Nigora Umarova. Qismatiga musiqa bitilgan olovli farishta

Ashampoo_Snap_2017.05.25_23h09m48s_002_.png     Бугунги ҳикоямиз 80 ёшдан сакраб ўтаётган бўлишига қарамай, Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида дирижёрлик пультини 60 йилдан бери бошқариб, “оловли фаришта” мисоли гуриллаб келаётган жуссаси кичкинагина, бироқ ўз ичида битмас шижоат, куч-ғайратга эга, Шарқда илк дирижёр деб ҳисобланган, Ўзбекистон халқ артисти,, профессор Дилбар Абдураҳмонова ҳақида.

Нигора УМАРОВА
ҚИСМАТИГА МУСИҚА БИТИЛГАН
ОЛОВЛИ ФАРИШТА

08

У оҳангларни шундай куч билан ўзига бўйсундирдики, одамларнинг томирида оқаётган қонга уларни сингдириб юборди. Гўё “ширин” талҳ-у, таҳликали туш онгимизни остин-устун қилиб юборгандек бўлди. Қўлларининг ҳаракатини қалбимда ҳис эта бошладим. У қалбим торларини мисли узиб юборгудек чертаётган эди.

Стефан Цвейг, “Дирижёр”

Мусиқа бу қисматми ёки қисмат бу мусиқа?!..

Яратганнинг инсон зотига тақдим этган мўъжизавий туҳфаларидан бири оҳанг бўлса керак: шабаданинг майин шивир-шивири-ю, ойдин кечалардаги юлдузларнинг жимир-жимири аро баргларнинг шитирлаши, боланинг илк кулгиси-ю, дилбар аёлнинг майин табассуми; туғилиш ва ўлиш, яхшилик ва ёмонлик, қувонч ва ташвиш, севги ва нафрат, қудрат ва ожизлик; севишганларнинг бир-бирига илк қараши-ю, фарзанднинг тетапоя қилган биринчи қадами, ўсмирлик орзулари-ю, қарилик донишмандлиги, ўнг ва рўё(туш)… Буларнинг барида яшаш оҳанги, умр оҳанги мужассам.

18644342_10210552971733955_173700548_n.jpgУмр оҳанграбосининг айрим наволари хусусида бизга, алалхусус, унинг тингловчиларига ёхуд ўқувчиларига сўйлаб бергувчи ровийимиз 80 ёшдан сакраб ўтаётган бўлишига қарамай, Алишер Навоий номидаги опера ва балет Катта театрида дирижёрлик пультини 60 йилдан бери бошқариб, “оловли фаришта” мисоли гуриллаб келаётган жуссаси кичкинагина, бироқ ўз ичида битмас шижоат, куч-ғайратга эга, Шарқда илк дирижёр деб ҳисобланган, Ўзбекистон халқ артисти, “Дўстлик”, “Меҳнат Шуҳрати” орденларининг соҳибаси, профессор Дилбар Абдураҳмоновадир.Опера ёки балет спектаклининг дунёга келиши, томошабинлар ўртасида маълум ва машҳур бўлиши мусиқа ҳамда саҳнадаги фаолиятнинг ҳамоҳанглиги, саҳналаштириш жараёнида ҳар доим янгича ёндошувга боғлиқ.Бунинг учун ушбу саҳна асарларининг режиссёри ва дирижёри асарнисаҳнада талқин этишда заргарона иш кўриб, унинг калитини топа билиши шарт. Дилбар Абдураҳмонованинг 1984 йилда қайта ишланибЎзбекистон халқ артисти режиссёр Фируддин Сафаров билан қўйган Сергей Прокофьевнинг “Оловли фаришта” операси оламшумул шуҳрат топиб, Россия телевидениеси орқали 1992 йилда Евровидениеда намойиш қилинди. Хорижий матбуотда (“Светская культура”, Россия, рус дирижёри Василий Светланов) эса, “Дилбар Абдураҳмонова постоновка (саҳналаштирилиш)нинг қалбидир. Ўзининг ёрқин истеъдоди, ёрқин фаолияти ва мусиқадаги нуфузи билан улкан жамоани ўз атрофида тўплаб, уларни илҳомлантирди ҳамда бу, Прокофьев партитурасининг очилмаган барча қирраларининг очилишига сабаб бўлди. Бу машаққатли меҳнатимиз устидан мусиқа тантанасини билдиради. Абдураҳмонова касбимизнинг барча қийинчиликларини ўзига сўзсиз бўйсундириб олгандир”,-деб ёзган эди.

Умри давомида Дилбар опа Абдураҳмонова Ж.Бизенинг “Кармен сюитаси”, П.Чайковскийнинг “Оққуш кўли”,С.Прокофьевнинг “Золушка”, Л.Минкуснинг “Дон Кихот”, А.Хачатуряннинг “Спартак”, Р.Шедриннинг “Анна Каренина”, М.Ашрафийнинг “Севги тумори”, А.Козловскийнинг “Тановар”, Б.Бровциннинг Семурғ, Л.Фейгиннинг “Қирқ қиз”, Л.Делибнинг “Коппелия” каби 30 дан ортиқ балет асарлари; “Самсон ва Далила (”К.Сен-Санс), “Трубадур, “Травиата”. “Отелло”(Ж. Верди),“Пиковая дама”,“Иоланта” (П.А.Чайковский),”Хованшина” (М.Мусоргский), “Оловли фаришта” (С.Прокофьев), “Инсиний овоз” (Р.Пуленк),“Суғд элининг қоплони” (И.Акбаров), “Майсаранинг иши” (С.Юдаков) операларига дирижёрлик қилган. Тажрибали дирижёр сифатида чет элларда Коҳира (1966 йил), Германиянинг бир қанча шаҳарларида (1982 ва 1989 йиллар0, Руминия (1989 йил), Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан Гон-Конгда (1991 йил), Таиландда (1992 йил), Малайзияда (1997 йил)ижодий сафарларда бўлган. Ўзбекистон халқ артисти, машҳур балейтмейстер ва балерина Галия Измайлова эса, Дилбар опани, “Классик (мумтоз), замонавий, миллий мавзудаги балетларимиз саҳнамизда Дилбарнинг илҳомланиши туфайли дунёга келди. У билан ишлаш жараёни кишига фақат завқ бағишлайди! У хореографияни ҳамда ижрочининг имкониятларининг барча қирраларини нозик фаҳм этади. Балет спектакллари пайтида бизнинг дирижёримиз оркестрни шундай маҳорат билан бошқарадики, гўё яккахон ижрочи ва кордобалетлар билан рақси самоъни ижро этаётгандек бўлади”, — дея эътироф қилганди.

Дилбар опа билан телефон орқали боғлангач, муҳташам “Истиқлол” саройининг ўнг тарафида жойлашган осмонўпар бинолар жойлашган уларнинг хонадонларига йўл олдим. Ғира-шира пайт.Ёмғир шаррос қуймоқда. Хонадонга кириб борсам, опанинг турмуш ўртоқлари Ўткир ака қарши олдилар.Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Фируддин Сафаров билан Дилбар опа Ж.Вердининг “Травиата” операсининг қўйилиш жараёни хусусида қизғин баҳслашишаётган экан.Уларнинг ижодий суҳбатларини кузатиб ўтирдим-у, режиссёр кетгач, улар билан суҳбатимиз бошланди.

