Mumtozbegim. Ikki hikoya

11   Мумтозбегим (Элмира Ҳазратқулова) ўз ёзган ҳикояларини бир ҳаваскор ёзувчининг машқлари деб билади. Унинг икки ҳикоясини тақдим этиш билан бугун биз бу машқларга баҳо беришни энди сайт ўқирманларига ҳавола этамиз.

МУМТОЗБЕГИМ
ИККИ ҲИКОЯ
033

   Мумтозбегим (Элмира Ҳазратқулова) 1983 йил Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган. 2000-2004 йилларда Жиззах давлат педагогика институти “Ўзбек тили ва адабиёти” факультетитининг бакалавр, 2005-2007 йилларда “Ўзбек адабиёти” йўналишида магистратура босқичларида таҳсил олган. Ҳозирда Жиззах давлат педагогика институти “Ўзбек адабиёти” кафедрасида ўқитувчи лавозимида ишлаш билан бирга “Адабий-тарихий асарларда бадиий ижод масалалари” мавзусида илмий тадқиқотчилик (Ph D) фаолиятини ҳам олиб бормоқда. Маҳаллий ва хорижий матбуотларда илмий, публицистик мақолалари эълон қилинган.

БОЛА

–Деразанинг олдида кўп турма. Бу ёққа кел!
Ташқарига хаёлчан тикилиб турган тўрт-беш ёшлардаги бола хоҳламайгина орқасига ўгирилди. Ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги опаси ойнага қараб елкасига ёйилган тўлқинсимон сочларини тарайди.
–Висол опа, пастда ўйнаб келай.
–Йўқ ,онамнинг қайтадиган вақтлари бўляпди, койийдилар.
Опасининг гапларини эшитиб яна ташқарига қаради. Қуёш қаршидаги ўн икки қаватли бинонинг орқасига беркинганда, онаси уйга кириб келади. Келиши билан совуқ чой сўрайди. Опаси ҳам шуни эслади, шекилли, ёйиқ сочларига тароқ қистириб, ошхонага қараб югурди. Ҳозир чой қўяди. Бола хўрсиниб кўйди-да кўрпачага чўккалади. Хонтахта устида сочилиб ётган карталарни қўлига олиб томоша қила бошлади. Опаси ошхонадан қайтиб келди. Унинг устидан куйик ҳид келарди.
–Опа, бу кимнинг расми? – қўлида қирол сурати туширилган картани кўрсатди бола.
–Очиқ мозорнинг! – опаси жаҳл аралаш карталарни йиғиштира бошлади – Иккинчи карталаримни ўйнама! Эскириб қолса фол очиб бўлмайди.
–Нима у – фол?
– Эзмалик қилмай, бор телевизорингни кўр.
Бола опасидан чўчиди. Бунақа жаҳли чиқиб турганида бир нарса деса, ўзига қийин, ўйиб-ўйиб чимчиб олади. Индамасдан телевизорни ёқди. Иккита одам суҳбатлашиб ўтирган экан. Бири қўлларини силкитиб-силкитиб гапиради, иккинчиси бошини сарак-сарак қилиб маъқуллайди. Бола бошка каналларни титкилади. Ниҳоят, мультфилм топди. Алоуддиннинг саргузаштлари бўляпти экан. Бола киприк қоқмасдан мультфилмни томоша қила бошлади. Опаси ичкаридан катта қайчи кўтариб чиқди. Сочларини қирқа бошлади.
Боланинг хаёли бўлинди.
– Опа, нега қирқаяпсиз?
–Кўрмаяпсанми, куйиб қолди !
Бола нигоҳини яна телевизорга қадади. Алоуддинга гапираётган қизни биринчи каватда яшаётган Алфия опага ўхшатди. Айникса, кийимлари ўхшайди. Елкалари очиқ, кўкси ярим очиқ ҳолатда юради. Болани кўрганда
–Ҳа, Асадчик, асал бўлиб юрибсанми? — деб болакайнинг бурнини чимдиб қўяди.
–Опа, анови қора киз, Алфия опамга ўхшайдими?
Опаси телевизорга ўгирилиб қаради-ю, хохолаб кулиб юборди. Кейин ўрнидан туриб, оркасини ўгириб, сочларини, қоматини кўзгуга солар экан, илжайди:
–Ёмонсан, укагинам, ёмонсан!
Бола ёмон сўзининг ёмонлигини тушунса-да, опасининг кайфияти яхшиланганини сезди.
–Опа, пастда ўйнаб келай, – деб ялинди.
–Мумкин эмас, –деди опаси жиддийлашиб. Кейин бир кишилик диванга узала тушиб ётди, ёстиғининг остидан телефонини олди, ракамларни тера бошлади:
–Алло, Гўзаля! Нега келмаяпсан ? Нақ бир соатдан бери кутиб ўтирибман.
У ёкдан кандайдир узок жавоб бўлди. Опасининг ковоғи солинди.
–Гўзаля, иложини қил, мен ҳали яхши ўрганиб олмадим-да.
Яна у томонни тинглади.
–Бўлмаса, туз билан ғишт бирга тушса нима бўлишини айт. Жавобни эшитгач, кўзлари яшнаб телефонни жойига қўйди. Ўрнидан енгил кўзғалди. Бояги карталарни чўнтагидан олиб яхшилаб аралаштирди. Сўнгра хонтахтанинг устига тескари қилиб тера бошлади. Боланинг мультфилми ҳам тугаб у ҳам беихтиёр томоша қила бошлади. Лекин опаси унга ўқрайди:
–Бор, эртак китобингни томоша қилиб ўтир.
Ноилож ўрнидан турди. Нариги хонада кийимлар, сочиқлар, дискет, дазмол каби буюмлар қалашиб ётган столнинг устидан эртак китобини топа олмади.
–Опа, қаерда?
–Столнинг тагига тушиб кетган, яхшилаб қара!
Китобини қучоқлаб опасининг олдига келди.
–Опа, Кенжа ботирни ўқиб беринг, – деб ёлворди.
–Нари тур, кейинроқ.
Бола ўзича уф тортди. Китобни олиб вараклай бошлади. Бу китобни боғчага борганда Корбобо совға қилган. Ўшанда роса хурсанд бўлган эди. Боғча маза эди-да. Ўртоклари билан ҳар хил ўйинлар ўйнар, ўйнаб чарчамасди. Боғчага атига бир ой борди. Онаси пулим етмаяпти деб бошқа жўнатмай қўйди. Бир куни уларникига боғча опаси кириб келди:
–Сизларни кам таъминланган оилалар рўйхатига ёзиб куйдим. Эртадан бошлаб Асаджонни боғчага олиб бораверинг. Давлат уни ўз ҳимоясига олган, –деди.
Бироқ онаси уни эртаси куни ҳам, кейин ҳам боғчага олиб бормади. Бола боғчага бораман деб йиғлаганида, унинг юзига бир тарсаки тушурди ва
–Менга давлатнинг садакаси керак эмас, –деб бақириб йиғлаб юборди.
Шундан сўнг бола боғча ҳакида бошқа гапирмади. Тўғрироғи, гапиришга қўрқди. Мурғаккина қалбида ёлғизликнинг, умидсизликнинг поялари илдиз отиб борар, кун бўйи боғча опасини кўргиси келарди. Боғча опаси яхши-да, ҳеч ҳам урмасди, доим кулиб гапирарди. Кундузги уйқудан олдин эртаклар айтиб берарди. Битта қилиб ўрилган узун сочларини гуруҳдаги қизалоқлар ҳайрат билан ушлаб кўришарди. Бундан боғча опанинг жаҳли чиқмас,
завқ билан кулар эди.
Опасининг картабозлиги тугади. Ўзига ўзи қайсидир қўшикни хиргойи қилиб, мамнун ҳолда уйни йиғиштира бошлади. Боя қирқилган сочларини челакка ташлади. Болага қараб:
–Асаджон мана буни тез бўшатиб кел, –деди –Факат тез!
Бола челакни кўтариб пастга чопди. Бўйи пастлиги боис чиқиндилар, турли ахлат тошиб турган қутига челакни кўтариб етказа олмади, пастда ўзидан бадбўй ҳид таратиб турган қовун пўчоқларининг устига челакни ағдарди.
–Ҳой, исқирт, нима қиляпсан?
Шанғи товушдан бола чўчиб кетди. Ўрик дарахти остидаги скамейкада ўтирган Фотима хола унга кўзларини чақчайтириб қараб турарди:
–Авлодингга тортдингми? Турқинг қурсин, сенларнинг дастингдан бу ҳаводан нафас олиб бўлмай қолди-ку?
Бола елкасини қисганча уйга кириб кетди. Опасига Фотима холанинг гапларини айтишга кўркди. Опаси нега бизга гап эшиттирдинг деб чимчилаб олиши мумкин.
–Асаджон, юр овкатланамиз.
Бола унга эргашди. Опаси совутгичдан кечаги макарон овкатни олиб, газнинг устига қўйиб, жиз-биз қилиб иситди, устига пиёз тўғради.
–Опа, овкат емайман, пиёзи бор аччиқ – деди бола ғингшиб. Опаси ниманидир эслади. Нариги хонага югуриб кетди. Қўлида бояги телефони билан қайтиб келди.
–Кел, пиёзни олиб ташладим, мен ҳам емайман. Қиз дам овқатдан чўқилаб дам телефонининг тугмаларини босиб ўтирар, бола ҳеч нарса емай хомуш қараб турарди.
–Ол, нега емаяпсан?
–Мен конфет ейман.
–Онам меҳмонга деб олиб қўйганлар ку, билсалар жаҳллари чиқади!
–Шу пайт телефон бор овози билан аллақандай мусиқани чала бошлади. Опаси шошиб уни қулоғига тутди.
–Ҳозир, ҳозир, – деди шивирлаб.
Сўнг болага қараб.
–Мен ҳозир келаман. Сен жим ўтириб тур – деди.
Бола хархаша қилиб кўнмади. Мен ҳам бораман деб йиғлай бошлади. Висол опаси уни ҳеч тинчита олмагач, совутгичдан иккита шоколад олди-да, қўлига тутқазди:
–Энди дамингни чиқарма.
Опаси сочларини ёйиб, лабларига бўёк суртиб, кийимларига такрор такрор атир сепди. Бола оғзидаги шоколадни сўрганича унга киприк қоқмай қараб турарди. Опаси кетгач, бола совутгични очиб, яна тўртта шоколадни ҳам паққос туширди. Кейин деразадан пастга қаради. Ҳовли болалар билан гавжум. Кимдир копток тепган, кимдир арғамчи учган. Ҳув наридаги скамейкада иккита қизча мароқ билан музқаймоқ ялаяпти. Бола уларга ҳавас билан қаради. Тушиб ўйнай деса, онаси келиб қолади, кейин:
–Мен йўғимда ҳар ким билан ўйнама, тарбиянг бузилади, деб каҳрланади. Жаҳл устида шапалоқ тортиши ҳам мумкин.
Лекин боланинг тоқати тоқ бўлди. Сирли челакдаги сувдан бир кружкани тўлдириб сипқарди-да, шиппагини кийиб, ҳовлига тушиб кетди. Копток ўйнаётган болалар томонга юра туриб, яна Фотима холанинг шанғи товуши кулоғига чалинди:
–Шоди алкашнинг болалари бирам қулоқсиз бўлиб ўсяпти. Онасига айтай десам, бирпасда юрагини чангаллайди. Шўринг курғурларни отаси ҳам бекорга ташлаб кетмаган да. Ўрик дарахти остида уймалашиб ўтирган хотинлар уни жим тинглайди. Нигоҳлари эса болада.
Бола гап ўзи ҳакида бораётганлигини сезди. Катта-катта кўзларини ерга тикканча улардан узоклашди. Мана шу хотинлар тушдан кейин ўрикнинг тагига тўпланишади. Шу билан қоронғи тушганда уйларига киришади. Бола ойисининг ҳам уларга қўшилиб ўтиришини, кўп-кўп ҳангома қилишини истайди. Ўшанда у ҳам ўртоклари билан кўп-кўп ўйнармиди.
Бола ўртоклари билан ўйинга киришиб кетди. Уни дарвозабон қилишди. Тенгдошларига нисбатан бўйи ҳам пастроқ. Ҳаракатлари ҳам бўшашган. Икки марта тўпни ўтказиб юборгани учун Шоҳруҳдан боплаб сўкиш эшитди. Кейин уни ўйиндан четлаштиришди. Ўйинга маҳлиё бўлиб, қош қорайганини ҳам сезмабди. Бир пайт ортидан онасининг товуши эшитилди.
–Асаджон, бу ёққа кел.
«Ана, ҳозир бақирса керак». Онаси кўлидаги оғир сумкаларни ерга кўйганича унга ўйчан тикилиб турарди. Бола югуриб бориб, салом берди. Онасининг сумкаларини кўтаришга ёрдамлашмоқчи бўлди.
–Қўй, болам, сенга оғирлик қилади.
Онаси сумкаларини чираниб елкасига олди. Подъездга кираётиб ўзига тикилиб турган қўшни аёлларга қараб:
–Яхшимисизлар, – деди.
–Уйга киришганда бола ирғишлаб хонтахтанинг олдига чопди. Боя опаси совутиб қўйган чойдан бир пиёлага қуйиб онасига узатди. Онаси жилмайиб қўйди ва чойни ютоқиб ичиб юборди. Сўнг ичкари хонага бир назар ташлаб:
–Висол опанг қани? – деб сўради. Бола елкасини қисди, кейин бийрон тили билан:
–Ҳозир келсалар керак. Дугоналари чақирган эди, – деди.
Онасининг қошлари чимирилди.
–Овқат ҳам қилмабди, – деб ҳомуза тортди.
Халталаридан бирини очиб, рангли қаламлар ва расм дафтар олди.
–Ўғлим, бугун савдо яхши бўлди, мана бу сенга совға !
Боланинг шодлиги ичига сиғмай кетди. Расм дафтарга аввал онаси атиргулнинг суратини чизди, кейин уни қизил қалам билан бўяди. Сўнг боланинг қўлига қалам тутқазиб:
–Энди хоҳлаган нарсангни чиз, – деди.
Бола нима чизишни билмай бироз ўйланиб турди. Кейин хаёлига келган фикрдан дадилланиб, саҳифага аллақандай чизиқлар торта бошлади. Узоқ уринишлардан сўнг  эгри бугри шакллар ҳосил қилди. Бу боланинг тасаввурида тикланган боғчанинг сурати
эди. Энди боғча опасининг расмини чизмоқчи бўлди. Қандай чизишни билмай онасидан кўмак сўрамокчи бўлиб, бош кўтариб қараганида, онаси ёнбошлаган куйи ухлаб қолган, нариги хонада Висол опаси лаб бўёғини шоша-пиша ўчириш билан овора эди.

