Ibrohim G’afurov: Qodiriy qoshida qizarmaysizmi?

547

  Бугун ажнабийчада бурро-бурро сўзлашадиган авлод етишиб келяпти. Тили бийрон ёшларимиз сафи кенгаяётгани нур устига нур. Лекин айрим ҳаваскорлар хорижий тилнинг зеру забарини пухта ўзлаштирмай, ғарқ пишган олма дарахтига тирмашган бола-бақрадек ўзини бадиий таржимага ураётгани чатоқ-да. Баъзида таржимачилик Навоий, Бобур, Огаҳий каби улуғларимиздан қолган табаррук мерос экани унутиб қўйиляпти, баъзида эса қуруқ “воситаи жоҳ” бўлиб қоляпти. Ахир, бадиий таржима бачкана маҳси тикиш эмас-ку.

011
«ҚОДИРИЙ ҚОШИДА ҚИЗАРМАЙСИЗМИ?”
Адабиётшунос олим, таржимон Иброҳим Ғафуров билан суҳбат
Суҳбатдош — Собиржон Ёқубов

09

– Иброҳим ака, Сизни сўз муҳиблари закий мунаққид, етук таржимон, моҳир адиб ва танглайи китоб билан кўтарилган зиёли деб билади. Ижозатингиз билан бадиий таржима мавзусида суҳбатлашсак. Менимча, таржимага асар танлашингизнинг ўзи бир мактаб. Ҳамиша “баланд дорга осилгансиз” – муаллифларни чертиб-чертиб танлайсиз, қўлга илинган асарни енг шимариб, таржима қилиб кетавермайсиз. Айтматов, Достоевский, Жойс, Маркес, Мопассан, Распутин, Сартр, Тургенев, Фолкнер, Ҳемингуэй… Салафларни ўзбекча гапиртириб, таржимани “тўйга боргудек” даражага етказгунча, йиллар давомида игна билан қудуқ қазидингиз. Саволим “иши битиб, улови лойдан ўтган” китобхоннинг ношукурлигига ўхшаб қолса, маъзур тутасиз. Таржимага харжлаган қувват ва фурсатни бадиий ижодга йўналтирганингизда, бўй баравар мағзи тўқ романлар ёзишингиз мумкин эди. Умрингизнинг талай йили ўзингиз қолиб, бошқа адибларни юзага чиқаришга кетганидан жилла бўлса-да ачинасизми?

– Дунё марҳаматли ва ранг-баранг. Ранг-баранг ва марҳаматли. Ҳар кимнинг чекига нимадир тушади. Чекимга сўз ва нафосат дунёсида танқид, таржима ва мансура тушган. Романлар ёзилмаганидан афсусланмайман. Романларга ғоя бўла оладиган фикрлар устида ишлаганман. Мансураларнинг гали келади. Таржималарнинг ҳам гали келади. Таржималаримда жумла, жумлаларда нурли руҳ ва кучли ифодавийлик, бутунлик, бадиият бор. Шунчаки таржима эмас улар.
Мўъжизакор илоҳий Қуръон одамзодга нозил қилинган асрда Исҳоқ Шомий деган ажойиб таржимон ва донишманд ўтган. Унинг ҳикматларини улуғ олим ва тадқиқотчи Сергей Аверинцев кўҳна оромий тилидан русчага ўгириб қолдирган. Исҳоқ Шомий ҳикматлари теранлигининг қиёси йўқ. Кўҳна оромий тилини билмайман. Аммо Сергей Аверинцев таржимаси воситасида бу мўъжизага ошно бўлдим. “Юрак яшаган чоғда, ҳиссиёт тугайди. Ҳиссиётнинг жонланиши юрак учун ўлим. Ҳиссиёт жонланган чоғда, бу Худо олдида юрагимизнинг ўлгани белгисидир”. Оддий сўзлар билан айтилган поёнсиз ҳикмат. Буни илк бор ўқиганимда, ўзимни ҳеч нарса ёзмагандай ва ёзмаслигим керакдай сезганман. Бундай сўз олдида ҳар қандай кибр, ҳар қандай димоғдорлик, ҳар қандай ифтихор маъносиз, тамомила маъносиз бир нарсага айланиб қолади. Исҳоқ Шомийдан беш юз йил кейин чўл тўрғайидай ҳаволаниб инсон сирини очган Яссавий ва Боқирғонийни, Мажнуннинг Мажнунлигини тушунгандай бўлади одам. Мен Исҳоқ Шомийнинг мўъжиза сўзларини ҳали тушуниб етганим йўқ. Байрон ҳиссиётни саждага айлантиради. Ҳар сўзи демонсирайди. Сўзнинг соҳирсоз оламларида ҳар қалам рангин тажриба-да.