Москвада туғилган қизалоқ ёхуд ўзбек операси “студиясининг қизи”

Мусиқа бўйича устоз мураббий Муҳиддин Қориёқубов Ўзбекистода опера ва балет театрини тузиш юзасидан ташаббус кўрсатади ва ушбу таклиф билан Ўзбекистон Республикаси раҳбарлари ҳузурига чиқади. Керакли билим олиш ва ўз малакаларини шакллантириш учун бир гуруҳ ёшларни Москва консерваториясига йўллашади. 1934 йил 1 сентябрда Москва консерваторияси қошида студия очилиб, Муҳидин Қориёқубов унга раҳбарлик қилади, айни пайтда ўзи ҳам ёшлар билан бирга опера ҳамда балет борасида билим олади. Студиядаги талабалар таркибида Толибжон Содиқов, Бобораҳим Мирзаев, Мутаваккил Бурҳонов, Сулаймон Юдаков; артистлар Карим Зокиров, Шоҳиста Саидова, Ҳалима Носирова, Сора Самандарова, Мордуҳай Давидовлар бўлиб, улар орасида менинг ота-онам Ғулом Абдураҳмонов ва Зуҳра Файзиевалар ҳам бор эди. Москвага келишдан аввал дадам ва аям “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Аршин мол-алан”, “Ҳалима” спектаклларида роль ижро қилишган экан. Аямнинг қўнғироқдек овозлари бор эди.

Аввал студиядаги талабалар Москванинг Спиридоновка кўчасидаги Ўзбекистон ва Тожикистондан келган доимий вакиллар жойлашган бинодаги икки хонада таҳсил олишади. Ўша пайтларда ташкилий масалалар дарҳол ҳал қилинмас, баъзи пайтларда егулик топилмаганидан талабалар оч қолишарди. Шундай муаммоли вазиятлардан бирида Муҳиддин Қориёқубов ўзининг қиммат қундуз пўстинини ломбардга қўйган ва олинган пулни талабаларнинг кам-кўстига сарфлаган экан.

Муаммолар 1935 йилдагина ҳал қилинибди. Ўша йили студия учун алоҳида бино таъмирланиб, Большое Полянкага кўчирилибди ва ётоқхона ҳам, ўқув хоналари ҳам бир бинога жойлаштирилибди, Ўзбекистон ҳукумати студия учун зарур бўлган маблағни ажратиб, ҳатто талабалар учун давлат томонидан стипендия ҳам берила бошланибди. Мен мана шу йили 1 майда туғилган эканман. Байрам сайлидан қайтгач, Ўзбекистоннинг ноз-неъматлари анор-у, Наманганнинг олмаси, патир-у, Самарқанднинг оқ мусалласи ва хуштаъм, ҳовури кўтарилмаган палов билан безатилган, санъат илми толиблари йиғилган дастурхон атрофида дадам Муҳиддин Қориёқубовдан менга исм қўйиб беришларини илтимос қилиб, Муҳиддин ака менга “Ўзбек опреасининг бешиги ҳисобланмиш студиямизда туғилган қизалоққа “Дилбар” деб исм қўямиз. Тақдирига санъаткорлик битилган экан; келажакда у мусиқачи, қўшиқчи, актриса бўлишидан қатъий назар, ўз санъати билан юқори мартабага эришиб., томошабинлар қалбини забт этсин!”- деб дуо қилган эканлар. Мен студияда туғилган иккинчи чақалоқ ҳисобланиб, Бундан бир неча ўн кун аввал Карим Зокиров ва Шоҳиста Саидоваларнинг оиласида Ботир ҳам дунёга келганди. Кейинчалик Ботир ўзбек эстрадасининг шуҳратини бутун дунёга ёйди. Ботир ҳам, мен ҳам “студиянинг фарзандлари” эдик. Талабалар тонг отмасидан ўз мусиқий фаолиятларини бошлашар, кимдир мусиқа асоби чалар, кимдир ўз арияси ёки қўшиғини машқ қиларди. Буларнинг барчаси ҳали ҳануз хотирамда муҳрланиб қолган. Ота-онамнинг зарур ижодий вазифаси чиқиб қолганида мени бемалол студиядаги талабаларга қолдириб кетишар, улар эса мени қўғирчоқдек ясантириб, кунига бир неча марталаб ювинтириб-тарантиришарди. Ҳатто, студияга келган инсонлар қизиқиб, “Бу кимнинг қизи?” деб сўрашса, баралла “Бизники!” деб жавоб қайтаришарди. Шу тарзда 1939 йилда ота-онамнинг студиядаги ўқишлари тугаб, Тошкентга қайтгунларига қадар “студиянинг қизи” бўлиб юрганман.

09 Суратда: Пастги қаторда (чапда) Зуҳра Файзиева фарзанди Дилбар билан ва унинг ўнг ёнида бўлажак Ботир Зокировни кўтариб ўтирган Шоҳиста Саидова. 1936 йил.

Болалик онгимга битилган битиклар

Ота-онам Москвадан қайтиб келишгач, бирин-кетим ука ва сингилларим дунёга келишди. Онам Зуҳра Файзиева театрдан радиокомитетга ишга ўтди. Улар радиокомитетдаги фольклор ансамблининг илк хонандаларидан бўлган. Онам овози “уйғониши” учун барвақт турарди. Сабаби у пайтларда овоз ёзиш мосламалари йўқ, ҳамма “жонли” куйларди. Онам ўнда ишга жўнарди. Отам мени доимо Опера ва балет театрига олиб кетарди. Отам ўйнаган ҳар бир спектаклни кўрар эканман, улар менинг болалик қалбимни ҳайратга соларди. Ҳатто, бир куни “Лайли ва Мажнун” операсида отам Мажнун ролини ўйнаётганида, бош қаҳрамоннинг ҳалок бўлишини кўриб, кўз ёшларим тинмаган. Шунда мени овута олмай, спектакль тугагач парда ортига олиб бориб, “мана кўраяпсанми, отанг тирик”,- дейишгачгина кўз ёшларим тинган.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари. Отам Тошкент шаҳридаги болалар уйларидан бирига концерт беришга бориб, у ерда Украинадан эвакуация қилинган навбатдаги болалар гуруҳига дуч келади. Шунда кўнгиллари бўлмай Валя исмли бир қизалоқни уйимизга олиб келади. Онамга, “Исмини билар экан-у, фамилиясини билмас экан. Уруш тугаб, ота-онасини топгунича бизникида яшаб турсин. Майлими?” деганида, онам, “Нималар деяпсиз? Уруш барчанинг бошига бирдек ало келтирди. Бундай пайтда ҳамдард бўлиб, одам бир-бирига ёрдам бериши шарт. Албатта, яшайди-да!..”- деб жавоб қайтарган. Орадан олти ой ўтгач, онам қоронғуда кўчадаги гулзор панжараси ортидаги шитир-шитир овоздан чўчиб кетади. Қараса, 6 ёшли бола совуқ ва очликдан ғужунак бўлиб, қимирлашга мажоли етмай турибди. Уни дарҳол уйимизга олиб келиб, ювинтириб-тарантириб, еб-ичириб асраб олганмиз. Боланинг исми Коля бўлиб, Валя ҳам Коля ҳам ука-синглимиз бўлиб қолишган. Буни кўрган қўшнилар, “Зуҳрахон, ўзингизнинг бир этак болангиз етмагандек, бояги икки етимчани асраб олдингиз. Ҳали буларни оёққа турғизиш керак”, дейишганида, онам, “Суюқ овқат пишираётганда қозонга икки коса кўпроқ қшсам, барчамизга етади, Тез орада болаларим оёққа туриб, катта бўлишади”, — деб жавоб қайтарган. Кейинчалик Валя Тошкентимиздаги техникумни тугатиб, ватани Украинага жўнаб кетди. Коля эса шу ерда қолиб оилали бўлди. Ҳозир бешта фарзанди бор.

