BBC O’zbek. Adabiyotlar orasidagi ko’prik: bir tomonlama harakat.

090
Таржима жараёни – тилларни бир-бирига қиёсан мукаммал ўрганиш, тиллар муҳити ва стихиясига эгалик қилиш, муайян таржимага сидқидилдан тайёргарлик кўриш – турли илмий адабиётлар, маълумотномалар, ранг-баранг луғатлар билан ишлаш, мамлакатлар, уларнинг маданиятлари, адабиётларини яхши билиш – бунда олтин малака ва кўникма ҳосил қилиш – таржима жараёнида ҳозиргача назариётчилар ҳам, амалиётчилар ҳам айтарли эътибор бермаган, ҳисобга олмаган – изчиллик ва муттасиллик мавжудлигини кўрсатади. Барчасига изчил, муттасил, яъни узлуксиз риоя қилингандагина, орадаги жараён ҳалқаларидан биронтаси ҳам эътиборсиз қолиб кетмагандагина жараён юксак маърифатли тус олади, таржима муваффақиятлар гаровига айланади

132

АДАБИЁТЛАР ОРАСИДАГИ КЎПРИК: БИР ТОМОНЛАМА ҲАРАКАТ
Мақола BBC учун минтақадан мустақил журналисттомонидан тайёрланган

Ўзбек адабиёти намуналари жаҳонда, юмшоқ қилиб айтганда, нега унчалик маълум эмас? Ё ўзбек адабиётида рус, Лотин Америкаси, япон адабиётидаги асарлар билан бўйлашадиган асарлар йўқми? Ўзбек адабиётига бошқа тиллардан ҳатто энг мураккаб саналаётган асарлар таржима этилаётган бир пайтда жаҳонда ўзбек адабиётига қизиқиш йўқми ё?

Кейинги пайтларда Ўзбекистонда бадиий таржима борасида бўлаётган баҳс-мунозараларда бошқа саволлар билан бир қаторда юқоридаги саволлар ҳам ўртага ташланмоқда.
Умуман, бадиий таржиманинг савияси борасида ҳатто бир-бирига зид фикрлар ҳам ўртага ташланмокда. Жумладан, ўтган йили «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида берилган бадиий таржима борасидаги баҳсларда таржимачиликдаги асил нусхадан сира кам чиқмаган таржималар билан бирга, ўгириш учун асар танлашдаги шошма-шошарликлар, «мендан кетгунча» қабилидаги таржималар борасида гап кетганди.

Жараён ҳалқалари, «Улисс» ва бошқа сара асарлар

Таржимашунос олим Комилжон Жўраев таржимачилик хусусида шундай фикр билдиради:
«Таржимачилик иши миллий адабиётларни ўзаро айирбошлаш, бирида учрайдиган миллий биқиқлик ва камчиликни иккинчисида бартараф қилишга имкон берувчи энг ишончли воситалардан бири. Таржимон эса шу ижодий жараённи амалга оширувчи адиб. Унинг фаолияти фақат тил билиш ёки истеъдод билан, ёинки таржимачилик ишига зўр иштиёқи билангина белгиланмайди. Шоирона дид, нафосат, зеҳн, зийраклик, уқувга эга бўлмаса, ундай таржимондан ҳақиқий санъат асари кутиш амри маҳол».

Атоқли таржимон, адабиётшунос ва адиб Иброҳим Ғафуров таржима этиш учун унча-мунча асарга қўл урмайди. У таржиманинг муваффақиятли чиқиши осон эмаслигини таъкидлайди:
«Таржима жараёни – тилларни бир-бирига қиёсан мукаммал ўрганиш, тиллар муҳити ва стихиясига эгалик қилиш, муайян таржимага сидқидилдан тайёргарлик кўриш – турли илмий адабиётлар, маълумотномалар, ранг-баранг луғатлар билан ишлаш, мамлакатлар, уларнинг маданиятлари, адабиётларини яхши билиш – бунда олтин малака ва кўникма ҳосил қилиш – таржима жараёнида ҳозиргача назариётчилар ҳам, амалиётчилар ҳам айтарли эътибор бермаган, ҳисобга олмаган – изчиллик ва муттасиллик мавжудлигини кўрсатади. Барчасига изчил, муттасил, яъни узлуксиз риоя қилингандагина, орадаги жараён ҳалқаларидан биронтаси ҳам эътиборсиз қолиб кетмагандагина жараён юксак маърифатли тус олади, таржима муваффақиятлар гаровига айланади».

