Naim Karimov. Ikki maqola & Ko’p va xo’b yozgan olim

021

  12 декабрда таваллуд кунини нишонлайдиган Наим Каримовнинг инсон сифатида ҳам, олим сифатида ҳам фазилатлари бисёр: таърифлаб сўз топиб айтиш қийин. Бу шунчаки йўлига айтиладиган қуруқ мақтов эмас. Бори шу аслида. Адабиётга, сўз санъатига беҳад меҳр қўйган, уни қисмат деб билган, умрини буткул шу соҳага бахшида этган, гўё адабиётдан бошқа дарди ҳам, ташвиши ҳам бўлмаган Наим ака каби фидойи олим ҳақида бошқачароқ ўйлаш мумкинми?! Шукр, бундай инсонлар ҳали бор орамизда, лекин кам – бармоқ букиб санарли.

03
КЎП ВА ХЎП ЁЗГАН ОЛИМ
Шоҳсанам Сопиева
02

12 декабрда таваллуд кунини нишонлайдиган Наим Каримовнинг инсон сифатида ҳам, олим сифатида ҳам фазилатлари бисёр: таърифлаб сўз топиб айтиш қийин. Бу шунчаки йўлига айтиладиган қуруқ мақтов эмас. Бори шу аслида. Наим ака гўё бировга халал бериб қўйишдан иймангандек секин, паст товушда гапиради, овози жуда майин. Бу ҳам маданиятнинг, зиёлиликнинг бир кўриниши, албатта. Домлани яқиндан танийдиган ёки бир марта суҳбатлашган одам борки, у ҳақда фақат ва фақат яхши гап айтади. Ўзи билан шахсан таниш бўлмаса-да, асарларини мутолаа қилган, ҳеч қурса биргина мақоласини ўқиган одам у ҳақда ижобий тасаввурга эга бўлади, уни яхши кўриб қолади. Адабиётга, сўз санъатига беҳад меҳр қўйган, уни қисмат деб билган, умрини буткул шу соҳага бахшида этган, гўё адабиётдан бошқа дарди ҳам, ташвиши ҳам бўлмаган Наим ака каби фидойи олим ҳақида бошқачароқ ўйлаш мумкинми?! Шукр, бундай инсонлар ҳали бор орамизда, лекин кам – бармоқ букиб санарли.

Наим аканинг ўзбек адабиётшунослиги равнақи йўлида қилган беминнат хизматлари, яратган ўнлаб дарслик ва монографиялари, йирик илмий-таҳлилий тадқиқотлари, маърифий романлари, ранг-баранг мавзулардаги сон-соноқсиз илмий, публицистик мақолалари, эссею таржималари, қўйинг-чи, адабиётнинг бошқа жанрларида битилган асарлари ҳақида деярли барча – дўстлари, ҳамкасблари, шогирдлари кўп маротаба ёзган, ёзмоқда. Шунингдек, домланинг ўта самимий, хушмуомала, кўнгли юмшоқ ва ниҳоятда камтарин одам, шогирдсевар чин устоз эканини ҳам ҳамма таъкидлайди. Бу гапларни такрорлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Шунигина қўшимча қилиш мумкин: адабиёт, санъат, маданият мавзуида ҳеч бир олим Наим акачалик “кўп ва хўп” ёзмаган, улкан ва салмоқдор ижод хирмони уймаган.

Баъзан домланинг ишхонасига бориб қолсангиз, уни доим қизғин ижод устида учратасиз. Ёки ҳузурида албатта бирор шогирдми (улар орасида домлани кўраман деб азза-базза чет элдан келганлар ҳам бўлади), зиёратга ёхуд бирор илтимос билан келган вилоятлик мухлисми бўлади. Ихчамгина хонанинг ҳамма ёғида: жавону тагкурсиларда китоб, газета ва журнал тахламлари. Иш столи устида ҳам турли қўлёзмалар, суратлар, фотоальбомлар, архив материаллари уюлиб ётади. Домланинг ўзи компьютерини чиқиллатиб ўтирган бўлади. Домлага тенгқур ёки ҳатто ундан ёшроқ баъзи ижодкор ёки олимлар борки, ҳали-ҳамон қўлда ёзади. Энди компьютерни ўрганиш улар учун гўё ойга учишдек мушкул кўринади. Аммо бу ерда ёшнинг ҳеч аҳамияти йўқ экан, хоҳиш, ҳафсала бўлса – бас экан! Наим ака бу борада ҳам бошқалардан бир қадам олдинда, замонавий техникани тезда ўзлаштириб олади, компьютер, интернет тармоқларидан бемалол фойдаланади.

Наим ака ўзи меҳр қўйиб, чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида тақдирию ижодини ёниб-куйиб ўрганаётган, бутун куч-ғайратини номини оқлаб юзага чиқаришга бағишлаган ўзбек маърифатпарварлари сингари тараққийпарвар, табиатида шарқона нозиктаъбликка оврупоча замонавийлик омихталашиб кетган том маънодаги зиёли, маданиятли бир инсон. Адабиёт соҳасида бўладими ёки бошқа соҳадами, ҳар қандай янгиликдан хабардор, матбуотни мунтазам кузатиб боради. Яна денг, ўзи олим қилиб чиқарган шогирдларининг кейинги тақдири билан ҳам доим қизиқади. Уларнинг матбуотда чиққан кичик бир мақоласи, суҳбати ёки таржимаси бўладими, албатта ўқийди, фикр айтади, кўнглини кўтариб қўяди. Ўзи эса ҳамон ўша-ўша – ўн-йигирма йиллар аввалгидек: ташқи кўриниши ҳам, шашту шижоати, пухталиги, ҳозиржавоблиги, тиниб-тинчимаслиги, меҳнаткашлиги ҳам. Ишлаб, ўқиб, изланиб, ёзиб чарчамайди. Чарчамасин ҳам!

