Asqarali Sharopov. Ruhiy ehtiyoj va mas’uliyat hissi.

045    Асқарали Шаропов Шоҳимардонда туғилган, Самарқанд Давлат Университетида таҳсил олган ва узоқ йиллар Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида фаолият юритган,юзлаб китобларга муҳаррирлик,тўпловчилик қилган ношир, ўзбек адабиётининг заҳматкаш ва фидойи тадқиқотчиларидан бири эди. Асқарали ака ўзбек шеъриятининг энг гуллаган мавсуми — 80-йиллари Ғафур Ғулом нашриётида, шеърият бўлимининг энг эсда қоларли ижодий гуруҳи (Омон Матжон,Шавкат Раҳмон,Қутлибика Раҳимбоева…) таркибида салмоқли ишларни амалга оширганини айтмасликнинг иложи йўқ.
Ҳар сафар бу ажойиб инсонни эслаганимда,унинг ўзига хос табассуми ёритган чеҳраси кўз ўнгимда пайдо бўлади. У Усмон Азим,Шавкат Раҳмон,каминага беқиёс меҳр ва эътибор билан қараган, ҳар биримизга фақат адабиётда эмас,ҳаётда ҳам беғараз кўмаклашган,турмушда учраган қийинчиликларни енгишимизга доимо ёрдам берган меҳрибон Акамиз эди. Шахсан мен Асқарали аканинг хонадонининг нону тузидан кўп маротиба баҳраманд бўлганман.
Оллоҳдан Асқарали акага раҳмат тилайман.

Хуршид Даврон


Асқарали Шаропов
РУҲИЙ ЭҲТИЁЖ ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ
Мақоладан  парча
099

       Донишманд Гераклит поэзияни “кутилган тасодиф” деб баҳолаган экан. Ўқувчи қалбини қачондан бери қийнаб келган, лекин эътибор бермаган ҳаётий ҳақиқатни, фикрни топа билиш, уни гўзаллик сифатида гавдалантира олиш шоирнинг, у ёшми ёхуд кексами, ўзига хослигини белгилайди. Ўзгалар диққат-эътиборидан, мушоҳадасидан четда қолган фикрни топишга уриниш жараёни ўз-ўзидан янгича фикрлашга олиб боради. Оригиналлик эса ана шу янгича фикрлаш жараёнининг маҳсулидир. Тинимсиз изланиш, инсон қалбини тўлқинлантира оладиган мушоҳадалар бериш жараёни анча мураккабдир. Чунки у инсон қалби ҳамда шууридаги турфа хил руҳий ва оний тебранишлар силсиласини кечинмаларда поэтик борлиқ сифатида гавдалантиришни талаб этади.

Бундан беш ярим аср муқаддам битилган буюк Алишер Навоийнинг:

Ани назм этки, тархинг тоза бўлғай,
Улусқа майли беандоза бўлғай.
Йўқ эрса, назм қилғанни халойиқ,
Муқаррар айламак сендан не лойиқ,

каби сатрларида ҳам худди ана шу талаб қўйилган эди.

Буюк Александр Пушкиннинг Баратинский ҳақидаги “У оригинал шоир, чунки фикрлайди”, деган ибратли мулоҳазаси заминида ҳам ана шу талабнинг руҳи белгиловчидир.
Тархи тозалик ва оригинал фикрлаш бўлмаган ерда ҳақиқий шеърият ҳақида гап бўлиши мумкин ҳам эмас. Шеъриятнинг қолган барча фазилатлари ана шу бетакрор ва асосий хусусиятдан бошланади. Оригинал фикрлаш ҳайратнинг ҳам, завқнинг ҳам, зариф туйғуларнинг ҳам асоси, уларни юзага келтирган ҳаётий заминдир.

Шу ўринда машҳур испан шоири Федерико Гарсиа Лорканинг қуйидаги мулоҳазаси характерлидир. У ёзади: “Шоир кўкатлар остидаги чумолилар шивирини англашни истайди. У дарахтнинг беўхшов танасида сизаётган обиҳаётнинг сирли оҳангини уқишни истайди”.

