Nodir Jonuzoq. “Rangin lahzalarga to’lmoqda hayot…”

022
Бир сўз билан айтганда, Шавкат Раҳмон шеърияти баҳор осмонига ўхшайди: унинг рангин, гўзал камалаги жилоланиб, кутилмаганда кескир шамширга айланадики, булутлар бағри ситилиб, еру кўкни момақалдироқ овози, умидбахш чақинлар тута бошлайди.

07
«РАНГИН ЛАҲЗАЛАРГА ТЎЛМОҚДА ҲАЁТ…»
Нодир Жонузоқ
08

Истеъдодли шоирнинг ижодида бевосита ўз қисматига дахлдор, ўз тақдирини башорат қилган, ҳеч бўлмаса, битта шеър бўлади. Шавкат Раҳмонда бундай шеърлар кўп. Бироқ унинг “Авж” деб номланган, бошқа асарларига нисбатан қисқароқ — тўрт бандли шеъри шоир қисматини тўлиқ белгилаб берган, назаримда. Ҳа, белгилаб берган, деяпман.

Негаки бу шеър шоир айни кучга тўлган, шеър сарлавҳасига мутаносиб авж нуқтада ижод қилаётган паллада — ҳали ажал қўнғироғи сукунат қаърида мудраб ётган, уйғоқ тоғлар дунёга довруқ солаётган кезларда ёзилган эди.

Шеър шундай бошланади:

Мен, шубҳасиз, парчаланаман,
Шундай тугар буюк хизматим.
Кимга кўзим, кимга пешонам,
Кимга тегар қизиқ қисматим.

Шоир сохта камтарлик қилиб ўтирмайди. У “…хизматим”дан олдин “ажиб”, “сирли” каби бетараф сифатларни ҳам ишлатиши мумкин эди. Аммо у ўз қисматининг бошқаларникидан кўра қизиқ, фавқулодда кечаётганини ҳис қилади ва англайдики, тақдир уни буюк хизматга сафарбар қилмоқда.

Ғалаёнга тўла вужуддан
охир дунё бўлардир халос.
Ер остига кириб кетарман
Барча мўмин бандаларга хос.

Бу ерда изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Фақат икки хил товланишга эга бўлган охир сўзига эътиборингизни тортмоқчиман. Мустақил тарзда у ғалаёнга тўла вужуд қисмати якунини билдиради. Аммо ёнидаги дунё сўзига бирикар, охирзамон бирикмасини эслата бошлайди.

Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
худо берган эзгу сўзларим.

Мана, шоир хотиржамлиги, мўминлигининг сири! Унинг эзгу сўзлари ер юзида шунчаки яшамайди, балки курашади. Шоирнинг сўзларини ялов қилиб кўтарган дилллар бу курашга камарбаста бўлади. Шоир сўзлари ёвқур бургутлар сингари тубан иллатларга чанг солади.

Улар янграб тинмай айланар
Разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
Қулоқ солиб ернинг тагида.

Дарҳақиқат, чин шоир охирдунёга эмас, Мангуликка дахлдор.
Бу — унинг ёзуғи.
Шеър эса, ҳадисга мувофиқ, ҳикматдан холи эмас экан, қисмат кўзгусидир. Унда Шоир, Замон ва Макон зиддияти, унсурлари акс этади.

Демакки, биз ҳам…

“Шавкат Раҳмоннинг илк шеърлари гўзал!”, дейди кимдир.
“Шавкат Раҳмоннинг сўнгги шеърлари ўтли!”, дейди бошқа биров.
Иккаласи баҳслашади. Гўё иккита шоирнинг тарафдорларидек…
Уларни жим кузатаман. Нимаям дердим: иккаласи ҳам ҳақ.
Ўзимга келсак, кайфиятимга қараб, гоҳ шоирнинг илк шеърларини, гоҳ кейинги даврда ёзганларини ўқийман.