Мен учун биринчи ўринда — тартиб-интизом

Менга таълим бериш масаласи кўндаланг турганида ота-онам мени келажакда техник билимги эгаллашим учун асқотишини ҳисобга олиб, математика фанига йўналтирилган 110-мактабга беришга аҳд қилишган. Мусиқа таълимини эгаллашимга эса шошилишмаган. Чунки улар меи тартиб-интизомсиз, қатъиятсиз деб билишарди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор эди.Етти ёшимда трамвай рельсига тош қўйса нима бўлар экан, деб қизиқиб қолдим. Кичик бир тошча қўйдим. Трамвай ўтиб кетаётганида ундан чирсиллаб учқун чиқди, кейин, икки-уч, тўрт-беш, олти-етти, саккиз… келаётган трамвай ўз рельсидан чиқиб кетиб шундай овоз чиқардики… Яхшиям ичида одам кам, ағдарилиб кетмади. Қўрққанимдан оёғимни қўлимга олиб, уйимиздаги ингичка қувурга тирмашиб олиб юқорга чиқиб кетибман. Мени юқоридан қандай тушириб олишганлиги ёдимда йўқ. Ота-онамнинг, “Абдураҳмоновлар оиласида қандай фарзанд тарбияланяпти ўзи? Яхши қизлар ўзини шундай тутадими?” — деган танбеҳлари.Урушда олган жароҳатларидан госпиталда даволаниб Собир тоғам бизникига меҳмонга келди. У билан кўпинча “Шарқ” ресторанига борар, тоғам фронтдан қолган одати бўйича ўзига “қиттай-қиттай” қилиш учун ичимлик, менга ширинлик олиб берарди. Биласиз, ресторанларнинг ўзига хос куй-қўшиқли репертуари бўлади. Менга “қизил” қоғоз пул бериб, кўнгил учун ниманидир чалишлари учун оркестрга буюртма беришимни топширар; мен эса москвалик, ленинградлик, киевлик уруш пайтида нон топаман деб Тошкентга келиб қолган, ундан олдин симфоник ва камер оркестрда хизмат қилиб, тақдир тақазоси билан ресторанда ишлаётган созандаларга пулни бериб, “Кармен” ёки “Оққуш кўли”даги бирор мусиқа ёки театрда қулоғимга чалинган Чайковский, Бизе ёки Вердининг бирор бир асаридан буюртма берардим. “Ой, Мороз”, “Мурка”, “Кўм-кўк рўмол” (Синенькому платочку)га ўрганиб қолган ресторан аҳлининг жиғига тегаётганлигимизни билиб, тағин қайта-қайта шу ишни такрорлаб, “хахолаб” кулганларимиз… Ресторанга бир неча марта қилган бундай юришларимиз ниҳоят ота-онамнинг қулоғига етиб борди. Тоғам иккаламиз бу безорилигимиз учун шундай дакки едик-ки…

Мактабга чиққанимнинг илк йилларида отам ўқишимни доим назорат қилар; ифодали ўқиш, ҳуснихат билан ёзишни талаб қилар, математика фани билан ўзи алоҳида шуғулланарди. Бир неча йил синфдан-синфга аъло баҳоларга тўла табель ва кундалик, фахрий ёрлиқ билан ўтдим.

Мактабдан сўнг дарсларимни тайёрлаб бўлгач, эндигина қурилиши тугалланган Опера ва балет театрига “учиб борар”, саҳнадаги оркестрант, опера ва балет ҳаракатларини мунтазам кузатар, улар мени ўзга оламга етакларди. Мана шундай кунларнинг бирида репетициядан сўнг концертмейстр Виктор Александрович Криворучко ота-онам кимлиги. мусиқага бўлган қизиқишимни суриштирди. Ғулом Абдураҳмонов ва Зуҳра Файзиеванинг қизи эканлигимни билгач, саҳна ортидаги пианино олдига олиб бориб, менинг мусиқий салоҳиятимни текширди. Бироз ажаблантирганман, шекилли, ўша куниёқ қўлимдан етаклаб Глиэр номидаги мусиқа мактабига олиб бориб, гап-сўзсиз ўзининг скрипка синфига ёзиб қўйди.

Шу кундан бошлаб мусиқа менинг асосий машғулотим, ҳаётим мазмунига айланди.

Кун тартибимни қатъий тузиб олгандим. Уйимиз Темирйўл вокзалининг ёнида, мактабим Марказий универмаг олдида, Мусиқа мактабим эса Бешёғочда жойлашган бўлиб, кечга қолишим асло мумкин эмас эди. Дарс, машғулотларим эрталабдан кечгача давом этар, кеч қайтгач эса алламаҳалгача эртанги куни бажариш шарт бўлган вазифаларни бажарардим. Барча нарсаларимни тахт қилиб ухлашга ётардим. Бунинг учун папкамни дарс жадвалига биноан дафтар-китоб билан тўлдирар, нонушта қила олмаганим сабаб бутерброд(нон-сариёғ)имни солар, тишларимни ювиб, сочларимни тараб, бантигимни тақар, мактаб формамни тозалаб-ювиб, дазмоллаб эгнимга кийиб олардим. Ботинкаларимни ҳам оёғимга илиб олардим-у, ипини боғлаб оёқ-қўлимни қимирлатмай устимга пальтоимни ташлаб уйқуга кетардим. Ахир қимирласам формам ғижим бўлиши мумкин эди-да. Ўрнимнинг ёнида дафтар-китоб солинган портфелим ҳамда ноталарим жамланган папкам бўларди.Роппа-роса соат 8.00 да уйқудан туриб, пальтоимни эгнимга илардим-у, портфель, ноталар папкам, скрипкамни олиб уйимиздан ярим мавзе нарида жойлашган трамвай бекатига чопардим.

Кунлардан бир куни уйимизга Хатира холам меҳмонга келди. Қўғирчоқдек қотиб, нақд тобутнинг ичида ётгандек ухлаётган мен жиянига раҳми келган, шекилли, оёғи яйрабгина ётсин деб ботинкаларимни ечиб қўяди. Ўша куни мен илк марта мактабимга кеч қолдим ва анча пайт холамдан аразлаб юрдим. Мусиқа мендаги қатъий тартиб-интизомни, қатъиятимни, ўзимга ва атрофимдагиларга нисбатан талабчанликни тарбиялади. Ука ва сингилларим мендан ўрнак олиб, мусиқий таълим олишди. Ўзимга нисбатан талабчанлигим мусиқа мактабининг еттинчи синфидан бошлаб концертмейстр сифатида фаолият олиб боришимга сабаб бўлди. Дирижёрликнинг илк сирларини менга Нина Николаевна Третьякова ўргатган. У ҳам Тошкент консерваториясида дарс берар, ҳам Глиэр номидаги мусиқа мактабининг оркестрида дирижёрлик қиларди. Бундан ташқари Нина Николаевна ўша пайтдаги консерваториянинг ректори Мухтор Ашрафийнинг ёрдамчиси ҳам эди. Консерваторияда иши кўпайиб кетганида устозим менга концертдаги чиқишларнинг дирижёрлигини ҳам ишониб топширадиган бўлди.

Мусиқа мактабини битирув концертига дирижёрлик қилаётганимда Мухтор Ашрафий ташриф буюриб, “Ким бу қизалоқ?” — деб сўраган экан.

