Halima Ahmad. Ilohiy bir ovoz kelar samodan

09Зулфия опа хонадонига кириб келганимизда жуда кўп шоиралар суҳбат қуриб ўтиришарди. Улар орасида Зулфия опа иссиқ юлдузи ва маъсум табассуми билан ажралиб турарди. Опа мен билан кўришиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар. Қайсидир бир шеъримдан тўрт қатор айтдилар. Ўша пайтда кўнглим осмон билан қовушди. Ва негадир синфимиз хонасидаги Зулфия опанинг суратини, адабиёт дарсини ва шеър тинглашга келган қалдирғочларни эсладим.

009
ИЛОҲИЙ БИР ОВОЗ КЕЛАР САМОДАН
Ҳалима Аҳмад
09

Эрта баҳор қуёши ҳовлимиз деворини пайпаслайди. Қуёш пайпаслаган девор ёнида офтобрўяда қадим пўстагини остига ташлаб, қуёш нурларини мириқиб “ичаётган” бобом сархуш чайқалади.

Кўзларини юмганча онда-сонда ниманидир хиргойи қилади.

Мен эса ҳовлимиз олдидаги катта ҳовуздан челаклаб сув ташийман. Бугун якшанба. Онам кир ювади. Ўчоққа қўйилган баҳайбат қозоннинг тезроқ тўлишини истаб, челаклаб сув ташийман.

Бирдан эсимга тушади. Эртага мактабимизга комиссия келади. Адабиёт дарсини текширади. Адабиёт муаллимимиз шоира Зулфиянинг иккита узун шеърини ёдлаб, ҳаёти ва ижодини ўқиб келишимизни тайинлаган.

Қозонни тўлдираману челак дастаси эзиб юборган бармоқларимни ишқалаганча дарсхонамга югураман. Сумкамдан шоша-пиша адабиёт китобимни оламан. Аввал уни энтикиб ҳидлайман. Адабиёт китобининг қандайдир ширин ҳиди бор. Уни варақлайман. Шоира Зулфияни топаман. Ичимда ўқий бошлайман:

“Зулфия (Исроилова) 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида туғилган…”

Яна хаёлга бериламан: Тошкент қанақа шаҳар экан? Жуда ҳам чиройли бўлса керак. Қанийди ҳозир ўша шаҳарда бўлиб қолсам… Бобомнинг: “Ҳалима, сигирнинг “мў” лашини эшитмаяпсанми, чанқаганга ўхшайди, югур ҳовуздан сув олиб кел!”, деган буйруқона овози мени ширин хаёллар ичидан олиб чиқади. Бобомга аччиқ қиламан:

– Нима, бу уйда мендан бошқа ҳеч ким йўқми, эртага мактабимизга комиссия келади. Зулфияни ўрганиб боришим керак.

Бобом сергак тортади:

– Қайси Зулфияни?

Донишманд бобомни мот қилгим келади:

– Шоира Зулфияни-да, нима, адабиётда яна бошқа Зулфия борми?

Бобом ширин жилмаяди:

– Шундай демайсанми? Мен бу шоирани кўрганман, жуда хушфеъл, хушсурат аёл.

Ҳаяжонланиб кетаман:

– Қаерда кўргансиз, бобо?

– Бухорода бўлган бир анжуманда.

– Шеърларини ҳам эшитганмисиз?

– Эшитганман…

Бобом шу дамда кўзимга жуда катта одам бўлиб кўринади. Фахрланиб кетаман. Ва югуриб бориб, ҳовуздан сув олиб келиб, сигирнинг челагига қуяман. Сигир сувни симириб ичиб, яна кўзимга мўлтираб боқади. Демак, ҳали қонмабди. Хуллас, у қонгунча ҳовузга қатнайман. Сўнг яна адабиёт китобига шўнғийман. Шоиранинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларни обдон ўргангач, унинг иккита узун шеърини ёдлашга киришаман:

Она қалби оёққа турса,
Ўғлим, сира бўлмайди уруш!

