Саид-Абдулазиз Юсуповнинг мазкур мақоласини ўтган йилнинг сўнгги кунларида ўқиган бўлсам-да, у бугунгача қайта-қайта онгу шууримда қалқиб туради. Чунки унда ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб менинг фикримни ҳамиша банд этиб келаётган мустақилик йўлига чиққан миллатнинг бош мафкураси бўлмиш жамият тафаккури масалалари билан боғлиқ. Бунинг ёрқин мисоли сифатида «Тафаккур» журналининг 1994 йил 1-сонида эълон қилинган ва ўзбек матбуотида илк маротиба миллий ғоя ва миллий идеал муаммоси ҳақида сўз юритилган «Алпомишнинг уйғониши» номли мақоламга бир назар ташласангиз кифоя.
Ўша мақоладан биргина парча келтирай: » Фуваролар руҳиятида, онг-тафаккурида ўзгариш бўлмас экан, тараққиёт ҳақида гапириш мушкул, бу руҳият ислоҳотсиз қолар экан, янги давлат ва жамият барпо этиш ҳам сус боради. Руҳият ислоҳотини муайян ғоя белгилайди ва у халқ онгини ҳаракатга келтиради… (Мақоланинг тўлиқ матнини саҳифа якунида мутолаа қилишингиз мумкин)»
Саид-Абдулазиз Юсуповнинг мақоласиям тафаккуримизда ўзгариш бўлмаса, жамият ҳаётида, миллат турмушида ўзгариш бўлмаслиги ҳақида. Энг муҳими, бу ҳақда, жуда кўп ўзбек давлат одамлари-ю «сиёсатшунос»ларига ўхшаб аравани қуруқ олиб қочмай, сиёсий сўзбозлик қилмай, таҳлилий фикр асосида сўз юритилади.
Мен мақоламни йўлнинг бошида, бизни нималар кутаётганидан бехабар ҳолда ёзган бўлсам, Саид-Абдулазиз ўз мақоласида чорак аср ичида дунёни бутунлай ўзгартирган сиёсий, иқтисодий, маънавий жараёнларни назардан қочирмай, ўша жараёнлар ва босиб ўтган йўлимиз давомида йўл қўйган адашуву алданишларимиз оқибатида айни соатдаги турмушимизни аниқ-равшан идрок этиб, фикрлайди.
Менинг мақолам 25 йил аввал ёзилган, мен билан Саид-Абдулазиз ёши ўртасидаям 25 йиллик фарқ бор. Аммо, фикр яқинлиги, миллат ва инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўзгариш, янгиланиш истагида фарқ йўқ. Бу мени бениҳоя қувонтиради. Зеро, миллий тафаккуримизни янгилаш жараёни бардавомдир.
Айни шу сабабдан мен яна бир қайта мақолага диққатни тортишни истадим. Муаллифдан эса айни шу таҳлилий фикр юритилган янги мақолалар кутиб қоламан.
Хуршид Даврон
5 март, 2017
Саид-Абдулазиз Юсупов
БУТЛАРНИ СИНДИРИНГ
«Кишининг ўз қусурларини кўрмоғи – энг катта билимдир»
Сенека
Энг катта душман — ўзингиз…
Шарқда Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур бўлган македониялик Александрга форс ҳукмдори Доро қўшинларига кечаси ҳужум қилишни таклиф этишганда, у: «Мен ғалабани ўғирламайман!» — дея жавоб бергани тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилган. Ўша пайтда кимлардир Александрнинг бу қарорини хатога йўйгани турган гап. Аммо, у ҳақ эди. Дородек қудратли шоҳ бундай ҳарбий ҳийлалар оқибатида енгиладиган рақиб эмас. У тунги кутилмаган ҳужумда аскарларининг бир қисмидан ажралар, аммо йўқотишлар ўрнини қисқа муддатда тўлдириш ва жанг тизгинини қўлга олиш имконига эга эди. Шундай экан, Дорони ва унинг шонли армиясини мағлуб этишнинг бирдан-бир йўли уларнинг жанговор руҳини синдириш бўлиб, буни эса фақат очиқ майдондаги юзма-юз жангда амалга ошириш мумкин эди холос.
Бугун жамият айни ҳолатда. Давлат ислоҳотлари тафаккур ва руҳият ўзгармагунча кутилган натижани бермайди. Жамиятимизда янгиликка тўғаноқ бўлаётган энг катта душман миллий стереотипларимиз, руҳиятимиздаги қусурларимиз, онгимиздаги турғунликдир.
Тасаввур қилинг: чорвадан хабари йўқ одамга 100 та қўй берилса… Бир умр автомобилга эга бўлишни орзу қилиб келган, аммо уни бошқаришни билмайдиган одамга машина совға қилинса… Боринг, ана, қулга озодлик ҳадя этилса, нима бўлади? Чорвадан хабари йўқ одам қўйларнинг камида ярмини нобуд қилади, машина бошқаришни билмаган, табиийки, авария қилади. Қул эса… Бу ҳақда мақола сўнгида тўхталамиз.
Асл мақсадимиз – …
Бу мақолада биз еру-кўкка сиғмай ҳукумат ва давлат раҳбарини алқаш, маддоҳлик қилиш, тасаннолар ёғдириш (аслида булар энди нима қилишни билмаганлар ёхуд давлат ва ҳукумат кўзини шамғалат қилувчиларнинг хоббиси) каби тенденцияларда ўзимизни кўрсатишни мақсад қилмадик. Мақсадимиз жамиятимизга кириб келган янги бир ислоҳотларни амалга оширишда давлатга ёрдамчи бўлиш. Аммо ёлғонларсиз, мақтовларсиз ва энг асосийси конструктив бир шаклда.
Шундай қилиб, давлат раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар чинакамига амалга ошишида қатор тўсиқларга дуч келмоқда. Бошқарув кадрларининг малакасизлигидан тортиб, оддий фуқаронинг янги даврга кўникишигача, бизнес эстеблешментнинг иқтисодий ислоҳотлар шиддатидан ортда қолаётганлигидан, жамият аъзолари тафаккурининг ўзгартиришда масъулларнинг нима қилишни тушунмаётганигача. Мавжуд реал муаммолар таҳлил қилинганда, бугунги жамият муаммоларини қуйидаги турларга бўлиш мумкин:
— иқтисод билан боғлиқ муаммолар (соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, фуқаролар реал даромадларининг пастлиги, ишсизлик, бозор иқтисоди ва муносабатлари кўникмаларининг камлиги);
— тиббиёт соҳасидаги муаммолар (сифатли тиббий хизмат қамровининг чекланганлиги, малакали мутахассисларнинг хорижга кетиб қолаётгани, тиббиёт ходимлари маошининг камлиги ва ҳоказолар);
— таълим ва саводхонлик борасидаги муаммолар (мактабгача таълим муассасаларидаги салбий ҳолатлар, мактаблар ҳамда олий ўқув юртларида таълим сифатининг пастлиги, кирилл ёки лотин алифбоси машмашалари, ёшларнинг китоб ўқишга қизиқмаслиги);
— мафкура соҳасидаги муаммолар (муаммоларнинг энг каттаси!).
Баъзи бир эски тизим вакилларига ёқса-да, ёқмаса-да, давлат раҳбари томонидан иқтисодий ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда. Гарчи ҳали сезилар-сезилмас бўлса ҳам улар самара бера бошлаганини барчамиз кўриб-билиб турибмиз. Аммо ислоҳотларнинг асл моҳиятини халққа етказиш, одамларни янги бозор муносабатларига кўниктириш, юртдошларимизнинг тафаккурини ўзгартиришда камчиликлар кўп. Иқтисодчи бўлмаганим учун ҳам бу соҳадаги муаммоларни таҳлил қилиш мақсадидан йироқман. Мен масаланинг мутлақо бошқа жиҳатларига эътиборингизни жалб этишни хоҳлардим.
Президент тиббиёт соҳасини кескин танқид қилишига қарамай соҳада ўзгаришлар жуда секинлик билан амалга оширилаётганига ким сабабчи? Таълим соҳасидаги коррупция ва сифатсиз таълим, бунинг сабаблари ва айбдорлари хусусида ҳам соатлаб гапириш, кимларнидир айбдор қилиш мумкин. Аммо бу муаммоларнинг энг катта сабаби — жамият келажаги ва равнақини белгиловчи омил ҳисобланган ижтимоий тафаккур масаласидир.
Жамият аъзолари тафаккури ўзгармас экан, бошланган ислоҳотлар қанчалик чуқур ўйлаб мукаммаллаштирилган бўлмасин, натижа бериши қийин. Биз бугун ана шу муҳим ва оғриқли нуқта — тафаккур ва мафкура масаласига тўхталишга қарор қилдик. Зеро, банданинг Ҳақ олдидаги даражаси молу дунёси-ю, бошқаси билан эмас иймони билан белгилангани каби миллатнинг даражаси унинг тафаккури билан белгиланади.
Миллий «брэнд» даражасидаги қусурларимиз
Миллатимизнинг улуғлигию, юксак маънавий тарафлари ҳақида биздан бошқа миллионлаб гапирганлар, гапираётганлар ва гапирадиганлар топилади. Биз эса миллий «брэнд» даражасига кўтарилган қусурларимиз ҳақида мушоҳада этишга жазм этдик. Тафаккурдаги қусурлар ҳақида сўз юритганимизда уларнинг бутун бошли миллатга хос камчилик сифатида тамғаланмаслигини истардик. Бироқ миллатимиз вакиллари орасида баъзи қусурлар кундан-кунга урчиётирки, фалокатга олиб борувчи бу иллатларнинг олдини олиш, оқибатлари ҳақида огоҳлантиришни фуқаровий бурчимиз деб билдик.
Ана шундай қусурлардан бири маддоҳлик деб эталади. Бугун жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, муаммолар тўғрисида конструктив мулоқот ўрнини йиғилишлар, мажлислар, телекўрсатувларларда аравани қуруқ олиб қочишу фэйсбук саҳифаларида давлат раҳбарини, ҳукуматни алқаш, кўкка кўтариш тенденцияси эгаллаб олди. Ва бу кундан-кунга авж олаяпти.
Маддоҳлик мустақилликни қўлга киритган илк кунларимиздан бошланмади ёки совет тузуми даврида шаклланмади. Унинг илдизи олис-олисларга бориб тақалади. Тупроғимизда вужудга келган улкан давлатларнинг аксарияти сарой аъёнлари ва амалдорларининг зиммасидаги вазифаларни адо этиш ўрнига маддоҳликни касб этгани, мақтов ва алдов орқали давлат раҳбарининг кўзини кўр қилиб, ҳақиқий аҳволдан узоқлаштиргани сабабли инқирозга юз тутгани ҳақида кўп ўқиганмиз. «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир», деганда Абдулла Қодирий ўтмишдаги хатолардан тўғри хулоса чиқариш, уларни такрорламасликни назарда тутган бўлса не ажаб?! Афсуски, ўтмишдаги ана шу хатолар бугун қайта бўй кўрсатмоқда, айримларнинг қон-қонига сингиб кетган, таъбир жоиз бўлса, йўргакда юққан эски иллатлар яна жонланмоқда.
Маддоҳликнинг энг ёмони зиёлиларникидир. Чунки у давлатни ҳамиша жарга етаклаган. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт, ОАВ, санъат ва маданият соҳалари вакиллари билан учрашувда зиёлиларнинг асосан моддий масалаларнигина кўтариб чиқишди. Яхшики, Президентнинг ўзи жиддий муаммоларни тилга олди. Йиғилишда зиёлилар томонидан бирор-бир конструктив фикр айтилмади. Биргина шоира опамизнинг Амир Темурдан ўринли иқтибос келтирганини ҳисобга олмасак, зиёлиларнинг айтгани «Бўлди, кўзимиз очилди, энди зўр ишлаймиз, ишончингизни оқлаймиз!» қабилидаги олди-қочди гаплар бўлди.
Бундан аввал сиёсий партиялар, депутатлар Президент танқидига худди шу форматда жавоб берган эди. Бирортаси мард бўлиб, мен ўзимга билдирилган ишончни оқлолмаганим сабабли истеъфо бераман, халқим мени кечир демади.
На депутатлар, на олимлар ва на бошқа зиёлилар давлат раҳбари билан учрашув чоғида давлат ва миллат тақдирига дахлдор масалалар, ечимини кутаётган ўткир муаммолар, дунёда рўй бераётган мафкуравий эврилишлар, бу жараёнда юзага келаётган янги хавфларнинг олдини олиш, бунинг учун қилиниши керак бўлган ишлар хусусида фикр билдирмади, таклиф бермади.
Ушбу учрашувларда кўтарилган муаммоларнинг пичоққа илингани тўйлар ҳақидагиси бўлди. Шундан бери ОАВ, ижтимоий тармоқларда шу мавзу обдон чайналмоқда. Дунёда учинчи жаҳон уруши ҳиди анқиб турган бир пайтда гўёки ўзбек давлатчилигининг бошқа муҳим муаммоси йўқдек?!
Президент зиёлиларнинг дарду изтиробини эшитай, юрт ва миллат қайғусига доир фикрларини билай, амалга оширилаётган ислоҳотларни кучайтириш бўйича аниқ амалий таклифлар олай деб учрашув ташкил этган эди. Афсуски, улар жуда майда нарсалар ҳақида гапиришди, асосан мақтов ва алқовлар ёғдиришди, ўзлари таклиф бермагач, давлат раҳбари ўртага ташлаган масалаларни «Бажарамиз!», «Дўндирамиз!»дан нарига ўтишмади. Буларни эшитиб, Шавкат Миромоновичнинг ҳафсаласи пир бўлган бўлса ажабмас. Шукурки, учрашувда сўз ололмаган адабиётшунос Шуҳрат Ризаев кейинроқ миллатни ҳақиқатда қийнаётган масалаларда ўз фикрларини ажойиб бир мақола шаклида эълон қилди.
Тараққиётимизни ортга сураётган яна бир қусурлардан бири андиша деб аталади. Аслида ижобий бўёққа эга бу хусусият йиллар мобайнида моҳиятини ўзгартирди. Бугун ноҳақни ноҳақ демаслик, ҳақсизликка индамай кетиш, ахлоқсизликка кескин муносабат билдирмаслик, керакли ўринда ўз фикрини, ўз муносабатини билдиришдан уялиш — буларнинг барчасини биз андиша дея ўзимизни алдай бошладик. Надоматки, жасоратсизлигимизга, қўрқоқлилигимизга, масъулиятсизлигимизга маънавий важ топиб ўзимизни оқлаб, андишалимиз деб виждонимизни тинчлантириб, ўз ёлғонимизга ўзимиз ишониб келаяпмиз.
Дарвоқе ўзини алдаш хусусида. Ўзини ўзи алдаш энг буюк хиёнатдир. Нафақат инсоннинг ўзига балки миллатга нисбатан энг катта хиёнатдир. Чунки ўзини ўзи алдаётган оломон ўз ёлғонларини культга, «брэнд»га айлантиради. Ёлғонларидан бутлар ясаб олади ва уларга сиғина бошлайди. Авлодларини ҳам сиғинтиради. Бу бутлар миллатларни инқирозга юз туттирган, туттираяпти ва туттиражак! Аччиқ бўлса-да ҳақиқат шуки, бу қусурлар қуллик асоратини ифода этувчи қусурлардир.
Титаник ҳолатига тушмайлик – Бутларни синдиринг!
Бугунги изтиробли масалаларни санасак адоғига етиб бўлмайди. Кийиниш маданияти дейсизми, динга муносабат масаласи, китобхонликни оммалаштириш муаммоларими ёки ўша зиёлилар тилга олган тўйлардаги урфлар масаласими — буларнинг барчаси айсбергнинг устки кўриниши холос. Биз қачонки сабаблар билан эмас, тафаккур даражасининг маҳсули бўлган асоратлар билан курашда давом этар эканмиз, гўёки соялар билан жанг қилаётган одам уни енголмаганидек, миллат сифатида қисматимиз айсбергнинг кўздан панадаги, яъни сув остидаги катта қисми ҳалок қилган Титаникдек фожиали тугаши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун нима қилиш керак???
Нажот илм тараққиёти ва ахлоқ равнақида!
Гай Саллюстий Крисп Цезарга ёзган тўртинчи мактубида шундай насиҳат қилади:
«Ҳеч қачон ўз давлатингда ахлоқсиз инсонларнинг фақат пулдорлиги учн обрў топишига йўл қўйма! Чунки камбағал бўлсада ахлоқли инсондан кўра, ахлоқсиз бой жамиятда обрў топса, ахлоқсизлик ўша жамиятда урф бўлади ва Сенинг ҳар қанча қудратли империянг таназзулга юз тутади».
Биз энг аввало ёлғондан воз кечишимиз керак! Бу ҳақда аввалги мақолаларимдаям айтганман, шу боис бу нуқтаи назаримни қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Чунки давлат бошқаруви соҳасида кўпчилик ибрат қилиб кўрсатадиган Сингапур иқтисодий мўъжизаси ҳам аслида ана шу қадамдан бошланган эди. Ўзимизни алдашни бас қилиш айни онда ҳақиқатни қабул қилиш демакдир.
Ишга ўн дақиқа кеч келса мукофотдан маҳрум қилиб, иш соати олтида тугаса-да, яна икки уч соат ишлатиб, айни маошни бериш ёлғондир! Беш иш кунига шартнома тузиб, олти кун ишлатиб, беш кунлик маош бериш ёлғондир! Ҳар куни ишга келиб кетиб, на ҳафталик, на ойлик мақсад қўймасдан, натижасиз ишлаш ёлғондир! Ўқитувчи, шифокор, нафақали (нафақахўр эмас!), зиёлиларнинг жамият ижтимоий ҳаётида мавқеи ва ижтимоий аҳволи паст бўлса, буюк келажак ҳақидаги ўйлар ёлғондир! Бир ойлик армияга бориб келиб, бир маротаба ўқ отмаган, автоматни қисмларга ажратиш ва йиғишни билмаган аскарнинг ҳарбий гувоҳномаси ёлғондир! Ўқитувчиси кўча супураётганини, чопиқ қилаётганини кўрган авлоднинг муаллимга эҳтиром руҳида тарбияланиши, ўша жамиятда Устознинг мавқеъи улуғлиги ёлғон!
Ёшларни чиройли гапиришга (маддоҳлик қилишга) эмас, амалда жасоратли, ҳақиқатпарвар, принципиал, илмга муккасидан кетган, фидойи бўлишга; шаҳардаги шундоқ ҳам истаса бўш вақтини нима билан ўтказишни биладиган ёшлар эмас, қишлоқда меҳнатнинг тагида эзилиб, вақт топса кетмонини тутиб иш билан андормон бўлаётган қаҳрамон ёшларнинг ҳаётига маъно бахш этишга, ўз салоҳиятини ошириш учун имконият яратишга асосий эътиборини қаратмаётган ёшлар тарбияси учун масъулларнинг, ташкилотларнинг ишлари, ҳисоботлари ёлғон! Уюшмаган ёшлар муаммоларини конференция ўтказиш, оммавий концертлар, фестиваллар ўтказиш билан ҳал қилиш мумкин деган хаёллар ёлғон! То давлат раҳбари айтмагунча ёки тепадан топшириқ бўлмагунча нима иш қилиши кераклилигини билмай ўтирадиган амалдорларнинг фидойилиги ёлғон!
Миллат бақоси учун эртаю кеч тинимсиз ишлаяпман деб ўзини овутаётган, аслида Форобий, Хос Ҳожиб, Кошғарий, Беҳбудий, Достоевский, Толстой, Бжезинскийларнинг асарларини ўқимаган масъулларнинг лаёқатлилиги ёлғон! Бир адолатсизлик ёки ҳақсизликни кўриб индамай кетиш жиноят эмаслиги ёлғон! Пора орқали мансабга ўтираётганларнинг давлатга хизмат қилиш даъвоси ёлғон! Пора олаётганларнинг ўзларини ҳожатбарор деб билишлари ёлғон! Маддоҳларнинг мақтови, қўрқоқларнинг андишалиги ёлғон! Биз бу ёлғонлардан воз кечишимиз керак.
Оловни қаердан оламиз?
Кучли жамият барқарор Давлат қуриш йўлидаги асосий қадамлардан яна бири жамиятда ахлоқнинг ролини кучайтиришдир. Ахлоқ аслида тарбияловчи ва чекловчи хусусиятларга эга. Бу икки хусусиятнинг бирлиги ахлоқни вужудга келтиради. Ахлоқ инсонларни тарбиялайди ва ёмонликлардан тияди. Бизда-чи? Аксарият ҳолларда ахлоқ фақат тарбиялайди. Аммо чеклашга келганда афсуски…
Тунги клублар, калта кўйлаклар, тор шимлар, ичиш-чекиш, китоб ўқимаслик каби ўнлаб илллатларнинг ёмонлигини таъкидлаймиз-у, аммо қонун даражасида чекламаймиз. Эътибор қилинг! Биз чеклаш тўғрисида гапираяпмиз, тақиқлаш тўғрисида эмас! Дунёвий давлатда тунги клубларни ёпиб ташлаш, сигарет ва спиртли ичимликларни сотишни тақиқлаш ақлга сиғмайдиган иш. Аммо уларни тартибга соладиган механизмларни миллий манфаатларга мосламаслик ҳам жиноят.
Тунги клубларга 25 ёшдан кичикларнинг киришини, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини шу ёшдан кичикларга сотишни ман этиш, уларни кечки 2200дан кейин сотишни тақиқлаш кўпгина ривожланган мамлакатлар тажрибасида бор-ку!
Иккита қабилани тасаввур қилинг: биринчиси, оловни кашф этгунга қадар уч минг йил кутди ва кашф этди. Хўш, қўшни қабила оловни кашф этиш учун у ҳам уч минг йил кутиши керакми ёки биринчи қабиладан олгани мантиқлироқми?
Бизнинг бугунги муаммоларимизга анча олдин дуч келган мамлакатлар борлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар қоқилиб, синаб, ахийри топган тўғри ечимларини тадбиқ этишга нима халақит беради бизга?! Биз дунёга очилаётган мамлакат сифатида ҳамма соҳада халқаро тажрибаларни ўрганиб, ечимларни тадбиқ этсак мамлакат тезроқ ривожланмайдими? Бунга нима халақит беради?!
Фобиялар — тараққиёт кушандаси
Дунёга сўз айтишни мурод қилган эканмиз, бунинг учун юқоридаги қадамлар баробарида фобиялардан воз кечиш зарур. Фобия — у қанақа шаклдаги қўрқув бўлишидан қатъий назар руҳият билан, янада тўғрироғи, тафаккур билан боғлиқ муаммодир. Аммо асосийси шуки, фобия (қўрқув) ўзига ишонмаган шахсда, кенгроқ олинганда, миллатда учрайди.
Биз бугун нафақат Марказий Осиёда, балки дунёда энг ривожланган Давлат бўлиш мақсадида дунёга очилган эканмиз, миллий тафаккуримиздаги турли фобиялардан воз кечишимиз керак. Эски СССРни тикламоқчи дея русофобияни, Туркий мамлакатларни бирлаштириб ўзига бўйсундириб олмоқчи дея Туркофобияни, ҳамма намоз ўқиса террористлар босиб кетади дея исломофобияни, янгиликлар яхшиликка олиб келмайди дея неофобияни урчитмаслик керак.
Ўзига ишонган миллат, ўз қудратига ишонган Давлат ҳеч нарсадан қўрқмайди. Кучли маънавиятга, мустаҳкамга эътиқодга эга шахс даҳрий билан мулоқот қилиб даҳрий бўлиб қолмаганидек, уч ярим минг йиллик давлатчилик тарихига эга бу Давлатни ҳеч қандай куч ўз йўлидан, ўз эътиқодидан қайтара олмайди!
Фақирлик миллатга исноддир
Тараққиётга зарар келтирувчи энг катта тушунчалардан бири бу камбағаллик айб эмас деган тушунчадир. Камбағаллик — ҳозирги замонда айб. Тўғрироғи камбағалликка кўникиш, у билан курашмаслик айбдир. Биз ҳар биримиз, энг аввало, камбағал ва фақир бўлишдан қутулиш чорасини кўришимиз керак. Ҳаракат билан, қатъият билан иқтисодий аҳволимизни яхшилашимиз зарур. Бу Ватаннинг корига яраш учун ҳам фақир бўлмаслик керак. Унга хиёнат қилинишига йўл қўймаслик учун ҳам фақирликка қарши курашиш керак. Нафақат моддий фақирлик балки маънавий фақирлик билан ҳам курашиш керак. Ватанга нисбатан ким хиёнат қилади, биласизми? Маънан фақирлар. Фақирлик нима? Фақирлик – муҳтожлик. Лекин мол-дунёга, пулларга муҳтожлик эмас.
Фақирлик — чиройли жавонларига терилган, лекин бирор марта ўқилмаган китоблардир.
Фақирлик — ҳожатхоналарга қирқиб қўйилган газеталардир. Фақирлик — автомобил ойнасидан кўчага улоқтирилган пўчоқлардир. Фақирлик — тўрт киши учун ўн киши тўйгулик ноз-неъматлар қўйилган дастурхондир. Фақирлик — маънавият масхараланиб, моддият улуғланган суҳбатлардир. Фақирлик — муҳтожларга берилмаган эҳсон, тўраларга кийдирилган тўнлардир. Фақирлик — очликдан азобланиш эмас, тўқликдан мағрурланишдир. Фақирлик — бехабарлик, ИЛМдан бехабарликдир. Фақирлик — қориндаги тўқлик, ақлдаги бўшлиқдир.
Фақирлик — ҳашамат тобутидаги юраклардир…
Хўш, қул нимани орзу қилади?
Ҳақиқатда қул нимани орзу қилади? Биз мақола бошида қулга озодлик ҳадя этилса нима қилади деган саволга атайин мақола сўнгида жавоб беришга мақсад қилдик.
Гап шундаки, қул ҳеч қачон озодликни орзу қилмайди, қул ҳамиша ўз қуллари бўлишини орзу қилади! Нима учун дейсизми?! Ўзини эзган хўжайинининг аламини бошқалардан олиш учун! Эътибор қилсангиз, ҳаётда қаттиққўл қайнонага учраган келинларнинг кўпи ўзлари қайнона бўлгач, бошига тушган кунлар эслаб, келинларини асраб-авайламайди. Аксинча, онгостидаги хотиралар ҳаракатга келиб, уларга қайнонасидан баттар муомалада бўлади, шу орқали қайнонасининг ўчини бошқалардан олади. Бу бир ҳаётий мисол холос. Айтмоқчимизки, шунинг учун ҳам қуллик психологияси асоратларидан кечиш юксалиш учун муҳим омил саналади!
Шакл ва моҳият
Комиллик шакл ва моҳият уйғунлигида эканлигини ҳаммамиз биламиз. Бизнинг шаклимиз моҳиятимизга ва аксинча моҳиятимиз шаклимизга уйғун бўлмас экан, тафаккуримиз ўзгармас экан биз бахтли бўла олмаймиз. Муродимизга етмаймиз. Жалолиддин Румий ҳазратларининг машҳур етти ўгитидан энг асосийсини эсланг: «Ё бўлганинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл!».
Бугун ҳукумат Президент қабул қилган ҳаракатлар стратегиясини улуғлаш билан, уни мадҳ қилиш билан овора. Эътибор қилинг: унинг моҳиятини тараннум этиш билан банд ҳамма. Аммо унинг чинакамига, ҳов, ўша олис қишлоқ одами ҳаётига ижобий таъсир қилиши борасида амалий ишлар кам. Ҳатто миллатнинг олийжаноби бўлган бободеҳқон, меҳнаткаш одамлар орасида тарғибот ҳам суст. Гўёки ҳаракатлар стратегияси фақат Тошкент ва марказий шаҳарлар учун қабул қилинганидек. Эртага йил якунларида эса ҳукумат Президент олдига чиқиб унча уй қурдик, бунча кўприк қурдик, аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтирдик дея гўзал ҳисоботлар беради. Аммо бу ҳисоботларда қишлоқдаги оддий меҳнаткаш оналаримизу сингилларимизнинг қонидаги гемоглабин миқдори нега ошмаганлиги, қоракўз миллатим боласининг жисмида йод танқислиги нега камаймаганлиги, нега қишлоқдаги ҳар бир гўдак ҳар эрталаб шаҳардаги болалар каби сутли овқат, колбаса, сарёғ ейиш имконияти йўқлиги ҳақида бирор сўз бўлмайди. Президент бу саволларни сўрамайди деб умид қилади. Аммо Президент буларнинг барчасини сўрайди. Чунки у ўғрини ўғри, тўғрини тўғри дейишдан қўрқмайди. Ҳаракатлар стратегияси оддий қишлоқ меҳнаткаши ҳаётига ижобий ўзгартириш киритмагунича тинчимайди.
Шу ўринда яна бир фикр. Биз Ҳаракатлар стратегиясини тилга олган эканмиз, уни тўлақонли ҳаётга тадбиқ этишда муаммо туғдираётган кичик бир нуқтага тўхталишимиз лозим. Ҳаракатлар стратегияси қанчалик улуғ марраларни мақсад қилиб олган бўлмасин, токи ҳар бир стратегияни амалга ошириш бўйича аниқ концептуал дастурлар ишлаб чиқилмас экан, муродга етилмайди.
Мураккаб давр
Умуман олганда, юқорида айтганимиз барча изтиробли масалалар ортида миллий тафаккур ва мафкура масаласи ётади. Бугунги кун учун янги бир мафкура зарурлигини ҳаётнинг ўзи исбот қилиб турибди. Биз бир онгли жамият сифатида дўппини бошдан олиб бизга қандай мафкура кераклиги ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Бу жуда оғир танлов. Чунки яшаётганимиз ва мураккаб деяётганимиз ҳозирги замон фақат Ўзбек учун эмас, барча миллатлар учун мураккаб бир даврдир.
Бугун мамлакатимиз эмас, дунёга космик нуқтадан бир назар солинг-а: Бугун биз инсониятнинг қураётган иморатларимиз юксак, аммо сабримиз саёз; йўлларимиз кенг, аммо ўйларимиз тор; кўп сарф қиламизу кам тасарруф этамиз; катта уйлар қурамизу оилаларимиз кичрайиб бормоқда; ақл бовар қилмас даражадаги ҳаётни енгиллаштирадиган шароитларга эгамизу, вақтимиз кам; илм соҳасида етукмиз-у, ақлимиз нокаслашмоқда; юксак тиббиётга эгамизу саломатлигимиз жойида эмас.
Эксперт, таҳлилчиларимиз кўп-у вазиятни тўғри баҳолай олмаймиз. Кўп ичамиз, кўп чекамиз, кўп гапирамизу кам ўйлаймиз; кам табассум қиламиз. Автомобилни тез ҳайдаймиз, жаҳлга тез бериламиз. Кеч ётамиз, кеч турамиз, аммо шунда ҳам чарчоқ билан уйғонамиз. Кўп телевизор кўрамиз, кўп баҳслашамиз, аммо кам китоб ўқиймиз, кам ибодат қиламиз.
Кун сайин майлларимизни орттирдигу аммо соат сайин қадриятларимизни камайтирмоқдамиз. Нафратимиз кўпаймоқда, муҳаббатимиз озаймоқда. Қаҳрда саховатли, меҳрда хасис бўлмоқдамиз. Яшаш учун курашишни биламиз-у яшашни билмаймиз. Инсон умрига йиллар қўшаяпмиз-у, аммо йилларга умр бахш этолмаяпмиз.
Коинотни забт этишни уддаладигу, яқинимизнинг кўнглини забт этишни эплолмадик. Атмосферани тозалаймизу, кўнглимиз кирини кетказмаймиз. Ўз иродамизга атомни бўйсиндирдигу, нафсимизга эга чиқолмадик. Кўп ёзамизу кам ўрганамиз. Шошилишни ўргандигу, кутишни унутаяпмиз гўё. Дунёнинг исталган нуқтаси билан боғланиш имконини берувчи технологиялар яратдик, лекин дилдан суҳбат қурмай қўйдик. Ҳирслар ортди, ҳислар камайди. Гулларнинг янги навларини яратаяпмизу, туйғуларни эскитиб қўймоқдамиз.
Бугун гўёки йирик одамлар, аммо майда шахслар, тез олинадиган манфаатлар ва мураккаб муносабатлар асри —– парадокслар асрида яшаяпмиз.
Оғир танлов
Давр шартларининг ўзи жамиятимиз олдига долзарб масала сифатида бундан кейин қайси йўлдан кетишимизни танлаб олишимиз кераклилигини кўрсатмоқда. Йўл муродга кўра танланади. Муродсиз йўл танланмаслиги каби, мафкурасиз жамият ҳам ҳаракатга келмайди. Мафкура борасида олдимизда тўрт хил танлов бор: биринчиси, миллатчилик руҳидаги мафкура; иккинчиси, диний-монархик мафкура; учинчиси, либерал-демократик мафкура; тўртинчиси, консерватив мафкура.
Қайси бирини танлашдан қатъи назар, муҳим бир нуқтани унутмаслигмиз лозим: биз мафкурани оммани бошқариш воситаси эмас, мамлакатимиз ва бутун дунё олдида турган муаммоларини ечиш инструменти сифатида кўришимиз керак.
Бу танловнинг оғирлиги шундаки, буларнинг ҳеч бири идеал эмас. Барчасининг фойдаси каби зарари, яхшисига баробар ёмон оқибатлари бор. Биз бугун яхши ёки ёмон ўртасида танлаш имкониятимиз йўқ. Бизда фақат кўп ёмондан кўра озроқ ёмонини, кўп зарардан кўра озроқ зарарлисини танлаш имкони бор холос. Аммо бунда ҳам адашмаслигимиз, бунинг учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, етти ўлчаб бир кесишимиз зарур. Ҳолатнинг оғирлиги шундаки, ўйлашга вақтимиз оз. Жуда ҳам оз.
Манба: www.xabar.uz
Said-Abdulaziz Yusupovning mazkur maqolasini o‘tgan yilning so‘nggi kunlarida o‘qigan bo‘lsam-da, u bugungacha qayta-qayta ongu shuurimda qalqib turadi. Chunki unda o‘tgan asrning 70-yillaridan boshlab mening fikrimni hamisha band etib kelayotgan mustaqilik yo‘liga chiqqan millatning bosh mafkurasi bo‘lmish jamiyat tafakkuri masalalari bilan bog‘liq. Buning yorqin misoli sifatida “Tafakkur” jurnalining 1994 yil 1-sonida e’lon qilingan va o‘zbek matbuotida ilk marotiba milliy g‘oya va milliy ideal muammosi haqida so‘z yuritilgan “Alpomishning uyg‘onishi” nomli maqolamga bir nazar tashlasangiz kifoya.
O‘sha 24 yillik maqoladan birgina parcha keltiray: “ Fuvarolar ruhiyatida, ong-tafakkurida o‘zgarish bo‘lmas ekan, taraqqiyot haqida gapirish mushkul, bu ruhiyat islohotsiz qolar ekan, yangi davlat va jamiyat barpo etish ham sus boradi. Ruhiyat islohotini muayyan g‘oya belgilaydi va u xalq ongini harakatga keltiradi… (Maqolaning to‘liq matnini sahifa yakunida mutolaa qilishingiz mumkin)”
Said-Abdulaziz Yusupovning maqolasiyam tafakkurimizda o‘zgarish bo‘lmasa, jamiyat hayotida, millat turmushida o‘zgarish bo‘lmasligi haqida. Eng muhimi, bu haqda, juda ko‘p o‘zbek davlat odamlari-yu “siyosatshunos”lariga o‘xshab aravani quruq olib qochmay, siyosiy so‘zbozlik qilmay, tahliliy fikr asosida so‘z yuritiladi.
Men maqolamni yo‘lning boshida, bizni nimalar kutayotganidan bexabar tarzda yozgan bo‘lsam, Said-Abdulaziz o‘z maqolasida chorak asr ichida dunyoni butunlay o‘zgartirgan siyosiy, iqtisodiy, ma’naviy jarayonlarni nazardan qochirmay, o‘sha jarayonlar va bosib o‘tgan yo‘limiz davomida yo‘l qo‘ygan adashuvu aldanishlarimiz oqibatida ayni soatdagi turmushimizni aniq-ravshan idrok etib, fikrlaydi.
Mening maqolam 25 yil avval yozilgan, men bilan Said-Abdulaziz yoshi o‘rtasidayam 25 yillik farq bor. Ammo, fikr yaqinligi, millat va inson, davlat va jamiyat hayotida o‘zgarish, yangilanish istagida farq yo‘q. Bu meni benihoya quvontiradi. Zero, milliy tafakkurimizni yangilash jarayoni bardavomdir.
Ayni shu sababdan men yana bir qayta maqolaga diqqatni tortishni istadim. Muallifdan esa ayni shu tahliliy fikr yuritilgan yangi maqolalar kutib qolaman.
Xurshid Davron
5 mart, 2017
Said-Abdulaziz Yusupov
BUTLARNI SINDIRING
“Kishining o‘z qusurlarini ko‘rmog‘i – eng katta bilimdir”
Seneka
Eng katta dushman — o‘zingiz…
Sharqda Iskandar Zulqarnayn nomi bilan mashhur bo‘lgan makedoniyalik Aleksandrga fors hukmdori Doro qo‘shinlariga kechasi hujum qilishni taklif etishganda, u: “Men g‘alabani o‘g‘irlamayman!” — deya javob bergani tarix sahifalarida yozib qoldirilgan. O‘sha paytda kimlardir Aleksandrning bu qarorini xatoga yo‘ygani turgan gap. Ammo, u haq edi. Dorodek qudratli shoh bunday harbiy hiylalar oqibatida yengiladigan raqib emas. U tungi kutilmagan hujumda askarlarining bir qismidan ajralar, ammo yo‘qotishlar o‘rnini qisqa muddatda to‘ldirish va jang tizginini qo‘lga olish imkoniga ega edi. Shunday ekan, Doroni va uning shonli armiyasini mag‘lub etishning birdan-bir yo‘li ularning jangovor ruhini sindirish bo‘lib, buni esa faqat ochiq maydondagi yuzma-yuz jangda amalga oshirish mumkin edi xolos.
Bugun jamiyat ayni holatda. Davlat islohotlari tafakkur va ruhiyat o‘zgarmaguncha kutilgan natijani bermaydi. Jamiyatimizda yangilikka to‘g‘anoq bo‘layotgan eng katta dushman milliy stereotiplarimiz, ruhiyatimizdagi qusurlarimiz, ongimizdagi turg‘unlikdir.
Tasavvur qiling: chorvadan xabari yo‘q odamga 100 ta qo‘y berilsa… Bir umr avtomobilga ega bo‘lishni orzu qilib kelgan, ammo uni boshqarishni bilmaydigan odamga mashina sovg‘a qilinsa… Boring, ana, qulga ozodlik hadya etilsa, nima bo‘ladi? Chorvadan xabari yo‘q odam qo‘ylarning kamida yarmini nobud qiladi, mashina boshqarishni bilmagan, tabiiyki, avariya qiladi. Qul esa… Bu haqda maqola so‘ngida to‘xtalamiz.
Asl maqsadimiz – …
Bu maqolada biz yeru-ko‘kka sig‘may hukumat va davlat rahbarini alqash, maddohlik qilish, tasannolar yog‘dirish (aslida bular endi nima qilishni bilmaganlar yoxud davlat va hukumat ko‘zini shamg‘alat qiluvchilarning xobbisi) kabi tendensiyalarda o‘zimizni ko‘rsatishni maqsad qilmadik. Maqsadimiz jamiyatimizga kirib kelgan yangi bir islohotlarni amalga oshirishda davlatga yordamchi bo‘lish. Ammo yolg‘onlarsiz, maqtovlarsiz va eng asosiysi konstruktiv bir shaklda.
Shunday qilib, davlat rahbari tomonidan amalga oshirilayotgan islohotlar chinakamiga amalga oshishida qator to‘siqlarga duch kelmoqda. Boshqaruv kadrlarining malakasizligidan tortib, oddiy fuqaroning yangi davrga ko‘nikishigacha, biznes estebleshmentning iqtisodiy islohotlar shiddatidan ortda qolayotganligidan, jamiyat a’zolari tafakkurining o‘zgartirishda mas’ullarning nima qilishni tushunmayotganigacha. Mavjud real muammolar tahlil qilinganda, bugungi jamiyat muammolarini quyidagi turlarga bo‘lish mumkin:
— iqtisod bilan bog‘liq muammolar (soddaroq qilib aytadigan bo‘lsak, fuqarolar real daromadlarining pastligi, ishsizlik, bozor iqtisodi va munosabatlari ko‘nikmalarining kamligi);
— tibbiyot sohasidagi muammolar (sifatli tibbiy xizmat qamrovining cheklanganligi, malakali mutaxassislarning xorijga ketib qolayotgani, tibbiyot xodimlari maoshining kamligi va hokazolar);
— ta’lim va savodxonlik borasidagi muammolar (maktabgacha ta’lim muassasalaridagi salbiy holatlar, maktablar hamda oliy o‘quv yurtlarida ta’lim sifatining pastligi, kirill yoki lotin alifbosi mashmashalari, yoshlarning kitob o‘qishga qiziqmasligi);
— mafkura sohasidagi muammolar (muammolarning eng kattasi!).
Ba’zi bir eski tizim vakillariga yoqsa-da, yoqmasa-da, davlat rahbari tomonidan iqtisodiy islohotlar jadal sur’atlar bilan amalga oshirilmoqda. Garchi hali sezilar-sezilmas bo‘lsa ham ular samara bera boshlaganini barchamiz ko‘rib-bilib turibmiz. Ammo islohotlarning asl mohiyatini xalqqa yetkazish, odamlarni yangi bozor munosabatlariga ko‘niktirish, yurtdoshlarimizning tafakkurini o‘zgartirishda kamchiliklar ko‘p. Iqtisodchi bo‘lmaganim uchun ham bu sohadagi muammolarni tahlil qilish maqsadidan yiroqman. Men masalaning mutlaqo boshqa jihatlariga e’tiboringizni jalb etishni xohlardim.
Prezident tibbiyot sohasini keskin tanqid qilishiga qaramay sohada o‘zgarishlar juda sekinlik bilan amalga oshirilayotganiga kim sababchi? Ta’lim sohasidagi korrupsiya va sifatsiz ta’lim, buning sabablari va aybdorlari xususida ham soatlab gapirish, kimlarnidir aybdor qilish mumkin. Ammo bu muammolarning eng katta sababi — jamiyat kelajagi va ravnaqini belgilovchi omil hisoblangan ijtimoiy tafakkur masalasidir.
Jamiyat a’zolari tafakkuri o‘zgarmas ekan, boshlangan islohotlar qanchalik chuqur o‘ylab mukammallashtirilgan bo‘lmasin, natija berishi qiyin. Biz bugun ana shu muhim va og‘riqli nuqta — tafakkur va mafkura masalasiga to‘xtalishga qaror qildik. Zero, bandaning Haq oldidagi darajasi molu dunyosi-yu, boshqasi bilan emas iymoni bilan belgilangani kabi millatning darajasi uning tafakkuri bilan belgilanadi.
Milliy “brend” darajasidagi qusurlarimiz
Millatimizning ulug‘ligiyu, yuksak ma’naviy taraflari haqida bizdan boshqa millionlab gapirganlar, gapirayotganlar va gapiradiganlar topiladi. Biz esa milliy “brend” darajasiga ko‘tarilgan qusurlarimiz haqida mushohada etishga jazm etdik. Tafakkurdagi qusurlar haqida so‘z yuritganimizda ularning butun boshli millatga xos kamchilik sifatida tamg‘alanmasligini istardik. Biroq millatimiz vakillari orasida ba’zi qusurlar kundan-kunga urchiyotirki, falokatga olib boruvchi bu illatlarning oldini olish, oqibatlari haqida ogohlantirishni fuqaroviy burchimiz deb bildik.
Ana shunday qusurlardan biri maddohlik deb etaladi. Bugun jamiyatda ro‘y berayotgan o‘zgarishlar, islohotlar, muammolar to‘g‘risida konstruktiv muloqot o‘rnini yig‘ilishlar, majlislar, teleko‘rsatuvlarlarda aravani quruq olib qochishu feysbuk sahifalarida davlat rahbarini, hukumatni alqash, ko‘kka ko‘tarish tendensiyasi egallab oldi. Va bu kundan-kunga avj olayapti.
Maddohlik mustaqillikni qo‘lga kiritgan ilk kunlarimizdan boshlanmadi yoki sovet tuzumi davrida shakllanmadi. Uning ildizi olis-olislarga borib taqaladi. Tuprog‘imizda vujudga kelgan ulkan davlatlarning aksariyati saroy ayonlari va amaldorlarining zimmasidagi vazifalarni ado etish o‘rniga maddohlikni kasb etgani, maqtov va aldov orqali davlat rahbarining ko‘zini ko‘r qilib, haqiqiy ahvoldan uzoqlashtirgani sababli inqirozga yuz tutgani haqida ko‘p o‘qiganmiz. “Moziyga qaytib ish ko‘rmoq xayrlidir”, deganda Abdulla Qodiriy o‘tmishdagi xatolardan to‘g‘ri xulosa chiqarish, ularni takrorlamaslikni nazarda tutgan bo‘lsa ne ajab?! Afsuski, o‘tmishdagi ana shu xatolar bugun qayta bo‘y ko‘rsatmoqda, ayrimlarning qon-qoniga singib ketgan, ta’bir joiz bo‘lsa, yo‘rgakda yuqqan eski illatlar yana jonlanmoqda.
Maddohlikning eng yomoni ziyolilarnikidir. Chunki u davlatni hamisha jarga yetaklagan. Yaqinda Prezident Shavkat Mirziyoyevning adabiyot, OAV, san’at va madaniyat sohalari vakillari bilan uchrashuvda ziyolilarning asosan moddiy masalalarnigina ko‘tarib chiqishdi. Yaxshiki, Prezidentning o‘zi jiddiy muammolarni tilga oldi. Yig‘ilishda ziyolilar tomonidan biror-bir konstruktiv fikr aytilmadi. Birgina shoira opamizning Amir Temurdan o‘rinli iqtibos keltirganini hisobga olmasak, ziyolilarning aytgani “Bo‘ldi, ko‘zimiz ochildi, endi zo‘r ishlaymiz, ishonchingizni oqlaymiz!” qabilidagi oldi-qochdi gaplar bo‘ldi.
Bundan avval siyosiy partiyalar, deputatlar Prezident tanqidiga xuddi shu formatda javob bergan edi. Birortasi mard bo‘lib, men o‘zimga bildirilgan ishonchni oqlolmaganim sababli iste’fo beraman, xalqim meni kechir demadi.
Na deputatlar, na olimlar va na boshqa ziyolilar davlat rahbari bilan uchrashuv chog‘ida davlat va millat taqdiriga daxldor masalalar, yechimini kutayotgan o‘tkir muammolar, dunyoda ro‘y berayotgan mafkuraviy evrilishlar, bu jarayonda yuzaga kelayotgan yangi xavflarning oldini olish, buning uchun qilinishi kerak bo‘lgan ishlar xususida fikr bildirmadi, taklif bermadi.
Ushbu uchrashuvlarda ko‘tarilgan muammolarning pichoqqa ilingani to‘ylar haqidagisi bo‘ldi. Shundan beri OAV, ijtimoiy tarmoqlarda shu mavzu obdon chaynalmoqda. Dunyoda uchinchi jahon urushi hidi anqib turgan bir paytda go‘yoki o‘zbek davlatchiligining boshqa muhim muammosi yo‘qdek?!
Prezident ziyolilarning dardu iztirobini eshitay, yurt va millat qayg‘usiga doir fikrlarini bilay, amalga oshirilayotgan islohotlarni kuchaytirish bo‘yicha aniq amaliy takliflar olay deb uchrashuv tashkil etgan edi. Afsuski, ular juda mayda narsalar haqida gapirishdi, asosan maqtov va alqovlar yog‘dirishdi, o‘zlari taklif bermagach, davlat rahbari o‘rtaga tashlagan masalalarni “Bajaramiz!”, “Do‘ndiramiz!”dan nariga o‘tishmadi. Bularni eshitib, Shavkat Miromonovichning hafsalasi pir bo‘lgan bo‘lsa ajabmas. Shukurki, uchrashuvda so‘z ololmagan adabiyotshunos Shuhrat Rizayev keyinroq millatni haqiqatda qiynayotgan masalalarda o‘z fikrlarini ajoyib bir maqola shaklida e’lon qildi.
Taraqqiyotimizni ortga surayotgan yana bir qusurlardan biri andisha deb ataladi. Aslida ijobiy bo‘yoqqa ega bu xususiyat yillar mobaynida mohiyatini o‘zgartirdi. Bugun nohaqni nohaq demaslik, haqsizlikka indamay ketish, axloqsizlikka keskin munosabat bildirmaslik, kerakli o‘rinda o‘z fikrini, o‘z munosabatini bildirishdan uyalish — bularning barchasini biz andisha deya o‘zimizni alday boshladik. Nadomatki, jasoratsizligimizga, qo‘rqoqliligimizga, mas’uliyatsizligimizga ma’naviy vaj topib o‘zimizni oqlab, andishalimiz deb vijdonimizni tinchlantirib, o‘z yolg‘onimizga o‘zimiz ishonib kelayapmiz.
Darvoqe o‘zini aldash xususida. O‘zini o‘zi aldash eng buyuk xiyonatdir. Nafaqat insonning o‘ziga balki millatga nisbatan eng katta xiyonatdir. Chunki o‘zini o‘zi aldayotgan olomon o‘z yolg‘onlarini kultga, “brend”ga aylantiradi. Yolg‘onlaridan butlar yasab oladi va ularga sig‘ina boshlaydi. Avlodlarini ham sig‘intiradi. Bu butlar millatlarni inqirozga yuz tuttirgan, tuttirayapti va tuttirajak! Achchiq bo‘lsa-da haqiqat shuki, bu qusurlar qullik asoratini ifoda etuvchi qusurlardir.
Titanik holatiga tushmaylik – Butlarni sindiring!
Bugungi iztirobli masalalarni sanasak adog‘iga yetib bo‘lmaydi. Kiyinish madaniyati deysizmi, dinga munosabat masalasi, kitobxonlikni ommalashtirish muammolarimi yoki o‘sha ziyolilar tilga olgan to‘ylardagi urflar masalasimi — bularning barchasi aysbergning ustki ko‘rinishi xolos. Biz qachonki sabablar bilan emas, tafakkur darajasining mahsuli bo‘lgan asoratlar bilan kurashda davom etar ekanmiz, go‘yoki soyalar bilan jang qilayotgan odam uni yengolmaganidek, millat sifatida qismatimiz aysbergning ko‘zdan panadagi, ya’ni suv ostidagi katta qismi halok qilgan Titanikdek fojiali tugashi mumkin. Bunday bo‘lmasligi uchun nima qilish kerak???
Najot ilm taraqqiyoti va axloq ravnaqida!
Gay Sallyustiy Krisp Sezarga yozgan to‘rtinchi maktubida shunday nasihat qiladi:
“Hech qachon o‘z davlatingda axloqsiz insonlarning faqat puldorligi uchn obro‘ topishiga yo‘l qo‘yma! Chunki kambag‘al bo‘lsada axloqli insondan ko‘ra, axloqsiz boy jamiyatda obro‘ topsa, axloqsizlik o‘sha jamiyatda urf bo‘ladi va Sening har qancha qudratli imperiyang tanazzulga yuz tutadi”.
Biz eng avvalo yolg‘ondan voz kechishimiz kerak! Bu haqda avvalgi maqolalarimdayam aytganman, shu bois bu nuqtai nazarimni qayta-qayta takrorlashdan charchamayman. Chunki davlat boshqaruvi sohasida ko‘pchilik ibrat qilib ko‘rsatadigan Singapur iqtisodiy mo‘jizasi ham aslida ana shu qadamdan boshlangan edi. O‘zimizni aldashni bas qilish ayni onda haqiqatni qabul qilish demakdir.
Ishga o‘n daqiqa kech kelsa mukofotdan mahrum qilib, ish soati oltida tugasa-da, yana ikki uch soat ishlatib, ayni maoshni berish yolg‘ondir! Besh ish kuniga shartnoma tuzib, olti kun ishlatib, besh kunlik maosh berish yolg‘ondir! Har kuni ishga kelib ketib, na haftalik, na oylik maqsad qo‘ymasdan, natijasiz ishlash yolg‘ondir! O‘qituvchi, shifokor, nafaqali (nafaqaxo‘r emas!), ziyolilarning jamiyat ijtimoiy hayotida mavqei va ijtimoiy ahvoli past bo‘lsa, buyuk kelajak haqidagi o‘ylar yolg‘ondir! Bir oylik armiyaga borib kelib, bir marotaba o‘q otmagan, avtomatni qismlarga ajratish va yig‘ishni bilmagan askarning harbiy guvohnomasi yolg‘ondir! O‘qituvchisi ko‘cha supurayotganini, chopiq qilayotganini ko‘rgan avlodning muallimga ehtirom ruhida tarbiyalanishi, o‘sha jamiyatda Ustozning mavqe’i ulug‘ligi yolg‘on!
Yoshlarni chiroyli gapirishga (maddohlik qilishga) emas, amalda jasoratli, haqiqatparvar, prinsipial, ilmga mukkasidan ketgan, fidoyi bo‘lishga; shahardagi shundoq ham istasa bo‘sh vaqtini nima bilan o‘tkazishni biladigan yoshlar emas, qishloqda mehnatning tagida ezilib, vaqt topsa ketmonini tutib ish bilan andormon bo‘layotgan qahramon yoshlarning hayotiga ma’no baxsh etishga, o‘z salohiyatini oshirish uchun imkoniyat yaratishga asosiy e’tiborini qaratmayotgan yoshlar tarbiyasi uchun mas’ullarning, tashkilotlarning ishlari, hisobotlari yolg‘on! Uyushmagan yoshlar muammolarini konferensiya o‘tkazish, ommaviy konsertlar, festivallar o‘tkazish bilan hal qilish mumkin degan xayollar yolg‘on! To davlat rahbari aytmaguncha yoki tepadan topshiriq bo‘lmaguncha nima ish qilishi kerakliligini bilmay o‘tiradigan amaldorlarning fidoyiligi yolg‘on!
Millat baqosi uchun ertayu kech tinimsiz ishlayapman deb o‘zini ovutayotgan, aslida Forobiy, Xos Hojib, Koshg‘ariy, Behbudiy, Dostoyevskiy, Tolstoy, Bjezinskiylarning asarlarini o‘qimagan mas’ullarning layoqatliligi yolg‘on! Bir adolatsizlik yoki haqsizlikni ko‘rib indamay ketish jinoyat emasligi yolg‘on! Pora orqali mansabga o‘tirayotganlarning davlatga xizmat qilish da’vosi yolg‘on! Pora olayotganlarning o‘zlarini hojatbaror deb bilishlari yolg‘on! Maddohlarning maqtovi, qo‘rqoqlarning andishaligi yolg‘on! Biz bu yolg‘onlardan voz kechishimiz kerak.
Olovni qayerdan olamiz?
Kuchli jamiyat barqaror Davlat qurish yo‘lidagi asosiy qadamlardan yana biri jamiyatda axloqning rolini kuchaytirishdir. Axloq aslida tarbiyalovchi va cheklovchi xususiyatlarga ega. Bu ikki xususiyatning birligi axloqni vujudga keltiradi. Axloq insonlarni tarbiyalaydi va yomonliklardan tiyadi. Bizda-chi? Aksariyat hollarda axloq faqat tarbiyalaydi. Ammo cheklashga kelganda afsuski…
Tungi klublar, kalta ko‘ylaklar, tor shimlar, ichish-chekish, kitob o‘qimaslik kabi o‘nlab illlatlarning yomonligini ta’kidlaymiz-u, ammo qonun darajasida cheklamaymiz. E’tibor qiling! Biz cheklash to‘g‘risida gapirayapmiz, taqiqlash to‘g‘risida emas! Dunyoviy davlatda tungi klublarni yopib tashlash, sigaret va spirtli ichimliklarni sotishni taqiqlash aqlga sig‘maydigan ish. Ammo ularni tartibga soladigan mexanizmlarni milliy manfaatlarga moslamaslik ham jinoyat.
Tungi klublarga 25 yoshdan kichiklarning kirishini, tamaki va alkogol mahsulotlarini shu yoshdan kichiklarga sotishni man etish, ularni kechki 2200dan keyin sotishni taqiqlash ko‘pgina rivojlangan mamlakatlar tajribasida bor-ku!
Ikkita qabilani tasavvur qiling: birinchisi, olovni kashf etgunga qadar uch ming yil kutdi va kashf etdi. Xo‘sh, qo‘shni qabila olovni kashf etish uchun u ham uch ming yil kutishi kerakmi yoki birinchi qabiladan olgani mantiqliroqmi?
Bizning bugungi muammolarimizga ancha oldin duch kelgan mamlakatlar borligi hech kimga sir emas. Ular qoqilib, sinab, axiyri topgan to‘g‘ri yechimlarini tadbiq etishga nima xalaqit beradi bizga?! Biz dunyoga ochilayotgan mamlakat sifatida hamma sohada xalqaro tajribalarni o‘rganib, yechimlarni tadbiq etsak mamlakat tezroq rivojlanmaydimi? Bunga nima xalaqit beradi?!
Fobiyalar — taraqqiyot kushandasi
Dunyoga so‘z aytishni murod qilgan ekanmiz, buning uchun yuqoridagi qadamlar barobarida fobiyalardan voz kechish zarur. Fobiya — u qanaqa shakldagi qo‘rquv bo‘lishidan qat’iy nazar ruhiyat bilan, yanada to‘g‘rirog‘i, tafakkur bilan bog‘liq muammodir. Ammo asosiysi shuki, fobiya (qo‘rquv) o‘ziga ishonmagan shaxsda, kengroq olinganda, millatda uchraydi.
Biz bugun nafaqat Markaziy Osiyoda, balki dunyoda eng rivojlangan Davlat bo‘lish maqsadida dunyoga ochilgan ekanmiz, milliy tafakkurimizdagi turli fobiyalardan voz kechishimiz kerak. Eski SSSRni tiklamoqchi deya rusofobiyani, Turkiy mamlakatlarni birlashtirib o‘ziga bo‘ysundirib olmoqchi deya Turkofobiyani, hamma namoz o‘qisa terroristlar bosib ketadi deya islomofobiyani, yangiliklar yaxshilikka olib kelmaydi deya neofobiyani urchitmaslik kerak.
O‘ziga ishongan millat, o‘z qudratiga ishongan Davlat hech narsadan qo‘rqmaydi. Kuchli ma’naviyatga, mustahkamga e’tiqodga ega shaxs dahriy bilan muloqot qilib dahriy bo‘lib qolmaganidek, uch yarim ming yillik davlatchilik tarixiga ega bu Davlatni hech qanday kuch o‘z yo‘lidan, o‘z e’tiqodidan qaytara olmaydi!
Faqirlik millatga isnoddir
Taraqqiyotga zarar keltiruvchi eng katta tushunchalardan biri bu kambag‘allik ayb emas degan tushunchadir. Kambag‘allik — hozirgi zamonda ayb. To‘g‘rirog‘i kambag‘allikka ko‘nikish, u bilan kurashmaslik aybdir. Biz har birimiz, eng avvalo, kambag‘al va faqir bo‘lishdan qutulish chorasini ko‘rishimiz kerak. Harakat bilan, qat’iyat bilan iqtisodiy ahvolimizni yaxshilashimiz zarur. Bu Vatanning koriga yarash uchun ham faqir bo‘lmaslik kerak. Unga xiyonat qilinishiga yo‘l qo‘ymaslik uchun ham faqirlikka qarshi kurashish kerak. Nafaqat moddiy faqirlik balki ma’naviy faqirlik bilan ham kurashish kerak. Vatanga nisbatan kim xiyonat qiladi, bilasizmi? Ma’nan faqirlar. Faqirlik nima? Faqirlik – muhtojlik. Lekin mol-dunyoga, pullarga muhtojlik emas.
Faqirlik — chiroyli javonlariga terilgan, lekin biror marta o‘qilmagan kitoblardir.
Faqirlik — hojatxonalarga qirqib qo‘yilgan gazetalardir. Faqirlik — avtomobil oynasidan ko‘chaga uloqtirilgan po‘choqlardir. Faqirlik — to‘rt kishi uchun o‘n kishi to‘ygulik noz-ne’matlar qo‘yilgan dasturxondir. Faqirlik — ma’naviyat masxaralanib, moddiyat ulug‘langan suhbatlardir. Faqirlik — muhtojlarga berilmagan ehson, to‘ralarga kiydirilgan to‘nlardir. Faqirlik — ochlikdan azoblanish emas, to‘qlikdan mag‘rurlanishdir. Faqirlik — bexabarlik, ILMdan bexabarlikdir. Faqirlik — qorindagi to‘qlik, aqldagi bo‘shliqdir.
Faqirlik — hashamat tobutidagi yuraklardir…
Xo‘sh, qul nimani orzu qiladi?
Haqiqatda qul nimani orzu qiladi? Biz maqola boshida qulga ozodlik hadya etilsa nima qiladi degan savolga atayin maqola so‘ngida javob berishga maqsad qildik.
Gap shundaki, qul hech qachon ozodlikni orzu qilmaydi, qul hamisha o‘z qullari bo‘lishini orzu qiladi! Nima uchun deysizmi?! O‘zini ezgan xo‘jayinining alamini boshqalardan olish uchun! E’tibor qilsangiz, hayotda qattiqqo‘l qaynonaga uchragan kelinlarning ko‘pi o‘zlari qaynona bo‘lgach, boshiga tushgan kunlar eslab, kelinlarini asrab-avaylamaydi. Aksincha, ongostidagi xotiralar harakatga kelib, ularga qaynonasidan battar muomalada bo‘ladi, shu orqali qaynonasining o‘chini boshqalardan oladi. Bu bir hayotiy misol xolos. Aytmoqchimizki, shuning uchun ham qullik psixologiyasi asoratlaridan kechish yuksalish uchun muhim omil sanaladi!
Shakl va mohiyat
Komillik shakl va mohiyat uyg‘unligida ekanligini hammamiz bilamiz. Bizning shaklimiz mohiyatimizga va aksincha mohiyatimiz shaklimizga uyg‘un bo‘lmas ekan, tafakkurimiz o‘zgarmas ekan biz baxtli bo‘la olmaymiz. Murodimizga yetmaymiz. Jaloliddin Rumiy hazratlarining mashhur yetti o‘gitidan eng asosiysini eslang: “Yo bo‘lganing kabi ko‘rin, yo ko‘ringaning kabi bo‘l!”.
Bugun hukumat Prezident qabul qilgan harakatlar strategiyasini ulug‘lash bilan, uni madh qilish bilan ovora. E’tibor qiling: uning mohiyatini tarannum etish bilan band hamma. Ammo uning chinakamiga, hov, o‘sha olis qishloq odami hayotiga ijobiy ta’sir qilishi borasida amaliy ishlar kam. Hatto millatning oliyjanobi bo‘lgan bobodehqon, mehnatkash odamlar orasida targ‘ibot ham sust. Go‘yoki harakatlar strategiyasi faqat Toshkent va markaziy shaharlar uchun qabul qilinganidek. Ertaga yil yakunlarida esa hukumat Prezident oldiga chiqib uncha uy qurdik, buncha ko‘prik qurdik, aholini ijtimoiy himoyasini kuchaytirdik deya go‘zal hisobotlar beradi. Ammo bu hisobotlarda qishloqdagi oddiy mehnatkash onalarimizu singillarimizning qonidagi gemoglabin miqdori nega oshmaganligi, qorako‘z millatim bolasining jismida yod tanqisligi nega kamaymaganligi, nega qishloqdagi har bir go‘dak har ertalab shahardagi bolalar kabi sutli ovqat, kolbasa, saryog‘ yeyish imkoniyati yo‘qligi haqida biror so‘z bo‘lmaydi. Prezident bu savollarni so‘ramaydi deb umid qiladi. Ammo Prezident bularning barchasini so‘raydi. Chunki u o‘g‘rini o‘g‘ri, to‘g‘rini to‘g‘ri deyishdan qo‘rqmaydi. Harakatlar strategiyasi oddiy qishloq mehnatkashi hayotiga ijobiy o‘zgartirish kiritmagunicha tinchimaydi.
Shu o‘rinda yana bir fikr. Biz Harakatlar strategiyasini tilga olgan ekanmiz, uni to‘laqonli hayotga tadbiq etishda muammo tug‘dirayotgan kichik bir nuqtaga to‘xtalishimiz lozim. Harakatlar strategiyasi qanchalik ulug‘ marralarni maqsad qilib olgan bo‘lmasin, toki har bir strategiyani amalga oshirish bo‘yicha aniq konseptual dasturlar ishlab chiqilmas ekan, murodga yetilmaydi.
Murakkab davr
Umuman olganda, yuqorida aytganimiz barcha iztirobli masalalar ortida milliy tafakkur va mafkura masalasi yotadi. Bugungi kun uchun yangi bir mafkura zarurligini hayotning o‘zi isbot qilib turibdi. Biz bir ongli jamiyat sifatida do‘ppini boshdan olib bizga qanday mafkura kerakligi haqida jiddiy o‘ylab ko‘rishimiz kerak. Bu juda og‘ir tanlov. Chunki yashayotganimiz va murakkab deyayotganimiz hozirgi zamon faqat O‘zbek uchun emas, barcha millatlar uchun murakkab bir davrdir.
Bugun mamlakatimiz emas, dunyoga kosmik nuqtadan bir nazar soling-a: Bugun biz insoniyatning qurayotgan imoratlarimiz yuksak, ammo sabrimiz sayoz; yo‘llarimiz keng, ammo o‘ylarimiz tor; ko‘p sarf qilamizu kam tasarruf etamiz; katta uylar quramizu oilalarimiz kichrayib bormoqda; aql bovar qilmas darajadagi hayotni yengillashtiradigan sharoitlarga egamizu, vaqtimiz kam; ilm sohasida yetukmiz-u, aqlimiz nokaslashmoqda; yuksak tibbiyotga egamizu salomatligimiz joyida emas.
Ekspert, tahlilchilarimiz ko‘p-u vaziyatni to‘g‘ri baholay olmaymiz. Ko‘p ichamiz, ko‘p chekamiz, ko‘p gapiramizu kam o‘ylaymiz; kam tabassum qilamiz. Avtomobilni tez haydaymiz, jahlga tez berilamiz. Kech yotamiz, kech turamiz, ammo shunda ham charchoq bilan uyg‘onamiz. Ko‘p televizor ko‘ramiz, ko‘p bahslashamiz, ammo kam kitob o‘qiymiz, kam ibodat qilamiz.
Kun sayin mayllarimizni orttirdigu ammo soat sayin qadriyatlarimizni kamaytirmoqdamiz. Nafratimiz ko‘paymoqda, muhabbatimiz ozaymoqda. Qahrda saxovatli, mehrda xasis bo‘lmoqdamiz. Yashash uchun kurashishni bilamiz-u yashashni bilmaymiz. Inson umriga yillar qo‘shayapmiz-u, ammo yillarga umr baxsh etolmayapmiz.
Koinotni zabt etishni uddaladigu, yaqinimizning ko‘nglini zabt etishni eplolmadik. Atmosferani tozalaymizu, ko‘nglimiz kirini ketkazmaymiz. O‘z irodamizga atomni bo‘ysindirdigu, nafsimizga ega chiqolmadik. Ko‘p yozamizu kam o‘rganamiz. Shoshilishni o‘rgandigu, kutishni unutayapmiz go‘yo. Dunyoning istalgan nuqtasi bilan bog‘lanish imkonini beruvchi texnologiyalar yaratdik, lekin dildan suhbat qurmay qo‘ydik. Hirslar ortdi, hislar kamaydi. Gullarning yangi navlarini yaratayapmizu, tuyg‘ularni eskitib qo‘ymoqdamiz.
Bugun go‘yoki yirik odamlar, ammo mayda shaxslar, tez olinadigan manfaatlar va murakkab munosabatlar asri —– paradokslar asrida yashayapmiz.
Og‘ir tanlov
Davr shartlarining o‘zi jamiyatimiz oldiga dolzarb masala sifatida bundan keyin qaysi yo‘ldan ketishimizni tanlab olishimiz kerakliligini ko‘rsatmoqda. Yo‘l murodga ko‘ra tanlanadi. Murodsiz yo‘l tanlanmasligi kabi, mafkurasiz jamiyat ham harakatga kelmaydi. Mafkura borasida oldimizda to‘rt xil tanlov bor: birinchisi, millatchilik ruhidagi mafkura; ikkinchisi, diniy-monarxik mafkura; uchinchisi, liberal-demokratik mafkura; to‘rtinchisi, konservativ mafkura.
Qaysi birini tanlashdan qat’i nazar, muhim bir nuqtani unutmasligmiz lozim: biz mafkurani ommani boshqarish vositasi emas, mamlakatimiz va butun dunyo oldida turgan muammolarini yechish instrumenti sifatida ko‘rishimiz kerak.
Bu tanlovning og‘irligi shundaki, bularning hech biri ideal emas. Barchasining foydasi kabi zarari, yaxshisiga barobar yomon oqibatlari bor. Biz bugun yaxshi yoki yomon o‘rtasida tanlash imkoniyatimiz yo‘q. Bizda faqat ko‘p yomondan ko‘ra ozroq yomonini, ko‘p zarardan ko‘ra ozroq zararlisini tanlash imkoni bor xolos. Ammo bunda ham adashmasligimiz, buning uchun har tomonlama chuqur o‘ylab, yetti o‘lchab bir kesishimiz zarur. Holatning og‘irligi shundaki, o‘ylashga vaqtimiz oz. Juda ham oz.
Manba: www.xabar.uz
Bu maqolani o’qib, rostan ham bir fikr qilish, taffakur qilish kerakligi haqida o’yladim. Haqiqatdan ham odamlar (aniqrog’i o’zim ham) faqat nafs uchun hayot kechirayotgandek. Davlat haqida esa … .