– Бир суҳбатингизда таржима пайти ҳар бир сўзни тегирмонга дон солгандек юрагимга солиб, тинимсиз айлантираман, деб ташбиҳ қилгандингиз. Мусоҳаба баҳона ижодий лабораториянгизга бирров бош суқишга изн берсангиз. Ҳемингуэй “Алвидо, қурол!”нинг хотимасини ўттиз тўққиз марта ёзиб чиққан экан. Сўзга ниҳоятда талабчан Маркес “Бузрукнинг кузи”ни бошдан-оёқ ўн беш топқир таҳрир қилган экан. Одатда, қўлёзмаларни қайта-қайта таҳрир қиласизми? Дейлик, “Бузрукнинг кузи” роман-эпопеяси таржимаси қандай кечган?

– 1978 йили ёзувчи Одил Ёқубов Масковдан Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романини кўтариб келди. У пайт атоқли адиб билан Давлат бадиий адабиёт нашриётида бир хонада рўпарама-рўпара ўтириб хизмат қилардик. Одил ака ўзбек адиблари пайдар-пай ёзаётган роман ва қиссаларнинг қўлёзмаларини ўқир, муаллифлар билан узоқ чўзилмай лўнда-лўнда гаплашар, Масковнинг тарбиясини олган эмасми, гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолар, муаллифлар унинг фикрларини инобатга олишарди. “Самолётда шу романни ўқиб қолдим. Масковда тоза шов-шув бўляпти. Илгари бунақа романни ҳеч ўқиган эмасман. Баъзан одам боласи ёзганмикин, шунчалар хаёл, фантазия, мифология зўр, дейман. Ўзбек тилига ўгириб бўлармикин, қани, охиригача ўқиб чиқай-чи…”.
Одил Ёқубов романни таржима қилишни кўнглига тугиб юрди. У кунда-кунора канда қилмай ўтадиган кундузги ва кечки давра суҳбатларида роман ҳақидаги таассуротларини айтар, гурунг берарди. У асарларни ўқувчи сифатида эмас, ёзувчи сифатида ўқирди. Одил аканинг ёнида юриб, ниҳоят, ўқувчи сифатида ўқиш билан ёзувчи сифатида ўқишнинг фарқига борганман. Ёзувчининг китоб ўқиши бу – тўла маънодаги ҳарёқлама ижодий иш. Бу ўқиш жараёнида фикр тинимсиз ишлайди, хаёл тўхтовсиз парвоз қилади. Ёзувчида ўзини безовта қилиб юрган нарсалар қандайдир бахтиёр ечим топгандай, ижодий ниятларда янги йўл ёки йўналиш очилгандай, илҳом учқунлари ҳар томонга чарсиллаб отилаётгандай бўлади. Толстой, Достоевский, Бальзак каби улуғ адибларнинг кундаликлари, ёзишмаларини, китобларини ҳам оддий ўқувчи каби эмас, ёзувчи каби ўқиганликлари, мутолаа асносида хаёл ва фикр шоввалари бир зум тарк этмаганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ҳозир буни чин маънодаги интеллектуал ўқиш деб айтиш ўринли. Ғоялардан ғоялар, ниятлардан ниятлар туғиладиган ўқиш бу…
Одил Ёқубов кейин китобни менга ўқишга берди. Ўша пайтда “Телба” романи устида бош кўтармай ишлаётган эдим. Аммо адабий жамоатчилик ўртасида Маркес асарлари, чунончи, “Бузрукнинг кузи” худди Чингиз Айтматов китоблари каби фаол ўқилиб, фикр юритилиб тургани учун бу асардан бехабар “билмасвой” бўлиб юришни ўзимга муносиб кўрмадим. Одил ака: “Пиримқул ҳам ўқимоқчи”, дедилар. Китоб қўлимга теккач, бир ҳафтада хатм қилдим. Воқеалар бу қадар зич, бу қадар таранг, мифологияси, мифологик тафаккури бу қадар бой асарга илк бор дуч келишим эди. Албатта, “Оқ кема”нинг нолакорлиги жондан кетмас, наслий жароҳатдай тирик эди. Аммо Маркес бутунлай бошқа олам, ўзга қитъа ҳаёти тажрибалари. “Бузрукнинг кузи” менда муҳаббат уйғотмади. Мен чексиз ҳайратга ғарқ бўлдим. Ҳайрат ва муҳаббат бошқа-бошқа нарсалар эканлигини англадим.
Кейин янги аср кирди. “Жаҳон адабиёти” журнали чиқиб, ҳаммамизни қувонтирди. Глобал – ялпи дунёга туташдик. Ер курраси битта. Темир девор, темир панжара орқасида қандай биқиниб яшайсиз? Журнал менга Нитше ва Маркес таржимасини топширди. Маркесни яна бир қайта тадқиқотчи назари билан ўқидим. Ҳақиқатан, яна у одам қўли билан ёзилганга ўхшамади. Уни энди одам қўли билан қандай таржима қилиш мумкин? Одил Ёқубов тарихий роман қатламлари ичига кириб таржимага вақт ва имкон топмади…
Бир куни Пиримқул ака: “Маркесни ўгирибсиз. Номини нима қилдингиз?” деб сўрадилар. “Бузрукнинг кузи” дедим. “Ҳа-а-а…” дедилар. Бошқа гап айтмадилар.

