Bog’otlik Boltaboy boboning she’rlari

067

“Болтабой — анъанавий исм. Улар кўпинча консерватор бўлишади. Болтабойлардан бирон-бир янгилик кутиш қийин”. Бу Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ёшлик йиллари — 1983 йилда Шовот туман газетасида ишлаган давридаги фикри. Аммо Шовотлик зоотехник Болтабой Бекметов Баҳром ака кутмаган ҳолда, унинг фикрига зид равишда Хоразм адабий муҳитида ўзгариш қиларли даражада асарлар яратаолди.

044
УМИД БЕКМУҲАММАД
БОҒОТЛИК БОЛТАБОЙ БОБОНИНГ ШЕЪРЛАРИ
043

Сўраб садқа келарлар, садақа зор гадодан,
Вақо йўқ ботинимда, бўлак ўтли нидодан.

Қон йиғлагай жунунлар кўриб ҳолимни, яна-
Йўл сўрарлар, йўл излаб юрган мен мубталодан.

Учратмадим бир дониш бунда, деб йўл , айтгувчи.
Қум шопириб турса ҳам фарёдим Карбалодан.

Фарҳода макри афсун, Мажнуна зарди жунун,
Тегди манго гадолиғ гардуни бебақодан.

Номам рўмол эл ичра, бир зарра йўқ ниҳоним,
Сен ёқ, кел, шу рўмолни умринг тўлғай зиёдан.

Қуруқ қолма савобдан, даҳр аро бўл раҳмдир,
Чала пишган кабобман қолган Одам Атодан.

Куйдирсанг ҳам энди эрк, қул қилсанг ҳам эрк сенда,
Сочма кулим, илтимос, ташқари шу маъводан.

Яқинларим кўз юмиб кетди куйиу дудимдан,
Ҳеч бўлмаса шамширинг сен яшир бу фидодан.

Сўраб садқа келарлар, сендан ортмас бу жоним,
Соҳибга ўзи бу жон садақадир Худодан.

“Болтабой — анъанавий исм. Улар кўпинча консерватор бўлишади. Болтабойлардан бирон-бир янгилик кутиш қийин”. Бу Баҳром Рўзимуҳаммаднинг ёшлик йиллари — 1983 йилда Шовот туман газетасида ишлаган давридаги фикри. Аммо Шовотлик зоотехник Болтабой Бекметов Баҳром ака кутмаган ҳолда, унинг фикрига зид равишда Хоразм адабий муҳитида ўзгариш қиларли даражада асарлар яратаолди.

Орадан йиллар ўтди. 1939 йилда Боғот туманида туғилган Болтабой Қуронбоев ҳам Баҳром Рўзимуҳаммаднинг фикрига зид равишда янгилик қилишга интилди.

Маълумки, Боғот тумани вилоятнинг жанубий қисмида жойлашган туман бўлиб, 1926 йилда ташкил этилган ( 1930 ва 1950 йилларда бир неча марта ёндош туманларга қўшиб юборилган ва қайта тикланган. 1970 йилнинг 7 декабрида қайта тикланган) Майдони 0,44 минг км 2.

Аввало, Хоразмдаги туман топонимлари ичида энг қисқаси ва изоҳлаш учун қулайи — бу БОҒОТ ҳисобланади. Боғот—этимологиясини боғзор, боғлар, боғ ва арабча от кўплик аффикси ташкил қилган бўлиб, “боғлар диёри” демакдир.

Боғотнинг донгдор инсонларидан бири эса шўро даврида колхоз раиси Искандар Дўсов бўлган. Санъаткорлардан -Ўзбекистон Халқ артистлари Ортиқ Отажонов,Гулор Раҳимова, хизмат кўрсатган артист Шермат Файзуллаев, кимё фанлари доктори, академик Саъдулла Искандарович Искандаров (Искандар Дўсовнинг ўғли), шунингдек кўплаб раҳбар кадрлари, истиқлол давридаги қаҳрамонлардан Машариф Қувоқов, таниқли адиб Раҳим Бекниёз, журналистлар Жаббор Раззоқов, Рўзимбой Ҳасан, Беруний Алимов, Эрпўлат Бахтлар ҳам Боғотликларнинг фахри даражасидаги инсонларидир.

Бу сафда Болтабой Қуронбоев ҳам бор.Самарқанд педагогика билим юрти, ТошДУ журналистика факультетини, Тошкент олий партия мактабини битириб чиққан Болтабой ака бир неча йил Боғот туман газетасига муҳаррирлик қилган.Вилоят матбуотида,Хоразм ТВда, вилоят партия қўмитасида, маданият жамғармасида маъсул вазифаларда ишлаган.

Бундай қарсангиз, Болтабой аканинг умри шўро даврининг бюрократик тизимидаги вазифаларда ишлаб ўтганидан, Баҳром ака айтгандай , исмига мос консеравтор инсонмикин дея ўйлайсиз.Аммо суҳбатлашсангиз, ғоятда самимий.

Балки бунга отасининг 1941 йилда шўро қатағон даври жабрини чекиб, отасиз вояга етгани, умуман Болтабой аканинг табиатида сохталик, хушомадгўйлик йўқлиги сабабдир.

Болтабой акани 1999 йилдан бери яхши танийман.Ҳар гал учрашганимда меним тарихчилигим, қатағон давр илмий ишим бўлгани боис отаси тақдиридан сўз очади:
— Икки ёшлигимда отамнинг тиззасида ўтирганим, унинг қиёфаси кўз ўнгимда ,-шундай дея Болтабой ака дадасининг чеҳраси, шу давр тўғрисида йиғламсираб сўз очади,-Агарки, шу даврга оид ҳужжатларни ўргансанг, дадамнинг тақдири билан қизиқ, жон болам.

Афсуски, бугунги кунгача Болтабой аканинг дадаси тақдирига ойдинлик киритолмадим.Болтабой ака эса “Отам ёди” деган шеър битди:

Қирқ биринчи йилнинг
Илм-тешик баҳори…
(Юрагимни едилар
Шамолларга ботириб).
Қамчи зарби
Қайрағочда қотади.
Чеҳрасини беркитиб,
Булутлар чачвонига,
Ҳўнграб-ҳўнграб
Кўзларини артади…
(Юрагимни едилар
Шамолларга ботириб)
Зарб..Зарб…Зарб…
Бирда, ўнда, юз элликда ҳам
Тўхтамади ҳарб…
Юлдузларнинг
Талоғида
Занжир узар жон.
Аюҳаннос солиб кўкдан
Қулади Имон!…
(Юрагимни едилар
Шамолларга ботириб)

Ҳа, Болтабой аканинг ҳам дардлари кўп.Бундан уч-тўрт йил олдин негадир уни кўпинча маъюс ҳолда кўрардим.Буни кексаликка ҳам, турмуш ташвишларига ҳам йўйиш мумкин эди.Шукрки, 2013 йилдан бери ҳар гал учрашиб қолганимда юзида қувонч балқ уриб, севиниб юрибди.Балки бунга изинма-кейин бирданига учта китоби нашр этилгани сабабдир.Ҳар ҳолда 75 ёшга кирган пайтда китоблари нашр этилаётгани қувончини кўриш ҳам кишига тетиклик , хушнудлик бахш этади.Болтабой ака ҳамиша оиласи, адабиёт мухлислари бахтига соғ бўлсин.
Энди мақоламиз бошидаги анаъани бузишга келсак.Одатда 70 ёшдан ўтган инсондан адабиётда бирон воқеа бўларли янгилик кутиш қийин.Аммо Болтабой Қуронбоев Соҳиб Музаффар тахаллуси билан нашр этдирган китобларида сонет,баллада, романс,ғазал, достонларини эълон қилдириб,Хоразм адабий муҳитдаги консерватизмни “болта билан қулатди” Хуллас, 75 ёшли Болтабой аканинг сўз “болта”си кескир, қудратли эканки, ҳамон адабиёт оғушида.

Хуллас, Боғотлик Болтабой бобо — Соҳиб Музаффар шеърларини ўқиб, унга баҳо беришни сизга ҳавола қиламиз.

09
Соҳиб Музаффар (Болтабой Қуронбоев)
ШЕЪРЛАР
09

* * *

Эслатма, бу эски дард, бод олдирма ярамни,
Додим қилур чирпирак бу ташландиқ ҳарамни.

Турар кўриб кўзларинг, кечди нелар бошимдан,
Бўлса гуноҳ ўзингда кимга дерман гинамни.

Сафо излаб сафодан, юзинг бурдинг вафодан,
Тинчидингми чавақлаб ўз уйингни-сийнамни.

Валодурман ишингга, боғбонсану меҳринг йўқ,
На қилурсан парвариш, қизғанурсан карамни.

Саҳоватинг шунчами, ўзинг эккан гулинга ,
Атринг тутиб ниҳона, сепганинг не аламни.

На у ёнман, на бу ён, ўртда қуш, муаллақ,
Кел, учишга изн бер, гуллатай дил-даламни.

Ҳали йўлим кўп узоқ, суҳбат этар кўп давом,
Ҳар на асра, Соҳибдан дариғ тутма қаламни

***

Насиҳат аҳлига эрк бер ва боқ, оғзи қулоғинда,
Кучукдек ғингшиниб тошни гуҳар этгай сўлоғинда.

Олиб қопқосин оғзидан умид бирла назар этсанг,
Мағордан дудланиб ётмиш, на кўпик бор булоғинда.

Дам ургай, босқони ҳар ён сочиб кул кўзларинг кўмгай,
Қовушмас тил, бу сардхона, бир учқун йўқ ўчоғинда.

Харид этсанг неки неъмат, агар кўнглинг тусар бўлса,
Тоту таъм мағзида бўлгай, оқиб турмас пўчоғинда.

Мен ҳамки ҳозики Халлоқ учирма қилган ҳур қушман,
Учиб-қўнмоқни ҳурд этган ҳаётнинг бир бутоғинда.

Вужудим яхшилик рамзи, ёмонликдан учиқ йўқ бир,
Сафо офтобидан лойим, ҳақ олган ҳушли чоғинда.

Насиҳат аҳли Соҳибни ақлсиз эр, деса жоним.
Ишонма, ҳақ осар ҳар кимни бир кун ўз оёғинда.

***

Мен иймон қошидан келдим, бошимда чарх кулоҳимдур,
Сомон йўли мени бунда кузатган нурли роҳимдур.

Фалак анжумлари кулгим қанотидан сочилган дур,
Қўлин очган дуога тонг менинг шафий илоҳимдур.

Муборак ташрифим қутлаб замин менга Ватан бўлди.
Бугун бу неъмати яздон иймонга саждагоҳимдур.

Сенга ҳам саждада бошим, хаёлда суврати равшан,
Қуёш юрган излаб аслинг ки саргардон нигоҳимдур.

Пойингда сабзалар ҳуррам,томар ризқ боғ чаманлардан,
Илиб киприкка келтирган санго меҳри гиёҳимдур.

Ариқларда масиҳий дам, юзинг юв, кавсари ризвон,
Кўзимда яшуриб тушдим бунга Жайҳун гувоҳимдур.

Ўзинг излаб, изинг излаб то тушгандан ҳануз жоним,
Чопарман абрўдек бўзлаб, бунда сабрим паноҳимдур.

Не орттирдим қилиб ғорат фузун этмоққа бахтингни,
Бугун кўрсам бисотимда қолгани битта оҳимдур.

Кетар Соҳибинг оҳ бирла, тополмасдан изинг жоним,
Сўрарда не жавоб бергай, савобдан кўп гуноҳимдур.

ОГАҲИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Мавҳ этар зоҳиран кўзни, ботинан гирёнадур,
Ҳар гиёҳин бир сибизға, дема ерин таронадур,
Офтоби алдоқчи шам бир, моҳи синиқ шонадур,
Даҳр касри ким ҳақиқатда, кўҳан вайронадур,
Они ҳар ким маскан этмак истади девонадур.

Истасанг сайр айламак, пайдо йўлингда ўтли жар,
Хавф солиб кўнглинга у, сўнг, кўзда гирёнинг кутар,
Бўлмаса ҳосил муроди, бошинга зардин тўкар,
Саҳфида ер сарбасар, ондин ёғар гарди хатар,
Амниятдан йўқ асар, ваҳ, не ажаб кошонадур?

Тортиб сани ғафлат сари, алдар чалиб юз нағмасин,
Таҳлил этсанг гар ониким, бошдан-оёғинда кин,
Минг ишонки, очмас санго, фитнага хўрда дилин,
Фитна авфожи онинг сокинлари қасди учун,
Тортибон онда жафо тийғин мудом айлонадур.

Тун қапоқин остида, минг-минг таманно парчалар,
Ўйлама бул парчалар, шабда очилган ғунчалар,
Даҳр ўқидан, боқ танинда бул ҳисобсиз дарчалар,
Онда ҳар шаъмики равшан бўлғусидир кечалар,
Қоврилиб ўз ёғига бошдан-оёғи ёнадур.

Боқки, бу саҳнига ғамнинг борму тенг баҳо – нисбат,
Борар ортиб кунба-кун бу сирли манзилга ҳайрат,
Келса ҳар кас, енгиб ҳайрат, дилига иниб шавкат,
Шуълаи хирмон аро чуркангусидур оқибат,
Онда роҳат шаъмига ҳар жон қуши парвонадур.

Аввало, бу кулбаи кошонани тан айлади,
Сўнг, сепиб меҳрин сувин дуру ғалтон айлади,
Нур бериб ким дил кўзидан, равшани жон айлади,
Они ғафлатдан қаю хуш ким нишимон айлади,
Ҳайрат ашкидан онга билгилки обу донадур.

Кутмагил ҳаргиз кўнгил ошинолардин сафо,
Қўй, оларнинг ҳар узвида тўлғонур заҳму жафо,
Ортадур ғаминг ва, лек, тафтинг босилмас мутлақо,
Ким онинг аҳлига бўлди ошино истар вафо,
Тортибон турли жафолар жонидин бегонадур.

Минг урин, ким бермас илкин сенга аззат мужиби,
Тегмага ким тийра бўлғай сенга давлат мужиби,
Аззату давлат нари, йўқ, ҳатто, раҳмат мужиби,
Таркини онинг кишиким билди роҳат мужиби,
Олам аҳли ичра они англа ким фарзонадур.

Йиғламай ўтган киши тонг йўқ жаҳондин топилмас,
Йиртиғи бутган киши тонг йўқ жаҳондин топилмас,
Соҳибо, ўтған киши тонг йўқ жаҳондин топилмас,
Комиғо етган киши тонг йўқ жаҳондин топилмас,
Ким, бу олам Огаҳий бир кўҳна ҳасратхонадур.

РУБОИЙЛАР

1
Битта қорнинг учун кўтариб ғавғо.
Тутма ёқасидан дунёнинг асло.
Нетасан семириб, минг семирсанг
Тўймоқни билмайди кўзинг-аждаҳо.
2
Тақдир қаламини берсайди менга,
Ямоқ қилмас эдим этакни енгга,
Бечироқ қолсам ҳам кунни йигириб,
Бош-оёқ тўй либос тўқирдим сенга.
3
Сиру-синоатнинг тугуни дунё,
Керак пайт ечилмас, доим-муаммо,
Аввал нега тугдинг, энди ечолмай-
Бошинг қотиб гаранг, ўзинг ҳам, ҳатто.
4
Бу суҳбат, бу мажлис этади давом,
Фақат гап сотамиз, занглаб ётар ком.
Минг йиллар аввал ҳам, ҳозир ҳам шундай,
Дунё мажлисхона бор-йўғи, тамом.
5
Бир қўлда тасбеҳу бир қўлда Қуръон,
Мозор босқилаймиз пеш этиб имон.
Қулоқдан қолганмиз, оёқ остида,
“Не гуноҳ қилдим”, деб йиғлар устихон.
6
Дунё-дона ёнғоқ, шаклига гап йўқ,
Мустаҳкам сабуса, сиртидан хавф йўқ.
Аммо интиқликда очсанг ичини-
Ҳайф, сен интилган умиддан гард йўқ.
7
Бу тупроқ аслида ҳокимиз бизнинг
Ҳаёт оёғинда токимиз бизнинг.
Шу токда ғўралаб шарбат йиққан сўнг,
Аслига қайтармиш покимиз, бизнинг.
8
Ақлим-ку жойида, бегонамасман,
Шароб деганидан йироқроқ касман.
Давраларга кирсам бир кунжак жойим,
Улар баланд эса “Мен сендан пастман”.
9
Лоақал бир кунга ёки бир соат,
Шароб ичишимга бергин ижозат.
Қанча берган бўлсанг умрни менга,
Шунча йил пойингни қилгум ибодат.
10
Чинни пиёлада чой ичар эдим,
Пиёла итиради текканда лабим.
Боисин сўрадим: Пиёла деди:
“Лабинг ёлқинига дош беролмадим”.

СОНЕТ

Атроф гўзал, боққаним сайин—
Гўзаллашар яна ҳам юввош.
Бу тасвирни чизишим қийин,
Бўлса ҳамки менда мингта бош.

Адолатнинг туғи кўринмас,
Кетаверар кўзларим тиниб.
Қумга сув сепгандек билинмас.
Боқсам ҳамки фалакдан туриб.

Фақатгина бир ҳид келади,
Жон қушимни кафтида тутиб,
Тўнган дилим мойдек эритиб.

Қўлларингни кўзимга босай,
Кир, чангини меҳримда ювай…
Юборма шу даладан қувиб…

УМИДСИЗЛИК
(романс)

Тонг отар…
Юмаланар қуёш—
ўтли ғилдирак.
Сўнг йиқилар боти сўниб,
Ювиб изин жон терига жонсарак.

(Йўлда бир жуфт кўз ётади қотиб,
йўлнинг сийнасига мих каби ботиб).

Кўршапалак
Рақс тушар.
Муз ҳавони тилиб-тилиб,
қанотларига туннинг
туясини миндириб…

(Йўлда бир жуфт кўз ётади қотиб
Хаёллар канорасига тишлам эт, ботиб).

САРБАСТ САТРЛАР

Ўн икки рақамдан
Иборат туйнук,
Ваҳму,
Ҳадикларнинг уяси…

Ўн икки рақам,
Ўн икки туйнук,
Ўн икки мучалга
Очилган дарча…

Ўн икки тўқмоғи қўлида,
Тўқмоқлаб турар:
“Чиқ-чиқ” “Чиқ-чиқ”
Эзиб силта қилар

Суякларингни
Ва сўнг ерга урар
Куракларингни…
Ўн икки рақам-
Ўн икки гўрков.

ИККИ СИЧҚОН
ҲАҚИДА ДОСТОН

Икки сичқон-
Икки ўпқон!..
Ўлтиришар,
бурчагидан
кўзларининг
бир-бирига қараб-қараб,
дарвозанинг олдида
кафтларини ялаб-ялаб…
Тугади сўнгги юриш,
қоплар қолди тешилиб.
Инларини топдилар базўр.
Шамол қуйган жаладан
шарти-парти тўкилган
арқон каби сузилиб…

Шамол урар уйига
дарвозаси ғийқа-ғийқ-
ғижжак чалар
тонг саҳар!
…Кетиб бўлар қаёққа?!
Ботиб бўлар қаёққа?!
Ҳаммаёқда тўр-қопқон,
Ёруғликдан йўқ нишон…
Хўрсиниб оғир-оғир
Эсладилар олғир-олғир-
Сув сероб онларини…
сўнг едилар бўлишиб,
жонларини…

07

044
UMID BEKMUHAMMAD
BOG’OTLIK BOLTABOY BOBONING SHE’RLARI
043

So’rab sadqa kelarlar, sadaqa zor gadodan,
Vaqo yo’q botinimda, bo’lak o’tli nidodan.

Qon yig’lagay jununlar ko’rib holimni, yana-
Yo’l so’rarlar, yo’l izlab yurgan men mubtalodan.

Uchratmadim bir donish bunda, deb yo’l , aytguvchi.
Qum shopirib tursa ham faryodim Karbalodan.

Farhoda makri afsun, Majnuna zardi junun,
Tegdi mango gadolig’ garduni bebaqodan.

Nomam ro’mol el ichra, bir zarra yo’q nihonim,
Sen yoq, kel, shu ro’molni umring to’lg’ay ziyodan.

Quruq qolma savobdan, dahr aro bo’l rahmdir,
Chala pishgan kabobman qolgan Odam Atodan.

Kuydirsang ham endi erk, qul qilsang ham erk senda,
Sochma kulim, iltimos, tashqari shu ma’vodan.

Yaqinlarim ko’z yumib ketdi kuyiu dudimdan,
Hech bo’lmasa shamshiring sen yashir bu fidodan.

So’rab sadqa kelarlar, sendan ortmas bu jonim,
Sohibga o’zi bu jon sadaqadir Xudodan.

“Boltaboy — an’anaviy ism. Ular ko’pincha konservator bo’lishadi. Boltaboylardan biron-bir yangilik kutish qiyin”. Bu Bahrom Ro’zimuhammadning yoshlik yillari — 1983 yilda Shovot tuman gazetasida ishlagan davridagi fikri. Ammo Shovotlik zootexnik Boltaboy Bekmetov Bahrom aka kutmagan holda, uning fikriga zid ravishda Xorazm adabiy muhitida o’zgarish qilarli darajada asarlar yarataoldi.

Oradan yillar o’tdi. 1939 yilda Bog’ot tumanida tug’ilgan Boltaboy Quronboev ham Bahrom Ro’zimuhammadning fikriga zid ravishda yangilik qilishga intildi.

Ma’lumki, Bog’ot tumani viloyatning janubiy qismida joylashgan tuman bo’lib, 1926 yilda tashkil etilgan ( 1930 va 1950 yillarda bir necha marta yondosh tumanlarga qo’shib yuborilgan va qayta tiklangan. 1970 yilning 7 dekabrida qayta tiklangan) Maydoni 0,44 ming km 2.

Avvalo, Xorazmdagi tuman toponimlari ichida eng qisqasi va izohlash uchun qulayi — bu BOG’OT hisoblanadi. Bog’ot—etimologiyasini bog’zor, bog’lar, bog’ va arabcha ot ko’plik affiksi tashkil qilgan bo’lib, “bog’lar diyori” demakdir.

Bog’otning dongdor insonlaridan biri esa sho’ro davrida kolxoz raisi Iskandar Do’sov bo’lgan. San’atkorlardan -O’zbekiston Xalq artistlari Ortiq Otajonov,Gulor Rahimova, xizmat ko’rsatgan artist Shermat Fayzullaev, kimyo fanlari doktori, akademik Sa’dulla Iskandarovich Iskandarov (Iskandar Do’sovning o’g’li), shuningdek ko’plab rahbar kadrlari, istiqlol davridagi qahramonlardan Masharif Quvoqov, taniqli adib Rahim Bekniyoz, jurnalistlar Jabbor Razzoqov, Ro’zimboy Hasan, Beruniy Alimov, Erpo’lat Baxtlar ham Bog’otliklarning faxri darajasidagi insonlaridir.

Bu safda Boltaboy Quronboev ham bor.Samarqand pedagogika bilim yurti, ToshDU jurnalistika fakul`tetini, Toshkent oliy partiya maktabini bitirib chiqqan Boltaboy aka bir necha yil Bog’ot tuman gazetasiga muharrirlik qilgan.Viloyat matbuotida,Xorazm TVda, viloyat partiya qo’mitasida, madaniyat jamg’armasida ma’sul vazifalarda ishlagan.

Bunday qarsangiz, Boltaboy akaning umri sho’ro davrining byurokratik tizimidagi vazifalarda ishlab o’tganidan, Bahrom aka aytganday , ismiga mos konseravtor insonmikin deya o’ylaysiz.Ammo suhbatlashsangiz, g’oyatda samimiy.

Balki bunga otasining 1941 yilda sho’ro qatag’on davri jabrini chekib, otasiz voyaga yetgani, umuman Boltaboy akaning tabiatida soxtalik, xushomadgo’ylik yo’qligi sababdir.

Boltaboy akani 1999 yildan beri yaxshi taniyman.Har gal uchrashganimda menim tarixchiligim, qatag’on davr ilmiy ishim bo’lgani bois otasi taqdiridan so’z ochadi:
— Ikki yoshligimda otamning tizzasida o’tirganim, uning qiyofasi ko’z o’ngimda ,-shunday deya Boltaboy aka dadasining chehrasi, shu davr to’g’risida yig’lamsirab so’z ochadi,-Agarki, shu davrga oid hujjatlarni o’rgansang, dadamning taqdiri bilan qiziq, jon bolam.

Afsuski, bugungi kungacha Boltaboy akaning dadasi taqdiriga oydinlik kiritolmadim.Boltaboy aka esa “Otam yodi” degan she’r bitdi:

Qirq birinchi yilning
Ilm-teshik bahori…
(Yuragimni yedilar
Shamollarga botirib).
Qamchi zarbi
Qayrag’ochda qotadi.
Chehrasini berkitib,
Bulutlar chachvoniga,
Ho’ngrab-ho’ngrab
Ko’zlarini artadi…
(Yuragimni yedilar
Shamollarga botirib)
Zarb..Zarb…Zarb…
Birda, o’nda, yuz ellikda ham
To’xtamadi harb…
Yulduzlarning
Talog’ida
Zanjir uzar jon.
Ayuhannos solib ko’kdan
Quladi Imon!…
(Yuragimni yedilar
Shamollarga botirib)

Ha, Boltaboy akaning ham dardlari ko’p.Bundan uch-to’rt yil oldin negadir uni ko’pincha ma’yus holda ko’rardim.Buni keksalikka ham, turmush tashvishlariga ham yo’yish mumkin edi.Shukrki, 2013 yildan beri har gal uchrashib qolganimda yuzida quvonch balq urib, sevinib yuribdi.Balki bunga izinma-keyin birdaniga uchta kitobi nashr etilgani sababdir.Har holda 75 yoshga kirgan paytda kitoblari nashr etilayotgani quvonchini ko’rish ham kishiga tetiklik , xushnudlik baxsh etadi.Boltaboy aka hamisha oilasi, adabiyot muxlislari baxtiga sog’ bo’lsin.
Endi maqolamiz boshidagi ana’ani buzishga kelsak.Odatda 70 yoshdan o’tgan insondan adabiyotda biron voqea bo’larli yangilik kutish qiyin.Ammo Boltaboy Quronboev Sohib Muzaffar taxallusi bilan nashr etdirgan kitoblarida sonet,ballada, romans,g’azal, dostonlarini e’lon qildirib,Xorazm adabiy muhitdagi konservatizmni “bolta bilan qulatdi” Xullas, 75 yoshli Boltaboy akaning so’z “bolta”si keskir, qudratli ekanki, hamon adabiyot og’ushida.

Xullas, Bog’otlik Boltaboy bobo — Sohib Muzaffar she’rlarini o’qib, unga baho berishni sizga havola qilamiz.

09
Sohib Muzaffar (Boltaboy Quronboev)
SHE’RLAR
09

* * *

Eslatma, bu eski dard, bod oldirma yaramni,
Dodim qilur chirpirak bu tashlandiq haramni.

Turar ko’rib ko’zlaring, kechdi nelar boshimdan,
Bo’lsa gunoh o’zingda kimga derman ginamni.

Safo izlab safodan, yuzing burding vafodan,
Tinchidingmi chavaqlab o’z uyingni-siynamni.

Valodurman ishingga, bog’bonsanu mehring yo’q,
Na qilursan parvarish, qizg’anursan karamni.

Sahovating shunchami, o’zing ekkan gulinga ,
Atring tutib nihona, sepganing ne alamni.

Na u yonman, na bu yon, o’rtda qush, muallaq,
Kel, uchishga izn ber, gullatay dil-dalamni.

Hali yo’lim ko’p uzoq, suhbat etar ko’p davom,
Har na asra, Sohibdan darig’ tutma qalamni

***
Nasihat ahliga erk ber va boq, og’zi qulog’inda,
Kuchukdek g’ingshinib toshni guhar etgay so’log’inda.
Olib qopqosin og’zidan umid birla nazar etsang,
Mag’ordan dudlanib yotmish, na ko’pik bor bulog’inda.

Dam urgay, bosqoni har yon sochib kul ko’zlaring ko’mgay,
Qovushmas til, bu sardxona, bir uchqun yo’q o’chog’inda.
Xarid etsang neki ne’mat, agar ko’ngling tusar bo’lsa,
Totu ta’m mag’zida bo’lgay, oqib turmas po’chog’inda.

Men hamki hoziki Xalloq uchirma qilgan hur qushman,
Uchib-qo’nmoqni hurd etgan hayotning bir butog’inda.
Vujudim yaxshilik ramzi, yomonlikdan uchiq yo’q bir,
Safo oftobidan loyim, haq olgan hushli chog’inda.

