Саҳифамизни адиб Самар Нуров таваллудининг 80 йиллигига бағишлаймиз
Ёшлик — ғўрлик-да! Бу шеърларни ким, қачон, нима мақсадда олиб келганини сўраб-суриштирмай, камина — ғўр бир мухбир, ҳар бир сатрини эл ёдлаб олиб, бошига кўтарадиган, Шукур Холмирзаев таъбири билан айтганда, аслида биринчи китобчаси билан ХАЛҚ ШОИРИ даражасида бўлган Абдуллажонга “Оқ йўл” тилабман-а!! Бу “фатво”га Абдуллажоннинг кўзи тушганми-йўқми (илоҳим, кўрмаган бўлсин) билмадим, лекин ўзим ҳали-ҳамон уялиб юраман.
ЭЗГУЛИКНИНГ СИНОВЛИ ЙЎЛЛАРИ
САМАР НУРОВ
Мақола 2001 йили ёзилган
Севимли шоирнинг назмини доно,закий,миллион кўз ва қалбли ўзбек халқи ҳаммадан яхши билади ва адолатли баҳолаган. Юртимизнинг кекса табиатшунос олими, академик Жўра Саидовнинг халқона дил розини эшитинг: “Шоирни, Абдулла Ориповни ўрганмоқ учун, табиат менга ёшлигимни қайтариб берса, албатта, адабиётшунос бўлардим. Фақат Абдулла Ориповни ўрганиш учунгина шу соҳани дилимга, шууримга жо қилиб олган бўлардим. Начора, энди кеч…”
Элимизнинг танти шоирларидан бири, сирдарёлик дўстим Тўра Сулаймоннинг иқрори:
— Агар сидқидилдан ҳаракат қилсам, Ўзбекистоннинг ман-ман деган ҳамма шоирларига ўхшатиб, ўшалар даражасида шеърлар ёза оламан. Аммо Абдуллажондай ёзолмайман!
Бу баҳо, бу иқрорларда адабиётшунослар минглаб саҳифаларда айтиши мумкин бўлган маъно ва фикрлар мужассам. Қолаверса, шоир асарлари таҳлилини ана шу қилни қирқ ёрадиган мутахассисларга ҳавола этиб, биз ўзбекнинг бу беназир фарзанди ҳам сизу биздек хом сут эмган “одам боласи” эканини, у ҳам эътибор, меҳрга муҳтожлигини енгил чизгиларда кўрсатмоқчиман. Зеро, шоирнинг донишмандлиги, инсон ва ижодкор сифатидаги жозибаси ҳам элининг дилига таржимонлигида, халқи йиғласа — йиғлаб, кулса —кулишидадир.
Оқ йўл
Олтмишинчи йиллар.Қашқадарё вилояти Сурхондарёга “қўшилиб”, гавжум Қарши ҳувиллаб қолган: казо-казо идоралар қатори “Қашқадарё ҳақиқати” қаламкашлари ҳам Термизга бориб, “Ленин байроғи” (ҳозирги «Сурхон тонги» газетаси — таҳр.) да ишлаяпти. Вилоят фирқа қўмитаси биносига шаҳар фирқа қўмитаси кўчган. “Қашқадарё ҳақиқати” ўрнида эса шаҳар фирқа қўмитаси ва ижроқўмининг янги рўзномаси “Коммунизм байроғи” ходимлари яйраб ўтиришибди. (Қаранг, ўша йиллардаёқ коммунизм байроғини кўтариб чиққанмиз-а!) Мен жумҳурият радиосининг вилоятдаги мухбири эдим. Қашқадарё вилоят сифатида тугатилгач, мени Қорақалпоғистон ёки Хоразмга юборишмоқчи эди, мен иккиланиб, аросатда юрган кунларнинг бирида шаҳар фирқа қўмитаси котиби Ҳарам опа келиб қолди:
— Болам, бегона жойларда овора бўлиб юрасанми, шаҳар газетида ишлай қол.
Шу орада Термизда чиқадиган вилоят газетига муҳаррир бўлиб кетган Йўлдош Умаров қўнғироқ қилди:
— Рўзноманинг Қашқадарё ҳудудидаги мухбири бўласан.
Бу таклиф менга маъқул бўлди. Одат бўйича ҳар куни эрталаб қадрдон бинога бораман. Янги рўзноманинг янги муҳаррири Абдиманнон Тўланов бир куни шундай деб қолди:
— Бизни ҳам, рўзномамизни ҳам ҳали кўпчилик билмайди. Шу сабаб қизиқ-қизиқ нарсалар чоп этиб, муштарийларни кўпайтириш зарур. “Сени севаман, ҳаёт” қиссангиздан боблар беринг. Сўнг… — муҳаррир менинг олдимга машинкаланган икки варақ шеърни суриб қўйди. — Некузлик шоир Абдуллажонники. Дорилфунундан келиб, қишлоғига кетибди. Тоби йўқроқ… Дуруст шеърлар-а? “Оқ йўл” ёзиб беринг.