Шоирнинг “Сайланма”сини бир бошдан варақларканмиз, дарадаги шаффоф булоқ бўйида гўзал табиат манзараларидан завқланиб юрган сайёҳнинг қандай қилиб хатарнок, илонизи сўқмоқлар орқали тоғ чўққисидаги вулқонлар қошигача чиқиб борганини кўрамиз. У бу йўлчилик мобайнида сокин кузатувчидан ёвқур жангчига айланиб боради. Олдин Сўз унинг учун мўйқалам бўлган бўлса, энди шамширга дўнади.

Ортидан келаётган маънавият аскарларига қарата хитоб қила бошлайди: “Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик — идрок-ла совутиб тағин қайрайлик — ўзбекнинг қоракўз болаларига — битта дунё қолсин ҳайратлик…”. Негадир шоир ўзидан олдингиларга эмас, кўпроқ ортидагиларга суянади. Навқирон авлодга ишонгиси келади: “Ҳозирги ёшларда покизалик бор — тирик қалбларига диёнат эга, пок табиат ёмон кўзлардан — асраб қўйганларин шуларга берган…”.

Шоир лирик қаҳрамони энг қўрқадиган нарса бу — хиёнат, фитна. Негаки, “жангда ўлган эмас бирор баҳодир — бари ҳалок бўлган хиёнатлардан…”. Шу боис, аҳли мардумни мард бўлишга, сўнгги сонияда ҳам сабот кўрсатишга чақиради. Бироқ чиркин иғво-бўҳтонлар очиққалб қаҳрамонни баъзан толиқтиради: у яна бир пайтлардаги беғам ёшлигини, мусаффо табиат қўйнидаги тоза, рангин лаҳзаларни қўмсаб қолади.

Бир ойким
арчазор тоғлар бағрида
бир ўктам арчадай яшнадим қасддан.
Бир синиқ булоқдай кунга қарадим,
файласуфлик қилдим
бамисли харсанг…

Ҳа, у яна зулмсиз, беғубор боладай кунларга дил бергиси келади. Бироқ бу вақтинчалик ҳолат. Негаки, ўзи ҳам яхши билади, энди ортга йўл йўқ: кўксидаги гулханни бешафқат шамоллардан ҳимоя қилганча, олдга интилади у. Бераҳм қасирғаларга юз тутар экан, ўзига хайрихоҳ ахтаради: “Жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?!”. Ҳадеганда сас-садо келавермайди. Ниҳоят, у афсус-надомат комида тан олади: “Мен жангчи эмасдим — мен шоир эдим, дилимни қаритди бесамар жанглар…”. Унинг кўз олдида оқ сукунат портлаган саҳарда ялангоёқ чопиб юрган яшил дарахтлар жонланади. “Яшил шажар эдим… Қандоқ соғиндим… Кўзимни яшнатса рубобий ранглар…”, деб ич-ичидан ўксийди. Бир пайтлар ошиқлар бошидан тангачалар сочган шохларига қарар экан, эмранади; энди сокин туйғулар пинжидан асло ҳаловат тополмаслигини англаб тақдирга тан беради: “Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир — бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон…”.

Шавкат Раҳмон шеърларида табиатнинг рангин манзаралари акс этади. Шоирнинг туйғуси тонгги шабнамдек тоза. У капалак қанотидай ҳарир ҳаётидан баҳра олади. Энтикиб-энтикиб мусаффо ҳавони симиради. Севинч ёшлари зилол сувларга қўшилиб кетади. Завқланиб учгиси келади. Шамол — тоғ хўрсиниғи, гуллаган дарахтлар — оқ машъала. Кўзларини эриниб очаётган тонг, ёбонда гуркираб ўсаётган тун, довдираб ухлаётган боғ, яшашни ўргатувчи дарахт — ҳамма-ҳаммаси шоирнинг назаридан четда қолмайди. У бошқа мавжудотлар каби ўзини табиатнинг тенг ҳуқуқли фарзанди, деб ҳисоблайди.

Бу шеърлар беғубор қалбга дахлдор бўлиб, улардан тоза туйғу силқиб, товланиб туради.

Лирик қаҳрамон ўт-ўланлар, тоғ-тошлар, турли набототу ҳайвонот, ой-юлдузлар оламида мангу қололмаслигини, улардан фарқли ўлароқ, жамиятга боғлиқ бурчлари борлигини англаб ета бошлайди. Энди у табиат унсурларига мурожаат қилган тақдирда ҳам хулоса жамиятга тегишли бўлиб чиқаверади. Бир қўли билан майсадаги қўнғизни силаётган пайтда иккинчи қўли билан номуссиз одамнинг юзига тарсаки тортади. У энди аввалгидай фақат мусаффо манзараларни эмас, балки ўрмонга қўшоғиз милтиқ кўтариб кириб келган кимсанинг қандай қилиб бўрига айланишини; бетайин кимсалар номини кўтариб ўсаётган гунг қояларни; завол топаётган безабон, хокисор ернинг мунгли кўзларини; баланд дарахтларнинг ингроқларини ва шунга ўхшаш маъюс ҳолатларни кўра бошлайди, уларнинг ғамгин овози борлиғида акс-садо беради.

Шеърлар ҳам бироз бўйига қараб ўсгандай. Таассурот ҳам энди кўнгилдан онг томон кўчади. Яъни бу шеърлар кўпроқ тафаккурга дахлдор бўлиб, уларда лўнда фикр бўртиб туради. Унинг эътиборини табиатнинг мафтункор манзаралари эмас, балки жамиятнинг оғриқли ҳолатлари жалб қилади. Шу боис, ҳар сония ҳушёр туришга, ғафлатда қолмасликка мажбур у. Негаки, “қалтис лаҳзалар йўқ — қалтис умр бор”, бу умрни кўзлари тўймаган жобирлар ямлаб-ютишга тайёр… Бу шунчаки шахсий нола эмас, турфа фитналар исканжасида қолган, собиқ шўро истибдодига қарши улуғ элнинг Фарёди эди…

Сўзларни қайрайлик, обдон тоблайлик…

Кўз олдимизда сўзни қиличдай қайраётган шоир қиёфаси намоён бўлади.

Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон шеърдаги ҳар бир унсурни қайрашга, тоблашга астойдил ҳаркат қилган. Жумладан, бу бугунги кунда кўп шоирлар эътибор бермай қўйган қофиялаш санъатига ҳам дахлдордир. Шоир шеърларини ўқирканмиз, янгича, ўзига хос қофиялаш услубини кашф қиламиз: пайқамадими —пойқадамини, таширкан — асрга, ўзгариб — кўзлари, эргаш — ерга, ташлар — даштдай, куч-чидам — куйчилар, тинчланиб — синчларим, сўздан — ўзан…

Шоир тўлиқ қофиялардан имкон қадар қочади. Ўзи айтгандай, уларни “қайраб”, сийқа, оҳори кетган қирраларини йўқотади, яъни ташқи ўхшашликдан кўра ички уйғунликни юзага чиқаришга ҳаракат қилади. Тўлиқ қофиялар унга гўё мажбурият юзасидан ҳар куни ўн марта қучоқлашиб, юз марта ўпишадиган, бироқ аслида бир-биридан безган, носамимий одамлар сингари туюлади. У, яхшиси, бир-бирига суйкалавермайдиган, аммо бир-бирини олисдан бўлса-да қўллаб-қувватлайдиган қадрдонларга ўхшаш, бир қарашда бегона туюладиган, моҳиятан эса эгизак, руҳан яқин қофияларни танлайди: адирлар — қадимда, қасддан — харсанг, салтанат — алданар, дажжол — нажот, равоғин — жавоҳир, ажина — гажир-да, яхши — машриқ…

Бир сўз билан айтганда, Шавкат Раҳмон шеърияти баҳор осмонига ўхшайди: унинг рангин, гўзал камалаги жилоланиб, кутилмаганда кескир шамширга айланадики, булутлар бағри ситилиб, еру кўкни момақалдироқ овози, умидбахш чақинлар тута бошлайди.

Рангин лаҳзаларга тўлмоқда ҳаёт,
Юрак қирралари бўртган чоғларда.
Очиқ кунлар йўқлаб келаётир бот,
Тошлар гулламоқда уйғоқ тоғларда…

“Шоир” сўзи “виждон” атамасининг синонимига ўхшайди.
Шу боис, виждонига хиёнат қилган шоир яхши шеър ёзолмай қолади.
Яхши шоирлар ҳамиша виждон кўзгусига тик боқиб яшайдилар.
Шавкат Раҳмон каби…

Бундай шоирлар жисман бўлмасалар-да, маънан ҳамиша сафимизда. Уларнинг овози, нигоҳи бизни ҳамиша ҳалолликка чорлаб, мард яшашга ундаб туради.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 19-сонидан олинди.

04

077   Шавкат Раҳмон 1950 йил 12 сентябрда Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1996). Москвадаги Адабиёт институтини тугатган (1975). Дастлабки шеърий тўплами — «Рангин лаҳзалар» (1977). «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1984), «Гуллаётган тош» (1985), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988), «Сайланма» (1997) сингари шеърий китоблари эълон қилинган. Ф. Г. Лорка («Сайланма», 1979), X. Р. Хименас, А. Альберти шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 1996 йил 2 октябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

   Shavkat Rahmon 1950 yil 12 sentyabrda O’sh viloyatining Qorasuv tumaniga qarashli Pomir mahallasida tug’ilgan. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1996). Moskvadagi Adabiyot institutini tugatgan (1975). Dastlabki she’riy to’plami — «Rangin lahzalar» (1977). «Yurak qirralari» (1981), «Ochiq kunlar» (1984), «Gullayotgan tosh» (1985), «Uyg’oq tog’lar» (1986), «Hulvo» (1988), «Saylanma» (1997) singari she’riy kitoblari e’lon qilingan. F. G. Lorka («Saylanma», 1979), X. R. Ximenas, A. Al`berti she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1996 yil 2 oktyabrda Toshkent shahrida vafot etgan.

04

07
«RANGIN LAHZALARGA TO’LMOQDA HAYOT…»
Nodir Jonuzoq
08

Iste’dodli shoirning ijodida bevosita o’z qismatiga daxldor, o’z taqdirini bashorat qilgan, hech bo’lmasa, bitta she’r bo’ladi. Shavkat Rahmonda bunday she’rlar ko’p. Biroq uning“Avj” deb nomlangan, boshqa asarlariga nisbatan qisqaroq — to’rt bandli she’ri shoir qismatini to’liq belgilab bergan, nazarimda. Ha, belgilab bergan, deyapman.

Negaki bu she’r shoir ayni kuchga to’lgan, she’r sarlavhasiga mutanosib avj nuqtada ijod qilayotgan pallada — hali ajal qo’ng’irog’i sukunat qa’rida mudrab yotgan, uyg’oq tog’lar dunyoga dovruq solayotgan kezlarda yozilgan edi.

She’r shunday boshlanadi:

Men, shubhasiz, parchalanaman,
Shunday tugar buyuk xizmatim.
Kimga ko’zim, kimga peshonam,
Kimga tegar qiziq qismatim.

Shoir soxta kamtarlik qilib o’tirmaydi. U “…xizmatim”dan oldin “ajib”, “sirli” kabi betaraf sifatlarni ham ishlatishi mumkin edi. Ammo u o’z qismatining boshqalarnikidan ko’ra qiziq, favqulodda kechayotganini his qiladi va anglaydiki, taqdir uni buyuk xizmatga safarbar qilmoqda.

G’alayonga to’la vujuddan
oxir dunyo bo’lardir xalos.
Yer ostiga kirib ketarman
Barcha mo’min bandalarga xos.

Bu yerda izohga hojat yo’q, deb o’ylayman. Faqat ikki xil tovlanishga ega bo’lgan oxir so’ziga e’tiboringizni tortmoqchiman. Mustaqil tarzda u g’alayonga to’la vujud qismati yakunini bildiradi. Ammo yonidagi dunyo so’ziga birikar, oxirzamon birikmasini eslata boshlaydi.

