Qurdosh Qahramonov. Qushdan ildiz oldim, qanotni guldan…

033    Саксонинчи йиллар аввалида ижод майдонига кириб келган ёш истеъдод соҳиби Эшқобил Шукур шеърлари асосини ботиний олам манзаралари ташкил этди. Бу олам турфа хил тимсолу тасвирлар, шаклларда намоён бўлса-да, бош мақсад-муддао ўзгармади — кўнгилга қараб эврилиш, ўзликни излаш етакчи мавзу бўлиб қолди.

«ҚУШДАН ИЛДИЗ ОЛДИМ, ҚАНОТНИ ГУЛДАН…»
Қурдош Қаҳрамонов,
филология фанлари доктори
09

065Саксонинчи йиллар аввалида ижод майдонига кириб келган ёш истеъдод соҳиби Эшқобил Шукур шеърлари асосини ботиний олам манзаралари ташкил этди. Бу олам турфа хил тимсолу тасвирлар, шаклларда намоён бўлса-да, бош мақсад-муддао ўзгармади — кўнгилга қараб эврилиш, ўзликни излаш етакчи мавзу бўлиб қолди.

Шоир илк ижодий изланишларида устозлардан таъсирланиб, халқ оғзаки ижоди оҳангларидан маънавий озиқ олиб шеърлар битди, бадиий топилмалари, оҳорли ташбеҳлари эътиборга тушди. “Умид кечаси” шундай шеърлардан бири. Муножот руҳида битилган шеърда лирик қаҳрамоннинг ҳаяжони, замондошига, халқига эҳтироми ҳамда озодлик йўлидаги интилишлари акс эттирилган. Шоир ўша давр шеъриятига хос самовий малаклар, муқаддас руҳ, исмсиз даҳо, дардманд сингил, хоин дўст, қизғалдоқ каби поэтик образ ва тимсоллар орқали халқни асрий орзу-умидлар йўлида собит бўлишга чорлайди, уни шарафлайди. Шеърдаги “Тоғларнинг кўксида юрак лоладай”, “Осмон ечиб ташлар кўйлакларини”, “Армонга айланган тирноғим билан // Юрак пўстлоғига ёзаман достон” каби қалб кечинмасининг поэтиклашган манзаралари шоир иқтидорини намоён этди.

Эшқобил Шукурнинг бу туркумдаги шеърларидан фарқи ўлароқ, ­халқимизнинг ўзлигини намоён қилувчи нарса-ҳодисаларни поэтик образ ёки тимсол даражасига кўтариб, лирик “мен” руҳияти дардлари билан боғлаб талқин этган “Чанқовуз”, “Кўпкари”, “Шоли қўриқчиси”, “Чимилдиқ” шеърларида миллий удумлар акс этган бўлса, “Кўнглимни тошга ёрдим”, “Сочлари сумбул-сумбул”, “Шикаста-шикаста” каби халқ оғзаки ижоди оҳангларида битилган шеърлари, “Менгим момонинг йўқлови” марсиясида ҳам шу хусусият бўртиб кўринади. Бу ­шеърларнинг ўзига хослиги анъанавий бўлмаган ифода ва усулларни қўллашда, поэтик образ(“чанқовуз”)ни қалб эврилиши билан боғлаб ­талқин эта билишдадир.

Тилим тийилди менинг, сўзим қийилди менинг,
Пўлат тил топиб олдим, ҳаво сўз топиб олдим.

Чанқовузнинг пўлат тил, ҳаво сўзга ўхшатилишида, албатта, ботиний маъно яширин. Лекин унинг зоҳирий маъносида ҳам топқирлиқ бор. Чанқовузнинг чалинишида тил ва ҳавонинг иштироки бу ўхшашлик маъносини поэтиклаштиришга хизмат қилиши билан ибратли. Бу — шоирнинг бошқаларникига ўхшамаган поэтик топилдиғи, кашфиёти. Шеърда ҳар бир байтдан кейин такрорланиб келадиган нақоратда биргина сўзнинг алмашиши дарднинг кўламини, руҳнинг мавжини, энг муҳими, поэтик мазмуннинг кўламдорлигини ифодалашга хизмат қилган. “Кўпкари”, “Менгим момо йўқлови” каби асарларида ҳам шоир мазмунга мос ифода, оҳанг ва тасвирни беролган. Кўпкари чавандоздан жасорат, уддабуронлик, шавқ ва тезкорликни талаб этадиган удум. Шеър оҳангида айни жиҳатлар мужассам:

“Ҳайт!” — деди, улоқ кетди,
Ўртада табоқ кетди.

“Менгим момо йўқлови” шеъри эса ота-юрт, Ватан соғинчи ҳақида. Шўро тўнтариши даврида душманлардан қочиб хорижга кетишга мажбур бўлган Менгим момо киндик қони тўкилган юртга қайтолмай, армон азобида қовурилади. Шеърда шунчаки юрт соғинчини тасвирлаш мақсад қилинмаган, балки соғинч деган дарднинг кўзёшлардай қуйилиб, мисрама-мисра, бандма-банд тобора кучайиб, авж пардада юрак билан бирикиб кетишини кўрамиз: “Гўрим ўз юрагимда// Юракда бордир Ватан. Қишлоқдан кийиб келган// Кўйлагим бўлсин кафан”.