Мен шеърларни қайта-қайта ўқидим: жуда тиниқ, исёнкор, ҳис-ҳаяжонларга ғарқ сатрлар. Ўша пайтлар бизлар ўқиб юрган мукофотдор, оқсоқол шоирларнинг шеърларига сира ўхшамасди. “Халқ душмани” бўлиб кетган Усмон Носирнинг нафаси уфургандай бўлди.
Ёшлик — ғўрлик-да! Бу шеърларни ким, қачон, нима мақсадда олиб келганини сўраб-суриштирмай, камина — ғўр бир мухбир, ҳар бир сатрини эл ёдлаб олиб, бошига кўтарадиган, Шукур Холмирзаев таъбири билан айтганда, аслида биринчи китобчаси билан ХАЛҚ ШОИРИ даражасида бўлган Абдуллажонга “Оқ йўл” тилабман-а!! Бу “фатво”га Абдуллажоннинг кўзи тушганми-йўқми (илоҳим, кўрмаган бўлсин) билмадим, лекин ўзим ҳали-ҳамон уялиб юраман.
Бу “Оқ йўл”нинг бировга нафи тегмагани аниқ. Лекин менга фойдаси бўлди: шундан кейин Абдулланинг ҳар бир сатрини қидириб, синчиклаб ўқийдиган бўлдим. Ўқиган сайин мендан шоир чиқмаслигига имоним комил бўлиб, бўғин санаш, қофия тизишдай шоирлик “касали”дан узил-кесил халос бўлдим.
Мени боши берк кўчадан вақтида қайтариб чиқаргани учун Абдуллажонга раҳмат. Абдулла ҳар кимнинг ҳолини тушунадиган кечиримли инсон:
…Кейин билса, мухбирнинг ҳам бор экан ўз ноласи…
Қаноат машаққатлари
Мен шундан сўнг “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги «Ўзбекистон овози» газетаси — таҳр.) рўзномасига хизматга борганман. Номим “улуғ” — “Отахон газетада котиб!” Икки хонали уй беришди. Лекин супрамиз қуруқроқ: саксон беш сўм маош олиб, шу билан ўзим, ёстиқдошим, уч фарзандни боқиш, кийинтириш, рўзғор тебратиш, уй пулини тўлаш, келди-кетдига етказиш керак. Бошқа даромад йўқ — ҳаммасига шу саксон беш сўм балогардон.
Шу орада Абдуллажон ҳам “Ёш гвардия” нашриётига хизматга кирди. Унга бошпана беришмади, маоши ҳам меникидан камроқ.
Ёзнинг иссиқ кунлари. Тушга яқин. Навоий номидаги томошахона қапталидаги идорамизнинг иккинчи қаватига — мен ўтирган хонага Абдуллажон кириб келди. Ориқ, дашт қушидай енгил. Агар бирон зарур юмуши бўлмаса, Абдуллажон панада юришини билардим. Эски диванга ўтирди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, минг истиҳола билан ҳамкасбларга “чой ичириш”га қўли қисқалик қилиб қолганини айтди.
Берай десам — киссамда бир сўм бор. Ҳали аҳволимни айтдим. “Йўқ”, десам, шундай “улуғ даргоҳда” ишлайдиган кишининг киссаси қуруқлигига ҳеч ким, жумладан, Абдуллажон ҳам ишонмайди. Киссага ҳар кун бир сўмни солиб, Экскаватор заводи ёнидаги уйдан Навоий майдонига ишга яёв келаман. Ҳеч кимга гапирмай ишимни қилиб, яъни индамай келиб, индамай кетаман. Шу сабаб ҳамма аёллар ортимдан: “Ассалом ва хайрдан бошқа гапни билмайдиган индамас бойвачча” деб юришганини ҳам эшитганман.
— Бироз ўтириб туринг-чи, — дея энсиз қизил гилам тўшалган йўлакка чиқдим. Ўйланиб туриб, олдин беш-олти ой ишлаб синашта бўлган қишлоқ хўжалик бўлимига бордим. Бўлим бошлиғи Ҳабиб Нўъмонда ҳам бир сўм бор экан. Киссадан чиқариб, “Керак бўлса олинг”, деди.
Адабий ходим Ҳамид ака:
— Йўқ! — деди чўрт кесиб.
Пешинда чучвара ейиш учун ҳар кун бизлардан 33 тийин сўраб оладиган Бобо ака Маҳмудовга мурожаат ҳам этмадим.
Йўлакка қуруқ чиқиб, ўйланиб турдим. Ойнакор дўконда устара қайраётган сартарош Миша тоға очиқ эшикдан мени кузатиб турган экан:
— Ҳа-а, Самаржон, нима ўйлов?
Мен дўконга кириб, “ўйлов”ни айтдим.
— Ҳали клиентлар келгани йўқ. Кейин… — Миша тоғанинг иримчилигини билардим. Эрталаб бировга қарз бермайди.