Biroq yerda mangu yashaydir
ko’hna yuzim, o’ychan ko’zlarim,
demak, o’lmas bu dunyoda hech
xudo bergan ezgu so’zlarim.

Mana, shoir xotirjamligi, mo’minligining siri! Uning ezgu so’zlari yer yuzida shunchaki yashamaydi, balki kurashadi. Shoirning so’zlarini yalov qilib ko’targan dilllar bu kurashga kamarbasta bo’ladi. Shoir so’zlari yovqur burgutlar singari tuban illatlarga chang soladi.

Ular yangrab tinmay aylanar
Razolatning tevaragida.
Men-chi, mangu kulib yotarman
Quloq solib yerning tagida.

Darhaqiqat, chin shoir oxirdunyoga emas, Mangulikka daxldor.
Bu — uning yozug’i.
She’r esa, hadisga muvofiq, hikmatdan xoli emas ekan, qismat ko’zgusidir. Unda Shoir, Zamon va Makon ziddiyati, unsurlari aks etadi.

Demakki, biz ham…

“Shavkat Rahmonning ilk she’rlari go’zal!”, deydi kimdir.
“Shavkat Rahmonning so’nggi she’rlari o’tli!”, deydi boshqa birov.
Ikkalasi bahslashadi. Go’yo ikkita shoirning tarafdorlaridek…
Ularni jim kuzataman. Nimayam derdim: ikkalasi ham haq.
O’zimga kelsak, kayfiyatimga qarab, goh shoirning ilk she’rlarini, goh keyingi davrda yozganlarini o’qiyman.

Shoirning “Saylanma”sini bir boshdan varaqlarkanmiz, daradagi shaffof buloq bo’yida go’zal tabiat manzaralaridan zavqlanib yurgan sayyohning qanday qilib xatarnok, ilonizi so’qmoqlar orqali tog’ cho’qqisidagi vulqonlar qoshigacha chiqib borganini ko’ramiz. U bu yo’lchilik mobaynida sokin kuzatuvchidan yovqur jangchiga aylanib boradi. Oldin So’z uning uchun mo’yqalam bo’lgan bo’lsa, endi shamshirga do’nadi.

Ortidan kelayotgan ma’naviyat askarlariga qarata xitob qila boshlaydi: “So’zlarni qayraylik, obdon toblaylik — idrok-la sovutib tag’in qayraylik — o’zbekning qorako’z bolalariga — bitta dunyo qolsin hayratlik…”. Negadir shoir o’zidan oldingilarga emas, ko’proq ortidagilarga suyanadi. Navqiron avlodga ishongisi keladi: “Hozirgi yoshlarda pokizalik bor — tirik qalblariga diyonat ega, pok tabiat yomon ko’zlardan — asrab qo’yganlarin shularga bergan…”.

Shoir lirik qahramoni eng qo’rqadigan narsa bu — xiyonat, fitna. Negaki, “jangda o’lgan emas biror bahodir — bari halok bo’lgan xiyonatlardan…”. Shu bois, ahli mardumni mard bo’lishga, so’nggi soniyada ham sabot ko’rsatishga chaqiradi. Biroq chirkin ig’vo-bo’htonlar ochiqqalb qahramonni ba’zan toliqtiradi: u yana bir paytlardagi beg’am yoshligini, musaffo tabiat qo’ynidagi toza, rangin lahzalarni qo’msab qoladi.