Шунга кўра шоирнинг аксарият шеърларидаги етакчи поэтик образ лирик қаҳрамоннинг ботиний олами, кўнгилдир, десак янглишмаймиз. Ҳар бир шеърда кўнгилнинг ўзига хос қирралари намоён бўлади. Уларнинг номланиши турлича: кўнгил, дил, юрак ва ҳоказо. Бу поэтик образ ва тимсолларнинг ифода шакли турли-туман, улар сифатлашлару ташбеҳларга ниҳоятда бойдир. Эшқобил Шукур шеъриятидаги образ ва тимсолларнинг ифода кўламини тасаввур этиш учун унинг бутун ижоди билан таниш бўлиш лозим. Шоир кўнгил манзараларини турли поэтик ҳолатларда тасвирлайди. Анъанавий поэтик манзара ва ифодалар билан кутилмаган, ноанъанавий тасвирлар ўзаро бирикиб, уйғунлашиб кетади. Бироқ бу ифодаларда сохталик, зўракилик йўқ. Уларда худди тоғдан қуйига тошдан-тошга урилиб елаётган сувнинг шиддати-ю ўзига хос табиий мусиқасини ҳис этгандай бўласиз. Тасвирдаги шиддат ва мусиқавий оҳанг — Эшқобил Шукур шеъриятининг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Шунга кўра шоир шеърларида қўлланган поэтик сўз ва ташбеҳлар кўповозли, олмосдай товланувчан. Уларда камалак жилосини кўрасиз. Поэтик мазмун турфа хил: гоҳ реал, гоҳ тимсолий, баъзан ошкор, баъзида пинҳона, ҳам дардчил ва ҳам сурурли. Лекин уларнинг барчасини битта ­маҳражда бирлаштириб турадиган асос – бу Эшқобил Шукур “мен”и. Унинг кўнгил кўчасидир.

Шоир шеърларида кўнгилнинг хилма-хил сувратлари чизилган. Бу сувратлар баъзан ҳиссиёт ва фикр уйғунлигида келса, баъзан тасаввур ҳаётий мантиқни, реал воқеликни ўзига сингдирган бўлади. Шоирнинг “Ёлғизлик…” шеърини ўқир экансиз, дафъатан кўз олдингизга муаллақ чайқалиб турган юрак намоён бўлади.

Шеърдаги “Сен” ва “Мен” поэтик образларини турлича талқин қилиш мумкин. “Мен” ва “Сен” кўнгилнинг ботиний ва зоҳирий олами. Шоир ушбу поэтик образларнинг ўзаро муносабати орқали юзага келаётган қалб кечинмасининг ўзига хос тасвирини чизади. Шоирнинг маҳорати шундаки, шеърдаги поэтик образларнинг хатти-ҳаракатлари ҳаётий, реал воқелик сифатида жонлантирилади. “Сен”ни зоҳирий олам сифатида ҳам талқин этиш мумкин. У ижтимоий воқелик, севикли ёр, садоқатли дўст ҳам бўлиши мумкин. Гап унинг ким ёки нималигида эмас, балки ботинга кўрсатаётган таъсирида, “Мен”да ҳосил бўлаётган кечинманинг даражасида.

Хуллас, шоирнинг ўзи эътироф этганидек: “Юрагим ўзимдан бўшаган сари // Тўлиб бораверар юрагим”. Ана шу тўлиб бораётган юрак мавжлари Эшқобил Шукур шеъриятининг асосий мазмуни, десак янглишмаймиз. Шеърларида кўнгилнинг поэтик суратини чизар экан, шоир ўзига хос ифода усули – мулоқот шаклидан моҳирлик билан фойдаланади: гўё юрагини шундоқ ёнига қўйиб, у билан дард-лашаётгандек тасаввур пайдо бўлади. Бу мулоқот турли шаклда келади: бирида дарахт тимсолида олис болалик хотиралари эсланса, бирида гулдираб ишлашини орзу қилган тегирмон тимсолида.

Эшқобил Шукур шеъриятига хос яна бир хусусият уларда шоир шахсининг фаол иштирокида кузатилади. Бу фаоллик баъзан лирик “Мен” билан уйғун тарзда келса, баъзан ­“Мен”дан ташқарида “Эшқобил Шукур” образида келади. Бу хусусиятни “Тўққизинчи феврал”, “Сеҳр”, ­“Бунга бир йилдан сўнг…” каби ­шеърларида кўришимиз мумкин.

Буюк бобокалонимиз Алишер ­Навоий таваллуд топган кунга атаб ёзилган “Тўққизинчи феврал” шеърида шоирнинг ватанпарварлик позицияси юқори пардаларда ифода этилган. Шеър онага мурожаат тарзида битилган. Шеърнинг ҳар бир бандида ­шоирнинг муносабати аниқ-тиниқ акс этган.

Мен эртага ўламан, она.
Агар, сен бу кеча бошимда
Ўзбек тилидаги қўшиқларни айтиб турмасанг.

Шу тариқа фаол муносабатдаги лирик қаҳрамон шеърнинг кейинги бандларида ҳам она, Ватан ва миллат тақдирига дахлдор эзгу тилакларни баён этади, яъни оналаримиз буюк шоирларни дунёга келтириши, ­бахшилар “Алпомиш” достонини ­тонггача куйлаши, дарахтда қушлар “Лисон ут-тайр”ни такрорлаши…

Шеър якунида эзгу тилаклари ижобат бўлади: келинлар буюк шоирларни туғади; бахшилар “Алпомиш”ни тонггача куйлайдилар; дарахтларнинг шохларида қушлар Навоий тилидан сайрайдилар. “Мен ҳеч қачон ўлмайман, Она!” сатрида эса, шоир “мен”и умумлашма образ — Ватан ва миллат тимсолига айланаётир.