Рўпарадаги хонада ишлайдиган Худойберди Тўхтабоев билан шатранж ўйнаб, борди-келди қилиб юрардик. Унинг ҳоли ҳам менга аён: уйини иситиш учун кўмир ололмай, қишда болалари билан телпак кийиб ётишарди. Бошқа серпулроқ “катталар” олдига киришга журъатим етмади. Йўлакда мўъжиза юз берадигандай икки-уч минут турдим: “Абдуллажоннинг кўзларига қандай қарайман?”
Мўъжиза юз бермади. Бошимни эгиб, кабинетга кирдим. Абдуллажон дивандан енгил туриб, ранг-рўйимга разм солди-да, ҳали мен лаб жуфтлашга улгурмасданоқ очиқ чеҳра билан хайрлашиб, тез чиқиб кетди.
Қарийб ўттиз йилдан буён шу хижолат елкамни харсанг тошдай эзиб келади. Шоирлик — қаноат, ростгўйлик деганлари ростдир. Лекин камбағаллик — айб эмас, деганлари ёлғон экан.
Бугун Абдуллажоннинг ярим асрлик тўйини кўриш насиб этган кунда баҳона билан шуни айтиб, елкамни анча енгиллатиб олдим. Тангри Абдуллажонга бир асрлик умр берсин, шунда эҳтимол яна мен каби қанчадан-қанча мухлислари хижолат юкларидан халос бўлишларига аминман.
Бошпана излаб…
“Уй масаласида у ёқдан бу ёққа кўчиб юришларим натижасида кўп шеърларим қўлёзмаси йўқолган…”
Дорилфунун толиблигида Абдуллажон бошпана ахтариб кўп сарсон бўлганини эшитганман. У давлат идорасида ишлаётган, шоир сифатида Ўрта Осиёда ном чиқариб, овозаси Москвага етиб борган пайтларида ҳам бошпанасиз кўп қийналган.
Бир кун Абдуллажонни истаб Чилонзорга бордим. Тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватига кўтарилдим. Баланд эшикдан “квартира” йўлагига кирдим. Бу саховатли бир олимнинг хонадони бўлиб, икки хонада олимнинг ўзи болалари билан турар, бир хоначани шоирга берган экан.
Бўйи ва эни деярли баробар чорси хона. Тахта полга шолча тўшалган. Ўртада фақирона дастурхон ёзиғлик. Шикастанафс дастурхонда нон, икки тақсимчада сумалакка ҳам, холвайтарга ҳам ўхшаш таом турибди. Кўрпачаларда хона соҳиблари ўтирарди. Абдуллажоннинг тиззасида “Шарқ юлдузи”. Унда менинг “Шуъла” номли ҳикоям босилган эди.
— Ўқидик, — деди Абдуллажон, — келинингиз билан.
Мен мавзуни ўша пайтлар Абдуллажоннинг бутун халқнинг тилида юрган, ҳаммага ёд бўлиб кетган шеърларига бурдим. Шу пайт йўлакдан жунлари ялтираган мушук думини халқа қилиб, бу хонадоннинг хўжайинидай хонага керилиб кирди. Умуртқасини букиб, нозланганча келиннинг тиззасига суйкалди:
— Мияв-в.
— Хаҳ, ҳақини сўраб келди-я, — деди Абдуллажон кулиб. — Домла хотини билан саёҳатга кетаётганда “мушукни боқишга” деб йигирма беш сўм берганди… Шу “ҳақ”ини сўраяпти бу.
Шоир оиласи бировнинг хонадонида жуда-жуда қийналаётганини сездим. “Наҳотки шундай ижодкорга Тошкентдай шаҳри азимда алоҳида бир бошпана топилмаса?! Бу “нон шаҳри” юз минглаб етим-эсирларни бағрига олган, бепоён рус тупроғидан келганлар бир-икки ойда бу жойдан иш ҳам, уй ҳам оладилар! Шу юртнинг довруқли фарзанди эса унга сиғмайди!?.”
Бу таажжубни шоирга бошқа дўстлари, мухлислари ҳам айтган бўлса керак. Бир кун қалдирғоч қанотидай ихчам китобчасини олиб, жумҳуриятнинг энг мўътабар икки маҳкамасидан бирига — ҳамюртимиз ўтирган жойга кирди. Қабулхонада қамашиликларга ўхшаш кенг юзли, кўзлари қисиқроқ киши катта қизил чойнакка чой дамлаб келди. Арбоб шоир билан чой ичаётганда вазирлик ва адиблар уюшмасидаги казо-казолар келиб қолишди:
— Ҳа, шоир? Бизларга учрашмай, бу ёққа чиқибсиз?!
Шундай улуғ маҳкамадан ҳам шоир мужмал ваъда билан хомуш чиқди. Номи улуғ хиёбондаги соя-салқин ойнаванд емакхонага бордик. Деразаси музқаймоқ дўкони ва фавворага қараган хилват жойга ўтирдик. Тамадди қилдик. Кўнгли бироз ёзилгач, шоир киссасидан муқовали, кичкина, юпқа китобча чиқарди. Ўшанда “Родник” рус тилида эндигина нашр этилганди. Катта маҳкамадаги жуда катта арбобга бу мўъжазгина мажмуани бериш шоирга жуда ноқулай туюлган бўлса керак. Ё… дили тортмаганми. Бошини бироз эгиб, дастхат ёзди:
“Ҳамюртим, дилбар адиб…”
Сўнг бошини кўтариб, надомат билан:
— Арбобларга ҳам қийин экан, — дея китобни менга берди. — Ночор, марказга мўъте экан улар ҳам.