08
Наим Каримов
ИККИ МАҚОЛА
02

ЖАДИЛАР 1916 ЙИЛДА

1916 йил қўзғолони ўзбек халқининг миллий озодлик учун олиб борган кураши тарихининг ёрқин саҳифаларидан биридир. Нафақат Туркистон, балки Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг ҳам кўпгина шаҳар ва қишлокдарида гуриллаб ёнган қўзғолон олови, бир томондан, чор ҳокимияти ўтказган зулмнинг ҳаддан ошгани, иккинчи томондан, XX асрнинг 10-йилларига келиб мўмин-мусулмон халқларнинг ижтимоий онги ўсиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ва мустамлакачилик кишанларини парчалаш учун курашга астойдил отланганидан дарак берди.

Жадидларнинг бу миллий озодлик ҳаракатига муносабати ҳақида жуда оз ёзилган. Бу оз маълумотларда ҳам уларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабати фақат салбий баҳоланиб келинган.
Ҳамза ижодининг илк тадқиқотчиларидан бири Шариф Ризо “Янги саодат курашчиси” (1939) деган мақоласида мазкур масалага тўхтаб, бундай ёзган: “Кечагина “оҳ, миллатим!” деб тилини осилтириб юрган жадид зиёлилари ва ўзбек бойлари оқ подшога ўзларининг содиқликларини ва унинг “кўп йиллар” яшаши учун ҳар қандай оғир хизматга тайёрликларини билдирадилар”. Шариф Ризодан тўрт йил аввал “Жадид адабиётининг синфий моҳиятига” сарлавҳали мақоласида Ҳамид Олимжон ҳам бундай сўзларни айтган: “Бу вақтда ўзларини янгилик тарафдори, “инқилобий ” халқ учун курашувчи қилиб кўрсатиб келган, ҳаммага “оч кўзингни “, деб бақирувчи жадидлар йўлда чекилиб қолдилар. Улар исёнчилар билан, инқилобий омма билан бора олмадилар. Исёнчилар ва инқилобчиларнинг йўли ва иши улар учун ёт ва қўлдан келмайдиган бўлиб чиқди “. Атоқли шоир мазкур масала хусусидаги фикрларини жамлаб, “Қўзғолонни босиш, исённи тугатишда жадидлар чоризмга ёрдам қилдилар ” деб ёзган. Шубҳасиз, бу ҳар иккала ёзувчининг жадидларни масхара қилувчи юқоридаги сўзлари совет мафкурасининг талаби билан айтилган.

Агар бу ҳар иккала муаллиф жадидларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабатлари ҳақида йўлма-йўлакай фикр билдирган бўлсалар, совет даврининг таниқли тарихчиси Мавлон Ваҳобов “Ўзбек социалистик миллати” (1960) китобида мазкур масалага махсус ўрин ажратиб, жумладан, қуйидагиларни ёзган: “…туғилиб келаётган ўзбек миллий буржуазияси ва унинг мафкурачилари бўлган жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида подшо ҳукуматига қарши чиқмадилар, аксинча, чоризм ва рус буржуазияси тарафида бўлдилар. Шунинг учун Туркистоннинг ўзбек районларидаги 1916 йил қўзғолони бир бутун халқ қўзғолонига айланмасдан, айрим шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг яккама-якка чиқишидан иборат бўлиб қолди… Ўзбек миллий буржуазияси қўзғолонга раҳбарлик қилган тақдирда қўзғолон катта ютуқларга эришиши мумкин бўларди “.

М.Ваҳобовнинг зикр этилган китобидан кейин кечган вақт мобайнида жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари оқланибгина қолмай, уларнинг ижтимоий, адабий ва маданий-маърифий фаолияти тўғрисида кўплаб китоб, рисола ва мақолалар яратилди. Аммо уларда жадиддарнинг 1916 йил воқеаларига муносабати масаласига аниқлик киритилди, дейиш қийин.

