmiz. Agar endi bola bo’lsak, yaxshi bolalar bo’lar edik. Atrofga bir nigoh tashlaymiz. O’zbekiston ! Tafti pasaygan quyoshning sobiq isi terimchi qizlarning chehralaridan panoh topgan. Quyoshga panoh bergan chehralarning egalari to’lib ketgan armonlar misol egatlarga egilib oppoq quyoshlarni teradilar…Oppoq shiyponlarda ko’ksini iliq moviy shamollarga berib uxlab yotishadi. Terimchi qizlar o’z tushlarini quyoshga ko’mib uxlaydilar. Quyosh ularning chehralaridir. Agar bu qizlar qiz emas, O’zbekiston bo’lsa-chi! Unda oppoq vodiylar qorga ko’milgan vohalarda tush ko’rayotgan O’zbekiston uyg’onadi. Tushlari quyoshda qolaveradi. Quyosh tushlar-u armonlarning issiq qabri!

-She’rlar bizni o’zi bilan bo’g’ilib sayragan qushdan ham uzoq-uzoqlarga olib ketadi. Uzoqlarda nima bor? Hamma gap o’sha nimada. Nimaning uzoq-yaqinligi ikkinchi darajali narsa. Agar u
bor bo’lsa topiladi, unga yetamiz. Nimani topish istagimiz qanchalik tiniq va beg’ubor bo’lsa uning o’zi yaqinlashib kelaveradi. Pokligimizning etagidan ushlab biz ham unga peshvoz chiqamiz. Har kim bu nimani o’zicha nomlab oladi. O’zi bilan o’quvchini nima sari ergashtirish shoirning san’ati. San’at esa falsafaning eng oliy ifodasidir. (Shelling). San’atning eng falsafiy turi esa-she’riyat ( Vordsvort). She’riyatni his qilmagan odam insonni ham, tabiatni ham seva olmaydi.

To’plamdagi eng yaxshi “Tun, beva ayol va derazadagi soyalar” she’ri yetti qismdan iborat.Bu xayolning yetti osmoni, armonlarning yetti iqlimidir.

Devorda uyg’onar qo’llarning izi-
Erkakning qo’llari…va uni quchar.

Xayol izlarni uyg’otdi. Izlarda uyg’ongan qo’llarda ayol sevgan qizil gul. Sevgilisini yo’ldan emas, xatlardan emas, o’z yuragidan izlagan ayolning xayollari gullaydi.

Sharob quy, bir o’zim icha olmadim.
Biz bilan yonma-yon o’tirsin quvonch,
Va armon..yurakda, tug’ilgan o’g’lim.

Yurakdagi armon bevaning farzandi.Bu dunyoga sig’mas, lekin yurakda tug’ilib yurakda yashayotgan armonning ko’zlari otasiniki, lablari onasidan. Bu bolaga alla aytish mumkinmi?

Mening yashil tol chovkanim,
Allayo alla bolam.
Tushimda topib olganim,
Allayo alla, bolam.

Armon uxlaydimi? Armon bir ertak so’zlasin. Bu ertak eng armonli va eng buyuk ertak bo’ladi.

Kitobda beshtagina she’r nomlangan. Qolganlari esa “ yulduzli-pogonli” she’rlardir.

His-tuyg’ularni mulohaza qilganda xatolar yuz beradi.

Bu xatolarni Xurshid Davron ham cheklab o’tolmagan. Unda ko’p so’zlilik, so’zlarni o’rinsiz qo’llash uchraydi. Kitobni ochish bilan “ Men ertaga juda erta tinch uyqumni buzaman” deya boshlanuvchi she’riga to’g’ri kelasiz. Tilimizda sahar, tong, subhidam kabi so’zlar borki, shoir o’zining turish vaqtini ana shu so’zlardan tashqarida poetik didsizlik bilan ko’rsatadi. “U ayolning qo’llari dag’al” she’rida dastlabki ikki misra joyida. Davom va xulosa esa o’quvchini g’ash qilishdan boshqaga xizmat qilolmaydi. Agar fojia tufayli ko’ngil g’ash bo’lsa u boshqa gap, lekin xunuklik tug’diradigan g’ashlikning vazifasi bittagina xolos. Shunga o’xshash so’zlardagi va fikriy qusurlar “Qishlog’im xotirasida qolgan qo’shiqlar”, “ Uchishni istayman…” , “Qo’shoq aka uxlamaysiz..” va boshqa she’rlarda ham ko’rinadi. Bular, albatta, yuqorida bitilganidek tuyg’ularni idrok etishda yo’l qo’yilgan tabiiy xatolardir. Tabiiy xatolar tabiiy mufaqqiyatlarning ma’suma hamshiralari desak xato bo’lmas.

