Baxtiyor Omonov. Ustozning xizmatlari

00126 апрел  — Устоз Нажмиддин Комилов хотираси куни

    Устоз Нажмиддин Комилов Шарқ шеъриятининг пешқадам вакиллари – Абдураҳмон Жомий, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румийнинг бебаҳо асарларини ўзбек тилига маҳорат ила ўгирди. Қисқа муддатда “Ўлмас сатрлар қудрати”, “Ишқни оловлантирган сув”, “Жон ва жонон можароси”, “Тимсоллар тимсоли”, “Ахтарин ашк этдию…”, “Эрур кўнгилларга сафо ишқ”, “Аҳд қилдим…”, “Соқий, талх бўлди айшим” каби теран илмий-таҳлилий мақолалар “Ёшлик”, “Гулистон” журналларида бот-бот босилди-ю, олимни халқимиз кашф қилгандай бўлди…

УСТОЗНИНГ ХИЗМАТЛАРИ
Бахтиёр Омонов
09

0151965 йили ёш олим Нажмиддин Комиловнинг тақдирида муҳим воқеа юз берди: қатағон жафоларини чеккан Қутбиддин эшон Муҳиддинов билан яқиндан танишди. Ул зоти мукаррам араб, форс тиллари ва адабиётининг катта билимдони эди. Шарқ шеъриятидан хабардор домла мумтоз адабиётни шарҳлаб бера оларди. Қутбиддин эшон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институтида бирмунча вақт ишлаб, “Алишер Навоий асарлари изоҳли луғати” тўрт жилдлик китобининг фаол муаллифларидан бирига айланди. Олимнинг устоз билан пиру муридлик муносабатлари бошланиб, токи филология фанлари номзоди Қ. Муҳиддиновнинг вафотларига (1975) қадар давом этди.

Сўнг ажойиб инсон, улкан олим Ғайбулла Саломов билан ёнма-ён ишлаб, илмий тадқиқотини давом эттирди. Икки забардаст олим Тошкент давлат дорилфунунида “Таржима назарияси ва амалиёти” фанига асос солиб, филолог ва журналистларга сабоқ бердилар. Камина ҳам 1977 йилдан бошлаб, бу дарслардан насибадор бўлдим.

Нажмиддин акани илмий, ижодий давраларга, дорилфунун муҳитига олиб киришда Ғайбулла Саломовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Эсимда, устоз мулоҳазали, билимдон ва дипломат киши эди. Садоқатли шогирдлари – тортинчоқ Нажмиддин Комил, мулойим Тилак Жўра, мулоҳазали Султонмурод Олимни давра-анжуманларга етаклаб борарди. Шу тариқа, ўн йиллар ичида республикамизда таржима назарияси ва танқидининг янги мактаби вужудга келди. 1980-йиллар ўрталарида “Таржима санъати” номли тўплам қўлма-қўл бўлиб кетди, унда жаҳон классик адабиёти вакиллари Данте, Ҳофиз, Ҳайём, Шекспир, Л. Толстой, Ҳейне, Гёте, Лермонтов, Пушкин асарлари таржималари танқидий ўрганилиши бараварида Навоий, Бобур асарларини рус тилига ағдариш кун тартибида қўйилган эди.

Ўша йилларда Нажмиддин Комилов муаллимлик касби билан бирга, таржимонликни ҳам баравар олиб борди. Кундузи ва кечалари тиним билмади–илм ва ижод завқи билан яшади. “Куч-қувватга тўлган, соғлиғим яраган пайтда, барига улгуришим керак”, деган ўгитларга суянди. Чунки инсон эртага нима бўлишини билмайди. Имконият туғилганда, илҳом париси келганда яхши нарсаларни ёзиб қўйиш даркор.

Устоз Шарқ шеъриятининг пешқадам вакиллари – Абдураҳмон Жомий, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румийнинг бебаҳо асарларини ўзбек тилига маҳорат ила ўгирди. Қарангки, қисқа муддатда “Ўлмас сатрлар қудрати”, “Ишқни оловлантирган сув”, “Жон ва жонон можароси”, “Тимсоллар тимсоли”, “Ахтарин ашк этдию…”, “Эрур кўнгилларга сафо ишқ”, “Аҳд қилдим…”, “Соқий, талх бўлди айшим” каби теран илмий-таҳлилий мақолалар “Ёшлик”, “Гулистон” журналларида бот-бот босилди-ю, олимни халқимиз кашф қилгандай бўлди…

Тақдир ниятларга яраша бўлар экан. Кўп ўтмай, илмий салоҳияти ва ақл-идрокини билганлар домлани дарҳол юқори лавозимларга тавсия этишди. 1992-1995 йилларда Н.Комилов Президент девонида бош консультант, 1995-2012 йилларда Давлат ва жамият қурилиши академиясида илмий ишлар проректори, кафедра мудири лавозимларда баракали меҳнат қилдилар. Сиёсий зийрак ва маънавий комил Устоз Марказий сайлов комиссиясининг раиси бўлиб ҳам ишладилар.Шу билан бирга, илмий мактаб яратиш ғоясидан воз кечмадилар. Ўтган йилларда маънавият ва сиёсат, тасаввуф ва дин, шоҳ ва дарвеш муносабати масалаларига доир янги тадқиқотларни яратдилар. Янги авлод ёшларига “Диншунослик ва маънавият асослари” фанидан сабоқлар бера бошладилар.

1998 йилда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини битириб, илмий ишимни давом эттирдим. Илмий раҳбарим Н.Комилов ўгит-маслаҳатлари асосида сиёсатда етакчилик ҳодисаси мавзусидаги тадқиқотни ёзиб, 2004 йилда сиёсий фанлар номзоди бўлдим. Бу пайтда “Ибн Сино” номли тиббиёт нашриётига раҳбарлик қилардим. Мен устоз билан ҳар ойда икки-уч марта учрашиб, идоравий ва илмий ишларим юзасидан маслаҳатлар олардим. Академиянинг 12-қаватига чиқиб, домланинг кабинетига кириб борар эканман, ҳассага суянган кўйи ақлли кўзлари билан алғов-далғовли дунёни кузатаётган Ғайбулла Саломовнинг портретига кўзим тушарди.

1970 йилларда Саломов-Комилов мактаби адабиётимиз аҳлига таржимачиликнинг анча истиқболли, зарур ижод йўналиши эканлигини белгилаб, икки тилли ёш таржимонлар авлоди етишиб чиқишига ҳисса қўшдилар. Ўша йилларда Ёзувчилар уюшмаси таржима шўъбасини бошқарган истеъдодли шоир Муҳаммад Али ҳам бу фикримни тасдиқлайди.

Нажмиддин Комилов “Ибн Сино ва Данте” (1983) китобида ўзбек олимларидан биринчи бўлиб Шарқу Ғарбнинг адабий алоқаларини даврлаштирди. Дарвоқе, қадимги Хитой, Юнонистон ва Рим мутафаккирлари Конфуций, Сократ, Афлотун (Платон), Арасту (Аристотель), Цицероннинг давлат ва жамият муносабатига оид таълимоти ўрта асрдаги ислом фалсафаси шаклланиши, ривожланишига туртки берганди. “Шарқ Уйғониши улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, тафаккур ва ижод паҳлавонларини майдонга келтирди,–дейди Н. Комилов.– Бу улкан маданият умумбашарий цивилизацияга қўшилиб, унинг узлуксиз ривожига омил бўлди, турли алоқа воситалари орқали Ғарбга ўтиб, янги Европа тафаккури тараққиётига таъсир кўргазди. Етти аср давомида араб халифалиги қўл остида турган Испаниянинг Қурдоба, Шивилия, Ғиронада вилоятларида Шарқ илм-маърифати кенг қанот ёйди. Испан қироллари араб тилини мукаммал билар, ўз саройларида араб шоир ва олимларини сақлар, барча испан зиёлилари арабча таълим олиб, шарқона урф-одат руҳида тарбияланар эдилар”[1].