Устоз

Умумтаълим ва мусиқа мактабини аъло баҳоларга тугатгач, олдимда техника институти ёки консерваторияда ўқишни давом эттириш масаласи кўндаланг бўлди. Мусиқага бўлган қизиқиш ва муҳаббатим устунлик қилиб, консерваторияга ҳужжатларимни топширдим. Мусиқа мактабининг якуний ҳисобот концертларидан бирида Мухтор Ашрафий билан суҳбатлашган, у киши ким бўлишимни сўраганида, “Дирижёр бўламан”,-деб жавоб берган эдим. Суҳбатимиз шундай давом этди:

— Бу касб сени ўзининг нимаси билан жалб этди?
— Бутун оркестрни ягона чолғу асбоби сингари мусиқани ижро этилишини таъминлаши ҳамда исталган мусиқа асарини у билан ижро қилиш мумкинлиги билан.

— Бу фақат оркестрнинг бир жиҳати. Аслини олганда эса бу касб бир мунча қийин, бироқ жуда қизиқарли. Шунга аҳд қилган экансан, мен сенга ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Ашрафий менга Мусоргскийнинг “Москва дарёсида тонг отиши” симфоник лавҳасига тайёрланишни топширди. Имтиҳон кунида эса симфоник лавҳани аввал скрипкада, сўнг фортепьянода ижро қилдим, кейин уни дирижёрлик асосида кўрсатдим. Шу тарзда ҳам Мухтор Ашрафийнинг опера-симфоник дирижёрлик қилиш синфи, ҳам Б.А.Тителнинг скрипка синфига қабул қилиндим. Устозим Мухтор Ашрафий бир гапни такрорлашни яхши кўрарди: “Шогирд тўлдирилиши шарт бўлган бўш идиш эмас, у ёқилиши шарт бўлган фонусдир”. Устозим ўз шогирдларга сабоқни юзаки эмас, қатъий талабчанлик билан берар ҳамда шуни улардан талаб қилиб оларди. Ашрафий мактабидаги ҳар қандай мувафаққиятга ёки мақтовга осонликча эришилмасди.

1960 йили 24 ёшимда Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида Шарқдаги илк дирижёр аёл сифатида дирижёрлик пультига чиққанлигим ҳам устозларимнинг менга берган мусиқий таълими натижасидир.

“Коппелия” ёки афсонавий ҳақиқат

Лео Делибанинг машҳур “Коппелия” балети бор. Ундаги муҳаббат ва механик қўғирчоқлар тўғрисидаги мусиқа ва балет орқали ижро қилинувчи воқеалар XIX асрдаги санъат ихлосмандларини ўзига ром этганди. Ажойиб рассом ҳамда санъатни заргарона тушунувчи Александр Бенуа “Коппелия”нинг сеҳрли мусиқаси тинглаганинг сингари тинглашни истайдиган сеҳрли нафосатга эга”,-деган эди. Унинг ҳкоямиз қаҳрамони Дилбар Абдураҳмонова унинг турмуш ўртоғи Ўткир акаларга қандай алоқаси бор? Гап шундаки, айнан, “Коппелия”ни 1964 йилда Тошкент Хореография билим юртида саҳналаштирилиш пайтида икки ёшнинг қалби қалбига туташади.

Муҳандислик институтида таҳсил олувчи йигит ойдан-да гўзал, кундан-да гўзал қизни учратиб севиб қолади, тун-у кун уни ўйлайди, учрашув учун сабаб қидиради. Қиз консерваторияда ўқиб, фикри-зикри мусиқада. Йигит билан суҳбатлашгандаги суҳбатларининг мавзуси ҳам мусиқа хусусида эди. Қиз доим машғулотлардан уйга шошар, уйда эса кўпроқ скрипкаси билан қолиб, унинг оҳангларидан баҳраманд бўлишга интиларди. Йигит саратон демай, қор-ёмғир демай қизни консерватория остонасида кутар, бағритош қиз ўз соатига қараб, “45 дақиқагина вақтимиз бор. Уйга кузатиш жараёнида суҳбатлашсак бўлади. Истасангиз, скрипкамни кўтариб олишингиз мумкин. Фақат эҳтиёт бўлиг, тағин тушуриб юборманг”,-деб ўзини беэътибордек тутарди.

Шундай қилиб ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди. Муҳаббат алангаси Ўткир қалбини куйдирар, Дилбарнинг хаёли эса ҳар доимгидек мусиқада эди. Вазиятни пайқаган қизнинг онаси Зуҳра хола куз фаслида, “Қизимнинг муз қалбини эритиб, ўзингга ром этишинг керак. Бунинг учун сени бир синовдан ўтказмоқчиман. Агар синовдан мувафаққиятли ўтсанг, Дилбар сени севиб қолади”, — дейди ва йигитнинг қўлига ўзи бозордан олиб келган олма дарахти кўчатини тутқазади.

— Уни боғимизга эк. Агар дарахт баҳорда гулласа ва куртак очса, Дилбарнинг ҳам кўнглида сенга нисбатан севги куртак очади. Бироқ аҳамият бер, бу кўчат ўн ёшда.
-Розиман,- дейди йигит.

Ният холис ва йигитнинг аҳди қатъий эканки, баҳорда Ўткир экан дарахт гуллайди. Бир неча ой ўтиб эса икки ёшнинг тўйлари бўлиб ўтади.

1448621874_2.jpgҲозир Дилбар опа ва Ўткир аканинг 2 нафар қизи, 4 набираси бор.

— Театрда кўп вақт бўлиб, фарзандларимга кам вақт ажратганман. Ғулом ака институтда дарс бериб, мен спектакллардан кеч қайтардик. Уларга қаттиққўл бўлмаганман. Баъзан болаларимга, “Сизлар билан кам шуғулланганман, кам вақт ажратганман”, — десам, улар, “Ойи, Сиз ҳам, дадам ҳам бизларга доим ибрат кўрсатгансиз. Сизга лойиқ фарзанд бўлишга интилганмиз”, — деб жавоб қайтаришади. Ҳаётимдан жуда мамнунман. Болаларим оилада муносиб ўрнини топишган, икки қизим Лола ҳам, Раъно ҳам севиб турмуш қуришди. Оила қургач, ўз аравангни ўзинг тортасан, борган жойингнинг паст-баландига кўникасан, катталарни ҳурмат қиласан деб уларга доимо уқтириб келаман.

Дирижёрлик иши тоғга йўл олинган масофага ўхшайди. Қўяётган ҳар бир қадаминг юқорига интилаётганлигингни, кўпроқ куч сарфлашинг лозимлигини билдиради. Ишим мобайнида айни бир пайтда ўнлаб инсонлар- оркестр, раққосалар, солистлар, хор билан мулоқот қиламан. Улар кўп, бироқ ушбу инсонларни бирлаштирувчи ягона уйғунлик даркор. Ушбу уйғунлик дирижёрлик таёқчасининг сеҳрли оҳанграбосида мужассам. Дирижёрни “чарчадим”, “жонимга тегди” дейишга ҳақи йўқ. Дирижёрнинг ҳолати дарров атрофидагиларга “юқади”. Оркестр “жонли организм” экан, дирижёр ҳар бир созанданинг руҳий ҳолатини, кайфиятини сеза билиши ва тушуниши шарт. У доимо гуриллаб атрофдагиларни оловдаги фаришта мисол ёғдулантириб туриши керак.

Bugungi hikoyamiz 80 yoshdan sakrab o‘tayotgan bo‘lishiga qaramay, Alisher Navoiy nomidagi opera va balet Katta teatrida dirijyorlik pultini 60 yildan beri boshqarib, “olovli farishta” misoli gurillab kelayotgan jussasi kichkinagina, biroq o‘z ichida bitmas shijoat, kuch-g‘ayratga ega, Sharqda ilk dirijyor deb hisoblangan, O‘zbekiston xalq artisti,, professor Dilbar Abdurahmonova haqida.