КАМАЛАК

Май ойининг сўнгги кунлари… Қуёш саҳарлаб сахий нурлари билан марварид — шабнам томчиларни эрита бошлаган, юзи ювилган майсалар майин эпкинда оҳиста тебранади. Қалин тупроқли йўлдан бамайлихотир велосипед ҳайдаб бораётган Маъруф ака узоқ кенгликларга туташиб кетган далаларга меҳр билан тикилади. Мана шу кўм-кўк дала унинг эсини танитган, ғўзанинг илк чопиғидан тортиб пахта теримигача, буғдойнинг майса бўлиб униши-ю ўримга олиниши – ҳаммаси ўнгида ҳам, тушида ҳам бирдек кўз олдидан кетмайди — ҳаётининг мазмунига айланган.
Тутзор ёқалаб чапга бурилар экан, ўнг томондаги шийпонга кўз ташлади. Шаҳардан келган ҳашарчи талабалар бирин-кетин чиқиб, эринчоқлик билан юз қўлларини ювмоқда. “Ҳаҳ, ёшлар-а, ҳозир кўзларинг тўла уйқу, энг ширин палладасизлар, менинг ёшимдагилар эса юлдуз санаб тонг оттиради”. Чопиқчи талабаларга бир лаҳза ҳавасланиб қараб турди-да, яна шошмасдан йўлида давом этди.
Мана қирқ йилга яқинки даладан бери келмайди. ”Бундай чопиқчи талабаларнинг қанчасини кўрди. Аввалги талабалар бошқачароқ эдими, ё менга шундай кўринармикан? Бурунги ҳашарчиларнинг бир қўлида кетмон, бир қўлида китоб бўларди. Кечалари ҳам ўтириб олиб бир-бирлари билан узундан узоқ мушоиралар ўтказишарди”. У пайтлари Маъруф аканинг ўзи ҳам ёш бўлган, шеърхонларнинг даврасида бир чеккада томошабин бўлар, ёддан шеър айтаётган йигит қизларнинг жўшқинлигини кўриб ҳайрат билан тикиларди.Ўша дамлардаги қайноқ муҳит хотирасида муносиб из қолдирган бўлса керак, баъзи бир сатрларни ёддан эслайди. «Яшагин-у, аммо хазон бўлма сен…». Ҳозирги талабалар бутунлай бошқа. Навбати келган пайтларда далада ётиб қолади, қулоқни қоматга келтирадиган мусиқа товуши Маъруф аканинг қуш уйқусини аллақаерларга учириб кетади…
Бир куни шовқиндан ҳеч ухлай олмади. Кўзларини ишқалаганича туртиниб- суриниб шийпонга борди. Каттароқ кўринган йигитга шу гапиради, индамайди, қараса бу ёкда магнитафон варанглайди, йигитча бўлса ҳалигиндай симларни қулоғига тақиб олган. Тавба, кайси бирини эшитади бу олифта…
Кичиккина ҳовузнинг рўпарасида шамолда ҳилпираб турган қамиш чайлага етиб келди. Демак, ҳали Ғайрат ўрнидан турмаган. Қизиқ, қўлидаги ҳалиги матоҳи бўлмаса, нега кеч ётган бўлса? Кириб пишиллаб ухлаб ётган Ғайратни туртқилади:
–Ҳой, Қулоқбой, турсангчи, пешин бўлди. Ғайрат юзига ёстикни буркаб нариги томонга ағдарилди.
–Ҳа, Қулоқбой, қулоғинг чарчамай кўзинг толикдими?- Маъруф ака баттар овозини баландлатди , — Темиртагингни топиб олдингми дейман?
Ғайрат ғўлдираб — ғўлдираб ўрнидан турди. Асли ранги пушти бўлган, лекин кирлигидан малла тусга кириб қолган сочиғини елкасига ташлади-да, ташқарига чиқди. Бетон ариқчадан оқаётган муздек сувга бет-қўлини ювар экан, қизарган кўзларини Маъруф акага тикиб кулимсиради:
–Эй, Марип ака, сиз шохида юрсангиз, мен баргида юраман. Зўр бериб бўйинларини артар экан, гапида давом этди: Шундай кеттиз, югуриб шийпонга бордим. Шаҳарлик ойимтиллалардан телефон олиб гудок жўнатавердим. Ҳув анави тўртинчи тутнинг ковагига яшириб кетибсиз. Бир хониш қилди мени қутқар деб!
Маъруф ака ўзининг соддалигидан ўзи хижолат бўлгандай, кўзларини олиб қочди, лекин катор таралган эгатларга кўзи тушиб, серажин пешонаси тиришди ва Ғайратга ўгирилди:
–Хўш, бугун каерни сув бостирдинг?
–Ие,сув босди дейсизми? Ҳаммаси жой-жойида. Аввал суғориб,кейин «касалим»ни тингладим-да! Ўзингиз ҳам ёмон бўшсиз-да. Шундоқ қизилни боссангиз ўчади-ку!
Ғайрат чўнтагидан кичик мобил телефонини олиб экранини ёқди-да, аллакимга ракам тера бошлади.
“ Шу бир дақиқада икки хил гапирди-я. Сенларнинг дарду-хаёлинг тилпон, ётсанг ҳам, турсанг ҳам, овкат есанг ҳам қулоғингда шанғиллаб туриши шарт, кечаси кучоқлаб ётмасанг, уйкунг келмайди”.
Эгатларнинг бир чеккасидан юриб борар экан, ғўзаларнинг барк уриб яшнашига диққат қилди: Сув бор экан, шу яшиллик бор-да,-деб ўйлади.Ўтган гал экинларни суғориш Ғайратнинг гали эди. Ёшлик қилиб ухлаб қолдими, ё телефонда кўп валақлашганми, у ёғи ўзига аён. Эрталабгача ҳамма ёқни сув босган, лойга кўмилган ғўзалар худди ёрдам сўрашга орият қилганидек яккам-дуккам жойда серрайиб турар эди. Каҳҳор фермернинг роса хуноби чиқди. Бир соатга яқин Ғайратни тикка қилиб қўйиб, бўралатиб сўкди. Кейин Маъруф акага ўгирилиб:
–Сиз бугундан бошлаб дам оласиз, Манави “Жими” икки ойгача ҳам ўзи учун, ҳам сиз учун ишлайди! Лекин маош олмайди! Гап шу, агар яна бузоқига айлансанг кунингни кўрсатаман!!!
Ҳар нечук Каҳҳор фермернинг важоҳати Ғайратни анча қўрқитди. Ҳайтовур бинойидай ишламоқда, лекин ҳали ҳам болалиги бор. Қўлидаги матоҳини ҳеч унутолмайди.
–Маъруф ака мана бу сизга экан, хўжайин ташлаб кетди, –Ғайрат кулимсираб газетага ўроғлик бир нарсани узатти –Ойнинг охирига яна берар эканлар.
«Ойлик беряпди, одамни жуда хижолат қилади-да, бу Қаҳҳор,бу ойга айтарли ҳеч иш қилмаган бўлсам, ҳаммасини мана бу боланинг ўзи эплади »
–Маъруф аканг кўз қулоқ бўлмаганида бу ерларни денгизга айлантирган бўлар эдинг, деди хўжайин, –Ғайрат унинг кўнглидагини пайқагандек қўшимча қилди.
Маъруф ака Ғайрат билан яна бирон соат гурунглашиб ўтирди, ўчоқда қайнаган қумғон чойни уйидан олиб келган ёнғоқ, майиз билан эрмак қилди. Кечгача қилиниши зарур бўлган юмушларни бирма бир йўл йўриғини тушунтирди-да йўлга чиқди.
«Бу Қаҳҳор деганлари жуда кайсар-да, барибир айтганини қилдирди-я … Чўнтагида дўппайиб турган пулни пайпаслаб кўйди. Пул деганлари рўзғорнинг ўпқонига изсиз кириб кетади. Уч кундан буён кампири Инобат қулоқ миясини қоқиб қўлига бераётган эди “Томоқни ҳеч ким ўйламайди факат менга керакми қора қозон! Уйимдаги эркаклар кўзини очиб ухлашни билади, холос» Қизиқ, шунақа гаплар авваллари айтилармиди ўзи… Талъатнинг иши гумбурлаган ривожланган пайтларда гуруч, ёғ деганларини ҳозиргидек килолаб эмас, қоплаб сотиб олишарди.
Тупроқ йўл анча қизиб қолган кўринади. Маъруф ака велосипеддан тушди, шиппагини ечиб, оёғини тупроққа ботирди. Қуёш ёғдусида оч жигарранг тусда товланаётган тупроқ бирмунча илиган эди. Маъруф ака шошмасдан шимининг почасини қайирди. Шиппагини велосипедга илинтириб ялангоёқ юра бошлади. Ҳар қадам ташлаганида ернинг ҳарорати бутун танасини қиздириб ғалати титроқ пайдо қилади. Тупроқка кўмилиб оқиш тусга кирган панжалари қизий бошлайди. Маъруф ака болалигиданоқ тупроқли йўлларни кўриши билан устидаги кийими янгими, эскими, фарқи йўк, тап тортмай тупроқ тўзғитиб юришни бошлар эди. Ҳозирги шимини қайириб олиш одати кейин пайдо бўлган эди. Раҳматли келини Мадинахонни аяганидан, уст-бошини авайлайдиган одат чиқарган эди. Мадина келин қийналмасин, кир ювганда нозик қўллари толиқмасин дер эди.
Тутзор тугайдиган йўлдан муюлишга чиққанида узоқдан аллакимнинг қораси кўринди. Маъруф ака шошиб оёқларини қоққан бўлиб, яна шиппагини кийиб олди, велосипедга ўрнашиб йўлида давом этди. «Ёш бўлсанг ҳам гўрга эди, Кўрганлар хаёлроқ бўлиб қолибди, демасин қариганингда. Қаршисидан келаётган одамни ўн-ўн беш кадам яқинлашиб қолганда таниди: Ўзидан уч-тўрт ёш каттароқ Йўлчибой ака экан. Қадди тик, ўртача гавдасига мос корин ҳам қўйиб олган. Шахдам кадам ташлаб, йўлнинг намхушроқ жойидан келмоқда эди. Маъруф аканинг юзига табассум югурди.:
–Йўлчибой ака, йўл юриб чарчамас экансиз-да!
–Пастки биргаддаги божам қизини чиқарган. Бугун қуда чорлади эмиш. Оёқ ўлгур қақшайди,бормайман десам камбағалнинг тўйини писанд қилмадинг, дейди божам. Шунақа-сиркаси сув кўтармайдиганлардан !
–Ҳа, қари одамни тинч қўйишмайди денг, –Маъруф ака яна ҳазиллашди хайрлашатуриб.
Йўлчибой ака бирдан тўхтаб, юзи жиддийлашди:
–Марип, катта ўғлинг тузукми?
–Ҳа, бинойидай, худога шукур, – Маъруф аканинг ичи шув этди, «Тағин у ер-бу ерда ичиб, бемаза қилиқ қилдимикан»
–Энди сан билан манга нариги эшик кўриниб қолди. Ёшларни эҳтиёт қилиш керак…Кўнглига йўл топиб яна уйлантириб қўй, бола пақир анча чўкиб қолибди.
–Кўнмаяпди-да, Йўлчибой ака, – ҳали яраси битмаган шекилли,- шундай деб ҳорғин ҳолда йўлида давом этти.