– Бузрук оригиналда ҳам (patriarca), инглизча таржимада ҳам (рatriarch) айни шаклда қўлланилган. “Патриарх” қандай қилиб “бузрук”ка айланди?

– Бу ном бирдан ва дафъатан туғилгани йўқ. Унгача бир қанча вариантлар назардан кечирилди. “Бузрук” сўзи Боқирғонийни ўқиб ўтирганда, миямда лип этиб ёнди. Аслиятга тўла монанд концептуал ном топмагунча таржимага қўл уриш мумкин эмасдай туюлди. “Бузрук” “куз” билан ички-ташқи оҳангдошлик касб этди. Таржима принципининг учи топилгандай бўлди. Уни маҳкам тутиб роман лабиринтлари ичига қўрқмасдан кириб бордим.
Мумтоз матнларнинг хусусиятларидан бири – уларга бошқа ҳеч нарсани қўшиб ва олиб ташлаб бўлмайди. Мумтоз матн аслиятдаги қиммати баробарида бошқа тилга ўгирилади. Мумтоз асар ҳар қандай бошқа тилда ҳам мумтозлик салоҳиятини сақлаши, мумтозлик хосиятидан ҳеч нарсани бой бермаслиги, йўқотмаслиги шарт. Бунинг учун заргар диққати, заргар меҳнати, заргар нигоҳи, заргар талабчанлиги лозим. Эътиборлиси, инжиқ заргар ўзи яратган буюмга қайта-қайта сайқал беришдан ҳеч қачон эринмайди. Адиб, таржимон ҳам шундай. Таржимоннинг сайқали – таҳририда, қайта-қайта таҳририда. Таҳрирда матн илма-тешик бўлиб кетади. Матнга ишлов беришнинг чеки йўқ. Мумтоз таржима матни шундай ишловдагина яратилади. Таржимашуносликнинг “аслият услубини чиқариш”, “бадиий услубни қайта яратиш” сингари тушунчалари мавжуд. Яъни таржимада Тургенев Тургеневдай, Гончаров Гончаровдай, Достоевский Достоевскийдай бўлиши керак. Кучли таржимон – кучли муҳаррир ҳам! Бунга мен Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Ўткир Ҳошимов, Миркарим Осим, Ваҳоб Рўзиматовнинг ижодий меҳнати тимсолида гувоҳ бўлганман…

– Илгари Ғарб адабиёти намуналари ўзбекчага асосан рус тилидан ўгирилган. Рус тили воситачи тил (медиум) вазифасини бажарган. Табиийки, оғиздан оғизга ўтган ривоятнинг саҳиҳлигига путур етади. Қолаверса, воситачи тилда йўл қўйилган камчиликлар учинчи тилга ўтганда ҳам айнан такрорланиши эҳтимоли катта. Бу ҳолатда – аслиятнинг оҳори тўкилмаслиги, ғози йўқолмаслиги учун мутаржим қандай йўл тутиши керак?
– Воситачи тил орқали бадиий таржимада аслият услуби ва, айниқса, персонажлар нутқи, диалогларнинг ўзига хос жонли жиҳатларини чиқариш қийинроқ кечади. Сўзларда ифодаланган миллий ўзига хосликлар, характерли ҳолатлар сийқаланиб кетиши эҳтимоли йўқ эмас. Бундай “йўқотиш”ларга йўл қўймаслик таржимоннинг ёзувчи ва унинг айнан шу асарини қанчалар тўғри, теран тушуниши, қанчалар нозик билимдонлик билан идрок этишига боғлиқ. Эрудиция ва интуиция ҳар қандай таржимада иштирок этиши ўзгармас зарурат каби қаралади. Айниқса, у воситачи тил орқали таржимада аслиятга яқинликни сақлашда сув ва ҳаводай зарур. Шу икки муҳим нарса бўлмаса, таржимага ҳаваскорлик “ҳуснбузар”и тошиб кетади. Ҳамма гап аслиятни қанчалар тушунишда, тушуниб талқин этишда. Ҳемингуэйнинг инглизчадан русчага ҳамда инглизчадан ўзбекчага ўгирилган “Килиманжаро қорлари”, “Френсис Макомбернинг омонат бахти” асарларини бир сира қиёслаб чиқсак, эрудиция, интерпретация, интуиция каби тушунчалар амалда қандай натижаларга олиб келгани, қанчалар жиддий бадиий ўзгаришларни юзага чиқарганини кузатамиз. Бадиий таржима қонун-қоидалари, принциплари универсал, ўзгармас қимматга эга ва уларни билмаслик, менсимаслик, риоя қилмаслик профессионал яроқсизликка олиб боради.