“Сеҳр” шеърида ҳам шоир шахси бўртиб кўринади. Шеърда шоир ­“Мен”идаги эврилиш – кўнгилга шеър сурурининг қуюлиши, шоирлик қисматининг қарор топиши ифодаланган. Бу шеърнинг ҳар тўрт мисраси охирида такрорланиб келадиган “Эшқобил эмасман энди мен” деган иқрорда акс этади. Шоир ўзликдаги бу ўзгаришларга сабаб бўлган омилларни сеҳр дея атайди. Хўш, бу қудратли сеҳр нима: бу — шоир шеърларида бот-бот такрорланадиган “сен” ва “мен” – зоҳир ва ботин аро кечадиган муносабатнинг янгиланиши. “Сен”даги ўзгариш “Мен”нинг тилини олтин балиқчага айлантиради, кўзларининг топилдиғида янгиланаётган Эшқобилни суратлантиради…

Кеча дилдан қолди, қолдия тилдан,
Нафас торларимда ухлаётган Сен.
Қушдан илдиз олдим, қанотни гулдан,
Эшқобил эмасман энди мен.

“Бунга бир йилдан сўнг…” деб бошланувчи шеърда ҳам компонентларни бирлаштириб турувчи етакчи поэтик образ “Эшқобил”. Шеърнинг ҳар бир эпизоди(тўртлиги)да гуллар бир йилдан кейин, бева шамоллар ўн йил, турналар эса юз йилдан сўнг ­Эшқобилни сўроқлаб келишади. Ва бир хил жавобни “Эшқобил уйда йўқ” “…Ерда йўқ”, “…Кўкда йўқ” деган ­жавобни олишади.

Бу ўтар дунёда минг йил ҳам ўтар,
Келарсан… Ер-Осмон ботади терга,
Шунда кесаклардан ўт чиқиб кетар.
“Эшқобил шу ерда!”

Шоир шеърда абадиятга дахлдор ижодкор қисматини шу тариқа поэтиклаштиради, унга “Эшқобил” образини фаол аралаштириб, жозиба ва ­оригиналлик бахш этади, фалсафий мазмун билан бойитади.

Албатта, бир мақола доирасида шоир ижодининг барча қирраларини қамраб олиш қийин. Эшқобил Шукурнинг мумтоз адабиёт анъаналаридан таъсирланиб битган туркумлари, фалсафий шеърлари, истиқлол даврида чоп этилган асарларида поэтик маҳорати юксалиб, қалб кўзининг очилгани унинг ижодига алоҳида жозиба бахш этади. Хусусан, “Кўз юмиб кўрганларим” шеърлар китобининг “Йилнинг энг яхши шеърий тўплами” номинацияси бўйича ўтказилган танловда ғолиб бўлгани ҳам фикримизга бир далилдир.

Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 16-сон

045Эшқобил Шукур
ШЕЪРЛАР
09

1.

Мен
Қабрда туғилган Гўрўғли эдим,
Икки жаҳон аро Йўлўғли эдим,
Зулмат йўргаклаган Нурўғли эдим…

Мен
Қизғин қизғалдоқлар кафтида ўсдим,
Ёнаётган музнинг тафтида ўсдим,
Бир жуфт кабутарнинг кифтида ўсдим…

Мен
Ризқ гуллаган дала бўйида эдим,
Қанот ёзган ялпиз бўйида эдим,
Висол ва Ҳижроннинг тўйида эдим…

Мен
Қалдирғоч қўрғонин меҳмони бўлдим,
Адашган мусофир армони бўлдим,
“Бор экан, йўқ экан” достони бўлдим…

Мен
Битта боларига толиб тушибман,
Кўҳна бир тандирга қолип тушибман,
Ўз-ўзимга мағлуб – ғолиб тушибман…

Мен
Махлуқдан малаклик изладим кўпроқ,
Қошимда Инсондай гуллади тупроқ,
Қўлим қанот бўлди, кўзларим чироқ…

Мен
Булбул ўқиётган китобни кўрдим,
Гўдак кулгусида хитобни кўрдим,
Шамолни ияртган шитобни кўрдим…

Мен
Қақраган чўл эдим, чин дарё бўлдим,
Бўм-бўш осмон эдим, ўзимга тўлдим,
Ерга жилғаларни етаклаб келдим…
Мен
Билдим руҳ рўёмас, қон ҳам эмас жон,
Кўз ёшлар сув эмас, нон эмас виждон:
Одам ҳеч эт эмас, ҳокмас бу жаҳон!

Мен…

2.

Мени…
Ҳаёт алдайверсин, алдама, Зебо,
Ўлим алдайверсин, алдама, Зебо,
Кўнглим алдайверсин, алдама, Зебо…

Мени…
Қуёшдан топарлар, ойдан топарлар,
Хаёл фарзандиман, ўйдан топарлар,
Жонимни Ишқ деган жойдан топарлар…

Мени…
Атиргул япроғин тархидан изланг,
Искандарнинг янглиш тарихидан изланг,
Ҳаёт ва ўлимнинг нархидан изланг…

Мени…
Бошқа бозорларга сола кўрманг ҳеч,
Совуқ мозорларга раво кўрманг ҳеч,
Ёлғон савдоларга ола кўрманг ҳеч…

Мени…

3.