Жадиддар Туркистоннинг XX асрдаги ижтимоий-маданий ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутган бўлмасин, уларнинг сиёсий партияга хос белгилар — раҳбарлик қилувчи марказ, қатъий ҳаракат дастури, низом ва аъзоларга эга бўлмаганини назардан қочирмаслик лозим. Жадидчилик ҳаракати 1905-1917 йилларда янги мактаб, матбуот, адабиёт ва театр, шунингдек, намойишларни ташкил қилиш орқали халқ оммасига муайян таъсир ўтказди. Лекин бу таъсир доирасига халқ оммасининг барча қатламлари жалб этилди, дейишга асос йўқ. Шунинг учун ҳам на қуролли кучлари, на бошқа имкониятлари бўлган жадиддарнинг қўзғолоннинг пировард такдирини била туриб, унга раҳбарлик қилишлари мумкин эмас эди. Тўғри, жадидлар “оқ подшо”нинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармони муносабати билан стихияли бошланган қўзғолондан четда туришлари, уни кўрмасликка олишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам улар қўзғолоннинг дастлабки даврида исёнчилар тарафида бўлдилар, ҳатто уларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турдилар. Лекин Туркистонда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан аниқ ҳаракат дастурига эга бўлмаган омманинг стихияли ҳаракати кўнгилсиз оқибатларга олиб бориши мумкинлигини яхши билган жадиддар исёнчиларга раҳбарлик қилишни ўз зиммаларидан соқит қилиб, қўзғолонни тинч ўзанга буриб юборишга уриндилар.

Бунинг, шубҳасиз, бир неча сабаблари бор. Биринчидан, масалан, 11 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган қўзғолон оқибатида қўзғолончилардан 11 киши ҳалок бўлган, 15 киши эса жароҳат олган. Қўзғолончилар бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам шундай талофат кўрганлар. Иккинчидан, содир бўлган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган уламо қўзғолонга диний тус бермоқчи бўлиб, халқни ғазоватга чақирган. Ғазоват жазавасига тушган омманинг эса ўзини ҳам, “оқ подшо” фармонига алоқаси бўлмаган рус аҳолисини ҳам хонавайрон қилиши ҳеч гап эмас эди. Учинчидан, вазиятнинг жиддий тус ола бошлаганини кўрган Туркистон генерал-губернаторлиги 17 июль куниёқ ўлкада ҳарбий ҳолатни жорий қилди. Фавқулодда ваколатга эга бўлган маҳаллий маъмурият оммавий тартибсизликда иштирок этган ҳар бир кишини ҳарбий ҳолат қонунларига кўра қаттиқ жазолаши мумкин эди. Тўртинчидан, Туркистонга шу кунга қадар раҳбарлик қилган генерал-губернатор аҳоли билан пачакилашишда айбланиб, унинг ўрнига Ўрта Осиёни забт этишда иштирок этган генерал-адъютант А.Н.Куропаткин генерал-губернатор этиб тайинланган ва унга фавқулодда ваколатлар берилган эди. Бешинчидан, чор ҳокимияти қўзғолонни бостириш учун ўлкадаги мунтазам қуролли кучлардан ташқари, яна 14 та батальон, 33 та казак ҳарбий қисми, 42 та тўп ва 69 та пулемёт жўнатган эди.

Ана шундай шароитда жадиддарнинг 1916 йил қўзғолонига бошчилик қилишлари халқ оммасини жар ёқасига етаклаш билан баравар эди.

М.Ваҳобов давом этиб, ёзган: “Миллий буржуазиянинг қўзғолон вактида қилган хоинлиги жадидларнинг хулқ-атворида очиқ намоён бўлди. Жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида халқ ўртасида подшо фармонига сўзсиз бўйсуниш, фронт орқасидаги районларда ишлаш учун мардикор бериш тўғрисида пропаганда юргиздилар. Улар шаҳарларда мардикор олишга ёрдам комиссиялари туздилар. Бу комиссиялар мардикор ёшидаги кишиларни рўйхатга олиш, мардикорга юбориш учун одамлар ёллаш, халкни қўзғолон кўтаришга чақирган кишиларни тутиб бериш каби ишларни қилдилар… ”

Совет тарихчисининг жадиддар шаънига айтган узундан-узоқ айбномасини шу ерда кесиб, қуйидаги далилларни тарих факти сифатида келтиришни хоҳлардим.

Тарих фанлари доктори, таникди олим Ҳамид Зиёев “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” (1998) деган китобида 11 июль куни Тошкентда рўй берган воқеаларни шарҳлаб, бундай маълумотни берган:
“…Халойиқ полиция бошқармасининг мирзаси Терентьевнинг бошини жароҳатлаган. Тошбўрон орқасида Себзор даҳасининг миршаби Саид Исмоилжонов, Шайхантаҳур даҳасининг миршаблари Тиллахўжа Эшмуҳамедов ва Дониёрхўжа Исахўжаев ҳам ярадор қилинади. Аскарлардан уч киши жароҳатланади. Оломон бошқарма идорасини тошбўрон қилиб, унинг дераза ва эшикларини синдиради. Шу пайтда хотинларнинг қўзғолонга қатнашаётганини қоралаган Обид уста Азизхўжаев калтакланади. Бу киши шаҳар касалхонасида ўлган. Прокурор айбномасида шу ҳақда бундай дейилган: “Марҳум Обид уста Азизхўжаевнинг укаси 11 июль куни касалхонага борганида, акаси жон беришдан олдин шундай дейди: “Мен полиция бошқармасининг тагида туриб, шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас, дедим. Шу ондаёқ кишилар ва хотинлар мени кўчага судраб олиб чиқишди. Бу ерда кимлардир биқинимга пичоқ урди “.

