Ibodat Rajabova. Buxoro she’rlari.

071
    Бухорои шариф азал-азалдан шоиру шуаро, олиму уламони авайлаб ўстирган, унга комилликнинг бахт ва бахтсизлик орасидаги иқболини ато этган замин. Аммо унга ҳамиша шоир керак, у яна ва яна шоирга муштоқ. Ибодат Ражабованинг шеърларини ўқиб, шу интизорлик туйғусини англайсиз.Шоиранинг ҳар бир шеърида устун бўлиб турган зарбли сатрлар мавжуд. Унинг шеърларида тарих тилга киради гўё. Уларни ўқишга қодир саводингиз бўлмаса, англолмай хижолат тортасиз. Ҳар бир шеър сизни Бухорои шариф бўйлаб кездиради, юрагингизда юрт меҳрини ғулувга келтиради ( Охунжон Сафаров ва Лайло Шарипованинг «Шоиранинг қалб олами» мақоласидан. Мақолани тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг)

087
Ибодат Ражабова
БУХОРО  ШЕЪРЛАРИ
01

БУХОРО

Боғсўқмоқлар жаннатга пайванд,
Жўизарлар авлоди баҳор.
Гулчорбоғдан келин туширар,
Майхум бошин қиздириб омбор.

Қалъаларда тангри излари,
Қишлоқларга уйланган қуёш.
Бухоргужум пойида абад,
Афросиёб қўйиб ётар бош.

Тиллосидан туғилган тарих,
Ҳар бир тонги илоҳий дийдор.
Пок хокига айланган мардлар—
Томиридан унар мажнунтол.

Зарафшонда юз ювди толеъ,
Минорига суянди осмон.
Деворининг тун сабоғидан,
Донишмандга айланди қалқон

Ризвонкоса оқ балхийлардан
Пайғамбар ҳам саҳар тут терди
Онам ётган тупроғин Худо
Ялпизларга тўй қилиб берди!!!

ХОЖА БАРГИЙ

У тўрт куни дунёга сиғди
Аёлига: “Пиш-, деди, — кетдик”
Бу кун менинг юким тортмоққа
Шамол- шамшод, кўприклар тетик.

Бозорларнинг нозига миниб
Дуо қилса, осма тарози
Метан работ омборларидан
Бўлиб кетди Худога қози.

Шўх булбулга ёқача тикди.
Боларига йиғиб берди бол.
Кишмиш гули ҳалвоча бўлмай
Пичир-пичир қилди мажнунтол.

Қулоғини булоққа қўйди.
Чирмовиққа ясади эгар.
Анорзорга; “чарчаб кетдинг”, деб
Зарафшондан сиқиб берди зар

Аёлига йўрма тўқиди
Сув мавжидан тиктирди ковуш
Сарбандидан қуёшни ечса —
Сарбадорга айланди эс-ҳуш

Ой изини кўксидан топди.
Ушлаб кўрди сохтамас, мумтоз!
Сўнг соясин гулмеҳроб кўриб,
Гул кўнглида ёзди жойнамоз

ЭСКИ ҚАБРИСТОН ҲОЛАТИ

Суртинади юлғунга шамол
Хўрсингандай бўлади терак.
Туғ сочига ойни боғлаган
Фаришталар кулмаса керак.

Тошбитиклар соқоли узун.
Ҳар бир сатри гўёки жанда
Сукунатни бузиб сайрайди,
Тут кавакда бойқуш-гўянда

Қиров ҳиди дилни тешади
Қуруқ майса бўлолмас ёқут.
Қир ҳужрада чаппа ухлайди,
Бор-йўғидан ажралган тобут.

Бобом ҳасса лутфига банда
Ярим рангин кўрсатган қазо.
Руҳлар шартни бузмасин дея,
Кунда келиб қилади дуо…

Мозор ёни катта йўл, ариқ.
Ва булоқни шимган дуоба.
Пичан ортиб хомуш қайтади,
Кўп қамчини кўрган арава.

ШЕЪРИМ БИЛАН…

Шеърим билан Бухоро бордик,
Шинакларда кўп сурдик хаёл.
Алп Тегинга майжом бўлган
Ўтмишидан сўйлади сопол.

Дарё кулди, қари кент яшнаб,
Қанот ёзиб чиқди Заргарон.
Зар камарнинг рақс тушганин,
Кўрмаганди шеърим ҳеч қачон.

Гулсаватлар қаҳқаҳа урди.
Бухор гулоб тутди сарҳовуз.
Мағоқларга кириб чиқгунча,
Садо бериб турди чанқовуз.

Миноранинг этагин ўпдик.
Аркга бордик, каптарлар-қулун.
Чопонини музейга қўйиб,
Ўзи тўйга кетганмиш Мажнун.

Бозори шаб бағрида дунё.
Тилла байтга олдик тилла қош.
Бир мисрага банди дил олсак,
Нуқталарнинг кўзларида ёш.

Бозори гул “соғиндиқ” деди.
Кўзин қисди Пули ошиқин.
Бухор мафтун шеърни қишлоққа
Сақламоғим энди минг қийин…
Шеърим билан Бухоро бордик.

ШАҲАРШОИР ХАЁЛИ

Балким онам ёмғирда қолди.
Ё бошини оғритди шамол.
Ноз шаҳарнинг зўр бисотидан
Олиб боргум бир гулли рўмол.

Маърака-ю мавридлари кўп.
Маҳсиси ҳам бўлгандир эски.
Дорга ёйган чит кўйлагини
Чайнагандир ёсуман эчки.

Сут пишириб, қаймоқ йиғади.
Ўтин қалаб, қиздирар тандир.
Бобом боғин тўридан келиб
Мураббога айланар анжир.

Гоҳ арқонни узади сигир
Гоҳ токзорни пайҳон қилар куй
Онамнинг “ҳайт, ҳуй” ин қўшиқ деб,
Ишкомларда чумчуқ қилар тўй.

Отам келар ёнида ити.
Араваси далада қолган
Унинг белбоғ яктакларидан,
Гапиргандай бўлади пичан

Тонгдастурхон, асал, чой, узум
Сутли кулча килар анжуман
Факат унинг бир чеккасида
Шаҳаршоир бўлган мен йўқман

БОБОМ ШАҲАР КЕТДИ

Нимдош хуржун обдон ювилди.
Кўйлак-иштон тикилди янги.
Ковуш, махси мойлангач, секин
Ҳассанинг ҳам ўзгарди ранги.

От ёлига тароқ берди зеб.
Қўлрўмолга сепилди гулоб.
Пуфлаб-пуфлаб узум узилди,
Том бошига келганда маҳтоб.

Ёғли кулча ҳиди анқиди.
Соз идишга сиғди сариқ ёғ.
Масжид устун ҳансираб чопди,
У уловга миниб кетар чоғ.

Итимизнинг феъли бузилди.
Сал-пал ҳордиқ чиқарди кетмон.
Камишқалам сиёҳдон миниб,
Ўтиб кетди қўшни уй томон.

“Мен ҳам…” деди сарҳовуз толи.
Сал ранжиган бўлди уйгужум.
Қўриқчининг йўқлигин кўриб,
Қушлар боқга қилдилар «ҳужум».

* * *

Онам тирик эди, қишлоқнинг
Томигача чопарди лола.
Саҳар сутдан тўлиб турарди
Бир чеккада мушук пиёла.

Жамалаги аврешим эди.
Сарбандига бодом эди гул.
Ушоқ ризқи канда бўлмаган
Уй қалдирғоч сайрарди нукул…

Тўйга кетар эди малакдай
Тоғдай бошида шоҳий дастурхон.
Дастпонадан биндиҳолгача
Ҳавасларга бўларди меҳмон.

Сутқатиғда юварди бошин.
Сочлар мушк таратиб, анбар…
Уч кунда бир невара кўрди
Борар эди енгда олмалар.

Куёвларга чопон тикарди.
Гадони ҳам қиларди дуо…
Кенг дунёга сиғмай, чақирсам,
Тор уйидан берарди садо.

Тоқ қуёшни яхши кўрарди.
“Офтобга…” деб туғди кўп бола.
Бир шом қуёш мисол “ботди-ю”,
“Чиқмагани” кўкка ҳавола…

* * *

У қуёшни тинглаб ярим тун,
Хом ризқига қўштирди бода.
Ковушини меҳварда ечиб,
Кўнглимгача келди пиёда.

Пешонамни ўлчаб кетди ҳут.
Сандиғимга сиғди Сулаймон.
Этагимдан қўлини узмай,
Таваккаллар юрар паришон.

Қуюқлашди япроқлар пушти.
Қуюклашди қоғоздаги гап.
Мени ёйга сотиб юборди-
Майхонада қайнаган тараб.

