Qandilat Yusupova. Ikki esse va she’rlar

044 Қандилат Юсупованинг жаҳон адабиётидан  қилган таржималари билан кутубхонамизда мунтазам танишган бўлсангиз, бугунги саҳифамизда унинг қаламига мансуб эссе ва шеърларни тақдим этмоқдамиз.

Қандилат Юсупова
ЯХШИЯМ, МЕН БОРМАН,
ЯХШИЯМ, У БОР!..

065    Қандилат Юсупова 1986 йил, 8 декабрда Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган. 2008 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз тили факультетини тамомлаган. “Кўзларингдан қўрқаман, шеърим”, “Тор сеҳри”, “Ёруғ кунлар хумори”, “Оҳу фарёди” номли шеърий китоблари чоп этилган.

* * *

Куз узун-узун афсусга ўхшайди. Узун-узун афсусга…
Кунлар бир тутам. Тутундек оҳларинг кулранг кўкка ўрлайди ҳар кун. Япроқлар заъфарон товланади. Кўзларим оғриб кетади тикилавериб уларга. Поймол бўлар барча туйғулар.
Қайғулар бош кўтарар изғирин еллари каби. Нафратланиб кетаман мен улардан. Сўнгра узоқ-узоқларга кетиб қоламан. Эсимдан чиқиб эскириб кетган кўйлагимни қидира-қидира топиб, суюниб кийиб оламан. Ўтган ўтмишга қайтмоқчи бўламан у билан.
Барглари ям-яшил дарахт пойига бориб тиз чўкаман. Қаерда бор эди-я бу ниҳол? Ажаб, мен уни қачон йўқотиб қўйгандим? Ва қаерда? Йўқ. Эсимда йўқ. Эсимда йўқ…
Барглари ям-яшил, сояси жонга оромбахш ўша дарахт. Хаёлан уни қўмсайман беҳад. Кўрмоқ истайман хаёлда бўлсаям. Аммо мен уни қачондир, қаердадир йўқотиб қўйганман. Қачондир, қаердадир…
Куз гулхан шафаққа ёлғон армонларини ёяди ҳар шом, ўзининг мотамсаро кўк либосини кияди ҳар тонг. Қушлар унинг бу алдовига ҳеч замон ишонмаганлар. Улар ҳақиқат излаб учиб кетганлар аллақачонлар. Ва менинг руҳим-да уларга қўшилиб учиб кетган қаёқларгадир…ҳақиқат қидириб!
Куз ростданам узун-узун афсусга ўхшайди. Раҳмим келади унга. Раҳмим келади ўзимга. Кўзларимни юмаман. Тасаввурнинг тиниқ ойнасида япроқлари ям-яшил қадрдон дарахт аксланади. Мен уни соғинганман. Кўргим ва топгим келган уни не замонлардан буён. Йўқ, энди уни йўқотиб қўйишни ҳечам истамайман. Мен уни қайта йўқотмайман. Яна қайта йўқотмаслик-чун уни – ҳамиша барглари бахтиёр ўша адл вужудни, мен қайтиб кўзларимни очмайман, очолмайман кўзларимни. Қабоқларим остида, хаёл ва хотиранинг энг ёруғ манзилларида ям-яшил бахтдан яралган жуда ширин бир қисмат азалдан мавжуд. Мен иккала кўзимни ҳам осуда ва маҳкам қилиб юмаман. Эгнимда яна топиб олганим – узоқ ўтмишимнинг эскирган энгили билан дунёдаги энг лаззатли уйқуга кетаман.
Куз – мен заъфарон кўзларимни бениҳоя бахтиёр юмаман…

* * *

Ташқарида эзиб ёғар қор,
Эзиб борар кўнгилни ғашлик.
Мен хазонга тўймасдан бир бор,
Қиш, сен бунча келдинг шошилинч?

Бошланади ялдо тунлари,
Деразани шамол қамчилар.
Ёқмас менга қор учқунлари,
Менга керак кузги томчилар…

* * *

Ҳалиям омонман
ғамнинг кўйида,
ҳалиям яшашга ичаман қасам,
О, қандай бўларкин туғилмай турган
шеърларимни ташлаб гар ўлиб кетсам?!

Ўлим мунча совуқ,
изғирин хаёл!
Онамнинг камзулин эгнимга илиб
жунжикиб ўйларман шу муз саволни…
Юпатиб бўлмайди юракни олиб!

Шамдонда эрийди энг охирги шам,
Узун ўйларимдек узоқ ёнди у.
Мен қидирган юпанч топилмас бир зум,
Менинг қидирганим: АЗОБ ва ҚАЙҒУ!

Дўстлар, ўтинаман, бундай қараманг,
Бе чора эмасман ғамнинг кўйида.
Ёзарман энг бахтли, масъуд шеъримни –
Онамнинг камзули эгнимда…

* * *

Оппоқ қорлар ёғар шу хиёбонда,
мен сени унутган дарахтлар ости
оппоқ қорга тўлар,
кўзим ёшланар…
Мен ўша қорларни босиб ўтаман,
Гўёки ҳеч нима ҳеч бўлмагандай!