Nigora UMAROVA
QISMATIGA MUSIQA BITILGAN
OLOVLI FARISHTA
08

U ohanglarni shunday kuch bilan o‘ziga bo‘ysundirdiki, odamlarning tomirida oqayotgan qonga ularni singdirib yubordi. Go‘yo “shirin” talh-u, tahlikali tush ongimizni ostin-ustun qilib yuborgandek bo‘ldi. Qo‘llarining harakatini qalbimda his eta boshladim. U qalbim torlarini misli uzib yuborgudek chertayotgan edi.

Stefan Sveyg, “Dirijyor”

Musiqa bu qismatmi yoki qismat bu musiqa?!..

Yaratganning inson zotiga taqdim etgan mo‘’jizaviy tuhfalaridan biri ohang bo‘lsa kerak: shabadaning mayin shivir-shiviri-yu, oydin kechalardagi yulduzlarning jimir-jimiri aro barglarning shitirlashi, bolaning ilk kulgisi-yu, dilbar ayolning mayin tabassumi; tug‘ilish va o‘lish, yaxshilik va yomonlik, quvonch va tashvish, sevgi va nafrat, qudrat va ojizlik; sevishganlarning bir-biriga ilk qarashi-yu, farzandning tetapoya qilgan birinchi qadami, o‘smirlik orzulari-yu, qarilik donishmandligi, o‘ng va ro‘yo(tush)… Bularning barida yashash ohangi, umr ohangi mujassam.

150px-Abdurahmonova_Dilbar_G`ulomovna.jpgUmr ohangrabosining ayrim navolari xususida bizga, alalxusus, uning tinglovchilariga yoxud o‘quvchilariga so‘ylab berguvchi roviyimiz 80 yoshdan sakrab o‘tayotgan bo‘lishiga qaramay, Alisher Navoiy nomidagi opera va balet Katta teatrida dirijyorlik pultini 60 yildan beri boshqarib, “olovli farishta” misoli gurillab kelayotgan jussasi kichkinagina, biroq o‘z ichida bitmas shijoat, kuch-g‘ayratga ega, Sharqda ilk dirijyor deb hisoblangan, O‘zbekiston xalq artisti, “Do‘stlik”, “Mehnat Shuhrati” ordenlarining sohibasi, professor Dilbar Abdurahmonovadir.Opera yoki balet spektaklining dunyoga kelishi, tomoshabinlar o‘rtasida ma’lum va mashhur bo‘lishi musiqa hamda sahnadagi faoliyatning hamohangligi, sahnalashtirish jarayonida har doim yangicha yondoshuvga bog‘liq.Buning uchun ushbu sahna asarlarining rejissyori va dirijyori asarnisahnada talqin etishda zargarona ish ko‘rib, uning kalitini topa bilishi shart. Dilbar Abdurahmonovaning 1984 yilda qayta ishlanibO‘zbekiston xalq artisti rejissyor Firuddin Safarov bilan qo‘ygan Sergey Prokofyevning “Olovli farishta” operasi olamshumul shuhrat topib, Rossiya televideniyesi orqali 1992 yilda Yevrovideniyeda namoyish qilindi. Xorijiy matbuotda (“Svetskaya kultura”, Rossiya, rus dirijyori Vasiliy Svetlanov) esa, “Dilbar Abdurahmonova postonovka (sahnalashtirilish)ning qalbidir. O‘zining yorqin iste’dodi, yorqin faoliyati va musiqadagi nufuzi bilan ulkan jamoani o‘z atrofida to‘plab, ularni ilhomlantirdi hamda bu, Prokofyev partiturasining ochilmagan barcha qirralarining ochilishiga sabab bo‘ldi. Bu mashaqqatli mehnatimiz ustidan musiqa tantanasini bildiradi. Abdurahmonova kasbimizning barcha qiyinchiliklarini o‘ziga so‘zsiz bo‘ysundirib olgandir”,-deb yozgan edi.

Umri davomida Dilbar opa Abdurahmonova J.Bizening “Karmen syuitasi”, P.Chaykovskiyning “Oqqush ko‘li”,S.Prokofyevning “Zolushka”, L.Minkusning “Don Kixot”, A.Xachaturyanning “Spartak”, R.Shedrinning “Anna Karenina”, M.Ashrafiyning “Sevgi tumori”, A.Kozlovskiyning “Tanovar”, B.Brovsinning Semurg‘, L.Feyginning “Qirq qiz”, L.Delibning “Koppeliya” kabi 30 dan ortiq balet asarlari; “Samson va Dalila (”K.Sen-Sans), “Trubadur, “Traviata”. “Otello”(J. Verdi),“Pikovaya dama”,“Iolanta” (P.A.Chaykovskiy),”Xovanshina” (M.Musorgskiy), “Olovli farishta” (S.Prokofyev), “Insiniy ovoz” (R.Pulenk),“Sug‘d elining qoploni” (I.Akbarov), “Maysaraning ishi” (S.Yudakov) operalariga dirijyorlik qilgan. Tajribali dirijyor sifatida chet ellarda Kohira (1966 yil), Germaniyaning bir qancha shaharlarida (1982 va 1989 yillar0, Ruminiya (1989 yil), O‘zbekiston milliy simfonik orkestri bilan Gon-Kongda (1991 yil), Tailandda (1992 yil), Malayziyada (1997 yil)ijodiy safarlarda bo‘lgan. O‘zbekiston xalq artisti, mashhur baleytmeyster va balerina Galiya Izmaylova esa, Dilbar opani, “Klassik (mumtoz), zamonaviy, milliy mavzudagi baletlarimiz sahnamizda Dilbarning ilhomlanishi tufayli dunyoga keldi. U bilan ishlash jarayoni kishiga faqat zavq bag‘ishlaydi! U xoreografiyani hamda ijrochining imkoniyatlarining barcha qirralarini nozik fahm etadi. Balet spektakllari paytida bizning dirijyorimiz orkestrni shunday mahorat bilan boshqaradiki, go‘yo yakkaxon ijrochi va kordobaletlar bilan raqsi samo’ni ijro etayotgandek bo‘ladi”, — deya e’tirof qilgandi.

Dilbar opa bilan telefon orqali bog‘langach, muhtasham “Istiqlol” saroyining o‘ng tarafida joylashgan osmono‘par binolar joylashgan ularning xonadonlariga yo‘l oldim. G‘ira-shira payt.Yomg‘ir sharros quymoqda. Xonadonga kirib borsam, opaning turmush o‘rtoqlari O‘tkir aka qarshi oldilar.O‘zbekiston xalq artisti, rejissyor Firuddin Safarov bilan Dilbar opa J.Verdining “Traviata” operasining qo‘yilish jarayoni xususida qizg‘in bahslashishayotgan ekan.Ularning ijodiy suhbatlarini kuzatib o‘tirdim-u, rejissyor ketgach, ular bilan suhbatimiz boshlandi.