– Оғриқли масаладан гап очдингиз. Бугун ажнабийчада бурро-бурро сўзлашадиган авлод етишиб келяпти. Тили бийрон ёшларимиз сафи кенгаяётгани нур устига нур. Лекин айрим ҳаваскорлар хорижий тилнинг зеру забарини пухта ўзлаштирмай, ғарқ пишган олма дарахтига тирмашган бола-бақрадек ўзини бадиий таржимага ураётгани чатоқ-да. Баъзида таржимачилик Навоий, Бобур, Огаҳий каби улуғларимиздан қолган табаррук мерос экани унутиб қўйиляпти, баъзида эса қуруқ “воситаи жоҳ” бўлиб қоляпти. Ахир, бадиий таржима бачкана маҳси тикиш эмас-ку. “Алдайвераман, алдайвераман, ким билсин, балки туйқус доно гап айтиб юборарман” дейди Достоевский персонажлардан бири. Айрим графоман-таржимонларда ҳам “Ўгиравераман, ўгиравераман, балки туйқус бирорта зўр таржима чиқиб қолар” деган таги пуч даъво бор, шекилли. Ҳойнаҳой, италянларнинг “Traduttore – traditore” (“Таржимон – хоин”) мақоли ҳам қўлёзмаси устабузар тилмоч қўлига тушиб, ситам чеккан бирор муаллиф томонидан тўқилган бўлса керак… Йўлни тор олаётган бўлсам, айтаверинг, балки кенгбағирлик қилиш, мутолаага ялпи муносабат сусайган бир даврда бадиий таржимага қўл ураётган ҳимматли ҳавасманднинг елкасини қоқиб қўйган маъқулдир. Нафсиламри, таржима салтанатига кириш учун “Сим-сим, оч эшигингни!” дегандек ўрон қўйиш керакми?

– Ҳар бир ишни шу ишга лаёқати ҳамда ҳақиқий қизиқиши бор одамлар қилгани маъқул. Ҳар бир касб-ҳунар, мутахассислик аслида қисмат. Таржимонлик ҳам ижодкорлик каби қисмат. Сермашаққат ҳунар. Бошқа соҳаларда яроқсиз бўлган одам кун кўриш учун ёки осон деб таржимонликка ўзини урса, бунда ҳам, албатта, яроқсизлик қилади. Киши ўз-ўзини яхши англамагунча ва қисмат амрини масъулият билан ҳис қилмагунча ижтимоий жабҳаларда адашиб-улоқиб юришга маҳкум. У ўзига ҳам, жамиятга ҳам кўп ортиқча ташвишлар келтиради. Лаёқатлилик коэффициентлари ишлаб чиқилган. Олий ўқув даргоҳларига ёки ишга қабул қилишда шу лаёқатлилик коэффициентига жавоб беришига қараб баҳолаган маъқул.

– Жаҳон адабиётида ҳар бир авлоднинг ўз таржимаси бўлиши лозим, деган қараш бор. Масалан, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”си италян тилига ўн хил талқинда ўгирилган. Бир асарга турли авлод мутаржимларининг қайта-қайта мурожаат этишини қандай баҳолайсиз?

– Инсониятга керакми, бадиий ҳамда фалсафий даражаси юксак китобларнинг таржималари янгиланиб бораверади. Атоқли таржимон Қодир Мирмуҳамедов катта жасорат билан Ҳомернинг “Илиада” ҳамда “Одиссея” достонларини рус тилидаги энг яхши таржималаридан ўзбекчага ўгирди. Тили равон, салмоқли, ўқиганда ичига оҳанрабодай тортиб кетади. Хўш, шу шарафли таржима неча йилга чидайди? Ўн йил, юз йил, икки юз йилгами? Биз бунга жавоб беролмаймиз. Бу ўзбек тилининг бадиий, илмий, фалсафий, маданий қобилияти қанчалар сақланиши, ўсиб-ривожланиб, халқни, миллатни қанчалар бирлаштириб, илҳомлантириб туришига боғлиқ. Аммо бирор таржимон бир кунмас-бир кун юнон тилини Ҳомер миқёсида ўрганиб, инсониятга бешик бўлган бу асарларни аслиятдан ўзбекчага ағдариш фикрига тушиб қолмайди, деб ким айта олади? Ўшанда у албатта Қодир Мирмуҳамедовнинг олижаноб, эзгу тажрибасига ҳам суянади. Ўзидан олдинги авлод вакили бу ишга тамал тошини қўйганидан миннатдор бўлади. Ўшанда анъана ҳам бошланади. Ўзбек адабиётида Ҳомерни таржима қилиш анъанаси…