Йўлчи аканинг гапи туфайли бирдан руҳи тушиб кетди. Мажолсиз юра бошлади. «Одамлар ҳам бекорга гапирмайди. Жуфт-жуфт бўлиб яшаганда ҳикмат кўп. Нариги эшик кўриниб қолди… дейдими Йўлчибой ака? Ҳаёт баъзида дийдаси қотган катталар қолиб, кичикларнинг кўз ёшини оқизади. Ажал деганлари бешафқат кирғоққа яқинлашиб қолганларни олмай, денгизнинг мавж тўлқинида эркаланиб юрганларни чақириб оладими? Маъруф аканинг юзи аламдан буришиб кетди, намланган кўзларини артар экан, юришдан тўхтади. Қишлоқка кираверишда кўндаланг ўтган катта ариқ бор. Шу ариқнинг икки ёқаси тол билан қопланган. Ариқнинг Пастки қишлоқ ва Юкори қишлоққа айриладиган жойидан бошлаб, паст бўйли тутлар яшнаб турибди. Маъруф ака бир зум ўзи юрадиган йўлга қараб турди-да, тутлар томонга қараб кайрилди. Миясига келган ўйдан дадилланиб тез-тез юра бошлади. Қора тут теради Райҳонга! Бир маза қилсин, попукой набираси.
Бу тутлар бундан олти етти йил илгари Каҳҳор фермернинг ташаббуси билан экилган эди:
–Ҳамманг пилла боқасан, барг излаб қўшни қишлоққа тиланчи бўлмайлик, ўзимиздан чиқсин деган эди. Мана ҳосилга ҳам кириб қолди.Сояроқда жойлашганига қарамай даладаги тутлар билан баравар ҳосилга қилади.
Тутзор томондан келаётган салқин шамолдан танаси яйради, чуқур-чуқур нафас олди. Ўзидан қуюқ соя ташлаб турган биринчи тутнинг олдига келиб, бироз тин олди. Ҳақикатдан ҳам нариги эшик деганлари яқин қолдими, кейинги пайтларда тез-тез чарчайдиган бўлиб қолибди Ҳар замонда чап кўкрагида игна қадалгандай санчиқ туради. Шу ўлим деган сўз Маъруф аканинг хаёлида бот-бот айланадиган бўлиб қолган. Илгарилари бирорта жаноза, мотам каби хабарлардан унчалар таъсирланмас эди. Шу ипакдек мулойим келини Мадинахон вафот этди-ю, бирор нохуш хабар қулоғига чалинса, кўз олдида тинмай тобут кўтарган одамлар кўринаверади. Ҳалиям Райҳон набираси бор. Эрта-ю кеч бидирлайвериб, кишини зериктирмайди. Ҳозир ҳам бувисининг энка-тенкасини чиқариб, ҳовлида югуриб юргандир…
Мадинахон катта ўғли Талъатнинг суйиб уйланган рафиқаси эди. Кампири маҳалланинг қизларини кўрсатавериб безор бўлган пайтларда кенжатойи Олимнинг чақуви билан Талъатнинг ёстиғи остидан бир сулувнинг суратини топиб олишган, суйганинг шу бўлса айт, олиб берайлик деб қисталанг қилишган эди. Талъатнинг суйдим дегани ҳам яқин жой эмас, нақ Намангандан бўлиб чиқди. Кампирининг узоқдан келин олмаймиз, белимиз чиқиб кетади, беш олтита қўйимиз ҳеч нарса бўлмайди деб жоврашига қарамай –Биз рози- деб оқ фотиҳа берган ҳам Маъруф ака эди. Ҳар ҳолда ёшлар университетда ўқиб юрганидаёқ, аҳдлашганларини кўнгли сезди. Тўй жуда шов-шувли ўтди. Талъат Тошкентда ўқиб юрганидаёк манаман деган хонандалар билан апоқ- чапоқ бўлиб олган, шекилли, битта Иззатбек дегани келиб, ҳаммани рақсга туширди.
–Артислар хапа бўп кетмасин деб тугун- терсак кўтариб чиққан кампирига хонанда Иззатбек:
–Қўйинг хола, Жиззахликларнинг тўйи бизни ҳар доим бой қилган. Давра пулининг ўзи мана бундай бўлди деб –кўрсаткич бармоғини томоғига ишора қилиб кулган эди. У пайтлар Талъатнинг қадамидан ўт чақнар эди. Хушмуомалалиги, уддабуронлиги учун ишида ҳам тез кўтарилди. Ҳар куни оқ қўйлак билан бўйинбоғ тақиб ишга кетарди.Ўша кезлар Мадина келини эрининг ишга кетишида дарвозагача кузатиб кўяди, қайтишида яхши кайтдингизми дея лутф қилади. Кампири тушмагур аввалига жуда энсаси қотти:
–Нима қилади,ўзи юриб чиқиб кетаётган одамга эргашиб, ундан кўра тириклигини қилса бўлмайдими, — дея минғирларди бурчакка қараб.
Мадинахон қизи йўк бу хонадонга худи фариштадай кириб келиб, ҳаммаёкни нурга тўлдиргандек бўлган эди ўшанда Маъруф акага. Уйларидан юз қадам наридаги мактабга ўкитувчи бўлиб ишга кирган, ҳормай-толмай дарс ўтар, сирасини айтганда оилада ҳамма бахтиёр эди. Бошқа келинлардек тонг саҳарлаб туролмаса-да,(кечалари тинмай дарс қилишини чол-кампир билишарди) уйда бўлган пайтлари қайнонасининг ортидан қолмасди.
–Аяжон, нима иш қилай, аяжон оёқларингизни уқалаб кўяйми – дея пилдираб югуриб юрарди. Қайинукалар бирор юмуш айтса-ку, ҳеч йўк демайди, доим шуларнинг уст бошини тозалагани тозалаган.
Маъруф ака келинини келин деб чақирмади, қизим ҳам демади, баланд овоз билан Она-а-ш дея ёнига чорларди.
Бир куни ўртанча ўғли Ориф уйдан ҳовлиқиб чиқди:
–Дада, кеннойим айвонда чўзилиб ётибди,–деди.
Уйда бошқа ҳеч ким йўклиги учун ота-бола ўзлари келинни бир амаллаб ҳушига келтириб олишди. Талъатни ишидан чақириб олишди, кўзлари қўрқувдан олайиб кетган Талъат ўшанда биринчи марта хотинига бақирган эди:
–Менга сени хароб қилиб дунёга келадиган бола керак эмас! Олдирасан!!!
Маълум бўлишича, Мадинахоннинг юрагида туғма нуқсони бор экан. Кейинги пайтларда ранги синниқанлигини ҳам об-ҳаводан деб юрган эди. Талъатнинг ваҳимасига қараганда ҳомиладор бўлиш умуман мумкин эмас экан. Маъруф аканинг наздида ўша кундан бошлаб кампири бир юмалаб ялмоғизга айланди. Гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тўнғиллайдиган одат чиқарди: “Талъатимнинг топгани яримжон чиқди, Қолганларига хунук бўлсаям, туғадигани учрасин, ишқилиб…”
Леқин Мадинахон ҳеч ўзини касалдек тутмади, юраги хуруж қилган кунлар ётиб қолишини айтмаса, бошқа кунларда ўзини тетик тутди, тиним билмади. Ўжарликда Талъатдан қолишмаслигини ҳам кўрсатди. «Ўлсам, ўламан, болани олдирмайман деб туриб олибди.
Ўша кунлари Маъруф ака ўғил уйлантириш дегани одамлар айтганидай бир пиёла иссик чойни келиннинг қўлидан ичиш дегани эмас, бировнинг боласини авайлаш масъулияти – залворли юк эканлигини тушунди. Шундоқ ҳовлига олиб келасан, боланг билан чопқиллаб ўйнаб кулиб юрса бўлди деганлари чала ўйлар бўлиб чиқди. Ўзингнинг боланг сал инқилласа, тур, ётаверасанми, ишингни қил дейсан, лекин бировнинг боласини уйингга олиб келсанг-у, номи совук дард билан оғриганини билсанг-у, ҳеч қандай кўмак беролмасанг… Ғалати бўлар экансан, одам. То набираси дунёга келгунича ўғлидан ҳам кўпроқ Маъруф аканинг тунлари бедор ўтди. “Эй, худо, ёшларга умр бер, жон керак бўлса, мана меникини ол”, – деб худога ёзғирарди…
Ҳайтовур, нолалари вожиб бўлиб, биринчи набира бу уйга шодлик олиб келди. Бола ҳам тирик, онаси ҳам! Маъруф ака етти ойлик туғилган қиз набирасига Райҳон деб исм қўйди. Бошқа она болалар уч кундаёк уйига кайтса, докторлар буларни бир ойга яқин парвариш қилишди.
Райҳон набираси уч ёшга киргунига қадар Мадинахон келини гулгун яшнаб юрди, кўча куйдагилар у ёкда турсин, ҳатто Маъруф аканинг ҳам ич-ичидан бу она-болага ҳаваси келар, оналик бахтидан масрур келинининг юз-кўзини кўрганида боши кўкка етар эди. Бироқ ана шу дилбар лаҳзалар кўпга чўзилмади. Райҳон уч ёшдан ошгач, Мадинахон тез-тез юраги хуруж қилиб, ётиб қоладиган бўлди. Хасталиги зўрайганидан кўзлари киртайиб, юзидан нур қочди. Ана шундай дилгир кунларнинг бирида Талъат тонгданоқ уйда жанжал кўтарди:
–Сенга жон керак эмасми, мен сенга бошқа туғма дегандим!!!
« –Ҳеч нарса бўлмайди,Талъат ака, тиббиёт ҳам адашади. Мана Райҳон ҳам, мен ҳам тирикмиз-ку! Нима, ёлғиз фарзанд билан ўтасизми?» Ўшанда шўрлик келини ёлғиз фарзанд билан ўтамизми? демади…ўтасизми –деди. Калби сезгандир-да, бевақт кетишини…
Йўқ, тиббиёт адашмади… Мадинахон иккинчи ҳомиласи катталашмасданоқ тўшакка михланиб қолди. Дарди оғирлашгани сайин қизалоғига кўпроқ боғланиб қолган, Райҳонни ёнидан кетказмай қизиқ -қизиқ эртаклар айтиб берар, ёмғирли кунларда қайсарлик билан ўрнидан турар, қизини етаклаб кўчага айлантирарди. Набираси ҳам бошқа болалардан айрича ўсди, кўрган одам чала туғилган демайди, фавқуллотда хотираси кучли, ўта қизиқувчан…
Ўша маъшум кунда бир томондан ёмғир шивалар, бир томонда қуёш чарақларди. Мадинахон бугун пича тузукман дея ҳовлига чиқди, сўрида қизи билан узоқ суҳбатлашди, кейин Райҳонни бобосининг олдига ўтқазди:
–Бобонг билан ўтириб тур, мен ҳозир камалакни чақириб келаман, –дея ўзи ошхонага кириб кетди. Маъруф ака келин бирорта овкат қилса керак деб ўйлади, қақатой набирасига камалакнинг сирли рангларини томоша қилдирди, Райҳоннинг ширин гапларига андармон бўлиб, қош қорайганини ҳам сезмабди. Бир пайт ошхона томон кўз ташлади-ю, негадир ичи шиғиллаб кетди:
.–Райҳон, бор, онангга айт, камалак йўқолиб қолди, дегин…
Ўшанда нега шундай деди, ўзи ҳам билмайди, лекин набирасининг:
–Аям, туймади, ухлади, – дейишидан бутун вужуди бўшашиб кетди. Эшик оғзига бориб, секин:
–Она-а-а-ш, – деб чақирди.
Райҳон ҳам чучук тили билан бобосига жўр бўлди:
–Она-а-а-с .
Ичкаридан ҳар доимги
–Лаббай, дадажон, – деган товуш эшитилмади,
Маъруф ака юрак ютиб ичкарига мўралади. Қаради-ю, ранги докадек оқариб, оёқ қўлларини баралла узатиб ерда чўзилиб ётган келинини кўриб, кўз олди қоронғилашиб, беҳол ўтириб қолди…
Таъзия куни Талъат бутунлай ҳушидан айрилди, бошини деворга уриб йиғлайвериб, ҳамманинг юрагини вайрон қилди.
Мадинахоннинг маъракаларидан сўнг, бўзлаб йиғлаётган неварасининг кўз ёшларига чидай олмаган Маъруф ака кампири Инобатни бўралатиб сўкди:
–Сен ўлдирдинг келинимни! Туғ дегансан! Ўғил керак, дегансан нобакор! Шунча хўкиз ўғилларинг каммиди сенга? Уч жоннинг товони сенинг бўйнингда, иймонсиз!
Инобат кампир алланималарни жавраб йиғлади. Талъат отасига тик қараб уни силтаб ташлади:
–Аямни тинч қўйинг, дада!
Маъруф аканинг наздида Талъат учинчи ўлик эди. Ишхонасига биров судрагудек бориб келади, кеч уйғонган кунлари бормай ҳам қўяди. Атрофга маъносиз боқади, уйга ким келади, ким кетади, барисига лоқайд, бирор соат қизи билан куймаланганини айтмаса, уйда бор йўқлиги билинмайди. Ҳамкасблари ичида ҳам қайишадигани чиқмадими, ё ўзини тез қўлга ололмаганигами, бир зумда амалидан айрилди. Чакка сочларига бир тутам оқ тушди. Боя Йўлчибой акага кўнмаяпти деб ёлғон гапирди. Ҳали ҳеч ким юрак бетлаб уйланиш ҳақида оғиз очгани йўк. Охирги ойларда Талъат туппа тузук майхурга айланган: аввалига кўчадан яшириб ичиб келадиган эди, энди бўлса шишани шундоққина тап тортмай уйга кўтариб келади. Ширакайф кўзлари сузилиб, алла паллагача телевизор қаршисида ўтиради, баъзи кунлари ўтирган жойида ухлаб қолади. Гоҳида онасини қучоқлаганича ароқ ҳиди бурқсиб, ўкириб- ўкириб йиғлайди:
.–Нега кўндингиз, ая, шу қишлоқда қиз кўп эди-ку, бошқанинг қўйнида яшасаям, тирик қолса, майли-и-йди… узо-о-клардан термулиб қайтаверардим…
Маъруф ака чўнтагидан боя Ғайрат берган пулни олди. Санаса бир қоп ундан ортгулик миқдорда экан. Дўкондан ун олиб келтирса, кейин ортганига Райҳонига нимадир олиб бериш керак. Қўғирчоғи кўп, онасидан бир дунё эртак китоблар қолган…
Мадинахон вафотидан икки- уч ой ўтгандан сўнг Райҳон набираси бир куни тўсатдан:
–Бобожон, аям камалайди чақиймади-ку, — деб қолди.
Маъруф ака каловланиб гап тополмай турганида Талъат қизини жеркиб берди:
–Камалак бир кўринади-ю, кетади, энди кутма!
–Эмаса, ўзийиз чакийинг…
“Бозорларда камалак ранг мато бўлармикан, Райҳонга ўшанакасидан кўйлак олиб берсам. Ҳа, айтгандай, атлас ҳам камалак рангда-ку, Атлас қўйлак олиб беради, ҳилпиратиб кийиб юрсин …Э, йўк, атлас камалакка ўхшамайди. Атласнинг қора ранги бор! Камалакда қора ранг йўк! Уйга кайтай-чи, ўзидан сўрайман, қаққилдоқ бирор нарса айтар” . Пулини кайтадан шимининг чўнтагига солиб қўйди.
Катта ариқнинг шовуллаб, бўтана бўлиб оқаётган суви Маъруф аканинг хаёлини бўлди. Қўлини чайиш учун анҳор бўйига чўккалади. Эндигина сувга қараб энгашган эди, кимнингдир шарақлаб кулганини эшитди. Овоз ариқнинг нариги ёқасидан келарди: Ўн саккиз ёшлардаги аллақандай навқирон бир йигит билан ўн беш ўн олти ёшлар атрофида бўлган бир дуркун қиз ёнма-ён ўтириб қўлларидаги алланимани берилиб томоша қилишар, тўхтовсиз кулишар эди. «Буларда ҳам тилпон… Кимнинг қизи экан, ёшларнинг ҳаммасини ҳам эслаб қолиб бўлмайди » , –деб ўйлади Маъруф ака. Уларга халакит бермаслик учун аста ўрнидан турди, нарироқка бориб ювинмоқчи бўлди. Аммо қизнинг бир қўллаб ниманидир тебратаётганига аҳамият берди. Тебратаётгани қўлбола коляска бўлиб, ичида икки ёшлар чамалик гўдак бор экан. Маъруф ака гўдакка кўзи тушгандан сўнг бир зум тўхтаб қолди. Гўдакнинг типирчилаши росмана йиғига айлангандан сўнг қиз уни даст кўтарди-да, ёнига олди. Болакай ўғил бола экан, жавдираган кўзлари билан қизга қараб турди-да, яна инжиқлик қилиб йиғлай бошлади. Қиз уни овунсин деган мақсадда бағридан бўшатти, ўзи йигитнинг пинжига тикилганича ҳалиги нарсага андармон бўлди. Болакай алпанг –далпанг қилиб юра бошлади. Маъруф ака унинг нимасинидир Райҳон набирасига ўхшатти. Ё гўдакларнинг ҳаммаси бир-бирига доим ўхшаш эканлигини туйқус ҳис қилдими…Болакай юриб-юриб нақ ариқнинг лабига келиб қолди. Ариқнинг нариги чеккасида анқайиб турган қари амакига бир қараб қўйди. Шу пайт нариги кўчадан бир трактор шовқин солганича ўтиб кетди. Гўдак унинг овозига беихтиёр қулоқ солиб тўхтаб турди. Шовқин тингач, атрофида пир- пир учаётган ола чипор капалакка махлиё бўлиб қолди. Маъруф ака уни капалак кувласа керак деб тахмин қилган эди. Бироқ тусмолида адашди. Бола ҳали капалак қувлаб ўйнайдиган ёшга кирмаган эди. Факат капалак кўздан йўқолиб қолгунча анграйиб турди. Кейин шундоққина оркасига ўгирилмоқчи бўлди-да, оёғи билан тошга қоқилиб ўтириб қолди, лекин йиғламади. Ўтирган жойидан турди-ю, жажжи гавдасини ўнглолмай чайқалди, худди мувозанатини йўқотган полвонлардек бир қалқиб шиддат билан нишаб жойдан мункиб ариққа тушиб кетди. Ҳайқириб оқаётган сув болани бир зумда ўз домига тортиб кетди.
–Райҳон! Райҳон тушиб кетди! — Маъруф ака пичирлаган кўйи ўзини сувга отти. Қиз билан йигит бошини кўтариб воқеани ярим- ёрти англагунларига қадар бир неча сония ўтди. Қиз талмовсираб ариқнинг ёқасига югуриб келди, йигит эса бўлаётган ҳангомага бегона одам аралашганига таъби хира бўлдими, ё шунчаки қўрқиб кетдими, буниси ўзига аён, орқасига қарамай қочиб кетди. Маъруф ака зўр бериб бор кучи билан сузди. Балки сузганлиги ёлғондир, чунки ариқ катта одамнинг нари-бери белидан ошарди. Аниқроғи, лойқаланиб оқаётган сувда бир эмаклаб, бир сувни шалоплатиб, зўр бериб, гўдакка интилди. Болакай анча нарига оқиб кетган экан. Беш олти метрлар чамаси наридан лойқа сув ичидан бир қалқиб калласи кўринди ю, яна кўздан йўқолди. Энди Маъруф ака жон ҳолатда болага томон ҳапкириб ҳовлиқиб бутун гавдаси билан талпинди. Аввал қўлига боланинг сочлари илашди, сўнг елкасидан ушлаб бор кучи билан сувдан тортиб олди.
–Ушла, қизим, тез қўлимдан ол, Маъруф ака ҳансираган куйи болани тепасида чирқиллаб югураётган опасига тутқазди.
–Кеннойим ўлдиради, мени амаки, ҳеч кимга айтманг, илтимос…
Қиз хиқиллаганича йиғлаб, болани қучоқлади. Гўдак бўғилиб йўталар,оғзи бурнидан иркит сув оқарди.
–Қизим, ёлғондан нима наф? Жиянингни тез дўхтирга олиб боришимиз керак. Тағин бирор кор-ҳол бўлиб юрмасин
*** *** *** *** ***
Қишлоқ оқшомлари ўзгача шукуҳли бўлади. Бир томондан чўпон итнинг улигани қулоққа чалинади, бир томондан қўшнининг радиоприёмниги сокин қўшиқ куйлайди. Ҳар замонда товуқ катакдан хўрознинг қичқириши тун бағрига сингиб кетади. Тиниқ гумбаздаги юлдузлар йирик йирик, кўзингизни бир зум юмсангиз, худди йўқолиб қоладигандек жимир — жимир товланади.Маъруф ака тун ярмидан оққанда уйига кириб келди. Бутун вужудида ҳорғинлик бор, лекин қалби хотиржам эди. Сувга чўккан гўдакнинг шифохонада ўзига келгани-ю, қизнинг акалари ва кеннойилари унга қайта-қайта миннатдорчилик билдирганлари бир –бир кўз олдидан ўтди. Балки қизга ўзлари холи қолганда танбеҳ беришар, ҳар калай бугунги қилмиши қиз учун катта сабоқ бўлади.
Узун айвоннинг тўрида телевизор ёқилган, хонтахтанинг чап ёнида Талъат калласини осилтирган кўйи, ўнг томонда эса кампири қийшайиб, деворга суянганича мудрар эди. Набираси Райҳон ҳаммадан юқорида оғзини очганича мириқиб ухлар, чамаси, устига ёпилган кўрпани ҳам тепкилаб ташлаган эди. Маъруф ака Райҳоннинг уст- бошини тўғирлаб кўрпасини ёпиб қўйди. Ёнига ўтириб сочларини силай бошлади. Бирдан эрталабки маоши ёдига тушди. Чўнтагига қўл суқди. Қўлига олган пулларига бир неча сония тикилиб турди-да, кулиб юборди. Чала уйқуда ўтирган ўғли билан кампири сергакланиб, унга савол назари билан қарашди. Маъруф аканинг қўлидаги коғоз пуллар яхшигина сувга бўкиб, ивиб қолган эди. Пулларни олиб гилам устига ёйиб чиқди.
.–Кампир, мана- бу камалакматога етармикан?
Инобат хола ҳеч нарсани тушунмади, лекин Талъат унинг қўлидаги пулларга бир назар ташлади, кейин отасининг юзига қаради.
–Етмаса, мен бераман, дада, –деди ўсиқ соқолларини ишқалаганича алланечук овозда.
–Ҳа, болам, жонинг соғ бўлсин, — деди Маъруф ака ўктамлик билан.–
Ҳали бу уйда шундай яхши кунлар бўлсинки, тўй у томошалар бўлсинки, Райҳон қизим камалак кўйлак кийиб, шундай ўйнасинки!..
Инобат кампирнинг ҳам уйқуси очилди, нималарнидир англагандек бўлиб, набирасига қараб узун ҳомуза тортиб қўйди.

067   Mumtozbegim (Elmira Hazratqulova) o’z yozgan hikoyalarini bir havaskor yozuvchining mashqlari deb biladi. Uning ikki hikoyasini taqdim etish bilan bugun biz bu mashqlarga baho berishni endi sayt o’qirmanlariga havola etamiz.

MUMTOZBEGIM
IKKI HIKOYA
033

   Mumtozbegim (Elmira Hazratqulova) 1983 yil Jizzax viloyati Jizzax tumanida tug’ilgan. 2000-2004 yillarda Jizzax davlat pedagogika instituti “O’zbek tili va adabiyoti” fakulьtetitining bakalavr, 2005-2007 yillarda “O’zbek adabiyoti” yo’nalishida magistratura bosqichlarida tahsil olgan. Hozirda Jizzax davlat pedagogika instituti “O’zbek adabiyoti” kafedrasida o’qituvchi lavozimida ishlash bilan birga “Adabiy-tarixiy asarlarda badiiy ijod masalalari” mavzusida ilmiy tadqiqotchilik (Ph D) faoliyatini ham olib bormoqda. Mahalliy va xorijiy matbuotlarda ilmiy, publitsistik maqolalari e’lon qilingan.

BOLA

–Derazaning oldida ko’p turma. Bu yoqqa kel!
Tashqariga xayolchan tikilib turgan to’rt-besh yoshlardagi bola xohlamaygina orqasiga o’girildi. O’n uch-o’n to’rt yoshlardagi opasi oynaga qarab yelkasiga yoyilgan to’lqinsimon sochlarini taraydi.
–Visol opa, pastda o’ynab kelay.
–Yo’q ,onamning qaytadigan vaqtlari bo’lyapdi, koyiydilar.
Opasining gaplarini eshitib yana tashqariga qaradi. Quyosh qarshidagi o’n ikki qavatli binoning orqasiga berkinganda, onasi uyga kirib keladi. Kelishi bilan sovuq choy so’raydi. Opasi ham shuni esladi, shekilli, yoyiq sochlariga taroq qistirib, oshxonaga qarab yugurdi. Hozir choy qo’yadi. Bola xo’rsinib ko’ydi-da ko’rpachaga cho’kkaladi. Xontaxta ustida sochilib yotgan kartalarni qo’liga olib tomosha qila boshladi. Opasi oshxonadan qaytib keldi. Uning ustidan kuyik hid kelardi.
–Opa, bu kimning rasmi? – qo’lida qirol surati tushirilgan kartani ko’rsatdi bola.
–Ochiq mozorning! – opasi jahl aralash kartalarni yig’ishtira boshladi – Ikkinchi kartalarimni o’ynama! Eskirib qolsa fol ochib bo’lmaydi.
–Nima u – fol?
– Ezmalik qilmay, bor televizoringni ko’r.
Bola opasidan cho’chidi. Bunaqa jahli chiqib turganida bir narsa desa, o’ziga qiyin, o’yib-o’yib chimchib oladi. Indamasdan televizorni yoqdi. Ikkita odam suhbatlashib o’tirgan ekan. Biri qo’llarini silkitib-silkitib gapiradi, ikkinchisi boshini sarak-sarak qilib ma’qullaydi. Bola boshka kanallarni titkiladi. Nihoyat, mulьtfilm topdi. Alouddinning sarguzashtlari bo’lyapti ekan. Bola kiprik qoqmasdan mulьtfilmni tomosha qila boshladi. Opasi ichkaridan katta qaychi ko’tarib chiqdi. Sochlarini qirqa boshladi.
Bolaning xayoli bo’lindi.
– Opa, nega qirqayapsiz?
–Ko’rmayapsanmi, kuyib qoldi !
Bola nigohini yana televizorga qadadi. Alouddinga gapirayotgan qizni birinchi kavatda yashayotgan Alfiya opaga o’xshatdi. Ayniksa, kiyimlari o’xshaydi. Yelkalari ochiq, ko’ksi yarim ochiq holatda yuradi. Bolani ko’rganda
–Ha, Asadchik, asal bo’lib yuribsanmi? — deb bolakayning burnini chimdib qo’yadi.
–Opa, anovi qora kiz, Alfiya opamga o’xshaydimi?
Opasi televizorga o’girilib qaradi-yu, xoxolab kulib yubordi. Keyin o’rnidan turib, orkasini o’girib, sochlarini, qomatini ko’zguga solar ekan, iljaydi:
–Yomonsan, ukaginam, yomonsan!
Bola yomon so’zining yomonligini tushunsa-da, opasining kayfiyati yaxshilanganini sezdi.
–Opa, pastda o’ynab kelay, – deb yalindi.
–Mumkin emas, –dedi opasi jiddiylashib. Keyin bir kishilik divanga uzala tushib yotdi, yostig’ining ostidan telefonini oldi, rakamlarni tera boshladi:
–Allo, Go’zalya! Nega kelmayapsan ? Naq bir soatdan beri kutib o’tiribman.
U yokdan kandaydir uzok javob bo’ldi. Opasining kovog’i solindi.
–Go’zalya, ilojini qil, men hali yaxshi o’rganib olmadim-da.
Yana u tomonni tingladi.
–Bo’lmasa, tuz bilan g’isht birga tushsa nima bo’lishini ayt. Javobni eshitgach, ko’zlari yashnab telefonni joyiga qo’ydi. O’rnidan yengil ko’zg’aldi. Boyagi kartalarni cho’ntagidan olib yaxshilab aralashtirdi. So’ngra xontaxtaning ustiga teskari qilib tera boshladi. Bolaning mulьtfilmi ham tugab u ham beixtiyor tomosha qila boshladi. Lekin opasi unga o’qraydi:
–Bor, ertak kitobingni tomosha qilib o’tir.
Noiloj o’rnidan turdi. Narigi xonada kiyimlar, sochiqlar, disket, dazmol kabi buyumlar qalashib yotgan stolning ustidan ertak kitobini topa olmadi.
–Opa, qayerda?
–Stolning tagiga tushib ketgan, yaxshilab qara!
Kitobini quchoqlab opasining oldiga keldi.
–Opa, Kenja botirni o’qib bering, – deb yolvordi.
–Nari tur, keyinroq.
Bola o’zicha uf tortdi. Kitobni olib varaklay boshladi. Bu kitobni bog’chaga borganda Korbobo sovg’a qilgan. O’shanda rosa xursand bo’lgan edi. Bog’cha maza edi-da. O’rtoklari bilan har xil o’yinlar o’ynar, o’ynab charchamasdi. Bog’chaga atiga bir oy bordi. Onasi pulim yetmayapti deb boshqa jo’natmay qo’ydi. Bir kuni ularnikiga bog’cha opasi kirib keldi:
–Sizlarni kam ta’minlangan oilalar ro’yxatiga yozib kuydim. Ertadan boshlab Asadjonni bog’chaga olib boravering. Davlat uni o’z himoyasiga olgan, –dedi.
Biroq onasi uni ertasi kuni ham, keyin ham bog’chaga olib bormadi. Bola bog’chaga boraman deb yig’laganida, uning yuziga bir tarsaki tushurdi va
–Menga davlatning sadakasi kerak emas, –deb baqirib yig’lab yubordi.
Shundan so’ng bola bog’cha hakida boshqa gapirmadi. To’g’rirog’i, gapirishga qo’rqdi. Murg’akkina qalbida yolg’izlikning, umidsizlikning poyalari ildiz otib borar, kun bo’yi bog’cha opasini ko’rgisi kelardi. Bog’cha opasi yaxshi-da, hech ham urmasdi, doim kulib gapirardi. Kunduzgi uyqudan oldin ertaklar aytib berardi. Bitta qilib o’rilgan uzun sochlarini guruhdagi qizaloqlar hayrat bilan ushlab ko’rishardi. Bundan bog’cha opaning jahli chiqmas,
zavq bilan kular edi.
Opasining kartabozligi tugadi. O’ziga o’zi qaysidir qo’shikni xirgoyi qilib, mamnun holda uyni yig’ishtira boshladi. Boya qirqilgan sochlarini chelakka tashladi. Bolaga qarab:
–Asadjon mana buni tez bo’shatib kel, –dedi –Fakat tez!
Bola chelakni ko’tarib pastga chopdi. Bo’yi pastligi bois chiqindilar, turli axlat toshib turgan qutiga chelakni ko’tarib yetkaza olmadi, pastda o’zidan badbo’y hid taratib turgan qovun po’choqlarining ustiga chelakni ag’dardi.
–Hoy, isqirt, nima qilyapsan?
Shang’i tovushdan bola cho’chib ketdi. O’rik daraxti ostidagi skameykada o’tirgan Fotima xola unga ko’zlarini chaqchaytirib qarab turardi:
–Avlodingga tortdingmi? Turqing qursin, senlarning dastingdan bu havodan nafas olib bo’lmay qoldi-ku?
Bola yelkasini qisgancha uyga kirib ketdi. Opasiga Fotima xolaning gaplarini aytishga ko’rkdi. Opasi nega bizga gap eshittirding deb chimchilab olishi mumkin.
–Asadjon, yur ovkatlanamiz.
Bola unga ergashdi. Opasi sovutgichdan kechagi makaron ovkatni olib, gazning ustiga qo’yib, jiz-biz qilib isitdi, ustiga piyoz to’g’radi.
–Opa, ovkat yemayman, piyozi bor achchiq – dedi bola g’ingshib. Opasi nimanidir esladi. Narigi xonaga yugurib ketdi. Qo’lida boyagi telefoni bilan qaytib keldi.
–Kel, piyozni olib tashladim, men ham yemayman. Qiz dam ovqatdan cho’qilab dam telefonining tugmalarini bosib o’tirar, bola hech narsa yemay xomush qarab turardi.
–Ol, nega yemayapsan?
–Men konfet yeyman.
–Onam mehmonga deb olib qo’yganlar ku, bilsalar jahllari chiqadi!
–Shu payt telefon bor ovozi bilan allaqanday musiqani chala boshladi. Opasi shoshib uni qulog’iga tutdi.
–Hozir, hozir, – dedi shivirlab.
So’ng bolaga qarab.
–Men hozir kelaman. Sen jim o’tirib tur – dedi.
Bola xarxasha qilib ko’nmadi. Men ham boraman deb yig’lay boshladi. Visol opasi uni hech tinchita olmagach, sovutgichdan ikkita shokolad oldi-da, qo’liga tutqazdi:
–Endi damingni chiqarma.
Opasi sochlarini yoyib, lablariga bo’yok surtib, kiyimlariga takror takror atir sepdi. Bola og’zidagi shokoladni so’rganicha unga kiprik qoqmay qarab turardi. Opasi ketgach, bola sovutgichni ochib, yana to’rtta shokoladni ham paqqos tushirdi. Keyin derazadan pastga qaradi. Hovli bolalar bilan gavjum. Kimdir koptok tepgan, kimdir arg’amchi uchgan. Huv naridagi skameykada ikkita qizcha maroq bilan muzqaymoq yalayapti. Bola ularga havas bilan qaradi. Tushib o’ynay desa, onasi kelib qoladi, keyin:
–Men yo’g’imda har kim bilan o’ynama, tarbiyang buziladi, deb kahrlanadi. Jahl ustida shapaloq tortishi ham mumkin.
Lekin bolaning toqati toq bo’ldi. Sirli chelakdagi suvdan bir krujkani to’ldirib sipqardi-da, shippagini kiyib, hovliga tushib ketdi. Koptok o’ynayotgan bolalar tomonga yura turib, yana Fotima xolaning shang’i tovushi kulog’iga chalindi:
–Shodi alkashning bolalari biram quloqsiz bo’lib o’syapti. Onasiga aytay desam, birpasda yuragini changallaydi. Sho’ring kurg’urlarni otasi ham bekorga tashlab ketmagan da. O’rik daraxti ostida uymalashib o’tirgan xotinlar uni jim tinglaydi. Nigohlari esa bolada.
Bola gap o’zi hakida borayotganligini sezdi. Katta-katta ko’zlarini yerga tikkancha ulardan uzoklashdi. Mana shu xotinlar tushdan keyin o’rikning tagiga to’planishadi. Shu bilan qorong’i tushganda uylariga kirishadi. Bola oyisining ham ularga qo’shilib o’tirishini, ko’p-ko’p hangoma qilishini istaydi. O’shanda u ham o’rtoklari bilan ko’p-ko’p o’ynarmidi.
Bola o’rtoklari bilan o’yinga kirishib ketdi. Uni darvozabon qilishdi. Tengdoshlariga nisbatan bo’yi ham pastroq. Harakatlari ham bo’shashgan. Ikki marta to’pni o’tkazib yuborgani uchun Shohruhdan boplab so’kish eshitdi. Keyin uni o’yindan chetlashtirishdi. O’yinga mahliyo bo’lib, qosh qorayganini ham sezmabdi. Bir payt ortidan onasining tovushi eshitildi.
–Asadjon, bu yoqqa kel.
«Ana, hozir baqirsa kerak». Onasi ko’lidagi og’ir sumkalarni yerga ko’yganicha unga o’ychan tikilib turardi. Bola yugurib borib, salom berdi. Onasining sumkalarini ko’tarishga yordamlashmoqchi bo’ldi.
–Qo’y, bolam, senga og’irlik qiladi.
Onasi sumkalarini chiranib yelkasiga oldi. Pod’ezdga kirayotib o’ziga tikilib turgan qo’shni ayollarga qarab:
–Yaxshimisizlar, – dedi.
–Uyga kirishganda bola irg’ishlab xontaxtaning oldiga chopdi. Boya opasi sovutib qo’ygan choydan bir piyolaga quyib onasiga uzatdi. Onasi jilmayib qo’ydi va choyni yutoqib ichib yubordi. So’ng ichkari xonaga bir nazar tashlab:
–Visol opang qani? – deb so’radi. Bola yelkasini qisdi, keyin biyron tili bilan:
–Hozir kelsalar kerak. Dugonalari chaqirgan edi, – dedi.
Onasining qoshlari chimirildi.
–Ovqat ham qilmabdi, – deb homuza tortdi.
Xaltalaridan birini ochib, rangli qalamlar va rasm daftar oldi.
–O’g’lim, bugun savdo yaxshi bo’ldi, mana bu senga sovg’a !
Bolaning shodligi ichiga sig’may ketdi. Rasm daftarga avval onasi atirgulning suratini chizdi, keyin uni qizil qalam bilan bo’yadi. So’ng bolaning qo’liga qalam tutqazib:
–Endi xohlagan narsangni chiz, – dedi.
Bola nima chizishni bilmay biroz o’ylanib turdi. Keyin xayoliga kelgan fikrdan dadillanib, sahifaga allaqanday chiziqlar torta boshladi. Uzoq urinishlardan so’ng  egri bugri shakllar hosil qildi. Bu bolaning tasavvurida tiklangan bog’chaning surati
edi. Endi bog’cha opasining rasmini chizmoqchi bo’ldi. Qanday chizishni bilmay onasidan ko’mak so’ramokchi bo’lib, bosh ko’tarib qaraganida, onasi yonboshlagan kuyi uxlab qolgan, narigi xonada Visol opasi lab bo’yog’ini shosha-pisha o’chirish bilan ovora edi.

KAMALAK

May oyining so’nggi kunlari… Quyosh saharlab saxiy nurlari bilan marvarid — shabnam tomchilarni erita boshlagan, yuzi yuvilgan maysalar mayin epkinda ohista tebranadi. Qalin tuproqli yo’ldan bamaylixotir velosiped haydab borayotgan Ma’ruf aka uzoq kengliklarga tutashib ketgan dalalarga mehr bilan tikiladi. Mana shu ko’m-ko’k dala uning esini tanitgan, g’o’zaning ilk chopig’idan tortib paxta terimigacha, bug’doyning maysa bo’lib unishi-yu o’rimga olinishi – hammasi o’ngida ham, tushida ham birdek ko’z oldidan ketmaydi — hayotining mazmuniga aylangan.
Tutzor yoqalab chapga burilar ekan, o’ng tomondagi shiyponga ko’z tashladi. Shahardan kelgan hasharchi talabalar birin-ketin chiqib, erinchoqlik bilan yuz qo’llarini yuvmoqda. “Hah, yoshlar-a, hozir ko’zlaring to’la uyqu, eng shirin palladasizlar, mening yoshimdagilar esa yulduz sanab tong ottiradi”. Chopiqchi talabalarga bir lahza havaslanib qarab turdi-da, yana shoshmasdan yo’lida davom etdi.
Mana qirq yilga yaqinki daladan beri kelmaydi. ”Bunday chopiqchi talabalarning qanchasini ko’rdi. Avvalgi talabalar boshqacharoq edimi, yo menga shunday ko’rinarmikan? Burungi hasharchilarning bir qo’lida ketmon, bir qo’lida kitob bo’lardi. Kechalari ham o’tirib olib bir-birlari bilan uzundan uzoq mushoiralar o’tkazishardi”. U paytlari Ma’ruf akaning o’zi ham yosh bo’lgan, she’rxonlarning davrasida bir chekkada tomoshabin bo’lar, yoddan she’r aytayotgan yigit qizlarning jo’shqinligini ko’rib hayrat bilan tikilardi.O’sha damlardagi qaynoq muhit xotirasida munosib iz qoldirgan bo’lsa kerak, ba’zi bir satrlarni yoddan eslaydi. «Yashagin-u, ammo xazon bo’lma sen…». Hozirgi talabalar butunlay boshqa. Navbati kelgan paytlarda dalada yotib qoladi, quloqni qomatga keltiradigan musiqa tovushi Ma’ruf akaning qush uyqusini allaqayerlarga uchirib ketadi…
Bir kuni shovqindan hech uxlay olmadi. Ko’zlarini ishqalaganicha turtinib- surinib shiyponga bordi. Kattaroq ko’ringan yigitga shu gapiradi, indamaydi, qarasa bu yokda magnitafon varanglaydi, yigitcha bo’lsa haliginday simlarni qulog’iga taqib olgan. Tavba, kaysi birini eshitadi bu olifta…
Kichikkina hovuzning ro’parasida shamolda hilpirab turgan qamish chaylaga yetib keldi. Demak, hali G’ayrat o’rnidan turmagan. Qiziq, qo’lidagi haligi matohi bo’lmasa, nega kech yotgan bo’lsa? Kirib pishillab uxlab yotgan G’ayratni turtqiladi:
–Hoy, Quloqboy, tursangchi, peshin bo’ldi. G’ayrat yuziga yostikni burkab narigi tomonga ag’darildi.
–Ha, Quloqboy, qulog’ing charchamay ko’zing tolikdimi?- Ma’ruf aka battar ovozini balandlatdi , — Temirtagingni topib oldingmi deyman?
G’ayrat g’o’ldirab — g’o’ldirab o’rnidan turdi. Asli rangi pushti bo’lgan, lekin kirligidan malla tusga kirib qolgan sochig’ini yelkasiga tashladi-da, tashqariga chiqdi. Beton ariqchadan oqayotgan muzdek suvga bet-qo’lini yuvar ekan, qizargan ko’zlarini Ma’ruf akaga tikib kulimsiradi:
–Ey, Marip aka, siz shoxida yursangiz, men bargida yuraman. Zo’r berib bo’yinlarini artar ekan, gapida davom etdi: Shunday kettiz, yugurib shiyponga bordim. Shaharlik oyimtillalardan telefon olib gudok jo’nataverdim. Huv anavi to’rtinchi tutning kovagiga yashirib ketibsiz. Bir xonish qildi meni qutqar deb!
Ma’ruf aka o’zining soddaligidan o’zi xijolat bo’lganday, ko’zlarini olib qochdi, lekin kator taralgan egatlarga ko’zi tushib, serajin peshonasi tirishdi va G’ayratga o’girildi:
–Xo’sh, bugun kayerni suv bostirding?
–Ie,suv bosdi deysizmi? Hammasi joy-joyida. Avval sug’orib,keyin «kasalim»ni tingladim-da! O’zingiz ham yomon bo’shsiz-da. Shundoq qizilni bossangiz o’chadi-ku!
G’ayrat cho’ntagidan kichik mobil telefonini olib ekranini yoqdi-da, allakimga rakam tera boshladi.
“ Shu bir daqiqada ikki xil gapirdi-ya. Senlarning dardu-xayoling tilpon, yotsang ham, tursang ham, ovkat yesang ham qulog’ingda shang’illab turishi shart, kechasi kuchoqlab yotmasang, uykung kelmaydi”.
Egatlarning bir chekkasidan yurib borar ekan, g’o’zalarning bark urib yashnashiga diqqat qildi: Suv bor ekan, shu yashillik bor-da,-deb o’yladi.O’tgan gal ekinlarni sug’orish G’ayratning gali edi. Yoshlik qilib uxlab qoldimi, yo telefonda ko’p valaqlashganmi, u yog’i o’ziga ayon. Ertalabgacha hamma yoqni suv bosgan, loyga ko’milgan g’o’zalar xuddi yordam so’rashga oriyat qilganidek yakkam-dukkam joyda serrayib turar edi. Kahhor fermerning rosa xunobi chiqdi. Bir soatga yaqin G’ayratni tikka qilib qo’yib, bo’ralatib so’kdi. Keyin Ma’ruf akaga o’girilib:
–Siz bugundan boshlab dam olasiz, Manavi “Jimi” ikki oygacha ham o’zi uchun, ham siz uchun ishlaydi! Lekin maosh olmaydi! Gap shu, agar yana buzoqiga aylansang kuningni ko’rsataman!!!
Har nechuk Kahhor fermerning vajohati G’ayratni ancha qo’rqitdi. Haytovur binoyiday ishlamoqda, lekin hali ham bolaligi bor. Qo’lidagi matohini hech unutolmaydi.
–Ma’ruf aka mana bu sizga ekan, xo’jayin tashlab ketdi, –G’ayrat kulimsirab gazetaga o’rog’lik bir narsani uzatti –Oyning oxiriga yana berar ekanlar.
«Oylik beryapdi, odamni juda xijolat qiladi-da, bu Qahhor,bu oyga aytarli hech ish qilmagan bo’lsam, hammasini mana bu bolaning o’zi epladi »
–Ma’ruf akang ko’z quloq bo’lmaganida bu yerlarni dengizga aylantirgan bo’lar eding, dedi xo’jayin, –G’ayrat uning ko’nglidagini payqagandek qo’shimcha qildi.
Ma’ruf aka G’ayrat bilan yana biron soat gurunglashib o’tirdi, o’choqda qaynagan qumg’on choyni uyidan olib kelgan yong’oq, mayiz bilan ermak qildi. Kechgacha qilinishi zarur bo’lgan yumushlarni birma bir yo’l yo’rig’ini tushuntirdi-da yo’lga chiqdi.
«Bu Qahhor deganlari juda kaysar-da, baribir aytganini qildirdi-ya … Cho’ntagida do’ppayib turgan pulni paypaslab ko’ydi. Pul deganlari ro’zg’orning o’pqoniga izsiz kirib ketadi. Uch kundan buyon kampiri Inobat quloq miyasini qoqib qo’liga berayotgan edi “Tomoqni hech kim o’ylamaydi fakat menga kerakmi qora qozon! Uyimdagi erkaklar ko’zini ochib uxlashni biladi, xolos» Qiziq, shunaqa gaplar avvallari aytilarmidi o’zi… Tal’atning ishi gumburlagan rivojlangan paytlarda guruch, yog’ deganlarini hozirgidek kilolab emas, qoplab sotib olishardi.
Tuproq yo’l ancha qizib qolgan ko’rinadi. Ma’ruf aka velosipeddan tushdi, shippagini yechib, oyog’ini tuproqqa botirdi. Quyosh yog’dusida och jigarrang tusda tovlanayotgan tuproq birmuncha iligan edi. Ma’ruf aka shoshmasdan shimining pochasini qayirdi. Shippagini velosipedga ilintirib yalangoyoq yura boshladi. Har qadam tashlaganida yerning harorati butun tanasini qizdirib g’alati titroq paydo qiladi. Tuproqka ko’milib oqish tusga kirgan panjalari qiziy boshlaydi. Ma’ruf aka bolaligidanoq tuproqli yo’llarni ko’rishi bilan ustidagi kiyimi yangimi, eskimi, farqi yo’k, tap tortmay tuproq to’zg’itib yurishni boshlar edi. Hozirgi shimini qayirib olish odati keyin paydo bo’lgan edi. Rahmatli kelini Madinaxonni ayaganidan, ust-boshini avaylaydigan odat chiqargan edi. Madina kelin qiynalmasin, kir yuvganda nozik qo’llari toliqmasin der edi.
Tutzor tugaydigan yo’ldan muyulishga chiqqanida uzoqdan allakimning qorasi ko’rindi. Ma’ruf aka shoshib oyoqlarini qoqqan bo’lib, yana shippagini kiyib oldi, velosipedga o’rnashib yo’lida davom etdi. «Yosh bo’lsang ham go’rga edi, Ko’rganlar xayolroq bo’lib qolibdi, demasin qariganingda. Qarshisidan kelayotgan odamni o’n-o’n besh kadam yaqinlashib qolganda tanidi: O’zidan uch-to’rt yosh kattaroq Yo’lchiboy aka ekan. Qaddi tik, o’rtacha gavdasiga mos korin ham qo’yib olgan. Shaxdam kadam tashlab, yo’lning namxushroq joyidan kelmoqda edi. Ma’ruf akaning yuziga tabassum yugurdi.:
–Yo’lchiboy aka, yo’l yurib charchamas ekansiz-da!
–Pastki birgaddagi bojam qizini chiqargan. Bugun quda chorladi emish. Oyoq o’lgur qaqshaydi,bormayman desam kambag’alning to’yini pisand qilmading, deydi bojam. Shunaqa-sirkasi suv ko’tarmaydiganlardan !
–Ha, qari odamni tinch qo’yishmaydi deng, –Ma’ruf aka yana hazillashdi xayrlashaturib.
Yo’lchiboy aka birdan to’xtab, yuzi jiddiylashdi:
–Marip, katta o’g’ling tuzukmi?
–Ha, binoyiday, xudoga shukur, – Ma’ruf akaning ichi shuv etdi, «Tag’in u yer-bu yerda ichib, bemaza qiliq qildimikan»
–Endi san bilan manga narigi eshik ko’rinib qoldi. Yoshlarni ehtiyot qilish kerak…Ko’ngliga yo’l topib yana uylantirib qo’y, bola paqir ancha cho’kib qolibdi.
–Ko’nmayapdi-da, Yo’lchiboy aka, – hali yarasi bitmagan shekilli,- shunday deb horg’in holda yo’lida davom etti.