2. TUSHLARGA SIG’MAGAN VATAN.

Tush orzular ro’yobiyu armonlar muhri bosilgan go’zallik, olamning tortishish kuchiga ham bo’ysunmaydigan hurlik va ilohiy behududlik o’lkasidir.Ana shu fazilatlari bilan birga tush erkin mantiqsizlik o’lkasi hamdir.Mantiqsizlashganda qaytaga o’zimizga ko’proq yoqavermaydigan, “qonunu rasmga telba-teskari”lashganida yana ham xush kelaveradigan hamma narsani tush ko’rish mumkin.Ular esa tushlarimizdek juda-juda ko’p.Lekin, faqatgina vatanni tush ko’rib bo’lmaydi!…Vatan tushning hech qaysi vazn va shakllariga sig’maydi.U shu qadar muqaddaski, shu qadar azizki, salgina mantiqsizlik zaminidan sal bo’lsin uzilish bo’lgan joyda uni yo’qotib qo’yamiz.

Vatanning sarhadlari-soqchilar turgan chegaragina emas.Vatanning ruhiy sarhadlari vujudimiz, tanimizdadir.Ko’zlarimiz, tilimiz, quloqlarimiz, yuragimiz va nafasimiz bilan bu chegarani “buzib” o’tamiz.Va shu “buzib o’tish” barobarida u ham bizni “zabt eta boradi”.Va “buzib o’tish” Vatanni anglash va sevishning so’zboshisidir.Lekin ushbu mulohazalarni to’xtatishga ijozat beradigan yana bir fikr bor.Kim shu paytgacha o’z otasining kindigini kesibdi; kim qaysi zamonda o’z onasini o’zi tug’ibdi?! Bu o’sha fikr.

Ushbu o’ylar yaxshi shoirimiz, bizga doimo she’rlaridan keyin yaxshi xayollar surish holatini beradigan Xurshid Davronning “Oltin belanchak” seriyasida chop etilgan “Shahardagi olma daraxti” to’plamini o’qish davomida va undan keyin paydo bo’ldi.Shoir o’z she’rlariga oltita mezon qo’yadi.Bular: haqiqat, jur’at-jasorat, ma’suliyat, ona-yurt dardilarini sevish,ona- doya qotillik,zamonaga shukrona mezonlaridir.Ona-doya qotillik deganimiz “Shoir she’rning oldindan tirik,she’r so’ngida o’lmog’i darkor” misralarida o’zini bayon qiladi.Bu yangilik tug’uvchi, qonidan she’r unuvchi va har o’lganidan so’ng yangi yuksak bosqichlarda tug’iluvchi qotillikdir,shaxsiy-xususiy qotillikdir.

Mezonlardan yana biri-ona-yurt dardlarini tuyish va suyish.

To’marisdek ayol qo’llarin,
Qadoqlari tilarkan kech kuz,
Qog’ozdagi she’rim yo’llari,
Yuragimda qon qoldirgan iz.-

bandida bir-birini to’ldiradi, ana shu qon qoldirgan izlarda lolalar undiradi.

Umuman,Xurshid Davron misralardan jamalaklar taqib, satrlardan ko’ylak kiygan qizu ayollar quvonarli darajada ko’p. Ular ko’proq tasavvurdagi, oldin xayolimizda tug’ilib, keyin she’rlarda aks etgan vazmin va go’zal ayollardir.Ular bizga yagona imkoniyat-o’zlarini sevish imkoniyatini berishadi.Shoir birinchi “Qadrdon quyosh” to’plamida ayolning botiniy go’zalligini tasvirlashga uringan.”U ayolning qo’llari dag’al…” she’ri bor.Unda nafosat ojiz madadsiz-himoyasiz tushinilmagan va kishi ko’nglini g’ashlik qafasiga soladigan,hech bo’lmasa unga achinish ham uyg’ota olmaydigan darajada yoqimsiz,shafqatdan ham past bo’lib qolgan edi.Undagi go’zallik faqat bayon-holatda,harakatsiz,binobarin, samara berish o’rniga o’zi qandaydir shubhali g’ayri natija sifatida ko’ringan edi.

Ushbu to’plamdagi “Tunda silkitarkan daraxtni shamol…” she’rida esa go’zallik harakatga ko’chadi,boshqa harakatlarga turtki beradi; natijada nafis-go’zallikdagi harakat va harakatdagi go’zallik muvozanati hosil bo’ladi.Bu nafosat bevosita qudratga, taraqqiyotga asoslangan.U yaratadi va shu bunyodkorlik asosida o’ziga, o’zining manguligiga izoh beradi, moddiylashadi.Ushbu she’rni, kitobdagi eng go’zal she’rni to’liq keltiramiz:

Tunda silkitarkan daraxtni shamol,
Daraxtlar titrarkan mahzun bukchayib,
Daraxtzor qoshiga kelar bir ayol.
Nozik oyoqlarin shabnamga chayib.