– “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак” деб ўгит беради ҳассос ёзувчимиз Абдулла Қодирий. Ўқувчи (тингловчи, томошабин) дидини аёвсиз жизғанак қилаётган бозор адабиёти ва тижорий ўзандаги театр-кино Андишадан мосуво экани аччиқ ҳақиқат. Қўлбола молини усталик билан бадиият намунаси сифатида кўрсатишга уринаётганлар эчкининг чандирини барра қўй гўшти деб ўтказаётган суллоҳ қассобдан фарқ қилмайди. Сизнингча, санъат ниқобини тутган жўнлик, саёзлик, ўртамиёналик, дидсизлик билан қандай курашиш мумкин? Шишадан аллақачон чиқиб кетган девни унга қайтариш йўли борми? Ё, айрим зиёлиларимиз маслаҳатига кириб, лойқа оқаётган дарёнинг тинишини кутиш керакми? Сув тингунча, асов дарё анча-мунча кўприкни бузиб-янчиб-ювиб кетмайдими? Таржимоннинг ўқувчи дидига мослашишини ёқ(оқ)лайсизми?

– Таржимон ҳам, ёзувчи ҳам ҳеч қачон дид-фаросатда замондош ўқувчига мослашиб, тенглашиб ижод қилолмайди. Ижодкор ҳамма вақт дид-фаросат, виждонлиликда замондан, замондошларидан анча олдинроқда юради. Бўйи омманинг бўйига баравар, қилиғи омманинг қилиғидан фарқ қилмайдиган, ўз фикрига эга бўлмаган киши қандай қилиб ёзувчи, шоир, санъаткор, танқидчи, таржимон бўлиши мумкин? Йўқ, ижодкор ҳамма вақт чуқурроқ ўйлайди, узоқроқни кўради, умум манфаатини ўткирроқ, теранроқ тушунади. Шунинг баробарида у ижодкор деб аталади. Одамлар ўқимайди деб, Жойс, Флобер, Достоевский, Кафка, Нитше, Беккет, Ионескони таржима қилмай ўтираверсак, бизни ким ижодкор деб тан олади? Бизни инсоният маданиятларидан ким баҳрадор қилади? Мослашиш маданият табиатига, ижтимоий вазифасига тамомила зид. Мослашиш – оммавий маданиятнинг энг суюкли усули, ўйинчоғи. Оммавий маданиятга ўнг-терси кўринмайдиган, бош-кети бир бўлиб кетган оммавий эрмак керак.

– Таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад “Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён” ўша тилга ўгирилган-ўгирилмагани билан белгиланади” деб ёзганди. Франц Кафканинг довруқли асари Вафо Файзуллоҳ таржимасида ўзбек ўқувчиси қўлига етиб борди. Хуршид аканинг мулоҳазасидан келиб чиқсак, бемалол ўмганимизни кўтарсак бўлади. Сизга қолса, миллий адабиётнинг “бўйи”ни қайси асарлар таржимаси билан ўлчайсиз? Замонавий ўзбек таржимони қайси муаллифларга кўпроқ эътибор қаратиши зарур?

– Ҳозирги миллий адабиётнинг бўйини ҳам, энини ҳам муайян бирон асар билан ўлчаб бўлмайди. Миллий адабиёт бугун ва эртага ҳам ўзини қидиришда давом этади. Жуда-жуда кўплаб оммавий адабиёт, оммавий санъат намуналари яратилади. Одамлар уларга кўникадилар. Санъат, адабиёт шу экан-да дейдиган, чумчуқни саъвадан, булбулни қарқуноқдан ажратолмайдиганлар ҳам кўпайгандан-кўпаяди. Улар наинки адабиётнинг виждони, балки инсониятнинг виждони ҳақида ҳам ўйламай қўядилар ва бундай савол қўйилганда, шу ҳозир керакми, одамзод энди бензиннинг қайғусини қилсин, дейдилар. Шундай шароитда ҳам миллий адабиёт инсонга нима керак: бир қарич ерми ё бир бурда нонми, деб изланишда давом этади. Бугун ва узоқ-яқин эртага инсониятга тўғри йўл кўрсатолган, муаллимлик қилган, ахлоқ, ахлоқ ва яна ахлоқни одамзодни сақлаб қолишнинг ягона қуроли деб билган адиблар, файласуфлар, таълимотчилар мададга келадилар. Бизнинг мададкоримиз ва олисларни ёритувчи машъаламиз классика! Навоий, Бобур, Толстой, Флобер, Бальзак, Стендаль, Достоевский, Тагор, Қодирий, Чўлпон, Руссо, Вольтерга борайлик! Аввало, ақлимиз, сўнг ҳиссиётларимизни тарбиялайдиган асарларни доим кўз ўнгимизда тутайлик, қулоғимизни шуларга осайлик, юрагимизни шуларга очайлик. Классика ўлган эмас! У доим долзарб, доим актуал, доим бизга ҳамдард!