Бу хотирада тилга олинган Обид уста Азизхўжаевнинг жадидларга ҳеч бир алоқаси йўқ. Биз унинг “шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас”, деган сўзларини окдамоқчи ҳам, қораламоқчи ҳам эмасмиз. Муддаомиз — қўзғолончиларнинг тахминан шундай сўзларни айтиши мумкин бўлган жадидларга ҳам шу тарзда муносабатда бўлганларини қайд этишдир. (Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги қўзғолончиларнинг шундай сўзларни айтган Абдушукурга бўлган муносабатини эсланг.)
Обид устанинг ҳам, жадиддарнинг ҳам қўзғолонни тўғри ўзанга йўналтирмоқчи бўлганларини хоинлик деб баҳолаш тўғри эмас.

Қуролсиз, уюшмаган, ғоявий раҳбарига эга бўлмаган ёки унга бўйсунмаган омманинг исён кўтариш йўли билан “оқ подшо”нинг фармонини бекор қилиши амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам жадиддар қўзғолонга раҳбарлик қилиш-ни эмас, балки мардикорликка олиш билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳал қилишни ўз зиммаларига олдилар. Негаки, маҳаллий маъмурият ходимлари ҳам, қўли узун бойлар ҳам бева-бечораларнинг фарзанддарига кўз олайтирган ҳоллар оз бўлмади. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун ҳатто Петербургга ҳам мурожаат этиш зарур бўлиб қолди. Шундай ҳолларда халқ дардига малҳам бўлиш мақсадида “Туркистон мардикорликка олиш комитети” ва унинг шаҳар бўлимлари тузилди. Тошкент жадидларининг сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов ана шу комитетга раис ўринбосари этиб сайланди. У шу лавозимни эгаллаган киши сифатида чор ҳокимияти олиб бораётган сиёсатнинг нотўғрилигини халққа тушунтириш билан бирга мураккаб масалаларни ҳал қилиш учун Петербургга вакил юбориш ишларида фаол қатнашди. Ўша кезларда АФ.Керенский раҳбарлигидаги Давлат Думаси комиссиясининг Туркистонга келиши Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхоновларнинг ташаббуси билан амалга оширилди.

Журналист ва таржимон Наим Саиднинг “Ҳамза Ҳакимзодани эслаганда” (1929) деган мақоласида мардикорларнинг Россияга юборилган дастлабки гуруҳлари (тўдалари) тўғрисидаги бундай сўзларини ўқиймиз:
“Биринчи тўда учун Қўқон “халқи ” томонидан тўпланган ишчилар (мардикорлар – Н.К.) сафида шаҳарнинг ҳамма “яланг оёқ ” фақирлари жўнатилган эди. Иккинчи тўда учун сотиб оларлик бева-бечораларнинг ўғиллари кифоя қилмайди, балки йўқ. Аввалда юз-юз эллик сўмга топилган “бекорчи ” йигитларни ҳозир минг сўмга ҳам топиб бўлмайди. Бойваччаларни юборишга оталари розилик бермайдилар, бундай ишчи кучи танқислиги шаҳар амалдорларини тараддудга солиб қўйди. Лекин бойларнинг чўнтаклари қулай чора топиб берди.

Шаҳар катталари, амалдорлари бирлашиб, ҳам маҳаллада бўлган ўртаҳол фуқарони, уларнинг болаларини тўғридан-тўғри чақириб, мажбурий юборишга қарор қилинди…
Катта пулдор ва мулкдорлар тарафидан майда косибларга, деҳқонларга бўлган ҳужумга тоқат қила олмаган баъзи зиёлилар бундай нотўғри сиёсат ҳақида марказга — Петроградга (Петербургга демоқчи. – Н.К.) хабар бериб, ундан комиссия келтиришга муваффақ бўлдилар. Бу комиссия келган куни шаҳарнинг бутун амалдорларини ўрнидан бекор қилиб, подшонинг “адолати “дан халқни маҳрум қилганларга жазо берилишини эълон қилдилар… ”

Бу хотира сатрларида тилга олинган “баъзи бир зиёлилар”дан бири Убайдулла Хўжаев бўлиб, у Андижонга келган Давлат Думаси аъзоларига 1916 йил қўзғолонининг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида бундай маълумотни берган: “Подшо фармони эълон қилинмасдан олдин мустамлакачи маъмурлар Андижон халқини алдаб, “Сизларнинг ўғилларингизни фронтга олмаймиз, шунинг учун ҳам армияни қўллаб, унга от ва бошқа керакли нарсалар билан ёрдам берсангиз, пул берсангиз бўлади “, деган ва бунга ишонган аҳоли фронт учун кўпдан-кўп моддий сарф-харажатлар қилган “. Убайдулла Хўжаев бундай сўзларни Давлат Думаси аъзолари Андижонга келганларидан кейингина эмас, балки маҳаллий бойлардан Миркомил Мирмўминбоев, андижонлик тараққийпарвар Вадим Чайкин билан бирга Петербургга бориб, Давлат Думаси аъзолари олдида ҳам айтган, қўзғолоннинг келиб чиқиши ва шафқатсиз равишда бостирилишида мустамлакачи маъмурларнинг айби катта эканлигини айтишдан чўчимаган. Шундай қилиб, жадидлар юқорида номлари тилга олинган вакиллари орқали Россия ҳукумати ва жамоатчилигини мардикорликка олиш вақтида рўй берган адолатсизликларни бартараф этишга ҳаракат қилганлар. Айни пайтда улар талаби билан Туркистонга келган комиссия маҳаллий маъмурият томонидан амалга оширилган жиноятларни ҳам фош этиб ташлаган.