U gullar sochadi hovuch-hovuchlab,
Hayratga to’ladi armonli bog’lar.
U kuylay boshlasa gullarni tishlab
Uyg’ona boshlaydi qurigan shoxlar.

Biz ko’pincha narsalar yoki voqea-vaziyatlarni ularning aksiga qiyoslab baholaymiz.Yuqoridagi she’rda esa go’zallikni qiyoslaydigan, uning aksi bo’lgan birdan-bir narsa borki, u ham bo’lsa faqat go’zallikdir.Bunda nafosat o’zini nafosat orqaligina his qiladi.Ana shu xislatlarni o’zida jamlagan bu she’r behudud olamni hislarda yanada cheksizlantiradi, ufqni yana bir bor ufq qadar nariga suradi,koinotning markazini yuragimizga ko’chirib kelganday bo’ladi.

Xurshid Davronning “Sevdim gulu ayollarni men” demasligi samimiyatdan bo’lmas edi.Go’zallik bilan mangulik oralig’ida-yulduzlar ostida, gullar ustidagi sevish soatlarini mangulik parchasi, nafosat bo’lagi deb bilish ma’sum e’tirofdir.

Shoirning doimo eslab yuradigan qishloq qizlari bor.O’tgan to’plamida “Tushlarini quyoshga ko’mib uxlab yotgan terimchi qizlar” bevosita ta’kid edi.Ushbu kitobdagi “Eshiklar to’satdan…” she’rida izidan tunni tentiratib bog’larda adashtirib qoldirayotgan shoirning, mushukday yuvvosh “choyshablarga o’ralgan gullar”-shahar ayollari haqida o’ylayotgan shoirning xayollarida izoh-qiyos tarzida yana shu qizlar yotadi:

Faqat uzoqlarda, tungi qirlarda,
Ko’zlari qora qiz, qoshi qora qiz,
Yigitning ko’ksiga emas, dalada,
Uvatga bosh qo’yib uxlaydi yolg’iz.

Aytilmoqchi gap aslida shu.Lekin bu fikr bevosita, ta’kid uchungina ishlatilgan emas.shoir o’z xayollarini o’quvchiga hadya etadi va sabab-xulosa bo’lmish yuqoridagi bandni yaratadi.
She’rdagi muvaffaqiyat shundaki, “Uzoqlardagi qoshi qora qiz”ga qarshiroq qo’yilgan “mushukday yuvvosh” shahar ayollarini ko’z o’ngimizda xunuk va yoqimsiz qilib qo’ymaydi, ular ham nozik mehr bilan tasvirlanadi.Ularga ko’rsatilgan mehr-iltifot “qoshi qora qiz”ga bo’lgan muhabbat-qizg’onishdan iborat kam emas.

Terimchi qizlarning faqat tushlarida aytgan qo’shig’ini eshitishni grajdanlik deb atashni shoir o’z ijtimoiy-lirik vazifasi hisoblaydi.Bu shunday qo’shiq: uni yurakning quloqlari bilan eshitish, yurakning ko’zlari bilan ko’rish lozim.Ana shundagina uning qanday qo’shiq ekanligini boshqalarga ayta olamiz:

Bu qo’shiq baxt kabi ayladi sarxush,
Bu qo’shiq quyilar samoviy,mahzun.
Bu qo’shiq tush kabi juda qisqa-yu,
Bu qo’shiq insonning umridan uzun.

Shoir –sevimli va go’zal ayollar, terimchi qizlarni ana shunday sokin samimiyat bilan tasvirlaydi.Uning bevalar haqidagi she’rlari ham ajoyib xususiyatlarga ega.Hozirgi kunda eng yosh klassik bevalarning yoshi 50dan oshib qoldi.Elligidan oshgan ayoldan, yoshligiga mehnatu hasrat, husniga jasorat, sevgi-yu vafosiga malomat teng sherik bo’lgan ayoldan nimalar izlamaslikni, nimalar istamaslikni yaxshi bilamiz.Lekin Xurshid Davronning bevalari shunday samimiyat va mahorat bilan tasvirlanadiki, unda kampir emas, qoshi-ko’zi surmali bir go’zal ko’rinadi.