Yo’lchi akaning gapi tufayli birdan ruhi tushib ketdi. Majolsiz yura boshladi. «Odamlar ham bekorga gapirmaydi. Juft-juft bo’lib yashaganda hikmat ko’p. Narigi eshik ko’rinib qoldi… deydimi Yo’lchiboy aka? Hayot ba’zida diydasi qotgan kattalar qolib, kichiklarning ko’z yoshini oqizadi. Ajal deganlari beshafqat kirg’oqqa yaqinlashib qolganlarni olmay, dengizning mavj to’lqinida erkalanib yurganlarni chaqirib oladimi? Ma’ruf akaning yuzi alamdan burishib ketdi, namlangan ko’zlarini artar ekan, yurishdan to’xtadi. Qishloqka kiraverishda ko’ndalang o’tgan katta ariq bor. Shu ariqning ikki yoqasi tol bilan qoplangan. Ariqning Pastki qishloq va Yukori qishloqqa ayriladigan joyidan boshlab, past bo’yli tutlar yashnab turibdi. Ma’ruf aka bir zum o’zi yuradigan yo’lga qarab turdi-da, tutlar tomonga qarab kayrildi. Miyasiga kelgan o’ydan dadillanib tez-tez yura boshladi. Qora tut teradi Rayhonga! Bir maza qilsin, popukoy nabirasi.
Bu tutlar bundan olti yetti yil ilgari Kahhor fermerning tashabbusi bilan ekilgan edi:
–Hammang pilla boqasan, barg izlab qo’shni qishloqqa tilanchi bo’lmaylik, o’zimizdan chiqsin degan edi. Mana hosilga ham kirib qoldi.Soyaroqda joylashganiga qaramay daladagi tutlar bilan baravar hosilga qiladi.
Tutzor tomondan kelayotgan salqin shamoldan tanasi yayradi, chuqur-chuqur nafas oldi. O’zidan quyuq soya tashlab turgan birinchi tutning oldiga kelib, biroz tin oldi. Haqikatdan ham narigi eshik deganlari yaqin qoldimi, keyingi paytlarda tez-tez charchaydigan bo’lib qolibdi Har zamonda chap ko’kragida igna qadalganday sanchiq turadi. Shu o’lim degan so’z Ma’ruf akaning xayolida bot-bot aylanadigan bo’lib qolgan. Ilgarilari birorta janoza, motam kabi xabarlardan unchalar ta’sirlanmas edi. Shu ipakdek muloyim kelini Madinaxon vafot etdi-yu, biror noxush xabar qulog’iga chalinsa, ko’z oldida tinmay tobut ko’targan odamlar ko’rinaveradi. Haliyam Rayhon nabirasi bor. Erta-yu kech bidirlayverib, kishini zeriktirmaydi. Hozir ham buvisining enka-tenkasini chiqarib, hovlida yugurib yurgandir…
Madinaxon katta o’g’li Tal’atning suyib uylangan rafiqasi edi. Kampiri mahallaning qizlarini ko’rsataverib bezor bo’lgan paytlarda kenjatoyi Olimning chaquvi bilan Tal’atning yostig’i ostidan bir suluvning suratini topib olishgan, suyganing shu bo’lsa ayt, olib beraylik deb qistalang qilishgan edi. Tal’atning suydim degani ham yaqin joy emas, naq Namangandan bo’lib chiqdi. Kampirining uzoqdan kelin olmaymiz, belimiz chiqib ketadi, besh oltita qo’yimiz hech narsa bo’lmaydi deb jovrashiga qaramay –Biz rozi- deb oq fotiha bergan ham Ma’ruf aka edi. Har holda yoshlar universitetda o’qib yurganidayoq, ahdlashganlarini ko’ngli sezdi. To’y juda shov-shuvli o’tdi. Tal’at Toshkentda o’qib yurganidayok manaman degan xonandalar bilan apoq- chapoq bo’lib olgan, shekilli, bitta Izzatbek degani kelib, hammani raqsga tushirdi.
–Artislar xapa bo’p ketmasin deb tugun- tersak ko’tarib chiqqan kampiriga xonanda Izzatbek:
–Qo’ying xola, Jizzaxliklarning to’yi bizni har doim boy qilgan. Davra pulining o’zi mana bunday bo’ldi deb –ko’rsatkich barmog’ini tomog’iga ishora qilib kulgan edi. U paytlar Tal’atning qadamidan o’t chaqnar edi. Xushmuomalaligi, uddaburonligi uchun ishida ham tez ko’tarildi. Har kuni oq qo’ylak bilan bo’yinbog’ taqib ishga ketardi.O’sha kezlar Madina kelini erining ishga ketishida darvozagacha kuzatib ko’yadi, qaytishida yaxshi kaytdingizmi deya lutf qiladi. Kampiri tushmagur avvaliga juda ensasi qotti:
–Nima qiladi,o’zi yurib chiqib ketayotgan odamga ergashib, undan ko’ra tirikligini qilsa bo’lmaydimi, — deya ming’irlardi burchakka qarab.
Madinaxon qizi yo’k bu xonadonga xudi farishtaday kirib kelib, hammayokni nurga to’ldirgandek bo’lgan edi o’shanda Ma’ruf akaga. Uylaridan yuz qadam naridagi maktabga o’kituvchi bo’lib ishga kirgan, hormay-tolmay dars o’tar, sirasini aytganda oilada hamma baxtiyor edi. Boshqa kelinlardek tong saharlab turolmasa-da,(kechalari tinmay dars qilishini chol-kampir bilishardi) uyda bo’lgan paytlari qaynonasining ortidan qolmasdi.
–Ayajon, nima ish qilay, ayajon oyoqlaringizni uqalab ko’yaymi – deya pildirab yugurib yurardi. Qayinukalar biror yumush aytsa-ku, hech yo’k demaydi, doim shularning ust boshini tozalagani tozalagan.
Ma’ruf aka kelinini kelin deb chaqirmadi, qizim ham demadi, baland ovoz bilan Ona-a-sh deya yoniga chorlardi.
Bir kuni o’rtancha o’g’li Orif uydan hovliqib chiqdi:
–Dada, kennoyim ayvonda cho’zilib yotibdi,–dedi.
Uyda boshqa hech kim yo’kligi uchun ota-bola o’zlari kelinni bir amallab hushiga keltirib olishdi. Tal’atni ishidan chaqirib olishdi, ko’zlari qo’rquvdan olayib ketgan Tal’at o’shanda birinchi marta xotiniga baqirgan edi:
–Menga seni xarob qilib dunyoga keladigan bola kerak emas! Oldirasan!!!
Ma’lum bo’lishicha, Madinaxonning yuragida tug’ma nuqsoni bor ekan. Keyingi paytlarda rangi sinniqanligini ham ob-havodan deb yurgan edi. Tal’atning vahimasiga qaraganda homilador bo’lish umuman mumkin emas ekan. Ma’ruf akaning nazdida o’sha kundan boshlab kampiri bir yumalab yalmog’izga aylandi. Goh oshkora, goh pinhona to’ng’illaydigan odat chiqardi: “Tal’atimning topgani yarimjon chiqdi, Qolganlariga xunuk bo’lsayam, tug’adigani uchrasin, ishqilib…”
Leqin Madinaxon hech o’zini kasaldek tutmadi, yuragi xuruj qilgan kunlar yotib qolishini aytmasa, boshqa kunlarda o’zini tetik tutdi, tinim bilmadi. O’jarlikda Tal’atdan qolishmasligini ham ko’rsatdi. «O’lsam, o’laman, bolani oldirmayman deb turib olibdi.
O’sha kunlari Ma’ruf aka o’g’il uylantirish degani odamlar aytganiday bir piyola issik choyni kelinning qo’lidan ichish degani emas, birovning bolasini avaylash mas’uliyati – zalvorli yuk ekanligini tushundi. Shundoq hovliga olib kelasan, bolang bilan chopqillab o’ynab kulib yursa bo’ldi deganlari chala o’ylar bo’lib chiqdi. O’zingning bolang sal inqillasa, tur, yotaverasanmi, ishingni qil deysan, lekin birovning bolasini uyingga olib kelsang-u, nomi sovuk dard bilan og’riganini bilsang-u, hech qanday ko’mak berolmasang… G’alati bo’lar ekansan, odam. To nabirasi dunyoga kelgunicha o’g’lidan ham ko’proq Ma’ruf akaning tunlari bedor o’tdi. “Ey, xudo, yoshlarga umr ber, jon kerak bo’lsa, mana menikini ol”, – deb xudoga yozg’irardi…
Haytovur, nolalari vojib bo’lib, birinchi nabira bu uyga shodlik olib keldi. Bola ham tirik, onasi ham! Ma’ruf aka yetti oylik tug’ilgan qiz nabirasiga Rayhon deb ism qo’ydi. Boshqa ona bolalar uch kundayok uyiga kaytsa, doktorlar bularni bir oyga yaqin parvarish qilishdi.
Rayhon nabirasi uch yoshga kirguniga qadar Madinaxon kelini gulgun yashnab yurdi, ko’cha kuydagilar u yokda tursin, hatto Ma’ruf akaning ham ich-ichidan bu ona-bolaga havasi kelar, onalik baxtidan masrur kelinining yuz-ko’zini ko’rganida boshi ko’kka yetar edi. Biroq ana shu dilbar lahzalar ko’pga cho’zilmadi. Rayhon uch yoshdan oshgach, Madinaxon tez-tez yuragi xuruj qilib, yotib qoladigan bo’ldi. Xastaligi zo’rayganidan ko’zlari kirtayib, yuzidan nur qochdi. Ana shunday dilgir kunlarning birida Tal’at tongdanoq uyda janjal ko’tardi:
–Senga jon kerak emasmi, men senga boshqa tug’ma degandim!!!
« –Hech narsa bo’lmaydi,Tal’at aka, tibbiyot ham adashadi. Mana Rayhon ham, men ham tirikmiz-ku! Nima, yolg’iz farzand bilan o’tasizmi?» O’shanda sho’rlik kelini yolg’iz farzand bilan o’tamizmi? demadi…o’tasizmi –dedi. Kalbi sezgandir-da, bevaqt ketishini…
Yo’q, tibbiyot adashmadi… Madinaxon ikkinchi homilasi kattalashmasdanoq to’shakka mixlanib qoldi. Dardi og’irlashgani sayin qizalog’iga ko’proq bog’lanib qolgan, Rayhonni yonidan ketkazmay qiziq -qiziq ertaklar aytib berar, yomg’irli kunlarda qaysarlik bilan o’rnidan turar, qizini yetaklab ko’chaga aylantirardi. Nabirasi ham boshqa bolalardan ayricha o’sdi, ko’rgan odam chala tug’ilgan demaydi, favqullotda xotirasi kuchli, o’ta qiziquvchan…
O’sha ma’shum kunda bir tomondan yomg’ir shivalar, bir tomonda quyosh charaqlardi. Madinaxon bugun picha tuzukman deya hovliga chiqdi, so’rida qizi bilan uzoq suhbatlashdi, keyin Rayhonni bobosining oldiga o’tqazdi:
–Bobong bilan o’tirib tur, men hozir kamalakni chaqirib kelaman, –deya o’zi oshxonaga kirib ketdi. Ma’ruf aka kelin birorta ovkat qilsa kerak deb o’yladi, qaqatoy nabirasiga kamalakning sirli ranglarini tomosha qildirdi, Rayhonning shirin gaplariga andarmon bo’lib, qosh qorayganini ham sezmabdi. Bir payt oshxona tomon ko’z tashladi-yu, negadir ichi shig’illab ketdi:
.–Rayhon, bor, onangga ayt, kamalak yo’qolib qoldi, degin…
O’shanda nega shunday dedi, o’zi ham bilmaydi, lekin nabirasining:
–Ayam, tuymadi, uxladi, – deyishidan butun vujudi bo’shashib ketdi. Eshik og’ziga borib, sekin:
–Ona-a-a-sh, – deb chaqirdi.
Rayhon ham chuchuk tili bilan bobosiga jo’r bo’ldi:
–Ona-a-a-s .
Ichkaridan har doimgi
–Labbay, dadajon, – degan tovush eshitilmadi,
