Otajon Norov. Millat kuychisi

022

  Ҳар доим Шавкат Раҳмон номини тилга олганимда беихтиёр «истеъдод» деган сўзни шоирнинг исмидан олдин талаффуз этгим келади. Унинг истеъдоди оддий сўзларга, шунчаки таърифларга сиғмайди. Ўзи айтганидек, «бахт — чексизлик» экан, шоирнинг истеъдоди ҳам чексиздир, дегим келади.

Отажон Норов
МИЛЛАТ КУЙЧИСИ
07

09Ҳар доим Шавкат Раҳмон номини тилга олганимда беихтиёр «истеъдод» деган сўзни шоирнинг исмидан олдин талаффуз этгим келади. Унинг истеъдоди оддий сўзларга, шунчаки таърифларга сиғмайди. Ўзи айтганидек, «бахт — чексизлик» экан, шоирнинг истеъдоди ҳам чексиздир, дегим келади. Шоирнинг «Сайланма»сида «Катта кун» деб номланган бир шеъри бор. Шеър шундай бошланади:

Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
ҳаттоки, мушуклар, итлар ишшайди.
Сохта қаҳрамонлар кетдилар тўзиб,
ёлғон даҳоларнинг оғзи қийшайди.
Элнинг бошиман деб юрган касларда
бош ўзи йўқлиги хўб бўлди аён.

Бу шеър шоирнинг ўттиз ёшларида, яъни, 1987 йилда, Ватанимиз ҳали Мустақилликка эришмаган рутубатли йилларда ёзилган. Шунинг учун ҳам шеърда «ёлғон даҳолар»нинг асл башараси фош этилади. «Элнинг бошиман» деганларда — бошнинг ўзидан асар ҳам йўқлигини шоир қалб кўзи билан кўради, теран ҳис этади. «Бу қандай кун ўзи» дея ҳайқиради. Ҳасратдошининг қулоғига шивирлайди: «Қандай кунлигини била олдингми?».

Шавкат Раҳмон шоир элнинг, ватаннинг виждони, имони бўлиши кераклигини таъкидлайди. Зеро, унинг ўзи шундай покиза виждон соҳиби эди.

Покиза кўринган не-не дастлардан
паррон бир ёғдуда ёлқинланди қон.
Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
жой-жойига қўяр ҳамма нарсани,
қай бир мунофиқнинг ўйнатиб кўзин,
бир неча юзига тортар тарсаки.

Фариштадек хизмат қилганларнинг ҳам — борлиғидаги қон ташқарига сизиб чиқиб, ёғдудек сачраб, «вайрона»га айланганига ишора қипади. Ишораки, «ҳамма нарса», жумладан, оқибат ва виждон, диёнат ва садоқат каби ўлмас инсоний фазилатлар ўз ўрнида туришини кузатади, гувоҳ бўлади. Уни яна қисматдошидан ўзини истаган жавобни эшитмоқ илинжида сўрайди: «Қандай кун ўзи?»

Шеър сатрдан-сатрга теранлашиб, ўзига хос оҳанг касб эта боради. Шоирнинг қалб нидолари китобхонни ўзига маҳлиё этганича изидан эргаштиради, шу биргина «қандай кун ўзи» деган ҳайқириғи билан қалбимизга сингиб кетади.

Чекка-чеккаларда қилганча ғийбат,
ишратни омол деб билган ўйсизлар
қўймижоз бу злнинг тили йўқ дерди,
оғзингни оч элим, кўриб қўйсинлар.

Шоирнинг исёни гўзал! Унинг қаҳрамони миллатнинг орзу-армонлари, дилидаги пинҳон сақлаган эзгу сўзлари-ю, ҳаяжонларидан сўз очади. Шеърдаги бир маромдаги руҳоний кайфият кетма-кетлиги, мусиқийлиги, оҳанграболиги зукко шеърхоннинг борлиғини вулқондек титратади. Бу «титроқ» кейинги сатрларда янада кучаяди.

Филодим бу куннинг сасин эшитиб,
Сохталар зириллар — паноҳ топилмас.
Нархи кўтарилар сичқон тешигин,
Ҳайратдан оғизлар энди ёпилмас.

Мунофиқларнинг асл юзини кўрган шоир ҳеч иккиланишсиз ҳайратланади. Бу ҳайрат «қандай кун ўзи» деган аламли саволга муносиб жавоб бўлиб майдонга чиқади. Ўзларининг айбини яшириш мақсадида сичқон инига бошларини урадилар. Пана-паналарга ўтиб, бошсиз гавдаларини яширишга уринадилар. Булар ким эди шоир ўйида? Миллатни «қурт» каби еб битираёзган — иккиюзла- мачи, фирибгар ва сотқинлар эди. Публицистик руҳдаги ушбу гўзал шеър шундай якунланади:

Эй, дилим,
дунёдан озурда бўлма,
келажак кунларга ишонмоқ хўбдир.
Битта катта кунни кўрдинг ҳозирча,
бу элнинг каттакон кунлари кўпдир.

Баъзан шоирни умидсизликни кўпроқ куйлаган, барча мақсадларни умидсизлик ичига олиб кирган, деган асоссиз гап-сўзлар юради. Аслида шоир «дунёдан озурда бўлма» деб ўзини-ю ўзгаларни ёруғ кунларга, умидларга, нурли келажакка чорлайди. «Бу элнинг каттакон кунлари кўп»лигига ишонади, ишонтиради.

Манба: «Ёшлик» журнали, 12/2014

022
Шавкат Раҳмон
ШЕЪРЛАР
07

КАТТА КУН

Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
ҳаттоки мушуклар, итлар ишшайди.
Сохта қаҳрамонлар кетдилар тўзиб,
ёлғон даҳоларнинг оғзи қийшайди.

Элнинг бошиман деб юрган касларда
бош ўзи йўқлиги хўб бўлди аён.
Покиза кўринган не-не дастлардан
паррон бир ёғдуда ёлқинланди қон.

Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
жой-жойига қўяр ҳамма нарсани,
қай бир мунофиқнинг ўйнатиб кўзин,
бир неча юзига тортар тарсаки.

Чекка-чеккаларда қилганча ғийбат,
ишратни омол деб билган ўйсизлар
қўймижоз бу элнинг тили йўқ дерди,
оғзингни оч элим,
кўриб қўйсинлар.

Филодим бу куннинг сасин эшитиб,
сохталар зириллар — паноҳ топилмас.
Нархи кўтарилар сичқон тешигин,
ҳайратдан оғизлар энди ёпилмас.

Эй, дилим,
дунёдан озурда бўлма,
келажак кунларга ишонмоқ хўбдир.
Битта катта кунни кўрдинг ҳозирча,
бу элнинг каттакон кунлари кўпдир

ШАҲРИ ҲОЛ

055

Шуҳрати сочилди бодияларга…
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда,
тинимсиз айланар чинқираган руҳ.

Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
илинждан ўзга бир туйғу қолмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади.

Фитналар домида пишган зулмдан
аёвсиз босилди қўзғалган ёдлар,
ўзликни топтаган маккор илмдан
кулгуга айланиб кетди фарёдлар.

Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
юз йиллик адоват заҳрини қусиб,
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.

Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур.
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.

Туркистон —
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.

Буюк руҳ чинқирар…
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги маҳлуқот…

Демак бор,
баҳайбат зулм бор ҳали,
ҳали бор одамни қувган овчилар.
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар.

Шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг.
ҳаттоки булбули ўхшар калхатга.

Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар,
жигарлар йўлинда темир тиканлар,
гадолик илмини ўргатар энди
аждод-аждоди-ла босиб шилганлар.

Бурғулар чириган …
занглаган тиғлар…
итлар томоқ ичар олтин тожидан.
мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
шеър ёзиб ўтирар лашкарбошилар.

АГАР…

Туҳматдан йиқилса
бирорта дўстим,
мен-чи, хилватларда беркиниб ётсам.
Бу ҳам етмагандай анча вақт ўтиб,
покликдан сўйласам,
хотира сотсам.

Йўқ, бўлмас,
яшардим бошимни эгиб,
кезардим умрбод юртма-юрт ошиб.
Одамзот кўзига қаролмасдим тик,
кўксимга осилган бўларди бошим.