Va shoir Sizga biror daqiqa bevalarni kampir deb o’ylash imkonini bermaydi.Bunga shoirning haqi bor, haqidan ko’ra ko’proq iste’dodi bor! U klassik bevalarni go’yo bevalikning ilk daqiqalaridan boshlaboq vaqtning qo’lidan uzoqroqqa olib qo’yilgan holatga kiritadi.Vaqt ularning yuzlari, sochlari va xayollari bilan hazillashmagan.Vaqt ularga kelganida vazminlashib inson shakliga-faylasuf suvratiga kirganu: “Yo’q! Gapirmaslikka mening ham haqqim bor!” degandek tuyuladi.

Xurshid Davronda har bir obrazga takror-takror qaytish -asosiy xususiyatlardan biri.O’tgan kitobida daraxtlar bilan uxlashga imkon so’ragan evaziga ularning tushlarini so’zlab berishni orzu qilgan shoir “Tabiatdir mening davomim” she’rida “Daraxt kulgusini ko’rganman , ko’rganman ko’z yoshlarini ham” deydi.Bu davom-in’ikosidir.Tabiatni o’zining davomi bilgan qalb, vujudi va ma’naviy mulkini topgan qalb quvonchiyu alami daraxtlarga kulgu bo’lib, ko’z yoshi bo’lib o’tadi, davom etadi.

Xotirotdan “yarim ko’k, yarim oq va qora bitta barg” yuborgan daraxt uning yalpizlar, ya’ni o’z bolaligi,onasi kirgan tushini qo’riqlaydi.Qisqasi,DARAXT-shoirning asosiy she’r ramzlaridan biri.U UMR, XOTIROT, YURTning tabiatdagi tirik haykalidir.U ulg’ayadigan keksaya oladigan bag’ri keng,xotirotdan ko’ylaklar kiyadigan ,poyiga guldastalar qo’yilmaydigan haykaldir.

Ana shuning uchun ham shoir “Bizlar ming yil utishga rozimiz axir.Daraxt shoxlarida bargdek o’sgani…” deya oladi.Bu istak dunyodagi barcha g’amu quvonchlardan, visol hijronlardan taskin topadi, ovunadi.

To’plamdagi “Qiz va shamol haqidagi ertak” nihoyatda pokiza,she’r ruh tasvirining ajoyib namunasi bo’lmish she’rdir.Unda shamolning suratini,bo’saning rangini,sevinchning hasratini ko’ramiz:

Parcha-parcha bo’lib sinadi,
U ko’tarib yugurgan sevinch.
Va labdagi bo’sa hididan
Mast bo’lgancha chayqalib behol,
Qayrag’ochga ko’ksini bosib,
To’lib-to’lib yig’laydi shamol.

Bu manzara birinchi bo’sadek beg’uborligi bilan xotiramizda yorqin iz qoldiradi.Bu yorqin iz bizni “Ulug’ Inqilobning uzviy parchasi Qo’shoq akalarning tungi ingrashi!” misralariga ham olib boradi.

To’plamdan “Ko’zlar” dostoni ayrim lavhalarining o’rin olganligi va ularni o’qigach, doston haqidagi taassurotlar nihoyatda yoqimli ekanligini aytish maroqlidir.Ma’lumki, har bir tushunchaning xususiy va umumiy ma’nosi bor.Deylik ko’z-insonning ko’rish a’zosi.Tarixning ko’zi, xalqning ko’zi deganda esa qanday ko’zni tushunish kerak?”Shoir esa xalqning ko’zidir, xira tortib qolmasin bu ko’z.Nurga cho’msin, nurga yo’g’rilsin yuraklarda yashayotgan so’z”.Savolga shoir ana shunday javob bilan davom etadi.

Shoir misli o’tli chegara,
Davrlarning buyuk orasi.

Ingliz romantiklaridan biri “Shoirlar dunyoning tan olinmagan qonunchilaridir” deganida qanchalar yanglishmagan bo’lsa,Xurshid Davron ham yuqoridagi fikrlari bilan shunchalar haqdir.

Dostonda vujudning shoiri-ko’zlar va xalqning ko’zi shoirlar nihoyatda yaqinlashib qoladi.Teskari nisbat siqiqligi yurakka jo bo’ladigan darajada.

…Badaviy yugurib xonaga kirar ekan, birdaniga tizzalari bukilib ketadi-unga devordan sanoqsiz ko’zlar qarab turgan edi.
U qo’lidan keladigan ishni qildi: suvratda tik qarayotgan ko’zlarga shamshir urdi;

Devordan qon kabi, qon kabi shu payt,
To’kila boshlaydi So’g’dning ko’zlari.

Bu ko’zlar sira yumilmas, faqatgina yoshdek to’kilar: devordagi tasvirlar na chekinar,na hujumga o’ta olar edi.Bir vaqti kelib “Ulug’bek ko’zidagi yosh” (Abdulla Oripov)- bo’lgan yulduzlar-“yulduz emas Afrosiyobning devoridan o’yib tashlangan ko’zlar!”.

