Батыр Закиров: Неспетая песня. Музыкальный фильм (1987).

06726 апрел – Буюк Санъаткор Ботир Зокиров таваллуд топган куннинг 80 йиллиги

    Ботир Зокиров учун эса санъат қисмат эди. Бундай зотлар асрлар давомида бир келади. Ўша бир келганида инсониятнинг маданий тараққиётида ўз муҳрини босиб кетишга улгуради. Башарият тарихининг гувоҳлик беришича, бундай Инсонлар бу дунёга нима учун келганларини турфа тиканлару дўнгликлардан иборат қисқа умридаёқ исботлаб, инсониятга ўз қўшиғини қолдириб кетишаркан.

011

ЮРАГИНИ МЕРОС ҚОЛДИРГАН ИНСОН
Иқбол Қўшшаева

08

055 Ботир Зокиров!… Қиёси йўқ ва ҳеч қачон бўлинмайдиган, яхлит олам… Қанийди санъаткорнинг ҳақиқат рўпарасида қанчалик хоксор бўлса, жаҳолат қаршисида ўшанчалик мағрур қалбини тушунолсанг… Хаёлпараст «Кичкина шаҳзода»сининг орзуларини, дардларини ҳис қилган кўнгли ҳақида ўйлаб, унга ҳеч қачон хиёнат қилмаган, ҳар қандай оғир дақиқаларда ҳам уни тарк этмаган, ҳеч кимникига ўхшамаган юрагига қулоқ солгим келади.

Негаки, унинг бу Юраги менга ҳамиша баланд дор устида муаллақ турган дорбоз қисматини эслатади. Жамиятнинг минг бир пайконлари аввало шу юракда акс-садо бериб, ўз оғриқлари билан тирнаб ўтади.

Унинг қўшиқларини тинглаганда руҳиятимда ажиб бир ўзгаришларни ҳис қиламан. Гўёки, руҳ қанот қоқиб тор вужудни тарк этганча юксакларга парвоз этаётгандек бўлади. Беихтиёр ўзингни бошқа дунёда ҳис қиласан. Шундай лаҳзалардагина мен учун ҳаёт ўзининг бетидаги қалин чимматини кўтариб бор гўзаллигини намойиш этадигандек. Менимча, қиймаланиб кетган юраккина ҳақиқий санъаткорнинг қисматини англашга қодир. Назаримда, санъаткор ҳаёти заминга фақат гўзаллик излаб яшаш учун ҳайдалган буюк қул тақдирига ўхшайди. У бир умр гўзаллик рўпарасида тиз чўкиб «мана шу бахтни менга беринг» деб ялинаётган Инсон. Бу дамдан сархуш бўлган, бебаҳо лаҳзаларнинг гувоҳига айланган одам беихтиёр ўзини ўраб турган борлиқдан-да баланд бўлган бошқа бир олам — Улуғ Ҳақиқат борлигини эслайди. Ва чексиз азоб билан қўмсайди. Гўзаллик сари интилишдан туғилган туйғулар қалбни сўзсиз ибодатга келтириб, ўзлигингни англатгандагина Санъат аталмиш буюк эзгулик Инсон қавмига тушунарли бўлади.

Чунки «Чўли ироқ» куйи, Бетховен мусиқалари, Жо Дассен ёки Ботир Зокиров қўшиқларини ўзбек, франтсуз ёки немис бўлиб эшитмайсан. Санъаткор юрагидаги дардларидан томчи-томчи сиқиб асарларига қўшаркан, уларни умуминсоният дардига айлантиради. Унинг ноласи дунёнинг етти бурчагига акс-садо берганлиги учун ҳам, асрлар давомида одамзот Санъаткор қиёфасида ўзининг биродарини, қисматдошини кўриб келади. Табиийки бу жараёнда, миллат деган азалий тушунча ҳам Санъат — Гўзалликнинг қудрати олдида ўз-ўзидан чекинади. Бунда тил халқлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамаганидек, қалблар учун ҳам тўсиқ бўла олмайди. Бу оҳанглар таъсирида олам билан мутлақо алоқаси бўлмаган оламдан-да баландроқ бўлган ажиб ҳис-ҳайратнинг асирига айланасан.

Ҳайрат — самимиятнинг, ҳис-ҳаяжоннинг энг олий нуқтага кўтарилиши. Таъбир жоиз бўлса, гўзаллик билан гўзалликнинг висоли, туйғулар, изтироблар уйғунлиги. Ҳайрат туфайлигина «инсон ўзининг бир вақтлар нақадар юксакликдан қулаганини», ўша илк «машъум гуноҳ» ҳамиша таъқиб этиб келаётганини, аслида ўзининг само фарзанди эканлигини идрок этади.

Гоҳида бирор-бир шеър ёки қўшиқ тинглаганимизда ҳаммаси жойидадек, сўзлар, мусиқа, овоз, тажриба бор, лекин нимадир етишмайди. У сизнинг юрагингизга етиб келмайди. Руҳ жойидан «қилт» этмайди. Нари борса, ўша лаҳзада шунчаки, завқланарсан. Ҳайратдан, эҳтиросдан асар ҳам йўқ. Юрак сезилмайди. У тарк этиб кетган. Нега бундай? Ҳайрат йиллар давомида ўрганиладиган ёки ўзлаштириладиган нарса эмас, аксинча у, лоқайд лаҳзалар эвазига бой берилиши мумкин. Ахир бола қалбининг ўзи олам-олам ҳис-ҳаяжон-ку! У қачон одамни тарк этади? Қачонки юрагингга қарши борганингда. Бир неча бор юрагимизга қарши бориш натижасида у биздан воз кечади. Фаровон турмуш илинжида, даврнинг табиатимизга, аслимизга ёт бўлган талаблари билан муроса қилмоқчи бўламиз, шунда юрак биздан қандай юз ўгирганини билмай қоламиз. Бундан кўпроқ оламнинг таянчига айланаёзган қадриятлар озор чекади. Хиёнатлар аввалида, яъни илдизида инсоннинг ўз-ўзига, юрагига хиёнати ётади.

Кимлардир баланд туйғулар, орзулар билан санъат оламига кириб келади… Лекин ўз ўрнини топиш мақсадида худо берган истеъдодни суиистеъмол қила бошлайди. Мана шу ердан уларнинг бахтсизлиги бошланади. Чунки барча саъй-ҳаракатлар кимларнингдир назарига тушишга қаратилади. «Шундан ўтиб олсам бўлди, яна ҳаммаси илгаригидек ўз ўрнига тушиб кетади. Бундан осмон узилиб ерга тушмайди. Ҳар ким ўзи учун курашиши керак-ку, ахир». Фожиа шундаки, улар руҳни бир муддатга ўлдириб бўлса-да, шамолларга дош беролмайдиган жамиятдаги ялтироқ мавқеини тикламоқчи бўлишади, афсуски, руҳ фақат бир муддатгагина тарк этишга ожиз… Ҳар қандай маҳорат ҳам ҳувиллаб ётган бу бўшлиқнинг ўрнини тўлдира олмайди.

Бошқаларни эса тантиқ хоҳишлар бошқараркан. Бундайлар асосан саҳнани намойиш майдони деб билишади. Бора-бора намойиш майдонидан кураш майдонига айлантиришади. Бу жараёнда одамлар табиати мажруҳланади. Улар одамзот туйғуларини тутдай тўкканларидек, йиллар шамоли ҳам уларнинг ҳаммасини ер юзидан супуриб ташлайди. Бундайлар учун санъат лаҳзалик кайфият, кўнгилхушлик холос. Мавлоно Румийнинг «Мусиқа хотин кишига ўхшайди. Уни чўри деб истифода этаркансан, ўзингда инсонни ухлатиб, ҳайвонни уйғотасан» деган ҳикмати айнан шуларга тегишлидек.