Устознинг таъкидлашича, Шарқ илм-фани ва маданиятининг Европага кўчишида таржиманинг роли, шубҳасиз, буюк бўлган. Араб тилида яратилган илмий адабиётларни лотин тилига ағдариш XII асрлардан бошлаб авж олган. Кейинчалик бу адабиётларни испан, француз, кастил тилларига таржима қилиш кучайган, Толедо ва Болоня шаҳарлари ўша давр таржимачилигининг йирик марказларига айланган эди.

“Бу қадимий санъат” (1988) китобида устоз илмий ғояларини изчил давом эттиради. Китоб XVIII — XX аср бошларида Хоразм адабий муҳитининг Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Бобожон Саноий, Комил Хоразмий, Баёний каби забардаст ижодкорлар амалга оширган йирик таржима асарлари тадқиқига бағишланди. Дарҳақиқат, Хоразм таржима мактаби хизмати шуки, улар Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Кайковус, Шайх Саъдий Шерозий, Хожа Ҳофиз Шерозий, Амир Хисрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Бадриддин Ҳилолий, Зайниддин Восифий сингари буюк зотларнинг асарларини она тилимизга моҳирона ўгирдилар.

Устоз “Тасаввуф” икки жилдлигини ёзиб, ўзларига ҳайкал ўрнатиб кетдилар. Унинг ҳар бир саҳифаси, жумласи ҳикмат ва маърифатга тўлиқ. Тасаввуфни яхши англамасдан туриб, миллий маънавият тарихи, шарқ фалсафаси, адабиёти ва санъатини пухта эгаллаб бўлмайди. Ислом тарихи бизда тассаввуф тарихи билан бирга олиб қаралгандагина тўғри ёритилиши мумкин, деб ҳисоблайди профессор Н. Комилов. Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Вали, Маҳдуми Аъзам каби машҳур шайхларимиз эътиқод қўйган, умрини бағишлаб ривожлантирган ҳам тасаввуфнинг ўзгинаси. Халқ маънавиятининг ўчмас хазинаси Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Хоразмий, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Атойи, Жомий, Навоий, Машраб, Огаҳий, Амирий, Сайқалий ва яна ўнлаб улуғ шоирлар асарларининг бош ғоялари, тимсол ва тамсиллари тасаввуф негизида қурилганлигини устоз кўп тадиқиқотларида шарҳлаб берган. Ўшаларга суяниб, “тасаввуф, бу – Мутлақ илоҳни таниш ва севиш; авлиёлар эътиқодидан туғилган; покиза ахлоқ ҳақидаги илмдир”, деган хулосага келади.

Устозни китобхонлар нозик дидли моҳир таржимон сифатида ҳам яхши билишар эди. Хусусан, Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома” (1994), Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати” (1994), Шайх Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”–1996) каби асарларини устакорлик билан ўзбекчалаштирди. Ноширлик қилган йилларимда ушбу таржималарнинг чоп этилишида иштирок этганимдан беҳад хурсандман.

Ҳикоя қилишларича, Нажмиддин Комилов Президент девонида ишлаган даврда, давлат ишларини беками кўст олиб боришда маънавият ва маърифатнинг ўрни нечоғлик зарурлигига кўп аҳамият беради. Суҳбат ва учрашувлар чоғида Навоий, Бобур, Мирзо Улуғбек салтанат ишида маънавият ва маърифат аҳли аҳамиятини исботлашдан чарчамайди. 1994 йилда Маънавият ва маърифат марказини ташкил этиш бўйича тарихий қарор эълон қилинди. Яна маънавият давлат сиёсати даражасига етказилиб, унга ҳамма жабҳада эътибор кучайди. Вилоят ва туманларда маънавият масалалари бўйича ҳоким ўринбосари лавозими жорий қилинди. Мазкур соҳага алоқадор зиёли синфининг нуфузи бир неча баробар ошди…

Нажмиддин Комиловнинг иккинчи хизмати шуки, давлат ва жамият бошқаруви тингловчилари (ҳокимлар, вазирлар, вазирлик ва идора раҳбарлари ва бошқалар)га дин моҳияти, маърифий вазифаси, хусусан тасаввуф дунёси чуқур маъноларини чин маънода тарғиб этиши бўлди. Домла Президент академиясида кафедра мудири, биринчи проректор лавозимида ишлаганида, минглаб тингловчиларга дин тарихи, фалсафаси, мамлакат қонун-фармонлари асл мақсадини шу даражада англатдики, мухлис шогирдлар вилоят ва туманларга қайтиб борганида, динимиздаги адолатпарварлик, ватанпарварлик ғояларини англаб етиб ҳурмат қиладиган, бу борада нима тўғрию нимаси хурофот эканини тушуниб етадиган ҳақиқий тарғиботчига айланди. Кўча-кўйда кимлардир оғзаки сингдирган динни энди бошқа оҳангда эмас, балки миллатни маърифий-руҳий тарбиялаб, яхшиликка, комилликка йўлловчи бир восита, ўғил-қизлари таълим-тарбиясидаги ижобий омил сифатида қарайдиган бўлдилар.

Устознинг учинчи хизмати – республикамизда тасаввуф илмий мактабини яратишга улгурди. Маълумки, инсон руҳий оламини осмон қадар юксакларга кўтарувчи бу комиллик йўлига узоқ йиллик пиру муридлик машаққатлари эвазига эришилади. Тасаввуф, бир томондан, дин ва шариат, иккинчи томондан, фалсафа ва ҳикмат илми билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган ўзига хос таълимотдир. Фарқи шуки, инсоннинг мутлақ ҳақиқат, мутлақ адолат ва покликка эришиш истаклари тасаввуфда тўлиқ шаклланади. Бу эҳтиёж, орзу кучли завқ ва иштиёқни, ўзини унутиш ва беҳудликка олиб борган Ишқни келтириб чиқаради, албатта. Бир вақтлар тасавуфдаги ўз-ўзини такомиллаштириш ғояси, ахлоқий юксалиш, эзгулик, хайр, ҳиммат, мардлик ҳақидаги қарашлар бутун мусулмон оламига кенг тарқалиб, катта ижтимоий ҳодисага айланган эди. XXI асрга келиб, шарқшунос олим Нажмиддин Комилов “Тасаввуф” номли икки жилдликат улкан тадқиқотида Шарқ фалсафий тафаккурида муҳим ўрин олган, маънавиятимизни бойитган ахлоқий ҳикматларнинг таълимотини янада бойитди, тўлдирди.

Устознинг тўртинчи хизмати – тасаввуф илмидан бохабар, ҳалол, иймонли, садоқатли шогирдларни тарбиялаб етиштирди. Ҳозирги кунда ўзига ўхшаган камтарин шогирдлари олий ўқув даргоҳларида, давлатнинг юқори органларида салоҳиятли йўналишларда ишлаб келмоқдалар.

Нажмиддин Комилов узоқни кўра оладиган аллома эди. Устознинг ижодида ҳазрат Алишер Навоий ижоди алоҳида ўринни эгаллайди. Сабаби, устоз замоннинг ҳақгўй, хоксор зиёлиси сифатида Ҳазрат тилга олган иллатларнинг бугунги кунда ҳам яшаб келаётганидан азият чекарди. “Нафс домига тушган одам бир хиёнат кетидан иккинчисини қилаверади. Алдаш, ёлғон сўзлаш, найранг ишлатишни ўзининг “ҳунари”га айлантиради”,–деб ёзган эди “Хизр чашмаси” китобида. Ўша машҳур асарида инсонга тааллуқли фазилатлар бирма-бир келтириб ўтилган.