– Жалолиддин Румийда шундай ҳикоят бўларди. Форс, араб, турк ва юнон иттифоқо бир дирҳам топиб олибди. Ақча бор жойда ғалва ҳам чиқади-да: тўртовлон тангага нима харид қилиш масаласида ўзаро довлашиб қолибди. Форс – ангур, араб – инаб, турк – узум, юнон – истофил cотиб олишни таклиф қилибди. Бир-бирини тушунмаган тўртовлон ўзиникини маъқуллаб тураверибди. Можародан ўнлаб тилни биладиган зукко зот (полиглот) хабар топибди. Тўртовлон аслида бир нарсани харид қилмоқчи эканини тушунтириб, муросага келтирибди… Бу-ку, олис ўтмиш ҳикояти. Лекин ҳозир ҳам – дунё “глобал қишлоқ”қа айланиб, миллатлар бир-бирига жонсарак талпинаётган даврда тилмочга эҳтиёж ошгандан-ошяпти. Бир дирҳам устида ғижиллашиб қолган тўртовлон ривоятини бежиз эсламадим. “Қўлнинг кири” деб ҳар қанча катта кетмайлик, минг таассуфки, кунимиз шу зормандасиз ўтмайди. Айниқса, қалам аҳли кўнглидаги покиза туйғуларни бегард сақлаши, кучини ўтин ёришга сарфламаслиги учун ҳам ақча зарур. Бир пайтлар таржимашунос олим Ғайбулла Саломов мутаржимларни моддий рағбатлантириш зарур, деб хўб куюнганди. Ҳозир-чи, бу борада аҳвол қандай? Нашриёт ва таҳририятларда таржима учун белгиланган қалам ҳақи, моддий рағбатдан кўнглингиз тўладими?

– Таржимадан ўзим учун эстетик, ғоявий манфаатларни биринчи ўринга қўйдим. Таржима адабиётимизнинг оталари бўлган Қутб Хоразмий, Сайфи Саройи, Алишер Навоий таржимани халқнинг маънавий баҳрадорлиги деб тушунган ва бу улуғ ғояни адабий-ижтимоий принцип даражасига кўтарган эдилар. Таржимада – баҳрадорлик, баҳрадорликда – таржимонлик. Бу олижаноб принципдан ортиқ моддий рағбат, манфаатдорлик йўқ.

– Ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг “Улисс”и XX аср романчилигининг ноёб намунаси деб баҳоланади. Дунё интеллектуалларига қудратли таъсир кўрсатган роман таржимаси ҳам ҳар бир миллий адабиёт учун ҲОДИСА деса дегудек. Машаққатли меҳнат ва дақиқ изланишларингиз маҳсули ўлароқ, ўзбек китобхонcеварлари “Улисс”га маҳрам тутинди. Балки сабрсизлик қилаётгандирман, лекин “Улисс” каби салмоқли роман таржимасидан кейин фикр аҳли ўртасида жонли тортишувлар, тиғиз муҳокамалар авж олиши керак эди. Қарангки, бундай бўлмади. Жойсни, майли, “хос”лар ёзувчиси, деб турайлик. Лекин неча замонки, Достоевский, Маркес, Мопассан, Айтматовдан таржималарингиз ҳам довюрак тадқиқотчиларга илҳақ-да… Умуман, охирги йиллар таржимашунослик хийла заифлашгани таассуф билан қайд этиляпти. Жезга ҳар қанча ялтир-юлтур чаплаган билан тиллага айланиб қолмайди. Қолаверса, “ойнаси бор кишининг бари Искандар” бўлмайди. Жезни тилладан, чин Искандарни қаллобидан ажратиб берадиган таржима танқидини кучайтириш қанчалик муҳим, деб ҳисоблайсиз?