Ko’zlari o’yilgan onalar go’daklarga nafas qilib, o’yilgan ko’zlarini yumdilar! Go’dakning o’yilgan ko’zlaridan bir tomchi yosh tomdi.Bu hali onadan ayrilganini tushungandan emas, qoraygan devorlarda chayqalayotgan saslar nafasidan to’lqinlanib tushgan bir tomchi yosh edi.Ana shu tomchida butun bir tarixlar, butun taqdirlarni aks ettirdi,g’arq qildi va yutib ham yubordi.Va hozirgi xushbaxt zamona fonida,Vatanning mukammal suvrati fonida turib o’sha bir tomchi yoshda nimalar aks etayotganiga nazar solamiz:

Endi ko’z o’yuvchi odamlar yo’q deb,
Kim aytar ko’zimga tippa-tik boqib.

Javob berishga ulgurmasdan tomchida aks etayotgan muzaffar quyoshni ko’ramiz; axir u ham o’yilgan ko’zga, dildagi qutlug’ SO’Zga o’xshaydi.Hamma narsada o’yilgan ko’zga o’xshashlik ko’raverar ekansiz, yurakdagi dardlar ham o’yilgan ko’zga aylanadi:

O’yilgan ko’zimning qorachiqlari,
Dard kabi to’kilib tushar qog’ozga.
O’yilgan ko’zlarim hayqira boshlar,
…O’yilgan ko’zlarim qog’ozdagi she’r…

Bular she’rga berilgan ta’rif emas, balki dardning ta’rifidir.

She’r esa-dardning o’yilgan ko’zi bo’lmog’i kerak! Dostonda nihoyatda og’ir,har qanday shoshqaloq xulosa bosib turadigan og’ir ruh hukmron.Bunda sokin g’azab,horg’in nafrat, ulug’vor xayolkashlik bor.Dostonda o’yilgan ko’z,So’z, Quyosh va Vatan obrazlariga ko’p-ko’p qaytilishining boisi, ular vaqti-vaqti bilan bir-birlarining o’rnini bosib turishlaridadir.Masalan,quyosh ko’pgina o’rinlarda Vatan timsolida kelgan va yaxshi kelgan.

Xurshid Davronning bu ajoyib muvaffaqiyati yoshlar she’riyatining noyob yutug’idir.Xurshidning chiqish davrlari nihoyatda yaqin bo’lgan kitoblardagi latif farqlanishi kishini hayratga soladi.Birinchi kitobdagi ko’p uchragan jo’nlilike, ortiqcha so’z “edirish”, misralardagi va fikrlardagi sun’iylik ikkinchi to’plamda quvonchli miqdorda ozaygan.u o’zining tor “ yaratish” ustaxonasidan keng kashfiyot koinotga chiqib borayapti.

Eshiklar to’satdan bir quchoq nurni
Sochib yuboradi tunning ko’ksiga—

bayti “Bog’chaga ochilgan deraza.Taratar navoni-yog’duni” misralaridan atigi bir yil keyin yaratilgan.Lekin bularning har ikkalasi bir kitob muqovasi ostida.Hurmatli o’quvchi bulardan qay biri “bir quchoq nur”ligini yaxshi biladi va shoirning yildan-yilga quchoq-quchoq nurlar bilan oshno bo’layotganini his etadi.

1980

«Qadrdon quyosh» to’plami haqida Asqarali Sharopovning «Ruhiy ehtiyoj va mas’uliyat hissi» maqolasini mana bu sahifada o’qishingiz mumkin

047Xurshid DAVRON
«QADRDON QUYOSH»DAN SHE’RLAR
034

* * *

Men ertaga juda erta
Tinch uyqumni buzaman.
Oq ko’ylagim kiyaman-da,
Dalalarni kezaman.

Yashilgina maysalarning
Bandlariga bosib lab,
Erkalayman qizaloqday,
Qulog’iga shivirlab.

Keyin oyning yelkasiga
Qo’limni qo’yib beun,
Yuragimni ochaman,
Oydin bo’lar o’sha tun…

* * *

Oppoq edi boshda bu dunyo:
Ko’cha oppoq, kechalar oppoq,
Qanday yaxshi ekan bolalik,
Oppoq ranglar bilan yashamoq…

Yashillandi keyin birma-bir
Dala, chorbog’, omonat ko’prik.
Dovuchchadek mo’ltirab boqdi
Qo’shni boqqa tushgan bolalik…

Moviylandi keyin barchasi…
Bolaligim termuldi mahzun:
Qorachig’i – tunning parchasi,
Ilk sevgisi kiprikdek uzun.