Bir oykim
archazor tog’lar bag’rida
bir o’ktam archaday yashnadim qasddan.
Bir siniq buloqday kunga qaradim,
faylasuflik qildim
bamisli xarsang…

Ha, u yana zulmsiz, beg’ubor boladay kunlarga dil bergisi keladi. Biroq bu vaqtinchalik holat. Negaki, o’zi ham yaxshi biladi, endi ortga yo’l yo’q: ko’ksidagi gulxanni beshafqat shamollardan himoya qilgancha, oldga intiladi u. Berahm qasirg’alarga yuz tutar ekan, o’ziga xayrixoh axtaradi: “Juvonmarg bo’lgurlar, jo’marding bormi?!”. Hadeganda sas-sado kelavermaydi. Nihoyat, u afsus-nadomat komida tan oladi: “Men jangchi emasdim — men shoir edim, dilimni qaritdi besamar janglar…”. Uning ko’z oldida oq sukunat portlagan saharda yalangoyoq chopib yurgan yashil daraxtlar jonlanadi. “Yashil shajar edim… Qandoq sog’indim… Ko’zimni yashnatsa rubobiy ranglar…”, deb ich-ichidan o’ksiydi. Bir paytlar oshiqlar boshidan tangachalar sochgan shoxlariga qarar ekan, emranadi; endi sokin tuyg’ular pinjidan aslo halovat topolmasligini anglab taqdirga tan beradi: “Voh, yalang shoxlarim qilichday keskir — bir yaproq qolmaptir shivirlayturg’on…”.

Shavkat Rahmon she’rlarida tabiatning rangin manzaralari aks etadi. Shoirning tuyg’usi tonggi shabnamdek toza. U kapalak qanotiday harir hayotidan bahra oladi. Entikib-entikib musaffo havoni simiradi. Sevinch yoshlari zilol suvlarga qo’shilib ketadi. Zavqlanib uchgisi keladi. Shamol — tog’ xo’rsinig’i, gullagan daraxtlar — oq mash’ala. Ko’zlarini erinib ochayotgan tong, yobonda gurkirab o’sayotgan tun, dovdirab uxlayotgan bog’, yashashni o’rgatuvchi daraxt — hamma-hammasi shoirning nazaridan chetda qolmaydi. U boshqa mavjudotlar kabi o’zini tabiatning teng huquqli farzandi, deb hisoblaydi.

Bu she’rlar beg’ubor qalbga daxldor bo’lib, ulardan toza tuyg’u silqib, tovlanib turadi.

Lirik qahramon o’t-o’lanlar, tog’-toshlar, turli nabototu hayvonot, oy-yulduzlar olamida mangu qololmasligini, ulardan farqli o’laroq, jamiyatga bog’liq burchlari borligini anglab yeta boshlaydi. Endi u tabiat unsurlariga murojaat qilgan taqdirda ham xulosa jamiyatga tegishli bo’lib chiqaveradi. Bir qo’li bilan maysadagi qo’ng’izni silayotgan paytda ikkinchi qo’li bilan nomussiz odamning yuziga tarsaki tortadi. U endi avvalgiday faqat musaffo manzaralarni emas, balki o’rmonga qo’shog’iz miltiq ko’tarib kirib kelgan kimsaning qanday qilib bo’riga aylanishini; betayin kimsalar nomini ko’tarib o’sayotgan gung qoyalarni; zavol topayotgan bezabon, xokisor yerning mungli ko’zlarini; baland daraxtlarning ingroqlarini va shunga o’xshash ma’yus holatlarni ko’ra boshlaydi, ularning g’amgin ovozi borlig’ida aks-sado beradi.

She’rlar ham biroz bo’yiga qarab o’sganday. Taassurot ham endi ko’ngildan ong tomon ko’chadi. Ya’ni bu she’rlar ko’proq tafakkurga daxldor bo’lib, ularda lo’nda fikr bo’rtib turadi. Uning e’tiborini tabiatning maftunkor manzaralari emas, balki jamiyatning og’riqli holatlari jalb qiladi. Shu bois, har soniya hushyor turishga, g’aflatda qolmaslikka majbur u. Negaki, “qaltis lahzalar yo’q — qaltis umr bor”, bu umrni ko’zlari to’ymagan jobirlar yamlab-yutishga tayyor… Bu shunchaki shaxsiy nola emas, turfa fitnalar iskanjasida qolgan, sobiq sho’ro istibdodiga qarshi ulug’ elning Faryodi edi…

So’zlarni qayraylik, obdon toblaylik…

Ko’z oldimizda so’zni qilichday qayrayotgan shoir qiyofasi namoyon bo’ladi.

Darhaqiqat, Shavkat Rahmon she’rdagi har bir unsurni qayrashga, toblashga astoydil harkat qilgan. Jumladan, bu bugungi kunda ko’p shoirlar e’tibor bermay qo’ygan qofiyalash san’atiga ham daxldordir. Shoir she’rlarini o’qirkanmiz, yangicha, o’ziga xos qofiyalash uslubini kashf qilamiz: payqamadimi —poyqadamini, tashirkan — asrga, o’zgarib — ko’zlari, ergash — yerga, tashlar — dashtday, kuch-chidam — kuychilar, tinchlanib — sinchlarim, so’zdan — o’zan…

Shoir to’liq qofiyalardan imkon qadar qochadi. O’zi aytganday, ularni “qayrab”, siyqa, ohori ketgan qirralarini yo’qotadi, ya’ni tashqi o’xshashlikdan ko’ra ichki uyg’unlikni yuzaga chiqarishga harakat qiladi. To’liq qofiyalar unga go’yo majburiyat yuzasidan har kuni o’n marta quchoqlashib, yuz marta o’pishadigan, biroq aslida bir-biridan bezgan, nosamimiy odamlar singari tuyuladi. U, yaxshisi, bir-biriga suykalavermaydigan, ammo bir-birini olisdan bo’lsa-da qo’llab-quvvatlaydigan qadrdonlarga o’xshash, bir qarashda begona tuyuladigan, mohiyatan esa egizak, ruhan yaqin qofiyalarni tanlaydi: adirlar — qadimda, qasddan — xarsang, saltanat — aldanar, dajjol — najot, ravog’in — javohir, ajina — gajir-da, yaxshi — mashriq…

Bir so’z bilan aytganda, Shavkat Rahmon she’riyati bahor osmoniga o’xshaydi: uning rangin, go’zal kamalagi jilolanib, kutilmaganda keskir shamshirga aylanadiki, bulutlar bag’ri sitilib, yeru ko’kni momaqaldiroq ovozi, umidbaxsh chaqinlar tuta boshlaydi.

Rangin lahzalarga to’lmoqda hayot,
Yurak qirralari bo’rtgan chog’larda.
Ochiq kunlar yo’qlab kelayotir bot,
Toshlar gullamoqda uyg’oq tog’larda…

“Shoir” so’zi “vijdon” atamasining sinonimiga o’xshaydi.
Shu bois, vijdoniga xiyonat qilgan shoir yaxshi she’r yozolmay qoladi.
Yaxshi shoirlar hamisha vijdon ko’zgusiga tik boqib yashaydilar.
Shavkat Rahmon kabi…

Bunday shoirlar jisman bo’lmasalar-da, ma’nan hamisha safimizda. Ularning ovozi, nigohi bizni hamisha halollikka chorlab, mard yashashga undab turadi.

“O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2010 yil 19-sonidan olindi.

04

066   Нодир Жонузоқ 1976 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. 1998 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ғолиби (1997). «Томчилар» , «Сизни севар эдим», «Меҳрибоним» номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Ҳозирда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалида бош муҳаррир вазифасида хизмат қилади.

   Nodir Jonuzoq 1976 yilning 14 martida Samarqand viloyatining Bulung’ur tumanida tug’ilgan. 1998 yilda Samarqand davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetini tamomlagan. Yosh ijodkorlarning Zomin seminari g’olibi (1997). «Tomchilar» , «Sizni sevar edim», «Mehribonim» nomli she’riy to’plamlari chop etilgan. Hozirda O’zbekiston milliy teleradiokompaniyasi «Madaniyat va ma’rifat» telekanalida bosh muharrir vazifasida xizmat qiladi.

04

хдк

(Tashriflar: umumiy 298, bugungi 1)

Izoh qoldiring