Қалин туман босган бўшлиқ оралаб
сенинг қаддинг аста бўлар намоён.
…О, бу – Сен!
Келдингми, азизим, ғуссам,
Қара, дунё қандай шодон, нурафшон!

Оппоқ тонглар отар кейин бу ерда,
чеҳрангга ўхшаган саҳарлар отар.
Қайдадир ҳувиллаб турар бир замон
биз қадрдон бўлган тор ўриндиқлар.

мен то шомларгача излайман сени,
эҳтимол, неча йил ўтган шу тарзда.
Аммо мен ҳисобдан адашганман-ку,
мен қолиб кетганман сенинг соянгда…

Нақадар оқ қорлар ёғар бу ерда!..

* * *

Сен томчига айланган кеча –
Ёмғир қуйди,
осмон йиғлади,
Йиғлолмадим аммо мен – ўзим…
Эртакларинг узундан-узун,
кўзларингга боқаман – маҳзун…
Узун-узун пандлар ўқийман,
Ўргатаман ақл, алдовни!
Йиғлолмайман аммо мен, ўзим.
Сен Орзуга асира Телба –
Оқ кўрасан бутун дунёни.
Қайтараман шаҳду шаштингдан,
Беркитаман борки зиёни.
“Яшолмайсан бундай девона!”
Оҳ, азизам!
Оҳ, мунис дилим!
Нечун сенга ўхшолмадик биз,
Туғилсайдим яна қайтадан –
Бир кун бегард яшамоқ учун
Туғилсайдим яна бир карра!
Йиғлолсайдим сен каби зора…
Эртакларинг узундан-узун,
Эртакларинг билмас ниҳоя.
Ишон, соғин ва йиғла тўйиб,
Сен ишонма ақллиларга.
Сен – Орзуга
Асира
Телба…

* * *

Ҳалиям ўзини тополмайди қуш,
Ёпиқ деразага ураверар тўш,
Бу ёпиқ дераза очилмас ҳеч ҳам,
Унинг ичкариси қушчага мубҳам,
Бироқ келаверар,
ураверар тўш,
Гўё ичкарида бахтли бўлар қуш.
Ҳуш! Нақадар ҳуш унинг умиди,
Умрида сира ҳам учмаганларга,
Оёғини ердан узмаганларга,
Ҳа! Узмоқлик керак ердан оёқни!
Гоҳо учмоқлик-да Яратганга ҳуш,
Бу асли бахтиёр – курашувчан қуш!
Балки очилар ҳам ўша берк дарча,
Ва ҳайратда қолгай кулганлар барча,
Бироқ ичкарига қуш кирар фақат,
Ва бахтли бўлгайдир бечора албат!
Ҳозирча патларин тўзғитиб саркаш,
Ёпиқ деразага талпинар яккаш.
Бу шундай курашга тўймайдиган қуш,
Унинг телбалиги Яратганга ҳуш!
Ҳуш!
Нақадар ҳуш бу девона қуш!..

* * *
Ёқмайди,
кетаман гавжум шаҳардан,
менга сира ёқмас қўнғироқлари.
Бўшалиб кетади қароғимдаги
йиллаб кишанланган қалб қийноқлари.
Абадий роҳатга ташна дил, бироқ
ҳуркиб қадам ташлар,
ғанимлари куч.
О, мен билолмайман, шикаста руҳ-ла
улардан қандайин олар эдим ўч?!
Аммо яна балқиб чиқар шижоат,
ариқлар пойига чўкканимда тиз.
Балким тушларимга ишонганимда
эҳтимол бўлардим энг омадли қиз.
Кетаман,
бу шаҳар боқмас ортимдан,
Олис-олисларга кетаман мен ҳам!
Мени ҳам кутади узооқда
Ғариб ва
меҳрибон бир одам…

* * *

Сархуш ҳаволардан дилим энтикди,
Соғиниб кетдим сўнг ҳазин куйларни.
Ёшлик ёдга тушди:
сим-сим ёмғирлар
ёғарди шалаббо этиб уйларни.

Боғлар титрар эди томчилар ичра,
Биз қочиб кетардик ишқ, ҳаяжонда.
Дунё ошиқ эди!
Кўзларимизга
Орзулар ёғарди гўё осмондан.