Инсонга берилган энг ардоқли биринчи хислат – қаноат. Кишида қаноат бўлмаса, борига шукр қилмаса, Аллоҳ берган ризққа кўнмаса, у тамаъгир бўлади, бошқалар молига кўз олайтиради, натижада тўғри, ҳалол яшашдан чекинади. “Тамаъ – бу қуллик, чунки бировдан доим бир нарса кутиб ўтирган одам ўз нафсининг қулига айланади, –дейди олим. – Қаноатли одам илм ва маърифат билан шуғуллана олади, дунё ва охиратни ўйлайди. Тамаъгир, ҳарис одамда илм билан шуғулланишга, маърифат эгаллашга вақт йўқ. У туну кун олтин ҳирсида яшайди. Яратган Парвардигори ҳам эсига тушмайди, демак маънавий дунёси ҳам қашшоқ бўлиб қалби қотади, тошбағир маҳлуққа айланади”.

Иккинчи хислат саховат бўлиб, у ўз жойида, ғариб ва бенаво, бева-бечора, етимлар, қаровсиз қолган қариялар, толиби илмлар, хуллас фақиру ҳақир одамларга қилинади. Аммо сахий одам керилиш ва миннат учун бу ишни адо этмайди.

Маърифат – инсондаги учинчи зарур хислат ҳисобланади. Навоий таъкидича, маърифат аввало Илоҳ маърифати, лекин одамизод унга эришмоғи учун ўзини чуқур ўрганиши, билиши лозим. Шу жиҳатдан олганда, ҳазрат Навоий достонларининг қаҳрамонлари имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифати етук шахслардир. Буюк шоир куйиниб ёзадики, “олам аро қаҳри илоҳий” бўлган, пастлигидан “ит билан бир” деса бўладиган жоҳил кишилар мансаб эгаси, олимлар эса хору зор. Ана шундай жоҳиллар элга ҳукмрон, илм-маърифат аҳлига “раҳнамолик қилади” ва ақл ўргатади…

Китобнинг “Қалбларнинг севгани” бобида ўрта асрлардаги тасаввуф билан бугунги бадиий адабиёт фарқи яхши очиб берилган. Бизга аёнки, тасаввуф тариқатининг Марказий Осиёга ёйилиши X-XI асрларда яшаган буюк мутасаввуф Абу Юсуф Ҳамадоний номи билан боғланган. Ҳамадоний Бухорога кўчиб келгач, ерли халқ вакилларидан юзлаб муридларга тасаввуфнинг аҳкомларидан таълим беради. Кейинроқ муридлари ичида тўрт забардаст сўфий –Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний етишиб чиқади. Ғиждувоний “хожагон” номли ирфоний хусусиятга эга тариқатни тараққий этдиради ва Ҳамадоний тортиб келган “Силсилаи шариф” – “Олтин занжир” араб давлатларидан ўзбек диёрига кўчади.

Тасаввуфнинг мағзида илми Ҳақ–ботин илми, қалб тафаккури ётади. Инсон ўз заковатига ишониб, Ҳақнинг ягоналиги ва улуғлиги ҳақида тафаккур қилади. Сўфий шоирлар ижодининг марказида айни шу мақсадлар ётади. Афсуски, биз мустамлакачилик йилларида адабиёт дарсликларида уни халқимиздан яшириб келгандик. Устоз масаланинг шу жиҳатига эътиборни қаратиб, фандаги “бўшлиқ”ни тўлдиришни ўзига мақсад қилиб олганди. Профессор Н. Комилов Робия Адавия, Мансур Халлож, Аҳмад Яссавий, Алоуддин Аттор, Абдулло Ансорий, Абусаид Абулхайр, Абдураҳмон Жомий, Умар Ҳайём, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Машраб, Мирзо Бедил сингари тасаввуфнинг йирик вакиллари ижодини изчил ўрганади.

Собиқ иттифоқ даврида дин – афъюн, тасаввуф – реакцион мистик оқим, деб унга қора тамға босилган эди. Бундан кўзланган пинҳона мақсад – жамиятда комил инсонни эмас, сохта, ёлғон ғояларга эътиқод қўйган авлодни шакллантириш, унинг устига итоаткор тизимни қуриш ва одамларни бошқариш бўлганди. Афсуски, совет даврида яшаган олимлар, жумладан Е.Э.Бертельс ҳам Навоий “Ҳамса”си достонларидаги илоҳий муҳаббат ғоясини инкор этади. Олим илоҳий муҳаббат билан инсоний муҳаббатни бир-бирига зид қўйиб, шоир кўпроқ иккинчисини куйлаган, деган хато фикрни билдиради[2]. Рус олими Е. Бертельсдан фарқли ўлароқ, Н. Комиловнинг Шарқ адабиёти йирик намояндалари ижодига доир илмий талқинларида бошқача ёндашувларга дуч келамиз. Биргина Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони шарҳини кўриб чиқайлик. Руҳи Мутлақ ошиқ ва маъшуқа танига киради, шунда Руҳлар ўзаро туташади, дейди муаллиф. Аммо тонг ёришганда, севишганлар эл назаридан қўрқиб, яна ажралишади, негаки ҳали Руҳи Мутлаққа яқинлашув бир-бирига сингиш ва эриб кетиш дегани эмас… Лайли Ўз эгаси қошига келгач, ўлимни қувонч билан қарши олади, сабаби маъшуқаси – Илоҳ васлига ахийри етишди. У фоний дунёнинг кайф-сафоси, лаззатларидан қутулиб, абадий фароғатга етишгани туфайли бахтлидир. Лайлининг Илоҳ васлига етишганини билган Мажнун йўлга тадорик кўради. Иккови ҳам висол они яқинлашгани, севгилиси (Илоҳ) билан мангу қовушиш имкони етиб келганидан хурсанд.

Сўфий шоирнинг хулосасига кўра, ҳар бир одам ошиқлик йўлини тутиб, ишқ тариқига кириб, ўзини ўлимга эмас, балки васл майини ичишга тайёрлаб бормоғи даркор. Албатта, инсон ақли ва фаросати Илоҳни тасаввур этишга ожизлигини билган Навоий уни Лайли тимсолида берган ва мақсадига эришган! У ғоясини бадиий маҳорат билан образга сингдира олганки, ҳатто илоҳий маъшуқа билан дунёвий маъшуқа ўртасидаги фарқни сезмай қоласиз.

Устознинг илмий талқинларидан энг машҳури шоҳ ва дарвешга бағишланган, десак хато бўлмайди. Сўфий шеъриятида дарвешлар зоҳиран афтодаҳол, жанда кийимда (ҳирқада) кўринса-да, лекин ботинан илм-маърифатли, ҳозиржавоб ва мард-ҳамиятли кишилардир. Тасаввуф аҳли наздида шоҳ – қул, дунё қулидир. “Чунки у мол-дунёга ҳирс қўйган одамларнинг энг “пешқадами”, энг зўри, унинг фикри-ёди дунёни эгаллаш билан банд, – деб ёзади Н. Комилов. – Шундай қилиб, шоҳ дунёдан тўймаслик, зулму зўравонлик рамзи бўлса, дарвеш ўз хусусияти билан шоҳнинг бутунлай тескариси – салтанат, тахту тожни инкор этиш, унга нафрат тимсолидир”[3]. Шуларни таҳлил қиларкан, халққа раҳбар бўлиш учун бошни илоҳиёт нури ва маърифат дунёси билан безаш лозим, деган хулосага келади муаллиф.

Нажмиддин Комилов ҳокимият, тожу тахт имконияти билан маърифату билимнинг даражасини қиёслаб, мансабга хос ижобий ва салбий қусурларни санаб ўтаётиб, инсондаги ҳокимиятга ҳирс, дунёпарастликни очиқ танқид қилади. “Ҳар қандай подшо яхшиларни ҳимоясига олиб, олимлардан доимо маслаҳат сўраб, ёмонларни жиловлаши ва жазолаши лозим”, дейди. Шу маънода Фаридиддин Атторнинг “Тазкиратул-авлиё”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул-унс”, Алишер Навоийнинг “Насойимул-муҳаббат”, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон” асарларидан покдил дарвешларнинг ҳаёт йўлини, нозик хислатларини келтириб ўтади.

Профессор Н. Комиловнинг “Садди Искандарий” достонига оид илмий тадқиқоти ҳам ўрганишга лойиқ ҳодиса. Олимнинг таъкидича, шоирнинг бу асарида ота ва бола, шоҳ ва раият, шоҳ ва аъёнлар, шоҳ ва дарвеш, устоз ва шогирд, донишмандлик ва амалиёт, тақдир ва тадбир, инсон ва Худо каби ахлоқий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий масалага оид фикрлари давлат бошқарувида қўл келиши мумкин. Жумладан, Искандар тақдирида жаҳонгирлик ёзилганини айтиб, у бу мақомга фақат чуқур билими, маънавий-ахлоқий камолоти туфайли эришганлигини таъкидлайди. Асарнинг фойдали жиҳати шундаки, инсон комилликка етиб, юқори мартаба-ю, мақомга эришганида манманликка берилмаслиги, шон-шавкатга эришганида ҳам Худо олдида ўзини ожиз ҳис этмоғи даркор.

Достондаги мураккаб нуқталарни таҳлил қилган муаллиф: “Шоҳлик унинг учун зўрлик ва ҳукмронлик воситаси, мумтозлик белгиси эмас, балки халқ ва Ҳақ олдидаги вазифа, бурч эди”, деган хулосага келади.

Домла ҳар галги суҳбатимизда:
Ўз вужудингга тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсан, ўзунгдин истагил, –

деган тасаввуфнинг қоидасини такрорлашни яхши кўрардилар. Инсон фақат ўзига ишониб, мақсадлари сари интилиши зарур, бошқаларнинг кўмагини кутишга зарурат қолмаслиги керак, дердилар.

Устоз авлодларга ёзиб қолдирган китоблардаги чиройли услуб, ғаройиб талқинлар, ажойиб фикрлар ўқувчини ҳайратга солмай қўймайди. Бу китоблар қалбимизга Аллоҳ яратган илму ҳикматни билиш, ҳаётда мусаффо руҳ, пок ният билан яшашга ўргатади. Ўз навбатида, фалсафа, сиёсат, ҳикмат ва тасаввуф илмидан бохабар этади. Улар бизни дунёни қалб кўзи билан кўришга ҳозирлаб боради…

Н. Комилов “Тасаввуф”, “Хизр чашмаси” китобларида тасаввуфнинг моҳиятини илмий тадқиқ қилиб, бир вақтлар четга суриб қўйилган, ман этилган, ўтмиш билан бугун ўртасида бузиб ташланган кўприкни тиклаб кетдилар. Ислом дини, нақшбандийлик тариқати ва йўлларидан, фалсафа, мантиқ ва бадиий адабиётдан яхши хабардор Устоз халқимизга Илоҳ, шоҳ, дарвеш, нафс, маърифат, қаноат, саховат маъноларини англатиб, ҳаётда зоҳирий (ташқи) амалларга, ўткинчи ҳою-ҳавасларга, нопок хатти-ҳаракатларга асло кўнгил боғламасликка ундадилар. Ўзлари ҳам поклик қоидаларига амал қилиб яшадилар.

Давлат ва жамиятга улкан хизматлар қилганига қарамай, Нажмиддин Комилов камтарона ҳаёт кечирди. Нуфузли даргоҳларда хизмат қилган йилларида ҳам яшаш тарзи, сўзи-ю иши бир бўлган Нажмиддин ака ҳалол меҳнати, Аллоҳ берган ризқи билан оилани боқиш, одамлар билан хушмуомала, камсуқум гаплашиш, кибру такаббурлик кўчасидан узоқда юришга ўргатди шогирдларини. Қарийб қирқ йил Сағбондаги Олча торкўчасида, танга тушгулик ҳовличада умргузаронлик қилдилар. Ўша сокин, хотиржам муҳитда забардаст асарларини қоралашга улгурдилар. Афсус, касаллик ўз ишини қилди. Ажойиб олим ва самимий инсон Нажмиддин Комилов 2012 йилнинг 26 апрелида, 75 ёшларида вафот этдилар.

Айни дамда, Устоз “Чиғатой” қабристонида – буюк олимлар, давлат, маданият ва санъат арбоблари қаторида мангу уйқуда ётибдилар. Мен Талабалар шаҳарчаси томон ишга ўтиб кетаётганимда, бу зиёратгоҳга кирар эканман, ўткинчи дунё билан хайр-хўшлашиб, боқий дунёга йўл олган атоқли олим, хоксор инсон Нажмиддин Комиловнинг маслаҳатларини узоқ йиллар олиб юрган шогирди эканимдан чексиз ғурурланаман. Устоз бир шеърларида ёзганларидек:

Ойдин тунда ой меҳмонинг бўлганда,
Қўйнинг, кўнглинг кумуш нурга тўлганда,
Эслаб қолсанг шунда мени мабодо,
Секингина шивирлагин: қайдасиз?

Нигоҳингни сеҳрласа кенг само,
Зуҳра юлдуз туҳфа этса хуш наво,
Қулоғингга чалинса таниш садо,
Секингина шивирлагин: қайдасиз?

Садо бўлиб кириб борай хонангга,
Ўлтирайин ойга боқиб ёнингда.
Мени излаб талпинганинг онингда,
Секингина шивирлагин: қайдасиз?

Устоз, сиз доимо ёдимиздасиз. Сиз илмдан қувват олиш, ҳалол яшаш, ҳаётда сабрли, иродали, адолатли бўлиш, эзгу ишларга бош қўшишни ўргатдингиз. Сизга замондош бўлиб умр кечирган дамларимиз ҳаётимизнинг энг тотли, энг файзли кунлари бўлиб қолади. Дафъатан, нурли, беғубор сиймонгизни кўз олдимизга келтирганимизда, маърифий китобларингизни варақлаганимизда, ўзимизда ички қувват, тоза нафас ва руҳий далда оламиз.

_________________

[1] Комилов Н. Тафаккур карвонлари. –Т.: Маънавият, 1999. – 57-бет.
[2] Бертельс Е.Э. Избранные труды. Наваи и Джами. –М.: 1965. – С.122.
[3] Комилов Н. Хизр чашмаси. – Т.: Маънавият, 2005. –102-бет.

065

USTOZNING XIZMATLARI
Baxtiyor Omonov
09

 056  1965 yili yosh olim Najmiddin Komilovning taqdirida muhim voqea yuz berdi: qatag‘on jafolarini chekkan Qutbiddin eshon Muhiddinov bilan yaqindan tanishdi. Ul zoti mukarram arab, fors tillari va adabiyotining katta bilimdoni edi. Sharq she’riyatidan xabardor domla mumtoz adabiyotni sharhlab bera olardi. Qutbiddin eshon Fanlar akademiyasining Til va adabiyot ilmiy-tadqiqot institutida birmuncha vaqt ishlab, “Alisher Navoiy asarlari izohli lug‘ati” to‘rt jildlik kitobining faol mualliflaridan biriga aylandi. Olimning ustoz bilan piru muridlik munosabatlari boshlanib, toki filologiya fanlari nomzodi Q. Muhiddinovning vafotlariga (1975) qadar davom etdi.

So‘ng ajoyib inson, ulkan olim G‘aybulla Salomov bilan yonma-yon ishlab, ilmiy tadqiqotini davom ettirdi. Ikki zabardast olim Toshkent davlat dorilfununida “Tarjima nazariyasi va amaliyoti” faniga asos solib, filolog va jurnalistlarga saboq berdilar. Kamina ham 1977 yildan boshlab, bu darslardan nasibador bo‘ldim.

Najmiddin akani ilmiy, ijodiy davralarga, dorilfunun muhitiga olib kirishda G‘aybulla Salomovning ham hissasi katta bo‘ldi. Esimda, ustoz mulohazali, bilimdon va diplomat kishi edi. Sadoqatli shogirdlari – tortinchoq Najmiddin Komil, muloyim Tilak Jo‘ra, mulohazali Sultonmurod Olimni davra-anjumanlarga yetaklab borardi. Shu tariqa, o‘n yillar ichida respublikamizda tarjima nazariyasi va tanqidining yangi maktabi vujudga keldi. 1980-yillar o‘rtalarida “Tarjima san’ati” nomli to‘plam qo‘lma-qo‘l bo‘lib ketdi, unda jahon klassik adabiyoti vakillari Dante, Hofiz, Hayyom, Shekspir, L. Tolstoy, Heyne, Gyote, Lermontov, Pushkin asarlari tarjimalari tanqidiy o‘rganilishi baravarida Navoiy, Bobur asarlarini rus tiliga ag‘darish kun tartibida qo‘yilgan edi.

O‘sha yillarda Najmiddin Komilov muallimlik kasbi bilan birga, tarjimonlikni ham baravar olib bordi. Kunduzi va kechalari tinim bilmadi–ilm va ijod zavqi bilan yashadi. “Kuch-quvvatga to‘lgan, sog‘lig‘im yaragan paytda, bariga ulgurishim kerak”, degan o‘gitlarga suyandi. Chunki inson ertaga nima bo‘lishini bilmaydi. Imkoniyat tug‘ilganda, ilhom parisi kelganda yaxshi narsalarni yozib qo‘yish darkor.

Ustoz Sharq she’riyatining peshqadam vakillari – A.Jomiy, F.Attor, J.Rumiyning bebaho asarlarini o‘zbek tiliga mahorat ila o‘girdi. Qarangki, qisqa muddatda “O‘lmas satrlar qudrati”, “Ishqni olovlantirgan suv”, “Jon va jonon mojarosi”, “Timsollar timsoli”, “Axtarin ashk etdiyu…”, “Erur ko‘ngillarga safo ishq”, “Ahd qildim…”, “Soqiy, talx bo‘ldi ayshim” kabi teran ilmiy-tahliliy maqolalar “Yoshlik”, “Guliston” jurnallarida bot-bot bosildi-yu, olimni xalqimiz kashf qilganday bo‘ldi…

Taqdir niyatlarga yarasha bo‘lar ekan. Ko‘p o‘tmay, ilmiy salohiyati va aql-idrokini bilganlar domlani darhol yuqori lavozimlarga tavsiya etishdi. 1992-1995 yillarda N.Komilov Prezident devonida bosh konsultant, 1995-2012 yillarda Davlat va jamiyat qurilishi akademiyasida ilmiy ishlar prorektori, kafedra mudiri lavozimlarda barakali mehnat qildilar. Siyosiy ziyrak va ma’naviy komil Ustoz Markaziy saylov komissiyasining raisi bo‘lib ham ishladilar.Shu bilan birga, ilmiy maktab yaratish g‘oyasidan voz kechmadilar. O‘tgan yillarda ma’naviyat va siyosat, tasavvuf va din, shoh va darvesh munosabati masalalariga doir yangi tadqiqotlarni yaratdilar. Yangi avlod yoshlariga “Dinshunoslik va ma’naviyat asoslari” fanidan saboqlar bera boshladilar.

1998 yilda Prezident huzuridagi davlat va jamiyat qurilishi akademiyasini bitirib, ilmiy ishimni davom ettirdim. Ilmiy rahbarim N.Komilov o‘git-maslahatlari asosida siyosatda yetakchilik hodisasi mavzusidagi tadqiqotni yozib, 2004 yilda siyosiy fanlar nomzodi bo‘ldim. Bu paytda “Ibn Sino” nomli tibbiyot nashriyotiga rahbarlik qilardim. Men ustoz bilan har oyda ikki-uch marta uchrashib, idoraviy va ilmiy ishlarim yuzasidan maslahatlar olardim. Akademiyaning 12-qavatiga chiqib, domlaning kabinetiga kirib borar ekanman, hassaga suyangan ko‘yi aqlli ko‘zlari bilan alg‘ov-dalg‘ovli dunyoni kuzatayotgan G‘aybulla Salomovning portretiga ko‘zim tushardi.

1970 yillarda Salomov-Komilov maktabi adabiyotimiz ahliga tarjimachilikning ancha istiqbolli, zarur ijod yo‘nalishi ekanligini belgilab, ikki tilli yosh tarjimonlar avlodi yetishib chiqishiga hissa qo‘shdilar. O‘sha yillarda Yozuvchilar uyushmasi tarjima sho‘‘basini boshqargan iste’dodli shoir Muhammad Ali ham bu fikrimni tasdiqlaydi.

Najmiddin Komilov “Ibn Sino va Dante” (1983) kitobida o‘zbek olimlaridan birinchi bo‘lib Sharqu G‘arbning adabiy aloqalarini davrlashtirdi. Darvoqe, qadimgi Xitoy, Yunoniston va Rim mutafakkirlari Konfutsiy, Sokrat, Aflotun (Platon), Arastu (Aristotel), Sitseronning davlat va jamiyat munosabatiga oid ta’limoti o‘rta asrdagi islom falsafasi shakllanishi, rivojlanishiga turtki bergandi. “Sharq Uyg‘onishi ulug‘ allomalar, qomusiy bilim sohiblari, tafakkur va ijod pahlavonlarini maydonga keltirdi,–deydi N. Komilov.– Bu ulkan madaniyat umumbashariy tsivilizatsiyaga qo‘shilib, uning uzluksiz rivojiga omil bo‘ldi, turli aloqa vositalari orqali G‘arbga o‘tib, yangi Yevropa tafakkuri taraqqiyotiga ta’sir ko‘rgazdi. Yetti asr davomida arab xalifaligi qo‘l ostida turgan Ispaniyaning Qurdoba, Shiviliya, G‘ironada viloyatlarida Sharq ilm-ma’rifati keng qanot yoydi. Ispan qirollari arab tilini mukammal bilar, o‘z saroylarida arab shoir va olimlarini saqlar, barcha ispan ziyolilari arabcha ta’lim olib, sharqona urf-odat ruhida tarbiyalanar edilar”[1].

Ustozning ta’kidlashicha, Sharq ilm-fani va madaniyatining Yevropaga ko‘chishida tarjimaning roli, shubhasiz, buyuk bo‘lgan. Arab tilida yaratilgan ilmiy adabiyotlarni lotin tiliga ag‘darish XII asrlardan boshlab avj olgan. Keyinchalik bu adabiyotlarni ispan, frantsuz, kastil tillariga tarjima qilish kuchaygan, Toledo va Bolonya shaharlari o‘sha davr tarjimachiligining yirik markazlariga aylangan edi.

“Bu qadimiy san’at” (1988) kitobida ustoz ilmiy g‘oyalarini izchil davom ettiradi. Kitob XVIII — XX asr boshlarida Xorazm adabiy muhitining Shermuhammad Munis, Muhammadrizo Erniyozbek o‘g‘li Ogahiy, Bobojon Sanoiy, Komil Xorazmiy, Bayoniy kabi zabardast ijodkorlar amalga oshirgan yirik tarjima asarlari tadqiqiga bag‘ishlandi. Darhaqiqat, Xorazm tarjima maktabi xizmati shuki, ular Abulqosim Firdavsiy, Nizomiy Ganjaviy, Kaykovus, Shayx Sa’diy Sheroziy, Xoja Hofiz Sheroziy, Amir Xisrav Dehlaviy, Abdurahmon Jomiy, Husayn Voiz Koshifiy, Badriddin Hiloliy, Zayniddin Vosifiy singari buyuk zotlarning asarlarini ona tilimizga mohirona o‘girdilar.

Ustoz “Tasavvuf” ikki jildligini yozib, o‘zlariga haykal o‘rnatib ketdilar. Uning har bir sahifasi, jumlasi hikmat va ma’rifatga to‘liq. Tasavvufni yaxshi anglamasdan turib, milliy ma’naviyat tarixi, sharq falsafasi, adabiyoti va san’atini puxta egallab bo‘lmaydi. Islom tarixi bizda tassavvuf tarixi bilan birga olib qaralgandagina to‘g‘ri yoritilishi mumkin, deb hisoblaydi professor N. Komilov. Ahmad Yassaviy, Najmiddin Kubro, Bahovuddin Naqshband, Xoja Ahror Vali, Mahdumi A’zam kabi mashhur shayxlarimiz e’tiqod qo‘ygan, umrini bag‘ishlab rivojlantirgan ham tasavvufning o‘zginasi. Xalq ma’naviyatining o‘chmas xazinasi Yusuf Xos Hojib, Ahmad Yugnakiy, Xorazmiy, Sa’diy, Hofiz, Lutfiy, Atoyi, Jomiy, Navoiy, Mashrab, Ogahiy, Amiriy, Sayqaliy va yana o‘nlab ulug‘ shoirlar asarlarining bosh g‘oyalari, timsol va tamsillari tasavvuf negizida qurilganligini ustoz ko‘p tadiqiqotlarida sharhlab bergan. O‘shalarga suyanib, “tasavvuf, bu – Mutlaq ilohni tanish va sevish; avliyolar e’tiqodidan tug‘ilgan; pokiza axloq haqidagi ilmdir”, degan xulosaga keladi.

Ustozni kitobxonlar nozik didli mohir tarjimon sifatida ham yaxshi bilishar edi. Xususan, Farididdin Attorning “Ilohiynoma” (1994), Husayn Voiz Koshifiyning “Futuvvatnomai sultoniy yoxud javonmardlik tariqati” (1994), Shayx Aziziddin Nasafiyning “Zubdat ul-haqoyiq” (“Haqiqatlar qaymog‘i”–1996) kabi asarlarini ustakorlik bilan o‘zbekchalashtirdi. Noshirlik qilgan yillarimda ushbu tarjimalarning chop etilishida ishtirok etganimdan behad xursandman.

Hikoya qilishlaricha, Najmiddin Komilov Prezident devonida ishlagan davrda, davlat ishlarini bekami ko‘st olib borishda ma’naviyat va ma’rifatning o‘rni nechog‘lik zarurligiga ko‘p ahamiyat beradi. Suhbat va uchrashuvlar chog‘ida Navoiy, Bobur, Mirzo Ulug‘bek saltanat ishida ma’naviyat va ma’rifat ahli ahamiyatini isbotlashdan charchamaydi. 1994 yilda Ma’naviyat va ma’rifat markazini tashkil etish bo‘yicha tarixiy qaror e’lon qilindi. Yana ma’naviyat davlat siyosati darajasiga yetkazilib, unga hamma jabhada e’tibor kuchaydi. Viloyat va tumanlarda ma’naviyat masalalari bo‘yicha hokim o‘rinbosari lavozimi joriy qilindi. Mazkur sohaga aloqador ziyoli sinfining nufuzi bir necha barobar oshdi…

Najmiddin Komilovning ikkinchi xizmati shuki, davlat va jamiyat boshqaruvi tinglovchilari (hokimlar, vazirlar, vazirlik va idora rahbarlari va boshqalar)ga din mohiyati, ma’rifiy vazifasi, xususan tasavvuf dunyosi chuqur ma’nolarini chin ma’noda targ‘ib etishi bo‘ldi. Domla Prezident akademiyasida kafedra mudiri, birinchi prorektor lavozimida ishlaganida, minglab tinglovchilarga din tarixi, falsafasi, mamlakat qonun-farmonlari asl maqsadini shu darajada anglatdiki, muxlis shogirdlar viloyat va tumanlarga qaytib borganida, dinimizdagi adolatparvarlik, vatanparvarlik g‘oyalarini anglab yetib hurmat qiladigan, bu borada nima to‘g‘riyu nimasi xurofot ekanini tushunib yetadigan haqiqiy targ‘ibotchiga aylandi. Ko‘cha-ko‘yda kimlardir og‘zaki singdirgan dinni endi boshqa ohangda emas, balki millatni ma’rifiy-ruhiy tarbiyalab, yaxshilikka, komillikka yo‘llovchi bir vosita, o‘g‘il-qizlari ta’lim-tarbiyasidagi ijobiy omil sifatida qaraydigan bo‘ldilar.

Ustozning uchinchi xizmati – respublikamizda tasavvuf ilmiy maktabini yaratishga ulgurdi. Ma’lumki, inson ruhiy olamini osmon qadar yuksaklarga ko‘taruvchi bu komillik yo‘liga uzoq yillik piru muridlik mashaqqatlari evaziga erishiladi. Tasavvuf, bir tomondan, din va shariat, ikkinchi tomondan, falsafa va hikmat ilmi bilan bog‘liq holda rivojlanib kelgan o‘ziga xos ta’limotdir. Farqi shuki, insonning mutlaq haqiqat, mutlaq adolat va poklikka erishish istaklari tasavvufda to‘liq shakllanadi. Bu ehtiyoj, orzu kuchli zavq va ishtiyoqni, o‘zini unutish va behudlikka olib borgan Ishqni keltirib chiqaradi, albatta. Bir vaqtlar tasavufdagi o‘z-o‘zini takomillashtirish g‘oyasi, axloqiy yuksalish, ezgulik, xayr, himmat, mardlik haqidagi qarashlar butun musulmon olamiga keng tarqalib, katta ijtimoiy hodisaga aylangan edi. XXIasrga kelib, sharqshunos olim Najmiddin Komilov “Tasavvuf” nomli ikki jildlikat ulkan tadqiqotida Sharq falsafiy tafakkurida muhim o‘rin olgan, ma’naviyatimizni boyitgan axloqiy hikmatlarning ta’limotini yanada boyitdi, to‘ldirdi.

Ustozning to‘rtinchi xizmati – tasavvuf ilmidan boxabar, halol, iymonli, sadoqatli shogirdlarni tarbiyalab yetishtirdi. Hozirgi kunda o‘ziga o‘xshagan kamtarin shogirdlari oliy o‘quv dargohlarida, davlatning yuqori organlarida salohiyatli yo‘nalishlarda ishlab kelmoqdalar.

Najmiddin Komilov uzoqni ko‘ra oladigan alloma edi. Ustozning ijodida hazrat Alisher Navoiy ijodi alohida o‘rinni egallaydi. Sababi, ustoz zamonning haqgo‘y, xoksor ziyolisi sifatida Hazrat tilga olgan illatlarning bugungi kunda ham yashab kelayotganidan aziyat chekardi. “Nafs domiga tushgan odam bir xiyonat ketidan ikkinchisini qilaveradi. Aldash, yolg‘on so‘zlash, nayrang ishlatishni o‘zining “hunari”ga aylantiradi”,–deb yozgan edi “Xizr chashmasi” kitobida. O‘sha mashhur asarida insonga taalluqli fazilatlar birma-bir keltirib o‘tilgan.

