Baxtiyor Nuriddinov. Unutilgan xotira

022

Ўшанда улар шаҳарга кўчишадиган бўлишди. Отаси “Орзуларим хаёлга айланишини хоҳламайман. Бетакрор истеъдодимни танамга қўшиб қишлоққа кўмишларини ҳам истамайман” деганди. Бу гапларни унчалик тушунмаган бўлса-да, негадир яшаб турган ҳовлиларини тарк этгиси келмасди. Айниқса маҳалладаги яқин ўртоқларидан ажралиш у учун катта йўқотиш эди. Янаям тўғрироғи, қўшни қиз – Ифорга ўрганиб қолганди. Буни ҳеч кимга айтолмаса ҳам, мурғак қалби дукуллаб исён қиларди. Аниқ эсида. Воқеалар кўз ўнгида ҳануз бугунгидек жонланаверади…

Бахтиёр Нуриддинов
УНУТИЛГАН ХОТИРА
033

055Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

033

06шанда улар шаҳарга кўчишадиган бўлишди. Отаси “Орзуларим хаёлга айланишини хоҳламайман. Бетакрор истеъдодимни танамга қўшиб қишлоққа кўмишларини ҳам истамайман” деганди. Бу гапларни унчалик тушунмаган бўлса-да, негадир яшаб турган ҳовлиларини тарк этгиси келмасди. Айниқса маҳалладаги яқин ўртоқларидан ажралиш у учун катта йўқотиш эди. Янаям тўғрироғи, қўшни қиз – Ифорга ўрганиб қолганди. Буни ҳеч кимга айтолмаса ҳам, мурғак қалби дукуллаб исён қиларди. Аниқ эсида. Воқеалар кўз ўнгида ҳануз бугунгидек жонланаверади…

…Йўл тараддуди кўрилганди. Жўнаб кетиш олди ҳамма атрофга бирма бир термиларди. Қадрдон уй уларни қўйворгиси келмаётгандай эди гўё. У югургилаб Ифорларникига чиқиб кетди. Ортидан ота-онаси ҳам кириб келишди. Ифор алланечук бўлиб йўлакда турарди. У барисидан хабардор эди. Онаси ошхонада нималардир тайёрлар, яна алланарсаларни қоғозга ўраб ғимирларди. Уларни кўриб:
— Ҳозир чиқиб бормоқчийдим, — деди қўлларини сочиққа арта ҳижолатомуз.
— Биздан рози бўлинг. Яхши-ёмон гап ўтган бўлса, ёмонликка йўймайсиз, — деди онаси ўтира туриб.
— Қизиқмисиз, бу нима деганингиз? Ахир, яхши қўшниларимдан айриляпман-ку. Ҳозир йиғлавораман, — деди қўшни аёл онасини қучоқлаб.

Аммо бу гаплардан нима фойда. Ҳаммаси кўнгил учун қилинаётган мулозиматга ўхшайди. У Ифорнинг олдига борди.
— Кетяпсанми? – деб сўради у пичирлаб.

Истар-истамас бошини қимирлатди.
— Қайтиб келасанми? – беғуборларча сўради қизча.
— Билмадим, — деб жим бўлиб қолди. Бироздан кейин чўнтагидан унга атаб олиб қўйган қип-қизил олмани чиқариб ўйнай бошлади. Буни қандай беришни билмай каловланарди.
— Катта бўлсам ёнингга келаман, — деди худди бир нарса эсига тушгандай шошиб.
— Бу менгами, — деди-да, Ифор унинг қўлидаги қирмизи мевани шарт тортиб олибди.

У гапиришга улгурмади. Ташқарида ишчилар уларни чақириб қолишди. Ота-онаси апил-тапил ўрниларидан туриб, хайрлашишди. Онаси келиб унинг қўлидан тортқилади.
— Ифор билан хайрлаш, — деди табассум билан.
— Яхши қолинглар. Шаҳарга ҳам боринглар, — деди отаси.
— Йўл узоқ. Буни қорнинг очганда еб оласан, — деб Ифорнинг онаси қоғозда ўроғлиқ егулик тутқазди.