– Албатта, таржима ижоди билан биргаликда, елкама-елка таржима танқиди ҳам ривожланиб бориши лозим. Булар бирини биридан ажратиб бўлмайдиган соҳалар. Таржима танқиди таржимашуносликнинг таркибий қисмидир. Ҳар икки соҳа адабий танқид, адабиётшунослик ҳамда тилшунослик билан ёндош, бақамти иш кўради ва ижодий йўналишларни белгилайди, шакллантиради, жараёндаги характерли хусусиятларни очиб, ёритиб боради. Таржимачиликка адабий танқид билан бирга таржима танқиди ўз мезоний талаблари орқали, жараённи жаҳон таржима санъатида рўй бераётган ижодий-илмий ҳодисалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда кучли таъсир кўрсатиши мумкин. Биз таржима, таржимашунослик, таржима танқиди йўналишида жаҳонда, Ғарб ва Шарқ мамлакатларида қилинаётган улкан миқёсдаги ишлар, ўзгаришлар, изланишлар, янгиланишларни жон-дилдан кузатиб бориш, қўлдан келганча уларга ҳиссамизни қўшишни истардик. Ўзбекистонда таржима ва таржимашунослик жаҳон мактабларига узвий боғланиб боришини орзу қиламиз. Катта миллий адабиётимизнинг кўлами, таржима мактабларимизнинг кўҳна тарихи ва уларда шаклланган принциплар (шарҳлар, тафсирлар, маънолар таржималари, воситачи тил орқали таржима намуналари, ижодий мусобақалар, шариат, илоҳиётшуносликка доир асарлар таржимаси) шуни тақозо этади. Аммо булар ҳали орзу, холос. Хорижий тиллар ва айниқса, инглиз тилини чуқур ўрганиш давлат миқёсида кенг йўлга қўйилаётгани, бунга катта эътибор қаратилаётгани келажакнинг умидбахш уфқлари очилаётганини кўрсатади.
Ёшлардан умид катта. Улар инглиз, рус, француз, немис, испан, италян, араб, ҳинд, форс, хитой, япон, турк тилларини чуқур билиш заминида ўз изланишлари доирасига Ғарб ва Шарқ таржимашунослиги, лингвистикаси манбаларини ҳам кенг жалб қилсалар, уларни амалиётда таҳлил ва талқин этсалар, тадқиқотларнинг концептуал-аналитик жабҳасини кучайтириб берсалар, ўн-ўн беш йил ичида бу соҳа жаҳон таржимашунослигининг узвий жонли қисми каби яшай бошлайди. Ҳозиргача бажарилган илмий ишлар, тадқиқотлар рус тилида кейинги ярим асрда нашр этилган илмий манбаларга суяниш, уларни хўжакўрсинга қайд этиш билан чекланиб қолмоқда, жаҳон манбаларига мурожаат этишга ожизлик қилмоқда. Бугунги таржима танқидидаги ожизликлар, ҳафсаласизлик, саёзлик, сийқаликларнинг асосий сабаби назариядаги шу каби умум ночорлик билан боғлиқ. Тил ўрганишнинг ўсиши илмий-тадқиқотчилик ҳаракатининг кучайиши, юксак савияга қўйилиши билан бирга уйғун бориши зарур. Соҳаларга эса фақат шу ижодий, илмий ишларга аён лаёқатли кишиларгина жалб этилиши керак.

– Французларда миллатпарварлик кучли. Айниқса, ўз тилини ҳимоя қилишда Оврўпадаги бирор миллат уларга бас келолмайди. Инглиз тилида бирор истилоҳ пайдо бўлса, фаранглар ҳаялламай унинг “эгизаги”ни ўйлаб топишади. Ҳатто курраи арзнинг турли давлатларида бемалол-бедаллол истифода этилаётган сomputer, software, email, blog, supermodel каби байналмилал сўзларнинг ҳам французча муқобили бор. Франсуа Рабле тилининг расмий қўриқчиси – Француз академияси 1635 йилдан бери тилбузарларга қарши “қилич ва қалқон билан” курашиб келяпти. Академиянинг айрим баёнотларига лаққа тушган одам, “мустабид” инглиз тилининг дастидан “бахти қаро” француз тилига кун йўқ экан-да, деб ўйлайди. Аслида-ку, фаранг забони жуда ўлар ҳолатда эмас – дунё тилларидан бири мақомида собит турибди. Лекин жароҳатни газак олмасидан даволашга ўрганган фаранглар тилини ҳам ҳарислик билан иҳоталайди. Она тилини кўз қорачиғидек асраш борасида улардан анча-мунча ибрат олсак, зарар қилмаса керак. Узоқ йиллар “маърифат чопари” (Пушкин таъбири) рутбасида жонбозлик кўрсатган, Сўз хизматида сочи оқарган мутаржим сифатида айтинг-чи, бугун она тилимизни авайлай оляпмизми?