Moskvada tug‘ilgan qizaloq yoxud o‘zbek operasi “studiyasining qizi”

Musiqa bo‘yicha ustoz murabbiy Muhiddin Qoriyoqubov O‘zbekistoda opera va balet teatrini tuzish yuzasidan tashabbus ko‘rsatadi va ushbu taklif bilan O‘zbekiston Respublikasi rahbarlari huzuriga chiqadi. Kerakli bilim olish va o‘z malakalarini shakllantirish uchun bir guruh yoshlarni Moskva konservatoriyasiga yo‘llashadi. 1934 yil 1 sentyabrda Moskva konservatoriyasi qoshida studiya ochilib, Muhidin Qoriyoqubov unga rahbarlik qiladi, ayni paytda o‘zi ham yoshlar bilan birga opera hamda balet borasida bilim oladi. Studiyadagi talabalar tarkibida Tolibjon Sodiqov, Boborahim Mirzayev, Mutavakkil Burhonov, Sulaymon Yudakov; artistlar Karim Zokirov, Shohista Saidova, Halima Nosirova, Sora Samandarova, Morduhay Davidovlar bo‘lib, ular orasida mening ota-onam G‘ulom Abdurahmonov va Zuhra Fayziyevalar ham bor edi. Moskvaga kelishdan avval dadam va ayam “Farhod va Shirin”, “Layli va Majnun”, “Arshin mol-alan”, “Halima” spektakllarida rol ijro qilishgan ekan. Ayamning qo‘ng‘iroqdek ovozlari bor edi.

Avval studiyadagi talabalar Moskvaning Spiridonovka ko‘chasidagi O‘zbekiston va Tojikistondan kelgan doimiy vakillar joylashgan binodagi ikki xonada tahsil olishadi. O‘sha paytlarda tashkiliy masalalar darhol hal qilinmas, ba’zi paytlarda yegulik topilmaganidan talabalar och qolishardi. Shunday muammoli vaziyatlardan birida Muhiddin Qoriyoqubov o‘zining qimmat qunduz po‘stinini lombardga qo‘ygan va olingan pulni talabalarning kam-ko‘stiga sarflagan ekan.

Muammolar 1935 yildagina hal qilinibdi. O‘sha yili studiya uchun alohida bino ta’mirlanib, Bolshoye Polyankaga ko‘chirilibdi va yotoqxona ham, o‘quv xonalari ham bir binoga joylashtirilibdi, O‘zbekiston hukumati studiya uchun zarur bo‘lgan mablag‘ni ajratib, hatto talabalar uchun davlat tomonidan stipendiya ham berila boshlanibdi. Men mana shu yili 1 mayda tug‘ilgan ekanman. Bayram saylidan qaytgach, O‘zbekistonning noz-ne’matlari anor-u, Namanganning olmasi, patir-u, Samarqandning oq musallasi va xushta’m, hovuri ko‘tarilmagan palov bilan bezatilgan, san’at ilmi toliblari yig‘ilgan dasturxon atrofida dadam Muhiddin Qoriyoqubovdan menga ism qo‘yib berishlarini iltimos qilib, Muhiddin aka menga “O‘zbek opreasining beshigi hisoblanmish studiyamizda tug‘ilgan qizaloqqa “Dilbar” deb ism qo‘yamiz. Taqdiriga san’atkorlik bitilgan ekan; kelajakda u musiqachi, qo‘shiqchi, aktrisa bo‘lishidan qat’iy nazar, o‘z san’ati bilan yuqori martabaga erishib., tomoshabinlar qalbini zabt etsin!”- deb duo qilgan ekanlar. Men studiyada tug‘ilgan ikkinchi chaqaloq hisoblanib, Bundan bir necha o‘n kun avval Karim Zokirov va Shohista Saidovalarning oilasida Botir ham dunyoga kelgandi. Keyinchalik Botir o‘zbek estradasining shuhratini butun dunyoga yoydi. Botir ham, men ham “studiyaning farzandlari” edik. Talabalar tong otmasidan o‘z musiqiy faoliyatlarini boshlashar, kimdir musiqa asobi chalar, kimdir o‘z ariyasi yoki qo‘shig‘ini mashq qilardi. Bularning barchasi hali hanuz xotiramda muhrlanib qolgan. Ota-onamning zarur ijodiy vazifasi chiqib qolganida meni bemalol studiyadagi talabalarga qoldirib ketishar, ular esa meni qo‘g‘irchoqdek yasantirib, kuniga bir necha martalab yuvintirib-tarantirishardi. Hatto, studiyaga kelgan insonlar qiziqib, “Bu kimning qizi?” deb so‘rashsa, baralla “Bizniki!” deb javob qaytarishardi. Shu tarzda 1939 yilda ota-onamning studiyadagi o‘qishlari tugab, Toshkentga qaytgunlariga qadar “studiyaning qizi” bo‘lib yurganman.

Bolalik ongimga bitilgan bitiklar

Ota-onam Moskvadan qaytib kelishgach, birin-ketim uka va singillarim dunyoga kelishdi. Onam Zuhra Fayziyeva teatrdan radiokomitetga ishga o‘tdi. Ular radiokomitetdagi folklor ansamblining ilk xonandalaridan bo‘lgan. Onam ovozi “uyg‘onishi” uchun barvaqt turardi. Sababi u paytlarda ovoz yozish moslamalari yo‘q, hamma “jonli” kuylardi. Onam o‘nda ishga jo‘nardi. Otam meni doimo Opera va balet teatriga olib ketardi. Otam o‘ynagan har bir spektaklni ko‘rar ekanman, ular mening bolalik qalbimni hayratga solardi. Hatto, bir kuni “Layli va Majnun” operasida otam Majnun rolini o‘ynayotganida, bosh qahramonning halok bo‘lishini ko‘rib, ko‘z yoshlarim tinmagan. Shunda meni ovuta olmay, spektakl tugagach parda ortiga olib borib, “mana ko‘rayapsanmi, otang tirik”,- deyishgachgina ko‘z yoshlarim tingan.

Ikkinchi jahon urushi yillari. Otam Toshkent shahridagi bolalar uylaridan biriga konsert berishga borib, u yerda Ukrainadan evakuatsiya qilingan navbatdagi bolalar guruhiga duch keladi. Shunda ko‘ngillari bo‘lmay Valya ismli bir qizaloqni uyimizga olib keladi. Onamga, “Ismini bilar ekan-u, familiyasini bilmas ekan. Urush tugab, ota-onasini topgunicha biznikida yashab tursin. Maylimi?” deganida, onam, “Nimalar deyapsiz? Urush barchaning boshiga birdek alo keltirdi. Bunday paytda hamdard bo‘lib, odam bir-biriga yordam berishi shart. Albatta, yashaydi-da!..”- deb javob qaytargan. Oradan olti oy o‘tgach, onam qorong‘uda ko‘chadagi gulzor panjarasi ortidagi shitir-shitir ovozdan cho‘chib ketadi. Qarasa, 6 yoshli bola sovuq va ochlikdan g‘ujunak bo‘lib, qimirlashga majoli yetmay turibdi. Uni darhol uyimizga olib kelib, yuvintirib-tarantirib, yeb-ichirib asrab olganmiz. Bolaning ismi Kolya bo‘lib, Valya ham Kolya ham uka-singlimiz bo‘lib qolishgan. Buni ko‘rgan qo‘shnilar, “Zuhraxon, o‘zingizning bir etak bolangiz yetmagandek, boyagi ikki yetimchani asrab oldingiz. Hali bularni oyoqqa turg‘izish kerak”, deyishganida, onam, “Suyuq ovqat pishirayotganda qozonga ikki kosa ko‘proq qshsam, barchamizga yetadi, Tez orada bolalarim oyoqqa turib, katta bo‘lishadi”, — deb javob qaytargan. Keyinchalik Valya Toshkentimizdagi texnikumni tugatib, vatani Ukrainaga jo‘nab ketdi. Kolya esa shu yerda qolib oilali bo‘ldi. Hozir beshta farzandi bor.