“1916 йилги қўзғолонни бостиришда, — деб ёзади Ҳамид Зиёев юқорида тилга олинган китобида, — чор маъмурияти томонидан йўл қўйилган шафқатсизликни текширган Дума аъзоси АФ.Керенский шундай хулосага келган эди: туб аҳолининг ғалаёнларини бостириш учун белгиланган жазо экспедицияси ўта шафқатсизлик билан ҳаракат қилиб, фақат эркакларни эмас, балки аёллар ва болаларни ҳам қириб ташлаганлар. Ўша экспедиция аҳоли турар жойларини шу даражада бузиб, яксон этдиларки, бунақаси уруш майдонларида ҳам юз берган эмас”.

1916 йил воқеаларининг иштирокчиларидан бири уйларнинг талангани ва куйдирилганини айтган бўлса, бошқаси айрим шаҳар ва қишлоқларнинг бутунлай вайрон этилганига гувохдик берган. Муқум Ўрдушев исм-шарифли бир гувоҳ эса мана бундай манзарани чизиб берган:
“Тошкентдан Жиззахга келдим, — деган у. — Кечаси станцияга етиб, намоз вактида шаҳарга тушиб кетдим. Йўлда кўп солдатларни кўрдим. Уларнинг ёнида халқдан тортиб олинган қимматли рўзғор ашёлари тоғ-тоғ бўлиб ётибди. Солдатлар қимматли ипак сўзаналар, атлас ва шоҳи кўрпаларни ёзиб қўйибдилар… Ҳовлига чиқсалар ҳам шоҳи ва атлас кўрпаларни ёпиниб чиқмоқдалар. Бу ерда халқдан тортиб олинган мингларча от-моллар ва қўйлар турибди. Оёқ остида босилиб ётган қимматли нарсаларни кўриб, жуда раҳмим келди… Эски шаҳарга тушсам, энг яхши бинолар, маҳаллалар, шаҳар кўчаларидаги тимлар, дўконлар ошхоналар ва чойхоналар куйиб, ер билан теп-текис бўлган. У ерда бойўғли сайрамоқда. Халқ оч ва яланғоч, жуда оғир аҳволда…”

Шундай манзаралар билан муроса қила олмаган жадидлар нажот йўлини излаб, Петербургга кўз тиккан эдилар. Тўғри, Давлат Думасининг Туркистонга келган комиссияси жадиддарнинг катта умид ва ишончларини тўла окдай олмади. Аммо, ҳар қалай, А.Ф.Керенский чор ҳокимиятининг айби билан Туркистонда рўй берган шафқатсизликларни Давлат Думаси минбаридан туриб дадил айта олди.

М.Ваҳобов жадиддарнинг оғир вазиятда қолган юртдошлари юкини енгил қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини мутлақо четлаб ўтиб, яна бундай ёзади: “Жадидларнинг бу даврдаги газета ва журналлари қўзғолончиларни қоралайдиган (?), подшо ҳукуматини мактаб, мардикорликка бориш мусулмонларнинг подшо олдидаги, ҳатто худо олдидаги бурчларидан бири, деб ташвиқот қиладиган мақолалар билан тўлиб чиқарди (?). Масалан, “Ал-ислоҳ”журналининг 1916 йилдаги 16-сонида қўзғолонни бостириш учун подшо томонидан Туркистонга юборилган генерал-губернатор Куропаткинга бағишлаб махсус мақола билан чиқди. Бу мақолада Куропаткин кўкларга кўтарилади, қўзғолончилар бебошлар, тартибсиз кишилар, деб қораланади “.

Тарихчининг бу сўзлари жадиддарни масхараловчи оҳангдан холи бўлмаса-да, уларда ҳақиқат зарралари ҳам йўқ эмас. Чиндан-да, жадидлар Куропаткин шаънига ҳамду сано ай-тишдан ўзларини тиймадилар. Нафақат Ҳамза ва Авлоний, балки Тавалло сингари шоирлар ҳам Куропаткинга мадҳия ўқидилар. Улар қўзғолонни шафқатсизларча бостириш ва бундан кейинги ғалаёнларга йўл қўймаслик шарти билан Туркистон ўлкасининг янги генерал-губернатори Куропаткиннинг тош кўнглини шундай йўллар билан юмшатмоқчи бўлдилар.
Мазкур қўзғолон ҳақидаги расмий ҳужжатлардан шу нарса маълумки, 1916 йилнинг 25 июлидан 15 сентябрга қадар бўлган даврда ҳарбий прокурор назорати 3 мингдан зиёд қўзғолончиларнинг ишларини кўрган. Суд жавобгарлигига 587 киши тортилган ва улардан 347 таси ўлим жазосига, 104 таси каторгага, қолганлари эса турли муддагли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, чор ҳукумати тузган режага кўра, 250 минг туркистонлик мардикорликка олиниши лозим эди. Ана шундай шароитда жадиддар Туркистоннинг янги генерал-губернаторини “сен яхши, сендан ит яхши” қабилидаги ҳамду санолар билан кутиб олишга қарор қилдилар ва уни шафқатли бўлишта чақирдилар. Жумладан, Тавалло Куропаткинга бағишланган шеърида бундай ёзди:

…Қайси фарзанд отаси олдига борса “оталаб”,
Бас, қучоғига олиб, бошин силаб, дейдир “болам”.
Бағри бирён, кўзи гирёнларга шафқат қилдингиз,
То тирик ҳақингиза айлар дуое хосу ом.