Keyin asta xira tortdi nur,
Aralashdi oq, yashil, moviy,
Bolalikdan keyingi umr
Daryodek tinch oqa boshladi.

Faqat ba’zan bu aziz ranglar
Tushlarimga solar qasirg’a.
Oppoq bolish ustida yonar
Ko’zdan oqqan tomchi – isirg’a.

* * *

Jiyda gulin isladim
Bolalarday entikib.
Bolaligim izladim
Dalalarga ko’z tikib.

Huv, olis-olislarga
Quyoshday singib ketay.
Biroq o’tga ko’milib
Yig’lagim kelsa, netay?

Yig’lama deb, shivirlab
Yupata boshlar ajib,
Mittigina boychechak
Qo’llarimdan ushlab jim.

* * *

Tokchada dasta yalpiz,
Huzur berar bemorga.
Doridan dim xonamiz
Go’yo to’ldi bahorga.

Nimanidir eslaydi,
Urinadi kulishga
Va lekin yalpiz hidi
To’kiladi bolishga.

Dunyo ham ko’zlariga
Go’yo yalpiz ko’kati.
Kechalari uyg’onib
U yalpizni o’padi.

* * *

Hali osmon dilimday xira,
Hali quyosh ham g’ira-shira.
Ko’zlarini uqalar tolzor,
Hali quyosh o’zi taftga zor.

Qish va bahor o’rtasi bir kun.
Kutgil, yurak, erta tong payti
Kurtaklarni tashlab ketar tun
Va osmonda quyosh gullaydi.

* * *

U ayolning qo’llari dag’al,
U ayolning ko’ylagi dag’al.
Uni har kun kaltaklar eri,
Har kun yuzda ko’karar dog’lar.

Kecha nogoh yo’lning chetida
Ko’rib qoldim o’sha ayolni:
U hidlardi men sezmay o’tgan
Mittigina marvarid gulni.

* * *

Dunyoning bezavol tongida
Entikib ko’z ochding, yalpizim.
Kun botdi. Tun bo’yi dunyoda,
Yalpizim, men seni izladim.

Yulduzlar qush bo’lib uchdilar,
Kiprikka qo’ndilar yosh bo’lib.
Ko’zlarim tun rangin ichdilar,
Ko’z yoshim to’kildi tosh bo’lib.

Qaylarga bekitdi izlaring
Bog’larda mudragan saraton.
Tun bo’yi qush bo’lib bo’zladim,
Bo’g’zimga tiqilib qoldi tong.

* * *

Dalalarning qoq o’rtasida
Yeru-osmon aro bir ertak –
Yulduzlarning mayin sasidan
Tebranadi oppoq belanchak.

Uxlab qolar horigan ota,
Uxlab qolar terimchi suluv.
Uxlab qolar chorbog’ ortida
Ariqchada jildiragan suv.

Faqat qora ko’zlarin ochib,
Hayrat bilan to’lganda quchoq,
Onasiga o’xshatib oyni
Talpinadi oyday chaqaloq

Va mehrdan iyib, ko’ksini
Chaqaloqqa tutar oy xushhol,
So’ng allalar aytib, o’ksinib
Belanchakni tebratar shamol…

* * *

Terimchi qizlar
Shoxlardagi qushlarday yengil,
Qomatlari — xayol,
Quyosh isi anqib turar chehralaridan.
Ular
To’lib ketgan armonlar kabi,
Egatlarga egilgan.
Orzulari mezonlar kabi
Oppoq bo’lib uchib yurguvchi
Oydin shamollarga osilgan.
Huv… Bo’g’ilib sayragan
qushdan ham uzoq,
Qishlog’imning cheksiz dalalarida,
Oppoq shiyponlarda ko’ksini titroq,
Iliq, moviy shamollar o’pib,
Uxlab yotar terimchi qizlar
Tushlarini quyoshga ko’mib…

* * *

Ko’z o’ngimda bepoyon bog’lar,
Yaproqlarda tilla rang g’ubor.
Yaqinlashib qolgandek tog’lar,
Havo shunday tiniq, beg’ubor.

Shitirlagan kechki yomg’ir ham,
Tumanlarni quchoqlagan tong,
Qop-qoraygan dalayu qir ham,
Bari menga tanish, qadrdon.

Daraxtlarda lovillar gulxan,
Yuragimda uning tafti bor.
Bog’chadagi xazonlar bilan
Uchib yurar kechagi bahor.

Meni tashlab ketmoqchi do’stni
To’xtatmoqchi bo’lganday shu on
Men jimgina qo’lim cho’zaman
Yonayotgan gulxanlar tomon

* * *

Deraza – beshafqat chegara, —
Parchagina osmon ko’rinur.
Deraza, ko’ksimda sen yara.
Deraza – qora tun, oydin nur.