Поэтик образнинг яшовчанлиги, таъсирчанлиги энг аввало ана шу ўта синовчанликнинг ўзига хослиги, бетакрорлиги билан боғлиқ ҳодисадир.

Маълумки, шеърият борлиқни тадқиқ қилишнинг ўзига хос воситасидир. Поэтик асар қайси мавзуда ёзилган бўлмасин, унинг асосида ҳар бир ижодкорнинг ўзига хос тадқиқ ва фикрлаш усули ётади. Ҳатто классик шеъриятимизда яратилган мухаммаслар мисолида ҳам биз бундай оригинал образли фикрлашнинг бетакрор кўринишларининг шоҳиди бўламиз. Мухаммас боғлаган шоир ўзга ижодкор ғазалидаги образли ифода кўламини ҳам, лирик кечинма оқимини ҳам кенгайтиради. Оҳанг, ранг товланишларини бойитади. Муайян ғазалдаги тадқиқ этилган объектга кенгкўламлик бахш этади. Буларнинг ҳаммаси борлиқда ёмби тарзида учрайдиган нарсалар эмас, уларнинг барчасини шоир кашф этади, уларни мантиқий ички алоқадорлик асосида тартибга келтириб, яхлит гўзаллик сифатида гавдалантиради.

Хуллас, ҳар қандай шеърдаги гўзаллик, кутилмаган ҳайрат ва завқ борлиқни поэтик-мантиқий идрок этиш жараёнида кашф этилади. Соф интим туйғуларни ҳам ўзгаларни такрорламай янгича поэтик тадқиқ этилсагина, лирик кечинма оқимида ўзгача бир психологик ҳолат, ўзига хос бир талқин содир бўлади. Шунинг учун ҳам оригинал фикрлаш ҳамма даврлар шеърияти учун асосий мезон бўлиб қола беради. Бу талаб даврлар ўтиши билан, ўтмишдаги тажрибаларни мухтасар этиб, янада қатъийлик касб этиб боради. Зеро, янгилик, қанчалар қийинчилик ва тўсиқлар билан бунёд бўлмасин, инсон ҳаммавақт унга ўч бўлади. Ҳар қандай кашфиёт, янгилик заминида доимо қандайдир ҳайрат, кутилмаганлик, гўзаллик мавжуд бўлиб, инсон фикрлашининг чексизлиги, бетакрорлиги ҳам ана шунда. Янгиликка интилиш, гўзалликни кашф этиш инсоннинг боқий муддаоси. Шу жараёнда у фақат борлиқдаги гўзалликнигина эмас, ўзини ҳам, ўз қалбини ҳам қайтадан кашф этади, ундан янги-янги олмос қирралар топаверади. Бу – ният ва муддао боқийлигидир. Шунинг учун А.С.Пушкиннинг: “Буюк инсоннинг фикрлари силсиласини кузатиш энг мароқли, қизиқарли фандир”, деган мулоҳазаси бевосита шоирнинг борлиқни тадқиқ этишдаги ўзига хослигига ҳам бевосита алоқадордир. Шу нуқтаи-назардан ёшларнинг дастлабки тўпламларига муносабат билдириш улардаги нурли ва сояли томонларни ёритишга имкон беради, деб ўйлаймиз.

Етмишинчи йиллар ўзбек шеъриятида ёшларнинг ҳиссаси аввалги босқичларга нисбатан сезиларли бўлди. Танқидчиликда ўринли таъкидланганидек, шеъриятга истеъдодли ёшларнинг янги бир бўғини кириб келди. Улар шеъриятимизни сон жиҳатидангина эмас, сифат жиҳатидан ўсишига ҳам ўзларининг салмоқли улушларини қўшиб келмоқдаларки, бу қувонарли, мақтагулик ҳодисадир.

Авваламбор, 70-йилларга келиб бутун мамлакатимизда бўлганидек, республикамизда ҳам ижодкор ёшларга ғамхўрлик янада камол топди, уларнинг баралла ва кенг қулоч ёзиши учун муайян шарт-шароитлар яратилди. Улар учун “Ёшлик баёзи” номли махсус тўплам нашр этила бошланди,кейин эса бунга яна “Ёшлик” альманахи қўшилди, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналларининг йилда бир сони ёшлар ижодига бағишланадиган бўлди.

Иккинчидан, республикамизда биринчи бўлиб Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг шеърият редакцияси “Авторнинг илк китоби” сериясида ёшларнинг асарларини нашр этишни йўлга қўйди. Мазкур серияда дастлаб шеърлари журнал ва газеталарда, “Баёз”да эълон қилинган Усмон Азим, Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Азим Суюн, Хуршид Даврон, Муҳаммаджон Раҳмон, Мукаррама Ғаффорова, Жонибек Сувонқулов, Абдухалил Қорабоев кабиларнинг дастлабки китоблари чоп этилди. Нашриёт ўтган давр ичида ўттиздан ортиқ ёшларнинг илк тўпламлари билан кенг китобхонлар оммасини топиштирди, янги-янги истеъдодли ёшларни кашф этишда давом этмоқда.

Тўпламларнинг аксарияти ҳақида танқидчи ва адабиётшунос олимларимиз томонидан холис, объектив фикрлар билдирилди. “Авторнинг илк китоби” сериясининг илк қалдирғочлари иккинчи, ҳатто айримлари учинчи китобларини ҳам ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишди. Бу ҳам қувонарли ҳодиса…

     Хуршид Давроннинг “Қадрдон қуёш” тўпламига кирган шеърларида табиат ва инсондаги уйғунлик, она-Ерга садоқат, уруш қолдирган жароҳатлар андуҳи, муҳаббатнинг қадрдон ва изтиробли онлари қаламга олинади. У борлиққа ошиқлигини тенгдошларидан фарқли ўлароқ ўта босиқлик, қандайдир бир ёқимли меҳр билан ифода этади. “Яшилгина майсалар”га лаб босиб, уларни эркалаб, она – замин олдидаги фарзандлик бурчини адо этишга уринади. Унинг баҳор ҳақидаги битикларидан ялпиз, чучмома, майсалар, жийда гулининг ҳиди анқиб туради. Гўзалликка ташналик уни далалар бағрига, ой чўмилган кечалар қаърига етаклайди. Намунча севмаса, дегинг келади, бу йигит ялпизни…

Меҳмон бўлиб келади шамол
Ялпиз ҳидин босиб бағрига.

Даста ялпиз “доридан дим” хонага илк баҳорни етаклаб келади. Шунда унга дунё ҳам ялпиз бўлиб кўринади.

Баъзан одамда шундай ҳолат содир бўлади. У нимадандир хафа, нимадандир юраги ғаш. Нимаданлигини билмайди. Шунда сокин табиат қучоғидан ўзига бир хилват излайди. Уни топгач, табиатнинг такрорланмас, ногаҳий бир кўриниши билан юзма-юз келгач, бирдан унут бўлади ўша ғашлик. Руҳида мувозанат юзага келади. Мувозанат ялпиз ҳидидан баҳра олган руҳий ҳолатни эслатади кишига. Шоир тасвирнинг ишонарли, аниқ, таъсирчан чиқиши учун узоқ, кўп ишлайди. Баъзан табиатдаги рангу-оҳанглар шеърга шундай кириб келгандек туюлади кишига:

Ҳали осмон дилимдай хира,
Ҳали қуёш ҳам ғира-шира.
Кўзларини уқалар толзор,
Ҳали қуёш ўзи тафтга зор.
Қиш ва баҳор ўртаси бир кун.

Баҳорда эса “осмонда қуёш гуллайди”. Аниқ, тиниқ ва қадрдон манзара.