Биринчи шеърни ёдлаб бўлгач, унинг таъсирида яна хаёлга толаман.

Онам эса мени:

– Ҳалима, ҳамма челаклар бўш ётибди. Қизим, овқат қилишим керак, тезроқ бўл…

Мен яна яқин дугонамга айланган ҳовузга қараб чопаман.

Хаёлимда Зулфиянинг иккинчи шеъри:

Гўзал тупроқ узра ёйилди оқшом…

Баланд овозда шеърни ёддан ўқийман. Челакда чайқалиб бораётган сувлар мен билан биргаликда бу шеърни ёд ола бошлайди.

Ҳарчанд уринмайин, охиригача ўрганолмайман. Тунда китобдан бош кўтармай ўтирганимни кўрган Онамнинг менга раҳми келади:

– Ухла, қизим, эрта тонгда уйғотаман. Ўшанда шеърингни бирпасда ёдлаб оласан.

– Хўп, – дейман-у равоқда турган дадамнинг қўл чироғини сездирмай олиб, кўрпанинг остида қўл чироқ билан яна ўқий бошлайман.

Онам сўзида туриб, мени эрта тонгда уйғотади. Шоша-пиша юз-қўлимни ювиб, қийғос гуллаган бодом дарахтининг остига бораман. Ва баланд овозда шеърни такрорлайман. Битта-битта тўкилаётган бодом гуллари овозимни олқишлайди.

Бир пайт қўшнимизнинг келини боғимиз деворидан мўралаб, шарақлаб кулади:

– Ҳа, Ҳалима, тушингни сувга айтаяпсанми?

Шеър завқини бузгани учун уни ёмон кўриб кетаман… Ва яна эътибор билан ёдлашда давом этаман:

Буюк мушоира этади давом,
Дўстим, кел сен ҳам…

Охирги марта такрорлаб, уни ёд олганимга ишонч ҳосил қилгач, уйга кириб, апил-тапил нонуштага ўтираман. Сўнг орзиқиб, ажиб орзуларга тўлган юрагимни кафтимга олиб, мактаб томон шошаман.

Мактаб уйимиздан анча олисда жойлашган. Кичик жонимга қамалган ҳислар йўл бўйи потирлайди. Турли-туман дарвозалар қўлини соябон қилиб менга қарайди. Гуллашга киришган ўрик дарахтлари шоира Зулфияни мендан олдин танишини писанда қилгандек мағрур тикилади.

Ва ниҳоят адабиёт хонаси саналган синфимга кириб келаман.

Негадир бугун барча синфдошларим жиддий тортишган. Уларнинг дилидаги ҳаяжонни сезаман. Биринчи дарс – кимёнинг тезроқ ўтишини истайман. Синф хонамизга қатор қилиб осиб қўйилган шоиру ёзувчилар сурати ичидан гўзал шоир Ҳамид Олимжоннинг ёнидаги шоира Зулфиянинг расмига узоқ термуламан. У бир қўлини иягига тираб, жилмайганча менга боқади. У билан хаёлан суҳбат қураман:

– Шоира бўлмоқчиман, шоира бўлиш қийинми?
– Астойдил интилсанг, ниятингга етасан.
– Тошкентни жуда-жуда кўргим келади.
– Ҳали кўрасан. Тошкент чиройли шаҳар.
– Қандай қилиб катта шоира бўлгансиз?
– Шоир бўлиш учун машаққатдан қўрқмаслик керак. Энг аввало, руҳинг бақувват бўлсин!
– Руҳ нима ўзи?..

Кимё муаллимининг мушти партам устига гурсиллаб тушади. Чўчиб тушаман. У менга қараб:

– Руҳ нималигини сендан сўраяпман? Қани, доскага чик, руҳнинг хоссалари ҳақида гапириб бер!