Кейинги йилларда жаҳон адабиётидан ўзбекчага муваффақиятли таржима этилган асарлар ҳақида гап кетганда, Ўзбекистонда биринчилар қаторида, шубҳасиз, Жойснинг «Улисс» романи тилга олинади. Бу асарни Иброҳим Ғафуров ўзбек тилига ўгирган.
Шу ўринда Иброҳим Ғафуровнинг жаҳон адабиётидан энг сара сара асарларни улкан меҳнат сарфлаган ҳолда ўгириб, ўзбек китобхони бадиий дидини ўстиришга ҳисса қўшиб келаётганини эслатиш жоиз. Истеъдодли таржимон, жумладан, Тургенев, Мопассан, Достоевский, Фолкнер, Хемингуэй, Маркес, Айтматов каби буюк адиблар асарларини маҳо-рат билан таржима қилган.


“Қўрқма. Ёзавер. Мен ўзбекчада шундай ёзган бўлардим”

Жойс ва Достоевский асарларини таржима қилиш борасида Иброҳим Ғафуровнинг қуйидаги гаплари эътиборни тортади:
«Жойснинг руҳий (психик) ва поэтик (бадиий) кашфиётлари магнити туганмас. Уни ўқиган одам ҳеч зерикмайди. Ҳар ўқиганда, яна янгидан-янги нарсалар очилаверади. Одамнинг бунчалар поёнсиз узлуксиз кашфиётларни қабул қилиши осонмас. Тасаввур қобилиятимиз дастлаб бу фусунсоз издиҳомга ўрганмаганлик боисидан дош беролмайди.
Биз Достоевский асарларидаги шундай туганмас, поёнсиз инсон мубталоликларига дош беролмаймиз. Бу мубталоликлардан юрак ёрилиб кетадигандек бўлади. Лекин мубталолик интиҳога бораётганда бир ҳиссий, ақлий инқилоб рўй беради. Энг юксак тоғларнинг энг юксак тоза ҳаволари кўксингизга урилади ва мубтало дардларга малҳам қўяди.

Достоевский жумлаларига мен поғонама-поғона осилиб бораман, поғоналарга оёқ қўймайман, уларга том маънода икки қўлим ва миямнинг қуввати билан осиламан, осилиб бир поғонадан иккинчи поғонага ўтаман, ажаб бир ҳолатки, бунда адибнинг ўзи тўхтовсиз мадад бераётгандай, қўлтиқлаб навбатдаги поғонага кўтарилишга мадад бераётгандай бўлади. “Қўрқма. Ёзавер. Мен ўзбекчада шундай ёзган бўлардим”, деб умда қилаётгандай туюлади. Бу ҳис мени ҳеч тарк этмайди.»

Муаллиф ва асар танлаш

Истеъдодли адиб ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фикрича таржимада асар танлаш энг муҳим ўрин тутади:
«Ҳар соҳада бўлгани каби бадиий таржимачиликда ҳам давр ва замондан келиб чиқадиган муаммоли ҳолатлар талайгина. Мисол учун бадиий асарлар таржимачилиги соҳасида энг жиддий муаммо — муаллиф ва асар танлаш. Айни пайтда қайси асар таржима қилинмоғи керак, деган савол ҳамиша кўндаланг туради. Маълумки, яқин-яқингача ҳозирги МДҲ мамлакатлари халқлари шўро мафкураси манфаатларига мос келадиган муаллифларни, уларнинг асарларини ўқишган. Чунончи Ғарб адабиёти, Лотин Америкаси адабиёти, Япон адабиётининг мавжуд панорамаси билан батафсил танишиш имкони бўлмаган. Социалистик реализм “қаричи”га сиғмаган (улар озмунчами!) адабий воқеликдан йироқлик жаҳон адабиёти, жаҳон бадиий тафаккуридаги жараёнлар ҳақидаги тасаввурларни чала ҳолатда қолдирган. Қўпол қилиб айтганда, кенг китобхонлар оммаси эмас, авлод-авлод қалам аҳлларимиз ҳам чала тасаввурлар даражасидаги ижодкорлар бўлиб қолишга маҳкум этилган.»

Бу гаплар қанчалик аччиқ бўлса-да, лекин ҳақиқат эканлигини китобхонлар ҳам, ижод-корлар ҳам яхши билишади. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фикрича бу кўнгилсиз ҳолатдан чиқиб кетишнинг иложи бор.