– Дунё тилларнинг ранг-баранглиги, ирқларнинг ранг-баранглиги билан ҳам жозибали. Агар Худо одамларнинг манфаатлари учун оламнинг ранг-баранг бўлишини истамаганида эди, ҳаммани бир хил, бир тусда, бир тилда сўйлашадиган қилиб яратиш унинг изму ихтиёрида эди. Аммо бир хил қилмади. Нега? Одамлар бир-бирларига жозибали кўринсинлар, бир-бирларига интилсинлар деди. Тортиш кучи – дунё оҳанрабосининг марказига ранг-барангликни қўйди.
Тилни эъзозламаган, унга эътиборсиз, борми-йўқми, фарқига бормайдиган кимсаларда қандайдир ноқислик, ожизлик, синиқлик кўзга ташланиб туради. Тил одамни гўзал қилади, жамоавийлик туйғусини уйғотади ва кучайтиради. Тиллар ранг-баранг бўлмаса, миллатлар ранг-баранг бўлмасди. Араб, рус, инглиз тилининг ёнбошида қадим ўзбек тилининг борлиги нақадар гўзал, нақадар маънодор! У Қуръонни баён қилиб, Қуръон тилига, Инжилни баён этиб, Инжил тилига, “Одиссея”ни баён этиб, “Одиссея” тилига, “Улисс”ни баён этиб, “Улисс” тилига айланди. Нақадар гўзал бу ранг-баранглик! Шунинг қудратини сезмайсизми таржималарда! Ипакдай чийратма, ўн минг даража ҳароратда ҳам кулга айланмайдиган жумлаларда! Улар худди Коинотнинг қора ўпқонидан ёғилаётган шуълалардан битилгандай! Кечагина бир китоб ўқидим, Бухоро лаҳжасида босилибди. Яна бир китоб кўрдим, Хоразм шевасида ёзилган. Барака топкур, қани қудратли ўзбек адабий тили?! Нега сиз уни инкор этмоқчи бўласиз? Лаҳжа даражасига тушасиз? Навоий қошида уялмайсизми? Қодирий олдида юзингиз қизармайдими? Кунингиз оммавий маданиятнинг “Уялмасанг, ҳар ишни қилавер” қоидасига қолдими? Энди онадан азиз, отадан улуғ тилимизнинг юзига тупроқ сочасизми? Ўнгланинг! Уялинг! Асралмаганни асрамас!

– Иброҳим ака, боя таржимон меҳнатини заргар машаққатига ўхшатдингиз. Одатда, заргар аҳли инжиқлик билан халфа танлайди. Ардоқли сирини учраган одамга дастурхон қилгиси келмайди-да. Негадир таржимада шогирд тайёрламадингиз. Наҳот, сўзгарлик ҳунарингизни ўрганишга муносиб, кўксида лахча чўғи бор қоракўз топилмаган бўлса? Густохликка йўймангу, Сиздек устозларнинг шогирд ҳозирламаётгани ҳам мактаб кўрмаганларнинг тегирмонига сув қуймаяптими?..

– Сўфийга мурид қандай мақом ва ҳолда бўлса, адабий устозга шогирд ҳам шундай мақом ва шундай ҳолатда. Имоним комилки, устозу шогирд бир танбир жон бўлиб кетгандагина, икки ўртада батамом уйғунлик туғилгандагина мавжуд. Акс ҳолда, бу ўқитгану ўқиган, муаллиму толиб муносабатларидир. Сўфийлар устоз – шогирд муомала-муносабатларининг энг юксак ахлоқий даражасига қатъиян риоя қилганлар. Шогирд ўсиб, устоздан ўзиб кета бошласа, сўфий дарҳол уни бошқа, ўзидан кучлироқ устоз сўфийга ҳавола қилиб жўнатган. Мансур Ҳаллож, Хожа Аҳрор Валий каби улуғ сўфий донишмандлар таржимаи ҳолида бунинг улуғ ибратли мисоллари бор. Сўфийлардан ўрганадиган ахлоқ мўъжизалари кўп. Аммо уларнинг устоз – шогирдлик (пир – муридлик) анъаналари биз учун бениҳоя қимматли. Шогирд деса, ҳар жиҳатдан арзийдиган мумтоз зотлар бор, Худога беҳисоб шукур! Аммо уларга устоз керакмикин? Ҳамма гап шунда!
Мен эса устозларимга юкиниб, улар ҳақида ҳол-беҳол нафис мажлислар тузиб, камтарин сўзларимни ҳамиша улар пойига сочиб, бошимни мўъжиза дафтарларидан кўтармай таржима йўсинида изланиб, шогирдлик бурчларимни Аллоҳ имкон берганча адо этиб келяпман. Худо ҳамма нарсани билувчи, кўрувчи, эшитувчи, охирги сўз – Уникидир.

Манба: http://ijod.uz

05

(Tashriflar: umumiy 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring