Менга куз фасли жуда ёқади. Қуёшнинг нурлари бирам қадрли, ёқимли… Атроф тиниқ, мусаффо. Дарахт барглари сариқ, қизғиш, кўкимтир рангларда товланиб дилни шавққа тўлдиради. Оёққа урилувчи хазонларни айтмайсими, жони бордек босиб кетишга қўрқаман баъзан…
Жавлон Жовлиев
ТУРНАЛАР ОРТИДАН…
Бундан буён актёрлик тўгарагига бормайдиган бўлдим. Бу машғулот шунчаки эрмак эмас, улуғ санъат эканлигини онамга ҳечам тушунтира олмадим. Бошида рози бўлганди. Кейин бирдан айниб қолди. Актёрлик касбини бемаъни машғулот деб, мени она тили тўгарагига ёздириб қўйди. Ғинг деяолмадим. Чунки онамдан жуда қўрқаман. Укам ҳам қўрқади.
Биз оилада тўрт кишимиз. Отам, онам, укам ва мен. Мен кўринишдан дадамга, укам эса, онамга ўхшайди. Ҳамма шундай дейди. Бизнинг уйда қонун-қоидалар бисёр. Ҳаммаси фақат биз — фарзандлар учун ишлаб чиқилган. Қонун чиқарувчи онам. Чунки дадам кўпинча ишда бўладилар. Бўш кунлари эса, биз учун байрам. Барча қонунлар унутилади. Онамнинг эса, қовоғидан қор ёғади. Биз эса яйраймиз.
Биз эрта, ҳеч ким уйғотмасидан туришимиз шарт. Чиройли қилиб ишланган уйимиз атрофини айланиб чиқишимиз, турли юмушларни бажаришимиз, тишларни ювишимиз, онамга салом бериб киришимиз, телевизорга қараб вақт ўтказмай, тезда овқатланишимиз, хуллас, кўп вазифаларни бажаришимиз зарур. Шулардан бирига кўп гапирмаслик, аксинча, кўп ўқиш киради. Онам ўзи камгап, уйда укамнинг бироз онамга эркаланиб қолишини айтмаса, ҳеч қанақа шовқин йўқ. Меҳмонлар келса, меҳмонга борсак, чет элга чиқсак –ҳамма нарса учун қонунлар бор эди. Биз бундай чегаралардан чиқиб кетишни хаёлимизга ҳам келтирмас эдик. Лекин бир куни…
Сап-сариқ, юзида онамникига ўхшаган сепкили бор укам мактабдан келаётиб бир гап топиб келди. Унинг айтишича, сотувчи Алимордон унга бир қизиқ гап айтибди. Укамнинг оғзи кўпириб, дудуқланиб айтган гапларидан унинг мақсадини тушундим. У укамга “Алламаҳалда Лола опа билан келаётган машҳур актёрни кўрмаяпсизларми, кўриб қолсанглар, суратга туширинглар палон пулга сотиб оламан”, деган эмиш. Мен бу гап жуда қизиқтириб қўйди. Аммо иккимиз ҳам унга ишонмадик. Биринчидан, у жуда айёр, иккинчидан ёлғончи ака эди. Биз Лола опаникига келадиган машҳур актёрни яширинча суратга олиб берган тақдирда ҳам, у ваъда қилинган пулни бермасди. Бунинг устига, у онамга ҳаммасини гуллаб қўйиши аниқ. Шунда келаётган кузги таътил ҳам азобларга бой бўлиши тайин.
Алимардон бизни кўча кўрмаган болалар деб, хоҳлаган ишини қилдирмоқчими? Хато ўйлайди.
Миямдан шу фикрлар ўтса-да, укам билан тасвирга олишга аҳд қилдик ва у билан тушадиган пулни арра қилишни келишиб олдик. Чунки бизга унинг пулисиз ҳам бу иш жуда қизиқ ва саргузаштга бой бўлиб кўринаётган эди. У гўё онам бизни ўраб қўйган зерикарли оламдан сершовқин, завқли бошқа бир оламга мўралаш каби сирли эди.
Менга куз фасли жуда ёқади. Қуёшнинг нурлари бирам қадрли, ёқимли… Атроф тиниқ, мусаффо. Дарахт барглари сариқ, қизғиш, кўкимтир рангларда товланиб дилни шавққа тўлдиради. Оёққа урилувчи хазонларни айтмайсими, жони бордек босиб кетишга қўрқаман баъзан…
Бизга яқиндагина қўшни бўлиб кўчиб келган Лобар опанинг беҳаё аёллардан бўлиб чиққанига аввал ишонмадим. Мен унинг оппоқ, лўппи, чиройли юзига қараб, сира унақа аёл дея ўйламаган эдим. У жуда чиройли эди. Укам ҳам буни сезгани аниқ. Чунки у ҳам бешинчи синфга ўтди. Мен ҳам икки йил олдин бундай манзараларни бошқасидан фарқлардим. Яна билмадим.