У индамади. Кўчага чиққунча лом-мим демади. Худди бир нимадан хафа бўлгандек қовоқларини уюб олди. Йўлда ўзини тутиб туролмади, йиғлаб юборди. Нимага бундай қилганини ўзи ҳам тушунмасди. Онаси ҳолини кўриб:
— Нега йиғлайсан? Ўлгани кетмаяпмиз-ку, ахир!– деди жеркиб.
— Унгамас.
— Нимага?
— Ифор олмамни қўлимдан тортиб олди, — деди ҳиқиллаб.

Отаси кулди. Онаси ўғлининг бошини силади.
— Ўз ҳолига қўй уни, — деди отаси.

Ўша-ўша Ифорни кўрмади. Вақт кутиб турмас экан. Йиллар ўз ҳукмини ўтказди.

Бугун тонгда – ўн беш йилдан сўнг рўпарасида Ифорнинг анграйиб туришини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганди. Ҳа-ҳа. Ҳаммаси худди шундай юз берганди. Кичкина қизи кўчада мева сотиб юрган аёлнинг овозини эшитиб хархаша қилмаганда, бу гапларни эсламаган ҳам бўларди. Қиршисида шууридаги каби шўх-шаддод, ерга урса, осмонга сапчийдиган чайиргина ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ эмас, жувонлардек тўлишиб, ҳаётнинг заҳматлари кўзига эна бошлаган муштипаргина Ифор турарди.

— Холам яхшими? – сўради хижолат бўлиб, уч яшар қизини қўлчаларидан маҳкам ушаганча.
— Ўтган баҳор хасталикдан ўтдилар, — деди Ифор ва жим бўлиб қолди.

У сўраганидан пушаймон еди. Ярасига туз сепиб, дардини янгилагани учун ўзини ич-ичида койий бошлади. Шундай бўлса ҳам, барибир, одоб юзасидан отасининг аҳволини сўраши лозим эди. Рисоладагидай қилдиям. У онасининг вафотидан сўнг отаси ўзини олдириб қўйганини, эси кирди-чиқди бўлиб қолганини айтди. Ифор оиласидаги кенжа қиз эди. Опалари ҳақида сўрашга ботинолмади. Улар турмушга чиқиб, оила қуришган бўлса керак. Қолган гапларни ўзича тасаввур қилди. Сўрамай қўя қолди. Ифор яна жавоб беришга шай, термилиб турарди. У учун буларнинг бари аҳамиятсиз эди. Унинг ўткир нигоҳларига чидай олмади. “Сўра сўрайдиганингни” деяётгандек эди гўё. У шаҳарга тирикчиликка тушган. Ҳар куни тонг саҳар боғларидаги мевалардан териб, олиб келарди. Сотиб, рўзғор учун у-бу харид қилиб уйларига қайтади. Ҳаммасини икир-чикиригача унга айтиши шарт эмас. Муҳими бошқа. Миясида фақат бир савол айланарди. Шуни бериш-бермаслигини билмай боши гаранг эди. Минг истиҳола билан охири:
— Болаларинг яхшими? – деди жиддий.

Ифор ярқ этиб қаради. Унинг бундай савол беришини кутмаган, шекилли. Истеҳзо билан мийиғида кулди. Оёқларига суйкалиб, бир нималар деб чуғурлаётган қизчани даст кўтариб олди. У ёқ-бу ёқдан гапириб эркалаган бўлди. Ифор унинг бетамизларча сўровларининг барисига жавоб қайтаришга мажбур эмасди. Қизчани ерга тушириб:
— Энди отангнинг олдига бор, — деди жилмайиб. Сўнг уларникига кўтариб кирган вазминроқ қутини тимирскилаб, узоқ кавлади. Ниҳоят, қидирганини топдими, каттакон бир қирмизи олмани олиб қизчага узатди. Бу ўша – унинг қўлидан тортиб олган олмага ўхшарди.
— Ойингга салом дегин, — деди дарвозахонадан чиқиб кета туриб.

У нима деярини билмай карахт бўлиб турарди. Қизчаси қичқириб, айюҳаннос солмаганида яна қанча бу ҳолатга чидаши мумкинлигини тасаввур қилди. Ичкаридан хотинининг овози келди.
— Ифор, сенга нима қилди, қизгинам? – деди чиқа солиб хотини. Ифор, чақин ургандек кескин ортига ўгирилди. Бирдан орқасига қайтмоқчи бўлди. Аммо бунга ҳожат йўқ эди. У индамай йўлида давом этди.
— Ким хафа қилди, а? Қизалоғим,– деди хотини қизининг ёнига келиб. – Ким берди бу олмани?..
Қизи эркаланиб Ифорни қўли билан кўрсатди. У кетиб борарди. Хотини қутидаги қип-қизил олмаларни кўриб яшнаб кетди.
— Мунча чиройли бўлмаса булар. Ҳаммасини сотиб олдингизми? – сўради хотини гўлларча.

Қути тўла қирмизи олмаларни кўриб унинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Ростдан ҳам улар кўзни қамаштирарди. “Булар ҳеч қаерда сотилмайди, сотиб олиш мумкин эмас”, дегиси келди. Хотини олмалардан қўлларига сиққанича олди. Сўнг қизини етаклаб ичкарига кириб кетди.

У Ифорни бироз кузатиб турди. Қутини олиб ортидан югурмоқчи бўлди. Бироқ кўтараётганда тугилган тугун ечилиб, олмалар ҳаммаёққа сочилиб кетди. У шошиб уларни қайта қутига жойлади. Олмаларни кўтариб кўчага чиққанда Ифорнинг қораси ҳам йўқ эди. Аланг-жаланг атрофга қаради. Кўзи билан пана-пастқам жойларни қидирди. Қучоғида бир дунё олмалар. Уларнинг ҳар бирида ўзи каби журъатсиз болалик туйғулари яширин эди. Бири қадрдон уйини, бири дўстларини эслатса; яна бири Ифорнинг онасини, унинг йўлга ўраб берган ширинликларини ёдга соларди. Қирмизи олмаларнинг бари-бариси эса, Ифордек ифор таратарди. Уларни бирма бир қарс-қарс тишлаб ейиш кераклигини ўйлаб ўкинди. Бу қанчалик азоб бўлмасин, уларнинг қисмати шу эди. Яна ким билади дейсиз?

Манба: “Шарқ юлдузи” журналининг 2014 йил 6-сони

022

Baxtiyor Nuriddinov
UNUTILGAN XOTIRA
033

Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.

033

06shanda ular shaharga ko’chishadigan bo’lishdi. Otasi “Orzularim xayolga aylanishini xohlamayman. Betakror iste’dodimni tanamga qo’shib qishloqqa ko’mishlarini ham istamayman” degandi. Bu gaplarni unchalik tushunmagan bo’lsa-da, negadir yashab turgan hovlilarini tark etgisi kelmasdi. Ayniqsa mahalladagi yaqin o’rtoqlaridan ajralish u uchun katta yo’qotish edi. Yanayam to’g’rirog’i, qo’shni qiz – Iforga o’rganib qolgandi. Buni hech kimga aytolmasa ham, murg’ak qalbi dukullab isyon qilardi. Aniq esida. Voqealar ko’z o’ngida hanuz bugungidek jonlanaveradi…

…Yo’l taraddudi ko’rilgandi. Jo’nab ketish oldi hamma atrofga birma bir termilardi. Qadrdon uy ularni qo’yvorgisi kelmayotganday edi go’yo. U yugurgilab Iforlarnikiga chiqib ketdi. Ortidan ota-onasi ham kirib kelishdi. Ifor allanechuk bo’lib yo’lakda turardi. U barisidan xabardor edi. Onasi oshxonada nimalardir tayyorlar, yana allanarsalarni qog’ozga o’rab g’imirlardi. Ularni ko’rib:
— Hozir chiqib bormoqchiydim, — dedi qo’llarini sochiqqa arta hijolatomuz.
— Bizdan rozi bo’ling. Yaxshi-yomon gap o’tgan bo’lsa, yomonlikka yo’ymaysiz, — dedi onasi o’tira turib.
— Qiziqmisiz, bu nima deganingiz? Axir, yaxshi qo’shnilarimdan ayrilyapman-ku. Hozir yig’lavoraman, — dedi qo’shni ayol onasini quchoqlab.

Ammo bu gaplardan nima foyda. Hammasi ko’ngil uchun qilinayotgan mulozimatga o’xshaydi. U Iforning oldiga bordi.
— Ketyapsanmi? – deb so’radi u pichirlab.

Istar-istamas boshini qimirlatdi.
— Qaytib kelasanmi? – beg’uborlarcha so’radi qizcha.
— Bilmadim, — deb jim bo’lib qoldi. Birozdan keyin cho’ntagidan unga atab olib qo’ygan qip-qizil olmani chiqarib o’ynay boshladi. Buni qanday berishni bilmay kalovlanardi.
— Katta bo’lsam yoningga kelaman, — dedi xuddi bir narsa esiga tushganday shoshib.
— Bu mengami, — dedi-da, Ifor uning qo’lidagi qirmizi mevani shart tortib olibdi.

U gapirishga ulgurmadi. Tashqarida ishchilar ularni chaqirib qolishdi. Ota-onasi apil-tapil o’rnilaridan turib, xayrlashishdi. Onasi kelib uning qo’lidan tortqiladi.
— Ifor bilan xayrlash, — dedi tabassum bilan.
— Yaxshi qolinglar. Shaharga ham boringlar, — dedi otasi.
— Yo’l uzoq. Buni qorning ochganda yeb olasan, — deb Iforning onasi qog’ozda o’rog’liq yegulik tutqazdi.

U indamadi. Ko’chaga chiqquncha lom-mim demadi. Xuddi bir nimadan xafa bo’lgandek qovoqlarini uyub
oldi. Yo’lda o’zini tutib turolmadi, yig’lab yubordi. Nimaga bunday qilganini o’zi ham tushunmasdi. Onasi holini ko’rib:

— Nega yig’laysan? O’lgani ketmayapmiz-ku, axir!– dedi jerkib.
— Ungamas.
— Nimaga?
— Ifor olmamni qo’limdan tortib oldi, — dedi hiqillab.

Otasi kuldi. Onasi o’g’lining boshini siladi.
— O’z holiga qo’y uni, — dedi otasi.

O’sha-o’sha Iforni ko’rmadi. Vaqt kutib turmas ekan. Yillar o’z hukmini o’tkazdi.

Bugun tongda – o’n besh yildan so’ng ro’parasida Iforning angrayib turishini hatto tasavvur ham qilmagandi. Ha-ha. Hammasi xuddi shunday yuz bergandi. Kichkina qizi ko’chada meva sotib yurgan ayolning ovozini eshitib xarxasha qilmaganda, bu gaplarni eslamagan ham bo’lardi. Qirshisida shuuridagi kabi sho’x-shaddod, yerga ursa, osmonga sapchiydigan chayirgina o’n yoshlar chamasidagi qizaloq emas, juvonlardek to’lishib, hayotning zahmatlari ko’ziga ena boshlagan mushtipargina Ifor turardi.

— Xolam yaxshimi? – so’radi xijolat bo’lib, uch yashar qizini qo’lchalaridan mahkam ushagancha.
— O’tgan bahor xastalikdan o’tdilar, — dedi Ifor va jim bo’lib qoldi.

U so’raganidan pushaymon yedi. Yarasiga tuz sepib, dardini yangilagani uchun o’zini ich-ichida koyiy boshladi. Shunday bo’lsa ham, baribir, odob yuzasidan otasining ahvolini so’rashi lozim edi. Risoladagiday qildiyam. U onasining vafotidan so’ng otasi o’zini oldirib qo’yganini, esi kirdi-chiqdi bo’lib qolganini aytdi. Ifor oilasidagi kenja qiz edi. Opalari haqida so’rashga botinolmadi. Ular turmushga chiqib, oila qurishgan bo’lsa kerak. Qolgan gaplarni o’zicha tasavvur qildi. So’ramay qo’ya qoldi. Ifor yana javob berishga shay, termilib turardi. U uchun bularning bari ahamiyatsiz edi. Uning o’tkir nigohlariga chiday olmadi. “So’ra so’raydiganingni” deyayotgandek edi go’yo. U shaharga tirikchilikka tushgan. Har kuni tong sahar bog’laridagi mevalardan terib, olib kelardi. Sotib, ro’zg’or uchun u-bu xarid qilib uylariga qaytadi. Hammasini ikir-chikirigacha unga aytishi shart emas. Muhimi boshqa. Miyasida faqat bir savol aylanardi. Shuni berish-bermasligini bilmay boshi garang edi. Ming istihola bilan oxiri:
— Bolalaring yaxshimi? – dedi jiddiy.

Ifor yarq etib qaradi. Uning bunday savol berishini kutmagan, shekilli. Istehzo bilan miyig’ida kuldi. Oyoqlariga suykalib, bir nimalar deb chug’urlayotgan qizchani dast ko’tarib oldi. U yoq-bu yoqdan gapirib erkalagan bo’ldi. Ifor uning betamizlarcha so’rovlarining barisiga javob qaytarishga majbur emasdi. Qizchani yerga tushirib:
— Endi otangning oldiga bor, — dedi jilmayib. So’ng ularnikiga ko’tarib kirgan vazminroq qutini timirskilab, uzoq kavladi. Nihoyat, qidirganini topdimi, kattakon bir qirmizi olmani olib qizchaga uzatdi. Bu o’sha – uning qo’lidan tortib olgan olmaga o’xshardi.
— Oyingga salom degin, — dedi darvozaxonadan chiqib keta turib.

U nima deyarini bilmay karaxt bo’lib turardi. Qizchasi qichqirib, ayyuhannos solmaganida yana qancha bu holatga chidashi mumkinligini tasavvur qildi. Ichkaridan xotinining ovozi keldi.
— Ifor, senga nima qildi, qizginam? – dedi chiqa solib xotini. Ifor, chaqin urgandek keskin ortiga o’girildi. Birdan orqasiga qaytmoqchi bo’ldi. Ammo bunga hojat yo’q edi. U indamay yo’lida davom etdi.
— Kim xafa qildi, a? Qizalog’im,– dedi xotini qizining yoniga kelib. – Kim berdi bu olmani?..
Qizi erkalanib Iforni qo’li bilan ko’rsatdi. U ketib borardi. Xotini qutidagi qip-qizil olmalarni ko’rib yashnab ketdi.
— Muncha chiroyli bo’lmasa bular. Hammasini sotib oldingizmi? – so’radi xotini go’llarcha.

Quti to’la qirmizi olmalarni ko’rib uning o’zi ham hayron edi. Rostdan ham ular ko’zni qamashtirardi. “Bular hech qaerda sotilmaydi, sotib olish mumkin emas”, degisi keldi. Xotini olmalardan qo’llariga siqqanicha oldi. So’ng qizini yetaklab ichkariga kirib ketdi.

U Iforni biroz kuzatib turdi. Qutini olib ortidan yugurmoqchi bo’ldi. Biroq ko’tarayotganda tugilgan tugun yechilib, olmalar hammayoqqa sochilib ketdi. U shoshib ularni qayta qutiga joyladi. Olmalarni ko’tarib ko’chaga chiqqanda Iforning qorasi ham yo’q edi. Alang-jalang atrofga qaradi. Ko’zi bilan pana-pastqam joylarni qidirdi. Quchog’ida bir dunyo olmalar. Ularning har birida o’zi kabi jur’atsiz bolalik tuyg’ulari yashirin edi. Biri qadrdon uyini, biri do’stlarini eslatsa; yana biri Iforning onasini, uning yo’lga o’rab bergan shirinliklarini yodga solardi. Qirmizi olmalarning bari-barisi esa, Ifordek ifor taratardi. Ularni birma bir qars-qars tishlab yeyish kerakligini o’ylab o’kindi. Bu qanchalik azob bo’lmasin, ularning qismati shu edi. Yana kim biladi deysiz?

Manba: “Sharq yulduzi” jurnalining 2014 yil 6-soni

022

(Tashriflar: umumiy 230, bugungi 1)

Izoh qoldiring