Шоирнинг кўзларидаги надомат менинг танимга кўчди: шундай мўътабар маҳкамадан ноумид чиққан шоир энди қаерга бош уриб бориши керак? Қаерга?! Киссасида “ҳақиқати” бўлмаган киши ҳақиқатни қаердан қидирсин? Шунда мен бу жамиятда қаноат, ортиқча тортинчоқлик, инсофлилик чин инсон учун оғир қисмат эканига яна бир иқрор бўлдим.
Сатин чопон
Абдуллажон тарихимизнигина эмас,халқимиз дилини, урф-одатларимизни ҳам кўп ижодкор ва олимлардан кўра пухта биларкан. Яқинда “Ҳадис”ларни ўқиётганда буни сезиб қолдим:
“Закотни адо этувчи, меҳмондўст ва мусибатли кишига ҳамдард бўлган одам бахиллик ва қизғончиликдан фориғдир”.
“Бир-бирингизга хайр-эҳсонли, меҳр-оқибатли бўлиб, қўл бериб сўрашиб юринглар, шунда дилингиздаги ғашлик кетади”.
“Кишининг гўзаллиги унинг тилидан билинур”.
Бу ҳикматларни “Ҳадис” чиқмасдан олдин билиш — донолик. Фақирона, ночор турмушда уларга амал қилиш эса буюкликдир.
Шифохонада йиллаб ётиб чиққач, бир кун Абдуллажоннинг “Ёзувчилар уйи”даги хонадонига бордим. Одатдагидек ҳамюртлари, қариндош-уруғлари, дорилфунундаги мухлислари билан гавжум экан.
Мен улар билан баҳслашиб ўтиришга ярамаслигимни, “чидолмаслигим”ни сезиб, эртароқ қайтмоқчи бўлдим. Абдуллажон ён хонадан каминага пахта сатин чопон ва ўзимизнинг оддий гарди белбоғ —қийиқча олиб чиқиб, кийгизмоқчи бўлди.
— Йўқ, мени уялтирманг, — дедим.
— Э-э, қаламкаш бўла туриб, халқимизнинг урф-одатларини билмайсизми ҳали. Сиз нариги дунёдан қайтиб келдингиз-ку!
Хиёбондаги емакхонада берган “Родник” китобчасини эслатдим…
“Гулистон” ойномасида масъул котиб бўлиб ишлаётган кезларим ҳамюртлар Карл Маркс кўчасидаги шу эски бинода учрашиб турардик. Ўшанда шоир йигитлик давридаги жуда чиройли, тиниқ бир фото сувратига кўнгилни тоғдек кўтарадиган дастхат ёзиб берган:
“Ҳамюртим…укангиз Абдулладан. 9-ХII-70 й.”
Яна бир куни эса уйида В.Шкловскийнинг “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумида чиққан “Лев Толстой” номли китобини тақдим этди.
Мен учун амирларнинг зарбоф, кимхоб тўнидан қимматроқ бу чопон, олтин-зарлардан қадрлироқ бу китобчаю суратларни онаизоримдан қолган феруз кўзли узук, паспортидаги суврати, уч-тўрт эски ёзувдаги китоблар ёнига — “муқаддас жавонга” ардоқлаб қўйганман.
Сатин тўн, китобча, сурат-ку тушунарли, ўзининг бошқа китоблари турганда нега Шкловскийнинг китобини тақдим этди экан? Бунинг маъносини ҳали-ҳамон англай олмайман.
Ночор арслон
Чинакам машраблар эл-юрт учун курашда исёнкор, арслондай жасур, ҳамлакор бўлиб, жону жаҳонидан кечиб юборишади. Ўз манфаатлари, рўзғорига келганда эса ночору нотавон, ҳимоясиз, ҳатто оддий одамларнинг ғашини келтирадиган даражада лалайган бўладилар.
Қарши аэропортида Тошкентга учмоқчи бўлиб турган эдик. Тайёрага чиқишга рухсат этилиб, темир эшиклар очилди. Тўрва, жомадон кўтарган, болаларини эргаштирган йўловчиларни кўк кийимли аёл майдон ўртасига бошлаб кетди. Мен тез юролмаслигим учун сафдан “узилиб” орқада қолдим. Ҳар беш-ўн қадамда тўхтаб, нафасимни ростлаб, орқа-олдинга қарайман.
Сафда бораётган Абдуллажоннинг, хотинининг оёқлари олдинга қараб кетяпти-ю, бошларини буриб-буриб, юраги узилиб қолаётгандай орқага қараб-қараб қўйишади. Олдин “менга қарашяпти”, деб ўйладим. Кейин синчиклаб орқага қарасам, кутиш айвонида беш-олти ёшли бола — Абдуллажоннинг ўғилчаси амакилари ёнида қаноти боғланган қушдай типирчилаб турибди…
Ҳамма тайёрага чиқиб бўлган, зина олдида учувчи ва чипта текширувчи аёл қолган экан:
— Кечикдиз, тез чиқинг, — дейишди.
Чиқмай турдим:
— Сизларнинг ҳам фарзандларингиз борми?
Ҳайрон бўлиб, бир-бирига қарашди-да, сўнг юрагига ваҳима тушиб:
— Ҳа, бор, нимайди? — дейишди бараварига.
— Ҳу, ўша айвонда қаноти боғланган қушчадай типирчилаб турган бола шоирнинг ўғли.
— Қанақа шоир?
— Абдулла Ориповни, — дедим. Кўп оддий хизматкорлар катта амалдорларни, мукофотдорларни ҳурмат қилишини эслаб: — Давлат мукофоти лауреатининг ўғли. Ўғли бу ерда қолса-ю, ота-она қандай учиб кетади? Ота-она бўлсаларингиз тушунишларинг керак уларнинг ҳолини.
“Давлат”, “лауреат” деган сўзлар таъсир қилдими ё оталик меҳри қўзидими — чиптачи аёлнинг майда қадамларига тоқати чидамай, учувчининг ўзи югуриб кетиб, боланинг қўлидан ушлаганча чопиб келди.
…Кўп катта истеъдодларнинг дарвешона, меҳнату қобилиятларига номутаносиб мискину фақир умргузаронлик қилишларига сабаб — уларнинг шундай камтар, камсуқум, инсофли ва виждонлилигидир. Халқнинг чексиз меҳр-муҳаббатию ҳурмати ҳам улуғ одамларнинг оиласига нисбатан бу адолатсиз “кемтик”ни текислолмайди. Бизнинг ҳуқуқсиз тузумимиз, давлатимизда бу айниқса оғир.
Яқинда АҚШга бориб келган арман адиби Грант Матевосян:
— Ҳамюртларим билан кўришиб дилим яйради-ю, виждоним қийналди: улар бизни меҳмон қилишдию, бизнинг дастурхон ёзишга қурбимиз етмади… дунёда энг ҳуқуқсиз, ҳимоясиз, энг қашшоқ шўро ҳукуматининг адиблари, санъаткорлари экан, — деган эди.
Қутқулар
“…Гоҳо руҳият дунёсининг қийноқлари, ёвузларнинг қутқулари кишини дўзах азобидан баттар уқубатларга гирифтор қилади. Бироқ яшаш керак экан, тириклик ҳам, ахир ярим ҳикмат-ку…”
Бу шоир қалбидаги руҳий ғалаёнлар,тўфонларнинг ҳосиласи. Абдуллажон ўзига-ўзи тасалли бериб, аламини меҳнатдан, мутолаадан олиб, гоҳо шеърларига юклаб, шу “қутқулар”ни енгиб келаётган шоир. Оддийгина нозик ниҳолнинг ҳам сояси бор. Катта истеъдодларнинг соясини, ҳасадгўйларини ҳеч кимга тақдир йўлиқтирмасин!
Кичик мисол: шоир турмуш икир-чикирлари, худбин ва бачкана амалпарастларнинг кирдикорларидан қийналиб юрган кезлар. Иккита шеъри босмахонага туширилиб, ҳарфлари тердирилган. Таҳририятда кундузги юмушлар тугаб, ходимлар уйга қайтишидан ярим соат олдин —17.40 да “планировка” бўлади. Эртага саҳифага қўйилиши зарур бўлган материалларни ҳар бир бўлим вакили, муҳаррир ва котиб таклиф этади.
Мен ёш шоирга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам бўларми, деган умидда муҳаррир хонага кираётганда адабиёт бўлими вакилига: “Ўша шеърларни бугун таклиф қилинг”, дея эслатаман. У “хўп” дегандай бошини силкитади-ю, лекин муҳаррир олдида талқон ютиб ўтиради. Бу “хўп” ҳафта, ой, уч ойга чўзилади: “Бу одам нега бундай қилади? Шеърлар ёқмадими ё қалтис жойи бормикан?”
Шанба куни “планировка”да муҳаррир:
— Расмий ахборотлар, саноат, қишлоқ хабарлари кўпайиб, газета жуда зерикарли чиқяпти, ўртоқлар. Терилган тайёр нарсалардан ҳаммабоп, энг қизиқарлиларини таклиф қилинглар, — деди.
Мен адабиёт бўлимидаги “тормозчи”нинг йўқлигидан фойдаланиб, ўша шеърларни таклиф этдим…
Душанба куни эрталабки “летучка”да шеърларни муҳаррир тўлқинланиб мақтади:
— “Совет Ўзбекистони”да ана шу “Бургут”дай, “Аёл”дай асарларни бериш керак кўпроқ.
Ундан кейин бошқалар, ҳатто мусаҳҳиҳу “партия турмуши” бўлимининг мудирларигача мақташди. “Тормозчи” нима қилар экан, деб қараб ўтирибман.
У менинг кўзларимга бақрайганча қараб, уялмай-нетмай ҳаммадан кўп — ўн минут гапириб, баҳонада бўлим фаолиятидан “ҳисобот” берди, ўзининг фидойи, жонкуярлигини “кўрсатди”:
— Авторларга олдиндан заказ бериб, югуриб-элиб, орқаларидан қувиб, минг бир машаққатлар билан тайёрлаймиз бунақа материалларнинг ҳар бирини. Бўлимда эса ходим кам, маош оз.
Бу кетишда “тормозчи” ҳозир: “Бу шеърларни ҳам бошдан-оёқ ўзим қайта ёзиб чиққанман!” — деб юборар дея хавотирланиб ўтирганимда, йўқ, худо инсоф бериб бундай демади. Шунисига ҳам шукр. Шунда ҳамиша ёқимли, оройишта табассум қилиб юрадиган бу гўзал аёл кўзимга жуда ёвуз, “дўзахий” кўриниб кетди. Абдуллажоннинг деярли ҳар бир сатри шундай ҳасадгўйларнинг орасидан ўзига йўл очиб ўтган. Унга катта истеъдод берган худойим жонига ҳам тўзим берсин.
Қадаҳ сўзнинг давоми
Ҳамюртимиз,дилбар бастакор Раҳматжон Турсуновнинг эллик ёшлик тўйини ўтказиш учун вилоятимизга Қашқадарёнинг биринчи расмий шоири Жуманиёз ака “кенгликлар” ошуфтаси Раҳматжоннинг қадрдони Абдуллажон билан бирга келган эди. Ҳилол, Косондаги учрашувлардан кейин Раҳматжон Турсуновнинг қайнонасиникида ўтирибмиз.
Менга сўз беришди. Жуманиёз ака, Абдуллажон ҳақида сўзлаб, энди чинакам «дарвеш», бетакрор ҳайкалтарош ва кандакор Омон Азиз, шунингдек, Садриддин Салимов, Бахтиёр Анвар ҳақида гапирмоқчи бўлаётганимда ўзига бино қўйган бир даврадошимиз “гапнинг белига тепиб”, “берди”ни узиб қўйди.
Узилиб қолган ўша сўзнинг давоми:
“…Шоирларимизни эл-юрт яхши танийди-ю, лекин мен Омон Азизга, Раҳматжон Турсуновга кўпроқ ҳавас, ҳатто рашк қиламан. Сабабки, Жуманиёз ака, Абдуллажоннинг шеърлари қандай пурмаъно, жилвагар, сероҳанг, гўзал бўлмасин — Ўзбекистон, Ўрта Осиё ҳудудидан чиқаётганда “тилсиз” бўлиб, дудуқланиб қолади. Уларни бошқа минтақаларда аслидагидек тушунмайдилар, таржималарда эса аслнинг жозибаси, шираси қолмай, бегоналашиб кетади.
Омон Азизнинг эса мисга муҳрланган гўзал ғоялари, Раҳматжон Турсуновнинг дилрабо куйлари ҳудудларни тан олмай, бутун нафосати билан эллар аро кезиб, оқ танли, қора танли, сариқ танли — бани оламни асир қилаверади.
Шунда Абдуллажоннинг шеърларини ўқий олмайдиганларга менинг раҳмим келади. Бир китобхон сифатида инсониятнинг буюк фарзандларидан бири Робиндранат Тагор ўз шеърларини йироқ ўлкаларда ҳам таржимасиз ўқишлари учун расм-лавҳа усулини топган экан. Абдуллажоннинг ҳам нотуркигўй элларга раҳми келиб, шеърларини таржимасиз тушунадиган бирон усул топса бўлмасмикан?”
Ана шу эди узилган сўзимнинг давоми.
Муроди ҳосил
“Ижодкор учун раҳнамонинг аҳамияти қай даражада муҳим?..”
Хаёлимда ҳали ҳам ўша китоб: “Лев Толстой”.
Менинг бу майда-чуйда воқеаларни ёзишдан муродим Абдуллажонни мақташ ёки лаганбардорлик қилиш эмас, муроди ҳосилим — армонли бир ўкинчни айтиш.
Агар Абдуллажон шунча вақти, кучини рўзғор тебратиш учун ишлашга, бошпана қидиришга, озурда асабларини тинчитишга сарфламай — ўша навқирон ўсмирлигидаёқ оддий инсоний шароитда яшаб бутун вақтини, борлиғини шеъриятга бағишлай олса, ҳозир қандай буюк сиймо бўларди!
Аминманки, ҳозирги даражасидан ўн чандон юксакроқ даражага етишган, у туфайли ўзбек адабиёти ҳам қаддини янада расо қилиб юрган бўларди. Бунинг учун алоҳида имтиёзлар керак, демайман, йўқ, вақтида оддий инсоний турмуш шароитлари керак бўлган эди шоиримизга. Шунда шоир изтиробларга тушиб, ўз ёғига ўзи қоврилиб юрмасди ва бу сатрларни ҳам битмасди:
Элликда одамлар қирол бўлишган,
Қирол бўлмаганлар қарол бўлишган.
Аравакаш бўлган уқувсизлари,
Шу ёшда бойиган заргарлар бари,
Шоирлар шу ёшда довруқ қозонган,
Ёнса сўнгги муҳлат ошиқ ҳам ёнган,
Оҳ, дўстим, биз-чи, нимани кўрдик,
Элликка шунчаки лаллайиб кирдик..
.
Ёки:
Сенга балки аён, балки ноаён,
Бир ҳаёт ҳадисин айлайин баён.
Майли, сувлар кечгин, майли, ўтда ён,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин.
…Саховат аҳлига гарчи юз бурдим,
Гоҳи дам ҳайратда лол қотиб турдим,
Норнинг ит олдида чўкканин кўрдим,
Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин…
Бу сатрлардан ҳар бир туркигўй фуқаронинг юрак-бағри зирқираблар кетади. Бу ҳазил эмас, муболаға ҳам эмас — қон силқиган жигарнинг тўлғониши, алам-армонларга лиммо-лим дилнинг пушаймонли нидоси.
Тангри пешонасига улкан истеъдодни битган халқнинг… бахти ярим. Ўша истеъдодни бағрикенглик билан камолга етказадиган жўмард халқнинг бахти бутун бўлади. Бўлмаса, “худо берган” сара уруғ ҳам яхши ишланмаган кучсиз тупроққа тушиб, сув, ҳаво, қуёшдан тўла баҳраманд бўлолмаса — тўла етилмаса ярим пуч бўлиб қолиши мумкин.
Абдулла нега Турон сарҳадларида қолиб кетди?
У улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ёнидаги Улуғбекдай ўсса, қандай сиймо бўларди?
Толстой нега даҳо бўлиб дунёга танилди?
…Абдулла бошпана сўраб маҳобатли маҳкамага боради…
Лев Толстой асарларининг қалам ҳақидан воз кечганда хотини жавраб-йиғлаб подшоҳ — император олий ҳазратларига арзга боради. Икки-уч жамоа хўжалигига етадиган ер-суви, боғ-роғлари, ўрмонлари, ўрта мактаб болалари жойлашадиган уй-жойи, бир қишлоққа етадиган анжомлари, бир давлат хўжалигининг ишчиларига тенг хизматкорлари, икки ярим миллион сўм жамғармаси бўла туриб, ҳоқонга қандай арз қилади, денг:
— Қариб, мияси суюлган чолим мени, бола-чақаларимни оч, яланғоч қолдириб, бўйнимга тўрва осиб, гадойликка чиқишга ундаётир. Вой-дод!..
Подшоҳ ҳазрати олийларининг “оч, яланғоч қолаётган” бола-чақаларга раҳми келиб, адибнинг ҳеч босилмаган ва кўрсатилмаган томоша асари (пьеса)ни подшоҳлик театри саҳнасида қўйдиради ва миллионер “гадойлар”га умрбод нафақа тайинлайди.
Ёинки Гоголни олинг:
Дунёда рус тузуми, ҳоқону ҳокимлари, амалдорларининг аста-аврасини ағдариб Гоголдай дўппослаган, шармандаи шармисор қилиб улар устидан Гоголчалик кулган бирон зот йўқ. Гоголнинг дўстлари “Ревизор” ҳеч бир саҳнага қўйилмайди, дея башорат қилиб юришганда, бу асар биринчи бўлиб подшоҳлик театри саҳнасида қўйилади, подшоҳ унинг биринчи томошабинларидан бўлади. Томоша тугагач, подшоҳ вазиру ҳокимларни йиғади:
— Хўш, қалай?
Ҳамма жим.
Шунда подшоҳ мазза қилиб яйраб кулади:
— Ҳамманг қилмишинг, аъмолу бадингга яраша жазоингни олдинг. Лекин заранг калтакнинг энг кучли зарбаси менинг бошимга тушди! — деган.
Адибни эса жаллод қўлига топшириш ўрнига… унга умрбод етадиган нафақа тайинлаган: — Бундай одам муҳтожликда қийналиб юрмасин, бизнинг башараларимизни ойнага солиб, ана шундай аниқ кўрсатадиган асарлар ёзсин кўпроқ!
Майли, булар тан олинган даҳолар экан. Оддий косибнинг ўғли, ўзини “ўртамиёна адиб” ҳисоблаган Чехов-чи?
Пойтахтда бетоблашиб қолган Чехов Ялтага боради. Денгиз қирғоғидаги хушҳаво гўшада ўн ойда ярим гектарлик чорбоғ, уч қаватли уй (оқ харсангтошлардан) қурдириб олади. Чор ҳукумати Москвадан Ялтага — Чеховнинг уйигача телефон сим торттириб беради. Бетоб адиб “Чайка”нинг премераси учун пойтахтга қатнаб узилиб қолмасин, дея Ялтанинг пароход бекатида муҳташам театр қурдиради. Шу баҳонада шаҳар театрли бўлади. Катта театрнинг бутун жамоаси бориб, адибга асарини кўрсатади…
Мен Чехов уй-музейи мутасаддисидан сўрадим:
— Бундай уй-чорбоғни Чехов ўн ойда қандай маблағга қурдирган?
— Адиб қирқ ёшга кирганда ёзганларининг ҳаммаси жамланиб, олти мингдан ортиқ хатлари қўшилиб, йигирма жилдли китоблари чиқарилган. Бу уй-жойни қуришга адиб бир йилда олган қалам ҳақининг ярми ҳам сарфланмаган. Онасига, Горкийга, ука-сингилларига, ошпазига алоҳида-алоҳида қурдирган хоналар ҳам шу ҳисобга киради.
Қанийди бизнинг шоирлар, бастакор, мусаввирлар бахтига ҳам тангри шундай бир раҳнамони ато этсайди. Бизнинг чориқ билан тўрга ўтган тезпишар раҳнамоларимиз, уларнинг маддоҳ “назариячи”лари “Бундай шароитда ижодкор халқ дарду ташвишларидан узоқлашиб, бегоналашиб кетади”, дейишлари аниқ.
Йўқ! Бу кўрмай-кўрмай энди мансабнинг мазасини тотган пуч раҳбарларнинг бахил, очкўз “назарияси”дир. Асил — айнимайди. Бунга мисол — Абдуллажоннинг амалдор бўлгач, СССР халқ депутати бўлгач ёзган шеърлари. Шунда мен рус адиблари ичида биринчи бўлиб Нобел мукофотини олган Иван Буниннинг сўзларини эслайман. Уни Париждан Россияга қайтиб келишга чорлашганда, юртини қўмсаб юрган адиб бошини тебратиб, қақшаб зор-зор йиғлайди:
— Биламан: ишчи ва деҳқонлар покиза одамлар. Лекин уларда илм, давлатни бошқариш малакаси йўқ. Қонун-қоидаларни, жамиятнинг ривожланиш қонунларини ўрганиш учун уларда вақт ҳам, шароит ҳам бўлмаган. Давлатни фақат ҳалоллик билан бошқариш учун махсус тайёргарлик зарур. Мен ўз мўъжаз рўзғорини эплаб бошқаролмаган ишчи, деҳқон “бошқараётган” юртга бориб қандай яшайман? Уларнинг жоҳилона йўл-йўриқ, буйруқларига қандай чидайман?!
Адибнинг башоратига бугун бутун Иттифоқ гувоҳ бўлиб турибди.
Бунга руснинг виждондай адиби Виктор Астафев ҳам яқинда жавоб бергандай бўлди. Унга китобхонлари хатлар йўллаб: “Афсус-надоматлар бўлсинким, сиздан Лев Толстой чиқмади.
Ҳатто Юрий Трифонов даражасига ҳам етолмадингиз”, дея таъна қилишганда, шундай жавоб берди:
— Ҳозир сизлар яшаб турган йиртқичона ит турмушини тасвирлашга менинг иқтидорим бемалол етади. Қачонки сизлар инсоний ҳаёт қуриб, одамдай яшай бошлаганларингда Лев Толстой ҳам пайдо бўлади, албатта, пайдо бўлади.
* * *
— Ҳеч яшагим келмайди. Бу тирикчилик кўзларимга жуда совуқ, бемаъни кўринади. Хунук даҳмазага ўхшайди, — деб қолди.
— Ҳали ёшсиз, нега безидингиз дунёдан?
— Ҳе, бу дунёси қурисин!
Унинг маъюс, рангсиз, кул босгандай кўзларига кўзим тушиб, юрагим шиғиллаб, нафасим ичимга тушиб кетди. Қандай далда беришни билмай, довдираб қолдим. Бундай қалтис дамда бир калима сўз тарозининг ё у, ё бу палласини босиб юбориши мумкин. Сукут сақлаб, сўнг шоирнинг менга сирли туюлган икки сатрини айтдим:
…Ниманидир ахтараман —
шеърдан ҳам улуғ,
Ниманидир ахтараман нондан азизроқ.
Суҳбатдошим бошини кўтариб, менга маюс тикилди:
— Бу нима экан-а “нондан азизроқ”?!
Мен унинг умидсиз, сўниқ кўзларига ҳаёт шуъласи эниб, ёлқинланганини кўрдим. Бужмайган сарғиш қоғоздек яноқлари остига ранг югурди.
Саволини яна такрорлади:
— Нима экан-а?
— Қайдам… нондан азиз нима бўларди: “Ярим ҳикмат” — Ҳаётдир-да!
Суҳбатдошимнинг рангсиз кўзларида жило пайдо бўлди:
— Қизиқ, мен яна баҳорни соғина бошлаганга ўхшайман…
Қарши. 1991 йил, 17 март
Manba: www.zhurriyat.uz/