Онамнинг неча соатлаб миямизнинг бирор бўш жойини ҳам қолдирмай, уқтирган ўгитларини бир чеккага суриб Лобар опа ҳақида маҳалладаги миш-мишларни китоб титгандек титиб чиқдик. Улар шунчалик болалаб кетгандики, умуман, иккита одам ҳақида гап кетаётгандай эди. Бир гуруҳ миш-мишчилар уни учига чиққан шоввоз, жирканч, афт-башарасига қараганлар ҳам гуноҳи азимга йўлиқиши мумкинлигин уқтиришса, иккинчиси унинг оёғи эгрилигини инкор этмаган ҳолда, меҳрибон ва доим порлаб турувчи кўзлари ҳамиша самимий боқишини айтишарди. Лекин кўпчилик ёш бола деб, бизни кўришлари билан жим бўлиб қолишарди. Худди биз у ҳақда ҳеч нима билмайдигандик.
Укам бир куни тўсатдан ҳаммасидан зерикиб, Лобар опанинг уйига шартта кечаси бостириб боришни таклиф қилди. Мен унга бундай аҳмоқона фикр фақат сенинг мана бу қовун бошингдан чиқади, дея дакки бериб, ўзим олимларга ўхшаб бош қотира бошладим. Мен яқиндагина ўн тўрт ёшга тўлиб, ақлим анча етилиб қолганлигини ич-ичимдан ҳис қилиб турсам-да, ўзимда ҳам бундан бошқа тузукроқ фикр йўқ эди. Лекин укамнинг фикри, биринчидан, хавфли, иккинчидан, жиноят, унинчидан, агар ҳаммаси бирдан фош бўлса, бу қизиқарли бошланган қидирув-саргузаштга бой ишларим жўнгина тугаб қолишидан, ўзим ўйлаган қаҳрамонлик ҳам қулоғини ушлаб кетишини англаб, бунга асло рози бўлмадим.
Шу зайл куз кунлари ўтиб кетаверди. Тобора кунлар совиб бораётган эди. Кузнинг айрим кунларига ҳайрон қоласан. Кундузлари қанча иссиқ бўлса, кечалари шунча совуқ бўлади. Қечалари аччиқ туман тарқайди. Кундузлари қуёш чарақлайди, ҳаво бирам тиниқ бўладики..
Укам пишиллаб ухлаб қолган тунлари алламаҳалгача дайди мушукларнинг ваҳимали миёвлашидан ҳам қўрқмай ухламай ётар, деразамиздан этимни жунжиктириб бўлса ҳам биздан икккита уй наридаги қўшнимизнинг темир дарвозасига, қора панжара билан ҳимояланган деразасига қараб қўйишни сира канда қилмадим.
Шундай қилиб, жойимга ётганча, ўспирин фикрларидан адашар, кузнинг мусаффо ҳаволари сингари дарахт барглари каби турли-туман хаёллар бағриги шўнғиб кетардим.
Бир куни мактабдан қайтаётганда кўча бошида омонат дўконча қуриб олган Алимардон ака билан ўзим гаплашиб олишга қарор қилдим. Чунки бошқа пайт онам кўчага чиқишимга асло йўл қўймайди. Биз алламаҳалгача ухламай ўтирсагу, Алимардон шунчаки алдаган бўлса, нима бўлади?! У билан ҳаммасини аниқ-тиниқ гаплашиб олишим керак.
Алимардон бирам ёқимсиз одам-да. Чунки ёшми, қарими демай ҳар хил уят гапларни айтиб юбораверади. Тўғрисин айтсам, мен учун жуда кўп сир бўлиб туюлган нарсаларни унинг беҳаё оғзидан эшитганман. Укамни унинг олдига олиб бориб бўлмасди. Унинг ҳам калласини ўзининг шармандали гаплари билан аллақачон заҳарлаб бўлган бўлса-да, менинг олдимда бундай гапларни эшитишини асло хоҳламасдим. Бундан ташқари, у мактабда фанлардан оқсаётганди. Масалан, адабиёт фанидан. У бешинчи синф бўла туриб биронта ҳам шеър билмас экан. Бу оиламиз қонунларига кўра, менинг ўзимга ўн икки кунлик жазо тайинланади дегани. Онам айтганидек қулоғини “астагина” чўзиб қўйишим керак. Бўлмаса оқибати ёмон бўлади.
Дўкон олдида ҳар доимгидай бекорчи болалар йиғилган эди. Харидорлар эса, йўқ. Чунки у ҳамма нарсанинг нархини ўйламай ошириб юборарди. Одамлар бошқа дўконларда керакли нарса қолмагандагина унинг маконидан савдо қилишга мажбур бўлардилар. Лекин сотувчининг димоғи осмонда .
— Биласанларми, қандай аёл яхши бўлади ?.. Узуни зўр…Мен сизлар тенги пайтим, оҳ, оҳ, мактабнинг энг зўр қизлари билан юрардим, нозик оппоқ қўлчаларидан ушлаб… Уларнинг кўпи ҳозир эрга тегиб кетган… Лекин бари бир мени унутишмайди.
— Ака бир минут.
Аста чақирдим. Сўлаги оқиб унинг гапларига маҳлиё бўлиб ўтирган мендан бир икки ёш катта болалар менга бўзрайиб қарашди. Олдиларидаги ширин мураббони олиб қўйгандек ноқулай ҳис қилиб кетдим ўзимни.
— Нима дейсан? – деди тўнғиллаб Алимардон.
— Менга битта сув беринг, ака.
— Қанақасидан?
— Фарқи йўқ.
— Ма…
— Ака!
— Нима ?
— Сиздан битта нарса сўрамоқчийдим. – Орқароққа тисирилдим. – Қўшнимиз бор-ку, Лола опа, ишдан қачон қайтади…
Алимурод янги зўр мавзу очилганидан башараси бужмайиб, лаблари қийшайиб кетди. Орқадаги суҳбатдошларини ҳам унутди. Узоқ кулиб бўлгач, менга аҳмоққа қарагандай қаради.
— Ҳа, хоҳлаб қолдингми?
— Йўқ-йўқ!
— Қиммат у. Қандай машиналар олиб келишини биласанми? Актирисаларга ўхшайди. – У кейин бирдан бошимга бир уриб қўйди. – Эри катта жойда ишлайди. Тутиб олса ўлдиради, ҳаммангни! Эшитяпсанми?
— Қачонлар келади?
— Шу соат икки – учларда
— Ҳа, раҳмат.
— Онангдан сўрамадингми?..
— Нима? Нега онамдан сўрайман – қўрқиб кетдим. Айтувдима бунга ишонч йўқ деб.
— Ҳеч нима…Шунчаки айтаманда.
— Илтимос сиздан, ака. Онамга айтманг.
— Бошқа ишим йўқми?! Менга деса… Яна гапинг борми?
— Йўқ.
— ….
— Раҳмат, ака!
Тезда қочиб қолдим. У менинг нима сўраганимни суҳбатдошларига айтган шекилли, ортимдан сўкиш аралаш кулги овози эшитилди.
Мен онамга билдирмасдан икки марта чўмилиб чиққанимда ҳам соат ҳали ҳам икки бўлмаганди. Мен бу орада шунчалик уйқунинг қадрига етдимки, асли қўяверасиз, ўша онда оппоққина, юмшоққина болишимни ҳеч нимага алмашмас эдим. Мен нима қилишни, қандай вақт ўтказишни билмай “Она тили” фанидан берган вазифани бажаришга киришиб кетдим. Уйга вазифа “Хазон фасли – КУЗ” мавзусидаги матндан иккинчи даражали бўлакларни топиб, уларни белгилаб чиқиш эди. Ўқитувчимизнинг қанча уқтириб тайинлашига қарамай, бугун кун бўйи режамни ўйлаб ҳеч нимага қўлим бормаган эди. Матнни ўқиб чиқдим. Жуда катта кўриниб кетди кўзимга. Айни шу пайтда кўча тарафдан машинанинг ғийқиллаб тўхтагини эшитилди. Мен секин бориб чироқни ўчирдим-да, дераза олдига учиб бордим. Баланд устунларга осилган ёрқин кўча чироқлари остида калта қора плаш кийиб, шарф ўраган Лола опа кўринарди. У ҳар доимгидай жозибадор эди.
Машинадаги одам жойида ўтирганча бир оз уни гапга тутиб турди-да, сўнг ўзи ҳам тушиб унинг олдига борди. Мен, негадир, ўзимни бошқача ҳис қила бошладим, терлаб кетдимми, билмадим. Улар менинг оғир жиноятимни кўриб қолишаётгандай эди, гўё. Бу одамни яхши танирдим. Бизнинг маҳаллада ҳамма билса керак уни. Яна парда ортига беркиндим. Сония ўтмай қарадим, беркиндим, қарадим. Кўзларим қизариб кетганди. Уялиб кўзимни олиб қочдим. Шу пайт не кўз билан кўрайки, пастда онамнинг деразаси очиқ, чироғи ёниб турарди. Чопиб бориб айвон деразасидан онамнинг хонасига қарадим. Онам дераза ёнида кўчага қараб турарди. У мендек уяламасди ҳам, нигоҳини олиб қочмасди ҳам, ҳар кунлик сериалини томоша қилаётгандек тош қотганча дераза ёнида турарди. Жуфтлик ҳам онамни кўрмаслиги мумкин эмас эди. Чунки онам шундай чироқ ёруғида қоронғудаги манзарани тунги кўйлакда, сочлари ёйилганча жимгина томоша қиларди.
Бошим гангиб қолди. Нега?
Алимардон нима учун ундай деди?! Ярамас!
Нимага кун бўйи онамнинг кўзлари қизариб юрарди?
Мен онамни қучгим келди. Лекин у мени кўриб қолса, уйимизда жанжал кўтарилишидан қўрқдим. Кўчага яна нигоҳ ташладим. Лола опа йўқ. Кўчада ўша актёр машинасини ҳайдаб келарди. Онамнинг чироғи тезда ўчди. Бироз ўтиб дадамнинг машинасининг овози ҳам.
Йиғлагим келарди. Нега онам бунча томоша кўришни яхши кўради? Ахир, унга актёр зоти ёқмасди-ку! Дадам-чи? Бу томошалардан мақсади нима?
Энди ўзимни ухлашга мажбур қилсам-да ухлолмас, титрардим. Ҳаммаси эртага турганимда туш бўлиб қолишини Аллоҳимдан сўраб ўтинардим.
Отам билан онам бир-бирини қаттиқ севишига биз ака-ука негадир жуда ишонардик. Бунга уларнинг тўй куни тушган суратлари сабаб бўлган бўлса керак. Улар жуда чиройли ва табассумда самимий эдилар. Ўша куни тўйиб-тўйиб йиғладим.
Укам ҳеч нимадан бехабар эрталабки қоида бўйича белгиланган соатдан кечикмасдан ўрнидан турди. У юз-қўлларини ювиб онамнинг олдига тушганида, дадам ҳали ухлаб ётарди. Укамнинг бақирганидан чопиб онамнинг хонасига кириб бордим. Укам сепкил тошган юзлари даҳшатдан титраб, ерда ётган онамни қучоқлаганча қақшаб йиғлаб ётарди. У менинг овозимни эшитиб онам ҳозир уйғониб кетади дегандик қўрқув аралаш бақириб-бақириб йиғларди. Тинмай ўпарди. Лекин онам қимирламас, унинг узун сочлари ёйилиб кетган, шаҳло кўзлари сира очилмасди.
***
Уйимизга келган қари бир доктор онамни дадамга шундай таърифлади: “Узоқ вақт оғир азоблар исканжасида яшаган аёл”. Мен шунда дадамнинг юзига қарадим ва онам нима учун менинг актёрлик тўгарагига боришимни таъқиқлаб қўйганлигини тушундим.
Бувим бизни онамнинг маракалари ўтгач олиб кетишини отамга айтганида, укам уйдан кетмайман, мен дадамни яхши кўраман деб, туриб олди. На илож…
Мен сап-сариқ укам билан хайрлашиб, қишлоқда яшовчи бувамникига кетар эканман унга қараб ҳавасим келиб кетди. У онамга жуда ўхшарди.
Ўзим билан бирга онамнинг бир-иккита суратларини ва ўша куни дераза олдидан топиб олган бир тола узун сочини ҳам олиб кетдим. Мен уни бувамнинг хазонларга бурканган беҳи боғида, турналар ғий-ғийлашиб узоқ манзилларга учиб кетаётган пайтда учириб юбораман. У оловранг баргларга айланиб турналар каби осмоннинг чексиз бағрига сингиб кетади. Осмонда учиб кетаётган турналар бизни ҳечам алдамайди. Улар ҳаммадан баландда бўлса-да, уларни ҳамма кўриб турса-да томоша қўрсатишмайди. Мўжизавий қўшиқларини айтганича кучли ҳаво буронларини ёриб, иссиқ ўлкалар томон қанот қоқишади.
Javlon Jovliev
TURNALAR ORTIDAN…
Bundan buyon aktyorlik to’garagiga bormaydigan bo’ldim. Bu mashg’ulot shunchaki ermak emas, ulug’ san’at ekanligini onamga hecham tushuntira olmadim. Boshida rozi bo’lgandi. Keyin birdan aynib qoldi. Aktyorlik kasbini bema’ni mashg’ulot deb, meni ona tili to’garagiga yozdirib qo’ydi. G’ing deyaolmadim. Chunki onamdan juda qo’rqaman. Ukam ham qo’rqadi.
Biz oilada to’rt kishimiz. Otam, onam, ukam va men. Men ko’rinishdan dadamga, ukam esa, onamga o’xshaydi. Hamma shunday deydi. Bizning uyda qonun-qoidalar bisyor. Hammasi faqat biz — farzandlar uchun ishlab chiqilgan. Qonun chiqaruvchi onam. Chunki dadam ko’pincha ishda bo’ladilar. Bo’sh kunlari esa, biz uchun bayram. Barcha qonunlar unutiladi. Onamning esa, qovog’idan qor yog’adi. Biz esa yayraymiz.
Biz erta, hech kim uyg’otmasidan turishimiz shart. Chiroyli qilib ishlangan uyimiz atrofini aylanib chiqishimiz, turli yumushlarni bajarishimiz, tishlarni yuvishimiz, onamga salom berib kirishimiz, televizorga qarab vaqt o’tkazmay, tezda ovqatlanishimiz, xullas, ko’p vazifalarni bajarishimiz zarur. Shulardan biriga ko’p gapirmaslik, aksincha, ko’p o’qish kiradi. Onam o’zi kamgap, uyda ukamning biroz onamga erkalanib qolishini aytmasa, hech qanaqa shovqin yo’q. Mehmonlar kelsa, mehmonga borsak, chet elga chiqsak –hamma narsa uchun qonunlar bor edi. Biz bunday chegaralardan chiqib ketishni xayolimizga ham keltirmas edik. Lekin bir kuni…
Sap-sariq, yuzida onamnikiga o’xshagan sepkili bor ukam maktabdan kelayotib bir gap topib keldi. Uning aytishicha, sotuvchi Alimordon unga bir qiziq gap aytibdi. Ukamning og’zi ko’pirib, duduqlanib aytgan gaplaridan uning maqsadini tushundim. U ukamga “Allamahalda Lola opa bilan kelayotgan mashhur aktyorni ko’rmayapsizlarmi, ko’rib qolsanglar, suratga tushiringlar palon pulga sotib olaman”, degan emish. Men bu gap juda qiziqtirib qo’ydi. Ammo ikkimiz ham unga ishonmadik. Birinchidan, u juda ayyor, ikkinchidan yolg’onchi aka edi. Biz Lola opanikiga keladigan mashhur aktyorni yashirincha suratga olib bergan taqdirda ham, u va’da qilingan pulni bermasdi. Buning ustiga, u onamga hammasini gullab qo’yishi aniq. Shunda kelayotgan kuzgi ta’til ham azoblarga boy bo’lishi tayin.
Alimardon bizni ko’cha ko’rmagan bolalar deb, xohlagan ishini qildirmoqchimi? Xato o’ylaydi.
Miyamdan shu fikrlar o’tsa-da, ukam bilan tasvirga olishga ahd qildik va u bilan tushadigan pulni arra qilishni kelishib oldik. Chunki bizga uning pulisiz ham bu ish juda qiziq va sarguzashtga boy bo’lib ko’rinayotgan edi. U go’yo onam bizni o’rab qo’ygan zerikarli olamdan sershovqin, zavqli boshqa bir olamga mo’ralash kabi sirli edi.
Menga kuz fasli juda yoqadi. Quyoshning nurlari biram qadrli, yoqimli… Atrof tiniq, musaffo. Daraxt barglari sariq, qizg’ish, ko’kimtir ranglarda tovlanib dilni shavqqa to’ldiradi. Oyoqqa uriluvchi xazonlarni aytmaysimi, joni bordek bosib ketishga qo’rqaman ba’zan…
Bizga yaqindagina qo’shni bo’lib ko’chib kelgan Lobar opaning behayo ayollardan bo’lib chiqqaniga avval ishonmadim. Men uning oppoq, lo’ppi, chiroyli yuziga qarab, sira unaqa ayol deya o’ylamagan edim. U juda chiroyli edi. Ukam ham buni sezgani aniq. Chunki u ham beshinchi sinfga o’tdi. Men ham ikki yil oldin bunday manzaralarni boshqasidan farqlardim. Yana bilmadim.
Onamning necha soatlab miyamizning biror bo’sh joyini ham qoldirmay, uqtirgan o’gitlarini bir chekkaga surib Lobar opa haqida mahalladagi mish-mishlarni kitob titgandek titib chiqdik. Ular shunchalik bolalab ketgandiki, umuman, ikkita odam haqida gap ketayotganday edi. Bir guruh mish-mishchilar uni uchiga chiqqan shovvoz, jirkanch, aft-basharasiga qaraganlar ham gunohi azimga yo’liqishi mumkinligin uqtirishsa, ikkinchisi uning oyog’i egriligini inkor etmagan holda, mehribon va doim porlab turuvchi ko’zlari hamisha samimiy boqishini aytishardi. Lekin ko’pchilik yosh bola deb, bizni ko’rishlari bilan jim bo’lib qolishardi. Xuddi biz u haqda hech nima bilmaydigandik.
Ukam bir kuni to’satdan hammasidan zerikib, Lobar opaning uyiga shartta kechasi bostirib borishni taklif qildi. Men unga bunday ahmoqona fikr faqat sening mana bu qovun boshingdan chiqadi, deya dakki berib, o’zim olimlarga o’xshab bosh qotira boshladim. Men yaqindagina o’n to’rt yoshga to’lib, aqlim ancha yetilib qolganligini ich-ichimdan his qilib tursam-da, o’zimda ham bundan boshqa tuzukroq fikr yo’q edi. Lekin ukamning fikri, birinchidan, xavfli, ikkinchidan, jinoyat, uninchidan, agar hammasi birdan fosh bo’lsa, bu qiziqarli boshlangan qidiruv-sarguzashtga boy ishlarim jo’ngina tugab qolishidan, o’zim o’ylagan qahramonlik ham qulog’ini ushlab ketishini anglab, bunga aslo rozi bo’lmadim.
Shu zayl kuz kunlari o’tib ketaverdi. Tobora kunlar sovib borayotgan edi. Kuzning ayrim kunlariga hayron qolasan. Kunduzlari qancha issiq bo’lsa, kechalari shuncha sovuq bo’ladi. Qechalari achchiq tuman tarqaydi. Kunduzlari quyosh charaqlaydi, havo biram tiniq bo’ladiki..
Ukam pishillab uxlab qolgan tunlari allamahalgacha daydi mushuklarning vahimali miyovlashidan ham qo’rqmay uxlamay yotar, derazamizdan etimni junjiktirib bo’lsa ham bizdan ikkkita uy naridagi qo’shnimizning temir darvozasiga, qora panjara bilan himoyalangan derazasiga qarab qo’yishni sira kanda qilmadim.
Shunday qilib, joyimga yotgancha, o’spirin fikrlaridan adashar, kuzning musaffo havolari singari daraxt barglari kabi turli-tuman xayollar bag’rigi sho’ng’ib ketardim.
Bir kuni maktabdan qaytayotganda ko’cha boshida omonat do’koncha qurib olgan Alimardon aka bilan o’zim gaplashib olishga qaror qildim. Chunki boshqa payt onam ko’chaga chiqishimga aslo yo’l qo’ymaydi. Biz allamahalgacha uxlamay o’tirsagu, Alimardon shunchaki aldagan bo’lsa, nima bo’ladi?! U bilan hammasini aniq-tiniq gaplashib olishim kerak.
Alimardon biram yoqimsiz odam-da. Chunki yoshmi, qarimi demay har xil uyat gaplarni aytib yuboraveradi. To’g’risin aytsam, men uchun juda ko’p sir bo’lib tuyulgan narsalarni uning behayo og’zidan eshitganman. Ukamni uning oldiga olib borib bo’lmasdi. Uning ham kallasini o’zining sharmandali gaplari bilan allaqachon zaharlab bo’lgan bo’lsa-da, mening oldimda bunday gaplarni eshitishini aslo xohlamasdim. Bundan tashqari, u maktabda fanlardan oqsayotgandi. Masalan, adabiyot fanidan. U beshinchi sinf bo’la turib bironta ham she’r bilmas ekan. Bu oilamiz qonunlariga ko’ra, mening o’zimga o’n ikki kunlik jazo tayinlanadi degani. Onam aytganidek qulog’ini “astagina” cho’zib qo’yishim kerak. Bo’lmasa oqibati yomon bo’ladi.
Do’kon oldida har doimgiday bekorchi bolalar yig’ilgan edi. Xaridorlar esa, yo’q. Chunki u hamma narsaning narxini o’ylamay oshirib yuborardi. Odamlar boshqa do’konlarda kerakli narsa qolmagandagina uning makonidan savdo qilishga majbur bo’lardilar. Lekin sotuvchining dimog’i osmonda .
— Bilasanlarmi, qanday ayol yaxshi bo’ladi ?.. Uzuni zo’r…Men sizlar tengi paytim, oh, oh, maktabning eng zo’r qizlari bilan yurardim, nozik oppoq qo’lchalaridan ushlab… Ularning ko’pi hozir erga tegib ketgan… Lekin bari bir meni unutishmaydi.
— Aka bir minut.
Asta chaqirdim. So’lagi oqib uning gaplariga mahliyo bo’lib o’tirgan mendan bir ikki yosh katta bolalar menga bo’zrayib qarashdi. Oldilaridagi shirin murabboni olib qo’ygandek noqulay his qilib ketdim o’zimni.
— Nima deysan? – dedi to’ng’illab Alimardon.
— Menga bitta suv bering, aka.
— Qanaqasidan?
— Farqi yo’q.
— Ma…
— Aka!
— Nima ?
— Sizdan bitta narsa so’ramoqchiydim. – Orqaroqqa tisirildim. – Qo’shnimiz bor-ku, Lola opa, ishdan qachon qaytadi…
Alimurod yangi zo’r mavzu ochilganidan basharasi bujmayib, lablari qiyshayib ketdi. Orqadagi suhbatdoshlarini ham unutdi. Uzoq kulib bo’lgach, menga ahmoqqa qaraganday qaradi.
— Ha, xohlab qoldingmi?
— Yo’q-yo’q!
— Qimmat u. Qanday mashinalar olib kelishini bilasanmi? Aktirisalarga o’xshaydi. – U keyin birdan boshimga bir urib qo’ydi. – Eri katta joyda ishlaydi. Tutib olsa o’ldiradi, hammangni! Eshityapsanmi?
— Qachonlar keladi?
— Shu soat ikki – uchlarda
— Ha, rahmat.
— Onangdan so’ramadingmi?..
— Nima? Nega onamdan so’rayman – qo’rqib ketdim. Aytuvdima bunga ishonch yo’q deb.
— Hech nima…Shunchaki aytamanda.
— Iltimos sizdan, aka. Onamga aytmang.
— Boshqa ishim yo’qmi?! Menga desa… Yana gaping bormi?
— Yo’q.
— ….
— Rahmat, aka!
Tezda qochib qoldim. U mening nima so’raganimni suhbatdoshlariga aytgan shekilli, ortimdan so’kish aralash kulgi ovozi eshitildi.
Men onamga bildirmasdan ikki marta cho’milib chiqqanimda ham soat hali ham ikki bo’lmagandi. Men bu orada shunchalik uyquning qadriga yetdimki, asli qo’yaverasiz, o’sha onda oppoqqina, yumshoqqina bolishimni hech nimaga almashmas edim. Men nima qilishni, qanday vaqt o’tkazishni bilmay “Ona tili” fanidan bergan vazifani bajarishga kirishib ketdim. Uyga vazifa “Xazon fasli – KUZ” mavzusidagi matndan ikkinchi darajali bo’laklarni topib, ularni belgilab chiqish edi. O’qituvchimizning qancha uqtirib tayinlashiga qaramay, bugun kun bo’yi rejamni o’ylab hech nimaga qo’lim bormagan edi. Matnni o’qib chiqdim. Juda katta ko’rinib ketdi ko’zimga. Ayni shu paytda ko’cha tarafdan mashinaning g’iyqillab to’xtagini eshitildi. Men sekin borib chiroqni o’chirdim-da, deraza oldiga uchib bordim. Baland ustunlarga osilgan yorqin ko’cha chiroqlari ostida kalta qora plash kiyib, sharf o’ragan Lola opa ko’rinardi. U har doimgiday jozibador edi.
Mashinadagi odam joyida o’tirgancha bir oz uni gapga tutib turdi-da, so’ng o’zi ham tushib uning oldiga bordi. Men, negadir, o’zimni boshqacha his qila boshladim, terlab ketdimmi, bilmadim. Ular mening og’ir jinoyatimni ko’rib qolishayotganday edi, go’yo. Bu odamni yaxshi tanirdim. Bizning mahallada hamma bilsa kerak uni. Yana parda ortiga berkindim. Soniya o’tmay qaradim, berkindim, qaradim. Ko’zlarim qizarib ketgandi. Uyalib ko’zimni olib qochdim. Shu payt ne ko’z bilan ko’rayki, pastda onamning derazasi ochiq, chirog’i yonib turardi. Chopib borib ayvon derazasidan onamning xonasiga qaradim. Onam deraza yonida ko’chaga qarab turardi. U mendek uyalamasdi ham, nigohini olib qochmasdi ham, har kunlik serialini tomosha qilayotgandek tosh qotgancha deraza yonida turardi. Juftlik ham onamni ko’rmasligi mumkin emas edi. Chunki onam shunday chiroq yorug’ida qorong’udagi manzarani tungi ko’ylakda, sochlari yoyilgancha jimgina tomosha qilardi.
Boshim gangib qoldi. Nega?
Alimardon nima uchun unday dedi?! Yaramas!
Nimaga kun bo’yi onamning ko’zlari qizarib yurardi?
Men onamni quchgim keldi. Lekin u meni ko’rib qolsa, uyimizda janjal ko’tarilishidan qo’rqdim. Ko’chaga yana nigoh tashladim. Lola opa yo’q. Ko’chada o’sha aktyor mashinasini haydab kelardi. Onamning chirog’i tezda o’chdi. Biroz o’tib dadamning mashinasining ovozi ham.
Yig’lagim kelardi. Nega onam buncha tomosha ko’rishni yaxshi ko’radi? Axir, unga aktyor zoti yoqmasdi-ku! Dadam-chi? Bu tomoshalardan maqsadi nima?
Endi o’zimni uxlashga majbur qilsam-da uxlolmas, titrardim. Hammasi ertaga turganimda tush bo’lib qolishini Allohimdan so’rab o’tinardim.
Otam bilan onam bir-birini qattiq sevishiga biz aka-uka negadir juda ishonardik. Bunga ularning to’y kuni tushgan suratlari sabab bo’lgan bo’lsa kerak. Ular juda chiroyli va tabassumda samimiy edilar. O’sha kuni to’yib-to’yib yig’ladim.
Ukam hech nimadan bexabar ertalabki qoida bo’yicha belgilangan soatdan kechikmasdan o’rnidan turdi. U yuz-qo’llarini yuvib onamning oldiga tushganida, dadam hali uxlab yotardi. Ukamning baqirganidan chopib onamning xonasiga kirib bordim. Ukam sepkil toshgan yuzlari dahshatdan titrab, yerda yotgan onamni quchoqlagancha qaqshab yig’lab yotardi. U mening ovozimni eshitib onam hozir uyg’onib ketadi degandik qo’rquv aralash baqirib-baqirib yig’lardi. Tinmay o’pardi. Lekin onam qimirlamas, uning uzun sochlari yoyilib ketgan, shahlo ko’zlari sira ochilmasdi.
***
Uyimizga kelgan qari bir doktor onamni dadamga shunday ta’rifladi: “Uzoq vaqt og’ir azoblar iskanjasida yashagan ayol”. Men shunda dadamning yuziga qaradim va onam nima uchun mening aktyorlik to’garagiga borishimni ta’qiqlab qo’yganligini tushundim.
Buvim bizni onamning marakalari o’tgach olib ketishini otamga aytganida, ukam uydan ketmayman, men dadamni yaxshi ko’raman deb, turib oldi. Na iloj…
Men sap-sariq ukam bilan xayrlashib, qishloqda yashovchi buvamnikiga ketar ekanman unga qarab havasim kelib ketdi. U onamga juda o’xshardi.
O’zim bilan birga onamning bir-ikkita suratlarini va o’sha kuni deraza oldidan topib olgan bir tola uzun sochini ham olib ketdim. Men uni buvamning xazonlarga burkangan behi bog’ida, turnalar g’iy-g’iylashib uzoq manzillarga uchib ketayotgan paytda uchirib yuboraman. U olovrang barglarga aylanib turnalar kabi osmonning cheksiz bag’riga singib ketadi. Osmonda uchib ketayotgan turnalar bizni hecham aldamaydi. Ular hammadan balandda bo’lsa-da, ularni hamma ko’rib tursa-da tomosha qo’rsatishmaydi. Mo’jizaviy qo’shiqlarini aytganicha kuchli havo buronlarini yorib, issiq o’lkalar tomon qanot qoqishadi.
Hikoya judayam zoʻr yozilgan,ta’sir kuchiga ega qurol singari qabul qildim.Oz soʻz bn yozish usul— qoyil