Йўқ, йўқ, йўқ…
Албатта бирга бўлардим
тамуғ малайлари ишга тушган чоқ.
Дўстим-ла ёнма-ён туриб ўлардим,
эҳтимол ўлардим ундан олдинроқ…

ОТГА ҚИЁСИЙ ҚАСИДА

Шаклга қамалиб қолган аланга,
жисмида чайқалиб пишган қони бор,
қуввату ғуссанинг қоришмасидир,
баҳайбат нафасли,
ҳорғин жонивор.

Сувлиқдан йиртилган оғзи тегару
майсалар қовжираб қолар адирда…
Учолмас юкининг оғирлигидан —
улкан қанотлари бўлган қадимда.

Мен сени эсладим
катта гўдак ҳам
тўрт бола ташвишин кифтига ортиб,
ҳамиша парвозни қўмсаб яшаган,
кўзлари ғуссали,
чиройли отим.

Ўзим ҳам анови қорабайирдай,
қоним-да совиган, ўйчан, беқанот,
яғир кифтларини пашшалар талар,
кимларнинг юкини тортмаган бу от.

Сағриси ялт этар
хира ойдинда…
оқарган далалар, куйган адирлар,
улар ҳам қачондир парвозлар қилган,
улкан қанотлари бўлган қадимда.

Ўхшатиб…
ўйласанг ойлар етмайди,
от каби ўтласанг жойлар етмайди,
ўлгудай ташнасан,
чанқоқ босдига
чат-чил синиб оққан сойлар етмайди.

Оҳ-ҳ, кўнгил,
бир нафас отга айлансак,
энг кўркам байталга маҳкам бойлансак,
бир шоир келсаю
унинг шеърида
энг бахтли, энг эркин зотга айлансак.

Ҳўй, от деса,
ҳўй, бахтиёр от,
сиз — шоир, мен отга айлансак деса,
оҳ-ҳ, кўнгил,
ҳаҳ, кўнгил,
яна нималарни тусайсан бесар.

Буюк тун тўлади ҳансироқларга,
уларга қўшилар шоир саси-да,
айланар, айланар,
мангу айланар
нафаслар тўрт фасл доирасида.

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.

Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар —
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.

Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.

Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.

Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса —
эгилган нарсалар тегар ғашимга.

Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинғ гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари…

Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар —
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.

Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.

Мен буни уқаман
эркалаб замин,
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
туқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».

Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ўхшайман.

ЎШКЕНТ ЛАҲЗАСИ

Оқ чўққилар,
шавақи сойлар
яшилликка кўмилган моҳтоб.
Мовий осмон ёйилмасида
сузар улкан олмадай офтоб.

Хаёлимнинг тиришларига
гуллар оқиб келар қаёқдан —
рўмолларнинг тирқишларидан
йилт эткизиб қарар аёллар.

Бир дақиқа ўйга ботибман,
жодуланиб шивирлар лабим.
Бир қарасам тошдай қотибман,
оёқларим илдизлар каби..

БАҲОРНИНГ ИЛК КУННИДА АЁЛИНИНИ КЎРГАН
ШОИР КЕЧИНМАСИ

Бу аёл…
Кўзимга қушдай кўринди,
мусича,каптардай сурганда хаёл.
Қайданам созладим тасаввуримни,
қушга ўхшайверар ҳадеб бу аёл!

Гўё хоб элитган…
Суврати сўлғин,
сездирмай жилмаяр гўё ҳумойлик.
Сўлиш ё гирями- ғалати тўлқин,
кўзлари ҳазинлик ёхуд хуморлик.

Баҳорга ўхшатсам…
баҳор ярашмас —
бу аёл баҳордан минг бора гўзал.
Пойига ташлашга — қалбни тарашлаб,
ёниқ сўзлар керак,
самимий сўзлар.

Баҳорнинг бир зумрад бўсағасида
кафтлари қушлардай…
Овозсиз сўйлар.
Дунё, бу аёлга ўхшатадиган
борми бирор тимсол қушингдан бўлак.

Ҳадикли нигоҳни сирли қирида
осмонни чоғларкан қушдай беғубор,
Сезаман,
аёлнинг нозик кифтида
қандай оғир сўзлар,
ғамгин сўзлар бор.

Кўринмас сўзларни аёл кифтидан
бирма-бир оламан сеҳргар каби.
Қўллари титрайди аёлни бирдан,
кўзлари титрайди,
титрайди лаби…

Гўёки парвоздан олдинги ҳолат,
нозик кифтларида энг сўнгги малол —
гўёки сўнгги сўз,
оғир сўз қолган,
сўнгги сўзни олсанг,
учгудай аёл…

042

Otajon Norov
MILLAT KUYCHISI
07

Har doim Shavkat Rahmon nomini tilga olganimda beixtiyor «iste’dod» degan so’zni shoirning ismidan oldin talaffuz etgim keladi. Uning iste’dodi oddiy so’zlarga, shunchaki ta’riflarga sig’maydi. O’zi aytganidek, «baxt — cheksizlik» ekan, shoirning iste’dodi ham cheksizdir, degim keladi. Shoirning «Saylanma»sida «Katta kun» deb nomlangan bir she’ri bor. She’r shunday boshlanadi:

Bu qanday kun o’zi,
qanday kun o’zi,
hattoki, mushuklar, itlar ishshaydi.
Soxta qahramonlar ketdilar to’zib,
yolg’on daholarning og’zi qiyshaydi.
Elning boshiman deb yurgan kaslarda
bosh o’zi yo’qligi xo’b bo’ldi ayon.

Bu she’r shoirning o’ttiz yoshlarida, ya’ni, 1987 yilda, Vatanimiz hali Mustaqillikka erishmagan rutubatli yillarda yozilgan. Shuning uchun ham she’rda «yolg’on daholar»ning asl basharasi fosh etiladi. «Elning boshiman» deganlarda — boshning o’zidan asar ham yo’qligini shoir qalb ko’zi bilan ko’radi, teran his etadi. «Bu qanday kun o’zi» deya hayqiradi. Hasratdoshining qulog’iga shivirlaydi: «Qanday kunligini bila oldingmi?».

Shavkat Rahmon shoir elning, vatanning vijdoni, imoni bo’lishi kerakligini ta’kidlaydi. Zero, uning o’zi shunday pokiza vijdon sohibi edi.

Pokiza ko’ringan ne-ne dastlardan
parron bir yog’duda yolqinlandi qon.
Bu qanday kun o’zi,
qanday kun o’zi,
joy-joyiga qo’yar hamma narsani,
qay bir munofiqning o’ynatib ko’zin,
bir necha yuziga tortar tarsaki.

Farishtadek xizmat qilganlarning ham — borlig’idagi qon tashqariga sizib chiqib, yog’dudek sachrab, «vayrona»ga aylanganiga ishora qipadi. Ishoraki, «hamma narsa», jumladan, oqibat va vijdon, diyonat va sadoqat kabi o’lmas insoniy fazilatlar o’z o’rnida turishini kuzatadi, guvoh bo’ladi. Uni yana qismatdoshidan o’zini istagan javobni eshitmoq ilinjida so’raydi: «Qanday kun o’zi?»

She’r satrdan-satrga teranlashib, o’ziga xos ohang kasb eta boradi. Shoirning qalb nidolari kitobxonni o’ziga mahliyo etganicha izidan ergashtiradi, shu birgina «qanday kun o’zi» degan hayqirig’i bilan qalbimizga singib ketadi.

Chekka-chekkalarda qilgancha g’iybat,
ishratni omol deb bilgan o’ysizlar
qo’ymijoz bu zlning tili yo’q derdi,
og’zingni och elim, ko’rib qo’ysinlar.

Shoirning isyoni go’zal! Uning qahramoni millatning orzu-armonlari, dilidagi pinhon saqlagan ezgu so’zlari-yu, hayajonlaridan so’z ochadi. She’rdagi bir maromdagi ruhoniy kayfiyat ketma-ketligi, musiqiyligi, ohangraboligi zukko she’rxonning borlig’ini vulqondek titratadi. Bu «titroq» keyingi satrlarda yanada kuchayadi.

Filodim bu kunning sasin eshitib,
Soxtalar zirillar — panoh topilmas.
Narxi ko’tarilar sichqon teshigin,
Hayratdan og’izlar endi yopilmas.

Munofiqlarning asl yuzini ko’rgan shoir hech ikkilanishsiz hayratlanadi. Bu hayrat «qanday kun o’zi» degan alamli savolga munosib javob bo’lib maydonga chiqadi. O’zlarining aybini yashirish maqsadida sichqon iniga boshlarini uradilar. Pana-panalarga o’tib, boshsiz gavdalarini yashirishga urinadilar. Bular kim edi shoir o’yida? Millatni «qurt» kabi yeb bitirayozgan — ikkiyuzla- machi, firibgar va sotqinlar edi. Publitsistik ruhdagi ushbu go’zal she’r shunday yakunlanadi:

Ey, dilim,
dunyodan ozurda bo’lma,
kelajak kunlarga ishonmoq xo’bdir.
Bitta katta kunni ko’rding hozircha,
bu elning kattakon kunlari ko’pdir.

Ba’zan shoirni umidsizlikni ko’proq kuylagan, barcha maqsadlarni umidsizlik ichiga olib kirgan, degan asossiz gap-so’zlar yuradi. Aslida shoir «dunyodan ozurda bo’lma» deb o’zini-yu o’zgalarni yorug’ kunlarga, umidlarga, nurli kelajakka chorlaydi. «Bu elning kattakon kunlari ko’p»ligiga ishonadi, ishontiradi.

Manba: «Yoshlik» jurnali, 12/2014

022
Shavkat Rahmon
SHE’RLAR
07

KATTA KUN

Bu qanday kun o’zi,
qanday kun o’zi,
hattoki mushuklar, itlar ishshaydi.
Soxta qahramonlar ketdilar to’zib,
yolg’on daholarning og’zi qiyshaydi.

Elning boshiman deb yurgan kaslarda
bosh o’zi yo’qligi xo’b bo’ldi ayon.
Pokiza ko’ringan ne-ne dastlardan
parron bir yog’duda yolqinlandi qon.

Bu qanday kun o’zi,
qanday kun o’zi,
joy-joyiga qo’yar hamma narsani,
qay bir munofiqning o’ynatib ko’zin,
bir necha yuziga tortar tarsaki.

Chekka-chekkalarda qilgancha g’iybat,
ishratni omol deb bilgan o’ysizlar
qo’ymijoz bu elning tili yo’q derdi,
og’zingni och elim,
ko’rib qo’ysinlar.

Filodim bu kunning sasin eshitib,
soxtalar zirillar — panoh topilmas.
Narxi ko’tarilar sichqon teshigin,
hayratdan og’izlar endi yopilmas.

Ey, dilim,
dunyodan ozurda bo’lma,
kelajak kunlarga ishonmoq xo’bdir.
Bitta katta kunni ko’rding hozircha,
bu elning kattakon kunlari ko’pdir

SHAHRI HOL

002

Shuhrati sochildi bodiyalarga…
zarbadan beshtaga bo’lindi anduh.
Yillarga yem bo’lgan obidalarda,
tinimsiz aylanar chinqiragan ruh.

Buzildi azob-la qurilgan dillar,
ilinjdan o’zga bir tuyg’u qolmadi.
Nasabin bilmagan sho’rlik yetimlar
g’aflatda uxladi,
kimlar yig’ladi.

Fitnalar domida pishgan zulmdan
ayovsiz bosildi qo’zg’algan yodlar,
o’zlikni toptagan makkor ilmdan
kulguga aylanib ketdi faryodlar.

Kim qoldi?
Iblisning makriga uchib,
qirpichoq bo’lguvchi alamon qoldi,
yuz yillik adovat zahrini qusib,
qoniga g’arq bo’lgan g’alayon qoldi.

Kim qolur?
Hattoki so’nggi lahzada
ko’zlari to’ymagan jobirlar qolur.
o’lim-la o’ynashgan nazm avjida
yuragi yorilgan shoirlar qolur.

Turkiston —
tarixi harbistonlarda,
to’kilib bitdimi buyuk qomatlar?
Ruhi dod solmasdi qabristonlarda
qaddini ko’tarsa agar nomardlar.

Buyuk ruh chinqirar…
Mudhish saroyda
zinodan to’ralgan necha dahriy zot
urchitar malaklar tug’ilgan joyda
o’zagi aynigan yangi mahluqot…

Demak bor,
bahaybat zulm bor hali,
hali bor odamni quvgan ovchilar.
shundan donishlari ovsaru dalli,
o’g’riga aylangan dono tojirlar.

Shundan chumchuqyurak poshsholari gung,
faqirlar ko’nikkan balo, qahatga,
shundan vodiylarda o’sib yotar mung.
hattoki bulbuli o’xshar kalxatga.

Turkiston —
to’zonday to’zgan jigarlar,
jigarlar yo’linda temir tikanlar,
gadolik ilmini o’rgatar endi
ajdod-ajdodi-la bosib shilganlar.

Burg’ular chirigan …
zanglagan tig’lar…
itlar tomoq ichar oltin tojidan.
moziyga tikilib mug’anniy yig’lar,
she’r yozib o’tirar lashkarboshilar.

AGAR…

Tuhmatdan yiqilsa
birorta do’stim,
men-chi, xilvatlarda berkinib yotsam.
Bu ham yetmaganday ancha vaqt o’tib,
poklikdan so’ylasam,
xotira sotsam.

Yo’q, bo’lmas,
yashardim boshimni egib,
kezardim umrbod yurtma-yurt oshib.
Odamzot ko’ziga qarolmasdim tik,
ko’ksimga osilgan bo’lardi boshim.

Yo’q, yo’q, yo’q…
Albatta birga bo’lardim
tamug’ malaylari ishga tushgan choq.
Do’stim-la yonma-yon turib o’lardim,
ehtimol o’lardim undan oldinroq…

OTGA QIYOSIY QASIDA

Shaklga qamalib qolgan alanga,
jismida chayqalib pishgan qoni bor,
quvvatu g’ussaning qorishmasidir,
bahaybat nafasli,
horg’in jonivor.

Suvliqdan yirtilgan og’zi tegaru
maysalar qovjirab qolar adirda…
Ucholmas yukining og’irligidan —
ulkan qanotlari bo’lgan qadimda.

Men seni esladim
katta go’dak ham
to’rt bola tashvishin kiftiga ortib,
hamisha parvozni qo’msab yashagan,
ko’zlari g’ussali,
chiroyli otim.

O’zim ham anovi qorabayirday,
qonim-da sovigan, o’ychan, beqanot,
yag’ir kiftlarini pashshalar talar,
kimlarning yukini tortmagan bu ot.

Sag’risi yalt etar
xira oydinda…
oqargan dalalar, kuygan adirlar,
ular ham qachondir parvozlar qilgan,
ulkan qanotlari bo’lgan qadimda.

O’xshatib…
o’ylasang oylar yetmaydi,
ot kabi o’tlasang joylar yetmaydi,
o’lguday tashnasan,
chanqoq bosdiga
chat-chil sinib oqqan soylar yetmaydi.

Oh-h, ko’ngil,
bir nafas otga aylansak,
eng ko’rkam baytalga mahkam boylansak,
bir shoir kelsayu
uning she’rida
eng baxtli, eng erkin zotga aylansak.

Ho’y, ot desa,
ho’y, baxtiyor ot,
siz — shoir, men otga aylansak desa,
oh-h, ko’ngil,
hah, ko’ngil,
yana nimalarni tusaysan besar.

Buyuk tun to’ladi hansiroqlarga,
ularga qo’shilar shoir sasi-da,
aylanar, aylanar,
mangu aylanar
nafaslar to’rt fasl doirasida.

QASAM

Shavkat Rahmon degan
bir o’jar shoir,
bir kuni qaytadan yaraladimi?
Hayotim ma’nisin juda ko’p o’ylab,
sayladim so’zlarning
saralarini.

Har bir so’z
yuz so’zning o’rnini bosar —
Vatan, Xalq, Jasorat, Kurash, Ozodlik.
Har bir so’z yetajak yuzta umrimga,
har biri baxsh etar
ruhimga shodlik.

Hozirlik ko’rarkan buyuk safarga,
pushtirang pardali minglab darchadan
mo’ralab o’tirgan go’zal so’zlarni,
qoldirib ketaman endi barchaga.

Aslida atirgul bo’yin taratgan
bu o’ynoqi so’zlar menikimasdir.
Menga nonday zarur, qilichday keskir,
zaharday mard so’zlar bo’lsayoq basdir.

Sayladim so’zlarning saralarini,
kurashlar shamoli kirdi nazmimga.
Yurtimni kezaman,
endi har narsa —
egilgan narsalar tegar g’ashimga.

Endi ishlash kerak bu kengliklarda,
tokim so’ylamasin yolg’onni hech kim,
tokim buyuk tog’lar saltanatida
egilgan boshlarni
qilichlar kessin.

O’SHNI KEZGANDA O’YLAGANLARIM

Bahaybat yaproqlar diyoridaman,
ulkandir bu yerning’ gulu toshlari.
Aylanar ko’k osmon yoyilmasida
bahaybat suvlarning
gulduroslari…

Sabru irodadan to’ralgan tog’lar
ulkan davrlarning yo’lchilariday.
Adirlar —
ummonning bir ko’tarilib,
mangu to’xtab qolgan to’lqinlariday.

Bunda har bir chechak,
har bir giyohning
osmonni to’sguday haybati bordir.
Qadim ohanglarday ulug’ diyorning
o’zidan ulug’roq hasrati bordir.

Men buni uqaman
har bir narsadan
yog’ilgan chog’ida bahaybat bir nur,
cho’yan o’zanlarga sig’masdan suvlar
guldirab chopganda uyur va uyur.

Men buni uqaman
erkalab zamin,
ham asrab bag’rida kuz qarog’iday,
bahaybat bo’lgin deb,
har bir bolaning
mitti tovonlarni o’pgan chog’ida.

Ammo, qani ular,
zamin alqagan,
umidvor tikilgan mitti daholar?
Birining ko’zida g’alat dard ko’rdim,
birining ko’zida ko’rdim jaholat.

Tobora kichrayib ko’rinar ular
kichkina tashvishlar iskanjasida.
Shundoq so’nib borar yer orzulari
hirsu ta’malarning kir panjasida.

Na’ra tortaymikin
tuqson to’qqiz ming
pahlavon bobomning ovozin yig’ib,
dahmalar qopqog’in taqillataymi,
faryod qilaymikin osmonni yirtib?!

Qo’pordim
yuragim hayqirig’ini,
hayqiriq zaminu ko’kka sig’madi.
Bu yomon holimdan yorildi tog’lar,
«Suvlari sirqirab toshlar yig’ladi».

Mana shu lahzada polaponlarin
parvozdan, osmondan yiroq go’shada,
suyibmas, cho’qilab ulg’aytayotgan
bir yirtqich,
bir vahshiy qushga o’xshayman.

O’SHKENT LAHZASI

Oq cho’qqilar,
shavaqi soylar
yashillikka ko’milgan mohtob.
Moviy osmon yoyilmasida
suzar ulkan olmaday oftob.

Xayolimning tirishlariga
gullar oqib kelar qayoqdan —
ro’mollarning tirqishlaridan
yilt etkizib qarar ayollar.

Bir daqiqa o’yga botibman,
jodulanib shivirlar labim.
Bir qarasam toshday qotibman,
oyoqlarim ildizlar kabi..

BAHORNING ILK KUNNIDA AYOLININI KO’RGAN
SHOIR KECHINMASI

Bu ayol…
Ko’zimga qushday ko’rindi,
musicha,kaptarday surganda xayol.
Qaydanam sozladim tasavvurimni,
qushga o’xshayverar hadeb bu ayol!

Go’yo xob elitgan…
Suvrati so’lg’in,
sezdirmay jilmayar go’yo humoylik.
So’lish yo giryami- g’alati to’lqin,
ko’zlari hazinlik yoxud xumorlik.

Bahorga o’xshatsam…
bahor yarashmas —
bu ayol bahordan ming bora go’zal.
Poyiga tashlashga — qalbni tarashlab,
yoniq so’zlar kerak,
samimiy so’zlar.

Bahorning bir zumrad bo’sag’asida
kaftlari qushlarday…
Ovozsiz so’ylar.
Dunyo, bu ayolga o’xshatadigan
bormi biror timsol qushingdan bo’lak.

Hadikli nigohni sirli qirida
osmonni chog’larkan qushday beg’ubor,
Sezaman,
ayolning nozik kiftida
qanday og’ir so’zlar,
g’amgin so’zlar bor.

Ko’rinmas so’zlarni ayol kiftidan
birma-bir olaman sehrgar kabi.
Qo’llari titraydi ayolni birdan,
ko’zlari titraydi,
titraydi labi…

Go’yoki parvozdan oldingi holat,
nozik kiftlarida eng so’nggi malol —
go’yoki so’nggi so’z,
og’ir so’z qolgan,
so’nggi so’zni olsang,
uchguday ayol…

042

(Tashriflar: umumiy 267, bugungi 1)

Izoh qoldiring