Ma’ruf aka yurak yutib ichkariga mo’raladi. Qaradi-yu, rangi dokadek oqarib, oyoq qo’llarini baralla uzatib yerda cho’zilib yotgan kelinini ko’rib, ko’z oldi qorong’ilashib, behol o’tirib qoldi…
Ta’ziya kuni Tal’at butunlay hushidan ayrildi, boshini devorga urib yig’layverib, hammaning yuragini vayron qildi.
Madinaxonning ma’rakalaridan so’ng, bo’zlab yig’layotgan nevarasining ko’z yoshlariga chiday olmagan Ma’ruf aka kampiri Inobatni bo’ralatib so’kdi:
–Sen o’ldirding kelinimni! Tug’ degansan! O’g’il kerak, degansan nobakor! Shuncha xo’kiz o’g’illaring kammidi senga? Uch jonning tovoni sening bo’yningda, iymonsiz!
Inobat kampir allanimalarni javrab yig’ladi. Tal’at otasiga tik qarab uni siltab tashladi:
–Ayamni tinch qo’ying, dada!
Ma’ruf akaning nazdida Tal’at uchinchi o’lik edi. Ishxonasiga birov sudragudek borib keladi, kech uyg’ongan kunlari bormay ham qo’yadi. Atrofga ma’nosiz boqadi, uyga kim keladi, kim ketadi, barisiga loqayd, biror soat qizi bilan kuymalanganini aytmasa, uyda bor yo’qligi bilinmaydi. Hamkasblari ichida ham qayishadigani chiqmadimi, yo o’zini tez qo’lga ololmaganigami, bir zumda amalidan ayrildi. Chakka sochlariga bir tutam oq tushdi. Boya Yo’lchiboy akaga ko’nmayapti deb yolg’on gapirdi. Hali hech kim yurak betlab uylanish haqida og’iz ochgani yo’k. Oxirgi oylarda Tal’at tuppa tuzuk mayxurga aylangan: avvaliga ko’chadan yashirib ichib keladigan edi, endi bo’lsa shishani shundoqqina tap tortmay uyga ko’tarib keladi. Shirakayf ko’zlari suzilib, alla pallagacha televizor qarshisida o’tiradi, ba’zi kunlari o’tirgan joyida uxlab qoladi. Gohida onasini quchoqlaganicha aroq hidi burqsib, o’kirib- o’kirib yig’laydi:
.–Nega ko’ndingiz, aya, shu qishloqda qiz ko’p edi-ku, boshqaning qo’ynida yashasayam, tirik qolsa, mayli-i-ydi… uzo-o-klardan termulib qaytaverardim…
Ma’ruf aka cho’ntagidan boya G’ayrat bergan pulni oldi. Sanasa bir qop undan ortgulik miqdorda ekan. Do’kondan un olib keltirsa, keyin ortganiga Rayhoniga nimadir olib berish kerak. Qo’g’irchog’i ko’p, onasidan bir dunyo ertak kitoblar qolgan…
Madinaxon vafotidan ikki- uch oy o’tgandan so’ng Rayhon nabirasi bir kuni to’satdan:
–Bobojon, ayam kamalaydi chaqiymadi-ku, — deb qoldi.
Ma’ruf aka kalovlanib gap topolmay turganida Tal’at qizini jerkib berdi:
–Kamalak bir ko’rinadi-yu, ketadi, endi kutma!
–Emasa, o’ziyiz chakiying…
“Bozorlarda kamalak rang mato bo’larmikan, Rayhonga o’shanakasidan ko’ylak olib bersam. Ha, aytganday, atlas ham kamalak rangda-ku, Atlas qo’ylak olib beradi, hilpiratib kiyib yursin …E, yo’k, atlas kamalakka o’xshamaydi. Atlasning qora rangi bor! Kamalakda qora rang yo’k! Uyga kaytay-chi, o’zidan so’rayman, qaqqildoq biror narsa aytar” . Pulini kaytadan shimining cho’ntagiga solib qo’ydi.
Katta ariqning shovullab, bo’tana bo’lib oqayotgan suvi Ma’ruf akaning xayolini bo’ldi. Qo’lini chayish uchun anhor bo’yiga cho’kkaladi. Endigina suvga qarab engashgan edi, kimningdir sharaqlab kulganini eshitdi. Ovoz ariqning narigi yoqasidan kelardi: O’n sakkiz yoshlardagi allaqanday navqiron bir yigit bilan o’n besh o’n olti yoshlar atrofida bo’lgan bir durkun qiz yonma-yon o’tirib qo’llaridagi allanimani berilib tomosha qilishar, to’xtovsiz kulishar edi. «Bularda ham tilpon… Kimning qizi ekan, yoshlarning hammasini ham eslab qolib bo’lmaydi » , –deb o’yladi Ma’ruf aka. Ularga xalakit bermaslik uchun asta o’rnidan turdi, nariroqka borib yuvinmoqchi bo’ldi. Ammo qizning bir qo’llab nimanidir tebratayotganiga ahamiyat berdi. Tebratayotgani qo’lbola kolyaska bo’lib, ichida ikki yoshlar chamalik go’dak bor ekan. Ma’ruf aka go’dakka ko’zi tushgandan so’ng bir zum to’xtab qoldi. Go’dakning tipirchilashi rosmana yig’iga aylangandan so’ng qiz uni dast ko’tardi-da, yoniga oldi. Bolakay o’g’il bola ekan, javdiragan ko’zlari bilan qizga qarab turdi-da, yana injiqlik qilib yig’lay boshladi. Qiz uni ovunsin degan maqsadda bag’ridan bo’shatti, o’zi yigitning pinjiga tikilganicha haligi narsaga andarmon bo’ldi. Bolakay alpang –dalpang qilib yura boshladi. Ma’ruf aka uning nimasinidir Rayhon nabirasiga o’xshatti. Yo go’daklarning hammasi bir-biriga doim o’xshash ekanligini tuyqus his qildimi…Bolakay yurib-yurib naq ariqning labiga kelib qoldi. Ariqning narigi chekkasida anqayib turgan qari amakiga bir qarab qo’ydi. Shu payt narigi ko’chadan bir traktor shovqin solganicha o’tib ketdi. Go’dak uning ovoziga beixtiyor quloq solib to’xtab turdi. Shovqin tingach, atrofida pir- pir uchayotgan ola chipor kapalakka maxliyo bo’lib qoldi. Ma’ruf aka uni kapalak kuvlasa kerak deb taxmin qilgan edi. Biroq tusmolida adashdi. Bola hali kapalak quvlab o’ynaydigan yoshga kirmagan edi. Fakat kapalak ko’zdan yo’qolib qolguncha angrayib turdi. Keyin shundoqqina orkasiga o’girilmoqchi bo’ldi-da, oyog’i bilan toshga qoqilib o’tirib qoldi, lekin yig’lamadi. O’tirgan joyidan turdi-yu, jajji gavdasini o’nglolmay chayqaldi, xuddi muvozanatini yo’qotgan polvonlardek bir qalqib shiddat bilan nishab joydan munkib ariqqa tushib ketdi. Hayqirib oqayotgan suv bolani bir zumda o’z domiga tortib ketdi.
–Rayhon! Rayhon tushib ketdi! — Ma’ruf aka pichirlagan ko’yi o’zini suvga otti. Qiz bilan yigit boshini ko’tarib voqeani yarim- yorti anglagunlariga qadar bir necha soniya o’tdi. Qiz talmovsirab ariqning yoqasiga yugurib keldi, yigit esa bo’layotgan hangomaga begona odam aralashganiga ta’bi xira bo’ldimi, yo shunchaki qo’rqib ketdimi, bunisi o’ziga ayon, orqasiga qaramay qochib ketdi. Ma’ruf aka zo’r berib bor kuchi bilan suzdi. Balki suzganligi yolg’ondir, chunki ariq katta odamning nari-beri belidan oshardi. Aniqrog’i, loyqalanib oqayotgan suvda bir emaklab, bir suvni shaloplatib, zo’r berib, go’dakka intildi. Bolakay ancha nariga oqib ketgan ekan. Besh olti metrlar chamasi naridan loyqa suv ichidan bir qalqib kallasi ko’rindi yu, yana ko’zdan yo’qoldi. Endi Ma’ruf aka jon holatda bolaga tomon hapkirib hovliqib butun gavdasi bilan talpindi. Avval qo’liga bolaning sochlari ilashdi, so’ng yelkasidan ushlab bor kuchi bilan suvdan tortib oldi.
–Ushla, qizim, tez qo’limdan ol, Ma’ruf aka hansiragan kuyi bolani tepasida chirqillab yugurayotgan opasiga tutqazdi.
–Kennoyim o’ldiradi, meni amaki, hech kimga aytmang, iltimos…
Qiz xiqillaganicha yig’lab, bolani quchoqladi. Go’dak bo’g’ilib yo’talar,og’zi burnidan irkit suv oqardi.
–Qizim, yolg’ondan nima naf? Jiyaningni tez do’xtirga olib borishimiz kerak. Tag’in biror kor-hol bo’lib yurmasin
*** *** *** *** ***
Qishloq oqshomlari o’zgacha shukuhli bo’ladi. Bir tomondan cho’pon itning uligani quloqqa chalinadi, bir tomondan qo’shnining radiopriyomnigi sokin qo’shiq kuylaydi. Har zamonda tovuq katakdan xo’rozning qichqirishi tun bag’riga singib ketadi. Tiniq gumbazdagi yulduzlar yirik yirik, ko’zingizni bir zum yumsangiz, xuddi yo’qolib qoladigandek jimir — jimir tovlanadi.Ma’ruf aka tun yarmidan oqqanda uyiga kirib keldi. Butun vujudida horg’inlik bor, lekin qalbi xotirjam edi. Suvga cho’kkan go’dakning shifoxonada o’ziga kelgani-yu, qizning akalari va kennoyilari unga qayta-qayta minnatdorchilik bildirganlari bir –bir ko’z oldidan o’tdi. Balki qizga o’zlari xoli qolganda tanbeh berishar, har kalay bugungi qilmishi qiz uchun katta saboq bo’ladi.
Uzun ayvonning to’rida televizor yoqilgan, xontaxtaning chap yonida Tal’at kallasini osiltirgan ko’yi, o’ng tomonda esa kampiri qiyshayib, devorga suyanganicha mudrar edi. Nabirasi Rayhon hammadan yuqorida og’zini ochganicha miriqib uxlar, chamasi, ustiga yopilgan ko’rpani ham tepkilab tashlagan edi. Ma’ruf aka Rayhonning ust- boshini to’g’irlab ko’rpasini yopib qo’ydi. Yoniga o’tirib sochlarini silay boshladi. Birdan ertalabki maoshi yodiga tushdi. Cho’ntagiga qo’l suqdi. Qo’liga olgan pullariga bir necha soniya tikilib turdi-da, kulib yubordi. Chala uyquda o’tirgan o’g’li bilan kampiri sergaklanib, unga savol nazari bilan qarashdi. Ma’ruf akaning qo’lidagi kog’oz pullar yaxshigina suvga bo’kib, ivib qolgan edi. Pullarni olib gilam ustiga yoyib chiqdi.
.–Kampir, mana- bu kamalakmatoga yetarmikan?
Inobat xola hech narsani tushunmadi, lekin Tal’at uning qo’lidagi pullarga bir nazar tashladi, keyin otasining yuziga qaradi.
–Etmasa, men beraman, dada, –dedi o’siq soqollarini ishqalaganicha allanechuk ovozda.
–Ha, bolam, joning sog’ bo’lsin, — dedi Ma’ruf aka o’ktamlik bilan.–
Hali bu uyda shunday yaxshi kunlar bo’lsinki, to’y u tomoshalar bo’lsinki, Rayhon qizim kamalak ko’ylak kiyib, shunday o’ynasinki!..
Inobat kampirning ham uyqusi ochildi, nimalarnidir anglagandek bo’lib, nabirasiga qarab uzun homuza tortib qo’ydi.

03

(Tashriflar: umumiy 328, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring