Jo’ra Fozil. Eng kichik va kichik hikoyalar

05Шоир, ёзувчилар, сўзамоллар, қўйингки, эринмаган ҳар бир киши Аёлни нималарга ўхшатмайди дейсиз? Гул, булбул, ўт-олов, замин, коинот, ҳаёт… Аёл эса ўзига ўхшайди! Ҳа, фақатгина ўзига ўхшайди, бошқа ҳеч нимага эмас…

Жўра Фозил
КИЧИК ҲИКОЯЛАР ВА БИТИКЛАР


  09  Жўра Фозил 1949 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факултетини тугатган.
   “Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиб келиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2005), “Тирамоҳ армонлари” (2009), “Биз лола термаган баҳор” (2010) каби ҳикоя, қисса, романлари жамланган китоблари нашрдан чиққан.


ЭНГ ТЎҒРИ ЖАВОБ

Она, онажон, Худо борми?
Албатта бор, ўғлим! Нега сўраяпсан?
Бор бўлса, нега мен кўрмаяпман?

Ундай дема, болажоним, шаккоклик бўлади… Вақт соати келганда сен Аллоҳни албатта кўрасан! Чунки Аллоҳ ҳар бир инсон юрагида, тўғрироғи унинг қалбида бўлади.

…Йиллар ўтди. Вақт-соати келди. Мен Аллоҳни кўрмаган бўлсамда, уни танидим, манзил-макони қаерда эканини англадим. Энг қизиғи шундаки, бутун умрим давомида менинг Ҳақ таоло ҳақидаги саволларимга ҳеч ким онамдек аниқ-равшан жавоб
бераолмади.

ҲАҚИҚАТ ВА АДОЛАТ

“Ҳақиқат” сўзининг ўзаги Ҳақ, яъни Аллоҳ деган фикрга ишонгим келади. Бундан шундай хулоса чиқарса бўлади: демак ҳақиқат ва Адолатни фақат Ҳақ таоло барқарор эта олар эканда?..

МУЛК

Ота-онанинг бойлиги, мол-мулки, ёшлиги, куч-қуввати-болалариники. Фақат фарзандлари учундир.
Фарзандлар мол-мулки, бойлиги, ёшлиги ва куч-ғайрати ота-оналари учун эмас, ўз болалари учундир…

ҚИСМАТ

Янглишмасам, қуролсозлар дунёда энг аянчли қисмат соҳиби бўлишса керак. Вақт-соати етиб, куни келганда кимдир қуролсоз кўксига унинг ўзи ясаган қуролдан ўқ узиши мумкин.

Бу-шафқатсиз қисмат ўқи бўлса не ажаб?..

АКА-УКАЛАР

Улар ораларида икки ёшгина фарқ бўлган ака-укалар эдилар. Барча оға-инилар сингари кўп баҳслашишар, баъзан жиққа мушт ҳам бўлишарди. Орага бошқа биров қўшилиб қолса, ака-укалар дарҳол бирлашишарди.

Тақдири азал ҳукми шундай бўлдики, кунларнинг бирида ука оғир автоҳалокат оқибатида икки кўзидан ҳам ажралиб қолди.

Шифокорлар маслаҳатлашиб бир қарорга келишди. Укага соғ одам бир кўзи кўчириб ўтказилса, у кўриши мумкин. Шунда ака қатъий қарорга келди.
Укаси учун бир кўзидан воз кечди.

Шифокорларнинг кейин пушаймон қилмайсизми? Деган саволига “йўқ” дея жавоб берди.
Аллоҳ ҳам, тақдир ҳам мардларни қўллайди. Аканинг кўзини амалиётга ҳозирланаётган бир пайтда, оғир касалликка чалинган ёш йигит клиниканинг бошқа бўлимида вафот этди… Унинг танаси совумай туриб мангуга юмилаётган кўзлари укага кўчириб ўтказилди ва шу билан андак чўзилган кичик ҳикоямизга нуқта қўйса ҳам бўларди. Бироқ озгина сабр қилишга тўғри келади.

Ушбу воқеани менга ҳикоя қилаётганкекса профессор аёлнинг овози титрар, унинг ҳорғин ва ўйчан кўзларида ёш кўринмасада, бутун вужуди билан йиғларди. Бу сатрларни заррадек манфаат учун ёқа бўғишиб, юз кўрмас бўлиб кетаётган ака-укалар ўқишса, ибрат бўлармиди?..

ЁЗУВЧИ ВА ЗАМОНА

Шоир, ёзувчи, умуман ижодкорлар ҳақида жуда кўп ёзилган, ёзиляпти. Уларнинг ҳаммаси ўз йўлига. Ҳеч нимани инкор этмаган ҳолда шуни айтмоқчиманки, ёзувчи ҳамма қатори яшай олмайди. Бу ҳам етмагнидек, ҳамма қатори ўла ҳам олмайди. Унга доим нимадир етмайди ёки ортиқчалик қилади.

Кўплаб буюк ижодкорлар ҳаёти фожелиги шундан бўлса керак.

ҲАЙРАТ
Инсондаги буюк туйғулардан бири бўлмиш Ҳайратнинг энг қаттол душмани-Лоқайдликдир. Чунки лоқайдлик бўлган қалбга Ҳайрат сиғмайди. Бу икки тушунча бир-бирини инкор этади.

ИККИНЧИ УМР

Ўлим-Ҳақ. Бу-ҳақ гап. Фақат ўлим кимлар учун ҳаётнинг тугаши бўлса, бошқа бировлар учун ҳаётнинг бошланиши, Иккинчи Умрдир!

ДОРИЛФАНО ВА ДОРУЛБАҚО

Бу икки сўз одамлар тилида кўп такрорланади. Осий бандалар шу ўртада сарсон юриб нима қилишларини билмайдилар.

Аммо фожеа шундаки, ҳаммамиз “Дорилбақо-Боқий дунё” ҳақида кўп сафсата сотсакда, уни ўйламаймиз. “Дорилфано-Фоний дунё ҳавасларига берилиб кетамиз.

“ҲАЛИ КЎРАСАН!”

“Тождор офат оқибатида эълон қилинган карантиннинг 2-ойи тугаган эди. Супада куйманиб юрган кампир улкан тут дарахтининг шохларини эгиб, мева еяётган чолига шундай деди:

-Дадаси, ўйлаб қарасам, бу “карантин” деганингиз бебаҳо нарса экан…
-Қуёш қайси ёқдан чиқди? Кечагина карантин жонимга тегди, қизимникига кетаман” деб роса жонимга теккан эдинг-ку!-деди чол ҳайрон бўлиб.

-Қўяверинг, бундоқ фикр қилсам эллик йиллик ҳаётимизда сиз эркак бўлиб ҳеч қачон сурункасига 2 ой уйда ўтирмаган экансиз-а. Шуни ўйлаб кўнглим кўтарилди-да.

Гап нимадалигини дарҳол тушунган эр шумлиги тутиб қалтисроқ ҳазил қилди.
-Ҳе, хотин, бу деганинг менга нима бўпти? Беш-ўн йил сабр қилсанг, уйдан бутунлай чиқмай қолишим ҳам мумкин!

ШЎРЛИК КАПАЛАК

Қизим Моҳигул болалигида “кўршапалак” дейиш ўрнига “Шўркапалак” дея талаффуз этарди.

Орадан кўп йиллар ўтди.

Мен яқинда “шўрлик капалак” деб ёздим…

БИЛИМ ВА ҒАМ

Ўз билимларини оширгувчи ғамларинида оширгувчидир!
Бу менинг фикрим эмас. Қайси китобдан ўқиганимни эслайолмайман. Бир ҳисобда эсламаганим ҳам маъқул, шекилли.

АЁЛ

Шоир, ёзувчилар, сўзамоллар, қўйингки, эринмаган ҳар бир киши Аёлни нималарга ўхшатмайди дейсиз? Гул, булбул, ўт-олов, замин, коинот, ҳаёт…

Аёл эса ўзига ўхшайди! Ҳа, фақатгина ўзига ўхшайди, бошқа ҳеч нимага эмас…

ҲАЁТ

Қўлингдан келса, шундай яшагинки, умринг охирида дунёга келганингга пушаймон этмасанг бўлгани…

ИҚТИДОР

Иллатни-фазилатга, фазилатни эса иллатга айлантиргувчилар бор.
Уларнинг ҳар иккаласига ҳам қойил қолмай иложингиз йўқ.

КИМ, НИМАНИ ИЗЛАЙДИ?

“Иллат излаганга-иллатдир дунё, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” деб ёзади шоир дўстимиз.

Бир вақтнинг ўзида ҳар иккаласини излаган киши нима топар экан-а?..

ТОНГ

Ижодкор дўстлар! Тонгда, эрта тонгда ёзиш керак экан? Камина гарчанд илгарилари ҳам тонг пайтида кўп ёзган бўлсамда, фақат 70 дан ошганимда узил-кесил шу фикрга келдим.

Чунки тонг палласида инсон онг-шуури, руҳияти тиниқ, тоза, равшан бўлади. Демак ғоят инжиқ мавжудот бўлмиш ёзувчи хаёлига ҳам оҳорли, нурли, муҳими хайрли ўйлар,ғоялар келади ва табиийки, улардан яхши асарлар дунёга келади.

Ёзаолсангиз, тонгда ёзинг, дўстлар!

ҚОН ВА ЖОН

Фитрат домланинг “Абул файзхон” тарихий драммасида қуйидаги сатрлар бор “Подшохлик шундай бир дарахтки, унинг илдизлари қон билан суғорилади. Нокамтарлик демасалар, таъбир жоиз бўлса, мен юқоридаги сўзларга бир қўшимча қилган бўлардим. Бадиий ижод, шундай дарахтки, унинг илдизлари Фақатгина юрак қони билан суғорилиши керак!..

ФИКР

Фикр –чақмоқ, унинг чақнагани яхши. Фақат чақмоқ ургани ёмон-да…

ЯХШИ ХОТИН

Яхши хотин-эрнинг энагасидир.

КЎНГИЛ

Инсон қалби-дарё, кўнгли эса уммонга ўхшайди. Аммо улардан сув ичиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

БУҚАЛАМУН

Буқаламунлар табиатда жуда камайиб кетди. Жамиятда эса кўпайибди…

ОДАМЛАР ОРАСИДА

Ноширлар орасидан одам излаб адашиб кетибман…

ОҒИР ЮК

Ёзувчи, ҳамқалам дўстим!
Жуда енгил, маза қилиб ёзаётганингда енгил яшаб бўлмайди. Ҳаётинг оғирлашганини сезмай қоласан…
Елкангдаги юк тобора оғирлашаверади.

ЭПИТАФИЯ
(ҚАБР ТОШИДАГИ ЁЗУВ)

Хотин доим эрига шундай иддао қиларди:
-Кўряпсизми, мен доим тўғри гапираман!

Эр оғир хўрсиниб, жавоб қиларди:
-Ҳа, пешонам шўри шундаки, сен ҳар доим ҳақсан! Барча
ноҳақликлар мен томонда.

Охир-оқибат шўрлик эрнинг қабр тошига шундай сўзлар битилди:
“Минг афсуски, хотиним доимо ҳақ экан. Ушбу сўзларга олтин суви югуртирилганди…

ҚЎШИМЧА

Шеър:
Топмадингу, топдингму?

Менинг қўшимчам:
Қопмадингми, қопдингму?

Қопилишдан, Худо асрасин!

УМР

У туғилди. Яшади. Ўлди. Бошқа ҳеч гап йўқ!..

ЭРКАТОЙ

Эркалик-охир-оқибат худбинликка олиб келади.

ДЎСТУ ДУШМАН

Энг дилкаш суҳбатдош-қўл телефони.
Энг содиқ дўст-қўл телефони.
Энг қаттол душман-қўл телефони!..

СОҒИНЧ

Мактуб, СМС: Соғиндим хотин, музлаткич бўшади, пулим тугади!..

ҚАЙТМАС КЕМАЛАР

Барча сайру-саёҳатлар, сафарлару айрилиқларнинг охири бор, улар бир кун тугайди. Жўнаб кетганлар ўз манзил-маконларига қайтадилар. Яқинлари, жону жигарлари билан дийдор, висол шаробини нўш этадилар.