Менга
Қандай дуч келдинг сен, ўн учинчи Моҳ,
Қолган ўн икки ой аҳволига воҳ…
Бутун ҳаётимнинг оғзи тўла: “о ҳ “…

Менга
Сўнгги шеърмидинг сен, ё сўнгги китоб,
Сарғайган варақдай руҳим ҳам бетоб,
Шавқим шитобингга беролурми тоб…

Менга
Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ,
Туйғу арзандаси, жон ўкинчи, Моҳ
Сен кимнинг қайғуси ва севинчи, Моҳ?

Менга
Биринчи сўзмидинг, васиятмидинг,
Видо қўшиғими, илк ниятмидинг,
Ё ҳаёт онаси шеъриятмидинг?..

Сирингни айт, жоним, ўн учинчи Моҳ…

4.

Менда
Ер-у осмон, ой ва қуёш бор эди,
Томчи кулгу, кўза кўз ёш бор эди,
Юрак деган гултуғар тош бор эди…

Менда
Уч-тўрт сўм пул, бетоб виждон бор эди,
Мингта билиш, бир парча нон бор эди,
Қирқ бир қурбон ва битта жон бор эди…

Менда
Бир кўза сув, бир саҳро қум бор эди,
Мангуликдан адашган ЗУМ бор эди,
Ўзим ичра бошқа ЎЗИМ бор эди….

5.

Мендан
Дашту-дала, тоғ ила дарёни топ,
Бу дунёга ўхшамас бир дунёни топ,
Ҳирот бирла Самарқанду Кўниёни топ.

Мендан
Бозор бирла дўконни излама ҳеч,
Сарву гулсиз маконни излама ҳеч
Безамонман, замонни излама ҳеч…

Мендан
Шошқин шамол-у, абри найсонни сўр,
Уйни қўй, кўчани қўй, осмонни сўр,
Булутга чақмоқлик берган онни сўр.

6

Шундай йиғлар саҳрода қумлар…
Лорка
Менда
Қандай сўзлар эди ҳарф ва товушлар,
Ҳасрат ва дуога тўлса ҳовучлар,
Товоним чўғидан ёнди ковушлар
Менда… менда… менда…

Менда
Қандай куйлар эди чопағон сувлар,
Нафасимда шошқин шамоллар увлар,
Қандай йиғлар эди етим қайғулар…
Менда… менда… менда…

Мен сенга ҳеч ёлғон сўзлаганим йўқ,
Юракдай тирилар кўксимдаги ўқ,
йўқдан бори – ёлғон, бари Бордан – Йўқ.
Менда, менда, менда…

Мен сенга ёлғонни сўзламасман ҳеч,
Бошқа шоир келса, қасамларин ич,
Тилимда ялла-ю, бўғзимда қилич,
Менда… менда… менда…

Мен мунча паришонман

Лафз каби улуғман-у, шеър каби ғариб шонман,
Мен шонга султонман-у, шон устида бешонман,
Жаҳон мунча шонталаб, жон мунча жаҳонталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ой мунча осмонталаб, осмон эса жонталаб,
Ер мунча найсонталаб, найсон эса онталаб,
Ёр мунча ҳижронталаб, ҳижрон эса қонталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ишқ мунча оловталаб, олов эса ёвталаб,
Дил мунча яловталаб, ялов эса товталаб,
Тулпорлар жиловталаб, сор-бургутлар овталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Ботирлари орталаб, ор эса ҳазорталаб,
Шоирлари дорталаб, дор эса бозорталаб,
Зорлари озорталаб, озорлари зорталаб,
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Кулги йиғидай йиғлаб, йиғи кулгидай кулса,
Нафрат севгидай ёнса, туйғу севгидай ўлса,
Бошқа Эшқобил бўлиб, бошқа Эшқобил келса…
Мен мунча паришонман, мунчалар паришонман.

Саҳродаги садо

Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси,
Йўлсизларни равон йўлга йўлловчиси,
Қоқ саҳрода соя берган, булоқ берган,
Қумда қолган қулунларнинг сўровчиси.

Суринганда тулпорларга мадад бўлган,
Аро йўлда қақшаганга қанот бўлган,
Қора бошнинг қоронғида қаровчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

Манзил йироқ, умид сендан, нажот сендан,
Ўлимларнинг қуршовида ҳаёт сендан,
Жон риштасин Ҳақ нурига уловчиси,
Йўлда қолган йўловчининг қўлловчиси.

Азал куйи

Сен баҳордан олдин гуллайсан,
Жилмаясан саҳардан олдин.
Ҳар гал ойдан олдин тўлгайсан,
Жон ичида жавҳардан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.

Сен ёмғирдан аввал йиғлайсан,
Ёғажаксан қорлардан аввал.
Янги йилдан аввал киргайсан,
Дил тубида зорлардан аввал…
Сен аввал.
Сен аввал.

Юрагимнинг боғчаларида
Етаклайсан ўн икки ойни.
Дил дарахтин шохчаларида
Куртаклаган етмиш минг куйни
Сен чалдинг.
Сен чалдинг.

Сувдан олдин дарё жони сен,
Сен ёрийсан чақмоқдан олдин.
Йиғлаётган булут қони сен,
Ҳар қадаминг сўқмоқдан олдин…
Сен олдин.
Сен олдин.

055

«QUSHDAN ILDIZ OLDIM, QANOTNI GULDAN…»
Qurdosh Qahramonov,
filologiya fanlari doktori
09

065Saksoninchi yillar avvalida ijod maydoniga kirib kelgan yosh iste’dod sohibi Eshqobil Shukur she’rlari asosini botiniy olam manzaralari tashkil etdi. Bu olam turfa xil timsolu tasvirlar, shakllarda namoyon bo’lsa-da, bosh maqsad-muddao o’zgarmadi — ko’ngilga qarab evrilish, o’zlikni izlash yetakchi mavzu bo’lib qoldi.

Shoir ilk ijodiy izlanishlarida ustozlardan ta’sirlanib, xalq og’zaki ijodi ohanglaridan ma’naviy oziq olib she’rlar bitdi, badiiy topilmalari, ohorli tashbehlari e’tiborga tushdi. “Umid kechasi” shunday she’rlardan biri. Munojot ruhida bitilgan she’rda lirik qahramonning hayajoni, zamondoshiga, xalqiga ehtiromi hamda ozodlik yo’lidagi intilishlari aks ettirilgan. Shoir o’sha davr she’riyatiga xos samoviy malaklar, muqaddas ruh, ismsiz daho, dardmand singil, xoin do’st, qizg’aldoq kabi poetik obraz va timsollar orqali xalqni asriy orzu-umidlar yo’lida sobit bo’lishga chorlaydi, uni sharaflaydi. She’rdagi “Tog’larning ko’ksida yurak loladay”, “Osmon yechib tashlar ko’ylaklarini”, “Armonga aylangan tirnog’im bilan // Yurak po’stlog’iga yozaman doston” kabi qalb kechinmasining poetiklashgan manzaralari shoir iqtidorini namoyon etdi.

Eshqobil Shukurning bu turkumdagi she’rlaridan farqi o’laroq, ­xalqimizning o’zligini namoyon qiluvchi narsa-hodisalarni poetik obraz yoki timsol darajasiga ko’tarib, lirik “men” ruhiyati dardlari bilan bog’lab talqin etgan “Chanqovuz”, “Ko’pkari”, “Sholi qo’riqchisi”, “Chimildiq” she’rlarida milliy udumlar aks etgan bo’lsa, “Ko’nglimni toshga yordim”, “Sochlari sumbul-sumbul”, “Shikasta-shikasta” kabi xalq og’zaki ijodi ohanglarida bitilgan she’rlari, “Mengim momoning yo’qlovi” marsiyasida ham shu xususiyat bo’rtib ko’rinadi. Bu ­she’rlarning o’ziga xosligi an’anaviy bo’lmagan ifoda va usullarni qo’llashda, poetik obraz(“chanqovuz”)ni qalb evrilishi bilan bog’lab ­talqin eta bilishdadir.

Tilim tiyildi mening, so’zim qiyildi mening,
Po’lat til topib oldim, havo so’z topib oldim.

Chanqovuzning po’lat til, havo so’zga o’xshatilishida, albatta, botiniy ma’no yashirin. Lekin uning zohiriy ma’nosida ham topqirliq bor. Chanqovuzning chalinishida til va havoning ishtiroki bu o’xshashlik ma’nosini poetiklashtirishga xizmat qilishi bilan ibratli. Bu — shoirning boshqalarnikiga o’xshamagan poetik topildig’i, kashfiyoti. She’rda har bir baytdan keyin takrorlanib keladigan naqoratda birgina so’zning almashishi dardning ko’lamini, ruhning mavjini, eng muhimi, poetik mazmunning ko’lamdorligini ifodalashga xizmat qilgan. “Ko’pkari”, “Mengim momo yo’qlovi” kabi asarlarida ham shoir mazmunga mos ifoda, ohang va tasvirni berolgan. Ko’pkari chavandozdan jasorat, uddaburonlik, shavq va tezkorlikni talab etadigan udum. She’r ohangida ayni jihatlar mujassam:

“Hayt!” — dedi, uloq ketdi,
O’rtada taboq ketdi.

“Mengim momo yo’qlovi” she’ri esa ota-yurt, Vatan sog’inchi haqida. Sho’ro to’ntarishi davrida dushmanlardan qochib xorijga ketishga majbur bo’lgan Mengim momo kindik qoni to’kilgan yurtga qaytolmay, armon azobida qovuriladi. She’rda shunchaki yurt sog’inchini tasvirlash maqsad qilinmagan, balki sog’inch degan dardning ko’zyoshlarday quyilib, misrama-misra, bandma-band tobora kuchayib, avj pardada yurak bilan birikib ketishini ko’ramiz: “Go’rim o’z yuragimda// Yurakda bordir Vatan. Qishloqdan kiyib kelgan// Ko’ylagim bo’lsin kafan”.

Shunga ko’ra shoirning aksariyat she’rlaridagi yetakchi poetik obraz lirik qahramonning botiniy olami, ko’ngildir, desak yanglishmaymiz. Har bir she’rda ko’ngilning o’ziga xos qirralari namoyon bo’ladi. Ularning nomlanishi turlicha: ko’ngil, dil, yurak va hokazo. Bu poetik obraz va timsollarning ifoda shakli turli-tuman, ular sifatlashlaru tashbehlarga nihoyatda boydir. Eshqobil Shukur she’riyatidagi obraz va timsollarning ifoda ko’lamini tasavvur etish uchun uning butun ijodi bilan tanish bo’lish lozim. Shoir ko’ngil manzaralarini turli poetik holatlarda tasvirlaydi. An’anaviy poetik manzara va ifodalar bilan kutilmagan, noan’anaviy tasvirlar o’zaro birikib, uyg’unlashib ketadi. Biroq bu ifodalarda soxtalik, zo’rakilik yo’q. Ularda xuddi tog’dan quyiga toshdan-toshga urilib yelayotgan suvning shiddati-yu o’ziga xos tabiiy musiqasini his etganday bo’lasiz. Tasvirdagi shiddat va musiqaviy ohang — Eshqobil Shukur she’riyatining o’ziga xos xususiyatlaridan biridir. Shunga ko’ra shoir she’rlarida qo’llangan poetik so’z va tashbehlar ko’povozli, olmosday tovlanuvchan. Ularda kamalak jilosini ko’rasiz. Poetik mazmun turfa xil: goh real, goh timsoliy, ba’zan oshkor, ba’zida pinhona, ham dardchil va ham sururli. Lekin ularning barchasini bitta ­mahrajda birlashtirib turadigan asos – bu Eshqobil Shukur “men”i. Uning ko’ngil ko’chasidir.

Shoir she’rlarida ko’ngilning xilma-xil suvratlari chizilgan. Bu suvratlar ba’zan hissiyot va fikr uyg’unligida kelsa, ba’zan tasavvur hayotiy mantiqni, real voqelikni o’ziga singdirgan bo’ladi. Shoirning “Yolg’izlik…” she’rini o’qir ekansiz, daf’atan ko’z oldingizga muallaq chayqalib turgan yurak namoyon bo’ladi.

She’rdagi “Sen” va “Men” poetik obrazlarini turlicha talqin qilish mumkin. “Men” va “Sen” ko’ngilning botiniy va zohiriy olami. Shoir ushbu poetik obrazlarning o’zaro munosabati orqali yuzaga kelayotgan qalb kechinmasining o’ziga xos tasvirini chizadi. Shoirning mahorati shundaki, she’rdagi poetik obrazlarning xatti-harakatlari hayotiy, real voqelik sifatida jonlantiriladi. “Sen”ni zohiriy olam sifatida ham talqin etish mumkin. U ijtimoiy voqelik, sevikli yor, sadoqatli do’st ham bo’lishi mumkin. Gap uning kim yoki nimaligida emas, balki botinga ko’rsatayotgan ta’sirida, “Men”da hosil bo’layotgan kechinmaning darajasida.

Xullas, shoirning o’zi e’tirof etganidek: “Yuragim o’zimdan bo’shagan sari // To’lib boraverar yuragim”. Ana shu to’lib borayotgan yurak mavjlari Eshqobil Shukur she’riyatining asosiy
mazmuni, desak yanglishmaymiz. She’rlarida ko’ngilning poetik suratini chizar ekan, shoir o’ziga xos ifoda usuli – muloqot shaklidan mohirlik bilan foydalanadi: go’yo yuragini shundoq yoniga qo’yib, u bilan dard-lashayotgandek tasavvur paydo
bo’ladi. Bu muloqot turli shaklda keladi: birida daraxt timsolida olis bolalik xotiralari eslansa, birida guldirab ishlashini orzu qilgan tegirmon timsolida.

Eshqobil Shukur she’riyatiga xos yana bir xususiyat ularda shoir shaxsining faol ishtirokida kuzatiladi. Bu faollik ba’zan lirik “Men” bilan uyg’un tarzda kelsa, ba’zan ­“Men”dan tashqarida “Eshqobil Shukur” obrazida keladi. Bu xususiyatni “To’qqizinchi fevral”, “Sehr”, ­“Bunga bir yildan so’ng…” kabi ­she’rlarida ko’rishimiz mumkin.

Buyuk bobokalonimiz Alisher ­Navoiy tavallud topgan kunga atab yozilgan “To’qqizinchi fevral” she’rida shoirning vatanparvarlik pozitsiyasi yuqori pardalarda ifoda etilgan. She’r onaga murojaat tarzida bitilgan. She’rning har bir bandida ­shoirning munosabati aniq-tiniq aks etgan.

Men ertaga o’laman, ona.
Agar, sen bu kecha boshimda
O’zbek tilidagi qo’shiqlarni aytib turmasang.

Shu tariqa faol munosabatdagi lirik qahramon she’rning keyingi bandlarida ham ona, Vatan va millat taqdiriga daxldor ezgu tilaklarni bayon etadi, ya’ni onalarimiz buyuk shoirlarni dunyoga keltirishi, ­baxshilar “Alpomish” dostonini ­tonggacha kuylashi, daraxtda qushlar “Lison ut-tayr”ni takrorlashi…

She’r yakunida ezgu tilaklari ijobat bo’ladi: kelinlar buyuk shoirlarni tug’adi; baxshilar “Alpomish”ni tonggacha kuylaydilar; daraxtlarning shoxlarida qushlar Navoiy tilidan sayraydilar. “Men hech qachon o’lmayman, Ona!” satrida esa, shoir “men”i umumlashma obraz — Vatan va millat timsoliga aylanayotir.

“Sehr” she’rida ham shoir shaxsi bo’rtib ko’rinadi. She’rda shoir ­“Men”idagi evrilish – ko’ngilga she’r sururining quyulishi, shoirlik qismatining qaror topishi ifodalangan. Bu she’rning har to’rt misrasi oxirida takrorlanib keladigan “Eshqobil emasman endi men” degan iqrorda aks etadi. Shoir o’zlikdagi bu o’zgarishlarga sabab bo’lgan omillarni sehr deya ataydi. Xo’sh, bu qudratli sehr nima: bu — shoir she’rlarida bot-bot takrorlanadigan “sen” va “men” – zohir va botin aro kechadigan munosabatning yangilanishi. “Sen”dagi o’zgarish “Men”ning tilini oltin baliqchaga aylantiradi, ko’zlarining topildig’ida yangilanayotgan Eshqobilni suratlantiradi…

Kecha dildan qoldi, qoldiya tildan,
Nafas torlarimda uxlayotgan Sen.
Qushdan ildiz oldim, qanotni guldan,
Eshqobil emasman endi men.

“Bunga bir yildan so’ng…” deb boshlanuvchi she’rda ham komponentlarni birlashtirib turuvchi yetakchi poetik obraz “Eshqobil”. She’rning har bir epizodi(to’rtligi)da gullar bir yildan keyin, beva shamollar o’n yil, turnalar esa yuz yildan so’ng ­Eshqobilni so’roqlab kelishadi. Va bir xil javobni “Eshqobil uyda yo’q” “…Yerda yo’q”, “…Ko’kda yo’q” degan ­javobni olishadi.

Bu o’tar dunyoda ming yil ham o’tar,
Kelarsan… Yer-Osmon botadi terga,
Shunda kesaklardan o’t chiqib ketar.
“Eshqobil shu yerda!”

Shoir she’rda abadiyatga daxldor ijodkor qismatini shu tariqa poetiklashtiradi, unga “Eshqobil” obrazini faol aralashtirib, joziba va ­originallik baxsh etadi, falsafiy mazmun bilan boyitadi.

Albatta, bir maqola doirasida shoir ijodining barcha qirralarini qamrab olish qiyin. Eshqobil Shukurning mumtoz adabiyot an’analaridan ta’sirlanib bitgan turkumlari, falsafiy she’rlari, istiqlol davrida chop etilgan asarlarida poetik mahorati yuksalib, qalb ko’zining ochilgani uning ijodiga alohida joziba baxsh etadi. Xususan, “Ko’z yumib ko’rganlarim” she’rlar kitobining “Yilning eng yaxshi she’riy to’plami” nominatsiyasi bo’yicha o’tkazilgan tanlovda g’olib bo’lgani ham fikrimizga bir dalildir.

Manba: «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasi, 2014 yil 16-son

045Eshqobil Shukur
SHE’RLAR
09

1.

Men
Qabrda tug’ilgan Go’ro’g’li edim,
Ikki jahon aro Yo’lo’g’li edim,
Zulmat yo’rgaklagan Nuro’g’li edim…

Men
Qizg’in qizg’aldoqlar kaftida o’sdim,
Yonayotgan muzning taftida o’sdim,
Bir juft kabutarning kiftida o’sdim…

Men
Rizq gullagan dala bo’yida edim,
Qanot yozgan yalpiz bo’yida edim,
Visol va Hijronning to’yida edim…

Men
Qaldirg’och qo’rg’onin mehmoni bo’ldim,
Adashgan musofir armoni bo’ldim,
“Bor ekan, yo’q ekan” dostoni bo’ldim…

Men
Bitta bolariga tolib tushibman,
Ko’hna bir tandirga qolip tushibman,
O’z-o’zimga mag’lub – g’olib tushibman…

Men
Maxluqdan malaklik izladim ko’proq,
Qoshimda Insonday gulladi tuproq,
Qo’lim qanot bo’ldi, ko’zlarim chiroq…

Men
Bulbul o’qiyotgan kitobni ko’rdim,
Go’dak kulgusida xitobni ko’rdim,
Shamolni iyartgan shitobni ko’rdim…

Men
Qaqragan cho’l edim, chin daryo bo’ldim,
Bo’m-bo’sh osmon edim, o’zimga to’ldim,
Yerga jilg’alarni yetaklab keldim…
Men
Bildim ruh ro’yomas, qon ham emas jon,
Ko’z yoshlar suv emas, non emas vijdon:
Odam hech et emas, hokmas bu jahon!

Men…

2.

Meni…
Hayot aldayversin, aldama, Zebo,
O’lim aldayversin, aldama, Zebo,
Ko’nglim aldayversin, aldama, Zebo…

Meni…
Quyoshdan toparlar, oydan toparlar,
Xayol farzandiman, o’ydan toparlar,
Jonimni Ishq degan joydan toparlar…

Meni…
Atirgul yaprog’in tarxidan izlang,
Iskandarning yanglish tarixidan izlang,
Hayot va o’limning narxidan izlang…

Meni…
Boshqa bozorlarga sola ko’rmang hech,
Sovuq mozorlarga ravo ko’rmang hech,
Yolg’on savdolarga ola ko’rmang hech…

Meni…

3.

Menga
Qanday duch kelding sen, o’n uchinchi Moh,
Qolgan o’n ikki oy ahvoliga voh…
Butun hayotimning og’zi to’la: “o h “…

Menga
So’nggi she’rmiding sen, yo so’nggi kitob,
Sarg’aygan varaqday ruhim ham betob,
Shavqim shitobingga berolurmi tob…

Menga
Siringni ayt, jonim, o’n uchinchi Moh,
Tuyg’u arzandasi, jon o’kinchi, Moh
Sen kimning qayg’usi va sevinchi, Moh?

Menga
Birinchi so’zmiding, vasiyatmiding,
Vido qo’shig’imi, ilk niyatmiding,
YO hayot onasi she’riyatmiding?..

Siringni ayt, jonim, o’n uchinchi Moh…

4.

Menda
Yer-u osmon, oy va quyosh bor edi,
Tomchi kulgu, ko’za ko’z yosh bor edi,
Yurak degan gultug’ar tosh bor edi…

Menda
Uch-to’rt so’m pul, betob vijdon bor edi,
Mingta bilish, bir parcha non bor edi,
Qirq bir qurbon va bitta jon bor edi…

Menda
Bir ko’za suv, bir sahro qum bor edi,
Mangulikdan adashgan ZUM bor edi,
O’zim ichra boshqa O’ZIM bor edi….

5.

Mendan
Dashtu-dala, tog’ ila daryoni top,
Bu dunyoga o’xshamas bir dunyoni top,
Hirot birla Samarqandu Ko’niyoni top.

Mendan
Bozor birla do’konni izlama hech,
Sarvu gulsiz makonni izlama hech
Bezamonman, zamonni izlama hech…

Mendan
Shoshqin shamol-u, abri naysonni so’r,
Uyni qo’y, ko’chani qo’y, osmonni so’r,
Bulutga chaqmoqlik bergan onni so’r.

6

Shunday yig’lar sahroda qumlar…
Lorka
Menda
Qanday so’zlar edi harf va tovushlar,
Hasrat va duoga to’lsa hovuchlar,
Tovonim cho’g’idan yondi kovushlar
Menda… menda… menda…

Menda
Qanday kuylar edi chopag’on suvlar,
Nafasimda shoshqin shamollar uvlar,
Qanday yig’lar edi yetim qayg’ular…
Menda… menda… menda…

Men senga hech yolg’on so’zlaganim yo’q,
Yurakday tirilar ko’ksimdagi o’q,
yo’qdan bori – yolg’on, bari Bordan – Yo’q.
Menda, menda, menda…

Men senga yolg’onni so’zlamasman hech,
Boshqa shoir kelsa, qasamlarin ich,
Tilimda yalla-yu, bo’g’zimda qilich,
Menda… menda… menda…

Men muncha parishonman

Lafz kabi ulug’man-u, she’r kabi g’arib shonman,
Men shonga sultonman-u, shon ustida beshonman,
Jahon muncha shontalab, jon muncha jahontalab,
Men muncha parishonman, munchalar parishonman.

Oy muncha osmontalab, osmon esa jontalab,
Yer muncha naysontalab, nayson esa ontalab,
Yor muncha hijrontalab, hijron esa qontalab,
Men muncha parishonman, munchalar parishonman.

Ishq muncha olovtalab, olov esa yovtalab,
Dil muncha yalovtalab, yalov esa tovtalab,
Tulporlar jilovtalab, sor-burgutlar ovtalab,
Men muncha parishonman, munchalar parishonman.

Botirlari ortalab, or esa hazortalab,
Shoirlari dortalab, dor esa bozortalab,
Zorlari ozortalab, ozorlari zortalab,
Men muncha parishonman, munchalar parishonman.

Kulgi yig’iday yig’lab, yig’i kulgiday kulsa,
Nafrat sevgiday yonsa, tuyg’u sevgiday o’lsa,
Boshqa Eshqobil bo’lib, boshqa Eshqobil kelsa…
Men muncha parishonman, munchalar parishonman.

Sahrodagi sado

Yo’lda qolgan yo’lovchining qo’llovchisi,
Yo’lsizlarni ravon yo’lga yo’llovchisi,
Qoq sahroda soya bergan, buloq bergan,
Qumda qolgan qulunlarning so’rovchisi.

Suringanda tulporlarga madad bo’lgan,
Aro yo’lda qaqshaganga qanot bo’lgan,
Qora boshning qorong’ida qarovchisi,
Yo’lda qolgan yo’lovchining qo’llovchisi.

Manzil yiroq, umid sendan, najot sendan,
O’limlarning qurshovida hayot sendan,
Jon rishtasin Haq nuriga ulovchisi,
Yo’lda qolgan yo’lovchining qo’llovchisi.

Azal kuyi

Sen bahordan oldin gullaysan,
Jilmayasan sahardan oldin.
Har gal oydan oldin to’lgaysan,
Jon ichida javhardan oldin…
Sen oldin.
Sen oldin.

Sen yomg’irdan avval yig’laysan,
Yog’ajaksan qorlardan avval.
Yangi yildan avval kirgaysan,
Dil tubida zorlardan avval…
Sen avval.
Sen avval.

Yuragimning bog’chalarida
Yetaklaysan o’n ikki oyni.
Dil daraxtin shoxchalarida
Kurtaklagan yetmish ming kuyni
Sen chalding.
Sen chalding.

Suvdan oldin daryo joni sen,
Sen yoriysan chaqmoqdan oldin.
Yig’layotgan bulut qoni sen,
Har qadaming so’qmoqdan oldin…
Sen oldin.
Sen oldin.

055

(Tashriflar: umumiy 269, bugungi 1)

Izoh qoldiring