Шу сатрларнинг ўзиёқ жадиддарнинг Куропаткин шаънига ҳамду сано айтишдан кузатган мақсадларини яққол кўрсатиб турибди.

Дарвоқе, улар қўллаган тактика ўз самарасини берди. Энг олий жазога ҳукм этилган 347 нафар қўзғолончидан 51 киши қатл этилди, каторгага юборилган ва қамоқ жазоси белгиланган кишилар сони ҳам анча қисқарди. Режадаги 250 минг киши ўрнига 123 минг киши мардикорликка олинди.

1930 йилда Мунаввар қори Абдурашидхонов ва унинг гуруҳи устидан олиб борилган тергов материалларидан шу нарса маълум бўладики, қўзғолон арафасида адвокат Убайдулла Хўжаев билан М.Абдурашидхоновнинг ўзаро яқинлашуви уларнинг 1916 йил вақеалари пайтида бундай стратегияни белгилаб олишларига имкон туғдирди: улар, модомики, Туркистон аҳолиси мардикорликка олиш воқеаларидан четда тура олмас экан, демак, бу воқеадан эл-юрт манфаати йўлида фойдаланиш керак, деб билдилар. “Фарзанддаримизни мардикорликка эмас, балки аскарликка юборамиз. Мардикорлар олдинги марраларга бориб ҳандақ қазийдилар. Демак, улар ҳандақ қазиётган пайтларида душман уларни бир зумда қириб ташлаши мумкин. Негаки, мардикорларда қурол-яроғ бўлмайди. Шунинг учун биз фарзанддаримизни аскарликка юборамиз”, деган талаблар билан чиқдилар. Уларнинг бундай талаблари тагида бошқа ният ҳам бўлган. Чор ҳокимиятининг немислар билан урушда ҳоли танг бўлиб қолганини сезган жадиддар яқин йиллар орасида эрк ва ҳуррият учун ҳаракат бошланиши мумкинлигини англаб, Биринчи жаҳон уруши фронтларида бўлажак ўзбек миллий қўшинига тамал тошини қўйишни орзу қилдилар. Улар мўлжалига кўра, қурол-яроғ билан муомала қилишни ўрганган ўзбек йигитларининг яқин вақт ичида миллий инқилобни амалга ошириши мумкин эди.

Шундай қилиб, У. Хўжаев ва М.Абдурашидхонов қўзғолон бошида қўзғолончилар томонида бўлганларига қарамай, мардикорликка олиш комитетига раҳбарлик қилдилар. Айни пайтда Петербургга вакиллар юбориб, Туркистонда содир этилаётган жиноятларга чек қўймоқчи бўлдилар. Шубҳасиз, улар ва бошқа жадидлар, совет тарихчи ва ёзувчилари ёзганидек, Туркистон халкдарининг миллий озоддик ҳаракатига хоинлик қилмай, аксинча, жабрдийда халқни тўғри йўлга бошлаш , унинг дардига даво топиш, унинг боши узра лопиллаб турган қилични бартараф этишга уриндилар. Улар-нинг 1916 йил қўзғолони пайтида орттирган тажрибаси Февраль инқилобидан кейинги даврда, айниқса, асқотди.

У.Хўжаев ва бошқа жадиддарнинг аввалги фаолиятидан хабар топган Куропаткин уларни Кавказга сургун қилиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Аммо У.Хўжаев шериклари билан сургунга кетиши арафасида Февраль инқилоби юз берди. Бу инқилоб эса жадиддарни эмас, балки Куропаткиннинг ўзини Туркистон тупроғидан улоқтириб ташлади.

ОЛИМНИНГ ЭЪЗОЗЛИ НОМИ

Ўзбек мумтоз адабиёти шундай ғаройиб оламки, бу оламга тадқиқотчи сифатида кирмоқчи бўлган киши Навоий, Бобур, Машраб сингари улуғ шоирларнинг муборак асарларини ўқиш, таҳлил қилиш, улар бўйича илмий изланишлар олиб бориш машаққатига тайёр бўлиши лозим. Шу соҳада самарали изланишлар олиб борган Бертельс, Ойбек, Ғафур Ғулом, Порсо Шамсиев, Шайхзода, Воҳид Зоҳидов, Воҳид Абдуллаев, Ғулом Каримов, Ҳамид Сулаймон, Натан Маллаев, Абдуқодир Ҳайитметов сингари забардаст олимлар мумтоз адабиётимизнинг буюк сиймолари ижодини ўрганишга улкан ҳисса қўшдилар. Ана шу порлоқ номлар қаторидан ўрин олишга муносиб яна бир ном бор. У филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Абдурашидовдир.