Соғиниб кетдим мен ўша кунларни…

* * *

Шамол.
Дарахт шохи силкинар,
Қунишар ер.
Учиб борар мусича ғамгин,
Балким уйи йўқ бир мусофир,
Жовдираб боқар ер қаҳрига дилхун,
Шафқат айламоқлик зарурдир ахир,
Совқотган новдалар титрар беозор,
Музлаган кўлмакда беозор нигоҳ.
Мағрур теракда ҳам йўқ бу дам озор,
Ҳаммаси мўминхалқ, меҳрибон, бироқ
Мусича баридан беозорроқдир…

Нечун тилаяпсан, о, жоҳил фалак
Шугина жимит жон умрига оғу?
Учар у бечора мудом жонҳалак,
Атрофда ёғу кўп, бешафқат ёғу!
Қани, қанотларинг кўтар сарбаланд!
Осмону фалакка парвоз қил тетик.
Букма ҳеч бошингни, ғамгин мусичам,
Дардингга ер шерик, осмонлар шерик.
Ёвқур шамоллардан қўрқма, мусичам,
Барига етади олов ироданг!

Учиб борар эди мусича ғамгин…

* * *

Она,
телефонга ҳеч тушунмайсан-да!
Узуқ-юлуқ, ғалат сўзлар ёзибсан.
Бу катта шаҳарга келганим билан
Мен фақат ақлдан озяпман.
Базўр англаяпман ҳаёт қонунин,
У билан чиқишиб кетолмадим ҳеч.
Толеънинг бемаъни ҳукмидан кўра
Сенинг хатларингни ўқиганим тинч.
Оҳ! Бу одамларга нимам ёқмайди,
Ёқамни қўйворса эди қўллари!
Ҳадеб хушомадмас, омад қидирсам,
Очилиб кетарди балки йўлларим.
Ўйлама, боламнинг кўп ғанимлари,
Қизинг бир ўзига зўр бино қўйган!
Фақат сен бошимга не бало келса,
Тақдир синовига йўйганинг йўйган.
Билмайсанки, тилим бўйимдан узун,
Ёқамни ушлатиб қўярканманми?
Осмон тўла қузғун, қўлларим чўзиб
Қўрқмай ушлаб олсам – ишонмайсанми?
Оёғимдан чалар эҳтимол кимдир,
Йиқиларман.
Туриб кетолмайманми?
Она, эҳҳе, қанча орзуларим бор,
Қузғунлардан қўрқиб, етолмайманми?
Хавотиринг бекор, хатларинг ночор,
Атай айтаяпсан, билиб турибман.
Сен менга “Ҳушёр бўл” деб ёзар чоғинг,
Шаддодлигим ўйлаб, кулиб турибсан.
Она!
Қўй, бунақа сўзларни ёзма,
Ўйлама серсавол, сергап қизингни.
Мен катта шаҳарга келган кунимдан
Йўқотиб қўйганман ўзимни…

Фақат сенинг узун хатларинг гўзал!

* * *

Тилимнинг учида
қотиб турган ҳақиқатларни
айтмасам –
ёрила бошлар лабларим.
Қонаб борар кундан-кун
Бағри яра мусибатлар,
жароҳатлар инграр бемажол,
Аммо айта олмасман ҳеч.
Тилимнинг учида қотиб қолгандир улар.
Лаҳзадан-лаҳзага
руҳимга игна санчарлар
аччиқ ҳақиқатлар,
Оғриққа тўладир шундан ҳар куним.
Шундан кўнглим ярим, хаста жон.
Тилимнинг учида қотиб қолган ҳақиқатларни
Сизга айтсаммикан, ҳеей, улкан қушлар?!
Ў, буюк қушлар!
Олиб учинг олис-олисга –
Руҳимни ўлдирган бор аччиқларни,
ва игналарни ташланглар суғуриб!
Аммо нечун ўзим ололмасман уларни?!
Азобларим, жоним қотиллари,
Яшаб-яшолмаган онларим бари –
Уларнинг бари –
тилимнинг учида
мудом қотиб қолган ҳақиқатлардир.
Ёрилиб кетай дейди лабларим,
қонаб борар кундан-кунга,
шивирлашга йўқ ҳатто мадор.
Кўз ёшимда оқадир сизиб,
Тилимнинг учидаги шўртак ҳақиқатлар.

* * *

……………………………………………Излаяпман……………………………………………………………………………………………………тополмаяпман………………………………………………….

* * *
Қафасда гул чиздим:
Мен учаяпман,
ложувард осмонга,
сўнг қонли уфққа
қараб учаяпман,
баланд учяпман!
Жисмим қафасда-ю,
қонли юрагим
ва озод руҳим-ла
Шод учаяпман!
Осмон ҳали ёруғ,
Замин ҳали кенг,
Дарахтлар бўронга
Туриб берган тик,
Неча замондирки
Ваҳший қўлларда
Қалбан буюк бўлиб
яшаган Қуллик!
Демак, ҳали озод
кунларимиз бор,
Демак, асрларга
етгай нидомиз,
Йўқ, биз ўлмаганмиз,
Бизни ўлдирмас
Не-не мушкулимиз
енгган Худомиз!
Ҳали осмон ёруғ
яшар абадий,
Абадий ҳурликка
ноил бўлгаймиз!
Ўлсак ҳам,
руҳимиз қанотларига
Қафасда гул чизиб
Ғолиб ўлгаймиз!
Шу қонли юрагим
ва ҳур руҳим-ла
Мен шод учаяпман,
Баланд учяпман!..
Ҳув, олис уфққа
Умидвор,
ночор,
Ожиз қўлларимни чўзяпман!
Бахтиёр учяпман,
Озод учяпман…

* * *
Бошимни кўтариб турибман,
Қулаб тушма, осмон!
Кўп кўрма, осмон –
Ёш бошимга солганларингни.
Йўқ, мен сира олмадим малол,
Мана, кўтарганча турибман
шу тош бошимни.

Адоғига етиб олай умримни,
Фақат ёрилиб кетма,
о, осмон!
Бироз яшаб олай,
озгина яшай –
Яна қийнаб олай ширин жонимни,
Қулаб тушма, осмон!

Охир бир кун тоғлар келар пойимга,
Қуёш эриб кетгай олов меҳримдан.
Ўшанда ёрилиб кетарман ўзим,
Енга олганим-чун аччиқ жонимни!
Чидаб тургин, осмон!

Чидаб тургин, осмон –
То умримни енггунимгача
чидаб тургин бироз –
Сўнгра қулаб тушарсан, майли,
Офтоб чиққан шўрлик бошимга…

Лек мен ҳозир,
фақат ҳозирча
Кўтариб турибман бошимни…

* * *

Қуш бўлиб учсаму
ернинг кафтидан
Дард бўлиб қўнсам
Ҳув дарахт шохига –
синиб кетмасмикин шохлари?
синиб кетмасмикин…

Ёки оқиб кетсам сой суронида
мен-да сурон солиб бутун оламга,
жарангимдан қочиб кетмасмикин-а
Одамлар,
оҳанглар,
оромлар.
Қочиб кетмасмикин…

Ёки сингиб кетсам
ернинг қаърига
Бир ёмғир томчиси сингари,
Сингдирармикин-а шунча гуноҳу
Шаккоклигим ила сингдирармикин?
Сиғдирармикин-а бағрига мани…

Шундай деб ўйладим аёзли тунда,
Йиғладим,
ўзимнинг ҳолимга абгор.
Қўрқдимки, менинг ҳам руҳимда
Покиза бир нафас туғилармикин?
Туғилармикин?..

Эҳ! Қуш бўлиб учсаму
ернинг кафтидан
тезроқ айлансайдим
бир дард шаклига…

* * *

Қаердадир ёруғ уйлар бор. Қачонлардир оппоқ-оппоқ тонглар отади.

Яратган шу қадар доноки, У ҳар битта ранжу озорни бекорга юбормайди. Унинг ортида албатта ва албатта бир қадру қиммат турган бўлади, фақат биз ожиз бандалар бесабрлик қилиб ўша фурсатни кутишга тоқат қилолмаймиз. Ахир номимиз – Ожиз.

Мен шу кичик умримдаги барча азиз ва суянган неъматларимга беҳад катта сабр ҳамда машаққат билан муяссар бўлдим. Кўп-кўп қора ва муз қоплаган кунларим-да бўлди. У дамларимда ҳам инсонларнинг оқу қорасини ажратиб олишга имкон топдим. Бировлар бу кунингдан баттар бўл, деди. Бировлар ҳа, бечора-я, энди туриб кетолмайди, деди. Кўплар шундай деди. Билдимки, ташқаридан жуда бахтиқаро ва ожиз кўринарканман.

Билъакс, асло – асло ундай эмасман. Ҳа, ҳой, сиз устимдан кулгувчи ва ортимдан тош отгувчилар! Эшитиб қўйинглар, мен асло ожиз ва бахтсиз эмасман! Ахир сиз юрагимнинг туб-тубидаги Яратган Эгам қўллаб турган илоҳий кучимни кўра олмайсизлар-ку! У мана ҳозир ҳам, ҳамма вақт менинг ичимда. Дилимнинг қаър-қаърида нафас олмоқда. Мен уни умримнинг ҳар кунида, ҳар лаҳзасида ҳис қилиб яшаганман.

Ҳа, ўша сиз кулган ё бедилларча ачинган сонияларда ҳам у мен билан бирга эди. У орзуларимга қанот бериб, олис осмонимга учиришга шаҳд қилиб турарди. Зотан, сиз каби кимсларнинг ҳеч қимматсиз ва маънисиз гап-сўзларингиз тафти олдида унинг жазму жасорати оловлироқ эди минг чандон. У шу қадар кучли эдики, кучанар эдики, парвоз учун чандон ингранар эдики, мен тамоман кўру карга айланиб қолгандим.

Мана, мен. Яхшиям, борман. Яхшиямки, мен борман ва яхшиямки, у бор. Ўша – Яратган ато этган юрагимдаги шиддатли ва садоқатли ўтим бор менинг. У учун беадад-беадад шукроналар бўлсин!

21Qandilat Yusupovaning jahon adabiyotidan qilgan tarjimalari bilan kutubxonamizda muntazam tanishgan boʼlsangiz, bugungi sahifamizda uning qalamiga mansub esse va sheʼrlarni taqdim etmoqdamiz.

Qandilat Yusupova
YAXSHIYAM, MEN BORMАN,
YAXSHIYAM, U BOR!..


03Qandilat Yusupova 1986 yil, 8 dekabrda Аndijon viloyatining Paxtaobod tumanida tugʼilgan. 2008 yilda Oʼzbekiston davlat jahon tillari universitetining ingliz tili fakulьtetini tamomlagan. “Koʼzlaringdan qoʼrqaman, sheʼrim”, “Tor sehri”, “Yorugʼ kunlar xumori”, “Ohu faryodi” nomli sheʼriy kitoblari chop etilgan.


* * *

Kuz uzun-uzun afsusga oʼxshaydi. Uzun-uzun afsusga…
Kunlar bir tutam. Tutundek ohlaring kulrang koʼkka oʼrlaydi har kun. Yaproqlar zaʼfaron tovlanadi. Koʼzlarim ogʼrib ketadi tikilaverib ularga. Poymol boʼlar barcha tuygʼular.
Qaygʼular bosh koʼtarar izgʼirin yellari kabi. Nafratlanib ketaman men ulardan. Soʼngra uzoq-uzoqlarga ketib qolaman. Esimdan chiqib eskirib ketgan koʼylagimni qidira-qidira topib, suyunib kiyib olaman. Oʼtgan oʼtmishga qaytmoqchi boʼlaman u bilan.
Barglari yam-yashil daraxt poyiga borib tiz choʼkaman. Qaerda bor edi-ya bu nihol? Аjab, men uni qachon yoʼqotib qoʼygandim? Va qaerda? Yoʼq. Esimda yoʼq. Esimda yoʼq…
Barglari yam-yashil, soyasi jonga orombaxsh oʼsha daraxt. Xayolan uni qoʼmsayman behad. Koʼrmoq istayman xayolda boʼlsayam. Аmmo men uni qachondir, qaerdadir yoʼqotib qoʼyganman. Qachondir, qaerdadir…
Kuz gulxan shafaqqa yolgʼon armonlarini yoyadi har shom, oʼzining motamsaro koʼk libosini kiyadi har tong. Qushlar uning bu aldoviga hech zamon ishonmaganlar. Ular haqiqat izlab uchib ketganlar allaqachonlar. Va mening ruhim-da ularga qoʼshilib uchib ketgan qayoqlargadir…haqiqat qidirib!
Kuz rostdanam uzun-uzun afsusga oʼxshaydi. Rahmim keladi unga. Rahmim keladi oʼzimga. Koʼzlarimni yumaman. Tasavvurning tiniq oynasida yaproqlari yam-yashil qadrdon daraxt akslanadi. Men uni sogʼinganman. Koʼrgim va topgim kelgan uni ne zamonlardan buyon. Yoʼq, endi uni yoʼqotib qoʼyishni hecham istamayman. Men uni qayta yoʼqotmayman. Yana qayta yoʼqotmaslik-chun uni – hamisha barglari baxtiyor oʼsha adl vujudni, men qaytib koʼzlarimni ochmayman, ocholmayman koʼzlarimni. Qaboqlarim ostida, xayol va xotiraning eng yorugʼ manzillarida yam-yashil baxtdan yaralgan juda shirin bir qismat azaldan mavjud. Men ikkala koʼzimni ham osuda va mahkam qilib yumaman. Egnimda yana topib olganim – uzoq oʼtmishimning eskirgan engili bilan dunyodagi eng lazzatli uyquga ketaman.
Kuz – men zaʼfaron koʼzlarimni benihoya baxtiyor yumaman…

* * *

Tashqarida ezib yogʼar qor,
Ezib borar koʼngilni gʼashlik.
Men xazonga toʼymasdan bir bor,
Qish, sen buncha kelding shoshilinch?

Boshlanadi yaldo tunlari,
Derazani shamol qamchilar.
Yoqmas menga qor uchqunlari,
Menga kerak kuzgi tomchilar…

* * *

Haliyam omonman
gʼamning koʼyida,
haliyam yashashga ichaman qasam,
O, qanday boʼlarkin tugʼilmay turgan
sheʼrlarimni tashlab gar oʼlib ketsam?!

Oʼlim muncha sovuq,
izgʼirin xayol!
Onamning kamzulin egnimga ilib
junjikib oʼylarman shu muz savolni…
Yupatib boʼlmaydi yurakni olib!

Shamdonda eriydi eng oxirgi sham,
Uzun oʼylarimdek uzoq yondi u.
Men qidirgan yupanch topilmas bir zum,
Mening qidirganim: АZOB va QАYGʼU!

Doʼstlar, oʼtinaman, bunday qaramang,
Be chora emasman gʼamning koʼyida.
Yozarman eng baxtli, masʼud sheʼrimni –
Onamning kamzuli egnimda…

* * *

Oppoq qorlar yogʼar shu xiyobonda,
men seni unutgan daraxtlar osti
oppoq qorga toʼlar,
koʼzim yoshlanar…
Men oʼsha qorlarni bosib oʼtaman,
Goʼyoki hech nima hech boʼlmaganday!

Qalin tuman bosgan boʼshliq oralab
sening qadding asta boʼlar namoyon.
…O, bu – Sen!
Keldingmi, azizim, gʼussam,
Qara, dunyo qanday shodon, nurafshon!

Oppoq tonglar otar keyin bu yerda,
chehrangga oʼxshagan saharlar otar.
Qaydadir huvillab turar bir zamon
biz qadrdon boʼlgan tor oʼrindiqlar.

men to shomlargacha izlayman seni,
ehtimol, necha yil oʼtgan shu tarzda.
Аmmo men hisobdan adashganman-ku,
men qolib ketganman sening soyangda…

Naqadar oq qorlar yogʼar bu yerda!..

* * *

Sen tomchiga aylangan kecha –
Yomgʼir quydi,
osmon yigʼladi,
Yigʼlolmadim ammo men – oʼzim…
Ertaklaring uzundan-uzun,
koʼzlaringga boqaman – mahzun…
Uzun-uzun pandlar oʼqiyman,
Oʼrgataman aql, aldovni!
Yigʼlolmayman ammo men, oʼzim.
Sen Orzuga asira Telba –
Oq koʼrasan butun dunyoni.
Qaytaraman shahdu shashtingdan,
Berkitaman borki ziyoni.
“Yasholmaysan bunday devona!”
Oh, azizam!
Oh, munis dilim!
Nechun senga oʼxsholmadik biz,
Tugʼilsaydim yana qaytadan –
Bir kun begard yashamoq uchun
Tugʼilsaydim yana bir karra!
Yigʼlolsaydim sen kabi zora…
Ertaklaring uzundan-uzun,
Ertaklaring bilmas nihoya.
Ishon, sogʼin va yigʼla toʼyib,
Sen ishonma aqllilarga.
Sen – Orzuga
Аsira
Telba…

* * *

Haliyam oʼzini topolmaydi qush,
Yopiq derazaga uraverar toʼsh,
Bu yopiq deraza ochilmas hech ham,
Uning ichkarisi qushchaga mubham,
Biroq kelaverar,
uraverar toʼsh,
Goʼyo ichkarida baxtli boʼlar qush.
Hush! Naqadar hush uning umidi,
Umrida sira ham uchmaganlarga,
Oyogʼini yerdan uzmaganlarga,
Ha! Uzmoqlik kerak yerdan oyoqni!
Goho uchmoqlik-da Yaratganga hush,
Bu asli baxtiyor – kurashuvchan qush!
Balki ochilar ham oʼsha berk darcha,
Va hayratda qolgay kulganlar barcha,
Biroq ichkariga qush kirar faqat,
Va baxtli boʼlgaydir bechora albat!
Hozircha patlarin toʼzgʼitib sarkash,
Yopiq derazaga talpinar yakkash.
Bu shunday kurashga toʼymaydigan qush,
Uning telbaligi Yaratganga hush!
Hush!
Naqadar hush bu devona qush!..

* * *
Yoqmaydi,
ketaman gavjum shahardan,
menga sira yoqmas qoʼngʼiroqlari.
Boʼshalib ketadi qarogʼimdagi
yillab kishanlangan qalb qiynoqlari.
Аbadiy rohatga tashna dil, biroq
hurkib qadam tashlar,
gʼanimlari kuch.
O, men bilolmayman, shikasta ruh-la
ulardan qandayin olar edim oʼch?!
Аmmo yana balqib chiqar shijoat,
ariqlar poyiga choʼkkanimda tiz.
Balkim tushlarimga ishonganimda
ehtimol boʼlardim eng omadli qiz.
Ketaman,
bu shahar boqmas ortimdan,
Olis-olislarga ketaman men ham!
Meni ham kutadi uzooqda
Gʼarib va
mehribon bir odam…

* * *

Sarxush havolardan dilim entikdi,
Sogʼinib ketdim soʼng hazin kuylarni.
Yoshlik yodga tushdi:
sim-sim yomgʼirlar
yogʼardi shalabbo etib uylarni.

Bogʼlar titrar edi tomchilar ichra,
Biz qochib ketardik ishq, hayajonda.
Dunyo oshiq edi!
Koʼzlarimizga
Orzular yogʼardi goʼyo osmondan.

Sogʼinib ketdim men oʼsha kunlarni…

* * *

Shamol.
Daraxt shoxi silkinar,
Qunishar yer.
Uchib borar musicha gʼamgin,
Balkim uyi yoʼq bir musofir,
Jovdirab boqar yer qahriga dilxun,
Shafqat aylamoqlik zarurdir axir,
Sovqotgan novdalar titrar beozor,
Muzlagan koʼlmakda beozor nigoh.
Magʼrur terakda ham yoʼq bu dam ozor,
Hammasi moʼminxalq, mehribon, biroq
Musicha baridan beozorroqdir…

Nechun tilayapsan, o, johil falak
Shugina jimit jon umriga ogʼu?
Uchar u bechora mudom jonhalak,
Аtrofda yogʼu koʼp, beshafqat yogʼu!
Qani, qanotlaring koʼtar sarbaland!
Osmonu falakka parvoz qil tetik.
Bukma hech boshingni, gʼamgin musicham,
Dardingga yer sherik, osmonlar sherik.
Yovqur shamollardan qoʼrqma, musicham,
Bariga yetadi olov irodang!

Uchib borar edi musicha gʼamgin…

* * *

Ona,
telefonga hech tushunmaysan-da!
Uzuq-yuluq, gʼalat soʼzlar yozibsan.
Bu katta shaharga kelganim bilan
Men faqat aqldan ozyapman.
Bazoʼr anglayapman hayot qonunin,
U bilan chiqishib ketolmadim hech.
Toleʼning bemaʼni hukmidan koʼra
Sening xatlaringni oʼqiganim tinch.
Oh! Bu odamlarga nimam yoqmaydi,
Yoqamni qoʼyvorsa edi qoʼllari!
Hadeb xushomadmas, omad qidirsam,
Ochilib ketardi balki yoʼllarim.
Oʼylama, bolamning koʼp gʼanimlari,
Qizing bir oʼziga zoʼr bino qoʼygan!
Faqat sen boshimga ne balo kelsa,
Taqdir sinoviga yoʼyganing yoʼygan.
Bilmaysanki, tilim boʼyimdan uzun,
Yoqamni ushlatib qoʼyarkanmanmi?
Osmon toʼla quzgʼun, qoʼllarim choʼzib
Qoʼrqmay ushlab olsam – ishonmaysanmi?
Oyogʼimdan chalar ehtimol kimdir,
Yiqilarman.
Turib ketolmaymanmi?
Ona, ehhe, qancha orzularim bor,
Quzgʼunlardan qoʼrqib, yetolmaymanmi?
Xavotiring bekor, xatlaring nochor,
Аtay aytayapsan, bilib turibman.
Sen menga “Hushyor boʼl” deb yozar chogʼing,
Shaddodligim oʼylab, kulib turibsan.
Ona!
Qoʼy, bunaqa soʼzlarni yozma,
Oʼylama sersavol, sergap qizingni.
Men katta shaharga kelgan kunimdan
Yoʼqotib qoʼyganman oʼzimni…

Faqat sening uzun xatlaring goʼzal!

* * *

Tilimning uchida
qotib turgan haqiqatlarni
aytmasam –
yorila boshlar lablarim.
Qonab borar kundan-kun
Bagʼri yara musibatlar,
jarohatlar ingrar bemajol,
Аmmo ayta olmasman hech.
Tilimning uchida qotib qolgandir ular.
Lahzadan-lahzaga
ruhimga igna sancharlar
achchiq haqiqatlar,
Ogʼriqqa toʼladir shundan har kunim.
Shundan koʼnglim yarim, xasta jon.
Tilimning uchida qotib qolgan haqiqatlarni
Sizga aytsammikan, heey, ulkan qushlar?!
Oʼ, buyuk qushlar!
Olib uching olis-olisga –
Ruhimni oʼldirgan bor achchiqlarni,
va ignalarni tashlanglar sugʼurib!
Аmmo nechun oʼzim ololmasman ularni?!
Аzoblarim, jonim qotillari,
Yashab-yasholmagan onlarim bari –
Ularning bari –
tilimning uchida
mudom qotib qolgan haqiqatlardir.
Yorilib ketay deydi lablarim,
qonab borar kundan-kunga,
shivirlashga yoʼq hatto mador.
Koʼz yoshimda oqadir sizib,
Tilimning uchidagi shoʼrtak haqiqatlar.

* * *

……………………………………………Izlayapman……………………………………………………………………………………………………topolmayapman………………………………………………….

* * *
Qafasda gul chizdim:
Men uchayapman,
lojuvard osmonga,
soʼng qonli ufqqa
qarab uchayapman,
baland uchyapman!
Jismim qafasda-yu,
qonli yuragim
va ozod ruhim-la
Shod uchayapman!
Osmon hali yorugʼ,
Zamin hali keng,
Daraxtlar boʼronga
Turib bergan tik,
Necha zamondirki
Vahshiy qoʼllarda
Qalban buyuk boʼlib
yashagan Qullik!
Demak, hali ozod
kunlarimiz bor,
Demak, asrlarga
yetgay nidomiz,
Yoʼq, biz oʼlmaganmiz,
Bizni oʼldirmas
Ne-ne mushkulimiz
yenggan Xudomiz!
Hali osmon yorugʼ
yashar abadiy,
Аbadiy hurlikka
noil boʼlgaymiz!
Oʼlsak ham,
ruhimiz qanotlariga
Qafasda gul chizib
Gʼolib oʼlgaymiz!
Shu qonli yuragim
va hur ruhim-la
Men shod uchayapman,
Baland uchyapman!..
Huv, olis ufqqa
Umidvor,
nochor,
Ojiz qoʼllarimni choʼzyapman!
Baxtiyor uchyapman,
Ozod uchyapman…

* * *
Boshimni koʼtarib turibman,
Qulab tushma, osmon!
Koʼp koʼrma, osmon –
Yosh boshimga solganlaringni.
Yoʼq, men sira olmadim malol,
Mana, koʼtargancha turibman
shu tosh boshimni.

Аdogʼiga yetib olay umrimni,
Faqat yorilib ketma,
o, osmon!
Biroz yashab olay,
ozgina yashay –
Yana qiynab olay shirin jonimni,
Qulab tushma, osmon!

Oxir bir kun togʼlar kelar poyimga,
Quyosh erib ketgay olov mehrimdan.
Oʼshanda yorilib ketarman oʼzim,
Yenga olganim-chun achchiq jonimni!
Chidab turgin, osmon!

Chidab turgin, osmon –
To umrimni yenggunimgacha
chidab turgin biroz –
Soʼngra qulab tusharsan, mayli,
Oftob chiqqan shoʼrlik boshimga…

Lek men hozir,
faqat hozircha
Koʼtarib turibman boshimni…

* * *

Qush boʼlib uchsamu
yerning kaftidan
Dard boʼlib qoʼnsam
Huv daraxt shoxiga –
sinib ketmasmikin shoxlari?
sinib ketmasmikin…

Yoki oqib ketsam soy suronida
men-da suron solib butun olamga,
jarangimdan qochib ketmasmikin-a
Odamlar,
ohanglar,
oromlar.
Qochib ketmasmikin…

Yoki singib ketsam
yerning qaʼriga
Bir yomgʼir tomchisi singari,
Singdirarmikin-a shuncha gunohu
Shakkokligim ila singdirarmikin?
Sigʼdirarmikin-a bagʼriga mani…

Shunday deb oʼyladim ayozli tunda,
Yigʼladim,
oʼzimning holimga abgor.
Qoʼrqdimki, mening ham ruhimda
Pokiza bir nafas tugʼilarmikin?
Tugʼilarmikin?..

Eh! Qush boʼlib uchsamu
yerning kaftidan
tezroq aylansaydim
bir dard shakliga…

* * *

Qaerdadir yorugʼ uylar bor. Qachonlardir oppoq-oppoq tonglar otadi.

Yaratgan shu qadar donoki, U har bitta ranju ozorni bekorga yubormaydi. Uning ortida albatta va albatta bir qadru qimmat turgan boʼladi, faqat biz ojiz bandalar besabrlik qilib oʼsha fursatni kutishga toqat qilolmaymiz. Аxir nomimiz – Ojiz.

Men shu kichik umrimdagi barcha aziz va suyangan neʼmatlarimga behad katta sabr hamda mashaqqat bilan muyassar boʼldim. Koʼp-koʼp qora va muz qoplagan kunlarim-da boʼldi. U damlarimda ham insonlarning oqu qorasini ajratib olishga imkon topdim. Birovlar bu kuningdan battar boʼl, dedi. Birovlar ha, bechora-ya, endi turib ketolmaydi, dedi. Koʼplar shunday dedi. Bildimki, tashqaridan juda baxtiqaro va ojiz koʼrinarkanman.

Bilʼaks, aslo – aslo unday emasman. Ha, hoy, siz ustimdan kulguvchi va ortimdan tosh otguvchilar! Eshitib qoʼyinglar, men aslo ojiz va baxtsiz emasman! Аxir siz yuragimning tub-tubidagi Yaratgan Egam qoʼllab turgan ilohiy kuchimni koʼra olmaysizlar-ku! U mana hozir ham, hamma vaqt mening ichimda. Dilimning qaʼr-qaʼrida nafas olmoqda. Men uni umrimning har kunida, har lahzasida his qilib yashaganman.
Ha, oʼsha siz kulgan yo bedillarcha achingan soniyalarda ham u men bilan birga edi. U orzularimga qanot berib, olis osmonimga uchirishga shahd qilib turardi. Zotan, siz kabi kimslarning hech qimmatsiz va maʼnisiz gap-soʼzlaringiz tafti oldida uning jazmu jasorati olovliroq edi ming chandon. U shu qadar kuchli ediki, kuchanar ediki, parvoz uchun chandon ingranar ediki, men tamoman koʼru karga aylanib qolgandim.

Mana, men. Yaxshiyam, borman. Yaxshiyamki, men borman va yaxshiyamki, u bor. Oʼsha – Yaratgan ato etgan yuragimdagi shiddatli va sadoqatli oʼtim bor mening. U uchun beadad-beadad shukronalar boʼlsin!

09

(Tashriflar: umumiy 194, bugungi 1)

Izoh qoldiring