Шунда хаёл ичидаги суҳбат тилимга кўчганини англайман. Доскага чиқиб, билганимча сайрайман. Биринчи партада ўтирадиган синфдошим Мусо кафтига руҳнинг формуласини ёзиб, устозга сездирмай менга кўрсатади.

Иккинчи соат – адабиёт дарси.

Синфдошларим қисқа танаффус пайтида ёд олган шеърларини қироат билан бир-бирларига айтишади. Бутун синф хонаси шоира Зулфия шеърларига тўлади.

Ва ниҳоят синф журналини кўтариб адабиёт муаллимаси, унинг ортидан тўрт-беш нафар аёл ва эркаклар кириб келишади. Улар охирги қатордаги парталарга ўтиришади. “Комиссия” дегани мана шулар бўлса керак. Синф хонаси сув қуйгандек сокин тортади. Онда-сонда синфдошларимнинг ҳаяжонли нафаслари эшитилади, холос.

Муаллима мендан кўп нарса сўрайди. Бурро-бурро жавоб бераман. Сўнг эса бирин-кетин икки шеърни ёддан ўқий бошлайман. Шу пайт синфнинг очиқ деразасидан икки қалдирғоч адашиб учиб кириб келади. Болалик билан хайрлашишни истамаётган синфдошларим комиссиянинг борлигини ҳам унутиб, қий-чув кўтаришади. Муаллимамиз уларни тинчлантириб, жилмаяди:

– Қаранглар, ўқувчилар, шоира Зулфиянинг шеърларини қалдирғочлар ҳам яхши кўришар экан.

Мен эса шеър ўқишда давом этаман. Ўша куни адабиёт дарсимиз роса зўр ўтди. Шоира Зулфиянинг синф хонасидаги сурати ҳам буни диққат билан кузатганини сездим. Комиссия ҳам кўнгли тўлиб, хурсанд бўлиб кетди.

Мен шоира Зулфия билан илк бор мана шундай танишган эдим.

Орадан йиллар ўтди. Адабиёт ва шеър сеҳри мени бутунлай асир этиб бораверди. Орзу қилган шаҳрим – Тошкентга ҳам келдим. Ва ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетига ўқишга кирдим. Талабалик чоғларимда шоира Зулфияни кўргим, у билан суҳбатлашгим келарди. Бироқ бу истагим қуруқлик ичида балиқча юлдузни орзу қилишидек туюларди ўзимга.

Ўқишни тугатгач, вилоят газетасида икки йилга яқин ишладим. Шу давр мобайнида шеърларим матбуотда кўп бор чоп этилди. Тақдир тақозоси билан яна Тошкентга қайтдим. Шаҳар кўчаларидан ўзимни излаб юрган кунларимнинг бирида шоира Муҳтарама Улуғова йўлимдан чиқиб:

– Сизни Зулфия опа сўроқлаяптилар, – деди.

Ҳу-ув ўша истагим катталашди. Муҳтарама опанинг ортидан бораяпману дилимдаги ҳаяжоннинг тўлқини кўзимга келади.

001Зулфия опа хонадонига кириб келганимизда жуда кўп шоиралар суҳбат қуриб ўтиришарди. Улар орасида Зулфия опа иссиқ юлдузи ва маъсум табассуми билан ажралиб турарди. Опа мен билан кўришиб, пешонамдан ўпиб қўйдилар. Қайсидир бир шеъримдан тўрт қатор айтдилар. Ўша пайтда кўнглим осмон билан қовушди. Ва негадир синфимиз хонасидаги Зулфия опанинг суратини, адабиёт дарсини ва шеър тинглашга келган қалдирғочларни эсладим. Опанинг меҳр тўла нигоҳи, маъсум табассуми ҳануз ўзгармаганди. Йиллар тўфонида бундай тозаликни қандай асради экан, деган хаёл кечди дилимдан. Ҳаётдаги Зулфия опа билан танишувим жуда ширин кечди. Шоиранинг ўша ҳолатини қандайдир илоҳий қўл юрагим деворига чизиб қўйди. Умримнинг ёмғирли, қорли, изғиринли кунлари ўша суратга боқиб таскин топаман, исинаман.

Ўшанда Зулфия опа мен билан хайрлаша туриб, уй телефони рақамини бердилар. Баъзан тортиниб-тортиниб телефон қилардим. Гоҳида юрагим талпиниб турса-да, безовта қилгим келмасди…

Бугун эса…
Қўнғироқ қиламан олис самога,
Юлдузлар энтикиб жилмайган маҳал.
Соғинчни хиргойи қилган жон билан
Кимнидир қўмсайман, бўламан маҳтал.

Ҳаёт китобини варақлайди шеър
Ва тонг қадамини кўчирар дилга.
Кўкнинг нафасида, ой туйғусида –
Юрагим айланар ичиккан гулга.

Афсоналар қайтар хаёл юртидан,
Фасллар қаъридан сизилар вола.
Ҳар баҳор Зулфия опага ўхшаб,
Жуда ҳам чиройли кулади лола.

Соғинчнинг кафтига тўкилар кўнглим,
Ўрикнинг қирмизи гуллари мисол.
Боғлар димоғига ҳидлатиб кетар,
Шоиранинг хушбўй ёдини шамол.

Сезаман, шу чоғда олти томондан
Меҳрми, сеҳрми, недир елаяпти.
Хархаша қилади инжиқ юрагим:
Зулфия опани кўргим келаяпти…

Илоҳий бир овоз келар самодан:
– Ватанга боқ, – дейди, – соғинсанг уни.
Ва қуёшга кўрсат томоша қилсин,
Юрак деворингни ҳар куни.

Зулфия жилмайиб боқар самодан,
Мен ўзбекман деган ҳар битта жонга.
Меҳру оқибати, кўрки билан ҳам
У жуда ўхшарди Ўзбекистонга.

09Zulfiya opa xonadoniga kirib kelganimizda juda ko‘p shoiralar suhbat qurib o‘tirishardi. Ular orasida Zulfiya opa issiq yulduzi va ma’sum tabassumi bilan ajralib turardi. Opa men bilan ko‘rishib, peshonamdan o‘pib qo‘ydilar. Qaysidir bir she’rimdan to‘rt qator aytdilar. O‘sha paytda ko‘nglim osmon bilan qovushdi. Va negadir sinfimiz xonasidagi Zulfiya opaning suratini, adabiyot darsini va she’r tinglashga kelgan qaldirg‘ochlarni esladim.

ILOHIY BIR OVOZ KELAR SAMODAN
Halima Ahmad
09

Erta bahor quyoshi hovlimiz devorini paypaslaydi. Quyosh paypaslagan devor yonida oftobro’yada qadim po’stagini ostiga tashlab, quyosh nurlarini miriqib “ichayotgan” bobom sarxush chayqaladi.

Ko’zlarini yumgancha onda-sonda nimanidir xirgoyi qiladi.

Men esa hovlimiz oldidagi katta hovuzdan chelaklab suv tashiyman. Bugun yakshanba. Onam kir yuvadi. O’choqqa qo’yilgan bahaybat qozonning tezroq to’lishini istab, chelaklab suv tashiyman.

Birdan esimga tushadi. Ertaga maktabimizga komissiya keladi. Adabiyot darsini tekshiradi. Adabiyot muallimimiz shoira Zulfiyaning ikkita uzun she’rini yodlab, hayoti va ijodini o’qib kelishimizni tayinlagan.

Qozonni to’ldiramanu chelak dastasi ezib yuborgan barmoqlarimni ishqalagancha darsxonamga yuguraman. Sumkamdan shosha-pisha adabiyot kitobimni olaman. Avval uni entikib hidlayman. Adabiyot kitobining qandaydir shirin hidi bor. Uni varaqlayman. Shoira Zulfiyani topaman. Ichimda o’qiy boshlayman:

“Zulfiya (Isroilova) 1915 yil 1 martda Toshkent shahrida tug’ilgan…”

Yana xayolga berilaman: Toshkent qanaqa shahar ekan? Juda ham chiroyli bo’lsa kerak. Qaniydi hozir o’sha shaharda bo’lib qolsam… Bobomning: “Halima, sigirning “mo’” lashini eshitmayapsanmi, chanqaganga o’xshaydi, yugur hovuzdan suv olib kel!”, degan buyruqona ovozi meni shirin xayollar ichidan olib chiqadi. Bobomga achchiq qilaman:

– Nima, bu uyda mendan boshqa hech kim yo’qmi, ertaga maktabimizga komissiya keladi. Zulfiyani o’rganib
borishim kerak.

Bobom sergak tortadi:

– Qaysi Zulfiyani?

Donishmand bobomni mot qilgim keladi:

– Shoira Zulfiyani-da, nima, adabiyotda yana boshqa Zulfiya bormi?

Bobom shirin jilmayadi:

– Shunday demaysanmi? Men bu shoirani ko’rganman, juda xushfe’l, xushsurat ayol.

Hayajonlanib ketaman:

– Qaerda ko’rgansiz, bobo?

– Buxoroda bo’lgan bir anjumanda.

– She’rlarini ham eshitganmisiz?

– Eshitganman…

Bobom shu damda ko’zimga juda katta odam bo’lib ko’rinadi. Faxrlanib ketaman. Va yugurib borib, hovuzdan suv olib kelib, sigirning chelagiga quyaman. Sigir suvni simirib ichib, yana ko’zimga mo’ltirab boqadi. Demak, hali qonmabdi. Xullas, u qonguncha hovuzga qatnayman. So’ng yana adabiyot kitobiga sho’ng’iyman. Shoiraning hayoti va ijodi haqidagi ma’lumotlarni obdon o’rgangach, uning ikkita uzun she’rini yodlashga kirishaman:

Ona qalbi oyoqqa tursa,
O’g’lim, sira bo’lmaydi urush!

Birinchi she’rni yodlab bo’lgach, uning ta’sirida yana xayolga tolaman.

Onam esa meni:

– Halima, hamma chelaklar bo’sh yotibdi. Qizim, ovqat qilishim kerak, tezroq bo’l…

Men yana yaqin dugonamga aylangan hovuzga qarab chopaman.

Xayolimda Zulfiyaning ikkinchi she’ri:

Go’zal tuproq uzra yoyildi oqshom…

Baland ovozda she’rni yoddan o’qiyman. Chelakda chayqalib borayotgan suvlar men bilan birgalikda bu she’rni yod ola boshlaydi.

Harchand urinmayin, oxirigacha o’rganolmayman. Tunda kitobdan bosh ko’tarmay o’tirganimni ko’rgan Onamning menga rahmi keladi:

– Uxla, qizim, erta tongda uyg’otaman. O’shanda she’ringni birpasda yodlab olasan.

– Xo’p, – deyman-u ravoqda turgan dadamning qo’l chirog’ini sezdirmay olib, ko’rpaning ostida qo’l chiroq bilan yana o’qiy boshlayman.

Onam so’zida turib, meni erta tongda uyg’otadi. Shosha-pisha yuz-qo’limni yuvib, qiyg’os gullagan bodom daraxtining ostiga boraman. Va baland ovozda she’rni takrorlayman. Bitta-bitta to’kilayotgan bodom gullari ovozimni olqishlaydi.

Bir payt qo’shnimizning kelini bog’imiz devoridan mo’ralab, sharaqlab kuladi:

– Ha, Halima, tushingni suvga aytayapsanmi?

She’r zavqini buzgani uchun uni yomon ko’rib ketaman… Va yana e’tibor bilan yodlashda davom etaman:

Buyuk mushoira etadi davom,
Do’stim, kel sen ham…

Oxirgi marta takrorlab, uni yod olganimga ishonch hosil qilgach, uyga kirib, apil-tapil nonushtaga o’tiraman. So’ng orziqib, ajib orzularga to’lgan yuragimni kaftimga olib, maktab tomon shoshaman.