Deraza qanotin qayirsang,
Qalbimni qurshasa doira.
Bir parcha umiddan ayirsang
Men kimga ishonay, hamshira!

Deraza ertaklar so’ylaydi,
Gohi oy ko’rinur, goh quyosh.
Yalpizlar hidini bo’ylaydi,
Ko’zimdan tirqirab oqar yosh.

Ko’zimni kesadi chegara,
Parchagina osmon – ko’k larza.
Tunlari oslar kiprikka
Tomchiga aylangan deraza…

* * *

Shovullaydi bog’larda yomg’ir,
Shovullaydi shahar uzra jim.
Tarnovlarga uzatib kimdir
Uzoq tutib qoldi hovuchin.

Shovullaydi yomg’ir… Odamlar
Bekinishdi undan panada,
Kimdir uning tinishin poylar
Yomg’ir quchgan tungi xonada.

“Tezroq tinsa” – shivirlar, semiz
Portfelini ko’targan shoir.
Aslida-ku uning she’rlarin
Ko’pchiligi yomg’irga doir.

Ariqchalar suvga to’ladi,
Panada jim kutar olomon.
…Ana, birov shoshmay hatladi
Ostonadan ko’chaga tomon.

Shovullagan yomg’ir ostida
Qadam tashlab boradi xushhol.
Yashirgancha gulni ko’ksida –
Uni kutar sevimli ayol.

Ana… Ana… Sochi patila,
Qaranglar-ey, sochlari to’zib,
Sakrab o’ynar ko’chada bola,
Qo’llarini yomg’irga cho’zib.

Yomg’irlarda cho’milar nafas,
Kiprigida yaltirar billur.
Quyosh bulut ostidan emas,
Sochar uning ko’zlaridan nur.

…Mehmonxona. Ozg’in bir kishi
Yig’ishtirar jomadonini.
“Hech qaerni ko’rmay…” Ko’z yoshi
To’ka boshlar uning xotini.

“Boshqa safar… Ko’ryapsan, yomg’ir,
Nima qilay qo’ydi shoshirib.
Men bormasam bo’lmaydi, axir
Chigitlarim ketadi chirib”.

…Yog’avergin, tinmagin, yomg’ir,
Kuyla sokin kunga qo’shilib
Va shaharni aylasin qamal
Gullar isi – qirlar qo’shini.

…Tunda esa qizning sochlari
To’kilarkan bag’rimga og’ir,
Tush ko’raman oq tomchilarni,
Tushlarimga kiradi yomg’ir.

SPITAMEN QO’SHIG’I

Qo’limda bir qilich erdi,
Ul qilich qonimga zor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Qo’limda bir qilich bor erdi,
Tig’ida yov qoni xor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Qo’limda bir qilich bor erdi
Uni menga bergan yor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Yot qilich qonimga zor endi,
Yot qilichda qonim xor endi,
Ul xo’b qiz o’zgaga yor endi,
Qo’limda bir qilich bor erdi.

* * *

O’layotgan otning qorachig’ida
Cheksiz-cheksiz, yam-yashil qirlar,
O’layotgan otning qorachig’ida
Yag’rinini yuvgan yomg’irlar.

O’layotgan otning qorachig’ida
Miltir-miltir yonadi yulduz,
O’layotgan otning qorachig’ida
Chayqaladi shudringli yalpiz.

O’layotgan otning qorachig’ida
Moviy osmon so’nib boradir.
O’layotgan otning qorachig’ida
Bir tasvir bor – zamindan og’ir.

* * *

Musavvir Baxtiyor Boboev chizgan manzaradan ta’sirlanib

Qorning hidi kelar…
Ora-oralab
Shikasta olomon qirga o’rmalar –
Uzoqdagi yakka tolni qoralab,
Yelkalarda tobut.
Qorning hidi kelar…

Yo’lning chetidagi ko’k kiygan ayol,
Chirog’ing o’chdimi, nuri so’ndimi?
Yo’lning chetidagi ko’k kiygan ayol,
U aslo qaytmagay.
Ne qildik endi?..

Qor nafasi bilan kechmoqda bu kun,
Qorayib turibdi kimningdir qabri.
Kattalardek jiddiy bolalar bugun,
Kattalar yig’lashar bolalar kabi…

RAUF PARFI SHE’RIGA NAZIRA

Qor yog’ayotgan oqshom
Shaharni kezsang,
G’ira-shira ko’chalarni
Kezsang, qo’llaringni cho’ntakka tiqib,
Qor esa erisa lablaringda jim.