Бунинг биринчиси — хорижий тилларда бадиий асарларни ўқиб, тушуниш даражасида эгаллаш, дея ҳисоблайди адиб. «Ёши улғайиб қолган ижодкорларимиз учун буни эплаш ниҳоятда мушкул. Қолаверса, нафақат инглиз, балки француз, испан, япон ва бошқа тиллардаги адабиётларни бевосита ўз тилида ўқигиси келади одам,» дейди у фикрини давом эттирар экан.

Айни бир пайтда ёшлар орасида бадиий асарларни у ёзилган тилда ўкий олаётганлар кўпаяётганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бу ёшлар орасида фақат мутолаа қилиш эмас, балки жаҳон тилларидан таржима қилиш билан ҳам шуғулланаётган йигит-қизлар кўпаймоқда.

Бундан уч ой олдин Америка Қўшма Штатларининг Индиана штати Блумингтон шаҳридаги “AuthorHouse” нашриёти инглиз тилида «Ўзбек ҳикоялари тўплами»ни нашр этди. Бу китобга киритилган ҳикояларни 22 ёшли ёш таржимон Маҳмуда Сайдумарова инглизчага ўгирган.

У китоб сўзбошисида жумладан қуйидаги сўзларни ёзган:
«ХХ аср ўзбек адабиёти минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек адабиётининг энг яхши намуналарини ўзида мужассамлаштирган ва айни пайтда ҳаётда юз берган ижтимоий-сиёсий воқеаларни ифода этган реалистик адабиётдир. Ушбу тўпламга ўзбек халқи маданий ҳаётининг турли даврларига хос ҳикояларни танлаб олишга ҳаракат қилдим.»
Бу тўпламга Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Тоғай Мурод каби муаллифларнинг ҳикоялари киритилган. Адабиётшунослардан бири айтганидай тўплам учун танлаб олинган ҳикоялар ва таржима савияси ҳақида аввало америкалик ўқувчиларнинг фикри қадрли, лекин ёш таржимон томонидан ўзбек ҳикоянавислари асарларининг инглиз тилида сўзлашадиган ўқувчилар учун етказиб берилишининг ўзиёқ катта гап.

Шакл ва мазмуннинг диалектик бирлиги

Ўзбек адабиётини жаҳонга танитиш учун жон куйдириб келаётган ижодкорлардан бири Аъзам Обидов саналади. Камида олтита хорижий тилни яхши эгаллаган Аъзам ўзбек ижодкорлари асарларини инглиз ва франсуз тилларига таржима этмоқда.

Адабиётшунос олима Зулхумор Мирзаева Чўлпон шеърларини инглизчага ўгирган Аъзам Обидов иқтидорига яхши баҳо берган:
«Кўнгил» шеърини инглизчага ўгирган турк таржимони (Мел Кенни билан биргаликда), Жон Маккейн, Аъзам Обидов каби таржимонлар шоир бадиий маҳоратини тўғри идрок эта олган ва ҳар бири индивидуал услубга (фарқларга) эга эканини таржимада намоён қилганлар. Уларнинг таржимадаги маҳоратларини ушбу шеър мисолида қиёслаганимизда шакл ва мазмуннинг диалектик бирлигини сақлаб қолиш хусусияти бошқаларга нисбатан Аъзам Обидов таржимасида аслиятга яқинроқ кўринишда мужассам бўлган».

Аъзам Обидов ўтган йилнинг охирроғида ўзбек шоир ва ёзувчиларига мактуб йўллаганди. Жумладан, у бу мактубда шундай ёзганди:
«Ўтаётган йилда таржима, ўзбек адабиётини дунёга чиқариш деган мавзуларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва бошқа газеталарда ўнлаб яхши мақолаларга, фикрларга кўзим тушди. Балки ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқишнинг минг бир йўли бордир, бироқ, мен айтаётган қуйидаги йўлдан осони йўқ:

— зудлик билан шоир ва ёзувчилар учун бепул чет тили курслари ташкил этиш, уларга дунё тилларини ўргатиш (“Ижод”дай ўн миллионлаб маблағли жамғарма ёзувчилар уюшмаси қошида чет тили курслари ташкил этолмайдими?)
— бошқа тилда асар ёзиш тажрибасини йўлга қўйиш, ўз асарларини таржима қилиш амалиётини бошлаш
— чет элдаги дастурлар, тадбирларда тажриба орттирган ёзувчиларнинг илғор фикрларини оммалаштириш…

Шу ўринда Аъзам Обидовнинг бевосита Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига мурожаатини ҳам келтириш жоиз:
«Шоиру ёзувчи дўстларим, хусусан, ёзувчилар уюшмасидаги масъул ўртоқлар, Адабиётни тарғиб қилиш учун чет элдан ё юртимиздан таржимон излаш, улар ёрдамига кўз тикишдан аввал ўз потенциалимизга, иқтидоримизга, кучимизга ишонайлик, бирор тилни билмаслигимиз айбмас, аммо ўзимиз ва омма учун керак экан, уни ўрганмаслигимиз айб. Устимизни қоплаб турган дангасалик, эринчоқлик, ишончсизлик пардаларини очиб, бир силкиниб олайликда, янги марралар сари олға қадам ташлайлик! (Қип-қизил советча шиорга ўхшади шу охирги гапим!) Илтимос, шу фикрларимни юқорида ўтириб, миллат учун нимадир яхши нарса қила оладиганларга ҳам етказинг.

Бошланғич даража

Чет тиллардан таржима қилиш борасида гап кетар экан, мустақиллик йилларида бу борада қўйилаётган қадамларни эслатиб ўтмаслик ноинсофлик бўлади. Масалан, Тошкент Давлат шарқшунослик институтида бундан уч йил олдин «Таржима назарияси ва амалиёти» кафедраси иш бошлаганди. Жумладан, мазкур кафедра амалиёти ўлароқ Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асари хитой тилига, ўзбек ҳикояларидан намуналар корейс ва турк тилларига ўгирилди.

Малакали таржимонлар тақчиллиги оқибатлари

Лекин Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фикрича ҳозирда таржимачилик борасида қилинаётган ишлар етарли эмас:
«Келинг, бир оз реалист бўлайликда, нажотни таржимадан излайлик. У ҳолда бевосита хориж тилидан ўзбекчага ўгириш имкони етарли эмас. Тил ўзлаштирган малакали таржимонлар тақчил. Оқибатда аксарият асарлар рус тили орқали таржима қилинмоқда. Бунга ҳам рози бўлишдан ўзга илож йўқ. Лекин қайси асарни таржима учун танлаш таржимоннинг хоҳиши, диди, савиясига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Жамоатчилик марказлари, уюшмалари, умумҳолатни, талаб-истакни ўрганиш орқали масалага ойдинлик киритиш у қадар амалиётга кириб келганича йўқ.

Мисол учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил этилган адабий алоқалар бўлими ходимлари айни шу сингари масалалар билан шуғулланмоқда, шунинг шарофати ўлароқ кейинги йилларда турк, озар, қозоқ, форс-тожик, инглиз, туркман, қорақалпоқ тилларидан таржима қилиш, шунингдек ўзбек ижодкорларининг асарларини хориж тилларига ўгириш ишлари йўлга қўйилди.

Бироқ, назаримда, бундай саъй-ҳаракатлар мавжуд эҳтиёж, талабга нисбатан олганда ҳали жуда-жуда бошланғич даражада, холос. Қолаверса, таржима асарлари истаймизми-йўқми, товар-буюм сифатида бозорга чиқарилади, яъни сотилади. Босма нашрларга, жумладан китоб мутолаасига бўлган қизиқиш анчагина инқирозга юз тутиб турган бир пайтда бу яна бир жиддий муаммога айланиб бормоқда.»

Таржима – енгил-елпи иш эмас ё янгиликка ташна юрак инқилоби

Иброҳим Ғафуров фикрича таржима ишини ҳеч қачон енгил-елпи деб ўйламасдик зарур:
«Бирон асарни чала-чулпа ўқиб, муаллиф, миллий адабиёт муҳитини, унинг миллий заминда ўқувчилар томонидан қандай қабул қилингани, қандай фикрлар билдирилиб келинаётгани, бу асар башқа халқлар адабиётига қандай таъсир кўрсатгани, бошқа миллий адабиётлар билан алоқаларини муттасиллик ва узлуксизликда ўрганмай туриб, ҳар қандай истеъдод бўлганда ҳам, бу таржимадан муваффақият кутиш қийин. Таржимага жуда осон иш, ҳатто тўртинчи синф ўқувчиси ҳам таржима қилаверади, деб ўта жўн қараш – таржимани тушунмаслик, англамасликдан бошқа нарса эмас.