Абдурашид ака 75 йил аввал Тошкентдаги Қозикўча маҳалласида мумтоз адабиётга ихлоси баланд оилада дунёга келди. 1953 йили ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факултетини битириб, 1954 — 1957 йилларда Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти қошидаги аспирантурада таҳсил олди ва умрининг сўнгги кунига қадар шу даргоҳда хизмат қилиб, катта илмий-ижодий йўлни босиб ўтди.

Камина узоқ йиллар Абдурашид ака билан бирга ишлаб унинг ўз соҳасига вужуди билан берилган, мумтоз адабиёт намояндалари ижодининг янги қирраларини ўрганиш истаги билан яшаган, ўзига ва бошқаларга ўта талабчан олим эканига иқрор бўлганман. У шу фазилатлари билан адабиётшуносликда ўчмас из қолдирди.
Олимнинг илмий фаолиятини асосан уч қисмга бўлиш мумкин. У узоқ йиллар матншунослик бўйича самарали изланишлар олиб бориб, мумтоз адабиётимиз намояндалари меросини тўплаш, ўрганиш ва нашр этишга алоҳида эътибор берди. Унинг жонбозлиги билан Машрабнинг “Танланган асарлар” (1980, рус тилида), “Дилим дарёи нурдир” (2004), Нодиранинг “Жон тасаддуқинг” (1993), Бобурнинг “Девон” (1994), Огаҳийнинг “Ишқ аҳлининг тумори” (1999), Мирза Шоҳийнинг “Девон” (2001) каби асарлари кириш сўз, шарҳ ва луғатлар билан эълон қилинди. Бу сирадаги барча асарларнинг, айниқса, Султон Масъуд Мирза Шоҳий “Девон”ининг илк бор нашр этилиши нафақат матншунослик тараққиётига, балки мумтоз адабиётимиз уфқларини янги номлар билан бойитишга ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Олим илмий фаолиятининг асосий қисмини тадқиқотчилик ишлари ташкил этади. У ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганишга киришган вақтда Алишер Навоийдан ташқари, асосан Муқимий ва Фурқат ижодлари бўйича муайян ишлар амалга оширилган, чунончи, шоир ва олим Холид Расулнинг Фурқат ижодига бағишланган рисоласи эълон қилинган эди. Давр шу ва бошқа мумтоз шоирлар ижодининг ижтимоий аҳамиятига доир тадқиқотлар яратишни талаб этар эди. Мафкуравий мезонлар устуворлик қилган тарихий шароитда А.Абдуғафуров дастлаб Фурқат, кейинчалик Навоий ижодларида ижтимоий масалаларнинг талқин этилишини ўрганди. “Навоий ижодида сатира” мавзуидаги докторлик диссертацияси ҳамда шу диссертацияга асос бўлган “Навоий сатираси” (1966) ва “Навоий ижодида сатира” (1977) монографияларининг пафоси асосан буюк шоир асарларида золим подшолар, адолатсиз амалдорлар, риёкор руҳонийларнинг фош этилишига қаратилди. Аммо 60 — 70-йиллардаги муайян муҳит таъсирида олимнинг илмий изланишлари доираси кескин ўзгарди. У шу даврдан бошлаб Навоий ҳаёти ва ижодининг номаълум саҳифаларини ўрганиш билан бирга Фурқат ва Машрабнинг ижодий фаолиятига янги нуқтаи назардан ёндашиб, қатор китоб ва мақолалар эълон қилди. Бобур, Огаҳий, Амирий, Нодира, Увайсий, Комил, Муқимий ижодининг ўрганилмай келган қирраларига эътиборни қаратди. Унинг “Зокиржон Фурқат” (1959, 1977), “Эрк ва эзгулик куйчилари”, “Машраб шеърияти” (1979), ”Буюк бешлик сабоқлари” (1995), “Қалб қаъридаги қадриятлар» (1998), “Муҳаммад Ризо Огаҳий” (1999) сингари китоб ва ўнлаб мақолалари ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганишга катта ҳисса бўлиб қўшилди.

Сир эмас, ҳозир илм-фан муҳитига кириб келаётган айрим ёшлар ўзларига қадар яратилган илмий ишлар асосида диссертация ва китобларни тезкорлик билан ёзиб ташламоқдалар. Агар илм-фанга кириб келаётган авлод шу йўлдан боришда давом этса, адабиётшунослик ҳам, бошқа фанлар ҳам тараққиётдан тўхташи ҳеч гап эмас. А. Абдуғафуров қайси шоир билан қизиққан бўлса, унинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида янги гапни айтишга интилди. Шу мақсадда унинг адабий меросини ва у ҳақдаги манбаларни қунт билан ўрганди. Ҳатто адабиётшуносликда барқарорлашган қатор адабий факт ва ҳодисаларга танқидий назар ташлаб, шу факт ва ҳодисалар талқинига аниқлик киритишга эришди.