Мана шу улуғ ҳақиқатни унутмаган бизнинг санъаткоримиз Ботир Зокиров учун эса санъат қисмат эди. Бундай зотлар асрлар давомида бир келади. Ўша бир келганида инсониятнинг маданий тараққиётида ўз муҳрини босиб кетишга улгуради. Афсуски, бу борлиқ кўпроқ уларнинг изтиробларидан, кўз ёшларидан озиқланаркан, ютаркан. Ботир Зокировни бедаво дард болалик дунёси ҳали тарк этиб улгурмаган палладан умрининг охиригача, яъни ўттиз беш йил таъқиб этди. Бутун умр оғриқларни енгиб куйлагани унинг муҳиблари учун сир эмас. Нафақат танадаги санчиқлар, балки жамият жароҳатлари ва одамларнинг дидсизлиги ҳам уни қийнар, булардан ўзини ёлғиз ҳис этар, лекин бу ҳолатларнинг бари, кўзлар қоронғуликдагина ўткирлашганидек, унинг шуурини янада ёритарди. Шулар ҳақида ўйларканман беихтиёр дунёни қутқаришни гўзалликка юклаган Достоевскийнинг «Кенг фикрли, қалби теран одамлар учун азоб ва дард чекиш шарт доимо. Менимча, чинакам буюк одамлар ёруғ дунёга келиб улуғ бир азоб туйсалар ажабмас», деб ёзган ҳақиқати ёдимга тушади. Балки ўзи ҳамиша азоб билан айтган, қатлга олиб кетилаётган ошиқнинг сўнгги видоси — «Маробебус» («Видо бўсаси») ёки ҳижрон қўшиғи «Эй, сарбон»ни тинглаётганлар орасидан маъносиз, ҳиссиз нигоҳларни кўриб қолишдан чўчиб, саҳнадан пастга қарашга юраги дов бермай яшаганининг сабаби шундандир. Наинки санъат балки умри давомида жоҳиллик билан тўқнашиб яшаш ҳам унинг заминдаги ёзуғига айланган экан. Миллат маданиятини жаҳонга танитиш мақсадида не-не машаққатлар, йўқотишлар эвазига ташкил қилган, ўзга юртларда қадрланиб, ўз юртида етарлича қадр топмаган, санъаткор орзуларининг инъикоси «Мюзик холл»нинг тарқалиб кетиши унинг учун тақдирнинг яна бир шафқатсиз синови эди. Мамлакат жиловини қўлида тутган нуфузлардан бирининг бебош нафси санъаткор орзуларининг саробга айланишига сабаб бўлади.

044…Ботир Зокиров шунинг учун ҳам ҳеч қачон бўлинмайдиган, қиёси йўқ бус-бутун оламки, санъаткор сифатидаги мавқеини деб, инсонлик аъмолидан, ўзлигидан, эътиқодидан воз кечолмасди. Бадиий раҳбар сифатида у учун гуруҳидаги аёллар шунчаки ижрочи эмас, ўз тақдирига эга шахс бўлганлиги учун ҳам ишдаги умумий манфаатларни деб уларнинг туйғуларини эрмак қилишларига бефарқ қарай олмас эди. Айнан мана шу жараёнда яёв юрганидан товонлари шилиниб кетган ШАХСнинг тоғдек ғурури билан от устида турган, кўзларини шира босган ўткинчи кимсанинг очкўз майли тўқнашади. Бунақа бемаъни тўқнашувлар уни шахс сифатида ҳарқанча тобламасин, у оддий инсон сифатида кўп азоб чекар, толиқиб кетган шикаста вужуднинг дош бериши эса ҳамиша қийин кечарди… Ўзининг аҳмоқона «мен»идан бир бармоқ бўлса-да кўтарила олмайдиган нуфузлар Санъаткор туйғуларини ҳазм қила олмаса-да уларнинг хоҳиши учун у ўзининг бебаҳо Юрагига оёқ босолмасди.

Давомини мақола саҳифасида ўқинг

09

(Tashriflar: umumiy 467, bugungi 1)

Izoh qoldiring