Этигини мойлади саҳар.
Симёғочда қушчалар қатор.
Шаҳар мени минор деб ўйлаб,
Қулоғимга куйлади алёр…

Кетяпман тўхташим-ку йўқ.
Қароримни койиди “Ёсин”.
Ўкпар мисол “Ё, сув!” демасам
Тонг, қуёшнинг чиқиши қийин.

Қуюқлашди япроқлар пушти,
Мени ёйга сотди майхона…

* * *

Токзорлардан ошиқларим кўп
Зайтунфеълдан тикканман чопон.
Ялпизга айт, елкамга чиқиб,
Шу ерларда юрсин, Художон!

Боғчайлада шеъримни ёйдим.
Суроғига илдим арғимчоқ.
Мисқолпари бир дуо қилса
Нуқтасида сигар шаъмчироқ.

Япроқ чалдим, сойни чалгандай
Бир қўшиқлар бўлдики пайдо.
Кумшаъбалик қизгиш юлгун ҳам
Изларимга бўлдилар шайдо.

Шабнам билан ўйнадим чавгон
Гоҳи ғолиб, кўпинча мағлуб.
Қулоғимни чўзиб ҳам қўйди-
Бир қишлоқлик бўлган барги зуб.

Ўйнайвердим, баҳор келганда
Ёмғир билан боқдик лолазор.
Уйга қайтсам илҳақ онам йўқ…
Мен кўнглимдан бир умр қарздо

* * *

Тур дедим бу ёққа кел дедим.
Рангларни соғмасак ёрилар.
Белидан мен қаттиқ қучмасам,
Бир томон ағанаб кетади меҳвар.

Камалак лашкарин қўрдингми?
Табассум матоҳи зўр чопон.
О, кеча қаймоққа юз ювди.
Елкамда ухлаган мармижон.

Кел, осмон юкини кўтардим.
Кел замин бандидан мен озод.
Қушнайни иккига бўлганча.
Қошларин ўйнатиб келар бу ҳаёт.

Қош, вақтнинг гапига кирсайдинг.
Кийсайдинг уруғлар ковушин.
Чилторлар қирқ торга ёр қилди,
Эриган қорларнинг товушин.

* * *

Қушларга дарахтлар чимилдиқ.
Кўнглимга дуолар дарвоза.
Осмонни орзуда ювгандим,
Қарангким булутлар топ-тоза.

Гўшангга шивири ўзгарди.
Палапон қаноти базми дил.
Исога гул отиб ёлвордим:
“Тур, тирил!” , “Тур,тирил!”, “Тур,тирил!”

Тоғларни мехмонга чорладим.
Қоқигул юзлари дастурхон.
Кипригин ёғини шам қилди.
Мармижон, мармижон, мармижон.

Сен эрта келасан биламан.
Қибладан кўринур етти Пир.
Бўйнимга симобдай осилар,
Нурзанжир, Нурзанжир, Нурзанжир.

ОНАМ УЙИ

“Авесто” дан туғилган эшик.
“Алпомиш”дан йўнилган болор.
“Шоҳнома”нинг достонларидай,
Деразалар туради қатор.

Равоқларнинг лабларида гул.
Деворларда нақши кундали.
Уйшифтда қалдирғоч келин.
Атрофида тўртта қуш пари.

Вижир-вижир қўшиқ куйлайди.
Оғзин ёпиб билмас зар уймоқ.
Илгичларда тебраниб яйрар,
Исириқлар малла-уй байроқ.

Маъракага югурар ковуш.
Давраларни тўлдирар камзул.
Сувпаридай хилқат лачакнинг,
Дуолардай ҳикматлари мўл.

Қушлар, мушук, қари оқ қандақ.
Ва пайванддан туғилган зайтун.
Тутсандалнинг тўрт томонида,
Давра бўлиб ухлайди ҳар тун.

Ота чопон, қозон, келинлар.
(Дастурхоннинг гуллари ҳам боғ)
Ката ҳовли шамчироқлари,
Шу хонадан олиб турар ёғ…

БУХОРО МИНИАТЮРАСИ

Ҳасан Шовре юлғундай гуллаб,
Кулиб билди кузнинг устидан.
Дуоларга занжира тикди,
Ипакданмас, шамол пўстидан

Уйқуларни уйготди. Тонгдан
Қатнов йўлдан пиширди сопол.
Саҳар қуёш куёви бўлиб,
Нонжийдага уйланди хаёл.

Ҳамма юрак ичига кирди,
Тўғилар бўлди кўнгилга устун.
Ташқарида нафслар-машкоб,
Сув ташийди бизга кун-у тун.

* * *

Худонинг рангидан рангимни топдим.
Бошимда ривоят куйларди шамол.
Кўнглимнинг бир четин очиб қарасам,
Лайлининг сандиғин рангларди ҳилол.

Ғизолдан соғилган сутим ангубин.
Булбулдан тинглаган қўшиғим мақом.
Осмоннинг сирини очиб ҳам юрманг,
У борлиқ бошида қийдирилган жом.

Эртага мактубим гули очилар.
Эртага дунёни мойлар ғаммоза.
Эртага Маҳшарнинг уйимга келиб,
Қўлимни ўпгани бўлар овоза.

Худонинг рангидан рангимни топдим…

АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ РАШҲАСИ

Беш бармоқни баробар кўрди
Сув мавжига ўқиб берди вазъ
Кўнгил нурин элга улашиб,
Худони ҳам қилиб қўйди қарз.

Насиҳатин олди тарозу,
Саховатга уйланди бозор,
Сурат билан сийрат гултожи,
Кўзгулардан кўрсатди жамол.

Қушга жонли бешик бўлган,
Бухоргужум ўрганса парвоз,
Пода боқиб ҳорган қаландар,
Суткосага ўқиди намоз.

* * *

Юрагингда узоқ йиғладим.
Кўз ёшимдан кўкарди осмон.
Қишлоғимнинг сўқмоқларида
Этагимдан тўкилди хазон.

Юрагингда узоқ йиғладим.
Шом юз ёшга кирди булутлар.
Олов ҳукмин топиб, ёлвордим:
“Бўлди, ёнма. Сенинг худонг кар!”

Юрагингда узоқ йиғладим.
Сўнг сувларга айтиб кўрдим туш.
Сув хотири чақмоқдек чақнаб,
Сой тубидан қичқирди ҳаққуш.

Юрагингда узоқ йиғладим.
Тоғларни ҳам эзиб бузди нам
Кўкка бориб, қайтиб тушмаган
Қалпоғимни куйдирди алам.

Юрагингда узоқ йиғладим.
Бармоғимни чақа қилди чанг.
Бухородан карвон излари
Узилгандай, қариди фарсанг…

Юрагингда узоқ йиғладим.

* * *

Боғбон М.Икромовага

Маҳбуба!
Узум токи бошқоронғуми.
Оқ кишмишлар қачон берар тўй.
Қавс боғига ҳут пайти айтинг:
“Ҳусайнини кўпроқ жамлаб қўй.”

Беҳиштийлар боғнинг дилбари.
Гулларидан гўзал Худо йўқ.
Чатиштириш, пайвандлаш ҳатто
Кирпиларни қилиб қўйди тўқ.

Кўплар чўнтак бошин силайди
Сиз силайсиз узумлар бошин
Анқов мақтов макрига банда
Сиз, навларга берасиз қалин…

Қиқир-қиқир кулганда ғўра
Қайнаб-тошар пайванд мажлиси.
Боғқайчидан ҳайкал ясаган
Сиз —
Ширбудуннинг узум жинниси —

Ток хаёли рўймолингизми?
Соф завқингиз шиннидан ширин.
Қўлларингиз нурин йиғингу
Боғбонларга байрамлик қилинг

Шунда балким ердан кўк қадар
Гулчанг бўлар султоний ишком
Соянгизда яйраб яшайди,
Бухорода майлар тўла жом

* * *

Ой суратин ўзимда чиздим
Сўнг, тебраниб турдим тун бўйи.
Мўйқаламлар оҳидан тўлди
Девори йўқ Машрабнинг уйи.

Жодуланди булбуллар пушти.
Бир оёқда ўйнаб берди боғ.
Минг бир кеча ичида ёнди.
Кундузи ҳам минг битта чироқ.

Йўталгандай бўлди Сулаймон
Узугидан тўкилди шеърим.
Бухорони бориб кўрай деб,
Қоғозларга ёпишди ёлим.

Она туя тўлғоғи каби
Лабин тишлаб уйғонганда ҳут
Олтин балиқ йўқлигин билиб,
Дуолардан тўкилди ёқут.

Хат ёздингиз лоладай қизил
Ундовлари шамшоди ҳарам.
Мен ўзбакий сўзларни чорлаб,
Тонг, супрада ўтказдим байрам.