Улуғ шоиримиз Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро тахтни эгаллаганидан сўнг, 1469 йилда Ҳиротга қайтган. Унинг Ҳиротга қайтиши кимнинг ташаббуси билан рўй бергани ҳақида навоийшуносликда ягона фикр бўлмаган. Агар айрим манбаларда Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан чақириб олинганлиги қайд этилган бўлса, бошқа манбалардан Ҳиротга қайтиш ташаббуси унинг ўзидан чиққанлиги англашилиб туради. Эҳтимол Навоий мавзуидан узоқ кишилар учун мазкур ташаббуснинг кимдан чиққанлиги масаласи мутлақо аҳамиятсиздир. Аммо мазкур фактга аниқлик киритиш шоир билан подшо муносабатларига доир нозик масала бўлганлиги сабабли А.Абдуғафуров унинг ечимини “Вақфия”нинг муқаддима қисмидан топган. Навоийнинг ёзишича, Хуросон тахтига эндигина ўтирган Ҳусайн Бойқародан ўзининг номига келган ёрлиқ-мактубда унинг Ҳиротга — саройга келиши таклиф этилган эди. “Навоийнинг ёзишича, — деб уқтиради олим, — у то Ҳусайн Бойқаро тахтни қўлга киритгунига қадар ўлканинг сиёсий-ижтимоий ҳаётига аралашиш, бирор мансабда хизмат этиш ниятида бўлмаган, бундай ишларга ўзида мойиллик қўрмаган”.

А.Абдуғафуров мазкур кичик бир масалага ойдинлик киритиш орқали Навоий ҳаёти ва ижтимоий фаолиятида рўй берган катта ўзгаришларнинг султон Ҳусайн Бойқаро билан узвий боғлиқ эканлигини яна бир бор тасдиқлади.
Маълумки, Навоийнинг лирик мероси тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” асаридан ўрин эгаллаган. Аммо бу факт улуғ шоирнинг барча лирик шеърлари шу куллиётда жамулжам бўлганини англатмайди. Профессор Ҳамид Сулаймон улуғ шоирнинг мазкур куллиётга кирмай қолган 24 ғазал, 8 қитъа, икки рубоий ва фардларини топиб, “Фавойид ул-кибар” девонининг 1960 йилги нашрига илова тарзида эълон қилган. А.Абдуғафуров изланишларни давом эттириб, шу пайтгача Ҳусайн Бойқарога нисбат бериб келинган етти бандли тахмиснинг Навоий қаламига мансуб эканлигини аниқлади. Бундан ташқари, Навоийнинг турли асарларида бир-икки байти келтирилган, шунингдек, шоир шеърларига боғланган мухаммаслар асосида унинг топилмаган ғазаллари миқдорини белгилаб берди. Навоийнинг дастлабки “расмий девони” — “Бадое ул-бидоя”нинг тузилиш санасига равшанлик киритиб, унга 1478 — 1479 йилларда тартиб берилганини илмий жиҳатдан асослади. Шунингдек, “Хазойин ул-маоний”даги қатор жумбоқларни ечишга муваффақ бўлди.

Олимнинг Ҳусайний, Бобур, Машраб, Огаҳий, Муқимий сингари мумтоз адабиёт намояндаларининг ҳаёти ва ижоди юзасидан олиб борган тадқиқотлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Аммо унинг ўзбек адабиётшунослиги олдидаги энг катта хизмати аввало Фурқат ҳаёти ва ижодига бағишланган тадқиқотлар билан белгиланади. У мураккаб ижтимоий-тарихий шароитда яшаган забардаст шоир ҳаёти ва ижоди билан бутун умри давомида шуғулланиб, фурқатшуносликни миллий адабиётшуносликнинг етакчи тармоқларидан бири даражасига кўтарди.
Фурқат ижоди, номи юқорида тилга олинган Холид Расулдан ташқари, М.Шайхзода, В.Зоҳидов, Ғ.Каримов, М.Юнусов, С.Мирвалиев, Ҳ.Воҳидов сингари олимларнинг ҳам диққат-эътиборини ўзига жалб этган. Айтиш мумкинки, А.Абдуғафуров шу олимлар билан бир вақтда жаҳонгашта шоирнинг она ватани ҳамда хориждаги ҳаёти ва ижодий фаолиятини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилди. Унинг шу йўналишда олиб борган тадқиқотлари “Зокиржон Фурқат” (1977) монографияси ҳамда “Зокиржон Фурқат ҳақида янги маълумотлар” (“Қалб қаъридаги қадриятлар” тўпламида, 1998) мақоласида ўз тажассумини топди. Олимнинг илмий изланишлари сўнгги йилларда Ш.Юсупов ва Н.Жабборовнинг Фурқат даври, ҳаёти ва ижоди бўйича эълон қилган китоб ва мақолалари билан бирга бу улкан шоир номи билан боғлиқ қатор жумбоқларнинг ҳал этилишига катта имконият яратди.

Олим илмий фаолиятининг учинчи қисми Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан нашр этилган ўзбек тилидаги 5 жилдлик ва рус тилидаги 2 жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи”нинг яратилиши ва шу институтда мумтоз адабиёт бўйича докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоясидаги фаол иштирокидир.

Агар умр бевафолик қилмаганида, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, филология фанлари доктори, профессор А.Абдуғафуров шу йил муборак 75 ёшга тўлган ва касбдош биродарларининг қутлов сўзларини қабул қилган бўларди. Афсуски, у 2005 йили, айни илми ва ижоди кучга тўлган бир вақтда ёруғ дунё билан хайрлашди. Аммо адабиётшунослигимиз равнақига қўшган катта ҳиссаси боис олимнинг муборак номи ҳамиша эъзоз билан тилга олинади.

02

(Tashriflar: umumiy 819, bugungi 1)

Izoh qoldiring