Insonga berilgan eng ardoqli birinchi xislat – qanoat.Kishida qanoat bo‘lmasa, boriga shukr qilmasa, Alloh bergan rizqqa ko‘nmasa, u tama’gir bo‘ladi, boshqalar moliga ko‘z olaytiradi, natijada to‘g‘ri, halol yashashdan chekinadi. “Tama’ – bu qullik, chunki birovdan doim bir narsa kutib o‘tirgan odam o‘z nafsining quliga aylanadi, –deydi olim. – Qanoatli odam ilm va ma’rifat bilan shug‘ullana oladi, dunyo va oxiratni o‘ylaydi. Tama’gir, haris odamda ilm bilan shug‘ullanishga, ma’rifat egallashga vaqt yo‘q. U tunu kun oltin hirsida yashaydi. Yaratgan Parvardigori ham esiga tushmaydi, demak ma’naviy dunyosi ham qashshoq bo‘lib qalbi qotadi, toshbag‘ir mahluqqa aylanadi”.

Ikkinchi xislat saxovat bo‘lib, u o‘z joyida, g‘arib va benavo, beva-bechora, yetimlar, qarovsiz qolgan qariyalar, tolibi ilmlar, xullas faqiru haqir odamlarga qilinadi. Ammo saxiy odam kerilish va minnat uchun bu ishni ado etmaydi.

Ma’rifat – insondagi uchinchi zarur xislat hisoblanadi. Navoiy ta’kidicha, ma’rifat avvalo Iloh ma’rifati, lekin odamizod unga erishmog‘i uchun o‘zini chuqur o‘rganishi, bilishi lozim. Shu jihatdan olganda, hazrat Navoiy dostonlarining qahramonlari imon-e’tiqodi mustahkam, ilm-ma’rifati yetuk shaxslardir. Buyuk shoir kuyinib yozadiki, “olam aro qahri ilohiy” bo‘lgan, pastligidan “it bilan bir” desa bo‘ladigan johil kishilar mansab egasi, olimlar esa xoru zor. Ana shunday johillar elga hukmron, ilm-ma’rifat ahliga “rahnamolik qiladi” va aql o‘rgatadi…

Kitobning “Qalblarning sevgani” bobida o‘rta asrlardagi tasavvuf bilan bugungi badiiy adabiyot farqi yaxshi ochib berilgan. Bizga ayonki, tasavvuf tariqatining Markaziy Osiyoga yoyilishi X-XI asrlarda yashagan buyuk mutasavvuf Abu Yusuf Hamadoniy nomi bilan bog‘langan. Hamadoniy Buxoroga ko‘chib kelgach, yerli xalq vakillaridan yuzlab muridlarga tasavvufning ahkomlaridan ta’lim beradi. Keyinroq muridlari ichida to‘rt zabardast so‘fiy –Abdulloh Barqiy, Xoja Hasan Andoqiy, Xoja Ahmad Yassaviy, Xoja Abdulxoliq G‘ijduvoniy yetishib chiqadi. G‘ijduvoniy “xojagon” nomli irfoniy xususiyatga ega tariqatni taraqqiy etdiradi va Hamadoniy tortib kelgan “Silsilai sharif” – “Oltin zanjir” arab davlatlaridan o‘zbek diyoriga ko‘chadi.

Tasavvufning mag‘zida ilmi Haq–botin ilmi, qalb tafakkuri yotadi. Inson o‘z zakovatiga ishonib, Haqning yagonaligi va ulug‘ligi haqida tafakkur qiladi. So‘fiy shoirlar ijodining markazida ayni shu maqsadlar yotadi. Afsuski, biz mustamlakachilik yillarida adabiyot darsliklarida uni xalqimizdan yashirib kelgandik. Ustoz masalaning shu jihatiga e’tiborni qaratib, fandagi “bo‘shliq”ni to‘ldirishni o‘ziga maqsad qilib olgandi. Professor N. Komilov Robiya Adaviya, Mansur Xalloj, Ahmad Yassaviy, Alouddin Attor, Abdullo Ansoriy, Abusaid Abulxayr, Abdurahmon Jomiy, Umar Hayyom, Pahlavon Mahmud, Alisher Navoiy, Jaloliddin Rumiy, Mashrab, Mirzo Bedil singari tasavvufning yirik vakillari ijodini izchil o‘rganadi.

Sobiq ittifoq davrida din – af’yun, tasavvuf – reaktsion mistik oqim, deb unga qora tamg‘a bosilgan edi. Bundan ko‘zlangan pinhona maqsad – jamiyatda komil insonni emas, soxta, yolg‘on g‘oyalarga e’tiqod qo‘ygan avlodni shakllantirish, uning ustiga itoatkor tizimni qurish va odamlarni boshqarish bo‘lgandi. Afsuski, sovet davrida yashagan olimlar, jumladan Ye.E.Bertels ham Navoiy “Hamsa”si dostonlaridagi ilohiy muhabbat g‘oyasini inkor etadi. Olim ilohiy muhabbat bilan insoniy muhabbatni bir-biriga zid qo‘yib, shoir ko‘proq ikkinchisini kuylagan, degan xato fikrni bildiradi[2]. Rus olimi Ye. Bertelsdan farqli o‘laroq, N. Komilovning Sharq adabiyoti yirik namoyandalari ijodiga doir ilmiy talqinlarida boshqacha yondashuvlarga duch kelamiz. Birgina Navoiyning “Layli va Majnun” dostoni sharhini ko‘rib chiqaylik. Ruhi Mutlaq oshiq va ma’shuqa taniga kiradi, shunda Ruhlar o‘zaro tutashadi, deydi muallif. Ammo tong yorishganda, sevishganlar el nazaridan qo‘rqib, yana ajralishadi, negaki hali Ruhi Mutlaqqa yaqinlashuv bir-biriga singish va erib ketish degani emas… Layli O‘z egasi qoshiga kelgach, o‘limni quvonch bilan qarshi oladi, sababi ma’shuqasi – Iloh vasliga axiyri yetishdi. U foniy dunyoning kayf-safosi, lazzatlaridan qutulib, abadiy farog‘atga yetishgani tufayli baxtlidir. Laylining Iloh vasliga yetishganini bilgan Majnun yo‘lga tadorik ko‘radi. Ikkovi ham visol oni yaqinlashgani, sevgilisi (Iloh) bilan mangu qovushish imkoni yetib kelganidan xursand.

So‘fiy shoirning xulosasiga ko‘ra, har bir odam oshiqlik yo‘lini tutib, ishq tariqiga kirib, o‘zini o‘limga emas, balki vasl mayini ichishga tayyorlab bormog‘i darkor. Albatta, inson aqli va farosati Ilohni tasavvur etishga ojizligini bilgan Navoiy uni Layli timsolida bergan va maqsadiga erishgan! U g‘oyasini badiiy mahorat bilan obrazga singdira olganki, hatto ilohiy ma’shuqa bilan dunyoviy ma’shuqa o‘rtasidagi farqni sezmay qolasiz.

Ustozning ilmiy talqinlaridan eng mashhuri shoh va darveshga bag‘ishlangan, desak xato bo‘lmaydi. So‘fiy she’riyatida darveshlar zohiran aftodahol, janda kiyimda (hirqada) ko‘rinsa-da, lekin botinan ilm-ma’rifatli, hozirjavob va mard-hamiyatli kishilardir. Tasavvuf ahli nazdida shoh – qul, dunyo qulidir. “Chunki u mol-dunyoga hirs qo‘ygan odamlarning eng “peshqadami”, eng zo‘ri, uning fikri-yodi dunyoni egallash bilan band, – deb yozadi N. Komilov. – Shunday qilib, shoh dunyodan to‘ymaslik, zulmu zo‘ravonlik ramzi bo‘lsa, darvesh o‘z xususiyati bilan shohning butunlay teskarisi – saltanat, taxtu tojni inkor etish, unga nafrat timsolidir”[3]. Shularni tahlil qilarkan, xalqqa rahbar bo‘lish uchun boshni ilohiyot nuri va ma’rifat dunyosi bilan bezash lozim, degan xulosaga keladi muallif.