Ҳар бир инсон ҳаётида фақат бир марта сипқориладиган шундай ичимлик бордирки, у видо шароби дея аталади. Уни боқий дунёга рихлат қилишга отланган бандаларгина нўш этиб, қайтмас кемаларга чиқадилар.

Бу кемалар ўз бандаргоҳига ҳеч қачон қайтмайди, қайтаолмайди. Аллоҳ иродаси шундай. Бу кемалар, уларнинг йўловчилари мангу қайтмас кемалардир. Шу боисдан ота-онангиз, жону жигарларингиз, бошқа яқинларингиз мангу қайтмас кемага айланмасларидан уларнинг хизматини қилинг, қадрига етинг. Токи ўзингиз ҳам
қайтмас кемага айланмагунингизча!

ЗАМОНАВИЙ КЎПКУРАШ

Инсон орзулари, бахтига эришиш учун рақиблари билан курашишга тўғри келади. Бу табиий ҳол, албатта. Аммо у ана шу йўлда яқинлари, дўстлари билан ҳам курашиши керак экан.

ЮГУРИНГ, МАРРА СИЗНИКИ!..

“Югурганники эмас, буюрганники” деган мақол бор. Телба дунё бу ақидани ҳам ўзгартириб юборди. Эндиликда буюрганники эмас, югурганникидир!..

КЕКСАЙГАН ОРЗУЛАР

Инсон кексайгани сайин дарду ғами ёшириб, кўпайиб, орзу-истаклари қартайиб, ўй-хаёллари нурсизланиб, вужуди ҳолсизланиб бораверар экан. Ана шу кексайган орзулар, нурсизланган ўй-хаёлларга қайтадан ёшлик, нур ато этувчи куч-умиддир.

Умид инсон кўнглини сўнгги нафасларигача тарк этмайди, уни яшашга, яна ва яна умид қилишга ундайди. Шоирлар бу туйғуни ҳам содда, ҳам чиройли қилиб “Умид чироғи” деб атайдилар. Бу чироқ инсон кўнглини, йўлини ёритаверади!

ҚАРИЁТГАН ШОИР

Ажойиб рус шоири Игорь Северянин умрининг сўнгги йилларини Ватанидан олисда, ёлғизлик, ғарибликда ўтказган. Соҳир сўз устасининг “Қариётган шоир” деган жуда ғамгин-маҳзун шеъри бор. Ушбу шеърни биринчи бор. Ўқиганимда эллик ёшлар чамасида эдим. Шеър менга жуда қаттиқ таъсир қилди , ларзага солди. Умр ўткинчи эканини янада теранроқ ҳис қилдим.

Ўз Ватанимда, хорлик-зорлик кўрмай яшаётганимга беҳисоб шукрроналар қилдим. Ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасидан янада унумлироқ фойдаланишга ҳаракат қилдим. Ватан қадрига етиш ҳақида кўпроқ ўйладим.

“Қариётган шоир” шеърини ҳамон қайта-қайта ўқийман…

ОЧИЛМАГАН ЭШИКЛАР

Ёши хийла ўтиб қолган хонанда аёл ёзғириб, шундай деганди:
-Ёшлигимданоқ саҳнада, ҳаётда сурбет бўлаолганимда, жуда кўп нарсаларга эришардим. Мен ҳар бир эшикни фақат бир мартагина тақиллатганман.

Бу сўзлар замирида жуда аччиқ ҳақиқат бор. Аммо, маълумингизким, сўнгги пушаймон ўзингга душман.

Шу сабабдан адабиётда нимагадир эришаман деган шўрлик ижодкор ўзи кириши керак бўлган эшикларини бир-икки эмас, ланг очилиши учун неча марта керак бўлса шунча маротаба тақиллатиши керак.

Ижод масъулияти уни шунга мажбур этади. Бой берилган вақт ўрнини нафақат афсус-надомат, на-да сўнгги пушаймон боса олади.

Ёзувчи ўз асари учун ҳар кун, ҳар соатда аёвсиз муҳорабага киришга тайёр туриши керак.
Акс ҳолда у ҳам ўша ёши ўтирқираган хонанда ҳолига тушиб қолиши ҳеч гап эмас…

Shoir, yozuvchilar, so’zamollar, qo’yingki, erinmagan har bir kishi Ayolni nimalarga o’xshatmaydi deysiz? Gul, bulbul, o’t-olov, zamin, koinot, hayot… Ayol esa o’ziga o’xshaydi! Ha, faqatgina o’ziga o’xshaydi, boshqa hech nimaga emas…

Jo’ra Fozil
KICHIK HIKOYALAR VA BITIKLAR


 04  Jo’ra Fozil 1949 yilda Buxoro viloyati Romitan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan.
   “Muhabbatning bayramlari” (1991), “Barqut mavsum” (1992), “Buxoroyi sharif elchilari” (1996), “Baxt yulduzi” (1997), “Mening qizil gulim” (1998), “Bolalikning yolg’iz yodgori” (2002), “Buxoriyning qaytib kelishi” (2004), “Ayriliq ostonasi” (2005), “Tiramoh armonlari” (2009), “Biz lola termagan bahor” (2010) kabi hikoya, qissa, romanlari jamlangan kitoblari nashrdan chiqqan.


ENG TO’G’RI JAVOB

– Ona, onajon, Xudo bormi?
– Albatta bor, o’g’lim! Nega so’rayapsan?
– Bor bo’lsa, nega men ko’rmayapman?

– Unday dema, bolajonim, shakkoklik bo’ladi… Vaqt soati kelganda sen Allohni albatta ko’rasan! Chunki Alloh har bir inson yuragida, to’g’rirog’i uning qalbida bo’ladi.

…Yillar o’tdi. Vaqt-soati keldi. Men Allohni ko’rmagan bo’lsamda, uni tanidim, manzil-makoni qayerda ekanini angladim. Eng qizig’i shundaki, butun umrim davomida mening Haq taolo haqidagi savollarimga hech kim onamdek aniq-ravshan javob
beraolmadi.

HAQIQAT VA ADOLAT

“Haqiqat” so’zining o’zagi Haq, ya’ni Alloh degan fikrga ishongim keladi. Bundan shunday xulosa chiqarsa bo’ladi: demak haqiqat va Adolatni faqat Haq taolo barqaror eta olar ekanda?..

MULK

Ota-onaning boyligi, mol-mulki, yoshligi, kuch-quvvati-bolalariniki. Faqat farzandlari uchundir.
Farzandlar mol-mulki, boyligi, yoshligi va kuch-g’ayrati ota-onalari uchun emas, o’z bolalari uchundir…

QISMAT

Yanglishmasam, qurolsozlar dunyoda eng ayanchli qismat sohibi bo’lishsa kerak. Vaqt-soati yetib, kuni kelganda kimdir qurolsoz ko’ksiga uning o’zi yasagan quroldan o’q uzishi mumkin.

Bu-shafqatsiz qismat o’qi bo’lsa ne ajab?..

AKA-UKALAR

Ular oralarida ikki yoshgina farq bo’lgan aka-ukalar edilar. Barcha og’a-inilar singari ko’p bahslashishar, ba’zan jiqqa musht ham bo’lishardi. Oraga boshqa birov qo’shilib qolsa, aka-ukalar darhol birlashishardi.

Taqdiri azal hukmi shunday bo’ldiki, kunlarning birida uka og’ir avtohalokat oqibatida ikki ko’zidan ham ajralib qoldi.

Shifokorlar maslahatlashib bir qarorga kelishdi. Ukaga sog’ odam bir ko’zi ko’chirib o’tkazilsa, u ko’rishi mumkin. Shunda aka qat’iy qarorga keldi.

Ukasi uchun bir ko’zidan voz kechdi.

Shifokorlarning keyin pushaymon qilmaysizmi? Degan savoliga “yo’q” deya javob berdi.
Alloh ham, taqdir ham mardlarni qo’llaydi. Akaning ko’zini amaliyotga hozirlanayotgan bir paytda, og’ir kasallikka chalingan yosh yigit klinikaning boshqa bo’limida vafot etdi… Uning tanasi sovumay turib manguga yumilayotgan ko’zlari ukaga ko’chirib o’tkazildi va shu bilan andak cho’zilgan kichik hikoyamizga nuqta qo’ysa ham bo’lardi. Biroq ozgina sabr qilishga to’g’ri keladi.