Men uchun birinchi o‘rinda — tartib-intizom

Menga ta’lim berish masalasi ko‘ndalang turganida ota-onam meni kelajakda texnik bilimgi egallashim uchun asqotishini hisobga olib, matematika faniga yo‘naltirilgan 110-maktabga berishga ahd qilishgan. Musiqa ta’limini egallashimga esa shoshilishmagan. Chunki ular mei tartib-intizomsiz, qat’iyatsiz deb bilishardi. Buning o‘ziga xos sabablari bor edi.Yetti yoshimda tramvay relsiga tosh qo‘ysa nima bo‘lar ekan, deb qiziqib qoldim. Kichik bir toshcha qo‘ydim. Tramvay o‘tib ketayotganida undan chirsillab uchqun chiqdi, keyin, ikki-uch, to‘rt-besh, olti-yetti, sakkiz… kelayotgan tramvay o‘z relsidan chiqib ketib shunday ovoz chiqardiki… Yaxshiyam ichida odam kam, ag‘darilib ketmadi. Qo‘rqqanimdan oyog‘imni qo‘limga olib, uyimizdagi ingichka quvurga tirmashib olib yuqorga chiqib ketibman. Meni yuqoridan qanday tushirib olishganligi yodimda yo‘q. Ota-onamning, “Abdurahmonovlar oilasida qanday farzand tarbiyalanyapti o‘zi? Yaxshi qizlar o‘zini shunday tutadimi?” — degan tanbehlari.Urushda olgan jarohatlaridan gospitalda davolanib Sobir tog‘am biznikiga mehmonga keldi. U bilan ko‘pincha “Sharq” restoraniga borar, tog‘am frontdan qolgan odati bo‘yicha o‘ziga “qittay-qittay” qilish uchun ichimlik, menga shirinlik olib berardi. Bilasiz, restoranlarning o‘ziga xos kuy-qo‘shiqli repertuari bo‘ladi. Menga “qizil” qog‘oz pul berib, ko‘ngil uchun nimanidir chalishlari uchun orkestrga buyurtma berishimni topshirar; men esa moskvalik, leningradlik, kiyevlik urush paytida non topaman deb Toshkentga kelib qolgan, undan oldin simfonik va kamer orkestrda xizmat qilib, taqdir taqazosi bilan restoranda ishlayotgan sozandalarga pulni berib, “Karmen” yoki “Oqqush ko‘li”dagi biror musiqa yoki teatrda qulog‘imga chalingan Chaykovskiy, Bize yoki Verdining biror bir asaridan buyurtma berardim. “Oy, Moroz”, “Murka”, “Ko‘m-ko‘k ro‘mol” (Sinenkomu platochku)ga o‘rganib qolgan restoran ahlining jig‘iga tegayotganligimizni bilib, tag‘in qayta-qayta shu ishni takrorlab, “xaxolab” kulganlarimiz… Restoranga bir necha marta qilgan bunday yurishlarimiz nihoyat ota-onamning qulog‘iga yetib bordi. Tog‘am ikkalamiz bu bezoriligimiz uchun shunday dakki yedik-ki…

Maktabga chiqqanimning ilk yillarida otam o‘qishimni doim nazorat qilar; ifodali o‘qish, husnixat bilan yozishni talab qilar, matematika fani bilan o‘zi alohida shug‘ullanardi. Bir necha yil sinfdan-sinfga a’lo baholarga to‘la tabel va kundalik, faxriy yorliq bilan o‘tdim.

Maktabdan so‘ng darslarimni tayyorlab bo‘lgach, endigina qurilishi tugallangan Opera va balet teatriga “uchib borar”, sahnadagi orkestrant, opera va balet harakatlarini muntazam kuzatar, ular meni o‘zga olamga yetaklardi. Mana shunday kunlarning birida repetitsiyadan so‘ng konsertmeystr Viktor Aleksandrovich Krivoruchko ota-onam kimligi. musiqaga bo‘lgan qiziqishimni surishtirdi. G‘ulom Abdurahmonov va Zuhra Fayziyevaning qizi ekanligimni bilgach, sahna ortidagi pianino oldiga olib borib, mening musiqiy salohiyatimni tekshirdi. Biroz ajablantirganman, shekilli, o‘sha kuniyoq qo‘limdan yetaklab Glier nomidagi musiqa maktabiga olib borib, gap-so‘zsiz o‘zining skripka sinfiga yozib qo‘ydi.

Shu kundan boshlab musiqa mening asosiy mashg‘ulotim, hayotim mazmuniga aylandi.

Kun tartibimni qat’iy tuzib olgandim. Uyimiz Temiryo‘l vokzalining yonida, maktabim Markaziy univermag oldida, Musiqa maktabim esa Beshyog‘ochda joylashgan bo‘lib, kechga qolishim aslo mumkin emas edi. Dars, mashg‘ulotlarim ertalabdan kechgacha davom etar, kech qaytgach esa allamahalgacha ertangi kuni bajarish shart bo‘lgan vazifalarni bajarardim. Barcha narsalarimni taxt qilib uxlashga yotardim. Buning uchun papkamni dars jadvaliga binoan daftar-kitob bilan to‘ldirar, nonushta qila olmaganim sabab buterbrod(non-sariyog‘)imni solar, tishlarimni yuvib, sochlarimni tarab, bantigimni taqar, maktab formamni tozalab-yuvib, dazmollab egnimga kiyib olardim. Botinkalarimni ham oyog‘imga ilib olardim-u, ipini bog‘lab oyoq-qo‘limni qimirlatmay ustimga paltoimni tashlab uyquga ketardim. Axir qimirlasam formam g‘ijim bo‘lishi mumkin edi-da. O‘rnimning yonida daftar-kitob solingan portfelim hamda notalarim jamlangan papkam bo‘lardi.Roppa-rosa soat 8.00 da uyqudan turib, paltoimni egnimga ilardim-u, portfel, notalar papkam, skripkamni olib uyimizdan yarim mavze narida joylashgan tramvay bekatiga chopardim.

Kunlardan bir kuni uyimizga Xatira xolam mehmonga keldi. Qo‘g‘irchoqdek qotib, naqd tobutning ichida yotgandek uxlayotgan men jiyaniga rahmi kelgan, shekilli, oyog‘i yayrabgina yotsin deb botinkalarimni yechib qo‘yadi. O‘sha kuni men ilk marta maktabimga kech qoldim va ancha payt xolamdan arazlab yurdim. Musiqa mendagi qat’iy tartib-intizomni, qat’iyatimni, o‘zimga va atrofimdagilarga nisbatan talabchanlikni tarbiyaladi. Uka va singillarim mendan o‘rnak olib, musiqiy ta’lim olishdi. O‘zimga nisbatan talabchanligim musiqa maktabining yettinchi sinfidan boshlab konsertmeystr sifatida faoliyat olib borishimga sabab bo‘ldi. Dirijyorlikning ilk sirlarini menga Nina Nikolayevna Tretyakova o‘rgatgan. U ham Toshkent konservatoriyasida dars berar, ham Glier nomidagi musiqa maktabining orkestrida dirijyorlik qilardi. Bundan tashqari Nina Nikolayevna o‘sha paytdagi konservatoriyaning rektori Muxtor Ashrafiyning yordamchisi ham edi. Konservatoriyada ishi ko‘payib ketganida ustozim menga konsertdagi chiqishlarning dirijyorligini ham ishonib topshiradigan bo‘ldi.

Musiqa maktabini bitiruv konsertiga dirijyorlik qilayotganimda Muxtor Ashrafiy tashrif buyurib, “Kim bu qizaloq?” — deb so‘ragan ekan.

Ustoz

x8mwqybzZBGQZ.jpegUmumta’lim va musiqa maktabini a’lo baholarga tugatgach, oldimda texnika instituti yoki konservatoriyada o‘qishni davom ettirish masalasi ko‘ndalang bo‘ldi. Musiqaga bo‘lgan qiziqish va muhabbatim ustunlik qilib, konservatoriyaga hujjatlarimni topshirdim. Musiqa maktabining yakuniy hisobot konsertlaridan birida Muxtor Ashrafiy bilan suhbatlashgan, u kishi kim bo‘lishimni so‘raganida, “Dirijyor bo‘laman”,-deb javob bergan edim. Suhbatimiz shunday davom etdi:

— Bu kasb seni o‘zining nimasi bilan jalb etdi?
— Butun orkestrni yagona cholg‘u asbobi singari musiqani ijro etilishini ta’minlashi hamda istalgan musiqa asarini u bilan ijro qilish mumkinligi bilan.

— Bu faqat orkestrning bir jihati. Aslini olganda esa bu kasb bir muncha qiyin, biroq juda qiziqarli. Shunga ahd qilgan ekansan, men senga yordam berishga harakat qilaman.

Ashrafiy menga Musorgskiyning “Moskva daryosida tong otishi” simfonik lavhasiga tayyorlanishni topshirdi. Imtihon kunida esa simfonik lavhani avval skripkada, so‘ng fortepyanoda ijro qildim, keyin uni dirijyorlik asosida ko‘rsatdim. Shu tarzda ham Muxtor Ashrafiyning opera-simfonik dirijyorlik qilish sinfi, ham B.A.Titelning skripka sinfiga qabul qilindim. Ustozim Muxtor Ashrafiy bir gapni takrorlashni yaxshi ko‘rardi: “Shogird to‘ldirilishi shart bo‘lgan bo‘sh idish emas, u yoqilishi shart bo‘lgan fonusdir”. Ustozim o‘z shogirdlarga saboqni yuzaki emas, qat’iy talabchanlik bilan berar hamda shuni ulardan talab qilib olardi. Ashrafiy maktabidagi har qanday muvafaqqiyatga yoki maqtovga osonlikcha erishilmasdi.

1960 yili 24 yoshimda Alisher Navoiy nomidagi opera va balet teatrida Sharqdagi ilk dirijyor ayol sifatida dirijyorlik pultiga chiqqanligim ham ustozlarimning menga bergan musiqiy ta’limi natijasidir.

“Koppeliya” yoki afsonaviy haqiqat

Leo Delibaning mashhur “Koppeliya” baleti bor. Undagi muhabbat va mexanik qo‘g‘irchoqlar to‘g‘risidagi musiqa va balet orqali ijro qilinuvchi voqealar XIX asrdagi san’at ixlosmandlarini o‘ziga rom etgandi. Ajoyib rassom hamda san’atni zargarona tushunuvchi Aleksandr Benua “Koppeliya”ning sehrli musiqasi tinglaganing singari tinglashni istaydigan sehrli nafosatga ega”,-degan edi. Uning hkoyamiz qahramoni Dilbar Abdurahmonova uning turmush o‘rtog‘i O‘tkir akalarga qanday aloqasi bor? Gap shundaki, aynan, “Koppeliya”ni 1964 yilda Toshkent Xoreografiya bilim yurtida sahnalashtirilish paytida ikki yoshning qalbi qalbiga tutashadi.

Muhandislik institutida tahsil oluvchi yigit oydan-da go‘zal, kundan-da go‘zal qizni uchratib sevib qoladi, tun-u kun uni o‘ylaydi, uchrashuv uchun sabab qidiradi. Qiz konservatoriyada o‘qib, fikri-zikri musiqada. Yigit bilan suhbatlashgandagi suhbatlarining mavzusi ham musiqa xususida edi. Qiz doim mashg‘ulotlardan uyga shoshar, uyda esa ko‘proq skripkasi bilan qolib, uning ohanglaridan bahramand bo‘lishga intilardi. Yigit saraton demay, qor-yomg‘ir demay qizni konservatoriya ostonasida kutar, bag‘ritosh qiz o‘z soatiga qarab, “45 daqiqagina vaqtimiz bor. Uyga kuzatish jarayonida suhbatlashsak bo‘ladi. Istasangiz, skripkamni ko‘tarib olishingiz mumkin. Faqat ehtiyot bo‘lig, tag‘in tushurib yubormang”,-deb o‘zini bee’tibordek tutardi.

Shunday qilib oylar, oylar ketidan yillar o‘tdi. Muhabbat alangasi O‘tkir qalbini kuydirar, Dilbarning xayoli esa har doimgidek musiqada edi. Vaziyatni payqagan qizning onasi Zuhra xola kuz faslida, “Qizimning muz qalbini eritib, o‘zingga rom etishing kerak. Buning uchun seni bir sinovdan o‘tkazmoqchiman. Agar sinovdan muvafaqqiyatli o‘tsang, Dilbar seni sevib qoladi”, — deydi va yigitning qo‘liga o‘zi bozordan olib kelgan olma daraxti ko‘chatini tutqazadi.

— Uni bog‘imizga ek. Agar daraxt bahorda gullasa va kurtak ochsa, Dilbarning ham ko‘nglida senga nisbatan sevgi kurtak ochadi. Biroq ahamiyat ber, bu ko‘chat o‘n yoshda.
-Roziman,- deydi yigit.

Niyat xolis va yigitning ahdi qat’iy ekanki, bahorda O‘tkir ekan daraxt gullaydi. Bir necha oy o‘tib esa ikki yoshning to‘ylari bo‘lib o‘tadi.

Hozir Dilbar opa va O‘tkir akaning 2 nafar qizi, 4 nabirasi bor.

— Teatrda ko‘p vaqt bo‘lib, farzandlarimga kam vaqt ajratganman. G‘ulom aka institutda dars berib, men spektakllardan kech qaytardik. Ularga qattiqqo‘l bo‘lmaganman. Ba’zan bolalarimga, “Sizlar bilan kam shug‘ullanganman, kam vaqt ajratganman”, — desam, ular, “Oyi, Siz ham, dadam ham bizlarga doim ibrat ko‘rsatgansiz. Sizga loyiq farzand bo‘lishga intilganmiz”, — deb javob qaytarishadi. Hayotimdan juda mamnunman. Bolalarim oilada munosib o‘rnini topishgan, ikki qizim Lola ham, Ra’no ham sevib turmush qurishdi. Oila qurgach, o‘z aravangni o‘zing tortasan, borgan joyingning past-balandiga ko‘nikasan, kattalarni hurmat qilasan deb ularga doimo uqtirib kelaman.

Dirijyorlik ishi tog‘ga yo‘l olingan masofaga o‘xshaydi. Qo‘yayotgan har bir qadaming yuqoriga intilayotganligingni, ko‘proq kuch sarflashing lozimligini bildiradi. Ishim mobaynida ayni bir paytda o‘nlab insonlar- orkestr, raqqosalar, solistlar, xor bilan muloqot qilaman. Ular ko‘p, biroq ushbu insonlarni birlashtiruvchi yagona uyg‘unlik darkor. Ushbu uyg‘unlik dirijyorlik tayoqchasining sehrli ohangrabosida mujassam. Dirijyorni “charchadim”, “jonimga tegdi” deyishga haqi yo‘q. Dirijyorning holati darrov atrofidagilarga “yuqadi”. Orkestr “jonli organizm” ekan, dirijyor har bir sozandaning ruhiy holatini, kayfiyatini seza bilishi va tushunishi shart. U doimo gurillab atrofdagilarni olovdagi farishta misol yog‘dulantirib turishi kerak.

05

(Tashriflar: umumiy 360, bugungi 1)

Izoh qoldiring