* * *

Тушингизга ой кийиб кирдим,
Кечаларнинг ёнди эшиги.
Ой рақсига қўшилиб кетди,
Печакгулнинг яшил бешиги.

Оҳуларнинг шохида осмон.
Тарозулар ўлчаб берди нур.
Суратимдан кўзгу ясади,
Ҳут боғида ўн мингта булбул.

Қаричини қалқонми қилди,
Фалакдан сут соғган мунажжим.
Қўлларимни ёстиққа солиб,
Олтин балиқ билан ўйнадим.

Ҳўл тарновлар чилдирма чалди,
Учар гилам – Хожа яктаги.
Этагимдан тўкилиб, унди,
Роҳибларнинг чаппа эртаги.

Сал хотиржам тортди юрагим
Гумбаз билан тонгда ичдик чой
Тунд шаҳарда нонжийда гули,
Изларимдан излаяпти жой…

Тушингизга ой кийиб кирдим…

* * *

Бу дунёнинг дорлари,
Юрагимдан ташқари,
Яшил кўнглим ичида,
Гулчангларнинг сафари.

Мой қоғоздан мой ичди,
Белбоғингиз гуллари.
Зарафшоннинг заридан
Гўшанга тикди пари.

Чорбоғи шом қизарди,
Деворлари нилуфар.
Ялпиз тугган уруғлар,
Худодан олди хабар.

Қарсак чалдим Жамшиднинг,
Жомлари шарбати дил,
Туғ пойида бош урдим
“Машраб тургил, тур, тирил”

Қаламимнинг ковуши,
Пойгакни қилса меҳроб,
Бухоронинг базмлари
Гулхона бўлди, офтоб!

БОБОИ САММОСИЙ ҚУДРАТИ

Нурни тутди, ойга осилди.
Юлдуз билан юрди баробар.
Тухум босган келин қушларнинг
Борлиғига сочиб ўтди зар.

Ариқларни бошига қўйди.
Кўприк бўлиб кўрди ҳар саҳар
Куртакларнинг ичига кириб,
Кийиб чиқди қабои ахтар.

Сув мавжига қўшилди, дарё
Ўзанлари барқут жойнамоз.
Қирғоғидан сув ичган карвон,
Туясига ризқ бўлди парвоз.

Қизларига майса улашди,
Ўғлонига кўтартирди боғ.
Аёлининг кўнглини очса—
Боши қалар ўсиб кетган тоғ…

Боларидан ўрганди хутба
Ҳут ёмғирни қилди зиёрат.
Дарахтлардан сакраб, қараса,
Ковушлари жонли гулсават…

ХОЖА ОРИФ МОҲИ ТОБОН ҲАҚИҚАТИ

Ой ичига дил сепди,
Сув мавжига тавориҳ.
Дарвишга тонг кийдириб,
Излаб кетди сўнг ташбиҳ

Кўнгилда ин қургани,
Ҳиногулга хушхабар
Болари:”Отам …” деса,
Тошиб кетди кони зар.

Қишлоқларнинг ариғин
Сувхумларга улашиб,
Боғларни зап кўлдирди,
Кафтида дарё ташиб.

Булутдан тикиб хуржун
Омочларни қилса от.
Омборларки ёғ боғлаб,
Хонақоҳ бўлди барбод…

ХОЖА БАҲОУДДИН МЎЙҚАЛАМИ

Исонинг хочида қуш ини,
Хожанинг салласи – сардоба.
Ҳассалар найшакар бўлгунча,
Нақши дил савтида симоб.

Этаглар заминни тебратар,
Дуолар дарахтнинг дил кўзи.
Қушларга дон сепган қаландар,
Кафтида кўринди Худонинг юзи

Чимилдиқ чирмовиқ – чирмашди,
Момотут исириқ тутатар.
Ярим тун сочларин ранглади,
Ҳамаладан сал олдин санобар

Гулбиби кўнглига гул экди.
Хожага боғланди тўрт томон.
Ҳақ йўлин тутганлар ҳайдарий,
Нафс йўлин тутганлар заъфарон…

ХОЖА НОСИРИДДИН ПОРСО МАШҚИ

Хожа учди, булутлар ҳайрон,
Қуш оғзидан тўкилди хўрак.
Енгларида юлдуз тергани…
Қалдироқлар топдилар дарак.

Ер титради, кўприк — қалтироқ.
Чопонида сиғмади гужум.
Оғзин очиб Дуоба кетди
Тошхумдондан, саҳар, чиқган хум

Ой кенгайди, сувлар тошди,
Ҳақиқатга яқинлашди жон.
Туршакларни шамолда Ялпиб,
Хожа сакраб юрар томма-том.

* * *

Маъбудлар ранг билан гаплашди.
Ровийлар андалиб, андалиб.
Исонинг хочида осилдим –
Ҳаққушлар базмида уд чалиб.

Сиз мени кайҳонга узатинг.
Машрабдан бир қуёш қарзим бор.
Ҳутларни белимга бойлабким,
Юракдан ўстирдим бодомзор

Зандана маснавий тўқиди.
Тегирмон тошида аланга.
Алп Тегин от қилиб мингани –
Кўнглимдан тўкилган яфроғий танга.

Адашиб кетаман, изламанг.
Отқозиқ бошида қўнғироқ.
Заминни иситиб тургани –
Бедилнинг томири – чилчироқ

Қайтаман, Мансурнинг саллласи,
Чанқаган қушларга тошохур.
Изимдан дунёга тарқалур
Нақши нур, завқи ҳур, базми дур

ХОЖА АЛОУДДИН ҒИИЖДУВОНИЙ ТАРОНАСИ

Хонақоҳда учиб бўлмади.
Хонақоҳда бўлмади кулиб.
Деворига бошимни урсам,
Камалаклар кетди тўкилиб.

Ковушимни кўнглимда ечдим.
Хурмозордан ясадим меҳроб.
Дилкўчатни бағримда эксам,
Япроғидан тўкилди савоб.

Бешикбозор бордим, савдони
Хутба қилдим баробар.
Эшигимни топиб, ярим тун
Отаалла ўргатди ахтар.

Энди гулзор менсиз ухламас,
Менсиз қўноқ топмайди каптар.
Икки қўлим кўнгли ўксикнинг
Бошларидан ҳар тонг бохабар.

Ҳовуз боқдим, гилдевор қордим.
Кетмон чопиб, кўчирдим китоб,
Аёлимдан олдин қалбимни
Нурқоқидан тўлдирди офтоб

ХОЖА ҲАСАН АТТОР БУНЁДИ

Хожа Ҳасан бозор қурди.
Дил тўрида ғаройиб бозор.
Растасини топмай чумоли
Йўқ қадрига бўлди азадор

Хожа Ҳасан гулдевор тиклаб,
Осмонларни қилиб қўйса том.
Ҳутёмғирда бошларин ювиб,
Тош устунлар олдилар ором.

Хожа Ҳасан ёмғирни тешиб,
Ҳамалларга очиб берса йўл.
Кузли буғдой панжаларидан
Униб чиқди узун-узун қўл.

Хожа Ҳасан гулошиқ бўлиб,
Гужумчўғдан боғласа салла.
Ковушчалар файзидан тўлди
Хонақоҳмас оддий боғчайла

ОНАМ ҚИШЛОҒИ

Майсаси кузда ҳам ям-яшил.
Оқ кишмиш тўрвалар қорни тўқ.
Бир ҳовли чилдирма қиздирса,
Тонг, қумри бўлмаган одам йўқ.

Султонак тортади жўхори.
Отқозиқ никоҳи бузилган.
Осмонни заминдан излайди
У ҳатто чумоли бўлса ҳам.

Ҳовузлар бунёди шишадан
Априқлар Фарҳодга невара.
Сувлиқдан сув ичган бақа ҳам
Гулчеҳра, гулчеҳра, гулчеҳра

Оқ олма бувимнинг эртаги
Боғчайла шамолга чимилдиқ.
Ҳар эшик бошида тож мисол.
Тебраниб туради исириқ.

Онамнинг ёшлиги – қоқигул.
Бобомнинг дуоси – оқ қандак.
Қишлоқда зардолу пишган пайт.
Девона бўлади анбарак…

Болари ғумбаги – қизчалар
Гоҳ гулчанг суртади ўнг қошга.
Онам сув ичган шўх булоқлар
Кунда минг киради ўн саккиз ёшга

* * *

Манжунтоллар билан сув ичдим
Қучоқладим момотутларни.
Қўзиқорин ердарча очса,
Қизиб кетди ғумбаклар тани.

Асов дарё пойида чўкдим,
Ёпилмади лолалар оғзи.
Холлиларнинг қадрин оширди
Учиб юрган хонқизи нози.

Ҳиногуллар бозор танлади.
Расталарда Исо тарози.
Минорадан баландда турган
Лайлаклар ҳам ғаройиб қози…

Ўрикгуллар саноғин топиб,
Қилиб юрсам бўйнимга тумор,
Энди мени хобимдан ҳар тонг
Буввак чалиб уйғотар баҳор.

* * *

Кўнглимга кирганинг муборак.
Ковушинг лолалар уруғи.
Эртага қуёшни ёради –
Дарсимда ўтирган дарвиш туғи.

Кўзгунинг ортидан югурдим.
Кипригим мулкига сиғди шом.
Бўйнимга маржондай осилди.
Хайёмни қўмсаган эски жом.

Бошимни осмонча кўтардим.
Елкамда қуш ёзди жойнамоз
Тоҳирлар сандиғин ичидан
Қулф бузиб топганим кўк парвоз

Кулгунгни тўтиё шимди-ю,
Дуолар бўлганда дилқалқон.
Ёнимда турганинг нуридан
Белимни боғлади Зарафшон

Кўнглимга кирганинг муборак

МАЙСАЛАРНИНГ ДАРСИГА БОРДИМ

Майсаларнинг дарсига бордим.
Булоқлардан бўлмадим узоқ.
Ертандирда чўкка ўтирдим,
Нон жийдалар айни гуллар чоғ

Намозимнинг уруғин, пешин.
Баҳоланг деб қушларга берсам.
Хожаларнинг яшил ковуши
Уйпойгакда бўлиб кетди жам.

Ҳаволарни тўйдирди накҳат.
Ариларни уйлантирди ёз.
Мушкдонларда етти пуштидан
Эртак айтди Ойими қоғоз.

Сийланмаган бошим ҳасратим
Садоқдонга жамлаб қўйсам қиш.
Оқ ажриқлар пичандан тушиб,
Мумфарш йўлда уриб кетди ниш.

Қоқигулдан Худони топдим.
Қорчакмондан мингта авлиё.
Шеърларимни лолада боқди
Туркон хотун нур сочган маъво…

Майсаларнинг дарсига бордим…

* * *

Бухородан ҳар тонг гул тергум.
Қуёшида чўмиламан ёз.
Зарафшоннинг мавжларин сийлаб,
Гул баргидан пиширгум қоғоз.

Баланд ҳовуз банди дил йиғар.
Ҳуштак чалар Пули ошуқин
Дари ҳақраҳ гужумзорларда,
Сочларимдан тортади сек-и-и-н…

Мунчоғимнинг ранги очилар.
Занданада шинни мусаффо…
Мағоқларни гулдан тўлдирар
“Ибодат” деб Ҳофизи Якто.

Кўй муғон кокули зарпеч.
Хожа Баргий – шаробинг қани?
Карвонларнинг ковушин артиб,
Хумдонлардан изладим маъни.

Она, мени шамолга ўранг.
Жойнамоздан тиктиринг кўйлак.
Туркон хотун сурмадонини
Менга хатлаб берамиш Даштак…

Бухородан ҳар тонг гул тердим….

* * *

Яқин келинг, Худога яқин.
Сув юзида тургандай чопинг.
Қўшнайчига шеърбешик бўлган
Аҳмад Дониш мисрасин топинг.

Гулга қўйинг, тонгшира шимсин.
Шаҳристонни айлантиринг куз.
Келинбармоқ ҳусайнийларга
Чалиб берсин олтин чанқовуз.

Чақмоқ туғсин, сути – сунбула.
Якка тутлар топиб олсин ёр.
Чангланишлар савти олдида
Авлиё ҳам қиш бўйи қарздор…

Юрагимдан чилдирма ясанг,
Ва қушларга беринг ёз бўйи.
Ҳут қақнуслар дастурхонида
Бўлиб ўтсин Бедилнинг тўйи…

Яқин келинг, Худога яқин…

ШАРҲ

Рангимни изламанг, гул олди.
Сочимдан тўкилди шаршара.
Офтобни қўлимга миндириб,
“Чуҳ” десам ялпизлар гул барра.

Аксимни сувларга ичирдим.
Ортимдан югурди мойли сой.
Лолага тикилиб “Оҳ” десам.
Шамоллар ковуши пойма-пой…

Қўлимни ушламанг, мўйқалам
Сочини саҳрода юлади.
Мушкдонлар савдоий бўлмасдан
Булутлар дарёга қулади.

Тушимни хожага ўқитдим.
Ичида гул чизди нилуфар.
Самони хутбага қоргандим.
Юзингда, Худо, ё, кўпайди ахтар.

Заргарлар зарини уйғотди
Чопоним қумрига чорчаман.
Хожалар ҳассаси от бўлди,
Мен энди данакка қайтаман…

Рангимни изламанг, гул олдим…

* * *

Чопоним эртакка сиғмади.
Шеърларим қанотсиз палапон.
Мен кўнгил ёвининг ортидан
Камонсиз югурган эшикбон.

Ошиқлик олови куйдирди.
Кулимнинг кукуни гулшира.
Қишлоғим лоласи Бедилга
Невара, невара, невара.

Рафторим сомонми ё буғдой
Майдан ҳам ранжиган куним кўп.
Ғўралар қулоғин кўп чўздим:
“Бор, қуёш андоғин минг бор ўп… ”

Соғинчлар – илоҳий насиба.
Келар кун таскини – тарози.
Қумшаъба қумларин кишнатди
Мисрамда очилган токгуллар нози…

Чопоним эртакка сиғмади…

* * *

Қишлоқ борсам, онамни кўрсам.
Дуоларин тингласам узоқ.
Йиғиб қўйган гулқоқиларин
Ўлчаб берса менга зар ўймоқ.

Арғимчоқлар отдай кишнаса,
Нонпарларки чизса нақши дил.
Ҳамма ичса савоб бўлар, — деб
Ариқдан сув узатса чиғир.

Кўзгусидан кўринса эртак.
Тароғидан тўкилса анбар.
“Чоркитоб”ин ҳар бир сатри
Ижобатдан етказса хабар.

Уйравоғи – гул меҳроб, бориб.
Бошим эгсам.Саждан ҳузури
Қишлоқ тандир юзидан ўпиб,
Бўлиб кетса қуёшнинг нури.

Дастурхонин бир чеккасида
Маъбуд билан турсам юзма-юз.
Қушлар базмин мутриби бўлса,
Нон ушоқдан садо берган туз…

Қишлоқ борсам, онамни кўрсам…

ЁЗ РАНГИ

Ниначи қиз турмушна чиқди
Куёв қилди бир давра ари
Теракларни титроққа қорди
Қовунларнинг пишган хабари

Сўқмоққамиш қайрилиб ўйнар
Бошларида шамол елпиғич
Шомдан ўзин мақташга тушар
Чигирткалар тили бир қарич

Кунда юзин минг бор ювади
Чиғирларга ёпишган кўза
Тутунтандир ҳидидан сармаст
Дастурхонлар тортар хомуза

Аравалар қишлоқ қайиғи
Чумолидай уйғонар саҳар
Қиш косаси оқармас эди
Шу хўрозлар бўлмаса агар

Бир-бирини қитиқлаб кулар
Сувтўлқиннинг эрка қизлари
Токзор томон чопиб боради
Кирпилпрнинг тунги излари

КУЗАК

Хайритятки сўта ҳам пишди
Узун нафас тортди жўхори
Яйдокларда авжига чиқди
Меҳмонаклар ҳаво бозори

Япроқларнинг уйқуси чаққон
Қишлоқ тонгданг, узади узум
Ит ҳам энди хирмонга борар
Аравага бўлиб олиб дум

Қумғонларнинг қўшиғи қайноқ
Ерўчоқлар токзорга кўчган
Майхумларни ариқда ювиб
Ҳавони маст қилар Ахриман

Туяларнинг лунжида саҳро
Ўркачларда янтоқгуллар мой
Ёзи билан қўнғироқ чалган
Серкаларга тўрдан тегар жой

Қишлоқ бағри боларихона
Сап-сарғайиб кетади пишлоқ
Мушукларнинг бўйи етмас жой
Толсаватда тунайди қаймоқ

Чўмилишга кетди қушлар ҳам
Сафархалта-инларнинг ичи
Дошқозонлар кунда ёғ доғлар
Оқ тераклар-Худо қўриқчи…

071
011Ибодат Ражабова Бухорода туғилган. Самарқанд Давлат педагогика институтининг филология ҳамда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетларида ўқиган. Унинг “Осмондаги фаришта”, “Бухорода гужумлар гуллади”, “Қуш киприги” сингари шеърий ҳамда бир қатор насрий-тарихий асарлари чоп этилган.
Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров «Қуш киприги» тўпламига ёзган сўзбошисида шоира истеъдодига юксак баҳо беради: «Ибодат шеърни лўнда ёзади. Лўндаликка интилади. Лекин бу лўндалик жумбоқнинг лўндалигига ўхшайди. Шеърий образлари ҳам мураккаб топишмоқ тусини олади. Кўпинча у кўзда тутган образнинг таг мағзига етиб боролмайсиз, уни чақолмайсиз. Бу ҳол унинг шеърларида бадиий услубга, шеърий техникага айланиб улгурган».

Ibodat Rajabova Buxoroda tug’ilgan. Samarqand Davlat pedagogika institutining filologiya hamda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakul`tetlarida o’qigan. Uning “Osmondagi farishta”, “Buxoroda gujumlar gulladi”, “Qush kiprigi” singari she’riy hamda bir qator nasriy-tarixiy asarlari chop etilgan.
Taniqli adabiyotshunos I. G’afurov «Qush kiprigi» to’plamiga yozgan so’zboshisida shoira iste’dodiga yuksak baho beradi: «Ibodat she’rni lo’nda yozadi. Lo’ndalikka intiladi. Lekin bu lo’ndalik jumboqning lo’ndaligiga o’xshaydi. She’riy obrazlari ham murakkab topishmoq tusini oladi. Ko’pincha u ko’zda tutgan obrazning tag mag’ziga yetib borolmaysiz, uni chaqolmaysiz. Bu hol uning she’rlarida badiiy uslubga, she’riy texnikaga aylanib ulgurgan».

087
Ibodat Rajabova
BUXORO SHE’RLARI
01

BUXORO

Bog’so’qmoqlar jannatga payvand,
Jo’izarlar avlodi bahor.
Gulchorbog’dan kelin tushirar,
Mayxum boshin qizdirib ombor.

Qal’alarda tangri izlari,
Qishloqlarga uylangan quyosh.
Buxorgujum poyida abad,
Afrosiyob qo’yib yotar bosh.

Tillosidan tug’ilgan tarix,
Har bir tongi ilohiy diydor.
Pok xokiga aylangan mardlar—
Tomiridan unar majnuntol.

Zarafshonda yuz yuvdi tole’,
Minoriga suyandi osmon.
Devorining tun sabog’idan,
Donishmandga aylandi qalqon

Rizvonkosa oq balxiylardan
Payg’ambar ham sahar tut terdi
Onam yotgan tuprog’in Xudo
Yalpizlarga to’y qilib berdi!!!

XOJA BARGIY

U to’rt kuni dunyoga sig’di
Ayoliga: “Pish-, dedi, — ketdik”
Bu kun mening yukim tortmoqqa
Shamol- shamshod, ko’priklar tetik.

Bozorlarning noziga minib
Duo qilsa, osma tarozi
Metan rabot omborlaridan
Bo’lib ketdi Xudoga qozi.

Sho’x bulbulga yoqacha tikdi.
Bolariga yig’ib berdi bol.
Kishmish guli halvocha bo’lmay
Pichir-pichir qildi majnuntol.

Qulog’ini buloqqa qo’ydi.
Chirmoviqqa yasadi egar.
Anorzorga; “charchab ketding”, deb
Zarafshondan siqib berdi zar

Ayoliga yo’rma to’qidi
Suv mavjidan tiktirdi kovush
Sarbandidan quyoshni yechsa —
Sarbadorga aylandi es-hush

Oy izini ko’ksidan topdi.
Ushlab ko’rdi soxtamas, mumtoz!
So’ng soyasin gulmehrob ko’rib,
Gul ko’nglida yozdi joynamoz

ESKI QABRISTON HOLATI

Surtinadi yulg’unga shamol
Xo’rsinganday bo’ladi terak.
Tug’ sochiga oyni bog’lagan
Farishtalar kulmasa kerak.

Toshbitiklar soqoli uzun.
Har bir satri go’yoki janda
Sukunatni buzib sayraydi,
Tut kavakda boyqush-go’yanda

Qirov hidi dilni teshadi
Quruq maysa bo’lolmas yoqut.
Qir hujrada chappa uxlaydi,
Bor-yo’g’idan ajralgan tobut.

Bobom hassa lutfiga banda
Yarim rangin ko’rsatgan qazo.
Ruhlar shartni buzmasin deya,
Kunda kelib qiladi duo…

Mozor yoni katta yo’l, ariq.
Va buloqni shimgan duoba.
Pichan ortib xomush qaytadi,
Ko’p qamchini ko’rgan arava.

SHE’RIM BILAN…

She’rim bilan Buxoro bordik,
Shinaklarda ko’p surdik xayol.
Alp Teginga mayjom bo’lgan
O’tmishidan so’yladi sopol.

Daryo kuldi, qari kent yashnab,
Qanot yozib chiqdi Zargaron.
Zar kamarning raqs tushganin,
Ko’rmagandi she’rim hech qachon.

Gulsavatlar qahqaha urdi.
Buxor gulob tutdi sarhovuz.
Mag’oqlarga kirib chiqguncha,
Sado berib turdi chanqovuz.

Minoraning etagin o’pdik.
Arkga bordik, kaptarlar-qulun.
Choponini muzeyga qo’yib,
O’zi to’yga ketganmish Majnun.

Bozori shab bag’rida dunyo.
Tilla baytga oldik tilla qosh.
Bir misraga bandi dil olsak,
Nuqtalarning ko’zlarida yosh.

Bozori gul “sog’indiq” dedi.
Ko’zin qisdi Puli oshiqin.
Buxor maftun she’rni qishloqqa
Saqlamog’im endi ming qiyin…
She’rim bilan Buxoro bordik.

SHAHARSHOIR XAYOLI

Balkim onam yomg’irda qoldi.
YO boshini og’ritdi shamol.
Noz shaharning zo’r bisotidan
Olib borgum bir gulli ro’mol.

Ma’raka-yu mavridlari ko’p.
Mahsisi ham bo’lgandir eski.
Dorga yoygan chit ko’ylagini
Chaynagandir yosuman echki.

Sut pishirib, qaymoq yig’adi.
O’tin qalab, qizdirar tandir.
Bobom bog’in to’ridan kelib
Murabboga aylanar anjir.

Goh arqonni uzadi sigir
Goh tokzorni payhon qilar kuy
Onamning “hayt, huy” in qo’shiq deb,
Ishkomlarda chumchuq qilar to’y.

Otam kelar yonida iti.
Aravasi dalada qolgan
Uning belbog’ yaktaklaridan,
Gapirganday bo’ladi pichan

Tongdasturxon, asal, choy, uzum
Sutli kulcha kilar anjuman
Fakat uning bir chekkasida
Shaharshoir bo’lgan men yo’qman

BOBOM SHAHAR KETDI

Nimdosh xurjun obdon yuvildi.
Ko’ylak-ishton tikildi yangi.
Kovush, maxsi moylangach, sekin
Hassaning ham o’zgardi rangi.

Ot yoliga taroq berdi zeb.
Qo’lro’molga sepildi gulob.
Puflab-puflab uzum uzildi,
Tom boshiga kelganda mahtob.

Yog’li kulcha hidi anqidi.
Soz idishga sig’di sariq yog’.
Masjid ustun hansirab chopdi,
U ulovga minib ketar chog’.

Itimizning fe’li buzildi.
Sal-pal hordiq chiqardi ketmon.
Kamishqalam siyohdon minib,
O’tib ketdi qo’shni uy tomon.

“Men ham…” dedi sarhovuz toli.
Sal ranjigan bo’ldi uygujum.
Qo’riqchining yo’qligin ko’rib,
Qushlar boqga qildilar «hujum».

* * *

Onam tirik edi, qishloqning
Tomigacha chopardi lola.
Sahar sutdan to’lib turardi
Bir chekkada mushuk piyola.

Jamalagi avreshim edi.
Sarbandiga bodom edi gul.
Ushoq rizqi kanda bo’lmagan
Uy qaldirg’och sayrardi nukul…

To’yga ketar edi malakday
Tog’day boshida shohiy dasturxon.
Dastponadan bindiholgacha
Havaslarga bo’lardi mehmon.

Sutqatig’da yuvardi boshin.
Sochlar mushk taratib, anbar…
Uch kunda bir nevara ko’rdi
Borar edi yengda olmalar.

Kuyovlarga chopon tikardi.
Gadoni ham qilardi duo…
Keng dunyoga sig’may, chaqirsam,
Tor uyidan berardi sado.

Toq quyoshni yaxshi ko’rardi.
“Oftobga…” deb tug’di ko’p bola.
Bir shom quyosh misol “botdi-yu”,
“Chiqmagani” ko’kka havola…

* * *

U quyoshni tinglab yarim tun,
Xom rizqiga qo’shtirdi boda.
Kovushini mehvarda yechib,
Ko’nglimgacha keldi piyoda.

Peshonamni o’lchab ketdi hut.
Sandig’imga sig’di Sulaymon.
Etagimdan qo’lini uzmay,
Tavakkallar yurar parishon.

Quyuqlashdi yaproqlar pushti.
Quyuklashdi qog’ozdagi gap.
Meni yoyga sotib yubordi-
Mayxonada qaynagan tarab.

Etigini moyladi sahar.
Simyog’ochda qushchalar qator.
Shahar meni minor deb o’ylab,
Qulog’imga kuyladi alyor…

Ketyapman to’xtashim-ku yo’q.
Qarorimni koyidi “Yosin”.
O’kpar misol “YO, suv!” demasam
Tong, quyoshning chiqishi qiyin.

Quyuqlashdi yaproqlar pushti,
Meni yoyga sotdi mayxona…

* * *

Tokzorlardan oshiqlarim ko’p
Zaytunfe’ldan tikkanman chopon.
Yalpizga ayt, yelkamga chiqib,
Shu yerlarda yursin, Xudojon!

Bog’chaylada she’rimni yoydim.
Surog’iga ildim arg’imchoq.
Misqolpari bir duo qilsa
Nuqtasida sigar sha’mchiroq.

Yaproq chaldim, soyni chalganday
Bir qo’shiqlar bo’ldiki paydo.
Kumsha’balik qizgish yulgun ham
Izlarimga bo’ldilar shaydo.

Shabnam bilan o’ynadim chavgon
Gohi g’olib, ko’pincha mag’lub.
Qulog’imni cho’zib ham qo’ydi-
Bir qishloqlik bo’lgan bargi zub.

O’ynayverdim, bahor kelganda
Yomg’ir bilan boqdik lolazor.
Uyga qaytsam ilhaq onam yo’q…
Men ko’nglimdan bir umr qarzdo

* * *

Tur dedim bu yoqqa kel dedim.
Ranglarni sog’masak yorilar.
Belidan men qattiq quchmasam,
Bir tomon ag’anab ketadi mehvar.

Kamalak lashkarin qo’rdingmi?
Tabassum matohi zo’r chopon.
O, kecha qaymoqqa yuz yuvdi.
Yelkamda uxlagan marmijon.

Kel, osmon yukini ko’tardim.
Kel zamin bandidan men ozod.
Qushnayni ikkiga bo’lgancha.
Qoshlarin o’ynatib kelar bu hayot.

Qosh, vaqtning gapiga kirsayding.
Kiysayding urug’lar kovushin.
Chiltorlar qirq torga yor qildi,
Erigan qorlarning tovushin.

* * *

Qushlarga daraxtlar chimildiq.
Ko’nglimga duolar darvoza.
Osmonni orzuda yuvgandim,
Qarangkim bulutlar top-toza.

Go’shangga shiviri o’zgardi.
Palapon qanoti bazmi dil.
Isoga gul otib yolvordim:
“Tur, tiril!” , “Tur,tiril!”, “Tur,tiril!”

Tog’larni mexmonga chorladim.
Qoqigul yuzlari dasturxon.
Kiprigin yog’ini sham qildi.
Marmijon, marmijon, marmijon.

Sen erta kelasan bilaman.
Qibladan ko’rinur yetti Pir.
Bo’ynimga simobday osilar,
Nurzanjir, Nurzanjir, Nurzanjir.

ONAM UYI

“Avesto” dan tug’ilgan eshik.
“Alpomish”dan yo’nilgan bolor.
“Shohnoma”ning dostonlariday,
Derazalar turadi qator.

Ravoqlarning lablarida gul.
Devorlarda naqshi kundali.
Uyshiftda qaldirg’och kelin.
Atrofida to’rtta qush pari.

Vijir-vijir qo’shiq kuylaydi.
Og’zin yopib bilmas zar uymoq.
Ilgichlarda tebranib yayrar,
Isiriqlar malla-uy bayroq.

Ma’rakaga yugurar kovush.
Davralarni to’ldirar kamzul.
Suvpariday xilqat lachakning,
Duolarday hikmatlari mo’l.

Qushlar, mushuk, qari oq qandaq.
Va payvanddan tug’ilgan zaytun.
Tutsandalning to’rt tomonida,
Davra bo’lib uxlaydi har tun.

Ota chopon, qozon, kelinlar.
(Dasturxonning gullari ham bog’)
Kata hovli shamchiroqlari,
Shu xonadan olib turar yog’…

BUXORO MINIATYURASI

Hasan Shovre yulg’unday gullab,
Kulib bildi kuzning ustidan.
Duolarga zanjira tikdi,
Ipakdanmas, shamol po’stidan

Uyqularni uygotdi. Tongdan
Qatnov yo’ldan pishirdi sopol.
Sahar quyosh kuyovi bo’lib,
Nonjiydaga uylandi xayol.

Hamma yurak ichiga kirdi,
To’g’ilar bo’ldi ko’ngilga ustun.
Tashqarida nafslar-mashkob,
Suv tashiydi bizga kun-u tun.

* * *

Xudoning rangidan rangimni topdim.
Boshimda rivoyat kuylardi shamol.
Ko’nglimning bir chetin ochib qarasam,
Laylining sandig’in ranglardi hilol.

G’izoldan sog’ilgan sutim angubin.
Bulbuldan tinglagan qo’shig’im maqom.
Osmonning sirini ochib ham yurmang,
U borliq boshida qiydirilgan jom.

Ertaga maktubim guli ochilar.
Ertaga dunyoni moylar g’ammoza.
Ertaga Mahsharning uyimga kelib,
Qo’limni o’pgani bo’lar ovoza.

Xudoning rangidan rangimni topdim…

ABDULXOLIQ G’IJDUVONIY RASHHASI

Besh barmoqni barobar ko’rdi
Suv mavjiga o’qib berdi vaz’
Ko’ngil nurin elga ulashib,
Xudoni ham qilib qo’ydi qarz.

Nasihatin oldi tarozu,
Saxovatga uylandi bozor,
Surat bilan siyrat gultoji,
Ko’zgulardan ko’rsatdi jamol.

Qushga jonli beshik bo’lgan,
Buxorgujum o’rgansa parvoz,
Poda boqib horgan qalandar,
Sutkosaga o’qidi namoz.

* * *

Yuragingda uzoq yig’ladim.
Ko’z yoshimdan ko’kardi osmon.
Qishlog’imning so’qmoqlarida
Etagimdan to’kildi xazon.

Yuragingda uzoq yig’ladim.
Shom yuz yoshga kirdi bulutlar.
Olov hukmin topib, yolvordim:
“Bo’ldi, yonma. Sening xudong kar!”

Yuragingda uzoq yig’ladim.
So’ng suvlarga aytib ko’rdim tush.
Suv xotiri chaqmoqdek chaqnab,
Soy tubidan qichqirdi haqqush.

Yuragingda uzoq yig’ladim.
Tog’larni ham ezib buzdi nam
Ko’kka borib, qaytib tushmagan
Qalpog’imni kuydirdi alam.

Yuragingda uzoq yig’ladim.
Barmog’imni chaqa qildi chang.
Buxorodan karvon izlari
Uzilganday, qaridi farsang…

Yuragingda uzoq yig’ladim.

* * *

Bog’bon M.Ikromovaga

Mahbuba!
Uzum toki boshqorong’umi.
Oq kishmishlar qachon berar to’y.
Qavs bog’iga hut payti ayting:
“Husaynini ko’proq jamlab qo’y.”

Behishtiylar bog’ning dilbari.
Gullaridan go’zal Xudo yo’q.
Chatishtirish, payvandlash hatto
Kirpilarni qilib qo’ydi to’q.

Ko’plar cho’ntak boshin silaydi
Siz silaysiz uzumlar boshin
Anqov maqtov makriga banda
Siz, navlarga berasiz qalin…

Qiqir-qiqir kulganda g’o’ra
Qaynab-toshar payvand majlisi.
Bog’qaychidan haykal yasagan
Siz —
Shirbudunning uzum jinnisi —

Tok xayoli ro’ymolingizmi?
Sof zavqingiz shinnidan shirin.
Qo’llaringiz nurin yig’ingu
Bog’bonlarga bayramlik qiling

Shunda balkim yerdan ko’k qadar
Gulchang bo’lar sultoniy ishkom
Soyangizda yayrab yashaydi,
Buxoroda maylar to’la jom

* * *

Oy suratin o’zimda chizdim
So’ng, tebranib turdim tun bo’yi.
Mo’yqalamlar ohidan to’ldi
Devori yo’q Mashrabning uyi.

Jodulandi bulbullar pushti.
Bir oyoqda o’ynab berdi bog’.
Ming bir kecha ichida yondi.
Kunduzi ham ming bitta chiroq.

Yo’talganday bo’ldi Sulaymon
Uzugidan to’kildi she’rim.
Buxoroni borib ko’ray deb,
Qog’ozlarga yopishdi yolim.

Ona tuya to’lg’og’i kabi
Labin tishlab uyg’onganda hut
Oltin baliq yo’qligin bilib,
Duolardan to’kildi yoqut.

Xat yozdingiz loladay qizil
Undovlari shamshodi haram.
Men o’zbakiy so’zlarni chorlab,
Tong, suprada o’tkazdim bayram.

* * *

Tushingizga oy kiyib kirdim,
Kechalarning yondi eshigi.
Oy raqsiga qo’shilib ketdi,
Pechakgulning yashil beshigi.

Ohularning shoxida osmon.
Tarozular o’lchab berdi nur.
Suratimdan ko’zgu yasadi,
Hut bog’ida o’n mingta bulbul.

Qarichini qalqonmi qildi,
Falakdan sut sog’gan munajjim.
Qo’llarimni yostiqqa solib,
Oltin baliq bilan o’ynadim.

Ho’l tarnovlar childirma chaldi,
Uchar gilam – Xoja yaktagi.
Etagimdan to’kilib, undi,
Rohiblarning chappa ertagi.

Sal xotirjam tortdi yuragim
Gumbaz bilan tongda ichdik choy
Tund shaharda nonjiyda guli,
Izlarimdan izlayapti joy…

Tushingizga oy kiyib kirdim…

* * *

Bu dunyoning dorlari,
Yuragimdan tashqari,
Yashil ko’nglim ichida,
Gulchanglarning safari.

Moy qog’ozdan moy ichdi,
Belbog’ingiz gullari.
Zarafshonning zaridan
Go’shanga tikdi pari.

Chorbog’i shom qizardi,
Devorlari nilufar.
Yalpiz tuggan urug’lar,
Xudodan oldi xabar.

Qarsak chaldim Jamshidning,
Jomlari sharbati dil,
Tug’ poyida bosh urdim
“Mashrab turgil, tur, tiril”

Qalamimning kovushi,
Poygakni qilsa mehrob,
Buxoroning bazmlari
Gulxona bo’ldi, oftob!

BOBOI SAMMOSIY QUDRATI

Nurni tutdi, oyga osildi.
Yulduz bilan yurdi barobar.
Tuxum bosgan kelin qushlarning
Borlig’iga sochib o’tdi zar.

Ariqlarni boshiga qo’ydi.
Ko’prik bo’lib ko’rdi har sahar
Kurtaklarning ichiga kirib,
Kiyib chiqdi qaboi axtar.

Suv mavjiga qo’shildi, daryo
O’zanlari barqut joynamoz.
Qirg’og’idan suv ichgan karvon,
Tuyasiga rizq bo’ldi parvoz.

Qizlariga maysa ulashdi,
O’g’loniga ko’tartirdi bog’.
Ayolining ko’nglini ochsa—
Boshi qalar o’sib ketgan tog’…

Bolaridan o’rgandi xutba
Hut yomg’irni qildi ziyorat.
Daraxtlardan sakrab, qarasa,
Kovushlari jonli gulsavat…

XOJA ORIF MOHI TOBON HAQIQATI

Oy ichiga dil sepdi,
Suv mavjiga tavorih.
Darvishga tong kiydirib,
Izlab ketdi so’ng tashbih

Ko’ngilda in qurgani,
Hinogulga xushxabar
Bolari:”Otam …” desa,
Toshib ketdi koni zar.

Qishloqlarning arig’in
Suvxumlarga ulashib,
Bog’larni zap ko’ldirdi,
Kaftida daryo tashib.

Bulutdan tikib xurjun
Omochlarni qilsa ot.
Omborlarki yog’ bog’lab,
Xonaqoh bo’ldi barbod…

XOJA BAHOUDDIN MO’YQALAMI

Isoning xochida qush ini,
Xojaning sallasi – sardoba.
Hassalar nayshakar bo’lguncha,
Naqshi dil savtida simob.

Etaglar zaminni tebratar,
Duolar daraxtning dil ko’zi.
Qushlarga don sepgan qalandar,
Kaftida ko’rindi Xudoning yuzi

Chimildiq chirmoviq – chirmashdi,
Momotut isiriq tutatar.
Yarim tun sochlarin rangladi,
Hamaladan sal oldin sanobar

Gulbibi ko’ngliga gul ekdi.
Xojaga bog’landi to’rt tomon.
Haq yo’lin tutganlar haydariy,
Nafs yo’lin tutganlar za’faron…

XOJA NOSIRIDDIN PORSO MASHQI

Xoja uchdi, bulutlar hayron,
Qush og’zidan to’kildi xo’rak.
Yenglarida yulduz tergani…
Qaldiroqlar topdilar darak.

Yer titradi, ko’prik — qaltiroq.
Choponida sig’madi gujum.
Og’zin ochib Duoba ketdi
Toshxumdondan, sahar, chiqgan xum

Oy kengaydi, suvlar toshdi,
Haqiqatga yaqinlashdi jon.
Turshaklarni shamolda Yalpib,
Xoja sakrab yurar tomma-tom.

* * *

Ma’budlar rang bilan gaplashdi.
Roviylar andalib, andalib.
Isoning xochida osildim –
Haqqushlar bazmida ud chalib.

Siz meni kayhonga uzating.
Mashrabdan bir quyosh qarzim bor.
Hutlarni belimga boylabkim,
Yurakdan o’stirdim bodomzor

Zandana masnaviy to’qidi.
Tegirmon toshida alanga.
Alp Tegin ot qilib mingani –
Ko’nglimdan to’kilgan yafrog’iy tanga.

Adashib ketaman, izlamang.
Otqoziq boshida qo’ng’iroq.
Zaminni isitib turgani –
Bedilning tomiri – chilchiroq

Qaytaman, Mansurning salllasi,
Chanqagan qushlarga toshoxur.
Izimdan dunyoga tarqalur
Naqshi nur, zavqi hur, bazmi dur

XOJA ALOUDDIN G’IIJDUVONIY TARONASI

Xonaqohda uchib bo’lmadi.
Xonaqohda bo’lmadi kulib.
Devoriga boshimni ursam,
Kamalaklar ketdi to’kilib.

Kovushimni ko’nglimda yechdim.
Xurmozordan yasadim mehrob.
Dilko’chatni bag’rimda eksam,
Yaprog’idan to’kildi savob.

Beshikbozor bordim, savdoni
Xutba qildim barobar.
Eshigimni topib, yarim tun
Otaalla o’rgatdi axtar.

Endi gulzor mensiz uxlamas,
Mensiz qo’noq topmaydi kaptar.
Ikki qo’lim ko’ngli o’ksikning
Boshlaridan har tong boxabar.

Hovuz boqdim, gildevor qordim.
Ketmon chopib, ko’chirdim kitob,
Ayolimdan oldin qalbimni
Nurqoqidan to’ldirdi oftob

XOJA HASAN ATTOR BUNYODI

Xoja Hasan bozor qurdi.
Dil to’rida g’aroyib bozor.
Rastasini topmay chumoli
Yo’q qadriga bo’ldi azador

Xoja Hasan guldevor tiklab,
Osmonlarni qilib qo’ysa tom.
Hutyomg’irda boshlarin yuvib,
Tosh ustunlar oldilar orom.

Xoja Hasan yomg’irni teshib,
Hamallarga ochib bersa yo’l.
Kuzli bug’doy panjalaridan
Unib chiqdi uzun-uzun qo’l.

Xoja Hasan guloshiq bo’lib,
Gujumcho’g’dan bog’lasa salla.
Kovushchalar fayzidan to’ldi
Xonaqohmas oddiy bog’chayla

ONAM QISHLOG’I

Maysasi kuzda ham yam-yashil.
Oq kishmish to’rvalar qorni to’q.
Bir hovli childirma qizdirsa,
Tong, qumri bo’lmagan odam yo’q.

Sultonak tortadi jo’xori.
Otqoziq nikohi buzilgan.
Osmonni zamindan izlaydi
U hatto chumoli bo’lsa ham.

Hovuzlar bunyodi shishadan
Apriqlar Farhodga nevara.
Suvliqdan suv ichgan baqa ham
Gulchehra, gulchehra, gulchehra

Oq olma buvimning ertagi
Bog’chayla shamolga chimildiq.
Har eshik boshida toj misol.
Tebranib turadi isiriq.

Onamning yoshligi – qoqigul.
Bobomning duosi – oq qandak.
Qishloqda zardolu pishgan payt.
Devona bo’ladi anbarak…

Bolari g’umbagi – qizchalar
Goh gulchang surtadi o’ng qoshga.
Onam suv ichgan sho’x buloqlar
Kunda ming kiradi o’n sakkiz yoshga

* * *

Manjuntollar bilan suv ichdim
Quchoqladim momotutlarni.
Qo’ziqorin yerdarcha ochsa,
Qizib ketdi g’umbaklar tani.

Asov daryo poyida cho’kdim,
Yopilmadi lolalar og’zi.
Xollilarning qadrin oshirdi
Uchib yurgan xonqizi nozi.

Hinogullar bozor tanladi.
Rastalarda Iso tarozi.
Minoradan balandda turgan
Laylaklar ham g’aroyib qozi…

O’rikgullar sanog’in topib,
Qilib yursam bo’ynimga tumor,
Endi meni xobimdan har tong
Buvvak chalib uyg’otar bahor.

* * *

Ko’nglimga kirganing muborak.
Kovushing lolalar urug’i.
Ertaga quyoshni yoradi –
Darsimda o’tirgan darvish tug’i.

Ko’zguning ortidan yugurdim.
Kiprigim mulkiga sig’di shom.
Bo’ynimga marjonday osildi.
Xayyomni qo’msagan eski jom.

Boshimni osmoncha ko’tardim.
Yelkamda qush yozdi joynamoz
Tohirlar sandig’in ichidan
Qulf buzib topganim ko’k parvoz

Kulgungni to’tiyo shimdi-yu,
Duolar bo’lganda dilqalqon.
Yonimda turganing nuridan
Belimni bog’ladi Zarafshon

Ko’nglimga kirganing muborak

MAYSALARNING DARSIGA BORDIM

Maysalarning darsiga bordim.
Buloqlardan bo’lmadim uzoq.
Yertandirda cho’kka o’tirdim,
Non jiydalar ayni gullar chog’

Namozimning urug’in, peshin.
Baholang deb qushlarga bersam.
Xojalarning yashil kovushi
Uypoygakda bo’lib ketdi jam.

Havolarni to’ydirdi nakhat.
Arilarni uylantirdi yoz.
Mushkdonlarda yetti pushtidan
Ertak aytdi Oyimi qog’oz.

Siylanmagan boshim hasratim
Sadoqdonga jamlab qo’ysam qish.
Oq ajriqlar pichandan tushib,
Mumfarsh yo’lda urib ketdi nish.

Qoqiguldan Xudoni topdim.
Qorchakmondan mingta avliyo.
She’rlarimni lolada boqdi
Turkon xotun nur sochgan ma’vo…

Maysalarning darsiga bordim…

* * *

Buxorodan har tong gul tergum.
Quyoshida cho’milaman yoz.
Zarafshonning mavjlarin siylab,
Gul bargidan pishirgum qog’oz.

Baland hovuz bandi dil yig’ar.
Hushtak chalar Puli oshuqin
Dari haqrah gujumzorlarda,
Sochlarimdan tortadi sek-i-i-n…

Munchog’imning rangi ochilar.
Zandanada shinni musaffo…
Mag’oqlarni guldan to’ldirar
“Ibodat” deb Hofizi Yakto.

Ko’y mug’on kokuli zarpech.
Xoja Bargiy – sharobing qani?
Karvonlarning kovushin artib,
Xumdonlardan izladim ma’ni.

Ona, meni shamolga o’rang.
Joynamozdan tiktiring ko’ylak.
Turkon xotun surmadonini
Menga xatlab beramish Dashtak…

Buxorodan har tong gul terdim….

* * *

Yaqin keling, Xudoga yaqin.
Suv yuzida turganday choping.
Qo’shnaychiga she’rbeshik bo’lgan
Ahmad Donish misrasin toping.

Gulga qo’ying, tongshira shimsin.
Shahristonni aylantiring kuz.
Kelinbarmoq husayniylarga
Chalib bersin oltin chanqovuz.

Chaqmoq tug’sin, suti – sunbula.
Yakka tutlar topib olsin yor.
Changlanishlar savti oldida
Avliyo ham qish bo’yi qarzdor…

Yuragimdan childirma yasang,
Va qushlarga bering yoz bo’yi.
Hut qaqnuslar dasturxonida
Bo’lib o’tsin Bedilning to’yi…

Yaqin keling, Xudoga yaqin…

SHARH

Rangimni izlamang, gul oldi.
Sochimdan to’kildi sharshara.
Oftobni qo’limga mindirib,
“Chuh” desam yalpizlar gul barra.

Aksimni suvlarga ichirdim.
Ortimdan yugurdi moyli soy.
Lolaga tikilib “Oh” desam.
Shamollar kovushi poyma-poy…

Qo’limni ushlamang, mo’yqalam
Sochini sahroda yuladi.
Mushkdonlar savdoiy bo’lmasdan
Bulutlar daryoga quladi.

Tushimni xojaga o’qitdim.
Ichida gul chizdi nilufar.
Samoni xutbaga qorgandim.
Yuzingda, Xudo, yo, ko’paydi axtar.

Zargarlar zarini uyg’otdi
Choponim qumriga chorchaman.
Xojalar hassasi ot bo’ldi,
Men endi danakka qaytaman…

Rangimni izlamang, gul oldim…

* * *

Choponim ertakka sig’madi.
She’rlarim qanotsiz palapon.
Men ko’ngil yovining ortidan
Kamonsiz yugurgan eshikbon.

Oshiqlik olovi kuydirdi.
Kulimning kukuni gulshira.
Qishlog’im lolasi Bedilga
Nevara, nevara, nevara.

Raftorim somonmi yo bug’doy
Maydan ham ranjigan kunim ko’p.
G’o’ralar qulog’in ko’p cho’zdim:
“Bor, quyosh andog’in ming bor o’p… ”

Sog’inchlar – ilohiy nasiba.
Kelar kun taskini – tarozi.
Qumsha’ba qumlarin kishnatdi
Misramda ochilgan tokgullar nozi…

Choponim ertakka sig’madi…

* * *

Qishloq borsam, onamni ko’rsam.
Duolarin tinglasam uzoq.
Yig’ib qo’ygan gulqoqilarin
O’lchab bersa menga zar o’ymoq.

Arg’imchoqlar otday kishnasa,
Nonparlarki chizsa naqshi dil.
Hamma ichsa savob bo’lar, — deb
Ariqdan suv uzatsa chig’ir.

Ko’zgusidan ko’rinsa ertak.
Tarog’idan to’kilsa anbar.
“Chorkitob”in har bir satri
Ijobatdan yetkazsa xabar.

Uyravog’i – gul mehrob, borib.
Boshim egsam.Sajdan huzuri
Qishloq tandir yuzidan o’pib,
Bo’lib ketsa quyoshning nuri.

Dasturxonin bir chekkasida
Ma’bud bilan tursam yuzma-yuz.
Qushlar bazmin mutribi bo’lsa,
Non ushoqdan sado bergan tuz…

Qishloq borsam, onamni ko’rsam…

YOZ RANGI

Ninachi qiz turmushna chiqdi
Kuyov qildi bir davra ari
Teraklarni titroqqa qordi
Qovunlarning pishgan xabari

So’qmoqqamish qayrilib o’ynar
Boshlarida shamol yelpig’ich
Shomdan o’zin maqtashga tushar
Chigirtkalar tili bir qarich

Kunda yuzin ming bor yuvadi
Chig’irlarga yopishgan ko’za
Tutuntandir hididan sarmast
Dasturxonlar tortar xomuza

Aravalar qishloq qayig’i
Chumoliday uyg’onar sahar
Qish kosasi oqarmas edi
Shu xo’rozlar bo’lmasa agar

Bir-birini qitiqlab kular
Suvto’lqinning erka qizlari
Tokzor tomon chopib boradi
Kirpilprning tungi izlari

KUZAK

Xayrityatki so’ta ham pishdi
Uzun nafas tortdi jo’xori
Yaydoklarda avjiga chiqdi
Mehmonaklar havo bozori

Yaproqlarning uyqusi chaqqon
Qishloq tongdang, uzadi uzum
It ham endi xirmonga borar
Aravaga bo’lib olib dum

Qumg’onlarning qo’shig’i qaynoq
Yero’choqlar tokzorga ko’chgan
Mayxumlarni ariqda yuvib
Havoni mast qilar Axriman

Tuyalarning lunjida sahro
O’rkachlarda yantoqgullar moy
Yozi bilan qo’ng’iroq chalgan
Serkalarga to’rdan tegar joy

Qishloq bag’ri bolarixona
Sap-sarg’ayib ketadi pishloq
Mushuklarning bo’yi yetmas joy
Tolsavatda tunaydi qaymoq

Cho’milishga ketdi qushlar ham
Safarxalta-inlarning ichi
Doshqozonlar kunda yog’ dog’lar
Oq teraklar-Xudo qo’riqchi…

хдк

(Tashriflar: umumiy 6 446, bugungi 2)

Izoh qoldiring