O’ylasang, olislarda qolgan kimnidir,
Shu qorni o’ylasang, qalbing entiksa.
Ayniqsa, o’zing sevgan qizni o’ylasang,
Ayniqsa, o’ylasang onangni…

Qor esa tinmasa,
Tinmasa qadaming.
O’zing ham bir qor uchquniday
Singib ketsang tunning bag’riga.

Kimgadir yo’l bersang, kimgadir salom,
Ammo o’zing sezmasang buni.
Qor esa bo’ralab yog’aversa jim,
Adashsang-da bilmasang adashganingni…

* * *

Eshik ochiladi,
Daydi it kabi
Orqaga chekinar nima qorong’ulik…
Bir erkak chiqadi ko’chaga esnab,
Go’dak yig’isini yashirar eshik.

Erkak qora rangli yomg’irpo’shining
Ezilgan yoqasin ko’tarib olar,
Erinib izlaydi papirosini,
Shoshmasdan tutatar, o’ylanib qolar.

Keyin derazaga qaraydi so’lg’in,
Ohista, bosh silkib qo’yadi unsiz.
Bir ayol oynadan silkitadi qo’l
Va erkakni olib ketadi kunduz.

* * *

Pol  Elyuarga

…Juda ishonaman,
…Shoir yuragi
Qushga aylanadi o’lgandan boshlab
Saratonning cho’g’li bog’lari uzra
Uchib kelmoqdasan parcha muz tishlab…

* * *

Ikkinchi jahon urushida halok bo’lgan Nuriddin tog’amga

…Sovuq shamol meni quvadi,
Sokin shahar ko’chalarida,
Qizlar esa meni sevadi
Olis bahor kechalarida.

Sizni sevgan u qiz tirikmi?
Qiynaydimi xotira rasmi?
Tunlar uning boshi egikmi,
Nuriddinmi o’g’lining ismi?

* * *

Qo’shoq aka, uxlamaysiz,
Qishning uzun kechasi,
Yoki o’ylab qiynalarsiz
Qo’ldagi o’q parchasin.

Rajab aka, siz ham uyg’oq,
Yengolmassiz qiynoqni,
Sog’indimi yo o’ng oyoq
Kesilgan chap oyoqni.

Yarim tunda, qishloq aro
Uchar g’amgin xayollar,
Erlarini, o’g’illarin
Yod etadi ayollar…

* * *

Beva hovlisiga tun oldin kirar,
Quyuqlashib borar dilda xotira.
Devorda, suratda: bir yigit kular,
Yonida jilmayar bir qiz bokira.

Beva eng chiroyli ko’ylagin kiyib,
Ochiq derazadan termular g’amgin.
Xona burchagida g’amdan entikib,
Eski plastinka g’ijillar tag’in.

Oqshomlari qiyin bo’lar bevaga:
Xotiralar dilga kirar quralash.
Og’ir bo’lsa hamki, tasvir bo’lsa ham
Suratga jilmayar ko’z yosh aralash.

* * *

Bizlar juda aqllimiz,
Ming o’lchab, bir kesamiz,
Yashasin, deb xalqimiz,
Mansablarda o’samiz.

Bizlar juda aqllimiz,
Qiynalmaymiz dil titib,
Cho’milmaymiz daryolarda
Cho’kib ketish mumkin deb.

“Uzilganda yashil yaproq,
Titrama, evini qil.
Hayajondan bo’l, — der, — yiroq” –
Oq xalat kiygan aql.

Bizlar juda aqllimiz,
Ba’zan kun-tun o’ylaymiz,
“Bu buyumni qayga qo’ysak
Go’zal bo’lar uyimiz”.

Biroq kutar, qalbda o’kinch
Olislarda onamiz.
Qo’msamaymiz. Chunki sog’inch
Egovlaydi umrimiz.

“Sog’inibdi?!.. O’tar-ketar,
Bir kun borib kelamiz”.
Boshqa ishga uramiz qo’l,
Chunki juda aqllimiz.

Oydek toza qizni sevib,
Termilib gul yuziga.
Keyin esa, uylanamiz
Amaldorning qiziga.

Raqibga tig’ bilan chiqmoq –
Dahshat!
Nima qilamiz?!
Axir bizlar aqllimiz,
Makr bilan yanchamiz.

…Bir kun o’lsak, ustimizga
Ulkan toshni qo’yishar
Va albatta o’sha toshga
Aqlli so’z o’yishar.

Xurshid Davron.Qadrdon quyosh — 1979 (Kiril & Lotin) by Khurshid Davron on Scribd

Xurshid Davron. Shahardagi Olma Daraxti. She’rlar by Khurshid Davron on Scribd

03

(Tashriflar: umumiy 1 958, bugungi 1)

Izoh qoldiring