Maktab uyimizdan ancha olisda joylashgan. Kichik jonimga qamalgan hislar yo’l bo’yi potirlaydi. Turli-tuman darvozalar qo’lini soyabon qilib menga qaraydi. Gullashga kirishgan o’rik daraxtlari shoira Zulfiyani mendan oldin tanishini pisanda qilgandek mag’rur tikiladi.

Va nihoyat adabiyot xonasi sanalgan sinfimga kirib kelaman.

04Negadir bugun barcha sinfdoshlarim jiddiy tortishgan. Ularning dilidagi hayajonni sezaman. Birinchi dars – kimyoning tezroq o’tishini istayman. Sinf xonamizga qator qilib osib qo’yilgan shoiru yozuvchilar surati ichidan go’zal shoir Hamid Olimjonning yonidagi shoira Zulfiyaning rasmiga uzoq termulaman. U bir qo’lini iyagiga tirab, jilmaygancha menga boqadi. U bilan xayolan suhbat quraman:

– Shoira bo’lmoqchiman, shoira bo’lish qiyinmi?
– Astoydil intilsang, niyatingga yetasan.
– Toshkentni juda-juda ko’rgim keladi.
– Hali ko’rasan. Toshkent chiroyli shahar.
– Qanday qilib katta shoira bo’lgansiz?
– Shoir bo’lish uchun mashaqqatdan qo’rqmaslik kerak. Eng avvalo, ruhing baquvvat bo’lsin!
– Ruh nima o’zi?..

Kimyo muallimining mushti partam ustiga gursillab tushadi. Cho’chib tushaman. U menga qarab:

– Ruh nimaligini sendan so’rayapman? Qani, doskaga chik, ruhning xossalari haqida gapirib ber!

Shunda xayol ichidagi suhbat tilimga ko’chganini anglayman. Doskaga chiqib, bilganimcha sayrayman. Birinchi partada o’tiradigan sinfdoshim Muso kaftiga ruhning formulasini yozib, ustozga sezdirmay menga ko’rsatadi.

Ikkinchi soat – adabiyot darsi.

Sinfdoshlarim qisqa tanaffus paytida yod olgan she’rlarini qiroat bilan bir-birlariga aytishadi. Butun sinf xonasi shoira Zulfiya she’rlariga to’ladi.

Va nihoyat sinf jurnalini ko’tarib adabiyot muallimasi, uning ortidan to’rt-besh nafar ayol va erkaklar kirib kelishadi. Ular oxirgi qatordagi partalarga o’tirishadi. “Komissiya” degani mana shular bo’lsa kerak. Sinf xonasi suv quygandek sokin tortadi. Onda-sonda sinfdoshlarimning hayajonli nafaslari eshitiladi, xolos.

Muallima mendan ko’p narsa so’raydi. Burro-burro javob beraman. So’ng esa birin-ketin ikki she’rni yoddan o’qiy boshlayman. Shu payt sinfning ochiq derazasidan ikki qaldirg’och adashib uchib kirib keladi. Bolalik bilan xayrlashishni istamayotgan sinfdoshlarim komissiyaning borligini ham unutib, qiy-chuv ko’tarishadi. Muallimamiz ularni tinchlantirib, jilmayadi:

– Qaranglar, o’quvchilar, shoira Zulfiyaning she’rlarini qaldirg’ochlar ham yaxshi ko’rishar ekan.

Men esa she’r o’qishda davom etaman. O’sha kuni adabiyot darsimiz rosa zo’r o’tdi. Shoira Zulfiyaning sinf xonasidagi surati ham buni diqqat bilan kuzatganini sezdim. Komissiya ham ko’ngli to’lib, xursand bo’lib ketdi.

Men shoira Zulfiya bilan ilk bor mana shunday tanishgan edim.

Oradan yillar o’tdi. Adabiyot va she’r sehri meni butunlay asir etib boraverdi. Orzu qilgan shahrim
– Toshkentga ham keldim. Va hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti filologiya fakul`tetiga o’qishga kirdim. Talabalik chog’larimda shoira Zulfiyani ko’rgim, u bilan suhbatlashgim kelardi. Biroq bu istagim quruqlik ichida baliqcha yulduzni orzu qilishidek tuyulardi o’zimga.

O’qishni tugatgach, viloyat gazetasida ikki yilga yaqin ishladim. Shu davr mobaynida she’rlarim matbuotda ko’p bor chop etildi. Taqdir taqozosi bilan yana Toshkentga qaytdim. Shahar ko’chalaridan o’zimni izlab yurgan kunlarimning birida shoira Muhtarama Ulug’ova yo’limdan chiqib:

– Sizni Zulfiya opa so’roqlayaptilar, – dedi.

Hu-uv o’sha istagim kattalashdi. Muhtarama opaning ortidan borayapmanu dilimdagi hayajonning to’lqini ko’zimga keladi.

Zulfiya opa xonadoniga kirib kelganimizda juda ko’p shoiralar suhbat qurib o’tirishardi. Ular orasida Zulfiya opa issiq yulduzi va ma’sum tabassumi bilan ajralib turardi. Opa men bilan ko’rishib, peshonamdan o’pib qo’ydilar. Qaysidir bir she’rimdan to’rt qator aytdilar. O’sha paytda ko’nglim osmon bilan qovushdi. Va negadir sinfimiz xonasidagi Zulfiya opaning suratini, adabiyot darsini va she’r tinglashga kelgan qaldirg’ochlarni esladim. Opaning mehr to’la nigohi, ma’sum tabassumi hanuz o’zgarmagandi. Yillar to’fonida bunday tozalikni qanday asradi ekan, degan xayol kechdi dilimdan. Hayotdagi Zulfiya opa bilan tanishuvim juda shirin kechdi. Shoiraning o’sha holatini qandaydir ilohiy qo’l yuragim devoriga chizib qo’ydi. Umrimning yomg’irli, qorli, izg’irinli kunlari o’sha suratga boqib taskin topaman, isinaman.

O’shanda Zulfiya opa men bilan xayrlasha turib, uy telefoni raqamini berdilar. Ba’zan tortinib-tortinib telefon qilardim. Gohida yuragim talpinib tursa-da, bezovta qilgim kelmasdi…

Bugun esa…
Qo’ng’iroq qilaman olis samoga,
Yulduzlar entikib jilmaygan mahal.
Sog’inchni xirgoyi qilgan jon bilan
Kimnidir qo’msayman, bo’laman mahtal.

Hayot kitobini varaqlaydi she’r
Va tong qadamini ko’chirar dilga.
Ko’kning nafasida, oy tuyg’usida –
Yuragim aylanar ichikkan gulga.

Afsonalar qaytar xayol yurtidan,
Fasllar qa’ridan sizilar vola.
Har bahor Zulfiya opaga o’xshab,
Juda ham chiroyli kuladi lola.

Sog’inchning kaftiga to’kilar ko’nglim,
O’rikning qirmizi gullari misol.
Bog’lar dimog’iga hidlatib ketar,
Shoiraning xushbo’y yodini shamol.

Sezaman, shu chog’da olti tomondan
Mehrmi, sehrmi, nedir yelayapti.
Xarxasha qiladi injiq yuragim:
Zulfiya opani ko’rgim kelayapti…

Ilohiy bir ovoz kelar samodan:
– Vatanga boq, – deydi, – sog’insang uni.
Va quyoshga ko’rsat tomosha qilsin,
Yurak devoringni har kuni.

Zulfiya jilmayib boqar samodan,
Men o’zbekman degan har bitta jonga.
Mehru oqibati, ko’rki bilan ham
U juda o’xshardi O’zbekistonga.

09

(Tashriflar: umumiy 370, bugungi 1)

Izoh qoldiring