Аслият матни устида қунт ва сабот билан иш олиб бормай туриб, асарнинг ўзига яраша иборалари, фразеологизмлари, образли ифодаларига дахлдор махсус луғатлар ва изоҳлар тузмай туриб, қораламалар қилмай туриб, таржимага киришиб бўлмайди. Ҳар қадамда қоқиласиз ва ҳар қадамда нотўғри таржима қиласиз. Бу жараёнга илмий-ижодий ёндошиб, аслиятнинг бадиий услубига йўл топасиз, зарур ритмика, жумлаларнинг оҳангларини англай бошлайсиз. Муттасиллик ва узлуксизлик, изчиллик – таржима жараёнларида жуда улуғ амалий аҳамиятга эга ғоя! У таржима маърифати ва маданиятида биринчи ўринда туради.

Иброҳим Ғафуров ўзининг қайси асарни ўзбекчалаштиришни маъқул кўриш тажрибаси билан шундай ўртоқлашади:
«Таржимага асар танлаганда, бу асар ўзбек миллий маданияти учун қандай янгилик бўлади, деган принципдан келиб чиқаман. Менинг таржималарим ҳаммаси янгиликка ташна юрагимнинг инқилоби. Юрагимга шу инқилоб ҳаракат бағишлайди. Эртами, кечми, ўқувчилар юракларига ҳам бу маърифий инқилоб албатта кириб боради.»

Ишқилиб, ҳафсала сўнмасин!

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг фикрича гарчи ҳали таржима бобида қилинаётган ишлар қаторлашиб турган бўлса-да, лекин кўнгилни қувонтирадиган натижалар ҳам бор:
«Мен сўнгги йилларда ўзбек тилига таржима қилинган ва китоб ҳолида кенг оммага етказилган ўнлаб жаҳон адабиёти намуналарини, бу борада “Жаҳон адабиёти” журнали ҳормай-толмай меҳнат қилаётганини, забардаст ўзбек таржима мактаби намоёндалари сафи ёш, иқтидорли таржимонлар ҳисобига бойиб бораётганини мамнуният билан қайд этган бўлардим.

Бир сўз билан айтганда, бадиий таржимачилик ҳам алоҳида маърифий, сиёсий, иқтисодий тирик жараён: у мавжуд, у шаклланади, тараққий этади, ютуқларга эришади, сустлашади… яшайди. Муҳими — унинг яшовчанлиги! Қолганини ҳаёт кўрсатади…»

Ўзбек тилида яратилаётган асарлар каби таржима асарлар ҳам ўқувчига икки хил таъсир кўрсатиши мумкин. Тўғри танланган, жаҳоннинг ҳар бир тилида севиб ўқиладиган, ўқувчини ўйлантирадиган, фикрлашга мажбур этадиган, қойил қолдирадиган асар китобхон руҳиятини бойитишга, инжа завқини оширишга, баланд поғоналарга етаклашга хизмат этади. Аксинча бўлганда эса, китобхон диди пастлашиб кетади, «ҳе, уларнинг асарлари ҳам ўзим ўқиган китоблардан фарқ қилмас экан» деган ўйга боради ва бора-бора китобдан ҳафсаласи сўнади…

Бадиий таржима икки тилдаги адабиётни ва ана шу икки тилда сўзлашувчи халқларни ҳам бир-бирига яқинлаштиришда хизмат кўрсатиши маълум. Лекин Ўзбекистондаги таржимачилик жараёни кузатилганда бу кўприкда ҳаракат кўпрок бирёқлама бораётгандай кўринади.

Чет эл адабиётидан ўзбек тилига таржима билан ўзбек тилидан чет тилларга қилинаётган таржима қиёсланганда жуда катта фарқ кўриш мумкин. Ўзбек тилига ўгирилаётган, жумладан, муваффақиятли таржима этилаётган асарлар оз эмас. Лекин ўзбек тилидан чет тилларга таржима этилаётган асарлар жуда оз. Айниқса, муваффақиятли таржима этилаётган асарлар. Таржимоннинг эмас, муаллифнинг кўнглини тўлдирмаётган асарлар!

Мақолани тайёрлашда жумладан интернет-манбалардан ҳам фойдаланилди

(Tashriflar: umumiy 313, bugungi 1)

1 izoh

  1. хусусий ноширликни ташкил этишгина. Ўзбек адабиётини жахонга танитиши мумкин.чунки ношир фойда ва нуфуз учун хакикий асар,ижодкорни топади топа олмаса таржимага зўр беради.биров танимайдиган,таниса хам ўкимайдиган «а д и б»ларни кимга кераги бор.

Izoh qoldiring