Nasihat ahli Sohibni aqlsiz er, desa jonim.
Ishonma, haq osar har kimni bir kun o’z oyog’inda.

***

Men iymon qoshidan keldim, boshimda charx kulohimdur,
Somon yo’li meni bunda kuzatgan nurli rohimdur.

Falak anjumlari kulgim qanotidan sochilgan dur,
Qo’lin ochgan duoga tong mening shafiy ilohimdur.

Muborak tashrifim qutlab zamin menga Vatan bo’ldi.
Bugun bu ne’mati yazdon iymonga sajdagohimdur.

Senga ham sajdada boshim, xayolda suvrati ravshan,
Quyosh yurgan izlab asling ki sargardon nigohimdur.

Poyingda sabzalar hurram,tomar rizq bog’ chamanlardan,
Ilib kiprikka keltirgan sango mehri giyohimdur.

Ariqlarda masihiy dam, yuzing yuv, kavsari rizvon,
Ko’zimda yashurib tushdim bunga Jayhun guvohimdur.

O’zing izlab, izing izlab to tushgandan hanuz jonim,
Choparman abro’dek bo’zlab, bunda sabrim panohimdur.

Ne orttirdim qilib g’orat fuzun etmoqqa baxtingni,
Bugun ko’rsam bisotimda qolgani bitta ohimdur.

Ketar Sohibing oh birla, topolmasdan izing jonim,
So’rarda ne javob bergay, savobdan ko’p gunohimdur.

OGAHIY G’AZALIGA MUXAMMAS

Mavh etar zohiran ko’zni, botinan giryonadur,
Har giyohin bir sibizg’a, dema yerin taronadur,
Oftobi aldoqchi sham bir, mohi siniq shonadur,
Dahr kasri kim haqiqatda, ko’han vayronadur,
Oni har kim maskan etmak istadi devonadur.

Istasang sayr aylamak, paydo yo’lingda o’tli jar,
Xavf solib ko’nglinga u, so’ng, ko’zda giryoning kutar,
Bo’lmasa hosil murodi, boshinga zardin to’kar,
Sahfida yer sarbasar, ondin yog’ar gardi xatar,
Amniyatdan yo’q asar, vah, ne ajab koshonadur?

Tortib sani g’aflat sari, aldar chalib yuz nag’masin,
Tahlil etsang gar onikim, boshdan-oyog’inda kin,
Ming ishonki, ochmas sango, fitnaga xo’rda dilin,
Fitna avfoji oning sokinlari qasdi uchun,
Tortibon onda jafo tiyg’in mudom aylonadur.

Tun qapoqin ostida, ming-ming tamanno parchalar,
O’ylama bul parchalar, shabda ochilgan g’unchalar,
Dahr o’qidan, boq taninda bul hisobsiz darchalar,
Onda har sha’miki ravshan bo’lg’usidir kechalar,
Qovrilib o’z yog’iga boshdan-oyog’i yonadur.

Boqki, bu sahniga g’amning bormu teng baho – nisbat,
Borar ortib kunba-kun bu sirli manzilga hayrat,
Kelsa har kas, yengib hayrat, diliga inib shavkat,
Shu’lai xirmon aro churkangusidur oqibat,
Onda rohat sha’miga har jon qushi parvonadur.

Avvalo, bu kulbai koshonani tan ayladi,
So’ng, sepib mehrin suvin duru g’alton ayladi,
Nur berib kim dil ko’zidan, ravshani jon ayladi,
Oni g’aflatdan qayu xush kim nishimon ayladi,
Hayrat ashkidan onga bilgilki obu donadur.

Kutmagil hargiz ko’ngil oshinolardin safo,
Qo’y, olarning har uzvida to’lg’onur zahmu jafo,
Ortadur g’aming va, lek, tafting bosilmas mutlaqo,
Kim oning ahliga bo’ldi oshino istar vafo,
Tortibon turli jafolar jonidin begonadur.

Ming urin, kim bermas ilkin senga azzat mujibi,
Tegmaga kim tiyra bo’lg’ay senga davlat mujibi,
Azzatu davlat nari, yo’q, hatto, rahmat mujibi,
Tarkini oning kishikim bildi rohat mujibi,
Olam ahli ichra oni angla kim farzonadur.

Yig’lamay o’tgan kishi tong yo’q jahondin topilmas,
Yirtig’i butgan kishi tong yo’q jahondin topilmas,
Sohibo, o’tg’an kishi tong yo’q jahondin topilmas,
Komig’o yetgan kishi tong yo’q jahondin topilmas,
Kim, bu olam Ogahiy bir ko’hna hasratxonadur.

RUBOIYLAR

1
Bitta qorning uchun ko’tarib g’avg’o.
Tutma yoqasidan dunyoning aslo.
Netasan semirib, ming semirsang
To’ymoqni bilmaydi ko’zing-ajdaho.
2
Taqdir qalamini bersaydi menga,
Yamoq qilmas edim etakni yengga,
Bechiroq qolsam ham kunni yigirib,
Bosh-oyoq to’y libos to’qirdim senga.
3
Siru-sinoatning tuguni dunyo,
Kerak payt yechilmas, doim-muammo,
Avval nega tugding, endi yecholmay-
Boshing qotib garang, o’zing ham, hatto.
4
Bu suhbat, bu majlis etadi davom,
Faqat gap sotamiz, zanglab yotar kom.
Ming yillar avval ham, hozir ham shunday,
Dunyo majlisxona bor-yo’g’i, tamom.
5
Bir qo’lda tasbehu bir qo’lda Qur’on,
Mozor bosqilaymiz pesh etib imon.
Quloqdan qolganmiz, oyoq ostida,
“Ne gunoh qildim”, deb yig’lar ustixon.
6
Dunyo-dona yong’oq, shakliga gap yo’q,
Mustahkam sabusa, sirtidan xavf yo’q.
Ammo intiqlikda ochsang ichini-
Hayf, sen intilgan umiddan gard yo’q.
7
Bu tuproq aslida hokimiz bizning
Hayot oyog’inda tokimiz bizning.
Shu tokda g’o’ralab sharbat yiqqan so’ng,
Asliga qaytarmish pokimiz, bizning.
8
Aqlim-ku joyida, begonamasman,
Sharob deganidan yiroqroq kasman.
Davralarga kirsam bir kunjak joyim,
Ular baland esa “Men sendan pastman”.
9
Loaqal bir kunga yoki bir soat,
Sharob ichishimga bergin ijozat.
Qancha bergan bo’lsang umrni menga,
Shuncha yil poyingni qilgum ibodat.
10
Chinni piyolada choy ichar edim,
Piyola itiradi tekkanda labim.
Boisin so’radim: Piyola dedi:
“Labing yolqiniga dosh berolmadim”.

SONET

Atrof go’zal, boqqanim sayin—
Go’zallashar yana ham yuvvosh.
Bu tasvirni chizishim qiyin,
Bo’lsa hamki menda mingta bosh.

Adolatning tug’i ko’rinmas,
Ketaverar ko’zlarim tinib.
Qumga suv sepgandek bilinmas.
Boqsam hamki falakdan turib.

Faqatgina bir hid keladi,
Jon qushimni kaftida tutib,
To’ngan dilim moydek eritib.

Qo’llaringni ko’zimga bosay,
Kir, changini mehrimda yuvay…
Yuborma shu daladan quvib…

UMIDSIZLIK
(romans)

Tong otar…
Yumalanar quyosh—
o’tli g’ildirak.
So’ng yiqilar boti so’nib,
Yuvib izin jon teriga jonsarak.

(Yo’lda bir juft ko’z yotadi qotib,
yo’lning siynasiga mix kabi botib).

Ko’rshapalak
Raqs tushar.
Muz havoni tilib-tilib,
qanotlariga tunning
tuyasini mindirib…

(Yo’lda bir juft ko’z yotadi qotib
Xayollar kanorasiga tishlam et, botib).

SARBAST SATRLAR

O’n ikki raqamdan
Iborat tuynuk,
Vahmu,
Hadiklarning uyasi…

O’n ikki raqam,
O’n ikki tuynuk,
O’n ikki muchalga
Ochilgan darcha…

O’n ikki to’qmog’i qo’lida,
To’qmoqlab turar:
“Chiq-chiq” “Chiq-chiq”
Ezib silta qilar

Suyaklaringni
Va so’ng yerga urar
Kuraklaringni…
O’n ikki raqam-
O’n ikki go’rkov.

IKKI SICHQON
HAQIDA DOSTON

Ikki sichqon-
Ikki o’pqon!..
O’ltirishar,
burchagidan
ko’zlarining
bir-biriga qarab-qarab,
darvozaning oldida
kaftlarini yalab-yalab…
Tugadi so’nggi yurish,
qoplar qoldi teshilib.
Inlarini topdilar bazo’r.
Shamol quygan jaladan
sharti-parti to’kilgan
arqon kabi suzilib…

Shamol urar uyiga
darvozasi g’iyqa-g’iyq-
g’ijjak chalar
tong sahar!
…Ketib bo’lar qayoqqa?!
Botib bo’lar qayoqqa?!
Hammayoqda to’r-qopqon,
Yorug’likdan yo’q nishon…
Xo’rsinib og’ir-og’ir
Esladilar olg’ir-olg’ir-
Suv serob onlarini…
so’ng yedilar bo’lishib,
jonlarini…

07

(Tashriflar: umumiy 425, bugungi 1)

1 izoh

  1. Болтабой бобонинг ғазаллари оз ёки кўплигини билмадиму, лекин мазмуни хўб экан… Неча йилдан бери арузда машқ қилиб юрган баъзи таниқли шоирлардан-да яхшироқ ёзгандек туюлди менга.Яна ким билади?

Izoh qoldiring