Шеърият ҳамма ерда яшайди. Кишиларнинг бир-бирига, табиатга муносабатида ҳам сўзда очиқ ифодаланмаган шеърият бор, нафосат бор. Шоир ана шуларни кашф этади, холос.
Бир аёл бор. Унинг қўллари ҳам, кийими ҳам дағал, беўхшов. Эри уни таҳқирлайди, эрта-кеч. Лекин унинг қалби-чи?

Кеча ногоҳ йўлнинг четида
Кўриб қолдим ўша аёлни6
У ҳидларди мен сезмай ўтган
Миттигина марваридгулни.

У булоқ сувида юзини ювмайди, олис юлдузларга тикилиб энтикмайди. Бироқ таҳқирларга қасдма-қасд ўзгалар сезмай, эҳтимол, топтаб ўтган миттигина гулдан қандайдир таскин излайди, гўзаллик излаб ҳидлайди. Шеърдаги соддалик оддий, бошқалар учун аҳамиятсиз бўлган нарсалардаги гўзалликни ҳис қилишдек туюлади.
Тўғрироғи, аёлнинг ҳаракати борлиқдаги гўзалликни эсга солади. Шоирлар ана шу пинғоний гўзалликнинг кашфиётчиларидек туюлади ўқувчига.
Хуршид Давроннинг шеърларида она-Ерга, қадрдон диёрга бўлган қайноқ меҳрнинг битмас-туганмас чашмаларидан бири яширингандек. Рангларнинг сержилолиги ва аниқлиги, ҳайратомуз тасвирлардаги шукуҳ ва ташналик руҳи унинг чизгиларига алоҳидалик бахш этади:

Далаларнинг қоқ ўртасида
Еру-осмон аро бир эртак –
Юлдузларнинг майин сасидан
Тебранади оппоқ беланчак.

Майин ва осуда кеча. Ҳориган ота, сулув келинчак ҳам, ҳатто ариқчада жилдираган сув ҳам уйқуда. Бедор чақалоққина “онасига ўхшаган ой”га талпинади, холос. Фақат ойгина унга сутдек нур тўкади. Сўнг:

Сўнг аллалар айтиб, ўксиниб,
Беланчакни тебратар шамол.

Шоир ҳолат нозиклигини теран ҳис қилгани учун ҳам ташбеҳларни ўта синчковлик билан қўллайди. Майинлик ва осудаликка, бедор чақалоқнинг кўзларидаги ҳайратга зид биронта сўз ишлатмайди. Натижада кашф этилган гўзалликдек гавдаланади.

Хуршид Даврон нарса, воқеа, ҳолатларни муқояса қилиш жараёнидан ҳам ўзига хос завқланиб, ўзига хос туйғулар излайди. Бу узоқ фикрлаш, шеър устида тинмай ишлаш маҳсули. Бир шеърида у ҳамма нарсага – дарёларга, қора тун, ботаётган сўлғин қуёш, футболчи Криуф ва Тиёншанга дўстлар билан биргалашиб боқишга розиман:

Бироқ, қабо ечаётган шўх аёлни
Кузат, юрак, ҳайрат билан ёлғиз ўзинг,

дейди. Асрий мавзу. Бироқ фикрлаш янги. Шоир хулосаси кутилмаган.

У табиатнинг ҳар бир кўриниши, инсон ҳаётининг зиддиятли дақиқаларини ўзича кашф этади, ўзгалар борган йўлдан бормай, қандайдир ёлғизоёқ сўқмоқлар излайди.

От ўляпти дейлик. Хўш, нима бўпти? Ўлса ўлипти-да? Биз учун бу – жониворнинг оддий қисмати. Ахир, бу алғов-далғовли, нотинч ва безовта заминнинг турли бурчакларида ҳар куни, ҳар дақиқада минг-минглаб бегуноҳ одамлар қирилиб кетаётганда, бир от ўлса ўлипти-да? Лекин шоир учун бу шунчаки отнинг ўлими эмас, бу қалбларни ларзага соладиган бутун бир фожиа.

От ўляпти… Унинг армонли қорачиғида эса ям-яшил қирлар, яғринини ювган ёмғирлар акс этмоқда. Унинг армонли қорачиғида юлдуз ёнмоқда. Шудрингда ялпиз чайқалмоқда, мовий осмон сўниб бормоқда интиҳосига…

Ўлаётган отнинг қорачиғида
Бир тасвир бор – заминдан оғир.

Биз гоҳида инсон бошига тушган фожиани шундай чуқур ҳис қила олмаймиз. Ҳис қилганлар эса баъзан ишонарли ифодалай олмайди, ўша фожиани. Дардни дард чеккан кишидек ифодаланмаса, ўқувчи бунга ишонмайди. Эҳтимол, халқимизнинг “Чумолига ҳам озор бермагин” деган ҳикмати ана шундай турфа хил фожиаларга бефарқ қараш борасида айтилгандир.

Хуршид Давроннинг қатор шеърлари (“Совуқ шамол…”, “Қўшоқ ака, ухламайсиз”, “Фронтоёвик ҳақида баллада” ва бошқалар) уруш воқеалари, унинг кишилар қалбидаги қайғули, ғамгин акс-садоларига бағишланган.

“Совуқ шамол…” шеърида узундан-узоқ тавсиф йўқ, шоир бунда ҳам, ўз одатига кўра, қисқаликка интилади. Шеър Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган. Унда қарама-қарши қўйиш усули воситасида уруш қолдирган жароҳатларнинг яна бир қирраси ёритилади. Шоир шеърни “Нуриддин тоҳам хотирасига бағишлайман”, деса-да, ундаги умумлаштириш кучи, ғамгин оҳанг ва мушоҳада урушнинг ҳатто шарпаси тегиб ўтган қалбни ҳам изтиробга солади:

…Совуқ шамол мени қувади
Сокин шаҳар кўчаларида.
Қизлар эса мени севади
Олис баҳор кечаларида.

Сизни севган у қиз тирикми?
Қийнайдими хотира расми?

Тунлар унинг боши эгикми,
Нуриддинми ўғлининг исми?

Домла Ойбекнинг “Шеър – фикрнинг гули” деган фикри бежиз айтилмаганини ёдга келтиради мазкур сатрлар. Дастлаб “совуқ шамол” ва “Сокин шаҳар кўчаларида” қувилиш. Кутилмаганда “Олис баҳор кечаларию” қизлар севгиси… Мантиқсизмикан? Йўқ. Биринчи банддаги совуқ шамолу сокин шаҳар бирикмалари ва у билан боғлиқ ҳолатлар иккинчи, якунловчи банддаги уруш билан боғлиқ фожиа қисматни ифодалаш учун асосий йўналиш нуқтаси бўлган.

Иккинчи банддаги шартли мурожаат усули ўта ишонарли чиққан. Унинг таъсирчанлиги ҳам шунда. Ахир ҳали-ҳануз девордаги йиллар чангида сарғайиб кетган суратларга боқиб, ҳар тонгни бедор кутаётган аёллару-оналар камми? Севган ёрининг исми қулоғига чалинса, беҳад изтиробга тушадиган “мангуга келинчак бўлиб қолган”лар учрамайдими? Шунинг учун ҳам “шеър – фикрнинг гули” бўлса керак.

Хуршид Даврон уруш мавзуини ўзига хос талқин қиладиган шоирлардан. “Қўшоқ ака, ухламайсиз” сатрлари билан бошланувчи шеъридаги:

Соғиндими ё ўнг оёқ
Кесилган чап оёқни.
Ярим тунда қишлоқ аро
Учар ғамгин хаёллар.
Эрларини, ўғилларин
Ёд этарди аёллар…

каби сатрларда ҳам Хуршид Даврон оригинал фикрлашга, ўзига хос ифодалар излашга ҳаракат қилади. Натижада, бу топилдиқлар китобхон руҳига, тасаввурига айрича таъсир этиб, уни бу бетиним дунёнинг ташвишли онларидаги воқеалар моҳияти билан ошно қилади.

“Фронтовик ҳақида баллада” шеърида ҳам ана ўша уруш қолдирган жароҳатлар мавзуси. Лекин талқин ўзгача. Чунки у ўзга поэтик-психологик ҳолатлар асосида ёритилади. Фронтовик ҳали ҳам бедор. Тунлари уйқусираб ўз батальонини яна жангга бошлайди. Унга мангуга кўз юмган қуролдош дўстларининг хотираси тинчлик бермайди. У ўзини жанговар сафда ҳис этиб, кимнидир чақиради, олдинга ундайди:

Хотини уйғотар…
Бироқ урушнинг
Ваҳмидан қутулиб кетолмас қалби.
Қўлда папироснинг рангин қутиси
Ғижимланар сўнгги обойма каби.

Кўриниб турибдики, шоирнинг тадқиқ усуллари хилма-хил психологик ҳолатлар, деталлар асосига қурилган. Кашф этган образли деталлари ҳам янги, ана шу ҳолатларга мос тушади. Ўз қуролдош дўстларини олға боришга чақираётган фронтовик қўлида “папирос қутиси”, “сўнгги обойма каби ғижимланади”.

Эрлари, ўғилларини қўмсаган аёлларнинг ўйлари эса “Ярим тунда ғамгин хаёл” бўлиб учади. Натижада ягона мавзунинг ранг-баранг қирралари такрорланмас ифодавийлик касб этади.

Бева ҳовлисига тун олдин кирар…

Ёридан гулдайин даврида айрилиб , бева қолган аёлнинг ғамгин руҳий ҳолатини ифодаловчи қанчалар аниқ тасвир. Тун унинг ҳовлисига 1941 ёхуд 1942 йилдаёқ кирган. Ҳали ҳам у девордаги кулиб турган йигит ва мулойим жилмайиб турган бокира қиз суратига термилгани-термилган. Унга оғир, лекин у ҳали ҳам ана шу сурат ёди билан яшайди.

Оқшомлари қийин бўлар бевага:
Хотиралар дилга кирар қуралаш.
Оғир бўлса ҳамки, тасвир бўлса ҳам
Суратга жилмаяр кўз ёш аралаш.

Хуршид Давроннинг “Учишни истайман” деган романтик руҳдаги шеъри бор. Шеъридаги ифода усули романтик, холос. Аслида ундаги туйғу замон дарди билан ҳамоҳанг.

Учаман энг чиркин орзулар,
Ясама туйғулар устидан.
Оламни гулларга ўрайман,
Узаман уларни кўксимдан…

Шеърдаги ҳаётнинг майда-чуйда ташвишларига берилиб, юксак туйғулардан бенасиб бўлиб қолган ожиз кимсаларга муросасизлик руҳи ҳукмрон. Инсон фақат бугуним, ўтар куним деб яшамайди ахир. Шунинг учун ҳам бу тинчимас инсон қўлларига қанот боғлаб юксак миноралардан ўзини ташлади ерга. Унинг ҳаёлида учиш эди. У ана шу ҳаёл билан тирик эди. космос забт этилаётган даврга келиб, айрим кимсаларда лоқайдлик, ўз қобиғига ўралиб яшаш ҳисси юзага келди. Баъзан шеърларда ҳам шундай ҳодисалар содир бўлди. Шеърни ҳаёлсиз тасаввур этиш мутлоқ мумкин эмас. Айниқса, бизнинг тезкор ХХ-асрда:

Ахир аср учмоқда,
Юксак
Туйғулар-ла учайлик ҳар дам.
Руҳи учқур фарзандлар керак
Учаётган она-Ерга ҳам.

Хуршид Давроннинг тўпламидан югурик, ҳаёлнинг бундай кашфиётларини кўплаб топиш мумкин. Унинг ташбеҳлари янги, кутилмаган:

Уйғонар оқаётган сувлар шаклидаги вақт.

Кипригимга бир томчи сув илинди,
Ул томчи сув оқиб кетган ёр эди.

Ўртамизда қийналди чироқ…

Дайди ит каби
Орқага чекинар нимқоронғилик.

…Биз “Авторнинг илк китоби” серияси ҳақидаги кузатишларимизга энг муваффақиятли ва ночор тўпламларни атайлаб танлаганимиз йўқ. Усмон Азим,Муҳаммад Солиҳ,Шавкат Раҳмон,Хуршид Даврон кабилар илк китоблари нашр этилгандан кейин ана шу ютуқларини газета,журналларда эълон қилган шеърлари ва янги тўпламлари билан янада мустаҳкамладилар.Албатта,бу мисоллар сонини яна ҳам кўпайтиришимиз мумкин эди. Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Қутлибика Раҳимбоева кабиларнинг тўпламларидаги оригинал,юрак ҳарорати билан ёзилган шеърлар ҳақидаги мулоҳазаларимизни ҳам келтиришимиз мумкин эди. Бироқ, улар ҳақида мавриди билан фикрлашиб олармиз,деган хаёлдаман…

1980

Yuklab olish
«QADRDON QUYOSH» SHE’RLAR TO’PLAMINI MUTOLAA QILING YOKI YUKLAB OLISH

099


021

(Tashriflar: umumiy 109, bugungi 1)

2 izoh

  1. Асқарали ака қалбан гўзал инсон эдилар. Асқар ака СамДУ ўзбек ва тожие филологияси факультетида аспирант пайтлари у ерда талабаларни замонавий адабиётга ошно қилиш борасида фикрлаш ва яшаш тарзи, янгича бир кескин, теран мулоҳазалари, ҳаттоки, юриш туриши билан ҳам жуда катта ишни амалга оширган. У кишининг «Шалола» шеърият клубига меҳнати нечоғли синггани жуда кўпчилик билади. Самарқанд адабий муҳити, табиийки, мумтоз адабиёт, Алишер Навоий ижоди ўқтишида устувор бўлгани ва бу борада академик Воҳид Абдуллаев, академик Ботир Валихўжаев сингари гигантлар бергани сабабли қадимга, миллиятнинг қадимига эътибор жуда кучли бўлиб, замонавий адабиёт тарғиботи… бор эди, Нуриддин Шукуров каби Ғафур Ғулом тадқиқотчилари дарс берарди, лекин қандай тушунтирсам экан, шу оқимдан сал чеккароқ эдими… Асқарали ака шу оқимга бурди муҳитни. Бир тасавур қилинг, «Лирика» мавзуида курс тинглаймиз, домла опамиз: «Андрей Вознесенский, Евгений Евтушенко, Роберт Рождественский сингари ичи қора шоирлар, капиталистик душманлар тегирмонига сув қуйиб, жонажон совет тузумимизни қоралаб шеърлар ёзади», деб ўқитган! Ҳа, худди шундоқ! Минг тўққиз юз олтмиш тўққизинчи йилда. Асқарали Шаропов билан қилган суҳбатларимиздан эса бунга тескари ҳақиқатни эшитиб, оқу қорани ажратишга уринар эдик. Асқарали ака Самарқандда Тошкент муҳити, умуман замонавий ўзбек адабиётининг ноза нафаси бўлган. Муболағаси йўқ. Мунаввар инсон эди. Самарқандда ҳам, Тошкентда ҳам у киши билан ака-укадек бўлганман, жуда кўп фарғонача ошларини еганман. Ҳозиргача ошни у кишичалик маҳорат билан тайёрлайдиган одамни кўрмаганман. Бу бир алоҳида суҳбат мавзуси. Улфат одам, улфатига бир дунё фикр берадиган донигшманд инсон эдилар, Оллоҳ раҳматига олгани чин бўлсин!

    Хуршид, Асқарали акани эслаб жуда хайрли иш қилибсиз! Катта раҳмат!

  2. maqolaning boshidagi «bundan yarim asr muqaddam …»degani, «bundan beshyarim asr muqaddam..» bolishi kerak shekilli.

Izoh qoldiring