Najmiddin Komilov hokimiyat, toju taxt imkoniyati bilan ma’rifatu bilimning darajasini qiyoslab, mansabga xos ijobiy va salbiy qusurlarni sanab o‘tayotib, insondagi hokimiyatga hirs, dunyoparastlikni ochiq tanqid qiladi. “Har qanday podsho yaxshilarni himoyasiga olib, olimlardan doimo maslahat so‘rab, yomonlarni jilovlashi va jazolashi lozim”, deydi. Shu ma’noda Farididdin Attorning “Tazkiratul-avliyo”, Abdurahmon Jomiyning “Nafahotul-uns”, Alisher Navoiyning “Nasoyimul-muhabbat”, Sa’diy Sheroziyning “Guliston”, “Bo‘ston” asarlaridan pokdil darveshlarning hayot yo‘lini, nozik xislatlarini keltirib o‘tadi.

Professor N. Komilovning “Saddi Iskandariy” dostoniga oid ilmiy tadqiqoti ham o‘rganishga loyiq hodisa. Olimning ta’kidicha, shoirning bu asarida ota va bola, shoh va raiyat, shoh va a’yonlar, shoh va darvesh, ustoz va shogird, donishmandlik va amaliyot, taqdir va tadbir, inson va Xudo kabi axloqiy-falsafiy, ijtimoiy-siyosiy masalaga oid fikrlari davlat boshqaruvida qo‘l kelishi mumkin. Jumladan, Iskandar taqdirida jahongirlik yozilganini aytib, u bu maqomga faqat chuqur bilimi, ma’naviy-axloqiy kamoloti tufayli erishganligini ta’kidlaydi. Asarning foydali jihati shundaki, inson komillikka yetib, yuqori martaba-yu, maqomga erishganida manmanlikka berilmasligi, shon-shavkatga erishganida ham Xudo oldida o‘zini ojiz his etmog‘i darkor.

Dostondagi murakkab nuqtalarni tahlil qilgan muallif: “Shohlik uning uchun zo‘rlik va hukmronlik vositasi, mumtozlik belgisi emas, balki xalq va Haq oldidagi vazifa, burch edi”, degan xulosaga keladi.

Domla har galgi suhbatimizda:
O‘z vujudingga tafakkur aylagil,
Har ne istarsan, o‘zungdin istagil, –

degan tasavvufning qoidasini takrorlashni yaxshi ko‘rardilar. Inson faqat o‘ziga ishonib, maqsadlari sari intilishi zarur, boshqalarning ko‘magini kutishga zarurat qolmasligi kerak, derdilar.

Ustoz avlodlarga yozib qoldirgan kitoblardagi chiroyli uslub, g‘aroyib talqinlar, ajoyib fikrlar o‘quvchini hayratga solmay qo‘ymaydi. Bu kitoblar qalbimizga Alloh yaratgan ilmu hikmatni bilish, hayotda musaffo ruh, pok niyat bilan yashashga o‘rgatadi. O‘z navbatida, falsafa, siyosat, hikmat va tasavvuf ilmidan boxabar etadi. Ular bizni dunyoni qalb ko‘zi bilan ko‘rishga hozirlab boradi…

N. Komilov “Tasavvuf”, “Xizr chashmasi” kitoblarida tasavvufning mohiyatini ilmiy tadqiq qilib, bir vaqtlar chetga surib qo‘yilgan, man etilgan, o‘tmish bilan bugun o‘rtasida buzib tashlangan ko‘prikni tiklab ketdilar. Islom dini, naqshbandiylik tariqati va yo‘llaridan, falsafa, mantiq va badiiy adabiyotdan yaxshi xabardor Ustoz xalqimizga Iloh, shoh, darvesh, nafs, ma’rifat, qanoat, saxovat ma’nolarini anglatib, hayotda zohiriy (tashqi) amallarga, o‘tkinchi hoyu-havaslarga, nopok xatti-harakatlarga aslo ko‘ngil bog‘lamaslikka undadilar. O‘zlari ham poklik qoidalariga amal qilib yashadilar.

Davlat va jamiyatga ulkan xizmatlar qilganiga qaramay, Najmiddin Komilov kamtarona hayot kechirdi. Nufuzli dargohlarda xizmat qilgan yillarida ham yashash tarzi, so‘zi-yu ishi bir bo‘lgan Najmiddin aka halol mehnati, Alloh bergan rizqi bilan oilani boqish, odamlar bilan xushmuomala, kamsuqum gaplashish, kibru takabburlik ko‘chasidan uzoqda yurishga o‘rgatdi shogirdlarini. Qariyb qirq yil Sag‘bondagi Olcha torko‘chasida, tanga tushgulik hovlichada umrguzaronlik qildilar. O‘sha sokin, xotirjam muhitda zabardast asarlarini qoralashga ulgurdilar. Afsus, kasallik o‘z ishini qildi. Ajoyib olim va samimiy inson Najmiddin Komilov 2012 yilning 26 aprelida, 75 yoshlarida vafot etdilar.

Ayni damda, Ustoz “Chig‘atoy” qabristonida – buyuk olimlar, davlat, madaniyat va san’at arboblari qatorida mangu uyquda yotibdilar. Men Talabalar shaharchasi tomon ishga o‘tib ketayotganimda, bu ziyoratgohga kirar ekanman, o‘tkinchi dunyo bilan xayr-xo‘shlashib, boqiy dunyoga yo‘l olgan atoqli olim, xoksor inson Najmiddin Komilovning maslahatlarini uzoq yillar olib yurgan shogirdi ekanimdan cheksiz g‘ururlanaman. Ustoz bir she’rlarida yozganlaridek:

Oydin tunda oy mehmoning bo‘lganda,
Qo‘yning, ko‘ngling kumush nurga to‘lganda,
Eslab qolsang shunda meni mabodo,
Sekingina shivirlagin: qaydasiz?

Nigohingni sehrlasa keng samo,
Zuhra yulduz tuhfa etsa xush navo,
Qulog‘ingga chalinsa tanish sado,
Sekingina shivirlagin: qaydasiz?

Sado bo‘lib kirib boray xonangga,
O‘ltirayin oyga boqib yoningda.
Meni izlab talpinganing oningda,
Sekingina shivirlagin: qaydasiz?

Ustoz, siz doimo yodimizdasiz. Siz ilmdan quvvat olish, halol yashash, hayotda sabrli, irodali, adolatli bo‘lish, ezgu ishlarga bosh qo‘shishni o‘rgatdingiz. Sizga zamondosh bo‘lib umr kechirgan damlarimiz hayotimizning eng totli, eng fayzli kunlari bo‘lib qoladi. Daf’atan, nurli, beg‘ubor siymongizni ko‘z oldimizga keltirganimizda, ma’rifiy kitoblaringizni varaqlaganimizda, o‘zimizda ichki quvvat, toza nafas va ruhiy dalda olamiz.

____________________

[1]Komilov N. Tafakkur karvonlari. –T.: Ma’naviyat, 1999. – 57-bet.
[2]Bertels Ye.E. Izbrannыe trudы. Navai i Djami. –M.: 1965. – S.122.
[3]Komilov N. Xizr chashmasi. – T.: Ma’naviyat, 2005. –102-bet.

07

(Tashriflar: umumiy 546, bugungi 1)

Izoh qoldiring