Ushbu voqeani menga hikoya qilayotgankeksa professor ayolning ovozi titrar, uning horg’in va o’ychan ko’zlarida yosh ko’rinmasada, butun vujudi bilan yig’lardi. Bu satrlarni zarradek manfaat uchun yoqa bo’g’ishib, yuz ko’rmas bo’lib ketayotgan aka-ukalar o’qishsa, ibrat bo’larmidi?..

YOZUVCHI VA ZAMONA

Shoir, yozuvchi, umuman ijodkorlar haqida juda ko’p yozilgan, yozilyapti. Ularning hammasi o’z yo’liga. Hech nimani inkor etmagan holda shuni aytmoqchimanki, yozuvchi hamma qatori yashay olmaydi. Bu ham yetmagnidek, hamma qatori o’la ham olmaydi. Unga doim nimadir yetmaydi yoki ortiqchalik qiladi.

Ko’plab buyuk ijodkorlar hayoti fojeligi shundan bo’lsa kerak.

HAYRAT
Insondagi buyuk tuyg’ulardan biri bo’lmish Hayratning eng qattol dushmani-Loqaydlikdir. Chunki loqaydlik bo’lgan qalbga Hayrat sig’maydi. Bu ikki tushuncha bir-birini inkor etadi.

IKKINCHI UMR

O’lim-Haq. Bu-haq gap. Faqat o’lim kimlar uchun hayotning tugashi bo’lsa, boshqa birovlar uchun hayotning boshlanishi, Ikkinchi Umrdir!

DORILFANO VA DORULBAQO

Bu ikki so’z odamlar tilida ko’p takrorlanadi. Osiy bandalar shu o’rtada sarson yurib nima qilishlarini bilmaydilar.

Ammo fojea shundaki, hammamiz “Dorilbaqo-Boqiy dunyo” haqida ko’p safsata sotsakda, uni o’ylamaymiz. “Dorilfano-Foniy dunyo havaslariga berilib ketamiz.

“HALI KO’RASAN!”

“Tojdor ofat oqibatida e’lon qilingan karantinning 2-oyi tugagan edi. Supada kuymanib yurgan kampir ulkan tut daraxtining shoxlarini egib, meva yeyayotgan choliga shunday dedi:

-Dadasi, o’ylab qarasam, bu “karantin” deganingiz bebaho narsa ekan…
-Quyosh qaysi yoqdan chiqdi? Kechagina karantin jonimga tegdi, qizimnikiga ketaman” deb rosa jonimga tekkan eding-ku!-dedi chol hayron bo’lib.

-Qo’yavering, bundoq fikr qilsam ellik yillik hayotimizda siz erkak bo’lib hech qachon surunkasiga 2 oy uyda o’tirmagan ekansiz-a. Shuni o’ylab ko’nglim ko’tarildi-da.

Gap nimadaligini darhol tushungan er shumligi tutib qaltisroq hazil qildi.
-He, xotin, bu deganing menga nima bo’pti? Besh-o’n yil sabr qilsang, uydan butunlay chiqmay qolishim ham mumkin!

SHO’RLIK KAPALAK

Qizim Mohigul bolaligida “ko’rshapalak” deyish o’rniga “Sho’rkapalak” deya talaffuz etardi.

Oradan ko’p yillar o’tdi.

Men yaqinda “sho’rlik kapalak” deb yozdim…

BILIM VA G’AM

O’z bilimlarini oshirguvchi g’amlarinida oshirguvchidir!
Bu mening fikrim emas. Qaysi kitobdan o’qiganimni eslayolmayman. Bir hisobda eslamaganim ham ma’qul, shekilli.

AYOL

Shoir, yozuvchilar, so’zamollar, qo’yingki, erinmagan har bir kishi Ayolni nimalarga o’xshatmaydi deysiz? Gul, bulbul, o’t-olov, zamin, koinot, hayot…

Ayol esa o’ziga o’xshaydi! Ha, faqatgina o’ziga o’xshaydi, boshqa hech nimaga emas…

HAYOT

Qo’lingdan kelsa, shunday yashaginki, umring oxirida dunyoga kelganingga pushaymon etmasang bo’lgani…

IQTIDOR

Illatni-fazilatga, fazilatni esa illatga aylantirguvchilar bor.
Ularning har ikkalasiga ham qoyil qolmay ilojingiz yo’q.

KIM, NIMANI IZLAYDI?

“Illat izlaganga-illatdir dunyo, hikmat izlaganga hikmatdir dunyo” deb yozadi shoir do’stimiz.

Bir vaqtning o’zida har ikkalasini izlagan kishi nima topar ekan-a?..

TONG

Ijodkor do’stlar! Tongda, erta tongda yozish kerak ekan? Kamina garchand ilgarilari ham tong paytida ko’p yozgan bo’lsamda, faqat 70 dan oshganimda uzil-kesil shu fikrga keldim.

Chunki tong pallasida inson ong-shuuri, ruhiyati tiniq, toza, ravshan bo’ladi. Demak g’oyat injiq mavjudot bo’lmish yozuvchi xayoliga ham ohorli, nurli, muhimi xayrli o’ylar,g’oyalar keladi va tabiiyki, ulardan yaxshi asarlar dunyoga keladi.

Yozaolsangiz, tongda yozing, do’stlar!

QON VA JON

Fitrat domlaning “Abul fayzxon” tarixiy drammasida quyidagi satrlar bor “Podshoxlik shunday bir daraxtki, uning ildizlari qon bilan sug’oriladi. Nokamtarlik demasalar, ta’bir joiz bo’lsa, men yuqoridagi so’zlarga bir qo’shimcha qilgan bo’lardim. Badiiy ijod, shunday daraxtki, uning ildizlari Faqatgina yurak qoni bilan sug’orilishi kerak!..

FIKR

Fikr –chaqmoq, uning chaqnagani yaxshi. Faqat chaqmoq urgani yomon-da…

YaXSHI XOTIN

Yaxshi xotin-erning enagasidir.

KO’NGIL

Inson qalbi-daryo, ko’ngli esa ummonga o’xshaydi. Ammo ulardan suv ichish hammaga ham nasib etavermaydi.

BUQALAMUN

Buqalamunlar tabiatda juda kamayib ketdi. Jamiyatda esa ko’payibdi…

ODAMLAR ORASIDA

Noshirlar orasidan odam izlab adashib ketibman…

OG’IR YUK

Yozuvchi, hamqalam do’stim!
Juda yengil, maza qilib yozayotganingda yengil yashab bo’lmaydi. Hayoting og’irlashganini sezmay qolasan…
Yelkangdagi yuk tobora og’irlashaveradi.

EPITAFIYA
(QABR TOSHIDAGI YOZUV)

Xotin doim eriga shunday iddao qilardi:
-Ko’ryapsizmi, men doim to’g’ri gapiraman!

Er og’ir xo’rsinib, javob qilardi:
-Ha, peshonam sho’ri shundaki, sen har doim haqsan! Barcha
nohaqliklar men tomonda.

Oxir-oqibat sho’rlik erning qabr toshiga shunday so’zlar bitildi:
“Ming afsuski, xotinim doimo haq ekan. Ushbu so’zlarga oltin suvi yugurtirilgandi…

QO’SHIMCHA

She’r:
Topmadingu, topdingmu?

Mening qo’shimcham:
Qopmadingmi, qopdingmu?

Qopilishdan, Xudo asrasin!

UMR

U tug’ildi. Yashadi. O’ldi. Boshqa hech gap yo’q!..

ERKATOY

Erkalik-oxir-oqibat xudbinlikka olib keladi.

DO’STU DUSHMAN

Eng dilkash suhbatdosh-qo’l telefoni.
Eng sodiq do’st-qo’l telefoni.
Eng qattol dushman-qo’l telefoni!..

SOG’INCH

Maktub, SMS: Sog’indim xotin, muzlatkich bo’shadi, pulim tugadi!..

QAYTMAS KEMALAR

Barcha sayru-sayohatlar, safarlaru ayriliqlarning oxiri bor, ular bir kun tugaydi. Jo’nab ketganlar o’z manzil-makonlariga qaytadilar. Yaqinlari, jonu jigarlari bilan diydor, visol sharobini no’sh etadilar.

Har bir inson hayotida faqat bir marta sipqoriladigan shunday ichimlik bordirki, u vido sharobi deya ataladi. Uni boqiy dunyoga rixlat qilishga otlangan bandalargina no’sh etib, qaytmas kemalarga chiqadilar.

Bu kemalar o’z bandargohiga hech qachon qaytmaydi, qaytaolmaydi. Alloh irodasi shunday. Bu kemalar, ularning yo’lovchilari mangu qaytmas kemalardir. Shu boisdan ota-onangiz, jonu jigarlaringiz, boshqa yaqinlaringiz mangu qaytmas kemaga aylanmaslaridan ularning xizmatini qiling, qadriga yeting. Toki o’zingiz ham
qaytmas kemaga aylanmaguningizcha!

ZAMONAVIY KO’PKURASH

Inson orzulari, baxtiga erishish uchun raqiblari bilan kurashishga to’g’ri keladi. Bu tabiiy hol, albatta. Ammo u ana shu yo’lda yaqinlari, do’stlari bilan ham kurashishi kerak ekan.

YUGURING, MARRA SIZNIKI!..

“Yugurganniki emas, buyurganniki” degan maqol bor. Telba dunyo bu aqidani ham o’zgartirib yubordi. Endilikda buyurganniki emas, yugurgannikidir!..

KEKSAYGAN ORZULAR

Inson keksaygani sayin dardu g’ami yoshirib, ko’payib, orzu-istaklari qartayib, o’y-xayollari nursizlanib, vujudi holsizlanib boraverar ekan. Ana shu keksaygan orzular, nursizlangan o’y-xayollarga qaytadan yoshlik, nur ato etuvchi kuch-umiddir.

Umid inson ko’nglini so’nggi nafaslarigacha tark etmaydi, uni yashashga, yana va yana umid qilishga undaydi. Shoirlar bu tuyg’uni ham sodda, ham chiroyli qilib “Umid chirog’i” deb ataydilar. Bu chiroq inson ko’nglini, yo’lini yoritaveradi!

QARIYOTGAN SHOIR

Ajoyib rus shoiri Igorь Severyanin umrining so’nggi yillarini Vatanidan olisda, yolg’izlik, g’ariblikda o’tkazgan. Sohir so’z ustasining “Qariyotgan shoir” degan juda g’amgin-mahzun she’ri bor. Ushbu she’rni birinchi bor. O’qiganimda ellik yoshlar chamasida edim. She’r menga juda qattiq ta’sir qildi , larzaga soldi. Umr o’tkinchi ekanini yanada teranroq his qildim.

O’z Vatanimda, xorlik-zorlik ko’rmay yashayotganimga behisob shukrronalar qildim. Hayotimning har bir lahzasidan yanada unumliroq foydalanishga harakat qildim. Vatan qadriga yetish haqida ko’proq o’yladim.

“Qariyotgan shoir” she’rini hamon qayta-qayta o’qiyman…

OCHILMAGAN ESHIKLAR

Yoshi xiyla o’tib qolgan xonanda ayol yozg’irib, shunday degandi:
-Yoshligimdanoq sahnada, hayotda surbet bo’laolganimda, juda ko’p narsalarga erishardim. Men har bir eshikni faqat bir martagina taqillatganman.

Bu so’zlar zamirida juda achchiq haqiqat bor. Ammo, ma’lumingizkim, so’nggi pushaymon o’zingga dushman.

Shu sababdan adabiyotda nimagadir erishaman degan sho’rlik ijodkor o’zi kirishi kerak bo’lgan eshiklarini bir-ikki emas, lang ochilishi uchun necha marta kerak bo’lsa shuncha marotaba taqillatishi kerak.

Ijod mas’uliyati uni shunga majbur etadi. Boy berilgan vaqt o’rnini nafaqat afsus-nadomat, na-da so’nggi pushaymon bosa oladi.

Yozuvchi o’z asari uchun har kun, har soatda ayovsiz muhorabaga kirishga tayyor turishi kerak.
Aks holda u ham o’sha yoshi o’tirqiragan xonanda holiga tushib qolishi hech gap emas…

033

(Tashriflar: umumiy 2 256, bugungi 1)

Izoh qoldiring